logo

Абдурауф Фитратнинг Вадуд Маҳмуд, Абдураҳмон Саъдий ва Отажон Ҳошим, Сотти Ҳусайнларнинг ХХ асрнинг биринчи ярмидаги адабий-танқидий жараёндаги фаолияти ва ўрни

Загружено в:

10.09.2022

Скачано:

0

Размер:

179 KB
МАВЗУ: Абдурауф Фитратнинг Вадуд Маҳмуд, Абдураҳмон Саъдий ва Отажон Ҳошим, Сотти Ҳусайнларнинг ХХ асрнинг биринчи ярмидаги адабий-танқидий жараёндаги фаолияти ва ўрни РЕЖА : 1.Кириш. А.Фитратнинг ҳаёт йўли ва адабий мероси ҳақида. 2.Фитратнинг адабий-танқидий қарашларининг асосий тамойиллари ва йўналишлари ҳақида. 3.”Адабиёт қоидалари” китобининг таҳлили. 4.Фитрат яратган адабий портретлар таҳлили. 5.Фитрат ижодининг ҳозирги кундаги ўрганилиши тарихи ва фитратшуносликнинг баъзи бир муаммоли масалалари хусусида. 6. А.Чўлпоннинг адабий йўли ҳақида қисқача маълумот. 7.Чўлпоннинг адабий-танқидий қарашларининг асосий хусусиятлари ҳақида 8.Чўлпоннинг “Адабиёт надур” китобининг таҳлили. 9.Чўлпон ва жаҳон адабиёти масалалари. 10.Чўлпон-театршунос танқидчи ва байналминал тадқиқотчи сифатидаги фаолияти ҳақида. 11.20-30-йиллар танқидчилигидаги асосий йўналишлар ҳақида. 12.А.Саъдий танқидчилик фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида. 13.Вадуд Маҳмуднинг танқидчилик фаолияти ҳақида. 14.Отажон Ҳошимнинг илмий-назарий ва танқидчилик қарашлари хусусида. 15.Сотти Ҳусайннинг адабий -танқидчилик йўли ҳамда унинг А.Қодирий ижодига бўлган муносабатининг таҳлили. 16.Хулоса. 1 Фитратнинг адабий-танқидий қарашлари хусусида(1886-1938). “Фитрат” сўзи форсча бўлиб Абдурауф Абдурахим ўғлининг тахаллуси мазкур сўз табиий талант маъносини англатади. Фитрат ХХ аср ўзбек адабиётининг асосчиларидан биридир. Унинг ижодисиз ўзбек адабиёти анча камбағал кўринган бўлур эди. Фитрат тилшунос ва тарихчи олим, давлат арбоби сифатида ҳам катта ишларни амалга оширди. Фитратнинг 250 босма табоғдан ортиқроқ адабий мероси эълон қилинган, 100 босма табоғдан ортиқ бадиий ва илмий асарлари эса ҳали эълон қилинмаган. Масалан, унинг “Феодализм даври ўзбек адабиёти” (1938. 12 босма табоғ); “Жадидлар даври ўзбек адабиёти тарихи очерки” (1935. 15 босма табоғ); “Фирдавсий ижоди ва ҳаёти” (9 босма табоғ). Фитрат ижоди асосан Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин кенг ўрганила бошланди. У Бухорода зиёли оиласида туғилган. Бухоро, Истамбул мадрасалари ва дорилфунунда ўқиган. У араб, форс, турк тилларини мукаммал билганлиги туфайли Шарқнинг буюк алломалари ижодини яхши ўзлаштирган. Адибнинг отаси савдо ишлари билан шуғулланган бўлиб, 1918 йилгача Қашқарда туриб қолган. У асосан, онаси Мустафо биби (Бибижон) тарбиясида бўлиб, у туфайли Бедил, Навоий, Фузулий, Зебунисо, Увайсий каби улкан шоирларнинг ғазалларидан хабардор бўлган. Фитрат 1909 йили Туркияга ўқишга бориб, 1913 йилгача Истамбул дорилфунунида таҳсил кўрган. Туркияда ташкил топган “Бухоро таълими маорифи” уюшмасида фаоллик кўрсатган. Унинг илк тўплами 1911 йилда “Сайҳа” (“Чорлов”) номи билан чоп этилган. “Сайёҳи ҳинди”, “Мунозара” каби асарлари ҳам шу йилларда Туркияда нашр этилган. 1909-1913 йилларда Туркия дорилфунунида ўқиётганида жадидчилик ғоялари билан танишиб, шу ғоялар билан суғорилган асарлар ёзган. У Туркиядаги таҳсили даврида ўзига Фитрат (зукко, доно, билимдон) деб тахаллус олган. 1913 йили ёзган «Мунозара» номли асарида ўз халқини зулм ботқоқидан қутқариб, “нажот йўли”ни излаганлигини тасвирлайди. Бу даврда Оврўпа фани ва маданиятини тарғиб қилиш ҳам Фитрат маърифатпарварлигининг муҳим йўналишини ташкил этади. Фитрат 1917 йилда “Ҳуррият” газетасини ташкил этиб, унда халқни истиқлол учун курашга даъват этувчи шеър ва мақолаларини чоп эттирди. Унинг “Ҳуррият” газетасида босилган “Юрт қайғуси” номли шеър ва сочмаларида Туркистоннинг ҳурлиги учун курашга бел боғлаган лирик қаҳрамоннинг “Мен сен учун туғилдим, сен учун яшарман, сенинг учун ўларман, эй туркнинг муқаддас ўчоғи!” деган даъвати баралла эшитилади. Унинг “Қон”, “Бегижон”, “Темур сағанаси”, “Ўғизхон”, “Абу Муслим”, “Ҳинд истилочилари”, “Чин севиш” каби драмаларида миллий мустақиллик учун 2 кураш мавзуи табиий ифодасини топган. 1922 йили нашр этилган “Ўзбек ёш шоирлари” тўпламида Чўлпон, Элбек шеърлари билан бирга Фитратнинг шеърлари ҳам нашр этилди. Унинг “Миррих юлдузига”, “Беҳбудийнинг сағанасини излаб”, “Шарқ”, “Шоир” каби шеърларида шоир миллатпарвар ва ватанпарварлик позициясида туради. Шоир “Абулфайзхон”, “Арслон”, “Восъе қўзғолони”, “Шайтоннинг тангрига исёни” каби драмаларини яратди. Фитрат 1921-23 йилларда Бухоро халқ жумҳуриятида маориф халқ нозири бўлиб хизмат қилган. 1923-24 йилларда эса фрунзечилар томонидан қувғин қилинган шоир Масквадаги Шарқ тиллари институтида илмий фаолият билан шуғулланган. Фитратнинг ўзбек тили грамматикасига оид дарсликлари 1925-30 йилларда беш марта чоп этилган. Унга ўзбек олимларидан биринчилардан бўлиб, профессор унвони берилган. 1991 йил 25 сентябрда Фитратга ўзбек адабиётини ривожлантиришдаги хизматлари учун Алишер Навоий Республика Давлат мукофоти берилди. Фитрат йирик олим, адабиётшунос сифатида “Адабиёт қоидалари”, “Эски ўзбек адабиёти намуналари”, “Аруз ҳақида” каби илмий кузатувлари ўзбек адабиётшунослик фанининг шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Унинг Умар Хаём, Фирдавсий, Навоий, Бедил ҳақидаги тадқиқотлари адабиётимиз тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат этади. Фитрат 1917 йилда “ И бтидоий мактабларнинг сўнг синф ўқувчилари учун” дарслик тайёрлаб,унда адабиётнинг энг умумий ва асосий жиҳатларини баён этди. Унга Навоий, Бобур каби мумтоз шоирлар ижодидан тортиб, ХХ аср ўзбек адабиёти вакилларигача намуналар киритиб, адабиётдан ўзига хос “сабоғнома” тайёрлади. 