logo

30-йиллар танқидчилигининг ўзига хос тамойиллари ҳақида. Иккинчи жаҳон уруши даври ва 50-йиллар ўзбек танқидчилиги муаммолари

Загружено в:

08.09.2022

Скачано:

0

Размер:

109.5 KB
30-йиллар танқидчилигининг ўзига хос тамойиллари ҳақида. Иккинчи жаҳон уруши даври ва 50-йиллар ўзбек танқидчилиги муаммолари РЕЖА : 1. 30-йиллар танқидчилигидаги ғоя ва образлар муштараклиги муаммоси; 2.Адабий танқидчиликда ижодий фаоллик ва реализм эстетикасини эгаллаш йўлидаги изланишлар; 3. «Илк монографик тадқиқотлар ва ўн беш йил ичида ўзбек адабиёти (1939)» асарининг таҳлили; 4. Иккинчи жаҳон уруши даври ва 50-йиллар ўзбек танқидчилиги муаммолари 5.Хулоса. 30-йиллар ўзбек танқидчилигида ғоя ва образлар бирлиги масаласига янада жиддий эътибор берила бошланди. Уйғун «Адабиётда меньшевизм кўринишларига қарши» номли рисоласида (1935) қуйидагиларни ёзган эди: «...адабиёт қуруқ образлар системасидан иборат эмас», у идея, фикр ва ҳисларнинг образларда ифодаланишидир». Ўзбек танқидчилиги бу фикрни кенг тарғибот қилди ва қўллаб қувватлади. Бунга сабаб эса 20-йилларда «санъат санъат учун» деган ғоянинг кенг томир отганлиги эди. Масалан, Фитрат 20-йиллар ўрталарида «Адабиёт қоидалари» номли китобида адабиётнинг ғоявийлиги ва унинг муайян синф қўлидаги ижтимоий қурол эканлигини эътибордан четда қолдириб, уни фақат ҳис-ҳаяжонларини акс эттирувчи соҳа сифатида талқин этган эди. Ойбек бунга қарши чиққан эди. Масалан, А.Саъдий ҳам ўзининг «Адабиёт масалалари ва октябрдан сўнгги ўзбек адабиёти» (1933 й.) номли китобида ғоявийликни инкор этмаса-да, Фитрат каби адабиётга, асосан, ҳис туйғуларни акс эттирувчи соҳа сифатида қаради. Бу билан у ғоявийлик масаласининг ўсиб келаётган ёш адабиётчилар томонидан тўғри идрок этилишига ҳалал берди. Ўйғуннинг юқоридаги қарашлари эса буларга берилган бир зарба бўлиши керак эди. Миллатчилик руҳидаги танқидчилик 20-30 йилларда имкони борича рус адабиёти ва жаҳон прогрессив адабиёти таъсирини четлашга, унинг олдини олишга ва шу йул билан ўзбек адабиётини миллий маҳдудлик пардаларига ўрашга интилди. Масалан, «С» тахаллуси остида 1922 йилда бир танқидчи ёзган эди: «Ҳалқимиз ҳозирги даврда санъатни, айниқса, Европа санъатини ҳохламайди. Бизнинг театримиз, қимор, чойхона манзаралари ва чапани полвонлар» ни акс эттиришдан иборат бўлмоғи лозимдирки, биз бундай нарсаларни Шекспир ва Шиллернинг кўрсатилаётган асарларидан тополмаймиз...». Албатта, бу хато фикрлар эди, бу миллий маҳдудланишнинг кўриниши эди. 30 йилларнинг ўрталарига келиб, адиблар ва мунаққидлар типиклаштириш масаласини кўтариб чиқдилар. (М.Г.Гулом «Кўкан», Ҳ.