logo

Геосиёсат классиклари геосиёсий жараёнлар борасидаги илмий йўналишлар, уларнинг асосий ғоя ва тамойиллари

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

119 KB
Геосиёсат классиклари геосиёсий жараёнлар борасидаги илмий   йўналишлар, уларнинг асосий ғоя ва тамойиллари             РЕЖА: 1.Фридрих Ратцельнинг давлатлар тўғрисидаги қарашлари. 2.Рудольф Челлен ва Фридрих Науманннинг «Ўрта Европа» назарияси. 3. Хэлфорд Макиндернинг геосиёсий қарашлари .               Геосиёсий таълимотнинг тарихий асослари Европа тадқиқотчилари томонидан амалга оширилганлиги туфайли асосий илмий изланишлар немис, француз, инглиз олимлари, шунингдек геосиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси бўлмиш америкалик олимлар томонидан яратилган. Россия ҳудудий нуқтаи-назардан геосиёсий жараёнларнинг марказида бўлганлиги туфайли рус олимлари ҳам ушбу йўналишда чуқур илмий тадқиқотлар олиб боришган. Мумтоз тадқиқотчилар ва бевосита уларнинг асарларига мурожаат қилиш орқали мавзунинг тўлиқ ёритилишига эришиш мумкин.             Фридрих Ратцельнинг давлатлар тўғрисидаги қарашлари.             Немис “органистик мактаби”нинг шаклланиши. Ўз асарларида геосиёсат атамасини ишлатган бўлмаса ҳам, Фридрих Ратцелни (1844-1904) геосиёсатнинг “отаси” деб ҳисоблаш мумкин. У “сиёсий география” ҳақида ёзган ва “Politisch Geographie” (Сиёсий география) номли асосий асари 1897 йилда нашр қилинган.             Ратцель Карлсруедаги Политехника Университетини тамомлаган. У бу олийгоҳда геология, палеонтология, зоология курсларини тинглайди. Ўқишини Хайдельбергда тамомлаган Ратцель, шу ерда (“экология” атамасини илк бор қўллаган) Эрнст Гекел исмли профессорга шогирдлик қилади. Ратцелнинг тадрижийлик ва дарвинчиликка асосланган дунёқарашида табиатшунослик илмига қизиқиш яққол ифодаланган эди.             Ратцель кўнгиллилар қаторида 1870 йилдаги (1870 йилдаги Франция- Пруссия) урушда қатнашади ва довюраклиги учун “Темир хоч” унвонига сазовор бўлади. Сиёсат соҳасида у аста-секин ўта миллатчи сифатида етишиб боради, 1840 йилда Карл Петерс томонидан Ташкил этилган “Панолмон лига”си номли миллатчи Ташкилотга аъзо бўлиб киради. У Европа ва Америка бўйлаб кўп саёҳат қилади ҳамда ўзининг илмий салоҳиятини этнология соҳасида олиб борган тадқиқотлари билан бойитади. Бир неча йил Мюнхень техника институтида географиядан дарс берган Ратцель 1886 йилга келиб Лейпцигдаги худди шу номли кафедрада илмий фаолиятини давом эттиради. У 1876 йилда “Хитойга эммиграция” мавзусидаги   диссертациясини ҳимоя қилади, 1882 йилда эса Штутгардда унинг “Антропогеография” номли асосий асари босилиб чиқади 3 . Ратцел бу асарда халқлар тадрижи ҳамда демографиянинг географик омиллар билан боғлиқлиги, ҳудуд рельефининг маҳаллий халқ маданий ва сиёсий тараққиётига таъсири каби ўзининг асосий ғояларини шакллантирган. Аммо “Сиёсий география” Ратцельнинг энг асосий асаридир.             Давлатларнинг - тирик тана сифатидаги моҳияти.             Ратцель мазкур асарида ҳудуд (жой, замин)нинг бирламчи ҳамда ўзгармас омил эканлиги ва халқларнинг манфаати унинг атрофида айланишини кўрсатиб беришга ҳаракат қилади. Ҳудуд ва замин тарихий тараққиётни олдиндан белгилаб беради. Бундан эса тадрижий мазмундаги қуйидаги хулоса келиб чиқади: “давлат тирик”, лекин “заминда илдиз отган тана (борлиқ) ҳисобланади”. Давлат ҳудудий рельеф, ўлчам ҳамда уларнинг халқ томонидан англанишидан ташкил топади. Шундай қилиб Давлат категориясида ҳудуднинг объектив географик белгилари ва уларни умуммиллий миқёсда субьектив жиҳатдан англаниши сиёсатда ифодаланган ҳолда акс этади. Ратцел миллатнинг географик, демографик ва этномаданий хусусиятларини энг мукаммал тарзда ўзида уйғунлаштира олган давлатни “меъёрдаги давлат” деб ҳисоблайди.             У шундай деб ёзади: “Давлатлар ўз тараққиётининг барча босқичларида зарурий тарзда ўз тупроқлари билан алоқасини сақлаб қолувчи (борлиқ) тана сифатида қаралади ва шу туфайли улар географик нуқтаи- назардан ўрганилиши зарур. Этнография ва тарих давлатнинг ҳудудий негизда тараққий топишини, у билан яқинлашиши, бирикиши ва ундан қувват олишини кўрсатмоқда. Шундай қилиб, давлат макондан бошқариладиган ва жонланадиган ҳудудий борлиқ экан, уни тасвирлаш, таққослаш ва ўлчаш географиянинг вазифасидир. Давлат Ҳаёт босқини натижасида рўй берадиган ҳодисаларнинг энг юқори нуқтасига айланган ҳолда, ушбу ҳодисаларга сингиб кетади”. 