logo

Сифат сон олмош стилистикаси

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

497 KB
Сифат сон олмош стилистикаси Р е ж а : 1. Сифат туркумига оид сўзларнинг стилистик хусусиятлари: -поэтик матн; -поэтик аниқловчилик хусусияти; -доимий ва метафорик эпитетлар; -сифатлар синонимияси; -сифат даражалари стилистикаси. 2. Сон туркумига оид сўзларнинг стилистик хусусиятлари: - бир сўзининг стилистик хусусиятлари; -сонларда рамзийлик, қўлланишдаги анъанавийлик; -нумеративлар ва сонга оид аффикслар синонимияси. 3. Олмош туркумига оид сўзларнинг стилистик хусусиятлари. -умумлаштирувчилик хусусияти ва танланиш имконияти; -қўлланишдаги вазифавий чегараланишлар; -ҳар бир турнинг ўзига хос стилистик хусусиятлари; -олмошлар синонимияси. Сифат стилистикаси Ўзбек тилидаги бошқа сўз туркумларида бўлгани каби сифатларда ҳам стилистик ресурслар мавжуд. Уларни шартли равишда иккига бўлиб қарашимиз мумкин. Эмоционал-экспрессив оттенкага эга бўлган ва матнда эпитет вазифасини ўтайдиган алоҳида сўзлар биринчи гуруҳни ташкил этса, сифат ясовчи ёки унинг даражаларини белгиловчи морфологик кўрсаткичлар иккинчи гуруҳни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, сифатлардаги стилистик ресурсларни уч йўналишда – эмоционал-экспрессив моттенкалари мавжуд бўлган лексик бирликлар, синонимияни вужудга келтирадиган морфологик кўрсаткичлар ва сифатларнинг функционал услублар доирасида чегараланиши нуқтаи назаридан ўрганиш мақсадга мувофиқ. Масалан, сифатнинг орттирма даражасини кўрсатишда ажойиб, беҳад, бениҳоя, бир, бирам, гўзал, жуда, зап, нақ, нақадар, не-не, ниҳоят, ниҳоятда, тағин, тим, чексиз, энг, яна, янада, яна ҳам, ғоят, ғоятда; озайтирма даражасини кўрсатишда эса айтарли, ним, оч, сал, унча, унчалик у қадар эмас, хиёл, хийла, эмас, ярим каби махсус сўзлар иштирок этади. Булар орасида беҳад, бениҳоя, беқиёс, ниҳоясиз, ним, хиёл, не-не, ғоят сўзларида бадиийлик кучлидир. Мисоллар: На бўлғай бир нафас мен ҳам яноғинг узра хол бўлсам, / Лабинг япроғидан томганки гўё қатра бол бўлсам (Ҳ.Олимжон. Ғазал), Бир лаҳзали дил айёмидан, / Сира сўнмас ширин боқишинг (Зулфия. Висол байрами), Шунда шивирлар менга кафтда қолган чимдим қум, / Хоразм бир ширин туш, гар они кўрмоқ бўлсанг, / Қол Аму бўйларида қолгин дўстгинам (О.Матжон. Чорлов). Қип-, сап-, қоп- кучайтирувчи воситалар ёрдамида ясалган қип-қизил, сап-сариқ, қоп-қора сингари сифатларда ҳам экспрессив-эмоционал оттенка мавжуд. Сифат ясовчи қўшимчалар экспрессияси стилистик жиҳатдан ранг баранг. Масалан, -боз (ишқибоз), -хон (китобхон), -хўр (ароқхўр), -шунос (тилшунос), -соз (машинасоз) лар асосан нейтрал бўлгани ҳолда –симон, - намо, -сифат, -параст каби ясовчилар китобийлиги билан фарқланади ва бу аффиксоидлар билан ясалган сифатларда экспрессивлик мавжуд. Шунинг учун бўлса керак О.Ёқубов бу қўшимча ёрдамида ясалган қуббасимон, ойсимон эпитетларига «Улуғбек хазинаси» романида тез-тез мурожаат қилган: Хуршида бону уни тирноғининг учи билан кўчириб олди, лекин оғзига солишдан олдин, кўнгли бир хил бўлиб, зеб-зийнатларга тўла чароғон хонага, шифтдаги олтин қандилга, нозик ўймакорлик билан ишланган қуббасимон токчалардаги мунаққаш идишларга бир-бир тикилди. Лекин ойсимон эгри қиличларини ўйнатиб, устига бостириб келаётган икки суворийни кўриб, ҳушини йиғди. -намо ёрдамида ясалган эпитетлар эса китобийлик оттенкасига эга: Воажабо! Бу телбанамо дарвеш не дейди? Шунинг учун ҳам у айрим сўзлар таркибида ўзакка мустаҳкам боғланиб, ажратиб бўлмайдиган ҳолатга келган ва отлашган: Нақшбандийлар жамоасининг раҳнамоси жаноб Низомиддин Хомуш янглиғ дин пешволарининг домига илиниб қолди. (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). -сифат аффиксоиди ёрдамида образли, бадиий услубга хосланган эпитетлар юзга келади: мажнунсифат, девсифат, занжисифат, қароқчисифат каби. Бу жунунсифат девона тилланинг дарагини қайдин эшитди? Уни бу ерга ким юборди? (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). -параст ёрдамида ҳам ана шундай эпитетлар ҳосил қилинади. Масалан: О, инсоф нелигин билмаган шаҳватпараст ҳоқон! (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси), Булар рус оппозициячилари эди, бети йўқ мансабпараст- шуҳратпарастлар эди. (Т.Мурод. Бу дунёда ўлиб бўлмайди). Худди шу каби ҳолатларни экспрессивлик оттенкаси бўлган нотавон, нодон, нокас, ноёб, нотекис сифатларига нисбатан айтишимиз ҳам мумкин. Бу экспрессиф бе- ёрдамида ясалган бетавфиқ, бебақо, беҳузур, бетоб, беҳаё, беҳуда, беозор, бенасиб; бад- орқали шаклланган бадфеъл, бадхулқ, баднафс, бадбўй, бадном каби сифатларда ҳам бор. Сифат ясовчи пассив қўшимчалар сифатида қараладиган -вор, -кор, - қин/-гин/-ғин, -он элементларида китобийлик оттенкаси, бинобарин эксперссивлик мавжуд: улуғвор, тантанавор, мардонавор, фусункор, шиддаткор, нақшинкор, тошқин, шошқин, ғамгин, сўлғин, чароғон, заъфарон, нурафшон, дарахшон каби. Мисоллар сифат кўрсаткичлари модаллик муносабатларини юзага келтиришга ҳам хизмат қилишини кўрсатади. Бу модаллик -гина/-кина/-қина қўшимчаларида айниқса сезилади: Бу ерда эса... қора мовут чакмони озғин танасида қопдай шалвираган, нимжонгина бир кимса оёқлари остида юмалаб ётарди. Мирзо Улуғбек чакмонининг қўлтиғидан озгина тивит юлиб, пилик ясади (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Ушбу ясалган сифатлардаги нейтраллик ва экспрессивлик қўшимчалар туфайли услубий чегараланишлар содир этаётганлигини сезиш мумкин. Кўринадики, сифат ясовчи қўшимчаларнинг асосий қисми умумистеъмолдаги бирликлар бўлиб, сўзлашув услубида фаол ишлатилса-да, -дор, -кор, -омуз, -парвар, ба-, но- лар адабий тилда сўзлашувчилар нутқида, -ий, -вий, -ган, -симон, -он, -ик, ив, -ал, -шунос элементларининг илмий, оммабоп ва расмий услубларда бирмунча фаоллиги сезилади. Улар бу услубларда атамалар ясашга хизмат қилади. Бу масаланинг бир томони бўлса, иккинчидан, ҳар бир фан соҳасида алоҳида атамали бирликлар ясайдики, бу ҳам уларнинг функционал хусусиятларидан далолат беради. Фикримиз асосли бўлиши учун айрим фанларга оид атамаларни келтирамиз. Иқтисодиёт соҳасида: -ик: аналитик ёндашув, аналитик машиналар, демократик тузум, диалектик боғлиқлик, матема тик аппарат, мате матик методлар, математик таҳлил, математик таъминлаш, математик усуллар, монополистик бирлашма, статистик маълумот; -ив: коллектив қарор, корпоратив шакл, нор матив ёндашув, объектив асос, объектив қонун, объек - тив шарт-шароит, пассив ижрочи, субъектив қарор (Р.Валижонов. Менежмент асослари) Биология соҳасида: -ик: ароматик моддалар, биосинтетик функция, генетик ахборотлар, меристематик тўқима, осмотик босим, осмотик иш фаолияти, осмотик муносабат, паренхиматик-юмалоқ ҳужайралар, прозенхиматик-чўзиқ ҳужайралар, систематик белги, соматик бўлиниш, соматик ҳужайралар, спазматик нурланиш, фотосинтетик крахмал, цитопластик компонентлар, эграстик моддалар, эластик оқсил, эластик пўст, эндоплазматик тўр, энер гетик марказ; -ив: вегетатив ҳужайра, вегетатив тана, пигментатив таркиб, радиоактив нур, ферментатив актив, ферментатив жараён (С.Мустафаев. Ботаника). Оммабоп услубда: -ик: аналитик химия, генетик устунлик, дипломатик манбалар, либерал-демократик партия, энергетик ресур («Zarafshon») Кўздан кечирилган «Zarafshon» газетаси матнларида –ив қўшимчаси ёрдамида ясалган сифатлар кўзга ташланмади. Аммо –вий билан ясалиш фаол эканлиги маълум бўлди ва бу ҳол кейинги ўн йилликлардаги тилимизда кечаётган ўзгаришлар ва ижтимоий-сиёсий жараёнлар билан боғлиқдир. Масалан: тарбиявий, маънавий, маърифий, оммавий, конституциявий, анъанавий, ноанъанавий, замонавий, дунёвий, афсонавий каби. Илмий матнлардан ҳам айрим мисоллар келтирамиз: Ҳужайравий тузилишга эга ўсимликлар гуруҳига танаси мураккаб тузилишга эга бўлган тубан ва юксак ўсимликлар киради. Цитоплазманинг химиявий таркиби ниҳоятда хилма-хил. Бошқарув аввало бажариладиган ишларнинг ҳажми ва турини аниқлаш, ходимлар ўртасида тақсимлаш, ресурсларни етказиб бериш, ҳисоб-китоб ва молиявий натижаларни шакллантириш улардан фойдаланишни кузатиб бориш ва назорат қилиш демакдир. Синфий, носинфий замонавий бошқариш мактабларини шаклланиш шартлари ва унинг ҳозирги даврда кенг қўлланиладиган турларини тавсифлаш каби. Бадиий услубга хосланишни эса –лик қўшимчасининг –лик, -лиғ, -луқ, - луғ вариантларида кузатамиз: Эй Навоий дард тоғинда соғинғай лолазор / Боққан эл ҳам тоза қонлиқ , ҳам қаролиғ доғима (Навоий. Баски қон борди), Шоҳигул эрмас бу ўтлуғ / Юзларинг ҳижронида / Интизор боғ кўксида / Чиққан фиғону оҳи гул (Э.Воҳидов. Шоҳигул), Қулоқ тут саҳфалардан нола- ю ўтлуғ фиғон бирлан, / Садо келгай Ироқу, Шому, Ҳинлу, Рум, Фарангдан (Э.Воҳидов. Хазина). Чароғон, шодон, заъфарон каби сўзлар таркибидаги –он қўшимчасида ҳам бадиий услубга алоқдор чегараланганлик сезилади. Албатта, бундай аффикс қўшилган сўзларнинг семантик маъносини ҳам ҳисобга олиш лозим бўлади. Чунки «ҳар бир аффикс ифодалаган конкрет эмоционал-экспрессив маъно оттенкалари улар қўшилган сўзнинг семантик хусусияти билан чамбарчас боғлиқ ҳолда рўёбга чиқади». 1 Масалан: Сўнг бу ифлос зафардан, / Улар шодон юрдилар. / Оламда мард йўқ экан, / Бизлар мардмиз дедилар (О.Матжон. Мардга марсия), Бошидаги тождор телпаги бир томонга оғиб кетган, кўзлари қинидан чиқаёзган шаҳзода гандираклай-гандираклай чароғон хонага кирди (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Чиркин, оташин каби сўзлардаги –ин қўшимчаси тўғрисида ҳам шу гапларни айтиш мумкин. Ботир фирқа Ражабовдай оташин бир коммунист холидан... эзилди! Оташин коммунист ҳолидан... куюнди! Оқибат, ўзи ни кўз- кўз этиш, оташин нутқлар сўзлаш — қайта қурувчи демократлар учун тасалли-таскин бўлади. (Т.Мурод. Бу дунёда ўлиб бўлмайди). Гўё у кутубхонага эмас, бу чиркин оламдан тамом бошқа, ҳаётнинг икир-чикир ташвишларидан йироқ, мусаффо бир дунёга парвоз қилган эди... (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Ғамгин сўзининг синоними бўлган ғамнок бирлиги ҳам бадиий услубда ишлатилади: Аламда тутоқиб дарахтга кўчди, / Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок (Зулфия. Баҳор келди сени сўроқлаб). Сифатларнинг даражаланиш хусусияти уларда стилистик оттенкаларнинг мавжудлигидан далолат беради. Белгининг, сифатнинг кўплиги, ҳаддан ташқари ортиқлиги, ниҳоятда муҳим эканлиги ёки аксинча, камлиги, унчалик аҳамиятли эмаслиги, қатъий ифода этиб, фарқланиб турмаслиги - буларнинг 1 Ўзбек тили лексикологияси, 169-б. ҳаммаси сифатлардаги семантик-стилистик маъно оттенкаларини ажратишга хизмат қилади. Ўзбек тилида ана шу белги-хусусиятларни кўрсатиб турадиган махсус грамматик белгилар мавжуд ва бу белгилар ўрни билан ўзаро синонимик муносабатда бўлади. Масалан, сифат даражаларини кўрсатувчи –ли билан -сиз, бе-, но-, сер-; - ли билан –ган (ўқимишли-ўқиган); ли билан –лик (ёзги-ёзлик, қишки- қишлик); -ги билан -даги (ёзги-ёздаги, баҳорги-баҳордаги, кузги-куздаги, қишки-қишдаги), -к билан -ган (чирик-чириган), -ма билан -ган (сузма- сузилган), -ма билан -диган, -лайдиган (ғирчиллама-ғирчиллайдиган, қирчиллама - қирчиллайдиган), -кир билан -ағон (чопқир-чопағон), -ли билан -манд (ҳунарли-ҳунарманд), -намо билан -га ўхшаш (олимнамо-олимга ўхшаш), -симон билан -га ўхшаш, каби, сифат (маймунсимон-маймунга ўхшаш, маймун каби, маймунсифат) ўртасида, улар билан сифатнинг айрим аналитик шакллари ўртасида ҳам функционал чегараланишларини келтириб чиқариш мумкин бўлган синонимик муносабатлар мавжуд. Аммо уларнинг бу муносабати стилистик талаблар даражасида турличадир. Масалан, қишки кийим - қишдаги кийим - қишлик кийим бирикмаларининг семантик мавқеи бир хил эмас. Ўзаро вариантлар ҳосил қиладиган -дай,-дек, -дайин қўшимчаларида услубий чегараланишлар кўзга ташланади. –дай барча функционал услублар учун баравар бўлса, бу гапни –дек ва –дайин ҳақида айтиб бўлмайди. –дек нинг китобий услубга, -дайин нинг сўзлашув услубига хослангани кузатилади. –дек бадиий матнларда жуда ҳам фаол: Сочлари оппоқ оқарган, юзларини қат-қат ажин босган бу муштдеккина кампирнинг нигоҳи чексиз меҳрга, унсиз бир изтиробга тўла эди (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Жонли халқ услубида ижро этилган достонлар тилида –дайин кўп ишлатилади: Ғам билан сарғайиб гулдайин дийдор, / Бир нечалар ўз ҳолидан бехабар, (Алпомиш), Туйғундай суратинг, лочин юракли, / Шердайин қайқирган, арслон билакли (Кунтуғмиш). –дак қўлланилиши эса сўзлашув услубида ҳам, бадиий услубда ҳам чегараланиб қолган: Қаландар қалин жингадак соқолини силаб, мийиғида кулимсиради. Ҳа, ҳа, токчада, унинг зеб- зийнатлари солинган тилла қутичасида, узукнинг кўзига яширинган мошдаккина оғу бор (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Қўшимчанинг -доғ варианти бадиий услубга хосланган: шундоғ, қандоғ, мундоғ, ушмундоғ каби. Сифатнинг орттирма даражасини кўрсатадиган морфологик ва лексик воситалар предметлардаги белги-хусусиятнинг меъёрдан ортиқлигини турли йўллар билан ифода этади ҳамда бунинг натижасида бирликлараро синонимик муносабат вужудга келади. Масалан: дум-думалоқ пак-пакана, кап-катта, сап-сариқ, қип-қизил, сип-силлиқ, қоп-қоронғи, ям-яшил сўзларидаги морфологик-фонетик йўл билан ҳосил қилинган интенсив шакл сифатдаги белги-хусусиятнинг меъёридан ортиқ эканлигини кўрсатмоқда. Ана шу ортиқликни бу ўринда жуда, ўта, ғоятда, ниҳоятда каби лексик воситалар ёрдамида ҳам юзага келтириш мумкин. Масалан: дум-думалоқ - жуда думалоқ, ўта думалоқ, ғоятда думалоқ, ниҳоятда думалоқ; кап-катта - жуда катта, ўта катта, ғоятда катта, ниҳоятда катта каби. Аммо масаланинг нозиклиги шундаки, бу ўзаро ўрин босишлар умумий маънодадир. Стилистик жиҳатдан олиб қараганда эса улар бир хил қийматда эмас. Айрим мисолларни таҳлил қиламиз. Кап-катта бола ҳар куни сийиб қўяди, деб нолигандан кўра ётар чоғи қовуғини жиндай ёғлаб қўйса-ку, олам гулистон! (Ў.Хошимов. Тушда кечган умрлар). Ўғлининг болалик чоғларидагина эмас, Али Қушчи кап-катта йигит бўлиб, улоқ, пойга ва човгон ўйинларига қатнашиб юрадиган пайтларида ҳам Тиллабиби унинг орқасидан қолмас, гоҳо: 'Эҳтиёт бўл, бўталоғим!" деб қичқирганча асов отлар орасига кириб кетар эди (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Мисоллар олинган ҳар икки роман матнида ҳам кап-катта нинг синонимлари сифатида қаралган жуда катта, ўта катта, ғоятда катта, ниҳоятда катта бирикмалари учрамади. Гарчи, илмий ва расмий услубларда белгининг ортиқлик даражасини кўрсатиш фаол бўлмаса-да, уларга оид матнларда қуйидаги гапларда қўлланган: Жумладан, маъмурий-буйруқбозлик, тўрачилик ти зимининг ўзагини ташкил этган, марказдан туриб режалаштириш тизими мустаҳкамлиги ва бузилмаслигининг ифодаси бўлган давлат режа қўмитаси, давлат таъминот қўмитаси, давлат нархлар қўмитаси ва бир қатор вазирликлар ҳамда жуда катта маъмурий аппаратлар тугатилди; Энг катта камчиликлари «инсон омилига» етарли эътибор бермаслик, инсон хулқи, мотивлар ҳақидаги тасаввурнинг саёзлигидир. (Р.Валижонов. Менежмент асослари). Ҳозир фарзандларининг энг каттаси лицей талабаси, ўша жаҳлдор эр марказдаги обрўли ўқув муассасаларининг бирида раҳбарлик қилади («Zarafshon»). Аммо мисоллардан шу нарса англашилмоқдаки, улар каттани яна катта қилиб кўрсатиш мақсадида қўлланилмаган, балки биринчи мисолдаги жуда бошқарув аппаратида ишлайдиганлар қаерда сон жиҳатдан кўп бўлса, ўшалар орасидан энг кўпи танлаб қисқартирилганини кўрсатишга; иккинчи мисолда энг қиёс маъносида келиб, кўзга ташланиб турган камчиликлардан муҳимларини англатишга; учинчи мисолда эса у фарзандларнинг каттаси жумласидаги маънони бўрттиришга хизмат қилаётгани маълум бўлади. Кўринадики, уларни фақат умумий лексик фонда маънодош сифатида қараш мумкин. Аммо матнда уларнинг стилистик маънолари кескин фарқланмоқда. Шу фарқлар мавжудлиги учун ҳам юқридаги мисолларда кап- катта бола, кап-катта йигит бирикмаларини жуда катта бола/йигит, ўта катта бола/йигит, ғоятда катта бола/йигит, ниҳоятда катта бола/йигит билан алмаштириш стилистик жиҳатдан мутлақо мумкин эмас. Чунки буларнинг биронтаси ҳам юқридаги гапларда кап-катта ифода этган субъектив муносабатни бера олмайди. С.Мустафаевнинг «Ботаника» асарида орттирма даражани ифодалашнинг халқ тилига хос бўлган варианти қўлланган ва бу қўлланиш стилистик жиҳатдан ўзини жуда оқлайди: У одатда шунчалик катта бўладики , кўпинча ҳужайра умумий ҳажмининг 70—90 % ини эгаллайди. Ранг билдирувчи сифатлар даража кўрсаткичлари стилистикасида ҳам қизиқарли ҳолатларга дуч келинади. Уларнинг кўпроқ бадиий ниятга хизмат қилганлигини кузатамиз. Агар Ў.Хошимовнинг «Тушда кечган умрлар» асаридаги Қозон тўла сап-сариқ палов кўринди гапида сап-сариқ шунчаки белгининг ортиқлигини кўрсатган бўлса, Т.