logo

Ўзбекистон ҳудудидаги тиббиётда микроскоп кашф қилингандан кейинги даврда гистология фанининг шаклланиши ва ривожланиши (1920 - 1960 йй.)

Yuklangan vaqt:

04.10.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

93.5 KB
Ўзбекистон ҳудудидаги тиббиётда микроскоп кашф қилингандан кейинги даврда гистология фанининг шаклланиши ва ривожланиши (1920 - 1960 йй.) Режа: 1. Ўрта Осиё Давлат Университетида гистология кафедрасининг ташкил этилиши 2. Ўзбекистон ҳудудидаги тиббиёт институтларида гистология кафедраларининг ташкил этилиши, илмий йўналишлар ва илмий кадрлар тайёрлаш Ўрта Осиё Давлат Университетида гистология кафедрасининг ташкил этилиши 1920 йилнинг 7 сентябрида Тошкентда Ўрта Осиё Давлат Университети ташкил этилиб Университетда бир қатор кафедралар фаолият кўрсата бошлаган, улар қаторига гистология кафедраси ҳам кирган. Аслини олганда, 1918 йилда Тошкентда Олий Тиббиёт мактаби очилади. Мактаб раҳбарияти ва айрим кафедралар ҳозирги Хоразм кўчасидаги бинода жойлашади. Олий мактабнинг клиникаси кадетлар корпусида (ҳозирги Жуковский кўчасидаги касалхона) жойлашган. Шу вақтда Туркистонда маҳаллий ҳукумат томонидан Давлат Университети очишга тайёргарлик кўрилмоқда эди. 1920 йилда очилган Давлат Университетининг тиббиёт факультети шу олий тиббиёт мактаби асосида ташкил этилади ва 1921 йилда Университетни 20 талаба битириб чиқади. Олий мактабнинг биринчи битирувчилари орасида маҳаллий кадрлардан ТошДавТИ гистология кафедрасида ассистент, кейин терапевт бўлиб ишлаган Собиқ Иттифоқ Академиясининг мухбир аъзоси, олима, профессор З. И. Умидова ҳам бўлганлар. Гистология кафедрасини ташкил этиш оғир бир шароитда кечиб, ўқув дарсликлари, жиҳозлар ҳамда кўргазмали қуроллар етишмасди. Бундай бир шароитда кафедрани ривожлантириш, ўқув ишларини йўлга қўйиш жараёни босқичма-босқич олиб борилган. К. А. Зуфаровнинг 1970 йилда ёзишича, «Биринчи босқич ўқув жараёнини ташкил қилиш, ўқитувчи кадрларни тайёрлаш муаммоси долзарб масала ҳисобланарди. Иккинчи босқич эса, олий ўқув юртида миллий кадрларни тайёрлаш бўлиб, мазкур вазифаларни амалга ошириш катта меҳнат ва кўп вақтни талаб қилар эди». Ўрта Осиё Давлат Университети тиббиёт факультетини биринчи ташкилотчилари Тошкентга келган Москвалик профессорлар П. П. Ситковский, К. Г. Хрущов, А. К. Крюков, Е. М. Шляхтин, М. А. Захарченко ва Тошкентлик И. И. Орлов, А. Д. Греков ва бошқалар бўлишган. Университет тиббиёт факультетининг гистология ва эмбриология кафедрасига илк бор профессор Е.М. Шляхтин (1920-1938 йй.) раҳбарлик қилган ва ўзи билан Москвадан 15 та ўқув микроскопини олиб келиб иш бошлаган. Мазкур кафедрада биринчи ўқитувчилар бўлиб О. Б. Лепешинская, З. И. Умидова, Т. М. Семенов, Т. В. Чайка, С. М. Миленков, З. Х. Рахматулин, Л. А. Элькинд, К. Ю. Усмонов, Л. А. Гольдберглар ишлаган. Ўша даврда Тошкентда морфолог кадрлар йўқ эди. Шунинг учун кадрлар тайёрлаш муҳим аҳамият касб этган. Аста-секинлик билан кафедрада лаборант, ассистентлар тайёрлана