4             Бундай “органистик” ёндашув, давлатнинг ҳудудий жиҳатдан кенгайиши Ратцел томонидан худди тирик жонзотнинг ривожланиши сингари тириклик жараёни сифатида қабулланаётганлигини кўрсатмоқда. Ратцелнинг “органистик” ёндашуви макон (Raum)нинг ўзига нисбатан муносабатда ҳам кўриниб туради. Ушбу “макон” миқдорий хусусиятга эга бўлган моддий категориядан “ҳаётий сфера”, “ҳаётий макон” (Lebensraum) тарзидаги янги сифат даражасига кўтарилади ва қандайдир “геобиомуҳит”га айланади. Бундан Ратцелнинг “маконий мазмун” (Raumsinn) ва “ҳаётий қувват” (lebensenergie) каби, бошқа иккита муҳим атамаси келиб чиқади. Бир- бирига яқин ушбу атамалар халқлар ҳамда географик тизимларга хос муҳим хусусиятни англатади ва, ўз навбатида, халқлар ва давлатлар тарихидаги сиёсий аҳамиятини олдиндан белгилаб беради.             Ушбу тезисларнинг барчаси геосиёсатнинг асосий тамойиллари ҳисобланади ва кейинги пайтларда Ратцелнинг издошлари уларни айнан шу тарзда ривожлантирганлар. Бундан ташқари давлатга нисбатан “заминда илдиз отган ҳудудий асосдаги тирик тана” сифатида муносабатда булиш геосиёсий услубнинг бош ғояси ҳамда ўқ илдизи ҳисобланади.             Бундай ёндашув фақатгина инсоният оламига тегишли ҳодисаларнигина эмас, балки унга тегишли бўлмаган соҳалардаги ҳодисаларнинг ҳам бутун мажмуасини таҳлилий тадқиқ қилишга йўналгандир. Макон табиат, атроф-муҳитнинг ёрқин ифодаси бўлиб шу ҳудуддаги элат ҳаётини узлуксиз таъминлайдиган тирик борлиқ сифатида қаралади.             Бу маънода Ратцель, Фердинанд Тенниc исмли олим энг ёрқин вакили бўлган немис “органистик” социология мактабининг бевосита вориси ҳисобланади.             Raum – заминнинг сиёсий тузилиши.             Ратцельнинг миллат ва ҳудуд муносабатлари тўғрисидаги қарашлари “Сиёсий география”дан олинган қуйидаги парчада ўз аксини топган: “Давлат тирик тана сингари ер юзасининг маълум қисмига боғлиқ ҳолда шаклланади ва унинг моҳияти замин (ер) ва халқ хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ривожланади. Ўлчов, жойлашув ҳамда   чегаралар энг муҳим хусусиятлар ҳисобланади. Тупроқ ва ўсимликлар тури, суғориш тизими ва ниҳоят ер юзасидаги бошқа унсурлар, даставвал, яқин атрофдаги денгизлар ҳамда бир қарашда ҳеч қандай сиёсий аҳамият касб этмайдиган аҳолисиз ҳудудлар билан   муносабатлар кейинчи ўринларда туради. Ушбу хусусиятларнинг барчасини ифода этувчи мажмуа мамлакат (das Land)ни Ташкил этади. Бироқ “бизнинг мамлакат” ҳақида гап кетганда, унга инсон тарафидан яратилган барча неъматлар ҳамда шу замин билан боғлиқ барча тарихий хотиралар ҳам қўшилади.             Давлат турғун заминдаги халқлар ҳаётини ифодаланганлиги учунгина эмас, балки бу икки омил бир биринчи ўзаро мустаҳкамлаб, бир-бирини тўлдириб, бир-бирисиз тасаввур этиб бўлмайдиган қандайдир бутунликка айланганлиги учун тана ҳисобланади. Давлатни боқа олмайдиган, инсон қадами етмайдиган ҳудудлар бу буғ остидаги тарихий майдондир. Ўзлаштирилган, айниқса табиий чегаралар билан ўралган ҳудудлар эса аксинча, давлатнинг тараққиётини таъминлайди. Агар халқ ўз ҳуҳудида ўзини табиий ҳис қилса, шу заминдан келиб чиқадиган ва унга қайтиб сингиб кетадиган бир хил хусусиятларни такрорлайверади”. 5 Истило қонуни.             Давлатга нисбатан тирик тана сифатида муносабатда бўлиш “чегараларнинг бузилмаслиги” қоидасидан воз кечишни талаб этар эди. Давлат тирик мавжудот сингари туғилади, ўсади ва вафот этади. Бундан келиб чиққан ҳолда, давлатнинг ҳудудий кенгайиши ва торайиши табиий жараён ҳисобланиб унинг ички ҳаётий цикли билан боғлиқ. Ратцель ўзининг “Давлатнинг ҳудудий ўсиши тўғрисида қонун” китобида истилонинг 7 қонунини кўрсатиб беради: 1. Давлатнинг ҳудудий жиҳатдан кенгайиши шу ҳудуд маданиятининг ривожланиши билан кенгаяди. 2. Давлатнинг ҳудудий кенгайиши турли соҳаларда, хусусан мафкура, ишлаб чиқариш, тижорат фаолияти каби йўналишларда “тортишувчи нурланиш”, прозелитизм каби кўринишлар билан баробар рўй беради. 3. Давлат ҳам муҳим ҳисобланган сиёсий бирликларни қамраб олиб кенгаяди. 4. Чегара давлат атрофида жойлашган аъзо (тана аъзоси сифатида тушунилган). 