logo

Ўзбекистонда ер ҳуқуқининг вужудга келиши ва ривожланиши ( узбекистонда ер хукукининг вужудга келиши ва рвожланиши

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

126.5 KB
Ўзбекистонда ер ҳуқуқининг вужудга келиши ва ривожланиши Режа : 1. Ўзбекистонда ер ҳуқуқининг вужудга келиши ва ривожланиши ҳамда мусулмон ҳуқуқи билан тартибга солиниши. 2. Ўзбекистонда Ер ҳуқуқини 1917 йил Октябрь тўнтаришидан кейин ривожланиши ва ҳуқуқий тартибга солиниши. 3. Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги йилларида ер ҳуқуқининг ривожланиши. Мамлакатимиз ҳудудида ер ҳуқуқининг вужудга келиши, ривожланиши тарихи, ер қонунчилиги тарихини чуқур ўрганиш бугунги кундаги ер муносабатларини тўлароқ тушуниш, ҳаракатдаги ер тўғрисидаги қонунларни такомиллаштириш, оқибатда ердан фойдаланиш ва уларни муҳофаза этиш бўйича муносабатларни амалиётда тўғри ва кенг жорий этиш учун муҳим аҳамиятга эга. Ер ҳуқуқининг вужудга келиши кишилик жамияти тараққиётининг узоқ ўтмишига бориб тақалади. Ердан фойдаланиш бўйича муносабатларнинг ривожланиши нафақат иқтисодий, шу билан бирга тарихий, ҳуқуқий ҳамда ижтимоий-сиёсий жараён бўлиб, унинг элементлари ўз ифодасини мусулмон ҳуқуқининг қадимги манбаларида ҳам топган. Демак, бу муносабатлар мамлакатимиз ҳудудида патриархал-феодал муносабатлар қарор топаётган бир даврда вужудга келиб, шариат ва одат нормаларига асосан тартибга солинган. Шундай қилиб мусулмон ҳуқуқи ердан фойдаланиш муносабатларини тартибга солувчи қонунларни ўзида мужассам этган. Бунга мисол тариқасида мусулмон ҳуқуқининг асосий манбаси ҳисобланган "Қуръон"ни айтиш мумкин. Унда ердан фойдаланиш, уни муҳофаза қилишга оид бир қатор қоидаларни кўриш мумкин. Мусулмон ҳуқуқи қоидаларига кўра, ер участкалари олди-сотди муносабатларининг объекти сифатида қаралиб, у сотилиши, гаровга қўйилиши, ҳадя этилиши, совға қилиниши, ижарага берилиши мумкин бўлган, яъни у фуқаролик айирбошлаш объекти ҳисобланган. Туркистонда 1917 йил Октябрь тўнтарилишигача бўлган ер муносабатларини таҳлил қилган бир гуруҳ олимлар феодализм давридаги ижтимоий - иқтисодий, ҳуқуқий вазиятни ҳар томонлама ўрганиб, асосли амалиёт материалларига таяниб, чуқур илмий хулосалар асосида ерга нисбатан хусусий мулк хуқуқи бўлган, деган ҳаққоний ғояни илгари сурадилар. Чунончи, И.Ж.Жалилов тўғри таъкидлаганидек, "шариат умуман хусусий мулк ҳуқуқини ва ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқи институтини билган, хусусан, ерга нисбатан мулк ҳуқуқи эгаси ўзининг тасарруф этиш ҳуқуқи туфайли ер участкасини сотиш, вақтинчалик фойдаланиш учун бериш, яъни ижарага топшириш, совға қилиш, шунингдек маълум муддатга ўз зиммасидаги мажбуриятларни таъминлаш учун гаровга берган" 1 . Худди шундай фикрни А.Е.Еренов ҳам билдирган. Унинг ёзишича, "кўчманчи қозоқларнинг ердан фойдаланиши асосан икки шаклда: хусусий (шахсий) ва жамоа шаклларида бўлган" 1 . 1 Жалилов И.Ж. Возникновение и развитие советского земельного права в Узбекистане. - Т. "Фан", 1970. - 29-бет. 1 Еренов А.Е. Возникновение и развитие социалистических земельных правоотношений в Казахской ССР. - Алма-Ата: Изд-во АН Казакистана, 1963. - 65-бет. И.Ж.Жалилов ва А.Е.Ереновларнинг фикрларига тўла қўшилган ҳолда, ҳамда амалиёт материалларига асосланиб, шуни таъкидлаш ўринлики, 1917 йил Октябрь тўнтаришигача бўлган Марказий Осиёда ерга нисбатан феодал давлат мулкчилиги шакли ҳукмрон ҳисобланган. Аммо ерга нисбатан феодал давлат мулкчилигининг ҳукмрон бўлиши унга нисбатан хусусий мулкчиликнинг вужудга келиши ва ривожланиши учун қаршилик кўрсатмаган. Ёки бошқача айтганда, давлат мулки билан бир қаторда ерга нисбатан хусусий мулкчилик шакли ҳам бўлган. Умуман олганда, тарихий, илмий-назарий ва амалиёт материалларини ўрганиш Марказий Осиёда феодализм даврида ерга нисбатан турли хил мулкчилик шакли бўлганлигидан дарак беради. Марказий Осиёда узоқ ўтмишдан то 1917 йил Октябрь тўнтаришига қадар ерга нисбатан мулкчиликнинг уч шакли: 1) амлоқ ерлари, яъни давлат тасарруфида бўлган ерлар; 2) мулкий ерлар, яъни фуқароларга тегишли хусусий мулк шаклидаги ерлар; ва 3) вақф ерлари, яъни масжид ва мадрасалар эгалигидаги ерлардан иборат бўлган. Марказий Осиёда 1917 йил Октябрь тўнтаришига қадар шу шакллардаги ер мулкчилиги бўлганлиги бир қатор бошқа тарихий манбаларда ҳам таъкидланган. Чунончи, М.