logo

Сўнгги яқин ўн йилликларда Юсуф Сарёмий ҳаёти ва ижодининг ўрганилиши

Yuklangan vaqt:

09.09.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

178 KB
Сўнг г и яқин ўн йилликларда Юсуф Сарёмий ҳаёти ва ижодининг ўрганилиши Ў збек мумтоз адабиётининг энг кейинги даври ҳисобланган Х I Х асрнинг II ярми ХХ аср бошларини ўрганиш борасида талай ишлар қилинди . Айниқса , бу давр адабиётининг характерли хусусиятларидан бўлган маърифатчиликни тадқиқ этишда бир қатор ютуқлар қўлга киритилди . Бу борада А . Абдуғафуров , Ш . Юсупов , А . Жалолов каби эътиборли мутахассисларимизнинг тадқиқотлари буни кўрсатиб турибди . Шунингдек , бу давр адабиёти ижтимоий - фуқаролик мотивлари нуқтаи назаридан ҳам кенг текширилди ва текширилмоқда . Бу жиҳатдан профессор Б . Қосимовнинг тадқиқотлари характерли . Муҳими шундаки , Х I Х асрнинг II ярми ХХ аср бошлари ўзбек адабиётини тадқиқ этиш жараёнида кўплаб янги - янги номлар ўртага тушмоқда . Б . Қосимов юқорида тилга олинган « Излай - излай топганим » тадқиқотида мазкур даврда яшаб ўтган 70 дан ортиқ ижодкорнинг рўйхатини келтирган эди . Улар , муаллиф айтганидек , ҳаммаси ҳам бир хил мавқеи , бир хил ижодий тақдирга эга эмас , албатта . Лекин диққатга сазовор жойи шундаки , уларнинг аксарияти соҳиби девондирлар . Катта бир қисми эса бевосита даврнинг ижтимоий , сиёсий , маданий воқеаларида фаол иштирок этишган . Давр ижодкорлари ҳақида гап кетар экан , унинг адабиётшунослик фанимиз аллақачон эътироф этиб асарларини нашр қилган ва тадқиқотлар ёзган Муқимий , Завқий , Фурқат , Аваз каби вакиллари бўлганидек , Беҳбудий , Фитрат , Қодирий , Чўлпон каби замона зайли билан кейинги йиллардагина оммалаштирилаётган намояндалари ҳам бор . Истиқлол туфайли улар ижодининг кенг кўламда талқин ва таҳлил этилаётгани табиий ва қонуний ҳолдир . Бугун мустақиллигимиз шарофати билан яна бир туркум ижодкорларимизнинг ҳаёти ва ижоди тадқиқ этилиб асарлари нашрга тайёрланмоқдаки , улар сирасига биринчи навбатда Зиёвиддин Ҳазиний ва Юсуф Сарёмий кабилар киради . Замонасининг шоирлари ва шеър мухлислари орасида бениҳоя қадр ва эътибор топган ҳар икки шоир ўзбек диний - тасаввуф адабиётининг Х I Х асрнинг II ярми ХХ аср бошларида етишган олиймақом намояндалари эдилар . Агарда Беҳбудий , Фитрат , Чўлпон каби ўзбек жадид адабиётининг мумтоз вакиллари ўзларининг истиқлол ҳақидаги ғоялари билан шўро адабиётшунослиги андозаларига сиғмай ундан четда тутилган бўлсалар , Ҳазиний ва Сарёмий каби ижодкорлар асарларида диний ақидалар , сўфиёна - мистик ғояларга кенг ўрин берилгани туфайли адабиётимиз тарихидан суриб чиқарилган эдилар . Ниҳоят, адолат тикланиб, ҳақиқат қарор топиб халқимиз мустақилликни қўлга олгач, улар ўз мавқеларига яраша адабиётга қайтарилмоқда. Мана шундай шарт - шароитларда Юсуф Сарёмий ҳаёти ва ижодини ҳар томонлама ўрганиш ҳамда холис баҳолаш бугунги адабиётшунослик фанимизнинг кун тартибида турган масалаларидандир . Юсуф Сарёмий ҳали ҳаёт вақтидаёқ кенг халқ оммаси орасида танилган ва унинг ижодига бўлган эътибор кучайган эди . Шоир ижодига бўлган муносабатнинг натижаси ўлароқ , унинг асарлари ўша даврда тузилган қўлёзма ва тошбосма баёз - мажмуаларга (« Баёз » 1893, « Баёз » (1907), « Армуғони Хислат » (1911), « Баёзи Муҳалло » (1912), « Баёзи гулшани ашъор » (1912), « Баёзи Ҳазиний » (1912)) киритилади . Шу жиҳатдан мазкур баёзларга Сарёмий ижодий меросини тўплаш ва мухлисларга етказишнинг энг аввалги босқичи деб қараш мумкин . Юсуф Сарёмийнинг ҳаёти , ижодини ўрганишда энг муҳим ва асосий манбалардан бири таниқли таржимон , шарқ мумтоз адабиётининг нуктадони Муродхўжа домланинг Муҳаммад Солиҳ Қорахўжа ўғлининг « Тарихи жадидаи Тошканд » китоби қўлёзмаси сўнгги очиқ варақларига киритмаларидир . Бу киритмалар 4 варақ , 8 бетни ташкил қилади . Марҳум шарқшунос , китоб фидоийси Абдулла Носиров ( Носиҳий ) Тошкентда етишган маълум ва машҳур зиёлилар ҳақида маълумотларни йиғиб борганлиги маълум . Шулар қаторида Муродхўжа домланинг ҳам юқорида зикр этилган илова киритмасини алоҳида бир дафтарга кўчириб олган . Маълум бўлишича , Муродхўжа домла Юсуф Сарёмий қаторида ўн беш ижодкорнинг ( Муҳаммад Солиҳ Қорахўжа ўғли , Қафол Жоми , Акмалхонтўра , Улфат Собирбек Махдум , Алмаий , Дилкаш , Мираҳмадхон , Мискин , Камий , Сидқий Хондайлиқий ( Шавкат ), Ахтарий , Юнусжон Шиғовул ( Ғойиб ), Зарифқори , Фурқат , Тажаллий ( Деҳлавий ) номини тилга олади ва улар ҳақда ихчам маълумотлар бериб ўтади . Юсуф Сарёмийнинг оила муҳити , ёшлиги , замондош шоирлар билан муносабати , Кошғар сафари , истеъдоди қирралари , бадиҳагўйлиги , ҳажвга мойиллиги ҳақида ибратли мисоллар келтиради . Сарёмий ижодига бўлган эътибор унинг вафоти (1912-13) йиллардан кейин бир мунча ортди . 1914 йилда шоир Тавалло Сарёмий асарларини йиғиб , « Девони Мавлавий Юсуф Сарёмий » деб номланган мажмуа тузди . Бу ҳозиргача шоир ижодий меросини ўрганишда асосий ва ягона манба сифатида хизмат қилмоқда . Юсуф Сарёмий ҳаёти ва ижодини ўрганиш , унинг айрим асарларини оммалаштириш ишлари қисман собиқ ҳокимияти йилларида амалга оширилди . Сарёмийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги баъзи маълумотларни тўплаб , уни ўз тазкирасига киритган тадқиқотчи таниқли маърифатпарвар Пўлатжон Қайюмий бўлди . Қўқонлик бу машҳур адабиёт муҳиби Ю . Сарёмийни ўз даврининг истеъдодли шоирларидан шоири сифатида баҳолади ва унинг ҳаёти ҳамда ижоди ҳақидаги дастлабки маълумотни берди . 