logo

Бош айланишлар ва треморлар этиологияси, патогенези, клиникаси, ташхис қўйиш, қиёсий ташхислаш, даволаш, олдини олиш, реабилитацияси, диспансеризацияси

Yuklangan vaqt:

17.11.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

34.0087890625 KB
Бош айланишлар ва треморлар этиологияси, патогенези, клиникаси, ташхис қўйиш, қиёсий ташхислаш, даволаш, олдини олиш, реабилитацияси, диспансеризацияси Режа: Бош айланиши  Систем (вестибуляр) бош айланиши  Носистем бош айланиш  Тремор  Эссенциал тремор  Торсион дистония.  Гепатолентикуляр дегенерация  Миячанинг наслий атаксивалари Бош айланиши Ўз танаси ва атрофдаги объектларни айланаётгандек янглиш идрок қилиш, бош айланиши деб айтилади. Бош айланиши полиэтиологик синдром бўлиб, бир қатор неврологик, соматик ва психик касалликларда кузатилади. Бош айланишининг қуйидаги турлари фарқ қилинади. Систем (вестибуляр) бош айланиши - атрофдаги объектларнинг муайян бир йўналишда, яъни соат стрелкасига қарши ёки соат стрелкаси буйлаб айланиши ва ер чайқалаётгандек туюлиши билан намоён бўладиган синдром. Бундай бош айланиши ҳақиқий бош айланиши деб ҳам аталади. Вестибуляр бош айланишлар вестибуляр аппаратнинг периферик қисми, яъни ички қулокдаги ярим айлана найлар ва вестибуляр нерв зарарланганда ҳамда унинг марказий қисми, яъни мия устуни (вестибуляр ядро ва унинг йуллари), экстрапирамидал система, бош мия пўстлоғининг чакка ва тепа сохалари зарарланганда рўй беради. Демак, вестибуляр аппаратга алоқадор барча тузилмалар зарарланиши вестибуляр бош айланишига сабабчи бўлади. Аммо ушбу бош айланиши вестибуляр аппаратнинг периферик қисми зарарланганда кучлироқ намоён бўлади. Вестибуляр аппаратни зарарловчи ҳар қандай касалликлар (вертебробазиляр етишмовчилик, КЦЖ, ИКГ, ВДС, вестибуляр нейронит, Меньер касаллиги, лабиринтит, интоксикациялар, метаболик бузилишлар, дегенератив касалликлар ва х,.к.) систем бош айланишига олиб келади. Носистем бош айланиш - маълум бир хусусиятга эга бўлмаган ва турли симптомлардан (чайкалиб кетаётгандек, хушдан кетаётгандек, мувозанатни йўқотаётгандек, холдан тойгандек, кўз олди қоронғилашуви) иборат синдром. Ушбу бош айланиш вестибуляр аппаратга алокадор бўлмаган сохалар зарарланганда кузатилади. Унинг асосий сабаблари гипервентиляцион синдром, ортостатик гипотензия, артериал гипертензия, синкопе, юрак аритмиялари, каротид синус синдроми, гипогликемия, аорта патологиялари, бронхиал астма, ички ва тащқи қон йўқотишлар, симпатэктомия, ўткир ЦВК, КЦЖ, ВДС, бош мия ўсмалари, бўйин остеохондрози, бетўхтов йўтал, ҳомиладорлик, камқонлик. Систем ва носистем бош айланишлар этиологияси ўхшаш бўлсада, уларнинг патогенези ва топографияси бошқачадир. Психоген бош айланиш - маълум бир вазиятларда (стресс, хаяжон, қўрқув, руҳий чарчаш) юзага келадиган психосоматик синдром. А) Систем бош айланишлар. Вестибуляр нейронит. Вестибуляр нерв зарарланиши вестибуляр нейронит деб айтилади. Вестибуляр нейронит турли ёшда учрайди, аммо ёши катталарда кўп кузатилади. Бу касаллик ўткир вирусли инфекциялардан сўнг ривожланади. Баъзида унинг сабаби аниқланмай қолади. Вестибуляр нейронит учун систем бош айланиши, атаксия ва нистагм жуда хос. Бош айланиши кўпинча кўнгил айниши, қайт қилиш ва кўз олди қоронғилашиб кетиши билан намоён бўлади. Бош айланиши асосан хуружсимон тарзда кечади ва тўсатдан пайдо булади. Беморга гўёки унинг атрофидаги барча буюмлар муайян йўналишда соат стрелкасига қарши ёки соат стрелкаси бўйлаб айланаётгандек, ер чайқалаётгандек туюлади. Бундай бош айланиши систем бош айланиши деб айтилади. Бош айланиши юқорига қараганда ёки бошни ён томонга бурганда зўраяди. Горизонтал ҳолатдан вертикал ҳолатга ўтганда ҳам бош айланиши кучайиб кетади. Шунинг учун ҳам систем бош айланишларда бемор тик тура олмайди ёки бирор нарсага суяниб туради. Баъзида бошни ён томонга сал бурса ҳам бош айланиши кучайиб кетади, бемор ўқчиб кусади. Бундай беморлар иложи борича бошини ён томонга бурмасликка ва ўрнидан турмасликка ҳаракат қилишади. Кучли шовқин ҳам вестибуляр бош айланишини кучайтиради. Шовқиндан сақланиш учун бемор қулоқларини кафти билан ёпиб олади ва бошини қимирлатмай ётади. Вестибуляр нейронитда доимо нистагм кузатилади ва у фақат бир томонга қараганда пайдо бўлади. Горизонтал нистагм зарарланган томондан қарама-қарши томонга қараганда кузатилади: агарда вестибуляр нерв чап томонда зарарланса, горизонтал нистагм ўнг томонга қараганда, агарда вестибуляр нерв ўнг томонда зарарланса, горизонтал нистагм чап томонга қараганда рўй беради. Вестибуляр нерв таъсирланишида эса (бу кўпинча ўсмаларда кузатилади) горизонтал нистагм таъсирланган томонга қараганда рўй беради. Бош айланиш хуружи кучайганда, кўзни юмганда ва бош холатини ўзгартирганда нистагм кучаяди. Бемор бир нуқтага қараб турса, нистагм йўқолади. Бош айланиши пасая боргани сайин горизонтал нистагм ҳам пасая боради. Бемор тузалиб кетса, нистагм ҳам йўқолади. Бу касалликда горизонтал нистагмнинг ротатор компонент билан бирга намоён бўлишига эътибор қаратиш керак. Эслатма. Икки томонлама нистагм вестибуляр нейронит учун хос эмас, унинг