logo

Аҳлоқий тафаккур тараққиётининг асосий босқичлари. Туркистон маърифатчи-жадидларининг ахлоқий қарашлари. (Қадимги дунё, ўрта асрлар, янги давр).

Yuklangan vaqt:

23.09.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

547 KB
Аҳлоқий тафаккур тараққиётининг асосий босқичлари. Туркистон маърифатчи-жадидларининг ахлоқий қарашлари. (Қадимги дунё, ўрта асрлар, янги давр). Режа: 1. Қадимги Шарқ ахлоқий тафаккурнинг бешиги сифатида. 2. Қадимги Ҳинди-Хитой минтақасидаги ахлоқий қарашлар. 3. Қадимги дунёнинг мумтоз ва Румо ахлоқшунослиги. 4. Ўрта асрлар мусулмон шарқи ахлоқшунослигида асосий йўналишлар. 5. Европа Ўрта асрлари ва уйғониш даври ахлоқий таълимотлари. 6. Янги давр ва энг янги давр ахлоқшунослиги. 1. Қадимги Шарқ ахлоқий тафаккурнинг бешиги сифатида. Илм дунёсидаги, ҳар қандай илмнинг тарихисиз назарияси бўлмайди, деган ҳикмат, айниқса, ахлоқшуносликка тааллуқли. Зеро ахлоқшунослик тарихи ахлоқий тафаккурнинг вужудга келиши ҳамда унинг тараққиёти қонунларини ўрганади, маънавий меьроснинг улкан қисми бўлмиш ахлоқий таълимотлар, ҳикматлар, панд-ўгитларни замонавий жамият ҳаётига тадбиқ этиш ва тарғиб қилиш йўлларини таҳлил этади. Гарчанд ҳар бир ахлоқий концепция маълум бир мутафаккир мулоҳазалари ва фаолиятининг меваси бўлса-да, у, моҳиятан, муайян тарихий давр талабларидан келиб чиқади. Айни пайтда, турли одоб ва этикет қонун- қоидаларини ўз ичига оладиган ахлоқий тарғибот муаммолари, ахлоқий панд- ўгитлар ва меъёрлар талабларини бажариш, ахлоқий бошқариш соҳасига киради ҳамда ахлоқшуносликнинг одатда «амалий ахлоқ» деб аталадиган қисмини ташкил этади. Дарҳақиқат, аввал айтиб ўтганимиздек, «Калила ва Димна»сиз, Конфуций ўгитларисиз, «Қобуснома»сиз халқ мақол ва маталларисиз бу фан тараққиётини тасаввур қилиш қийин. Шунингдек, муайян ахлоқий тизимни англаш, баҳолаш ҳам худди тарғибот сингари, маълум маънода адабиёт воситасида амалга оширилишини унутмаслик лозим. Амалий ахлоқнинг дастлабки намуналари бундан уч ярим минг йил аввал дунёдаги биринчи ёзув бўлмиш мих хатда гилтахталарга ёзилган мақол ва маталлардир. Сомир (Шумер) алқовларида (гимнларида) деярли барча бош маъбудлар эзгулик, адолат, ҳақиқат ва яхшилик тарафдорлари бўлганлари учун ҳам мадҳ этилади. Чунончи, қуёш маъбуди Уту ахлоқий меъёрларнинг бажарилишини махсус кузатиб турган, маъбуда Нанше эса, баъзи матнларда ҳақиқат адолат ва шафқат ҳомийси сифатида тасвирланади. Лекин, айни пайтда, маъбудлар томонидан ўрнатилган «Ме» деб аталган қонунлар рўйхатидан олам ҳаракатини тартибга солиш, унинг тўхтовсиз ва уйғун бўлишини таъминлаш мақсадида юқоридаги ахлоқий фазилатлар билан биргаликда – «ёлғон», «нифоқ», «гина», «кудурат», «қўрқув» тушунчалари ҳам ўрин олган. Шунингдек, сомирийларнинг мақол ва маталлари, ҳикмат- иборалари ҳам диққатга сазовор; уларнинг кўпчилиги умуминсоний ҳикматлар даражасига кўтарилган ва Шарқда бир оз бошқачароқ шаклда ҳозир ҳам қўлланилади. Бундан ташқари, турли ахлоқий муаммолар эса «Гильгамеш» эпоси достонларида кўтарилган. Сомирликлар эришган илмий, бадиий, ахлоқий даража, ҳуқуққа оид ютуқлар бобилликлар ахлоқий қарашлари учун асос бўлди. Бобилонда сомирликларникига нисбатан бадиий юксак ва мукаммал «Гильгамеш» эпоси вужудга келди. Адолат ва ҳақиқатнинг ҳимоясини асосий мақсад қилиб олган Бобилон подшоси Хаммурапининг машҳур Қонунлар мажмуи эса қадимги Сомир қонунларининг тадрижий ривожи эди. Бу мажмуада заифларни, етим- есир ва камбағалларни адолат тамойили асосида ҳимоя қилиш асосий мақсад қилиб қўйилган; Хаммурапи унда ўзининг камбағалпарварлиги ва адолатпарварлиги билан фахрланади. Қадимги Мисрда эса одоб-ахлоқ масалалари ўзига хос пандномаларда ифода топган. Улар орасида «Пхатотеп ўгитлари» бизгача етиб келган энг қадимий панднома ҳисобланади. Бундан деярли икки ярим минг йил аввал бешинчи сулола фиръавни Жадкара Исесидан вазир Пхатотеп қарилиги туфайли ўрнига ўз ўғлини тайинлашни илтимос қилади ва ўғлига атаб ўттиз етти насиҳатдан иборат мазкур пандномани ёзади. Унда ўша давр ахлоқий қонун-қоидалари, ўзни тутиш, муомала одоби сингари муаммолар кўтарилади, ахлоқий фазилатлар эса ҳикматлар ва насиҳатлар тарзида тарғиб қилинади. Ундаги ўгитлар юксак бадиияти билангина эмас, балки қулдорлик даври талабларини четлаб ўта олган умуминсоний демократик фикрлар тарзида, ҳақиқий донишмандлик ва инсонпарварлик намунаси сифатида ҳанузгача кишини ҳайратга солади: «Қимматбаҳо тошдек яшириндир оқилона сўз, ҳолбуки уни дон туяётган чўридан топиш мумкин». Агар нафақат Қадимги Мисрда, балки ундан бир неча минг йил кейинги Қадимги Юнонистонда ҳам қул эзгуликка, донишмандликка хос бўлмаган жонзот саналганини ва одам ўрнида кўрилмаганини ҳисобга оладиган бўлсак, Пхатотепнинг мазкур фикри инсоният ахлоқий тафаккур тараққиётида нақадар катта аҳамиятга эга эканини англаш мумкин. 2. Қадимги Ҳинди-Хитой минтақасидаги ахлоқий қарашлар.   Қадимги Туронзамин ва Эронзаминдаги ахлоқий тафаккур тараққиёти зардуштийлик динининг вужудга келиши билан боғлиқ. Тахминан бундан ХХХ аср муқаддам ёйила бошлаган бу диннинг Қадимги Хоразмда яратилган, «Авесто» деб аталган муқаддас китобида асосий ахлоқий фазилатлар ва иллатлар санаб ўтилади, талқин этилади. Унда зардуштийлик илоҳи Аҳура-Мазда – эзгулик, Аҳриман эса ёвузлик тимсоли сифатида намоён бўлади; эзгулик ва ёвузлик, ёруғлик ва зулмат, ҳаёт ва мамот ўртасидаги абадий курашнинг ибтидоси акс этади. «Абадий эзгулик», «Эзгу ният», «Эзгу тартиб», «Илоҳий тобеълик», каби эзгу тушунчалар реал маъно касб қилиб, инсонийлашган қиёфадаги маъбудлар сиймосида намоён бўлади, улар Аҳура-Мазда атрофида яхшилик уруғини сепиб юради. Бундай тушунчаларнинг акси эса Аҳриман атрофидаги ёвуз кучларда реаллашади. Ёвуз фикр тажассуми Апа Мана, сўлиш ва ўлим тимсоли Туарви ҳамда Зарик исмли девлар шулар жумласидандир. Зардуштийлик динини маълум маънода ахлоқий эътиқод, унинг муқаддас китоби «Авесто»ни қадимги аждодларимиз амал қилган ахлоқий тушунчалар ва кўрсатмалар мажмуи дейиш мумкин. Буни ушбу дин пайғомчиси Зардуштнинг «Авесто» даги Аша алқовидан жой олган қуйидаги сўзларида яққол кўриш мумкин: Қувонсин Аҳура-Мазда – «Энг лойиқ ҳақнинг иродаси рўёбга чиқиб», Ахриман даф бўлсин. Эзгу ўй, эзгу сўз ва эзгу ишларни алқайман, ўзимни буткул эзгу уй, эзгу сўз ва эзгу амалларга бахшида этаман, Барча қабиҳ уй, ёмон сўз ва ёмон ишлардан тияман, Юкунчим, мақтовим, эзгу фикрим, Эзгу сўз (савобли) эзгу ишларим «танамдаги жоним» билан бирга сидқи дилдан Сизларга (бахшида) бўлсин, Эй ўлим билмас Валийлар. ҳақни шарафлаб (дейман): «ҳақиқат – Олий неъмат. Бу неъматдан ул киши баҳрамандким, савоб унга бўлгай, ким агар хақ йўлида савоб (ишдан) қолмаса, савоб ишдан қолмаса, савоб ишдан қолмаса». «Авесто» даги талқинлар инсоннинг реал ҳаёти билан боғлиқ эканлиги диққатга сазовор. Ундаги эзгулик руҳи – яратувчилик, ижодкорлик қуввати, Ёвузлик эса бузиш ва бузғунчилик кучи тарзида номоён бўлади. Ахура-Мазда қиёфасидаги бу эзгулик – ҳаёт рамзи, ерни инсон, ҳайвонот ва наботот билан бойитади, инсон уларни соғлик куч-қудрат, бахт, шодлик, умид, ишонч, гўзаллик, фаровонлик ёрдамида мунаввар қилади. Ахриман қиёфасидаги ёвузлик эса қурғоқчилик, очарчилик, касаллик, моллар қирғинини, жисман ва руҳан ҳалокат сингари офатларни келтириб чиқаради. «Авесто»да умри давомида эзгулик, яхшилик, поклик ва тозалик тамойиллари билан иш кўрган одам ўлгандан сўнг унинг руҳи роҳат- фароғатда бўлиши, гуноҳкор, фосиқ кишиники эса аксинча: азоб-уқубат ҳамда хунуклик комига маҳкум этилиши айтилади. Буни профессор Тилаб Маҳмудов ўзининг «Авесто» ҳақида» деган катта мақоласида атрофлича ёритади: солиҳ одам ўлгач, руҳининг жони уч кун унинг бошида завқ-шавқ, роҳат-фароғат оғушида туради, кейин хушбўй ўсимликлар юзига қалқиб чиқади. Уни ажиб бир шабада, муаттар насим қаршилайди. Шабада қўйнида ўн беш яшар, барча гўзалликлардан ҳам гўзал қиз намоён бўлади. Бу гўзал қиз эзгулик ва поклик, савоб ишларнинг тимсоли. У руҳга қарата: «Мулойим эдим, янада мулойимроқ қилдинг, чиройли эдим, янада гўзал қилдинг, баландда эдим, эзгу ўй, эзгу сўз ва эзгу аъмол билан мени янада баландга кўтардинг», дейди. Гуноҳкор, ёвуз одамнинг руҳи эса, вужуд устида уч кун қолиб, тенгсиз азобларни бошдан кечиради. Уч кундан сўнг у ўзи яратган барча ёвузликлар устида парвоз қилади. Сўнг тириклигида ҳеч қачон учратмаган барча хунукликлардан ҳам хунукроқ бадбашара қизни учратади. «Эй қора юрак, заҳар тилли, мунофиқ гуноҳкор, – дейди қиз, – мен қиз эмасман, сенинг тириклик пайтингда қилган аъмолларингман. Сен тириклигингда Худога эътиқод қўйганларни кўра-била туриб, девларга сиғингансан. Яқин-узоқдан келган мусофирларга бошпана берганингда, меҳнат қилдирганингда хайр-садақа улашганингда, уларни камситгансан, яхши одамларни ҳақорат қилгансан, уларнинг юзига эшигингни ёпиб қўйгансан. Мен – сен ўйлаган ёмон ўй, сен айтган ёмон сўз, сен қилган ёмон аъмолларингман. Номуссиз эдим, сен туфайли баттар оримни йўқотдим, жирканч эдим, янада жирканчли бўлдим, шарманда эдим, баттароқ шармисор бўлдим». Бу ерда руҳ ва вужуд муаммоси ифода топганини илғаб олиш қийин эмас. Зеро «Авесто»да жон-руҳ тушунчаси ўта илоҳийлаштирилмайди, маълум маънода «дунёвий»лаштирилади ва ўз эгаси билан мулоқот қилувчи виждон сифатида намоён бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, «Авесто»да инсон олий жонзот тарзида талқин этилади. Айни пайтда еру кўкдаги барча неъматларни севиш, ардоқлаш инсоннинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Озодалик, тозалик гигиеник тушунчадан ахлоқий ва илоҳий тушунча даражасига кўтарилади: сувни, атроф-муҳитни тоза тутиш, жониворларга, хусусан, итга учи ўткир суяк ёки қайноқ овқат бермаслик – уларга нисбатан шафқатни англатади; инсон шафқатли бўлиши керак. Буларнинг ҳаммаси «Авесто»да экологик ахлоқшуносликнинг дастлабки куртаклари ҳам мавжудлигини кўрсатади. Бу муқаддас китобдаги турли-туман маъбудлар бизнинг тушунчамиздаги пир даражасидадир (масалан, темирчиликнинг пири-ҳазрати Довуд в.