1918 йили Фитрат ташкил этган “Чиғатой гурунги” тўгараги тил, имло ва санъат масалалари билангина чекланибгина қолмай, Чиғатой адабиётининг вужудга келганидан тортиб, унинг замонавий кўринишигача бўлган ўлкан тарихни дунёга танитишда жиддий фаолият кўрсатди. Олимнинг “Шеър ва шоирлик” адабий мубоҳасасида (2) “шеърни шеър қилган вазн ва қофиягина эмас, унинг гўзаллик қонуниятларига асосланадиган қатор бадиий сифатлари борлигини” тушунтирди. Айни шу йилларда туркий халқлар яратган бой маънавий меросини тўплаш, ўрганиш ва нашр қилиш ҳаракати бошланди. Бу фаолиятнинг илк меваси сифатида “Инсоният ҳақида Навоий қандай фикрда?” рисоласи дунёга келди (рисолада муаллиф номи кўрсатилмаган бўлса-да, унинг услуби ва замондошларининг шаҳодатларидан келиб чиқиб, бу асар Фитрат қаламига мансуб эканини исботлаш мумкин.). Рисолада Навоий ижоди, инсон мавзуси борасидагина эмас, балки 3 Навоий ва тасаввуф, Навоий ва бадиий ижод, шоирнинг санъаткорлиги хусусида ҳам чуқур кузатишлар мавжуд. Фитратнинг Масковдалик даврида улуғ Шарқ мутафаккири ҳақида “Бедил” бадиҳаси чоп қилинади. Асарда муаллиф маънавий ҳаётимизда кенг тарқалган “бедилхонлик” тасвири баҳонасида улуғ шоирнинг фалсафаси, тасаввуфга муносабати, у ёзган асарларнинг таснифи, шоирона услубини ғоят нозиклик билан таҳлил этиб, чуқур хулосаларга келади. (1.Фитрат. “Ўқув. Ибтидоий ўрта мактабларнинг сўнг синфлари учун”. Боку, 1917. 2.Фитрат. Шеър ва шоирлик “Иштирокиюн” 1919, 24, 25 июль, 1, 30 август. 3.Инсоният ҳақида Навоий қандай фикрда? “Мусулмон иштирокиюн фирқаларининг ўлка бюроси ҳузуридаги нашриёт шўъбаси”. Тошкент, 1919. Бу ҳақда қаранг: Ҳ.Болтабоев. “Мир Алишер Навоий Фитрат талқинида” “Ўзбек тили ва адабиёти”, 1992, 1-сон. 4.”Фитрат, “Бедил” (Бир мажлисда). Москва, Миллат ишлари Комиссарлиги қошидаги марказий “Шарқ” нашриёти, 1923). Бу китобда муаллиф баён қилган назарий умумлашмалар доираси билангина Бедил ижоди доирасида қолиб кетмайди: “Бедил мутафаккир бир адибдир. Унинг сўзларида биз учун унумли кўп фикрлар бор... Ҳар нарсага юзадангина қараб ҳукм қилгувчи бизлар бунга ҳам юзадангина қараймиз. Унинг сўздаги усталикларига, кучига, ҳунарига, ўйинларига бериламиз. Бутун “вой- вой”ларимиз, “офарин”ларимизни Бедилнинг сўзлари учунгина айтамиз. Унинг туб фикрларини эса, ҳеч тушунмаймиз ё тушунмак истамаймиз. Бедилнинг биз учун- да, ўзи учунда муҳим фикрларини ажратмоқ, тортиб кўрмоқ, сараламоқ, муноқаша қилмоқни керак топмаймиз”. Фитратнинг бу истеҳзосидан сезиладики, бадиий асарни тушуниш фақат ундан таъсирланиш, завқ олиш учунгина эмас, балки унинг замиридаги фикрларни ақл тарозусида тортиб кўрмоқ, уни замондошлари ижоди билан муғояса қилиб, шоирнинг “туб тилак”лари орқали ифодаланаётган ҳақиқатни топмоқ ва бошқаларга англатмоқ ҳамдир. Фитрат Бедил асарлари таҳлилида бунга эришган бўлса ҳам, энди ана шу шеърият масалаларини кенг миқёсга олиб чиқиш ва бадиий асар таҳлилига оид шахсий тажрибаларини ўз замони билан пайвандлаб, китоб шаклида умумлаштиришга журъат этди. Адиб “Адабиёт қоидалари”да кўпроқ мақсадни бадиий асарнинг таҳлилий жиҳатига қаратадики, китобнинг асосини ташкил этган бу масалани ҳам тақризчи Ойбек яхши сезган: “Китобдаги материаллар систематик тузилиб, адабиёт қоидалари тўғрисида маълумот берилган ҳам янги шоирларимизнинг парчалари билан чекланмасдан, ўртоқ Фитрат Навоий, Бобур ... каби эски шоирларимиздан ҳам мисоллар олган ва дурустгина таҳлил этган”. 4 “Адабиёт қоидалари” муаллифнинг санъатга берган таърифи билан очилади. Албатта, бу таъриф санъатга ижтимоий онг шаклларидан бири деб қараган маълум назарияни такрорламайди. Чунки, Фитрат санъатни бир ёқлама мафкуравий нигоҳ билан таҳлил этиш учун бой ва гўзал имкониятларини чеклаб қўйишини яхши тушунади. Шунинг учун ҳам гарчи у Масковдалик даврида материалистик дунёқарашга яқинлашган бўлса ҳам, масалага у санъатнинг келиб чиқиши нуқтаи назаридан, бугунги илмий ибора билан айтганда, историзм нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёндашади. Фитрат санъатнинг асосий хусусияти сифатида бошқалар маънавиятига “таъсир этиши”ни тайин қилади ва санъат асарининг кучи китобхонни қай даражада тўлқинлантиришига боғлиқ деган (гарчи ибтидоий бўлса-да талаблар билан ёндашади. Бу фикрлар гарчанд китобда ўта қисқа ва бир оз ҳукмнома тарзда баён этилган бўлса-да, адибнинг бу мавзуга яна қайтиб, алоҳида мақола эълон этганини унинг ўқувчилари яхши билишади. Бироқ, мунаққидлар, ҳатто китобнинг энг асосий жиҳатларини яхши тушуниб, унга ўринли баҳо берган Ойбек ҳам Фитратни айни мана шу масалада айблайди: “Фитрат санъат ва адабиётга бу кунги кўз билан қарамаган». Фитрат санъат турлари ҳақида сўз юритиб, улар учун умумий бўлган жиҳатларни (“юрак, фикр, тўйғу тўлқинларини ... жонлантира чиқариб, бошқаларда ҳам шу тўлқинни ёратмоқ ҳунари”) ажратиб кўрсатади, илмий адабиёт таъбири билан айтганда, санъатнинг ҳиссий (экспрессив) жиҳати, яъни образлилик унинг барча турлари қандай қилиб ўша тўлқунни (ҳиссиёт тўлқини, образни) яратаётганига, яна ҳам аниқроғи, ўша “тўлқин” яратувчи восита ва қуролларга (“сўз, товуш, бўёв, шакл, ҳарф, ҳаракат каби материаллар”) аҳамият берадики, ҳозирги адабиётшунослигимиз ҳам санъат турларини фарқлашда айни шу йўлдан боради. Фитрат бу хусусиятлардан келиб чиқиб, гўзал санъатларнинг олти турини (“мусиқа, расм, ҳайкалчилик, меъморлик, ўйин, адабиёт”) фарқлайди. Уларнинг “бир-бирига яқинлашмоқ эътибори билан икки туркумга айриладир” деб ёзади ҳамда “адабиёт, мусиқа, ўйин - бир туркум; расм, ҳайкал, меъморлиқ бир туркум бўлиш”лигини белгилайди. Фитрат назарий умумлашмаларининг умрибоқийлигини таъкидлашдан ўзимизни тийсак ҳам, ҳар ҳолда у санъатга “ижтимоий идеологияни ташувчи” деб қарамаган, балки амалда унинг туб моҳиятини ўргана бориб, жамиятдаги куч ва қудратини ўзича ҳис қилиб, шундай назарий умумлашмаларга келган деб, хулоса қилишимиз мумкин. Чунки, Фитрат санъатнинг турлари, хусусан, сўз санъати бўлган адабиётга таъриф бераркан, кўпроқ сўз санъатини шарқона маънисидан келиб чиқади ва унинг хусусиятларини инкишоф этишда ҳам асосан, Шарқ шеъриятининг гўзал ва бой тажрибасига таянади. Китобнинг асосий бўлимларидан бири “Ёзиш қоидалари” деб номланади. Бунда Фитрат ёзувчининг ҳаётга дастлабки нигоҳидан тортиб, бадиий асарга сўнгги нуқта қўйилишигача бўлган ижодий 5 жараёндаги асосий босқичларни (мавзу, мундарижа, тартиб, ифода ва услуб) белгилайди. Албатта, бадиий асар таҳлилида шакл ва мундарижанинг узвий бирлигига ва уни ташкил этган ҳар бир томоннинг узвлари (мундарижа-мавзу, ғоя ва масала; шакл эса образ, сюжет, композиция ва бадиий тил) муносабатига асосланиб ёндошадиган ҳозирги адабиётшунослигимиз учун бу йўл анча ибтидоий кўриниши мумкин. Бироқ, Фитрат бадиий асар таҳлили учун йўриқнома бераётгани