logo

Маданиятшунослик фани предмети, методологик асослари ва баркамол авлодни шакллантиришдаги аҳамияти

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

98 KB
Маданиятшунослик фани предмети, методологик асослари ва баркамол авлодни шакллантиришдаги аҳамияти. Режа: 1. Маданиятшунослик фани предмети, уни ўрганишнинг методологик асослари. 2. Маданиятнинг таркибий қисмлари ва вазифалари. Маданият ва цивилизация. 3. Маданиятшуносликда қадриятлар категорияси. Миллий ва умуминсоний қадриятлар. 4. Ўзбекистоннинг миллий тикланиш жараёнида маданиятшуносликнинг долзарблиги. Маданиятшунослик энг ёш фан ҳисобланади. У асосан ХХ аср иккинчи ярмида мустақил фан сифатида шаклланди ва §арб мамлакатлари Олий ўқув юртларида ўқитила бошланди. Собиқ Совет Иттифоқи даврида маданиятшуносликка сохта фан деб қаралди, унга етарли эътибор берилмади, таълим муассасаларида ўқитилмади. Ўзбекистон ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгандан кейин маданиятшунослик фанини республика Олий ўқув юртларида алоҳида фан сифатида ўқитиш йўлга қўйилди. Хўш, маданиятшунослик қандай фан? Маданиятшунослик маданият тўғрисидаги фан бўлиб, маданият тарихи ва маданият назариясидан иборат. Маданиятшунослик фани инсониятга хос маданий жараённи, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини таҳлил қиладиган, маданият тараққиётининг умумий қонунларини ўрганадиган гуманитар фандир. Маданиятшунослик фани, биринчидан, ибтидоий турмуш тарзидан то ҳозирги кунгача бўлган даврдаги маданий жараённи бутунлигича, яхлит идрок этишга, маданият тараққиёти ҳақида барча фанлар томонидан тўпланган билим ва тушунчаларни интеграциялашга кўмаклашувчи фандир. Иккинчидан, маданиятшунослик маданиятни мураккаб ва динамик ҳодиса, ўзига хос феномен, система сифатида ўрганувчи фандир. Учинчидан, инсоният тараққиётининг барча босқичларига хос маданий жараённи, инсонлар томонидан яратилган моддий ва маънавий-маданий ютуқларни таққослаш, солиштириш орқали энг умумий маданиятшунослик қонунларини аниқловчи фандир. Маданиятшунослик фани бошқа гуманитар фанлар билан бевосита боғлиқ ҳолда ўрганилади. Маданиятшунослик гуманитар фан сифатида фалсафа фани билан яқин алоқадордир. Фалсафа фанининг асосий масаласи руҳ ёки материя бирламчими деган масала эмас, балки инсоният ҳаётининг маъно-мазмуни масаласидир. Айнан бу масала билан маданиятшунослик фани ҳам шуғулланади. Фалсафа фани оламда инсоннинг ўрни, жамият тараққитёти ҳақида мулоҳаза юритади, жамият тараққиётининг умумий қонунларини тадқиқ қилади. Бу масалаларни тадқиқ қилиш у ёки бу даражада маданиятшуносликка ҳам хосдир. Фалсафа фанининг вужудга келиши ва ривожланишининг ўзи маданият тараққиётининг маҳсулидир. Маданиятшунослик социология фани билан ҳам яқин алоқадордир. Негаки, социологиянинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаёти, жамиятда кишиларнинг мавқеи ҳақида тўплаган маълумотларидан маданиятшунослик фанида фойдаланилади. Умумназарий хулосалар чиқаришда социологик материаллар далил сифатида хизмат қилади. Маданиятшунослик фани Политология (сиёсатшунослик) фанининг давлат қурилиши ва тузилиши, сиёсий режимнинг турлари ва хусусиятлари, жамиятни сиёсий бошқариш усуллари ҳақидаги маълумотларига асосланади, уларга таяниб умумий назарий хулосалар чиқаради. Маданиятшунослик фани инсоннинг ички дунёси ҳақида фикр юритишда психология фани ютуқларидан, жамият тараққиётининг турли босқичларидаги турмуш тарзи, урф-одатларни, миллий маданий менталитетларни тасвирлашда этнография фани маълумотларига асосланади. Маданиятшунослик фани тарих фани билан бевосита боғлиқдир. Маданиятшунос жаҳон халқлари тарихини яхши билмоғи зарур. Бусиз инсоният тараққиётининг турли босқичларида шаклланган тарихий маданият турларини, уларнинг хусусиятларини, у ёки бу даврга хос маданий менталитетни тасвирлай олмайди. Инсониятнинг шаклланиши ва тараққиёти ҳақидаги тарихий фактлар, воқеа-ҳодисаларни билиш маданиятнинг келиб чиқиши ва ривожланиши жараёни тўғрисида назарий хулосалар қилишга, маданий тараққиётга хос қонунлар чиқаришга кўмаклашади. Шу нуқтаи назардан қараганда маданият тарихи маданиятшунослик фанининг таркибий қисмидир. Шунингдек, маданиятшунослик фани бошқа ижтимоий-гуманитар фанлар билан ҳам яқиндан алоқададир. Маданиятшунослик фани бошқа гуманитар фанлардан ўзига хос хусусиятлари билан фарқ қилади. Маданиятшунослик фани кўп асрлик маданият тарихини аслида қандай бўлса шундай тасвирлайди, маданиятнинг моҳияти, хусусиятлари, таркибий тузилиши, тадрижий тараққиёти, муаммолари, инсоният ҳаётидаги роли тўғрисида яхлит тасаввур беради. Айнан шу фан барча даражалардаги ва турли минтақалар маданиятига, унинг алоҳида шахслардан то бутун инсониятгача бўлган турли хил объектларига тадбиқан қўллаш мумкин бўлган энг умумий маданиятшунослик қонуниятларини аниқлаш имкониятига эга. Хулоса қилиб айтганда, маданиятшунослик фанининг предмети, унинг тадқиқот объекти инсониятнинг асрлар давомидаги маданий фаолияти, маданий тараққиёт ютуқлари, уларнинг маъно-мазмунини ўрганишдан иборатдир. Маданиятшунослик фани тадқиқот олиб боришда бир қатор методологик тамойилларга таянади. Диалектик метод маданиятшуносликнинг муҳим методи бўлиб, инсониятнинг маданий ҳаётини, минг йиллар давомида инсонлар яратган моддий ва маънавий ютуқларни яхлит, умумий ва ўзаро боғлиқ ҳолда ўрганишга имкон беради. Диалектик метод бирон-бир мамлакат ёки минтақада кечган маданий жараённи, жумладан Ўзбекистон халқининг асрлар давомида шаклланган маданиятини жаҳон халқлари маданияти ривожи билан узвий боғлиқ ҳолда ўрганиш, тадқиқ қилишга кўмаклашади ва маданий тараққиётга хос умумий маданиятшунослик қонуниятларини очишга имкон беради. Маданиятшунослик фани объектни ўрганишда илмий билишнинг системали ёндашув методига таянади. Системали ёндашув бўлакларни бутун орқали, бутунни унинг бўлаклари орқали таҳлил этиш, ўрганишни тақоза этади. Бу метод маданият таркибига кирувчи тил, дин, ҳуқуқ, ахлоқ-одоб, таълим-тарбия, адабиёт, санъат ва ҳоказо бўлаклар орқали бутун жамият тараққиёти тўғрисида умумлаштирилган хулосалар чиқаришга, жамият тараққиёти орқали эса маданият таркибига кирувчи