бошланган. Тиббиёт факультетини битиргач, улар кафедра ассистенти вазифаларида ишлаганлар. Ходимларнинг бир нечаси ўз фаолиятларини давом эттириб ва такомиллаштириб йирик морфолог, олимлар даражасига етганлар. Маҳаллий халқ орасидан илк бор гистолог олимлардан К. Ю. Усмонов, А. С. Содиқов, Х. Р. Рахмонов, К. А. Зуфаров, М. С. Абдуллахўжаева, Д. Х. Хамидовлар етишиб чиқишди. Бироқ Ўзбекистонда 1920-1960 йилларда гистолог мутахассисларни тайёрлаш қониқарсиз ҳолда эди. Маҳаллий халқ орасида ҳам назарий билимларга нисбатан, амалий шифокорликка қизиқиш юқори бўлган. Аммо, мазкур йилларда гистология бўйича илмий кадрларни етиштириб беришда проф. Е. М. Шляхтин, С. М. Миленков, К. Ю. Усмонов, Л. А. Элькинд, З. Х. Рахматуллин ва бошқалар кўпроқ хизмат қилишган. Факультет қошида одам анатомияси, гистологияси (цитология ва эмбриология бу билан биргаликда уч фан тиббиётда дунё бўйича гистология номи билан аталади), биология, оператив хирургия ва топографик анатомия кафедралари заминий морфологик фанлар сифатида фаолият кўрсата бошладилар. Аввал учта (даволаш, педиатрия, санитария-гигиена), 1960- йилдан тўртта факультетда (стоматология факультети ҳам очилади) дарс олиб борилган. Ўзбекистонда гистология фани тараққиёти XX асрнинг 20йилларидан бошланади. Диққат билан кузатсак, асосий эътибор нейрогистология йўналишига қаратилган. Бизнинг фикримизча, бунинг асосий сабабларидан бири, ХХ аср бошларида ҳозирги Москва тиббиёт академияси гистология кафедрасида ишлаган гистолог олимлар Н. А. Бабухин, И. Ф. Огневлар, Қозонда К. А. Догеллар томонидан эътиборли нейрогистологик мактаблар яратилиши, бу мактабларда нервларни бўяш усулларининг, турли хил аъзоларда нерв хужайралари, нерв охирлари, нерв чигалларини ўрганиш ишларини яхши йўлга қўйилиши ва бу соҳада янги маълумотларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиши бўлса, иккинчи томондан Тошкентга келган хорижлик олимларнинг нейрогистология таълимотини яхши ўзлаштирганлиги бўлган дейиш мумкин. Мазкур йиллар давомида ТошДавТИ ректорати морфологик кафедраларда биринчилар қаторида битирган талантли ва фидоий ёшларни олиб қола бошлади. Лекин, морфологик кафедраларга ҳамма ҳам келавермасди, айниқса биринчи йилларда маҳаллий ёшларнинг бу кафедраларга келиши жуда қийин бўлган. Албатта, бу мусулмончиликдаги диний таълим билан боғлиқ бўлган бўлиши ҳам мумкин. Чунки, мурдалар билан ишлаш, тажриба орқали ҳайвонлар организмига озор бериш ислом ақидаларига тўғри келмайди. Иккинчидан, назариётдан кўра, амалий тиббиётга интилиш кучли бўлган. Ўша йилларда морфологик кафедраларда асосан русийзабон европа миллат вакиллари кўпроқ ишлаган. Масалан, ТошДавТИ гистология кафедрасида узоқ йиллар ишлаган Л. А. Элькинд, П. Н. Масевич, А. И. Гольберглар 1936 йилда ТошДавТИ ни битирганлар ва гистология кафедрасида ассистент бўлиб иш бошлаганлар. Биринчи йилларда ўқитувчиларнинг етишмаслиги сабабли айрим ходимлар ҳам клиникада, ҳам морфологик кафедраларда ишлаган. Масалан, Ўзбекистоннинг