мавжудлиги ушбу ташхисни инкор қилади. Вестибуляр нейронитда эшитиш функцияси пасаймайди ва аудиометрик теширувлар натижаси ўзгармай колади. Агарда эшитиш функцияси пасайган бўлса, демак, параллел тарзда эшитув нерви хам зарарланган. Бу касалликда координатор бузилишлар яққол намоён бўлади. Вестибуляр атаксия асосан бир томонлама, яъни зарарланган томонда кузатилади. Ромберг синамасида бемор зарарланган томонга оғади, ўша томонда бармоқ-бурун синамасини интенция билан, товон-тизза синамасини атаксия билан бажаради. Атаксия ва бош айланиши бош ва тана ҳолатини ўзгартирганда, ҳатто кўзни ён томонга бурганда ҳам кучаяди. Мушаклар тонуси ўзгармайди. Бу касаллик учун бошқа неврологик симптомлар хос эмас, уларнинг мавжудлиги бу ташхисни инкор қилади. Клиник тиббиётда периферик ва марказий вестибулопатиялар фарқ қилинади. Периферик вестибулопатия асосан лабиринтит, вестибуляр нейронит ва Меньер синдромида кузатилади. Шунингдек, бир қатор бошқа касалликлар ҳам вестибуляр аппаратнинг периферик қисмини зарарлаши мумкин. Марказий вестибулопатиялар эса мия устунида ривожланган ишемик инсульт, ўсма, базиляр мигрен ва тарқоқ склерозда ривожланади. Демак, марказий вестибулопатия ривожланиши учун патологик жараён вестибуляр нерв ядроси ва унинг марказий йўлларини зарарлаши керак. Вестибуляр нейронит, одатда, ўткир ривожланади ва тўсатдан пайдо бўлган систем бош айланиш бир неча соатдан сўнг ўтиб кетади. Бироқ юрганда чайқалиш белгилари оз бўлсада сақланиб қолади. Баъзида касаллик бир неча ой ёки йилдан сўнг яна қўзғайди. Меньер синдроми - кучли систем бош айланиш хуружлари билан намоён бўладиган оғир касалликлардан бири. Бу синдромнинг асосий сабаби - ички қулоқда жойлашган эндолимфатик тизимнинг кенгайиши ва лабиринт рецепторлари дегенерацияси. Бош айланиш хуружи ўткир бошланади ва бир неча дақиқа ичида кучайиб кетади, сўнгра орқага чекина бошлайди. Баъзида бош айланиши шу қадар кучаядики, ҳатто горизонтал ҳолатда ётган беморнинг бошини сал бир томонга бурсангиз ҳам бош айланиш кучайиб кетади. Зарарланган томонда қулоқда шовкин ва эшитишнинг пасайиши кузатилади. Ҳар бир бош айланиш хуружидан сўнг бир томонда эшитиш пасайиб бораверади ва охир-оқибат ўша томонда акузия ривожланади. Вестибуляр атаксия, нистагм, кўнгил айниши ва қайт қилиш ҳам Меньер синдроми учун жуда хос симптомлардир. Вертебробазиляр етишмовчилик ёши катталарда кўп учрайдиган холат бўлиб, унинг асосий белгиси систем бош айланишидир. Атеросклероз, гипертония касаллиги, юрак аритмияси ва бўйин умуртқалари диск чурраси вертебробазиляр етишмовчиликнинг (ВБЕ) асосий сабабларидир. Бош айланиш механизми мия устуни, вестибуляр нерв ва лабиринт ишемияси билан боғлиқ. ВБЕда бош айланиши ўткир бошланади ва бир неча дақиқа сақланиб туради. Бу пайтда беморнинг кўнгли айнийди, қусади ва чайқалиб кетади, яъни мувозанат бузилади. Агар мия устунида ишемия каттароқ соҳани эгалласа, ўчокли неврологик симптомлар пайдо бўлади. Булар диплопия, ғилайлик, юз нерви фалажлиги, бульбар синдром ва турли хилдаги альтернирлашган синдромлар. Пароксизмал позицион бош айланиши - тана вазиятини ўзгартирганда пайдо бўладиган ва бир неча сониядан 1-2 дақиқагача давом этадиган бош айланиш ҳуружлари. Бош айланиш ҳуружлари бошни фақат маълум бир вазиятда ушлаб турган пайтларда рўй беради ва бощқа вазиятга ўзгартирса ўтиб кетади. Масалан, ўнг ёнбошга ётган бемор чапга ёнбошлаб ётмоқчи бўлса, ётган жойидан турса ёки ўтирса, бошини турли томонларга бурса, бош айланиш хуружлари пайдо бўлади ва тезда ўтиб кетади. Вестибуляр бош айланишнинг бир тури бўлмиш ушбу ҳолат 60 ёшдан ошганларда кўп учрайди ва хавфсиз кечади. Бу синдромнинг этиопатогенезига оид аниқ бир концепция ҳанузгача йўқ. Бу ташхисни қўйишда Дик-Холпайк синамаси кенг қўлланилади. Мия устуни ва мияча соҳасидаги (шу жумладан, миячакўприк бурчаги) ҳар қандай патологик жараёнлар систем бош айланишлар сабабчиси бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда деярли ҳар доим бощқа неврологик симптомлар (мияча симптомлари, краниал невропатиялар, вегетатив бузилишлар, ўтказувчи типда сезги ва ҳаракат бузилишлари) ҳам аниқланади. Посттравматик бош айланиши краниоцеребрал жароҳатлардан (КЦЖ) сўнг ривожланади ва кўпинча чакка суяги жароҳати билан боғлиқ бўлади. Чунки чакка суяги жароҳатланишларида периферик вестибуляр аппарат кўп шикастланади. Бундай пайтларда вестибуляр бош айланиши белгилари пайдо бўлади. Агар жароҳат енгил бўлса, бош айланишлар бир неча соатлар ёки қисқа кунлар ичида ўтиб кетади. КЦЖда ривожланиб борувчи бош айланишлар чакка бўлаги гематомаси учун ҳам хосдир (дислокацион синдром). Бош айланиши ўтиб кетавермаса ва бошқа неврологик белгилар пайдо бўлса, беморга яна КТ ва отоневрологик текширувини ўтказиш керак бўлади. Эпилептик аура. Чакка эпилепсиясида катта эпилептик хуружлардан олдин бош айланиш хуружлари пайдо бўлади. Бундай пайтларда бош айланиш хуружлари эпилептик аура ҳисобланади. Чакка эпилепсиясида бош айланиш хуружлари фокал эпилепсиянинг асосий белгиси сифатида ҳам намоён бўлади. Бу ҳолат баъзида диагностик хатоликларга ҳам сабабчи бўлади, яъни