logo

Суз бирикмаси синтактик бирлик сифатида. Суз бирикмаси таснифи

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

81.5 KB
Сўз бирикмаси синтактик бирлик сифатида. Сўз бирикмаси таснифи Режа: 1. Бирикма ва сўз бирикмаси. 2. Сўз бирикмасининг сўз, қўшма сўз ва гапдан фарқи. З. Сўз бирикмасига тасниф. Биз синтаксиснинг ўрганиш проблемаларидан бири сўз бирикмаси эканлигини таъкидлаган эдик. Бироқ бу ўринда сўзларнинг бирикуви ва бирикма ибораларини кенг маънода қўлланилишини ҳам назардан четда калдирмаслигимиз даркор. Ҳар қандай сузнинг лексик ва грамматик алоқага киришувидан бирикма ҳосил бўлади. Масалан: Ёз охирида Самарқандда кечалари салқин, кундузлари иссиқ бўлади: туш пайтида шабада топологияғдан салқин ва рохатбахш ҳаво келтирмайди (Ойбек) гапида Ёз охири; Самарқандда салқин бўлади; Кечалари салқин бўлади; Кундузлари иссиқ бўлади; Иссиқ бўлади; Туш пайти; Туш пайтида келтирмайди; Салқин ва рохатбахш; Рохатбахш; Салқин ҳаво; Ҳаво келтирмайди; Шабада келтирмайди каби бирикмалар мавжуд. Бироқ бу бирикмаларнинг ҳаммаси ҳам бир хил қимматга эга эмас. Жумладан, Иссиқ бўлади; Туш пайти; бирикмаларида бир мустақил ва бир мустақил-бўлмаган сўз бирикиб бир сўроқка жавоб бўлиб келган. Шунингдек, рохатбахш бирикмаси икки мустақил суздан ташкил топган, бироқ улар қўшиб ёзилиб, қўшма сўзни юзага келтирган. Салқин ва рохатбахшда эса тенг ҳуқуқли бирикиш бўлиб, бири иккинчисини И зоҳламайди. Шабада келтирмайди бирикмаси эга ва кесимдан иборат гап асосини ҳосил қилган. Шулар қатори нутқимизда тўнини тескари киймоқ, оғзи қулоғига етмоқ, қанот қоқмоқ каби бир луғавий маънони англатувчи бирикмалар ҳам қўлланади. Буларда кўриниб турибдики, бирикма ҳаммаси учун хизмат қилиши мумкин, аммо уларнинг тузилиши, маъноси ва вазифаси бир-биридан фарқлидир. Шунинг учун ҳар қандай бирикмани сўз бирикмаси деб булмайди. Бирикмада ҳам, сўз бирикмасида ҳам сўз қатнашяпти, нега уни фарқлашимиз керак деган савол мавжуд. Синтаксиснинг ўрганиш предмети бўлган "Сўз бирикмаси" Бошқа бирикмалардан фарқли равишда икки ёки ундан ортиқ сўздан тузилиши,тобеланиш алоқаси асосида бир грамматик бутунлик, семантик яҳлитлик ҳосил қилиши билан характерланади. Агар бирикма таркибида ёрдамчи сўз бўлса у ўз олдидаги мустақил сўз билан биргаликда бир компонент саналади. Масалан, ашулани завқ билан куйламоқ, а)ашулани куйламоқ; б)завқ билан куйламоқ Сўз бирикмаси комплексидаги бир сўз ҳоким, Бошқаси тобе бўлади. Бу ҳоким-тобелик ҳолати ўша қўшилишдаги қатнашган грамматик формалар ёки маънодан англашиниб туради: фильмни кўрмоқ, оппоқ қор.