Муроднинг «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романида у стилистик вазифа адо этган: Уфқларга туташ чўл. Сап-сариқ чўл. Бийдай чўл. Ана шу сап-сариқ чўл қўйнида гимн янгради . Чўлни кўз олдимизга келтирайлик. Унинг бийдай, сап-сариқ сингари тасвирий воситалар билан берилиши тасаввуримизни яна ҳам ойдинлаштиради. Айни пайтда шундай бир вазиятда гимннинг чалиниши ва уни чалишнинг мажбурият сифатида қабул қилиниши энсани қотиради. Чўл ва гимн. Улар кишининг руҳияти ва тасвирланаётган воқелик нуқтаи назаридан қарама-қарши қутбда турибди. Уларга берилган бийдай ва сап- сариқ сифатлари эса айнан ана шу қарама-қаршиликни кучайтирувчи, ёзувчи юрагидаги иронияни бера олувчи стилистик воситага айланган. Шунингдек, қип-қизил сифати ҳам бадиий матнларда экспрессивлик учун хизмат қилади. Ў.Хошимовнинг «Тушда кечган умрлар» романида бу сўз эпитет сифатида 7 марта қўлланган: Ҳар йили сомоншувоқ қилинавериб қалин тортиб кетган томлар устида қип-қизил лолақизғалдоқлар, мунис чучмомалар очилар, қишлоқ этагида ёйилиб оқаётган Қонқус олисдан жигарранг илондек тўлганаётгани кўзга ташланарди. Бир тепган эди, тарвуз паққа ёрилиб, шимининг почасига қип-қизил шарбат сачради . Юқоридаги мисолларда у белгининг ортиқлигини кўрсатиш баробарида эстетик завқни қўзғатувчи стилистик воситага ҳам айланган бўлса, Т.Муроднинг «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» асарида у нафратланиш, масхаралаш оҳангини пайдо этувчи поэтик восита сифатида намоён бўлади: Мана шу қип-қизил билет бизга ҳаёт ҳадя этибди! Шугина билет-а' Демак шу қизил билет бўлмаса — ҳаёт бўлмас эканда? . О.Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси» романида эса бу сўз падаркуш Абдулатифнинг тахтни эгаллагандан кейинги руҳий ҳолатини очишдаги муҳим деталлардан бири сифатида иштирок этади. Унинг туш кўриш жараёни қуйидагича чизилган: Эгнида ял-ял ёнган зарбоф тўн, бошида гўё қонга бўялгандай қип-қизил салла, ҳатто соқол-мўйловлари ҳам қип-қизил Мирзо Улуғбек, кўзларида ёш, худди қанот ёзгандай қўлларини ёзиб, унга томон оҳиста тушиб келарди... Асарда 10 марта қўлланган бу сўз ҳар бир вазиятда белгининг ортиқлигини кўрсатиш билан биргаликда фикрнинг эмоционал ифодаси учун ҳам хизмат қилган. Қип-қизил, қоп-қора моделидаги ям-яшил сифати ҳам бадиий нутқда самарали қўлланилади. Аммо насрий ва назмий асарлар қиёсланган кўпроқ поэтик асарлар матнида учрашлиги маълум бўлади. М.Алининг «Сайланма»сида у 9 марта ишлатилган: Бугун барг ёздими ям-яшил ва ё / Маъюс хотирага айланди улар? (Бекинмачоқ), О, жанубнинг қуёши қайноқ, / О, жанубий ям-яшил бағир! (Сени соғинганда). Ў.Хошимов ва О.Ёқубов романларида ҳам бу сўзга 5 ва 8 марта мурожаат қилинган. Функционаллик нуқтаи назаридан орттирма даражанинг мураккаб шакли умумий ҳисобланади ( энг яхши, энг арзон ), оддий шакли эса ( яхшироқ, арзонроқ ) китобий бўёқдорликка эга ва белгининг «фаоллигини» ифодалаш ва баҳолашни ҳам ўз ичига олади. Буюклардан буюк ҳар қачон каби орттирма шакллар ҳам муболаға хусусиятига ва экспрессив характерга эга. Ўзбек тилида сифатнинг –иш/-ғиш, -мтир/-имтир, бир оз, ним, ярим, оч, хиёл, сал, унча каби озайтирма даража кўрсаткичлари мавжуд ва улар ҳам ўзаро синонимик муносабатга кириша олади. Масалан: қизғиш-бироз қизил- ним қизил,оч қизил-сал қизил; қорамтир-бироз қора-сал қора; сарғиш- сарғимтир-бироз сариқ-нимсариқ, оч сариқ, сал сариқ каби. Тошлар кўк, қизғиш , яшил ва фирузаранг нур таратар, бу нурлар бир-бирига қўшилиб, қамалакдай ажиб бир манзара касб этарди. Унинг кўзлари қисилиб, бурун катаклари пирпирай бошлаган, жағ пайлари бўртиб чиққан қорамтир юзида, бутун важоҳатида шафқатсиз бир ифода пайдо бўлган эди. Устод бу ишда даркор бўлур деб, бир оз тилла ва қимматбаҳо тошлар қолдир ди... (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Ядрода унчалик катта бўлмаган шар симон шаклдаги ядроча ҳам жойлашган (С.Мустафаев. Ботаника). Аммо бу сифатлар рангларнинг барчаси учун ҳам қўлланилавермайди. Қора га нисбатан –иш/-ғиш кўрсаткичини, ярим, сўзларини ишлатиб бўлмагани сингари, оқ қа нисбатан ҳам ним, оч сўзларини қўллаш кулгили вазиятни келтириб чиқаради. Бу кўрсаткичлардан ним абадий-бадиий нутқ учун хосланган: Мавлоно сергакланиб юқори ошёнанинг дарчадан кичик ўймакор эшигига тикилди, нимқоронғи расадхонада йўғон ва ўктам овоз янгради Нозик нимпушти ва ложувард рангга бўялган баланд пештоқлар, айвоннинг ўймакор устунлари, безакли эшик ва дарчалари ҳозиргина чиққан совуқ куз офтобида чарақлаб, кенг ҳовлини аллақандай нурафшон қилиб юборган эди (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Китобий мазмунга эга бўлган нисбатан сўзи ҳам қиёслаш орқали белгининг оз ёки кўплигини кўрсатади: Ёш ҳужайраларда ядро нисбатан катта ва ҳужайра марказида жойлашади. (С.Мустафаев. Ботаника). Сифатнинг даража кўрсаткичини ифодалайдиган –роқ да икки хусусият – ҳам озлик, заифлик маъносини бериш, ҳам қиёслаш хусусияти мавжуд. Масалан: озлик: Парда очилганда бир киши зўрға сиғадиган, рахларига мис тасма қоқлиган кичиқроқ эшик кўринди. Ҳовлининг сўл томонида пастқамроқ бинолар саф тортган бўлиб, бу – девонхона эди (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси); қиёслаш: Лекин ўшанда уни бу мудҳиш тушдан ҳам кўра кўпроқ ҳайратга солган нарса шу бўлдики, тонг пайтида олис Яссидан унинг ҳузурига ўн нафар йигит арз қилиб кел-ди (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Ушбу сифатга хос грамматик кўрсаткичнинг фаол қўлланилиши унда семантик-стилистик оттенкалар кўламининг кенгайишига олиб келган. «Ўзбек тили грамматикаси»да бу қўшимча яққол ифода этган озлик, заифлик ва қиёслаш маънолари ҳақида гап кетган бўлса, мисоллар таҳлили ҳозирги ўзбек тилида у англатадиган маъно оттенкалари кўпайганлигидан далолат беради. бу отткенкаларни аниқлаш учун мисолларни солиштириб кўрамиз: Ундан нарироқдаги рахларига ҳайвон ва қушларнинг суратлари ўйилган нақшинкор жавонларга Чин ва Ҳиндистондан келтирилган ноёб китоблар терилган (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси) - Ундан наридаги рахларига ҳайвон ва қушларнинг суратлари ўйилган нақшинкор жавонларга Чин ва Ҳиндистондан келтирилган ноёб китоблар терилган. Биринчи ҳолатда рахлар ва жавонлар жойлашган ўрин аниқ эмас, яъни ундан умуман нарида, жойлашган ўрин ҳақида тасаввур ҳам мавҳум. Иккинчи ҳолатда, рахлар ва жавонлар жойлашган ўрин аниқ, ёзувчи уни ўз кўзи билан кузатганлик маънолари англашилади. Шундай экан, баён мантиқи нуқтаи назаридан биринчи ҳолат бадиий ҳақиқатга яқин келади. Демак, бу ўринда – роқ яна бир вазифани – умумийлик оттенкасини бермоқда. Ундан сал берироқда , ўша ҳарир қирмизи парда орасида, Улуғбек мадрасасининг юксак пештоқлари товланади, Чодирларнинг орқасидаги яшил бедазорга оқ биялар боғланган, биялардан олисроқда кийикчаларга ўхшаган гўзал тойчалар кишнашиб турарди (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси) гапларида ҳам у шу маънодадир. Ана шу мантиққа қуйидаги мисол ҳам тўғри келади: Шу боисданми, аълоҳазратларининг ёнида устод Қозизода Румий яна ҳам нимжонроқ ва ожизроқ кўринарди (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси) - Шу боисданми, аълоҳазратларининг ёнида устод Қозизода Румий яна ҳам нимжон ва ожиз кўринарди . Иккинчи ҳолатда фикр аниқ ва кескин баён этилган. Аммо тавсифнинг бу даражада баён этилиши ёзувчи ниятига тўғри келмаётган бўлиши мумкин, у фикрни бироз юмшоқ тарзда келтирмоқчидир. –роқ эса ана шу кескинликни юмшатувчи стилистик воситага айланган. Ҳушига келди-ю, қўлидаги шамни баланд кўтариб, чор-атрофига қаради мисолидаги ҳаракат ( кўтармоқ ) нинг бажарилишида қатъият маъноси мавжуд. Аммо бу мантиққа зид. Чунки, энди ҳушига келган одамнинг қатъият ва ишонч билан ва меъёрига етказиб ҳаракат ҳаракат қилиши қийин. Шунинг учун ҳам ёзувчи сўзнинг баландроқ вариантини ишлатади: Ҳушига келди-ю, қўлидаги шамни баландроқ кўтариб, чор-атрофига қаради (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). -роқ айрим ҳолатларда белгини кучайтириш учун хизмат қилади: Мавлоно Муҳиддин ҳамон бояги вазиятда чурқ этмай ўтирар, фақат, духоба тақя кийган боши яна ҳам пастроқ эгилган эди (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). У тез равишига қўшилганда бу маънога яна ҳаракатни жадаллаштириш оттенкаси ҳам қўшилади: У фақат бир нарсага пушаймон қиларди: тезроқ жанг бўлмади-ю, шаҳзодани бир кўрмади!.. (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Бу унинг нутқий жараёнда юзага келган қўшимча имкониятларидир. Сифат доирасидаги грамматик кўрсаткичларда эмоционаллик даражаси турли бўлишини юқорида таҳлил этган мисоллар асосида кузатдик. Улар ёрдамида белгини англатувчи шаклларнинг турли хил вариантлари юзага келиши маълум бўлди. Масалан: ширин, ширинроқ, бирам ширин, жуда ширин, ғоятда ширин, ўта ширин, ширингина, бирам ширингина каби вариантларда даражаланиш, яъни предметдаги белгихусусиятнинг тобора орта боришини кўрамиз. Бу эса ўз навбатида сифатларнинг функционал услубларга хос чегараланишларни келтириб чиқаради. Масалан, ботаникага оид адабиётларда Шафтоли олмага қараганда ширинроқ дейиш мумкин бўлгани ҳолда, Шафтоли олмага қараганда ширингина деб бўлмайди. Бу эса ўзбек тилида сифатларда стилистик ресурслар кўлами кенг эканлигидан далолат беради ва келажакда масаланинг ушбу жиҳатлари турли услубларга тегишли бўлган матнлар мисолида статистик-лексикографик усулга таянилган ҳолда таҳлил этилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, ўзбек тилининг имло ва терс луғатларини солиштириш ёрдамида бу ишни амалга ошириш ва бундан муайян стилистик вазифа бажариши тўғрисида асосли хулосалар чиқариш мумкин бўлади. Адабиётлар : 1. Миртожиев М. Ўзбек тили лексикологияси ва лексикографияси. – Т.,2000. 2. Пардаев З.Н. Ўзбек тилида сифатларнинг семантик-услубий хусусиятлари: Филол.фан.номз. …дис.автореф. – Самарқанд, 2004. –22 б. 3. Ўзбек тили лексикологияси. - Т.:Фан , 1981.–314 б. Қўнғуров Р. Сифат стилистикаси // Ўзбек тили стилистикаси ва нутқ маданияти масалалари. – Самарқанд: СамДУ нашри, 1982. Сон Ўзбек тилида, гарчи от, феъл ёки сифат сўз туркумлари даражасида бўлмаса-да, сонга оид бирликларнинг ҳам стилистик имкониятлари ҳақида сўз юритиш мумкин. «Ўзбек тили грамматикаси»да тилимиздаги барча сонлар ва нумеративлар ҳисобланадиган дона, нусха, бош, туп, нафар; парча, варақ, оғиз, луқма, сиқим, тилим, чимдим, қултум/ютум/ҳўплам, томчи/қатра, чақмоқ, нимта, тўғрам, пой, бўлак, шингил; гала, тўп, гуруҳ, тўда, даста, боғ/боғлам, қучоқ, шода, ҳовуч; жуфт; грамм, килограмм, метр, пуд, ботмон, центнер, тонна, пиёла, қошиқ, коса, чойнак, қоп, қути, чамадон, жўра/кийим,кийимлик, той, арава/машина/туя, қават/қат, қатор, ўрим, тандир; метр, сантиметр, километр, газ, таноб, тош, қарич, қулоч, чақирим, қадам, фарсаҳ; ёш/яшар, ойлик, кунлик; аср, йил, ой, ҳафта, сутка, кун, кеча, кундуз, соат, дақиқа, минут, секунд; сўм, тийин, танга, чақа, тилла, мири, пақир, чиқим; марта, навбатда, карра, бор, ҳисса, қатла, даъфа, сидра, баравар сингарилар келтирилган. 2 Уларнинг экспрессивлик ва функционал имкониятлари турлича. Сон сўз туркуми доирасидаги бирликлар орасидан эмоционал экспрессив оттенкалар ва семантик-стилистик ҳамда функционал-стилистик маънолар яққол кўзга ташланиб турадиган элементларни қараб чиқамиз. Бунда биринчи навбатда диққатимизни бир сўзи тортади. Дарҳақиқат, сонлар орсида бир ўзининг қўлланиш частотаси ва англатган семантик-стилистик маънолари билан алоҳида мавқега эга. Ундаги рақамни англатишдан ташқарида бўлган бу қўшимча оттенкалар айниқса бадиий матнда ўзига хос тарзда намоён бўлади. Ана шу алоҳидаликлар нималардан иборат эканлигини кўрсатиш мақсадида Зулфия асарлари тили ва услуби юзасидан олиб борган тадқиқотларимиз материаллари ҳамда бошқа манбалардан фойдаланамиз. 2 Ўзбек тили грамматикаси, I том. – Т.:Фан, 1975, 307-331-бетлар. Ўзбек тилшунослигида бир сўзининг лексик-грамматик маъноси дуруст ёритилган дейиш мумкин. 3 Бир сўзининг С.Низомиддинова томонидан 20 ортиқ маъноси изоҳланган. 4 Бир сўзи Зулфия ижодида 442 марта қўлланган. 5 Шоира асарларида бу сўзнинг семантик-стилистик маънолари унинг грамматик маъноси билан уйғунлашиб кетган. Лексик бирлик сифатида бу сўзнинг вазифаси сонни ифодалаш, предмет ёки воқеа-ҳодисанинг якка-ягона эканлигини кўрсатишдан иборат бўлса, матнда унинг маъноси жиддий равишда кенгайиб кетгандир. Жумладан: 1. Бир сўзи сонни англатади: а) яккалик маъносини ифодаловчи саноқ сонни кўрсатади ва бу унинг асосий лексик маъноси ҳисобланади: Қандай пайдо бўлди, билмайман ҳали / Қаршимда бир барно йигит ни кўрдим (1.66). Бундай вақтда у матнда якка, ёлғиз сўзларига синоним бўлиши мумкин: Икки бўлса ёлғиз бош инг, / Армоним шу болажоним (2.98). Бир дарахт турарди йўл чеккасида, / Шамол урар эди уни муттасил (1.217). Бу сўзлар лексик жиҳатдан бирининг ўрнини иккинчиси боса олса-да, стилистик жиҳатдан уларнинг ҳар бирининг маъно оттенкаси фарқланиб туради. Юқоридаги мисолларда бир сўзида маънони таъкидлаб, ажратиб кўрсатиш хусусияти якка ва ёлғиз сўзларидагидек кучли эмас; 3 Шоабдураҳмонов Ш. ва бошқ. Ҳозирги ўзбек адабий тили. – Тошкент: Ўқитувчи, 1980; Ўзбек тили грамматикаси, I том. –Тошкент:Фан, 1975; Ҳозирги ўзбек адабий тили, икки томлик, I том. – Тошкент: Фан, 1966. 4 Низомиддинова С. Ҳозирги замон ўзбек тилида сон. – Тошкент: Фан, 1963, 43-бет. 5 Қўнғуров Р., Каримов С. Зулфия поэзияси тилининг луғати. – Тошкент: Ўқитувчи, 1981, 41-42-бетлар. б) гарчи семантик табиатига зид бўлса-да, у матнда кўпчилик маъносини ифода этади. Бунда бир қўшилиб келиб, микроматн ҳосил қилаётган сўзнинг ҳам сезиларли аҳамияти бордир. Шунинг учун ҳам сонлар маъносининг реаллашувидаги матннинг роли тадқиқотчилар томонидан алоҳида таъкидланади. 6 Бирикмадаги иккинчи сўз мазмунан кўпликни англатиб туради, бир ана шу кўпликни реаллаштиришга, бўрттиришга хизмат қилади: Ҳарорат не ўзи? / Ҳарорат, ҳарорат, / Бир жаҳон оғушида сезасан ўзингни (1.9) ёки Бир осмон юлдузни қамраган океандай кенгмисан, / Ҳар эзгу инсонга порлаган зарранг бор? (1.9) парчаларидаги бир сўзли бирикма ўзини алоҳида урғу билан талаффуз қилишни талаб этади. Шоира қўллаган бир олам (1.44), бир дарё (1.78), бир дунё (1.146) бирикмаларида ҳам бу сўз ўзи бирикиб келган сўз билан бирга ана шу маъноларни ифодалаш мақсадига бўйсундирилган. Булардан ташқари, Зулфия асарларида бир тўда (1.234), бир неча (2.91,117), бир гала (2.14), бир даста (2.73), бир қучоқ (2.34) каби бирикмалар ҳам учрайди. Аммо кўплик маъноси ифодаланган бу бирикмаларда образлилик юқорида келтирганимиз мисоллардаги каби сезилиб турмайди. 2. Мен кетдим бир ўзим, кўзда суратинг / Қалбда хандонингдан лаззатлар қолди (1.69) парчасида бир сўзи стилистик жиҳатдан ортиқчадай кўринса-да, аслида бундай эмас. Бу сўз ўзида маълум стилистик юк ташийди. Бу ўринда бир орқали эгалик аффиксидан англашилаётган яккалик маъноси таъкидланмоқда. Мана бу мисолдаги такрор қўлланилаётган бир сўзи шоира учун шеърий таъкидни, поэтик образни кучайтириш, бадиийликни таъминлаш воситаси бўлиб хизмат қилган: У бир қуёш, у бир тонг, гўзал бир достон, / Айтай десам тилим лол, ким, у йигит ким (2.72). 6 Низомиддинова С. Ҳозирги замон ўзбек тилида сон, 41-бет. Бир гапнинг ўзида бир сўзининг такрорий қўлланилиши ҳам турли семантик маъноларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Масалан, ҳаракатни бажарувчиларни алоҳида ажратиб кўрсатилади: Чойхурлар бири тиззасига шаппатилаб, бири корнини ушлаб хохолашади (Ў. Хошимов Икки эшик ораси), санаш маъноси: Даладан туппа-тугри хашарга келган колхозчилар бири лой отиб, бири лумбоз босиб, мактаб деворини кутаради. Бирининг бошида куя ялаган телпак, яна бири кийикчаси билан кулогини боглаб олган эди; тенглик маъноси: Тўйга борса бир ёнига Фотима келинини, бир ёнига Зуҳра келинини олиб чўғдай ясантириб оборади (Ў. Хошимов Икки эшик ораси). Умуман, бир сўзи ёрдамида таъкид оттенкасини бериш қулайроқдир. Бир неча мисоллар келтирамиз: нурли бир паноҳ (1.293), меҳрибон бир қўл (1.293), оғир бир сукут (1.294), ажиб бир қудрат (1.296), ўктам бир вазминлик (1.299), мунис бир латофат (1.303), шундай бир қисса (1.299) каби. Бундай таъкидлаш орқали ижодкорнинг тасвир объектига бефарқ қарамаётганлиги, унинг алоҳида эътибори кузатилади. Масалан: У бир ўтки , сени кўрмасам, / Изтиробга солар жисмимни (1.19). 3. Биргалик, умумлаштириш маъноси англашилади: Фикрлаб кўраман зафар боисин: / Ишчи-ю деҳқону олим бир оғуш (1.300). Дўсту оғайнидан, юз тил, бир дилдан / Ўқилган таҳсинлар муборак бўлсин! (1.301). 