5. Давлат ўзининг ҳудудий истилосини амалга ошириб унинг тараққиёти учун муҳим ҳисобланган минтақаларни, жумладан қирғоқдаги ерлар, дарё ҳавзалари, водий ва барча бой ҳудудларни эгаллашга   ҳаракат қилади. 6. Истилонинг бошланғич импульси албатта ташқаридан рўй беради, негаки давлатнинг ҳудудий жиҳатдан кенгайишига албатта паст цивилизация томонидан туртки берилади. 7. Нисбатан заиф миллатларнинг кучлилар билан чатишиш ёки қўшилиб кетишга бўлган умумий тенденция катта-катта ҳудудларни ҳаракатга келтириб, ўз-ўзини озиқлантирган ҳолда янада кенгайишига мажбур қилади. 6             Табийки, кўпгина танқидчилар Ратцелни “Империалистларга катехезис” ёзишда айблади. Шу билан бирга Ратцель гарчи айрим миллатчиликка хос қарашларини яширмаган бўлсада, немис империализмини ҳар қандай йўлар билан бўлсада оқлашга ҳаракат қилмаган. Унинг учун энг муҳими давлатлар ва халқлар тарихини ҳудудга нисбатан муносабати билан айни маънода англашга имкон яратадиган концептуал қурилма яратиш эди. Амалда эса у Германия доҳийларида “Raumsinn” (макон туйғуси)ни уйғотишга иитилган, чунки кўпгина раҳбарлар учун қуруқ академик фаннинг географик кўрсаткичлари фақатгина мавҳумликни англатган.             Weltmacht – дунёнинг энг қудратли давлати ва денгиз омили.             Шимолий Американи яхши ўрганганлиги Ратцелга жиддий таъсир кўрсатган, ҳатто “Шимолий америка шаҳарлари ва цивилизациялари харитаси” (1874) ҳамда “Шимолий Америка қўшма Штатлари” (1878, 1880) номли икки асарини шу минтақага бағишлаган. У америкаликларда “макон туйғуси” юқори даража ривожланганлигини таъкидлаб, елкасида Европа тарихининг “сиёсий-географик” тажрибаси бўлган америкаликлар олдида “бўш” ҳудудларни ўзлаштириш вазифаси қўйилган эди деган хулосага келади. Шундан келиб чиқиб, Эски Дунё аста-секин ва мушоҳадавий тарзда етиб келган нарсани америкаликлар онгли равишда амалга оширдилар. Ратцелда биз биринчи бўлиб, бошқа муҳим геосиёсий концепция – “дунё миқёсидаги қудратли давлат” (Weltmacht) тушунчасини учратамиз. Ратцелнинг таъкидлашича, кўпгина йирик давлатлар тараққиётида имкон қадар кўрпоқ ҳудудларни истило қилишга интилиш тенденцияси кузатилади, бу интилиш аста-секинлик билан сайёравий миқёсга чиқади.             Демак, географик тараққиёт эртами кеч ўзининг минтақавий даражасига кўтарилиши керак. Минтақавий ҳудудларни сиёсий ва стратегик жиҳатдан бирлаштиришнинг Америка тажрибасидан олинган ушбу тамойилни Германияга нисбатан қўллаган Ратцел унинг минтақавий давлат бўлиши мумкинлигини башорат қилади. Ратцель геосиёсатдаги энг муҳим мавзулардан яна бири - цивилизация ривожида денгизнинг аҳамиятини ҳам ёритиб беради. Ўзининг “Денгиз – халқлар қудратининг манбаи” (1900)   китобида ҳар бир кучли давлат ўзининг ҳарбий–денгиз кучларини алоҳида ривожлантириши муҳимлигини, бу нарсани тўлақонли истилонинг сайёравий қамрови талаб қилишини таъкидлайди 7 . Баъзи бир давлатлар (Англия, Испания, Голландия) денгизчиликни тўсатдан амалга оширган бўлсалар, қуруқликдаги давлатлар (Ратцель табиийки Германияни назарда тутган) онгли равишда ривожлантиришлари керак. Бу эса “дунё миқёсидаги давлат” (Wеlmacht) мавқеига яқинлашишнинг зарурий шарти ҳисобланади.             Денгиз ва «дунё миқёсидаги давлат» мавзулари Ратцелда бир бири билан боғланиб ўрганилади, кейинги геосиёсатчилар (Мэхэн, Макиндер, Хаусхофер ва айниқса Шмитт)да бу мавзу тартибга келади ва такомиллашади.             Ратцел асарлари барча геосиёсий тадқиқотларга зарурий пойдевор ҳисобланади. Унинг асарларида геосиёсий фаннинг асосида ётувчи барча асосий тезислари қисқача шаклда мавжуд. Швед олими Челлен ва немис Хаусхоферлар ўз мажмуаларини яратишда Ратцел асарларига таянганлар. Ратцел ғояларини француз олими Видаль де ля Бляш, инглиз Макиндер, америкалик Мэхэн ва рус евроосиёчилари (П. Савицкий, Л.Гумилёв ва бошқалар) ўрганганлар. Шуни ҳисобга олиш керакки, Ратцелнинг сиёсий иштиёқи тасодифий эмас. Унда ҳоҳ демократик (англосаксон геосиёсатчилари Макиндер, Мэхен), ҳоҳ «идеократик» (Хаусхофер, Шмитт, евроосиёчилар) шаклда ифодаланган бўлсин деярли барча геосиёсатчиларда яққол ифодаланган миллий руҳ сезилиб турарди.             Рудольф Челлен ва Фридрих Науманннинг “Ўрта Европа” назарияси.             “Геосиёсат” тушунчаси илк бор швед олими Рудольф Челлен (1864- 1922) томонидан қўлланилганлиги маълум. Челлен Гётеборг ва Уппсала университетларида тарих ва сиёсий фанлар бўйича профессор лавозимида ишлаган. Бундан ташқари, у германофил йўналишдан фарқли ўлароқ, мамлакат парламенти аъзоси бўлиб, сиёсий фаолиат олиб борган. Челлен профессионал географ бўлмаган ва у геосиёсатни (ўзининг устози деб билган) Ратцел асарларига асосланиб сиёсатшуносликнинг бир бўлими сифатида ўрганган. Челлен геосиёсатни қуйидагига таърифлайди: “Геосиёсат – маконда ифодаланган географик тана сифатидаги давлат тўғрисидаги фандир” 8 . “Геосиёсат”дан ташқари, Челлен сиёсий фанларнинг асосий қисмларини Ташкил этиши керак бўлган тўртта оралиқ фанни таклиф қилади:             Экосиёсат (“давлатни иқтисодий куч сифатда ўрганиш”)             Демосиёсат (“давлатни халқлар тамонидан берилган динамик импулсларни талқин килиш: Ратцельнинг “Антропогеография”сининг қиёси).             Социосиёсат (“давлатнинг ижтимоий жиҳатини ўрганиш”).             Кратосиёсат (“бошқарув шакли ва ҳокимиятнинг ҳуқуқ ва ижтимоий- иқтисодий муаммолар билан ўзаро муносабатда ўрганиш”) 9 .             Челлен томонидан айни даражада ривожлантирилган бўлсада ушбу фанларнинг барчаси ҳам геосиёсатдек ўз йўли ва мавқеига эга бўла олмади. Геосиёсат атамаси бўлса турли соҳа ва муҳитларда ўзининг барқарор ўрнига эга бўлди.             Давлат ҳаёт тарзи сифатида ва Германиянинг манфаатлари.             Челлен ўзининг асосий асари бўлган “Давлат ҳаёт тарзи сифатида” (1916)(7) китобида Ратцел асарларидаги асосларни ривожлантирди 10 . Челлен ҳам Ратцелдек давлат ва жамиятга механик ёндашишни рад этувчи немис “органинизм”ининг издоши деб ҳисоблаган. Тадқиқот предметларини “жонсиз объект” ҳамда “инсон субъектлари” (“фон” ва “арбоб”) га ажратишни қатъий рад этиш кўпгина геосиёсатчиларнинг ўзига хос белгиси ҳисобланади. Бу фикрнинг исботи сифатида Челленнинг асосий (Давлат ҳаёт тарзи сифатида) асари номини айтиб ўтиш кифоя.             Челлен Ратцелнинг геосиёсий тамойилларини ўзи яшаган даврда Европадаги аниқ тарихий вазиятга қўллаган ҳолда ривожлантирди. У Ратцельнинг “минтақавий давлат” тўғрисидаги ғояларини Германияга нисбатан қўллаган ҳолда мантиқий интиҳосига етказди. Бу билан у Германия Европанинг ўқ илдизи эга бўлган тез ривожланувчи ҳудуд, шу туфайли бошқа давлатларни ўз атрофида жойлаштириш унинг вазифаси эканлигини кўрсатиб берди. Челлен 1-чи жаҳон урушини (“ўқ мамлакат”) Германиянинг тез ҳаракатланувчи истилоси ва унга қарши ҳаракат қилувчи теваракдаги Европа (ва Европадан ташқаридаги) давлатлари (Антанта) ўртасида келиб чиққан табиий геосиёсий низо дея талқин этди.             Геосиёсий тараққиётда Франциянинг кучсизланиши билан Германиянинг кучайиб бориши ўртасидаги фарқ ўша пайтда минтақадаги асосий кучлар нисбатини белгилаб берди. Шундан келиб чиққан ҳолда, унинг фикрига кўра гарчи I жаҳон урушида вақтинчалик мағлубиятига учраган бўлсада Германияни геосиёсий нуқтаи-назардан Европа билан тенглаштириш зарур ва муқаррардир.             Челлен Ратцель кўзлаган Германиянинг манфаатлари (Европа манфаатлари) ғарбий Европа давлатлари (Франция ва Англия) манфаатларига зиддир, деган геосиёсий қоидани мустаҳкамлайди. Аммо Германия “ёш” давлат, немислар эса “ёш халқ”. “Ўрта Европада жойлашган”ларидан ҳаволанган “ёш немислар” “кекса халқлар” бўлган французлар ва инглизлар назоратидаги ҳудудлар ҳисобига сайёравий миқёсдаги минтақавий давлат бўлишга интилмоқлари лозим. Челлен бу тўхтамда геосиёсий қарама- қаршиликнинг ғоявий жиҳатини иккиламчи деб ҳисоблайди.             Ўрта Европа концепцияси.               Челлен гарчи швед миллатига мансуб ва швед сиёсатини Германия сиёсати билан яқинлаштириш тарафдори бўлсада, герман ҳудудининг мустақил бирлаштирувчилик хусусияти тўғрисидаги   геосиёсий ғоялари Фридрих Науманн томонидан ривожлантирилган “Ўрта Европа” (Mitteleuropa) назарияси билан айнан мос келади. Науманн ўзининг “Mitteleuropa” (1915) китобида Рудольф Челлен концепциясига ўхшаш геосиёсий башорат қилган 11 . Унинг фикрига кўра, Англия (мустамлакалари ҳам), АҚШ, Россия каби уюшган геосиёсий тузилмалар билан рақобатда мағлуб бўлмаслик учун Марказий Европада яшовчи халқлар ўзаро бирлашишлари ва сиёсий-иқтисодий асосда янгича макон Ташкил этишлари лозим. Албатта немислар бу маконнинг асосий ўқи бўладилар.             