logo

XIX аср охири xx аср бошларидаги адабий танқидчиликнинг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари ҳақида. Профессионал ўзбек танқидчилигининг юзага келиши ва 20 йиллар танқидчилигидаги баҳслар

Загружено в:

10.09.2022

Скачано:

0

Размер:

68 KB
XIX аср охири xx аср бошларидаги адабий танқидчиликнинг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари ҳақида. Профессионал ўзбек танқидчилигининг юзага келиши ва 20 йиллар танқидчилигидаги баҳслар РЕЖА : 1. XIX асрнинг иккинчи ярмида матбуотда пайдо бўла бошлаган адабий- танқидий мақолалар хусусида. 2. ХХ асрнинг бошларидаги миллий уйғониш ва жадидчилик ҳаракати давридаги адабий-танқидий қарашлар ҳақида. 3. ХХ асрнинг бошларидаги ўзбек адабий танқидчилигининг туғилиши ва шаклланиши ҳақида. 4. 20-йиллар адабий танқидининг вужудга келишидаги илмий изланишлар: С.Айний, А.Саъдий, Лутфулла Олимий, Олим Шарафиддинов, Отажон Ҳошим, Аъзам Айюб, Элбек каби танқидчи ва адабиётшунослар фаолияти мисолида. 5. 20-йиллар адабий танқидчилигида маданий меросга ва адабий ижодга бир томонлама қарашларнинг акс этиши (Сотти Ҳусаийн, Зиё Саид, Кашшоф Триғулов, Юнус Латиф, Жалил Бойбулатов, Миёнбузрук Солиҳов ва бошқа адабий танқидчилар ижоди мисолида). 6. Адабий танқидда ижтимоий воқелик, янги инсон, ғоявийлик ва бадиийлик муаммоларининг талқини. 7. Хулоса. Маълумки, адабий танқид Ўзбекистонда матбуот пайдо бўлишидан аввал классик адабиётимизда ўзига хос кўринишларда шеърий формада, тазкираларда «Мажолисун-нафоис» туридаги асарларда мавжуд эди. Классик шаклдаги адабий танқид кўпроқ бадиий асарнинг шаклига эътибор берди ва эстетик танқид доирасида бўлиб келди. Ҳозир биз билган ва тушунган маънодаги адабий танқидий фазилатга молик дастлабки мақолалар Ўзбекистонда биринчи ўзбек матбуоти - «Туркистон вилоятининг газетида XIX асрнинг 80-йилларидан эътиборан пайдо бўла бошлади» (Б.Назаров). Дастлаб кўпроқ публицистик характердаги бу илк мақолалар орасида ўзбек шоирлари ижоди ҳақида фикр юритилган намуналар ниҳоятда оз. Дастлабки мақолалар асосан рус адиблари ва уларнинг асарлари ҳақидаги маълумотлардан иборат. Масалан, Х IX асрнинг 80-йилларида «Туркистон вилоятининг газети» да чоп этилган адабий-танқидий мақолаларнинг аксарияти А.С.Пушкин, Н.В.Гоголь, И.Л.Тургенев, Л.Толстой, А.П.Чехов сингари рус шоир ва ёзувчилари ҳақида бўлди ва ўзбек халқи уларнинг ижоди билан умумий равишда бўлсада таништирилиб катта иш қилинди. Адабий танқидчиликда «проза» - «таснифлар» сифатида, прозаик - «мусанниф» сифатида ишлатилади. Таржимачилик билан шуғулланиш муҳим эканлигини таъкидланиши ҳам ўша давр танқидчилигининг муҳим хусусиятларидан бири ҳисобланади. Мисол: 1902 йилда Тошкентда Гоголь юбилейи ўтказилди. Шу хусусда «Т.В.Г» мақола (1902 йил 2 март) босиб, Гогольнинг «Русия фуқароларининг зиндагарчилигида ҳар хил яхши ва ёмон воқеаларни кўриб», «тимсолларни кўп равшан қилиб ёзган» лиги айтилади. (Тимсоллар - образлар). Ўтган аср охирларида ўзбек тилидаги матбуотда ўзбек адабиёти (хусусан, шеърияти) ва адабий жараён ҳақидаги дастлабки фикрларга ҳам дуч келамиз. Бу энг аввало Фурқат номи билан боғланган. 