Олимжон «Зайнаб ва Омон»). Масалан, Олим Шарафиддинов 30 йилларнинг ўрталарида Уйғун ижоди ҳақида ёзган мақоласида типиклаштиришда йўл қўйилаётган камчиликларни Уйғун ижоди мисолида кўрсатиб, шоир ўзининг «Колхозчи қизга» шеърини таҳлил қилиб, бу соҳада йўл қўйилган камчиликлар ҳақида гапирган эди, яъни шоирнинг майда тафсилотларга берилиб кетиб натурализмга йўл қўйилганлигини танқид қилган эди. Турмушни нусха қилмаслик, яъни ундан кўр-кўрона кўчирмасликни таъкидлаган эди. қисқаси Олим Шарафиддиновга ўхшаган танқидчилар 30-йиллар бадиий асарларидаги формализм ва натурализм кўринишларига қарши кураш олиб борди. Олим Шарафиддинов «Бир реакцион назария тўғрисида» деган мақоласида («қизил Ўзбекистон газетаси» 1936 йил 6-июнь) Миён Бузрук Солиҳовнинг «Адабиёт кишилар характерини, психологиясини такрорлаб ифодалаб беришдир» деган қарашларига қарши чиқиб, «типик характерларни, типик шароитда кўрсатиш» бадиий адабиётнинг, энг асосий вазифаси эканлигини танқид қилади. «Обид кетмон», «Сароб», «Душман», «Нетай», «Ёдгор» сингари асарларда типиклаштиришнинг энг дастлабки муваффақиятлари қўлга киритилдики, бунда адабий танқидчиликнинг ҳам ўзига хос улуши бор. 30-йиллар адабиётшунослиги ва адабий танқидчилигида И.Султоннинг «Адабиёт назарияси» китоби (1939 йил) ҳам катта аҳамият касб этди. Умуман, И.Султоннинг китоби тенденциозлик, ғоявийлик, синфийлик ва ёзувчининг ҳаёт ҳақиқатига содиқлиги масалалари ҳақида баҳс юритади. Сотти Ҳусайн, Ойбек сингари ёзувчилар бошлаб берган ўзбек ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш анъанасини 30-йиллар адабий танқидчилигида Юсуф Султон ҳам давом эттирди. Унинг «Ҳамза Ҳакимзода ҳаёти ва ижодиёти» номли асари Ҳамза ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини маълум даражада умумлаштириб кўрсатишга йўл очди. Шу билан бирга Ю.Султонов ушбу китобида образ, ғоявийлик, бадиийлик масаласида ҳам яхши фикрлар баён этди. 30-йилларга келиб, адабиёт соҳасида бўлгани каби адабий танқид соҳасида ҳам ижобий фаоллик кенгая борди. 1933 йилда ўзбек тилида 178 номда газета ва журналлар чиққан бўлса, 1938 йилга келиб газета-журналлар 208 номда чиқа бошлади. 1932 йилнинг 16 июнида Тошкент ва Самарқандда Ўзбекистон ёзувчи ва адабиётшунос, танқидчиларнинг кенгаши ўтказилди. 1934 йил 7-11 мартда Ўзбекистон ёзувчиларнинг биринчи съезди бўлиб ўтди Раҳмат Мажидий, Назир Сафаров, Зиё Саид, Анқабойларнинг маърузалари тингланди. 30-йилларнинг дастлабки даврларидаёқ умумиттифоқ адабий танқидчилигида бўлгани каби ўзбек адабий танқидчилигида ҳам методолигик жиҳатдан тарихий тараққиётга зид, боши берк кўчаларга кириб кетаётганлиги аниқ сезила бошлаган эди. Танқидчилик каби бениҳоя қийин, аммо шарафли вазифани бажармоқ учун аввало ўтмиш маданиятига алоқадор барча буюк файласуфлар меросидан тўла хабардор бўлмоғи, ўтмиш меросини танқидий ўзлаштириш орқали янги замон адабиёти ривожига хизмат қила оладиган қонуниятларни кашф эта билмоғи ва улардан санъат ҳодисаларига баҳо беришда, ижод жараёнлари тамойилларини тушуниш ва тушунтиришда унумли фойдаланиб бормоғи лозим эди. Шунингдек, унинг олдида адабиётни мумкин қадар яхлит ҳолида кузатиб боришдан иборат янги ва янада мураккаброқ иккинчи бир вазифа ҳам кўндаланг бўлиб турарди. Энди танқид у ё бу группа