йирик терапевт олимларидан бири академик З. И. Умидова узоқ вақт давомида гистология ва ички касалликлар кафедраларида ассистент лавозимида ишлаганлар. Ўзбекистонда гистология бўйича биринчи дарслик гистология кафедраси мудири Е. М. Шляхтин томонидан 1934 йилда чоп этилиб «Гистофизиология» деб номланган. Мазкур дарсликда муаллиф айрим тўқима ва аъзолар ҳақида бошқа олимларнинг фикрларини келтирган ҳолда, ўз тажрибаларини ҳам баён қилган. Е. М. Шляхтин китобининг афзаллиги шундан иборатки, морфофункционал, гистофизиология йўналиши кенг ёритилиб,талабалар тушуниши осон бўлган. Ўзбекистон ҳудудидаги тиббиёт институтларида гистология кафедраларининг ташкил этилиши, илмий йўналишлар ва илмий кадрлар тайёрлаш ТошДавТИ гистология кафедрасида мудир бўлиб ишлаган Е. М. Шляхтин (1920-1938 йй.), З. Х. Рахматуллин (1940-1944 йй.) С. М. Миленковларнинг (1945-1952 йй.) илмий ишларида асосан нейрогистологиянинг турли жиҳатлари акс эттирилган эди. Масалан, С. М. Миленковнинг «Пеллаграда терининг гистофизиологияси» номли докторлик диссертациясида (1937), теридаги нерв охирларига алоҳида эътибор берилган ва касалликда кечадиган гиперпигментацияда тери нервларида бўладиган деструктив ўзгаришлар исботлаб берилди. Кафедранинг янги ходимлари П. Н. Масевич, Л. А. Элькинд, Л. Н. Гольберг ва бошқалар ҳам нейронларда аргентофил модда, одам ва ҳайвонлар аъзоларида рецепторлар фаолияти устида илмий тадқиқот ишларини олиб борганлар. 1920-1960 йиллар давомида гистология кафедраларида илмий изланишлар бироз сустроқ олиб борилган. Чунки, бу даврларда илмий изланишлар ҳажми анчагина торроқ бўлиб, мутахассис кадрлар кам бўлган, кўпроқ ўқув жараёнига, ўқув педагогик кадрлар тайёрлашга катта эътибор берилган. Тиббиёт институтларининг морфологик кафедраларида илмий изланишлар 1960-йилларнинг бошларидан, айниқса гистохимия, кейинчалик электронмикроскопия усулларининг кириб келиши билан кенг йўлга қўйилиб, илмий изланишлар ва уларда маҳаллий кадрлар сони ҳам ортган. Тошкент тиббиёт институтида 1939 йилда гистология кафедраси доценти З. Х. Рахматуллин Москвага, Б. И. Лаврентьев ҳузурига нейрогистология изланишларни мукаммалроқ ўрганиш учун юборилади. У 1941 йилда «Қорин тифида ичак гистоморфологияси» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилади ва профессор унвонини олгач, Тошкентга қайтиб кафедра мудири лавозими вазифасини бажаради. Унинг қўлида Л. Н. Гольдберг, А. С. Содиқовлар номзодлик диссертациясини ҳимоя қиладилар. Шунингдек, 1926 йилда кафедрага келган С. М. Миленьков ҳам 1937 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, 1945 йилгача Иркутск тиббиёт институтида мудир бўлиб ишлайди. Тошкентга қайтиб, З. Х. Рахматуллин ўрнига 1945 йилдан мудир бўлиб ишлайди. 