1945 йилга келиб Сарёмий асарларини оммага етказиш соҳасида ҳам бир мунча жиддий ишлар амалга оширила бошланди . Чунончи , Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Олим Шарафиддинов тузган ва 1945 йилда чоп этилган « Ўзбек адабиёти тарихи хрестоматияси » да Сарёмийнинг 4 та ғазали ҳамда 7 та таркиббанди берилади . Юсуф Сарёмий ҳаёти ва ижодини ўрганишда муҳим манбалардан бири Мўминжон Тошқиннинг « Тошкент шоирлари » тазкирасидир . Тазкира муаллифининг қайд этишича , асар Ойбекнинг таклифи билан ёзилган . Муаллиф ўзи кўрган ва яқиндан билган ўнлаб ижодкорлар ҳақида хотираларини ёзган ва уларнинг асарларидан намуналар келтирган . Юсуф Сарёмий тошкентлик бўлмагани учун у ҳақда махсус фасл йўқ . Лекин Сарёмий ўз даврининг хос шоири эди . Тошкентда тез - тез бўлиб турарди . Биргина Тошкент эмас , умуман Туркистон адабий - маданий ҳаётида катта мавқега эди . Қолаверса , Сарёмийнинг тошкентлик таниқли шоирлар Камий , Музтариб , Алмаий кабилар билан яқин алоқаси бор эди . Машҳур Тавалло унинг бевосита шогирди эди . Унинг тахаллусни ҳам Сарёмийнинг ўзи қўйиб берган эди . Юсуф Сарёмий ҳақидаги маълумотлар мазкур шоирларнинг биографияларига оид саҳифаларда тез - тез учрайди . Мўминжон Тошқин умуман олганда , Юсуф Сарёмийни шоир сифатида чуқур ҳурмат қилган ва ўзининг бошқа асарларида ҳам унинг номини тилга олиб ўтишга ҳаракат қилган . Масалан , « Турмуш уринишлари » асарида ёшлик йилларини эслар экан , Юсуф Сарёмий номини тез - тез тилга олади . 60-йиллар маданий адабий меросни ўрганишда маълум даражада олдинга силжиш йиллари бўлди. Бадиий ижодда А.Орипов, Э.Воҳидов, Ў.Ҳошимов, Ш.Холмирзаев кабилар номи билан характерланган ёш ижодкорлар пайдо бўлганидек, адабиётшуносликда ҳам, жадидчилик даврини ўрганиш, диний-тасаввуфий йўлда ижод этган шоирларни тадқиқ этиш кўзга ташлана бошланди. Энг муҳими, кўп асрлик ўзбек адабиётини «бой-камбағал» адабиётига бўлмай, яхлит ўрганишга уриниш тамойили кўзга ташлана бошланди. ЎзФА ташаббуси билан амалга оширилган тўрт жилди, етти китобдан иборат «Ўзбек адабиёти» антологияси бунинг яққол далилидир. Синчков ва ғайратли олим А.Абдуғафуровнинг Юсуф Сарёмий ҳаёти ва ижоди ҳақида умумий маълумот бериб, шоирнинг еттита ғазал, учта мухаммас, еттита таркиббанд ва девонга кирмаган учта қитъасини мажмуага киритганлиги Сарёмий ҳаёти ва ижодини ўрганишда муҳим босқич бўлди. 80-йиллардан кейин Юсуф Сарёмий ижодини илмий асосда ўрганиш бироз йўлга қўйилгандай бўлди. Бу борада адабиётшунослар С.Зуфаров, Э.Шодиев, Б.Валиевларнинг шоир ҳаёти ва ижоди тўғрисида умумий маълумот берувчи мақолалари эълон қилинди. Шу йилларда «Хурофотга ёв шеърият» деб номланган шеърий тўплам нашрдан чиқди. Тўпламга Сарёмий ғазалларидан айрим намуналар киритилганлиги шоир ижодини оммалаштириш борасидаги фойдали ишлардан бўлди. 90-йилларга келиб Юсуф Сарёмий ҳаёти ва ижодини ўрганиш ўзига хос янгича тус олди, анча ривож топди. Бу ўринда профессор Б.Қосимовнинг маълум хизматларини қайд этмоқ лозим. Унинг шоир ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ айрим масалаларни ўртага қўйиши ва адиб биографиясига аниқликлар киритишга уриниши, Сарёмий асарларини оммалаштириш соҳасидаги хизматлари Юсуф Сарёмий ҳаёти ва ижодий меросини ўрганишда, тарғиб этишда кейинги янгиликлардан бўлди. Шоирнинг 150 йиллик юбилейи муносабати билан ўтказилган тадбирга тайёргарлик даврида Сайрамда ҳам ўз юртдошлари ижодини ўрганиш ва сайрамликлар орасида кенг ёйиш борасида анча ишлар қилинди. Айниқса, М.Мирхолдоровнинг «Юсуф Сарёмий» китобчасининг босилиб чиққанлиги бу борадаги кўзга кўринарли ишлардан бўлди. Мираҳмад Мирхолдоровнинг мазкур рисоласи 27 саҳифали бўлиб, муаллиф шоирнинг ҳаёт йўли ҳақида қисқача маълумот беради ва 18 та шеърни эълон қилади. Сўз боши мақолада шоирнинг ҳаёт йўли, ижодининг умумий хусусиятлари ҳақида фикр билдирган. Шеърларидан ҳам яхшигина бир гулдаста танлаб илова қилинган. Тўғри, рисоланинг камчиликлари жуда кўп. Аввало, мақола ҳам илмий, ҳам ифода жиҳатидан жуда ночор ёзилган, илова қилинган шеърлар матн жиҳатидан анча ғализ. Шуларга қарамасдан, мазкур рисола шоир ҳаёти ва ижодини ўрганишдаги дастлабки уриниш деб қаралмоғи керак. У Юсуф Сарёмий ҳақидаги биринчи китобдир. Шу фактнинг ўзиёқ унга айрича аҳамият юклайди. Юсуф Сарёмийнинг ижодий меросини текшириш, илмий асосда чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш, кенг таҳлил қилиш ишлари профессор А.Абдуғафуровнинг кейинги илмий асарларида яна ўз тажассумини топди. Хусусан, муаллифнинг «Буюк бешлик сабоқлари» китобига кирган «Топилмаган ғазаллар» мақоласида Юсуф Сарёмийнинг «Бир неча гул барги қабо, яли-яли» мисраси билан ҳамда «Азалда ҳақ сани анвори зотинг айлади фош» мисралари билан бошланувчи мухаммас-тахмислари муносабати билан шундай фикр билдиради: «Х I Х аср иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида яшаб ижод этган йирик шоирлардан Юсуф Сарёмий ҳам «Хазойин ул-маоний» девонида учрамайдиган икки ғазални Навоийнинг асарлари сифатида бизга тавсия этади. Гап 1914 йилда шоирнинг шогирдларидан Тавалло томонидан чоп этилган «Девони Мавлавий Юсуф Сарёмий» таркибидаги икки тахмис устида бормоқда. Юсуф Сарёмий девонидаги ҳар иккала мухаммаснинг тепасига «Амир Навоий ғазалига мухаммас» деб аниқ ва махсус қайд этилганки, бу жуда муҳимдир. Гап шундаки, чиндан ҳам «Навоий тахаллусли бир неча ижодкор бўлган, аммо уларнинг бирортаси ҳам «Амир Навоий» бўлмаган». Кўрилганидек, Сарёмий мухаммаслари Навоийнинг икки ғазалини кашф этишга ёрдам бермоқда. Ўйлаймизки, Юсуф Сарёмий шеърияти ўзбек адабиётининг бундан бошқа ҳам факт ва материалларини аниқлашда ёрдам бера олади. Профессор А.