шоир ва ёзувчилар ижодини бошқа группа шоир ва ёзувчилари ижодига қарама-қарши қўйиб, ҳимоя қилувчи ё саволовчи қурол бўлиб қололмасди. Ҳаёт уни иложи бўлса шўролар давлатидаги барча миллат ва элатлар адабиёти ютуқлари билан шуғулланишга, камчиликларни ҳам ана шу ютуқлар умумлашмасидан келиб чиқадиган хулосаларга асосланиб туриб беришга даъват этаётган эди. Ўттизинчи йилларнинг ўрталарига қадар танқид ана шу янги, истиқболли ниҳоятда порлоқ йўналишда бирмунча сезиларли ютуқлар сари интилди. Бироқ ҳали бунга назарий жиҳатдан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам тайёр эмаслиги учун бўлса керак, исталган натижаларга қисмангина эриша олди, холос. «Биз танқидчилар, -деб ёзган эди ўша вақтларда « Литературнўй критик» журнали ўзининг бош мақолаларидан бирида, - ўз ёзувчиларининг оддий лаганбардор мадҳиябозига айланиб қолаётирлар. Улар ана шу ёзувчилар томонидан яратилган ҳар қанча янги асарларни ҳам кўкларга кўтариб мақтамоқ учун бор овозларини аямай жуда қаттиқ жар соладилар. Асарга оид гапларини мутлақо наматлуб бўёқлар, турли хил ялтироқ тақинчоқлар билан безашдан чарчамайдилар. Китобхоннинг, шунингдек, ёзувчиларнинг ҳам қизиқиш ва эҳтиёжлари билан деярли ишлари йўқ». ( Литературнўй критик М., 1934). Дарҳақиқат, журнал янглишмаган эди. 1936-1937 йилларга келиб аҳвол худди шундай бўлиб чиқди. Гоявийлик эстетик жиҳатдан чаласавод танқидчилар адабиётнинг ҳатто етук намояндаларини ҳам «душман элемент» сифатида ҳақоратлашдан тап тортмадилар. Ўзбекистонда ҳам баъзи чаласавод танқидчилар бундай ёрлиқларни Сўфизода, А.қодирий, Элбек, Усмон Носир, Шокир Сулоймон, Отажон Ҳошим сингари ижодкор ва олимлардан ташқари Ҳ.Олимжон, Ойбек, Миртемир, Шайхзодаларга ҳам ёпиштирмоқчи бўлишган. Тўғри, улар ўзларининг «тирноқ орасидан кир қидириш»га асосланадиган хуружлари билан аксарият таланти, бадиий диди ва жасорати анча заиф қалам аҳлларининг чўчита олар эдилар, холос. Ўттизинчи йилларда бутуниттифоқ адабий танқидчилиги қатори ўзбек адабий танқидчилигининг ҳам профессионал савияси ўсиб борди. О.Ҳошимовнинг «Ўзбек шўро адабиётининг бир неча асосий ижодий масалалари», Раҳмат Мажидийнинг «Буюк санъат учун», Ҳ.Олимжоннинг «Ёзувчилар савиясини кўтарайлик», Ойбекнинг «Танқид соҳасида саводсизлик ва ур-йиқитчиликка қарши ўт очайлик», «Сўнги йиллар ўзбек поэзияси», «Ўзбек поэзиясида тил» сингари мақолалари профессионал савияда ёзилганлиги яққол сезилади. Бу мақолаларда адабиётнинг синфийлиги, ғоявийлиги масалалари сўз санъатининг тамойилларидан келиб чиқиб таҳлил қилинади; бадиийлик категориясининг эса шакл ва мазмун, типиклик ва индивидуаллик, характер ва шароит сингари факторларнинг диалектик намоён бўлиши деб тушунтирилади. Шу жараён ичида профессионал ўзбек танқидчи ва адабиётшуносларининг сафи И.Султонов, Ҳ.Ёқубов, Саидғани Валиев, Буюк Каримий, Юсуф Султонов сингари қатор истеъдодли ёшлар ҳисобига анча кенгайди. Ёшлар, устозлар томонидан йўлга қўйилган традициянинг энг илғор жиҳатларига жиддий эътибор бериб санъат намуналарини «турмуш дарслиги» сифатида тадқиқ эта бошладилар. Бу даврда И.