19521961 йилларда доц. Қ. Ю. Усмонов кафедрага мудирлик қилди. С. М. Миленков, Қ. Ю. Усмоновлар даврида ҳам кафедранинг асосий илмий йўналиши нейрогистологияга бағишланган. Шу йилларда энг муҳими, кўпгина маҳаллий ёшлар гистологлар сафига кириб кела бошладилар. Москвага мақсадли аспирантурага юборилган К. А. Зуфаров (1954), Д. Х. Хамидов (1957), М. С. Абдуллахўжаева (1960), номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилдилар. Ўзбекистонда 1940 йилларда заҳарли ўсимликлар билан заҳарланиш ҳоллари кўпайиб, кўп олимлар унинг сабабларини ўргана бошладилар, маҳаллий олимлар касалликни чақирувчи ўсимлик буғдой билан биргаликда ўсиши ва унинг буғдой билан аралашиб, ун орқали организмга тушишини аниқладилар. 1935 йилда Г. П. Меньшиков бу ўсимликдан гелиотрин ва лазиокарпин номли алькалоидни ажратиб олди. Тажрибада жигарга гелиотриннинг лазиокарпинга нисбатан кучлироқ таъсир этиши ва оз-оз миқдорда ҳайвонларга берилганда айнан шу касалликнинг ривожланиши 1954 йилда М. Н. Ханин, Д. Н. Сахибов ва бошқалар томонидан исботланди. «Гелиотроп гепатодистрофияси» атамаси кўп ишлатиладиган бўлди, гистология кафедрасида Қ. У. Усманов, М. С. Миленковлар бошчилигида гелиотроп гепатитда нерв тизимини ўргандилар ва бу соҳада бир қанча номзодлик ва докторлик диссертациялари тайёрланди. Гистология кафедрасининг мудири К. Ю. Усмановнинг ҳам докторлик диссертацияси «Гелиотроп токсикозида МНС нинг гистопатологияси» деб номланган. ТошДавТИ гистология кафедраси ходимлари асосан маҳаллий кадрлар ҳисобига 1920-1960 йиллар ичида 7 марта ортди, улар ҳам илмий, ҳам ўқув ишлари билан машғул бўлганлар. 1961 йилдан кафедрага академик К. А. Зуфаров раҳбарлик қилади. Ўтган 40 йил ичида кафедра ва лаборатория ходимлари томонидан нейрогистология билан бир қаторда турли таъсиротларда аъзолар цито-гистологияси, филоонтогенези, компенсатор-мослашув, секреция, сўрилиши, фильтрация жараёнларининг цито-морфологик асослари, клиник морфология, иммуноморфология, табиий-сунъий овқатланиш морфологияси каби қатор йўналишларни ўргана бошлайдилар. Кафедра бошқа тиббий-биологик ва клиник кафедралар билан ҳамкорликда, энг замонавий морфологик, биохимик, физиологик усулларда ишлайди ва бу ерда ноёб маълумотлар олинади, кўпгина янги ғоялар яратилади, турли биологик қонуниятлар очилади. 1987 йилда дунёга машҳур, Собиқ Иттифоқда 332 - рақамли кашфиёт ҳам шу кафедрада яратилди. Кафедрада кейинчалик овқатланишнинг гистологик асослари, микробиосценоз каби масалалар кенгроқ ўрганила бошланди. Самарқанд Давлат Тиббиёт Институти 1930 йилда Ўзбекистон хукумати қарорига кўра ташкил этилди. Самарқанд 1935 йилга қадар Ўзбекистоннинг пойтахт шаҳри бўлган. Институтда одам анатомияси ва гистология кафедралари 1930 йилда ташкил этилди. Бу кафедраларда ташкилий жараёнлар анчагина осон кечди, чунки ТошДавТИ кафедраларидан маълум даражада ёрдам олинди. Ундан ташқари, СамДавТИ морфология кафедраларининг тез юксалишига 1941-1945 уруш йилларида институтда Санкт-Петербург ва Москва шаҳарларидан келиб ишлаган гистолог- морфолог олимлар маълум даражада сабабчи бўлдилар. 1930-1937 йилларда гистология кафедрасига проф. Г. М. Семенов раҳбарлик қилади ва у ўқув жараёнини ташкил этишга катта эътибор беради, ўқув препаратлари комплектини тузади. Илмий йўналиш эмбриогенез масалаларига қаратилди. 