logo

«Маҳбуб ул-қулуб» ёзилиш тарихи мавзу доираси тузилиши бадиияти

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

24.32421875 KB
«Маҳбуб ул-қулуб» ёзилиш тарихи мавзу доираси тузилиши бадиияти Режа: 1. «Маҳбуб ул-қулуб» ёзилиш тарихи 2. «Маҳбуб ул-қулуб мавзу доираси, тузилиши, бадиияти Алишер Навоийнинг умри охирларида ёзилган энг ажойиб асари «Маҳбуб ул-қулуб» (Кўнгиллар севгилиси)дир. Асар 906 ҳижрий – 1500 мелодий йилда ёзилган: Бу номағаким, лисоним ўлди қойил, Килким тили ҳар навъ эл ишига ноқил. Тарихи чу «хуш» лафзидин ўлди ҳосил Ҳар ким ўқуса, Илоҳо, ўлғай хушдил. (МАТ, 20 томлик, 14-том, 130- бет). «Хуш» сўзининг араб алифбосидаги шакли абжад ҳисобида 906ни ифода этадики, бу милодий 1500 йилга тенгдир. «Маҳбуб ул-қулуб» кириш, уч қисм ва хотимадан иборат. «Кириш»да асарнинг ёзилиш сабаблари ниҳоятда аниқ ёритилган. Маълумки, бу асарни ёзаётганда муаллиф ҳижрий ҳисобда 62 ёшда (туғ. 844 ҳ.- асар ёзилган йил 906 ҳижрий) эди. Бу умр давомида у қанча-қанча лавозиму мансабларни кўрди, не-не ишларни амалга оширмади, юксак мавқедаги бадиий-илмий асарлар яратди, ҳам шахс ҳамда мутафаккир, шоир, носир сифатида катта ҳурмат ва эҳтиромларга сазовор бўлди. Шундай бўлса-да, «Маҳбуб ул- қулуб»нинг «Кириш» қисмида ўзи ҳақида шундай ёзади: «фуқаронинг гадойи, ғаройиб мастураларининг чеҳракушойи ал-фақир ул-ҳақир Алишер ал-мулаққаб б-ин-Навойи (ғаффара зунубиҳи ва саттара уюбиҳи – Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиб, айбларини бекитсин) мундоқ арз қилур ва адосин ўзига фарз билур…» (МАТ, 20 томлик, 14-том, 8- бет). Бунда жуда катта маъно ва мазмун бор, Алишер Навоий умри давомида орттирган ҳаётий тажрибалардан чиқарган ниҳоятда теран фалсафий хулоса бор. Бу хулоса шундан иборатки, инсон ҳаёти давомида қандай лавозиму мансаб, бойлик ва ҳашаматга эга бўлмасин, барибир у «ал-фақир ул-ҳақир» - оддий инсон – бандадир. Бас шундай экан, Алишер Навоийнинг ёзишича, «фақирнинг (Алишер Навоийнинг) тажрибаси аларға бас бўлғай». Токи бу тажрибалар китобни ўқиганларга сабоқ бўлиб, улар ўз ҳаётлари, фаолиятларини шундан келиб чиқиб ташкил этсинлар. Бунда Алишер Навоий улуғ бир мураббий – келгуси авлодларга мурожаат қилиб, уларнинг комил инсон бўлишларини истаган буюк сиймо сифатида яққол гавдаланиб туради. Демак, «Маҳбуб ул-қулуб» - келажакнинг баркамол авлодларини етиштиришни назарда тутиб ёзилган дастур ул-амал моҳиятига эга бўлган асардир. Алишер Навоийнинг ўзи ҳам «кириш» қисмини қуйидаги сўзлар билан якунлангани бу фикрларни тасдиқлайди: «Умид улким, ўқуғувчилар диққат ва эътибор кўзи била назар солғайлар ва ҳар қайси ўз фаҳму идрокларига кўра баҳра олғайлар. Битигувчига ( яъни Алишер Навоийга) ҳам бир дуо била баҳра еткургайлар ва руҳини ул дуо футуҳи била севундургайлар». (МАТ, 20 томлик, 14-том, 11-бет). Алишер Навоий «фақирнинг тажрибаси» деб айтганда нималарни назарда тутган эди? Бу саволга «Маҳбуб ул-қулуб»нинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида баён этилган мулоҳазалар жавоб бўлади. Асарнинг биринчи қисми «Халойиқ аҳвол ва афъол ва ақволининг кайфияти» (турли табақа кишиларининг аҳволи, феълу