Султоннинг «Нега томошабин бепарво» (Собир Абдулланинг «Пўртана» пьесаси ҳақида), «Чеховнинг ҳикоячилиги», «Йигирма йил бурунги «Ҳамлет», «Шоҳнома» спектакли тўғрисида», «Номус ва муҳаббат» (Яшиннинг шу номли асари ҳақида), «Ёзувчи ва ўқувчи» (Уйғун ҳақида) сингари мақола ва тақризлари кетма-кет босилиб чиқди. И.Султон «Адабиёт назарияси»(1939) китобини ҳам яратди. Ҳ.Ёқубов «Гафур Гуломнинг ҳажвий ҳикоялари», «Уйғун ижодиёти», «Ҳамид Олимжоннинг ижодий йўли» сингари савияси ҳийла пишиқ илмий ишлари билан таниқли адабиётшунослар сафидан ўрин олди. Ойбекнинг поэзияга доир, И.Султоннинг пьесаларга доир С.Валиев, А.қаҳҳор ва А.қодирийларнинг прозага доир мақолаларида ўзбек адабиётидаги баъзи бир натуралистик ва формалистик тенденцияларини чинакам бадииятга зид ҳодисалар деб топилди. Лекин шунда ҳам ҳали бу давр адабий танқидчилигида бадиий сўз санъатининг ўзига хос жиҳатларига баъзан камроқ эътибор бериш ва баъзан эса вульгар социализмнинг янгича кўринишларига йўл қўйиш ҳолатлари сезилиб турди. Умуман олганда 30-йиллар адабий танқидчилиги дастлабки даврларда унчалик фаол эмас эди. Лекин 30-йилларнинг иккинчи ярмига келиб ўзбек адабий танқидчилиги ҳам фаоллаша бошлади. Ойбекнинг «Абдулла қодирий ижоди» (1934) монографияси бу йўлдаги илк ва муваффақиятли қадамлардан бири бўлди. Бу асарда А.қодирийнинг ёзувчилик маҳорати батафсил очиб берилди. 30-йилларда ўзбек адабиётшунослиги томонидан эришилган ютуқлардан бири «Ўн беш йил ичида ўзбек адабиёти» (1939) илмий тўплам ҳолидаги китобидир. Бу тўпламга кирган мақолалар ичида Олим Шарафиддинов ва С.Ҳусайнларнинг «Ўзбек адабиёти», Ҳ.Ёқубовнинг «Ўзбек совет поэзияси 15 йил ичида», Юсуф Султоновнинг «Ўзбек совет прозаси», С.Ҳусайннинг «Ўзбек совет драматургиямизга умумий бир қараш». Ш.Сулаймон ва Г.Каримовларнинг «Болалар адабиёти тўғрисида», М.Афзалов ва Б.Каримовларнинг «Ўзбек фольклари» номли чинаккам тадқиқот ишлари мавжуд эди. Унда, ўзбек адабиётининг тараққиёт йўллари анча мукаммал очиб берилди. Хулоса қилиб айтганда 30-йилларда адабий танқид соҳасида бирмунча ижодий ютуқларга эришилди. Танқид соҳасига янги ижодий ёш кучлар келиб қўшилди. Адабиётнинг санъат, гўзаллик сифатидаги тамойилларини чуқур тушунтириб бериш борасида ютуқларга эришилди. Ўтмиш адабий меросини ўрганиш соҳасидаги илмий тадқиқотлар ҳам 30-йиллар адабиётшунослиги ва адабий танқидчилигининг энг муҳим ютуқларидан биридир. ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ДАВРИ ВА 50-ЙИЛЛАР ЎЗБЕК ТАНҚИДЧИЛИГИ МУАММОЛАРИ Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистонда илмий, маданий ва адабий ҳаёт яна ҳам ривожланди. Фанлар Академиясининг тарих, жаҳон адабиёти, шарқшунослик институтлари ва бошқа бир қатор илмий-маданий марказларнинг эвакуация қилиниши бу жонланишга сабаб бўлди. Эвакуация этилган рус олимлари бу йилларда республикамиздаги фан ривожига, айниқса, филология ва шарқшунослик фанлари ривожига маълум даражада ҳисса қўшдилар. Ўрта Осиё Давлат университетининг филология ва шарқ факультетлари шу даврда очилди. С.