1937-1946 йилларда проф. В. В. Авербург мудир лавозимида ишлайди. Бу даврда Д. А. Алимов (1943), Т. М. Толмакова (1943), Т. К. Горева (1945) номзодлик диссертациясини ҳимоясини қилдилар. 1946 йилдан то 1971 йилгача, 25 йил давомида Тошкентда ишлаган профессор З. Х. Рахматуллин кафедра мудири лавозимида ишлайди ва бу ерда нейрогистология кенг кўламда ривожланади: периферик нерв тизими, айниқса ҳазм аъзоларида нерв чигалларнинг рентген нурлари таъсирида ўзгаришлари чуқур ўрганилади, кўпгина маҳаллий кадрлар етиштирилади, масалан А. Т. Тилляев, Д. А. Абдураимов ва бошқалар. Кафедрада нейрогистология лабораторияси очилиши муносабати билан институт миқёсида бу соҳада изланувчилар салмоғи ортиб кетди. З. Х. Рахматуллин Самарқандда нейрогистологлар мактабини яратилишида асос солади. Кафедрага 1971-1973 йилларда доцент А. Т. Тилляев, 1973-1995 йиллар давомида профессор Л. У. Турдиев мудирлик қилдилар. Улар даврида ҳам асосий илмий йўналиш нейрогистология бўлиб, бу даврда 5 та номзодлик (С. А. Блинова, Т. Д. Дехконов, Б. И. Исроилов, Т. Т. Мирзақобулов, Ш. Б. Шириновлар) ва 2 та докторлик (Т. Д. Дехқонов, С.А.Блиновалар) диссертациялари ҳимоя қилинди. 1957 йилда АндДавТИ ташкил этилди ва бу ерда ҳам морфологик кафедраларнинг ташкил этилиши осонгина кўчди. Чунки, бу вақтга келиб ТошДавТИ, СамДавТИ да ва бошқа тиббий-илмий институтларда анчагина маҳаллий кадрлар етишган эдилар. Уларнинг кўплари Андижон тиббиёт институтига ишга таклиф этилди. 1955-1957 йилларда институт фаолиятини яхши йўлга қўйиш учун АндДавТИ га юборилган олимлар қаторида ёш гистолог олим К. А. Зуфаров ҳам бор эди. У ўқув ишлари проректори ва гистология кафедраси мудири лавозимида 1957 йилгача ишлади. 1958-1966 йилларда доцент Х. М. Маликов ва профессор Е. И. Колослар мудир лавозимида ишладилар. 1966-1990 йилларда проф. В. А. Бабаева мудирлик қилди. Кафедранинг асосий илмий йўналиши нейрогистология бўлиб, буйрак, ошқозон, кўндаланг-тарғил мушаклар, уларнинг ёшга кўра ва иннервацияси ҳақида илмий ишлар олиб борилди. Е. И. Колос 1965 йилда «Кўз диоптрик аппаратларининг қиёсий ва тажрибада ўрганиш» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Кейинчалик А. Махсумова, А. Г. Гаффоров, А. У. Маматовлар мудир бўлиб ишлади. 2000 йилдан бошлаб гистология кафедраси тиббий-биология кафедраси билан қўшилди ва мудир лавозимига профессор М. Р. Мамадиев тайинланди. 1940-йиллар бошларида ва ундан сўнг нейрогистология соҳасида маълум ишлар қилинди. Гелиотрин гепатитида нейрогистология бўйича бир неча илмий ишлар ҳимоя қилинди. 1950 1960 йилларда уч гистолог Москва билан боғланган ҳолда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилдилар: улар орасида К. А. Зуфаров, Д. Х. Хамидовлар гистология йўналишида, М. С. Абдуллахўжаева патанатомия йўналишида иш бошладилар. 