ВДС хуружи деб ўйлашади. Яхши йиғилган анамнез ва ЭЭГдаги фокал эпилептик фаоллик ташхисни тўғри аниқлашга ёрдам беради. Атипик абсанслар ҳам фақат бош айланиш хуружлари билан намоён бўлишини эсда тутиш лозим. Чакка эпилепсиясида систем бош айланиш хуружлари нима учун пайдо бўлади? Чунки вестибуляр анализаторнинг кортикал проекцияси чакка бўлагида жойлашган. Систем бош айланишнинг бошқа сабаблари. Бош айланишларнинг бошқа сабаблари ичида ўткир интоксикациялар, метаболик бузилишлар (айниқса, гипогликемия) ва гипоксиялар етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ушбу патологик холатлар систем бош айланиш сабабчиси бўлади ва кўп ҳолларда кўришнинг турли даражадаги бузилишлари билан намоён бўлади. Чунки кўрув тизими ишемия ва гипоксияга жуда сезгир. Ички қулоқни қон билан таъминловчи артериялар тромбозида ҳам турғун бош айланиши ривожланади. Бундай пайтда, албатта, эшитиш пасаяди ёки йўқолади. Баъзида бош айланишлар отосклероз, евстахий найи дисфункцияси отитлар сабабли ривожланади. Б) Носистем бош айланишлар - нерв тизимининг вестибуляр аппаратга алоқадор бўлмаган сохалари зарарланиши билан боғлиқ бўлган бош айланишлар. Унинг сабаблари ва топографияси юқорида кўрсатиб ўтилган. Агар систем бош айланиш кўпинча моносимптом кўринишида намоён бўлса, носистем бош айланиши аксарият ҳолларда бошқа неврологик бузилишлар билан биргаликда учрайди. Бош мия катта ярим шарлари инсультлари ва ўша сохаларда учрайдиган ТИА, дропатака, ўткир гипертоник энцефалопатия, гипертоник криз ва периферик вегетатив етишмовчиликларда (ортостатик гипотензияда) учрайдиган бош айланишларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Демак, «носистем бош айланиш синдроми» ташҳисини қўйиши учун систем бош айланишни инкор қилиш керак. Чунки систем бош айланиш ҳақиқий бош айланиш бўлиб, яққол ифодаланган субъектив симптомлардан иборат. В) Психоген (психофизиологик) бош айланиши невроз, психастения ва депрессияларда кўп учрайдиган патологик ҳолат. Психоген бош айланиши (ПБА) - психосоматик синдромларнинг бир тури. ПБА механизми МНС функционал фаоллигининг ошиши ёки пасайиб кетиши, нейронал системаларда қўзғалиш ва тормозланиш жараёнлари орасида номутаносиблик юзага келиб, турғун тормозланиш ёки қўзғалиш шаклланиши билан тушунтирилади. ПБА камдан-кам холларда алоҳида учрайди. Аксарият ҳолларда юрак уриб кетиши, холсизланиш, совуқ терга ботиш, қулоқда шовқин, кўнгил айниши, оёклар титраши ва ҳолсизланиши бош айланишлар билан бирга кузатилади. Одатда, бу белгилар аффектив бузилишлардан сўнг кучаяди. Бундай беморлар баландликдан қўрқишади, шунинг учун ҳам улар балкондан, баланд кўприкдан ёки томдан пастга қарамасликка ҳаракат қиладилар. Чунки бундай пайтда бош айланиши кучаяди. ПБАга хос яна бир белги унинг вазиятни оз бўлсада ўзгартирганда кучайишидир. Масалан, баланд қаватли бинода яшайдиган битта бемор ундан бир қават тепада яшайдиган қўшнисиникига чиқиб балкондан пастга қараганда боши айланиб, гандираклаб кетган, кўнгли айниган, коридорга кирганда эса камайган ва бироздан сўнг тўхтаган. Шуниси эътиборлики, ПБАда беморлар лифтдан кўра зинапоядан кўтарилишни афзал кўришади. Аксарият ПБА қўрқув билан кечади. Бунинг акси ўлароқ органик этиологияли бош айланишларда қўрқув деярли учрамайди ёки бош айланиши бошлангандан сўнг кузатилади. ПБАда беморлар доимо бош айланиши қачон бошланишини кутиб юришади. Бу ҳам қўрқув шаклланишига туртки бўлади. Бемор фақат баландликдан қараганда эмас, балки автомобиллар қатнови тез бўлган катта йўлга қараганида ҳам бош айланиши вужудга келади ёки кучаяди. Бундай пайтлари бемор катта тезликда ўтаётган автомобилларга қарамасликка ҳаракат қилади ёки оёқларининг остига қараб қадамларини назорат қилиб юради. Ана шунда унинг бош айланиши камаяди. Катта залларда олиб бориладиган мажлислар ёки узоқ давом этувчи дарсларда ҳам бош айланиши авж олади. ПБА фақат психоген касалликларда кузатилиб қолмасдан, зўриқиб меҳнат билан шуғулланадиган соғлом шахсларда ҳам учрайди. Талабаларда имтиҳонларга берилиб тайёргарлик қилиш, ёзувчилар ва илмий ходимларнинг тинмай асарлар ёзиши ёки диссертация устида ишлаш соғлом одамларда бош айланишига сабабчи бўлиши мумкин. Лекин астенияга учраган беморларда руҳий-ҳиссий зўриқиш бош айланишини осонгина келтириб чиқаради. ПБА қисқа вақтга ҳушдан кетиш (синкопе) билан ҳам намоён бўлиши мумкин. Бу, айниқса, умумий психоген гиперестезия билан кечувчи психоген касалликлар учун жуда хос. Бунинг асосида вестибуляр аппаратнинг кучли даражада қузғалувчанлиги ётади. Тез-тез ҳушдан кетиб турадиган беморларнинг бош мия қон томирлари текширилганда уларда томирлар тонусининг юқори даражада пасайганлиги (гипотонус) ёки ўзгарувчанлиги (дистония) аниқланади. Синкопе ҳолатлари психоген гипервентиляцияда, артериал қон босими пасайганда ва юрак касалликларида ҳам юз беради. Узоқ пайт ётиб қолган беморлар горизонтал холатдан вертикал ҳолатга ўтишса, бош айланиши ортостатик коллапс билан бирга юз беради. Бу ҳолат, айниқса, артериал гипотензияда яққол ифодаланган бўлади. Баъзан юқори даражада ривожланган неврастения ёки