4. Бир сўзининг уюшиқ бўлаклар таркибида такрорланиши яқинлик маъносини ифодалайди ва бунда у от ясовчи –дош аффикси билан вазифадош бўлади: Шодман: Адиб билан бир сув, бир тупроқ, / Бир эл га фарзандлик орттирар фахрим (2.52). Лекин бир ҳаво дан олади нафас, / Кўки бир, суви бир, бирдир тупроғи (1.101). 5. Бирикма ичидаги сўз таркибида келган –ча аффикси билан биргаликда қиёслаш воситаси бўлиб хизмат қилади ва бунда у кўпликни ҳам англатади: Сизнинг бир хирмонча шеър ёзмасам ҳам, / Бахт ҳаққи, қалбимдан қиламан таъзим (1.305). 6. Камтарлик, оддийлик маънолари ифодаланади ва шу йўл билан фахрланиш оттенкаси ҳам берилади: Бу – Ойжамол, бир чўпон қизи , / Ўқиб келди шаҳарда шу қиш (1.150). Бу оттенка қуйидаги мисолда яна ҳам сезилади: Мен оддий бир ўзбек чўпоннинг қизи , / Мени фан доктори қилган Ватаним (1.136). 7. Бир сўзи ёрдамида тасвир объектининг ноаниқ эканлиги ифода этилади: Балки аллақачон бир дор тагида, / Менга мунтазирдир оғзи қон жаллод (1.49). Бир тингловчи қоламан излаб / Ва орқага тортар юрагим (1.288). Мана бу мисолдаги бир сўзли бирикма англатган стилистик оттенка бир оз бошқача: -Домла, энди бизда сизнинг ихтиёр!- Дейди мезбон. – Иш бас, оласиз ором. Бир ерга борамиз! «Яна ҳойнаҳой Серҳашам хонада минг турли таом…» (1.58). Бир ерга бирикмаси алоҳида олинса ноаниқлик ифодаланади, борамиз феълида эса қатъиятлик маъноси бор. Бу қатъиятдан бориладиган жойнинг сўзловчига маълум, аммо ҳурмат ва камтарлик юзасидан меҳмонга айтилмайди. Демак, бу ўринда шоира стилистик мақсадни назарда тутиб, ноаниқликни ифодалайдиган бир сўзли бирикмадан аниқ маънони ифодалашда фойдаланади. Баъзан шоира уни нарса сўзи билан ҳам биргаликда қўллаб (1.66; 2.81), ноаниқлик маъносини ифодалайди. Аммо уларда экспрессия юқоридаги бир сўзининг ўзи англатаётгандай эмас. Зулфия асарларида учрайдиган бир сўзининг таҳлили шуни кўрсатадики, у жуда кўп ўринларда маънонинг шаклланишида асосий ёрдамчи восита сифатида иштирок этади. Масалан, бир кун (1.23), бир нафас (1.59), бир зум (1.75), бир замон (1.80), бир чоқ (1.91), бир дам (1.94), бир палла (1.226), бир сукут (1.294), бир вақт (2.60), бир пас (1.88), бир лаҳза (1.115), бир дақиқа (2.148), бир сония (2.17), бир муддат (2.66), бир фасл (1.96), бир кеча (2.167) каби умуман вақтни, пайтни англатаётган бирикмалардаги етакчи сўзнинг стилистик маъноси бир туфайли реаллашмоқда. Бу масаланинг бир томони бўлса, иккинчидан, бир сўзли бирикманинг қандай маънода қўлланаётганлигини матн ҳал қилади. Юқоридаги вақтни билдирувчи бирикмаларни қўллашда шоира учун хос хусусият шуки, у бу бирикмалардаги нозик стилистик маъноларни фарқлаб ишлатади, баъзан ўрни билан уларнинг бири ўрнида иккинчисини синоним сифатида қўллайди. Бир кун бирикмасини олайлик. Шоира унинг маъноларини қуйидагича фарқлайди: а). Пайти келиб, вақти келиб маъносида: Дунёда зулмдан қолмас бир кун из, / Бутун ер куррасин ғалабанг тутар (1.23); б). Номаълум бўлган вақт маъносида: Барчасини кўзга суртайин - / Ўғирламанг қаламим бир кун (1.286); в). Ўтган кунларнинг бирида маъносида: Пайқаб қолиб бир куни шовқин- суронни, / Хиёл очиб чиптани ташладим назар (2.194); г). Бир марта маъносида: Танти дўст, машинанг бир кун кетсин бўш, / Ё у кўлга ташла – юрсин парилар (1.206). Бу бирикмалар умуман вақтни англатса-да, ана шу англатган вақтнинг давомлилиги ва замонни англатиш нуқтаи назаридан бир-бирларидан фарқ қилади. Масалан, бир сония, бир дақиқа, бир кун, бир лаҳза, бир нафас, бир дам бирикмалари воқеа-ҳодисанинг жуда қисқа вақт ичида юз бериб ўтишини билдиради: Ўзинг кетдинг, қолди хаёлда / Хумор кўзлар, иссиқ боқишинг. / Бир лаҳзали дил айёмидан, / Сира сўнмас ширин ёқишинг (1.115). Бир сония синовчан боқди-ю гўё, / Шу қарашда қалбимни бехато топди (2.171). Меҳрибон, азиз овоз менга бир онда / Гўё бахш этди ҳаёт, янги жон, умид (2.204). Барисига етади ақлим / Сизга қиммат ҳар бир дақиқа (2.149). Бундай пайтларда улар бир-бирига синоним бўла олади. Бир нафас, бир дам бирикмаларини шоира айрим ўринларда бироз бошқача қўллайди. Бирикманинг маъносидан маълумки, уларда бир нафас олганчалик вақт назарда тутилади. Аммо мана бу Бир дам да саҳрони тутди тўполон, Қум тўла бўроннинг ошди хуружи (1.94). Салқинда бир нафас олди ним совуш, / Қайноқ кўк чой берди, муздек бир ҳузур (1.229) мисолларида воқеа- ҳодисанинг шунча қисқа вақт ичида бўлганлигини хаёлга келтириш мантиқсизлик бўлар эди. Бу ўринда шоира воқеанинг нисбатан қисқа вақт ичида бўлиб ўтганлигини шу бирикмалар ёрдамида поэтик тарзда ифодаламоқда, тасвирни бўрттириброқ кўрсатишга интилмоқда. Бир вақт, бир чоқ, бир замон бирикмаларини шоира асосан ўтган замон воқеаларини ҳикоя қилишда ишлатади. Аммо улар ўзи боғланиб келган феъл билан биргалик келаси замон маъносида қўлланган: Ўлганлар хотираси ўчмайди тамом, / Мадҳ этилур бир чоғлар ўлмас куйларда (2.161). Зулфия бир оз (2.147), бир ҳафта (2.148), бир йил (2.182), бир кеча (2.167) каби бирикмаларни ҳам вақтни билдириш учун қўллаган. Лекин улар стилистик оттенкага эга эмас. Бир сўзи иштирок этиб вақтни билдирувчи бу бирикмаларга муносабатдаги шоиранинг ўзига хос услуби шунда кўринадики, Зулфия қисқа вақтни кўрсатувчи айрим бирикмалар маъносини матнда бутунлай ўзгартириб юбориб, уларни тинимсизлик, муттасиллик, доимийлик маъноларида қўллайди. Бу шоиранинг юксак поэтик маҳоратидан, сўз қўллаш уқувидан далолатдир. Масалан: Қалб сени танлаган, сенинг дардинг- ла, / Бир нафас билмайди ором, фароғат (1.70). Терамиз, суратни бўшатмай бир дам , / Ишонч зўр, чиқамиз сўзнинг устидан (1.145). Москва кўчасидай нурга кўмилган / Машиналар занжири узилмас бир зум (1.175). Бу мисолларда юқорида айтганимиз маъноларнинг шаклланишида феъл таркибида келган бўлишсизлик шакли –ма нинг аҳамиятини ҳам қайд этиб ўтишимиз лозим бўлади. Бу шаклни олган феълнинг маъносига боғлиқ равишда вақтни кўрсатувчи бу бир сўзли бирикмаларнинг давомлилик маъносини ҳам англаш мумкин бўлади. Улардан англашилган доимийлик, муттасиллик матнда ҳар уч замоннинг бирида юз бериши мумкиндир. Юқорида айтилганлардан ташқари бир сўзи ёрдамида ҳаракатнинг белгисини англатиш, предметларнинг бир турда эканлигини, кетма-кетлик, чегаралаш, мўлжал, тенгликни, ҳодисанинг тўсатдан бўлганлигини кўрсатиш каби маънолар ҳам ифодаланади. 7 Аммо биз бу ўринда эътибор унинг стилистик оттенка сезилиб турадиган, шоиранинг субъектив муносабатини ифодалай олган жиҳатларигагина қаратилди. Сўзлашув услубида бир сўзининг имкониятлари янада кенг эканлиги маълум бўлади. Масалан, «Алпомиш» достонидан олинган қуйидаги Яқин келди бирдай бўлиб, / Бу юртга овоза тўлиб; Хизмат қилар санам дилбар, / Бирдай ўтирибди беклар; Бари шундай коса берар, / Қирқин қизлар бирдай бўлиб парчаларида сўз таркибидаги ўхшатиш воситаси –дай нинг бир сўзига қўшилиши янги семантик маънони – тенглик маъносини келтириб чиқарган. Қалмоқларни тўплаб олди, Бирор майдон уруш бўлди мисолида эса бир ва майдон сўзларининг қўшилишидан пайт маъноси англашилмоқда. Бир элементисиз бу сўзлардаги пайт маъноси англашилмайди. Бир маҳал ўзимга келсам Кимсан акам елкасида қоп, бир қўлида тугун билан поезд ёнига чопиб кетяпти (У. Хошимов Икки эшик ораси) мисолида ҳам шу ҳолатни кузатамиз. 7 Шоабдураҳмонов Ш. ва бошқ. Ҳозирги ўзбек адабий тили, 262-265-бетлар. Ҳатто жонли мулоқот жараёнида баъзан ғоятда кучли стилистик воситага айланади. Жумладан, у қуйидаги ҳолатда нозланиш, эркалаш маъносини бермоқда: Бу сўзни эшитиб: — Эй, закот олмай ўлинг сиз бир, — деб ўтиб жўнай берди (Алпомиш). Агар гап Бу сўзни эшитиб: — Эй, закот олмай ўлинг сиз, — деб ўтиб жўнай берди тарзида тузилса, унинг стилистик маъноси ҳам ўзгаради, ундан юқридаги маънонинг акси бўлган аччиғиланиш маъноси англашилади. Ушбу сўз туркуми доирасидаги бошқа сонларда эмоционал- экспрессивлик ва семантик-стилистик оттенкалар бир сўзидагичалик эмас. Шундай бўлса-да, уларда ҳам кўзга ташланиб турадиган жиҳатларга О.Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси» романидан олинган мисолларга таяниб мулоҳаза юритамиз. Икки. Бу сонда миқдорни кўрсатишдан ташқари яна қуйидаги семантик- стилистик маънолар англашилади: а) тасвирни аниқ беришга кўмаклашади: Гўри Амирга қараган икки табақали қуйма дарвозанинг ён эшиги секин ғичирлаб очилди. Девонхонанинг ортида баланд девор билан тўсилган ҳарам бинолари оқариб кўринар, ўнг томонда икки ва уч ошёнали кошоналарнинг тиллакори гумбазлари ял-ял ёнарди; б) кетма-кетликни ифодалаш жараёнида иштирок этади: Навкарлардан бири олдинда, иккинчиси ёнма-ён от чоптириб борарди; в) бир ёки уч сонлари билан биргаликда келиб умумлаштириш, тахмин маъноларини келтириб чиқаради: Мана, бир-икки йил бўлди, олис Ҳиротдан Хоқони Саид аталмиш Шоҳруҳ Мирзо вафоти тўғрисида машъум хабар келганидан буён Мовароуннаҳр ва Хуросон осмонидан қора булутлар аримай қолди. Номага қараганда, шаҳзода қўшинлари икки-уч фарсаҳ жойга келиб қолган, Мирзо Улуғбек қандай қарорга келмасин, бу қарорни дарҳол қабул қилмоғи лозим эди! Бу каби умумлаштирувчилик, тахминни билдириш хусусияти бошқа сонларнинг жуфтлашишида ҳам кўринади: Бойбури: «Шу ёмонлагурнинг ўйнагани ҳам яхшилик эмас», — деб сағрисига уч-тўрт таёқ тушириб, табладан чиариб, Қултойнинг қошига йилқиларга оп бориб, қўшиб юборди. У ёқдан, 6у ёқдан гап ташлашиб, беш-тўрт оғиз гап бошлашиб, шунда кампир бойбичага қараб, шу қизингнинг боши бўшми, — деб сўраб турган ери. Элакка жўнаб кетди, борса, беш-олти хотинлар уни-буни гапириб ўтирибди (Алпомиш). Ижозат этсангиз беш-ўн минг черик йиғар эдик. Шаҳар бундан етти-саккиз ой муқаддам қандай бўлса шундай, мубҳам бир ҳаёт кечирар, кўча ва гузарларда одам сийрак, расталар, дўконлар ёпиқ, ҳамма ёқ жимжит эди (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси) каби . г) шаклан бироз ўзгарган ҳолда илмий ва расмий услубларга хос бўлган санаш оҳангини юзага келтиришда иштирок этади: Мирзо Улуғбек юраги яна туз сепгандай ачишиб, қизнинг икки юзи дан ўпди. Бу мақбарани тикламоқдин яна бир муродим: бирламчи , қора ҳалқни, иккиламчи , Олтин Ўрда ила Қалмоқ ва Дашти Қипчоқ ҳоқонларини титратмоқ эди!.. Бобоси Амир Темур бирламчи – доруссалтана Самарқандни обод қилган бўлса, иккиламчи – ўз она шаҳри Кешни обод қилдирган Қаландар Қарноқий ўрнидан тура бошлади-ю, боши хонақоҳнинг шифтига тегиб, икки букилганича қолди. д) Тасвирнинг муҳим ҳисобланган объектини янада аниқлаштиради: Гул мисоли икки лабинг лаъли маржон куйдурур... е) ФБлар ва мақоллар таркибида иштирок этади: икки букилмоқ, бир гапи икки бўлмаслик, икки ўт ўртасида ёнмоқ, икки ёрти бир бутун ва бир қинга икки қилич сиғмаслик каби. Масалан: Айниқса қўрқувдан икки букилиб , титраб- қақшаб қолган отасининг дир-дир титрашини эсласа, ёдига шу йил кўкламда содир бўлган бошқа бир мудҳиш воқеа тушиб, юраги ўйнаб кетади... Лекин унинг оппоқ боғланган гавдасида, эгнидаги қимматбаҳо саруполари ва нозик зеби зийнатларида, гап-сўзларида бўлакча бир виқор ва маҳобат бор эдиким, ҳамма ундан ҳайиқар, бир гапи икки бўлмас эди. Яна: Мен ҳам қўйдан келаётирман, мен ҳам шу баччағарнинг тўйига борайин, қўлимдан келганча бузиб кўрайин, деб келаётирман, сен нораста гўдак, биз ёши етган «чол», икки ёрти бирикса, бутун деган гап бор (Алпомиш) . Шундай пайтларда Али Қушчи унинг ақлидан озишидан ё ўлиб қолишидан қўрқиб ваҳимага тушар, гўё бунга ўзи айбдордай кечаси билан мижжа қоқмай қийналиб чиқар, айни замонда юрагидаги сирни оча олмаслигини, бу сирни очишга ҳаққи йўқ эканини тушуниб икки ўт ўртасида ёнар эди. Бир қинга икки қилич сиғмайди , деб қўрқадур. Жонли тилда икки сони иштирок этган ва гумон маъносини англатадиган икки бошдан ибораси ҳам мавжуд: Бола-чақанг кўрмай ғариб қоласан, Ҳайдаб борсак, икки бошдан ўласан. Бунга ҳам туш десанг, тушаман, тушган билан бундан омон топмайман, лекин бу ҳаддили зўр, бунга тушсам, икки бошдан ўламан (Алпомиш) - Бола-чақанг кўрмай ғариб қоласан, Ҳайдаб борсак, балки ўлсанг керак . Бунга ҳам туш десанг, тушаман, тушган билан бундан омон топмайман, лекин бу ҳаддили зўр, бунга тушсам, балки ўлсам керак. Айрим матнларда, масалан Фбли матнларда бир ва икки сўзлари ўзаро синонимик муносабатга киришиши мумкин: бир оғиз гап – икки оғиз гап ( жуда қисқа гап маъносида). Аммо бир оғиз гапирган эмасман дейиш мумкин бўлагни ҳолда икки оғиз гапирган эмасман деб бўлмайди. Бу икки сўзининг бир га нисбатан стилистик имкониятлари чегараланганлигидан далолат беради. Мисоллар таҳлили уч, тўрт, беш, олти ва етти сонларида стилистик имкониятларнинг жуда кам эканлигини кўрсатади. Ўзбек тилидаги саккиз, тўққиз, ўн сонларининг стилистик ресурслари ҳақида гапириш қийин. Тўхтаб-тўхтаб уч марта тиқирлади...Тўхтаб-тўхтаб уч марта чертди... Одатдагидай уч марта чертди. Али Қушчи бу сувнинг ярмини ичиб, ярми билан юз-қўлларини ювган булар, арпа кулчани учга бўлиб, бир қултум сув билан уч маҳал тановул қиларди мисолларида у ўзининг асосий лексик маъносидан ташқари қандайдир шартлилик, келишганлик маъноларини ҳам англатмоқда. Ушбу сондаги шартлилик ва анъанавий айниқса достонлар матнида яққол сезилади: Уч шартнинг олдини шул ўзбак олди каби . Тўрт сони кўзи тўрт бўлмоқ ибораси таркибида иштирок этади. Тожу тахтдан воз кечар-ку, аммо шу дамларда қўшни гўшада кўзи тўрт бўлиб уни кутаётган юлдузи, қариганда топган бебаҳо гавҳари –Биби Юлдузнинг қисмати не бўлади? (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Лекин уч-тўрт қадам ўтмасданоқ нимагадир қоқилиб йиқилди. Кўзинг тўртдир Қоражоннинг йўлига (Алпомиш) . Тўртовлан тугал бўлса, ўнмаганин ўндирар, олтовлан ола бўлса, оғзидангин олдирар мақолидаги тўрт худди матндаги ола сўзи олти ни чақиргани сингари тугал нинг талаби билан жумла таркибига киритилган, яъни мақолларга хос бўлган оҳангдорлик зарурати шуни тақозо қилган. Беш сони беш қўлдай билмоқ, беш кунлик дунё каби турғун бирикмалар таркибида экспрессивлик учун хизмат қилган: Нечун ҳамма даври даврон, ҳамма давлат ва ҳамма шоҳ ва фотиҳларнинг тарихини беш қўлидай биладиган бу зукко донишманд тож ва ҳокимият ҳеч бир кимсага вафо қилмаганини тушунмади ёхуд тушунса-да, уни тарк этишга иродаси етмади? У тожу тахтдан ўз идроки ва ихтиёри билан воз кечмоққа азм қилганини шаҳзодага айтмоқчи ва ундан ёлғиз бир нарсани–қолган беш кунлик умр ини илм-маърифатга бағишлашига имкон беришини сўрамоқчи эди. Олти сонида қандайдир рамзийлик оттенкаси сезилади. Буни «Алпомиш»дан олинган қуйидаги парсалардан англаймиз: Ана шунда бойлар кўчиб жўнади, моллари Кўкқамиш кўлидан чиқиб бориб, тўқсон тоғдан ўтиб, юрту жаҳонни тўзон, чанг қилиб, молнинг олди неча кун йўл юриб, бул орадан олти ой ўтиб, олти ой деганда , бойлар тўқсон тоғдан молларини ўтказиб, қалмоқ юртига етказиб, ўзларининг бир хил бойлари шул молларнинг олдини олиб, йўл бошқариб келаётган эди, бир вақтида бойлар қалмоқ юртига неча довонлардан ошиб етиб келди. Бошидаги саржиғани кўриб, алпларнинг зўри эканини билиб, алпларга қараб, олти ойга муҳлат сўраб, бир сўз деб турган ери экан. Олти ойчалик йўл га келдим... Алпомиш келсин, бўлмаса, жавобимни берсин каби. Яна: « Падаркуш ... тожу тахт... олти ой дан ошмайдур... » (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Шу рамзийлик сабаб бўлса керакки, А.Орипов ҳам «Ўйларим» шеърида қуйидаги мисраларни ёзган: Олти ой ким шеър ёзмайман юрагим зада, / Олти ой ким ўзгаларга тилайман омад. Халқ оғзаки ижодига хос бўлган шартлилик етти сони орқали ҳам юзага чиққан: Тойчи вилоятинда, Қалмоқ музофотинда бир Сурхайил деган кампир бор эди. Жуда ҳаддили зўр кампир эди, бу кампирнинг етти ўғли бор эди Қоражоннинг етти қобирғаси синди Хоннинг Чибор оти пойганинг олдини олиб, шашти биланг келиб, бахмал ўтовни етти марта айланиб, отнинг тизгинини ушлаб Қоражон тўхтатди. Етти йил зиндонда хор бўлган бошим, Ҳеч хабар билмади қавми-қардошим. Кўринг назаркарда бекнинг Чибори, Етти марта бу зиндонни айланди (Алпомиш) . Бу сон ФБлар таркибида ҳам иштирок этади: Лекин бу даргоҳда Қаландар Қарноқийга дуч келаман, деган ўй етти ухлаб тушига ҳам кирмаган эди. Етти танга атамоқ ни қўллашда диний ва миллий урф-одатлар билан боғлиқ бўлган анъаналар мавжуд: Бу кун ёмон туш кўриб, Хожа Баҳовуддин ҳазратларига етти танга атаган эдим. Ақчангиз бўлса шу гадога етти танга инъом қилинг ... (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Матнларда юз сони ҳам учраб туради. Аммо уларда стилистик оттенкаларни пайқаш қийин. Ушбу сон Юз хил ноз-неъматлар билан меҳмон қилиб, кўнглини олди . Юз маротаба айтдим... Бобокалон Амир Темур ўзига доруссалтана қилган бу шаҳри бузрук кўчаларидан бир маротаба от чоптириб ўтмоқ, оломоннинг тиз чўкиб, саждага бош эгиб турганини кўрмоқ учун бир эмас, юз жон бўлса ҳам тикмоққа арзийди!.. мисолларида ўзининг асосий маъносидан четлашиб, умуман кўплик, "Қоровултепа"да кўринган юз чоғлик отлиқ лар қилич ва чўқморларини бошлари узра ўйнатиб, аллақандай совуқ қийқириқ билан қора бўрондай бостириб келарди. қўлингга юз тилла санаб берамен!.. (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси) тахмин маъноларини англатмоқда. Минг сўзини сон маъносида қўллаш илмий ва расмий услубларга хос. Ана шу услубларга дахлдор бўлган мавзулар ёритилганда оммабоп услубда ҳам қўлланилиши мумкин. Сўзлашув ва бадиий услубларда эса у асосан тасвир объектининг умуман кўплигини кўрсатишга хизмат қилган. Масалан, Зулфияда унинг ёрдамида шаклланган қуйидаги бирикмаларга кўзимиз тушади: минг баҳор (1.9), минг дил (1.9), минг йиллар (1.9), минг авлод (1.9), минг тил (1.186), минг ғулу (1.223) ва бошқ. Тупроғинг кўксини тутади ажиб куй, малоҳат, / Минг баҳор жамоли тиндирар кўзингни! (1.9). Бу умуман кўплик маънолари минг сўзини такрор қўллаш йўли билан алоҳида таъкидланади: Оҳ, буни мен англаб етгунимча минг - / Минг аламларни қилмадим тортиқ (1.291). –Фақирга қилган барча яхшиликларингга минг-минг раҳмат , иним!