ҳ). Илоҳ эса – битта: Аҳура-Мазда, фақат унгагина сажда қилинади. Демак, яккахудоликни, тавҳидни тарғиб этишда ҳам биринчилик «Авесто»га мансуб. «Авесто»даги баъзи бир урф-одатлар ва иримларнинг ҳозирги кунда ҳам сақланиб қолганини кўришимиз мумкин. Исириқ тутатиш, қурбонлиқ учун сўйилган жон калласини даврадаги ўтағасилар олдига қўйиш одатлари ҳамда севимли Наврўз байрамимиз фикрларимизга далилдир. Хуллас, «Авесто» юқорида айтганимиздек, аждодларимизнинг ахлоқий эстетик қомуси, қадимий урф-одатларимизниниг ўзига хос мажмуи сифатида қимматлидир.   Қадимги Шарқ ахлоқшунослигида Қадимги Ҳиндистон ахлоқий тафаккури алоҳида ўринга эга. У тарихан ведачилик, йўга, жайнчилик, буддҳачилик, «Бхагавадгита» ва «Артхашастра» ҳамда локоята оқимларидан ташкил топган. Ведачилик ахлоқшунослиги қадимги ҳинд жамиятини тўрт табақа- варнага бўлади; браҳманлар (коҳинлар), кшатарийлар (ҳарбийлар), вайшчилар (деҳқонлар, косиблар), шчудралар (қуллар). Машҳур «Ману қонунлари» да ёзилишича, браҳманнинг машғулоти – таълим бериш, Ведани ўрганиш, қурбонлик қилиш, садақа улашиш ва туҳфалар олиш; кшатарийлар фуқароларни қўриқлайдилар; вайшчилар чорва, тижорат, судхўрлик ва деҳқончилик билан шуғулланадилар; шчудралар эса ана шу уч ижтимоий гуруҳга хизмат қилади. «Хотин, ўғил ва қул – учаласи хусусий мулк эгаси ҳисобланмайди, улар кимники бўлса, ўшанинг қўлга киритган мулкидир» – дейилади «Ману қонунлари»да. Ведачилик ахлоқига кўра, брахманлар туғма ахлоқий юксак одамлар, шчудралар эса туғма тубан ахлоқ эгалари ҳисобланади. Лекин кейинги оқимларда, йўга, жайнчилик, айниқса, буддҳачилик ахлоқшунослигида, ахлоқий фазилатлар эгаси бўлиш инсоннинг зоти ижтимоий келиб чиқиши билан эмас, балки унинг шахсий камолоти билан боғлиқ, деган фикр илгари сурилади. Буддҳа таълимотига кўра, дунё изтиробга тўла ва энг муҳим муаммо ана шу изтироблардан қутилишнинг йўлини топиш. Нақл қилишларича, ўз тенгдошлари билан айшу ишратда умр кечирган шаҳзода Сидҳарта Гаутама кунлардан бирида сайр қилиб юриб, касал чолни ва жаноза маросимини кўради. Ҳар бир кишини касаллик, қарилик ва ўлим кутишини эшитиб, ларзага тушади, одамлардан қочиб, тарки дунё қилади ва тўрт эзгу ҳақиқатни англаб етади ҳамда уни одамларга етказади. Унинг қисқача баёни шундай: 1.   Бу дунёдаги ҳаёт изтиробларга тўла. 2.   Бу изтиробларнинг сабаблари бор. 3.   Бу изтиробларга барҳам бериш мумкин. 4.   Изтиробларга барҳам беришга олиб борадиган йўллар мавжуд. Буддҳанинг тўртинчи ҳақиқати, айниқса, ахлоқшунослик нуқтаи назаридан муҳим.   У Буддҳа ўтган ва ҳамманинг ўтиши мумкин бўлган нирванага (эҳтирос, нафрат, пушаймон аста-секинлик билан сўниб бўлгандан кейинги ҳолатга) етишиш йўлидир. У саккиз фазилатга эришувдан иборат: 1)   тўғри қарашлар; 2)   тўғри журъат; 3)   тўғри хатти-ҳаракат; 4)   тўғри нутқ; 5)   тўғри ҳаёт тарзи; 6)   тўғри жаҳд-жадал; 7)   фикрни тўғри йўналтириш; 8)   диққатни тўғри қаратмоқ. Шундай қилиб, саккиз йўл бир-бирини тақазо этувчи уч омил – билиш, хатти-ҳаракат ва диққатнинг бирлигидан иборат. Билим ва ахлоқ бу ўринда яхлитликка эга; фазилат билимдан (иллат эса билимсизликдан) келиб чиқади, шу сабабдан билимни фазилатсиз такомиллаштириш мумкин эмас. Бу ахлоқий комилликка етишишнинг тугалланган концепцияси «Сочларининг фатиласи, сулоласи ёки зоти туфайли браҳман бўлмайди. Кимдаки ҳақиқат ва дҳамма бўлса, ўша бахтли ва ўша браҳман», дейилади буддҳачилик ахлоқий қоидалари жамланган китобда. Шундай қилиб, буддҳачилик томонидан ведалар обрўси, браҳманларнинг истисноли ҳолати инкор этилади, жамиятни варналарга бўлиш қораланди. Шубҳасиз, бу ахлоқий тараққиёт кўринишларидан бири эди. Буддҳачилик ахлоқшунослиги нафақат Ҳиндистонда, балки Қадимги Хитойда ҳам ўзига хос мавқе эгаллади. Лекин у ерда яна икки ахлоқшунослик йўналиши катта аҳамиятга ва қамровга эга эди. Улардан бири даочилик. Даочилик таълимотининг асосчиси Лао-цзи (милоддан аввалги VI-V асрлар) йирик намоёндаси Чжуан-цзи (милоддан аввалги 369-286   йилар) ҳисобланади. Лао-цзига нисбат бериладиган «Дао дэ цзин» китобида даочиликдаги асосий йўналишларнинг моҳияти акс этган. «Дао – ҳамма нарсадан устун», «илдиз», «Ер ва осмоннинг онаси». «дунёнинг илк асоси», «ци» эса моддий асос, дао «дэ» ни – фазилатни ундан яратади. Шунингдек, «дао» йўл маъносини ҳам англатади. «Дао дэ цзин» ни «фазилат йўли» деб ҳам аташ мумкин. Инсон мавжуд олам каби дао қонунлари асосида вужудга келган, у табиатнинг бир қисми, унинг вазифаси фазилат (дэ) йўлидан бориш. ҳар қандай сунъий аралашув, табиатнинг мувофиқлик тартибини ўзгартиришга интилиш-одамлар учун ҳалокатли, барча ёвузликларнинг, сон-саноқсиз бахтсизликларнинг манбаи табиат жорий этган қонунлардан чекинишдадир. Шу сабабли Лао-цзи наздида фаолият даога қарши қаратилган ва халққа зарар келтиради, унинг асосий ахлоқий тамойили «увэй» – фаолиятсизлик; донишманд кишининг «дао»си, бу – курашсиз фаолият. Лекин бу курашсиз фаолият аслида табиатга қарши бўлмаган фаол хатти-ҳаракат, фақат даога хос, табиат қонунларига мос фаолият. Айни пайтда, Лао-цзынинг фикрича, донишманд билимини ошира бориб, уни одамларга тарқатмайди, фақат халқнинг фаровонлиги учун ишлатади; «Халқнинг билими кучли бўлса, уни бошқариб бўлмайди. Унинг емагини тотли, кийимини чиройли, уй-жойини тинч, ҳаётини қувончли қилиш керак». Ана ўшанда, яъни илм фан тараққий этмаса, цивилизация кириб келмаса, бир давлат қўшни давлатга кўз олайтирмайди, уруш бўлмайди. Хуллас, донишманд ибтидоий даврларни идеаллаштиради. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, даочилик ахлоқшунослигидаги асосий мақсад – одамларнинг табиат кўрсатган йўлдан боришига эришиш; тамойили – фаолиятсизлик; халқнинг бахти – унинг уруғчилик, қабилачилик муносабатларидаги тенглик ва соддаликка қайтишида; донишмандларнинг бахти эса мўьтадиллик; хотиржамлик, табиатга яқинликдадир. Даочиликнинг асосий рақиби ҳисобланмиш конфуцийчилик эса қора халқдан нодонлиги учун жирканади, уни ахлоқий ҳаётга номуносиб деб билади. Зеро, конфуцийчиликнинг ахлоқий идеали цзюн-цзи ҳимматли жўмард. Унинг юксак фазилатлари – фидойилик, софдиллик, садоқат, адолат. У муомала бобида мулойим, юксак мартабалиларга ҳурмат билан мурожаат қилади, халққа нисбатан эса ҳимматли, адолатли муносабатда бўлади. Конфуций таълимотида асосий ахлоқий қонун, асосий ахлоқий тушунча-жэнь (инсонийлик). «Лунь юй» («Ҳикматлар») китобида шундай дейилади; «Кимки чин дилдан инсонни севишга интилса, у ёвузлик қилмайди». «ўзингга эп кўрмаган нарсани ўзгага муносиб кўрма, шунда давлатда ҳам, оилада ҳам ўзингга нисбатан ёвлик ҳис қилмайсан». Демак, жэнь – ҳам жамият, ҳам оила аъзолари орасидаги муносабатларни белгилайдиган ахлоқий тамойил. У билан «сяо» – ота-онани, катталарни ҳурмат қилиш, «ли» – урф-одат, маросимларни эъзозлаш тушунчалари мустаҳкам боғлиқ. Айни пайтда «ли» тушунчасининг маъноси анча кенг, у давлатга бўлган муносабатни ҳам ўз ичига олади. Ҳоқон (император) – Осмон ўғли, у Осмон остидагиларнинг барчасига ота. Осмон остидаги тартиб-қоида эса қуйидагича: «Подшо–подшо, ота—ота, мулозим–мулозим, ўғил–ўғил бўлиши керак». Фазилат эгаси бўлишнинг конфуцийчиликда икки хил йўли аниқ кўзга ташланади: халқ учун – урф-одатларга сўзсиз, ўйлаб ўтирмасдан бўйсуниш; ҳимматли жўмард учун эса ўзини ахлоқий жиҳатдан такомиллаштира бориш ва ахлоқий бурчини онгли равишда бажариш. Конфуцийчиликнинг ҳимматли жўмард тарбияси тизимидаги ҳикматлари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.; «Устоз, дебди: Ю, сен олти иллатнинг олти босқичини биласанми?» Цзин- лу: «Йўқ,» деб жавоб берибди. Устоз дебди; «Ундай бўлса, ўтир, айтиб бераман. Инсонпарварликни севиш-у, илм олишни севмаслик, иллат шундаки, бу – бефаросатликка олиб келади, донишмандликни севиш-у, илм