logo

Узбекистон Республикасида улим жазосининг бекор қилиниши – инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашнинг муҳим омили сифатида

Загружено в:

20.09.2019

Скачано:

0

Размер:

101.5 KB
Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосининг бекор қилиниши – инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашнинг муҳим омили сифатида 1992 йилда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилиниб, унга асосан инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари олий қадрият деб эълон қилинди. Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи эканлиги ва инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят деб белгиланди. Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари тизимида яшаш ҳуқуқи, нафақат мазкур ҳуқуқнинг ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишлилиги ва ажралмас эканлиги, балки инсоннинг Конституцияда берилган ва кафолатланган ҳамда қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар томонидан ҳимоя қилинадиган барча мавжуд ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлишининг дастлабки шарти ва гарови ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 3-моддасида ҳар бир инсон яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Пактнинг 6-моддаси 1- бандида бунга кенг таъриф берилади: «Ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқи унинг ажралмас ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ қонун билан муҳофаза этилади. Ҳеч ким ўзбошимчалик билан инсонни яшаш ҳуқуқидан маҳрум қила олмайди». Ўзбекистонда инсон, унинг ҳаёти, эрки, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддасдир. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг энг асосийси ҳисобланмиш яшаш ҳуқуқининг конституция даражасида мустаҳкамланиши ўз навбатида давлат олдига инсон ҳаётини ҳимоялаш ва унга бўладиган турли хил ижтимоий хавфли тажовузларнинг олдини олишнинг амалдаги механизмини яратишдек ўта масъулиятли вазифани қўяди. Янги Конституциямиз асосида ишлаб чиқилиб, 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган ва 1995 йил 1 апрелда кучга кирган Жиноят кодекси инсоннинг яшаш ҳуқуқини ҳимоялаш соҳасида ўзига хос ўрин тутиб, яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш чораларидан иборат тизимни ташкил этади. Жиноят кодекси Махсус қисмидаги нормаларнинг 26% муайян даражада фуқаролар ҳаётига тажовуз қилганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутишини таъкидлаш бизнингча етарли. Жабрланувчининг у ёки бу биологик хусусиятлари ва ижтимоий сифатларидан қатъи назар, фуқаролар ҳаёти жиноят қонунлари билан муҳофазаланади. Чунончи, хоҳ гўдак, хоҳ қария, хоҳ жисмонан соғлом, хоҳ ногирон, хоҳ руҳий норасо бўлсин, умуман, барчасининг ҳаётини муҳофазалашга қаратилган. Муайян даражада инсон ўлимига сабаб бўладиган қилмишлар жиноят қонунлари томонидан ижтимоий хавфли деб тан олинади, чунки ҳар бир инсон ҳаёти ижтимоий қадрият ҳисобланади. Одамлар эса, ўз навбатида, ҳар қандай ижтимоий муносабатларнинг ажралмас таркибий қисми бўлиб, мазкур муносабатлар инсонлар иштирокисиз реал мазмунга эга бўлмаган мавҳумликка айланади. 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган ва 1995 йил 1 апрелда кучга кирган Жиноят кодексида 13 та модда бўйича, яъни:  жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модда иккинчи қисми),  номусга тегиш (118-модда тўртинчи қисми),  жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш (119-модда тўртинчи қисми),  агрессия (151-модда иккинчи қисми),  урушнинг қонун ва удумларини бузиш (152-модда),  геноцид (153-модда),  терроризм (15-модда учинчи қисми),  давлатга хоинлик қилиш (157-модда биринчи қисми),  Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш (158-модда биринчи қисми),  жосуслик (160-модда биринчи қисми),  жиноий уюшма ташкил этиш (242-модда биринчи қисми),  контрабанда (246-модда биринчи қисми),  гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш (272-модда иккинчи қисми) жиноятлари бўйича ўлим жазоси қолдирилди, холос. Бу ҳолат эндигина мустақил бўлган ва ўз хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қилаётган республиканинг эҳтиёжларига мос келар эди, албатта. Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов таъкидлаганидек: «Ўзбекистонда ўлим жазосини қўллашга доир жиноят қонунчилиги сиёсати бутун жаҳонда кечаётган жараёнларга тўла мос бўлиб, Ўзбекистон Конституцияси моҳиятидан келиб чиқадиган инсонпарварлик тамойилини ўзида тўла акс эттиради» 1 . Ўлим жазосининг қонунда қолдирилиши ёки бекор қилиниши фақат давлатнинг маданийлашганлиги ёки демократлашганлиги масаласи эмас. Ушбу масаланинг ечими, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам ҳеч қандай молиявий харажатлар билан боғлиқ эмас. Ўлим жазосини қўллашнинг моҳияти жуда чуқур, таъбир жоиз бўлса, онг ости соҳасида ётадики, уни қонун тили билан ифодалаш ёки бирон-бир ташқи йўсинда чегаралаш мумкин эмас. Ушбу муаммо ижтимоий жиҳатга эга. Жиноий жазо ижтимоий адолатни тиклашнинг ўзига хос жиноят-ҳуқуқий усулидир. Халқда бу сезги қанча кучли бўлса, жазо шунча оғир бўлади. Шу боис давлатлар ўлим жазосини фақат энг оғир жиноятлар учун қўллайдилар, бошқа жиноятлар учун мазкур жазонинг қўлланилиши имкониятини эса чеклайдилар. Ҳозирда ўлим жазосини қўллаш доирасини торайтириш билан боғлиқ дунё миқёсидаги жараёнлардан мамлакатимиз орқада қолаётгани йўқ. Президент Ислом Каримов таъкидлаб ўтганидек, «Биз мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб ушбу масалани ҳал қилиш устида иш олиб бормоқдамиз. Ўтган ўн йилдан ортиқроқ вақт мобайнида ўлим жазоси қўлланилиши мумкин бўлган жиноятлар таркиби 33 тадан 2 тагача қисқартирилди. Эндиликда фақат террорчилик ва оғирлаштирувчи вазиятларда 1 “ Халқ сўзи” газетаси, 2001 йил 30 август қасддан одам ўлдирганлик учунгина ўлим жазоси берилиши кўзда тутилган». Ваҳоланки, яқин ўтмишда Ўзбекистонда ўлим жазоси нафақат бир қанча давлатга қарши ва ҳарбий жиноятлар, шахсга қарши ўта оғир жиноятлар учун, балки давлат ва жамоат мол-мулкини жуда кўп миқдорда талон-торож қилганлик, масъул мансабдор шахснинг пора олиши ёки жуда кўп миқдорда пора олиш, шунингдек, айрим бошқа жиноятлар учун ҳам назарда тутилган эди. Биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 29 августида бўлиб ўтган ўн иккинчи сессиясида ўлим жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятлар сони Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида 8 тагача қисқартирилди, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, яна 5 та жиноят (ЖКнинг 119-моддаси тўртинчи қисми, 152-моддаси, 158- модданинг биринчи қисми, 160-модданинг биринчи қисми, 246-модданинг биринчи қисми) санкциясидан ўлим жазоси чиқарилди. Иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг олтинчи сессиясида Президент И.А.Каримов томонидан қилинган «Адолат қонун устуворлигида» номли маърузада жиноят қонунчилигимизга оид сиёсатимизда жиноий жазоларни либераллаштириш истиқболлари белгилаб берилди. Шу сессияда 2001 йил 29 августда Олий Мажлис томонидан «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунга мувофиқ яна ўлим жазоси санкциясида белгиланган жиноятлар рўйхати 4 тагача камайди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 118-моддаси тўртинчи қисми, 157-моддаси биринчи қисми, 242- моддаси биринчи қисми, 272-моддаси иккинчи қисми санкциясидан ўлим жазоси олиб ташланди. Ва ниҳоят, иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2003 йил 12 декабрида бўлиб ўтган ўн учинчи сессиясида Жиноят кодексидаги яна 2 та жиноят (ЖКнинг 151-моддаси иккинчи қисми, 153-моддаси) санкциясидан ўлим жазоси чиқарилди. Шу билан БМТ Бош ассамблеясининг 32 сессияси 1977 йил 9 декабрда қабул қилган 32  61-сон резолюция қўллаб-қувватланди, десак хато бўлмайди. Бу резолюцияда жумладан шундай дейилади: «Ўлим жазоси тўғрисидаги масалада кўзланиши лозим бўлган асосий мақсад мазкур жазони бекор қилиш мақсадга мувофиқлигидан келиб чиқиб, ўлим жазоси қўлланиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар сонини мумкин қадар камайтиришдан иборат». Шундай қилиб, Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан кейинги 12 йил ичида ўлим жазосини тайинлаш имконияти 15 баравардан кўпроқ камайди. Ўлим жазосини тайинлаш имконияти назарда тутилган жиноятлар ҳозир Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига биноан жазоланувчи қилмишлар умумий миқдорининг бир фоизига яқинини ташкил этади. Ваҳоланки, айрим