logo

Илк палеолит даврида Марказий Осиёнинг табиий, жуғрофик муҳити ва инсон гуруҳларининг турмуш тарзи

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

58 KB
Илк палеолит даврида Марказий Осиёнинг табиий, жуғрофик муҳити ва инсон гуруҳларининг турмуш тарзи Режа: 1. Илк палеолит даври одамларининг турмуш тарзи, қиёфаси. Архантроплар ҳақида тушунча. 2. Меҳнат қуролларининг такомиллашув даражаси - тараққиётнинг муҳим омили эканлиги. 3. Табиий ва иқлим шароити. Кишиларнинг меҳнат воситаларини такомиллаштириб табиат инжиқликлари билан курашиши. 4. Меҳнат қуролларининг турлари ва фойдаланиш жиҳатлари. Табиий муҳитнинг ўзгарувчанлиги. Фанда архантроплар номи билан аталган одамлар иш билармон кишилар ҳисобланиб, жисмоний жиҳатдан ҳам ҳозирги қиёфадаги ақл- идрокли одамлардан бир мунча фарқ қилар эдилар. Бу одамларнинг турмуш тирикчилиги асосан турли озиқабоп нарсаларга термачилик, гала ёки гуруҳ тарзда овчилик билан банд бўлган. Улар ўзларининг меҳнат қуролларига яраша табиат олдида жуда ожиз бўлиб, фақат табиат берган инъомдан фойдаланишни билишганлар. Аммо, ҳар доим ўзларининг меҳнат қуролларини такомиллаштириб, гуруҳлараро маданий алоқалар ўрнатиб, тараққиёт сари илгари интилиб яшаганлар ва аста-секин, қадамба-қадам юксак маданиятга эриша борганлар. Бу тарихий жараённи Ўрта Осиё ва Қозоғистон археологик манбаларда ҳам кузатиш мумкин бўлди. Шунингдек, юқорида айтилгандек Ўрта Осиё ва Қозоғистон ҳудудларида илк палеолит даврида яшаган кишилар тўда-тўда бўлиб яшаган. Бу типдаги қадимги одамларни-архантроплар номи билан фанга киритилган. Архантроплар оиласига зинжантроп, петекантроп ва синантроплар киради. Ўрта Осиё ва Қозогистондан зинжантропга замондош одамлар вакиллари ҳозирча топилганича йўқ. Зинжантроплардан кейин яшаган одамзод аждоди питекантроп бўлиб, улар бундан қарийб 1 миллион йиллар бурун яшаган. Унинг замондоши ҳам ҳозирча Ўрта Осиё ва Қозоғистон ҳудудларида топилиб ўрганилмаган. Питекантроп одамлардан кейин синантроплар яшаган. Бу типдаги одамзод вакиллари бундан 500-600 минг йилликларда яшаган. Бу одамларнинг илк излари дастлаб Хитойдан топилган бўлиб, уларни олимлар синантроплар (хитой одами) деб фанга киритдилар. Ўрта Осиёнинг Фарғона воҳасида, Селунғур ғоридан топилган илк аждодларимиз вакилига «Фарғона одами» деб ном берилди ва бу одам зоти синантроплар билан замондош бўлганлиги ҳақида мулоҳазалар мавжуд. Аммо, Ўрта Осиё ва Қозоғистон ҳудудларидан илк палеолитга оид одамзоднинг фанда маълум бўлган барча вакиллари топилмаган бўлса-да, бироқ, шел-ашел даврларига молик ёдгорликлар эса топилиб ўрганилгандир. Синантроплар одатда табиий ғорларда яшаган. Аммо, уларнинг манзилгоҳлари очиқ жойларда ҳам топилиб ўрганилган. Маълум бўлишича синантроплар олов билан таниш бўлган. Масалан, уларнинг қолдиқлари топилган маконда ҳайвон суяклари, меҳнат қуроллари билан бирга қалин кул, гулхан қолдиқлари кузатилган. Олов кишилар турмушида муҳим аҳамиятга эга бўлган. Синантропларга замондош ибтидоий одам аждодларининг манзилгоҳлардан иборат бўлган излари Ўрта Осиё ва Қозоғистон ҳудудларининг кўпгина жойларидан топилган бўлиб, улар ҳақида матнимизда маълумотлар бериш кўзда тутилганлиги маълум. Бу одам зотлари ашел даврида тўда-тўда бўлиб, турмуш кечирганлар. Ҳикоя қилаётган даврда шимолий Овропанинг кенг ҳудудларини қалин музликлар қоплагач бу табиат ҳодисаси Марказий Осиё ҳудудларига ҳам таъсир қилмасдан қолмаган. Шу сабабдан Марказий Осиё табиат иқлими ҳам совиб, айрим ҳудудларни, айниқса тоғ ва тоғолди туманларини музликлар қоплаган. Бу ҳақда Селунғур