logo

Ўғрилик жиноятини очишга қаратилган тергов-тезкор гуруҳини ташкил этиш, унинг фаолиятини режалаштириш ва ташкиллаштириш

Загружено в:

20.09.2019

Скачано:

0

Размер:

21.59765625 KB
Ўғрилик жиноятини очишга қаратилган тергов тезкор гуруҳини ташкил этиш унинг фаолиятини режалаштириш ва ташкиллаштириш Режа: 1. Ўғрилик жиноятини очишга қаратилган тергов-тезкор гуруҳини ташкил этиш 2. Ўғрилик жиноятини фаолиятини режалаштириш ва ташкиллаштириш Ўғрилик жинояти изларини ўз вақтида, яъни излари «совимасидан» (йўқолмасидан) аниқлаш, қайд этиш, мустаҳкамлаш ва тўплаш жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни топиш ва ушлаш ҳамда ишнинг барча ҳолатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилишини таъминлаш учун тергов-тезкор гуруҳининг воқеа жойига ўз вақтида ва тўлиқ таркибда чиқиши алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги кунда тергов-тезкор гуруҳларининг қуйидаги кўринишлари мавжуд: Ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари қошидаги навбатчи тергов-тезкор гуруҳи, яъни жиноят ҳақидаги хабарларни зудлик билан текшириш мақсадида ҳодиса содир бўлган жойга чиқиб, жиноятларни «иссиқ изидан» фош этиш мақсадида кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилишини таъминлаш мақсадида терговчи, тезкор ходим, профилактика инспектори, эксперт- криминалист ҳамда кинологдан ташкил топади. Тергов-тезкор гуруҳларининг сони, иш ва дам олиш вақтини ИИБ бошлиқлари идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида юзага келган тезкор вазиятдан келиб чиқиб белгилайдилар. Ички ишлар органлари раҳбариятидан масъул раҳбарларнинг содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятлар ҳамда раҳбарият кўрсатмаси асосида бошқа жиноятлар бўйича сутка давомида шахсан воқеа жойига чиқишлари талаб этилади. Мақсадли (вақтинчалик) тергов-тезкор гуруҳи аниқ жиноят ишини тергов қилиш ва фош этиш учун тузилади. Ихтисослашган (доимий ҳаракатдаги) тергов-тезкор гуруҳи маълум бир турдаги (шахснинг ҳаёти ва соғлиғига қарши, иқтисодий) жиноятлар содир этилиб очилмаган ҳолларда, жиноятни содир этган шахс номаълум бўлганада, ушбу жиноятларни тергов қилиш ва фош этиш учун тузилади. Мазкур тергов-тезкор гуруҳига, идоралараро келишувга кўра, ИИБ, МХХ, ФВВ, Божхона хизмати, СВОЖҚК ходимларидан ҳам тегишли мутахассислар жалб қилиниши мумкин. Тергов-тезкор гуруҳини ташкил қилиш ҳақида қарор бошқарувнинг турли даражаларидаги ички ишлар органи раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Ўғрилик жиноятларини тергов қилиш ва фош этиш бўйича тергов-тезкор гуруҳи ИИБ бошлиғининг буйруғи асосида ташкил этилади. Тергов-тезкор гуруҳига терговчи раҳбарлик қилади. Терговтезкор гуруҳи таркибига киритилган ходимларнинг самарали ҳамкорлигини ташкил қилишга ички ишлар органлари бошлиқлари ва уларнинг тезкор ишлар ва тергов бўйича ўринбосарлари, тергов, ЭКБ бошлиқлари масъул ҳисобланадилар. Тергов-тезкор гуруҳлари таркиби ва сони содир этилган жиноятнинг ўзига хос хусусиятлари, аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар ҳамда тезкор- қидирув, илмий-техникавий ва ташкилий фаолиятнинг ҳажми, хусусияти ва мураккаблигига боғлиқ бўлади. Масалан, жиноят содир этишда жиноятчи шахсларнинг автотранспорт воситаларидан фойдаланганликлари юзасидан олинган дастлабки маълумотлар асосида тергов-тезкор гуруҳи таркибига ЙҲХ ходимлари ҳам жалб этилиши мумкин. Тергов-тезкор гуруҳининг янги аъзоларини жалб қилиш ҳамда таркибидаги аъзоларни алмаштириш фақат жиноят ишини юритаётган тергов-тезкор гуруҳи раҳбарининг қарори асосида амалга оширилиши лозим. Ушбу шароитда тергов-тезкор гуруҳи аъзолари биргаликдаги фаолиятининг энг мақбул вариантларини аниқлашда терговчининг