–деди у овози қалтираб (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Икки минг сўзи орасида ва боғловчиснинг қўлланилиши ёки биринчи минг сўзидан чиқиш келиги қўшимчасининг келиши эса экспрессив маънони яна ҳам кучайтиради: Токай шундай бўлур, ё кулар тақдир, / Бу заиф қўлларга минг ва минг лаънат (1.306). Мингдан- минг розимиз!.. (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Бу сўзни такрор ҳолда қўллаш шоира ижодида нисбатан сермаҳсул: минг-минг ғунча (1.183), минг-минг кўз (1.202), минг-минг юлдуз (1.267), минг-минг ҳаёт (2.52), минг-минг чироқ (1.53) ва бошқ. Минг сўзи ёрдамида матнда тавсирнинг образлилигига хизмат қиладиган зидлаш усули юзага келади: Минг кўз бўлиб йигит боққандай, / Чақнаб қарар қизга минг юлдуз (1.30). Зулфия ушбу матнда минг сўзини кўчма маънода қўллаб, кўзи тўрт бўлмоқ фразеологик бирлигининг оргинал эквивалентини ҳосил қилган. Қиёслаймиз: кўзи тўрт бўлмоқ – минг кўз бўлиб боқмоқ. Умуман халқ тилида бу сўз ёрдамида шаклланган минг қўйли бой, сичқоннинг ини минг танга бўлмоқ, минг эшитгандан бир кўрган яхши сингари перифрастик ва фразеологик иборалар шаклланган. Улар сўзлашув услубида, унга боғлиқ тарзда халқ оғзаки ижоди намуналарида фаол қўлланилади: Сағрилари ёйдай бўлиб, Бир минг қўйли бой дай бўлиб. Жасадинг ўхшайди буз қарчиғайға, Ёнбошлаб ётишинг минг қўйли бой ға. Бундай тегина берсанглар, бир кунлари шунинг нори келар, бошимизга бало бўлар, бизга чичқон ини минг танга бўп қолар (Алпомиш). –Балли! Аммо тилла-тилла деб, минг сўзлагандан бир марта унинг ўзини кўрмоқ яхшидур , дарвеш! (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси) каби. Ҳатто халқ оғзаки ижодида бу сўз иштирокида анъанавий одатлар ҳам ифода этилган: Минг қадимдан танга-пулни урган га, Мен тегаман шул қирағай мерганга (Алпомиш). Халқ оғзаки ижоди учун типик бўлган минг бир бирикмасининг қўлланилиши ҳам Зулфия поэзияси учун характерли: минг бир тангри (1.235), минг битта баҳор (1.206), минг бир хил неъмат (1.235), минг бир тил (2.56) ва бошқ. Сенга минг бор ҳамд лар айтамен, парвардигори олам. Мавлонони қутқаришнинг минг бир йўл ини ўйлаб кўрган Қаландар ва унинг дўстлари кеча, ниҳоят, шу қарорга келишди. –Ўзингиз биласиз, бошимда минг бир ташвиш , бону ... (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Матндаги худди бир сўзи сингари бошқа ўринларда кучайтириш оттенкаси қатла, чандон, бор бирликлари ёрдамида ҳосил қилинади: Минг қатла шукр, осий бандангта не- не саодатли дамларни инъом этдинг, яратган эгам. У шогирди Али Қушчининг минг чандон ҳақ эканини дил-дилидан ҳис этар, айни замонда унинг бояги гаплари қайта-қайта эсига тушиб, юрагини ўртар эди. Сўнгги кунларда мавлононинг иккала оёғи шишиб, бурунги оғриғига минг чандон оғриқ қўшилди. Фақир сиздай шогирдларимдин минг бор розимен. (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси) . О.Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси» романида унинг минг хил режа, минг йил, минг ҳийлаю найранг, минг мақом каби кўплаб бирикмалар ҳосил қилганлиги сўзнинг бу икки услубда қўлланиш имконияти жуда кенг эканлигидан далолат беради. Матнларда сон маъносини англатадиган туман сўзи ҳам кўзга ташланади. Ўн минг маъносини англатадиган ушбу бирлик айнан шу маънода эскирган ва фақат бадиий-тарихий асарларда учрайди: Амир Жондор билан амир Султоншоҳ барлос бошчилигидаги ҳировул қисмлар қўшиндан илгарилаб кетган, бир неча туман чап қанот ва қалб лашкари орқада келар, лашкарнинг кетидан аслаҳа ортилган туя ва хачирлар, баковуллар билан сарой маҳрамларининг соябон аравалари судралиб келарди. Бутун қўшин бир-икки тумандан ошмаса ҳам, кенг дашт лашкарга тўлиб кетганга ўхшар, сипоҳлар сон-саноқсиз туюлар, отларнинг кишнаши, эшак ва хачирларнинг ҳанграши, туяларнинг бўкириши еру кўкни ларзага солган эди. Одатда бундай юришларда аълоҳазратни ўраб оладиган амирлар, туман бошлиқлари ва муқарраб-ус султонлар бугун бирмунча орқада келар, гўё Мирзо Улуғбекнинг хаёлини бузишни истамас эдилар (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Туман ҳозирги тилимида аввалги район сўзи ўрнида қўлланилмоқда. Сон туркуми доирасида қараладиган бирликларнинг иккинчи катта қисмини нумеративлар ташкил қилади. Уларнинг баъзилари функционал жиҳатдан хосланган бўлади. Масалан, карра, баравар, сутка, секунд, центнер, нафар, нусха каби нумеративлар китобий характерда бўлиб, илмий, расмий ва қисман оммабоп услубларга хосланган. Шунингдек, улар бадиий матнда фаол ишлатиладиганлари ҳам бор: бор, дақиқа, даъфа, зум, карра, лаҳза, он, палла, сония, фурсат, чимдим, шода, қатра кабилар: Икки кунгача устоднинг маҳзун нигоҳи кўз олдидан кетмай изтироб чекди, бир неча бор Кўксаройга боришга чоғланди, лекин журъат этолмади. Мана энди устоз ўзлари уни Кўксаройга чорлабдилар. Гарчи, Али Қушчи ва унинг шогирдлари кўп нодир китоб ва қўлёзмаларни гумдон қилган бўлса ҳам, шаҳзода кутуб хонани кўздан кечираётиб, бунга яна бир карра инонди! Сиз билан ўтган бир дақиқа висол онларимни юз йил умрга алмашмаймен. Чопар устига чопар келар, арбоби дин ва аркони давлат, аъён ва боёнлар, амирлар ташриф буюришар, қўш тавақали залварли дарвоза бир сония ҳам ёпилмас эди (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси) . Шунда шивирлар менга кафтда қолган чимдим қум (О.Матжон. Чорлов). Кунтуғмиш тўра Моҳини кўкрагига олиб: - Шамолни очинглар, - деб ҳap кўзидан етмиш қатра ёшини тўкиб, қадди букилиб, Моҳининг бетига тиклаб турибди (Кунтуғмиш). Бир дақиқа фурсат бергайсиз (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Мен ҳам бир зум яшай бир одам каби (А.Орипов). Бир лаҳзали дил айёмидан, / Сира сўнмас ширин боқишинг (Зулфия. Висол байрами). Боғ, бош, бўлак, гала, оғиз, пой, сиқим, тилим, томчи, тош, туп, тўда, тўғрам, тўп, қарич, қулоч, қултум сингари нумеративлар эса сўзлашув нутқида фаол ишлатилади. Улар орасида чиқим, чақмоқ, чақирим сингари қўлланиши камайиб кетган нумеративлар ҳам бор. Бундан ташқари адабий тилимизнинг меъёрлари ва замонавий ўлчов атамаларининг фаоллашиши туфайли пуд, ботмон, той, газ, таноб, тош, чақирим, фарсаҳ, чақа, мири, туя каби нумеративларнинг қўлланиш имкониятлари торайган ва уларни асосан бадиий матнларда учратиш мумкин: Сену мен ўз тошимизга бир ботмон бўлиб юрибмиз-да, бунинг тоши билан тортилсак, посангисига ярамаймиз (А.Қаҳҳор. Синчалак). Номага қараганда, шаҳзода қўшинлари икки-уч фарсаҳ жойга келиб қолган, Мирзо Улуғбек қандай қарорга келмасин, бу қарорни дарҳол қабул қилмоғи лозим эди! Қудуқ чуқур эмас, нари борса ўн- ўн беш газ бўлиб, унинг бир томонидан одам аранг сиғадиган туйнук очилган эди (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси) Ўзининг кўчма маъноларида нумеративлар вазифасини бажарадиган пиёла, қошиқ, коса, чойнак, қоп, қути, машина маиший ҳаётда фаол ишлатилади. арава/ чамадон, жўра/кийим,кийимлик, қават/қат, қатор, ўрим, тандир сўзларининг эса фаолият доираси билан боғлиқ ҳолда нумератив сифатида ҳозирги кунда имкониятлари чекланган. Айрим нумеративлар муайян сонлар билан турғун бирикма ҳосил қилади. Масалан, қатла сўзи ҳамиша минг сони билан биргаликда келади: Минг қатла шукр, осий бандангта не-не саодатли дамларни инъом этдинг, яратган эгам. Ҳа, парвардигоримга минг қатла шукур (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси), Минг қатла фарёд айларам каби. Чақа, мири сўзлари ҳам инкор маъносида фақат бир сони билан биргаликда қўлланади: Бир чақа ҳам оломайсан. Бир чақага қиммат одам. Бир мири ҳам пули йўқ каби. Тақлидий сўздан пайдо бўлган қултум бирлиги фақат суюқликка нисбатан қўлланилади ва шу ҳолда турғунлик касб этади: Али Қушчи бу сувнинг ярмини ичиб, ярми билан юз- қўлларини ювган булар, арпа кулчани учга бўлиб, бир қултум сув билан уч маҳал тановул қиларди. –Бир қултум май ичасизми? Бону майиздеккина заҳарни оғзига солди-да, бир қултум совуқ шарбат ичиб ўзини ёстиққа ташлади. (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Бу турғун бирикмаларда ҳам экспрессия мавжуд ва уларни ҳам стилистик ресурслар сифатида қарашга асослар бор. Нумеративлар тилимизда сон жиҳатдан кўчиликни ташкил этгиши туфайли уларнинг айримларига мисоллар келтириш билан чегараланамиз: Шунда саркасини тайинлаб, икки оғиз сўз айтиб турган экан (Алпомиш). Кел-е, бу баччаларнинг оғзига бир луқма солай (Кунтуғмиш). Сўнг, раҳматлик уста Темур Самарқандий ясаб берган пўлат пичоғи билан ерни ковлаб бир сиқим тупроқ олди (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). гўё масжид гумбазига қадалган кумуш ҳилолдай бир тилим ой ялтиллаб турар (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Қанча хор айласанг, фалак ризоман, Бўлдим энди қултум сув нинг гадойи (Кунтуғмиш). Гарчи, Али Қушчи ва унинг шогирдлари кўп нодир китоб ва қўлёзмаларни гумдон қилган бўлса ҳам, шаҳзода кутуб хонани кўздан кечираётиб, бунга яна бир карра инонди! Шаҳзода бир неча бор расадхонага пинҳона бориб, бу китобларни кўздан кечирган эди. (О.Ёқубов. Улуғбек хазинаси). Энди эътиборимизни сонлар таркибидаги грамматик воситаларга қаратамиз. А.Нурмонов ва Н.Маҳмудовлар «Ўзбек тили сўз ясалишига бир назар» мақоласида сон сўз туркумига оид сўзларнинг грамматик табиати хусусида сўз юритиб, «Ўзбек тили фактларининг таҳлили шуни кўрсатадики, сон туркуми доирасида сўз ясалиши йўқ ва кўрсатилган «сон турлари»ни ҳосил қилувчи қўшимчалар сўз ясовчилар эмас. Масалан: беш+инчи=бешинчи ясалишида мотивловчи база (беш) билан ясалма ( бешинчи ) алоҳидадан денотат ва сигнификатга эга эмас. Демак, функционал форма ясалиши, шунингдек, вариацион форма ясалиши ўз моҳиятига кўра сўз ясалишидан мутлақо фарқ қилади, уларни қориштириш жуда кўп бошқа назарий янглишишларга олиб келиши табиий», деган фикрни баён этган. 8 Сон таркибидаги функционал ва вариацион шакл ясайдиган қўшимчалар янги сонлар ясалиши нуқтаи назаридан ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаса-да, уларга стилистик ресурслар сифатида қараш мумкин. Ушбу туркум доирасида - (и)нчи, - (и)нчидан, -ов, -ала, -та, -тача, -тадан, - лаб сингари шакл ясовчи аффикслар категориал жиҳатдан гуруҳланади. Масалан, предмет, нарса-ҳодисаларнинг тартибини кўрсатувчи - (и)нчи қўшимчаси барча функционал услублар учун тенг бўлгани ҳолдан, унинг – дан қўшилган - (и)нчидан шаклида илмий ва расмий услубларга хос бўлган услубий чегараланиш мавжуд. Чунки –(и)нчи га –дан нинг қўшилиши натижасида таъкидлаш, санаш оттенкаси ҳосил бўлади ва бу оттенкалар илмий ва расмий баён услуби учун хос ва муҳим хусусият саналади. Бу услублар талаб қиладиган аниқлик ҳар бир ҳолат, фикр ва хулосани биринчидан, иккинчидан, учинчидан ва ҳоказо тарзида санаш ва таъкидлашни тақозо этади. Гуруҳлашни, тўдани, биргаликни ифода этадиган - ов, -ала хусусида ҳам шу гапни айтиш жоиз. Улар ёрдамида шаклланган икков, учов, тўртов, бешов, олтов, еттов каби сўзлар оғзаки услубга хосланган бўлса, иккала, учала, тўртала, бешала, олтала, еттала кўринишлари китобий услубга хосланган. Аниқ маънони ифода этганлиги сабабли –та, -тадан барча услублар учун умумий саналади. Аммо тахминни билдирадиган -тача, -лаб элементларида функционал чегараланишни кузатамиз. Одатда ўндан баланд бўлган йирик 8 Нурмонов А., Маҳмудов Н. Ўзбек тили сўз ясалишига бир назар // Ўзбек тили ва адабиёти, 1987, 3-сон, 41-б. сонларга –тача нинг қўшилиши натижасида уларнинг аниқлиқ маъноси йўқолади ва тахминийлик, гумон, ишончсизлик, мавҳумлик, фараз оттенкалари пайдо бўлади: ўнтача, юзтача, мингтача каби. Аммо бу қўшилиш ҳам санашнинг инсон тасаввурига сиғадиган даражада амалга оширилади. Шунинг учун одатда миллионтача дейилмайди. –лаб ҳам худди шу тарзда қўшила олади: ўнлаб, юзлаб, минглаб каби. Ҳатто миллионлаб дейиш ҳам мумкин. Бу эса қўшимча қўшилгандан кейинги ҳолатда мавҳумликнинг нисбатан кучли эканлиги ҳамда рақамни бўрттириб кўрсатишга интилиш мавжудлигини кўрсатади. Фнукционаллик нуқтаи назаридан –тача оғзаки нутққа, - лаб эса китобий нутққа хосланган. Масалан: Минглаб беморлар дардига дармон бўлаётган шифокорлар ҳамда ҳамширалардан миннатдормиз. Мукофот таъсис этилгандан буён вилоятимиздан етти нафар қизимиз Зулфияхоним номидаги Давлат мукофотига расман эга бўлган бўлсалар-да, ушбу саралаш баҳсларида юзлаб қизларимиз ўзларидаги бор қобилият ва истеъдодларини ишга солишди, ўзларини синаб кўришди. Боиси, хафтанинг икки-уч куни – бозорда минглаб бозорчилар оёғи тегади-ки бу ҳудудда бозор хизматчиларидан ташқари маҳалламиз ёшлари, фаоллар ҳам бевосита ободончилик-тозалик ишларига бош қўшадилар. Ўзининг кичиккина оиласида тартиб ўрнатолмаган, бундай кишига юзлаб ёшлар таълим-тарбия олаётган ўқув маскани ишониб топширилганлигига ҳайратланасан. Лекин у киши ҳаёти давомида қилган ишлари, тайёрлаган юзлаб шогирдлари билан ургутликлар қалбида яшаб келмоқда. Натижада ўнлаб поездларнинг қатнови бекор қилинган. Унинг айтишича, телефон сўзлашувиларини тинглаш амалиёти беш йил илгари қўлланилганида, 11 сентябр воқеаларининг олди олинган ва минглаб одамлар омон қолган бўлур эди. Бу ҳолда Миллий Хавфсизлик Агентлиги Федерал қидирув Бюросини минглаб фамилиялар , телефон рақамлари, электрон почта адресларига кўмиб ташламайдими? Расмий маълумотларга кўра, Чилида ҳарбий тузум ўрнатилган йиллар мобайнида сиёсий сабабларга кўра уч мингдан ортиқроқ киши нобуд қилинган, минглаб кишилар бедарак кетган. («Зарафшон» газ.). Оғзаки нутқда: ўнтача китоб, йигирматача одам, ўттизтача машина каби. Бу сўзларни таққослашдан яна шу нарса англашиладики, бу икки элемент қўшилган сўзлар умумий маънода тахминийлик, гумон, ишончсизлик, мавҳумлик, фаразни англатса ҳам, хусусий ҳолларда сонга – тача қўшилганда маълум маънода тахмин ҳақиқатга яқин бўлади. Агар шундай бўлмаганда Дарсга ўн бештача талаба келди дейилмасди. –лаб қўшилганда эса сонлар кўпроқ мавҳумликни ифода этади, миқдорнинг кўплигини муболағали тарзда баён қилади. Сонлар ёзувда рақамлар тарзида намоён бўлади. Ушбу рақамларнинг ёзма матнларда учраши ҳам сон туркумининг табиатига боғлиқ ҳолда турлича кечади. Аммо улар қандай матнлар учрамасин, барчаси учун умумий бўлган хусусият мавжуд. «Рақамларга аввало ахборот бериш хусусияти хосдир. Бироқ рақамларнинг ҳаддан ташқари кўплиги ҳамма вақт ҳам муаллифнинг ҳодиса моҳиятини тўлиқ англаб етганлигидан далолат беравермайди», деб ёзади К. М. Накорякова. 9 Дарҳақиқат, сонларнинг ёзувдаги белгиси бўлган рақамларнинг информатив характери бу сўз туркумига оид сўзларнинг функционал чегараланишларини яна ҳам ойдинлаштиради. Бошқача айтганда ҳамма услубларда ҳам рақамларга фаол мурожаат қилиш хос эмас. У асосан расмий услубга, унинг молиявий ва ҳисоб-китоб билан боғлиқ бўлган жанрларига хосдир. Илмий услубда ҳам мавзу ва фан соҳалари тақозоси билан рақамларга тез-тез мурожаат этилади. Улардан оммабоп услубда ҳам баъзан фойдаланиш мумкин. Масалан: Тадқиқот натижаларига кўра, яқин ўн йил ичида кўпроқ солиқ тўлашга тўғри келади, деб ҳисоблайди аҳолининг 77 фози. Атиги 3 фоиз фуқаро солиқларнинг камайишидан умидвор. 82 фоиз аҳоли 2015 йилда ишсизлик кўпаяди, деб ҳисоблайди. 7 фоизи эса бунинг ткскарисини танлаган. Иштирокчиларнинг 51 фоизи ўн йилдан сўнг мамлакат камбағаллашади, деган фикрда бўлса, 6 фоизи аксинча, деб ҳисоблаган. Беш йил аввал ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, мазкур кўрсаткич 36 фоиз ва 12 фоизга тўғри келган эди. 76 фоиз аҳоли 2015 йилга 9 К. М. Накорякова Цифра в публицистическом тексте. Часть 2 Дата создания оригинала документа: 05.02.2004 . 