Й. Йўлдошевнинг ёзишича: "XIX асрга келиб Хива хонлигида ер мулкчилигининг янги шакллари қарор топган: хусусий мулкчилик (мулк), масжид (вақф) ва давлат (подшолик) ерлари" 1 . Шу муаллифнинг маълумотига кўра, XIX асрнинг ўрталарида Хива хонлигида давлат ерлари 16 минг танобни, хусусий ерлар 134 минг танобни, вақф ерлари 165-170 минг танобни ташкил қилган 2 . О.Султоновнинг маълумотига кўра, Хива хони, унинг авлодлари ва амалдорлари энг йирик ер эгалари ҳисобланган. Улар бу ерларнинг бир қисмида қуллар ва меҳнаткаш деҳқонлар кучи билан деҳқончилик қилишган. Ерларнинг қолган қисми ерсиз ва кам ерли деҳқонларга етиштирилган ҳосилнинг ярмини, учдан бирини, ҳатто тўртдан бирини бериш шарти билан ижарага берилган 3 . Юқорида айтилганларга хулоса қилиб, шуни таъкидлаш мумкинки, гарчи барча ерлар юридик жиҳатдан, мусулмон ҳуқуқига биноан 4 давлат мулки деб кўрсатилган бўлсада, амалда ерга эгалик қилиш унга нисбатан ҳар хил мулк шаклларининг вужудга келишига олиб келган. Турли шаклдаги ерларнинг ҳуқуқий ҳолатида фарқлар бўлган. 1 Йулдошев М.Й. К истории крестьян Хивы XIX века. Т., "Фан", 1966. - 20-бет. 2 Йулдошев М.Й. К истории крестьян Хивы XIX века. Т., "Фан", 1966. - 20-бет. 3 Каранг: "Хаёт ва иктисод". 1993, 5-сон, 58-59- бетлар. 4 Мусулмон хукукининг асосий манби хисобланган Куръони Каримнинг 5-Модон сураси, 40-оятида Осмонлар ва ер Аллохнинг мулки деб белгиланган. /Каранг: Куръони карим. Узбекча изохли таржима. Т."Чулпон", 1992. - 77-бет. Чунончи, вақф ерларининг ҳуқуқий ҳолати давлат ерлари ёки мулкий ерларга нисбатан фарқ қилиб, сотилиши, хадя, совға қилиниши, гаровга қўйилиши мумкин бўлмай фақат ижарага бериш мумкин бўлган. Ижарачилар вақф ерларидан ижара асосида фойдаланганлиги учун солиқ-рента тўлашган. Бу ерлардан фойдаланганлик учун ижара ҳақи шу ер участкаси қайси масжитга тегишли бўлса, унинг фойдасига келиб тушган. Давлат мулки ҳисобланган ерларни тасарруф қилиш ҳуқуқи давлат бошлиғига тегишли бўлган. Ҳуқуқий адабиётларда жуда тўғри таъкидланганидек, "амлоқ ерлардан амалда фойдаланувчи шахслар бу ерларга нисбатан тўла миқёсда ҳуқуқий ҳаракатлар қилиши мумкин эмас, ёхуд бу ерлар давлатга тегишли бўлиб, унга нисбатан юридик ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқи олий ҳукмдорликка берилган" 1 . Мулкий ерлар, яъни хусусий мулк ҳисобланган ерлар ҳам уларнинг эгалари томонидан деҳқонларга ижарага берилган. Чунки, катта-катта ер майдонларининг эгалари бўлган амалдорлар ўз кучлари билан уларни ишлата олмаган. Катта ер эгалари бўлган хон авлодлари ва амалдорлари ўзлари Хива ва Урганч шаҳарларида яшаганлари ҳолда, турли қишлоқлардаги ерларини деҳқонларга ижарага беришган. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, сувсизликдан ёки бошқа сабабларга кўра даромад келтирмайдиган ноқўлай ер майдонлари мават, яъни жонсиз ерлар деб аталган бўлиб, ҳеч кимга тааллуқли бўлмаган. Жонсиз ерларни ўзлаштирган, уни ишлатган киши шу ернинг эгаси ҳисобланган, ёхуд Қуръонда айтилишича, бўш ётган ерларни ким ишлатса, у шу ерларнинг эгасидир. Демак, жонсиз ерларнинг асосий хусусияти уларнинг мулкчиликка берилишлигидадир. Агар ўзлаштирилган жонсиз ер ташлаб кетилса, унга нисбатан мулк ҳуқуқи ҳам бекор қилинган. 1917 йил Октябрь тўнтаришига қадар бўлган ер муносабатларини тартибга солувчи асосий манба Қуръони каримнинг шарҳи- "Ал-Ҳидоя" бўлган. "Ал-Ҳидоя" Ислом ҳуқуқшунослигининг энг асосий қўлланмаларидан биридир. Унда дастлабки фиқҳ олимларининг бу соҳада яратган йирик ва обрўли асарларидаги энг муҳим ғоя ва мазмунлар жамланган. Унинг асосини Ислом ҳуқуқшунослигига тамал тоши қўйган олимлардан Абу Ҳанифа ан- Нуъмон ибн Собит, Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас, Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофеий, Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Ханбалнинг улуғвор асарлари ва бошқа хадислар ташкил этади. Ҳидоянинг XXXI китоби ер муносабатларини тартибга солишга бағишланган бўлиб, унда ердан фойдаланиш тартиби белгилаб берилган. Ҳидояда белгиланишича, ижарага топширилаётган ернинг ёки бошқа мол- мулкларнинг фойдаланиш мақсадини шартномада аниқ кўрсатиш лозим бўлган, акс ҳолда 1 Жалилов И.Ж. Возникновение и развитие советского земельного права в Узбекистане. - Т. "Фан", 1970. 