ташкилий-бошқарув хусусиятига эга энг мақбул қарорлар ишлаб чиқиши ва қабул қилиши алоҳида аҳамият касб этади. Тергов-тезкор гуруҳининг раҳбари терговнинг йўналиши ва боришини белгилайди, уни режалаштиради, гуруҳ иштирокчилари ўртасида ишнинг асосий турларини тақсимлайди ва уларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштиради, олинган ахборотнинг алмашувини ташкил қилади, ишга алоқадор тезкор маълумотлар билан танишади, гуруҳнинг манфаатдор аъзолари билан уларни легаллаштириш ва ишлатиш имкониятларини муҳокама қилади, топшириқ, кўрсатма ва фармойишларнинг ижросини назорат қилади. Албатта, терговчи тезкор ходим, бошқа мутахассисларнинг муайян ғоя ва таклифларини эшитади, тегишли қарорлар ишлаб чиқишда уларнинг фикрларини инобатга олади. Жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш учун аксарият ҳолларда етарли вақт, зарур ахборот ва уни тезда олиш имкони йўқлиги, вазиятнинг ноаниқлиги ёки жуда кам учраши, кўп ҳолларда экстремаллиги тергов- тезкор гуруҳи раҳбарининг асосан қарор қабул қилишда фақат ўз индивидуал хислатларига таянишига сабаб бўлади. Ташкил этилган тергов-тезкор гуруҳларининг самарали фаолият кўрсатиши кўп жиҳатдан мазкур гуруҳнинг ўз фаолиятини аниқ режалар асосида амалга оширишига боғлиқ. Режалаштириш деганда тергов-тезкор гуруҳи аъзоларининг келгусида биргаликдаги иш даври учун мақсад ва вазифаларни, уларга эришиш усул ва воситаларини белгилаш, шунингдек уларни ҳал қилиш кетма-кетлиги ва бажариш муддатларини белгилаш борасидаги фикрий фаолиятини тушуниш лозим. Режа бандлари тузилаётганда гуруҳ аъзолари томонидан бажариладиган иш ҳажми, муддати ва уларни ижро этиш механизми, уларнинг хизмат вазифалари ва ўзига хос функциялари ҳисобга олиниши зарур. Бу режада қуйидагилар акс этиши керак: 1) содир этилган ғайриқонуний қилмиш ҳақидаги объектив ахборот; 2) тергов ва тезкор-қидирув тусмолларининг баёни; 3) ушбу тусмоллардан келиб чиқиб ҳар бир тусмол бўйича аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар рўйхати; 4) ушбу ҳолатлар аниқланиши ёки текширилишида ёрдам берадиган зарур тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатларининг рўйхати ҳамда ўтказилиш тартиби; 5) терговчи амалга оширадиган тергов ҳаракатлари рўйхати; 6) тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш орқали аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар баёни (тезкор-қидирув тадбирларининг номи ҳамда ўтказилиш тартиби ва тактикаси мазкур режада кўрсатилмайди); 7) ижро муддатлари, жумладан оралиқ ижро муддатлари: ахборот алмашуви, режага (зарур бўлганида) тузатиш киритиш; 8) режанинг ҳар бир банди бўйича ижрочилар рўйхати. Ўтказилиши жиноят содир этишга алоқадор шахсларга маълум бўлиб қолиши эҳтимол тутилган тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатларини режалаштираётганда терговчи тезкор ходим билан биргаликда, бундай ҳаракатларни тайёрлаш ва ўтказиш билан бир қаторда, мазкур шахсларнинг ушбу ҳаракатларга жавоб чораларидан имкон қадар кўпроқ фойдаланишни ўйлаб кўришлари керак. Бунда тергов сирини сақлаб қолиш, тезкор маълумотларнинг чиқиб кетишига йўл қўймаслик муҳим, чунки терговга қаршилик кўрсатаётган шахслар бундан манфаатдор бўлишлари мумкин. Тезкор-қидирув тадбирлари тезкор ходим томонидан режалаштирилади ҳамда амалдаги идоравий-норматив ҳужжатлар талаби асосида терговчи билан келишиб олинади. Режалаштирилаётган тезкор-қидирув тадбирлари ва тергов ҳаракатларини вақти, жойи, тугатиш муддатлари, иштирокчилари бўйича келишиб олишга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилади. Ҳамкорликда тузилган режа тергов бўлинмасининг ва тегишли тезкор хизматнинг раҳбари томонидан тасдиқланади. Терговнинг дастлабки босқичини келишиб олиш ва