Абдуғафуров мазкур мухаммасга асос бўлган «яли-яли» радифли ғазални ким томонидан яратилганлиги ҳақидаги мунозарани 60-йилларда ёзилган «Яли- яли кимники?» деб номланган мақолаларида ўртага ташлаган эдилар. Олим ушбу мақолада «мухаммасга қўйилган сарлавҳанинг ўзиёқ ғазалнинг Навоийга мансуб эканлигига ишора» эканлигини таъкидлайди ҳамда ҳали Сарёмий номи кўпчиликка маълум бўлмаган ва унинг ижодига паст назар билан қаралаётган бир пайтда шоир ижодига алоҳида эътибор бериб, унга биринчилардан бўлиб «Х I Х асрнинг II ярми ХХ аср бошларидаги ўзбек адабиётининг кўзга кўринган намояндаларидан бири» дея баҳолайди ва шоир ижодига ўқувчилар диққатини тортади: «Одатда бирор шоир томонидан ўзга бир шоир ғазалига боғланган мухаммас шу мухаммас боғловчининг оригинал асари сифатида қаралади. Худди шунинг учун ҳам мазкур мухаммас Юсуф Сарёмийнинг оригинал асари деб ҳисобланиши керак. Қўшиқ китобларида нашр этилган, радио орқали эшиттириладиган қўшиқ тексти ҳам ана шу мухаммаснинг – Юсуф Сарёмий мухаммасининг худди ўзидир». Мавжуд қилинган ишлар Юсуф Сарёмий ҳаёти ва ижодини ўрганишда дастлабки қадамлардир. Таассуфли жойи шундаки, Сарёмий ижоди шу пайтга қадар махсус ўрганилган эмас. Хуллас, Юсуф Сарёмий биографиясига оид маълумотлар, асосан, учта манба (П.Қаюмийнинг «Тазкираи Қаюмий», М.Солиҳхўжа ўғлининг «Тарихи жадидаи Тошканд»га ёзган тақриз ва илова, М.Тошқиннинг «Тошкент шоирлари»)да сақланиб қолган. «Тазкираи Қаюмий» муаллифи Сарёмий таржимаи ҳоли билан боғлиқ далилларни келтирган. Ижодий мероси хусусида эса унинг «Девон»ини тузиш тафсилотини баён қилиш билан кифояланган. Муродхўжа домла шоир талабалигининг илк даври, унинг «Бекларбеги» мадрасасида таълим олиши ва Тошкент адабий муҳитида тутган ўрни ҳақида маълумот беради. Уларнинг барчаси даража ва кўламидан қатъий назар шоир таржимаи ҳолини тиклашда муҳим аҳамиятга эга. ТАРЖИМАИ ҲОЛИ Шоирнинг исми Юсуф (халқ орасида «Мамаюсуф», «Маюсуф»), отасининг оти Абдишукур, Сарёмий эса тахаллуси нисбадир. Бутун ҳаёти Туркистоннинг қадим қасабаларидан Сайрамда кечган. Даврнинг эътиборли тазкираларидан Пўлатжон Қаюмийнинг «Тазкираи Қаюмий»да у туғилиб ўсган манзил ҳақида шундай маълумотга дуч келамиз: «Бу шоир асли туркистонли ўзбеклардан бўлиб атроф қасабаларидан Сайрамда туғулуб, Тошканд шаҳарида ўқимиш буюк фозиллардан... Юсуф Сарёмий деб машҳурдур. Ўз исмини тахаллус этмишдур». Маълум бўлишича, шоир ҳам «Юсуф» ҳам «Сарёмий» тахаллусларини ишлатган. Шеърларини кузатганимизда «Юсуфий» номи билан ҳам ижод этгани маълум бўлади. «Тошкент шоирлари» муаллифи Юсуф Сарёмийни ўз кўзи билан кўрган, бир неча бор унинг хизматида бўлган Мўминжон Муҳаммаджонов ҳам шоирнинг тахаллуси билан боғлиқ ушбу маълумотларни тасдиқлайди. Юсуф Сарёмийнинг туғилган йили ҳақида «Тазкираи Қаюмийда» ҳам Мўминжон Муҳаммаджоновнинг «Тошкент шоирлари» тазкирасида ҳам маълумот учратмадик. Кўпгина адабиётларда эса бу сана 1840 йил деб кўрсатилади. афсски, уларнинг ҳеч бирида ушбу сананинг олинган манбаи кўрсатилган эмас. Шоир девонига киритилган айрим шеърлар, жумладан, замондошлари томонидан ёзилган таърихлар Юсуф Сарёмийнинг туғилган йили ҳақида бироз бошқачароқ маълумотни ҳам ўртага қўйиш имконини беради. Масалан, Тошкентнинг эътиборли шоирларидан Каримбек Шарифбек ўғли Камий ёзади: Ўтуб кетти афсус даврони Юсуф, Тутуб мотамин қолди ахвони Юсуф. Етушганда етмишға умри азиз, Ажал охири тутти домони Юсуф. Кўринадики, Камий унинг 70 га кириб вафот этганини қайд этяпти. Шоирнинг 1332 ҳижрий (1912-1913 мелодий)да вафот этгани аниқ. (Барча марсияларда шу сана берилган). Демак, Камийнинг келтиришича, Юсуф Сарёмий етмишга етишганда «ажал домонини» тутган бўлса, 1262 ҳижрийда туғилган бўлиб чиқади. 1262 ҳижрий эса 1845-46 мелодийга тўғри келади. Шунга кўра шоирнинг туғилган йилини 1840 эмас, 1845-46 деб белгиламоқ керак бўлади. Бўлажак шоирнинг илк таълим, тарбияси ҳақида Муродхўжа домланинг «Тарихи жадидаи Тошканд»га ёзган тақриз-илова киритмасида шундай маълумотни учратамиз: «Ибтидоий маълумот ва сўнгги маълумотин Сарём ва Чимкентлардан олған». Шоирнинг замондошлари унинг Сайрамдаги «Қози Байзо» маҳалласида ўсиб вояга етганини хабар берадилар. Шоирнинг қабри ҳам худди шу ерда бўлиши бежиз бўлмаса керак. Бу маълумот «Тазкираи Қаюмий»да ҳам қайд қилинган. Ҳамонки, шоирнинг ёшлиги «Қози Байзо» маҳалласида кечган экан, унинг дастлабки таълим олган ўқиш жойи ҳам шу маҳалладаги мактаб бўлиши керак. Юқори мадраса таҳсили ҳақида айрим олимларимиз баъзи маълумотларни келтириб ўтадилар. Чунончи, профессор А.