бўлакларни таҳлил қилишга имкон беради. Маданиятшунослик фани ўз тадқиқотларида тарихийлик методига асосланади. Тарихийлик методи маданиятга даврий нуқтаи назардан ўзгариб, янгиланиб, ривожланиб, бойиб борувчи жараён сифатида қарайди. Тарихийлик методи ҳар бир халқ маданиятини, ҳар бир давр маданиятини ўз даври нуқтаи назардан баҳолашни, ҳозирги маданий ҳаётни ва эришилган ютуқларни ўтган замон маданиятига таққослаб тасаввур қилиш, тасвирлашни талаб қилади. Маданиятшунослик фанида ворисийлик муҳим тамойил ҳисобланади. Ворисийлик негизида ҳаётийлик ётади. Кишилар ўзидан олдинги авлодлар яратган маданий бойликларга таяниб яшайдилар, уларга таяниб янгиликларни яратадилар. Агар ворисийлик негизида ҳаётийлик бўлмаганида эди, «биз учун ўтмиш совуқ, бефойда, ўлик ва қизиқарсиз бўлиб қолаверарди», деб такидлайди Ж.Неру. Шарқшунос олим Макс Мюллер Ҳинд цивилизацияси ҳақида фикр юритар экан «энг замонавий ва энг қадимий ҳинд цивилизацияси ўртасида узлуксиз ворисийлик мавжуд», деб ёзади. Ворисийлик барча халқлар маданияти тараққиётига хос узлуксиз жараёндир. Маданият бир текисда ривожланувчи жараён эмас. Ижтимоий-сиёсий, иқтисодий муносабатлар таъсирида маданият тараққиётида инқирозли ёки сакраш ҳолатлари ҳам юз бериб туради. Бундай ҳолатларни таҳлил қилишда иқтисодий, социологик, статистик ва билишнинг бошқа илмий методлардан ҳам фойдаланилади. Маданиятшунослик фанини ўрганишда маданият сўзининг маъно- мазмунини билиш, идрок қила олиш муҳим ўринга эга. Маданият сўзи Мадина шаҳри номи билан боғлиқ ҳолда келиб чиққан. Мадина – тўлиқ арабча номи Мадинат-Расулиллоҳ, яъни пайғамбар шаҳри ҳисобланиб, ободончилиги, кўркамлиги билан Арабистондаги аҳоли яшайдиган бошқа манзилгоҳлардан ажралиб турар эди. Шунингдек, Мадина Маккадан кейин мусулмонлар ибодат қиладиган энг йирик шаҳардир. Шу тариқа маданият сўзи бизнинг ўлкамизга Мадина шаҳри номи билан, ислом дини билан боғлиқ тарзда кириб келган. Файласуф ва маданиятшунос В.М.Розин ибораси билан айтганда «қанча йирик маданиятшунос бўлса шунча назариялар, тушунчалар мавжуд» (В.М.Розин. Культурология. Учебник. –М., 1998, 49-бет). Дарҳақиқат, Э.Тейлор замонида маданиятнинг 7 та таърифи бўлган бўлса, 1950 йилларда унинг сони 150 тага, ҳозирги кунда эса маданиятга берилган тушунчалар сони 400 тага етади. Бу таърифлар умумлаштирилса маданият сўзининг маъно-мазмунини қуйидагича тушуниш мумкин: 1. Маданият – узоқ тарихий тараққиёт жараёнида инсоният томонидан яратилган моддий ва маънавий бойликлар, асори-атиқалар йиғиндиси. 2. Маданият – у ёки бу жамиятга хос фалсафий қарашлар, илм, фан, маориф, санъат, ахлоқ, дин, ҳуқуқ, сиёсат, маиший хизмат кўрсатиш даражасини акс эттирувчи омиллар, ижтимоий тараққиёт даражаси. 3. Маданият – инсонлар ҳаётида, жамият ривожида шаклланган миллий, умуминсоний қадриятлар мажмуи. 