илғор, демократик, иқтисодий ривожланган мамлакатлар (масалан, АҚШ, Тайланд ва б.) ҳали бу босқичга қадам қўйгани йўқ. Бу борада Республикамиз Президенти 2005 йил 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш борасида биз ҳал этишимиз лозим бўлган муҳим масалалардан бири – бу жазолаш тизимидан ўлим жазосини чиқариб ташлашдир, деб, шунингдек, «Бу ўринда гап, айрим мамлакатларда бўлганидек, ўлим жазосига мораторий қўллаш, яъни маҳкум йиллар давомида ушбу жазо чораси қачон ижро этилишини кутиб ётиши тўғрисида эмас, балки уни бутунлай бекор қилиш ҳақида бормоқда», дея таъкидлаб, ўзининг бу жазо турига муносабатини билдирди. Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги даврида Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси бекор қилинди ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида миллий қонунчилик яна бир жиҳати билан халқаро стандартларга тўла мослаштирилди. Ўлим жазоси бу ҳозирги кундаги инсон ҳуқуқлари муаммолари орасидаги энг долзарб, кескин ва ўткир муаммодир, деб айтиш мумкин. У инсоннинг яшашга бўлган ҳуқуқини бузувчи жазо мақсадларига мос бўлмаган чора эканлигини тарихнинг ўзи ҳам кўрсатди. Жумладан, Англияда 1965 йил ноябрида ўлим жазосининг бекор килиниши омма томонидан инсонпарварлик ва прогрессив ғоя сифатида маъқулланган. 1977 йилда БМТ Бош Ассамблеяси “бу жазони (ўлим жазосини) ихтиёрий бекор килиш кераклигини” тан олди. Зеро, ўлим жазоси шахснинг яшашга бўлган ҳуқуқига жиддий тўғаноқдир. Шахснинг яшаш ҳуқуқи бузилиши хусусида тўхталиб ўтар экан, К.Ф. Добблер “шахснинг яшаш ҳуқуқи бузилишининг ошкора ва қўпол кўриниши сифатида бу жараёнда ҳукуматнинг тўғридан-тўғри қатнашиши, яъни ўлим жазосининг ижро этилишини эътироф этишимиз мумкин”. Халқаро Амнистия ташкилоти ҳам бутун дунё бўйлаб ҳеч бир истисносиз ўлим жазосига қарши чиқади. Ушбу ташкилот томонидан ўлим жазоси инсон ҳуқуқлари бузилишининг энг қўпол рад этилишидир, ўлим жазоси - давлат томонидан адолат ўрнатиш йўлида совуққонлик билан ва қасддан инсоннинг ўлдирилишидир, ўлим жазоси - бу инсон ҳуқуқларини бузувчи, ноинсоний, инсон қадри-қимматини хўрловчи, шафқатсиз жазодир, деган фикрлар илгари сурилади. Шу ўринда яна шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, ўлим жазоси амал қилар экан, айбсиз кишининг ўлим жазосига ҳукм қилиниши таваккалчилиги ҳар доим мавжуд бўлиб қолаверади 2 . Шу боис мамлакатимизда 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб ўлим жазосининг бекор қилиниши Президентимиз таъкидлаганидек, “халқаро ҳамжамият томонидан ижобий кутиб олинди ва бутун дунёда акс-садо берди”. Бугунги кунда ўлим жазоси умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси билан алмаштирилади ва у фақат икки турдаги жиноят, яъни жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм учун 2 тайинланади. Бунда жазонинг мазкур тури хотин-қизларга, 18 ёшга етмаган ва ёши 60 дан ошган эркакларга нисбатан тайинланмайди. Ўзбекистонда юқорида қайд этилган жиноий жазо чораларининг жорий этилиши билан дунёда жиноий жазолашнинг энг инсонпарвар, ҳуқуқий тизимларидан бири ташкил этилди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Таъкидлаш жоизки, умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси Германия ва Польша каби давлатларда 5 турдаги, Бельгия ва Россия Федерациясида 6, Францияда 18, Голландияда эса 19 турдаги жиноят учун тайинланади. Мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилиниши инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари соҳасида эришилган муҳим ютуқ бўлди. Бироқ, масаланинг яна бир жиҳати борки, умрбод озодликдан маҳрум этиш чораси ҳам қайсидир маънода инсонпарварлик тамойилиги мос келмайди, зеро, инсонни умрбод жамиятдан ажратган ҳолда сақлаш жазонинг тарбиялаш мақсадини ҳам кўзламайди. Шу маънода, жиноят қонунчилигини янада либераллаштиришнинг навбатдаги босқичида ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жамият учун бошқа хавф туғдирмаслиги эҳтимоли юқори бўлган умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган шахсларни (яъни муайян талабларга жавоб берувчи маҳбусларни) жазонинг маълум қисмини ўтаб бўлгач жазодан озод этиш билан боғлиқ масалани муҳокама қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.