logo

Узбек мумтоз адабиётида фонетик санъатларнинг кулланиши

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

53 KB
www.arxiv.uz Ўзбек мумтоз адабиётида фонетик санъатларнинг қўлланиши Режа: 1. Лафзий санъатлар хусусида. 2. Сажъ санъати. 3. Тажниснинг турлари. 4. Тарсиъ ва тавзиъ. www.arxiv.uz Буюк сўз усталари томондан яратилган мумтоз адабиёт намуналари ҳозирги кунгача маъно жиҳатдан ҳам, шакл жиҳатдан ўз аҳимиятини сақлаб келмоқда. Бунинг сабабларидан бири уларда илгари сурилган инсонпарвар фикрларнинг гўзал шаклда баён қилинганидир. Нутқдаги бу гўзаллик бадиъ санъатлар орқали таъминланади. Бадиъ санъатларнинг баъзиларини амалга оширишда сўзларнинг товуш жиҳатига муҳим бўлса, қолганларида асосий эътибор сўзларнинг маъноларига берилади. Шунга кўра саж ва тажнис санъатларини қўллашда сўзларнинг товуш жиҳати муҳим бўлгани учун бу санъатлар “ал- муҳассаноту-л-лафзиййа” деб номланади. Бадиий асар яратилаётганда, албатта, с ўзларнинг маъно жиҳати эътиборга олинади, лекин лафзий санъатларда танланган сўзнинг маъноси матнга мос бўлиб, товушларида аввалги сўздаги товушларга нисбатан мутаносиблик бўлмаса, санъат ҳосил қилиш учун бу сўзнинг маънодошлари орасидан товуш жиҳатдан мос келувчи шакли танланади. Балоғат олимлари сажга шундай таъриф берадилар: Насрда икки фосиланинг охирги ҳарфига кўра мувофиқ бўлиши саждир. Сажъ ҳақида Атоуллоҳ Ҳусайний ўзининг “Бадойиъу-с-санойиъ” асарида “Арабият аҳлининг бир тоифаси наздида насрға хосдур ва бу тоифа сажъни наср фосилаларининг охирғи ҳарфта мувофиқлиғидин иборат деб билиптурлар. Фосиладан мурод ул сўздирким, анинг туфайлидин калом қаринлари, яъни бўлаклари бир-биридин айрилиб турғай. Бу санъатта, қаерда зикр этилмасун, охирғи ҳарфтин мурод сўз ўзагидаги қофия равийси янглиғ амалда бўлған охирғи ҳарф ёки ўшул ҳарфқа ўхшаш ўзга бир ҳарфтур” дейди. Бу таърифлар саж санъати фақат сўзлардаги товушлар мутаносиблиги орқалигина амалга ошишини кўрсатади. Атоуллоҳ Ҳусайний “Мифтоҳ” соҳиби, сажъ, яъни наср бўлаклари охиридағи сўзлар шеърдағи қофия кибидур дептур. Равшан ва машҳури ҳам анинг ушбу қавлидур” деб Абу Ёқуб Юсуф ас-Саккокийнинг (1160-1228) таърифига ишора қилади ва сажънинг таърифида ихтилоф бўлганидек, унинг www.arxiv.uz турларини аниқлашда ҳам ихтилоф борлигини таъкидлаб шундай дейди: “Бир тойифа дерким, анинг навълари учдур: сажъ-и мутавозий, сажъ-и мутарраф, тарсиъ. Бу тоифа ... тарсиъни алоҳида санъат деб билмаслар ва ани насрға хос деб билурлар. Иккинчи бир тоифа дерким, тарсиъ сажъ навъларидин эмастур, ул алоҳида санъаттур ва анинг учинчи навъи сажъи мутавозиндур”. Лекин кўпчилик шарқ филологлари сажъни Атоуллоҳ Хусайний таснифига мос равишда уч, яъни мутавозий, мутарраф, мутавозин турларга бўладилар. Жумладан, Шайх Аҳмад Тарозий ( XV аср ) бадиий санъатларга бағишланган “Фунуну-л-балоға” асарида сажъни назмга нисбатан қўллайди ва Ҳусайний таснифига мос келувчи сажъу-л-мувозана, яъни мутавозин, сажъу-л-мутавозий ва сажъу-т-тарафа, яъни мутарраф турларга ажратади. Сажъ-и мутавозийда сажъ ҳосил қилаётган сўзлар ҳам вазнда, ҳам товушларда ўзаро мутаносибликка эга бўлади. Масалан, “салтанат” – “хилофат”, “нозанин” – “жаҳонбин”, “рафиъ” – “бадиъ” сингари. Сажъ-и мутарраф ҳосил бўлиши учун сажъ ҳосил қилаётган сўзлар вазнда ва товушлар сонида фарқ қилиши, лекин охирги ҳарфлари ўзаро мос бўлиши керак. Масалан: “рахшанда” – “дурахшанда”, “жаҳонбон” – “кишваристон” сўзлари каби. Сажъ-и мутавозин вазн жиҳатдан мос, лекин товушларда фарқ қилувчи сўзлар воситасида ҳосил қилинади. Масалан: “ахлоқ” – “авсоф”, “тақаддум” – “тааххур”. Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидан олинган қуйидаги мисолда сажънинг барча турларини учратиш мумкин: “Сўз таърифида бир неча сўз сурмак ва сўз аҳлиға андин неча сўз тегурмак ва коинотқа тақаддумининг сифоти, мумкинотқа тааххурининг исботи ва онинг пардасидин бошқа маъний бикри жилвадин орий ва кўнгул кунжида мутаворий эрконининг изҳори” . Юқоридаги мисолда “коинот” – “мумкинот”, “сифот” – “исбот” сўзлари тўлиқ (мутавозий) сажъни; “сур” – “тугур”, “орий” – “мутаворий” сўзлари қофияли (мутарраф) сажъни; “тақаддум” – “тааххур” сўзлари вазндош www.arxiv.uz (мутавозин) сажъни ҳосил қилади. Товушдошликни талаб қилувчи санъатлардан яна бири тажнисдир. Тажнис санъати “жинос” деб ҳам юритилади. “Тажнис”нинг луғавий маъноси жинсдошликдир. Бадиъ илмида талаффузда ўхшаш бўлиб, маъно жиҳатдан фарқ қиладиган икки сўз тажнисни ташкил қилади, яъни бу тушунчага “пароном ва омонимларга асосланган бадиий тасвир воситалари мужассамлашган”. Тажнис сўзлардаги товушларнинг мослигига ва имлосига кўра бир неча турга бўлинади ва уларнинг барчаси мумтоз асарларда кенг қўлланган: Тажнису-т-томм. Тажниснинг бутури “тажнис-и-томм” ва “тажнис-и- тасриҳ” деб ҳам юритилади. Бунда икки сўз тўрт жиҳатдан, яъни товушларнинг тури, шакли, сони ва тартибига кўра мос келади, лекин маъно жиҳатдан фарқ қилади. Бундай сўзлар тилшунослик нуқтаи назаридан омонимларга тўғри келади. Омонимлар орқали тажниснинг мумосил, муставфий турлари ҳосил қилинади. Мумосилда тажнис ҳосил қилаётган сўзлар бир хил сўз туркумига хос, яъни ёки фақат исм, ёки фақат феъл, ёки фақат ҳарф бўлиши керак. Масалан: Истаса васлин кўнгул кўз рашкдин қон ёш тўкар, Кўз юзин кўргач кўнгул юз нола ғайратдин қилур . Бу мисолда муставфий ҳосил қилаётган “юз” сўзларидан бири от туркумига, иккинчиси сон туркумига мансуб бўлиб, от ҳам, сон ҳам исм туркумига хос сўзлардир. Муставфий - сўзлари икки хил сўз туркумига хос бўлган тажнис. Юсуф Амирийдан мисол: Эй кўнгул, бу кеча ул ой сори бор, Оҳ ўтин ёрутмаким, ағёри бор. Бу мисолда муставфий ҳосил қилаётган “бор” сўзларидан бири феъл туркумига, иккинчиси исм туркумига мансуб бўлган сўзлардир. “Тажнису-т-таркиб” деб аталувчи тажнисда лафзлардан бири бирикмадан www.arxiv.uz иборат бўлади. У қуйидаги икки турга бўлинади: Биринчиси муташобиҳ бўлиб, унда ҳар икки лафз ёзувда бир хил шаклга эга бўлади. Аҳмад Тарозийдан мисол: Сочи савдосидур бозор бизга. Насимий, эй сабо, бозор бизга. Лутфийдан мисол: Чархи кажрафтор элидин ёзамен, Чиқмадим ҳижрон қишиндин ёза мен... . Бу байтларнинг иккинчи мисраидаги “бозор” ва “ёза мен” сўзлари муташобиҳ тажнис ҳосил қилган. Иккинчи тури мафруқ бўлиб, унда ҳар икки лафз ёзувда турли шаклга эга бўлади. Аҳмад Тарозийдан келтирилган