35- бет. ижара шартномаси ҳақиқий саналмаган 1 . Ҳидояда кўрсатилишича, "ер ижараси, агар ундан фойдаланиш мақсади кўрсатилмаса, ҳақиқий эмас". Шу билан бирга, агар ижарага берувчи шартномада: "Мен ерни ижарага ижарачи хоҳиши бўйича фойдаланишга бераман, деган"тартибда белгиласа, ижарачи ўз хоҳиши асосида фойдаланиши мумкин. Ердан фойдаланиш муддати тугагандан сўнг ерни эгасига қайтариш масаласига оид бир қанча қоидалар ҳам Ҳидояда ўз ифодасини топган. Чунончи, унда кўрсатилишича, "Ижара муддати тугагач, ер дастлабки ҳолатда қайтариб берилиши шарт". Агар ер участкасига уй-жойлар қурилган, ёки дарахтлар экилган бўлса, ижара муддати тугагач, ижарачи уларни бузиб ташлаши лозим бўлган. Агар ер эгаси қурилган иншоотлар ва экилган дарахтларнинг қийматини тўламаса, ижарачи эса уларни бузиб олмаса, бу мол- мулклар ер эгасининг мулки бўлиб қолади. "Агар ер эгаси уларнинг қийматини тўлашга рози бўлмаса, мулк ҳуқуқи ер эгасига ўтади" . Мусулмон қонунчилигида ердан фойдаланиш ҳуқуқини бузганлик учун жавобгарлик масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган. Чунончи, ердан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланганлар жавобгарликка тортилган. "Агар кимда-ким ерни бўғдой экиш учун ижарага олса-ю, дейилади Ҳидояда,- беда экса, у тупроққа етказилган зарари учун жавоб беради" Бундан ташқари, Ҳидояда ердан фойдаланиш шартномасини бекор бўлиш асослари ҳам кўрсатилган. Булар ердан бундан кейин фойдаланиб бўлмаслик, шартнома томонларидан бирининг вафот этганлиги, мулк эгасининг қарзини тўлаш учун ерни сотиш заруриятининг вужудга келиши ва бошқалардир. Ҳидояда: "Агар шартлашган томонлардан бирининг ўлими натижасида ҳам ижара шартномаси ўз кучини йўқотади". Ёки "ўз қарзини тўлаш учун ер участкасини сотиш зарурияти туғилганда ер эгаси шартномани бекор қилиши мумкин" ва шунга ўхшаш кўпгина қоидалар борки, улар ердан фойдаланиш шартномасини бекор қилиш асосларини белгилаб беради. 2. Ўзбекистонда Ер ҳуқуқини 1917 йил Октябрь тўнтаришидан кейин ривожланиши ва ҳуқуқий тартибга солиниши. 1917 йил Октябрь тўнтаришининг биринчи куниёқ "Ер тўғрисида" декрет қабул қилинганди. Унга кўра ерга нисбатан давлат мулкчилиги ўрнатилди. Чунончи, "Ер тўғрисидаги деҳқонлар талаби"нинг 1-моддасида: "Ерга нисбатан хусусий мулкчилик бутунлай бекор қилинади, ернинг сотилиши, сотиб олиниши, ижарага топширилиши, ёхуд гаровга қўйилиши, бошқа усуллар билан олиниши мумкин эмас", деб белгиланди. 1 Биринчи Совет конституцияси ҳисобланган 1918 йилда қабул қилинган РСФСР Конституцияси инсоният тарихига асосий ишлаб чиқариш воситалари ҳамда ерни ҳам ҳар томонлама мажбурий миллийлаштириш ҳужжати сифатида ёзилди. Ушбу конституциянинг биринчи бўлими 3-моддасида ерга нисбатан хусусий мулкчилик батомом бекор қилинади, деб белгиланди. Барча ер фондлари умуммиллий бойлик деб эълон қилинди ва ҳеч қандай тўловсиз давлат ихтиёрига олиб берилди. Ушбу модданинг "б" бандига кўра барча ўрмонлар, ер ости бойликлари, сувлар, шунингдек барча тирик ва ўлик инвентарлар, қишлоқ хўжалик корхоналари миллий бойлик деб эълон қилинди. РСФСР Конституциясидан кейин 1918 йил 15 октябрда ва 1920 йил 24 сентябрда Туркистон автоном социалистик республикаси (ТАССР) ўз конституциясини қабул қилиб, унда ерни миллийлаштиришга қаратилган ҳуқуқий нормалар 1918 йилдаги РСФСР Конституциясидан шундайлигича кўчириб олинди. Бунга асосий сабаб шундан иборат эдики, Туркистон автоном республика сифатида РСФСР таркибига кирган эди. Ўша йиллардаги Ҳоразм Халқ Совет Республикасининг ер тўғрисидаги қонунчилиги РСФСР ва ТАССР қонунларидан тубдан фарқ қилган эди. Чунки Ҳоразм Халқ Совет Республикаси мустақил давлат ҳисобланар эди. Ҳоразм Халқ Совет Республикасининг биринчи конституцияси 1920 йил 30 апрелда қабул қилинган бўлиб, унда ерга нисбатан хусусий мулкчилик ҳуқуқи сақланиб қолинган эди. Фуқароларга ер участкаларини хусусий мулк асосида бириктириб бериш мумкин эди. Ҳоразм Халқ Совет Республикасининг ер муносабатларига бағишланган қонунларининг РСФСР ва ТАССР қонунларидан асосий фарқи ерга нисбатан хусусий мулкчиликни сақлаб қолинганида эди. Ҳоразм Халқ Совет Республикасининг навбатдаги Конституцияси 1923 йил 20 октябрда қабул қилинган бўлиб, унга кўра ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқи бекор қилинди ва барча ер фондлари умумхалҳ бойлиги деб эълон қилиниб, ҳар қандай тўловларсиз давлат ихтиёрига олинди. Ерга нисбатан хусусий мулкчиликнинг бекор қилинишига асосий сабаб Ҳоразм Халқ Совет Социалистик Республикаси деб эълон қилинишида эди. Буҳоро Халқ Совет Республикаси Ҳоразм республикаси сингари аввалига мустақил давлат деб ҳисобланди. Шунинг учун уни Конституциясини ишлаб чиқишда Ҳоразм конституцияси муҳим роль ўйнайди. 