4. Маданият - ҳар бир кишининг тарбияланганлиги, инсонийлик фазилатлари ва ижодий фаолиятининг ифодасидир. Маданиятни қўлланилишига қараб шахсий, оилавий, касбий, табақавий, миллий маданият, жамият маданияти, умуминсоний маданият каби шаклларга бўлиб ўрганиш ҳам мумкин. Кундалик ҳаётда «муомала маданияти», «меҳнат маданияти», «нутқ маданияти», «ишлаб чиқариш маданияти», «хизмат кўрсатиш маданияти», «дам олиш маданияти», «ҳуқуқий маданият» каби тушунчалар ҳам қўлланилади. Маданият инсон ҳаётида муҳим вазифаларни бажаради. Улар орасида қуйидагиларни алоҳида таъкидлаб кўрсатиш мумкин. Маданият, аввало, ижтимоий вазифаларни, яъни шахсни, одамни инсон қилиб шакллантириш ва тарбиялаш вазифасини бажаради. Маданият ҳар бир шахснинг инсоният яратган билимларни, маънавий қадриятларни, тартиб- қоидаларни ўзлаштириб олиш, тарбиялаш, жамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида фаолият юритиш қобилиятини шакллантириш вазифасини бажаради. Инсоннинг табиат ҳукмронлигидан ажралиб чиқиши маданиятга хос айрим элементларнинг шаклланиши билан бирга содир бўлади. Айнан маданият орқали ҳар бир шахс жамиятда тўпланган тажрибаларни, анъаналар ва урф-одатларни турмуш тарзини ўзлаштиради, улар кейинги авлодларга етказилади. Маданият ахборотларни ўзлаштириш, билиш, тушуниш вазифасини бажаради. Маданият инсон учун дунёни билиш, дунё тўғрисида турли маълумотлар, ахборотлар олиш, уларни авлоддан авлодга ўтиб боришини таъминлайди. Маданият тартибга солувчи вазифани ҳам бажаради, яъни кишилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни белгиланган тартиб-қоидалар, ахлоқий- ҳуқуқий нормалар асосида тартибга солишга хизмат қилади. Маданият кишилар ўртасида ўзаро фикр алмашув билан боғлиқ бўлган, алоқа учун хизмат қиладиган вазифани бажаради. Бу борада тил асосий восита ролини ўйнайди. Гап шундаки, маданиятнинг бир қатор соҳалари – фан, санъат, техника ва бошқаларнинг ўзига хос тили бўлиб, уларни билмасдан туриб маданиятни тўлалигича билиб бўлмайди. Маданият аксиологик вазифани ҳам бажаради, яъни кишилар томонидан моддий, маънавий, эстетик, ахлоқий қадриятларни эгаллашга, ёмондан яхшини, беъмани, хунук нарсалардан гўзалликни ажрата билишга кўмаклашади. Маданият ижодкорликни ривожлантириш вазифасини ҳам бажаради. Инсонни мавжуд маданиятга танқидий-ижодий қараш, ислоҳ қилиш, такомиллаштириш, янги билимлар, қоидалар, қадриятлар, тартиб-қоидалар яратишга ундайди. Маданият кишилардаги жисмоний ва рухий толиқишни ҳайдаш, ҳордиқ чиқариш, тикланиш, кайфиятини кўтариш йўлидаги тадбирлар, ўйинлар ташкил этувчи вазифаларни ҳам бажаради. Маданият доимо тараққий этувчи кўп қиррали жараён, унинг таркибига кирувчи элементлари ўзгариб туради. Шу жиҳатдан тадқиқотчилар маданиятни ўзига хос белгилари, сифатига қараб бир неча турларга бўладилар. Маданиятга цивилизацион нуқтаи назардан ёндашувчи мутахассислар инсоният бир неча цивилизацияларни босиб ўтганлигини таъкидлайдилар. Маданиятни тили, дини, анъаналари, қадриятлари, иқтисодиёти яқинлигини инобатга олиб миллий, минтақавий, даврий жиҳатдан бир неча турларга бўлиш кенг тарқалган. Миллий маданиятда тил асосий восита сифатида олинса, минтақавий маданиятда диний, ахлоқий, бадиий, моддий, географик яқинлик, умумийлик назарда тутилади. Маданиятни ирқий омилни назарда тутган ҳолда бўлиш ҳолатлари ҳам учрайди. Француз файласуфи Ж.