Абдуғафуров «Юсуф Чимкент ва Бухоро шаҳарларида ўқиган»лигини қайд этади. Афсуски, бу маълумотлар қаердан олинганлиги кўрсатилмаган. Манбалар ёш Юсуфнинг мактаб йилларидаёқ шеърга, ижодга кўнгил қўйганини маълум қиладилар. Жумладан, бўлажак шоирнинг кошғарлик Тажаллийга алоҳида меҳру муҳаббати бўлган экан. Ва унинг тажаллий билан учрашиш иштиёқи кутилмаган саргузаштлар билан боғланиб кетганлиги ҳақида Муродхўжа домла шундай ёзади: «Ёш чоғиндаёқ (Ю.Сарёмий-М.Т.) шеър айта бошлаған. Шеърлари Сарёму Чимкенту Тошкандда ҳар бир кимсалар орқали тарала бошлағон. Ёш йигитлик вақтида Кошғарга Тажаллий соҳибнинг балоғат ва фасоҳат ва шеърдаги иқтидорин эшитиб ўқумоқ ғаразинда бормоқни ният қилиб, йўлға чиқиб, Кошғар довонига яқин ерда унга қароқчилар тегиб талонилғонлиғин, қўлида бўлған бир мунча замондин бери машқ қилғон шеър тўпламлари ҳам олинғанлиғин манга зиёда афсусин баён айлар эди. Бу ҳозирги девондаги сўнгги тўплағон шеърлиғин баён қилар эрди». Бу вақтларда Чимкентнинг ўзида ҳам бир неча мадраса бўлган. бухорода эса бундан юз йил олдин 185 мадраса бўлган. бинобарин, Юсуф Сарёмийнинг бу мадрасалардан қайси бирида ва қачон маълумот олганлиги ҳақида қўлимизда аниқ ҳужжат йўқ. Бу ўринда яна бир фактни ҳисобга олиш керак бўлади. Сайрам Юсуф 17 ёшга тўлганида руслар томонидан забт қилинган эди. Тадқиқотчилардан бири шундай ёзади: «1862 йили ўрис босқини натижасида аҳолининг қирилиши ва катта бир қисмининг Қўқон хонлигининг ичкари қисмига кўчиши (асосан, Тошкент шаҳрига) оқибатида Сайрам катта қишлоққа айланди». Ҳар қандай ҳолда ҳам шубҳа йўқки, у дастлабки саводни Сайрамда олган. Сайрамлик М.Мирхолдоров ёзишича, 1864 йилда Сайрам аҳолиси шу ерда жойлашган ўрис отрядига ҳужум қилган ва унинг эвазига шаҳар аҳолиси қатлиом этилган. Ҳолбуки, шу даврда шаҳарда 50 дан ортиқ мадраса ва 56 та мачит бўлган экан. Сўнгроқ шоир Тошкент, Самарқанд, Қўқон, Бухоро шаҳарларига тез-тез бориб тургани маълум. Бу саёҳатлар давомида ушбу шаҳарлардаги олимлар, шоирлар билан танишади. Айни пайтда садоқатли дўстлар орттиради. Назаримизда бу сафарлардан илмий адабий мақсадлар билан бир қаторда рус босқини давридаги Қўқон хонлиги сарҳадига кўчирилган сайрамлик қариндошларни ҳам кўришни кўзда тутган бўлса ажаб эмас. Хуллас, Мўминжон Тошқин шоирнинг бу сафарлари ҳақида шундай ёзади: «Ҳар йили Юсуф Сарёмий Сарёмда от билан келиб шу Қосимхонтўра-Музтарибнинг меҳмонхонасига тушиб, 2-3 кун меҳмон бўлганидан кейин, отини шу тўраникига ташлаб, ўзи Бухоро, Самарқанд ҳам Фарғона шаҳарларига адабиётшунос ва ихлосманд одамларникига юриб кетар эди. Шоир Музтариб от боқар хизматкорига буюриб, Юсуфийнинг отини боқтириб семиртирар, келишига яна совутиб тайёрлатиб қўёр эди». Албатта, бу саёҳатлар ёш шоирнинг фикрий жиҳатдан бойиши, ижодининг ғоявий- бадиий юксалиши учун жуда катта таъсир кўрсатади. Айниқса, Юсуф Сарёмийнинг Тошкентга қилган саёҳатлари унинг ҳаёти ва ижоди учун катта аҳамиятга эга бўлди. Шоир ижодининг Тошкентга юзланиши оддий тасодифий ҳол эмас эди, албатта. Чунки, тарих саҳифаларидан маълумки, ўтган асрнинг 80-90-йилларига келиб Тошкентнинг ўша даврда ўлка ҳаётида тутган мавқеи баланд бўлган, яъни Тошкент сиёсий, иқтисодий, маданий марказга айланган эди. Кўп шоир ва зиёлилар каби Сарёмийнинг ҳам Тошкентга тез-тез келишидан мақсад, рўй бераётган янгиликлар, янги маданий, маънавий ҳаётни кўриш, идрок этиш иштиёқида, қолаверса, ўзининг ички маънавий талабларини қондириш эди. Сарёмий Тошкент даври ҳаётида худди шу каби Тошкентдаги ўзгаришлар, янгиликлар, айниқса, маданият ва маориф ўчоқлари бўлган мадрасалар билан манфаатдор шахс сифатида синчковлик ҳамда қизиқиш билан танишади, уларнинг кўпчилиги ҳақида васфий асарлар ёзиб, халқ орасида тарғиб этадики, бу эса шоир ҳаётининг Тошкент билан боғлиқ бўлган ўринлари ҳақидаги фикримизнинг далили бўла олади. Шоирнинг Тошкентга тез-тез келиб турган вақтлари унинг ижоди балоғатга етган даври эди. Шунинг учун ҳам Сарёмий бу ерда ўз даврасини жуда тез топди, жуда кўп ёру- дўстлар орттирди. Тошкент сафарлари уни шу юрт билан ундаги илғор шахслар – Камий, Хислат, Шавкат, Музтариб, Тавалло, Муродхўжа Солиххўжа ўғли, М.Тошқин каби шоиру илми фозиллар билан жиддий ва бир умрга боғлади. Юсуф Сарёмийнинг Муқимий билан танишуви ва дўстлашуви ҳам шу сафарлар оралиғида кечади. Тошкент бу икки юртнинг икки шуҳратли шоирини бир-бири учун кашф этади. Чамаси, Муқимий билан Сарёмий илк бора шоир Хилватий уйида учрашадилар. Бу давр адабий ҳаётини чуқур ва атрофлича ўрганган Собир Абдулла «Мавлоно Муқимий» деб номлаган бадиий лавҳаларида бу икки шоирнинг учрашувларини шундай тасвирлайди: «Шоир Каримжон Камий Муқимий билан ҳар доим бирга бўлиб ҳол-жонига қўймай уни Тошкентнинг ажойиб кишилари билан таништиради. Муқимий билан Камий ғиштин зина билан чиқиладиган Кўкалдошга кўтарилдилар ва жиловхонада кутиб ўтирган бир йигитга дуч келдилар. Бу йигит шоир Хилватийнинг ўғли Азко эди. Ҳужрага киргач, бир қоғоз чиқариб тутди: унда шоир Хилватий Муқимийни уйига таклиф қилиб, Сайрамдан Юсуф Сарёмий келганлиги, у киши Муқимий билан танишишга иштиёқманд эканлиги, эртага кеч ташриф буюрилишини илтимос қилган эди. Муқимий номани кўздан кечиргач, табассум билан Камийга узатди: -Мулла Каримжон бугун ўнг ёнимиз билан турган кунимиз экан, хурсандчилик! Ҳурматли Юсуф Сарёмий билан кўришишга бугун муяссар бўлсак, яна ҳам улуғ иш бўлган бўларми эди! - У кишини бугунга таклиф қилган эдик, бу кеч матбаа