унга ўз вақтида тузатиш киритиш ҳамда муҳим, чунки жиноятни «иссиғида» очишнинг муваффақияти, жиноятни содир этган шахсни аниқлаш ва қидириб топиш, жиноят иши бўйича ашёвий далилларни қидириш ана шунга боғлиқ. Ўғрилик жиноятини очишга қаратилган тергов-тезкор гуруҳи фаолиятини режалаштириш орқали қуйидагиларга эришилади: – мақсадни тўғри қўйиш ва унга эришиш бўйича вазифаларни белгилаш; – юзага келган тезкор вазиятни комплекс таҳлил қилиш; – воқеалар ривожини илмий башорат қилиш, тезкор-қидирув ва тергов тусмолларини илгари суриш ва асослаш; – истиқболли ва жорий мақсадларга эришишда режалаштирилаёт-ган тадбирларни бажаришнинг реал имкониятларини ҳисобга олиш; – тергов ҳаракатлари ҳамда исботланиши лозим бўлган ҳолат-ларни аниқлаш борасидаги тезкор-қидирув тадбирларини тўғри уйғунлаштириш (ҳамкорликда олиб бориш). Тергов-тезкор гуруҳининг фаолиятини ташкил этишга доир режаларга заруриятга кўра турли ўзгартишлар киритиб бориш мумкин. Тергов-тезкор гуруҳи фаолияти кунлик йиғилишда муҳокама қилиниб, амалга оширилган ишлар ҳисоботи эшитилади, қўшимча аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар ҳамда амалга оширилиш лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинади. Тергов-тезкор гуруҳи фаолиятини таҳлил қилиш ва гуруҳ аъзолари ҳаракатларини мувофиқлаштириб туриш, маълумотларни бошқа гуруҳ аъзоларига ўз вақтида етказиш улар ҳаракатлари такрорланишнинг олдини олиш учун муҳим. Тергов-тезкор гуруҳининг воқеа жойидаги фаолиятига оид ҳаракатлар алгоритми ахборотни ҳосил қилиш, тўплаш, топшириш, гуруҳ иштирокчилари (терговчилар, тезкор ходимлар, профилактика инспекторлари, эксперт-криминалистлар ва бошқа мутахассислар)нинг хизмат вазифалари ва имкониятларини инобатга олган ҳолда таҳлил қилиш жараёнларини тизимли равишда кўриб чиқиш асосида тузилади. Бундай тизимли моделнинг мазмуний қисмига қуйидагилар киритилиши мумкин: содир этилган жиноят бўйича юзага келган тезкор вазиятнинг умумий баҳоланиши, гуруҳ аъзолари учун аниқ вазифалар белгиланиши, жабрланувчи ва гувоҳларни сўроқ қилиш (сўров ўтказиш), махсус хабарнома (ориентировкалар) тузиш, жиноятчи шахсни «иссиқ изидан» таъқиб қилиш учун гуруҳларнинг куч ва воситаларини ишга солиш, изларни топиш, сақлаб қолиш ва олиб қўйиш, субъектив портретлар тузиш, ҳисоблар (қурол, излар ҳисоблари) бўйича текширувлар ўтказиш ва ҳ.к. Бундай моделнинг элементларида жиноят содир этган шахснинг айбдорлигини аниқлашга имкон берувчи далилларни олишга қаратилган тергов ҳаракатлари ҳамда далилий ахборот манбаларини аниқлаш, гумон қилинаётган шахсни топиш ва ушлаш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиш чоғида ҳамкорлик субъектлари ҳаракатларини келишиб олишлари мумкинлиги назарда тутилиши керак. Жиноятни «иссиқ изидан» фош этишда воқеа жойидан олинган дастлабки тезкор маълумотлар қисқа вақтда ва асосан, криминалистик, тезкор-қидирув ва автоматлаштирилган тезкор маълумотлар базаси ҳисоблари бўйича қайта ишланиши ўта муҳим. Мавжуд тезкор-маълумот ва криминалистик маълумотлар массиви «Досье» (рецидивистлар, гастролёрлар, жиноий муҳит обрўмандлари), «АСИЛ», «Адис Сонда», «Рақамли буюмлар», «Техпаспорт» ва бошқа автоматлашган ахборот-излов тизимлари (ААИТ)да жамланган. Улардан тўғри ва тез фойдаланилса, жиноятларни «иссиғида» очишни ташкил қилишга кўмаклашишда катта имкониятларга эга. Бироқ, юқорида таъкидлаганимиздек, бундай текширув кўпинча тергов- тезкор гуруҳ ички ишлар органига қайтганидан кейин амалга оширилади. Натижада мақсадли излов белгилаш, таъқиб этиш, тўсиб ушлаш, махсус режаларни ҳаракатга келтириш кабиларда жиддий кечикиш юз беради. Бу эса, одатда, жиноятларни очиш ва тергов қилишда салбий натижаларга олиб келади. Шу сабабли, келгусида ўғрилик жиноятларини фош этиш юзасидан тузиладиган тергов-тезкор гуруҳи таркибига ахборот марказидан ҳам тегишли ходимларни жалб қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, 2017 йил 26 март куни, тахминан соат 04:30 ларда «Бек- барака» савдо мажмуаси ёнидаги автомобиллар тўхтаб туриш жойида турган А.