Ўзбек тилидаги сўз бирикмаси компонентларининг нейтрал ҳолати тобе сўзнинг олдин, ҳоким сўзнинг кейин келиши билан белгиланади. Тобе сўз шакли ҳоким сўз талаби билан ўзгариши мумкин; уйга бордим, уйдан бордим. Демак, сўзнинг ҳар хил шаклларга кириши унинг бошқа сўзлар билан бўлган муносабатига, бу муносабатнинг лексик-грамматик хусусиятларига боғлик бўлади. Нутқдаги ҳар қандай грамматик ва семантик "бутунлай - синтактик конструкция сўз бирикмаси булавермайди. Бу ўринда сўз бирикмасининг сўз, қўшма сўз ёки гапдан фарқли жиҳатларини ҳам санаб ўтмай иложимиз йўқ. Биринчидан, суз -лексема сифатида тил бирлиги бўлса, сўз бирикмаси нутқ бирлиги ҳисобланади. Чунки сўзда умумийлик мавжуд, сўз бирикмасида нисбатан хусусийлик, маъновий торайиш кўзга ташланади. Шундай бўлса ҳам улар гапнинг қурилиш ашёси тарзида гап ичида яшайдилар. Иккинчи муҳим фарқ сўздаги яккалик, аташлик бўлса сўз бирикмасида камида иккиликнинг мавжудлигидир. Шуни таъкидлаш жоизки, суз бирикмаси, бу фарқлардан қатъи назар кўп ўринларда сўзга яқин туради. Яъни, сўзлар каби сўз бирикмаларида ҳам предикативлик йўқ, сўз туркумларга ажратилиб классификация қилинганидек, сўз бирикмалари ҳам ҳоким сўз морфологик табиатига кўра тасниф қилинади. Сўзлардаги турланиш, тусланиш сўз бирикмаси таркибида ҳам ўз хусусиятини сақлайди. Сўз ясалишида ҳам сўз каби бирикмалар иштирок этиши мумкин. Бунда сўз бирикмаси қўшма сўзларни вужудга келишига ёрдам бериши, шубхасиз. Бироқ сўз бирикмасини қўшма сўздан фарқли томонлари пайдо бўлишини ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак. Қўшма сўз ўзи нима? "Қўшма сўз" деганда бирдан ортиқ ўзак негизларнинг бирикувидан ташкил топиб, бир лексик маънони ифодалайдиган сўзлар тушунилиши мақсадга мувофиқ булар эди"-дейди А.Ҳожиев. Шунинг учун уни сўз бирикмасидан фарқ қиладиган белгилари доирасида қуйидагиларни кўрсатиш ўринли: 1. Сўз бирикмалари алоҳида-алохида шаклланган бўлиб, тобеланувчи ва тобелаштирувчи кисмларга бўлинадиган бутунликдир. Қўшма сўз эса алоҳида шаклланмаган бир бутунлик ва содда сўз сингари тил сатҳи бирлиги бўла олади.2. Сўз бирикмалари таркибида бир бутунлик бўлса ҳам, компонентлар ўз лексик маъносини тўлиқ сақлайди. Қўшма сўз компонентлари ўз луғавий маъноларини тўла сақлаганларидан қатъий назар бутунича бир тушунчага боғланган бўлади. З. Сўз бирикмасида ҳар бири ўз урғусига эга бўлса, қўшма сўзда сўз каби ягона сўз урғуси бўлади.4. Сўз бирикмалари орасига грамматик воситани ёки сузни киритиш мумкин, аммо қўшма сўзлар орасига ҳеч қандай воситани киритиб бўлмайди. Восита киритилиши уни сўз бирикмасига айланиши учун сабаб бўлиши мумкин: иш юритувчи - ишни юритувчи, камонсоз-камонни сояловчи, очилган дастурхон - очилдастурхон каби булиши мумкин. Хуллас, қўшма сўз ва сўз бирикмалари икки ёки ундан ортиқ компонентлардан ташкил топиши жиҳатидан бир-бирига яқин турса-да, лексик-грамматик муносабати, нутқий функцияси, фонетик белгилари жиҳатидан фарқлидир. Шу боисдан уларга алоҳида ёндашиш талаб этилади Сўз бирикмаси бирикмалик жиҳати, билан гапга ҳам яқин туради. Лекин "гап билан сўз бирикмаси ўртасида ҳеч тенг қўйиб бўлмайдиган кескин фарқлар ҳам борки, бу уларнинг шакл ва мазмун томонидан яққол сезилиб туради. Гап ўзининг нисбий фикр ифода эта олишдек хусусияти билан сўз бирикмасига қарама-қарши қўйилиши мумкин. Чунки сўз бирикмаси сўз каби тушунча англатади. Сўзларнинг бирикишида эга ва кесим қатнашган бўлса, аёнки бу-гап. Бундай қарашга мувофиқ равишда сўз бирикмаси фақат иккинчи даражали бўлакларнинг ҳоким бўлак билан боғланишини уз ичига олади. Бу анъанавий тилшунослигимизнинг кенг тарқалган назарияси бўлиб, сўзларнинг тобе алоқаси ҳам иккита катта гурухга булинади: 1. Предикатив алоқа (эга-кесим алоқаси).2. Нопредикатив алоқа (иккинчи дар.