1881 йилда «Туркистон вилояти газети» нинг 21 апрел сонида Фурқат «Қўқон адабий муҳити» мақоласида ундаги мушоиралар, қисқаси давр адабий жараёнининг айрим белгилари ҳақида хабар бериб ўтади. Масалан, Фурқат мазкур мақоласида Навоий анъаналарини давом эттириб, Марғилонлик шоир Хўжажон қози ҳақида қўйидагича ёзади: «... аруз ҳақида кўп моҳир киши экандур ва туркий ғазал машқида табъий кўп латиф ва равон эрмиш. Амир Алишер Навоийнинг бир ғазалига қилғон муҳаммаси ниҳоятда мустаҳсан кўрунди». Бу билан Фурқат матбуот саҳифаларида фақат бадиий асарларнигина эмас, уларнинг муаллифлари ҳақида ҳам фикр айтиш мумкин ва лозим эканлигини кўрсатиб бу масалага йўл очди. Газетага нимаики ёзилса, дейди Фурқат рост ва ҳаққоний бўлиши керак. Фурқат ўзбек адабиётида ҳозир биз билган маънога яқин турувчи тақриз (рецензия) жанрининг асосчиси эканлигини ҳам эътироф этиш лозим. 1990 йил 11 сентябрида рус шоирларидан бирининг (муаллифи кўрсатилмаган) шеъри эркин таржимада ўзбек тилида босилиб чиқади. Фурқат ана шу шеърни шарҳини ёзади, яъни шеърнинг мундарижасини талқин қилиб беради. Адабиётшунос А.Абдуғафуров ўзининг «Фурқатнинг насрий мероси» номли тадқиқотида шу шеърни ҳам, Фурқатнинг муъжазгина тақризини ҳам тўлиқ келтиради. А.Абдуғафуров Фурқат шарҳи ҳақида қўйидагиларни ёзади: «... У одатдаги оддий хабар ёки мақола эмас - ёзилиш сабаби ва моҳияти эътибори, кузатган мақсадига кўра уни ҳозирги газета тақризларининг биздаги илк намунаси дейиш мумкин». Хуллас, И.Мўминов, Ғ.Каримов, А.Абдиғафуров, Б.Назаровлар Фурқат ўзбек адабий - танқидий фикри тараққиётида муҳим роль ўйнашини қайд этадилар. Завқий, Ҳамза, Анбар Отин, Нозима, Мирмуҳсин, Беҳбудий, А.Фитрат каби ижодкорлар XIX асрнинг охири ва XX аср бошларида илғор ўзбек танқидий - эстетик тафаккури ривожига катта ҳисса қўшдилар. Маълумки, Ўрта Осиёда, жумландан, XIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистонда маҳаллий матбуотнинг пайдо бўлиши билан, бу матбуотда адабий асарлар ҳақида баъзи мақолаларнинг босилиши натижасида танқид публицистика билан боғланди. Публицистик руҳда ёзилган, адабиёт ва санъат масалаларига бағишланган мақолалар, айниқса, 1914-17 йилларда аввалгига нисбатан кўпроқ пайдо бўлди. Аммо улар биринчидан, ўз олдиларига асосан маърифий вазифаларни қўйдилар (Масалан, адабиётнинг нима эканлигини тушунтириш каби) ёки ўзбек адабиётида илк маротаба пайдо бўлган драматик асар «Падаркуш» (Беҳбудий асари) нинг турли шаҳарларда саҳнага қўйилиши ҳақидаги оддий ахборотдан иборатдир. Масалан, 1) Туркистонда биринчи миллий театр, «Ойина». 1914. №15; 2)Тошкентда миллий театр, «Ойина» 1914. № 22; 3)Бухорода миллий театр, «Ой» 1914. № 29; 4)Чўлпон Адабиёт надур? Садойи Туркистон 1914. № 15; 5)Чўлпон Мухтарам ёзувчиларимизга, Садойи Туркистон 1915 й. 6 феврал; 6)Аҳадулло Хайрулло ўғли. Танқид. Садойи Туркистон 1914 й. 19 ноябр ва 3 декабр. Улар том маънодаги адабий танқидий мақолалар деб аталиши мумкин эмас, чунки уларда адабий асарлар таҳлил этилмайди, адабий тарихий жараёнга алоқадор бирор муҳим масала ўртага қўйилмайди. Эслатма: Бу мақолалар орасида фақат Аҳадулло Хайрулло ўғли мақоласи Туркистон матбуотида илк маротаба «танқид» терминини қўллаши ва танқиднинг вазифалари ҳақида тўғри фикрлар айтиши билан мароқлидир. Аммо муаллифнинг конкрет танқиди бадиий адабиётга алоқаси йўқ асарга тааллуқлидир. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ўша даврларда фақат Туркистонда рус матбуотида босилган ва ерли халқлар адабиётига бағишланган баъзи мақолаларда, масалан, В.В.Андреевнинг «Бахтсиз кияв» (Туркистанские ведомости. 1915 г. 23 сентябрь); ўша муаллиф, Новўе течения в Бухаре (О книге Фитрата «Мунозара», «Т.В.», 1916 г. 13,15,20 октябрь) адабий танқидий жанр талабларига яқинлашиш бор: уларда адабий асарга бир даража баҳо берилади, муаллиф фақат оддий ахборот билан чекланмайди. Мана шу фактларнинг ҳаммаси октябрдан аввалги адабий тарихий жарёнда адабий танқид фақат кўртак ҳолда мавжуд эканини ва танқид адабиётшуносликни мустақил соҳаси сифатида шаклланмаганини айтишни тақозо этади. Бу фикрларни ўша даврда чиқиб турган «Ойина» журналида (1913 й. 32 сони) босилган «Танқид сараламоқдур» мақоласи ҳам гувоҳлик бериб туради: «Ўқилган китобларни маънан тафтиш этиб, ундаги нуқсонларни баён этмак танқиддур, таарруз ва душманлик эмас. Бизни Туркистонда янги мактаблар анча бордур, янги рисолалар ҳийла босилиб турибдур, аммо ҳануз танқид даврига етушганимиз йўқ». Лекин шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, кўртак ҳолда мавжуд бўлган бу адабий танқиднинг октябрдан аввалги ўзбек адабиёти тарихида ўзига яраша ижобий роль ўйнаганини тан олиш билан бирга, шуни таъкид этиш керакки, ривожланган илмий, ҳақиқий адабий танқид Ўзбекистонда фақат 1920 йиллардан сўнгги даврда пайдо бўлди ва ривожланди. 20 йилларда том маънодаги профессионал адабий танқид ўз вазифаларини тўғри белгилаб олишга уринди. Бу борадаги илк маҳсулотларнинг кучли ва заиф томонлари ўша даврдаги синфий кураш, ижтимоий ва мафкуравий ҳаётдаги зиддиятлар билан изоҳланадиган ҳодисалар эди. ПРОФЕССИОНАЛ ЎЗБЕК ТАНҚИДЧИЛИГИНИНГ ЮЗАГА КЕЛИШИ ВА 20- ЙИЛЛАР ТАНҚИДЧИЛИГИДАГИ БАҲСЛАР. Ўзбек профессионал адабий танқидчилиги 20-йилларда туғилиб, шаклланиш, ривожланиш йўлига кирди. ХХ аср ўзбек адабиёти, профессионал адабий танқидчилигининг қандай шароитда шаклланиб, кимларга, нималарга қарши курашиб, нималарни қўлга киритганини ва нималардан маҳрум бўлганини ўрганиш муҳим аҳамиятга эгадир. «Фан» нашриётининг икки жилдлик «Ўзбек адабий танқиди тарихи» нинг босилиб (1987) чиқиши қувонарли ҳодиса бўлди. Унда 1917-1982 йиллар адабий танқиди ҳақида хронологик таҳлил берилди. 1919-1922 йилларда «Чиғатой гурунги», 1926-1930 йилларда «Қизил қалам» деб аталган адабий гуруҳлар иш олиб борди. Ҳар иккаласи, кўпроқ, иккинчиси янги типдаги адабиёт ва танқидчиликнинг пайдо бўлишига ижобий таъсир кўрсатганлиги, лекин биринчи гуруҳ буржуа миллатчилиги томон оғиб кетгани, иккинчиси эса адабиий меросни инкор этиб, сўз санъатида партия раҳбарлигига қарши чиққанлиги тўғрисида сўзланади, бироқ ҳар иккала ташкилотнинг фаолияти мавжуд яхши ва ёмон жиҳатлари билан чуқур ўрганилган эмас. Ваҳоланки, уларнинг моҳиятини ёритмасдан, 20-йиллар ўзбек адабиёти ва танқидчилигида қандай оғир, даҳшатли курашлар кечганлигини тўла тасаввур қилолмаймиз. Айни чоқда мана шу гуруҳларга гоҳ бевосита, гоҳ бавосита боғланган А.