олишни севмаслик иллат шундаки, бунда инсон ўз умрини майда ишларга сарфлайди, ҳақиқатгўйликни севиш-у, илм олишни севмаслик, иллат шундаки, бу – ўзига зарар етказишга олиб келади, тўғриликни севиш-у, илм олишни севмаслик, иллат шундаки, бу – қўполликка олиб келади; мардликни севиш-у илм олишни севмаслик, бу-исёнкорликка олиб келади, қатъийликни севиш-у, илм олишни севмаслик, бу-бошбошдоқликка олиб келади». Конфуций қарашларини унинг издошлари Мэн-цзи, Сюнь-цзилар давом эттирдилар. Бу таълимот Хань давридан (милоддан аввалги II асрдан милоднинг II асри) бошлаб, то XX асрнинг бошларигача Хитой мафкурасига асос бўлиб хизмат қилиб келди. Бундан ташқари конфуцийчиликка қарши турган Мо-цзи, Хан Фей-цзи, Ван Чун сингари ахлоқшуносларнинг қарашлари ҳам Хитой ахлоқий тафаккури тарихида ўз ўрнига эга. Қадимги Шарқ ахлоқшунослиги эришган ютуқлар шунчаки тарих бўлиб қолмади. Уларни ўзлаштириш натижасида, Шарқ билан яқин алоқа қилиш учун жуғрофий қулайликларга эга бўлан Қадимги Юнонистоннинг полисларида (шаҳар-давлатларида) ахлоқшунослик янги босқичга кўтарилди. Кейинчалик Қадимги Шарқда илгари сурилган ғоялар, қўлланган тушунчалар, назарий-амалий тажриба билвосита бутун Оврўпо учун ҳам аҳамият касб этди. Чунончи, машҳур афсонавий донишманд Пифагор мисрлик ва эронлик алломалардан таьлим олди. У зардуштийлик дини ҳақида фикр юритар экан, Аҳура-Маздани «Уларнинг худоси Орамазданинг қалби ҳақиқатдан, вужуди нурдан иборат», деб таьрифлайди. Шунингдек, Суқрот, Афлотун, Арасту сингари Қадимги Юнон алломалари ҳам Қадимги Шарқдаги фалсафий-ахлоқий таълимотлардан кенг фойдаланганлар. Масалан, руҳнинг кўчиб ўтиши борасидаги Афлотун назариясининг фалсафий ва ахлоқий асослари Қадимги Ҳиндистон фалсафасига бориб тақалади. 3. Қадимги дунёнинг мумтоз ва Румо ахлоқшунослиги. Қадимги Юнон ахлоқшунослиги ҳақида гап кетар экан, асосан, тўрт буюк файласуфнинг номини тилга олиш одат бўлиб қолган; Суқрот, Афлотун, Арасту, Эпикур. Лекин, аслида, уларгача ҳам Қадимги Юнонистонда ахлоқшунослик борасида анча-мунча ишлар қилинган. Чунончи, Демокрит, Пифагор, Гиппий, Горгий сингари софистлар (донишмандлар) оқимига мансуб файласуфларнинг қарашлари диққатга сазовор. Мисол тариқасида Демокритнинг (тахминан милоддан аввалги 450-370   йиллар) қарашларини олиб кўрайлик. У донишмандликни энг юксак фазилат, ақлни эса ахлоқий хатти-ҳаракатнинг мезони деб билади ва донишмандни ахлоқли, нодонни ахлоқсиз одам сифатида таьрифлайди. Демокритнинг фикрига кўра, инсон учун ҳаётдаги биринчи устоз эҳтиёж ва тажрибадир. Айнан шулар инсонни фойдали ва зарарли нарсаларни фарқлаш даражасига олиб келади. Демокрит Қадимги Юнон файласуфлари ичида биринчи бўлиб инсоннинг ички дунёсига мурожаат қилди. У ниятни (хатти-ҳаракат сабабини) ҳаракатдан ажратади. Айни пайтда; «Номусли ва номуссиз одамни нафақат қилмиши, балки нияти орқали ҳам билиб олса бўлади», дейди мутафаккир. Демокрит ҳаё ва ишончни инсонни қинғир ишлардан қайтариб турувчи куч тарзида таърифлайди. Фақат руҳан заиф ва гумроҳ одамларгина ўз муваффақиятсизликларини маъбудлар, тақдир ва тасодифдан кўрадилар. Нодон ва ёмон одам лаззат, бахт ҳамда ҳаётнинг мақсади ҳақида нотўғри тасаввурга эга бўлгани учун ўзини бахтсизликка мубтало қилади. Суқрот (милоддан аввалги 470-399   йиллар) қарашларига келсак, у, Конфуцийга ўхшаб, ахлоқ билан ҳуқуқни бўлинмас яхлитликда олиб қарайди: «Нимаики қонуний бўлса, ўша адолатдандир». Иккала мутафаккир ҳам ҳукмронликнинг яхши ёки ёмон деб баҳоланишини фуқаролар тарбияси билан боғлайди, жасорат ва бетамаъ хизмат намуналарини ўз давлатлари ўтмишидан топади. Суқротнинг фикрича, полис билан фуқаро ўз ҳуқуқлари жиҳатидан тенг эмас; улар ота билан ўғилга ўхшайди. Ахлоқнинг асосий моҳияти- ўзгармас ва абадий асл фазилат бўлмиш донишмандлик. У ахлоқий хатти- ҳаракат мезони ҳисобланган илоҳий ёзмишга мос келадиган бенуқсон фаолиятдир. Ахлоқнинг манбаи эса инсондан ташқарида, илоҳийдир. Суқрот руҳни (жон, қалб, нафсни), вужуддан фарқли равишда, ўлмас деб ҳисоблайди, лекин ўз қарашларини ривожлантирмайди. Унинг фикрича, бу борадаги ортиқча қизиқувчанлик зарарли. Чунки маъбудларга ўзлари одамларга очишни истамаган нарсаларнинг тадқиқ этилиши ёқмайди. Суқротдан фарқли ўлароқ, Афлотун (милоддан аввалги 427-347) ахлоқшунослиги учун, аксинча, ғоялар ва руҳ ҳақидаги таълимотлар асос бўлиб хизмат қилади. Афлотуннинг ғоялар таълимотига кўра, бизга кўриниб турган, биз қилаётган дунё бор-йўғи соялар ўйини, ҳақиқий дунёни кўриш учун эса инсон ақли ожизлик қилади. Инсон ғор деворига кишанбанд қилиб қўйилган тутқунга ўхшайди, у фақат ҳақиқий борлиқнинг ноаниқ сояларини кузатади, ҳақиқий борлиқ эса соялар орқасида, кўринмайди. Уни инсон кўрмайди, бироқ ўша асл борлиқни кўра оладиган мангу – ўлмас руҳ мавжуд. У ғоялар дунёсига дахлдор, лекин унинг фақат ақлий қисмигина ана шу дунёга қаратилган, эҳтирос ва ҳирсли қисми эса доимо гуноҳкор ерга томон тортади. Афлотун руҳнинг бу икки хиллик жиҳатини аравакаш (ақл) билан кўпирган отлар (эҳтирос ва ҳирс) орасидаги кураш сифатида талқин этади. Отлар баланд келганда руҳ (қалб, жон) ғоялар дунёсидан вужудга йиқилади ва инсон туғилади. Инсоннинг туғилиши шундай қилиб, руҳнинг гуноҳга ботиши баробарида воқе бўлади. Барча билимлар хотира натижасидир; руҳ ғоялар дунёсидан билганларининг баьзиларини эслайди ва вужуддаги ҳаётида бирор-бир диққатга сазовор янгиликни ўзига касб этмайди. Шундай қилиб, Афлотуннинг фикрича, ахлоқ, илоҳий асосга эга ва ахлоқий фазилат инсонга азалдан берилган. Афлотун донишмандликни олий фазилат, руҳдаги ақлий қисмнинг намоён бўлиши деб билади ва давлатни бошқаришга лойиқ ягона тоифа сифатида донишманд-файласуфларни тан олади. Ёвқурлик – қўриқчиларга, давлатни ҳимоя қилувчи аскарларга хос. Руҳнинг ҳирсли қисми билан боғлиқ бўлган мўьтадиллик ҳунарманд-косиблар, деҳқонларга, яьни. халққа хос. Улар аввалги табақага бўйсуниши шарт. Улардан сўнг қуллар туради. Қуллар ахлоқдан ташқарида, ҳар қандай фазилатдан йироқ, зотан уларнинг руҳга эгалиги гумон. Бундан ташқари, Афлотунннинг фикрига кўра, адолат-шахсий фазилат эмас, давлатга хос фазилат. Шу сабабдан у: «Биз табиатига кўра учга бўлинган табақаларнинг ҳар бири фақат ўз юмуши билан шуғулланган давлатнигина тан оламиз», дейди. Шунингдек, тижорат фуқароларни йўлдан оздирадиган соҳа бўлгани учун, у билан адолатли давлатда хорижликлар шуғулланиши керак. Афлотун ахлоқшунослигининг муҳим хусусияти шундаки, унда ахлоқнинг асоси, ахлоқий намуна сифатида илоҳийлик олинади. Файласуфнинг фикрича, кимда-ким Худонинг марҳаматига эришмоқчи экан, унга иқтидо қилмоғи, ундан намуна олмоғи керак; Худо барча нарсалар учун мезон; фақат Худога ишонувчи ва тақлид қилувчи кишигина донишманд бўлиши мумкин. Хуллас, Афлотуннинг ахлоқшунослиги қатъий диний табиатга эга. Айни пайтда у кўп жиҳатдан ведачилик ахлоқшунослигидаги ғояларни ўз ичига олади ва уларни ривожлантиради. Афлотундан сўнг икки қадимги юнон алломаси – Арасту (милоддан аввалги 384-322   йиллар) ва Эпикурнинг (милодан аввалги 341-270   йиллар) ахлоқ назариялари диққатга сазовор. Афлотуннинг шогирди Арасту биринчи бўлиб ахлоқшуносликни руҳшунослик билан сиёсатшунослик оралиғидаги алоҳида фалсафий фан сифатида тақдим этди ва унга (кейинчалик Оврўпода қабул қилинган) « Этика « деган номни берди. Арастунинг ахлоқий қарашлари, асосан ўғлига бағишланган «Никомахнинг ахлоқ китоби» ва «Эвдемнинг ахлоқ китоби» ҳамда «Катта ахлоқ китоби» рисолаларида ўз аксини топган. Арасту Қадимги Юнон мутафаккирлари ичида биринчи бўлиб ихтиёр эркинлигини ахлоқнинг асоси сифатида олиб қарайди ва ахлоқий фазилатни Афлотунга қарама-қарши ўлароқ, руҳнинг туғма хусусияти эмас, балки касб этиладиган (ҳосил қилинадиган) сифат эканини айтади. У барча фазилатларни иккига бўлади: биринчиси, руҳнинг донишмандлик, тажрибакорлик, топқирлик сингари маънавий соҳа билан боғлиқ ақлий қисмига оид фазилатлар ва, иккинчиси, руҳнинг интилувчан (ихтиёрий) қисми – соф ахлоқ билан боғлиқ фазилатлар. Унинг фикрича, асосий фазилат адолатдир. «Фазилат, – дейди Арасту,   – маълум маънода ўрталикдир, зеро, доимо ўрталикка интилади». Масалан, мардлик телбавор жасорат билан қўрқоқлик орасидаги ўрталик ва ҳоказо. Шунингдек, мутафаккир ниятга катта аҳамият беради ва уни ҳаракатнинг тамойили, бошланиши деб атайди. Лекин у пировард мақсад эмас, ниятнинг тамойили эса интилиш ва ақл, шу сабабли ният ақлдан, эс-ҳушдан ва одобдан ташқарида бўлмайди. Арасту, Афлотундан фарқли ўлароқ, вужуд ва руҳ яхлитлиги нуқтаи назарини илгари суради; инсон камолотга, олий эзгулик ва эркинликка билиш фаолияти, воқеликка фаол муносабати орқали, ҳирсу эҳтирослар устидан ҳукмронлик қила олиши туфайли эришади, деган фикрни айтади. Демак, инсонда ихтиёр эркинлиги бор, зеро у эзгулик ёки ёвузликни, фазилат ёки иллатни танлашда бир хил ҳукмронлик мавқеига эга. Мақсад билан воситани