булак ва ҳоким бўлак алоқаси).Предикатив алоқа гапни, нопредикатив алоқа эса сўз бирикмасини ташкил қилади. Сўз бирикмасида кенгаювчи ҳоким бўлак талаби билан кенгайтирувчи бўлак муайян грамматик шаклда келади. Шунинг учун сўз бирикмаси учун фақат тобе қисмнинг қандай грамматик шаклда келаётгани аҳамиятли бўлади. Бу эса сўз бирикмаси сўз шаклининг сўз билан боғланишидан ҳосил бўлишини кўрсатади. Сўз шаклининг сўз билан боғланиши ўзига хос оҳангга ҳам эга бўлади. Яъни боғланиш оҳанги давомийликни, ёки тугалликни ифода этиши мумкин. Масалан: Бу автобус... Бу-автобус, Сўз бирикмаси гап таркибидаги бирикмалар занжирининг бир халқаси бўлганлигидан у маъно ва оҳанг тугаллигига эга бўлмайди. Шунинг учун уни очиқ қурилма сифатида талқин этиш мумкин . Гап билан сўз бирикмаси ўртасида тенглик аломати бўлиши мумкин эмас. Сабаби гапда сўзлар миқдори тенг бўлишн мумкин бироқ, предикативлик мазмуни акс этмаган бирикмалар гап бўла олмайди. Гапнинг эса ўзига хос грамматик категориялари - замон, шахс, майл, модаллик белгилари борки, бу сўз бирикмаларига асло хос эмас. Сўз бирикмаларининг имкониятлари гапга иисбатан бирмунча чекланган дейиш ҳам мумкин. Гапда фойдаланиш мумкнн бўлган кириш, киритма, ундалма, ажратилган бўлак, модал сўз ва бошқалардан сўз бирикмаси фойдалана олмайди. Сўз бирикмаси айрим сўз сингари, гапнинг кенгайган бўлаги (синтактик группаси) бўлиб кела олади, лекин у гапга хос бўлган белгиларга ёки шу белгилардан бирортасига эга бўлгач, нутқ контекстида мустақил гапга айланмоғи мумкин. Айниқса бу қоида отли бирикмаларда (кенг маънода) диалогик нуткда, сарлавҳаларда, атов гап типидаги конструкцияларда кўпроқ учрайди. Масалан, ҳамма теримга бирикмаси нутк ситуациясига, вазиятга, қандай оханг билан айтилишига қараб мустақил гап сифатида тўлиқ фикирни, ҳукмни англатиши, бошқа ҳолатларда эса гапнинг кенгайган бўлаги вазифасини ўтайди. Шундай қилиб, сўз бирикмаси сўз ва гап оралиғидаги ҳодисадир, бир томондан, сўз бирикмаси тилнинг номинатив воситаларидандир, убир бутун, лекик кенгайтирилган номни юзага келтиради. Аммо синтактик ҳодиса сифатида сўз бирикмаси гап учун потенциал материал вазифасини ўтайди. У фақат гап орқали унинг составида коммуникатив воситалар сирасига киради.Сўзларнинг ҳар қандай нопредикатиб боғланнши сўз бирикмаси бўла олмайди. Биз бу ҳақда олдин ҳам тўхталган эдик.лигини намойиш қилиш учун яратилади.Сўзларнинг тобе алоқасида эса тобе вазиятдаги сўз биргина маъноси билан ҳоким сўзга боғланади. Демак сўзларнинг нутқ жараёнида ўзаро бирикуви тобе вазиятдаги сўзни қайси маънода қўлланаётганлигига ойдинлик киритади: Мас.: деразанинг кўзи, узукнинг кўзи, булоқнинг кўзи ва ҳ.