1921 йил 23 сентябрда қабул қилинган Буҳоро Конституцияси ҳам ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқи асосан сақланиб қолинди. 1924 йил 19 октябрда Буҳоро Совет Социалистик Республикаси деб эълон қилиниб, ерга нисбатан хусусий мулкчилик бекор қилинди ва барча ерлар давлат мулки деб эътироф этилди. 1924 йилда Ўрта Осиёда миллий чегараланиш амалга оширилиб Ўзбекистон Республикаси ташкил топди. 1927 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ерга нисбатан хусусий мулкчилик батомом бекор қилиниб, ер бойликлари давлат мулки деб ўрнатилди. Ер участкалари фуқароларга фақат фойдаланиш учунгина берилди. 1922 йилда қабул қилинган ва 1928 йилдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракат қилган РСФСР Гражданлик кодексининг 21-моддасига кўра, ер давлат бойлиги деб ўрнатилди ва хусусий айирбошлаш предмети бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди. Ер фақат фойдаланиш учунгина берилди. 1937 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 8-моддасига асосан ер илгаридек давлат мулки деб белгиланди. Шу билан бирга ердан фойдаланувчиларнинг ваколатлари анча кенгайтирилди. Бу қонунга кўра ер участкалари ердан фойдаланувчиларга муддатсиз, доимий бериладиган бўлди. 1970 йил 25 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Ер тўғрисидаги кодекси 1 да белгиланишича, ер тамомила давлат мулки, у фақат фойдаланиш учунгина берилади деган қоида ўрнатилди, ердан фойдаланиш текин эканлиги белгиланди, ер участкалари фақат ажратиб бериш асосида бериладиган бўлди, ер беришнинг бошқа шакллари ман этилди. Шунингдек бу кодексда ер асосан қишлоқ хўжалик корхоналари ҳамда фуқароларга берилишлиги кўрсатилди. Чунончи, ушбу Қонуннинг 72-моддасида белгиланишича, давлат актига биноан колхозга фойдаланиш учун бериб қўйилган ерлар жамоат ерларидан ва томорқа ерларидан иборат бўлади. 1978 йил 19 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига биноан ер давлатнинг мутлоқ мулки деб белгиланди ва фуқароларга қонунда белгиланган тартибда ёрдамчи хўжалик юритиш, боғдорчилик ва полизчилик, шунингдек якка тартибда уй-жой қуриш учун бериш мумкинлиги ўрнатилди. Шу Конституциянинг 13-моддасига кўра фуқаролар ўзларига бериб қўйилган ер участкаларидан оқилона фойдаланишга мажбур эканлиги белгиланди. Ердан фойдаланиш ҳуқуқини ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг бир қатор қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари муҳим роль ўйнайди. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Министрлар Советининг 1989 йил 8 июлда бўлиб ўтган "Колхозчилар, совхозларнинг ишчилари, гражданларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларини ва якка тартибда уй-жой қурилишини янада ривожлантириш тўғрисида"ги Кенгашида республиканинг ҳар бир хўжалигида 1 Узбекистон ССРнинг ер тугрисидаги кодекси. Т., «Узбекистон», 1982. 216-бет. томорқа ер ажратиш бўйича комиссиялар тузиш лозимлиги таъкидланди. Бундан ташқари, ушбу кенгашда илгари амал қилиб келган фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларидаги уй ҳайвонлари ва томорқа ер участкалари миқдорлари бўйича чеклашлар бекор қилинди. Бундан буён энди ҳар бир хўжалик ўз имкониятлари доирасидан келиб чиқиб фуқароларга томора ер участкалари ажратиб бериши лозимлиги кўрсатилди. Ушбу қарордан кейин республикамизда томорқа ер участкаларини миқдорини кенгайтиришга, ҳар бир оилани уй-жой билан таъминлашга катта имкониятлар вужудга келди. Ер ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш тарихида СССР Олий Совети томонидан 1990 йил 28 февралда қабул қилинган "СССР Иттифоқи ва иттифоқдош республикаларнинг ер тўғрисида"ги қонун асослари ва Ўзбекистон Олий Совети томонидан 1990 йил 20 июнда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Ер тўғрисида"ги қонуни муҳим ўринни эгаллайди. Ер тўғрисидаги қонунларда ерни бериш тартиби, ҳақи, халқ депутатлар маҳаллий Кенгашларининг ерни беришдаги ваколатлари, ердан фойдаланишдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар, ердан фойдаланиш қоидалари бузилганда ер-ҳуқуқий жавобгарлик масалалари ҳуқуқий тартибга солинган бўлиб, корхона, муассаса, ташкилотлар ҳамда фуқаролар томонидан ерлардан интенсив фойдаланиш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаб беришга қаратилган. 