logo

Илк мустамлакачилик даври адабий маданий ҳаёт. Манбалар ва уларнинг шархи реферат

Yuklangan vaqt:

10.09.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

53.5 KB
Илк мустамлакачилик даври адабий маданий ҳаёт. Манбалар ва уларнинг шархи РЕЖА: 1. Х I Х асрнинг II ярмида рус босқинчилари томонидан Марказий Осиёни босиб олиниши. 2. Босқинчиларнинг асосий мақсади. 3. Европа маданияти, илм – фани ва адабиётининг кириб келиши. 4. Европача маданият ва адабиётга маҳаллий зиёлиларнинг муносабати. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов Олий Мажлиснинг иккинчи чақириқ биринчи сессиясида қилган маърузасида, мустақил Ўзбекистонда демократик тузумни барпо этиш билан бирга, амалга оширилаётган улкан ўзгаришларнинг асосий яратувчилари бўлган жамиятимиз аъзоларининг ақлий салоҳиятини, маънавиятни бутунлай янгича қарор топтириш лозимлигини таъкидлаган эди. Келажаги буюк давлатни қураётган кишиларнинг тафаккури, аҳлоқи янги иқтисодий – маданий муносабатларни тиклашга моддий – маънавий неъматлар ишлаб чиқаришга астойдил киришиб, доимо ёниб яшаш ҳисси билан суғорилган бўлиши лозим. Мана шундай эзгу фазилатларга бой комил инсонни тарбиялаш университет ва институтларнинг асосий вазифаси ҳисобланди. Адабиёт адабий муҳитнинг маҳсули бўлиб, бу фақат адабий жараёнлар таъсирида эмас, балки у ёки, бу тарихий воқеалар, унда илгари сурилган ғоялар таъсирида шаклланади. Шунинг учун ҳам у ёки, бу жамиятда содир бўлган воқеалар адабиётда бадиий ифодасини топади. Шу нуқтаи назардан қаралганда Х IX асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиё халқлари ҳаётида рўй берган энг муҳим воқеа Марказий Осиё ерларининг бирин –кетин рус босқинчилари томонидан босиб олиниши бўлди. Марказий Осиёнинг Руссия томонидан босиб олиниши билан ўлка халқлари адабий тарихининг янги саҳифаси бошланди. Марказий Осиёнинг Руссия ҳукумати томонидан истило қилиниши бир йўла амалга оширилган қисқа муддатли ҳарбий – сиёсий ҳаракат бўлмай, қарийиб чорак асрни ўз ичига олган ва халқ ҳаётида катта из қолдирган мураккаб тарихий воқеадир. Маълумки, Қўқон хонлигининг ғарбий чегараларидаги мудофаа истеҳкоми ҳисобланган Оқмачит қалъасининг 1853 йилда босиб олиниши билан бошланган Руссия ҳукуматининг босқинчилик ҳаракати, асосан орадан 23 йил ўтгандан сўнг, 1876 йилда бу хонликнинг маркази бўлган Қўқон шаҳрини хийла ишлатиб таслим қилиниши билан якунланган. Руссия ҳукумати Туркистонни босиб олар экан, унга хом ашё манбаи, Руссия корхоналарида ишлаб чиқарилган молларни харид қилиш бозори деб қаради ва босиб олинган ерларда мустамлакачилик сиёсатини олиб борди. Руслар хукмронлиги даврида ҳалқ икки ёқлама – миллий ва босқинчилар зулми остида эзилди, у оддий инсоний ҳуқуқлардан маҳрум этилиб, «халқлар жаллоди» - рус босқинчилари исканжасида яшашга мажбур бўлди. Босқинчилар ўлкада кенг тармоқли ҳарбий идора усулини – генерал губернаторликни ўрнатдилар. Босқинчилар сиёсати маҳаллий халқни қолоқликда, нодонликда сақлаб туришга қаратилган эди. Шу билан бирга Туркистоннинг Руслар томонидан босиб олиниши натижасида ўлкага босқинчи Руссиядан ташқари, ҳунарманд зиёли рус халқи ҳам кириб келди ва царизмнинг хоҳиш–иродасига қарама-қарши ҳолда ўзининг тарихий бурчини бажарди. Ҳар бир халқ маданияти тарихида матбаачилик ишларининг бошланиши муҳим ходиса ҳисобланади. Кўҳна маданиятга эга бўлган ўзбек халқида ёзма адабиёт қадим замонлардан буён мавжуд бўлса-да, китоб нашр этиш усули – матбаачилик ишлари кейинги давр – XIX асрнинг иккинчи ярмидагина вужудга келди. Туркистонда биринчи типография 1868 йилда Тошкентда ташкил топди. Таянч тушунчалар. Литография, типолитография, топография, матбаа, қўлёзма китоб, рус тузем мактаби, илмий жамият, тўгарак, виставка, жадид, жадидчилик ҳаракати, театр каби атамалар ва сўз бирикмаларининг шарҳи. Матбаачилик Ўзбекистонда тез ривожланди: 1877 йили Тошкентда С.И.Лахтиннинг хусусий типографияси, 1874 йили Хевада Ферузнинг литографияси очилди. Унда 1880 йилда босилган биринчи китоб А.Навоийнинг «Хамса»си бўлган. 