ғоридан олинган музлик ҳақидаги янги маълумотлар ҳам гувоҳлик беради. Бу замонда, айрим ҳудудларда эса тўхтовсиз ёмғирлар бўлиб турган. Ашел даври, олимларининг фикрига кўра ибтидоий тўда даврининг ўрта босқичига тўғри келади. Бу даврда инсон гуруҳларининг яшаш тарзи қийин кечган, чунки уларнинг ов ва меҳнат қуроллари ниҳоятда содда бўлганлигида ҳам эди, уларнинг кундалик тирикчиликлари озиқага ярайдиган барча нарсалар бўлиб, одатда ёввойи дарахтларнинг мевалари, тотлик ўсимликларнинг илдизлари, шунингдек, қурт-қумирсқа ва майда жониворларни ҳам истеъмол қилишга мажбур бўлишганлар. Бунинг муҳим сабабларидан яна бири ов ўлжаси ҳар доим мавжуд бўлмаган. Бу даврда кишилар ўз меҳнат қуролларини асосан тошдан, кўпинча эса чақмоқтошдан ҳамда қаттиқ дарахт шоҳларидан, ҳайвон суяк ва шохлардан ясашганлар, аммо тошдан бошқа ашёлар бизгача етиб келмаган, узоқ замонларнинг ўтмиши туфайли ҳам улар бизгача сақланмаган. Тошдан ясалган бу қуроллар мутахассис палеолитшунослар томонидан ҳар томонлама ўрганиб чиқилган. Хусусан, XIX асрнинг 2-яримида Франция олимлари бу соҳада илғор эдилар ва бир қанча маконлар топилиб ўрганилган бўлиб, улар биринчи бор жой номи билан боқлиқ аталиниб ашел қуроллари ва даври номи билан фанга киритилган эди. Ашел тарзидаги қуроллар, аслида қўл чўқморидан иборат бўлиб, унинг шакли ясси тухумсимон бўлиб, ишчи томони бирмунча учқирроқ, бир неча кертиш усули билан ўткирланган ҳолатда бўлади. Бу каби қўл чўқморидан универсал тарзда фойдаланилган. Тўғри, ашел даврида қўл чўқморларининг турлича шакллари мавжуд эди. Ашел даврини саналаш ҳақида олимлар орасида турлича мулоҳазалар мавжуддир. Аммо, палеолитшунослар ва тўртламчи давр геологияси билан машғул бўлган олимларнинг ҳисобига кўра, ашел даври бундан 1 миллион йиллар бурун бошланиб, мил. авв. 200-100 мингинчи йилларга қадар давом этган узоқ замонларни ўз ичига олади. Умуман, Марказий Осиё илк палеолит даврининг табиий жўғрофик муҳити геолог олимларнинг хулосаларига кўра, бу ҳудудлар табиатининг ёзи иссиқ ва қуруқ, қиши совуқ, ёғингарчиликнинг нисбатан камчил бўлганлиги билан эътироф қилинади. Худди, ана шу даврда Марказий Осиёнинг ҳозирги чўл ва даштлари ер усти тузилиши (ландшафти) шаклланган ва шу ландшафтга хос ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси ташкил топади. Ашел даврининг сўнгги вақтларига келиб эса табиий шароит кескин совий бошлаган. Айниқса, Овропанинг шимолий минтақаларини қалин музликлар қоплаб олган эди. Марказий Осиёда эса, асосан унинг тоғлик минтақаларида музликлар ҳосил бўлиб, мўл сув оқимлари оқибати сабабли дарёлар ва улар билан боғлиқ воҳалар вужудга келиб, ер устининг шаклланишига сабаб бўлган. Марказий Осиё музликлари асосан тоғлик ҳудудларда бўлиб, воҳаларда ҳам уларнинг оқибатлари кучли бўлган. Бу музликларнинг излари баланд тоғларда узоқ сақланган ва ҳозирги вақтда ҳам мавжуд. Марказий Осиёнинг воҳаларга айланган туманларида ҳамда улар билан боғлиқ паст текисликларда эса узлуксиз ёғингарчиликлар туфайли иқлимининг гоҳ совуши, гоҳ исиши ҳоллари содир бўлган. Демакки, бу табиат ўзгаришлари билан боғлиқ ўсимликлар ҳамда ҳайвонот дунёси таркибида ҳам маълум ўзгаришлар юз берган. Хуллас, тиғис ўрмонлар ўрнини чўл, дашт минтақаларига хос ўсимликлар дунёси эгаллайди. Марказий Осиёнинг ана шундай табиий иқлим, экологик шароитида вужудга келган ўзгаришлар туфайли бу кенг минтақанинг айрим ҳудудларида энг қадимги аждодларимизнинг макон топишига имконият туғилди ва бу аждодларимизнинг турмуш заруриятидан келиб чиқиб, ўз меҳнат қуролларини ҳар доим