Mitteleuropa соф “пангерман” лойиҳаларидан фарқли ўлароқ миллий эмас, балки географик тақдирнинг умумийлигига асосланган асл маънодаи геосиёсий тушунча эди. Науман лойиҳаси бўлса Германия, Австрия ҳамда Дунайбўйи давлатлари, узоқ истиқболда эса Францияни бирлаштиришни назарда тутарди. Мазкур геосиёсий дастур ўша пайтда мавжуд бўлган айрим маданий қоидалар билан ҳам тасдиқланган. Жумладан, Германиянинг ўзи органицистик тузилма сифатида “Mittellage”, “ўрта ҳолат” деган маънавий тушунча билан умумлаштирила бошланди. Бу ғояни 1818 йилда Арндт қуйидагича ифодалаган эди: “Тангри бизни Европанинг марказида жойлаштирди, биз (немислар) дунёнинг ўзимиз яшаётган қисмидаги юрагидирмиз”.             Челлен ва Науман орқали Ратцелнинг “минтақавий” мазмундаги ғоялари аста-секин кўзга кўрина бошлади.             Инглиз геосиёсати ушбу фан тарихида муҳим аҳамият қозонганлиги билан ажралиб туради. Геосиёсий назарияда чуқур тадқиқот олиб борган, айни пайтда илмий изланишлари Давлатларнинг ташқи сиёсат амалиётида кенг қўлланилган олимлардан бири бу Хэлфорд Макиндер ҳисобланади.             Хэлфорд Макиндернинг геосиёсий қарашлари.             Сэр Хэлфорд Дж. Макиндер (1861-1947) геосиёсатчилар орасидаги энг ёрқин шахсдир. Географиядан олий малумот олгач Лондон Иқтисод Мактаби (олий ўқув юрти) директори этиб тайинлангунга қадар 1887 йилдан бошлаб Оксфорд университетида дарс берган. 1910 йилдан 1922 йилгача умумий палата аъзоси,   1919-1920 йиллар орасида эса Британиянинг Жанубий Русиядаги мухтор вакили бўлган.             Макиндер халқаро муносабатлар йўналишига жиддий таъсир этиш кучига эга бўлган ва шу туфайли Англия сиёсатида олий мартабага эришган, шунингдек дунё сиёсий тарихини талқин этишда энг дадил ва инқилобий мажмуа яратган машҳур шахсдир.             Фан сифатида геосиёсатга хос бўлган жумбоқ Макиндернинг илмий қарашлари мисолида яққол кўзга ташланади. Макиндернинг нафақат сиёсат оламида, балки илмий доиралардаги юқори мавқеига қарамасдан, унинг ғоялари илмий ҳамжамият томонидан қабул қилинмаган. У дунё сиёсий ва географик тарихини ўзига хос талқин қилиш асосида Англиянинг халқаро масалалар бўйича стратегиясини ишлаб чиқишда деярли ярим аср мобайнида фаол ҳамда муваффақиятли иштирок этади, шунга қарамасдан танқидий руҳдаги олимлар геосиёсатнинг фан сифатидаги самараси ва қадр-қимматини тан олмайдилар.             Тарихнинг географик ўқи.             1904 йилда “Географик мажалла”да нашр этилган “Тарихнинг географик ўқи” номли маъруза Макиндернинг дастлабки ва энг ёрқин чиқиши бўлган эди 12 . Макиндер бу мақолада кейинги барча асарларида ҳам ривожлантирилган география ва тарихга оид қарашларини акс этттиради. Макиндернинг ушбу мақоласи мазкур фан тарихидаги энг асосий геосиёсий матн сифатида баҳоланиши мумкин, негаки ушбу матнда нафақат “сиёсий география” тараққиётининг барча олдинги йўналишлари умумлаштирилади, балки мазкур фаннинг асосий қонуни ҳам ишлаб чиқилади.             Макиндер фикрича энг қулай географик макон бу ўрталикдаги ҳолат бўлиб, бирор бир минтақанинг марказини эгаллагаш Давлат учун турли жиҳатлардан фойдалидир. Марказийлик ҳолати нисбий тушунча бўлиб турли вазиятларда ўзгариб туриши мумкин. Аммо, сайёравий нуқтаи назардан дунёнинг марказида Евросиё минтақаси, унинг марказида эса “дунёнинг юраги” ёки “heartland” жойлашган. У бутун дунёни назорат қилиш учун энг қулай географик плацдармдир.             Heartland Дунё Ороли (World Island) чегараси доирасида умуммиқёсдаги асосий ҳудуд ҳисобланади. Макиндер Дунё Ороли 3 минтақа - Осиё, Африка, Европадан иборат деб билган. Шундай қилиб, Макиндер марказда тўпланувчи доиралар тизимини қўллаган ҳолда бутун сайёра миқёсидаги ҳудудлар кетма-кетлигини яратди, унинг энг марказида “тарихнинг географик ўқи” ёки “ўқ майдон” (pivot area) жойлашган. Ушбу геосиёсий тушунча географик нуқтаи-назардан Россия билан баробар маънони англатади. Ана шу “ўқ”ни Ташкил этган воқелик “heartland”, яъни ернинг юраги деб аталади.             