Гобино жамият, маданият, дин, тил тўлалигича ирқий жиҳатлар билан боғлиқ, маданият мавжуд табиий шароит билан боғлиқ деб тушунтиради ва Европа маданиятини негроид маданиятдан энг юқори, устун даражада деб ҳисоблайди. Шахсни баркамол қилиб етиштиришда жамият маданиятининг бир қатор тизимлари алоҳида аҳамиятга эга. Масалан: Сиёсий маданият – кишиларнинг сиёсий онги, манфаатлари, мақсадларини ифодаловчи сиёсий-ҳуқуқий ғоялар мажмуидир. Сиёсий маданият жамиятнинг турли ижтимоий табақалари манфаатлари билан боғлиқ ҳолда вужудга келади ва сиёсий фаолиятда намоён бўлади. Ҳар бир ижтимоий табақа ўзининг сиёсий манфаатларидан келиб чиқиб ғоялар, дастурлар ишлаб чиқади, сиёсий ташкилотлар тузади ва сиёсий ҳокимият учун турли усуллар, воситалар билан амалий ҳаракат қилади. Сиёсий маданият ҳуқуқий маданият билан боғлиқ. Ҳуқуқий маданият қонунларни билиш, уларга амал қилиш, ҳуқуқий онг, ҳуқуқий савия, ҳуқуқий муносабатлар, ҳуқуқий фаоллик маданияти демакдир. Иқтисодий маданият деганда иқтисодий билим, иқтисодий онг, иқтисодий фаолият, иқтисодий-ижтимоий муносабатлар тушунилади. Шахс иқтисодий маданияти жамият иқтисодий маданиятининг таркибий қисмидир. Шахс иқтисодий маданиятининг камол топиши учун иқтисодий қадриятларни, иқтисодий билимларни пухта эгаллаши лозим, шундагина у эркин иқтисодий фаолият юрита олади. Ахлоқий маданият таркибига ахлоқий онг, ахлоқий муносабат ва ахлоқий фаолият киради. Жамият ахлоқий маданияти ахлоқий қадриятлар тизимини ифодаласа, шахс ахлоқий маданиятида ахлоқий қадриятларнинг индивидуалликда қандай даражада акс этиши ифодаланади. Цивлизация сўзи лотинча гражданлик, давлатчилик сўзидан келиб чиққан. Цивилизация сўзи маърифатпарварларнинг XVI асрдан бошлаб урушларсиз ҳамда мутаассиб руҳонийлар таъсиридан озод жамият учун курашишлари жараёнида фанга кириб келди. Цивилизация сўзи жамият тараққиётининг даражасини белгиловчи тушунчадир. Цивилизация инсоният тараққиётидаги учта катта даврнинг (ёввойилик, вахшийлик ва цивилизация) охиргиси бўлиб, у ёзувнинг, давлатнинг, ҳуқуқий тартиб-қоидаларнинг келиб чиқишидан, яъни бундан 6 минг йиллар муқаддам (Мисрда) бошланган. Цивилизациянинг бошланиши билан турли хил динлар, гуманистик ва ахлоқий қадриятлар кенг тарқала бошлайди. Цивилизация барча минтақаларда бирданига бошланмаган, турли минтақаларда бирин- кетин вужудга келган, албатта. Цивилизация маданият тушунчаси каби инсоният тараққиётининг маҳсули. Қадимги даврларда Қадимги Миср цивилизацияси, Ўрта денгиз цивилизацияси, Ҳинд цивилизацияси, Марказий Осиё цивилизацияси айрим ҳудудларда, бир-бири билан у қадар боғланмаган ҳолда шаклланган бўлса, XVI - XX асрларда умумжаҳон цивилизацияси шаклида мужассамлашди. Дунёда илғор фан, техника, технология, ахборот воситалари асосида иш юритаётган, маърифатпарвар, демократик жамият, ҳуқуқий давлат қурган мамлакатлар мавжуд, улар ҳақиқий цивилизация йўлига кириб бормоқдалар. Жумладан, мустақил Ўзбекистон ҳам юксак цивилизацияли демократик жамият қуриш йўлидан бормоқда. Маданият ва