1990 йил 20 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Ер тўғрисида"ги қонунида ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига алоҳида эътибор берилди. Ушбу қонунда ерга нисбатан давлат мулкчилиги мустаҳкамланган бўлсада, биринчи марта қонуний тартибда юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларини на фақат фойдаланиш учун, балки эгаллаш ҳуқуқи асосида олишлари мумкинлиги ҳам белгиланди. Бундан ташқари, Ер тўғрисидаги қонун фуқаролар ўз томорқа ерларини умрбод мерос асосида қолдириш ҳуқуқига ҳам эга эканликларини мустаҳкамлади. Ер-ижаравий муносабатларини тартибга солишда СССР Олий Совети томонидан 1989 йил 23 ноябрда қабул қилинган "ССР Иттифоқи ва иттифоқдош республикаларнинг ижара тўғрисида"ги қонуни ва "Ўзбекистон Республикасида ижара тўғрисида низоми" муҳим роль ўйнади. Бу ҳуқуқий актларда ер ижараси тушунчаси, объектлари, ижарага берувчилар, ижарачилар, ердан фойдаланганлик учун ижара ҳақи, ер ижараси муддати, ижара шартномасини ўзгартириш, бекор қилиш, тугатиш ва узайтириш, ижарачиларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, якка тартибдаги ва жамоа ижараси, ички хўжалик ижараси каби масалалар тартибга солинган. Юқорида зикр этилган ижара тўғрисидаги меъёрий хужжатларда илгари қабул қилинган шу турдаги ҳуқуқий хужжатлардан фарқли ўлароқ фақат мулк эгаларигина ерни ижарага берувчилар ҳисобланиши мумкинлиги тўғри эътироф этилди. Масалан, "Ижара тўғрисидаги қонун асослари"нинг 4-моддасига кўра, мулкни ижарага бериш ҳуқуқи мулк эгасига тегишлидир... Ерни ижарага тегишли халқ депутатлари Кенгашлари топширади. Ўз навбатида ер муносабатларини тартибга солишда Ўзбекистон Республикаининг 1990 йил 31 октябрида қабул қилинган Мулкчилик тўғрисидаги Қонуни муҳимдир. Унда белгиланишича, Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётнинг самарали амл қилишига ва халқ фаровонлигининг ўсишига имконият яратилиши ҳар қандай шаклдаги мулкчилик бўлишига руҳсат этилади. Мулкчиликнинг ҳамма шакллари даҳлсиз бўлишига ва уларнинг ривожланиши учун тенг шароит яратилишига қонун кафолат беради. Ер муносабатларини тартибга солишга қаратилган қонунлар ва бошқа меъёрий хужжатлар ичида Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 14 июндаги "Ўзбекистон Республикасида чет эл инвестициялари ва чет эллик инвесторлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни муҳим ўринни эгаллайди. Унда чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мустақил равишда ёки юридик ва жисмоний шахслар иштироқида мулкий ҳуқуқларни, шу жумладан ердан ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқи билан инвестицияларни амалга оширишлари мумкинлиги кўрсатилган (3-модда). Шу билан бирга ушбу Қонунда чет эллик инвесторларга ва чет эл инвестициялар иштирокидаги корхоналарга шартнома шартларида кўрсатилган муддатда ер ижарага берилиши ҳам ўрнатилган (36-модда). 3. Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги йилларида ер ҳуқуқининг ривожланиши. Ўзбекистон Республикасининг суверен давлат сифатида сиёсий ва иқтисодий мустақилликка эришиши мамлакатимиз ижтимоий тизимидаги туб ўзгаришлар даврига, яъни тараққиётнинг маъмурий-буйруқбозликка асосланган, ўта давлатлаштирилган, мол- мулкдан фойдаланиш ва хўжалик юритишнинг илғор усул ва воситалари чеклаб келинган йўлидан воз кечиб янги ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлига ўтиш даврига тўғри келди. Бу тараққиёт йўлининг ижтимоий-иқтисодий асоси бўлиб бозор муносабатлари ҳисобланди. Янги ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўли ҳисобланган бозор муносабатлари табиий ресурслар ва бошқа мол-мулкдан фойдаланиш ва хўжалик юритишни, умуман ишлаб чиқаришни янгидан ташкил қилишни, шунингдек бу муносабатларни тартибга солувчи қонунларни ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатларни қабул қилишни зарурат қилиб қўйган эди. Демак, Ўзбекистон Республикасининг сиёсий мустақиллигини қўлга киритиши янги иқтисодий