43 Kb | koi8-r | http://www. gramota. ru/mag new.html?id=42 . қадар Австрияда чет элликлар сони кўпайиб боради, деб жавоб берган каби. («Даракчи» газ.) Тилдаги сонларга хос бўлган муҳим хусусиятлардан бири, айни пайтда, экспрессивликни юзага келтирувчи хусусият уларнинг бирикмалар таркибида турғунлик касб этиши ва анъанавийлиги саналади. Бадиий адабиёт ва халқ оғзаки ижодига хос бўлган қирқ кокил (1.64), ўн саккиз ёш (1.20,262), етти қуш (1.209), етти мўъжиза (1.210) каби анъанавий шакллар шулар жумласиданбир. «Алпомиш» достонида беш юз сони алоҳида мазмун ва урғу билан қўлланилган: беш юз оқсоқол, арбоблари, беш юз мирғазаб, жаллод, беш юз сўм, беш юз нор, беш юз тилла, беш юз қадам, беш юз от, беш юз отли, беш юз одам, беш юз киши, беш юз ботмон, беш юз қулоч арқон, беш юз қўй, беш юз арава каби . Сонларнинг қўлланилишидаги бу хусусиятларни улардаги рамзийлик, диний ақидалар, миллий урф одатлар ва анъаналар нуқтаи назаридан ўрганиш маънавиятимиз учун қизиқарли материаллар бериши мумкин. Англашиладики, ўзбек тилида ҳам сонлар алоҳида туркум сифатида ўзининг нафақат лексик-грамматик, балки стилистик ресурсларига ҳам эга. Уларнинг намоён бўлиши турли услубларда турличадир. Устунлик эса сўзлашув ва бадиий услубларда кўзга ташланади. Адабиётлар : 1. Абдураҳмонов Ғ., Шукуров Ш. Ўзбек тили тарихий грамматикаси. – Тошкент, 1973. 2. Абдураҳмонов Ғ., Рустамов А. Навоий тилининг грамматик хусусиятлари. – Тошкент, 1984. 3. Благова Г. Ф. Характеристика грамматического строя (морфология) староузбекского языка конца XV в. по «Бабур-намэ»: Автореф.дисс. ... канд.филол.наук. – М.,1954. 4. Жўраев М. , Холмуҳаммедов К. Етти иқлимдаги еттилар. – Т.,1989. 5. Жўраев М. Ўзбек халқ эртакларида сеҳрли рақамлар. – Т.: Фан, 1991. –152 б. 6. Комилова Х. Ўзбек тилида олмош ва сон. – Тошкент, 1953. 7. Кононов А.Н. Грамматика узбекского языка. – Ташкент, 1948. 8. Низомиддинова С. Ўзбек адабий тилида сон.- Тошкент, 1963. Олмош Олмошларнинг гапда от, сифат, сон ўрнида келиши, унинг эквиваленти сифатида қўлланилиши бу сўз туркуми гуруҳидаги бирликларнинг грамматик жиҳатидир. Уларнинг нутқда боғловчилик вазифасини бажариши ҳам ана шу грамматик вазифалар доирасида қаралади. Олмошларнинг бу сифати тилшуносликда уни дейксис белгилар сифатида қарашни тақозо этган. «Дейксис белгилар – воқеа, белги, нарсаларни бевосита ифодаламайди, балки уларга ишора, ҳавола қилади, шунга кўра уларни мазмунан кучсиз, бўш сўзлар сифатида қараш мумкин», деб ёзади Н.Маҳмудов. 10 О.С.Ахманова ҳам «дейксис кўрсатиш функциясини бажарувчи олмошлар учун характерли» эканлигини қайд этган. 11 Бу туркумдаги бирликларга стилистик ресурс сифатида қаралганда бутунлай бошқа бир манзара ҳосил бўлади ва бу манзара ана шу ресурасларнинг ғоятда кўп эканлигидан далолат беради. От, сифат, сон каби туркумларга оид бирликларнинг олмошлар билан алмаштирилишини олиб қарайлик. Нима учун улар тилдаги бошқа бирликлар билан алмаштирилади? Бунда қандай мақсадлар кўзда тутилади? Саволнинг қўйилишидан шу нарса сезиладики, бу ўзро алмаштиришлар замирида қандайдир ифода мақсади ётади. Бу мақсад эса фақат олмошлар қўлланилаётган матнлар орқали маълум бўлиши мумкин. Мен – Эркин Зубайдуллаев, Алишер Бозоров ва Самандар Шукуровлар келдик дейилганда фикр мантиқий жиҳатдан ғоятда аниқ ифода этилган. Агар гапнинг уюшиб келган эгаси олмош билан алмаштирилиб Бизлар келдик дейилса, гап грамматик жиҳатдан зарар кўрмайди, яъни ҳар икки ҳолатда ҳам предикативликни юзага келтирувчи асосий бўлаклар мавжуд. Аммо масалага синчиклаб қаралганда бу гаплар ўртасидаги тенглик фақат грамматик, яъни шакл томондан эканлиги, фақтгина теманинг мавжудлиги маълум бўлади. 10 Маҳмудов Н. Эргаш гапларнинг табиати ва таснифи масаласи // Ўзбек тили ва адабиёти, 1991, 3-сон, 18-б. 11 Ахманова О.С. Словарь лингвистических терминов. – М.,1969, с.126. Мазмунан эса бу гаплардаги эга қисми бирининг ўрнини иккинчиси боса олмайди. Бизлар келдик гапидаги бизлар сўзининг маъносини англамоқ учун тингловчи ким келишлигидан аввалдан хабардор бўлиши керак. Ҳатто шундай бўлганда ҳам айнан юқоридаги гапда номлари келтирилган кишиларми, уларнинг бир қисмими ёки қайси бири келмай қолганми, яна кимлардир қўшилганми эканлиги аниқ бўлмасдан қолаверади. Демак, бу ўринда бизлар нинг Эркин Зубайдуллаев, Алишер Бозоров ва Самандар Шукуровлар ўрнини босиши юзакидир. Бизлар сўзини ишлатиш бошқа тарафдан қулайдир. Масалан, биринчидан, фикр қисқа ва лўнда ифодаланмоқда, иккинчидан, у умумлаштирувчилик хусусиятини юзага чиқармоқда. Бу эса тилимизнинг амалда бўлиш қонуниятларига мос келади. Гапда бизлар нинг Эркин Зубайдуллаев, Алишер Бозоров ва Самандар Шукуровлар ўрини алмаштириши, яъни унинг эквиваленти бўлиши мутлақо грамматик ҳодиса. Аммо умумлаштирувчилик ва фикрни қисқа тарзда ифода этиши эса сизлар бирлиги зиммасига юклатилган қўшимча вазифадир. Шунинг учун ҳам у гапда стилистик вазифа адо этмоқда деб айта оламиз. Шундай қилиб, олмошларнинг гапда от, сифат, сонга тенг келадиган граммтик вазифани бажаришидан ташқари, яна кўплаб стилистик отткенларни юзага келтириши бу туркумдаги бирликлар семантик маъноларининг ва қўлланиш кўламининг кенгайиб боришига асос бўлади. Олмошларнинг стилистик ресурслари ахтарилганда масаланинг ана шу жиҳатларини ҳамиша диққат марказида ушлаб туриш лозим бўлади. Аммо биз келдик типидаги гапларда олмошлар англатаётган қўшимча маънолар тингловчи томонидан ҳамма вақт ҳам пайқалиб, тўғри баҳоланавермайди. Чунки нутқимизда олмошларнинг ниҳоятда кўп қўлланилиши, уларнинг муайян кўринишларда турғунлашишига ва анъанавий тус олишига олиб келганки, улар ҳар қандай тингловчи томонидан ҳам пайқалавермайди. Олмошларга тилимиздаги стилистик ресурс сифатида баҳо бериш учун уларнинг функционал услублараро қўлланиш хусусиятлари, ўзаро ва бошқа тил элементлари билан синонимик муносабатга киришиш йўллари, нутқда олмошлар боғланаётган бирликлар ва бу боғланишлар орқали вужудга келган семантик маънолар ўрганилиши лозим. Бу ҳолатларга эса олмошларнинг барча турларида дуч келамиз. Уларга қисқача бўлса-да, тўхталиб ўтамиз. Кишилик олмошлари. Ҳозирги ўзбек адабий тилида қуйидагилар кишилик олмошлари саналади: мен, сен, у, биз, сиз, улар. I шахс бирлик олмоши мен сўзлашув услубида фаоллиги билан характерларланади. Шунга боғлиқ ҳолда бу фаоллик бадиий ва оммабоп услублар матнига кўчади. Расмий ва илмий услубларда деярлик ишлатилмайди. Унинг гапда от ўрнида қўлланилиб, эга бўлиб келишида грамматик ва стилистик эҳтиёждан кўра мантиқий эҳтиёж устундир. Чунки одам ўзи ҳақида ахборот бераётганда исми шарифини айтиш одатдаги сўзлашув мантиқига тўғри келмайди. Фақатгина расмий ҳужжатларда, масалан, таржимаи ҳол баён этилаётганда Мен Мадиев... Ленин район, Ленин совхоз, Ле нин участкасида туғилдим (ТМ) ёки Мен – Каримов Суюн Амирович 1950 йилда Самарқанд вилояти Нуробод тумани Улус қишлоғида туғилдим дейилганда у тўлиқ келтирилиши мумкин. Шунда ҳам унинг гапдаги бошқа аъзоларга грамматик боғланиши олмошсиз ёки тиниш белгиларисиз ( Каримов Суюн Амирович - 1950 йилда Самарқанд вилояти Нуробод тумани Улус қишлоғида туғилдим ), оғзаки нутқда эса вазиятга қараб махсус оҳангларсиз амалга ошмайди. Қолган пайтларда эса бу вазифани олмош бажариши ўзбек тили учун меъёрий ҳолатдир. Баъзан кесимнинг бажарувчи шахсни кўрсатиб туриши олмошни бу вазифадан озод қилади: Самарқанд вилояти Нуробод тумани Улус қишлоғида туғилдим каби. Шунга қарамасдан нутқда мен га фаол мурожаат қилинади: Бир сўз билан айтсак мен шу кундан бошлаб Ботир фирқа бўлдим! (Т.Мурод), Мен баъзи бировлар юрган йўлларидан юрмайман (Т.Мурод) . Бундай гап қурилишидан уни, юқоридаги сингари, бемалол олиб ташлаш мумкин: Бир сўз билан айтсак шу кундан бошлаб Ботир фирқа бўлдим! Баъзи бировлар юрган йўлларидан юрмайман. Асосий мазмунга ҳам, грамматик қурилишга ҳам жиддий путур етмайди, унинг грамматик вазифасини кесимдаги шахс кўрсаткичи ўз зиммасига олади. Аммо унинг келтирилишидан гап зарар ҳам кўрган эмас. Бу гапларда мен озгина бўлса-да, таъкид оттенкасини вужудга келтирмоқда. Бошқа бир ўринларда мен ни гап таркибидан чиқариб ташлаб бўлмайди: Халқни нима қиласиз? – деди. – Мана мен Халқ, ўзимга айта беринг! Мана, мен — обком Ражабов! (Т.Мурод).У гапларда шахсни кўрсатиш билан биргаликда, унинг ким томонидан айтилаётганини билдиришдек қўшимча вазифа бажармоқда. Агар у гапда олиб ташланса, гапнинг муаллифи бошқа кишига айланади. У Худо мен бандасини-да ўз раҳматига олса эди! (Т.Мурод) жумласидан олиб ташланганда, гап ким ҳақида кетаётганлиги ноаниқ бўлиб қолади. Мен олмоши бадиий матнда кучли поэтик воситага айланиши мумкин. Т.Муроднинг «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романида у асар қаҳрамони Ботир фирқанинг ички дунёси, руҳий қолатини очиб беришда жуда фаол қўлланилган: « Мен учун меҳнат шон-шараф бўлди. Мен учун меҳнат ғурур ҳам фахр бўлди. Мен ҳаётни меҳнат деб билдим. Мен яшашни меҳнат деб билдим. Мен яратдим, мен бино этдим. Мана шу XX асрни... мен яратдим, мен ! Ана шундай зот кетса – мен ўлсам, мени ... ювмайдилар, ювмайдилар! Мендай бир зот ўлса... Менга ... жаноза ўқимайдилар, жаноза ўқимайдилар! Демак, шариат бўйича... ўлиб бўлмайди! Урф-одатлар билан ўлиб бўлмайди. Эскичасига ўлиб бўлмайди. Мен чин коммунистман. Мен эл-юртга партиявий назар билан меҳнат қилдим. Мен эл-юртга марксизм-ленинизм ғоялари билан хизмат қилдим. Бир сўз билан айтсак, мен меҳнат қил дим, меҳнат! Мен бола-бақрам демадим – жамиятим, дедим. Мен бола-бақрам учун меҳнат қилмадим – жамиятим учун меҳнат қилдим. Бир сўз билан айтсак, совет жамияти бор бўлсин, дедим. Коммунистик жамият бор бўлсин, дедим... Чин, мен коммунистман, коммунист. Аммо-лекин мен ҳам одамман, одам. Мен жаннат билан дўзахга ишонаман». Ботир фирқа унсиз-унсиз йиғлади. (Т.Мурод). Баъзи ўринларда ушбу олмошнинг ёнига бошқа лексик воситалар қўшилиши ёки ўзининг такрорланиши орқали ифода эффекти яна ҳам кучайтирилган: Ука, шахсан мен ўзим сизни коммунистик партия сафига қабул қилдим. — Биринчи ғиштини Йўлдош Охунбобоев қўйиб эди, — деди. — Иккинчи ғиштини... мен қўйиб эдим, мен ! (Т.Мурод). Тилимиз тарихида мен ўрнида камина, фақир, банда сўзлари қўлланган: Сизни ёлғиз юбормаймен, давлатпаноҳ сизни эҳтиёт қилмоқни каминага топширгандур, устод; Фақир ҳам ўз устодимни кўргим келади (О.Ёқубов). Сўзларнинг бу тарзда ишлатилиши, бир томондан, кишилардаги камтаринлик фазилатини жуда нозик тарзда ифодалай олса, иккинчи томондан, бадиий асардаги тарихийлик руҳини ушлаб туришга ҳам хизмат қилади. Ш.Шукуров «Шайбонийнома» муаллифи Муҳаммад Солиҳ ўзига нисбатан, яъни кишилик олмошининг I шахс бирлиги мэн ўрнида банда сўзини қўллаганлиги тўғрисида маълумот беради: Тэнŋридин банда тилэр- мэн даим гаҳ закир болубан, гаҳ саим. Банда хан сары азимат қылса ... 12 Бу анъана ҳозирги адабиётимизда ҳам давом этмоқда: Камина ана шундан кейин КПСС сафига ўтишга мажбур бўлдим. Чунки кўриб турибсиз — камина бир ожизаи заифа, КПСС эса, диктатор эди! (Т.Мурод). Сўзлашув ва бадиий услубларда баъзан мен ўрнида биз қўлланилади ҳамда бу ҳол сўзловчининг характерини, айтайлик, унинг манманлигини, кибру ҳавога берилганлигини очишда самарали усул ҳисобланади. Масалан, тахтни эндигина эгаллаган Абдулатиф тилидан қуйидаги сўзларни эшитамиз: -Ма, ич, амир, - деди ва кулди. – Билиб қўй, биздай амирул-мўмин қўлидан ёлғиз сен май ичурсен (О.Ёқубов). Бу услубларда баъзан мен ўрнида сен ( - Билмайдиким, ...йўқ, тўхта Муҳаммад Тарағай! Нечун сен шаҳзодадан ранжийсен? О.Ёқубов.), сиз ўрнида сен ( Изн айла! Она, дариғ тутма лутфингни, / Аввал шуки, сенга қалқон бўла олмаган / Бизни – ношуд фарзандларни афу этгайсен. Э.Самандар. Аждодлар қиличи) қўлланилади ва бадиий ифоданинг ранг-баранг усулларининг юзага келишига кўмаклашади. 12 Абдураҳмоно Ғ., Шукуров Ш. Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси, 89-б. Мен ўрнида биз қўлланилганда иложсизлик, чорасизлик оттенкалари ҳам англашилиши мумкин: Биз бир далада юрган деҳқон бўлсак? (Т.Мурод). Сўзлашув услубида мен нинг ман шакли ҳам учрайди, аммо бу шакл адабий тил меъёри нуқтаи назаридан ижобий ҳодиса саналмайди. Бадиий матнларда эса поэтик ижоддаги анъана маҳсули сифатида бунга йўл қўйилади: Дунё бўлди чаманим маним, / Ўзбекистон Ватаним маним (А.Орипов. Ўзбекистон). Ҳатто бу ҳолатда маним ни меним тарзда қўллаш, худди менинг ни манинг каби ишлатиш сингари ғализ туюлади: Изғиринлар устидан елар менинг Ғиротим. / Қайга учмак керакдир — билар менинг Ғиротим! (М.Али. Парвоз). I шахс кўплик кўрсаткичи биз олмоши ҳам ўзининг асосий функционал- грамматик маъносидан ташқари қўшимча маънолар ифодалайди. Жумладан, матнда унинг қуйидаги семантик маънолари юзага келади: а) биргалик: Бутун туманда шундай, – деди катталар. – Биз юқорига хабар бердик ёрдам берамиз, деди (Т.Мурод). Бу оттенка олмошларга –лар қўшилиши билан янада кучаяди: Жаҳонку бор гапни кўриб турибди / Бизлар шундай эдик, бизлар шунақа (А.Орипов); б)бошқалардан ажратиб кўрсатиш, чегаралаш оттенкаси юзага келади: Биз ана шу ердан яралдик. Биз ана шу ердан одам бўлдик (Т.Мурод) . Т.Мурод ўзининг «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романида унинг ана шу ажратиб кўрсатиш, чегаралаш оттенкасидан фойдаланишни бадиий маҳорат даражасига кўтарган. Собиқ иттифоқнинг емирилиш паллаларидаги қайта қурувчиларнинг тилида уни самарали қўллайди. Минбарларда халқ номидан ўзларини «биз» деб, қайта қурувчилар деб кўкрагига урувчи мақтанчоқлар, лўттибозларнинг характерини очишнинг кучли бадий воситасига айлантиради. Мадиевнинг нутқидан айрим намуналар келтирамиз: — Хонимлар ва жаноблар! - деди Мадиев. — Жамият қандай бўлса, инсон ҳам шундай бўлади. Жамият қандай бўлса, ҳукумат ҳам шундай бўлади, ҳуқуқ-тартибот ҳам шундай бўлади, туриш-турмуш ҳам шундай бўлади. Биз яшаган жамият — социализм жамияти эди. Биз қурмоқчи бўлган жамият — коммунистик жамият эди. Биласиз, социализм жамияти ақлли шахсларни жини ёқтирмас эди. Социализм ақл-заковатли шахсларни бир четга суриб қўяр эди, овозини чиқармис эди. Чунки социализм ақл-заковатли шахслардан қўрқар эди! Мана, ватанимизга ҳам озодлик шамоли уфуриб, бизга ҳам эркинлик ҳуқуқи тегди. Биз ҳам ўз сўзимизни айтиш ҳақ-хуқуқига эга бўлдик. Бунинг учун худога минг қатла шукурлар бўлсин! Биз нега етмиш йил оч-наҳор яшадик? Чунки биз социализм тузуми занжирида яшадик. Социализм тузуми қонимизни сўриб келди. Социализм меҳнат ҳақимизнинг учдан бирини бериб келди, гадойга бериладиган меҳнат ҳақини бериб келди. Натижада, биз гадойларча яшадик. Биз коммунизм учун сув текин меҳнат қилиб яшадик. Пешона теримиз билан топилган меҳнат ҳақимизни эса, СССР отли аждарҳо ўз домига тортиб келди. Биз эса, қуруқ қўл билан қолавердик. СССР бизни алдади. СССР бизнинг меҳнат маҳсулотларимизни, ер ости-ер усти бойликларимизни ташиб кетди. Биз энди ўз юртимизга ўзимиз бош бўлишимиз керак. Биз энди ўз мулкимизга ўзимиз эгалик қилишимиз керак. Биз энди халқ бўлишимиз керак, халқ! 30-йиллардаги НКВД командирининг нутқида ҳам биз айнан ана шу мазмунда эди: - Биз , сиз фаолларга суянамиз! – деди командир. – Сизлар қанчалик кўп ёрдам берсаларингиз, биз очарчиликни шунчалик тез тугатамиз. Биз бу борада етарли тажрибага эгамиз. Йигирманчи йилларда Украинада худди шундай очарчилик авж олиб эди. Миллион-миллион қурбонлар бўлиб эди. Миллион-миллион! Москва бизни Украинага сафарбар этди. Биз жуда қисқа муддат ичида Украинада очарчиликка нуқта қўйиб келдик! Биз нинг мен ўрнида қўлланиши илмий ва расмий нутқ учун хос хусусият саналади. Масалан: Шунинг учун ҳам бизни жисмоний тарбия ва спортга доир атамаларнинг луғатларда акс эттирилиши даражаси қизиқтиради. Айтилганлардан келиб чиқиб, биз русча-байналмилал физкультура ва физвоспитание тушунчаларини ўзбек тилида ифодалайдиган жисмоний маданият ва жисмоний тарбия атамаларини бирлаштириб, биргина жисмоний тарбия атамаси билан ифодалаш тарафдоримиз. (Диссертацион ишдан). II шахс бирлигини ифодалайдиган сен олмоши ҳам нутқда фаол. Бу унинг, авваламбор, ўз грамматик вазифасини адо этиши билан, иккинчидан эса, у орқали айрим эмоционал-экспрессив оттенкаларнинг берилиши билан изоҳланади. Аммо бу оттенкалар сўзлашув ва бадиий услуб доирасида ва уларга боғлиқ тарзда оммабоп услуб билан чегараланган. Расмий ва илмий услублар учун хос эмас. Ушбу олмош матнда қуйидаги оттенкаларнинг юзага чиқишига сабаб бўлади: беписандликни билдиради: Сен ўзи кимсан-ки, «задерживать» қиласан? (Т.Мурод). Агар унга –лар қўшилса, бу оттенка яна ҳам кучаяди: Сенлар қачон менга орден бериб эдинг? (Т.Мурод); ажратиб кўрсатади: — Сен-чи , сен ? Сен Кутузов бўлиб… қарши ҳужумга ўтдинг-ку? — Сен палатадагиларни қиличдан ўтказдинг! — Сен тўппонча билан отдинг! — Сен чамбарак отдинг! Унинг кичик бир микроматнда такрорий қўлланиши бу эффектни янада кучайтиради. II шахс олмоши сиз да унинг асосий маъносидан ташқари яна ҳурмат ва кўплик оттенкалари ҳам англашилади: Сиз туман бориб келдингиз, сиз айтинг; Мана, сиз фарғоналиксиз (Т.