logo

Ижтимоий-сиёсий барқарорлик ва ватан хавфсизлигининг таъминланиши.Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви

Yuklangan vaqt:

25.09.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

255.5 KB
Ижтимоий-сиёсий барқарорлик ва ватан хавфсизлигининг таъминланиши.Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви Режа: 1. Ватанимизда ижтимоий барқарорликнинг таъминланиши ва мустаҳкамланиши. 2. Ватан хавфсизлигининг таъминланиши. Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш, модернизациялаш соҳасидаги тадбирлар. 3. Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви. 4. Ўзбекистоннинг терроризмга қарши халқаро антитеррор ҳаракатни қўллаб-қувватлаши. ХХ асрнинг сўнгги ўн йиллиги жаҳон тарихига ижтимоий дунёқарашда, жаҳон ҳамжамиятининг геосиёсий тузилишида туб ўзгаришлар даври сифатида эътироф этилди. Бу давр собиқ Иттифоқ деб аталган мустабид империянинг парчаланиб, мустақил республикаларга бўлинишидан катта сиёсий воқеа сифатида тарихга битилади. 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси мутақилликни қўлга киритди. Мустақилликнинг дастлабки кунларидаги ижтимоий-сиёсий вазият туб ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этди. Янги барпо этилган мустақил республикада давлат қурилиши ва ижтимоий- иқтисодий ислоҳотлар ўтказиши муаммолари нафақат минтақавий доирада, балки, умумжаҳон жамиятига молик ҳодиса эди. Мустабид тузум давридаги бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик усулига барҳам берилган ҳолда, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ, хўжалик юритишнинг бозор муносабатларига асосланган йўлига ўтиш жорий этила бошлади. Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгандан сўнг республика ва унинг халқи манфаатларига мос келадиган мустақил ижтимоий-сиёсий сиёсатни ўтказиш зарурати туғилди. Мустақилликка эришилган кундан буён ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистоннинг сиёсий тизимида улкан ва жиддий ўзгаришлар рўй берди. Аввало, давлатимизнинг ҳуқуқий пойдевори яратилди. Энг юксак демократик талабларга жавоб берадиган мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Вакиллик ҳокимиятини вужудга келтиришнинг жаҳоннинг энг демократик тизимларидан бири ташкил этилди. Ўзбекистон парламенти – Олий Мажлис илк марта кўппартиявийлик асосида сайланди. Ҳокимият бўлинишининг конституциявий тамойиллари асосида қатор қонунлар ишлаб чиқилди ва ҳаётга жорий этилди. Мамлакатимизда сиёсий ўзгаришларга мос равишда ихчам, очиқ ва тадрижий ривожланишга эга бўлган ижтимоий тизим яратилди. Сиёсий ислоҳотларнинг ҳар томонлама чуқурлашишига қулай шароит яратилди. Янги барпо этилган мустақил давлатимизнинг Асосий Қонунида давлатнинг ижтимоий-сиёсий негизи, янги демократик жамият шаклланишида мазкур асоснинг моҳият таъсири борасидаги масалаларни қамраб олган. Шунга кўра, жамиятнинг тараққиёт босқичларини аниқ белгилаб олиш зарур эди. Маълумки, ҳар бир давлат бетакрор ижтимоий ҳодиса ҳисобланади. У муайян бир халқ тарихий ва маънавий тараққиётининг ҳосиласидир. Шунинг учун яқин ўтмишдаги миллий фожиалардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, миллий давлатчилигимиз негизларини аниқлаб, қадимий-меросий илдизларга қайтиб, ўтмишнинг бой анъаналарини янги жамият қурилишига татбиқ этилиши мақсадга мувофиқдир. Жамиятни демократлаштириш олдинда турган асосий вазифа сифатида қуйидаги муҳим шартлар ҳисобга олинади: 1. Миллий давлатчилик анъаналарига асосланиш. Бунда барпо этилаётган давлатнинг ижтимоий-сиёсий асослари, бевосита, тарихий тажрибалар, миллий анъаналар ва қадриятлар асосида ташкил топади. 2. Жамият аъзоларининг тафаккури ва ижтимоий савияси билан демократик ўзгаришлар даражаси ва суръатлари ўзаро мутаносиб бўлиши зарур. Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, демократик жараёнларни четдан нусха олиб, кўр-кўрона кўчириш асло кутилган натижани бермайди. Аксинча, бундай йўл чалкаш ва мамлакат учун хатарли вазиятларга олиб келиши мумкин. Демократия ўз-ўзидан вужудга келмайди. Демократияга тинимсиз ақлий ва жисмоний меҳнат натижасида, ҳаётий сабоқларга таянган ҳолда, синов ва курашлардан объектив хулоса чиқарибгина эришиш мумкин. Демократик ўзгаришлар ва янги демократик жараёнларни бошқариш ҳамда ҳаётга татбиқ этишни, уларни ҳимоялаш зарурлигини авваламбор жамиятнинг ўзи англамоғи зарур. 3. Демократик жараёнларни халқ миллий маданиятининг ўзига хос жиҳатлари, унинг табиатини ўзида мужассам этиши зарур. Масалан, Ғарбдаги демократик жараёнлар бевосита индивидуализм фалсафасига таянса, Шарқда демократия тушунчаси ҳамжиҳатлик ғоясига асосланган ҳолда, жамоатчилик фикрининг устуворлиги замирида шаклланади. Шуни алоҳида таъкидламоқ зарурки, демократия – ўзбошимчалик эмас, балки, демократик жараёнлар халқимизнинг қонунни ҳурмат қилиш, қонунга итоат этиш каби фазилатларнинг мос равишда ривожланишидир. Шарқона ахлоқий, маънавий қадриятлар сиёсий муносабатларда ҳам устунлик касб этиши зарур. Буларнинг барчаси жамиятни бошқариш тизимини белгилаш пайтида алоҳида ҳисобга олиниши керак. Ватанимизда ижтимоий барқарорликнинг таъминланиши бевосита юқоридаги муҳим демократик шартларга асосланади. Қолаверса, бозор иқтисодиётига ўтишнинг асосий босқичларидан бирида қайд этиб ўтилганидек, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш соҳасида қатъий кафолатни вужудга келтиришдир. Ижтимоий барқарорликни қарор топтириш қуйидаги омилларга асосланади: 1. Бозор муносабатларига ўтиш ниҳоятда ноқулай ижтимоий шароитда бошлангани боис, кучли ижтимоий кафолатни вужудга келтиради. Маълумки, республикада бозор иқтисодиётига ўтиш жараёни жуда ноқулай ижтимоий шароитда бошланди. Ўзбекистон бошқа мустақил республикалардан фарқли равишда, туб иқтисодий ислоҳотлар аҳолининг турмуш даражаси жуда паст бўлган шароитда ўтказишга мажбур бўлмоқда. Республика аҳоли жон бошига тўғри келадиган ҳақиқий даромад, ўртача ойлик иш ҳақи ва пенсиялар миқдори жиҳатидан, озиқ-овқат маҳсулотлари, ашёвий буюмлар билан таъминланиш, пулли хизмат, уй-жой майдони, ижтимоий-маданий муассасалар тармоғи жиҳатидан энг сўнгги ўринлардан бирида эди. Аҳолининг мутлақ кўпчилиги қашшоқликда кун кечираётган эди. Аҳолининг демографик таркиби боқимандаларнинг сони кўп бўлишини олдиндан белгилаб қўйган эди. Республика аҳолисининг деярли тўртдан уч қисми ўзининг энг зарурий эҳтиёжларини қондиришга ҳам қодир эмас, балки давлат мададига муҳтож эди. Буларнинг ҳаммаси биргаликда ислоҳот йўлидаги ҳар бир қадамни қўйишдан олдин, аҳолининг қашшоқ табақаларини ҳамда маълум миқдорда даромад оладиган шахсларни олдиндан ҳимоялаш юзасидан самарали чора-тадбирлар кўришни талаб қилар эди. Бундай шароитда кучли ижтимоий кафолатни вужудга келтирмай туриб, ўтказилган ислоҳот барбод бўлиши муқаррар эди. 2. Жамият аъзолари онгидаги боқимандалик кайфиятига батамом чек қўйиш. Бунда инсонлар онгидаги бир текисчилик психологиясини таг-томири билан тугатиш қатъий зарурат эканлигини алоҳида эътироф этиш керак. Инсоннинг жамиятдаги ўз ўрни ҳақида нотўғри тасаввурга эга бўлиши, у ўзини кичкина одам, унинг учун ҳамма муаммони давлат ҳал қилади, деб ҳисоблаши – ўтмишдан қолган асосий меросдир. Бизда кишилар шундай тарбияланган, бу уларнинг айби эмас. Ҳамма иллат шундаки, кишиларимиз улар учун кимлардир ўйлайди, деб ҳисоблашади. Давлат ва ҳукумат, корхона ва хўжалик бор экан, улар ҳаммасини ўйлайди ва бизни кулфатда қолдирмайди, деб ҳисоблайдилар. Пировард натижада шундай муносабат вужудга келадики, меҳнат омиллари мутлақо йўқ бўлиб кетиб, инсон табиатидаги улкан салоҳият барҳам топади. Энг ачинарлиси шундаки, ўз фаолиятининг мақсадга мувофиқлиги, самарадор ва натижали меҳнати билан муносиб турмуш шароитини таъминлаши мумкин эканлигини тушуниб етиши амри маҳол бўлиб қолди. Бундай шароитда кишилар ўз имкониятини ишга солмайди, балки юлғичлик, меҳнатсиз даромад олиш, ижтимоий тўловлардан текинга фойдаланиш ҳисобига яхши турмушни таъминлашнинг номақбул йўлларини топишга уринади. Бир текисчилик юз бераётгани ва ўз меҳнати муносиб баҳоланмаганини кўрган одам эса ранжийди, тафаккури ўзгаради. Бундай шароитларга барҳам берилсагина жамият аъзоларига янги ҳуқуқий-ижтимоий қарашларни сингдириш мумкин. 3. Бозор муносабатларининг барча хизмат тизими жамият эҳтиёжларини хизмат қилишга қаратиши лозим. Масалан, бозор муносабатларини вужудга келтиришнинг дастлабки босқичида улгуржи ва чакана нархларнинг анчагина қисми эркин тус олади. Бундай шароитда пулнинг қадрсизланиши кучаяди, иқтисодиёт бир текис ишлай олмайди. Бу даврнинг асосий вазифаси аҳоли ҳаётини таъминлайдиган амалдаги тизимни сақлаб қолиш ва қўллаб- қувватлашдан, аҳолининг моддий аҳволи кескин ёмонлашиб, оммавий равишда қашшоқлашишига, умумий ишсизликка йўл қўймасликдан иборат бўлган ижтимоий сиёсат мос келади. Бу босқичда ижтимоий ҳимоялаш чоралари асосан товон тўлаш вазифасини бажарди. Асосий эътибор ҳаётий зарур озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш даражаси пасайишига йўл қўймасликка, керакли ашёвий молларнинг камайтирилмаслигига, уларни бемалол харид қилиш кафолатини вужудга келтиришга, валютанинг кўп кириб келиши натижасида ички бозорнинг барбод бўлишига йўл қўймасликка, аҳоли даромадлари ва нарх-наво натижасини бошқа мустақил республикалардаги даражага босқичма-босқич тенглаштириб боришни таъминлашга қаратилди. Аҳолининг энг кам даромадли табақаларига – ногиронлар, нафақадорлар, кўп болали ва камбағал оилалар, ўқувчи ёшлар, яъни энг қийин аҳволга тушиб қолган кишиларга амалий ёрдам кўрсатиш ижтимоий ҳимоялаш тизимининг асосий йўналиши бўлди. Шу мақсадда аҳолининг мазкур тоифалари учун кундалик зарур молларни сотиб олишда, коммунал ва транспорт хизматига ҳақ тўлашда қўшимча имтиёзлар жорий этилди. Пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдори анча оширилди. Ҳозир республикада 16 ёшгача бўлган болаларга нафақа тўлаш тизими амал қилмоқда. Икки ёшгача бўлган ҳамда камқонлик касалига чалинган ҳомиладор аёлларнинг бепул овқатланиши йўлга қўйилди. Умумий таълим мактабларида бошланғич синф ўқувчиларига бепул нонушта берилди. Мактаб ўқувчилари ва талабалар тушлик овқати қийматининг 50 % чегириб ташланди. 4. Ҳозирги вақтда республика аҳолиси ижтимоий жиҳатдан ишончли равишда ҳимоя қилинган бўлиб, ўзгариб бораётган шароитларга мослаштирилган ҳолда амалга оширилмоқда. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, кишиларнинг моддий аҳволини яхшилаш вазифаларини ҳал этишда давлат манбалари билан бир қаторда меҳнат жамоалари, жамоат ташкилотлари ва хайрия ташкилотларининг (“Наврўз”, “Маҳалла”, “Меҳр-шафқат” ҳамда бошқа хайрия ташкилотларининг) маблағлари фаол ишга солинмоғи лозим. Ижтимоий ҳимоялаш давлатнинг ҳам, жамоат ташкилотлари ва турли хайрия ташкилотларининг ҳам асосий вазифаси бўлмоғи лозим. Бунинг маъноси шуки, пенсия таъминоти, талабаларга, кўп болали ва муҳтож оилаларга ҳақ тўлаш тизимида уларнинг турмуш даражаси бюджет воситасида ва давлат кафолати йўли билан, шунингдек, турли хайрия ташкилотлари, корхоналар, ташкилотлар ва хўжаликларнинг жамғармалари орқали ҳам қўллаб-қувватланиши мустаҳкамлаб қўйилиши лозим. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг психологиясини ўзгартириш жуда ҳам муҳимдир. У ижтимоий ҳимоялашнинг пассив объектидан, давлатнинг моддий ёрдамидан бевосита ва билвосита фойдаланувчидан ўз тақдирининг фаол соҳибига, ўзининг ижтимоий фаровонлиги учун масъул бўлган шахсга айланиши лозим. Аҳолининг меҳнат фаолиятини кучайтириш ҳисобига унинг якка тартибда ўзини- ўзи ҳимоя қилиш воситалари тўла ишга солиниши лозим. Мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш, бевосита бозор муносабатларини шакллантиришнинг асосий босқичи сифатида, кучли ижтимоий сиёсатнинг йўналиши борасида белгилаб берилган эди. Бу йўлда мустақиллик йилларида амалга оширилган тадбирлар ва бажарилаётган саъй- ҳаракатлар республиканинг ижтимоий барқарорлигини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Фуқароларнинг иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги бўйича конституциявий ҳуқуқлар таъминланди. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш аниқ мақсадни кўзлаган ва ўз эгасига йўналтирилган ҳолда амалга ошириш назорат қилинди. Бунда аҳолининг турли қатламлари манфаатларига алоҳида ёндашилган ҳолда, ижтимоий муҳофаза тизимининг ўзига хос жиҳатлари амалга татбиқ этилди. Иқтисодий жиҳатдан фаол аҳоли меҳнатини рағбатлантиришда мазкур табақанинг меҳнат ва ижодий имкониятини тўлиқ даражада рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиб бериш зарур. Мана шунга кўра, республикамизда фаолият кўрсатаётган “Меҳр нури”, “Маҳалла”, “Наврўз” каби нодавлат жамғармалар ходимлар иқтидорини рағбатлантиришга асос бўлмоқда. Ижтимоий барқарорлик ўз моҳият эътиборига кўра иқтисодий ва маънавий онгланишни тақозо этади. Турли сиёсий адабиётларда, қолаверса, Президентимиз асарларида ҳам мазкур соҳага кўплаб ўринларда тўхталиб ўтилаётгани бежиз эмас, албатта. Мамлакатимизда бозор иқтисодиёти муносабатларининг жорий этилиши туфайли юртдошларимизнинг онг-у тафаккури ва дунёқараши қанчалик ўзгариб кетгани ҳам шундан далолат беради. Кўпчиликка яхши аёнки, 90-йилларнинг бошларида аксарият одамлар бизда ҳам кимнингдир хусусий заводи ёки фермаси уёқда турсин, кичкинагина дўкони бўлиши мумкинлигини ҳам тасаввур эта олмас, тасаввур этган тақдирда ҳам ўзига қабул қила олмас эди. Чунки ҳамма нарса давлат мулки бўлган эски тузумда хусусий мулкка эга бўлиш, тадбиркорлик ва кичик бизнес билан шуғулланиш бизга бегона бўлган тушунчалар сифатида баҳоланар эди. Бугунги кунда эса хусусий мулк тушунчасига нисбатан муносабат қандай ўзгариб, у ҳаётимиздан қанчалар чуқур жой олиб бораётганига барчамиз гувоҳмиз ва бу ҳолат ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди 1 . Кишилик тарихи, бугун дунёдаги кўпгина тараққий топган, барқарор ва бадавлат яшаб келаётган давлатлар тажрибаси шундан далолат берадики, аввало ўзининг хусусий мулкига эга бўлган шахс ва бундай шахслардан ташкил топган тоифа ўзини ва оиласини боқишда, шу билан бирга орттирган даромади ҳисобидан ўз яқинлари ва муҳтож инсонларга беғараз ёрдам кўрсатиш, эл-юрт учун хизмат қиладиган мактаб, касалхона, маданият ва спорт масканлари барпо этиш, бир сўз билан айтадиган бўлсак, давлат ва жамият зиммасидаги кўпгина вазифаларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшади. Энг муҳими, бундай инсонлар юртимизда тинчлик-осойишталик ва барқарорликни сақлаш ва ҳимоялаш, ёруғ келажагимизни қуриш йўлида астойдил жон куйдириб меҳнат қилади. Буларнинг барчаси маънавий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримиздан озиқланган иқтисодий тараққиёт йўлимиз жамиятимиз ҳаётига қандай ижобий таъсир кўрсатаётганининг ёрқин ифодасидир. Энг муҳими, юртимизда моддий ва маънавий жараёнларнинг ўзаро мутаносиб тарзда ривожлантирилаётгани сиёсий-ижтимоий барқарорлик ва тараққиётнинг мустаҳкам гарови бўлиб хизмат қилмоқда 2 . 1 Каримов И.А. Юксак маънавият — енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008, 69-б. 2 Каримов И.А. Юксак маънавият — енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008, 70-б. Ижтимоий барқарорликни таъминлаш ва мустаҳкамлаш учун мустақилликнинг дастлабки кунларидан диққат-эътибор қаратилгани бугунги кундаги турмуш тарзимизда ўзининг амалий натижаларини намоён қилмоқда. Ҳар бир йилдан номланиши эътиборига кўра, алоҳида ўзига хос тарзда ижтимоий- сиёсий тадбирлар кўзланди ва уларни амалга ошириш бевосита назорат остига олинди. Масалан, 1996 йил – “Амир Темур йили”, 1997 йил – “Инсон манфаатлари йили”, 1998 йил – “ Оила йили”, 1999 йил – “Аёллар йили”, 2000 йил – “Соғлом авлод йили”, 2001 йил – “Оналар ва болалар йили”, 2002 йил – “Қарияларни қадрлаш йили”, 2003 йил –“Обод маҳалла йили”, 2004 йил – “Меҳр ва мурувват йили”, 2005 йил – “Сиҳат-саломатлик йили”, 2006 йил – “Шифокорлар ва ҳомийлар йили”, 2007 йил – “Ижтимоий ҳимоя йили”, 2008 йил “Ёшлар йили”, 2009 йил – “Қишлоқ фаровонлиги ва тараққиёти йили” – деб белгиланди. Ҳар бир йил асосан, ижтимоий-сиёсий соҳадаги ислоҳот ва тадбирларни амалга оширилиши билан алоҳида аҳамиятлидир. Иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни самарали ҳал этилиши пировард натижада инсон манфаат-ҳуқуқларини таъминлашнинг моддий кафолатини яратишга олиб келади. Бугун Ўзбекистонда шахс эркинлиги, инсон ҳуқуқларининг муҳофазаси ва кафолати, эътиқод, меҳнат ва касбни эркин танлаш ҳуқуқи, таълим олиш ва ижтимоий муҳофаза кабилар қонун билан ҳимоя қилинган. Кучли ижтимоий сиёсат мамлакат ижтимоий барқарорлигининг калитидир. Чунки бу жараён давлат ва фуқаролар муносабатларининг энг асосий ричаги сифатида майдонга келади. Инсон ва давлат ўртасидаги муносабатларда инсон манфаатлари устувор бўлиши керак. Чунончи, давлатимизнинг сўнгги ўн йилликдаги кучли ижтимоий сиёсатининг ёрқин натижаси ўлароқ, мамлакатимизда мустаҳкам ижтимоий барқарорлик сақланмоқда. Бунда мамлакатимизнинг миллий ва нуфус хусусиятларини ҳисобга олинган ҳолда, жамиятнинг ҳаддан ташқари табақалашишига йўл қўймайдиган, аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламларини ҳимоя қиладиган кучли ижтимоий сиёсат юритмоқда. Хусусан, бу борада 1995 йилдаёқ Президентимиз И.А.Каримов Дания пойтахти Копенгагенда ўтган халқаро конференцияда нутқ сўзлаб, улкан ижтимоий муаммоларнинг самарали ҳал қилиниши нафақат Ўзбекистон, балки, оламшумул ижтимоий-иқтисодий муаммо эканини таъкидлаган эди. “Ижтимоий барқарорликка эришиш учун ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш биргина мамлакатнинг ичида бўлиши эҳтимолдан ҳоли бўлиб, бунга бутун минтақанинг, қолаверса, бутун жаҳоннинг эътибори қаратилиши лозим. Ижтимоий тараққиёт манфаатлари ана шундай янгича тушунишнинг негизидир” 3 . Мазкур ижтимоий муаммоларни бартараф этиш мустақилликдан кейинги йиллардаги ижтимоий ислоҳотларда, фармонлар ва дастурларда ўз ифодасини топмоқда. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, сўнгги ўн йил ичидаги ислоҳотлар ичида 2008 йилнинг “Ёшлар йили” деб эълон қилиниши ҳамда “Ёшлар йили” Давлат дастурининг қабул қилиниши ижтимоий соҳадаги алоҳида муҳим ҳодиса деб эътироф этиш мумкин. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, Ўзбекистонда миллий тотувлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Кишилик жамияти тарихида синфлар, табақалар ва давлатлар юзага келиши билан бирга мамлакатда ижтимоий-сиёсий барқарорлик уни таъминлаш масаласи ҳам вужудга келди. Шу жиҳатдан қаралганда ижтимоий-сиёсий барқарорлик масаласи ўзининг чуқур тарихий илдизига эга бўлган масалалардан биридир. Ижтимоий-сиёсий барқарорлик жамият ҳаётининг барча жабҳалари – иқтисодиёт, сиёсат, ижтимоий ҳаёт, маданий-маиший, ғоявий йўналишлари билан узвий боғлиқдир. Бу борада иқтисодиётнинг бир тузумдан иккинчи бир тузумга ўтишига ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг таъминланиши ниҳоятда муҳим омил эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Шунингдек, ижтимоий-сиёсий барқарорлик ҳар бир тарихий-этник бирликларнинг ўзларига хос бўлган муҳим томонларининг сақланиши, унинг яна ҳам такомиллашувини тақозо этади. 3 Каримов И.А. Минтақавий муаммолардан жаҳоншумул муаммоларга. // Халқ сўзи. 1995 й. 12-март Ижтимоий-сиёсий барқарорлик ҳамма ерда ўзининг миллий либосига, шаклига эга бўлиши лозим. Ўзбекистонда ҳам демократик жамият қуриш жараёнида ижтимоий-сиёсий барқарорлик, миллатлараро тотувликнинг таъминланиши ва мустаҳкамланиши, янада ривожлантирилиши ўта муҳим аҳамиятга эгадир. Шунинг учун ҳам ушбу масала мустақиллигимизнинг биринчи кунлариданоқ Ўзбекистон раҳбариятининг, хусусан, Президент И.А. Каримовнинг диққат эътиборида бўлган энг асосий вазифалардан бўлиб қолди. Қолаверса, Ўзбекистонда демократик жамият қуришнинг дастлабки йилларидан бошлаб, ҳозиргача қўлга киритилган энг асосий, энг муҳим ва энг катта ютуғимиз бу мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий барқарорлик ва миллатлараро муносабатлардаги тотувликдир. Бу ютуғимизни жаҳон ҳамжамияти жамоатчилиги, бизга дўст, ҳайрихоҳ бўлганлари ҳам, бизга нисбатан бефарқлик, ҳаттоки душманлик, кўра олмаслик муносабатида бўлганлар ҳам сўзсиз тан олишди ва олишмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий барқарорлик, миллатлараро тотувлик мустақиллик туфайли вужудга келган янги бир ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маънавий ва ғоявий муҳит ва вазиятда янги сиёсий ташкилотлар, кучлар, ижтимоий ҳаракатлар, жамоатчилик фаолиятлари ва бошқа омиллар асосида амалга оширилмоқда ва мустаҳкамланиб, ривожлантирилмоқда. Бу жараёнда Президент И.А. Каримов томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти дастури етакчи аҳамиятга эга бўлмоқда. Ушбу дастурга биноан Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг маънавий тикланишлари самарали бўлишининг асосий шарти ижтимоий-сиёсий барқарорликдир. Ўз навбатида, жамиятдаги ижтимоий- сиёсий барқарорлик бу тинчлик, ҳамжиҳатлик, осойишта ва ижодий меҳнат муҳити қатъий узил-кесил ҳамда мустаҳкам ўрнатилган муҳим шароитдир. Демак, ижтимоий-сиёсий барқарорлик бу кенг халқ оммасининг кундалик меҳнат жараёнларини қаерда ва қандайлигидан қатъий назар, кескин узилиш ва бурилишларсиз давом этишдир. Сиёсий барқарорлик давлатни бошқариш жабҳасига тааллуқли бўлиб, бу борадаги жараёнларни ҳам кескин узилишларсиз, бурилишларсиз бир маромда давом этишини ифода этувчи тушунчадир. Бунда биринчи навбатда, давлат ташкилотлари ўз вазифаларини узилишларсиз давом эттиришлари назарда тутилади. Шундай қилиб, ижтимоий-сиёсий барқарорлик тушунчаси Ўзбекистонда демократик жамият барпо этиш билан узвий боғлиқ бўлган, унинг зарур шарти ва омили ҳисобланган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаолиятларни кескин узилиш ва бурилишларсиз, аниқ дастур асосида амалга оширилаётганлиги ва бошқарилаётганлигини ифода этади. Ўзбекистон Президенти И.А. Каримов ибораси билан айтганда, халқимизнинг митингбозлик, дабдабабозликларга берилмасдан, тинч, қадам- бақадам яратувчанлик фаолияти билан бандлиги, ишчини дастгоҳ ёнида, деҳқонни далада, шифокорни шифохонада, муаллимни синфхонада, хуллас ҳар кимни ўзининг кундалик иш жойида меҳнат қилиши бу ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг моҳияти, мазмуни, ифодаси ва намоён бўлишидир. Кўп миллатли Ўзбекистон Республикасида миллатлараро тотувликнинг таъминланиши ва мустаҳкамланиши, энг биринчи навбатда, жамият аъзоларининг менталитетидан келиб чиққан ҳолда, миллий қадриятларга асосланиб амалга оширилди. Собиқ Иттифоқ идеологиясидаги миллий масала концепциясини баҳолашидан фарқли равишда, ўз халқига содиқ кишиларни “миллатчи” деб эмас, “миллатпарвар” деб эътироф этиш мақсадга мувофиқдир. Ҳар бир мамлакатда ижтимоий-сиёсий барқарорлик икки омил — ҳам ички, ҳам ташқи омиллар билан белгиланади. Барча мамлакатлар билан ўзаро тенглик, манфаатли ҳамкорлик, куч ишлатмаслик, таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлигини тан олиш, мавжуд келишмовчилик ва низоларни тинч йўл билан, музокаралар орқали ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларини ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа мезонларига асосланган Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати ва унинг натижаси ташқи омилни ифода этади. Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 17-моддасида баён қилинган. Барча фуқаролар учун муносиб турмуш шароитини яратиш, уларнинг кундалик моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш, ижтимоий ҳимоя, мамлакатда миллатлараро тинч-тотувлик, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик ўрнатиш учун олиб борилаётган фаолиятлар ички омилнинг моҳияти ва асосини ташкил этади. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистонда демократик, фуқаролик жамияти қуриш жараёнида қўлга киритилган энг катта ютуқлардан бири миллатлараро тотувликнинг қарор топишидир. Бу эса, ҳеч шак-шубҳасиз, ижтимоий барқарорлик калити бўлиб, бевосита қуйидаги омилларга таянади: 1. Давлатчиликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш. 2. Минтақада давлатлараро, миллатлараро муносабатларда тинч-тотувлик ва ҳамкорликни таъминлаш. 3. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш. 4. Амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш. 5. Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига, жаҳон иқтисодий тизимига чуқурроқ кириб боришини таъминлаш. Ўзбекистон Республикаси полиэтник, яъни кўп миллатли демократик давлатдир. Бу узоқ давом этган мураккаб тарихий жараённинг ҳосиласи бўлиб, мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг ўрнатилишида ушбу вазиятни алоҳида эътиборга олиш мақсадга мувофиқдир. Ҳозирда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қайд этиб ўтилганидек, “... барча фуқаролар, миллати ва элатидан қатъи назар, ...”(4, 8 – моддалар). Дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган диний, миллий-этник асосларда содир бўлаётган зиддиятлар ушбу муҳим омилнинг моҳиятини чуқурроқ англашни тақозо этади. Мустақиллик давридаги миллий тотувлик масалаларига холис баҳо бериладиган бўлса, шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, қуйидаги этник ва миллатлараро омиллар миллий ўзига хосликни, қулай ва бой имкониятларни белгилаб бериши билан аҳамиятлидир: 1. Таркиб топган давлат чегаралари, уларнинг дахлсизлигини тан олиш ҳар бир давлат ташқи сиёсатининг конституциявий қоидаси, суверенитетини таъминлашнинг ҳамда сиёсий ва иқтисодий мустақилликни мустаҳкамлашнинг асосий шарти бўлмоғи лозим, деб эътироф этилди. 2. Минтақадаги халқлар миллий ўзлигини англашининг ривожланиши 1991 йилдан кейин орқага қайтмайдиган прогрессив жараён тусини олди. Уларнинг кўплари миллат сифатида узил-кесил шаклланди. Бу миллатлараро муносабатлар жараёнида жуда муҳимдир. 3. Минтақада яшаётган халқларнинг жўғрофий, этномаданий ва ижтимоий-диний яқинлиги миллатлараро мулоқот ва давлатлараро ташқи сиёсий ва савдо-иқтисодий муносабатларнинг ижобий жиҳати сифатида майдонга чиқди. 4. Хусусан Ўзбекистонда “Туркистон — умумий уйимиз” ҳаракати доирасида амалга оширилаётган этник сиёсат ўзининг йўналиши ва мазмунига кўра инсонпарвар, конструктив жараёндир. Чунки у минтақада миллатлараро тотувликка эришиш мақсадини кўзлайди. Шубҳасиз, бу сиёсат Марказий Осиёдаги барча давлатларнинг асосий давлат стратегик ва миллий манфаатларига тўла-тўкис мос тушади. Зотан, “Туркистон” деганда азалдан фақат келиб чиқиши туркий бўлган халқларга эмас, балки ўлканинг ҳамма аҳолиси назарда тутилади. 5. Минтақадаги интеграция жараёнлари ҳам барча халқлар ва бутун кўп миллатли аҳолининг давлат ва миллий манфаатларини энг мақбул даражада уйғунлаштиришга асосланган ҳолда ривожланиши даркор. Ўзбекистоннинг кўп миллатли таркиби унинг маданий ўзига хослиги, қулай ва бой имкониятларини белгилаб беради. Бу имкониятлар қуйидагилардир: 1. Минтақанинг табиий-иқлим шароитлари, тарихий-маданий тажрибанинг бу ерда яшаётган кишилар ҳаётига таъсир кўрсатиши билан изоҳланади. 2. Минтақа қўшни давлатларнинг чегара ҳудудларига яқинлиги билан изоҳланади. Бу ҳол маданиятларнинг бир-бирига таъсир кўрсатишига ва кўп тиллилик вужудга келиб, аҳоли бир неча тилларни эркин билишига ёрдам беради. 3. Ижтимоий муносабатлар – оилавий, ҳудудий ва бошқа муносабатларни ташкил этишнинг тарихан таркиб топган шакллари билан изоҳланади. 4. Марказий Осиёнинг туб халқлари табиатида бошқа миллат вакилларига нисбатан кенг феълликнинг мавжудлиги билан изоҳланади. Бу соф инсоний туйғу, масалан, ўзбекларда шу қадар ривожланганки, миллий-маънавий кенгфеъллик уларнинг умумий маданияти ва руҳиятининг ажралмас қисмига айланиб кетган. Ўзбекистон давлати демократик жамият қуриш жараёнида ҳар бир миллат ва элатни, улар сон жиҳатидан қанчалигидан қатъи назар, сақлашга, эркин ва ҳуқуқларини таъминлашга маданий турмуш тарзини авайлаб асрашга катта эътибор бермоқда. Бинобарин, ҳар бир миллат ва элат бу узоқ тарих мобайнида шаклланган, ривожланган ўзига хос маданий воқеликдир. Жамиятнинг жозибадорлиги, гўзаллиги ва бойлиги ана шу маданий воқеликнинг хилма- хиллигидандир. Ҳар бир миллат ва элатнинг шаклланишида, ривожланиб боришида тарихан бошқа миллат ва элатлар билан муносабатлари, ҳамкорликлари моддий ва маънавий алоқалари жуда катта таъсир кўрсатган. Моддий ва маданий ҳамкорликларсиз ҳеч бир миллат ва элатда ривожланиш бўлмайди. Маданий ҳамкорлик учун ҳар бир халқнинг тарихий бирлиги, шакл ва тамойиллари мавжуд бўлиши даркор. Шунинг учун ҳам мустақиллик йилларида ҳар бир миллат ва элатларнинг қонун олдида ҳақиқий маънода тенглигини таъминлаш, шу билан бирга уларнинг моддий, айниқса миллий-маънавий эҳтиёжларини тўла қондириш, эркин меҳнат қилишлари, маълумот олишлари учун тенг шароитлар яратилди. Республика ҳукумати миллатлараро муносабатларни демократик асосда бошқариб боришда ҳам ҳаракат дастурларини ишлаб чиқди, хусусан, республикада яшовчи барча миллат ва элатларнинг миллий-маданий марказлари барпо этилиб, ҳозирги кунда уларнинг сони 120 атрофида. Улар фаолиятларини мувофиқлаштириш мақсадида 1993 йил 10 январда Президентимиз И.А. Каримов ташаббуси билан “Республика миллий-маданий маркази” ташкил этилди. Бу марказ ҳозирги кунда миллатлараро муносабатларни бошқаришда, миллий-маданий эҳтиёжларни қондиришда муҳим иш олиб бормоқда. Бу миллий-маданий марказлар республикамизда яшовчи ҳар бир миллат ва элат вакилларининг бой тарихий-маданий мерослар ва анъаналарини тиклаш ва ривожлантириш бошқа миллат ва элат вакиллари билан яқинлашиш, дўстликни ривожлантириш ва инсонпарварлик ғояларини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим воситалардан бири ҳисобланиб, улар асосида миллатлараро муносабатлар маданияти шаклланади. Янги шаклланган миллатлараро муносабатлар маданияти ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг муҳим омилларидан бири деб биламиз. Янги маданият ҳар бир миллат ва элат маърифати, маънавияти ва маданиятининг асосий негизи сифатида ягона давлат доирасида уйғунлашиб, улар келажагини белгилайди ва ягона давлат манфаати доирасида кўтарилади. Бу эса ижтимоий-сиёсий барқарорликни, мамлакатимизда демократик жамият қуришни таъминлашига муҳим ҳисса қўшади. Ўз навбатида, мамлакатимизда демократик жамият қуриш йўлида ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг мустаҳкам таъминланиши ва ривожланиши ҳар бир миллат ва элат, унинг ҳар бир вакилининг туб эҳтиёжларига тўла мос келади. Ўзбекистонда миллатлараро янги муносабатлар маданиятининг қарор топиши ва ривожланишида миллий-маданий марказлар фаолиятларини ташкил этиш, ундан фойдаланиш билан бирга ҳар бир миллат ва элатлар миллий турмуш тарзининг йўлга қўйилиши, миллий-маданий анъаналарнинг қайта тикланиши, бу борадаги халқ ижодини ўрганиш ва янада ривожланишини рағбатлантириш ва бошқа шу каби ишлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир миллат ва элат умуминсоний қадриятларга ҳам эга. Буларнинг ривожланиши миллий умуминсоний қадриятлар орасидаги ўзаро уйғунлик, бирлик миллатлараро тотувлик, бу йўл орқали эса, ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлайди. Мамлакатимизда миллатлараро тотувликнинг таъминланишида 1995 йил вужудга келган “Халқ бирлиги” жамоатчилик ҳаракатининг фаолияти ҳам катта аҳамиятга эга. Бу жамоатчилик ҳаракатининг асосий шиори Ўзбекистонни юртим, Ватаним деб билган, Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элат вакилларининг ватани — Ўзбекистондир. Ҳозирги вақтда миллий ва бошқа ижтимоий ҳаракатлар, шу жумладан ёшлар ҳаракати, маданий, диний ҳаракатлар қайта жонланмоқда. Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги ҳавойиликдан реал воқеликка, иқтисодий ва сиёсий вазиятни жиддий баҳолашга ўтилмоқда. Бу эса мазкур ҳаракатларни ўзлари олға сураётган қатъий ва кескин талаблар, шартларни қайта кўриб чиқишга ҳамда улардан воз кечишга, ғоявий ва ташкилий жиҳатдан ўзларини қайта тарбиялаб, кибр-ҳавога асосланган, оломонбоп, тор сиёсий манфаатларни енгишга мажбур қилмоқда. Ўзининг таркиби ва мазмуни жиҳатидан хилма-хил халқлар бирлигидан ташкил топган бизнинг жамиятимизда миллатлараро тотувликни сақлаб қолишга Ўзбекистон фуқароларининг тенг ҳуқуқлилиги билан боғлиқ ҳамма муаммоларни ҳал этадиган қонунчилик базаси ёрдам бермоқда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ташкил этади”, - деб таъкидланади. Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларига “ ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили ва динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар” тенг сайлов ҳуқуқини беради. Ўзбекистон ҳудудида яшайдиган этник озчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат концепцияси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида яққол кўзга ташланади. Унда айтилганидек, “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”. Шу муносабат билан миллий уйғониш жараёнлари фақат ўзбеклар орасидагина кечиб қолмаётганлигини таъкидлаш лозим. Ўзбекистонда яшаётган бошқа миллатлар вакиллари орасида ҳам этник-маданий асосларда жипслашиш жараёнлари фаол юз бермоқда. Ўзбекистоннинг миллий сиёсатини амалга оширган вақтда миллатлараро муносабатлар жараёнида миллий ва минтақавий хавфсизликка тўлақонли эришиш учун қуйидагиларга алоҳида эътибор берилмоқда: 1. Давлатнинг этник сиёсати шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг устувор бўлишига асосланиши лозим, шунингдек, миллий озчиликнинг ҳуқуқлари ҳам камситилмаслиги шарт. 2. Давлатнинг этник сиёсатидаги бош йўл миллатлараро зиддиятларни амалий тарзда ҳал қиладиган усулларга асосланиши лозим. 