ўзгаришлар даврига тўғри келиб, бу ўзгаришларнинг янада тараққий этиши ва ривожланиши, уларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш учун катта замин бўлиб хизмат қилди. Сиёсий мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлабоқ ижтимоий ҳаётимизга жорий этилаётган янги иқтисодий муносабатларнинг ҳуқуқий негизларини ишлаб чиқишга асосий эътибор қаратилди. Чунончи, Ўзбекистон Республикасини мустақил давлат деб эълон қилинган дастлабки кундаёқ қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида" 1 ги қонунида иқтисодий тизимимиз асосларини яратишга қаратилган биринчи қадамлар қўйилди. Ушбу қонуннинг 7-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг моддий асоси унинг мулкидир. Республика ҳудудидаги ер, ер ости бойликлари, сув ва ўрмонлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий ва бошқа ресурслар Ўзбекистон Республикасининг миллий бойлиги, мулки ҳисобланади, деб белгиланди. "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида"ги Қонунидаги ушбу қоидалар конституцион қоидалар ҳисобланиб, улар 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясида" 2 ўз ифодасини топди ва ривожлантирилди. Мазкур Асосий қонунда иқтисодий тизимимиз асослари, мол- мулкдан фойдаланиш, хўжалик юритишнинг илғор шакллари белгилаб берилди. Хусусан, 53-моддасида кўрсатилишича, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Демак, ушбу конституциявий қоидага биноан, бир томондан, республикамиз бозор иқтисоди муносабатларига асосланиши белгиланиб берилди, иккинчи томондан эса, бозор иқтисоди шароитида турли хилдаги мулк шакллари жорий қилиниши мумкинлиги кўрсатилди. Шу билан бирга Асосий қонунда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик турлари, барча мулк шакллари тенг ҳуқуқли эканлиги ўрнатилди (53-модда). Бундан ташқари, мол- мулкдан фойдаланишда мулкдорнинг ҳуқуқлари аниқ белгилаб қўйилди. Масалан, Конституциянинг 54-моддасида ўрнатилишича, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Шунингдек, Конституцияда табиий ресурсларга нисбатан мулкчилик белгиланиб, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги кўрсатилди (55-модда). Ушбу конституцион асосий қоидалар республикамизда қабул қилинган жорий қонунларда атрофлича белгиланди ва ривожлантирилди. Жорий қонунларда Асосий қонунда белгиланган табиий ресурслар ва бошқа мол-мулкдан фойдаланиш ва хўжалик юритишнинг илғор шакл ва усуллари мустаҳкамланди, уларнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида конституцион нормалар 1 Саодат. 1991. № 9. 2 Узбекистон Республикаси Конституцияси. -Т.: "Узбекистон", 1992. асосида, айтиш мумкинки, маълум даражада ер муносабатларини тартибга солувчи қонунлар тизими ишлаб чиқилди ва уларни такомиллаштириш борасида муҳим ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон мустақиллиги шароитида "Ер тўғрисида"ги қонунни такомиллаштириш, ер муносабатларини тартибга солувчи қонунларни қайта ишлаб чиқиш, мукаммаллаштириш зарурлиги қуйидаги ҳолатлар билан боғлиқ: биринчидан, бу республикамизнинг мустақилликни қўлга киритганлигидир. Негаки, шунгача харакатда бўлган Ўзбекистон Республикасининг "Ер тўғрисида"ги қонуни ҳали мамлакатимиз собиқ Иттифоқ таркибида бўлган даврда, яъни 1990 йил 20 июнда қабул қилинган бўлиб, бу даврда давлатимиз сиёсий жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам, "марказ"га тўла қарам эди, ер муносабатларини тартибга солишда унинг ваколатлари чекланган эди. Шундай шароитда қабул қилинган "Ер тўғрисида"ги қонуннинг бугунги кун талаб ва шароитларига жавоб бермаслиги табиий бир ҳол эди. Фақат мустақиллик шарофати туфайлигина давлатимиз ўз ҳудудида ер муносабатларини тартибга солишда тўла мустақилликка эришди. Иккинчидан, жамиятимиз тараққиётининг ҳозирги иқтисодий тизимида туб ўзгаришлар юз берди, яъни иқтисодиётнинг маъмурий - буйруқбозликка асосланган, меҳнаткашларнинг ишлаб чиқариш воситалари ва мол-мулкдан бегоналаштирган, ишбилармонлик, тадбиркорлик бўғиб келинган "социалистик тараққиёт" йўли деб аталмиш йўлдан воз кечилди ва бозор иқтисоди муносабатларига ўтиш мақсад қилиб қўйилди. Бозор иқтисодиёти шароитида аграр давлат ҳисобланмиш Ўзбекистон Республикасида ер муносабатлари алоҳида аҳамият касб этади. Бозор иқтисодиёти талаблари, сўзсиз ер муносабатларини ҳам ўз измига бўйсундириши