Ундан кейин эса, “ички ёки ташқи яримой (inner of marginal сrestent)” жойлашган. Бу белбоғ Евросиё минтақасиининг қирғоқ ҳудудларига тўғри келади. Макиндернинг фикрига кўра, “ички ярим ой” цивилизация ривожининг анча тезкор қисмини Ташкил этади. Бу эса цивилизацияларнинг денгиз ва дарёлар соҳилларида пайдо бўлганлиги тўғрисидаги “потамик назария” деб аталмиш тарихий қоидага мос келади. Ушбу назария барча геосиёсий қурилмаларнинг муҳим нуқтаси ҳисобланишига эътибор бериш керак. Сув ва қуруқлиқнинг кесишиши давлат ва халқлар тарихида муҳим омил ҳисобланади. Бу мавзу кейинчалик Шмитт ва Спайкмэн томонидан ривожлантирилган бўлсада, унга илк бор геосиёсий шакл берган киши айнан Макиндер ҳисобланади. Бундан кейин янада кенгроқ доира: “ташқи ёки оролий ярим ой” (outer or insular crecent) бошланади. Бу ҳудуд Дунё Ороли (World Island)нинг минтақавий массасига нисбатан (географик ва маданий жиҳатдан) бутунлай ташқарида жойлашган. Макиндер фикрича бутун тарих қуйидаги жараёнлар билан сабаб-оқибат тамойилига асосланган ҳолда кечган. Heartlandнинг марказидан унинг атрофига “қуруқлик босқинчилари” томонидан мунтазам равишда ҳужум бўлиб турган. Бу муғуллар босқини даврида айниқса яққол кўзга ташланган. Бироқ улардан олдин скиф, хунн, аланлар томонидан ҳам худди шундай босқин бўлган. Макиндер фикрига кўра, “тарихнинг географик ўқи”дан келиб чиқадиган цивилизациялар heartlandнинг энг ички ҳудудларидан бошлаб “авторитар”, “поғонавий” (иерахиявий), нодемократик”, “савдога асосланмаган” каби хусусиятларга эга. Бундай цивилизациялар қадимги дунёда қадимги Рим ёки Доро Спартаси сингари жамиятларда акс этган эди.             Ташқаридан, “орол яримойи” минтақаларидаги “денгиз босқинчилари” ёки “оролликлар” томонидан Дунё Оролига ҳужум қилинади. Улар Евросиёдан ташқаридаги марказлардан келиб чиққан мустамлакачи экспедициялар бўлиб минтақанинг ички сарҳадларидан келувчи кучларни енгиб денгиз ва қуруқлик кучларини тенглаштиришга интиладилар. «Савдо- сотиқ» ва “демократик” сиёсий тизим “ташқи ярим ой” цивилизацияларига хос хусусиятдир. қадимда Афина давлати ёки Карфаген шундай хусусиятлари билан ажралиб турган.             Икки қутбни эгаллаган ушбу цивилизацион–географик мажмуа оралиғида “ички ярим ой” ҳудуди жойлашган, у икки ёқлама бўлганлиги ҳамда доимий равишда бир-бирига зид бўлган маданиятлар таъсирида қолганлиги туфайли анча ҳаракатчан бўлган ва шу сабабли цивилизациянинг энг тараққий топган ҳудудига айланган. Макиндер фикрича тарих географик ўлароқ минтақавий ўқ атрофида рўй беради. Ушбу тарих айнан “ички ярим ой” ҳудудларида яққолроқ сезилади, айни пайтда “heartland”да “ҳаракатсиз” архаизм, “ташқи ярим ойда” эса қандайдир цивилизациявий тартибсизлик ҳукм суради.             Россиянинг қитъадаги мавқеи.               Макиндер ўз манфаатларини англосаксон орол дунёси, яъни “ташқи ярим ой” ҳудудининг манфаатлари билан тенглаштирган. Бундай вазиятда “дунё ороли” геосиёсий жиҳатдан шундай йўналишга эга бўладики, бунда heartland максимал даражада заифлашади, шунингдек “ташқи ярим ой”нинг “ички ярим ой”га кўрсатадиган таъсири эса имкон қадар кенгайиб боради. Макиндер “тарихнинг географик ўқи”нинг бутун дунё сиёсатидаги стратегик устуворлигини таъкидлаб, муҳим геосиёсий қонунни қуйидагича шакллантирган: “ким Шарқий Европани назорат қилса, “heartland”да устунлик қилади; ким heartlandда устунлик қилса Дунё Оролида устунлик қилади; ким Дунё Оролида устунлик қилса дунёда устунлик қилади. 13             Сиёсий даражада бу Россиянинг стратегик маънодаги етакчилигини тан олишни англатар эди. Макиндер Тарихнинг географик ўқида: “Германиянинг Европадаги ўрни қандай бўлса Россия бутун дунё миқёсида худди шундай марказий стратегик позицияни эгаллайди. У ҳамма томонга ҳамла қилиши ва айни вақтда ўзи ҳам шимолдан ташқари барча тарафдан хужумга дучор бўлиши мумкин. Ундаги темир йўл имкониятларининг тўла ривожлантириш вақт талаб этадиган ишдир”, деб ёзади.             Шундан келиб чиқиб, Макиндер англосаксон геосиёсатининг бош вазифаси “тарихнинг географик ўқи” (Россия) атрофида минтақавий стратегик иттифоқ Ташкил топишига йўл қўймаслик деб ҳисоблаган. Демак, “ташқи ярим ой” кучларининг стратегияси heartlandдан имкон қадар кўп миқдорда соҳилли ҳудудларни тортиб олиш ва уларни “орол цивилизация”си таъсири остига киритишдан иборат.             “Кучлар мувозанатининг ўқ давлат (Россия) томон ўзгариши, унинг Евросиёнинг атроф ҳудудларини истило қилиши билан баробар рўй бериб, минтақанинг улкан заҳираларидан фойдаланган ҳолда қудратли денгиз флоти яратиш имконини берди: бу вазиятда дунё салтанати даражасига етиш ҳам унчалик узоқ эмас. Бунга Россия Германия билан бирлашган тақдирдагина имкон туғилиши мумкин. Ривожланишнинг бундай таҳдиди Францияни денгиз орти қудратли давлатлари билан иттифоққа киришга мажбур қилади ва Франция, Италия, Миср, Ҳиндистон ва Корея “ўқ ҳудудлар” кучларини барча йўналишлар буйича кесиб қўйиш ва бу билан қудратли ҳарбий флот яратишлари учун барча кучларини тўплашларида уларга халақит бериш мақсадида ташқи қудратли давлатлар флотилиялари тўхтайдиган қирғоқ базаларига айланадилар. (Тарихнинг географик ўқи).             Қизиғи шундаки, Макиндер фақатгина назарий гипотеза яратмади, балки Антантани қўллаб қувватлаш мақсадида тузилган “оқ ҳаракат”ни Ташкил этишда фаол иштирок этди. Макиндер бу ҳаракатни немисларга хайрихох бўлган евросиёчи–шўролар қудратини заифлаштиришга йўналтирилган атлантистча ҳодиса деб ҳисоблар эди. Макиндер Англия ҳукуматидан имкон қадар кўпроқ мадад олишга ҳаракат қилган ҳолда шахсан ўзи “оқ ҳаракат” раҳбарларига маслаҳатлар берган. Макиндер гўё нафақат “Брест сулҳи”, балки Риббентроп–Молотов пактини ҳам авлиёларча аввалдан кўра олган эди.             1919 йилда “Демократик идеаллар ва воқелик” китобида шундай ёзган: “Мободо буюк минтақа енгилмас армаданинг асоси бўлиш учун кунлардан бир кун сиёсий жиҳатдан бирлашса денгиз кучларининг аҳволи нима бўлади”? 14             Ярим асрдан сўнг АҚШ ва Шимолий-Атлантика иттифоқининг геосиёсатига айланган англосаксон геосиёсатига Макиндер айнан нима берганлигини англаш мушкул эмас: Евросиё блокини ёки Россия ва Германия ўртасида стратегик иттифоқ тузиш, heartlandнинг геосиёсий жиҳатдан кучайиши ҳамда истилосини амалга оширадиган имкониятларга ҳар қандай усуллар билан бўлсада халақит бериш. XX аср давомида ғарбда кечган узлуксиз русофобия ғоявий эмас, балки кўпроқ геосиёсий характерга эга. Бироқ, у ёки бу кучларнинг цивилизацион тури ва геосиёсий моҳияти ўртасидаги Макиндер кўрсатиб ўтган алоқа ҳисобга олинса, геосиёсий атамалар қулайлик билан мафкуравий атамаларга алмашинадиган формулага эга бўлиш мумкин. «Ташқи ярим ой» - либерал демократия; «тарихнинг географик ўқи – нодемократик авторитаризм; «ички ярим ой» ҳар иккала мафкуравий тизимнинг уйғунлигидан иборат оралиқ андозадир.             Макиндер фаол иштирок этган Версаль шартномасининг асосий геосиёсий ғояси унинг қарашларидан иборат эди. Бу шартнома   ғарбий Европанинг денгиз кучлари (англосаксон дунёси) учун қирғоқ базаси бўлиб қолажагини мустаҳкамлаш учун тузилганди. Шу билан бирга Макиндер немислар ва славянларни бир биридан ажратиб турувчи чегаравий (лимитроф) давлатлар тузилишини ҳам назарда тутади. Бундай оралиқ давлатлар улар ўртасида «орол давлатлари» ва демакки «демократия» учун ҳам ўта хавфли бўлган минтақавий стратегик итифоқ тузишга халақит беради. Макиндер асарларида heartland географик чегараларининг эволюциясини кузатиш жуда муҳимдир.             Агар 1904 ва 1919 йилларда (шунга мувофиқ «Тарихнинг географик ўқи» мақоласи ва «Демократик идеаллар ва воқелик» китобида) heartlandнинг ташқи кўриниши умумий белгиларга кўра Русия Империяси чегаралари, кейинчалик эса СССР чегараларига мос келган бўлса, 40-йилларда Макиндер ўзининг олдинги қарашларини қайта кўриб чиқади ва шўроларнинг Енисей ортида жойлашган Шарқий Сибир ҳудудларини heartlandдан чиқариб ташлайди. Деярли аҳолисиз бўлган ушбу шўро ҳудудларини у Лена дарёси номидан келиб чиққан ҳолда «Lenaland Россияси» деб атайди 15 .             «Нeartlandда Россиянинг 9 миллион аҳолиси бор, 5 миллиони Иркутскдан Владивостокгача бўлган минтақалараро темир йўл ҳудудида яшайди. қолган ҳудудларда ҳар 8 км квадратга бир кишидан кам аҳоли тўғри келади. Бу ернинг табиий бойликлари ёғоч, минераллар бўлиб, уларга умуман қўл урилмаган 16 .             “Lenaland”нинг «Нeartland” чегараларидан чиқарилиши уни «ички ярим ой» ҳудуди сифатида қабуллаш имкониятини, яъни «орол давлатлари» томонидан «тарихнинг географик ўқи»га қарши жанг қилишда қўлланиладиган қирғоқ ҳудуди сифатида фойдаланиш мумкинлигини англатарди. «Оқ ҳаракат» ва Антанта ҳаракатини Ташкил этишда фаол иштирок этган Макиндер афтидан Колчакнинг Евроосиё марказига қарши чиқишини «ташқи ярим ой» ҳудудларига нисбатан бўлажак ҳужум сифатида талқин қилган. Шу туфайли унинг назорати остида бўлган ҳудудларни эҳтимолдаги «қирғоқ ҳудудлари» сифатида қабуллаш учун етарли асос деб ҳисоблаган.             