психоастенияда бемор ҳушдан кетиб қолиши учун битта қўрқувнинг ўзи кифоя. Бемор бир марта ҳушидан кетса (айниқса, одамлар орасида), у ҳар доим навбатдаги хуружни кутиб безовта бўлиб юради. Невролог олимлардан бири Оппенгейм (1894): «Ҳар бир киши ўзида бош айланишини юзага келтириши мумкин, агарда у мувозанат ва бош айланиши ҳақида ўйлайверса», - деган эди. ПБА баъзида ятропатия асорати ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бемордаги симптомларни, агар улар психоген ҳусусиятга эга бўлса, жуда хавфли деявериш яхши эмас. Ташхис. Бош айланишлар этиологиясини аниқлаш учун клиник текширувлар билан биргаликда қуйидаги лаборатор ва инструментал текширувлар ўтказилади. Лаборатор текширувлар: умумий қон анализи, электролитлар (натрий, калий, хлор), қондаги С02 таркиби, қанд миқдори, коагулограмма, мочевина, креатинин. Отоневрологик текширувлар. ЭКГ, ЭхоКГ. Краниография ва кўкрак қафаси рентгенографияси. Магистрал артерияларни дуплексли сканирлаш ёки доплерография қилиш. Бош мия ва буйин умуртқаларини КТ ёки МРТ қилиш. Вегетатив ва кардиоваскуляр синамалар. Психологик текширувлар. Даволаш. Бош айланиши полиэтиологик синдром бўлганлиги боис уни бартараф этишда комплекс даволаш чоралари қўлланилади. Бош айланишларни коррекция қилишда гистаминергик, антихолинергик, антигистамин дорилар, кальций антагонистлари, нейролептиклар, транквилизаторлар кенг қўлланилади. Турли хил вестибулопатиялар сабабли ривожланган систем бош айланишлар вестибуляр дисфункцияни коррекция қилишни талаб этади. Бунинг учун турли механизмга эга дори воситалари ишлаб чиқилган. Гистаминергик дорилардан бетагистин дигидрохлорид (бетацерк) 8-16 мг дан кунига 3 маҳал ичишга тавсия қилинади. Бетасерк бош айланишларни жуда яхши бартараф этади, АҚБни пасайтирмайди, седация чақирмайди. Шу боис бу дори қарияларга ҳам, ортостатик гипотензияда ҳам тавсия этилиши мумкин. Албатта, бош айланишларни бартараф этиш учун уни юзага келтирган этиологик омилни ҳам бартараф этиш лозим. Масалан, гипертоник кризда ривожланган бош айланишни бартараф этиш АҚБни нормал кўрсаткичларгача пасайтиришдан бошланади. Аксинча, ортостатик гипотензия сабабли ривожланган бош айланишида АҚБни кўтариш керак. Вертебробазиляр етишмовчилик сабабли ривожланган бош айланишларни коррекция қилиш учун церебрал микроциркуляцияни яхшилаш, метаболик бузилишлар ва гипоксияни бартараф этиш зарур. Бу муолажалар узоқ вақт ўтказилишни тақозо қилади. Сурункали кечувчи ва психоген этиологияли бош айланишларда физиотерапевтик, психотерапевтик муолажалар ўта самарали. Психоген бош айланишлар плацеботерапия ва психотерапия усулларини тўғри қўллаганда ўтиб кетади. ТРЕМОР Тремор “титроқ” деган маънони англатади. Тремор иккала қўл, оёқлар, бош ва танада кузатиладиган титроқлар. Тремор, кўпинча, симметрик тарзда намоён бўлади ва иккала қўлда кўп учрайди. Ҳар ким ўзида тремор бор-йўқлигини аниқлаб олиш учун иккала қўлини олдинга чўзиб туриши керак. Тремор неврозда, яъни кўп асабийлашадиган ва тез ҳаёжонланадиган одамларда кўп учрайди. Бундай одамларда ортиқча ҳаёжонланиш треморни кучайтириб юборади. Бироқ тремор энг кўп учрайдиган ва йиллаб давом этадиган касаллик борки, унинг номи “Эссенциал тремор” дир. Бу касаллик кўпинча наслдан-наслга ўтади. Бундай беморларда тинч ҳолатда ҳам кичик амплитудали тремор кузатилиб туради, яъни тремор доимийлиги билан ажралиб туради. Неврозларда тремор доимий эмас, яъни бемор тинчланганда, унинг фикрини чалғитганда, психотерапия ўтказилса, физиотерапевтик муолажалар ва тинчлантирувчи дорилар қўллаганда тремор камаяди ёки йўқолади. Бу муолажалар самараси эссенциал треморда жуда паст. Шунингдек, неврозларда турли даражада ифодаланган ҳулқ-атвор бузилишлари аниқланади. Бўқоқ касаллигида ҳам тремор кузатилади. Уларда юракнинг тезтез уриши, кўп терлаш, оёқ-қўлларнинг музлаб юриши, қўрқув ва фобиялар, қонда Т3 ва Т4 миқдорининг ошиши тиреотоксик тремор учун жуда хос. Тремор, шунингдек, паркинсонизм касаллиги, мияча касалликлари, сурункали алкоголизм, мис, қўрғошин, симоб ва марганец каби металлар билан сурункали заҳарланишларда ҳам кузатилади. Юз-кўзларда учрайдиган тикларни тремор билан чалкаштирмаслик керак. Тик дегани маълум бир мускулларда кузатилувчи ва такрорланиб турувчи кичик титроқлардир. Тиклар тез частотали бўлади, қисқа муддат давом этади ва шу тарзда такрорланиб тураверади. Қайси мускулларда жойлашганига қараб, тиклар турли–туман кўринишлар, яъни қош қоқиш, кўзни юмиб–очиш, бужмайтириш, бурунни тортиб қўйиш, лаб бурчакларини қимирлатиш, бошнинг силкиниб кетиши каби ихтиёрсиз ҳаракатлар билан намоён бўлади. Агар тиклар тананинг бошқа қисмларига тарқалса, елкани сиқиш, қўлларни қимирлатиш, нафас олиш ҳаракатларини қилиш ва қоринни ичкарига тортиш каби тиклар ҳам кузатилади. Тил, ҳалқум мускулларида кузатиладиган тиклар вокал ҳаракатлар билан намоён бўлади. Вокал тикларда бемор ўз– ўзидан овоз чиқариб бақириб юборади, унинг овози худди опера театрида куйлаётган қўшиқчилар овозига ўхшаб кетади. Бу ҳолат Туретт синдроми учун жуда хос. Тиклар такрорланиб турувчи йўталлар, овоз қиришлар, хуштак чалиб