цивилизация ўртасида мантиқий бирлик, умумийлик мавжуд, негаки уларнинг ҳар иккаласи ҳам инсон фаолиятининг маҳсулидир. Ҳам моддий, ҳам маънавий тараққиётнинг бошида инсонларнинг маънавий тафаккури, ниятлари, ғоялари, ўйлари, лойиҳалари, мўлжаллари туради, сўнгра улар моддий шаклда намоён бўлади. Бунга нафақат техник иншоотларининг, шунингдек бадиий асарларнинг яратилиши ҳам мисол бўла олади. Масалан, Амир Темур ҳайкалида, аввало, яратувчининг маънавий тафаккури, лойиҳаси, мўлжали, сўнгра уларнинг моддий шаклга кирган ажойиб моддий монументни кўрамиз. Қадриятлар деганда, инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган барча моддий ва маънавий маданият унсурлари тушунилади. Қадриятларнинг аҳамияти шундаки, улар кишиларнинг хулқ-атворини тартибга солиш ва тўғри йўналтиришга хизмат қилади. Қадриятлар амал қилиш доирасига кўра миллий, минтақавий ва умуминсоний турларга ҳам бўлинади. Миллий қадриятлар мураккаб ижтимоий-руҳий ҳодиса бўлиб, у миллатнинг генофонди, тили, турмуш тарзи, маданияти, тарихи, урф- одатлари, анъаналари, миллий онги, моддий ва маънавий бойликлари, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жиҳатларида намоён бўлади. Минтақавий қадриятлар ҳудуди, тарихи, иқтисодиёти, маданияти, дини, тили, урф-одатлари ва анъаналари муштарак бўлган халқлар манфаатига хизмат қиладиган табиий ва ижтимоий ҳодисалар мажмуасини ташкил этади. Умуминсоний қадриятларга маданият, маънавият, фан, дин, санъат, ҳуқуқ, сиёсат, ижтимоий онг шакллари билан боғлиқ ютуқлар, кашфиётлар, яратилган бойликлар, маънавий камолотнинг йўналишлари, воситалари, космонавтика, кибернетика, ахборот технологиялари умуминсоний қадриятлар жумласига киради. Инсон, унинг ҳаёти, яхшилик, гўзаллик, адолат, ҳақиқат, эркинлик, тенглик, дўстлик, муҳаббат, бахт-саодат, ватанпарварлик ва ҳоказолар умуминсоний қадриятларнинг энг олийси, идеал қадриятлардир. Маданий-маънавий мерос қадим замонлардан бери аждодларимиз, ота- боболаримиздан бизгача етиб келган маданий-маънавий бойликлар - сиёсий, иқтисодий, фалсафий, ҳуқуқий ва диний қарашлар, ахлоқ-одоб меъёрлари, илм-фан ютуқлари, тарихий, бадиий ва санъат асарлари ва бошқа миллий қадриятлар мажмуидир. Бундай бойликлар, қадриятлар бир йилда, бир асрда ҳосил қилинадиган ҳодиса эмас, улар жамият тараққиётининг барча босқичларида унинг эҳтиёжи туфайли юзага келади. Улар жамият сиёсий жиҳатдан ўзгариши билан йўқолиб кетмайди, кейинги авлодлар учун мерос бўлиб қолади. Маданий-маънавий мерос инсонни юксалишга даъват этадиган, ички оламини бойитадиган, иродасини, эътиқодини мустаҳкамлайдиган қудратли кучдир. Истиқлол йилларида Ўзбекистонда маданий-маънавий меросни тиклаш ва янада ривожлантириш борасида катта ютуқларга эришилди. Бу миллий онгнинг ўсишида муҳим аҳамиятга эгадир. Маданий мероснинг тикланиши қуйидаги муҳим жиҳатларда намоён бўлмоқда: - халқимизнинг қадимий маданий-маънавий меросига, қадриятлари ва идеалларига қайта назар солиш, янгича англаш, тиклашнинг зарурлиги ва муҳимлиги эътироф этилди; - меросимизни тиклашга саралаш нуқтаи назардан