ношири Ғулом поччанинг уйларига мукаллаф эканликларини айтиб, эртанинг ваъдасини бердилар. Азкодан бу сўзни эшитгач, иккалалари баб-баравар кулиб юбордилар. Камий Муқимийнинг елкасига қоқиб, яна ҳам қаттиқроқ кулди: - Ўша улуғ иш бўладиган бўлди, Сарёмий билан ҳам эрта, ҳам бугун тўйиб суҳбатлашишимиз мумкин». Бу ерда машҳур кишилардан ёш Тўйчи Ҳофиз Шобарот, Шожалил, Солиҳ Ҳожи ва бошқалар ҳам бўлганлар. Шожалил, Шобаротларнинг ҳурматли Юсуф Сарёмий ғазалига айтган ушшоқлари, айниқса, Сарёмийнинг ўзи бу суҳбатга ҳол бўлиб тушганлиги Муқимийни ҳаяжонга солмай қўймас эди. Албатта, дўстлар суҳбати, шеър баҳси, ашула, куй шукуҳи турли хил масалаларга оид фикр олишувлар билан алмашиниб борарди. Самимий ва шоирона пок муносабатларга асосланган сайрамлик Сарёмий, қўқонлик Муқимий, тошкентлик Камийлар ўртасидаги бундай мустаҳкам дўстлик ҳамда ўзаро ҳурмат ва эътиқод уларнинг маслак ва мақсадларидаги, орзу интилишларидаги умумийликни кучайтиради. Шоирларнинг фикрий қарашлардаги ғоявий яқинлик эса, улар ижодида муштарак фикрларни, ҳамоҳанг сатрларни туғдиради. Бу сатрлар эса, бизга бу уч шоир ўртасидаги ҳамкорликни кўрсатувчи ва исботловчи асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилади. Чунончи, Муқимий, Камий, Сарёмийлар доимо адабий ҳамкорликни сақлаб, кўп ҳолларда бир хил мавзуда қалам тебратишган (айниқса, сатира ва юморда) бир- бирларининг ғазалларига мухаммаслар боғлашиб назиралар битишган. Каримбек Камийнинг «Мастона кўзларингдин кимга қилай шикоят» мисраси билан бошланувчи ғазалига Сарёмий боғлаган мухаммас бунга мисол бўла олади. Айниқса, Х I Х аср мумтоз адабиётимизда «Офарин» радифли шеър машҳур бўлган. Бу шеър биринчи галда ким томонидан қандай шаклда ёзилганини айтиш қийин. Лекин шуниси маълумки, турли шоирлар бир-бирларига назира қилиб, бир-бирларига жавобан ғазал, мухаммас ва бошқа шаклларда бир неча «Офарин»лар ёздилар. Булардан айниқса, Муқимий, Сарёмий, Шавқий, Нодим Намангоний ижодидаги «Офарин»лар характерлидир. Бу шеър Муқимийда мухаммас формасида келади: Минган саманди тез хиромингга офарин, Майли қилурға қатл, маромингга офарин, Тинмас ҳануз навбати жомингга офарин, Эй сарви ноз, лутфи каломингга офарин, Пинҳон рамуз бирла саломингга офарин... Шоиримиз Юсуф Сарёмий ҳам юқоридаги адабий ҳамкорликдаги дўстлари билан маслак бирлиги ва янги ижодий принцип учун олиб борилган курашни кўрсатиш жиҳатидан мумтоз шеъриятимизда мумтоз ўрин тутганлигини биргина «Офарин» радифли ғазалида ҳам кўриш мумкин. Ўз ижодида у иккита «Офарин» радифли ғазал ёзгани маълум. Лекин бизгача етиб келган ва шоир девонига киритилганини қуйида матлаъ ва мақтаини келтирамиз: Ул сарви қадди нозни кўрганлар айтур офарин! Шамшод юз таҳсин қилиб, бўстонлар айтур офарин! Ул меҳри йўқ бебок учун, чун субҳ бағри чок учун Юсуф юзи ғамнок учун, гирёнлар айтур офарин! Кўринганидек, Тошкентдаги адабий муҳит ва кенг ижодкорлар давраси Сарёмийга ҳар жиҳатдан катта таъсир кўрсатади. Бир сўз билан айтганда, Сарёмийнинг Тошкентда кечган ҳаёти уни фикрий жиҳатдан бойитади, ижодий тажрибада янада чиниқтиради. Шоир умрининг охиригача Тошкент билан алоқасини узмайди, кейинги юқори таҳсилини шу юртда давом эттиради. Бу даврда илм ва адабиёт аҳли Тошкентдаги Кўкалдош, Бекларбеги, Бароқхон мадрасалари ва талабалари атрофида уюшган эди. Муқимийнинг 1899, Фурқатнинг 1890 йилларда Кўкалдош мадрасасида бўлганликлари, Мискин (1880-1937), Музтариб (1858- 1944), Хислат (1880-1945), Шоҳмурод котиб Тиғбанди (1850-1922) кабиларнинг бу даргоҳда таҳсил олганликлари ушбу мадрасанинг баланд мавқеига далолатдир. Кўкалдошдан кейинги энг машҳур мадраса «Бекларбеги» эди. Афсуски, бу мадраса 30-йилларда бузиб юборилган. 1901-йилда бу даргоҳга ўқишга келган Мўминжон Тошқин хотирлашича, у эски Жўвада жойлашган. Ҳозирги маҳсидўзлик кўчасидан юқори кўтарилиб майдонга чиқиш билан унинг шимолдан жанубгача чўзилиб кетган 2 қаватлик биноси кўзга ташланар экан. Мадрасанинг катта дарвозаси кунботарга қараган бўлиб, унинг олдида текис катта саҳн бўлган. мадрасада тез-тез бедилхонлик бўлиб, унда ўз даврининг машҳур бедилхонлари: Исо Муҳаммад Имом Муҳаммад ўғли Гулшан (1840-1908), Роғибий (1835-1898), Мирий (1833-1916), Камий (1865--1922), Алмаий (1854-1892| 93), Азко (1870-1936), Хислат (1882-1945), Фунуний (1861-1932) кабилар фаол иштирок этардилар. «Бекларбеги»да машҳур бедилхон Шомаҳмуд Охунд (1903 йилда вафот этган, унинг ўрнига Баҳодирхон бош мударрис бўлиб тайинланган), Абдумалик Ҳожи каби мударрислар дарс берганлар. Замонасининг истеъдодли ижодкорлари Хатмий (1835-1908), Рамзий (1861-1943), Котиб (1858-1933), Камий (1865-1922), Ахтарий (Афандихон Махзум) (1870-1946), Хайёмий (1971-?), Тавалло (1882-1939), М.Тошқин (1883- ), Мирмуҳсин Шермуҳаммедов (1895-1929)лар шу ерда ўқиб чиққан эдилар. Шоир Камий, таржимон Муродхўжа ушбу мадраса ҳужраларида истиқомат қилганлар. Замонасининг машҳур олими ва шоири «Калила ва Димна»нинг таржимони Қори Фазлуллоҳ Алмаий ҳам бу ердаги илмий адабий давраларда тез-тез иштирок қилиб турган. Закий шеърпараст Юсуфий, профессор Б.Қосимов қайд этганидек, айниқса, Тошкентда қадр-иззат топди. Тошкентдаги «Бекларбеги» мадрасаси шоир ҳаёти ва ижодида муҳим роль ўйнади. Сарёмийнинг адабий маданий ҳаёт қайнаган «Бекларбеги» мадрасасига ихлоси баланд эди, шунинг учун бўлса керак, шоир кейинги таҳсилини ана шу мадрасада давом эттирди. Мадрасада шоир Юсуф ўз даврасини топди. Адабиётшунос олим А.