юборишлар билан ҳам намоён бўлади. Тиклар кўп ҳолларда ҳулқ–атвор бузилишлари билан намоён бўлади. Тиклар томоғи кўп “шамоллайдиган” болаларда ҳам кузатилиб туради. Бундай болаларнинг диққати тарқоқ бўлади, бир жойда тинч ўтира олмайди, ота-онаси коиса йиғлаб юборади, қўлидан нарсаларни тушириб юборади, овқатни тўкиб ейди, эслаб қолиш қобилияти суст бўлади. ЭССЕНЦИАЛ ТРЕМОР Эссенциал тремор (лот. тремор - титраш) - статодинамик постурал тремор билан кечувчи нерв системасининг наслий касаллиги. Эссенциал тремор (ЭТ) синонимлари кўп бўлиб, улар наслий, идиопатик, оилавий ва туғма тремор деб аталади. ЭТ кўп тарқалган касалликлардан бири бўлиб, 100000 аҳолига ўртача 300-400 кишида учрайди. Эркаклар ва аёллар орасида деярли бир хил тарқалган. ЭТ турли ёшда учрайди, бироқ унинг энг кўп учрайдиган даври - бу 16-40 ёшлар. Касалликнинг қайси ёшда бошлашига қараб болалик, ўсмирлик, катта ёшдаги ва сенил (кексалик) треморлар фарқланади. Буюк француз неврологи Ж.М. Шарко (1824-1893) «Физиологик қариш учун тремор хос эмас » деб айтиб ўтган. Кейинчалик қарилик даврида кузатиладиган тремор сабаблари (атеросклероз, интоксикация ва ҳ.к.) аниқланди. Этиологияси ва патогенези. Аутосом-доминант типда наслга узатилиши аниқланган. ЭТ оилавий бўлиб ҳам, спорадик тарзда ҳам учрайди. Бироқ унинг оилавий турлари кўп бўлиб, баъзида касаллик оила аъзоларининг ярмида аниқланади. Унинг генетик гетерогенлиги исбот қилинган ва оилавий бўлиб учраган ҳолларда 2- ва 3-хромосомаларда касаллик генини аниқлаш имкони бўлган. Мияда морфологик ўзгаришлар аниқланмайди. ПЭТ да метаболик ўзгаришлар аниқланган холос. Клиникаси ва кечиши. Асосий клиник симптоми - бу иккала қўлнинг дистал қисмида симметрик тарзда кузатиладиган постурал ва кинетик тремор. Тремор кўпинча секин-аста иккала қўлда симметрик ва жуда кам ҳолларда асимметрик тарзда бошланади. Бармоқларни ёзиб иккала қўлни олдинга чўзганда кузатиладиган титрашларга постурал тремор, мақсадга йўналтирилган ҳаракатларни бажараётганда кузатиладиган титрашларга - кинетик тремор дейилади. Агар тремор аниқ бир ҳаракат бажараётганда (калитни эшик тешигига тиқаётганда, имзо чекаётганда, нина тешигидан ип ўтказаётганда) кучайса, бунга терминал тремор деб айтилади. Терминал тремор неврологияда кенг тарқалган яна бир номи, яъни интенцион тремор. Интенцион треморни бармоқ-бурун синамасини текшириб аниқлаб олиш мумкин. ЭТ да тинч ҳолатдаги тремор жуда кам кузатилади. Бундай пайтларда ЭТ ни паркинсонизм билан қиёслашга тўғри келади. Касалликнинг бошланғич даврида тремор бемор ҳаяжонланганда ёки чарчаганда кузатилса, кейинчалик у доимий равишда кузатила бошлайди. Тремор жуда секинлик билан бошланиб, беморнинг бутун умри мобайнида кучайиб боради ва ремиссия кузатилмайди. Тремор частотаси 6-12 Гц ни ташкил қилади. Ёш ўтган сайин тремор частотаси 4 Гц гача камайиши, амплитудаси эса ошиши мумкин. Бемор тинчланганда тремор камаяди, ухлаганда эса йўқолади. Ухлаганда треморнинг йўқолиши ЭТ патологияси билан боғлиқ бошқа касалликлар учун ҳам хос. ЭТ да хат ёзаётганда кузатиладиган тремор ўзига хос хусусиятларга эга. Бемор ёзаётганда қўлидаги треморни пасайтириш учун қаламни қаттиқ ушлаб олади. Бу эса қўл панжаси мускуллари таранглашувига сабабчи бўлади. Бора-бора унинг қўл панжаси чарчай бошлайди, ёзиши секинлашади, бармоқ ҳаракатлари бесўнақай бўлиб қолади. Ёзадиган қўл панжасида дискинезия ва дистония вужудга келади, тремор амплитудаси ҳам кучаяди. Бемор ёзиш учун қўлига қалам олди дегунча, унинг қўл панжасида титроқ кучайиб, бармоқ мускулларида спазм рўй беради ва бемор умуман ёза олмайдиган бўлиб қолади. Ҳатто бирорта ҳужжатга имзо қўйиш учун ёнидаги одамга қарамай туришни илтимос қилади. Чунки биров кузатиб турса, бемор оддий имзони ҳам қўя олмайди. Лекин у ушбу қўли билан бошқа ҳаракатлани бажарса (тугмасини тақса, ёқасини тўғрилаб қўйса, ҳаттоки қошиқ ушласа), бармоқларда бундай спазм кузатилмайди. Шунинг учун ҳам бу спазм ёзиш спазми (графоспазм) номини олган. Демак, тўғри ёзишга уринишлар кейинчалик унда ёзиш спазми ривожланишига сабабчи бўлади. ЭТ да бўйиннинг спастик қийшайиши, блефароспазм, оромандибуляр дистония каби фокал дискинезиялар ҳам кузатилади. Бундай ҳолатларда уни торцион дистония билан қиёслашга тўғри келади. Жуда кам ҳолларда бошда «ҳа-ҳа» ёки « йўқ-йўқ » типидаги тремор кузатилади. Баъзида ЭТ фақат бош тремори билан намоён бўлади ва узоқ вақт моносимптом сифатида сақланиб қолади. Бироқ уни дистоник титроқдан фарқлаш зарур. Агар бош тремори дистоник позада (ҳолатда) пайдо бўлса ва бошни ён томонларга бурганда кучайса, демак, у дистоник тремор, яъни мускуллар дистониясида кузатиладиган треморнинг бир тури. ЭТ да бош тремори, пастки жағ, тил, овоз пардалари, диафрагма ва жуда кам ҳолларда бутун тана ва оёқларнинг тремори билан биргаликда намоён бўлади. Демак, ЭТ да тремор асосий симптом бўлиб, у қўллар, бош, мимик мускуллар, овоз пардалари, тил, тана ва оёқларда кузатилиши мумкин. Треморнинг бутун танага тарқалишига кўпинча психоэмоционал зўриқишлар сабабчи бўлади. Тил ва овоз пардаларидаги тремор дизартрия ёки скандирлашган