ёндашилди, миллий маданиятнинг умуминсоний қадриятларни бойитадиган, жамиятимизни янгилаш ва инсонпарварлаштиришга хизмат қиладиган энг муҳим, аҳамиятли ютуқлари, жиҳатлари тикланмоқда; - кенг халқаро алоқалар ривожланмоқда, умуминсоний қадриятларга уйғунлашиб борилмоқда; - ўз тафаккури билан мустақиллик руҳини белгилаб берадиган зиёлиларнинг янги авлоди шаклланмоқда; - шахс ва ижтимоий онгда янгича дунёқараш, гуманистик тафаккур шаклланиб бормоқда. Мустақиллик туфайли мамлакатимизда умуминсоний демократик қадриятларга мос очиқ фуқаролик жамияти шакллантирилмоқда. Имом ал- Бухорий, Имом ат-Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий, Аҳмад ал-Фарғоний, Амир Темур, Бурхониддин Марғиноний, Мотурудий каби кўплаб, нафақат бизнинг миллий маданиятимиз, балки бутун жаҳон цивилизацияси хазинасига салмоқли ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг номи, хайрли ишлари ўз ўрнини топди, уларнинг унутилган асарлари нашр этилди, этилмоқда. Халқ қаҳрамонлари, буюк шахслар номлари оқланди, улар хотирасини намоён этувчи ёдгорлик мажмуалари, ҳайкаллар бунёд этилди. Миллий маданиятимизнинг тикланишида маданиятшунослик муҳим ўринга эга. Айнан шу фан маданий-маънавий соҳалардаги унутилган қарашларни, зўровонларча паймол этилган қадриятларни аниқлаш, қайта тиклаш ва янги маъно-мазмун билан бойитиш каби фаолиятга кўмаклашади. Бугунги кунда гуманистик идеаларни, маданий-маърифий қадриятларни тиклаш умумбашарий аҳамиятга эга. Шу маънода Президент Ислом Каримов: «Кириб келаётган ХХ I асрда дунёни маданият ва маънавият қутқаради» деган сўзларини эслаш ўринлидир (Асарлар т.7, 194-бет). Маданиятнинг назарий муаммолари ва тарихига умуминсоний қадриятлар нуқтаи назардан, ҳар бир давр ва ҳар бир халқ маданиятига ҳурмат нуқтаи назардан ёндашувчи маданиятшунослик фани «маданиятлар мулоқоти»ни амалга оширишга, гуманистик ғояларнинг уйғонишига ёрдам беради. Бу жараёнда таълим-тарбия соҳаси муҳим роль ўйнайди. Таълимнинг демократлашуви, инсонпарварлашуви ва ижтимоийлашиб бориши Ўзбекистонда амалга оширилаётган таълим ислоҳотининг муҳим ютуғидир. Негаки, амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг пировард натижаси иқтисодиётга, давлат бошқарувига, жамоат ташкилотлари ва бошқа соҳаларга қандай мутахасисларнинг келишига боғлиқ, албатта. Шу боисдан бугунги кунда талабаларимизнинг маданий ва маънавий-ахлоқий савияси ўта долзарб масала ҳисобланади. Хусусан, Олий таълим муассасалари олдидаги асосий вазифа, битирувчиларни ижтимоий ҳаётнинг мустақил субъекти сифатида шакллантиришга эришишдир. Бунинг мазмуни шундан иборатки, ҳар бир битирувчи сиёсий, ахлоқий, эстетик, иқтисодий, дунёвий ва бошқа соҳаларда мустақил, тушуниб етган ҳолда қарорлар қабул қилишга етилган бўлиши зарур. Талабаларда бундай малакаларни шакллантиришда маданиятшунослик муҳим ўринга эгадир. Хулоса қилиб айтганда, маданиятшунослик янгича фикрлашни, инсонпарварлик ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантирувчи фан сифатида Ўзбекистоннинг миллий тикланишида, таълим-тарбия тизимида муҳим рол ўйнайди.