йўқ, балки “зеҳний юмуш”нинг натижаси ўлароқ дунёга келадиган ижод жараёнини тушунтиришга ҳаракат қиляптики, бу йўналишда муаллиф келтирган босқичлар ва уларнинг ўзбекона истилоҳлар билан аталиши эътиборга лойиқдир: ғоя-тилак, тартиб-сюжет, ифода-шакл ва ҳоказо. Масаланинг моҳияти ҳар бир тушунчага муносиб сўз (атама) танлаб, ифода қилишдагина эмас, балки ўша ифода орқали ҳодиса ёки тушунчани китобхонга очиқ ва лўнда қилиб тушунтира билишдадир. Фитрат бу ўринда фақат таъриф бериш билан чекланмай, бадиий асарнинг гўзаллиги ва бутунлигини таъминлаган хусусиятлар айни мана шу “мавзу танлаш”, “мундарижани тайин этиш”, “адиб тилаги”ни ўзига мос “ифода”лар билан “тартиб”ли ҳамда бетакрор “услуб”да акс этиши лозимлигини ҳам талаб қилади. Бу жараёнда ўша талабга риоя қилмаслик, яъни меъёрнинг бузилиши қандай “ифрот” (чегарадан чиқиш)лар етказишини айтади: “бу турли ёзилган ҳикоялар, достонлар бир турли, бир тусда, ўзгаришсиз, ҳаракатсиз юриб боргани учун ўқувчиларни бездирадир, мияга оғирлик қиладир”. Қўлланманинг энг аҳамиятли ва назарий жиҳатдан чуқур ёзилган қисми услуб ҳақидадир. “Адабий ҳаётимизнинг суст даври” (Ойбек) бўлган 20- йилларнинг ўрталарида эмас, ҳатто ҳозирги камолот даврида ҳам ўзбек адабиётшунослигининг услубшунослик деб аталган қисми жуда кам ривожланган. Бир-икки йирик ижодкорлар услубига бағишланган айрим рисолаларни ҳисобга олмаганда, кенг ва чуқур назарий умумлашмалар берадиган рисолалар ниҳоятда оздир. Фитратнинг бундан ярим асрдан аввалроқ ёзилган қуйидаги сатрларини эслайлик: “Шоирнинг хаёл, ўй, тушуниш шакллари тугал, комил бўлгач, ўзига яраша услуби ҳам борлиққа чаққон бўладур ... бир асардаги фикрлар, маълумотларнинг эски, бошқа шоирлар томонидан айтилган бўлиши мумкиндир. Уларнинг эскилигини бизга сездирмасдан, билдирмасдан ифода қилиб, уни бизга ўқута олғон куч услубдадир. Эски адабиётимизда “Лайли-Мажнун” достони бор. Буни форс шоирлари, турк шоирлари неча дафъалар ёзганлардир. Ҳаммасида ҳикоя бирдир ва воқеа бир турлидир. Бироқ форсча-туркча билган бир киши уларнинг форсийларидан Низомийни, ондан кейин Жомийни ўқийдир. Хисравга келгач, Навоийни албатта уларга таржиъ қиладир. Фузулийни кўргач, Навоийнинг “Лайли-Мажнун”ини 6 токчага қўйиб, Фузулийни ўқишга мажбур кабу бўладир. Мана булар услубнинг ишидир”. Мана шундай содда ва аниқ тушунтиришни етмиш йил давомида соғинмаганмидик, соғиниб кутмаганмидик?! Ҳатто, ижодкор ўзига хослигини ҳам у яратган асарларнинг “ғоявий мундарижасидан келиб чиқиб баҳолаш баробарида буни социалистик реализмнинг шарофати” деб ўрганмаганмидик. Адабиётнинг, санъат асарининг миллийлиги унинг бош сифати эканини била туриб, у ҳақда дарсликларимизнинг энг сўнгги саҳифаларида, шунда ҳам байналмилаллик ва умуминсоний жиҳатлардан сўз очиш учунгина беш-тўртта ноаниқ жумла билан чўчибгина ёзмасмидик? Худди мана шундай назарий тараққиётимиз давомида услубнинг миллий ҳодиса экани, ҳар бир миллатнинг дунёни бадиий кўрсатадир”. Демак, услубнинг миллийлиги, бирор-бир халқ адабиётининг миллийлиги каби ҳаммага ойдин ҳол экан. Ҳар қандай бадиий асарнинг миллийлиги, дастлаб ўша миллат тилида ёзилгани ва аввало ўша миллат ёки ўша тилда сўзлашувчилар учун қаратилгани каби ҳодисаларда ойдинлашар экан, ўша миллатнинг воқеа ва ҳодисалар тасвирида бетакрор, фақат ўша миллат эгаларигагина хос ифода йўсини, яъни услуби борлигини била туриб, “миллий услуб” тушунчасига қарши ўт очиб келдик... Фитрат эҳтиросларга берилмай, илмий кузатишларини яна ҳам чуқурлаштиради: “Гўзал санъатларда ҳар миллатнинг ўзига махсус услуби бўлгани каби ҳар замоннинг ўзига махсус услуби бордир... Навоий, Бобур, Бойқаролар замонидаги услуб билан Умархон, Фазлийлар замонидаги услуб бир эмасдир... Навоий, Бобур, Бойқаронинг уч ғазалини бир ёнда, Боту, Чўлпон, Элбекнинг уч шеърини бир ёнда қўйиб қарасоқ, ораларидаги услуб бошқалиги очиқ кўринадир”... Бизнинг адабиётшунослигимиз айни мана шу “замон услуби”ни кўп ишлади, ишлаганда ҳам ўтмиш адабиётининг қоронғу, тубан ва нурсиз” эканини тушунтиришда айни шу тушунчадан замбаракнинг ўқи сифатида фойдаланди. Бироқ, давр тушунчаси билан ёнма-ён ижодкор шахс тушунчаси ҳам борки, бусиз замон, давр ҳақида фикр юритиб бўлмайди. Ҳатто замон услубини белгилаган Навоий, Умархон, Чўлпон каби шоирларнинг ижодий ўзига хослигидирки, биз “замон услуби”ни англатишда, уни буюк истеъдодлар номи билан қўшиб айтамиз (Навоий даври, Умархон даври, Чўлпон даври услуби каби). Фитрат буни жуда нозиклик ва изчиллик билан тушунтиради: “... шунинг билан Навоий, Бойқаро, Бобурдан ҳар бирининг ўзига махсус бир услуби бўлгани каби Боту, Чўлпон, Элбекларнинг ҳам ўзларига махсус услублари бордир. Демак, услуб замон билан ўзгаргани каби шахс билан ҳам ўзгарадир”. Олим ижодкор шахс услубининг ўзига хос сифатларини, аввало, ўша санъаткор яратган асарларнинг ўзига хос сифатларидан келиб чиқиб тушунтирадики, “ҳатто, бир оз чуқурроқ бориб бир кишининг сочим-тизим ёзганида ҳам услубининг ўзгариб қолганини кўрамиз”. Бу ўринда Фитрат ижодкор 7 услубидан у қўллаётган адабий турнинг ифода йўсунига қараб фикр юритмоқдаки, услубий таҳлилда бу муҳим “бекат”лардан саналади. Бу услубий ҳодисани тушунтиришда Фитрат Навоийнинг “Саҳар ховар шаҳи узра...” деб бошланувчи ғазали билан “Маҳбубул қулуб”дан бир насрий парча, айни тасвирга яқин “Бобурнома”дан парча келтириб, Чўлпоннинг “Тола йўлларида” шеъридаги туйғулар таҳлили билан “Қор қўйнида лола” ҳикоясидаги йўл тасвирини солиштириб: “Навоийнинг услуби тизимда ҳашаматли оҳанг билан юради”, деган хулосага келади. Албатта, бу хулоса Навоийнинг бутун ижодига эмас, таҳлил этилаётган асарларигагина тегишлидир. Бироқ, мана шу икки асар ёзилиш йўсунини қиёсан ўрганиш оқибатидаги умумлашмалар, Навоий бошқа асарлари таҳлилида ҳам акс этиши мумкинлигини унутмайлик. Олим эса, яна ҳам чуқурлашади: “Яна бир оз ингичкарак қарағанда бир шоир услубининг асарнинг мавзуъига кўра ўзгарганини ҳам кўрамиз. Навоийнинг “Лайли-Мажнун”идаги ўйнаб қайаған услубини унинг “Лисонут-тайр”ида кўриб бўлмайдир”. Демак, услуб айрим хусусий ҳолларда бадиий асар мавзуи билан боғлиқ бўлса ҳам, “бироқ бу ўзгаришлар (яъни: асарнинг шакли ё мавзуъига кўра бўлғон ўзгаришлар) асосий эмасдир. Навоий