нутққа ўхшаш вазиятни юзага келтиради ва кўпинча қиёсий ташхис қўйишда қийинчилик туғдиради. ЭТ да тремор бир неча йиллар мобайнида яккаю ягона симптом бўлиб қолади. Шу боис, «тремор» атамаси касаллик номида акс этган. Қолган симптомлар кейин қўшилади. Булар - паркинсонизм белгилари (гипомимия, гипокинезия, мускуллар ригидлиги, мускуллар тонусининг пластик тарзда ошиши), мускуллар дистонияси, миоклония, мияча симптомлари, дисфония, тик, мускуллар спазми, мигрен, периферик невропатиялар. Баъзида, айниқса, ёши катта беморларда когнитив бузилишлар кузатилиши мумкин, бироқ улар деменция даражасига етмайди. Кўрсатиб ўтилган симптомларнинг кейинчалик вужудга келиши ЭТ ташхисини инкор қилишга асос бўла олмайди. Статистик маълумотларга кўра, 15% бемор оғир ногиронлик даражасига тушади. Спиртли ичимликлар треморни бироз камайтиради, бироқ кейинги куни у яна кучайиб кетади. Қаҳва ва аччиқ чойни доимо истеъмол қилиш ҳам треморни кучайтиради. Клиник турлари. Эссенциал треморнинг классик, яъни фақат тремор билан намоён бўлувчи, экстрапирамидал ва кинетик (ортостатик) турлари фарқланади. Охирги 2 тури касалликнинг атипик тури ҳисобланади. Классик (тремор) тури. Асосий симптоми тремор бўлиб, у тананинг барча жойларида кузатилиши мумкин. Касалликнинг бу тури жуда кўп учрайди. Экстрапирамидал тури. Қўллардаги тремор енгил даражадаги экстрапирамидал бузилишлар, яъни бўйиннинг спастик қийшайиши, ёзиш спазми, блефароспазм ва оромандибуляр дистония билан биргаликда кечади. Бундай гиперкинезлар фокал дискинезиялар деб ҳам аталади. Шунингдек, мускулларда пластик гипертонус ҳам аниқланади. Кинетик тури (ортостатик тремор). Йирик амплитудали (14-18 Гц) тремор кучли интенцион тремор билан биргаликда намоён бўлади. Йирик амплитудали титроқлар нафақат қўллар, балки тана ва оёқларда ҳам кузатилади. Оёқлардаги тремор бемор тик турганда кучайиб танага тарқайди, қадам ташлаб юра бошлаганда камайиб тўхтайди. Баъзида бемор йирик амплитудали тремор сабабли йиқилиб ҳам тушади. Ташхис. ЭТ ташхисини қўйишда клиник симптомларга катта урғу берилади Эссенциал тремор ташхисини қўйиш алгоритми (Элбле, 2000) А. Асосий белгилар: • Иккала қўлда ҳам симметрик тарзда кузатиладиган постурал-кинетик титрашлар ёки бошнинг алоҳида титраши. • Бошқа неврологик симптомлар бўлмаслиги (тишсимон ғилдирак феноменидан ташқари). Б. Қўшимча белгилар: • Узоқ йиллар кечиши (3 йилдан ортиқ). • Оилавий анамнез. • Спиртли ичимлик истеъмол қилганда треморнинг тўхташи. C. Ташхис тўғрилигига гумон туғдирувчи белгилар: • Бир томонлама ёки фокал тремор, оёқлар тремори, мускуллар ригидлиги, брадикинезия, тинч ҳолатдаги тремор, юришнинг кескин ўзгариши. • Тўсатдан ўткир бошланиши. • Треморни кучайтирувчи ёки пайдо қилувчи дориларни истеъмол қилиш. • Бошнинг алоҳида тремори ва бошни ён томонларга бурганда кучайиши. Қиёсий ташхис. Қиёсий ташхис авваламбор, паркинсонизм билан ўтказилади. Чунки иккала касалликда ҳам тремор кузатилади. Паркинсонизм учун тинч ҳолатдаги тремор жуда хос бўлиб, бу симптом ЭТ да жуда кам учрайди. Тинч ҳолатдаги тремор ЭТ да, асосан, 60 ёшдан ошганларда кузатилади. Паркинсонизмда кузатиладиган тремор ҳаракат пайтида камайиб, тинч ҳолатда кучайса, ЭТ да бунинг акси бўлади. Шунингдек, ЭТ да мускуллар тонусини текшираётганда тремор сабабли «тишли ғилдирак» феномени аниқланиши мумкин ва буни мускуллар тонуси ошган, деб баҳолаб бўлмайди. Беморнинг ҳуснихатига ҳам эътибор қаратиш лозим. Паркинсонизмда хат йирик ҳарфлар билан бошланиб кейин улар кичрайиб кетса (микрография), ЭТ да эса ёзаётганда тремор кучайганлиги сабабли ҳарфлар йирик ва бетартиб жойлашади ёки бармоқларда спазм аломатлари кузатилади. Бироқ узоқ йиллар ЭТ билан касалланиб келаётган беморда кейинчалик гипомимия, гипокинезия, мускуллар тонусининг пластик тарзда ошуви ва тинч ҳолатдаги тремор каби паркинсонизмга хос белгиларининг пайдо бўлиши беморда паркинсонизм ривожланганлигидан далолат беради. Бундай пайтларда иккала ташхис врач хулосасида қайд этилиши керак. Фақат тремор билан «тишли ғилдирак» симптомининг мавжудлиги паркинсонизм ташхисини қўйишга асос бўла олмайди. Бу ерда бемор узоқ вақт кузатувга олиниши ва паркинсонизмни тасдиқловчи ёки инкор қилувчи барча текширувлар ўтказилиши лозим. Тремор бошқа касалликлар, яъни невроз, қалқонсимон без касалликлари (гипотиреоз, гипертиреоз), энцефалопатиялар (токсик, атеросклеротик, гипертоник), стриониграл система зарарланиши билан кечувчи баъзи наслий касалликлар (Галлерворден-Шпатс, Шай-Дрейжер, Стил-Ричардсон касаллиги), мияча синдромлари, полинейропатияларда ҳам кузатилиши мумкин. ЭТ дан фарқли ўлароқ, бу касалликлар полисимптом касаллик бўлиб, уларни қиёслаш қийинчилик туғдирмайди. Торсион дистония. Баъзида торсион дистония тремор билан бошланади ва уни ЭТ билан қиёслашга тўғри келади. Аммо торсион дистонияда тремор узоқ вақт моносимптом сифатида сақланиб қола олмайди, тез орада мускуллар дистонияси ва дискинезияси қўшилади. Агарда тремор бўйиннинг спастик қийшайиши, ёзиш спазми, оромандибуляр дистония каби фокал дискинезия ва дистониялар билан намоён бўлса, ЭТ билан торсион