Саъдий, Отажон Ҳошим Айн(Олим Шарафиддинов), Треғулов, Бойбулатов каби мунаққидлар ижод қилганлиги, улардан дастлабки ўзбек профессионал танқидчилигининг туғилишида катта хизматлари бор, лекин улар ижоди ҳақида чуқур илмий тадқиқотлар кам. Профессионал адабий танқид ўзининг туғилиш давридаёқ ҳар жиҳатдан етук, салмоқли маҳсулот беришга қодир эмас эди. Зотан, ўша 20-йилларда ҳали танқиднинг ўзи нима деган саволга жуда кўп жавоблар қайтарилгани унинг илмий- эстетик негизи, ўзига хос ижод тури, ўзига хос фан эканлиги тўғрисида кенг мулоҳаза юритилмаганлиги бежиз эмас. Чунончи Элбек «Танқид, демак бир ишда ёки нарсада бўлатурғон камчиликларни шул ишнинг ишловчиларига кўрсатиб, тузаттирув ва тўлдирув учун айтиладурғон сўз демакдир» дейдики, буни адабий танқид ҳақида ибтидоий тушунча деб қабул қилиш мумкин, халос. 20-30-йилларда танқидчи сифатида қалам тебратган қаламкашлар (уларнинг аксариятини профессионал ёзувчилар ташкил этади) фаолиятига назар ташласак, кўз ўнгимизда қуйидаги манзара гавдаланади: қайси ижодкор шўролар тўнтариши ва совет ҳокимиятини тўғридан-тўғри бевосита қўллаб-қувватловчи, фикрларни шеърий, насрий ёки драматик шаклда баён этса, бас, уни янги замон ижодкори, халқ, эл-юрт халоскори, деб улуғлаш, аксинча, ижтимоий иқтисодий маданий ўзгаришлар моҳиятини чуқур англаш, атрофлича идрок этишга интилган ёки тушунаолмасдан ора йўлда қолган қаламкашга ўгайлик кўзи билан қараш, ҳатто уни душманга чиқариб қўйиш, йўқотиб юбориш, енгиб ташлаш кайфияти ҳукмрон эди. АДАБИЁТЛАР : 1.И.А.Каримов. Адолатли жамият сари. -Т.:Ўзбекистон, 1998 йил. 2.Аристотель. Поэтика (поэзия санъати ҳақида).-Т.,1980 йил. 3.И.Султон. Асарлар. Тўрт томлик. Иккинчи том.-Т.,1972 йил. 4.Сотти Ҳусайн. Танланган асарлар. Т., Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1974 йил. 5.Ҳамидулла Болтабоев. Абдурауф Фитрат (Олий ва ўрта махсус ўқув юртлари учун қўлланма). Т., 1992 йил. Мах. муҳаррир У.Норматов. 6.Адабиёт ҳақида илмий текширишлар, 1934. 7.«15 йил ичида ўзбек адабиёти», 1939. 8.Ҳ.Ёқубов. «Танқид ва адабиётшуносликка бир назар («Адабиётимизнинг ярим асри» тўплами, 1967 й.). 9.Б.Назаров.»Ўзбек адабиёт танқидчилиги (ғоявийлик, метод, қахрамон), «Фан»,1979 й. 10. Ўзбекистонда адабий танқидчиликнинг ривожланишига доир баъзи масалалар. Ш.Ю.Ж 1954 №3 105-106 б. 11. Ҳ.Ёқубов. Танқид ва адабиётшунослик тарихига бир назар (Адаб. ярим асри,туплам 1-китоб,Т., 1967). 12.Ж.Аҳмаджонов. Йигирманчи йиллар ўзбек адабий танқидчилига доир. Китобда: - Адабиётшунослик ва тилшунослик масаласи 3-китоб Т.,1961. 13. Элбек. Бизда танқидчилик («Иштирокиюн». 1920 2 май). 14. Неъмат Ҳаким. Ўзбек адабиётида танқид ва адабий муҳокамалар. Танқид нима? Туркистон. 1924, 25 июнь. 15. Аб.Саъдий. Амалий ҳамда назарий адабиёт дарслари. Ўрта мактаблар учун дарслик. Т.,1925. 16. Олтой. Нафис адабиётда соғлом мафкура ва соғлом танқид керак («Қизил Ўзбекистон». 1928. 10 август). 17.Фитрат. Адабиёт қоидалари. Сам.-Ташк. 1926.