Жалолов тўғри таъкидлаганидек, бу даврдаги тошкентлик илғор фикрли шоирлар Туркистоннинг бошқа шаҳарларида яшаб ижод этган қалам аҳллари билан жуда яқин адабий алоқада бўлганлар ва уларнинг ўртасидаги ижодий ҳамкорлик жуда самимий кечган. Жумладан, тошкентлик Каримбек Камийнинг мадрасадаги мўъжазгина ҳужрасига Сайрамдан Сарёмий, Қўқондан Муқимий, Самарқанддан Саидаҳмад Васлий, Хўжанддан Асирий каби шеър муҳиблари тез-тез келиб туриши билан бу кичкинагина ҳужра катта адабий мушоира-мусоҳаба уйига айланган эди. Ю.Сарёмий, Муқимий, Камий, Асирий, Хислат каби шоирлар ижодида камол топиб, ривожланган ғоявий бирлик, даврнинг баъзи масалаларига муносабатдаги яқинлик, дунёқарашларидаги баъзи умумийлик томонлари худди ана шундай адабий суҳбат ва адабий кечаларда шаклланган бўлса, ажабмас. Айниқса, бу даргоҳда тез-тез бедилхонлик, навоийхонлик бўлиб туриши давра ижодкорлари қаторида Юсуфда ҳам бадиий маҳоратни такомилга етказиш, ўтмиш устозлар меросидан ўрганиш мактаби вазифасини ўтаган. Мадрасадаги ана шундай адабий мажлис ва ижодий мушоиралар ҳақида Мўминжон Тошқин ўзининг «Тошкент шоирларининг таржимаи ҳоллари» қўлёзма асарида шундай ёзади: «...Булар (қалам аҳллари-М.Т.) Бедил билан бирга Навоийнинг «Хамса»си, «Чор девон»и Умархон ва унинг даври шоирларининг девон ва пароканда шеърларини ўқишиб адабий дарслар олар ва адабий-илмий савияларини оширар эдилар». Сарёмийнинг Навоий, Фузулий, Амирий ва бошқа устоз шоирларнинг ғазалларига тахмисларининг кўпчилиги шу йилларда ёзилган деб тахмин қилиш мумкин. Чунки бу адабий суҳбатлар, адабий мажлислар ҳар бир ижодкор учун яхши самара бериши табиий, албатта. Дарҳақиқат, «Бекларбеги» мадрасаси ва у ердаги адабий муҳит Юсуф Сарёмийнинг ижодий камолотга эришувида айрича аҳамият касб этди. Шоир Сарёмий ўткир хотираси билан, шеър айтувга бўлган иқтидори ва бадеҳагўйлиги билан адабий мажлисларни жонлантирар ва мажлис аҳлларини ҳайратга солар эди. Мадраса таҳсили кезларида Сарёмийни кўрган ва кўп бора суҳбатлашган Муродхўжа домла шунга алоқадор бўлган бир воқеани шундай ҳикоя қилади: «Мажлисда (Сарёмий-М.Т.) бадеҳатан айтарди. Ва хотири жуда тез эрди. Бир кун баҳор айёмида фақирнинг ҳужрасинда мадрасаи Бекда бир қанча шоирлар билан ўлтурушга намзуда Юсуф домла гоҳ ота мозорига саёҳат ва зиёрат билан бормоқимизни ташвиқ айлаб сўради. Мунча ул тарафга жўнадук. Йўлда чархчи кўчада ҳовлиси бор фақирнинг хешларидин бўлмиш Саидакбархон навжувонни чақириб бирга боришиимизни фақирдан сўради. Фақир унинг ҳовлисин чақириб кўрсам ҳовлисидин бир бола чиқиб «Акам чафалакка кетганлар» деди. Шул онда Мавлоно Юсуф бадеҳатан шеър: Биз келссак экан, кетган эканлар чафалакка, Раҳм айламайин бир неча биздек кафалакка. Ушбу радиф ва баҳрда кўчада йўлда бир ғазал айтиб тамомлади.йўлдаги ҳамроҳлар Камий, Зилолий ва Олимий деган шоирлар Мавлононинг иқтидорига ҳайрон қолдилар». Юсуф сарёмийнинг шеърлари орасида ана шу «Бекларбеги» мадрасаси ҳақидаги шундай ғазали учрайди: Рашки равоқи жаннат гар бўлса ёр манзар, Азбаски дилкушодир фасли баҳор манзар. Кўрсам юзи қуёшлар, ўйнар кўзимда ёшлар, Сайри чаманға бошлар ул гулузор манзар. Қўлда китоби нози, юз шамъи жон гудози, Ўлтурмак анга бози рахлолазор манзар...(47-б.) Шеър шу тахлит давом этади. Шоир мадраса ва унинг мужтаҳид талабаларини анъанавий рангин сербўёқ чизади. Ундаги илмий-ижодий муҳитга илоҳий тус беради. 1903 йилда «Бекларбеги»нинг машҳур бош мударриси саксондан ошган «Ҳазрати домла» Шомаҳмуд охунд вафот этади. Шундан кейин унинг ўрнига кадубод (ҳозирги Қорасарой) маҳалласидаги Баҳодирхон махзум «биринчи мударрис» бўлиб келади. Уни «Бухоронинг ярим илмини олиб келган» дер эдилар. Ўз илми билан машҳур бўлган Баҳодирхон «Бекларбегига» келгач, мадрасада «ўқувчи-муллабаччалар» кўпайиб кетганлиги, ҳатто шоир Камийга жой етмасдан зах ҳужралардан бирида қолиб кетганлиги маълум. Баҳодирхон «Бекларбеги»да 7 йил бош мударрислик қилади. 1327 ҳижрий йилда (1910 йилда) у вафот этади. Юсуф Сарёмий унга бағишлаб марсия ёзади. Ушбу марсия шоирнинг девонида «Тарих барои фавтиин марсия ҳазрат Баҳодирхон Махдум Тошкандий мударриси Бекларбеги» сарлавҳаси остида берилади. Шоир эътиқодича, «муфассиру муҳаддису мударрис» Баҳодирхон Махдум илмнинг чироғи, фалакнинг қуёши эди: Баҳодирхони махдуми мударрис, Чароғи илму хуршиди фалакрой. Аторуд хомаи дониш сурайё Шуои илму фазлу чархи фарсой... «Вужуди шамъ», «Жисми олами фазл» бўлган бундай «маъдани илм»нинг «қазодин туфроқ аро жой» бўлганлиги, айниқса, толиблар учун оғир бўлади: Бу ҳасрат бирла толиблар кўзидин Тўкулган ёшидин олам бўлиб лой... Юсуф Сарёмий ҳақида замондошлари камоли эҳтиром билан ёзишларига қараганда, (шоирлар адади саналганда кўпинча унинг номи билан бошлайдилар) у фақат шеъриятдагина эмас, илм, фанда ҳам ўз даврида катта эътиборга эга бўлган. Тахмин қилиш мумкинки, у биргина мадраса таҳсили билан чекланиб қолмаган, мунтазам хусусий мутолаа билан шуғулланган. Навоийхонликлар, бедилхонликлар унинг учун мадраса таҳсилидан кейинги таҳсил эди. Юсуф Сарёмийнинг қачондан бошлаб бадиий ижод билан шуғулланганлиги ҳақида бир нарса