қуйидаги мисолда “гулзор” ва “гул зор” лафзлари тажнису-т-таркибнинг мафруқ турини ҳосил қилган: Юзунг мисли қачон гулзор бўлғай? Ки булбул ошиқу гул зор бўлғай? Муҳарраф – лафзларнинг қисқа унлилари ва унлисиз ундошлари, ундошларнинг иккиланиши ва яккаланиши, унлиларнинг чўзиқ ва қисқа талаффузи турлича бўлади [5 ,39-40 ] . Масалан: Бизга бор жаврунг вафодин яхшироқ. Қилмағил, эй турк, бу одатни тарк . Ноқис тажнис – сўзлардаги ҳарфлар сонига кўра фарқ қилади. Бундай тажнис уч турлидир: Биринчи – сўз бошида битта ҳарф ортиқ бўлади. Бу турга қуйида келтирилган байтлардаги “фузун” билан “узун”, “аломат” билан “маломат”сўзларини мисол қилиш мумкин: Рангу нақш ул парда ғоятдин фузун, Ким онинг шарҳида сўз бўлғай узун . Лутфийдан мисол: Чу пайдо бўлди минг турлук аломат, Этиб лоҳавл ўзин қилди маломат . www.arxiv.uz Иккинчи – сўз ўртасида битта ҳарф ортиқ бўлади. Масалан: Жола жисмин уруб нигун қилди Ким, танин зарби нилгун қилди . Мазкур байтдаги “нигун” билан “нилгун” сўзлари ноқис тажнисни ҳосил қиган. Учинчи – сўз охирида битта ҳарф ортиқ бўлади, масалан, “сана” – “санам” сўзларидаги каби. “Талхису-л-мифтоҳ”да ноқис тажниснинг учинчи тури ҳақида сўзнинг ортиқ ҳарфлари биттадан кўп бўлса, музаййал деб атовчилар ҳам борлиги айтиб ўтилган. Масалан, қуйида келтирилган байтдаги “ранж” – “ранжон” сўзлари каби: Жоним ол, эй ҳажру жононсиз манга ранж истама, Чунки жононсиз Навоий жонидин ранжон эрур. Атоуллоҳ Ҳусайни тажнис-и-ноқис ҳақида уни тажнис-и мухталиф ва тажнис-и муҳарраф деб ҳам аталишини таъкидлайди ва “Талхису-л-мифтоҳ” бўйича муҳарраф тажнисга мос келувчи таърифни тажнис-и-ноқис номи билан келтиради. “Талхису-л-мифтоҳ”да ноқис тажнисга мос келувчи таъриф эса “Бадойиъу-с-санойиъ”да тажнис-и-музаййалга тўғри келади. Бу маълумот баъзи таснифларда тажниснинг “ноқис” ва “муҳарраф” атамалари бир- биридан фарқланмаганини ва олимлар ўртасида ноқис, муҳарраф ва музаййал тажнислар таърифларида чалкашликлар борлигини кўрсатади. Мудориъ – тажнис ҳосил қилаётган лафзлардаги товушлардан бири орасида фарқ бўлади ва бу фарқ қилувчи товушларнинг махражи ўзаро яқин бўлиши шарт. Тажниснинг бу турида эвфония ҳодисаси кузатилади. Мудориъ тажнис фарқ қилувчи товушларнинг сўздаги ўрнига кўра уч турли бўлади: 1. Сўз бошидаги фарқ, Навоийнинг “Лисонут-тайр”идан мисол: Берди Ҳудҳуд қавмға мундоқ жавоб, Ким: - “Бу янглиғ онглангиз ройи савоб...” . Ёки Лутфийдан мисол: www.arxiv.uz Недур, эй беҳамиятлар, бу ҳайрат! Эр ўғлиға керактур бўлса ғайрат . Бу мисолларда “жавоб” билан “савоб” сўзларидаги “ж” ва “с” тилолди, “ҳайрат” билан “ғайрат”даги “ҳ” ва “ғ” тилорқа товушларидир. 2. Сўз ўртасидаги фарқ, мисолларда келтирилган “тарвиж” ва “тазвиж”даги “р” ва “з”, “тақрир” ва “тақдир” даги “р” ва “д” товушлари каби: Сур дастури чун топти тарвиж, Шоҳ ила моҳлар топти тазвиж . Гаҳи қилди фалак жаврини тақрир Гаҳи этти баҳона дасти тақдир . 