1888 йилда Тошкентда Порцевнинг, 1894 йилда Самарқандда Полторанованинг, 1901 йилда Бухорода Барановскийнинг, 1904 йилда эса Қўқонда Минаков, Андижонда Калачев литографиялари ишга тушган. Кейинроқ Тошкентда Ғулом Хасан Орифжонов, Тўрақўрғонда Исхоқхон Жунайдуллаев Ибратлар ўзбек матбаачилик солномасини бошлаб берганлар. Матбаачилик ишларининг йўлга қўйилиши маҳаллий халқ учун муҳим маърифий аҳамиятга эга бўлган ходисалардан биридир. Чунончи 1903 йилда Тошкентда рус-тузем мактаблари учун Али Асқар Калинин томонидан тузилган ўқиш китоби – «Муаллими соний» нашр этилди. Бу китобдан рус мумтоз адабиёти ва фольклоридан намуналар ўзбек тилидаги таржимасида ўрин олган. Рус-тузем мактаблари, аслида кўзлаган мақсадидан қатъий назар, маҳаллий халқ ўртасида рус тили, адабиёти ва маданиятининг тарқалишига хизмат қилди. XIX асрнинг иккинчи ярмида мактаб- маориф соҳасида содир бўлаётган бу ўзгаришлар ХХ аср бошларида янги усул мактабларининг пайдо бўлишига ва махалий халқ ўртасидан Саидрасул Саидазизов, Абдулла Авлоний, Абдуқодир Шакурий, Рустамбек, Юсуфбек, Хамза каби кўплаб атоқчи жадидчиларнинг етишиб чиқишига замин бўлган. Маҳаллий халқ маданий ҳаётига ижобий таъсир кўрсатган олимлардан яна бири ўлкада турли илмий муассаса ва жамиятларнинг очилиши бўлди. 1870 йилда Тошкентда халқ кутубхонаси таъсис этилган бўлса, 80-90-йилларда Туркистонинг турли шахарларида саноат ва қишлоқ хўжалиги техникалари виставкаси ташкил қилинди. Тошкентда 1870 йили «Археология ҳаваскорларининг Туркистон тўгараги» ва 1897 йили ташкил топган ва ўзининг катта илмий кашфиётлар билан шухрат қозонган «Рус география жамиятининг Туркистон бўлими», 1896 йили Самарқандда ташкил қилинган. Тарих музейи ва бошқаларни Ўзбекистан маданий ҳаётида сезиларли из қолдирган илмий муассасалар сифатида кўрсатиш мумкин. Ўзбекистонда тузилган тўгарак ва илмий жамиятларда маҳалий халқ вакиллари ҳам иштирок этиб, илғор рус олимлари билан ҳамкорлик қилдилар. 1871 йилда Тошкентда тузилиб, Марказий Осиёнинг табиий бойликлари, географияси, этнографияси ва тарихини ўрганишни мақсад қилиб қўйган. «Ўрта Осиё илмий жамияти»га оид архив хужжатларидан маълум бўлишича, маҳаллий халқдан бир неча киши жамият ишларида фаол қатнашган. Улардан бири табиатшунос Олимхўжа Юнусовдир. У киши ўсимликлар устида олиб борган ишлари ва унинг натижалари тўғрисида жамият мажлисларидан бирида маъруза қилган ва эришган янгиликлари билан бошқа олимларни таништириб, илмий доиралар эътирофига сазовор бўлган. Маҳаллий халқнинг бир қисми, хусусан, илғор фикрли зиёлилар орасида олийжаноб туйғуларни ўстириш ва турмуш ҳақида янги тушунчалар қилишларида рус реалистик театр санъатининг роли кам бўлмади. Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида ўтказилган гастролларда рус ва жаҳон драматургияси дурдоналаридан бўлган Гоголнинг «Ревизор», Грибоедовнинг «Ақллилик балоси», Островскийнинг «Сепсиз қиз», «Момоқалдироқ», Шиллернинг «Макр ва муҳаббат» драмалари қўйилган, кейинроқ эса Пушкин, Шекспир, А.Горький асарлари саҳнага қўйилган. Бу томошаларда руслар билан бирга маҳаллий халқ вакиллари ҳам иштирок этган. Чунончи, шоир Фурқат ўзининг «Суворов» достонини 1890 йилда Тошкентда рус театри томошасини кўргандан кейин ундан илҳомланиб ёзган эди. Маҳаллий халқ ўртасида кенг кўламда тарқала бошлаган Европача илм-фан, маданият ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. Халқ орасидан янги онг - тушунчага, янгича қарашга эга бўлган зиёлилар етишиб чиқа бошлади. Булар маҳаллий халқ ўртасида туғила бошлаган янги маданиятнинг янги типдаги арбоблари сифатида ўз фаолиятларини бошладилар. Мирзабарот Қосимов, географ олим Хожи Юсуф, ва Мирза Бухорийлар ана шу тарихий шароит етиштирган ўзбек зиёлиларининг дастлабки қалдирғочлари эдилар. Янги маданий ҳаракатнинг ана шундай дастлабки қалдирғочларини етиштирган ўзбек халқи, кейинроқ Комил Хоразмий, Фурқат, Муқимий, Завқий, Баёний, А.Табибий, Анбар Отин, Аваз Ўтар, Ибрат каби машҳур маданият арбобларини етиштирди. Шундай қилиб, янги ижтимоий фикрни халқ ўртасида тарғиб қилувчи, тараққиёт учун курашувчи илғор зиёлилар гуруҳи майдонга келди. АДАБИЁТЛАР . 1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккинчи чақириқ биринчи сессиясида Президент И.А.Каримов маърузаси. 2. Каримов Ғ. Ўзбек адабиёти тарихи. III нашри. 1987 йил. 3. Валихўжаев Б. Ўзбек адабиётшунослиги тарихи.Т.1993 й. 4. Фитрат. Танланган асарлар. II жилд. Т. 2000 й.