Арасту яхлитликда кўради; мақсад воситани белгилайди, шу сабабли мақсаднинг ахлоқий табиати фақат ахлоқий воситаларнигина тан олади ва, айниқса, ахлоқсиз мақсад ахлоқсиз воситаларни талаб қилади. Арасту ақл-идрок фаолиятини ҳаёт ва фаолиятнинг олий шакли, ҳеч бир нарса билан қиёслаб бўлмайдиган қадрият деб ҳисоблайди. Олий ақл доирасида субьект ва объект, фикр ва фикрнинг нарса ҳодисаси бир-бирига мос, яъни Олий ақл (Худо) тафаккур ҳақидаги Тафаккурдир. Гарчанд инсон ҳеч қачон илоҳий ҳаёт даражасига етиша олмаса-да, лекин унга, идеал сифатида имкон борича интилиши керак; инсон эришган комиллик доимо нисбий бўлади. Шундай қилиб Арастунинг фикрича, ахлоқли инсон ақлий фазилатлар билан йўғрилган кишидир; ақлни инсон эмас, инсонни ақл белгилайди. Аёл зоти эса паст даражали, заиф, кўз ёшига эрк берадиган, ўзини тутолмайдиган инсон, уларда эҳтирос ақл-идрокдан юксак туради, иллатларга эркакларга нисбатан кўпроқ мойил бўладилар, шунинг учун ҳам донишмандлик уларга хос эмас; хотин эрга бўйсуниши адолат тамойилини бузмайди. Санъат, сиёсат ва илм фан озод кишилар учун. Қул, умуман, ахлоқдан ташқаридаги мавжудот. Қулларни паст табақали кишилар, хатто жонли нарсалар қаторига киритиш Арастунинг инсон моҳиятини ижтимоий-сиёсий мавжудот сифатида тушунишидан келиб чиқади. Унинг учун жамиятдан, қабила, жамоа, давлатдан ташқаридаги одам – ё Худо, ёки ҳайвон. Шу боис ёт қабиладан келган, полис фуқаролиги ҳуқуқига эса бўлмаган қуллар одам ҳисобланмайди. Қул фақат озодликка эришгандагина инсонга айланади. Арасту, юқорида келтирганимиздек, илмни (ақлни) ахлоқдан (виждондан) юксак қўяди ва бу билан мушоҳадакор ҳаётни, назарияга, ижодга бағишланган ҳаётни ахлоқий идеал тарзида талқин этади. Шунга кўра, буюк мутафаккир антик дунё фуқаросининг анънавий фазилатлари бўлмиш донишмандлик, мардлик, одиллик, дўстликни юксак қадрлайди. Бироқ, унинг инсонга муҳаббати, инсонпарварлиги бизнинг ҳозирги барча бандалар Худонинг олдида баравар, деган тушунчамиздан фарқ қилади. Юқорида кўрганимиздек, унинг наздида одамлар тенг эмас, тенглик тушунчаси Арастуга ёт. У фақат одамлар ўртасидаги дўстлик ва хайрихоҳликни тан олади. Эпикур эса ўз қарашларида фалсафанинг амалий мақсадини, ахлоқий мазмунини таъкидлайди: «Инсоннинг бирор бир изтиробига даво тополмайдиган файласуфнинг сўзлари маъносиздир. Бадандан касалликни қува олмайдиган табобатдан ҳеч қандай фойда бўлмагани каби, руҳни (қалбни) даволай олмайдиган фалсафадан ҳам фойда йўқ«. Эпикурнинг фикрига кўра, инсонда танлов ихтиёри бор. У ҳам Демокрит каби эзгулик ҳақидаги таълимотни лаззат ва изтироб муаммосидан бошлайди. Унинг учун энг муҳими руҳий ҳотиржамлик. Дўстларидан бирига у шундай деб ёзади; «Заррин тўшагу тўкин дастурхонинг бўлиб, беҳаловат яшагандан кўра, похол тўшакда хотиржам ётганинг афзал!» Фазилатлар орасида Эпикур адолат билан донишмандликка алоҳида эътибор билан қарайди. Адолат тушунчасида мутлақлик ва нисбийлик ҳоллари мавжудлигини таъкидлаб ўтади: «Умуман, адолат ҳамма учун бир хил, чунки у одамлараро муносабатлардаги фойдали ҳодиса; лекин муайян мамлакатларнинг ўзига хослиги нуқтаи назаридан ва шунга ўхшаш бошқа шароитларда адолат барча учун бир хилда бўлолмай қолади.» Фазилатларнинг моҳияти инсонни лаззатга олиб боришдан, хотиржамликка ҳамда руҳнинг фаолиятли ҳолатига хизмат қилишдан иборатдир. Бахт эса ахлоқий ва жисмоний соғломликдан юзага келади. Ўлим қаршисидаги қўрқув борасида гапириб, Эпикур, унинг манбаини руҳнинг ўлмаслиги ва изтиробларнинг абадийлиги ҳақидаги нотўғри тасаввурларда деб ҳисоблайди. Зеро руҳ ҳам вужуд сингари атомлардан иборат. Табиатдаги ҳамма нарса атомлар бирикувидан ҳосил бўлган, уларнинг парчаланиши билан руҳ ҳам парчаланади. ўлим хавфининг асоссиз эканини исботлаш учун у шундай дейди; «Ёвузликнинг энг даҳшатлиси бўлмиш ўлимнинг бизга ҳеч қандай алоқаси йўқ, чунки биз ҳали мавжуд эканмиз, ўлим келмайди, ўлим келганда эса, биз мавжуд бўлмаймиз. Шундай қилиб, ўлимнинг тирикларга ҳам, ўликларга ҳам алоқаси йўқ, чунки бирлари учун у мавжуд эмас, бошқаларининг эса ўзлари мавжуд эмас». Эпикур изтиробдан қочишни эмас, уни енгиш кераклигини таъкидлайди. Бунинг учун ахлоқий қатъият, фикр ёрқинлиги, фикр қудрати изтиробга қарши қўйилиши керак. Унинг ахлоқий идеали – ердаги ҳаётга нафрат билан қарамайдиган, аксинча, табиат билан ҳамнафас бўлиб, яъни табиат белгилаб берган ҳаётий мақсадга мувофиқ яшайдиган донишманд, файласуф. Айнан табиатга мувофиқликда, турли бидъат ва алдамчи фикрлардан қутилиб, ўз эҳтиёжларини табиий зарурат билан мослаштирган ҳолдагина донишманд тафаккур ва ички эркинлик борасида олий даражадаги лаззатга эришади. Донишманд ўз кучи меъёрини билади ва ундан оқилона фойдаланади. Унга бахт манбаи-фақат маънавий эзгуликда, дўстлик билан билимда бўлган нисбатан мустаҳкам ва узоқ муддатли лаззатда экани аён. Эпикур одамларнинг муносабатларида ҳаммасидан аввал тенглик ва ҳамфикрлиликка асосланган дўстликни қадрлайди. Фалсафа билан шуғулланиш ҳам худди дўстлик сингари руҳан хотиржамликка етишишга олиб келади. Қадимги Шарқ ахлоқшунослиги эришган ютуқларни юксак назарий даражага кўтарган Қадимги Юнон ахлоқшунослиги жаҳоншумул аҳамият касб этди. Юнонлик мутафаккирлар илк бор инсон шахсини, инсон хатти- ҳаракатига асосланган ниятни тадқиқ этишга ва ахлоқий қилмиш муаммоларини тушунтиришга уриндилар. Қадимги Юнон ахлоқшунослари илмий анъаналарини Цицерон, Лукреций Кар, Сенека, Эпиктет, Марк Аврелий, Секст Эмпирик сингари Қадимги Румо мутафаккирлари давом эттирдилар. Тит Лукреций Кар (милоддан аввалги 99-44   йиллар), Эпикур ахлоқий таълимотининг изчил ҳимоячиси сифатида, машҳур «Нарсаларнинг табиати ҳақида» деган достонида руҳ ва вужуднинг ажралмас алоқасини таъкидлайди, руҳнинг ўлиши тўғрисида фикр юритади, инсоннинг ўлим қўрқувидан халос бўлишида ахлоқий маъно борлигини айтиб ўтади. Ўлим қўрқувидан ва маъбудлар олдидаги қўрқувдан халос бўлган киши бахтли яшаши мумкин, ақл-идрок ва ҳис-туйғулар шарофати билан нарсалар ҳақида у ҳақиқий тасаввурга эришади. Луций Анней Сенека (милоддан аввалги 5-милодий 65   йиллар) ҳам ёзувчи, ҳам ахлоқшунос файласуф. Унинг «Ғазаб ҳақида», «Шафқат ҳақида», «Бахтли ҳаёт ҳақида» сингари ахлоқшуносликка доир рисолалари кўпчиликка маълум. Айниқса, «Луцилийга ахлоқий мактублар» асари машҳур. Сенеканинг фикрига кўра, дунё моддий, бироқ, унда қандайдир жонли ибтидо ҳукмрон: уни ақл-идрок деймизми, табиат, башорат ёки тақдир деймизми-аҳамияти йўқ. Муҳими шуки, унинг ёзиғи албатта амалга ошади. Файласуф фазилатларнинг маъносини тақдирдан розиликда, унинг зарбаларига инсоний қадр-қимматни йўқотмай, мардона ва чидам билан дош беришда кўради. У ўлимни совуқ, тунд, лекин озодликнинг кафолати сифатида талқин этади. Озодликни ўз-ўзини ўлдиришда кўриш, шубҳасиз, у яшаган даврнинг ғоятда фожиалилиги билан боғлиқ. Сенека қул билан озод кишининг маънавий тенглигини таъкидлайди: «Улар қулларми? Йўқ одамлар. Улар қулларми? Йўқ, улар уйингдаги қўшнилар. Улар қулларми? Йўқ, сенинг итоаткор дўстларинг. Улар қулларми? Йўқ, улар сенинг қулликдаги биродарларинг, негаки, сен ҳам, улар ҳам тақдирнинг қулларисиз». Албатта, бу ўринда Сенека ижтимоий тенгликни эмас, балки қул билан қулдорнинг ахлоқий тенглигини назарда тутмоқда. Файласуфнинг айтишича, руҳ озодлиги-шахс учун ўз-ўзини қадрлаш ва ғурур-ифтихор манбаи. Кимки ботиний озодликка эришган экан, у тақдир кўргиликларига бўйсунмайди, қисмат зарбаларини мардона кутиб олишга тайёр туради. Яна бир Қадимги Румо ахлоқшуноси озод қилинган қул Эпиктетдир (50-138   йиллар атрофида). Унинг ахлоқий қоидалари қуйидагича: тақдир муқаррар; ақл-идрок ахлоқнинг ягона ва ишончли мезони; ташқи дунё маъбудлар иродасига қатъиян боғлиқ, ички дунё инсоннинг ҳукми остида; ҳақиқий донишманднинг эрки шундаки, у ўзига боғлиқ бўлган нарсаларни ўзига боғлиқ бўлмаган нарсалар билан чалкаштириб юбормайди; ҳаётнинг мақсади ва маъноси шахсий ички эркинликни англаш ва уни қўлга киритиш; унга элтадиган йўл битта – маъбудлар иродасига сўзсиз итоаткорлик, эҳтиёжда мўьтадиллик, бепарволик, совуққон ақл билан иш кўриш. Эпиктетнинг фикрига кўра, бахт, ҳақиқий саодат-фазилатда, фазилат эса бутунлай инсоннинг ижодидир, зеро уни инсон шакллантиради. Файласуф ўзинг ёқтирмайдиган шароитни ўзгаларга раво кўрма, агар қул бўлишни истамасанг, атрофингда қулликка йўл берма, деган фикрни илгари суради. Шундай қилиб, Қадимги Румо ахлоқшунослари ҳам инсон хатти- ҳаракатлари муаммосини ўртага ташлайди ва инсоннинг оламдаги ўрни ҳамда ҳаётнинг мақсадини белгилашга интиладилар. Бундай интилиш, айни пайтда, бутун Қадимги дунё мумтоз ахлоқшуносларига хосдир. Хуллас, Қадимги дунёнинг мумтоз ахлоқшунослари оддий ахлоқ-одоб қоидалари, панд-ўгитлар ва ҳикматлардан тортиб, то ахлоқшунослик назарияси тизимигача яратдилар. Бу мерос ҳанузгача ўз таъсир кучини йўқотгани йўқ, ҳанузгача жаҳон ахлоқшунослиги