табиийдир, ёхуд, эндиликда ер муносабатларини тартибга солувчи қонун нормалари бозор иқтисоди тартиб-қоидалари, талабларига мос равишда ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши керак эди; Учинчидан, турли хил мулк шакллари, хусусан, давлат, жамоа биргаликдаги, хусусий ва ҳакозолар жорий қилинди. Бу ўзгаришлар ер муносабатларига ҳам бевосита таъсир қилди. Чунончи, Ўзбекистон Президентининг 1994 йил 21 январдаги "Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хусусий мулк манфаатларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, 1994 йил 24 ноябрдаги "Ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги фармонларида ер участкаларини хусусий мулк қилиб бериш мумкинлиги белгиланди, ер олди-сотди муносабатларининг объекти доирасига киритилди. Тўртинчидан, халқ хўжалигида хўжалик юритишнинг турли хил илғор шакллари жорий қилинди, бошқачароқ қилиб айтганда ердан фойдаланувчи субъектлар доираси анча кенгайди. Чунончи, ҳозирги вақтда жамоа ва давлат хўжаликлари билан бир қаторда турли хил кооперативлар, ширкатлар, деҳқон, фермер хўжаликлари, ёрдамчи хўжаликлар, ижара жамоалари, ижарачилар, қўшма корхоналар, кичик корхоналар ва шунга ўхшаш ердан асосий фойдаланувчи субъектлар кўпайди. Аммо, уларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқини "Ер тўғрисида"ги қонун етарли даражада тартибга солган эмас эди; Бешинчидан, республикамиз давлат бошқаруви тизимида туб ўзгаришлар рўй берди, жойларда ҳокимликлар таъсис этилди. 1993 йил 7 майда "Ер тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш киритилиб, 5-7 моддаларидаги "ижроия қўмиталари" сўзлари "ҳокимият органлари" деган сўзлар билан алмаштирилди. Лекин шуни таъкидлаш керакки, ҳокимият органлари тушунчаси ўз ичига "давлат ҳокимияти органлари", "ижроия органлари", ёки "суд ҳокимияти" тушунчаларини ҳам қамраб олади. Шу сабабдан, ер фондларини ким тасарруф этиш ҳуқуқига эга деган масалага "Ер тўғрисида"ги қонун аниқ жавоб бериши керак эди. Шу сабабдан, 1998 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ижтимоий ҳаётдаги барча ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда янгидан қабул қилинди. Ушбу кодексда ер умуммиллий бойлик, республика халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади, деб белгиланиб, унинг асосий вазифаси ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборатлиги қайд этилди. Ер кодексида давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари, ер фонди тоифаларининг ҳуқуқий ҳолати, ер тузишнинг ҳуқуқий асослари, ер мониторинги, давлат ер кадастри, ерга нисбатан мулкчилик, ердан фойдаланиш ҳуқуқининг вужудга келиши ва тугатилиши асослари ҳамда тартиби, ер сервитути, ер учун ҳақ тўлаш, ер эгалари, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдорининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ерларни пай жамғармасига бериш, оила пудрати асосида ердан фойдаланиш, ерларни муҳофаза қилиш, ер хусусидаги низоларни ҳал этиш, ер қонунларини бузганлик учун жавобгарлик каби масалалар ўзининг ҳуқуқий асосларини топди. Ундаги кўпгина қоидалар янги бўлиб, улар бугунги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришларни тартибга солишга қаратилганлиги билан характерланади. Ер муносабатларини тартибга солишда 1998 йил 28 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Давлат ер кадастри тўғрисида"ги қонуни муҳим роль ўйнайди. Маълумки, давлат ер кадастри ернинг "паспорти" ҳисобланиб, у ер тўғрисидаги маълумотларни ўзида жамлайди ва ердан фойдаланиш тартибини ўрнатишда алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Бу қонуннинг асосий мақсади ва вазифаси иқтисодиётни ривожлантириш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг кафолатларини таъминлаш, ердан оқилона фойдаланиш, уларни қайта тиклаш ва муҳофаза қилиш учун кадастр маълумотларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш ҳисобланади. "Давлат ер кадастри тўғрисида"ги қонун давлат ер кадастрини юритишнинг асосий мезонлари, бу соҳада давлат бошқаруви, давлат ҳокимияти органларининг ер кадастрини юритишдаги ваколатлари, ер ресурслари ҳолати тўғрисидаги миллий ҳисобот, ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш тартиби, тупроқ бонитировкаси, ерларнинг қиймат баҳоси, ер кадастри хариталари ва планлари, ер кадастрига оид ахборот