атвори ва сўзлари кайфияти) деб аталиб, қирқ фасл (бўлим)дан иборат. Мазкур қисмда жамиятдаги турли тоифага мансуб кишилар фазилатлари ва энг муҳими, уларнинг қандай бўлишлари керак ва қандай бўлмасликлари даркор каби масалалардан баҳс юритилган. Шуниси ҳам борки, ҳар бир тоифа ҳақида сўз борар экан, улар умумлаштирилган тарзда тилга олинадилар. Жумладан, одил подшоҳ, исломпаноҳ беклар, золим подшоҳ, вазирлар, аскарбошилар, шайх ул-ислом, қозилар, муфтилар, мударрислар, табиблар, шоирлар, котиблар, мактаб ўқитувчиси, имомлар, ҳофизлар, мутриб ва муғаннийлар, қиссахонлар, воизлар, мунажжимлар, тижорат аҳли, олиб сотарлар, косиблар, миршаблар, деҳқонлар, ятим, бенаво, гадолар, қушчилар, навкарлар, кадхудо ва хотинлар, фирибгар шайхлар, риндлар, дарвешлар ва бошқалар. Кўринадики, Алишер Навоий ўша даврдаги ижтимоий гуруҳларнинг барчаси, яъни умри давомида турли хилда бевосита мулоқотда бўлганлар ҳакида ўз кузатишлари, бошқача қилиб айтганда, тажрибалари натижаларини баён этган. Бу баёнда Алишер Навоий истаганлар ва истамаганлар ўз ифодасини топган. Алишер Навоий истаганлар – одил шоҳ, раҳм-шафқатли амиру амалдор, билимдон мударрис, табиблар; ишбилармон ва инсоф-диёнатли тожирлар, халқнинг ризқ-рўзини етиштирувчи деҳқонлар, қўли гул ҳунармандлар… Шунинг учун Алишер Навоий одил подшоҳга бағишлаган биринчи фаслни шундай бошлайди. «Одилу оқил подшоҳ ибодуллоҳга зиллиллоҳ… Одил подшоҳ Ҳақдин халойиққа раҳматдур ва мамоликка мужиби амният ва рафоҳият…» (МАТ,20 томлик, 14-том, 12-бет). Фаслнинг давомида подшоҳнинг одиллиги туфайли мамлакатда ҳар жиҳатда ободонлик, тинчлик- осойишталик, фаровонлик бўлажаги ниҳоят кўтаринки руҳда баён этилиб, охирида замон подшоҳи Султон Ҳусайн Бойқаро ана шундай фазилатларга эга деган мазмундаги маснавий келтирилиб, у шундай якунланади: Келиб айни инсону инсони айн, Жаҳон вориси Шоҳ Султон Ҳусайн. Ки то бўлса гардунға давворлиқ, Анга боқий ўлсун жаҳондорлиқ. Халойиққа бу шаҳдин ўлсун нишот, Даме бўлмасун холи андин бисот. (МАТ, 20 томлик,14-том,13-бет). Иккинчи томондан, халқнинг ризқу рўзини таъминловчи, подшоҳлар хазинасини тўлдирувчи деҳқонлар ҳақида шундай илиқ ва самимий ёзиладики, булар Алишер Навоийнинг бу тоифага нисбатан бўлган ҳурмати ва эҳтиромини ҳам ифода этади. Алишер Навоий тасвирига кўра, бу тоифа бошқаларга намуна ва ибрат бўлувчи тоифадир, чунки у фақат одамларни эмас, балки оламдаги барча жонли мавжудотни (қушлар, ҳайвонлар…) ўз меҳнати натижасидан (хусусан, ғаллачилик мисолида) баҳраманд этади: «Деҳқонки дона сочар, ерни ёрмоқ била ризқ йўлин очар… Деҳқонки, тузлук била дона сочар, Ҳақ бирига етти юз эшигин очар. Сочқон дона кўкаргунча, ўруб хирмон қилиб, маҳсулин кўтаргунча қурту қуш андин баҳраманд ва дашт вуҳуши (ваҳший ҳайвонлари) анинг била хурсанд. Мўрлар (чўмолилар) уйи андин обод ва гўрлар (дашт ҳайвони) хотири анинг била шод. Кабўтарларға андин мастлиқ, тўрғайларға андин нишотға (хурсандчиликка) ҳамдастлиқ. Ўроқчиға андин рўзий, бошоқчининг ёруб андин кўзи. Барзагарга (деҳқон, ерга дона сепучига) андин ком (мурод) ҳосил, пуштакашға (ўрилган ҳосилни орқасига юклаб ташувчига) андин мурод