зо. Сўз бирикмаси ўзининг маълум грамматик шакли ва грамматик маъносига эга. Ҳоким сўзнинг шакллар тизими шу сўз бирикмасининг парадигмасини ҳосил қилади. Сўз бирикмаси парадигма аъзоларининг ҳоким сўзи қайси сўз туркумидан бўлишига қараб хилма-хилдир, Биз буни умумлашма тарзда-сўз бирикмаларининг классификацияси асосида кўриб чиқишимиз мақсадга мувофиқдир. Яъни сўз бирикмалари биринчидан, ҳоким сўзларнинг қайси лексик-семантик категориясидан бўлишига қараб, иккинчидан, тобе сўзнинг қайси синтактик бўлак вазифасини бажаришига қараб ва учинчидан, сўз бирикмаларининг тузилишига кўра классификация қилинади. Сўз бирикмаси ҳосил бўлиши, ундаги компонентларнинг ҳолати шу составдаги элементларнинг қайси сўз туркумига кириши ва шундан келиб чиқадиган грамматик-семантик хусусиятлар билан боғлиқ. Масалан, сон билан сифат бирика олмайди; келишик кўшимчасини олган ёки кўмакчи билан биргаликда қўлланган отлар феъл билан бирикканда, кейинги сўз ҳоким вазиятда келади: телефон орқали гаплашмоқ келишик ёки кўмакчи эса шу отнинг тобелик белгиси ҳисобланади, Сифат билан от бирикканда эса от хоқим булади, равиш ва феъл бирикишида феъл ҳоким вазиятни эгаллайди. Ана шу грамматик хусусиятларига қараб, сўз бирикмаси тузиш йўллари ҳам ҳар хил бўла олади. Хусусан, ҳоким компонент қайси туркумда бўлишига кўра: отли бирикма, феълли бирикма ва равишли бирикма турларига бўлиниши мумкин. Отли биркмада ҳоким компонент от билан ёки от сўз туркуми ўрнида- сифат, сон, олмош, ҳаракат номи бўлиши мумкин, Масалан: катта уй, катта олма кабиларда -от, отликларнинг тўрттаси, талабалардан бири-сон, гулдан ҳам чиройли, бармоқлари нозик -сифат, топширикни бажариш, дарё ёқалаб бориш -кабиларда ҳаракат номи шаклларида ифодаланган сўз бирикмалари ҳоким сўзнинг морфоловик табиатига кўра отли бирикмалар деб таҳлил қилинади. Юқорида таъкид ланган сўз туркумлари тобе сўз ўрнида қўлланганда, уларни отли деб айтиш нотуғри, фақат ҳоким вазиятдаги сўз туркумигина ушбу таснифра асос бўла олади. Феълли бирикмади эса ҳоким элемент феъл ёки унинг вазифадош шаклларидан сифатдош, равишдош шаклларида бўлиши мумкин. Бу вазиятда кўпинча тобе сўз от туркумидан иборат бўлади: болани чақирмоқ, гулни ҳидламоқ, уйга кетмоқ; тобе компонент равиш сўз туркуми билан ифодаланган бўлса ҳам ҳоким компонент тури ҳисобга олинади ва феълли бирикма ҳисобланади: яёв юрмоқ, тасодифан учрашган. Равишли бирикмада эса ҳоким компонентнинг равиш сўз туркумига мансуб бўлиши ўзига хос хусусиятдир. Бунда кўпинча от равиш моделидаги бирикмалар вужудга келади. Масалан: овоздан тез, сувдан оз, пулининг ярми. Бу қайд этилганлар сўз бирикмасининг ҳоким сўз табиатидан келиб чиқиб тасниф қилинишидир. Шунингдек, таснифнинг иккинчи турида тобе сўз ва унинг мазкур бирикма таркибида бажариб келган синтактик вазифаси асосий мезон ролини бажаради. Бу классификация ҳам тобе сўзнинг уч хил вазифасига доир атамалар билан юритилади. 