3. Жамиятимизнинг бозор муносабатларига асосланадиган иқтисодий тараққиёти кишиларни ижтимоий ҳимоялашнинг кучли механизмини таъминлаган ҳолда республика ҳудудида яшаётган барча миллатларга мансуб аҳолининг манфаатларига мосдир. Бу тараққиёт ҳар бир кишининг қобилияти ва иқтидорини рўёбга чиқариш, ҳар бир оилани ривожлантириш ва фаровонлигини ошириш учун мустаҳкам асос яратмоқда. Шундай қилиб, ҳар қандай давлатнинг полиэтниклиги этник гуруҳлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг этнослар ўртасида ўзаро табиий муносабат ўрнатилишига таянадиган босқичма-босқич амалга ошириладиган жараён мавжуд бўлишини назарда тутади. Бу ҳол, давлат ва минтақанинг хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган этник ва миллатлараро можаролар келиб чиққудек бўлса, уларнинг олдини олиш мақсадида мазкур жараёнларни мунтазам равишда ижтимоий таҳлил этиб боришни зарур қилиб қўяди. Халқимиз узоқ ва бой тарихи мобайнида ижтимоий-сиёсий қадриятларни яратишда динга таянилган. Бу ҳолат асрлар оша халқимиз менталитетига айланган. Яна шуни алоҳида таъкидламоқ жоизки, мамлакатимиз фуқароларининг исталган динга эътиқод қилишлари, виждон эркинлигини тўла таъминловчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўзининг тўлиқ ифодасини топган. Конституциямизнинг 12,13, 21, 29, 31, 57, 61-моддаларида дин диндорлар ва диний ташкилотларнинг жамиятда тутган ўрни, ҳақ-ҳуқуқларига оид вазиятлар қонун асосида қатъий белгиланган. Айниқса, Асосий Қонунннинг 31-моддасига биноан барча фуқаролар учун виждон эркинлиги тўла кафолатланади. Ҳар бир фуқаро хоҳлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашлар мажбуран сингдирилишига йўл қўйилмайди. Хулоса қилиб айтганда, республикамизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ғояси фуқароларнинг диний омилларга қараб бир-биридан ажратишга мутлақо йўл қўймайди. Аксинча, жамият аъзоларининг ҳақиқий тенглиги, ўзаро ҳамжиҳат ва ҳамкорлигига кенг йўл очиб беради. Бу эса, мамлакатда ижтимоий барқарорликнинг тўла таъминланиши ва мустаҳкамланишида муҳим омил бўлиши шубҳасиздир. Биз жадал ривожланаётган ва ўзгараётган дунёда яшаяпмиз. Халқаро миқёсдаги тинчлик ва барқарорликка янги таҳдидлар пайдо бўлмоқда, низо ва хавфларнинг хусусияти тубдан ўзгармоқда. Дунё халқаро террорчилик, радикал экстремизм, айирмачилик ва наркотрафик кўламининг тобора кенгайиб бораётгани, ядро қуроли ва оммавий қирғин қуроли тарқалиши хавфига дуч келди. Кўз ўнгимизда замонавий дунёнинг геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий, ахборот-коммуникация қиёфасида фундаментал ўзгаришлар ясайдиган чуқур жараёнлар юз бермоқда. Яна бир гап шуки, халқаро майдонда юз бераётган воқеалар ўткир низоли муаммоларни ҳал қилишнинг анъанавий, шаклларидек туюлган ёндашув услублари ҳар доим ва ҳар соҳада ҳам ўз самарасини кўрсата олмаётгани ва лўнда қилиб айтганда, такомиллаштирилиши зарурлигидан далолат бермоқда. Сўнгги йиллар воқеаларининг мантиқий давоми, бутун дунёда вазиятнинг жадал ўзгариши, шак-шубҳасиз, Марказий Осиё минтақасига жаҳон ҳамжамияти эътиборини янада кучайтиришини исботлаб ўтириш шарт эмас. Бу, биринчи навбатда, минтақанинг нафақат геостратегик ўрни, улкан табиий-иқтисодий ва минерал хомашё захираларига бойлиги, балки, Афғонистонда 20 йилдан ортиқ давом этган уруш тугаши билан пайдо бўлаётган янги имкониятлар билан боғлиқ. Қисқача айтганда, ечилмаган муаммолар ва анчагина ташвишли аломатлар мавжудлигига қарамай, воқеалар ижобий томонга бурилмоқда ва вазиятни барқарорлаштириш, минтақани узоқ муддатли, барқарор ривожлантиришга қаратилмоқда, дейишга асослар етарли. Ёшлар манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ечилган муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш, узлуксиз таълим тизимида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, реал иқтисодиётда ва мамлакат ҳаёт фаолияти соҳаларида таълим муассасалари томонидан тайёрланадиган мутахассисларга бўлган талабни таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2008 йилнинг “Ёшлар йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан: 1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат дастури 1-иловага кўра тасдиқлансин: – ёшлар манфаатларини янада тўлиқ таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда мустаҳкамлаш, амалдаги қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш; – таълим жараёнининг узлуксизлиги ва давомийлиги нуқтаи-назаридан янада такомиллаштириш, 9-синф битирувчиларининг ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларида ёшлардан муносиб равишда фойдаланиш ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлишини кафолатлайдиган, реал иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида талаб қилинаётган йўналишлар ва ихтисосликлар бўйича кадрлар тайёрлашни ташкил этиш; – ишга тушириладиган умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни қуриш ва реконструкция қилиш сифатини ошириш, уларни муҳандислик коммуникацияларига ўз вақтида ҳамда тўлиқ улаш, мебель, замонавий ўқув-лаборатория ускуналари ва техникавий таълим воситалари билан жиҳозлаш, таълим соҳасида қабул қилинган давлат умуммиллий дастурларининг сўзсиз ва сифатли бажарилиши юзасидан буюртмачи ва пудратчиларнинг масъулиятини кучайтириш; – таълим ва кадрлар тайёрлаш бутун тизими даражаси ҳамда сифатини тубдан ошириш, мактаблар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий ўқув ўқув муассасаларидаги таълим стандартлари ва ўқув дастурларини замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда танқидий таҳлил қилиш ҳамда янгидан педагог кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил қилишни такомиллаштириш; – ёш авлодни ҳаётга қатъий эътиқод ва қарашлар руҳида, миллий менталитетимизга ёт бўлган зарарли таъсир ва турли оқимларга қарши тура оладиган миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш; – олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей битирувчиларининг, шунингдек муддатли ҳарбий хизматни тугатган ёшларнинг, айниқса кичик шаҳар ва қишлоқларда ишга жойлашиши билан боғлиқ масалалар бутун комплексини ҳал этиш; – мусиқа, рассомлик, санъат ва маданият соҳаларида болаларнинг ижодий таланти ва қобилиятларини барвақт аниқлаш ҳамда ривожлантириш учун шарт- шароитлар яратиш, мазкур масалалар билан шуғулланувчи жамоат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда шахсларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора- тадбирларини амалга ошириш; – ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, ОИТС, гиёҳвандлик, кашандалик ва бошқа зарарли одатларга қарши кураш бўйича профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишларини ташкил этиш, ёшлар спортини оммавий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш; – ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший турмуш шароитларини яратиш, уй- жойларини ободонлаштириш учун зарур маблағ ва кредитлар ажратиш, маънавий бой ва жисмонан соғлом болаларни тарбиялаш чора-тадбирларининг самарали тизимини амалга ошириш. 2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 14 декабрдаги Ф- 2892-сон Фармойишига мувофиқ ташкил этилган республика комиссияси зиммасига “Ёшлар йили” Давлат дастури бажарилишини ташкил этиш ва мониторингини олиб бориш вазифаси юклатилсин. Республика комиссияси аъзоларидан 2-иловага мувофиқ таркибда “Ёшлар йили” Давлат дастурининг асосий бўлимларини амалга ошириш Кенгаши тузилсин. 3. “Ёшлар йили” Давлат дастурини амалга ошириш республика комиссияси ва Кенгаши (Ш.М. Мирзиёев): – вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, жамоат ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар бир вазирлик ва идора, минтақа, шаҳар, туман ва аҳоли пункти бўйича икки ҳафта муддатда “Ёшлар йили” ҳудудий ва тармоқ дастурлари ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши таъминлансин; – ушбу дастурнинг бўлимлари ва бандларини тўлиқ бажариш бўйича ишларнинг давлат бошқаруви республика ҳамда ҳудудий органлари, жамоат ва ноҳукумат ташкилотлари даражасида мувофиқлаштирилишини ташкил этсин, Дастурга киритилган тадбирларнинг бажарилиши устидан тизимли назорат ўрнатилсин; Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига йилнинг ҳар чораги якунлари бўйича “Ёшлар йили” Давлат дастурида тасдиқланган тадбирларнинг бажарилиши тўғрисида ахборот тақдим этиб турсин. 4. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туманлар (шаҳарлар)да Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ва тегишли ҳудудлар ҳокимлари бошчилигида, уларнинг зиммасига Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юкланган ҳолда, Дастурни амалга ошириш бўйича тегишли комиссиялар ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин. 5. Ўзбекистон Матбуот ва Ахборот агентлиги, Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, оммавий ахборот воситалари “Ёшлар йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари кенг кўламда тушунтирилиши, унинг амалга оширилиши, ёшлар ҳуқуқлари манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда реал иқтисодиёт тармоқларида талаб этилаётган аниқ касб-ҳунарни эгаллаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг жамиятда муносиб ўринни эгаллаб, республикани ривожлантиришда ҳал қилувчи куч бўлиб қоладиган, ўз мамлакатининг тўла ҳуқуқли фуқаролари сифатида камол топтириш бўйича чора- тадбирларни амалга оширишда республика ва маҳаллий бошқарув органлари, жамоат ҳамда ноҳукумат тузилмаларининг аниқ ҳиссаси мунтазам ёритиб борилишини таъминласин. Ҳозирги шароитда Ўзбекистоннинг янги давлатчилигини мустаҳкамлаш учун жамиятнинг сиёсий институтлари тизимида давлат ролини янада аниқроқ белгилаш керак. Бу, энг аввало миллий хавфсизлик асосларини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг барқарорлиги, қатъий сиёсий ва иқтисодий тараққиётини сақлаб қолиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикасининг ҳаётий муҳим манфаатлари, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ташқи ва ички таҳдидлардан кафолатланган тарзда ҳимояланганлигини билдирадиган миллий хавфсизлик – комплекс тадбирлар тизимидир. Унда кучли давлат билан бир қаторда, фуқароларнинг ўзини–ўзи бошқариш органлари амалга ошираётган фаол ишлар, шунингдек, турли нодавлат тузилмаларининг кенг тармоғи миллий хавфсизликни таъминлашнинг зарур ва муҳим таркибий қисмларига айланиб бормоқда. Мамлакатимизнинг жанубий чегаралари яқинидаги қуролли можароларнинг ўчоқлари ҳарбий хавфнинг потенциал манбаларидир. Бу вазият давлатимизнинг мудофаа қобилияти, яъни рўй бериши мумкин бўлган тажовуздан ҳимояланишга тайёрлик даражасини фақат бизнинг мамлакатимиз учун эмас, балки бутун минтақа учун ҳам миллий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг энг муҳим шарти даражасига кўтармоқда. Маълумки, давлатнинг мудофаа қобилияти унинг сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, илмий ва маънавий имкониятларидан таркиб топади. Бу соҳада биз юритадиган сиёсатнинг асослари Олий Мажлис томонидан жамиятимизнинг ҳамма қатламлари кенг ва ҳар томонлама муҳокамасидан сўнг қабул қилинган ҳарбий доктринада мустаҳкамлаб қўйилган. Халқимиз унинг мудофаа хусусиятини ҳамда унга асос бўлган қоидаларни маъқуллади. Бу, энг аввало, куч ишлатишдан ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилишдан воз кечиш, мудофаа қобилиятини оқилона даражада сақлаб туриш, халқаро ҳуқуқ қоидалари ва меъёрларига оғишмай риоя этиш мажбуриятларини қабул қилиш, халқаро битимлар бўйича ўз зиммамизга олган мажбуриятларни бажариш ва шу кабилардир. Давлат мудофаа қобилиятининг энг муҳим қисми унинг Қуролли Кучларидир. Уларнинг жанговар қудрати ҳамда босқинчини қуролли можаролар ва уруш бошлаб юборишдан тийиб туриш вазифаларини бажаришга тайёрлик даражасидан ҳамда мамлакат ҳудудига босқинчилик қилинган тақдирда оддий қурол-яроғларнинг ҳар хил турларидан фойдаланган ҳолда босқинчини тор-мор қилишдан иборатдир. Ҳарбий қурилиш соҳасидаги мақсад профессионал армияни, ўз таркибида яхши тайёрланган ва таълим олган, ўз халқига, она заминига садоқатли бўлган, ўз Ватанининг шаъни ва қадр-қимматини охиригача ҳимоя қила оладиган жангчиларга эга бўлган армияни босқичма-босқич вужудга келтиришдан иборат бўлиши лозим. Мақсад миқдор жиҳатдан унча катта бўлмаган, лекин яхши шайланган, замонавий қуроллар ва ҳарбий техника билан бекаму кўст қуролланган, Ўзбекистоннинг хавфсизлигини мустақил равишда ва пухта таъминлашга қодир бўлган Қуролли Кучларни шакллантиришдир. Бизнинг Қуролли Кучларимиз ҳар қандай вазиятда ҳаракат қилишга тайёр туриши, мамлакатнинг географик-стратегик мавқеи ва ҳудудининг географик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда эҳтимол тутилган босқинчига қуруқликда ва ҳавода муносиб зарба бера олиш учун жанговар салоҳиятга эга бўлмоғи зарур. Қуролли Кучларнинг ҳарбий қудрати, жанговар қобилияти кўплаб омиллардан таркиб топади. Биринчиси, шахсий таркибнинг миқдори ва сифати. Бу сифат унинг профессионал даражаси, ахлоқий-руҳий қатъияти, жисмоний тайёргарлиги ва интизоми билан белгиланади. Кўриниб турибдики, Қуролли Кучларимизнинг таркиби, тузилиш ва миқдори, бир томондан, минтақадаги ҳақиқий ҳарбий-сиёсий вазиятга, эҳтимолий ташқи ҳарбий таҳдидларга мувофиқ бўлмоғи лозим. Иккинчи томондан эса, давлатимизнинг реал имкониятлари ва ресурсларига мос бўлиши керак. Шахсий таркибнинг талабга жавоб берадиган сифат даражасини таъминлашда унинг профессионал тайёргарлиги, ўқув-моддий базанинг ҳолати ғоят муҳим аҳамиятга эга. Бунда ёшларга ҳарбий таълим берувчи бутун тизимнинг роли ҳам беқиёсдир. У жамиятимизнинг жисмонан ва маънан бақувват аъзолари, жаҳон тараққиёти ютуқларини, халқимизнинг маданий ва маънавий қадриятларини ўзлаштириб олган Ватан фидойиларини тайёрлаши керак. Бу йўналишда анча иш қилинди. Хусусан, хилма-хил қўшин турлари учун зобит кадрлар тайёрлаш тизими барпо этилди. Бизда тўртта ҳарбий билим юрти, шу жумладан учувчилар тайёрлайдиган ҳарбий билим юрти, шунингдек, 1994 йилда очилган, алоқа мутахассисларини тайёрлайдиган ҳарбий факультет ҳам мавжуд. 