дистония орасида қиёсий ташхис ўтказиш мушкуллашади. Бундай вазиятларда чуқур ўтказилган клиник-генеологик таҳлил, молекулар- генетик текширувлар, клиник симптомлар пайдо бўлиш кетма-кетлигини кузатиш орқали тўғри ташхисни аниқлаб олиш мумкин. Кўпинча, ЭТ билан касалланган беморнинг оила аъзоларида ҳам ушбу касаллик аниқланади. Врач беморга ЭТ ташхисини қўйса, албатта, унинг оила аъзоларида ушбу касалликни аниқлашга оид текширувлар ўтказилиши керак. Агар ЭТ да тремор секин-аста кучайиб борса ёки тананинг бошқа қисмларига тарқалса, торсион дистонияда эса биринчи навбатда дистония, дискинезия ва гиперкинезлар кучая боради, кичик амплитудали треморлар эса иккинчи даражага тушиб қолади. ДНК тестини ўтказиш эса қиёсий ташхис масаласига янада ойдинлик киритади: ЭТ да ген мутацияси 3қ ва 2қ хромосомалар, торсион дистонияда - 2қ, 9қ, 1 лп, 14қ хромосомаларда аниқланади. Гепатолентикуляр дегенерация (ГЛД). ГЛД нинг тремор билан бошланадиган турини ЭТ нинг болалик ва ўсмирлик даврида учрайдиган тури билан қиёсий ташхис ўтказишга тўғри келади. ГЛД ЭТ дан фарқли ўлароқ, аутосом-ресессив тип бўйича наслдан-наслга узатилади. ГЛД нинг титроқли турида ҳам касаллик қўл панжалари тремори билан бошланади ва кейинчалик мушаклар тонуси пластик тарзда оша бошлайди. ГЛД да, шунингдек, мияча симптомлари, яъни нистагм, интенцион тремор, атаксия каби белгилар кузатилади. ГЛД нинг турли босқичларида зўраки кулиш ва йиғлаш, синкопал ҳолатлар, когнитив ва психоэмоционал бузилишлар, эпилептиформ хуружлар ҳам пайдо бўлади. ЭТ дан фарқли ўлароқ, ГЛД кечишида узоқ давом этувчи ремиссия хос. ГЛД нинг сўнгги босқичларида тремор камайиб, мушаклар ригидлиги оша бошлайди. Шунингдек, қонда церулоплазмин миқдори пасайиши, сийдикда мис миқдори ошиши, кўз тўр пардасида Кайзер-Флейшер ҳалқаси ва жигарда цирроз белгилари аниқланиши ГЛД учун жуда хос. ДНК тести 13-хромосоманинг И3қл4.3 локусида дефект борлиги кўрсатса, ГЛД ташхисини тўла-тўкис аниқлашга ёрдам беради. Миячанинг наслий атаксивалари . Деярли барча наслий атаксиялар кичик амплитудали тремор билан намоён бўлади ёки тремор билан бошланади. Тремор билан бир қаторда, мияча атаксияси ҳам пайдо бўла бошлайди. Атаксия эса ЭТ учун хос эмас. Мияча атаксияси клиник белгилари энди бошланган давридаёқ МРТ да мияча атрофияси аниқланади, ЭТ да эса улар кузатилмайди. Шунингдек, ДНК тести ҳам ташхисни тўғри аниқлашга ёрдам беради. Тарқоқ склероз. Баъзида ЭТ ни ТС билан қиёслаш зарурати туғилади. Чунки ТС нинг бошланғич даврида, айниқса, церебрал турларида тремор кўп кузатилади. Бироқ унинг бир қатор бошқа симптомлари, яъни пирамидал мияча, кўриш бузилишлари каби симптомлари, уни ЭТ дан фарқлашга ёрдам беради. Эссенциал треморда эса бу белгилар кузатилмайди.; МРТ текширувларида бош мияда кузатиладиган лейкодистрофиялар ТС учун хос. Генеалогик анализ ҳам катта аҳамиятга эга: ЭТ оилавий бўлиб учраса, ТС жуда кам ҳолларда оилавий бўлиб учрайди. Қиёсий ташхис ўтказишда клиник симптомлар ривожланишини доимий тарзда кузатишнинг ҳам аҳамияти жуда катта. Невротик тремор. ЭТ ни невротик тремор билан фарқлаш жуда катта қийинчиликлар туғдиради. Чунки иккала ҳолатда ҳам ортиқча ҳаяжонланиш треморни кучайтиради ва иккала ҳолатда ҳам тремор, асосан, қўлларда кузатилади: ЭТ да бемор тинчланган ҳолатда ҳам кичик амплитудали тремор кузатилиб туради, яъни тремор доимийлиги билан ажралиб туради. Неврозларда тремор доимий эмас, яъни бемор тинчланганда, унинг фикрини чалғитганда, психотерапия ўтказилса, физиотерапевтик муолажалар ва тинчлантирувчи дорилар қўллаганда тремор камаяди ёки йўқолади. Бу муолажалар самараси ЭТ да жуда паст. Шунингдек, неврозларда турли даражада ифодаланган хулқ-атвор бузилишлари кузатилади. Улар эса ЭТ учун хос эмас. Генеологик ва хромосом анализ ўтказиш ташхисни тўла аниқлашга ёрдам беради. Тиреотоксик тремор ЭТ га жуда ўхшаш бўлади. Бироқ қалқонсимон безнинг катталашуви, офталмопатия, кучли вегетоневроз белгилари, қонда Т3 ва Т4 миқдорининг ошиши тиреотоксик тремор учун жуда хос. Токсик энцефалопатия. Тремор токсик энцефалопатияда ҳам кўп кузатилади ва ЭТ гидек дастлаб моносимптом сифатида узоқ сақланиши мумкин. Сурункали равишда спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш, мис, қўрғошин, симоб ва марганец каби металлар билан сурункали заҳарланишда токсик энцефалопатиялар ривожланади. Токсик энцефалопатия ЭТ дан фарқли ўлароқ, полисимптом касаллик бўлиб, улар невротик симптомлар, вегетатив бузилишлар, турли даражадаги когнитив бузилишлар ва неврологик «микросимптомлар» билан намоён бўлади. Тўғри йиғилган анамнез, обектив неврологик текширувлар, лаборатория маълумотлари, генеологик ва хромосом текширувлар натижалари ташхисга ойдинлик киритади. Келтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, тремор жуда кўп касалликларда учрайди. Умуман олганда, тремор билан намоён бўладиган касалликларни ЭТ билан қиёслаганда треморнинг қачон пайдо бўлганлиги ва қанча вақт давом этишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Титроқлар билан намоён бўладиган ҳеч қайси бир касалликда титрашлар ЭТ гидек якка