logo

60-70-80-йиллар адабий танқидчилигидаги фаоллашув жараёни ва ижодий метод. Жамиятдаги ўзгаришларнинг адабий танқидга таъсири масаласи

Загружено в:

09.09.2022

Скачано:

0

Размер:

64.5 KB
60-70-80-йиллар адабий танқидчилигидаги фаоллашув жараёни ва ижодий метод. Жамиятдаги ўзгаришларнинг адабий танқидга таъсири масаласи Режа: 1. 60- йиллар ўзбек адабий танқидчилигининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида. 2. 70-йиллар адабий танқидчилигининг асосий йўналишлари ва етакчи тамойиллари. 3. 80-йиллар адабий танқидчилигининг ўзига хос хусусиятлари ва муаммоли масалалари ҳақида. 4. 60-70-80-йиллар адабий танқидчилигида маҳорат ва услуб муаммолари. 5. Жамиятдаги ўзгаришларнинг адабий танқидга таьсири масаласи 6. Хулоса. ХХI аср бўсағасида Ўзбекистон мустақилликка эришди ва шўролар даври адабий танқидчилиги ҳам эндиликда тарихий ўтмишга айланди. Ўтмиш адабий танқидчилигини истиқлол ва мустақиллик нуқтаи-назаридан туриб таҳлил қилиш, бугунги кун адабий танқидчилигининг камоли учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, адабий танқид жамият ва адабиёт ҳодисаларини ҳаққоний баҳолаш орқали халқнинг маънавий савиясини юксалтириш, эстетик дидини тарбиялаб, комил инсонни шакллантиришдек эзгу ишга катта ёрдам беради. Умуман, бадиий асар савияси ва мунаққидлик маҳорати ҳақида баҳс юритиш ростлик либосига ўралган ёлғон ҳақиқатларни ҳам фош этиб, бирёқлама бадиий тасвирлаш ва баҳолашларнинг фожиавий руҳиятини очиб беради. Шунинг учун ҳам миллий ифтихор туйғуларини ўстириш, мустақиллик руҳини чуқур англаш, жамият тараққиёти ва адабий жараён ҳақида баҳс юритувчи адабий танқид хусусида сўзлаш, унинг босиб ўтган йўли, дуч келган муаммоларини, шўро давридаги тазйиқларини таҳлил этиш ва улардан зарур сабоқлар чиқариш муҳим аҳамият касб этади. Ана шу нуқтаи-назардан ўзбек адабий танқидчилиги тарихида ўзига хос эврилиш ва кўтарилишлар юз бериб, чуқур илмий-назарий тамойилларга бой бўлган, шу билан бирга коммунистик ғоявийлик тайзиқи остида бир томонламалик, сохталик ва ялтироқликларга ҳам йўл қўйилган 60-70-80-йиллар адабий танқидчилиги тарихини яхлит олган ҳолда илмий-тадқиқ қилиш шу кун нуқтаи-назари ва талаблари жиҳатидан жуда аҳамиятлидир. Зеро, 60-70-йиллар адабий танқидчилигидаги услуб, маҳорат, таъсир ва тарихий-биографик ёндашув методи масалаларини атрофлича ўрганиш ҳозирги давр адабий танқидчилиги ривожи учун ҳам кўп нарсалар бериши мумкин. Чунки, ҳозирги давр адабий танқиди 60-70-80-йиллар адабий танқидчилиги орттирган тажрибалардан ўзига нималарнидир олиши ва нималарнидир инкор этиши табиий ҳолдир. Айниқса, мазкур даврлардаги танқидчи маҳорати ва ўзига хосликларни ўрганиш ва шу асосда ютуқ ва камчиликларни таҳлил этиш ҳозирги кун адабий танқидчилиги учун ўз- ўзини англаш ва янгича устуворликларга эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бугунги адабий танқидчилик ўз вазифасини тўлиқ бажармаётганлигидан ташвишга тушиб, куюнчаклик билан матбуотда билдирилаётган танқидий фикрлар ҳам ҳаққоният тарозисига солиб кўрилмоғи лозим, ҳозирги адабий танқидни гуёки “фалаж танага ўхшайди” деган фикрларга унчалик қўшилиб бўлмасада, лекин бу фикрларни тўлиқ инкор