Мурод) . Баъзи матнларда ажратиб кўрсатиш учун хизмат қилади: Орол сиз билан биздан олдин ҳам бор эди, сиз билан биздан кейин ҳам бўлади! Суви камайса, сиз билан биз айбдор бўлмаймиз. Сиз билан биз мана шу чўл-биёбонларни инсон яшайдиган маконга айлантирмасак... коммунист бўлиб нима қилиб юрибмиз? Сиз билан биз ҳақимизда! Айб сиз билан бизда ! Бу, сиз билан бизнинг … Гап келганда, отангни аяма, дейдилар. Бу сиз билан бизнинг ювошлигимиздан, ҳа, қўймижозлигимиздан! (Т.Мурод). Т.Мурод «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романида аслида бир-бирига оппозицияда бўлган сиз ва биз сўзларини ёнма-ён қўллаб, уларни совет даври коммунистик эътиқоди фанатикларининг дунёқарашини, фаолиятидаги кўр-кўрона тарғибот ва сафарбарликни ифода этувчи воситага айлантиради: Нега сиз билан биз юрибмиз, улар эса очликдан ўлади? Сиз билан биз фирқамиз. Шундай экан, сиз билан биз совет тузуми душманларига қарши кўкрагимизни қалқон қилишимиз керак. Шунинг учун сиз билан биз очарчиликка қарши шафқатсизларча кураш олиб боришимиз керак. Сиз олмоши К.Яшиннинг «Нурхон» пьесасида Ҳожининг ўз хотини билан бўлган суҳбатида сенлаш ўрнига сизлаш ва шу тарзда муомала меъёрининг бузилиши матнда жуда кучли бадиий-эстетик вазифа бажариб, беписандлик, пичинг, зўравонлик каби оттенкаларни ифода этган: Кимё. Жон отаси, қизимга раҳм қилинг. Ёш нарсани сил қилиб, ажалидан беш кун бурун ўлдирманг! Ҳожи. Овозингизни кўтарманг, жим... Эшитилади! Кимё. Етти ухлаб тушига кирмаган кунларни кўрадими энди шўрлик қизим... Ҳожи. Жим!! ...Гап битта, индинга тўй, бу ҳақда бировга оғзингизни оча кўрманг! Шу кундан бошлаб хотиним касал, деб гап тарқатаман, агар бирор нарса пайқаб қолсам, эртага хотиним ўлди, деб овоза қилиш ҳам қўлимдан келади! Уқдингизми, айланай хотин!.. Бу олмош ҳам расмий ва илмий услублар учун хос эмас. Олмошнинг III шахс кўрсаткичлари, айниқса, бирлик шакли у барча функционал услублар учун бар-баравар эканлиги билан характерланади. Кишилардан кўра предмет, нарса-ҳодисаларга нисбатан кўп қўлланилади. Алоҳида фарқи шундаки, улар бир вақтнинг ўзида кўрсатиш вазифасини ҳам бажаради ва шунинг учун илмий адабиётларда кишилик-кўрсатиш олмошлари деб ҳам юритилади: Менинг қисматимни кўролмагай у (А.Орипов). Қани улар , қайда ошиёнлари? / Уларнинг ёрлари кетдилар қаён? / Қайдадир уларнинг қиз-ўғлонлари? / Уй-рўзғори қайда? / Этингиз баён! (М.Али. Армон). Бугун барг ёздими ям-яшил ва ё / Маъюс хотирага айланди улар ? (М.Али. Бекинмачоқ.). Олмошларнинг бири ўрнида иккинчисининг қўлланиши мумкинлиги халқ тилида алоҳида мазмун касб этади. Масалан, қипчоқ лаҳжасида сўзлашувчи аёллар одатда ўз эрларига уларнинг исмини айтиб мурожаат қилишмайди. Мурожаат жараёнида фарзандларининг бирининг исмидан фойдаланиши мумкин. Мана шу эр-хотин ўртасидаги нозик муносабатни бериш мақсадида Тоғай Мурод ўзининг «Отамдан қолган далалар» романида олмошлардаги имкониятлардан жуда яхши фойдалана олган: сиз ўрнида ўз олмоши: Мен тағин кўрпадан ошимни оламан. Кўзларимни катта-катта очаман. Пичир- пичир эшитаман. – Мени қизиллар йўқламаяптими? –Йўғ-а. –Йўқласа, тоққа ўтинга кетиб эди, де. Ўзи қаерда юрибди? - Ишинг бўлмасин. Матннинг давомида сиз ўрнида, гарчи белгисиз бўлса-да, тўлдирувчидан англашилган аниқловчи у қўлланилганлигини кузатамиз: -Нимага ишим бўлмайди? Ўлик-тиригини билайин-да. Яна: - Бўлди, энди қайтиб келсин. Анави Деҳқонқули безорижонимни чиқарди, - дея пичирлайди онамиз. Яна бир жойда сиз ўрнида бу (киши) олмоши қўлланилган: - Кимлар бўларди – қизиллар-да. Кимлар бўларди – падар лаънат чўчқалар-да. Чўчқалар ўзлари юртимизга бостириб келди. Яна тағин, бизни босмачи деб атади. Падар лаънат чўчқалар ўзларини ёрлиқларини бизнинг пешонамизга ёпиштирди. – Унда бу киши ким бўлди? Кўрсатиш олмошлари ўзбек тилида қуйидагилар: у, бу, шу, ўша. Улар олмош сифатида ўзининг асосий вазифасини бажаришидан ташқари нутқ бўлаклрини ҳам ўзаро боғлашга хизмат қилади: Фалсафа фанида «сабаб» ва «оқибат» категориялари мавжуд. Бу категорияларнинг моҳияти… (Р.Отаев). У, таъкидланганидек, ниҳоятда фаол ва барча услублар учун баравар олмош ҳисобланади, аммо унинг кўрсатиш даражаси мавҳумроқ ва асосан умумийлик касб этади: Дашт аро кетмакда бир соя якка: / Шоир, у Руҳ эмас, мангулик Армон!.. (М.Али.Армон). Ирмоқ, сен эмасми, у чопқир ирмоқ, / Эзгу ниятини куйлаган умр? (М.Али.Ирмоқ). Кўплик кўрсаткичи маъноси ҳам асосан шундай: - Йўқ, улар ўлимга маҳкум этилмаган, – деди Ботир фирқа. – Мен олдин уларга биттадан кулча берар эдим; -Йўқ, улар интеллектуал, ўртоқ Эсонов, ҳа, улар интеллектуал (Т.Мурод) . Баъзан объектни аниқ кўрсатади: - У-у-уҳ!.. – дея оҳ урди. – Тирик, тирик! Ўртоқ командир, улар тирик! Шўpo ҳукуматига ишчи кучи керак, ўртоқ командир, улар ҳали иш беради (Т.Мурод). Бу хусусият уларни кўрсатиш маъноси кучли бўлган шу, шулар олмошлари билан қиёслаганда яна ҳам ойдинлашади: Шу чирой, шу ёшлик, умринг баҳори / Сарғайиш билмасин, сулув келинчак (Зулфия. Келинчак). Шунда қоғозларга меҳр-ла боқдим, Дунё шулар билан эди нурафшон (М.Али. Подшо ва шоир). Сўзлашув нутқида улар ёрдамида тушуниб-тушунмай ҳурмат маъносини ифодалашга интилиш кучайиб бормоқда. Бу айниқса телекўрсатув иштирокчилари нутқида сезилиб туради: Улар яхши одам эди. Лекин кўнглимизда, қалбимизда улар доимо тирик каби. 13 Кишилик-кўрсатиш олмошининг ушбу шакли бадиий услубда алоҳида тарзда намоён бўлиши унинг китобий-тарихий вариантлари мавжудлиги билан изоҳланади. Масалан, унинг III шахс бирлиги кўрсаткичи у поэзияда, тарихий мавзудаги бадиий асарларда алоҳида кўринишларга эга бўлади. Шеъриятда ул, қаратқич келишиги билан бирга келганда эса, асосан тарихий мавзудаги асарларда, анинг тарзида ифода этилади: Гуллар ичида Шоҳи ўзим дер эди лола, / Мағрурлигидин, Ул ўзи шарманда бўлибдур (Э.Воҳидов. Гуллар базми). Инчунун, савоб анинг фазли карами ва азоб- уқубат анинг адолати ва бандасидин анинг қарзи йўқдур (О.Ёқубов). Бундай матнларда битта –л товуши бу, шу, ўша сўзларида ҳам орттирилади. Улар ҳам тарихий мавзудаги ва поэтик матнларда қўлланилади: Надоматлар бўлғайким, ўшал тўйдан кейин устига жанда, бошига кулоҳ кийиб, мадрасани тарк этди (О.Ёқубов). Инсон жисми бўлуб менга бул сифат, / Кенг оламни қилдинг кўкрагимга жо (Э.Воҳидов. Илтижо). Агар алдамаса шу совуқ симлар, / Гар шул эшитганим бўлмаса рўё (А.Орипов. «Муножот»ни тинглаб). Бу олмоши функционал услублараро чегараланмайди, уларнинг барчаси учун баравар. Семантик жиҳатдан олиб қаралганда у олмошига нисбатан яқинда, яқинроқда бўлган кишиларни, нарса-ҳодисаларни кўрсатиши мумкин: Йўқ, бу яқин да шариатпешво сиймолар йўқ (Т.Мурод). Олмошнинг бу хусусияти мана сўзи ёрдамида яна ҳам кучайтирилади: Мана бу зотлар 13 Бу ҳақда ишнинг эгалик кўрсаткичлари таҳлилида фикр юритганмиз. Яна бўлароқ маълумот олиш учун қаранг: Қўнғуров Р. Ўзбек тили стилистикасидан очерклар, 27-30-бетлар; Раҳматуллаев Ш. Ҳурмат формаси // Ўзбек тили ва адабиёти, 1973 йил, 1-сон, 28-30-бетлар. зиёли эмас! (Т.Мурод). Айни пайтда, ажратиб кўрсатиш, санаш оттенкаси кучли бўлади: Мана булар эса – ҳуқуқни ҳимоя қилувчи бемор лар ҳисобланади. Мана булар - партия-ҳукумат раҳбарлари ҳаётига суиқасд қилмоқчи бўлганлар. Мана булар эса – ҳақиқатсеварлар. Энди булар лидер, ҳа, лидер! (Т.Мурод). Т.Мурод «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романида ушбу олмошлардан зидлаш усули воситаси сифатида фойдаланади ва ниҳоятда кучли бадиий манзара ҳосил қилади. Қиёс учун: Бу дунё да эса... яшаса бўлади! Бу дунё – яшаш учундир! ... Бу дунё га келдингми? Энди яша! Тишни тишга қўйиб- қўйиб яша. Муштни тугиб-тугиб яша. Алп-алп одим отиб яша. Чидаб-чидаб яша. Яшашни чидаганга чиқарган! Бу дунё га келдингми? Энди чида! Дунё – чидаганники! Охиригача чида, худо берган кунгача чида; У дунёда ... ўлса бўлади! У дунёда қуёш йўқ. У дунёда сув йўқ. У дунёда нон йўқ. Шу боис, у дунёда яратиб бўлмайди. У дунёда экин экиб бўлмайди. У дунёда ... КПСС йўқ, КПСС йўқ! У дунёда социа лизм қуриб бўлмайди. У дунёда коммунизм қуриб бўлмайди. У дунёда ... орден-медал йўқ, орден-медал йўқ! Қўша-қўша унвонлар йўқ. У дунёда ... гимн айтиб бўлмайди! У дунёда «Интер национал» айтиб бўлмайди! У дунёда ... пенсия бермайди! У дунёда пенсия йўқ! У дунёда ... кампири нозик таъб билан боқмайди. Силаб-сийпаламайди. Саранжом-саришталамайди. Шу боис, у дунёда ... ўлса бўлади! У дунёда оёқ узатиб ётса бўлади! Кўз юмиб ётса бўлади! Кўрсатиш олмошлари Бу одам келди, Шу одам келди, У одам келди, Ўша одам келди гапларидаги ўзининг асосий семантик-грамматик маъносидан ташқари матнда маъноларни кескин фарқлашга ҳамда қўшимча маъноларни ифодалашга хизмат қилади. Агар юқоридаги Т.Мурод романидан олинган парчада у, бу олмошлари иштирок этмаганда эди, тириклик ва йўқлик оламини, фоний ва боқий дунёни фарқлаб бўлмас эди. Бу олмошлар айрим сўзлар билан шу даражада мустаҳкам боғланганки, уларни ажратиш мантиқсизликка олиб келади. Масалан: Биз бу борада етарли тажрибага эгамиз. Бу ҳақда буйруқ бор. Ана бу бошқа гап! – деди командир. Аммо- лекин биз совет халқи шугина қисқа вақт мобайнида оламшумул муваффақиятларни қўлга киритдик, бу билан бутун совет халқи, шу жумладан, озод Шарқ хотин-қизлари ҳар қанча фахрлансалар арзийди... Бу деган сўз , генерал Григоренко совет халқи назаридан олисда, чет эл матбуотидан олисда, жаҳон оммаси эътиборидан олисда, деган сўз (Т.Мурод). Матндаги бу борада, бу ҳақда, бу билан кабилар ана шундай жумлалардир. Уларни бир-биридан ажратиб қўллаб бўлмайди. Жумлаларнинг бу тарзда қўлланилишида услубий чегараланиш бор, улар китобий услублар учун хос. Аммо ноаниқлик, мужмаллик маъносини берадиган бу бир шаклида қўлланилиши сўзлашув услубига тегишли: Бу ўзи бир ... эскилик сарқити бўлса, нимасини аяйди? – деди Ботир фирқа ёки Бу бир гап . (Т.Мурод) . Таркибида ушбу олмош иштирок этган бу қадар, бунчалар элементлари ёрдамида предмет ва ҳолат-ҳаракатдаги белги ғоятда кучли эканлиги кўрсатилади: Бу қадар нонкўр бўлма-да, қайта қурувчи демократ! Ҳой кемачи қиз, бунчалар шошма, / Уммон қолиб, сен қайнама, тошма! (М.Али. Вашингтон кўлида) Кўрсатиш олмошларидан яна бири шу олмоши семантик маъноларига кўра бу га бирмунча яқин туради. Шунинг учун уларни синоним сифатида қўллаш ҳам мумкин: Шу даражага кўтарилишингиз учун хиёл бўлса-да, улушим бор, деб ўйлайман (Т.Мурод) - Бу даражага кўтарилишингиз учун хиёл бўлса-да, улушим бор, деб ўйлайман. Яна: Ана, ана шу уч тоифа одам кўп овоз олади! Шу билан ҳафта етти кун бўлиб қолди (Т.Мурод). Шу билан нима демоқчисан? - Бу билан нима демоқчисан? Аммо бу синонимликни доимий хусусият деб бўлмайди. Қиёслаймиз: Мен мана шу Мадиевнинг шеърларини ўқиганман дейиш билан Мен мана бу Мадиевнинг шеърларини ўқиганман дейиш стилистик жиҳатдан фарқ қилади. Иккинчи гапдан бир неча Мадиевлар шеър ёзади-ю, уларнинг орасидан фақат биттасининг шеърларини ўқиганман, деган маъно келиб чиқади. Ушбу олмош иштирок этган шу қадар, шунчалик, шу даражада, шу боис, шу сабаб, шу сабабдан, шу жумладан, шу мақсадда, шу сингари, шу каби, шунингдек, шу пайт, шу лаҳза, шу он, шу дам, шу билан жумлалари нутқда тез-тез учраб туради. Улардан шу қадар, шунчалик, шу даражада кабилар белгининг ортиқлини билдиради. Шу боис, шу сабаб, шу сабабли, шу сабабдан, шу жумладан, шу мақсадда, шу сингари, шу каби, шунингдек сингарилар функционал жиҳатдан расмий ва илмий услублар доирасида чегараланган бўлади. Пайт, лаҳза, он, дам каби сўзлар умуман вақт маъносини ифода этса, шу пайт, шу лаҳза, шу он, шу дам жумлалари вақтни замон жиҳатдан чегаралайди, аниқ бўлган вақтни кўрсатади. Шу боис бу ерда менежернинг қобилиятига кўпчиликнинг фаолиятини уйғун ҳолда ташкил эта олишига, уларни бир бутун жамоага айлантира билишига қараб баҳо берадилар (Р.Валижонов). Шу сабабли алейрон доначала ри ўсимлик уруғининг униб чиқиш даврида сувни шимиб катталашади. (С.Мустафаев). Концепция — ер, конлар, корхона ва шу каби лардан фойдаланиш ҳақида давлат билан айрим ташкилот ва фирма орасида улардан узоқ муддатда фойдаланиш ҳақидаги шартнома (Р.Валижонов). Дарахтсимон ўсимликларнинг ёғочланган ҳужайралари асосан поя ва илдизида жойлашган ана шу ёғочланиш туфайли дарахт танасини тик тутиб туриш қобилиятига эга бўлади. Шунингдек , ёғочла нишнинг муҳим хўжалик аҳамияти ҳам бор (С.Мустафаев). Шундай экан , мен бечораям... шу бугун омонатимдан қутулиб олсам бўларди! (Т.Мурод). Бу каби гап қурилишларида олмошли бирлик ўзи иштирок этган гапни ўзидан олдинги гап билан боғлаш учун хизмат қилади. Бу хусусият эргаш гапли қўшма гапларда янада аниқ сезилади: Бунинг маъноси шуки : ишсизларга фақат нафақа бериб ўлкан пул маблағларини сарф қилишнинг кераги йўқ, бунинг ўрнига ишсизларни қайта тайёрлаб, уларнинг малакасини ошириб меҳнатнинг бошқа турларига йўналтиришга қаратилади (Р.Валижонов) каби. Ўша олмоши бошқа кўрсатиш олмошларидан семантик жиҳатдан фарқ қилиб, ё масофа, ёки вақт нуқтаи назардан узоқлик маъносини беради: Аслида ўшалар ҳам Москванннг буйруғи билан қилган бу ишни (Ў.Хошимов). Бир лаҳза, бир лаҳза орзиққанча шод / Қайтгим келар ўша оппоқ кечага... (М.Али. Бекинмачоқ). У кўрсатиш маъносидан ташқари яна ишора қилиш, шама қилиш оттенкаларини ҳам беради: Кимдир фароғатсиз яшаб ўтгану / Ўшанинг руҳи бу, демоқ бўламан (М.Али. Армон). Доно юрак хуноб қилгапда / Ўшаларга ёрилдим фақат. / Тентак ақл қаҳ-қаҳ урганда, / Ўшаларга берилдим фақат. (М.Али. Далаларга қилайлик таъзим). Баъзан матнда эллиптик жараён юз беради, гапда тушиб қолган бўлак маъносини англатишни ўша олмоши ўз зиммасига олади. Қуйидаги мисолда у шу вазифани адо этиб, пайт маъносини англатган : Сен ўшанда ўксимоқни ташларсан, / Оппоқ тожинг кўз-кўз қилиб яшарсан! (М.Али. Баҳор келганда). Келтирилган мисоллардан англашиладики, ҳамма ҳолатларда ҳам ушбу олмошда таъкидлаш оттенкаси сезилиб туради. Агар унинг таркибига ана, мана сўзлари қўшилса, бу таъкид оттенкаси яна ҳам кучаяди: ана ўша, мана ўша каби. Бу хусусият унинг китобий услубга хосланишини келтириб чиқаради: Ана ўшанда бир иложини қилса бўлар эди. Ҳаммаёқ... ана ўшанақа бўлиб кетди! (Т.Мурод). Бошқа кўрсатиш олмошлари каби ўша ҳам гапларни ўзаро мазмунан боғловчи вазифасини бажаради. М.Ҳакимов бундан ташқари ўша нинг баъзи ҳолларда ўзида кўрсатиш, масофа маъноларини сақлаган ҳолда, эслаш маъносини ҳам ифода этишлигини таъкидлаб, қуйидагиларни ёзади: «Бу ўринда «ўша» олмошидаги кўрсатиш семаси иккинчи планга ўтади, нутқий вазият туфайли юзага келган эслаш маъноси эса биринчи даражали сема ҳисобланади». 14 Баъзи ҳолларда ушбу олмоши шу олмоши билан синоним бўлади: Фақат шу ёдгорлик уйғоқдир, унда / Йигирма ўғлоннинг ёзилган номи (М.Али. 14 Ҳакимов М.Х. Ўзбек тили матнининг синтагматик ва прагматик хусусиятлари: Филол.фан.номз. … дис.автореф. – Тошкент, 1993, 7-бет. Армон) - Фақат ушбу ёдгорлик уйғоқдир, унда / Йигирма ўғлоннинг ёзилган номи . М.Али «Адабий соғинчлар» асарида олмошнинг ушмундоқ вариантини қўллаган: Қандай зарурат уни ушмундоқ жасоратга ундади экан? Ҳа, ушмундоқ Ҳошими Лаъинлардан ўзга бир ишни кутмоқ мумкин бўлмас.. . Ўзбек тилида ана, мана сўзлари ҳам кўрсатиш маъносини ифодалайди: Ана иккитасини олиб келдик, ана (Т.Мурод). Мана мен Халқ, ўзимга айта беринг! Мана шу... мен-а? – деди. – Мана шу мен. Улар бу, шу олмошларига қўшилиб, юқоридаги ҳолатлардаги каби қўшимча оттенкалар пайдо қилади. Масалан, таъкид: Ана шунда – ўсасан ! Ана шунда – кўтариласан ! Ана гап, ана ! Мана шундай маданий-маиший корхоналардан бири тарихий ва кўҳна Қўқон шаҳрида очилди; маънони кучайтириш: Аммо-лекин мен мана бундай ўйлайман: эл-юртга бўлган меҳр-муҳаббат... ўта ички бир муҳаббат бўлади (Т.Мурод) каби . Бу сўзлар таркибининг сўзлашув вариантлари ҳам бор: Энди, мана виндай шиорлар замони келди. - Манавигами ? Бу – ҳовуз-ку? – деди (Т.Мурод) . Анақа ҳам баъзи шеваларда фаол ишлатилади: С приветом... анақароқ бўлиб қолган ингизни..; Тажрибаларимиз бундай: сиз айтган анави қабристон ўз ажали билан ўлганлар учундир (Т.Мурод) каби. Таҳлил этилган мисоллар ана сўзининг семантик маънолари тараққий этганлигидан далолат беради. Жумладан у қуйидаги маъноларни англатиш хусусиятига эга: ҳайратланиш, ажабланиш, тажжуб ( Ана мэр, ана раҳбар! Ана гап! Ана, холос ! Ана , қўймижозлик. Ана сизга озодлик, мана сизга озодлик ! Т.Мурод ); қўрқинч, ваҳима, афсусланиш ( Ана, ана энди қўлга тушдим! Уҳ ана ўлдим, мана ўлдим , дея ўз ўлимини ўзи тезлатади. Т.Мурод ); писанда: Ана , қайта қуриш шарофати, ана . Ана буни қайта қуриш деса бўлади. Ана энди … ўс, ўзбек хотин-қизлари, ўс! Т.