симптом сифатида умрбод давом этмайди. ЭТ да ҳатто бошқа симптомлар қўшилган тақдирда ҳам тремор йўқолмайди ва улар бемор ҳаётининг охиригача сақланиб қолади. Давоси. Бугунги кунда ЭТнинг зўрайиб боришини тўхтатиш имконияти йўқ. Барча тавсия этиладиган дори воситалари треморни камайтиришга хизмат қилади холос. ЭТ ни даволашда энг самарали дорилар - булар β-адреноблокаторлар. Ушбу гуруҳга кирувчи дорилар треморни яхши камайтиради. Айниқса, ЭТ артериал гипертензия, тахикардия ва қандли диабет билан биргаликда намоён бўлса, (3-блокаторлар жуда самаралидир. Уларнинг ичида пропранолол кенг қўлланилади. Пропранолол дастлаб 10-20 мг дан кунига 2-3 маҳал ичишга буюрилади. Унинг таъсир этиш давомийлиги қисқа бўлганлиги боис, уни кунига 3-4 маҳал тавсия этиш лозим. Пропранололнинг кундалик дозаси ҳар 3-5 кунда 20-40 мг га ошириб борилади ва 23 ҳафта ичида 100-240 мг га етказилиши мумкин. Агар дорининг паст дозасида тремор кескин камайса (у бутунлай тўхтамайди), унинг дозасини янада ошириш шарт эмас. Пропранололнинг артериал гипотония, брадикардия, бронхоспазм каби ножўя таъсирлари бор ва дорининг дозаси ошган сайин улар кучая боради. β-блокаторлар артериал гипотония, бронхиал астма, обструктив бронхит, атриовентрикуляр қамалнинг 2-даражаси, брадикардия ва облитерацияловчи эндоартериитларда тавсия этилмайди. Шунингдек, селектив таъсирга эга бўлган β-блокаторлар (атенолол, метопролол) тавсия этилиши ҳам мумкин. Атенолол 50 мг дан кунига 1- 2 маҳал берилади ва кейинчалик унинг дозаси ошириб борилади. Бир неча кунлардан сўнг атенололнинг бир кунлик дозаси 200 мг га етказилиши мумкин. Метапролол (эгилок, беталок, метокард, корвитол) кунига 25-50 мг дан бера бошланади. Унинг дозаси ҳам секин-аста ошириб борилади ва кунига 200-300 мг га етказилади. Бу дорилар брадикардия (юрак уриши бир дақиқага 50 дан паст бўлса), артериал гипотония (систолик босим 100 мм сим. уст. дан паст), бронхиал астма, АВ ўтказувчанликнинг бузилишларида, периферик артериялар спазми билан кечувчи касалликларда (Рейно синдроми) тавсия қилинмайди. 1983-йилдан бошлаб ЭТ да клоназепам самарали дори сифатида қўллаб келинмоқда. Бу дори β-блокаторларни тавсия қилишга монелик қилувчи ҳолатларда буюрилади. Клоназепам дастлаб кам дозада, яъни кунига 0,5-1 мг дан тавсия эта бошланади. Кейинчалик дорини 1-2 мг дан кунига 2-3 маҳал ичиш буюрилади. Дастлабки кунлари пайдо бўлган уйқучанлик, холсизлик ва бош айланиши кейинчалик камая боради. Айниқса, бутун танага тарқалган йирик амплитудали титроқларда клоназепам самарали ҳисобланади. Клоназепам β-блокаторлар билан бирга тавсия этилса, юқори самара беради. Витаминлардан В6 витамини катта дозада тавсия этилади. Пиридоксин гидрохлорид треморларни пасайтиришга ёрдам беради. Шу боис, 5% ли В6 витамини 4-6 мл (200-300 мг) кунига 2 маҳал м/о га қилинади. Бу дорини 1 ой мобайнида қилиш мумкин. В6 витамини серотонин ишлаб чиқарилишини жадаллаштириб, беморнинг кайфиятини оширади. Агар тремор дискинезиялар каби асоратлар берса, ўша мускулларга ботулотоксин (ботокс) қилинади. Ботулотоксин мускулларда жойлашган периферик нервлар рецепторларига таъсир кўрсатиб, ацетилхолин ажралиб чиқишига тўсқинлик қилади. Фармакологик дорилар билан даволаш ижобий натижа бермаса ва касаллик зўрайиб борса, таламуснинг вентролатерал ядросида оператив муолажалар амалга оширилади. Физиотерапевтик ва рефлектор (шу жумладан, игна билан) даволаш муолажаларидан ҳам кенг фойдаланиш тавсия этилади. Спортнинг енгил турлари билан шуғулланиш (айниқса, эрталабки сайр ва сузиш), сиҳатгоҳларда дам олиб туриш, стресс ҳолатлардан четда юриш лозим. ЭТ билан касалланган беморларни даволашда психотерапия жуда аҳамиятлидир. Кучли эмоционал бузилишлар билан намоён бўладиган бу касалликда режали тарзда плацеботерапия муолажаларини ўтказиб туриш касаллик ривожланиб кетишининг олдини олади ва ижобий натижани осонлаштиради. Адабиётлар: 1. Герасимова М.М. «Нервные болезни». Дарслик. - Тверь. Триада. 2003й. 2. Жан Айкарди «Заболевания нервной системы у детей» в 2-х томах. Дарслик. – Москва. Бином. Лаборатория знаний 2013 й. 3. Маджидова Ё.Н. «Хусусий неврология».Дарслик. -Тошкент. Sharq. 2012 й. 4. Бадалян Л.О. «Детская неврология». Дарслик. - Москва. Медицина. 2001 й. 5. Маджидова Ё.Н. «Соматоневрология». Ўқув қўлланма. - Тошкент. Навруз. 2018 й. 6. Маджидова Ё.Н., Трошин В.Д., Погодина Т.Г., Хрулев А.Е. «Неотложная неврология». Дарслик. - Тошкент. Навруз. 2018 й. 7. Маджидова Ё.Н., Содиқова Г.К., Нурмухамедова М.А «Катталар ва болалар неврологик статусини қадамма-қадам текшириш бўйича амалий кўникмалар». Ўқув қўлланма. - Тошкент. ТАМАДДУН. 2017 й. 8. Маджидова Ё.Н., Усманова Д.Д. «Тунельные синдромы». Монография. - Тошкент. Baktria press. 2017 й. 9. Маджидова Ё.Н., Нурмухамедова М.А., Хайдарова Д.К., Прохорова А.Н. «Умеренные когнитивные нарушения у больных с дисциркуляторной энцефалопатией». Ўқув қўлланма. - Ташкент. ТАМАДДУН. 2015 й. 10. Маджидова Ё.Н., Нурмухамедова М.А., Азимова Н.М., Ким О.В., Хамидова Н.А. «Частная неврология». Ўқув қўлланма. - Тошкент. Узбекистон миллий энциклопедияси. 2014 й.