Жўра, К.Имомов, П.Турсун, М.Бобоев, Н.Сафаров, З.Фатхуллин, И.Раҳим, А.Раҳмат, М.Муҳамедов, М.Исмоилий, Шуҳрат, А.Удалов, В.Костиря, И.Муслим, Назармат, Акбарий ва бошқа ўнлаб адиблар ҳаракатдаги армия сафида бўлдилар. Ойбекнинг “қуёш қораймас” романидан парчалар эълон қилинди. Г.Гуломнинг “Сен етим эмассан”, “Мен яҳудий”, “Соғиниш”, Ҳ.Олимжоннинг “Россия”, “қўлинга қурол ол”, “Роксананинг кўз ёшлари”, Абдулла қаҳҳорнинг “Хотинлар”, “Асрор бобо”, Ойбекнинг “Навоий” асарлари, Яшиннинг “Ўлим босқинчиларга”, Шайхзоданинг “Жалолиддин Мангуберди”, Ҳ.Олимжоннинг “Муқанна”, Ойбекнинг “Маҳмуд Таробий”, И.Султоновнинг “Бургутнинг парвози” сингари драмалари бу даврда саҳнага қўйилиб, фақат уруш даври ўзбек адабиёти эмас, умуман, ўзбек адабиёти тарихидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Ойдиннинг “қизларжон”, “Ширин келди” ҳикоялари тўплами, Ойбекнинг “Халқ-қаҳрамон”, С.Аҳмаднинг “Фарҳод тоғининг этакларида”, Ойдиннинг “Менинг қаҳрамоним”, П.Турсуннинг “Оқ олтин” очеркларида даврнинг конкрет қаҳрамонлари қиёфаси акс эттирилди. Уруш даври тақозаси билан матбуотда адабий танқид учун аввалгидан анча кам жой ажратилса ҳам, бу камчилик оғзаки муҳокамалар ва мунозаралар билан бир даражада тўлдирилди. Бу даврда профессионал танқидчилар билан бир қаторда адабий танқид билан санъаткорларнинг ўзлари ҳам шуғулландилар. Уйғун Ҳ.Олимжон ижоди ҳақида “Шодлик ва бахт куйчиси” номли мақола ёзди. Ўзбек танқидчилиги уруш йилларида бадиий адабиётда ўзининг чуқур ифодасини топган халқлар дўстлиги масаласига алоҳида эътибор билан қаради. 30-йилларда бадиий асарлар таҳлил қилинар экан, бахт тушунчаси Ватан фаровонлиги, озод ва бахтиёр меҳнат талқин этилган бўлса, уруш даврига келиб булар ёнига Ватан озодлиги, фашизмни тор-мор қилиш масалалари ҳам келиб қўшилди. 1943 йилнинг декабрида Москвада ўзбек адабиёти ва санъати кунлари бўлиб ўтди. Декада ўзбек танқидчилигида ҳам муносиб из қолдирди. Ҳ.Олимжон, Ойбек, И.Султоновларнинг “Ўзбек халқининг адабиёти”, “Ўзбек адабиёти”, “Катта имтиҳон” сингари мақолаларида бир томондан, ўзбек адабиётининг 25 йил ичида босиб ўтган йўлига қисқача якун ясалди, иккинчи томондан, ўзбек адабиётининг уруш давридаги аҳволи таҳлил қилиб берилди. И.Султон “Катта имтиҳон” мақоласида “...поэзиямиз бу даврда жиддий ютуқларга эришди; ўз тараққиётида бирданига бир неча поғона юқори кўтарилди” деб ёзган эди. (И.Султон. Пьесалар, мақолалар. Т., 1959. 168-бет). Ҳ.