кўп ҳолларда ўша тушунчалар ва тамойилларга янгича ёндошув асосида тараққий этиб келмоқда. Шу ўринда яна бир, ҳозиргача етарли эътибор қилмай келинаётган масалага ойдинлик киритишни мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз. Бу – Қадимги Юнон тафаккури билан ўрта асрлар мусулмон Шарқи фалсафасининг – хусусан ахлоқшунослигининг боғлиқлиги масаласи. Нима учун бизнинг аллома аждодларимиз Қадимги Шарқ, жумладан, Ҳинди-Хитой минтақаси мутафаккирлари изидан эмас, оврўпалик юнонлар изидан бордилар, Суқрот ва Афлотунни ўргандилар, кўкларга кўтардилар, Арастуни эса энг улкан устоз – биринчи муаллим деб атадилар? Гап шундаки, мусулмончиликнинг асоси тавҳидда – яккахудоликда. Оллоҳ ягона, унинг шериги йўқ ва бўлиши мумкин эмас. Қадимги Юнон мутафаккирлари айнан ана шу тавҳид йўлидан бордилар. Биринчи бўлиб бу масалани Суқрот аниқ ўртага ташлади. У ўлимга маҳкум этилганида, унга юнонлар худоларини ҳурмат қилмаганлиги, ёшларни бошқа йўлга (аслида тавҳид йўлига) буриб юбораётгани айб қилиб қўйилади. Суқротнинг ўлими олдидаги сўнгги гапи ҳам шуни тасдиқлаб туради, цикута ичгач: «Мен Унинг (уларнинг эмас! –А. Ш.) ёнига кетяпман!», дейди у. Шунингдек, Афлотуннинг ғоялар, оламий руҳ, эманация ҳақидаги фикрлари ҳам тўғридан-тўғри яккахудолик масаласига бориб тақалади. Лекин Суқрот ва Афлотун тавҳидни фалсафий-назарий нуқтаи назардан исботлашни ўз олдига вазифа қилиб қўймадилар, бунга уринмадилар. Бу ишни Арасту уддалади. У ўзининг машҳур «Метафизика» асарида Худонинг яккалигини жисмсиз, ҳеч нарса томонидан ҳаракатга келмайдиган, аксинча, биринчи ҳаракатга келтирувчи куч эканини назарий исботлаб берди. Уни «Олий шакл» (форма) деб атайди. Арасту талқинида Худо олам ва барча оламий жараёнларнинг мақсади ҳисобланади, у, юқорида келтирганимиздек, Олий тафаккур, тафаккур ҳақидаги Тафаккурдир. Ўрта асрлар, мусулмон Шарқи мутафаккирларининг Қадимги Юнон тафаккурига, хусусан, ахлоқшунослигига улкан эътиборининг, тақлидининг асл сабаби ана шунда. 4. Ўрта асрлар мусулмон шарқи ахлоқшунослигида асосий йўналишлар. Ўрта асрларга келиб насронийлик Оврўпо халқларининг ижтимоий- сиёсий ва маданий ҳаётини черковга бўйсундирди, ҳамма соҳалар бўйича черков назорати ўрнатилди. Бу билан илм-фан ва санъат черков белгилаб берган чегаралар доирасидагина ривожланишга маҳкум этилган эди. Ислом динида эса, айниқса, тасаввуфнинг вужудга келиши туфайли, муайян маънода ҳурфикрлилик мавжуд бўлиб, илм-фан ва саньат тараққиётига кенг йўл очилди. Натижада Қадимги дунё мумтоз ахлоқшунослиги илгари сурган ғояларни ривожлантириш, у ўртага ташлаган муаммларни ҳал этиш, ўша давр ва кейинги даврлар учун долзарб бўлган муҳим назарий ҳамда бадиий- ахлоқий асарларни яратиш, асосан, мусулмон Шарқи алломаларининг зиммасига тушди. Бу давр ахлоқшунослиги ҳам турли хил ахлоқий-фалсафий оқимлардан ташкил топган. Лекин бундай оқимлар ёки йўналишларнинг ўзига хослиги шундаки, улар Қадимги дунё ахлоқшунослиги сингари нисбатан қатъий чегараларга эга эмас. Чунончи, Умар Хайём ўзининг табииййунлар йўналишига мансуб деб ҳисобласа-да, аслида унинг фалсафий- ахлоқий қарашлари кўпроқ таносуҳ ул-арвоҳ (руҳларнинг кўчиб ўтиши) оқимига тааллуқлидир. Ёки машшоиййунлик оқимининг буюк вакиллари деб тан олинган Форобий ва Ибн Синонинг ахлоқий қарашлари баъзи жиҳатлари билан тасаввуфий ахлоқшуносликка ҳам тааллуқли экани кўзга ташланиб туради. Аммо, шунга қарамай, умуман олганда, фалсафий-ахлоқий оқимлар борасида гап кетганда, мусулмон Шарқида икки йўналиш алоҳида ўрин тутади. Булар – машшоиййунлик ва тасаввуф ахлоқшунослиги. Ўрта асрлар мусулмон Шарқида машшоиййунлик ёки, бошқача қилиб айтганда, арастучилик оқимини буюк араб мутафаккири ал-Киндий бошлаб берди. Унинг асосчиси эса туркистонлик қомусий аллома Абу Наср ал-Форобий (870-950) ҳисобланади. Арасту изидан бориб, Форобий ҳам фалсафани иккига – назарий ва амалийга бўлади ҳамда ахлоқшуносликни амалий фалсафа таркибига киритади. Ахлоқий муаммолар унинг «Бахтга эришув йўлини кўрсатувчи китоб», «Бахтга эришув ҳақида», «Давлат арбобининг ҳикматлари», «Фозил одамлар шаҳри» сингари асарларида кўтарилган. Уларда инсон бахти энг асосий муаммо сифатида ўртага ташланади. «Бахт – ҳар бир инсон интиладиган мақсад, зеро у муайян комиллик ҳисобланади», дейди Форобий. Айни пайтда аллома ўз қарашларида фазилатга ҳам жуда катта ўрин беради. Чунки, унинг фикрига кўра, кимда-ким фазилат нималигини билсагина, ҳақиқий бахтга эриша олади. Арастуга ўхшаб, у ҳам фазилатларни икки қисмга – фазоили нутқия (ақл-идрокка асосланган фазилатлар) ва фазоили хулқия (хулқий фазилатлар) га ажратади ҳамда уларнинг ўрталик хусусиятларини таъкидлаб ўтади. Форобий ҳаёт ва мамот муаммосига ҳам батафсил тўхталади. Унинг фикрига кўра, фазилатли киши ўлим туфайли бахтни орттирувчи хатти- ҳаракатларни кўпроқ амалга ошириш имкониятларидан маҳрум бўлади. Шунинг учун унинг ўлимдан қўрқиши бошқаларникидан бутунлай ўзгача; у ўлим туфайли улкан бир ёвузлик қурбони бўлаётганидан эмас, балки яхшиликни камроқ қилишга маҳрум эканидан чўчийди. Фазилатли одам ўлган ёки ўлдирилганда, у эришган бахтга ҳавас қилиш лозим, унга эмас, балки ундан ажраб қолган ҳамшаҳарларининг ҳолига йиғлаш керак бўлади. Буюк ватандошимизнинг фикр қилишича, инсонга уни гўзал аъмоллар қилиш учун йўналтирадиган одат махсули бўлмиш етук хулқ лозим. Хулқнинг яхшилиги хатти-ҳаракатларда меъёр қай даражада сақлангани билан боғланади. Одобни эса мутафаккир бадавлатнинг давлатини безайдиган ва камбағалниг камбағаллигини ўғирлайдиган ахлоқий ҳодиса сифатида таърифлайди. Форобий, баъзилар ўта лаззатга берилиш, ейиш-ичиш ва аёлга ружу қўйиш туфайли жуда бўшашиб кетади, иродаси заифлашади, унда рисоладаги нафрат ҳамда ғазаб ҳисси йўқолади, дейди. Бутун кучини ўз нафсига сарфлайдиган кишида улуғворлик тубанликка хизмат қила бошлайди, яъни фикрлаш қобилияти ғазаб ва эҳтирос кучлари хизматида бўлади, бу кучларнинг ҳаракати эса ейиш-ичиш ҳамда шаҳвоний нафсни қондиришга бағишланади. Файласуф бундай кишиларни араб ва турк зодагонлари орасида кўпроқ учрашини айтади. Бундай кишилар шаҳвоний истаклари қутқуси билан, аёллар олдида мақтанишни хуш кўрадилар, уларни тақинчоқ, безакларга кўмиб ташлайдилар, фойдали меҳнатдан четда тутадилар, улар нима деса шуни қиладилар. Натижада аёл уйнинг ҳақиқий ҳокими бўлиб олади, турли тантиқликларни одатга айлантиради. Демак, Форобий оила бахтини эҳтиросларни йўлга сола олишда деб билади, аёл кишини безакларга кўмиб ташланган қўғирчоқ бўлишига қарши туради. Ўрта асрлар ахлоқшунослигида райлик мутафаккир Абу Бакр ар- Розий (865-925) таълимоти ўзига хос ўрин эгаллайди. Унинг ахлоқий қарашлари «Лаззат», «Фалсафий ҳаёт тарзи», «Руҳий табобат», «Бахт ва фаровонлик белгилари» сингари китобларида акс этган. Ар-Розий ахлоқшуносликни инсонда хушхулқликни тарбиялаш ва бадхулқликни йўқотиш йўллари ҳамда усуллари ҳақидаги фан деб билади; у кишини ақл билан иш кўришга, меъёрида лаззатланишга, ўз эҳтиросларини жиловлаб, лаҳзалик лаззатга умрини бахш этмасликка ўргатади. Хуллас, Ар- Розийнинг ахлоқий қарашлари, илмий тил билан айтганда, гедонизм ва эвдемонизмга асосланади. У руҳий табобатнинг энг муҳим вазифаси инсоний бахт билан чамбарчас боғлиқ бўлган лаззатнинг моҳиятини билиш ва тушунтиришдан иборат деб ҳисоблайди. «Лаззат, – дейди мутафаккир, – изтиробдан қутилишдир». Лаззатнинг бир шартини фаровонликда, иккинчи шартини эса у ҳамма нарсага ақл билан ёндошувда кўради. Райлик мутафаккирнинг лаззат ҳақидаги таълимотига чуқурроқ назар ташланса, унинг Эпикур қарашларига асосланганини илғаб олиш мумкин. Айни пайтда Ар-Розий Эпикурнинг тақлидчиси эмас, давомчиси сифатида намоён бўлади, ундан анча илгарилаб кетади. Чунончи, Эпикур ўзини хавотир ва хатардан, жамоат ва давлат ишларидан олиб қочишни, ташқи шарт-шароитдан мустақил бўлишни, табиат билан ҳамнафасликда яшашни изтиробдан қутилишнинг энг яхши усули деб ҳисоблайди. Ар-Розий эса инсонни ижтимоий фаолликка чақиради, уни жамиятга фойда келтириб яшашга даъват этади. Зеро унинг наздида инсон ижтимоий мавжудот. Инсон фақат инсоний жамиятдагина ахлоқий юксакликка, бахт ва фаровонликка эришади. Жамиятдан ташқарида, яккаликда, танҳоликда инсоннинг яшаши мумкин эмас. Борди-ю, яшаган тақдирда ҳам «ёввойи, ҳайвоний, тўпос бўлади, зеро у бизнинг мавжудлигимизни қулайлаштирадиган, орасталаштирадиган инсоний ҳамкорлик ва қўллаб-қувватланиш имконидан маҳрум»,   – дейди мутафаккир. «Руҳий табобат» китобининг ўн олтинчи бобида Ар-Розий эътиқодий фанатизмнинг зарари ҳақида тўхталади. Идеал даражадаги соф диний эътиқоднинг ҳаётда бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлар экан, тақводорликни фақат нисбий тарзда тушунишга чақиради. У сувни мисол келтириб, шундай дейди: «Биз фойдаланаётган сув одамлар томонидан ифлослантирилмаган ёки унда ҳайвонларнинг, дайди ёки қутурган итлар ёки бошқа