этиб ҳам бўлмайди. Чунки ҳозирги давр бадиий адабиёти ва адабий танқидчилиги баъзи мунаққидларнинг ёзаётганидек фалаж танага ўхшаб қолмаган бўлсада, лекин бир жойда депсиниб туриш ҳолатлари юз бераётганлиги ҳам сир эмас. Лекин муаммоли масалаларни ҳал этишда адабий танқид ҳам, бадиий адабиёт ҳам истиқлол ва мустақиллик нуқтаи- назаридан бутун масъулиятни зиммасига олиб, устувор йўналиш ва ғоялар асосида иш тутмоқдаки, бунинг ижобий мевалари эндиликда ҳол отмоқда. Демак, ҳозирги кун адабий танқидчилигида юз бераётган жиддий ўзгариш ва эврилишларнинг моҳиятини чуқур англамоқ учун ҳам унинг босиб ўтган тарихини ўрганиш зарур вазифадир. Шу ўринда Ўзбекистондаги истиқлол даври адабий танқидчилиги ўтмиш адабий танқидчилигининг ҳақиқий меросхўри эканлигини ҳам қайд этиб ўтиш лозим. Ўзбек танқидчилиги босиб ўтган йўлни, жумладан унинг 60-70-80-йиллардаги тарихини холислик билан ҳар томонлама ўрганиб, керакли хулосалар чиқариш, ҳукмрон сиёсатга мослашиш каби иллатларини чуқур таҳлил қилиб, уларга тарихда юз берган факт сифатида баҳо бериш зарурий бир ҳолдир. Чунки ҳозирги истиқлол даври мафкурасидан келиб чиқиб, шўро даври адабиёти ва адабий танқидчилиги таянган эстетик ва ижтимоий асосларни қайта баҳолаш, истиқлол мафкураси асосида янгича мезонларни кашф этиш миллий эрк туйғусини ифодалаш эҳтиёжи нуқтаи- назаридан ҳам ўта зарурдир. Айниқса, бадиий адабиётни миллат тақдирига хизмат қилдириш талаб қилинаётган ҳозирги даврда адабий танқидчилик ҳам миллий равнақ доирасидаги хизматга отланмоғи лозим. Бунинг учун эса ўтмиш адабий танқидчилиги тарихини ва жаҳон адабий танқидчилигида кечаётган жараёнларни пухта билиш талаб этилади. Бизда бадиий адабиёт ҳамиша ижтимоийликка хизмат қилиб келганидек, адабий танқидни ҳам ундан бутунлай халос этиш, ёки бутунлай ижтимоийликка бўйсундириш мумкин эмаслигини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Адабий жараённи фаоллаштирадиган холисона адабий танқидга эҳтиёж ҳозир ҳам, ўтмишда ҳам кучли бўлган. Чунки бадиий адабиёт майдони бадиий танқидсиз гурулламайди, қаровсиз қолади, бу эса адабиётда ўз-ўзидан турғунлик ҳолатларига олиб келади. Хуллас, янги аср бўсағасида адабий танқид атрофидаги мунозаралар, илмий баҳслар, бир-бирини тасдиқловчи ёки инкор этувчи ранг-баранг қарашларнинг юз бериши табиий бўлиб, улар соғлом адабий муҳитни юзага келишида асосий тамойиллар бўлиб хизмат қилади. Халқ, жамият ва давлатнинг куч-қудрати бўлган маънавиятни юксалтириш орқали буюк ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга қараб борилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов ўзининг «Тарихий хотирасиз келажак йўқ» асарида: «Мустақилликка эришганимиздан кейин халқимизнинг ўз юрти, тили, маданияти, қадриятлари тарихини билишга, ўзлигини англашга қизиқиши ортиб бормоқда. Бу табиий ҳол,» 4 - деб ҳаққоний уқтириб ўтади. Ҳақиқий ўтмишимизни чуқур билиш, миллий ифтихор туйғуларини ўстириш асосида ўзлигимизни янада кенгроқ англаш учун адабий жараённи ва ижтимоий тузумнинг энг илғор зиёлилари дунёқарашини ҳам маълум даражада ўзида мужассам этадиган адабий танқидчилик тарихини тадқиқ қилиш муҳим аҳамиятга эга. Миллий истиқлол мафкураси ва ҳозирги кунда