ҳосил. Гадо андин тўқ, кадхудо (уй бошлиғи) тўқлуғи ҳам андин- ўқ. Мусофирға андин таом, мужовирға андин ком. Итмакчи (наввой) танури андин қизиқ, аллоф бозори, андин илиқ…» (МАТ,20 томлик, 14-том,37-бет). Биз Алишер Навоийнинг деҳқонлар ҳақида (32- фасл) ёзганларидан айримларини келтирдик, холос. Шунинг ўзи деҳқоннинг ижтимоий ҳаётда тутган мавқеи ва унинг жамият олдидаги улкан масъулиятидан ҳам гувоҳлик беради. Демак, Алишер Навоий ана шундай юксак мақом ва масъулиятга эга бўлган деҳқонларни ҳамиша ардоқлаш лозимлигини назарда тутиб, бу фаслни қуйидаги қитъа билан якунлайди: Кимки деҳқонлиғ айлади пеша, Дағи нон бермак ўлди анга шиор. Бўйла кимса улувви рифъатдин, Одам ўлмаса, одамий худ бор. «Маҳбуб ул-қулуб»нинг биринчи қисмида шоирларга бағишланган фасл (16 ) ҳам бор. Бу фаслда XII - XV асрларда фаолият кўрсатган форсийгўй шоирлар ( Аттордан Абдураҳмон Жомийгача) ижодий услублари жиҳатдан ниҳоят моҳирона тарзда гуруҳлаштирилган. Бу жараёнда Алишер Навоий адабиёт тарихини назарий йўналишда идрок этувчи адабиётшунос сифатида намоён бўлади. Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» нинг жамиятдаги тоифаларга бағишланган биринчи қисмида адолатсиз, фиребгар, ёлғончи, ёмон ахлоқли кимки бўлса- подшоҳ-ми, вазир-ми, мударрис-ми, ҳунарманд-ми- қайси тоифадан бўлишидан қатъий назар- қаттиқ танқид остига олади, уларни фош этади. Бу жараёнда Алишер Навоий сўзлари ўткир тиғ мавқеидадир. Шунинг учун золим, жоҳил, фисқу фасодчи подшоҳлар ҳақидаги тўртинчи фаслни шундай якунлайди: «Тенгри мундоқ балоларни адам чоҳидин вужуд тахтгоҳига келтурмасун ва йўқлуқ зиндонидин борлиғ шаҳристониға еткурмасун». Нодон табиблар ( 15 фасл) ҳақида : «Омий табибким, эрур шогирди жаллод»; хато кўчирувчи котиблар (17-фасл) ҳақида: «Ямон котиб манзили қаламдонидек чоҳ аро бўлсун, қаламидек боши яро ва юзи қаро»; олиб-сотар савдогарлар (27 –фасл) ҳақида: Бу хайл одам эмаслар, яхши боқсанг, Эрур судинг алардин гар йироқсан . «Маҳбуб ул-қулуб»нинг ижтимоий тоифаларга бағишланган қисмида Алишер Навоийнинг ижтимоий қарашлари, давлатчилик ва қонунчилик масалаларига доир мулоҳазалари ҳам баён этилган. Шу жиҳатдан подшоҳ ва вазиру амалдорлар ҳақидаги фаслларда давлатчиликнинг қандай бўлиши кераклиги ҳақида гапирилган бўлса, шайх ул-ислом, муфти, қозиларга бағишланган фаслларда қонунчиликнинг устивор бўлиши шарт-шароитлари, талаблари навоиёна тушунча асосида баён этилган. Бизнингча, Алишер Навоийнинг қозилар ҳақида (12-фасл) сўз юритганда «(қозининг) маҳкамаси махзани улуми шаръия ва ҳукм қилурида ошною бегона анга ала-с-савия (яъни тенг, баробар)», - деб ёзганида қонунчиликнинг ҳамма учун тенг, баробарлиги устивор бўлиши назарда тутилган. Тўғри, Алишер Навоий замонида бу қонунчилик шаръий илмларга асосланган эди. Аммо масаланинг моҳияти – қонунчиликнинг жамият ҳаётида устивор бўлиши кераклиги ҳақидаги фикр ҳозирги замон қарашлари билан ҳамоҳанглиги жиҳатидан диққатга сазовордир. Демак, биринчи қисмда баён этилган мулоҳазалар Алишер Навоий ҳаётий тажрибаларининг умумлашмаси бўлиб, уларда одамларни огоҳлик ва сабоқ олишга, Ватан, халқ, одамият учун хизмат қилиш