Олимжон “Ўзбек халқининг адабиёти” мақоласида шу адабиётнинг асосий хусусиятларидан ташқари, унинг аввалги босқичлардан фарқланиб турувчи ўзига хос белгиларини ҳам кўрсатиб берди. Бу давр ўзбек адабиёти ривожи аввалги босқичдан фарқли ўлароқ “Эпик қаҳрамонлар образини яратиш”да намоён бўлмоқда, дер экан у “Бургутнинг парвози”, “Ўлим босқинчиларга”, “Маҳмуд Торобий”, “Жалолиддин”, “Ўзбекистон қиличи” каби асарлар асосида ҳақли хулоса чиқарган эди. Уйғуннинг “қилич ва қалам билан” номли мақоласида уруш даври танқидчилиги учун энг характерли хусусият - кучли публицистик руҳ ажралиб туради. М.Шайхзоданинг “Ўзбекистон қиличи” драмаси ҳақида” (қизил Ўзбекистон, 1942. 7 май) мақоласи “Ўзбекистон қиличи” драмасига ёзилган тақриз эди. Н.Погодин, С.Абдулла, Уйғун, Ҳ.Олимжоннинг “Ўзбекистон” қиличи” 1942 йилда эълон қилинди. “Ўзбекистон қиличи”да Юнус ота ўғли Арслонга ўзи ясаган қиличини тутқазиб жангга кузатади. Жангда қўрқоқлик қилган Тошматни Арслон отишга буюради. Фарзанди нобакорлигидан азият чеккан Одил ота ўғли ўрнини босиш учун жангга отланади... Ойбекнинг “Навоий” романига танқидчилик катта баҳо берди. Е.Э.Бертельс, М.Шайхзода, И.Султонлар 1945 йил февралида Ўзбекистон Ёзувчилар союзида муҳокамада “Навоий” романига муносабат билдирдилар. “Бу асар,-деган эди И.Султон,-ўзбек халқи тарихида ўлмайдиган роман бўлиши билан бир қаторда йирик сиёсий ҳужжат ҳамдир”. (“қизил Ўзбекистон” 1945. 11 февраль). М.Шайхзода “Тирик Алишер” деган мақола ёзган эди. Ҳоди Зарифовнинг “Ўзбек фольклорида қаҳрамонлик ва ватанпарварлик” мақоласида фольклор намуналарини чуқур тадқиқот этди. Хулоса қилиб айтганда ўзбек танқидчилиги уруш йилларида ўзининг ҳозиржавоблик ва жанговарлиги билан ажралиб турди. Бадиий асарлар пешма-пеш, тезкорлик билан таҳлил этилди, танқидчиликда публицистик руҳ етакчи босқичга кўтарилди. Ўзбек танқидчилиги ҳам давр ва ҳаёт синовларидан ўтиб халқ ҳаёти ичига янада чуқур кириб борди. Халқимизнинг ватанпарварлик, қаҳрамонлик туйғуларини тоблашда адабий танқид ўзининг муносиб улушини қўшди. 50-ЙИЛЛАР АДАБИЙ ТАНҚИДЧИЛИГИ ТАРИХИГА БИР НАЗАР 50-йиллар адабий танқидчилигида ёзувчилар эътиборини замонавийлик масалаларига жалб этувчи жиддий фикрлар ҳам айтила бошланди. Масалан, 40- йилларнинг охирида ёзилган (“Ш.Ю.”, 1946, 7-8) бир танқидий мақолада республикамиз ҳаётининг бунёдкор кўринишлари ўзининг ҳар тарафлама чуқур ва ҳаққоний ифодасини топаётгани йўқ эканлиги таъкидланди “бизнинг қарийб ҳамма шоирларимиз ўз шеърларида Ўзбекистонни жаннатга, боғи Эрамга ўхшатадилар, Ўзбекистон бой, фаровон, обод, деб қайта-қайта такрорланади”. Ҳолбуки, даврни, замонни, ҳақиқий Ўзбекистоннинг қиёфасини, унинг буюк қурилишларидаги курашларни тасвирлаш керак, бу биринчидан асарнинг ғоявийлиги учун кураш деган гап эди, бу фикрларда адабиётимизда юз бериб келаётган конфликтсизликни танқид қилиш ётади... 50-йиллар ўзбек адабий танқидчилиги шоирларимизни умумийликдан қочишга даъват этди ва асар ғоясининг аниқ ва конкретлиги, образ ва характерларнинг ҳаққонийлиги учун курашди. 50-йиллар ўзбек танқидчилигининг илғор вакиллари ижодида яна бир муҳим хусусият кўзга ташланди. Энди бадиий танқидчиларимиз бадиий асарнинг ғояси асар тузилишидаги бошқа барча компонентлар билан алоқадорликда ўргана бошлади. Бу масалан, С.