дейиш қийин. У ҳеч қачон ўзига шоирликни касб қилиб олган эмас. Ҳар қандай чинакам ижодкор сингари бирор воқеа-ҳодиса таъсир қилганида бу муносабат кўпинча шеър ҳолида юзага чиққан. Шоирнинг жуда кўп шеърлари мумтоз адабиётимизнинг маълум ва машҳур намояндаларидан таъсирланиш, илҳом олиш, жавоб қилиш зарурати билан туғилган. Айни пайтда туорли ҳодисалар, масалан, яқин кишиларининг ёки бирор масжид, мадраса, меҳмонхона каби қурилишлар ҳақида ҳам таърихлар, марсиялар ёзган. Юсуф Сарёмийнинг моддий турмуш шароити тўғрисида тўхталсак, у гарчи «расмий вазифаларда ишламаган», «доимий даромад»га эга бўлмаган бўлса-да, узлуксиз меҳнат билан кун кечирди, унинг маълум даромад манбалари бор эди. Шоирнинг тирикчилик манбалари ҳақида сўзлаганда, биринчи навбатда, унинг хаттотлик-котиблик ҳунарини эгаллаганини тилга олиш керак, албатта. Санъат даражасига кўтарилган бу ҳунар Сарёмий замонасида-матбаачилик ишлари йўлга қўйилмаган бир даврда шу касб эгасига тирикчилик манбаи сифатида хизмат қилган. Шунингдек, Муҳаммад Юсуф учун ҳам хаттотлик асосий касб ва тирикчилик йўлидаги асосий даромад манбаи эди. Юсуф Сарёмий бу касбни пухта эгаллайди, хатто бу даврда «Юсуф хаттот» деб ном чиқаради. Хаттотликдан ташқари Сарёмий оила тебратиш йўлида косибчилик, муҳрдорлик касби билан ҳам шуғулланар эди. Чунки хаттотликдан келадиган даромад, хатто фақирона тирикчилик ҳаражатларини ҳам қопламас эди. У ҳар бир ҳунарини ўзига хос моҳирона усталик билан ижро этарди. Шоирни ўз кўзи билан кўрган замондошларидан машҳур ўқитувчи ўспиринлик кезларида бир неча бор учрашган, асарларини оққа кўчиришга ёрдам берган Икромжон ота Ҳасанжонов шундай хотирлайди: «Дўкондорлардан бирортаси қўйиб берган курсига ўтирганча мўъжаз болқачаси билан кун бўйи ҳожатмандлар исмини тахта тагликка нозик асбобларда ўйиб муҳр ясаб берар эди. У кезларда Сайрамда саводхонлар кам учрар эди. Хатто қўл қўйишни билмайдиган кишилар шахсий муҳр буюришар эди. Юсуф Сарёмий ҳажвгўй, ҳозиржавоб бўлганлиги учун ҳажв бўлмаслик ҳушомадида одатда, зиқна бой савдогарзодалар отдан тушиб шоир қўлини олиб ўтишарди. Уларни ёқтирмайдиган Сарёмий «қўл олишлар» безорижон қилганида ишдан чарчаган панжаларини ёзиб киноя қилиб: «Бу қўл бир панжшоха. Уни олиб қийналма. Ундан кўра дўкондор офтобасига бир танга ташла, тирикчилик қозони қайнасин!» дея жавоб қилар эди. Икромжон ота фикрини давом эттириб, шоирнинг шаклу шамойили, шахсияти ҳақида шундай тўхталади: «Юсуф Сарёмий баланд бўйли, қорамағиз, юзи ўртача тўлаликдаги, ҳозиржавоб, нозиктаъб, ним жилмайиб сўзловчи сиймо эди. Маюсуф домла жуда одамохун киши бўлганлар. Унинг суҳбатига ҳамма муштоқ бўларди. У иштирок этган чойхона суҳбатида қатнашишга кўплаб интиқ бўларди, суҳбат қизиб одамлар тўлиб кетарди. Кенг яғринли, гавдали, қоракўз, қорақош, қизилмағиз юзли, кенг пешонали домлага ихчамгина салласи жуда ярашиб турарди». Мулла Икромжон домла Ю.Сарёмийнинг хаттотлик санъатини мақтаб: «Устознинг дастхати жуда чиройли эди» деб қўшиб қўяди. Шоирнинг шахсий ҳаёти ҳақида айрим маълумотлар тадқиқотчи Сафо Зуфаровнинг «Шоир ва тарихчи» мақоласида учрайди. Маълум бўлишича, Юсуф Сарёмий уч ўғил кўрган: Маъди махсум, Маъдазим махсум, Фазлуллоҳ. Лекин кўрганимиздек, Абдулла Маъдиев ушбу шажарада Юсуф Сарёмийнинг кичик ўғли Фазлуллоҳнинг номини Саъдулла деб келтиради. Шоир девонида эса унинг ўз ўғли вафотига бағишланган «Марсияи писар Фазлуллоҳ ном» («Фазлуллоҳ номли ўғил марсияси») деган шеър бор. Шунга қараганда, ўғилларидан бирининг – кенжасининг исми Фазлуллоҳ эканлиги ҳақиқатга яқинроқдир. Фазлуллоҳ 1909 йилда оғир касалликка чалиниб эрта оламдан ўтади. Албатта, бу оғир жудолик Сарёмийга жуда қаттиқ таъсир қилади. Отанинг фарзанд доғида куйиб ўртанишлари марсияда кенг ва атрофлича ўз ифодасини топган. Шеър ҳажман катта. 40 мисрани ташкил этади. Тубанда парча келтирамиз: Баҳор умри хазон бўлди, оҳ қани писарим, Узилди нахли ҳаётимни шохидин самарим. Қариғонимда бу баргларни мотамдин Нетай, қадим букулуб синди дўстлар камарим... Илоҳо, Юсуфийға раҳматинг қапусини оч, Атоу лутфу карам бирла, эй ғафуру раҳим. Бўлди таърихи фавти Фазлуллоҳ: Сайри боғи жинон бепоён. 1327 ҳижрий (1909 мелодий) Қатор яқин кишилардан бирин-кетин айрилиб, (шу йилда (1909) мударрис Баходирхоннинг вафот этиши) маънавий, руҳий азобларда яшаганлиги унинг асарларида турли даража ва шаклларда ўз шамойилини топади. Бу эса адибнинг таржимаи ҳолини тиклашда, ижодкор сифатида унинг шахсиятини, дунёқарашини белгилашда катта аҳамият касб этади. Масалан, шоирнинг қуйидаги мисраларига эътибор беринг: Керак сабр айламак гар етса даврон аҳлидин кулфат, Ҳаётинг шод ё ғамлик магар билғил улуғ неъмат, Вафо омез, меҳрангез бўлғил, бўлма бадтийнат, Санга оғу ичирганларга бергил шаҳддин шарбат, Жаҳон аҳлини қаддин бор миннат бирла хам қилма... Бундай мунгли оҳанглар акс этган асарларда шоирнинг шахсий қиёфаси, фикр-ўйлари намоён бўлади. Қарангки, «бошиға кулфат, ғам қушлари ошён» тутган, моддий ва маънавий жиҳатдан кўп «ситам»ларга учраган шоир, айни пайтда «кўнгул кўп нола қилма, дам-бадам оҳинг алам қилма» дея шахсий омадсизлигидан нолиш даражасидан юқорига кўтарила олади, инчунин, у «оғу ичирганларга шаҳддин шарбат» бериб, вафосизларни вафо, меҳрсизларни меҳр, бадфеълларни чиройли ахлоқ билан енгиш кераклиги ҳақидаги ғояларини илгари суради. Шоирнинг мана шундай характерли шеърлари девонда кўп учрайди. Бу эса, шоирнинг оғир турмушини, характеридаги баъзи бир томонларни, қолаверса, исломий талаб ва кўрсатмаларга сидқидилдан риоя қилган баркамол мусулмон инсон бўлганлигини кўрсатувчи ишончли бир ҳужжат, дейишимиз мумкин. Шоир Сарёмий 1332 ҳижрий – 1912 мелодий йилда ўз қишлоғида вафот этди. Қабри Қози Байзовий мақбарасининг шимол томонида. Пўлатжон Қаюмий шоирни 1913 йилда вафот этган деб кўрсатади: «... Мавлоно Юсуф Сарёмий Сайрам қасабасинда нашъу намо этиб, қасабанинг маъруф жойи бўлмиш, «Қози Байзо» номли мозор маҳаллада, шул мозоргоҳ ёнида яшаб ва шунда 1913 йилда вафот этиб, шул мозор қабристонига дафн этилмишдур...» Мўминжон Тошқин эса «Тошкент шоирлари» қўлёзма асарида 1912 йилнинг ёзида (июнь ойида) Чимкент, Сайрам, Авлиё отадаги улуғ авлиёларни зиёрат қилиш ва Юсуф Сарёмий руҳига фотиҳа ўқиш учун Каримбек Камий билан биргаликда Авлиё отага саёҳат қилганлигини шундай хотирлайди: «Шу йил (1912 йил, июнь ойи) машҳур шоир Юсуф Сарёмий вафот қилган эди. Шунга фотиҳа қилмоқ учун 23 июнда Сайрамга бориб шоир Камийнинг поччаси Мирмақсудбойникида меҳмон бўлдик. Эртасига Юсуф Сарёмийнинг уйига бориб унинг руҳига фотиҳа қилдик. (Бизни-М.Т.) У кишининг фақир ҳолдагикосиб ўғли кутиб олди. Шоирнинг катта бир девонини кўрсатди. Сарёмий русча, ҳам ўзбекча муҳр ўяр экан, кўргач билдик. Сарёмда ҳам бизни бир неча кишилар меҳмон қилиб чопон кийгизишди». М.Тошқиннинг мазкур хотираси масалага аниқлик киритишга ёрдам беради ва шоир 1912 йилнинг биринчи ярмида вафот этганлигига ашёвий далил бўлиб хизмат қилади. Адабиётимиз тарихининг кемтик жойларини тўлдириш учун доим ҳаракат қилган, ҳар қандай пайтда ҳам унинг жонкуяри ва тарғиботчиси бўлган машҳур шоиримиз Мақсуд Шайхзоданинг 1965 йил апрель ойида Сайрамга қилган сафари ҳамда сайрамликлар билан бўлган учрашувда Сарёмий ҳақида айтган сўзлари жуда аҳамиятлидир: «Мен узоқ чўзилган шеър тўйида саҳнада ўтириб, гўё яна бир шоир бу ерда биз билан мажлисда қатнашаётганлигини сезгандай бўлдим. Бу ўтган асрнинг ўрталарида туғилиб, асримизнинг бошларида вафот этган ажойиб шоир ва ҳаким, ўзининг фузулиёна ғазаллари билан ўзбек шеъриятига буюк ҳисса қўшган Юсуф Абдишукур ўғли Сарёмий эди. Сайрамликларнинг шеърга шунчалик ихлосманд бўлганликларини кўрганимда ва шеърий сўзнинг улуғвор қудратига шоҳид бўлиб ўтирганимда мен раҳматли шоирнинг сўз қудрати ҳақидаги шу байтларини ўзимда ёддан зикр этиб турардим: Фикр боғида гули рашки гулистон келди сўз, Равнақ афзойи риёзи гулшани жон келди сўз. Эл аро гавҳар атаб бир тошни дер қадрли Нуктадон доно қошида дурри ғалтон келди сўз... 1989 йилда шоир қабри қайта тикланди ва унга рамзий китоб шаклидаги мармар тош ўрнатилди. Қабрга қўйилган мармар тошга қуйидаги сўзлар ёзилган: Юсуф Абдишукур ўғли Сарёмий 1840-1912. 1990 йилда эса Юсуф Сарёмий таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланди. Ушбу юбилей Чимкент вилоятининг Сайрам туманидаги ўзбек маданияти маркази ташаббуси билан тантанали ўтди. Юбилейга атаб «Юсуф Сарёмий» китобчаси чиқарилди. Унда Сайрам туманидаги ўзбек маданияти маркази ҳаъатининг аъзоси М.Мирхолдоровнинг сўзбошиси ва шоир ижодидан намуналар берилган. Бу профессор Б.Қосимов тўғри таъкидлаганидек, шоирнинг кейинги 73 йил ичида чиққан илк тўпламидир. Юсуф Сарёмийнинг ҳаёт йўли эндигина ўрганилмоқда. Юқорилардан маълум бўлганидек, унинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ кўпгина фактларни аниқлаш олдинда турибди. Лекин, ўйлаймизки, ҳозирча, маълум бўлган маълумотлар ҳам унинг қизғин ва мураккаб, айни пайтда самарали ҳаёт йўлини тасаввур этишимизга ёрдам бера олади. Юқоридаги тарихий ва илмий асарлар, замондошлари ва яқин қариндошларининг хотираларига асосланган ҳолда Юсуф Сарёмийнинг илмий биографияси ҳақида шундай хулосага келиш мумкин: Юсуф Сарёмий Қозоғистоннинг Чимкент вилоятидаги Сайрам шаҳрида туғилган. Унинг ёшлик йиллари шу шаҳарнинг «Қози Байзо» маҳалласида кечган. Дастлабки таълимни Сайрам ва Чимкент шаҳарларида олган. Шу даврларда шеър ёза бошлаган. Сарёмийнинг таниқли шоир бўлиб етишувида ҳаётининг Тошкент даври муҳим аҳамият касб этади. У «Бекларбеги» мадрасасида таҳсил олиш билан бир қаторда Тошкент адабий муҳитининг етакчи вакиллари – Камий, Хислат, Шавкат, Музтариб кабилар билан ижодий ҳамкорлик қилди. Ҳатто Таваллодек истеъдодли шогирдлар ҳам етиштирди. Манбаларда шоирнинг Бухоро, Самарқанд, Фарғона шаҳарларига саёҳат қилгани, у жойлардаги адабиёт муҳиблари билан алоқада бўлгани ҳақида мухтасар айтилса-да, бу ҳақда кенгроқ маълумот олиш мумкин бўлган манбаларни ҳали учратмадик. Бироқ, Сарёмий Қўқон адабий муҳитида юксак мавқега эга бўлган шоир Муқимий билан Тошкентда учрашиб, адабий ҳамкорлик қилгани маълум. Сарёмийнинг уч ўғли бўлиб, (умр йўлдоши ва ўзи билан бирга), шоир беш жондан иборат оиласини хаттотлик, муҳрдорлик, косиблик ҳунарлари билан моддий жиҳатдан таъмин этиб турган. Бизгача эълон қилинган мақолаларда Сарёмийнинг туғилган йили 1840 тарзида кўрсатиб келинган. Биз айрим манбаларга таяниб, хусусан, уни яхши билган Каримбек Камийнинг шоир вафотига бағишланган «таърихи»даги ишорага асосланиб, Сарёмий ҳаёти саналарини 1845-1912 деб белгиладик.