Мурод ); таъкид ( Ана бу бошқа гап ! – деди командир. Т.Мурод ); кучайтириш: Лекин ана шундай буйруқ ҳам бор! Т.Мурод ); маъно изчиллигини таъминлашда иштирок этиш (Олдин тинчлик, ана ундан кейин реформа, шиори остида реформа қилди. Ана ундан кейин телефонни кўтариш керак. Т.Мурод ) ва ҳоказо . Мана сўзи ҳам олмошдаги маънони кучайтириш ( Мана, мен кимман, мана ! Т.Мурод ); ниманидир узатишни ифодалаш (Ботир фирқаман. Бери кел! – деди она. – Бери кел, мана нон. Т.Мурод ); санаш (Масалан, мана бу палаталарда диний-руҳий беморлар даволанади. Мана булар эса – ҳуқуқни ҳимоя қилувчи бемор лар ҳисобланади. Манавилар – бойвачча беморлар. Мана бу беморлар эса – ҳарбий қонун-қоида қурбонлари. Манавилар – ихтирочи-кашфиётчилар. Мана булар - партия-ҳукумат раҳбарлари ҳаётига суиқасд қилмоқчи бўлганлар. Мана булар эса – ҳақиқатсеварлар. Т.Мурод ); хунобликни кўрсатиш ( Мана , баранлик!) каби. Бундан ташқари мисол учун, айтайлик маъноларини ( Мана, сен ! — деди. — Тилинг бор-а? Мана, мен — обком Ражабов! Т.Мурод ) ва намуна қилиш оттенкаларини ( Ўртоқ Ленин қўлини мана бундай узатиб, йўл кўрсатиб турар эди. Т.Мурод ) ҳам бера олади. Сўроқ олмошлари. Ўзбек тилида ким, нима олмошлари қўлланиш частотасига кўра энг фаол бирликлардан ҳисобланади ва барча функицонал услублар учун баравардир. Аммо улар Мени ким чақирди? Уйга ким келди? Нима олиб келдинг? Дўконда нима бераётибди? каби мисоллардаги соф сўроқ маъносидан ташқари матнларда турли хил қўшимча маъноларини ифодалаш имкониятига ҳам эга. Юқорида таҳлил этилган баъзи олмошларга ўхшаб ким ҳам бошқа сўзларга бирикиб турғун жумлалар ҳосил қилади ва уларнинг биргаликда қўлланилиши ўзбек тилида одат тусига кирган бўлиб, турли хил семантик- стилистик оттенкаларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Масалан, риторик сўроқ ҳосил қилишда фаол иштирок этади: Сенга ким қўйибди идорани томига чиқишга? Ким қарабди , ўртоқ командир. Ишқилиб, бир гўдак одамча- да! Қизингизни ўзи ким бўлибди ! Шоирингиз ким бўпти ? (Т.Мурод); гумон маъносини келтириб чиқаради: Ким билади , балким намоз ўқимоқни ихтиёр этгандир? (Т.Мурод); ажабланишни ҳосил қилади: Ия, бу отинбиби ким бўлди ? — деди Ботир фирқа Булар ким бўлди , ўзи ? (Т.Мурод); ажратиб кўрсатади: Ким паранжида юрса, олдин жарима солинсин (Т.Мурод), қиёс: Паранжида юрган одамга олдин жарима солинсин; иккиланиш оттенкаси шаклланади: - Ким билади . Узоқ муддат - Шунгаям, ким қанча вақт бўлди-я? (Т.Мурод) ва бошқалар. Уларда ушбу маъноларнинг келиб чиқиши матний қуршовда реаллашади. Чунки Шу вақтгача ким эдинг ? типидаги гапларни ҳам тўғри маънода, ҳам риторик сўроқ сифатида қараб, тескари маънода тушуниш ҳам мумкин. Нима олмошида ҳам худди ким даги сингари турғун жумлалар ҳосил қилиш ва турли хил семантик-стилистик оттенкаларни юзага келтириш хусусиятлари мавжуд. Риторик гап мазмунини келтириб чиқаради: Битта кулча нима бўлади ? – деди аёли. (Т.Мурод). Нима фарқи бор , ўз ажали билан ўлди нима, очликдан ўлди нима ? (Т.Мурод). Нима фарқи бор , ўртоқ раис, нима фарқи бор ? (Т.Мурод). Ўладиган одамга... сув нима керак ? (Т.Мурод); эшитмаганлик англашилади: Нима-нима ? (Т.Мурод); рад, инкор этиш маъноси тушунилади: Аммо-лекин шундай фаолларимизни қизи ишқбоз бўлса, бошқалардан нима умид, нима хайр ? – деди райком Эсонов (Т.Мурод); гумон маъноси берилади: Кимдандир қўрқув, нимадандир қўрқув: гап тегиб қолмаса эди (Т.Мурод); ноаниқлик, мавҳумлик сезилади: Мотам ҳовлида бир нима ... чирқ-чирқ учади (Т.Мурод). ... қалби нималарнидир сезади. Биров бир нималар еб-еб шошилди (Т.Мурод); хабар, маълумот маъносида келади: Мен сенга бир нима айтайми, кампир? (Т.Мурод); чорасизлик, иложсизлик оттенкаларини ифода этади: Кунжара берсам, емаса нима қилайин ? Зоғора нон отлиққа йўқ бўлса, нима қилайин ? (Т.Мурод) ва бошқалар. Ушбу олмош бошқа олмошлар билан синонимик муносабатга киришиши мумкин. Масалан: нима-қандай: Туманда нима гап лар бор, гапиринг, қани (Т.Мурод) - Туманда қандай гап лар бор, гапиринг, қани; нима-нарса: Манави Мадиев шоирий... соқолидан бошқа нимаси йўқ бўлса керак? (Т.Мурод) - Манави Мадиев шоирий... соқолидан бошқа нарсаси йўқ бўлса керак? . Манавилар эса… ўз тарихига тош отишдан бошқа нимани билмайди (Т.Мурод) - Манавилар эса… ўз тарихига тош отишдан бошқа нарсани билмайди (Т.Мурод) ; нима-қандай, қанақа: КПСС нима номаъқулчилик қилган бўлса — шу номақулчиликни мен қилдим! (Т.Мурод) - КПСС қандай номаъқулчилик қилган бўлса — шу номақулчиликни мен қилдим! Бу нима қилиқ ?! — дея бақирди (Т.Мурод). Бу қанақа қилиқ ?! — дея бақирди; сўроқ юкламаси –ми билан: «Бизга нима хизмат бор?» деб келяпти (Т.Мурод) - «Бизга хизмат борми?» деб келяпти каби . Она рўмоли учига тугиклик бир нима ни қўлтиғига олди (Т.Мурод). Шу вақт бир нима қарс этди (Т.Мурод). Нимадир бир нима ... лип этиб ерга тушди (Т.Мурод) гапларидаги нима иштирок этиб, гумон оттенкаларини бераётган олмошли бирикмаларни ўрни билан нимадир, ниманидир, алланима, қандайдир сўзларига алмаштириш мумкин. Нима олмоши қаерда олмоши билан баъзан синонимик муносабатга киришиши мумкин. Масалан, Ана, гап нимада! - Ана, гап қаерда! Лекин сўроқ мазмуни ифодаланган Хўш, гап нимада ? каби ҳолатларга бу қоида тўғри келмайди. Сўзлашув нутқида баъзан фарқламасдан ким ўрнида нима олмошини ишлатишади ва буни адабий тил меъёри нуқтаи назаридан маъқуллаб бўлмайди: Қизалоғингизни оти нима ? Ёки Нима қилмоқчисан ўрнида қандай қилмоқчисан дейиш ҳам мумкин. Аммо алмашинаётган олмошлар ўртасидаги стилистик нозикликлар ўлчами бир хил эмас. Нима қилмоқчисан дейилган бирор бир иш назарда тутилса, қандай қилмоқчисан орқали суҳбатдошларнинг ҳар иккаласига маълум бўлган ишни қай тарзда амалга ошириш сўралаётгани англашилади. Нима ишинг бор – қандай ишинг бор каби гаплардаги оттенкаларни ҳам шундай тушуниш лозим. Нима олмошининг маънони кучайтиришга хизмат қиладиган, асосан бадиий, қисман сўзлашув услубига хосланган нимаики варианти ҳам мавжуд: Йўқ, Комиссар Ғаниевнинг бировдан тили қисиқ жойи йўқ. Нимаики қилса, бурчини адо этди (Ў.Хощимов) . Нима олмошининг не, на тарзида қисқарган шаклларида бадиий услубга хосликни кўриш мумкин: Аммо ўлганларга шеър, достондан не наф, / Не фойда йиғлашдан қалб дардин айтиб (Э.Воҳидов.Нидо); Бу икки юзли зоҳидда на ҳолат, / Мунофиқлик удум, урфу-жаҳолат (Паҳлавон Маҳмуд. Рубоий). Нима учун олмошида поэтик талабга кўра биринчи қисм не тарзда қисқарганда баъзан учун ҳам қисқариб, чун, чук ҳолига келиши ҳамда нечун, нечук шаклида қўлланилиши мумкин: Ўйладим шу тонг, неч йил / Дашту саҳролар кезиб, / Таклифи сайл айламабдур, / Не учун Қайс Лайлига (Э.Воҳижов), Нечун керак бўлди сенга кўз ёшим / Нечун керак бўлди сенга ғам-алам (А.Орипов. «Муножат»ни тинглаб), Чоллар-чи, гоҳида бўлишар ҳайрон, / Нечук кампирлардан дарак йўқ ҳамон! (М.Али.Чоллар). Қисқарган –не қаватланганда олмошлик доирасидан чиқиб, семантик маъноси кенгаяди ва ўзи аниқлаб келаётган кишилар ва нарса-ҳодисалардаги сифатларнинг одатдагидан кўп, бошқачароқ эканлигига ишора қилади: Не-не одамларни кўрмадим, не-не инсонлар билан суҳбат қурмадим. Не-не балоларни кўрган ўзбекман каби. Яна: Лекин Али Қушчи узангини топиб, типирчилаган отга ўзи сапчиб минди-да, жиловини қўлига олди: у «қушчи» номини бекорга олмаган, аълоҳазратлари билан овга чиққан пайтларида, не- не асов тулпорларни жиловлаб, бир лаҳзада ўзига ўргатиб оларди!.. (О.Ёқубов). Нима олмошининг бу шакли кўпроқ бадиий матнларда учрайди. Нима олмошининг қилмоқ феъли билан бирикиб, нима қилмоқ сўроғини ҳосил қилган феъл шакли бадиий услубда не қилмоқ, нетмоқ тарзида қўлланилади: Лекин, не қилсинки , теграси буткул / Қора ранг тўрида ётарди ҳали (М.Али. Навоий) . Нетай , мени кўзга илмасдан / Кетганича кетди ул хоним (М.Али. Третьяков галереясида), Эл нетиб топгай мениким, / Мен ўзимни топмасам (Алишер Навоий). Бу сўз Бобур ғазалларида поэтик талабга кўра нетой шаклида ишлатилган: Бу замонни нафй қилсам, эй рафиқ, / Кўрмади ҳаргиз нетойин , бу замондин яхшилиғ (Ким кўрибдур). Тарихий мавзудаги бадиий асарларда ким, нима олмошларининг архаик кимарса, нимарса шакллари кўзга ташланади: Қани бир кимарса амрини вожиб қилмай кўрсинчи? (О.Ёқубов), -Фарқир бир ғаройиб нимарса кўрдим, амирим! (О.Ёқубов). Нега олмоши бирмунча китобий, расмий оҳангга эга: Ахир... нега очликдан ўлади? Совет замонида-я? Нега сиз билан биз юрибмиз, улар эса очликдан ўлади? (Т.Мурод). Оғзаки нутқда эса унинг ўрнида кўпинча нимага олмоши қўлланилади: Нимага бординг? Нимага мактабдан эрта қайтдинг? каби. Ўзбек тилида нима учун, нечун олмошлари ёрдамида ҳам нега ифодалаган мазмун юзага чиқиши мумкин: Ўзбек зиёлилари нега бечора бўлиб қолди? Нега ғариб-бенаво бўлиб қолди? Нега муштипар бўлиб қолди? (ТМ). Бу гапларда нега нинг ўрнида уларнинг ҳар иккаласини ҳам бемалол қўллаш мумкин. Стилистик фарқ шундаки, нима учун да масала бир қадар қатъий қўйилади, нечун эса поэтик матнларга хосланган. Баъзан бу олмош сўраш маъносидан узоқлашиб, тасдиқ оттенкасининг юзага келишига кўмаклашади: Йўқ, нега қўрқаман, йўқ – дея минғиллади Ботир фирқа (Т.Мурод) . Ўзбек тилида неча олмоши миқдорни аниқлаш билан боғлиқ ҳолда қўлланилади: китоб неча сўм туради, неча минут гапирилди каби. Унинг қўлланилишида китобийлик оттенкаси кучлироқ: Совет ҳокимияти ўрнатилганига неча йил бўлди? (Т.Мурод). Сўзлашув нутқида унинг ўрнига қанча олмошини қўллашга мойиллик сезилади: Совет ҳокимияти ўрнатилганига қанча йил бўлди? Олмош такрор қўлланиб, жуфтлашган ҳолатидаги маънонинг кучайтирилиши ҳам бу ўрин алмашишда ўз кучини сақлаб қолади: Улар неча-неча асрлардан буён киндик қони томган азалий юртида яшаб келди (Т.Мурод) - Улар қанча-қанча асрлардан буён киндик қони томган азалий юртида яшаб келди. Аммо бу алмашиниш олмошлардан умумий маъно англашилганда юз беради. Шунинг учун ҳам Ҳалитдан нечтаси «Бизга нима хизмат бор?» деб келяпти. Отамнинг гарданига йўқ ердаги айбларни илиб қамоққа тиққан, оиламиз бошига шунча кулфат солган Амбарцумян гуруҳидан ақалли биттагинасини топмагунча, кўзига тикилиб туриб, жиллақурса, бир нечта савол бермагунча тинчимайман (Т.Мурод) каби ҳолатларда бу ишни амалга ошириб бўлмайди . Бу қоиданинг тўғрилигини унинг нумеративларга қўшилиш ҳолатлари яна ҳам очиқ исботлайди. Улар аниқ ҳисобни кўрсатадиган нумеративларга қўшилади: неча дона, нуча нусха, нуча туп, неча варақ, неча грамм, неча метр, неча тонна дейиш мумкин бўлгани ҳолда, неча тўда, неча қучоқ, неча шода, неча гала деб бўлмайди. Дўхтир нуқул тишнинг тузилиши, неча қатлам бўлиши, илдизи нечта бўлишини айтиб, вайсармиш... (Т.Мурод) каби. Ушбу олмош айрим матнларда, айниқса сўзлашув нутқида ўзининг асосий вазифасидан ташқарига чиқади: Сизга неча марта айтаман, аралашманг, деб? (Т.Мурод) гапида у кўп марта айтганман деган фикрни эмоционал тарзда ифода этишга, бинобарин, нутқ пайтидаги муаллифининг кайфиятини беришга хизмат қилмоқда. Худо раҳмат қилсин, нечада кетибди? (Т.Мурод) гапида метонимизация жараёни юз бериб, ёш сўзи тушиб қолмоқда ва олмош бу сўзнинг маъносини ифодалашни ҳам ўз зиммасига олмоқда. Бу эса неча олмошининг нутқий жараёнда имкониятилари кенг эканлигидан далолат беради. Қандай олмоши функционал жиҳатдан нейтралдир. Шу билан бирга, энг кўп қўлланиладиган сўзлардан бири ҳамдир. Бу олмошнинг қандай қилиб шакли ҳам мавжуд: Ўзидан чиқариб, тўрттa шеър ёзолмаган зот... қандай қилиб қайта қуради? (Т.Мурод). Бирикманинг иккинчи қисми гапда баъзан тушиб қолади: Ўзимга эн бўлолмайман, сизга қандай бўй бўламан? – дея ўксинди Ботир фирқа (Т.Мурод). У қайси олмоши билан синоним бўлиши мумкин: Бугун қандай кун? - деди Ботир фирқа (Т.Мурод). Ушбу олмош қатнашган айрим матнлардан: ажабланиш ёки хуноб бўлиш ( Қанақа давлат?! Қандай давлат?! Т.Мурод); яхшилик ( Зайнаб момо, маза қандай ? – деди, – Ўйнаб-кулиб юрибсизми? Т.Мурод); нотўғри бўлмасмикан (Ўртоқ командир, тирикларни кўмиш қандай бўлади? Т.Мурод) каби маъно оттенкалари англашилади. Қандай олмоши билан шундай олмошини оппозицияда қўллаш нафақат эргаш гап таркибидаги содда гапларнинг мувозанатини келтириб чиқаради, балки, ифодага алоҳида бир экспрессивлик бағишлайди: Жамият қандай бўлса, ҳукумат ҳам шундай бўлади, ҳуқуқ-тартибот ҳам шундай бўлади, туриш-турмуш ҳам шундай бўлади (Т.Мурод). Унинг қандайчикин тарзида қўлланилиши шевачилик, бинобарин адабий меъёрнинг бузилиши деб қаралиши керак: Хўп, айтинг, қандайчикин буйруқ экан? Мен қишлоқ шўроси раисиман, билишим керак? (Т.Мурод). Қандай олмоши барча услублар учун тенг қийматда. Аммо унга синоним бўлган қанақа олмоши китобий характерда: Қанақа одамсиз, ўзи? Пича тийилсанг-чи, қанақа боласан, ўзи? Онангни ичида қанақа ётгансан, ўзи? – дея жеркиди (Т.Мурод). Қанақа олмоши қайси олмошига ҳам синоним бўлади: Қанақа ишни? Амирларга ўхшаб, чўлларни чўллигича қолдириш, даштларни даштлигича қолдириш ишиними? (Т.Мурод) - Қайси ишни? Амирларга ўхшаб, чўлларни чўллигича қолдириш, даштларни даштлигича қолдириш ишиними? У такрор қўланиб жуфтлашганда ажабланиш ( -Ия-ия... – дея ажабланди Ботир фирқа. – Қанақа-қанақа ? Т.Мурод), тушунмовчилик - Қанақа бўпти-қанақа бўпти ? Т.Мурод), кетама-кет келиб такрорланганда хуноби чиққанлик ( Қанақа ҳайит, қанақа ҳайит? Т.Мурод), пичинг ( Қанақа орден? Қанақа коммунист? — залдан луқма тушди Т.Мурод) каби қўшимча оттенкалар юзага келади. Қандоқ олмоши мазмунан қандай, қанақа олмошларига яқин туради ва бадиий услубда фаоллиги билан ажралиб туради. Йе-ланувчи шеваларда фаоллигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ў.Хошимовнинг «Тушда кечган умрлар» романида бир неча марта бу олмошга мурожжат қилинган: Бир замонлар Қатортол қандоқ жойлар эди! Қандоқ ётганийкин Рустам акам? Қайси молни қачон сўяди, қандоқ сўяди — қассобнинг иши. Қандоқ яхши йигит эди... Яратган Эгамнинг ўзи билади ёмонларни қандоқ жазолашни... Бу қандоқ гап! (Ў.Хошимов). Т.Муроднинг «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романида эса бир марта ҳам қўлланган эмас. Бу ҳолат ижодкорларнинг қайси шева вакиллари эканлиги билан изоҳланиши мумкин. Қайси олмоши белгини аниқлаш учун қўлланилади: Шариатпешво муллаваччалар билан ювуқсиз отинчалар қайси имон билан ўлади? Қайси шон-шараф билан ўлади? (Т.Мурод). Баъзи ҳолатларда қандай олмошига синоним бўлади: Демократлар қайси юз билан ўлади? Шундай экан, мен қайси ғоя учун жон бераман? Шундай азиз жонимни қайси ғоя учун садақа этаман? (Т.Мурод). Ундан ташқари тахминни кучайтириш ( -Мана, Меҳнат шуҳрати ордени! — деди. — Қайси бир йили 8 март байрами муносабати билан бериб эдилар. Т.Мурод), таъкид, ажратиб кўрсатиш ( Қайсики марҳумни жанозасига тумонот одам йиғилдими, бўлди, ана шу одам жаннати бўлади! – ўйлади Ботир фирқа . Т.Мурод) маъноларининг юзага келишига ҳам кўмаклашади. Қайси олмошининг қай тарзида қисқарган шаклида бадиий услубга хослик мавжуд: Бемор Ражабов қай даража да бетоблигини ана шу гапларидан билиб олса бўлади (Т.Мурод). Қаер олмоши ҳам қайси ер нинг қисқарган шаклидир: У вақтларда техника қаерда эди! (Т.Мурод). Олис кечалари ҳижронда куйдим, / Энди қай сийнага қўяман бошим (А.Орипов. Табиат). Гар йўқотсам бу кеча мен / Қайга боргум ахтариб, / тушда кўрдим дилбаримни, / Эй сабо, уйғотмагил (Э.Воҳидов. Уйғотмагил). Бу қисқарган шакл олмошнинг яна ўзи каби қисқарган шакли билан синонимик муносабатга киришиши мумкин: Қай кўз билан кўрсин ки, «штангачи» диванда Наташани бамайлихотир эзгилаб ўтирибди! Ўрнимдан қандай туриб кетганим, қай алпоз да наъматак панасига ўтганимни билмайман. Шундоқ ювош акангни бошига қай кунлар ни солмади булар! (Т.Мурод) - Не кўз билан кўрсин ки, «штангачи» диванда Наташани бамайлихотир эзгилаб ўтирибди! Ўрнимдан қандай туриб кетганим, не алпоз да наъматак панасига ўтганимни билмайман. Шундоқ ювош акангни бошига не кунлар ни солмади булар! каби. Ундан баъзан гумон маъносини англашилади: Дарсга қўнғироқ бўлганида югуриб синфхонага кирса, синфдош болалардан қай бири дир шумлик қилиб доскага бўр билан чизма-чизиқ тортиб ташлаб-ди (Ў.Хошимов). Қанча олмоши ҳам миқдорни аниқлаш мақсадида ишлатилади. У матнда худди қандай-шундай олмошлари сингари эргаш гапли қўшма гап таркибида содда гаплар тенглигини сақлайди ва экспрессивликка сабаб бўлади: Сизлар қанчалик кўп ёрдам берсаларингиз, биз очарчиликни шунчалик тез тугатамиз. Фитна-фасод қанчалар ёлғон бўлса — шунчалар яшин тезлигида тарқалади (Т.Мурод). Унга – лар ва – лаб қўшимчалари қўшилганда санаш оттенкаси пайдо бўлади: Петр Биринчи Европага етиб олиш учун қанчалаб қурбон берди, қанчалаб қон тўкди. Қанчалар ҳаётбахш шиор эди, қанчалар эзгу шиор эди! (Т.