учун комилликка эришиш, комил инсон бўлиш шарт эканлиги уқтирилади. Асарнинг иккинчи бўлимида ана шу – комилликка эришиш масалалари тасаввуфий қарашлар тамойилида кўздан кечирилади. Бу билан биринчи ва иккинчи бўлимларнинг маънавий жиҳатдан бир-бири билан боғлилиги майдонга келади. «Маҳбуб ул-қулуб»нинг иккинчи қисми яхши ва ёмон хулқларга бағишланиб, ўн бобдан (фасл эмас) иборатдир. Унда тавба (1-боб), зуҳд (2- боб), таваккул (3-боб), қаноат (4-боб), сабр (5-боб), тавозуъ (камтарлик) ва адаб (6-боб), зикр (7-боб), таважжуҳ (бутун вужуди билан Ҳаққа юз тутмоқ) (8-боб), ризо (9-боб), ишқ (10-боб) мавзулари тасаввуфий йўналишда ёритилган. Агар биринчи қисмда Алишер Навоийнинг ижтимоий қарашлари ўз ифодасини топган бўлса, иккинчи бўлимда эса улуғ мутафаккирнинг фалсафий – тасаввуфий қарашлари баён этилган. Инсон ва унинг баркамолликка эришиш тамойиллари бу қарашларнинг марказини ташкил этади. Бу қисм тузилиш жиҳатидан биринчи қисмдан фарқ қилади. Бу фарқ шундан иборатки, ҳар бир ахлоқий масала назарий жиҳатдан умумлашма тарзда баён этилгандан сўнг унинг исботи учун бир ҳикоят келтирилади. Масалан, тавба бобида Шайх Абдуллоҳ Муборак (ваф. 787-788 мелодий йил, Ироқлик машойих), Зуҳд бобида мавлоно Шамсиддин Муидди Уча ( XV аср суфийларидан), тавозуъ ва адаб бобида Мудбир ва Муқбил; зикр бобида Хожа Абдуллоҳи Ансорий ( XI аср), ишқ бобида Мажнун ҳақидаги ҳикояларнинг келтирилиши. Бу ҳол «Хамса»нинг «Ҳайрат ул-аброри»даги асосий мақолотларнинг тузилишини эслатади. «Маҳбуб ул-қулуб»нинг учинчи қисми турли фоидалар ва масаллар деб аталиб, унда 127 танбеҳ келтирилган. Учинчи қисмдаги танбеҳлар китобнинг биринчи ва иккинчи қисмларида баён этилган ижтимоий-фалсафий қарашларни ҳикматли сўзлар даражасидаги ахлоқий-тарбиявий гапларда янада кенгайтиради, умумлаштиради. Шу жиҳатдан учинчи қисм Алишер Навоийнинг ҳикматли сўз ва мақоллари тўпланган ҳамда асарни ўзига хос тарзда якунлаган қисмдир. Ķуйида учинчи қисмдан айрим намуналар келтирилади: Кўп демак- сўзга мағрурлуқ ва кўп емак- нафсға маъмурлуқ; Инсоният боғининг дилписандроқ шажари эҳсондур ва одамийлиқ конининг аржмандроқ гавҳари ҳам эҳсондур; Билмаганни сўраб ўрганган олим ва орланиб сўрамаган ўзига золим; Оз-оз ўрганиб доно бўлур, қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур; Ҳилмни (камтарлик ва юмшоқликни) ҳаводис (ҳодисалар) дарёсида кишилик кемасининг лангари деса бўлур ва инсоният мезони тошиға нисбат қилса бўлур; Валинеъматқа айб раво кўргучи пирига муртад (рад этилган) муриддур ва атосиға ҳаромзода ўғил; Ҳар кимки, биров била ёрдур ёки ёрлиғ даъвийси бордур, керакким, ўзига раво тутмоғонни ёриға раво тутмаса, кўп нимаким, ўзига ҳам раво тутса, анга тутмаса; Шоҳдин ҳам лутф марғубдур, ҳам сиёсат матлубдур. Аммо ҳар бири ўз маҳаллида хўбдур; Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз; Салотин даргоҳидин йироқ ва хавоқин базмгоҳидин қироқ, балки теграсига ёвумағон яхшироқ; Кўнгул махзанининг қуфли тил ва ул махзаннинг калидин сўз бил; Чин сўз – мўътабар, яхши сўз- мухтасар; Хирадманд улдурким, ёлғон демас, аммо барча чин дегулук ҳам эмас; Ғийбат дегувчи – нажосат