ёввойи жониворларнинг сасиган ўликлари, тезаклари ёки қушларнинг нажаслари тушмаганига кафолат йўқ. Шу боис биз уни қанчалик қайта-қайта тиндириб қуймайлик, энг сўнгги ҳолати ҳам, бари бир, энг ифлос, энг ҳаром бўлиб қолверади». Ар-Розийнинг фикрига кўра, сувдан ичганда ҳам, таҳорат қилганда ҳам улар ҳақида ўйламаслик лозим. Зеро Оллоҳ биздан ҳеч бир нарсани мураккаблаштирмасликни талаб қилади. Фанатизмга оид турли- туман диний оқимлар ана шундай–диний эътиқодни мураккаблаштириш, ноинсонийлаштириш туфайли келиб чиқади. Ар-Розийнинг бундай фикрлари ҳанузгача ўз ахлоқий аҳамиятини йўқотган эмас. Машшоиййунлик ахлоқшунослигининг яна бир буюк вакили Форобийнинг шогирди Ибн Синодир. Ибн Синонинг ахлоқий қарашлари асосан «Ахлоқ илмига доир рисола», «Бурч тўғрисида рисола», «Нафсни покиза тутиш тўғрисида рисола», «Адолат ҳақида китоб», «Турар жойлардаги тадбирлар» сингари асарларида ва замондошлари билан олиб борган мунозара- ёзишмаларида ўз аксини топган. Аввало, Ибн Сино ахлоқ илмининг амалий фалсафа таркибидаги ўрнини аниқлаб олишга интилади. «Ҳакимларнинг,   – деб ёзади аллома шогирди Баҳманёр ал-Озарбойжоний билан мунозара-ёзишмасида, – фалсафа назарий ва амалий бўлади, деганини фалсафа амалий-ахлоқий бўлади, деб тушунмаслик керак. Чунки амалий ахлоқнинг бундай намоён бўлиш ҳолати фалсафа дегани эмас, зеро қиёсий малака ахлоқий малакадан мутлақо ўзгадир... Фалсафа амалий ва назарий қисмларга бўлинар экан, демак, уни (амалий фалсафани) ахлоқ билан айнанлаштирилмайди. Шунинг учун (уни) ахлоқ илми деган маъқул». Кўриниб турибдики, Ибн Сино ахлоқшуносликни амалий фалсафа, яъни назария эканини таъкидлайди ва ахлоқни унинг тадқиқот объекти сифатида таърифлайди. Ибн Сино ўз асарларида бир қанча ахлоқий фазилатларга таъриф беради. Чунончи, иффат, ҳикмат, шижоат, адолат, саҳийлик, қаноат, қатъият, садоқат, ҳаё, камтарлик ва бошқалар шулар жумласидандир. Шунингдек, аллома уларнинг акси бўлган   – ўғрилик, алдамчилик, фисқу-фасод, нафрат, рашк, адоват, бўхтон, иродасизлик, такаббурлик, нодонлик каби иллатларни ҳам тавсифлайди; ҳар икки турдаги мазкур тушунчаларнинг бир-бири билан боғлиқлигини, бир-бирига ўтиб туришини ва бундай боғланиш ижобий ҳол эканини таъкидлайди. Демак, ахлоқшунослик илмида фақат фазилатлар эмас, балки иллатлар ҳам ўрганилиши зарур. Айни пайтда, Ибн Сино устозлари анъаналарини давом эттириб, ҳар бир ахлоқий фазилат икки нуқсон оралиғида бўлади, яъни ўрталик хусусиятига эга, дейди. Аллома тасаввуф фалсафаси ва тасаввуфий ахлоқшуносликка доир ҳам кўплаб асарлар яратди. Зеро, у бежиз Шайх ур-Раис, яъни шайхларнинг раиси деган номни олган эмас. Бу борада унинг машҳур «Ишқ рисоласи» диққатга сазовордир. Ундаги асосий муаммо – комил инсон масаласи. Ибн Синонинг фикрига кўра, Яратганга муҳаббат одамни инсон зоти қобил бўлган комиллик даражасига олиб чиқади. Яьни руҳнинг қуйи кучлари ва қисмлари унинг улуғвор ва олижаноб кучлари ҳамда интилишлари билан яқинликда бўлиб, улар таъсирига тушиши натижасида фазилат касб этади. Бу фикр, Оллоҳга муҳаббат фақат таркидунёчилик орқалигина эмас, балки расмона инсоний ҳаётда ҳам рўёбга чиқиши мумкинлигини англатади. Шу боис «Ишқ рисоласи»даги бу каби ўринларни Нақшбандия тариқатининг вужудга келишида назарий асос, умуман, тасаввуф фалсафаси ва ахлоқшунослигига илк назарий пойдевор бўлди дейиш мумкин. Ибн Сино тақдир масаласига ҳам ўзига хос тасаввуфий ёндошади. У Навоийнинг «Лисон ут-тайр» достонида Худога етишган шайхлардан бири сифатида тасвирланган Абу Саид ибн Абул Хайр Меҳаний билан мунозара- ёзишмасида Оллоҳ ҳеч қачон бирор-бир кимсага ёмонлик, ёмон тақдир истамаслигини, кимнинг тақдири ёмон бўлса, бунга унинг ўзи сабабчилигини, яъни инсоннинг қилмишлари унинг тақдири эканини айтиб, шундай дейди: «Асл Ал-ҳаким (яъни, Оллоҳ) иноятига кўра, оламда мавжуд бўлган ёмонлик – оламнинг мақсади эмас. Оламнинг асл муроди яхшиликдир, ёмонлик эмас!». Буюк ватандошимиз савоб ва ақоб (жазо) масаласида ҳам моҳиятан тасаввуфий йўналишда фикр юритади. Машшоиййунлик оқимининг яна бир машҳур ва сўнгги вакили, Оврўпода «Авверроизм» деган йўналишнинг асосчиси, қурдобалик (испаниялик) мутафаккир Ибн Рушд (лотинча Аввероэс) ҳам ахлоқшунослик илми тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломалардан. Унинг фикрига кўра, эзгулик ва ёвузлик, улар табиий ёки ижтимоий хусусиятга эга бўлишидан қатъий назар, ўз ҳолича мавжуддир. Табиий эзгуликнинг манбаи Оллоҳ, лекин эзгулик ёвузлик билан ёнма-ён келади. Чунончи, олов фойда келтириши баробарида, ҳайвонлар ва ўт-ўланларни ҳалок этиш хусусиятига эга. Гарчанд оловни Худо яратган бўлса ҳам, унинг бу хусусиятини ўзгартира олмайди, худди шунингдек, рангни яратган Худо унга эшитишимиз мумкин бўладиган хусусият ато эта олмайди. Ибн Рушд бутун ислом олами учун доимо муҳим бўлиб келган ихтиёр эркинлиги муаммосига ҳам катта аҳамият берган. У, инсонга мутлақ ихтиёр эркинлиги берилганини ҳам, инсон хатти-ҳаракати мутлақ олдиндан белгилаб қўйилганиини ҳам инкор қилади. Чунки, агар инсонлар тақдири мутлақ олдиндан белгилаб қўйилган бўлса, у ҳолда уларнинг жонсиз нарсалардан фарқи қолмасди, улар деҳқончилик, ҳарбу зарб, тиббиёт сингари бахтни қўлга киритиб, ёвузликни узлуксиз йўқотиб боришни таъминлайдиган ҳунар ва саньат турлари билан шуғуллана олмас эдилар. Асл бахтга эса фақат ҳайвоний куч хатти-ҳаракатларини руҳнинг ақлий қисми назорат қилиб турганидагина, инсон ўзи интилиши лозим бўлган нарсаларга амалий ақл қай вақтда ва қай тарзда интилишини лозим кўрса, ўшандай интилгандагина эришиш мумкин. Қурдобалик мутафаккир идеал давлатда фуқароларга фазилатларни сингдириш ва тараққий эттириш учун икки хил усулни қўллашни таклиф қилади. Биринчиси - ишонтириш усули. У ҳам, ўз навбатида, икки хил ёндошувни тақазо этади: кенг оммани тарбиялаш учун шеърий ва хитобий нутқдан, яъни, бадиий асарлар ҳамда нотиқлик санъатидан, «сара» кишиларда фазилатларни ривожлантириш учун эса исботий нутқдан, яъни, илмий-фалсафий нутқдан фойдаланиш лозим. Иккинчиси – мажбурий усул. У асосан, ташқи душманлар билан курашни ўз ичига оладиган ҳодиса. Мутафаккир бу усулни жиҳод билан тенглаштиради. Лекин Ибн Рушднинг тушунчасидаги жиҳод – кофирларга қарши олиб бориладиган доимий диний уруш эмас. У Арастунинг «Никомахнинг ахлоқ китоби» асарига ёзган шарҳида доимо тинчлик зарурлигини, урушга эса баъзан-баъзангина йўл қўйиш кераклигини айтади, жиҳодни фақат шариат талаблари нуқтаи назаридан тушуниш мусулмонлар бошига кўп офатлар келтирганини таъкидлайди. Демак, Ибн Рушднинг фикрига кўра, жиҳодни тариқат талқинлари асосида тушунмоқ лозим. Бу   – қурдобалик мутафаккирнинг ҳам тасаввуфдан йироқ эмаслигини кўрсатади. Тасаввуф ахлоқшунослиги ҳақида гап кетар экан, энг аввало, тасаввуфнинг моҳиятини англаб олмоқ лозим. Бу борада дастлабки сўфийлардан бўлмиш Робия ал-Адавиянинг (713-801) Худога муносабати диққатга сазовордир. Бу муносабатини у «муҳаббат « деб атайди ва Яратганга шундай илтижо қилади; «Ё, Оллоҳ, юлдузлар чарақлаб турибди, одамларнинг эса кўзлари юмилган... ҳар бир ошиқ ўз маҳбубаси билан висол лаззатини тотмоқда, мен эса ёлғиз Сен биланман. Ё, Эгам, агар Сенга мен дўзахингдан қўрққаним учун ибодат қилаётган бўлсам, мени дўзахингда ёндир, агар жаннатинг илинжида ибодат қилаётган бўлсам, мени унга йўлатма. Агар фақат ўзингни деб ибодат қилаётган бўлсам, мендан мангу гўзал жамолингни яширин тутма!». Кўриниб турибдики, Робия ал-Адавия Худога нимадандир қўрқиб, ёки ниманингдир илинжида муножот қилаётгани йўқ, балки маҳбуб сифатида, яъни муҳаббат изҳори билан мурожаат этмоқда. Демак, шариат Исломнинг ташқи – ҳуқуқий кўриниши бўлса, тариқат унинг ички-ахлоқий, юксак босқичдаги кўриниши ҳисобланади. Зеро, Тангри инсонни фаришталардан улуғ қўйиб, ердаги халифам деб атади, яъни айрича бир муҳаббат билан яратди. Демак, инсон ҳам унга муҳаббат қўймоғи лозим. Инсонга юбориладиган азоб-уқубатлар ана шу муҳаббат даражасининг Худо томонидан синаб кўрилишидир. Тасаввуфнинг моҳияти икки томонлама муҳаббатни талқин этмоқ. Шунинг учун тасаввуф ахлоқшунослигида муҳаббат ҳис-туйғулик мақомидан тушунча даражасига кўтарилади. Қисқа қилиб айтганда, тасаввуф исломий ахлоқ фалсафаси сифатида иш кўради. Тасаввуф ахлоқшунослигида ҳужжат ул-ислом Имом Ғаззолийнинг ўрни беқиёс. Унинг ахлоқий қарашлари, асосан, ҳар жиҳатдан буюк асар бўлмиш «Иҳёи улум ад-дин» деб аталган тўрт жилдлик китобида ўз аксини топган. Унда таваккул (ҳаммма нарсада Оллоҳга суяниш) Худонинг яккалигига эьтиқод сифатида талқин этилади ва муҳаббат, ихтиёр эркинлиги, тақдир, ният сингари муаммолар билан боғлиқ ҳолда таҳлил қилинади. Ғаззолий маҳаббатни билишнинг маҳсули деб атайди. Зеро, инсон ниманики билса, ўшанигина севиши мумкин. Масалан, тошда муҳаббат бўлмайди у билишдан йироқ. Муҳаббат фақат билишнинг жонли субъектигагина хос сифатдир. Мутафаккирнинг фикрига