ҳам Чўлпоннинг услублари тизим-сочимда, ё мавзуъига кўра ўзгармак билан уларнинг “ўзлик”ларини (шахсиятларини) йўқотмайдир. Чўлпоннинг Чўлпонлиги, Навоийнинг Навоийлиги бу шоирларнинг тизим-сочим асарларида мавзуъ ўзгаришига қарамасдан кўруниб турадир”. Олим англамоқчи бўлган ҳақиқатга энди етиб келдик: миллий услуб ёки замон услуби каби тушунчалар услуб мавзуига ва шаклга (ифодага) қараб ўзгаргани билан моҳиятан шахс, яъни ижодкор услубидагина ўзининг юксак, комил босқичига кўтарилар эканки, бундай тушунчалараро қиёсий таҳлилдан мақсад айни ўша Навоийнинг Навоийлигини, Чўлпоннинг Чўлпонлигини танишга китобхонни даъват этишдир. Фитрат услуб тушунчаси орқали англашимиз лозим бўлган маъно белгиларини таҳлил қилар экан, бизнинг адабиётшунослигимиз орқали тушунтирадиган юқори услуб, қуйи услуб атамаларини ҳам қўллайди ва бунда “услублари юқори даражадаги шоирлар” (Навоий, Бойқаро, Умархон) билан бир қаторда “сиртдақи дабдабага кўра, самимийликни севган, элга қаратиб ёзган” (Яссавий, Қул Сулаймон, Андалибў адиблар ҳам борлигини айтади. Гарчи “буларнинг услублари билан юқори даражада шоирларимизнинг услублари орасида ҳам тоғлар қадар айирма, бошқалиқ” бўлса ҳам, олим ҳеч вақт уларни ўзаро қарама-қарши қўймаган, бирини суйиб, “юқори” деб, иккинчисини “тубан” билмаган. Таассуфки, бунинг радди бўлган фикрларни олий мактаб талабалари учун чоп этилган ҳозирги дарсликларимизда ўқиб қоламиз: “Ёзувчи услуби (стили)нинг шаклланишида унинг қайси табақа ўқувчиларига мўлжаллаб ёзиши катта аҳамиятга эга... Бу - ўрта асрларда адабиётнинг подшоҳлар саройида яратилиб, фақат маълумотли ўқувчиларга мўлжалланганлиги натижасидир. 8 Алишер Навоий асарларининг тили “юқори услуб” деб аталмиш шундай услубнинг намунасидир. Шундай услуб (ўз замонида “олий услуб” деб ҳисобланган баён тарзи) ўзбек адабиётида то Х1Х асрнинг охиригача катта ўрин тутиб келди, яъни маълум даражада “феодал давр услуби” бўлиб қолди”. Ушбу иқтибосга изоҳ бермасак ҳам, зийрак ўқувчи муҳтарам олимимиз ўзи “баён тарзи” деб атаган ҳодисадан катта сиёсий хулосалар чиқараётганини англайди. Бу эса, Фитрат назарда тутган “ифода йўсуни” билан “давр услуби” тушунчаларининг етарли фарқланмалиги оқибатидир. Маълумки, ижодкор услуби асар тили орқали рўёбга чиқади. Тилда ёзувчининг ўзига хослиги ҳам, ҳаёт ҳақиқатини қайта тирилтира олиш салоҳияти ҳам, бадиий тасвир воситаларидан фойдаланиш билан маҳорати ҳам аниқ кўринади. Шунинг учун ҳам услубшунослик ҳам, адабиёт илми ҳам тилшунослик илмини ажралмас бўлаги каби қабул қилинади. Тилшуносликнинг услубият қисми, аввало, ҳар бир соҳа, шунингдек, илмий асарлар ва бадиий адабиётнинг ёзилиш тарзларини фарқлайдики, Фитрат бу борада бундай деб ёзади: “Умуман, жуғрофиё, ҳисоб, ҳандаса каби илмий фанний масалалар тўғрисида ёзилғон асарларнинг услуби билан адабий, шеърий парчаларнинг услуби орасида кўзга кўринарлик айирма бор. Фанний, илмий асарлардан мақсад туйғуларимизни ўқувчиларга ўтказиб, уларда бир турли ҳаяжон (руҳий тўлқун) қўзғатмоқ эмас, илмий бир ҳақиқатни онглатишдир... Мана шу айирмани кўзда тутиб, адабиёт китобларида услубни “содда услуб”, “безалган ё тасвирий услуб” деб иккига ажратадирлар”. Бу каби илмий ва бадиий услуб масалалари бизнинг давримизда кўп ишланган мавзу ҳисобланса ҳам Фитрат услубшуносликда яна ҳам чуқурроқ кузатишлар қилади ва услубнинг “умумий” ҳамда “хусусий ҳоллари” таҳлилига киришади “... шунча ўзгаришган, бир ҳолда турмағур бўлган услубнинг хусусий, умумий ҳолларини ажратиб, аниқлаб қоида шаклида кўрсатмак мумкин бўлмаған бир ишдир. ”Оғирдир”. Албатта, бу каби масалаларни ўрганишга бизнинг услубшуносларимиз (тилшунослик йўналишидан борсалар ҳам, адабиётшунослик йўналишидан борсалар ҳам) ҳали етиб келганича йўқ. Фитрат “услубнинг умумий ҳоллари” деганда “ҳар бир услубда топилиши матлуб бўлған ҳолатлар”ни белгилаб, уларни тузуклик, софлик, оҳанг (оҳангдошлик) очиқлик, уйғунлик каби сифатларга ажратади ва бадиий асарда меъёр ва мувофиқликнинг қоидаси даражасига кўтаради. Шу билан бирга, бу “қоидаларга” амал қилмаслик номувофиқликларга, сакталикларга олиб келишини эслатиш билан чекланмай, улардан қутулиш йўлларини ҳам ўз ўрнида эслатадики, ўзбек адабиётшунослигида ҳали бу масалалар Фитрат даври даражасида ҳам ўрганилгани йўқ. “Услубнинг хусусий ҳоллари” деб Фитрат бизнинг адабиётшунослигимиз бадиий тил воситалари (И.Султон) ёки тасвирий воситалар (Н.Ҳотамов) деб 9 тушунтираётган адабий ҳодисаларни назарда тутади. Булар асосан бадиий асар услубида қўлланилгани учун “услубнинг умумий ҳоллари” каби илмий услубда ишлатилмайди. Сифатлаш, ўхшатиш, истиора, киноя, мажоз, жонлантириш, сўраш, муболаға, ундаш, қаршулик, қайтиш (ружуъ), кесиш ва бошқа воситалар ҳақида мумтоз адабиётшунослигимизда айрим илмий асарлар ёзилгани маълум. Абдурауф Фитрат ҳам булар талқинида ўшандай асарлар сирасидан Атоуллоҳ Ҳусайни китобини кўрган бўлиши табиий. Бироқ, Фитрат бу ўринда улуғ аллома “маънавий санъатлар” деб атаган унсурлар таҳлилига киришибгина қолмас, уларга имкон борича замонавий адабиётдан мисолар ахтаради ва топганларини мумтоз асарлардан олинган намуналар билан қиёслаб, уларга муносиб баҳо бериб ўтади. Китобнинг “Сўз ўйунлари” деб аталган бобида муаллиф адабиёт тарихида лафзий санъатлар деб қаралган тажнис, лаффу нашр, сажъ, таърих, муаммо каби ҳодисаларни алоҳида кузатади. Фитрат кузатишлари шу жиҳатдан эътиборлики, бизнинг шеършуносликда ҳамон “лафзий санъатлар” билан “маънавий санъатлар” етарли фарқланмай талқин қилинаётганини сезганиданми, улардан бирини “услубнинг хусусий ҳоллари”, иккинчисини “сўз ўйунлари” деб атаб, ўртадаги фарқни яна ҳам айириброқ кўрсатишга интилади. Фитрат асарининг махсус қисми шеъриятдаги вазн масаласига бағишлангандир. 