егувчи. Афюнию банги-одамийлар нанги; Эр кишига зебу зийнат – ҳикмату донишдур. Яхши киймак бирла хотинларға оройишдур; Хўб йиртуқ тўн била ҳам хўб, гул ямоғлиқ чапони била маҳбуб; Умрни ғанимат бил, сиҳҳат ва амниятқа шукр қил ва бошқалар. Кўринадики, Алишер Навоийнинг ҳаётий тажрибаси бўлмиш бу ўгитлар ҳамиша инсонийлик ва энг гўзал одамийлик фазилатларини, ҳозирда эса миллий истиқлол ғоясини шакллантиришда хизмат қилади. «Маҳбуб ул-қулуб» Алишер Навоийнинг бошқа насрий асарлари каби ўша давр насрининг бадиий хусусиятлари асосида ёзилган. Шунинг учун унда сажъ ва турли бадиий санъатлар, ҳикоя ва ривоятлар, турли иқтибослар, шеърий парчалар моҳирлик билан ишлатилган. Мисоллар: Сажъ: Исломпаноҳ беклар зикрида (2-фасл): «Номуродларнинг паноҳи ва подшоҳнинг давлатхоҳи. Шоҳға дунёда чин сўз дегувчи ва анинг охирати ғамин егувчи . Ёмонлар андин ҳаросон ва яхшилар душворлиғи осон …» Ташбеҳ – ўхшатиш: «Заҳр бериб бемор ўлтургувчи табиб – буларнинг (вазирларнинг) ҳолига мушобеҳдур ва қариб…Булар (вазирлар) жумласи чиёнлар, халойиққа еткурур зиёнлар. Килклари (қаламлари) нўги ақраб (чиён) неши, раият жониға ул неш ташвиши».(5- фасл) Ķози ислом биносиға аркондур». (12-фасл) «Илм ўқуб амал қилмағон, ерни шиёр қилиб (ҳайдаб), тухум солмоғонға ўхшар.»(80- танбеҳ) Сифатлаш: «Ришвахўр муфтийлар-(қози)қошида манкуб ва ҳийлакор вакиллар- оллида маъюб»(12-фасл). Муболаға, сифатлаш: «омий қозики май ичкай-ўлтургулукдур ва дўзах ўтига етмасдин бурун куйдургулукдур»(12-фасл). Тазод: «Мастлар орасида бир ҳушёр- ҳушёрлар орасида бир маст ҳукми бор»(75-танбеҳ). «Зуҳал бийик мақом била Меҳри ховарий бўлмас, дев биҳишт ҳулласин кийган била пари бўлмас»(78-танбеҳ) Шеърий парчалар: Байт: Кўп демак бирла бўлмағил нодон, Кўп емак бирла бўлмағил ҳайвон.(85-танбеҳ). Илмдин орий- улуснинг жоҳили худкомаси, Ўрганурга жидду жаҳд этган жаҳон алломаси. (97-танбеҳ). Маснавий: Гаҳе топдим фалакдин нотавонлиғ, Гаҳе кўрдум замондин комронлиғ. Басе иссиғ-совуғ кўрдум замонда, Басе аччиғ-чучук тоттим жаҳонда. (Кириш). Рубоий: Бу номаки, хомасиға қилдинг мактуб, Ķил аҳли қулуб оллида «Маҳбуби қулуб». Эл айб топардин қилма маъюб, Ҳар ким ўқуса насиба этгил матлуб. (Хотима). Келтирилган шеърий намуналарда ҳам кўпгина бадиий санъатларнинг ишлатилганлиги маълум. Шундай қилиб, «Маҳбуб ул-қулуб» Алишер Навоий насрий асарларини якунлаб, бу соҳадаги энг яхши тажрибаларни ўзида мужассам этган нодир шоҳасардир. «Маҳбубул-қулуб» бир неча марта нашр қилинган бўлса-да, унинг тўлиқ нусхаси биринчи марта Алишер Навоий мукаммал асарлари тўпламининг (МАТ) 14-томида (Тошкент, Фан, 1998) нашр эттирилди. Фойдаланилган адабиётлар: 1. Алишер Навоий. Лисон ут-тайр. МАТ, 20 томлик, 12-том, Тошкент, «Фан», 1996, 326 бет. 2. Ш.Эшонхўжаев. «Лисон ут-тайр» достони учун ёзилган изоҳлар. МАТ, 20 томлик, 12-том, Тошкент, «Фан», 1996, 307-320-бетлар. 3. Н.Комилов. Тасаввуф. Биринчи китоб. Тошкент, 1996. 4. Ш. Шаропов. «Лисон ут-тайр» ҳақиқати. Тошкент, «Маънавият», 1998. 5. Ф. Исомиддинов. Шайх Санъон ҳақидаги қиссаларнинг қиёсий таҳлили (Фаридиддин Аттор ва Алишер Навоий асарлари асосида). НДА, Тошкент, 2001.