1960 - йилларга келиб, умумморфологик, гистохимик усуллар кенг қўлланди. СамДавТИ ва АндДавТИ институтлари очилиши ҳисобига Республикада 1960 йилларга келиб учта гистология кафедраси фаолият кўрсата бошлади. Монографияда фойдаланилган архив маълумотларига қараганда, 1930 - 1960 йилларда ТошДавТИ, СамДавТИ ва 1955 йилда ташкил этилган АндДавТИдаги морфология кафедраларида илмий кадрлар тайёрлаш аҳволи ҳақидаги 2.1-жадвалнинг таҳлили шуни кўрсатадики: 1930 -1940 йилларда ТошДавТИ гистология кафедрасида 2 та фан доктори, 1 та фан номзоди фаолият кўрсатиб, 1940-1960 йилларда эса фан номзоди сони 10 тага ортган. СамДавТИ гистология кафедрасида 1930 -1940 йилларда 1 та фан доктори ва 1940 - 1960 йилларда 5 та фан номзоди ишлаган. АндДавТИ 1955 йилда ташкил этилганлигини ҳисобга олганда гистология кафедрасида илмий даражали кадрлар бўлмаган. Шундай қилиб, 1920 - 1940 йилларда ТошДавТИ да гистология кафедраси тўлиқ шаклланиб бўлди ва асосий фаолият ўқув жараёнига қаратилди. жадвал Ўзбекистондаги тиббиёт институтлари гистология кафедралари буйича кадрлар тайёрлаш ахволи Йиллар Гистология кафедраси Фан докторлари Фан номзодлари маҳалли хорижий маҳалли хорижий ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ТИББИЁТ ИНСТИТУТИ 1930-1940 1 1 1 - 1940-1960 - - 5 5 Жами 1 1 6 5 САМАРҚАНД ДАВЛАТ ТИББИЕТ ИНСТИТУТИ 1930-1940 - 1 - - 1940-1960 - - 3 2 Жами - 1 3 2 АНДИЖОН ДАВЛАТ ТИББИЕТ ИНСТИТУТИ 1940-1960 - - - - Ўзбекистон тиббиёт институтлари бўйича Жами 1 2 9 7 Адабиётлар рўйхати : 1. Абдуллаев А. А. Академия Хорезм-шаха Мамуна в Хорезме. Знаменитые ученые медики древнего Хорезма. //Мед. журнал Узбекистана. - 1971. - №8 - 1972. – 57-59 с. 2. Абдуллаев А. А. Очерки истории развития медицины в Хорезме. - Ташкент, Медицина. - 1980. - 162 с. 3. Абдуллаев А. А. Исмоил Журжоний ва Умар Чағминий қадимги Хоразмнинг машҳур олимлари.- Ташкент. – Медицина. - 1972. - 125 с. 4. Абдуллаев С. П. Структурно-функциональные особенности печени при экспериментальном уменьшении массы почек: Автореф.... канд. мед. наук. – Т., 1989. - 18 с. 5. Абдураимов А. Морфо-функциональные особенности слизистой оболочки желудка щенят при естественном и искусственном вскармливании в раннем постнатальном онтогенезе: Автореф...... канд. мед. наук. – Т., 1995. – 18 с. - Абдурахманов М. Структурные основы иммуно-эндокринных взаимоотношений при хроническом гелиотринном гепатите и некоторые пути их коррекции: Автореф. … док. мед. наук. - Т., 2002. 40 с. 6. Абдураимов Д. А. Пострадиационные изменения в нервных элементах языка после воздействия рентгеновых лучей и радиактивного цезия: Автореф.... канд. мед. наук..- Т., 1966. -18 с. 7. Абдуллахўжаева М. С. Ҳаракат анализаторининг гистохимияси: Автореф.... канд. мед. наук. – М., 1960. – 18 с. 8. Абу Али ибн Сино. “Канон врачебной науки”. 2-е издание. - Ташкент; Фан, 1981. кн. 1: 1982 кн.III; т.I. 1980 кн. III. т. II 1980 кн.IV. 1980, кн. IV. 9. Алимходжаева П. Р. Кровь и кроветворение птиц в различные сезоны года и под влиянием облучения: Автореф....канд. биол. наук..- Т., 1971. - 20 с.