20-йилларда кенг истеъмолга кирган, келиб чиқиш нуқтаи назаридан асил турк вазни ҳисобланган “бармоқ” шеър тизими ҳақида дастлабки илмий умумлашмалар қилиш ҳам Фитрат зиммасига тушди. У аввало “бармоқ”нинг хусусиятлари ва қўлланиш имкониятлари ҳақида Ўзбекистон Маориф вазирлигининг Илмий кенгаши (1925)да маъруза қилди ва ўзбек олимлари орасида биринчилардан бўлиб бу ҳақда ўз китобида изчил маълумот берди, бу вазннинг тузилиши ҳақида баҳс юритди. Фитрат бошлаб берган бу йўлдан қатор олимларимиз бориб, махсус тадқиқот ва мақолалар яратишди, ўз дарслик ва қўлланмалари, луғат ва мақолаларида олим асарларидан самарали фойдаландилар. Шарқ шеъриятининг асос пойдеворларидан бири - аруз назариясини, яхши билмаслик, умуман, шеър санъатидан йироқлашиш билан баробардир, деган фикрлар мавжуд. Бу соҳада мумтоз адабиётшунослигимизда кўплаб рисолалар яратилган бўлса-да, Фитрат ўз асарида фақат “турк адабиётининг арузи ҳақида маълумот” беришни ният қилади. Гарчи илмда “арузи туркий” номи билан машҳур бўлган Навоийнинг “Мезон-ул-авзон”, Бобурнинг “Мухтасар” (“Муфассал”) асарлари яратилган бўлса-да, биринчидан, ўша даврда уларнинг оммавий нашрлари йўқ бўлиб, иккинчидан, улар кўпроқ форс-араб арузининг шаклий жиҳатларини баён этишга қаратилган эдики, Фитрат айрим ўринларда ҳатто устозларидан Навоийга: “кошки араб арузини ёзғанинг жойида турк вазни, турк мусиқаси тўғрисида китоблар ёзса эдингиз” дейишгача боради. Фитрат адабиётнинг 10 “арузлашиши”ни жуда оддий тушунтиради: “Бизнинг тилимизга уйғун келатурған вазн албатта, миллий вазнимиз бўлған пармоқ (бармоқ) вазнидир. Бироқ, эрон-араб таъсири остида аруз вазни ҳам адабиётимизга кирган, муҳим ўрин олган, муваффақиятсиз бир шаклда кенг суратда букунгача давом этиб келган... Аруз вазни арабникидир. Араб шу вазнларда шеър ёзган. Хижрий 170 йилда ўлан имом Ҳалил ибн Аҳмад бу вазнларни йиқиб, белгили қоидалар остига киргизди, аруз қоидаларини тузди. Араб олими томонидан тузилган аруз қоидаларини форслар ҳам форсий шеърлар учун қабул қилдилар. Бироқ, форсий шеър учун қабул этилган аруз араб арузининг худди ўзи эмас эди. Форслар араб арузини тузатдилар. Камчиликларини тўлдирдилар. Ўзларининг миллий вазнларини ҳам шу қоидаларга эргаштириб арузга киргиздилар. Мана шундай қилиб, араб арузини араб-форс арузи ҳолига келтирдилар. Бизнинг Ўрта Осиё турклари томонидан қабул этилган аруз шул араб-форс арузидир” деб тушунтириб беради ва бу “арузни бизнинг тилга ярамаганлигини” асослашга урунади. Бироқ, не иложки, бизнинг турк тилли шеъриятимизга чуқур ўрнашиб олган аруз тизимини ўрганиш мажбурияти олдимизда туради. Фитрат айни шу мажбурият билан, “ёлғиз ўзбек-чиғатой тизимларида қабул этилганларинигина кўрсатиб ўтишни етарли” топди. Лекин, юқорида тилга олганимиз мажбурият талаби билан қарийб ўн йилларча муддат ўтгач, олим аруз масаласига қайтиб, “Аруз ҳақида” рисола эълон қилди. Рисола деярли ҳозирги давримизга қадар бу мавзуда иш кўрганлар учун асосий қўлланма хизматини ўтаб келди. Олим қўлланмада биз мулоҳаза юритган шеъриятдаги вазн масалалари, услубнинг умумий ва хусусий ҳоллари таҳлилига киришишдан аввал бадиий тафаккур жараёнида фарқланиши ниҳоятда зарур бўлган “ифодалар”-“тизим” ва “сочим” шаклларига тўхталади Бадиий адабиётда икки хил ифода йўсини ёки бошқача қилиб айтганда, бадиий нутқнинг икки шакли мавжудлигини Арасту замонидан буён фарқлаб ўрганганмиз: Бу шеърий ва насрий ифодалар бўлиб, Фитрат ибораси билан айтганда, “тизим” ва “сочим”дир. Бу икки ифода ўзаро кескин фарқланиши билан бирга адабиётшунослигимизда уларни адабий тур сифатида қўллаш (эпос ва лирика ўрнига) урф бўлган. Айниқса, ҳозирги жараён ҳақида фикр юритилганда улар шеърият, наср, драматургия каби турларга ажраладики, бу хато тасниф кўп йиллар мобайнида эпос ва лириканинг ўрнига қўлланилаётганига шубҳа йўқдир. Бироқ ҳар қандай роман (эпик жанрда) шеърий ва насрий йўл билан, ҳар қандай достон (лиро-эпик жанр) яна ўша икки хил йўл билан, фожиа (драматик жанр) ҳам ўша икки хил йўл билан ёзилиши ҳаммага аён-ку. Шундай экан, наср ва назмни адабий тур сифатида эмас, балки Фитрат айтганидек, “сўзлар, гапларни уюштириб тузилган асарлар адабий бўлсун-бўлмасун икки йўсиндан бирида тузиладир: “сочим, тизим (наср, назм)” тушунтиришни эътиборга олсак, у 11 адабиётшуносликдаги назарий тасниф ва истилоҳ масалаларига қанчалик нозиклик билан ёндошганининг гувоҳи бўламиз. Олим бу ҳар икки “йўсин”ни фарқлаб олгач, форс-араб арузидаги “тизим шакллари”ни (бизнинг тил билан айтганда мумтоз шеърият жанрларини) белгилашга киришади. У мумтоз адабиётда кенг тарқалган ғазал, қасида, қитъа, маснавий, рубоий, туюқ, мустазад, мусаммат (мураббаъ, муҳаммас, мусаддас), таржеъбанд ва таркиббанд каби жанрларга қисқача таърифлар беради, машҳур шоирларнинг бу жанрдаги энг машҳур асарлари мисолида буларни талқин қилади. Фитратнинг бу фикрларини ҳозирги замонавий қўлланмалар билан қиёслаб муаллиф берган таърифларнинг нақадар аниқ ва лўндалиги эътиборимизни тортиш билан бирга у “Сўз ўйунлари” бобида берган “муаммо”, “таърих” кабилар юқоридаги китоб муаллифлари томонидан жанр сифатида талқин этилган оддий ўқувчини ҳам ажаблантириши мумкин. Нисбатан янги саналар “Адабий турлар ва жанрлар” номли жамоа тадқиқотида бу масалаларга аниқлик киритиш мақсадида “Лирик тур жанрларининг мазмун ва шакл жиҳатидан таснифи”да бирмунча аниқликка интилиш сезилса-да, тасниф ўта майдалаштириб юборилади-да, натижада “ғазал”, “рубоий”, “қитъа” кабилар “шакл мазмундорлиги ва тузилишига кўра лирика жанри” деб ҳисобланса, “қасида”, “муаммо”, “тарих” ва бошқалар “эестетик белги пафос ва муайян мазмун йўналишига асосланадиган жанрлар” сифатида талқин этилганини кўрамиз. Мумтоз адабиётимизнинг Фитрат асарлари орқали қилинган таснифлари бу соҳада ҳам аниқлик киритилишига ёрдам беради, деган умиддамиз. Ниҳоят, қўлланманинг сўнгроғида адабий асарларнинг турлари сифатида “Лирика”, “Томоша” (драма) ва “Ривоя” (эпос) тавсия қилинадики, Фитрат бу каби қатъий адабий турлар таҳлилида ҳам бирмунча аниқликка эришиш билан бирга туркча (ўзбекча), ҳеч бўлмаганда, шарқона атамалар қўллашга ҳаракат қилади. Лекин, бундай ўзбекчалаштириш жараёни ҳозирги кунимизда бўлаётганидек, кўр- кўрона, деярли ҳамма Оврупа сўзларини шарқлаштириш йўли билан эмас, балки айрим тушунчаларни ўзига мос ифодалар билан айтишга интилишнинг натижаси сифатида кўринади. Масалан, Фитрат “драма” сўзи араб адабиётшунослигида ҳам адабий тур ва ҳам жанр сифатида қўлланилаётганидан ажабланиб, масалани ойдинлаштириш учун адабий тур маъносидаги “драма” (ҳозирги драматургия) ўрнига “томоша” сўзини, “эпос”, “эпопея” сўзлари билан асосли бўлгани учун ҳам, абадий тур номи сифатида “ривоя”ни тавсия этадики, муаллифнинг бу тажрибаси истилоҳларнинг ўндан тўққизи оврупоча бўлган ҳозирги адабиётшунослигимиз учун ҳам ўрнак бўлиши мумкин. “Адабиёт қоидалари”нинг сўнгги боби “адабиётдаги оқим истилоҳлари”га бағишлангандир. Бунда Фитрат классицизм, рационализм, сентиментализм, романтизм, реализм, символизм модернизм, футуризм каби тушунчалар моҳиятини жуда оддий қилиб тушунтириб берадики, муаллифнинг бу тушунтиришлари 12 масалага сиёсий тус беришдан холилиги билан ҳозирги қўлланмаларимиздаги изоҳлардан ажралиб туради. Бироқ, Фитрат талқинлари бугунги китобхонларимиз учун бирмунча жўн туюлиши табиий. Чунки, олим бу оқим ва йўналишлар пайдо бўлган даврдаёқ уларнинг таснифига киришгани, оддий китобхонга қандайдир тушунтириш беришга интилиб, асосан, шарқ адабиётидангина мисоллар келтириш билан чекланганини зукко ўқувчиларимиз кечирарлар деб умид қиламиз. Бундан ташқари, Фитрат бундан 65 йил аввал яратган қўлланма ҳеч нуқсон ва камчиликлардан холи эмас, деган фикрни айтмоқчи ҳам эмасмиз. Албатта “беайб парвардигор” деганларидай, бу кичик қўлланмада ҳам бугунги назар билан қаралганда, талай етишмовчиликларни кузатиш мумкин. Бироқ, эзгу ният билан бажарилган хайрли ишнинг аввало гўзал томонларини кўриш мақсадида, улар ҳақида кенг тўхталишни жоиз кўрмадик. Чўлпоннинг адабий-танқидий қарашлари. Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ХХ аср янги ўзбек адабиётининг ёрқин сиймоларидан бири. Унинг “Булоқлар”, “Тонг сирлари”, “Уйғониш” дастлабки шеърий тўпламларида жадидчилик-маърифатчилик ғояси илгари сурилди. Чўлпон шеърларида янгича лирик қаҳрамон қалби, бойлиги ранг-баранг бўёқ, оҳанглар орқали очиб берилган. Чўлпон шеърларида эркпарварлик, ҳақсизликка, зулмга қарши кураш тароналари, Ватан, она табиат, севги мавзулари етакчи ўринда туради. Самимийлик, туйғулар тиниқлиги ички драматизм - Чўлпон лирикасини ҳаракатга келтирувчи омиллардир. Чўлпон шеър тузилиши, вазни, мусиқаси, ифода воситалари бобида ҳам янгиликлар олиб кирди. Чўлпоннинг “Ёрқиной” драмаси романтик ва реалистик хусусиятларда ифодаланган бўлиб, Ёрқин ва Пўлат образлари яратилган. Чўлпоннинг “Ҳамлет” таржимаси маданий ҳаётимизда муҳим ҳодиса бўлди. Чўлпоннинг “Клеопатра”, “Ойдин кечалар”, “Новвой қиз” каби ҳикоялар ҳам ёзган. Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи тарихий ўтмиш ҳақиқатининг ўзига хос йирик талқини бўлди. Романда колониал сиёсат моҳияти, империя қиёфаси ва таназзулнинг маҳдудлик ва мутаассибликнинг юрт тараққиёти, инсон эрки йўлида тўғаноқ бўлаётганлиги куюнчаклик билан ифодаланади. Романда Зеби ва унинг оилавий муҳити тасвири орқали ижтимоий мутеълик фожиий оқибатлари очиб берилди. Мирёқуб тимсолида янги туғилаётган ишбилармон кишига хос хусусиятлар кўрсатилган ва асарда бошқа характерлар тасвири ҳам ранг-баранг буёқларда тасвир этиб берилган. Умуман, асарда инсон руҳияти теран таҳлил этилган. “Кеча ва кундуз” асари ўзбек романчилиги тараққиётига катта таъсир ўтказди. Чўлпон адабиётшунос олим ва танқидчи сифатида кенг танилди. Унинг адабий-танқидий мақолаларида янги давр адабиёти, санъати масалалари, жадид- 13 маърифатчилик ғоялари илгари сурилди. Чўлпоннинг адабий-танқидий мақолаларини 4 гуруҳга бўлиб ўрганиш мумкин. 1.Чўлпон мақолаларида гўзаллик, бадиийлик, маънавий-руҳий олам ҳақидаги қарашлар акс этиши: “Муҳтарам ёзувчиларимизга”, “Шўролар ҳукумати ва саное нафиса”, “Чиғатой гурунги” номли мақолалари орқали кечди. 2.Чўлпоннинг жаҳон адабиёти, буюк санъаткорлар, ўлмас асарлар бетакрор адабий қаҳрамонлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари “Улуғ ҳинди”, “Маликаи Турондот” ва бошқа мақолалари орқали кечди. 3.Чўлпоннинг ўзбек мумтоз адабиёти ва унинг номоёндалари ҳақидаги мақолалари. 4.Чўлпон-театршунос ва танқидчи. Чўлпоннинг адабиётшунос ва танқидчи сифатида 60 дан ортиқ мақолалар ёзган. Чўлпон ўзини профессионал мунаққид ёки муайян академик қоидалар асосида иш юритувчи адабиётшунос олим деб ҳисобламаса ҳам, ёки эстетика бобида, санъат назариясида янги саҳифа очган бўлмасада, жаҳон санъатини ва санъатшунослигини батамом янги йўлларга буриб юборадиган тугал таълимот яратмаган (О.Шарафиддинов) бўлса ҳам, лекин шунга қарамай янги ўзбек адабиёти тарихини Чўлпоннинг адабий-танқидий фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Янги ўзбек адабиётини шакллантиришда, 20-30-йиллардаги ғоят мураккаб ижодий курашлар муҳитида унда изчил реалистик услубнинг устиворлигини таъминлашда Чўлпоннинг адабий-танқидий қарашларининг аҳамиятини камситиш мумкин эмас. Чўлпон мунаққид сифатида, биринчи навбатда, адабиёт ва санъатнинг амалий масалалари билан шуғулланган, янада аниқроқ айтганда, маънавий уйғониш ва маданий ривожланиш асосида адабий жараён давомида кўндаланг бўлган долзарб муаммоларга жавоб топишга интилган, шу тарзда адабиётни ўз даврининг илғор ғоялари билан бойитишга, Шарқ ва ғарбнинг бебаҳо тажрибасини янги ўзбек адабиётига олиб киришга ҳаракат қилган. Ҳар бир мақоланинг югурик мисралари ортидан Чўлпоннинг ўзи қараб тургандай бўлади. Ҳар бир мақолада Чўлпон шахсиятининг аниқ муҳри борки, худди шу нарса уларни бир яхлит ҳолга келтириб қўяди. Чўлпоннинг адабий- танқидий мероси бу улуғ адиб шахсиятининг турли қирраларини, маданий савиясини, эътиқоди ва дунёқарашини ўрганишда, ижтимоий ҳаётнинг муҳим жиҳатларига унинг муносабатини аниқлашда, ижодий биографиясининг баъзи нуқталарини тўлароқ ёритишда ҳам ғоят аҳамиятлидир. Биз бу меросни муайян тартибда ўрганиш натижасида Чўлпоннинг ғоявий-эстетик эволюцияси қандай кечгани ҳақида тасаввурга эга бўламиз. Чўлпоннинг биринчи танқидий асари “Адабиёт надур?” деган мақола бўлиб, “Садои Туркистон” газетасида 1914 йил 4 июнь куни эълон қилинган. Чўлпон бу мақолани 16 ёшда ёзган. Умуман, 10 йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб, 14 адабиёт надур, шоир надур деган саволлар қўйилиб, бу соҳада кўплаб мақолалар эълон қилинган эди. “Чўлпон “Адабиёт надур?” мақоласида адабиётнинг ижтимоий моҳияти тўғрисида фикр юритади. Унинг фикрича, адабиёт миллатни тараққий эттириш воситаси, унинг маънавиятини таъминлайдиган омил. Чўлпон бу хулосанинг чинлигига шу қадар ишонганки мақолада ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган тарзда “адабиёт яшаса-миллат яшар” дея таъкидлайди. “Ҳа, тўхтамасдан ҳаракат қилиб турган вужудимизга сув, ҳаво нақадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар билан кирган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса - миллат яшар. Адабиёт ўлмаган ва адабиётининг тараққиётига аралашмаган ва адиблар етиштирмаган миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолиб секин-секин иқроз бўлур”. Чўлпон маърифатпарварлик ҳаракатининг қанотларида ижод майдонига кириб келди. У мустақил ўқиб ўрганиш оқибатида ғоят юксак маданий савияга эга эди. Шарқ классиклари, айниқса, турк ва ҳинд ёзувчиларининг асарлари билан, шунингдек, Оврўпа ва рус адабиёти билан пухта таниш эди. Шунинг учун 15-16 ёшларидаёқ маърифатпарварлик ғояларини қабул қилишга ҳар жиҳатдан тайёр эди. Шунинг учун Чўлпон ёшлигига қарамай, Туркистоннинг тақдири тўғрисида, миллатнинг истиқболи ҳақида чуқур қайғуриш билан ўйлай бошлади. У ҳам жадидларга эргашиб, халқни жаҳолат ва нодонлик, эрксизлик ва қашшоқлик ботқоғидан қутқариб олишнинг бирдан-бир йўли маърифат деган этиқодга келди. Миллатни равнақ топтириш учун, биринчи навбатда, уни мустамлака асоратидан халос этиш керак, бунинг учун эса халқ ўзини ўзи таниган бўлмоқи, ҳаммани бирлаштирадиган, якдил қиладиган миллий ифтихор туйқусига эга бўлмоқи керак. Чўлпон халқни шу даражага етказишга ёрдам берадиган имкониятлар, чора- тадбирлар излайди ва адабиёт уларнинг энг самаралисидир деган тўхтамга келади. Шунинг учун ҳам ёш мунаққид комил ишонч билан ҳатто миллатнинг яшашини адабиётнинг яшашига боғлиқ қилиб қўйди. “Адабиёт надур?” мақоласининг кишини лол қолдирадиган яна бир жуда муҳим томони шундаки, 16 ёшлик мунаққид адабиётнинг ижтимоий вазифасини таъкидлаш билан чекланмайди, балки унинг спецификасига, яъни образли табиатига алоҳида урғу беради. Ёш мунаққид учун адабиёт қуруқ ғоялар мажмуаси эмас, балки биринчи навбатда, инсон руҳияти билан боғлиқ бўлган ҳодисадир. У одамларнинг шууригагина эмас, ҳис-туйғуларига ҳам таъсир этиши, уларни қувонтириб, ёҳуд маҳсун аҳволга солиб, шу орқали ижтимоий бурчини ўташи зарур. Чўлпон бу фикрларни ўзига хос образларда бундай ифодаланган: “Адабиёт чин маъноси ила ўлган, сўнган қаралган, ўчган, мажруҳ ярадор кўнгилга руҳ бермак учун, фақат вужудимизга эмас, қонларимизга қадар сингишган қора балчиқларни тезлайдурган, ўткир юрак қирраларини ювадурғон тоза маърифат 15 суви, хиралашган ойналаримизни ёруғ ва равшан қиладурган, чанг ва тупроқлар тўлган кўзларимизни артуб тозалайдурғон булоқ суви бўлганликдан бизга ғоят керакдур”. Чўлпон адабиётнинг янги ғоявий мазмуни учунгина эмас, айни чоғда унинг юксак бадиияти учун ҳам курашганида, албатта, ўша даврдаги адабий жараённинг хусусиятларига таянган. Чўлпон 1917 йил мустабид тузум ўрнатилганидан кейин ҳам ўзининг эстетик қарашлари ва тамойилларини шакллантириб борди. У кўпгина мақолаларида конкрет ижодкорлар мисолида ёки муайян асарлар таҳлили орқали реализмнинг турли-туман масалаларини ўртага қўйди. Жумладан, унинг мақолаларида талант ва ижодий меҳнат, ҳаётийлик ва ҳаққонийлик, самимият ва сунъийлик, матн устида ишлаш, бадиий тасвирнинг чинлиги ва рангдорлиги, табиат манзаралари ва психологизм каби масалалар қаламга олинган ва улар тўғрисида бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаган қимматли фикрлар айтилган. Масалан, Чўлпон мақолаларидан бирида адабиётнинг “тугалланиши” яъни такомиллашишига катта эътибор бериб, бунга адабиётга кира олмаган нарсаларни шафқатсиз суръатда майдондан ҳайдаш” билан ва бадиий асар тилини соддалаштириш орқали эришилар деб ҳисоблайди. Чўлпон “Чиғатой гурунги”га мансуб одамлар худди шу йўлда фаолият кўрсатганини айтади. Маълумки, шўро адабиётшунослигида “Чиғатой гурунги” ижодий ташкилотини ҳамиша пантуркистик ташкилот сифатида, аксин инқилобий ғояларни олдинга сурган гуруҳ сифатида қараланиб келинди. Бунинг натижасида биз бугун “Чиғатой гурунги” ҳақида деярли ҳеч нарса билмаймиз. Бугунга келиб билганимиз шу бўлдики, “Чиғатой гурунги” ҳақида айтилган гапларнинг бари буҳтон экан. Шунинг учун Чўлпон мақоласидан олинган қуйидаги парча шоирнинг чин адабиёт учун курашини кўрсатиш билан бирга, ўша тўгарак ҳақида қисман бўлса-да, маълумот беради: “...у жамиятга мансуб кишилар тилни соддалаштирмак мақсадини асос қилиб ушлаганлари ҳолда ўзбек адабиётининг тугалланишига ҳам катта аҳамият бердилар. Тугалланадурғон адабиёт чин адабиёт бўлмоғи керак. Шунинг учун улар адабий асарларга ҳақиқий қийматини бериб, адабиётга кираолмаган нарсаларни шафқатсиз сувратда майдондан ҳайдай бошладилар... “Чиғатой гурунги” асосини маҳкам қурғонлиғи ва чинакам тўғри чизғонлиги учун ўзи йўқ кетса ҳам, ўзбекнинг янги адабиётида янги, порлоқ, шарафли саҳифалар очди ва очмоқда давом этадур”. 1918 йилда Чўлпоннинг ўзи ҳам “Чиғатой гурунги” тўгарагининг фаол аъзоси бўлганини айтсак, “чин адабиёт” учун курашда унинг хизматлари аён бўлади. 1925 йил “Маориф ва ўқитувчи” журналининг 7-8 қўшма сонида Чўлпоннинг “Улуғ ҳинди” мақоласини чоп эттирди. Бу мақола бир қарашда буюк ҳинд шоири 16 ва мутафаккири Рабиндранат Тагор сиймосини тарғиб қилишга бағишлангандай кўринсада, аслида Чўлпон Тагор баҳонасида ўзбек адабиётининг ривожи қай йўлдан бориши кераклиги ҳақида мулоҳазаларини баён этади. Чўлпон классик адабиёт намоёндаларини ўқиб уларни “бир хил, бир хил, бир хил!” деб баҳолайди ёки Ойбек ва Жулқунбойлар фақатгина қувонтира олишинигина айтади, шунингдек Чўлпон Шарқ адабиётидан ҳам ғарб адабиётидан ҳам кўнгли унча тўлмаслигини айтади, бу адабиётлар ё “ортиқча шарқлилиги” ёхуд “ортиқча ғарблилиги” билан таассуф туғдиришини изҳор қилади. Савол туғилади: нима учун Чўлпон бир варакайига ҳам ўзбек, ҳам татар, ҳам азарбайжон, ҳам турк адабиётларининг намуналаридан қониқмаслик туйғуларини изҳор этаяпти. Бунинг сабаби шуки Чўлпон уйғониш даврининг одами бўлгани учун адабиётнинг ҳам янгича бўлишини хоҳлаган. Янги адабиёт уйғониш даврининг моҳиятига мос келадиган, халқ ҳаётига яқинроқ турадиган адабиёт бўлмоғи керак, деган масалани қўйган. 1927 йилда “Ер юзи” журналининг, 6-сонида Чўлпоннинг “Яна уйланаман” деган мақоласи чоп этилган ва муаллиф унда шу номдаги пьесаси ҳақида маълумот беради. Бу пьеса матни йўқлиги учун ҳам мазкур мақола қимматлидир. Адабиётшунос олимлар Н.