кечаётган шиддатли ҳаётий ўзгаришлар жараёни ҳам ўзбек адабий танқидчилиги босиб ўтган тарихий йўлга илмий жиҳатдан ҳаққоний баҳо бериш ва уни теран ёритишни тақоза этмоқда ҳамда, ҳозирги давр адабий танқиди олдига янги вазифалар, қатор маънавий юмушлар қўймоқда. Ўзбек адабиёти тарихига назар солсак, XX асрнинг бошларигача бўлган даврларда адабиётшунослик ва адабий-танқидий тафаккур қоришиқ тарзда мавжуд бўлганлигини кузатамиз. Айниқса, адабий танқид XX асргача фан сифатида яхлит бир кўринишга эга бўлмаган бўлса ҳам унинг туғилиши ва тараққиётида мумтоз адабиётимиздаги тазкиралар, Фаробий, Ибн Сино ва Навоий, Бобурларнинг адабий-танқидий қарашлари, ҳамда айрим шеърий асарларда баён этилган адабий-танқидий фикрлар ва XIX асрнинг охири ва XX аср бошларида ўзбек матбуотида эълон қилинган мақолалар, тақризлар муҳим аҳамият касб этди. Айниқса жадидчилик ҳаракати асосида майдонга келган миллий уйғониш тафаккури ўзбек адабий танқидчилиги тараққиётига муносиб улуш қўшди ва ўз навбатида адабий танқидчилик миллий уйғониш ривожида муносиб хизмат қилди. 20- 30-йилларга келиб профессионал ўзбек танқидчилиги тараққий эта бошлади. Адабий танқид соҳасидаги баҳс ва мунозаралар янада қизиб, кескин тус олди. Бу даврларга келиб миллий қадриятлар ва жадидчилик оқими кескин зарбага учради. Адабий танқид большевиклар юргизаётган шуровий сиёсатни тарғиб этувчи ғоявий қуролга айлантирилди. Адабиётшуносликда вульгар-социологик қарашлар авж олди. 20-30- йиллардан бошлаб социалистик реализм ҳақидаги таълимот бадиий адабиётга зўрлаб тиқиштирилди. Натижада бу метод қолипига тўғри келмаган кўплаб ўзбек миллатпарвар саънаткорлар қатоғон қилинди. Коммунистик мафкурабозлик ва синфийлик назарияси бадиий адабиёт ва адабий танқид тараққиётига жиддий зарар етказиб ўтмиш маданий меросига нисбатан нотўғри қараш ҳамда муносабатларни келтириб чиқарди. Мумтоз адабиёт вакиллари ижодини табақалаштириб, турли «реакцион» оқимларга ажратиб ўрганиш адабиёт илмига жиддий путур етказди. Тарихийлик мезонларидан чекиниш, замонавийликни жўнлаштириб талқин қилиш, адабиётни оддий шиорбозлик даражасига интилиш сингари вульгар майллар сўз саънати ривожига ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан катта зарар етказди. Хуллас, собиқ иттифоқ даврида адабиёт, маданият ва санъат соҳасидаги сиёсатбозлик ва мафкурабозлик якка ҳокимлиги адабий танқид сифати, холислиги ва илмийлигига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмасдан қолмади. Лекин комунистик мафкуранинг адабий ижодга бундай зўравонларча тазйиқидан қатъий назар, 60-70-йилларга келиб адабиётшунослик ва адабий танқид илмида ижобий тамойиллар пайдо бўлди. Бадиий адабиёт тарихини илмий жиҳатдан тўғри, холис ёритиш, ҳаққоний баҳолашга интилиш ҳаракати кучайди. Атоқли ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида танқидий-биографик, илмий-биографик, адабий портрет йўналишидаги кўламли тадқиқотлар дунёга келди. Тақриз, адабий обзор, муаммоли мақола, бадиа, хотира-мемуар, тақриз-мактуб, тақриз-баҳс, мақола-суҳбат, мақола-диалог, адабий ўйлар сингари жанр ва шакллар кенг ривожланди. Адабий танқидда психологик, қиёсий, типологик, эстетик, фалсафий ва тарихий