Геосиёсий даврлар хусусида.             Макиндер дунё геосиёсатининг бутун тарихини 3 босқичга бўлади 17 :             1.Колумбгача бўлган давр. Бу даврда Дунё Ороли атрофида яшовчи барча халқлар, масалан римликлар, доимо «ер юраги»даги кучлар томонидан босиб олиш хавф остида яшаганлар. Римликлар учун бу таҳдид германлар, хунлар, аланлар ва форслар томонидан бўлиб турган. Ўрта асрларда эса таҳдид Олтин Ўрда ва ойкуменлар томонидан бўлган.             2.Колумб даври. Бу даврда «ички ярим ой» (қирғоқ ҳудудлари) вакиллари сайёранинг номаълум ҳудудларини босиб олишга отланади ва ҳеч қаерда жиддий қаршиликка учрамайдилар.             3.Колумбдан кейинги давр. Забт этилмаган ҳудудлар қолмайди. Динамик ҳаракатланишда бўлган цивилизациялар тўқнашувга маҳкум бўлиб, ер юзидаги халқлар умумжаҳон миқёсидаги фуқаролар урушига жалб этилади.             Тегишли геосиёсий трансформациялар асосида Макиндер томонидан яратилган бундай даврлаштириш бизни бугунги геосиёсий тенденциялар томон етаклайди.   ХУЛОСА             Тадқиқот давомида минтақавий хавфсизликнинг асрлардан бери шаклланиб келаётган геосиёсий қоидаларга таянган тақдирда мустаҳкам асосга эга бўлишига амин бўлдик. Чунки ҳар бир минтақа ўзининг геосиёсий мавқеига боғлиқ ҳолда жуда жадал ёки нистабатан суст геосиёсий таъсирлашувлар доирасида бўлади. Шу жумладан Марказий Осиё минтақаси ҳам ўзининг геосиёсий аҳамиятигиа кўра қадимдан у ёки бу стратегик кучларнинг геосиёсий рақобати доирасида бўлиб келган. Минтақа геосиёсий аҳамиятининг   юксалиш даврларида бу ерда уруш ҳаракатлари авжига чиққан. Бунга Буюк Искандарнинг юришлари, Араб халифалиги давридаги юришлар, Чингизхоннинг босқинини мисол келтириш мумкин. Минтақа улкан салтанат марказига айланган даврларда эса бошқа ўлкаларни ўзининг геосиёсий таъсир доирасига тортган. Бунга қадимги даврларда Чингиз босқини ва Жалолиддин Мангубердининг озодлик учун курашлари, Темур салтанатининг бутун Евроосиё қитъасига ёйилиши натижасида бутун минтақаларни ўз таркибига тортиб боришини ҳамда Бобур салтатанатини мисол келтириш мумкин. Марказий Осиёнинг XIX асрда Чор Россияси томонидан босиб олиниши, ўтган асрда эса абадий ўзаро зиддиятлар ботқоғида қолишлари учун шўролар томонидан парчалаб юборилиши, улар орасида мураккаб чегаралар тортилиши ва ниҳоят 70 йил давомида бошқа давлат таркибида бўлганлиги минтақанинг тўлиғича ташқи таъсир доирасида қолганлигини яққол кўрсатиб берди.                 Янги аср бўсағасида рўй берган сиёсий жараёнлар дунё харитасида ўнлаб янги давлатларни юзага келтирди. Евроосиё қитъасида янгидан бошланган геосиёсий кураш Марказий Осиё ҳудудини ҳам тўлиғича қамраб олди. Мураккаб геосиёсий жараёнлар кечаётган бугунги даврда минтақавий хавфсизликни таъминлаш биринчи навбатда бир давлат ёки давлатлар бирлиги асосида миллий манфаатлар мутаносиблигини шакллантиришни тақозо этади. Ҳеч бир давлат минтақадаги бошқа давлатлардан ажраган ҳолда якка ўзи ўз хавфсизлигини тўлиқ таъминлай олмаслиги тарихда рўй берган геосиёсий жараёнлардан кўп маротаба исботланган.     АДАБИЁТЛАР :   1.Ўзбекистон Республикаси Конституцияси.-Т.: Ўзбекистон,2003. 2.Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний Ташкилотлар тўғрисида”ги (янги таҳрири). Ўзбекистон Республикасининг қонуни - Т.:Адолат,1998.- 3.“Давлат тили ҳақида”ги (янги таҳрир) Ўзбекистон Республикасининг   қонуни.-Т.:Ўзбекистон, 997.- 4.“Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни.-Т.:Ўзбекистон, 1989.- 4.Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси.-Т.:Адолат,1996. 5.Ўзбекистон Республикасида масофавий таълим тизимини яратиш ва ривожлантириш концепцияси (Лойиҳа)// Хабар.- 2004.- 20 февраль. 6.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳр ва мурувват йили” дастури тўғрисида қарори// Ўзбекистон овози.-2004.-29 январь. 7. Поздняков Э.А. Геополитика.-М.:Прогресс, 1995.   8. .Данилевский Н.Я. Россия и европа.-М.:Глаголь, 1991. 9. .Хантингтон С. Сталкновение цивилизаций, Полис, 1994, №1.