Каримов ва О.Шарафиддиновлар ҳам шу фикрда. Чўлпон “Ота-бола санъаткорлар” мақоласида ота-бола Матёқуб ва Матюсуф Ҳарратовлар ижоди гапириб Оврўпа музикасини ўрганиш масаласини қўяди. Маълумки, Шўролар ҳокимияти йилларида 1927 йилдан бошлаб роппа роса 50 йил мобайнида ҳукмрон мафкура муҳиблари Чўлпонни ашаддий миллатчиликда айблаб келдилар. Гуё унинг бутун ижоди миллатчилик оғуси билан заҳарланган, гуё у ҳамиша рус халқига, унинг маданияти ва адабиётига қарши чиққан, халқларнинг ўзаро ҳамкорлигини, дўстона алоқаларда бўлишини кўролмаган, гуёки у ўзбек халқини бошқа халқлардан ажралган ҳолда ўз қобиғига ўралиб олиб яшашга ундаган ва ҳоказо... Чўлпон ижоди билан танишганда, хусусан, унинг мақолаларини ўқиганда буларнинг бари беҳаё туҳматдан, ашаддий буҳтондан бошқа нарса эмаслигига ишонч ҳосил қиламиз. Аксинча, Чўлпоннинг бутун ижоди каби адабий-танқидий мақолалари ҳам шундан далолат берадики, шоир ҳамма халқларни бирдай ҳурмат қиладиган, уларнинг маданий бойликларини қадрлайдиган, анъаналарини эъзозлайдиган чинакам байналмилалчи инсон бўлган. У мақолаларида турли халқларнинг адабиётдаги ютуқларини, санъатдаги муваффақиятларини қувониб яйраб тарғиб қилган. Чўлпон турк ва ҳиндилар, озарлар ва татарлар, форслар ва тожиклар ҳақида қандай эҳтирос билан қалам тебратса, руслар ҳақида ҳам, итальян, француз, инглиз, хитой адабиётининг намоёндалари ва намуналари тўғрисида ҳам шундай тўлқинланиб, ҳаяжонланиб, тўлиб-тошиб ёзган. У фақат Пушкин ёхуд Толстой каби классиклари, ёки Меерхольд ва Вахтангов каби улуғ 17 режиссёрлар тўғрисида кўплаб фикрлар баён этган... Шундай экан, турли халқларга, уларнинг маданиятига, ўзининг ҳурмат-эҳтиромини намоён этаётган одамни миллатчи деб бўладими? Йўқ, албатта. Чўлпон “Мей Лан Фон” мақоласида Хитой классик санъатининг биз учун ибратли томонларини ажратиб кўрсатади: “Мей Лан Фоннинг театри жуда зиёли театр. Унинг директори билан директор ўринбосари профессор даражасига эга бўлган санъат олимлари Мей Лан Фонни ўзини ҳам доктор деб атайдилар. Бу - минг йилларнинг театри, бу - анъана театри, бу - юксак санъат театри. Биз эса ҳали шакл жиҳатидан ёшмиз. 15 йиллигимизни энди ўтказдик”. Буларнинг бари Чўлпоннинг миллатчилик ҳақидаги сафсаталарни рад этувчи далиллардир. Чўлпон 1924 йилда ёзилган “500 йил” мақоласида биринчилардан бўлиб Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейини ўтказиш масаласини қўяди ва биринчи марта ўлароқ Алишер Навоийнинг даҳо санъаткор экани тўғрисида мулоҳаза юритади. Унинг “Мирзо Улуғбек” мақоласида туб жой халқи бундай улуғ сиймоларни етарли ардоқламаслиги тўғрисида таассуф билан ёзади-да, уларни муносиб тақдирлаш масаласини қўяди. 1924 йилда “Фарғона” газетасида босилган “Қаламнинг тойилиши” мақоласида Москвада Главхлопком деган ташкилот пахта ҳақида китоб чиқариб “русский хлопок” деган ибора ишлатганини “русский хлопок” дейиш мумкин бўлса, нима учун “русский Туркистан” дейиш мумкин бўлмасин? дея истеҳзо билан сўрайди. 1935 йилда “Гулистон” журналида Чўлпоннинг “Ашулага ишқибоз” деган мақоласи босилади. Бу мақола Ҳалима Носировага бағишланган. Чўлпоннинг адабий-танқидий мероси эндигина ўрганила бошланди. Ҳозирча шу нарса аён бўлдики, бу мероснинг жуда зўр фазилатлари ҳам, ўзига яраша қусурлари ҳам бор. Уларда Чўлпон босиб ўтган мураккаб йўл муҳрланиб қолган. Бу мерос ўзининг жамики фазилатлари ва қусурлари билан адабий тафаккуримиз тарихининг қимматли саҳифасини ташкил қилади. 18 АДАБИЁТЛАР: 1.Абдурауф Фитрат. Адабиёт қоидалари (Адабиёт муаллимлари ҳам адабиёт ҳаваслилари учун). Нашрга тайёрловчи, сўз боши ва изоҳлар муаллифи филология фанлари доктори Ҳамидулла Болтабоев. Т., “Ўқитувчи”, 1965. 2.Ҳамидулла Болтабоев. Профессор А.Фитратнинг назарий қўлланмаси. А.Фитрат. Адабиёт қоидалари. Т. Ўқитувчи, 1995. 3-19-бетлар. 3.Ҳақиқат-ижод байроғи. Адабий-танқидий мақолалар. Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986. 4.О.Шарафиддинов. Гўзаллик излаб. Адабий-танқидий мақолалар.-Т.: Адабиёт ва санъат. 1985. 5.И. ғаниев. Фитрат, эътиқод, ижод.-Т.: Камалак. 1994. 6.И.ғаниев. Фитратшунослик. Бухоро. 1995. 7.Ўзбек адабий танқиди тарихи. Биринчи том. Т.: 1987. 8.Б.Дўстқораев Ўзбек танқидчилиги тарихи. (1917-25 йиллар) ўқув қўлланма. Т., 1989. 9.Ҳ.Ёқубов. Адабий мақолалар. -Т.: Адабиёт ва санъат. 1984. 10.Адабиётимизнинг ярим асри.-Т.: Бадиий адабиёт, 1967. 11. ғ.Каримов. Халқ, тарих, адабиёт. Т.: Адабиёт ва санъат. 1977. 12.Белинский В.Г. Адабий орзулар: Адабий-танқидий мақолалар. Жамоатчи муҳаррир М.Қўшжонов. -Т.: Адабиёт ва санъат. 1977. 13.У.Султонов. Чўлпоннинг адабий-танқидий қарашлари. Филол. фан. номзоди... дисс. Автореф. -Т. 1995. 14. О.Шарафиддинов. Гўзаллик билан учрашув. -Т.: 1976. 15. О.Шарафиддинов.Чўлпонни англаш. Т.: Ёзувчи, 1994. 16.Ойбек. Адабиёт тўғрисида (Тўпловчи ва масъул муҳаррир Н.Каримов. Кириш сўзи Н.Каримовники)-Т.: Фан, 1985. 17.Н.Каримов. Чўлпон. Т.: Фан. 1991. 18.Чўлпон. Яна қўлга олдим созимни. Танланган асарлар. О.Шарафиддинов сўз боши -мақоласи. 19.О.Шарафиддинов. Чўлпон. Шоир ҳақидаги ривоятлар ва ҳақиқатлар. Т., Чўлпон нашриёти, 1991. (Танқидчилик соҳасидаги фаолияти ҳам ёритилади). 20.Чўлпоннинг бадиий олами. Т.: “Фан”, 1994. Тўплам. Н.Каримов, В.Владимирова, С.Мамажонов, Ш.Турдиев каби олимларнинг мақолалари бор. 21.Б.Акрамов. Чўлпон чиндан мураккабми? “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1990, 13 июль. 22.Б.Дўстқораев. Бир мунозара тарихидан. “Шарқ юлдузи”, 1989, №6. 23.Чўлпон. Адабиёт надир: Т., Чўлпон нашриёти, 1994. (О.Шарафиддинов “Адабиёт яшаса-миллат яшар...” Кириш мақола). 24.Ўзбек адабий танқиди тарихи. Т. 1987, 25.Ҳ.Ёқубов. Танқид ва адабиётшунослик тарихига бир назар (Адабиётимизнинг ярим асри. Тўплам. 1-китоб. Т., 1967). 26.Б.Назаров. Ўзбек адабий танқидчилиги. ғоявийлик, метод, қаҳрамон. Т., 1979. 27.Иззат Султон. Отажон Ҳошим. 28.С.Ҳусайн. Танланган асарлар. Т., 1974. 29.И.Султон. Асарлар. Тўрт томлик. 2-том. Т., 1972. 30.С.Ҳусайн “Ўтган кунлар” ҳам ўтган кунлар “Шарқ ҳақиқати”. 1929 5 август. 31.С.Абдураҳмон. Амалий ҳам назарий адабиёт дарслари. Т., 1924. 32.С.Ҳусайн. Ўтган кунлар. Тошкент-Баку. 1931. 19