тизими, давлат ер кадастрини юритишни молиялаш каби масалаларни тартибга солади. Давлат ер кадастри Давлат кадастрлари ягона тизимининг таркибий қисми бўлиб, у ерларнинг табиий, хўжалик, ҳуқуқий ҳолати, тоифалари, сифат хусусиятлари, қиммати, ер участкаларининг ўрни ва ўлчами, уларнинг эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари, мулкдорлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ҳужжатлар тизимидан иборат бўлиб, ерлардан белгиланган мақсадлар учун фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги йилларида қабул қилинган қонунлар орасида "Қишлоқ хўжалик кооперативлари (ширкат хўжалиги) тўғрисида"ги, "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги ва "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги қонунлари (1998 йил 30 апрел) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш тартиби ва асосларини белгилашда алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу қонунлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши тузилмаларининг ердан фойдаланиш ҳуқуқини белгилаб беради. Санаб кўрсатилган қонунлар қоидаларида кўрсатилишича, қишлоқ хўжалик кооперативларига ер участкалари доимий эгалик ҳуқуқи асосида, фермер хўжаликларига ижара асосида, деҳқон хўжаликларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш асосида берилади. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи субъектларга ер бериш тартиби, ердан фойдаланиш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар, ердан фойдаланиш кафолатлари ушбу қонунларда батафсил белгилаб берилган. Ер муносабатларини тартибга солишда Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 24 апрелда қабул қилинган Солиқ кодекси алоҳида ўринни эгаллайди. Ушбу кодекснинг VII бўлими ер солиғи муносабатларини тартибга солишга бағишланган бўлиб, унда ер солиғи тўловчилар, ер солиғи солинадиган объектлар турлари, ер солиғи ставкалари, ер солиғи бўйича имтиёзлар, солиқ солинмайдиган ер участкалари, ер солиғи тўлашдан озод қилинган юридик ва жисмоний шахслар, ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартибига оид қоидалар ўз ифодасини топган. Солиқ кодекси ердан фойдаланганлик учун ҳақ ундиришни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлган қонун ҳужжати бўлиб ҳисобланади. Юқорида айтилганлардан ташқари, ер ҳуқуқини ривожлантиришда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Жиноят, Маъмурий жавобгарлик, Меҳнат кодекслари ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Бу кодексларда ерларни муҳофаза қилишга қаратилган, яъни ер билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар содир этилганда ҳуқуқий чоралар билан уни ҳимоя қилиш тартиби белгиланган. Муҳофаза аҳамиятига эга бўлган ушбу қонун ҳужжатларида жиноий жазо чоралари, мулкий жазо чоралари, маъмурий жазо чоралари, интизомий жазо чоралари белгиланган бўлиб, улар ердан оқилона, самарали, мақсадли, қонунда кўрсатилган тартибда фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади. Мустақиллик йилларида Ер ҳуқуқини ривожланишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармонлари муҳим роль ўйнайди. Шундай фармонлардан бири 1991 йил қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Колхозчилар, совхозчиларнинг ишчилари ва қишлоқ жойларда яшовчи бошқа фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларини янада ривожлантиришга оид қўшимча тадбирлар тўғрисида"ги фармонидир. Бу фармонга биноан ҳар бир оилага 0,20, кўпчилик вилоятларда 0,25 гача томорқа ер участкалари ажратиш лозимлиги кўрсатилди. Агар Ўзбекистонда бутун ўтган 70 йил Совет ҳокимияти йилларида якка тартибда фойдаланиш учун 220 минг га ер участкаси берилган бўлса, ушбу фармондан сўнг аҳолига яна 370 минг га ер берилди ва унинг миқдори 590 минг гани ташкил этди. Шунингдек ердан фойдаланиш ҳуқуқини ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 21 январдаги "Иқтисодий ислоҳатларни янада чуқурлаштириш, хусусий мулкни ҳимоя қилишни таъмин этиш ва тадбиркорликни ривожлантириш чоралари тўғрисида"ги ва 1994 йил 24 ноябрдаги "Ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги фармонлари алоҳида аҳамият касб этади. Бу фармонларга кўра кўчмас мулк сотилганда шу мулк жойлашган ер участкалари ҳам сотилиши мумкинлиги белгиланди, биринчи марта ер фуқаролик айирбошлаш объекти доирасига киритилди.