3. Сўз охиридаги фарқ. Масалан, “жом” – “жон” сўзларидаги “м” ва “н” товушлари каби. Лоҳиқ – мудориъ каби тажнис ҳосил қилаётган лафзлардаги товушлардан бири орасида фарқ бўлади. Лекин бу товушларнинг маҳражи яқин бўлмайди. Бу турдаги тажнис ҳам уч турли бўлади, яъни сўз бошида, ва сўз охиридаги фарқ. Сўз бошида фарқ қилган товушли лоҳиқ тажнисга мисоллар: Қасри тан онда кўнгулни кўзгу бил, Кўзгуда шаҳ ҳуснини наззора қил . Бу байтда “бил” билан “қил” сўзларидаги “б” лаб товуш ва “қ” чуқур тилорқа товуши ҳисобланади. Саккокийдан келтирилган мисолдаги “жон” ва “қон” сўзларида “ж” тилолди товуши бўлса, “қ” чуқур тилорқа товушидир, яъни тажнис ҳосил қилган сўзлар таркибидаги фарқ қилувчи товушларнинг ҳосил бўлиш ўрни бир-биридан узоқ: Фурқатингда, эй пари, тан куйди-ю жон йиғлади, Дам-бадам икки кўзум худ қайғудин қон йиғлади . www.arxiv.uz Сўз охирида фарқ қилган товушли лоҳиқ тажнисга мисол: Эшитмадим нечаким кездим офоқ, Кўзи, қошидин ўзга офот . Аҳмад Тарозий шу турдаги мудориъ тажнисни ат-тажнису-л-мутарраф деб атайди. Маълум бўлганидек, тажниснинг мудориъ ва лоҳиқ турлари пароним сўзлар воситасида ҳосил қилинади. Тажнис-и-қалб – товушлар тартибида фарқ бўлади. У икки хилдир. Бирида ҳамма товушлар тартиби тескари бўлади. Масалан, “ҳур” – “руҳ” сўзлари каби: Ҳаётбахш эса ул ҳур аксидин бода, Маҳалла ҳайрат эмас, ҳур аксидиндир руҳ . Бошқасида баъзи товушлар тартиби тескари бўлади. Масалан: қуйидаги байтдаги “ҳайрон” – “ҳар ён” сўзлари. Қолди ҳайрон зоҳид ашкимда кўруб ҳар ён ҳубоб, Рўстойидекки ҳайрат айлагай ўрду кўруб . Атоуллоҳ Ҳусайни маълумотига кўра бу хил тажнис тажнис-и-акс деб ҳам юритилади ва айрим олимлардан ташқари “Мифтоҳ” соҳиби, барча араб арбоблари ва ажам шоирлари тажнис-и-қалбни тажнис тури деб ҳисобламайдилар ва уни қалб санъатига киритадилар. Тажнис-и-муздаваж – к етма-кет келган сўзлар ҳам ўзаро тажнис ҳосил қилади. У мукаррар, мураддад деб ҳам аталади. Тажнис-и-муздаваж ҳам тўлиқ, ҳам тўлиқ бўлмаган тажнислар орасида ҳосил бўлади. Лутфийнинг “Гул ва Наврўз” достонидан мисол: Эй кўзим, бир дам дам ур, бағримда ҳеч қон қолмади... [7,33]. ...Ани чун шаҳ надими хос қилди, Иноят бирла хосу-л-хос қилди [7,125]. Тавзиъ санъатида ижодкор ўз фикрини ифодалашда бир хил товушга эга бўлган сўзларни қўллайди. Масалан: Чунки ул Исо нафас қасд этти, Саккокий сенга, www.arxiv.uz Дарди дил бирла ўлардин ўзга дармон қолмади [9 ,33 ]. Бу мисолнинг биринчи мисраида “Исо”, “нафас”, “қасд”, “Саккокий”, “сенга” сўзлари “с” товуши билан, иккинчи мисрадаги “дарди”, “дил”, “ўлардин”, “дармон”, “қолмади” сўзлари “д” товуши билан тавзиъ ҳосил қилган. Сажъ, тажнис ва тавзиъ мумтоз адабиётда кенг қўлланган фонетик санъатлар жумласига киради ва улар муаллиф фикрини равон, оҳангдор ифодалашга ёрдам берса, ўқувчи ва тингловчига эмоционал завқ бериб, унинг эстетик дидини оширшга хизмат қилади. www.arxiv.uz Асосий адабиётлар: 1. Гранде. “ Курс арабской грамматики в сравнительно историческом освещении. Москва.1998г. 2. Н.Ибрагимов. “Араб тили грамматикаси”. Тошкент. 1997й. 3. Б.З. Холидов. “Учебник арабского языка.” Тошкент. 1977г. 4. А.Азизов. “Сопоставительная грамматика узбекского и русского языков.”г.Ташкент. 1986г. 5. Араб тили дарслиги (таркиб қоидалари) “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. Т.2009й. 6. О.Мусаев. Араб тили асосий қоидалар тизими. Т.-2000й. 7. Суннатуллоҳ Бекпўлат. Араб наҳви. Т.-2007й.