1995 йилда ташкил этилган Қуролли Кучлар Академияси офицер кадрларга олий ҳарбий таълим бера бошлади. Давр биздан ўқув-тарбия жараёнини, миллий кадрлар тайёрлашни ташкил этишни такомиллаштиришга жиддий эътибор беришни талаб этмоқда. Бу жараён замонавий талабларга жавоб бериши, ҳарбий фаннинг энг сўнгги ютуқлари, жанговар ҳаракатларни олиб бориш тажрибаси, шу жумладан чет эл тажрибасини ҳам ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак. Бунда Марказий Осиё минтақасининг хусусиятларини назарда тутиш, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Бобур сингари буюк аждодларимизнинг саркардалик қобилиятларини, ҳарбий санъатлари ва стратегик тафаккурларини ўрганиш, улардан сабоқ олиш зарур. Иккинчиси, Қуролли Кучлар ҳарбий қудратининг энг муҳим қисми бўлган қурол-яроғлар ва ҳарбий техниканинг миқдори ва сифати масаласидир. Давлат Қуролли Кучларни жанговар техника ва қурол-яроғларнинг энг сўнгги намуналари билан қуроллантириш чораларини кўрмоқда. Зотан, Қуролли Кучларни қурол-яроғ ва жанговар техника билан таъминлаш ва улар сифатини душмандан устунлигини таъминлашга эришадиган даражада тутиб туриш ҳар қандай давлат учун ҳам жуда мураккаб муаммодир. Учинчиси, ҳарбий инфратузилма бўлиб, Қуролли Кучлардан жанговар ҳолатда фойдаланишда унинг роли беқиёсдир. Қуролли Кучларни барпо этиш йилларида бошқарув ва алоқа тизими, ҳарбий, ички ва техник таъминот, хилма-хил қўшин турларини жойлаштириш тизими умуман шаклланди. Ҳудудни тезкор жиҳозлаш такомиллаштирилмоқда. У қўшинларнинг бугунги тузилиши, миқдори ва жойлашувига мосдир. Қуролли Кучларни такомиллаштиришнинг навбатдаги вазифалари бу борадаги ҳаракатлар кўламини кенгайтириб боришни талаб этади. Аниқки, улар ўзаро мутаносиб бўлиши, бир-бирига муносиб жанговар ва ички қисмлардан ташкил топиши лозим. Ҳарбий инфратузилма қўшинларнинг жойини тезлик билан ўзгартиришини таъминлаши шарт. Биз Қуролли Кучларни самарали барпо этиш ва бошқариш учун стратегик ва оператив жиҳатдан олдиндан кўра олиш имкониятини таъминламоғимиз зарур. Тўртинчиси, саноатни тез қайта қуриш ва сафарбарлик режаси топшириқларининг бажарилишини таъминлаш учун замин ҳозирлаш; сафарбарлик ресурсини қабул қилиш ва шароитга мослаштириш; белгилаб қўйилган энг қисқа муддатда ҳарбий жиҳатдан уйғунлашувни тугаллаш; кенг кўламдаги босқинчилик юз берган тақдирда жанговар вазифани бажаришга тайёр бўлишни таъминлаш. Булар мамлакатнинг мудофаа қобилияти учун ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Давлат иқтисодиёти, саноат имкониятлари, унинг сафарбарлик тайёргарлиги мамлакат мудофаа қобилияти ҳолатига таъсир кўрсатиши шубҳасиздир. Зеро, иқтисодий имконият Ватанимиз мудофаа қобилиятининг асосидир. Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятини, ҳарбий хавфсизлигини мустаҳкамлашда ташқи иқтисодий ва сиёсий соҳаларнинг ҳам роли муҳимдир. Ҳозирги шароитда хавфсизликка фақат коллектив ҳолда эришиш мумкин. У бу соҳада ҳамфикр давлатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан, уларнинг имкониятларини бирлаштириш билан таъминланади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси БМТ, ЕХҲТ байроғи остида тинчликни қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга оширилаётган ҳар қандай тадбирларда иштирок этишга тайёр. У минтақада коллектив хавфсизликни вужудга келтиришнинг ташаббускорларидан биридир. Тошкентда 1992 йил май ойида МДҲ давлатлари ўртасида ана шундай дастлабки шартномалардан бири имзоланди. Қўшилмаслик ҳаракатининг аъзоси бўлган Ўзбекистон бирон-бир ҳарбий- сиёсий блокда қатнашишни номақбул, деб ҳисоблайди. Буни миллий хавфсизликнинг, минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлашнинг кафолати, деб билади. Шунингдек, МДҲ ҳудудида ҳарбий-сиёсий блокни шакллантириш дунёни эски, бошдан кечирилган “совуқ уруш” даврларига қайтаришини назарда тутиб, бундай блокни бузишга қарши чиқади. Биз Ўзбекистоннинг миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва ташқи таҳдидга қаршилик кўрсатиш борасидаги муносабатларни бевосита манфаатдор бўлган давлатлар билан шартнома асосида ташкил этиш ниятидамиз. Бунда умумий хавфсизлик ва минтақада барқарорликни сақлаб қолиш тамойилига амал қиламиз. Яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиманки, бундай ҳарбий-сиёсий шартномаларни тузиш мамлакатимизнинг тўла суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳамда унинг мавжуд чегаралари даҳлсизлигини таъминлаши керак. 1994 йил июль ойида Ўзбекистон НАТОнинг “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” Дастурига қўшилди. Бу дастур коллектив хавфсизлик ва барқарорликнинг кенг тизимини, Марказий Осиё минтақасида ҳам вужудга келтиришга қаратилгандир. НАТО билан ҳамкорлик қилиш ҳарбий-сиёсий воқеалардан хабардор бўлиб туриш бу уюшма доирасида амалга оширилаётган тадқиқотлар ва ишланмалардан фойдаланиш имконини беради. НАТОга аъзо мамлакатларнинг турли тадбирларида, шунингдек ҳарбий бўлинмаларнинг биргаликдаги машқларида қатнашиши мумкин бўлади. Буларнинг ҳаммаси ҳарбий қисмларимизнинг жанговар тайёргарлигини кўтаришга, илғор жанговар тажрибани ўрганиш, яъни пировардида мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини юксалтиришга ёрдам беради. Шу билан бирга давлатимизнинг жаҳондаги иқтисодий жиҳатдан ривожланган демократик мамлакатлар билан сиёсий, иқтисодий, гуманитар соҳалардаги алоқаларини мустаҳкамлашга шароит туғдиради. Ўзбекистон чет мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзининг икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлигини кенг ривожлантирар экан, афтидан, улар билан ҳарбий-сиёсий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ҳам фаоллаштириш зарур бўлади. Хавфсизлик тизимини шакллантириш ҳақида гапирганда, биз мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш муаммоларини самарали ҳал қилиш, биринчидан, бир идора доирасида амалга оширилиши мумкин эмаслигини, ҳарбий инфратузилмасини, саноатнинг мудофаа тармоқларини ривожлантиришга алоқаси бўлган бошқа ташкилотлар ва институтларни ташқи сиёсатни амалга оширишга жалб этишни ҳамда бу идораларнинг фаолиятини ўзаро аниқ уйғунлаштиришни талаб қилишини назарда тутамиз. Иккинчидан, мудофаа қобилиятини таъминлашнинг айрим жиҳатларини ривожлантиришга қаратилган мустақил идоравий режалар ва дастурларни ишлаб чиқишдан воз кечиш ҳамда ягона комплекс режа ишлаб чиқишга ўтишни, мамлакатнинг ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаа қобилияти таъминланишини тақозо этади. Бу эса ресурслар ва маблағлар чекланган бир шароитда, улардан самарали фойдаланиш ҳамда мудофаа қобилияти талаб даражасида бўлишини таъминлаш имконини беради. Вазирликлар ва идораларнинг мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришда, уни таъминлашга қаратилган ягона комплекс режа ишлаб чиқиш ва амалга оширишда Миллий хавфсизлик кенгаши муҳим роль ўйнамоқда. Учинчидан, ички ва ташқи шароитлар, масалан, аҳолининг демографик тузилиши, қурол-яроғларнинг техникавий даражаси ва бошқалар ўзгариб туради. Шу туфайли мамлакатимиз мудофаа қобилиятининг ҳолатини ва уни ривожлантириш истиқболларини, бошқа давлатларнинг бу соҳадаги тажрибаси ва амалиётини мунтазам ўрганиб боришга ҳар доим эътибор бериш талаб қилинади. Бу муҳим қоидаларни тушуниш ҳамда бизнинг давлат ва мудофаа қурилишимизнинг муайян шароитларида уларни рўёбга чиқариш, шунингдек муайян ижрочиларнинг бу соҳа учун жавобгарлигини мустақил ошириб бориш – Ўзбекистоннинг барқарор ва қатъият билан ривожланиб боришини таъминлаб берадиган шартлар ана шулардан иборатдир. Бугунги кунда бутун инсониятнинг тақдири, ижтимоий тараққиёт истиқболлари халқаро алоқаларга боғлиқ бўлиб қолди. Халқаро майдондаги ҳар бир сиёсий танглик, можаро барча мамлакатлар ва халқлар манфаатларига даҳлдор бўлиб қолди. Ҳатто, айрим олинган мамлакат ичкарисидаги низоли жараёнларни, урушларни бартараф этиш ҳам жаҳон ҳамжамиятининг вазифасига айланди. Давримизнинг муҳим хусусияти аҳоли талаб-эҳтиёжларининг ғоят даражада ўсиб бораётганлиги билан белгиланади. Алоҳида олинган бир мамлакат ресурслари билан унинг аҳолиси талаб ва эҳтиёжларини қондириб бўлмайди. Ҳатто, ривожланган мамлакат учун ҳам бошқа мамлакатлар билан иқтисодий, маданий ҳамда илмий-текникавий ҳамкорлик қилиш объектив зарурат бўлиб қолди. Ҳозирги дунёда бирон-бир мамлакат, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳам, бошқалардан ажралган ҳудуд эмас. Шу боис барча мамлакатлар, халқлар бир-бири билан боғланган, ўзаро алоқададир. Бу эса, бевосита ташқи сиёсатнинг тинчлик, барқарорлик ва ҳамкорлик тамойилларига қай даражада асослангани билан боғлиқдир. Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига мос келадиган пухта ташқи сиёсий йўлни белгилаш, жаҳон ҳамжамиятига қўшилиш, ҳозирги мамлакатлар билан сиёсий, дипломатик, иқтисодий, илмий-техникавий, маданий алоқалар ўрнатиш масалалари долзарб вазифа сифатида кўндаланг бўлиб турар эди. Бу осонгина ечиладиган вазифалар эмас эди, албатта. Масаланинг мураккаблиги шундан иборат эдики, собиқ Иттифоқ даврида ташқи сиёсат юритиш, ташқи дунё билан алоқа қилиш, ташқи савдони ташкил этиш Москва, марказий ҳокимият томонидан олиб борилар эди. Республикалар эса, жумладан Ўзбекистон ҳам ташқи дунёдан ажралган, тўғридан- тўғри алоқа қилолмайдиган ёпиқ мамлакат эди. Шу боис, давлатнинг ташқи сиёсат юритиш тажрибасига ҳам, жаҳон дипломатиясини, ташқи иқтисодий фаолиятини биладиган кадрларга ҳам эга эмас эди. Республикада бундай кадрларни тайёрловчи бирорта ҳам ўқув юрти йўқ эди. Вазият зудлик билан ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий алоқаларни шакллантиришни талаб қилмоқда эди. Президент И.А. Каримовнинг “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” ва бошқа асарларида мустақил ташқи сиёсат юритиш қоидалари назарий ва амалий жиҳатдан пухта асослаб берилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 17-моддасида ташқи сиёсат қоидалари қонунлаштирилди ва жаҳондаги кўплаб мамлакатлар билан ҳамкорлик жараёнлари ортга кайтмасликнинг ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистонни халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида белгилайдиган, республиканинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий алоқаларини тартибга соладиган қонунлар қабул қилинди. “Ўзбекистон республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг асосий прициплари тўғрисида”, “Чет эл инвестициялари ва хорижий инвесторлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда норматив ҳужжатлар ана шулар жумласидандир. Булар фаол ва кенг кўламли ҳамкорлик учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолат яратиб берди. Ташқи алоқаларни таъминлайдиган вазирлик ва муассасалар ташкил этилди. Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, ихтисослаштирилган ташқи савдо фирмалари шулар жумласидандир. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси ва бошқа университетларда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолият соҳаси учун мутахассис кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ташқи сиёсатга тинчлик, барқарорлик, ҳамкорлик йўли асос қилиб олинди. Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат: - мафкуравий қарашлардан қатъий назар, ҳамкорлик учун очиқлик, умуминсоний қадриятларга, тинчлик ва хавфсизликни сақлашга содиқлик; - давлатларнинг суверен тенглиги ва чегаралар дахлсизлигини ҳурмат қилиш; - бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик; - низоларни тинч йўл билан ҳал этиш; - куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмаслик; - инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш; - ички миллий қонунлар ва ҳуқуқий нормалардан халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари ва нормаларининг устуворлиги; - давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиш, ҳамдўстликларга кириш ёки улардан ажралиб чиқиш; - тажовузкор ҳарбий блоклар ва уюшмаларга кирмаслик; - давлатлараро алоқаларда тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик, давлат миллий манфаатларининг устунлиги; - ташқи алоқаларни ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама келишувлар асосида ривожлантириш, бир давлат билан яқинлашиш ҳисобига бошқасидан узоқлашмаслик. Мамлакатимизнинг жаҳон халқлари тинчлиги ва хавфсизлигига мос бўлган тинчликсевар ташқи сиёсати унинг жаҳонда мустақил давлат сифатида тан олинишини таъминлади. Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини дунёнинг кўпгина нуфузли давлатлари тан олди, уларнинг 120 дан ортиғи билан дипломатик, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий алоқалар ўрнатилди. Тошкентда 43 мамлакатнинг элчихонаси очилди. Булар жумласига АҚШ, Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва бошқаларни киритиш мумкин. Шунингдек, Ўзбекистонда 88 хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг, 24 ҳукуматлараро ва 13 ноҳукумат ташкилотлар ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Дунёдаги 30дан ортиқ давлатда – АҚШ, Туркия, Германия, Хитой, Покистон ва бошқаларда Ўзбекистоннинг элчихоналари ва консулликлари ишлаб турибди. Айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви натижасида мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида муносиб ўринга, мустақил овозга эга бўлди. Маълумки, 1991 йилнинг 21 декабрида Белоруссиянинг пойтахти Минскда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкил топди. 1993 йил январда эса, Минскда МДҲ давлатлари бошлиқларининг навбатдаги кенгаши бўлиб ўтди. Унда МДҲнинг Низоми имзоланди ва МДҲнинг ҳуқуқий расмийлаштириш жараёни якунланди. 1991-1999 йилларда МДҲ давлат бошлиқларининг 25 га яқин кенгаши бўлиб, уларда ҳаммаси бўлиб иқтисодий, ижтимоий, ҳарбий-сиёсий, ташкилий ва умумий соҳаларга оид 1300 га яқин масалалар муҳокама этилиб, тегишли ҳужжатлар имзоланди. Ҳамдўстлик мамлакатларининг иқтисодий ва маданий алоқалари катта машаққатлар ва секинлик билан мустаҳкамланиб борди. Қабул қилинган ҳужжатларнинг аксариятининг амалий ижроси у қадар ижобий бўлмади. Бунга сабаб, томонларнинг муаммоларни ечишни истамаётганликлари эмас, аксинча, ўзаро ҳамкорлик тенг ҳуқуқли асосда, ҳар бир мамлакатнинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда юритилишига интилаётганлиги билан боғлиқ эди. Ўтган йиллар давомида эришилган аҳдлашувларни амалга оширишнинг самарали механизми яратилмади, ўзаро ҳисоб-китоблар мувофиқлаштирилмади. 2001 йил 29-30 декабр кунлари Москвада МДҲ ташкил этилган куннинг 10 йиллигига бағишланган юбилей Саммити бўлиб ўтди. Саммит қатнашчилари Афғонистондаги воқеалар тўғрисида баёнот қабул қилдилар. Баёнотда аксилтеррор операцияси ижобий баҳоланди. МДҲнинг 17 йиллик тарихи гувоҳлик берадики, Ҳамдўстликнинг ташкил этилиши фойдали бўлди. Чунки, собиқ Иттифоқ парчалангач, юзага келган давлатларнинг бир-бирига боғланган иқтисодиётини тўлдириб туриш зарур эди. МДҲ ана шундай тўлдирувчилик ролини бажарди, парчаланиш жараёнида низо, жанжал чиқишига йўл қўймади. Шунинг учун, айтиш мумкинки, Ҳамдўстлик 10 йил олдин қандай керакли ташкилот бўлган бўлса, бугунги кунда ҳам шундай кераклидир. Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатида ҳамдўстлик мамлакатлари билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш алоҳида ўрин тутади. Икки томонлама ҳамкорлик деганда, икки давлат ўртасидаги, яъни, Ўзбекистоннинг бошқа бир мамлакат билан давлатлараро алоқаларни йўлга қўйиш ва чуқурлаштириш жараёни тушунилади. Ўзбекистон Россия Федерацияси билан давлатлараро муносабатлар ўрнатиш ва ривожлантиришга алоҳида аҳамият бериб келмоқда. 1992 йил, 30 майда Президент И.А. Каримов бошлиқ Ўзбекистон делегациясининг Россияга давлат ташрифи пайтида Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида давлатлараро муносабатларнинг асослари, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди. Шартнома икки давлат ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга ҳуқуқий асос солди. Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилди, элчихоналар очилди. Россия Федерацияси Президенти Б. Елциннинг 1993 йил март ойида Ўзбекистонга ташрифи пайтида икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш чораларини кўришга аҳдлашилди. 1993 йил 19 мартда Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида маданият, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, ахборот, спорт ва туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида битимлар имзоланди. В. Путиннинг Россия Президенти этиб сайланиши Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарди. В. Путин қисқа муддатда Ўзбекистонга икки марта — 1999 йил 10-11-декабрда ва 2000 йил 18-19 май кунларида давлат ташрифи билан келди. Ташриф давомида икки давлат президентлари ва расмий делегациялари ўртасида савдо иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик, хавфсизлик, жумладан Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, халқаро терроризмга қарши биргаликда курашиш ва бошқа масалалар муҳокама этилди. Декабрдаги учрашувда “Ўзбекистон билан Россия ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, тўғрисида шартнома” имзоланган бўлса, май ойидаги музокаралар ниҳоясида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида “Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий тузилмалари Россия Федерацияси субъектлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида битим”, “Халқаро автомобиль қатнови тўғрисида битим” имзоланди. Шундай қилиб, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар янгича мазмун касб этмоқда. Икки мамлакат ўртасида турли мақсадларга йўналтирилган 150 та ҳужжатлар имзоланган. Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2000 йилда 1 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда 520 та Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси, шунингдек Россия Федерацияси фирма ва компаниялари рўйхатга олинган Россияда эса Ўзбекистон сармояси иштирокида тузилган 250га яқин қўшма корхона мавжуд. Ўзбекистон Россиядан машиналар ва жиҳозлар, кимё маҳсулотлари ва пластмасса, қора металл ва бошқа товарлар сотиб олиб, Россияга турли машина ва жиҳозлар, пахта толаси, озиқ-овқат молларини экспорт қилади. Ўзбекистон Президенти И.А. Каримовнинг 2001 йил 3-5 май кунлари, 2004 йил апрел ойида Россияга ташрифи ва Россия Федерацияси Президенти В. Путиннинг 2004 йил июн ойида Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янги поғонага кўтарди. 2004 йил 16 июнда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисида битим имзоланди. Шу йилнинг 14 ноябрида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида шартнома ҳужжатлари ўзаро хавфсизликни таъминлаш, глобал таҳдидларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси билан “Лукойл” нефть компанияси ОАЖ ҳамда “Газпром” ОАЖ ўртасида маҳсулот тақдимот тақсимотига оид битим имзоланди. Бу ҳужжат Россия томонидан Ўзбекистон ёқилғи энергетикаси соҳасига қарийб 2,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишни назарда тутади. Икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 2004 йилда 1 млрд. 642 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистон-Россия ўртасидаги муносабатлар том маънодаги тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик, бир-бирининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ҳурмат қилиш тамойиллари асосида чуқурлашиб бормоқда. Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида давлатлараро алоқалар мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ йўлга қўйилди. 1992 йил 15-16 феврал кунлари АҚШ давлат котиби Жеймс Бейкер Ўзбекистонга расмий ташриф буюрди ва икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилди. 1992 йил 16 март куни Тошкентда биринчи бўлиб АҚШ элчихонаси очилди. 1993 йил 14 сентябрда АҚШ давлат департаментининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Строб Талбот Ўзбекистонда бўлди ва мамлакатимиз президенти билан икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари тўғрисида суҳбатлашди. 1995 йил 6 апрелда АҚШ мудофаа вазири Уильям Перьси Ўзбекистонга келди. Ўзбекистоннинг НАТО “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастурида иштироки муҳокама қилинди. АҚШ армияси ўқув-машғулот марказида тинчликни таъминлаш мақсадида ўтказилган ҳарбий машқларда Ўзбекистон Қуролли Кучлари взводи иштирок этди. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида сармояларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида, икки ёқлама солиқ олмаслик тўғрисида шартномалар тузилган. Тошкент-Нью Йорк ўртасида бевосита ҳаво йўли очилди. Ўзбекистонда 1996 йил бошларигача америкалик сармоядорлар иштирокида 200 та ўзбек-америка қўшма корхона ташкил топди ва фаолият кўрсата бошлади. Булар орасида Навоий вилояти Зарафшон водийсидаги Мурунтовда АҚШнинг Ньюмонт Майнинг корпорацияси билан ҳамкорликда тоғ жинсларидан олтин ва кумуш ажратиб олувчи “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонаси бор. Бу корхонада 2002 йилгача 83 тонна олтин тайёрланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг 1996 йил 23-28 июн кунларида АҚШда бўлиши Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни янги поғонага кўтарди. И.А. Каримов АҚШ Президенти Билл Клинтон билан учрашди. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш, томонлар манфаатига дахлдор бўлган сиёсий, иқтисодий ҳавфсизлик масалалари муҳокама этилди. Икки мамлакат Президентларининг учрашуви, ушбу мамлакатлар ўртасидаги муносабатларга сиёсий замин ҳозирлади. 1996 йил 25 июн куни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси очилди. 2001 йилда Ўзбекистонда АҚШ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар сони 70 дан ортди. АҚШ сармояси иштирокида республикамизда барпо этилган 305 та қўшма корхона саноат, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, газ-кимё, нефть, олтин қазиб олиш, транспорт, коммуникация ва таълим соҳаларида самарали фаолият кўрсатмоқда. “Зарафшон-Ньюмонт”, “Ўзтексако”, “Ўзкейсмаш”, “Ўзкейстрактор”, “Ўзэксайд”, “Биэйай”нинг Хўжаобод газ омбори қурилиши, “АББ Луммус Глобал” билан ҳамкорликдаги Шўртан газ-кимё мажмуаси шулар жумласидандир. Ўзбекистоннинг АҚШ билан савдо айланмаси 300 млн. АҚШ долларидан ошди. 2001 йил 11 сентябр куни халқаро террористлар АҚШда содир этган фожиали воқеалар пайтида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб АҚШ ҳукуматининг Халқаро терроризмга қарши аксилтеррор коалиция тузиш ҳақидаги таклифи тарафдори бўлиб чиқди. 2002 йил 11-14 март кунлари Ўзбекистон Президенти И.А. Каримов бошчилигидаги давлат делегацияси Президенти Ж. Буш таклифига биноан расмий давлат ташрифи билан АҚШда бўлди. АҚШ Президенти Ж. Буш ва мартабали ҳукумат вакиллари И.