таҳлил усули кучайди. Илгари мафкура тазйиқи билан яратилган кўплаб адабий-танқидий ишлар қайта баҳосини олди, ўтмиш меросимизга муносабат ижобий томонга ўзгара бошлади. Адабий жараёнда бундай ижобий ўзгаришларнинг майдонга келишига, шахсга сиғиниш иллатлари қораланиб, бироз эркинлик ва демократия шабадалари эса бошлаганлиги муҳим таянч ва тўртки бўлиб хизмат қилди. Хуллас, XX асрнинг 60-70-йилларига келиб, ўзбек адабий танқидчилигида ўзига хос эврилиш ва сифат ўзгаришлари пайдо бўлди. Адабий танқид адабий жараённи атрофлича ва ҳаққоний баҳолайдиган, ҳатто олдинга етаклайдиган даражада ўсиб борди. Бу даврда адабий танқидий асарларни жамоатчилик ўқийдиган ва у билан мааълум даражада ҳисоблашадиган бўлиб қолди. Унинг ўзи ҳам ҳар қандай ён беришларга муҳтож эмаслигини намоён этди. 30-50-йиллар адабий танқидчилигидаги найзабозлик, ур- йиқитчилик ва бир томонлама қарашлар деярли йўқолди. Албатта, бу даврларда ҳам партиявийлик ва синфийлик талаби бутун адабий жараёнга ҳам, адабий танқид сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатиб турганидан кўз юмиб бўлмайди. Лекин мустабид тузумнинг адабий танқидчиликка ўтказган салбий таъсиридан қатъий назар, 60-70-80-йилларга келиб адабий танқидчилик илмида ижобий тамойиллар адабиёт тарихини гўзаллик ва бадиий маҳорат қонуниятлари асосида таҳлил қилишга интилиш тамойиллари кўчайиб борди. Шунинг учун ҳам 60-70-80-йиллар танқидчилигидаги етакчи хусусиятлар - танқидчи-санъаткорнинг илмий-ижодий ўзига хослиги ва маҳорат қирралари, ёзувчи-танқидчи маҳорати, холис тадқиқотлар яратишда мавзуга тарихий биографик ёндашув методи, жаҳон эстетик тафаккури ва маърифатпарвар даҳо адиб ва мунаққидларнинг ўзбек адабий танқидчилигига самарали таъсири каби муҳим масалаларни ҳозирги кун нуқтаи-назаридан алоҳида ва атрофлича ўрганиш, чуқур тадқиқ этиш танқид ва адабиётшуносликнинг кечиктириб бўлмайдиган вазифаларидан ҳисобланади. 60-70-80-йиллар адабий танқидчилигидаги мазкур муаммолар яхлит холда, бир тадқиқот доирасида ёритилмаганлиги ҳам биз ўрганаётган мавзунинг долзарблигини белгилайдиган асослардан бири саналади. Биз ўрганаётган ўзбек адабий танқидчилигида услуб ва маҳорат муаммолари масалалари бўйича махсус тадқиқот иши қилинмаган бўлсада, ҳозирга қадар айрим ишларда, хусусан муаллифлар томонидан ёзилиб, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг мухбир аъзоси Иззат Султонов таҳрири остида нашр этилган «Ўзбек совет адабий танқиди тарихи» (1987, 1,2-том) китобида, Иззат Султон, Ҳомил Ёқубов, Матёқуб +ўшжонов, Лазиз +аюмов, Озод Шарафиддинов, Ҳафиз Абдусаматов, Салоҳиддин Мамажонов, Ботир Валихўжаев, Абдиқодир Хайитметов, Наим Каримов, Собир Мирвалиев, Умарали Норматов, Бахтиёр Назаров, Иброҳим /афуров, Норбой Худойберганов, Ҳотам Умуров, Пирмат Шермуҳамедов, Ўткир Шокиров, Абдуғафур Расулов, Санжар Содиқов, Ортиқбой Абдуллаев, Ҳамидулла Болтабоев, Бойбута Дўстқораев каби адабиётшунос олимларнинг докторлик ва кандидатлик диссертацияларида, монография ва мақолаларида, ўқув қўлланмаларида бу муаммонинг баъзи қирралари, тафсилотлари ҳақида фикр мулоҳазалар билдирилади. Мавзунинг долзарблиги яна шу билан белгиланадики, 60-70-80- йиллар адабиёти ва