Азимовнинг Ҳ.Олимжон ижодига бағишланган туркум мақолаларида кўрина бошлади. С.Азимовнинг “Ш.Ю.” журналининг 1954 йил 9- сонида эълон қилинган Ҳ.Олимжон ҳақидаги мақоласида бу улкан шоир маҳоратини, унинг ғоявий-бадиий концепциясини атрофлича ёритишда ўзбек адабиётшунослигининг жиддий ютуқларидан бири бўлди. Айниқса, Зайнаб образининг прототипли эканлиги, лекин бу образ бадиий тип даражасига кўтарилганлиги эскилик билан янгилик ўртасидаги кураш зўр маҳорат билан қўйилганлигини таъкидлаган эди. “Асарнинг ғоявий мазмунига мос бадиий форма, асар қаҳрамонларининг руҳига мос бадиий воситалар топа олганлигини танқидчи яхши баён этиб беради. 40-йилларнинг охири 50-йиллар бадиий танқидчилиги тарихида мунаққид Абдулла Олимжоннинг ижоди алоҳида ажралиб туради. Унинг “Оғриқ тишлар” ва “Янги ер” саҳна асарларига ёзган тақризлари, Р.Бобожоннинг “қадрдон дўстлар” С.Зуннунованинг “қизингиз ёзди”, Мирмуҳсиннинг “Яшил қишлоқ”, Шукруллонинг “Чоллар”, О.Ёқубовнинг “Чин муҳаббат” номли асарлари ва тўпламларига бағишланган мақолалари алоҳида ажралиб туради. 50-йиллар адабий танқидчилигида муаммоли характердаги мақолалар ёзиш ҳам ўша давр адабий танқидчилигининг муҳим ўзига хос хусусиятларидан биридир. Масалан, Абдулла Олимжон “Ойбек романларида ижобий қаҳрамон образи» мавзуида муаммоли мақола ёзди. А.Олимжоннинг мазкур мақолаларида партиянинг 1946-1948 йилларда эълон қилинган адабиётнинг ғоявийлигини янада юқорига кўтариш тадбирлари ўз ифодасини топди. 50-йиллар бошларида айрим шоирлар ижодидаги кўзга ташланувчи маъюслик мотивлари баъзан ғоясизлик ва тушкунликда айбланди. Бу камчилик 50- йилларнинг ўрталарига келиб бартараф этилди. Ўзбекистон Ёзувчилари III съезди (1954) бўлиб ўтди. Вера Инбер Зулфиянинг “Баҳор келди сени сўроқлаб” шеъри ҳақида: “Шеърда шоиранинг ўз севгисидан жудо бўлганлиги куйланади. Унга қийин. У баҳорни ёлғиз ўзи қаршилайди. Лекин бу шеърда жуда катта ҳаётий куч бор. Шеърни ўқиган киши ўзини кучсиз ва аламли ҳис этмайди, аксинча, бардам ҳис этади (“Ш.Ю.”, 1954, 9, 56-бет). “Чиндан ҳам яхши лирик шеърда қайғуни социализм учун ишлатиш мумкин”. қандай қилиб, ахир, қайғу-ҳасратни куйлаш бизнинг адабиёт учун ёт эмасми? Йўқ, ёт эмас. Ҳамма гап қайғунинг қандай мақсадлар нуқтаи назаридан куйланишида, унинг нафасини қандай ғоявий ният ташкил этишидадир. Гоя, мазмун ва пафоснинг ўзаро муносабати масаласи 50-йилларнинг охирида ўрганила бошланиб, 60-70-йилларда чуқур ишланди. Бу соҳада И.Султон, Ў.Ёқубов, М. қўшжонов ва И.Гафуровлар катта иш қилдилар (М. 1977 йилда Ҳ.Ёқубовнинг “Пафос жилолари” мақоласи эълон қилинди. И.Султон, Ў. Ёқубов, Ҳ. Абдусаматов, С.Азимовларнинг тадқиқотларида ижодкорларнинг ғоявий-бадиий эволюциясини кузатишга жиддий эътибор берилди. 50-йилларнинг ўрталарида ўзбек танқидчилигига М.қўшжонов, Л.қаюмов, О.Шарафиддинов, С.Мамажонов, Т.Собиров, Х.