А. Каримовни Оқ уйда обрў-эътиборли меҳмон сифатида кутиб олди. Томонлар халқаро аҳвол, Марказий Осиёдаги жараёнлар, халқаро терроризмга қарши кураш, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий, иқтисодий ҳамкорлик масалаларида фикр алмашдилар. Ташриф якунида “Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ўзаро шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисида декларация”, илмий- техникавий тадқиқотлар, ядровий материаллар ва технологиялар тарқалишининг олдини олишда ҳамкорлик, молия, қишлоқ хўжалигига оид қатор ҳужжатлар имзоланди. АҚШни синовли дамларда қўллаб-қувватлагани учун Президентимиз И.А. Каримов Америка Қўшма Штатлари жамоатчилиги томонидан “Халқаро миқёсдаги лидер” мукофоти билан тақдирланди. Бу мукофот Америка Қўшма Штатлари халқини Ўзбекистон халқига бўлган ҳурмат-эътиборининг тимсолидир. Ўзбекистон Республикасининг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувида Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш ва чуқурлаштириш алоҳида ўрин тутади. 1996 йил 21 июнда Флоренция шаҳрида имзоланган Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги “Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим”, унинг 1999 йил 1 июлда кучга кириши мамлакатимизнинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро муносабатларнинг ҳуқуқий негизига айланди. Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан сиёсий, иқтисодий, техник-илмий ва маданий-гуманитар алоқалари йилдан йилга ривожланиб, чуқурлашиб бормоқда. Республикамизда Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг 145 фирма ва компанияси ваколатхоналари аккредитация қилинди. Европалик сармоядорлар иштирокида ташкил этилган 491 та корхона ишлаяпти, улардан 111 таси юз фоизлик Европа капиталига эга. 1995-2002 йилларда Европа Иттифоқи мамлакатларининг фирма ва компаниялари республикамизда умумий қиймати қарийб 8 млрд. АҚШ долларига тенг йирик сармоявий лойиҳаларни амалга оширишда қатнашди. 2002 йилда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан маҳсулот айирбошлаш ҳажми 1 млрд. 65,8 млн. АҚШ долларини, 2003 йил январ ва октябр ойлари якунлари бўйича эса 910 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқининг аъзоси, улкан иқтисодий ва илмий- техникавий салоҳиятга эга бўлган Германия билан ўзаро манфаатли алоқалари кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон Президенти И.А. Каримовнинг Германияга 1993 йил 28 апрел куни бошланган ва беш кун давом этган расмий ташрифи Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги умуммуносабатларни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. И.А. Каримов ГФР федерал Президенти Рихард фон Вайзенкер ва Федерал канцлер Гелмут Кол билан самимий, ўзаро тенглик асосида, ишонч ва қатъият билан суҳбатлашди. Икки давлат ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисида, сармоялар қўйишни амалга ошириш ва ўзаро ҳимоя қилишга кўмаклашиш тўғрисида битимлар имзоланди. “Deutche Bank”, “Mercedes-Benz” ва “Siemens” компанияларининг раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Улар билан ҳамкорлик қилиш ҳақида келишиб олинди. Сафар натижаларига кўра, Ўзбекистон-Германия ҳамкорлиги масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссия тузилди. Тошкентда икки томонлама савдо-иқтисодий палата ташкил этилди. ГФР нинг элчихонаси очилди. 1994 йил 1 сентябрда ГФР пойтахти Боннда Ўзбекистон Республикасининг Европада биринчи элчихонаси очилди. Ҳозирги пайтда элчихона Германиянинг янги пойтахти Берлин шаҳрида фаолият юритмоқда. “Тошкент-Франкфурт” ҳаво йўли очилди, Ўзбекистонда “Дойч банк”нинг бўлими фаолият кўрсата бошлади. Германиянинг “Гейделберг” фирмаси Ўзбекистонда нашриёт-матбаа соҳасида ҳамкорлик қилаётган йирик компаниядир. “Гейделберг” компанияси асбоб - ускуналари билан Янгийўл китоб фабрикаси, Тошкент ва Нукус полиграфия комбинатлари, Самарқанддаги “Тонг” нашриёти қайта жиҳозланди. Ўзбекистондаги “Растр” ва “Гротекс” нашриётлари “Гейделберг” фирмаси технологияси асосида ишламоқда. Натижада мактаблар учун дарслик, ўқув қўлланмалари ва бошқа турдаги нашриёт маҳсулотлари ишлаб чиқариш анча яхшиланди. 2001 йилда Ўзбекистон-Германия – Россия ҳамкорлигидаги “Наманган қоғоз” қўшма корхонаси қуриб, ишга туширилди. Ўзбекистон Президенти И.А. Каримовнинг 2001 йил 2-5 апрел кунлари Германия Федератив Республикасига, Германия Федерал канцлери Герхард Шредернинг 2002 йил 9-10 май кунлари Ўзбекистонга қилган расмий сафари Ўзбекистон-Германия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга кўтарди. Икки мамлакат тадбиркорлари ва расмий доиралари ўртасида алоқалар кенгайиб бормоқда. 1997 йилда Ўзбекистонда 55 та Германия компаниясининг ваколатхоналари фаолият юритган бўлса, 2001 йилда бу кўрсаткич 80 га етди. Уларнинг энг йириклари “Хобас ТАПО”, “Хива Карпет” ва бошқалардир. 2003 йилда германиялик сармоядорлар иштирокида енгил саноат, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, доришунослик саноати, транспорт ва бошқа соҳаларда ташкил этилган 138 та корхона фаолият кўрсатди, улардан 40 таси юз фоизлик Германия капиталига эга. Ўзбекистонга киритилаётган Германия сармоялари ҳажми 2001 йилдаёқ 1 млрд. АҚШ долларидан ошди. Икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 2001 йилда 283,3 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Германия Федератив Республикаси Ўзбекистоннинг Европадаги энг йирик иқтисодий ҳамкоридир. Ўзбекистон ва Франция ўрасидаги муносабатларни ўрнатиш ва ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. 1993 йил 28-30 октябр кунлари Ўзбекистон делегациясининг Францияга расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликка асос солди. Президент И.А. Каримов Франция Президенти Ф. Миттеран, Франциянинг бошқа раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари билан дўстона суҳбат ва самарали музокаралар юритди. Франсуа Миттеран қабул маросимида нутқ сўзлаб: “Ҳозирги сиёсий вазиятда Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллаб турган мустақил Ўзбекистон Шарқ билан Ғарб ўртасида ишончли кўприк бўлиши мумкин. Кўп асрлик тарих, теран анъаналарга эга бўлган, инсониятнинг фахрига айланган алломаларни етказиб берган Ўзбекистон доимо французларнинг диққатини тортиб келган. Бу ташрифдан кейин шуни ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатингиз биз учун янада яқин бўлиб қолди”, - деб таъкидлаганди. Бу Ватанимиз тўғрисида, унинг шон-шуҳратини улуғловчи, холисона, олижаноблик билан берилган баҳодир. Сафар натижасида Парижда “Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома”, маданият, илмий-техникавий ва маориф соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим, сармояларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоялаш тўғрисида битим имзоланди. Мамлакатимиз раҳбарининг Париж Хартиясини имзолаши республикамизда демократиянинг янада ривожланиши, шунингдек Ўзбекистоннинг Европа ва бошқа тараққий этган мамлакатлар билан янада яқинлашуви учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистон Миллий банки билан Франциядаги йирик “Кредит коммерсиал де Франс” банки ўртасида муддаолар ҳақида битим имзоланди, унда Бухорода нефтни қайта ишлаш заводи қуриш лойиҳасини пул билан таъминлаш кўзда тутилди. Таниқли “Элф-акитен” нефть-кимё концерни “Технип” фирмаси ва бошқа компаниялар билан Бухорода нефтни қайта ишлаш заводи қуришга келишилди. Франция ва Ўзбекистон ўртасида савдо-сотиқ ҳисоб-китобларини таъминлаб турган “Креди коммерсия де Франс” банки завод қурилишини ҳам маблағ билан таъминлади. Ўзбекистон бу банкка маблағ қўйди, у ҳамкорлик учун кафолат бўлиб турибди. 1994 йил 25-27 апрел кунлари Франция Президенти Франсуа Миттераннинг Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи чоғида имзоланган икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида, Ўзбекистон ва Франция ўртасида фуқароларнинг эркин ҳаракати ҳақидаги битимлар, шунингдек ҳаво транспорти соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги декларациялар имзоланди. Ўзбекистон билан Франция ўртасида иқтисодий, илмий-маданий алоқалар кенгайиб бормоқда. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, озиқ-овқат, нефть ва газ саноати, қурилиш ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилинмоқда. Ўзбекистон халқаро ишларда катта тажриба ва нуфузга эга бўлган Буюк Британия билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда. 1993 йил 22-25 ноябр кунлари Ўзбекистон Президенти И.А. Каримов бошлиқ республикамиз делегациясининг расмий ташриф билан Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллигида бўлиши икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик тарихида буюк воқеа бўлди. Мамлакатимиз раҳбарининг қиролича Елизавета II, Бош вазир Ж. Мейжор билан самимий, очиқ ўзаро манфаатли учрашувлари, музокаралари бўлиб ўтди. Сафар самарали ўтди. Ўзбекистон Республикаси билан Буюк Британия қироллиги ўртасида ўзаро иқтисодий алоқалар тўғрисида шартнома, сармояларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоялаш тўғрисида битим, ҳаво йўлларини очиш тўғрисида битим, икки мамлакат ҳудудида фуқароларнинг эркин юриши ҳақида меморандум имзоланди. Тошкент – Лондон ҳаво йўлида самолёт қатновининг йўлга қўйилиши алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. 1996 йилнинг бошларида Ўзбекистонда Британия Кенгаши бўлимининг иш бошлаши ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш йўлидаги янги қадам бўлди. Ўзбекистоннинг Финляндия, Австрия, Белгия, Швейцария, Италия, Испания, Греция, Полша, Венгрия, Чехия, Словакия, Хорватия, Болгария каби Европа мамлакатлари билан сиёсий, дипломатик, иқтисодий ва маданий алоқалари ўрнатилди ва кенгайиб бормоқда. Швейцариянинг Альтендорф шаҳрида Ўзбекистон Савдо уйининг очилиши муҳим воқеа бўлди. Бу маскан бугунги кунда савдо уйигина бўлиб қолмай, Ўзбекистоннинг Европа ва жаҳонда бизнес ва савдо маркази ҳисобланадиган мамлакат — Швейцариядаги ваколатхонасига ҳам айланди. Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида алоқаларнинг йўлга қўйилиши мамлакатимизнинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорлигини янги босқичга кўтарди. Ўзбекистон Олий Мажлиси билан Европарламент ўртасида ҳам алоқалар ўрнатилди. Бу алоқалар Ўзбекистон парламенти билан Европарламент ўртасида 1998 йилда тузилган ҳамкорлик қўмитаси даражасида кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон ташқи сиёсатида иқтисодий омиллар ҳал қилувчи рол ўйнайди. Хорижий мамлакатлардан республикага илғор технологиялар, сармоялар кириб келиши, кўплаб қўшма корхоналарнинг қурилиши оқилона ташқи сиёсат натижасидир. 2003 йилда республикамизда хорижий сармоя иштирокида барпо этилган 2087 та қўшма корхона жаҳондаги 80 мамлакатдан келган шериклари билан биргаликда фаолият кўрсатди. Улар 386,7 млрд. сўм ҳажмида истеъмол моллари, экспорт учун сифатли товарлар ишлаб чиқарди, алоҳида хизмат кўрсатди. Жаҳондаги 80 дан ортиқ хорижий банк билан ўзаро муносабатлар ўрнатилган. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонга киритилган чет эл инвестициялари 14 млрд. АҚШ долларидан ошди. Бир йилда тахминан 1 млрд. АҚШ доллари ўзлаштирилмоқда. Ўзбекистон жаҳондаги 140 мамлакат билан савдо-сотиқ қилмоқда. Ҳар йилги товар айирбошлаш ҳажми 6-8 млрд. АҚШ долларини ташкил этмоқда. Илғор мамлакатлар кадрлар тайёрлашда, банк соҳасида ва бошқарувда, ахборот тармоқларини йўлга қўйишда етакчи биржалар билан алоқалар ўрнатишда, қонунчилик тажрибасини ўрганишда республикамизга кўмаклашмоқдалар. Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда тарихий жиҳатдан қисқа бир давр ичида халқаро муносабатларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш соҳасида асрларга арзийдиган ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон ўзининг тинчликсевар, яхши қўшничилик, ўзаро фойдали ҳамкорликка қаратилган сиёсати ва фаолияти билан бутун дунёга танилди, жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади, унинг мавқеи йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. ХХ аср охирларида халқаро майдонда мураккаб жараён ва халқаро муаммолар юзага келди. Бу борада умуминсоният учун энг катта хавф ҳисобланган халқаро терроризм таҳдиди умумжаҳон муаммосига айланди. ХХ аср охирида “минтақавий можаролар” деб аталган бундай ҳаракатлар эндиликда “халқаро терроризм” деб баҳолаётгани сир эмас. Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида терроризм тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: терроризм (лот. terror — қўрқинч, даҳшат) — сиёсий рақибларни, мухолифларни йўқотиш ёки қўрқитиш, аҳоли ўртасида ваҳима ва тартибсизликлар келтириб чиқариш мақсадидаги зўравонлик ҳаракатлари (таъқиб қилиш, бузиш, гаровга олиш, қотиллик, портлатиш). Ўтган асрнинг охирларидан унинг янги кўринишлари вужудга келди (чет эл давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарларини, уларнинг дипломатик вакилларини ўлдириш ёки ўғирлаш, элчихоналар, миссиялар, халқаро ташкилотларнинг биноларини портлатиш, аэропортлар ва вокзалларда портлашлар содир этиш, ҳаво кемаларини олиб қочиш, одамларни гаровга олиш ва ҳ.к.). Халқаро терроризм кенг тарқалиб, терроризм ошкора сиёсий тус ола бошлади. Террорчилар айрим мамлакатлар ҳукумати ва унга яқин тузилмалардан мадад оладиган ҳоллар юзага келди. Улар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ортди. Террорчилар қўлига ядровий, кимёвий, биологик қурол тушиб қолиши хавфи кучайди, электрон террорчилик пайдо бўлди. Кўп ҳолларда терроризм диний экстремизм, наркобизнес, сепаратизм билан боғликлиги, чатишиб кетиши кузатила бошлади. Терроризмга қарши курашни кучайтириш бўйича аксарият мамлакатларда кўп томонлама конвенциялар ва қонун актлари қабул килинди. Жумладан, 2000 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикасида «Терроризмга қарши кураш тўғрисида» махсус Қонун қабул қилинди. Ушбу қонунда терроризм – сиёсий, диний, мафкуравий ва бошқа мақсадларга эришиш учун шахснинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирувчи, мол-мулк ва бошқа объектларнинг йўқ қилиниши (шикастлантирилиши) хавфини келтириб чиқарувчи ҳамда давлат, халқаро ташкилот, жисмоний ёки юридик шахсни бирон-бир ҳаракатлар содир этишга ёки содир этишдан тийилишга мажбур қилишга, халқаро муносабатларни мураккаблаштиришга, давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузишга, хавфсизлигига путур етказишга, қуролли можаролар чиқаришни кўзлаб иғвогарликлар қилишга, аҳолини қўрқитишга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексида жавобгарлик назарда тутилган зўрлик, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёки бошқа жиноий қилмишлар деб таърифланади. Қонунда давлат органларининг терроризмга қарши кураш соҳасидаги ваколатлари, террорчиликка қарши операциянинг ўтказилиши, террорчилик ҳаракати оқибатида етказилган зарарни қоплаш ва жабрланган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси каби масалалар ҳуқуқий асослаб берилган. 1996 йилда Шанхайда, 1997 йилда Москвада бўлиб ўтган Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлат раҳбарларининг бирлашган Саммитида ҳарбий соҳада ҳамда чегара ҳудудларида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, қуролли кучларни қисқартириш тўғрисида шартномалар имзоланган эди. Шу тариқа, “Шанхай форуми” ёки “Шанхай бешлиги” ташкилоти тузилган эди. 2001 йил 14-15 июн кунлари Хитойда навбатдаги Шанхай Саммити бўлиб ўтди. Унинг ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов қатнашди ва Ўзбекистоннинг “Шанхай форуми”га тўла ҳуқуқли аъзо бўлиши тўғрисида баёнот имзоланди. 2001 йил июн ойида бўлиб ўтган Саммит якунида Шанхай ҳамкорлик ташкилотини тузиш тўғрисида декларация ҳамда террорчилик, айирмачилик ва экстремизмга қарши кураш борасидаги Шанхай конвенцияси имзоланди. 2002 йил 6-7 июн кунлари Шанхай хавфсизлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат бошлиқларининг Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Музокаралар якунида Шанхай хавфсизлик ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг Декларацияси, ташкилотнинг таъсис ҳужжати — Шанхай хавфсизлик ташкилоти Хартияси, Шанхай хавфсизлик ташкилотининг доимий амал қилувчи идоралари — Пекинда Котибият ҳамда Тошкентда Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) ижроия қўмитасини ишга туширишга қарор қилди. Бу ташкилотлар 2004 йилнинг январидан бошлаб иш бошлади. 2004 йил 17 июн куни Тошкентда Шанхай хавфсизлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Саммити бўлиб ўтди. Унда икки асосий масала — хавфсизлик ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича музокаралар бўлди. Саммитда 2004 йил март ойида Ўзбекистонда содир этилган террорчилик ҳаракати нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасида вазиятни ишдан чиқаришга қаратилганлиги қайд этилди. Бутун дунёда террорчилик кучайиб, ядровий, кимёвий, биологик ва электрон террорчилик хавфи пайдо бўлганлиги, террорчиларнинг базаларини йўқотиш, одамларнинг онгини заҳарлайдиган, террорчиликни молиялаштирадиган марказларга қарши кескин кураш олиб бориш зарурлиги таъкидланди. Шу боисдан, Тошкентда ташкил этилган МАТТ зиммасига ахборот алмашиш, чегара ва божхона қўмиталарининг, махсус хизматларнинг ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, шу орқали террорчиликнинг олдини олиш вазифаси юкланган. Шанхай хавфсизлик ташкилотининг Тошкент саммитида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор берилди. Саммитда Шанхай хавфсизлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг хавфсизлик орқали ҳамкорликка бошлайдиган ташкилотдир, деб таъкидланди. Саммитда иқтисодий ҳамкорликнинг қуйидаги йўналишларини рағбатлантиришга келишиб олинди: - транспорт инфратузилмасини ривожлантириш; - табиий минерал хомашё захираларини ўзлаштириш; - сув-энергетика захираларидан унумли фойдаланиш; - экологияга оид масалалар, хусусан, ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш; - фан-техника ва юқори технология, энергетика соҳаларида интеграциялашиш; - инвестициялар хавфсизлигини кафолатлайдиган ҳуқуқий пойдевор яратиш, бу соҳадаги турли тўсиқ ва муаммоларни ҳал этиш. Хитой Халқ Республикаси раиси Ху Цзинтао Хитой ҳукумати Шанхай ҳавфсизлик ташкилоти доирасидаги иқтисоий муносабатларни ривожлантиришга 900 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит ажратишини маълум қилди. Саммит якунида Тошкент декларацияси, Шанхай хавфсизлик ташкилотининг ваколатлари тўғрисида конвенция, наркотик ва психотроп моддаларнинг айланишига қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги битим, ташкилот ва унинг органлари фаолиятига доир ҳужжатлар — жами 10 та ҳужжат имзоланди. Жумладан, саммитда Шанхай хавфсизлик ташкилотининг ривожланиши, нуфузи ортиши ҳамда бугун шакллантирилаётган ташкилий тузилмаларнинг вазифалари ҳақида Президентимиз И.А. Каримов шундай фикрлар билдирган: 1. В.В. Путиннинг бугун шакллантирилаётган Шанхай ҳавфсизлик ташкилоти халқаро сиёсатнинг амалий органи сифатида ўз ўрнини топиши, унда Шанхай хавфсизлик ташкилоти таркибига кирувчи ҳар бир мамлакатнинг манфаатлари инобатга олиниши кераклиги. 2. Халқаро терроризм, радикал, тажовузкор экстремизм ва айирмачилик, наркотрафик ва уюшган жиноятчилика қарши курашиш, ҳеч муболағасиз, Шанхай хавфсизлик ташкилотининг энг муҳим таркибий қисми эканлиги, айнан шу муаммоларни ҳал қилиш учун Минтақавий аксилтеррор маркази тузилганлиги. Бу ўринда, террорчилик ҳаракатлари кўринишларини бартараф этиш билан бир қаторда, бундай ғайриинсоний таҳдид ортида турган унсурларга қарши йўналтирилган кураш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Биз ақидапарастлик мафкураси деб атайдиган ёвуз куч, биринчи навбатда ёшларимиз онгини эгаллаётган ва заҳарлаётган, уларни ўзининг итоаткор қуролига айлантираётган мафкура йўлига мустаҳкам тўсиқ қўйиш, бугунги кунда муайян террорчи гуруҳларни йўқ қилишдан кўра муҳимроқ аҳамият касб этмоқда. Минтақамизда “Ҳизбут-таҳрир” каби экстремистик, айирмачилик фаолияти тобора хавфли тус олаётган эди. У конституциявий, дунёвий тузумга қарши чиқиб, ўрта асрлардаги Ислом ҳалифалигини тузиш тўғрисидаги бўлмағур ғояни тарғиб қилмоқда. Дарвоқе, бу реакцион, ақидапарастлик ҳаракати деярли барча араб мамлакатларида тақиқланган, яқинда минтақанинг кўпгина мамлакатлари ва Россияда ноқонуний деб эълон қилинди. Лекин, таассуф билан тан олиш керакки, бу ёвуз кучга қарши ҳаракатларимизда ҳамжиҳатлик ва изчиллик кўзга ташланмаяпти. Бу эса, ўз навбатида, бутун минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда мустаҳкамлашга таъсир кўрсатмай қолмайди. 3. Келажакда Шанхай хавфсизлик ташкилоти фаолиятида иқтисодий йўналиш изчил юксалиб бориши шубҳасиз. Бу ҳақда Шанхай хавфсизлик ташкилотига аъзо бошқа давлат раҳбарлари ҳам таъкидлашди. Турмуш шароитини тубдан яхшилаш ва муносиб келажакни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш пировардида, ушбу ташкилотга аъзо мамлакатлар халқлари кутаётган мақсад-муддаодир. Бугун биз камбағаллик, аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий ва иқтисодий тараққиётдаги ечилмаган муаммолар ҳақида гапиряпмиз. Миграция масалалари ҳам муайян кескинлик касб этмоқда. Бу ва бошқа муаммоларнинг ҳал этилмагани мамлакатларимиз ва бутун минтақа келажаги учун катта хавф солмоқда. Шу боис, Шанхай хавфсизлик ташкилоти доирасида ҳам интеграция, умумминтақавий бозор яратишга ягона ёндашувларни ишлаб чиқиш борасида биргаликда қилинадиган ишларимиз жуда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, бу масалаларнинг ҳал этилиши Шанхай хавфсизлик ташкилотига аъзо барча давлатларнинг асосий манфаатларига бир хилда мос келади. Шу маънода, транспорт-коммуникация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамкорлигимизнинг энг муҳим стратегик йўналиши бўлиши даркор. Сўз, аввало, Марказий Осиё ва Хитойни Россия, Европа ва жаҳон бозори билан боғлайдиган, мамлакатларимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, минтақага кенг кўламда инвестициялар киритилишини таъминлаш учун мисли кўрилмаган имкониятлар очадиган йўналишлар ҳақида бормоқда. Юқоридагилардан хулоса қилиб, яна бир бор ишонч билан айтиш мумкинки, Шанхай хавфсизлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг ушбу саммити муҳим воқеа бўлиб қолади ва мамлакатларимиз ҳамда бутун минтақа хавфсизлиги, барқарорлиги ва ўзаро манфаатли ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлида янги имкониятлар очади. Фойдаланилган адабиётлар: 1. Каримов И.А. Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли. – Т.: Ўзбекистон, 1992. 2. Каримов И.А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. – Т.: Ўзбекистон, 1997. 3. Каримов И.А. Маънавий юксалиш йўлида. – Т.: Ўзбекистон, 1998. 4. Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. – Т.: Ўзбекистон, 1998. 5. Каримов И.А. Амир Темур – фахримиз, ғуруримиз. / Маънавий юксалиш йўлида. – Т.: Ўзбекистон, 1998. 6. Каримов И.А. Эришган маррамизни мустаҳкамлаб, ислоҳотлар йўлидан изчил бориш — асосий вазифамиз. – Т.: Ўзбекистон, 2004. 7. Каримов И.А. Ватанимизнинг тинчлиги ва хавфсизлиги ўз куч- қудратимизга, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва букилмас иродасига боғлиқ Маънавий юксалиш йўлида. – Т.: Ўзбекистон, 2004. 8. Каримов И.А. Империя даврида бизни иккинчи даражали одамлар, деб ҳисоблашар эди. – Т.: Ўзбекистон, 2005. 9. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Ўзбекистон, 2008. 10. Каримов И.А. Энг асосий мезон ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. – Т.: Ўзбекистон, 2009.