Мурод). Қачон олмоши пайтни, вақтни аниқлаш мақсадида қўлланилади: Колхоз тузилгани қачон эди? – деди Қушчи. – Сизларга қачон ақл киради ? (Т.Мурод). Бундан ташқари ушбу олмошга кўплик кўрсаткичи –лар қўшилганда узоқ ўтмиш маъноси шаклланади ва бу маъно –дир кўрсаткичи билан яна ҳам кучайтирилади: Катта йўл четида қачондир узилиб кетган танк занжири занглаб ётибди (Ў.Хошимов). Француз авангардлари қачонлардир ўтиб кетган. Қачон демократия бўлади, қачон қайта қуриш бўлади? (Т.Мурод). Бундай пайтда у гумон олмоши бўлган аллақачон га синоним бўлади: Аллақачон бегона бўлган... (Ў.Хошимов). Қачон қараса масала талашади (Ў.Хошимов) гапидаги доимийлик, узлуксизлик, Қачонгача отасини шарманда қилади, аҳмоқ! (Ў.Хошимов) каби маънолар ҳам унинг иштирокида ҳосил қилинган қўшимча маънолардир. Қани олмоши Қани ўзи? Қани ўша халқлар, қани ? (Т.Мурод) сингари гапларда ўзининг асосий маъноси - сўраш маъносидан ташқари қўшимча стилистик маънолар ҳам ифодалайди. Сўзлашув жараёнида унинг ёрдамида даъват, таклиф оттенкалари юзага келади: Қани , нонга қара (Ў.Хошимов). Қани , йигитлар, манави сенларга совға, хоҳлаган ишингни қил, деб шипшитиб қўярсан. (Ў.Хошимов). Марҳамат, қани ичкарига! (Ў.Хошиов). Истак, хоҳиш билдирилади, орзу қилинади: — Рустам ака! Қани шунақалардан ўн минги, боринг, ана мингтаси бўлса! (Ў.Хошимов). Қани энди , Тошкентда кўча четида шовиллаб оқиб турган жумракка шундоқ лабингни боссанг-да, тўйгунча, ёрилиб кетгунча ичсанг! Қанийди , менга шундоқ келин ато қилса (Ў.Хошимов). Илтифот кўрсатилади: Қани-қани ? Қани , келинг! (Т.Мурод). Сўроқ юкламаси –чи га синоним бўлади: -Туманда нима гаплар бор, гапиринг, қани ? Қани , тумандан гурунг беринг, қани ? (Т.Мурод). Айтинглар, қани , мен кимман? (Т.Мурод). Бажарилмаган ҳаракат образли, ҳаяжонли ифода этилади. Қиёслаймиз: Гриша деразани ёпдиямки, қулоғи тинчиса қани ? (Ў.Хошимов) - Гриша деразани ёпди, лекин қулоғи тинчимади. Қани уйқу келса! (Ў.Хошимов). Тили калимага келса қани! (Ў.Хошимов) - Тили калимага келмади . Ҳаракатнинг бажарилмаганлиги муболағали тарзда баён этилади: Қани кучи етса! (Ў.Хошимов). «Ҳой онаси, ўликнинг баданига гул тушса, гурзи билан ургандек бўлади, Худонинг қаҳри келади», десам қани кўнса ! (Ў.Хошимов). Бу турли-туман оттенкалар қани олмошининг оғзаки нутқда юзага келади. Қалай олмошининг қўлланиш доираси чегараланган бўлиб, сўзлашув услубида, инсонларнинг бир-бири билан ҳол-аҳвол сўрашган пайтларида самарали қўлланилади. У аксарият матнларда самимиятни ифодалайди: Қалайсиз, домла? Саломатликлар дурустми? ёки Қалайсиз энди , отахон? (Т.Мурод) каби. Баъзан пичинг, кесатиқни ифодалаши ҳам мумкин: Қалайсиз энди, етиб келган жойингиз шу ер бўлдими? Шунингдек, беписандлик, менсимаслик оттенкаларини ҳам ифодалайди: Қалайсиз энди, ўртоқ Эсонов? (Т.Мурод) — Хўш, таассуротлар қалай? (Т.Мурод) сингари. Ўзлик олмошининг гарчи қўлланилиши частотаси турлича бўлса ҳам, барча фукнционал услубларда ишлатилишини таъкидлаш лозим. Аммо «Ўзбек тили грамматикаси»да қайд этилишича, « Ўз олмоши ҳар уччала шахс, бирлик ва кўпликдаги кишилик олмошлари ўрнида ишлатилиб, кўпинча шахсни, баъзан предметни кўрсатади. Бу хил функцияда келган олмошлар турли келишик қўшимчалари ва баъзи кўмакчилар билан бирга келади». 15 Мана шу мулоҳазанинг ўзиёқ ушбу олмошнинг стилистик хусусиятидан далолат беради: менинг китобим – ўзимнинг китобим, сенинг китобинг – ўзингнинг китобинг, унинг китоби – ўзининг китоби. Ушбу жумлаларда эгалик, тегишлилик мен, сен, у олмошларисиз ҳам китоб сўзи таркибидаги эгалик қўшимчаларидан англашилмоқда. Менинг, сенинг, унинг дейиш билан бу эгалик яна алоҳида қайд этилмоқда. Бу олмошлар ўз олмоши билан алмаштирилгандан кейин эса бу тегишлилик яна ҳам кучайтирилмоқда, унга урғу берилмоқда. Шундай қилиб, китобим – менинг китобим – ўзимнинг китобим дейиш орқали тегишлилик муносабати турли даражада ифода этилмоқда. Ўзлик олмошидаги стилистик имкониятиларнинг кенглигини исботловчи иккинчи далил унинг фразеологик бирликлар таркибида иштирок этишидир: ўз ёғига ўзи қовурилмоқ. ўзига бино қўймоқ, ўзига келмоқ, ўзига келтирмоқ, ўзига олмоқ, ўзига юқтирмаслик, ўзида йўқ, ўзидан кетмоқ, ўзини еб қўймоқ, ўзини ўнгламоқ, ўзини қаерга қўйишни билмаслик, ўзини қаёққа уришни билмаслик, ўзини қаёққа қўйишни билмаслик, ўзини қайга қўярни билмаслик, ўзини қўйгани жой тополмаслик, ўзини қўлга олмоқ, ўзини қўярга жой тополмаслик. Ушбу ФБлар Ш.Раҳматуллаевнинг «Ўзбек тилининг изоҳли фразеологик луғати» (Т.,1978) олинди. Бадиий матнларни кўздан кечириш, уларнинг сони шу келтирилган ФБлар билан тугаб қолмаслигини кўрсатади. Биргина Т.Муроднинг «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» асарида ушбу олмош ўзаги саналган яна қуйидаги ФБлар учради: Тажрибаларимиз бундай: Нима фарқи бор, ўз ажали билан ўлди нима, очликдан ўлди нима? Ўз бошини ўзи еди . Қизларим ўзидан тинган . Фаол зоти бор – ўзини олиб қочди . Ўз-ўзига гўр ковлади. Партактивларни ўзига 15 Ўзбек тили грамматикаси, I том. – Т.:Фан, 1975, 350-б. чорлади . Ўзидан чиқариб , тўрттa шеър ёзолмаган зот... қандай қилиб қайта қуради? Ўз оёғи билан келди !. Бу дарвоза ўз оти ўзи билан ижроқўм дарвозаси бўлади. Ўзингиздан қолар гап йўқ. ФБлар кўлами бошқа бадиий матнлар ҳисобига яна кенгайиши мумкин. Ўз-ўзидан аёнки, ФБлар эмоционал-экспрессив восита сифатида тилда алоҳида мавқега эга. Ўзлик олмошининг эмоционал-экспрессив маъно англатиш хусусияти шулар билангина чегараланиб қолмайди. Бадиий матнларда улар яна бошқа модал муносабатларни ифода этишда иштирок этганлигини кўрамиз: Қанақа одамсиз, ўзи ? Сиз қайси жамиятда яшаяпсиз, ўзи ? Мен тушунмаяпман, ўзи , нима гап? - Пича тийилсанг-чи, қанақа боласан, ўзи ? Онангни ичида қанақа ётгансан, ўзи ? – дея жеркиди (Т.Мурод). Яқин олиш оттенкасини беради: - Ким бўлардингиз, ўзимиз ни Ботир Қушчи-да, -деди (Т.Мурод). Маънони фарқлаш учун хизмат қилади: Ота ўз ўғли ни бир зоғора нонга алмашди. Она ўз қизи ни бир ҳовуч кепакка алмашди (Т.Мурод) гапларидан ўғил ва қизнинг кимга тегишли эканлигини пайқаш ўз олмошисиз қийин бўлиши мумкин. Оғзаки нутқда у иштирок этган ўзидан кўрмоқ ибораси тез-тез ишлатилади: Кимда-ким мени Ботир фирқа демас экан, ўзидан кўрсин ! (Т.Мурод) . У расмий услубдаги айрим бирикмалар таркибида турғунлик касб этган: шахсан ўзим, ўз аризаси билан каби: Ука, шахсан мен ўзим сизни коммунистик партия сафига қабул қилдим. Ботир фирқа ўз аризаси билан ... пенсияга жўнади (Т.Мурод). Айрим ижодкорлар томонидан яратиладиган ёки қайта ишланган иборалар таркибида ҳам ўзак сўз сифатида қатнашади: Гап... ўзгача тўн кийди . Ўзимга эн бўлолмайман , сизга қандай бўй бўламан? – дея ўксинди Ботир фирқа (Т.Мурод). Озғаки нутқда кўрсатиш олмоши бу ва бир сўзи ифодалайдиган ноаниқлик, мавҳумлик маъносини яна ҳам чуқурлаштиради: Бу ўзи бир ... эскилик сарқити бўлса, нимасини аяйди? – деди Ботир фирқа (Т.Мурод). Айрим манбаларда ўз сўзи адабий тилда, шу билан бирга, барча функционал услубларда одатда ё бош келишикда ёки эгалик қўшимчасини олган ҳолда қўлланилади. Келишик қўшимчалари эса эгалик қўшимчасидан кейин қўшилади, дейилади. 16 Аммо поэтик асарларда шеърий талабга кўра эгалик қўшимчасини олмасдан ёки умуман белгисиз қўлланилиши мумкин: Асрим самоларда ёқолдинг чироқ, / Юлдуз қилиб отдинг самога ўзни (А.Орипов. Уйқу). Бу туйғу аёндир – на қилса энди / Оловдек ташланар кўзга ўз одам (Э.Воҳидов. Ватан соғинчи). Поэтик матн хусусиятлари жиҳатдан олмошнинг бу тарзда қўллинилиши меърий ҳолат саналади. А.Ғуломов «Ўзбек тилида аниқловчилар» асарида баъзан «ўз» олмоши бўлмаганда маънода аниқлик бўлмаслигини, бундай ўринларда ўз арурий аниқловчи бўлишлигини таъкидлаб, фикрини Солиҳни ёшлигида кўрган мисоли билан асослаб берган эди. Унинг фикрича, бундай ҳолатда икки хил маъно англашилади: а) Раҳим ўзи ёш бўлган чоғда Солиҳни кўрган ( Раҳим ёш бўлган ) лик ва б) Раҳим Солиҳни унинг ёшлик чоғида кўрган ( Солиҳ ёш бўлган ) лик. «Бундай ўринларда «ўз» келтириш билан маъно аниқ бўлади: Раҳим Солиҳни ўз ёшлигида кўрган ». Бундан ташқари А.Ғуломов бу олмошнинг энг кўп қўлланиши кишилик олмоши билан бўлишлигини ҳам кўрсатиб берган эди: 1. Мен ўзим 1. Биз ўзимиз 2. Сен ўзинг 2. Сиз ўзингиз 3. У ўзи 3. Улар ўзи (ўзлари) каби. «Ўз» аслда «жон» маъносидаги отдир (ДЛТ, III ,96- ozim -з anim ). 17 Анъанавий тилшуносликда белгилаш олмоши номи билан аталиб келинаётган олмошлар ўзбек тилида салмоқли ўринни эгаллайди ва уларни икки гуруҳга бўлиб ўрганиш бу бирликларнинг лингвиситик табиатини аниқроқ тасаввур қилишга кўмаклашади. Шунинг учун ҳам «Ўзбек тили грамматикаси»да улар жамловчи ( ҳамма, бари, жами, барча, бутун, ялпи ) ва 16 Турсунов У., Мухторов Ж., Раҳматуллаев Ш. Ҳозирги ўзбек адабий тили. – Т., 1965, 50-б. 17 Аййуб Ғулом. Ўзбек тилида аниқловчилар. Ўзбек тили илмий грамматикаси учун материаллар, I серия. – Тошкент: ЎзФАН нашриёти, 1941. айирувчи, таъкидловчи, ажратувчи олмошларга ( ҳар+олмош /ким, нима, нарса, қанақа, қандай, қайси, қанча, қачон/, ҳар+сон /бир, бири, иккови/) бўлиб таҳлил этилган. 18 Бу олмошларнинг биринчи қисми жамликни ифодалаш хусусияти билан бир-бирига яқин туради ва шу боис ўзаро синонимик муносабатга киришиши мумкин. Масалан: ҳамма-барча: Ҳаммани малакали медицина билан таъминлаш қийин. ... ҳамманинг диққат марказида турибди (Т.Мурод) - Барчани малакали медицина билан таъминлаш қийин. ... барчанинг диққат марказида турибди.; Барча чапак чалиб юборди. Билди-ю... Ўзбекистонни барча катталарига хос баҳонани қўллади (Т.Мурод) - Ҳамма чапак чалиб юборди. Билди-ю... Ўзбекистонни ҳамма катталарига хос баҳонани қўллади.. Ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз... ( Т.Мурод) - Барчамиз учун ҳурматли ва азиз... Ҳамма ва барча олмошлари таққосланганда, ҳамма барча услубларга барварлиги, барча нинг эса китобий-расмий услубга мойиллиги маълум бўлади. Қиёс учун: Барчангизни муборак Рамозон билан муборакбод этаман - Ҳаммангизни муборак Рамозон билан муборакбод этаман. Ушбу гапдаги олмошларга бари ни ҳам синоним сифатида қўллаш мумкин. Аммо, гапдаги тантанавор оҳанг йўқолади ва у жўн ифодага айланади. Бари диалектал хусусияти, жумладан же-ланувч шевага хослиги билан характерланади. Олмошнинг бу кўринишига бадиий матнларда ҳам дуч келинади: Бари ўйлаб қолди. Бирдан... бари хароб бўлди. Бари сароб бўлди. Бариям ўлим-да, бариям гўрга киради-да? (Т.Мурод). Ҳамма ва барча олмошлари ўртасида синонимик муносабат яққол сезилиб турган бўлса-да, стилистик жиҳатдан улар бир хил эмас. «Ўзбек тили стилистикаси» асарида бу ҳолат қуйидаги мисол билан асосланган: ҳовлининг барчасига гул экдим 19 – ҳовлининг ҳаммасига гул экдим. 18 Ўзбек тили грамматикаси, I том, 353-356-бетлар. 19 Ўзбек тили стилистикаси. – Т.: Ўқитувчи, 1983, 127-б. Ялпи маҳсулотнинг учдан икки қисми хусусий секторга тўғри келади - Жами маҳсулотнинг учдан икки қисми хусусий секторга тўғри келади - Ҳамма маҳсулотнинг учдан икки қисми хусусий секторга тўғри келади – Барча маҳсулотнинг учдан икки қисми хусусий секторга тўғри келади.. Ҳатто Умумий маҳсулотнинг учдан икки қисми хусусий секторга тўғри келади, Бор маҳсулотнинг учдан икки қисми хусусий секторга тўғри келади дейиш ҳам мумкин. Аммо бу синонимик муносабат ҳамма ҳолатларда ҳам давом этавермайди. Масалан, Польшада жами 144 киши совуққа дош беролмай ҳаётдан кўз юмган («Зарафшон») ва Тарихчи Арузи Самарқандий қолдирган маълумотга кўра, адабиётдан тўла хабардор бўлиш учун ҳар бир киши йигитлик даврида ўтмиш шоирлардан йигирма минг байт, замондош шоирлардан ўн минг байт, жами ўттиз минг байтни ёддан билиши керак бўлган («Зарафшон») гапларидаги жами олмошига нисбатан уларнинг биронтасини синоним сифатида қўллаб бўлмайди. Жамланган рақамнинг аниқ кўрсатилаётгани бунга халақит беради. Унинг ўрнида фақат ҳаммаси бўлиб бирикмасини қўллаш мумкин бўлади. Ушбу гуруҳдаги бутун олмошига ҳамиша синоним сўз топилавермайди. Биз, шонли совет халқи, халқаро хотин-қизлар байрами 8 мартни бутун халқимиз, жонажон коммунистик партиямиз, меҳнаткаш колхозчи деҳқонларимиз, қаҳрамон ишчилар синфимиз, қўйингки, жамики шонли совет зиёлиларимиз КПСС XX съезди тарихий қарорларини улкан ғайрат- шижоат билан турмушга тадбиқ этмоқда бўлган бир вазиятда кенг байрам қилмоқдамиз (Т.Мурод) гапидаги бутун ни барча билан алмаштириш мумкин бўлгани ҳолда, Бутун туманда шундай, – деди катталар. – Биз юқорига хабар бердик ёрдам берамиз, деди. Насиб бўлса, бу чинорлар бутун туманга соя беради! (Т.Мурод) мисолида бу вазифани амалга ошириб бўлмайди. Чунки бутун ишлатилганда бир туман ҳудуди, барча дейилганда бир неча туман ҳудуди англашилади. Шундай экан, улар стилистик жиҳатдан бир хил даражада эмас. Балгилаш олмошининг иккинчи гуруҳини ҳар+бошқа бир олмош ёки ҳар+сон шаклидаги бирикмалар ташкил қилади: ҳар ким, ҳар нима, ҳар нарса, ҳар қанақа, ҳар қандай, ҳар қайси, ҳар қанча, ҳар қачон; ҳар бир, ҳар бири, ҳар иккови ва бошқалар. Жумладан, ҳар қанча : Озод Шарқ хотин- қизлари ҳар қанча фахрлансалар арзийди; ҳар тугул: Ҳартугул , бир илмоқли гап отиб кўрай. ҳардамхаёллар бўлиши мумкин эмас (Т.Мурод); ҳар қандай: Океан билан туташмайдиган, океан суви тушиб турмайдиган ҳар қандай сув – қуриш хавфи остида бўлади; ҳар нарса: Ўзига бино қўйиш, ўта тажанглик, ўта таъсирчанлик, ҳар нарсани кўнглига олиш... руҳий касаллик симптомлари; ҳар ким: Ўртоқ Ражабов, ҳар кимни ўзи билади; ҳарқалай: Анави кўнгурадор дарвозали уй — менинг ҳам уйим! Куёвман... Ҳар қалай ! Ҳарқалай, Диманинг қўли узун! (Т.Мурод); ҳар икки: Чунки ўртоқ Ленин бундан олдин икки марта қўзғолон уюштириб, ҳар икки қўзғолонни-да хароб этиб эди (Т.Мурод) каби . Белгилаш олмошларининг бу кўринишлари функционал услубларда турли даражада қўлланилади. Масалан, ҳар ким, ҳар нима, ҳар нарса, ҳар қандай, ҳар қайси, ҳар қанча, ҳар қачон; ҳар бир, ҳар бири каби кўринишлари услубий жиҳатдан нейтрал, ҳар иккови, ҳар учови кабилар оғзаки нутққа хос бўлса, ҳар қанақа, ҳар икки, ҳар уч... сингарилар китобий мазмунга эгадир. Ҳар не, ҳар нечук эса бадиий матнларга хосланган: Қулдан жабр кўрди элда катталар, / Давлат шунда, ҳар не деса ихтиёр. Маслаҳат деб ўзинг хафа бўласан, / Ҳар на гапни, шоҳим, ўзинг биласан (Алпомиш). – Ҳар нечук бу даргоҳдан олиб кетмоқ даркор,–Қаландар бошидаги кулоҳини тўғрилаб, бир дақиқа ўйланиб турди (О.Ёқубов). Белгилаш олмошларидаги услубий хосланиш кўпинча компонентдаги иккинчи сўзнинг маъноси ва услубий хосланишига боғлиқ. Масалан, ҳар жиҳатдан дейилганда ҳар нинг ўзи бу белгини кўрсата олмайди. Расмий услубга хосланишни жиҳат сўзи белгилаб беради. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу бирикма таркибидаги ҳар бир аъзонинг, гарчи улар грамматик жиҳатдан бир вазифани адо этса-да, ўз семантик-стилистик аҳамияти бор. Бирикманинг иккинчи компоненти бўлган сўз олмошлик вазифасини бажарса, биринчи компонент – ҳар семантик- стилистик оттенкага эга. Бу турдаги олмошларнинг семантик-стилистик имкониятларини аниқлаш мақсадида Фозил Йўлдош ўғли томонидан айтилган «Алпомиш» достони матнига мурожаат қиламиз. Асарда таркибида ҳар сўзи келган олмошлар частотаси юқори эканлиги маълум бўлади. Матнда ҳар ким, ҳар қайси, ҳар на, ҳар кимса, ҳар қандай олмошлари кўп қўлланган. Бундан ташқари замонни ( ҳар дам, ҳар замон, ҳар кеча, ҳар кун, ҳар маҳал, ҳар ой, ҳар оқшом ), маконни ( ҳар дара, ҳар ёқ, ҳар ён, ҳар кўча, ҳар тараф, ҳар юртларда, ҳар ўлка ), инсон ва унга тегишли аъзолар, нарса-ҳодисаларни ( ҳар алп, ҳар билак, ҳар хаёл, ҳар элга, ҳар яғрини, ҳар ғариб ) кўрсатишда ва бошқа сўз ва тушунчаларнинг маъносига қўшимча оттенкалар беришда ( ҳар алвон, ҳар байроқ, ҳар бир, ҳар бозор, ҳар кўрганда, ҳар кўчганда, ҳар отлар, ҳар талаб, ҳар тола, ҳар қубба ) иштирок этганлиги ҳар таркибли олмошнинг қўлланиш кўлами ўзбек тилида ниҳоятда кенг эканлигидан далолат беради. Аслида ҳар олмоши бошқа бир сўзга тасодифан боғланиб қолган эмас. Уларнинг ўртасида ҳар таркибли олмошнинг иккинчи компоненти ҳам бўлган, аммо эллиптик жараён юз бериб, унинг вазифасини ҳам ҳар сўзи ўз зиммасига олган: Сўз эшитгин менинг айтган тилимдан, аччиқлансам ҳар иш келар қўлимдан (Алпомиш) - Сўз эшитгин менинг айтган тилимдан, аччиқлансам ҳар қандай иш келар қўлимдан каби. Оғзаки нутқда гапдаги айрим бўлакларнинг тушиб қолишининг мазмунга путур етказмаслиги халқ оғзаки ижодига ҳам ўтган. Шунинг учун ҳам Ҳар юртларда мусофир бўп юрайик, Бизлар сенга хизматкор бўп турайик (Алпомиш). Ҳар тандир ёпишингда биттадан кулча бериб келасан, тушундингми? (Т.Мурод) каби парчалардаги эллиптик ҳолатларнинг мазмунини англаш ҳам қийин кечмайди. Ҳар сўзининг олмош сифатида мустақил ишлатила бошлаши унинг кенг кўламда қўлланилишига, янги маъно оттенкаларни ифодалашга имконият