Абдусаматов, Б.Имомов каби янги гуруҳ адабий танқидчилар келиб қўшилди. Улар урушдан кейинги даврда танилган С.Азимов, С.қосимов, М.Юнусов, Ў.Убайдуллаев ва бошқа танқидчилар билан ҳамкорликда қатор назарий ва амалий муаммоларни ишлаб чиқдилар. 50-йилларда драматургия соҳасидаги қолоқлик ва камчиликларни тугатиш борасида катта ишлар қилинди. Т.Собиров, Ҳ.Абдусаматовлар драматургия соҳасида катта-катта мақолалар ёздилар. Масалан, Т.Собиров ўзининг “Конфликтсиз драматургия назарияси”га қарши” (1953) номли мақоласида адабиётимизнинг муайян босқичида салбий из қолдирган бу “назария”ни кескин фош этиб чиқди, шу масала нуқтаи назаридан камчиликка йўл қўйган асарларни дадил танқид қилди. Драматургияни кескин ҳаётий конфликтлар асосига қурилган асарлар яратишга чақирди. Ҳаёт ҳақиқатини тасвирлашга жиддий тўқнашувлар замирида очила борувчи қаҳрамонлар характерини кўрсатиш билангина эришиш мумкинлигини таъкидлади. У.С.Абдулланинг “Муқимий”, Исҳоқ Ўктамовнинг “Кечирилмас гуноҳлар”, Туйғуннинг “Ҳикмат” драмалари ҳақида ҳам мақолалар ёзди. Ҳ.Абдусаматов проза тараққиётини, ўзбек лраматургиясини ўрганиш, ўзбек сатирасининг тараққиёт йўлларини ўрганиш борасида кўплаб мақолалар ёзди. Масалан, унинг Абдулла қаҳҳор ижоди ҳақидаги “Драматургияда ҳаётни ҳаққоний акс эттириш масаласига доир” (1956) номли умумлашма характердаги мақолалари ибратли бўлди. Унинг “Уйғун-драматург” (1956) асари ҳам қониқиш билан ўқилади. 50-йилларнинг аввалидан ўзбек танқидчилигида фаол иштирок эта бошлаган янги авлод вакилларидан бири Бердиали Имомов эди. У болалар адабиётига алоҳида эътибор берган мунаққидлардан бўлди. Агар 1950-1956 йиллар оралиғидаги адабий жараёнга назар ташласак, унинг З.Диёр, қ.Муҳаммадий, Мирмуҳсин, Ё.Шукуров, А.Раҳмат, Ж.Абдуллахоновнинг болаларга бағишланган асарлари ҳақида кўплаб мақолалар эълон қилдирди. В.Зоҳидов Шарқ классик адабиёти ҳақида, рус ва жаҳон адабиёти ҳақида, А.Навоий ижоди ҳақида кўплаб асарлар яратди. АДАБИЁТЛАР: 1.Адабиёт назарияси. 2 томлик.-Т.: Фан, 1978-1979. 2.Алиев А. Адабий мерос ва замонавийлик. -Т.: Адабиёт ва санъат, 1983. 3.Ёқубов Ҳ. Сайланма. 2-жилдлик. -Т.: Адабиёт ва саньат, 1983. 1-жилд. 4.Иззат Султон. Адабиёт назарияси. -Т.: Ўқитувчи, 1980. 5.Назаров Б. Ўзбек адабий танқидчилиги. Гоявийлик, метод. қаҳрамон. Фан, 1979. 6.Раҳмат мажидий. Адабий танқид тўғрисида. Т. 1939. 7-8-9-сонлар. 7.Ўзбек адабий танқиди тарихи. Биринчи том. -Т.: 1979. 8.Валихўжаев Б., Холматов Ш. Ўзбек адабий танқиди тарихи. Самарқанд, 1988. 9..Ўзбек адабий танқидчилиги тарихи. Биринчи том. Т., 1987. 10.Назаров Б. Адабиётшунослик ва танқидчилигимиз янги босқичда. Ўзбек тили ва адабиёти (биринчи мақола) 1976. №1. (иккинчи мақола) 1977. № 8. 11.Мўминов И. Ўзбекистонда ижтимоий-фалсафий тафаккурнинг ривожланиш тарихидан (Х1Х асрнинг охирлари ва ХХ асрнинг бошлари) Т.: ЎзФА. 1960. 12.Умуров Ҳ. Таҳлил санъати. Т.: Адабиёт ва санъат. 1978. 13. www.eduportal.uz