адабий танқидчилигининг ўтмишига чуқурроқ разм солиш ҳозирги кунда бир жойда депсиниб турган адабий танқидчиликнинг оёққа туриши, яхши ҳаётбахш анъаналарни давом эттириши нуқтаи- назаридан ҳам жуда муҳимдир. Шу ўринда Ўзбекистоннинг истиқлол даври адабий танқидчилиги ўтмиш адабий танқидчилигининг меросхўри эканлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Шунинг учун ҳам 60-70-80-йиллар танқидчилиги тарихидаги услуб ва маҳорат даражалари устида илмий тадқиқот олиб бориш, ҳозирги кун адабий танқидчилиги нуқтаи-назаридан ҳам ўта муҳимдир. Чунки 60-70-80-йиллар адабий-танқидчилиги тарихига мустақиллик ва истиқлол илмий тафаккури нуқтаи-назаридан янгича назар солиш, кўп муаммоларни қайта баҳолаш ва илмий асосларда ечиш имкониятини туғдиради. Шу заминда ўзбек танқидчилиги босиб ўтган мураккаб тарихий йўлга янгича нигоҳ ташлаш, у эришган ютуқ ва камчиликларга баҳо бериб умумлаштириш учун кенг имкониятлар очилади. Булар эса ўз навбатида адабиётимизни янги тараққиёт босқичларига кўтарилиши учун ҳам хизмат қилади. Мазкур мавзуни чуқур ўрганиш қуйидаги масалаларнинг ҳал этишда қўл келади: адабий жараённи тарихийлик ва бугунги кун нуқтаи назаридан ўрганишда;  адабий жараён ҳақидаги илмий-тадқиқотларни қиёсий-танқидий таҳлил этишда;  адабий танқидчи ва ёзувчи-мунаққид маҳоратини ўрганиш ва ёритишда, бу соҳада олий ўқув юртларида махсус курс ва махсус семинарлар ўқишда;  шўролар давридаги партиявийлик, синфийлик ва социалистик реализм талабларининг бутун адабий жараёнга ҳам, адабий танқид сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатганлик кўламини аниқлашда;  атоқли ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги танқидий- биографик методга асосланган илмий монография, адабий портрет йўналишидаги илмий тадқиқот асарлари ёзишда;  адабий танқидда психологик, қиёсий, типологик, эстетик, фалсафий ва тарихий таҳлилларни чуқурлаштиришда;  аввалги босқичларда яратилган кўплаб адабий-танқидий ишларга қайтадан холис баҳо беришда;  ҳозирги адабий танқидчиликнинг оёққа туриши ва аввалги яхши, ҳаётбахш анъаналарни давом эттиришида;  социалистик реализм ва синфийлик талаби билан зўрлаб тиқиштирилган сохта ғояларни холис ва атрофлича кўрсатиш асосида бадиий адабиётга бир томонлама ва сохта ёндашув оқибатларининг нималарга олиб келиши мумкинлигини чуқур очиб беришда;  мустақиллик ва истиқлол мафкураси асосида университетлар ва педагогика олий ўқув юртларининг филология факультетларига мўлжалланган янги адабиётшунослик ва адабий танқид дастурлари ва ўқув қулланмалари ишлаб чиқишда;  «Адабий танқид курси» бўйича олий мактаб талабалари учун дарслик ва қўлланма ёзишда. АДАБИЁТЛАР: 1.Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. «Шарқ» нашриёти матбаа концерни Бош таҳририяти 1998. 2.Адабий турлар ва жанрлар. Т.: «Фан» 1991. 3.Ўзбек адабий танқиди тарихи 1-2том Т.:1987. 4. Адабиёт назарияси. 2томлик. Т.:»Фан» 1978-1979. 5.Тўраев Д. Бадиий талқин йўлларида Т.: «Ёзувчи» нашриёти, 1996. 7.Йўлдошев Б. 60-70-йиллар адабий танқидчилиги тарихига бир назар. «Шарқ юлдузи»журнали 1999йил 6-сон. 8.Йўлдошев Б.Адабий танқид янги аср бўсағасида. «Тафаккур»журнали, 2000йил, 3-сон. 9. www.pedagog.uz