Р. бошқарувидаги давлат рақами 01 V 101 ЕА бўлган «Ласетти» русумли автомашина ичидан ҳайдовчини ўзи автомашина олд эшигини очиқ ҳолда қўйиб, ухлаб ётганидан фойдаланиб, салон ичидаги махсус тугма орқали юкхонани очиб, юкхонадан 11800 (ўн бир минг саккиз юз) АҚШ доллари, 5 900 000 (беш миллион тўқиз юз минг) сўм пулининг яширинча ўғирлаб кетилгани юзасидан Тошкент вилояти Зангиота туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида қуйидаги жиноий гуруҳ аъзолари Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида рўйхатда туриб, Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи, ишсиз, муқаддам бир неча бор судланган, 1985 й.т. Б.С.; Самарқанд вилояти, Иштихон тумани, Арапхона қишлоғида 1976 й.т., туғилган, Тошкент шаҳар, Чилонзор туманида яшовчи, ишсиз, муқаддам бир неча марта судланган, Т.З;, Фарғона вилояти Данғара туманида рўйхатда туриб, Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшовчи, ишсиз, муқаддам бир неча марта судланган, 1972 й.т., Н.Н.; Тошкент шаҳар Чилонзор туманида яшовчи, ишсиз, муқаддам судланган, 1974 й.т. К.Р.; Тошкент шаҳар Сирғали туманида яшовчи, ишсиз, 1981 й.т. И.С.лар содир этганлиги аниқланган ва ушланган. Қўлга олинган жиноий гуруҳ аъзолари билан олиб борилган дастлабки тезкор ва суриштирув ишлари давомида улар томонидан 2016 йил 26 июнь куни, жиноий харакатларини давом эттириб, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида яшовчи Ж.Б.нинг давлат рақами 95 М 221 ОА бўлган «Нексия» русумли автомашинасининг эшиклари қулфланмаганидан фойдаланиб, юкхонасидан бир дона спорт сумкаси ва ундаги 640 000 (олти юз қириқ минг) сўм пулини ҳамда фуқаролик паспорти ва олий таълим муассасасига ҳужжат топширганлиги ҳақидаги муҳим хужжатларни ўғирлаб, Р.Книнг давлат рақами 10 Р 312 ҒА бўлган автомашинасида воқеа жойидан яширинганлиги аниқланган. Бугунги кунда амалиётда жиноятчиларни «иссиқ изидан» таъқиб қилишда марҳум ёки жабрланувчининг шахсини тўлиқ ўрганиш, уларнинг яқин алоқалари ҳамда айнан жиноят содир этилган вақтда қаерда бўлганлигини аниқлаш мақсадида, уяли алоқа операторларининг тегишли махсус дастурлари имкониятларидан фойдаланиш ижобий самара бермоқда. Шу боис терговчининг тегишли қарорига асосан мазкур шахсларни ҳам тезкор-тергов гуруҳи таркибига жалб этиш мақсадга мувофиқдир. Юқорида номлари қайд этилган мутахассисларнинг айнан воқеа жойига чиқишлари ёки тергов-тезкор гуруҳи штабида доимий ҳозир бўлишлари талаб этилмайди. Зарурат бўлганда ортиқча қоғозбозликсиз керакли маълумотларни қисқа муддат ичида олиш, кўриб чиқиш, ишлов бериш имкониятини яратади. Адабиётлар : 1. Жиноят-ижроия ҳуқуқи. Дарслик. Муаллифлар жамоаси. Масъул муҳаррир-ю.ф.н., доц. Б.Ж.Ахроров. –Т.: Ўқитувчи, 2002. – 208б. 2. Жиноят-ижроия кодексига шарҳлар. Рустамбоев М.Ҳ., Ахраров Б.Ж. ва бошқалар. Маъсул муҳаррир: ю.ф.д., проф. М.Ҳ.Рустамбоев. – Т.: ТДЮИ, 2007. – 574 б. 3. Комментарий к Исправительно-трудовому кодексу Республики Узбекистан. –Т.: Узбекистан, 1997.- 345с. 4. Абдухалиқов М.А., Пайзуллаев Қ., Абдуқодиров Ш.Ё. Жиноят -ижроия ҳуқуқи (альбом схемалар). –Т.: ТДЮИ, 2005. – 142 б. 5. Курс уголовного права Республики Узбекистан Том-1 общая часть учение о преступлении . учебник. М.Х. Рустамбоев . - Т.:ТДЮИ, 2009.-526 ст. 6. Курс уголовного права Республики Узбекистан Том-2 общая часть учение о наказании . учебник. М.Х. Рустамбоев . - Т.:ТДЮИ, 2009.-394 ст.