1. Тўлдирувчили бирикма: Бунда тобе вазиятдаги сўз қайси сўз туркуми бўлишидан қатъий назар, гапда тўлдирувчи синтактик вазифасида ҳоким сўзга тобеланган бўлади: китобни ўқимоқ, орқали-хабарлашмоқ, темирдан қаттиқ ва ҳоқазо. Тўлдирувчи воситали, воситасисиз, келишикли, кўмакчили бўлишидан катъий назар тўлдирувчили ва ҳатто тақлид сўз, иборалар тўлдирувчи бўлиб келган ҳолатларда ҳам тўлдирувчили бирикма сифатида талқин қилинади: шивир-шивирини эшитмоқ, боши осмонга етганини кўрмақ ва ҳоказо. 2. Аниқловчили бирикма: Тобе вазиятда келган сўз сифатловчили ёки қаратқичли аниқловчи бўлишидан қатьий назар, аниқловчили бирикма дейилади. Масалан, ширин олма, ўрикнинг гуллаши сингари мисолларда тобе сўз аниқловчи вазифасида келади ва шунинг учун тобе сўзнинг синтактик вазифасига кўра аниқловчили бирикма деб таҳлил қилинади. З. Тобе сўзнинг синтактик вазифасига кўра тасниф этилганда, тобе сўз ҳол вазифасида келган бўлса, у албатта ҳолли бирикма сифатида белгиланади: ҳовлиқиб кириб келди, чалқанчага йиқилди кабилар бунга далил бўла олади. Сўз бирикмаларини таснифлашда уларнинг структурасини ҳам алоҳида ўқтириш зарур. Ҳоким ёки тобе компонентларнинг қайси сўз туркумидан иборатлиги, қайси гап бўлаги вазифасида кела олиши унинг структурасида ҳам кўзга ташланади. Жумладан, турғун бирикмали ибора билан ҳосил қилинган сўз бирикмаси тузилиши жиҳатидан содда сўз бирикмаси дейилади. Ҳудди шундай, қўшма сўзли сўз бирикмаси ҳам содда турни ташкил қилади: қушқўнмас ўсимлиги, борса келмас ороли, "Ёрилтош" эртаги. Сўз бирикмасининг содда деган турига мураккаб атамали тури қарама-қарши куйилади. Яъни бунда сўз бирикмаси таркибидаги сўзлар миқдори камида уч сўзнинг сўз бирикмаси ҳосил қилаолувчилик имконияти билан белгиланади. Уч мустақил сўз иштирок этса, аммо улардан иккитаси ажралмас холатдаги бирикма бўлса, Умураккаб эмас, содда сўз бирикмаси бўлади. Сўз бирикмасининг содда ёки мураккаб деб баҳоланиши сўзларнинг микдоран бир-бирига тобе-(ҳоким-тобе-) ҳоким вазияти асосида белгиланади. Масалан, уч ўрдак-ҳаводаги уч ўрдак; қора қўй - катта қора қўй. Бунда тобе сўздан кейин келган ҳоким вазифадаги сўз кейинги ҳоким сўзга нисбатан тобе бўлиши мумкин Сўз бирикмасининг тузилиш жиҳатдан турларини ўрганиш, ҳажми ва чегарасини белгилаш алохида тадқиқот предмети бўла олади. Шунинг учун батафсил кейинги дарсда танишиб чиқамиз. ФОЙДАЛАНШ УЧУН АДАБИЁТЛАР РУЙҲАТИ: 1. А . Гуломов . М . Асқарова . Ҳозирги ўзбек адабий тили . (Синтаксис). Тошкент. Ўқитувчи. 1987. 2. Н.Маҳмудов. А.Нурмонов. Ўзбек тилининг назарий грамматикаси. Тошкент. Ўқитувчи. 1995. З. Н.Маҳмудов ва бошқалар. Ўзбек тилининг мазмуний синтаксиси. Тошкент. Фан. 1992. 4. М.К.Шарипов. Ҳозирги ўзбек тилида сўз бирикмалари синтаксиси масаласи. Тошкент. Фан. 1978. 5. колл.авторлар. ЎЗБЕК ТИЛИ ГРАММАТИКАСИ. Тошкент. Фан. II том. 1976. ва хоқазо. 6. www.ziyonet.uz