такомиллаштиришда бўлганлар. Ўрта Осиё, хусусан, Фарғона водийсининг Сух туманида ўрганилган Селунғур ғор макони, Тошкент вилояти, Оҳангарон воҳасида ўрганилган кўп маъдан қатламларга эса Кулбулоқ, Тожикистондаги Лахутий маконларининг манбалари бу фикримиздан далолат беради. Олимларнинг хулосасига кўра, Селунғур ғор маконида яшаган илк аждодларимиз синантропларга замондош эканлиги ва Ўрта Осиё ҳудуди, илк бор одамлар пайдо бўлган минтақалар қаторига кириши ҳақидаги фикрлар маъқулланмоқда. Айни вақтда, тадқиқот ишларини олиб бораётган Ўзбекистон олимлари Кулбулоқ маконининг илк қатламлари берган меҳнат қуроллари ҳам зикр этилган давр кишилари маданиятидан иборатлиги эътироф қилинмокда. Фанимизнинг ушбу ўқилган маърузалар матнига хулоса тарзида шуни таъкидлашга асос борки, Ўрта Осиё ва Қозоғистон инсоният оламида жуда қадимдан маданияти ривожланган, тарихи бой минтақалардан бири экан. Юқоридаги зикр этилган манбалар бу фикрни тасдиқлайди. Эндиликда бу ҳудудлар жаҳонда одамзоднинг илк аждодлари макон топган минтақага киради. Бу кашфиётлар эса археолог олимларимизнинг жаҳон тарихига қўшган муносиб ҳиссасидир. Олимларнинг кўп йиллик тадқиқотлари шу жараённи кўрсатдики, одамзоднинг пайдо бўлганидан то ҳозирги даврга қадар бўлиб ўтган тарихи бир текисда ривожланишда бўлмаган. Одамзод табиатдаги бошқа зотлар каби ибтидоийликдан аста-секин мураккабликка ривожланиб борган. Уларнинг меҳнат воситалари ва шу билан боқлиқ бўлган фаолияти, инсон онги, табиат ҳодисаларини тушуниш қобилиятлари ўзгариб такомиллашиб борган. Масалан, агар инсон ўзининг илк тараққиёт босқичида табиатдаги тайёр махсулотлар билан тирикчилик кечирган бўлса, кейинроқ, аста-секин, табиат сирларини ўрганди, йўл-йўриқларини билиб олди ва нихоят, у ҳозирги замон ҳолатига, жамиятнинг юксак ривожланиши даражасига эришди. Сизнинг эътиборингизга ҳавола қилинган илк палеолит даври ижтимоий нуқтаи назардан қаралганда бу тараққиёт босқичи “ибтидоий тўда” даври ҳисобланади. Одамзод тарихнинг илк босқичидаги аждодлар тўдаси аввалги дарсликларда “пода”, ибтидоий жамоанинг дастлабки босқичи эса “коммуна” деб аталиши мазмун жиҳатдан хато эди. “Дарҳақиқат, ибтидоий тўда даври дастлабки кишилик жамоасининг ҳайвонот оламидан инсоният оламига ўтиш даври эди” (А.Асқаров, 1994, 13- 14). Уруғчилик даври эса кишилик жамиятининг биринчи куртаги эди. Кишиликнинг ибтидоий тўда босқичи билан ибтидоий уруғчилик босқичлари ўртасида чуқур сифат чегараси мавжуд. Бу сифат чегараси энг қадимги аждодларимизнинг ҳайвонот дунёсига хос оламидан чиқиб, онгли, ақлли зот дунёсига ўтиши билан тавсифланади (13 бет). Кишилар ибтидоий тўда даврида турли йиртқич ҳайвонлардан қўрққанидан гала-гала, тўда-тўда бўлиб яшаган. Қийинчилик вақтларда, хусусан, ов ҳаракатида улар ёлғиз ҳайвонга кўпчилик бўлиб ҳужум қилишганлар. Кейинчалик бу ҳаракатлар токомил-лашиб, ов қилишнинг турли сирларини билиб олишганлар. Уларнинг асосий қуроллари эса тошдан, ёғоч ва балки суякдан иборат бўлган. Бу даврда одамлар ўртасида жисмоний алоқалар чегараланмаган, аниқ тартибга тушган эмас эди. Илк палеолит даврида Ўрта Осиё ва Қозоғистонда питекантроп, синантроп, фергантроп сингари энг қадимги одамлар яшаган бўлиб, уларни фанда умумий тушунчада архантроплар деб юритилинади. Узлуксиз меҳнат жараёнида ривожланиб, қадимги одамлар неандертал-ларнинг шаклланиши учун эволюцион замин ҳозирлаганлар. Юқорида билдирилган археологик манбалар ҳамда Селунғур ғоридан топилган қадимги одам қолдиқлари Ўрта Осиёни антропогенез жараёни содир бўлган минтақаларга қўшиш имкониятини берди.