кўра, муҳаббатнинг беш тури мавжуд: 1)   инсоннинг ўзига, ўз камолоти ва соғ-омонлигига муҳаббати, 2)   инсоннинг ўз ҳаётини давом эттиришини таъминловчи, уни асровчи, ундан турли муҳлиқотларни (ҳалок этувчиларни) нари тутувчи валинеъматларига муҳаббати: 3)   инсоннинг, гарчанд шахсан ўзига яхшилик қилган зотларга яхшилик қилмаган бўлса ҳам, бошқа инсонларга хизмат кўрсатган, яхшилик қилган зотларга муҳаббати; 4)   Инсоннинг ташқи ёки ички қиёфадаги барча гўзалликка муҳаббати; 5)   инсоннинг ўзи билан ботиний (ички), яширин ўхшашлиги бор бўлган зотларга муҳаббати. Мазкур муҳаббат турлари ҳаммасининг замирида Оллоҳга муҳабат ётади, яъни инсоннинг ўзига, ўзгаларга. атроф-муҳитга муносабати муҳаббат орқали амалга ошади ва бу муҳаббат турларининг ҳаммаси Оллоҳга муҳаббатнинг билвосита кўринишидир. Зеро: «Ўзини англаб етган кишигина ўз яратганини англаб етади, у ўз-ўзича мавжуд эмас, унинг борлиги, мавжудлигининг давоми, камолотга эришуви Оллоҳдан, Оллоҳ ва Оллоҳ воситасидадир», дейди Имом Ғаззолий. Мутасаввиф файласуфнинг ихтиёр эркинлиги борасидаги қарашларида тақдир мутлақ мақаррар ҳодиса сифатида талқин этилади. Бунда ҳам билим (билиш) биринчи ўринда туради; ихтиёр билимга бўйсунади. Зеро, инсонни нима ўзига ёқиш ёки ёқмаслигини билим (билиш) орқали англаб етади. Умуман, ихтиёр эркинлиги ихтиёрнинг ўзига хос тури, у нимагаки инсон ишончсизлик туйса, ўшанга нисбатан бўлган ақлий муносабатдан юзага чиқади. Ихтиёр эркинлиги «касб» тушунчаси билан боғлиқ. Касб – касб этмоқ, ўзига олмоқ, ўзига юқтирмоқ сингари маъноларни англатувчи тасаввуфий атама. Масалан, Худо бир бандасини синаб кўриш учун унга ёмонликни раво кўрди, дейлик. Бу унинг тақдири, мутлақ муқаррар ҳодиса. Лекин ёмонликнинг ижроси бошқа бир одам ихтиёрига берилади, яъни синалаётган бандага ёмонлик қилиш-қилмаслиги ана шу восита- одамнинг ихтиёрий танловига боғлиқ. У – эркин. Агар у яхшиликни танласа – савоб, ёмонликни танласа – гуноҳ унинг бўйнига тушади. Худди шунингдек, ёмонлик объекти бўлган банда агар Худонинг синовига шукр билан жавоб берса, у суюк, аксинча, шаккоклик қилиб, Худодан нолиса ёки юз ўгирса, у гуноҳкор банда. Демак, Ғаззолий тақдирнинг муқаррарлигини таъкидлагани ҳолда, инсонга маълум маънода ихтиёр эркинлиги берилганини қайд этади. Имом Ғаззолий ният масаласида ҳам ўзига хос фикрлар билдиради. У ниятни юракнинг икки нарса – билим ва ҳаракат қамровидаги сифати деб таърифлайди. Билим ниятдан олдин туради, у ниятнинг илдизи ва шарти ҳисобланади. Ҳаракат эса ниятдан кейин туради. Уни ниятнинг меваси ва бутоғи дейиш мумкин. Ҳар бир эркин танланган ҳаракат уч нарса – билим, ихтиёр этиш ва қобилият ёрдамида рўёбга чиқади. Зеро, инсон билмай туриб- хоҳламайди, хоҳламас экан, ҳаракат қилмайди; шунинг учун ихтиёр этмоқ лозим. Ихтиёр этиш ҳодисаси юз бергандагина навбат қобилиятга кеади ва қобилият инсон аъзоларини ҳаракатга туширишга киришади. Демак, ният ўрталикдаги сифатдир. Ният тасаввуф ахлоқшунослигида баъзан ҳаракатдан ҳам катта аҳамият касб этади. Агар яхши ният қилинса-ю, лекин банда ихтиёрига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли у рўёбга чиқмай қолган бўлса, бундай ният амалга ошган деб ҳисобланади. Шундай қилиб, ҳар бир ҳаракат ўзини уйғотадиган ниятга бўйсунади, зеро, у ўз заруриятини ўша ниятдан олади. Хуллас, тасаввуф ахлоқшунослигининг ўзига хос табиатидан келиб чиқиб, шундай дейиш мумкин: бу таълимот Худога-мутлақ фазилатлар Эгасига, мутлақ комил Зотга етишиш йўлида инсоннинг нисбий комилликка эриша бориши ғоясини илгари суради. Бу ғоя инсоннинг Яратган олдидаги қўрқувини муҳаббатга айлантириш учун хизмат қилади. Қисқаси, тасаввуф ахлоқшунослиги инсондан Худонинг кўр-кўрона қули бўлиб, эмас, балки Уни таниган, билган Унинг ердаги халифаси ва ошиғи сифатида ҳаракат қилишни талаб этади. 2.   Ўрта асрларнинг то мўғуллар босқинига қадар бўлган даврларида биз юқорида кўриб ўтган қомусий алломалардан ташқари Аз-Замахшарий, Ал-Беруний, Аҳмад Яссавий, Абдулҳолиқ Ғиждувоний, Жалолиддин Румий, Нажмиддин Кубро сингари ўнлаб мутафаккирлар ахлоқ илмининг назарий ёки амалий соҳаларида фаолият кўрсатдилар. Лекин мўғуллар босқини мусулмон Шарқида маданий ҳаётни издан чиқариб юборди. Фақат соҳибқирон Амир Темур давридагина илм-фан ва саньат тараққиёти яна ўз йўлига тушди. Соҳибқироннинг «Куч – адолатда!» деган тамойили шунчаки гап эмасди. Амир Темур амалда ҳақиқат ва адолат тарафдори эди. Шу сабабли хатто Темурни ўзининг шахсий душмани деб билган тарихчи Ибн Арабшоҳ, агар ноҳақлик юз берса-ю, ноҳақлик қилган киши Темурга ота ёки фарзанд мақомида бўлса ҳам, у киши жуда қаттиқ жазога маҳкум этиларди, деб ёзиб қолдирган. Буюк бобокалонимизнинг сайъи ҳаракатлари беҳуда кетмайди. Натижада Темур ва темурийлар даври илм-фан ва маданият тараққиётининг олтин даври сифатида ҳанузгача жаҳонни ҳайратга солиб келмоқда. Бу даврда юзлаб қомусий олимлар буюк шоирлар ва саньаткорлар етишиб чиқди. Улар орасида улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий алоҳида аҳамиятга молик. Нафақат унинг асарларидаги юксак бадиият, балки фалсафий -ахлоқий қарашлар ҳам ҳанузгача ўз оҳорини йўқотган эмас. Маълумки, Навоий шеърлари ва достонларида илгари сурилган ахлоқий тамойиллар ҳамда ижобий қаҳрамонлар қиёфаларида тажассум топган адолат, садоқат, бурч, муҳаббат, раҳм-шафқат, мардлик, камтарлик сингари фазилатлар ҳақида кўп ёзилган. Айни пайтда, Навоий сўфийликнинг нақшбандия сулукига мансуб йирик шахс – мутасаввиф сифатида ҳам ахлоқшунослик назарияси ҳамда амалияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган мутафаккирдир. У «Қаноат нақшининг ифшоси ва нақшбандия тариқатининг адоси» деган шеърида ўзи мансуб бўлган тариқатнинг тўрт тамойилини шундай тушунтиради: Десанг хилватим анжуман бўлмасун, Керак анжуман ичра хилват санга. Ватан ичра сокин бўлиб сойир ўл, Сафардин агар бўлса меҳнат санга. Назарни қадамдин йироқ солмағил, Бу йўл азми агар бўлса рағбат санга. Дамингдин йироқ тутмағил ҳушни, Ки юзланмағай ҳар дам офат санга. Бу тўрт иш била рубъи маскун аро, Чолинмоқ не тонг кўси давлат санга. Бу оҳанг ила бўлғуси нақшбанд, Навоий, агар етса навбат санга Маълумки, дилинг Худо билан, қўлинг иш билан банд бўлсин, деган шиор нақшбандия тариқатининг асосий тамойилидир. Навоий бутун умр, аввало, шахсан ўзи ана шу тамойилга амал қилди, қолаверса, деярли ҳамма асарида инсонни заминдан оёғи узилмаган қаҳрамон тарзида талқин этди. Шуниннг учун ҳам аллома Бертельс Навоийни, нафақат буюк шоир ҳамда мутафаккир, балки буюк ва покиза, номи бош ҳарфлар билан ёзилишга лойиқ Инсон эди, деб таърифлайди. Навоий ўз асарларида инсон қадр-қимматини биринчи ўринга қўяди, номус, орият ва инсоний ғурур тушунчаларининг ўзига хос талқинини беради. «Таваккул сифати ва бетаваккуллар мазаммати» шеърида мутафаккир шоир, Яратганга таваккул қилиш ўрнига ўзини тамаъ юзасидан шоҳлар олдида қулдек тутган ялтоқи киши, агар афсонавий Қорун бойлигини мўлжалласа-да, унинг насибаси бор-йўғи бир товоқ ош бўлади, дейди. Зеро, ундай одам нафси ҳуружида, катта даъво-мақсадларни дарҳол унутиб, олдига ташлаб қўйилган суяк билан овора бўлиб қолаверади: кичик бир товоқдаги ош учун қуллик қиладиган бундай инсон юзига улкан қозоннинг қоракуяси муносибдир: Таваккулни улким қўюб хотириға, Тушар шоҳ оллинда қуллуқ ҳавоси. Насиби онинг бир аёқ ош эрур, бас, Агар ганжи Қорун эрур муддаоси. Биравким, бўлур бир аёқ ош учун қул,- Юзига керактур қазоннинг қароси. Навоий асарлари орасида тасаввуф ахлоқига доир яна бир машҳур қитъа борки, унинг ички-ботиний мазмуни алоҳида диқатга сазовор; Камол эт касбким, олам уйидин, Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ. Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ, Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ. Бу шеърга юзаки қараганда, гап дунёдан бирор касбнинг бошини тутмай ўтиб кетиш яхши эмаслиги ҳақида кетаётгандек кўринади. Аслида эса у, юқорида айтиб ўтганимиз-тасаввуф ахлоқшунослигининг «касб» тушунчаси билан боғлиқ. Навоий ҳазратлари бу дунёга келиб, Оллоҳ инсон учун яратган барча фазилатлар ва эзгуликларни ўзига касб қилиб олмаган, юқтирмаган киши тириклик оламидан боши қуйи солинганича чиқиб кетади, чунки дунёдан нотамом, яъни комилликка эришмай ўтиш худди ҳаммомга кириб, ювинмай чиқиб кетиш билан баробар, дейди. Демак, улуғ мутафаккирнинг фикрига кўра, ҳар бир инсон Худо унга неъмат сифатида яратган фазилатлар эгаси бўлмоғи, комиллика интилмоғи зарур, ана ўшандагина у ўз инсонлик бурчини бажарган, инсон деган номни оқлаган саналади. Буюк мутафаккирнинг «Маҳбул ул-қулуб» асари, айниқса, Темурийлар даври ахлоқшунослиги тараққиётига катта ҳисса қўшди. Уч қисмдан иборат бу асарда нафақат тасаввуф ахлоқшунослиги ва ахлоқнинг, балки бутун мусулмон Шарқи ахлоқ илмининг назарий муамммолари кўтарилади. Шунингдек, у панднома сифатида ҳам диққатга сазовор. Унда раъийят аҳли барча табақаларининг одоби, ҳулқи ва ахлоқий тамойиллари ҳақида фикр юритар экан, Навоий, Суқрот изидан бориб, қонунни адолат билан айнанлаштиради: «Зиндон аҳли-дўзах аҳли», дейди мутафаккир. Айни пайтда, ҳалол меҳнат билан кун кечирувчи деҳқонга улкан саҳоват эгаси, қурт-қумурсқадан тортиб, гадою мусофирга емак бергувчи, новвою аллофни иш билан таъминловчи, дарвешлар качкулию мамлакат ҳазинасини тўлдирувчи, барчага ризқ улашувчи олижаноб жаннатий инсон, ахлоқий намуна сифатида қарайди. «Деҳқонки дона сочар, ерни ёрмоқ била ризқ йўлин очар», дейди шоир ва унинг қўш ҳайдаётган пайтини Одам Атонинг ҳолатига ўхшатади. Деҳқонга берилган бунчалик юксак баҳога, деҳқончиликнинг бошқа касблардан юқори қўйилишига сабаб шуки, бошқа соҳадаги одамлардан, дейлик, ҳунармандлардан ажойиб ашъёлар, меъмор- қурувчилардан буюк бинолар, неча ўн юз, хатто минг йилларга ёдгор бўлиб қолади ва бу ёдгорликлар билан уларнинг номлари бирга узоқ вақт яшайди. Деҳқоннинг меҳнати эса шу жиҳатдан маълум маънода фийсабулло чекилган заҳмат. Унинг меҳнат маҳсули ер устида қолмайди, ердан пайдо бўлиб ерга сингиб кетади. Аммо унинг маҳсули билан инсон тирик ва дастурхон очиқ. «Маҳбуб ул-қулуб» да комил инсон масаласи ҳам ўзига хос тарзда ўртага ташланади. Навоий, нақшбандия сулукининг ахлоқий талабларидан келиб чиқиб, ўз замонаси билан ҳамнафас бўла оладиган ва доимо комилликка интилиб яшайдиган инсонни ахлоқий намуна деб билади. Чунки ҳар бир инсон фақат ўз замонасидагина мавжуд ва шу мавжудлик доирасидагина бирор иш қилишга қодир; оҳ, ўтмиш зўр эди, олтин даврлар эди, ёки келажакда ҳамма нарса ажойиб бўлади, деб гапираверган билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Инсон ўз замонаси имкониятларидан фойдаланиб, ҳам ўзини, ҳам замонасини гўзал қилишга интилмоғи лозим. Шу боис «Маҳбуб ул-қулуб» қуйидаги хотима билан якунланади: «ўтган рўзғор адамдир. Келажакдан сўз айтқон аҳли надамдир ва ҳол муғтанамдир. Бир турк бу маънида дебдурким: «Дам бу дамдир». Байт: Мозию мустақбал аҳволин такаллум айла кам, Не учунким, дам бу дамдир, дам бу дамдир, дам бу дам. Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, Навоий асарларидаги ахлоққа доир фиклар хоҳ амалий ахлоққа, хоҳ ахлоқ назариясига таллуқли бўлсин, улар улкан бир давр ахлоқий қарашларининг квинтэссенцияси сифатида доимо тадқиқ ва тадбиққа лойиқдир. Темурийлар даври ахлоқшунослигида Навоийнинг назари тушган аллома, унинг замондоши Ҳусайн Воиз Кошифийнинг (1440-1505) сиймоси алоҳида диққатга сазовор. Хондамирнинг таърифига кўра, у «маъқул ва махсус илмларнинг барчасидан тўла нафланган ва баҳраманддир». Кошифийнинг ахлоқшуносликка доир энг машҳур асари «Ахлоқли Мухсиний»дир. Ҳусайн Бойқаронинг ўғли, Марв ҳокими шаҳзода Мухсин Мирзога бағишланган бу китобда Кошифий ахлоқшуносликнинг жуда кўп тушунчаларига шарҳ беради, уларни жонли, ҳаётий мисоллар, шунингдек, қадимги ҳикоялар асосида талқин этади. У яхшилик ва ёмонлик ҳақида фикр юритар экан, яхшиликни асосан эзгулик маъносида тушунади. Эзгуликнинг ибтидосини Кошифий хушхулқлиликда кўради. Инсоний фазилатларни у тарбия, билим, тажриба орқали таркиб топади деб ҳисоблайди. Ҳалоллик, ростгўйлик, меҳнатсеварлик, инсонпарварлик сингари ахлоқий меъёрлар ва тамойиллар эзгуликнинг пойдевори сифатида олиб қаралади. Кошифий адолат тушунчасига, айниқса, батафсил тўхталади ва уни ўзига хос шарҳлайди. Мутафаккир адолатни инсоннинг энг яхши фазилати, адолатсизликни эса ёмон одамлардаги энг ёмон иллат тарзида тақдим қилади. Шунингдек, Кошифий адолатнинг ижтимоийлик хусусиятини ҳам назардан қочирмайди: «Адл натижаси, – деб ёзади у, – мулк боқи-ю, мамлакат васиғ ва ҳазона маъмур, кентлару шаҳарлар обод бўлмоқдур. Ва зулм самараси мамлакат завол топмоғи эрур». Кошифийнинг фикрига кўра, жамият табақалари бир-бири билан мустаҳкам ижтимоий боғлиқликка эга; агар жамиятда адолат ҳукм сурмаса, заифлар йўқолади, заифларсиз эса зўравонларнинг ҳам бўлиши мумкин эмас. Яъни, адолатсиз тузумда жамият таназзулга учрайди. Адолат – инсоний жамиятни бахт-саодатга олиб борувчи йўл. Буюк ахлоқшуноснинг бурч ҳақидаги қарашлари ҳам эътиборга молик. У бурчни Тангри олдидаги ўз қарзини бажариш, илоҳий масъулият деб тушунади. Лекин бу масъулият, айни пайтда, муҳтожларга хайр-эҳсонни, Яратган ва банда олдидаги покизаликни ҳам ўз ичига олади. Бурчни англаб етиш эса, фақат билим (билиш) орқали рўй беради. Шунингдек, Кошифий, анъанавий шарқона фазилатларга бафуржа тўхталади. Сабр, ҳаё, авф, сахийлик, ростгўйлик, фаросат, тавозеъ сингари фазилатларнинг моҳиятини очиб беради, уларни насрий ва шеърий мисоллар билан исботлайди. Айни пайтда, уларнинг зидди бўлмиш иллатлар ҳам мутафаккирнинг диққат марказидан четда қолмайди. Бундан ташқари, Ҳусайн Воиз Кошифий ахлоқий маданият муаммоларини ҳам тадқиқ этади. Унинг «Футувватномаи Султоний ёхуд жавонмардлик тариқати» асарида муомала одоби, кийиниш одоби, ҳамда меҳмондўстлик ва тановул этикети борасида ўзига хос фикрлар ўртага ташланган. Чунончи, у, суҳбат одоби борасида гап кетганда, шайхлар ва бошқа мартабага эришганлар учун ҳам, ҳали мартабага эришмаган кишилар, муридлар учун ҳам риоя қилиниши зарур бўлган бир қанча суҳбат одоби мавжуд эканини айтиб, ҳар икки тоифа суҳбатдошлар учун алоҳида-алоҳида саккизтадан қоида тавсия этади. Бу ўринда мутафаккир сўзга лингивистик эмас, ахлоқшунослик нуқтаи назаридан ёндошиб, унга инсоннинг ахлоқлилик даражаси намоён бўладиган восита сифатида қарайди: ахлоқшуносликда сўзни инсондан, инсонни сўздан ажратиб таҳлил этиш мумкин эмаслигини таъкидлайди. «Агар сўз сеникими ёки сен сўзникими, деб сўзласалар, айтгил: мен сўзники ва сўз меникидир, чунки сўз инсонлик дарахтининг мевасидир, дарахтни мевадан, мевани эса дарахтдан ажратиб бўлмайди», деб ёзади мутафаккир. Китобда аллома ахлоқшунос касбий одоб муаммоларига ҳам тўхталиб ўтади. Китобнинг ўн тўртинчи, ўн бешинчи ва ўн олтинчи фасллари турли касб эгалари одобига бағишланган. Масалан, ўн тўртинчи фасл «касб- кор ва савдо-тижорат одоби ҳақида» деб номланади ва умуман касб эгаси, айни пайтда, савдо-тижорат аҳли одоби қонун-қоидаларини ўзи ичига олади. Кошифий ёзади: «Билгилким, ҳамма касбларга бирдай тааллуқли қисқача қоида-адаблар мавжуд, шунингдек, ҳар бир касб учун алоҳида одоб ҳам бор». Шундан кейин мутафаккир қуйидагича давом этади: «Агар барча касблар учун зарурий одоблар хулосани нечта, деб сўрасалар, саккизта деб айтгил: биринчидан, ўз касбини ҳаромдан, шубҳали мол-маблағдан пок сақласин. Иккинчидан, ризқ-рўзи зарурати учунгина керакли касб билан шуғуллансин, касбни мол-дунё тўплашга сарфламасин. Учинчидан, касбни обрў олиш, яхши ном чиқаришнинг сабаби, деб билсин. Тўртинчидан, моли ҳаром одамлар (амалдорлар, порахўрлар, қароқчилар, ўғрилар, қиморбозлар, каззоб дўкондорлар) билан муомала қилмасин...» ва ҳоказо. Кошифий сотувчи одоби, харидор одоби, ходимлар (хизматкорлар) одоби, маддоҳлар одоби сингари масалаларда ҳам худди шундай асосли фикрлар билдиради. Гарчанд, «Футувватномаи Султоний» жавонмардлик (жўмардлик) тариқати дарвешларига атаб ёзилган бўлса-да, ундаги илгари сурилган ахлоқий тамойиллар ва ғоялар умумминтақавий, умуминсоний қамровга эга. Зеро буюк форсигўй ўзбек шоири Паҳлавон Маҳмуд асос солган бу тариқат дарвешлик хирқасини кийган, лекин зарур бўлса, барча қуроллар турини ишга солиб, Ватан ҳимоясига отланишни биринчи галдаги вазифаси деб билган эркпарвар жангчилар сулукидир. Шу боис мазкур китобда динийлик дунёвийликдан ажратилмай бир-бирини тўлдириши билан инсон ҳаётини ахлоқийлаштирадиган, гўзаллаштирадиган ҳодисалар сифатида талқин этилади. Жавонмардликнинг ҳарбийлаштирилган насронийлар рицарлик орденларидан фарқи ҳам шунда. Кошифий илгари сурган ахлоқий ғоялар ҳозирги кунда кўп жиҳатдан ўз таъсир кучини йўқотган эмас. Айниқса, унинг тижоратчи, сотувчи ва харидор одобига доир қоидаларини замонавий бозорларимиз, тижорат марказларимиз ва дўконларимиз деворларига ёзиб қўйиш айни муддао бўлар эди. Темурийлар даври ахлоқшунослигининг яна бир вакили Жалолиддин Давонийдир (1427-1502). Унинг ахлоқшунослик муаммоларига бағишланган йирик асари «Ахлоқи Жалолий» рисоласида, профессор, Ҳайдар Алиқулов тадқиқотларига кўра, XV асрнинг илғор ахлоқи мусулмон Шарқи ахлоқий таълимотларининг ютуқ ва камчиликлари акс этган. Асар уч қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисми асосий ахлоқий тушунчалар бўлмиш адолат, шижоат, донишмандлик, иффат сингари фазилатлар таҳлили ва талқинига, иккинчи қисми оилавий ҳаёт, болалар тарбияси, муомала одоби масалаларига бағишланган. Китобнинг учинчи қисмида эса шаҳар маданияти ва подшоларнинг сиёсат юргизиши, фуқароларнинг шаҳар (давлат) бошлиқлари билан ўзаро муносабатлари қаламга олинади. Қисқача қилиб айтадиган бўлсак, «Ахлоқи Жалолий»да ахлоқшунослик кишиларнинг амалий фаолияти, қарашлари билан, боғлиқ фан сифатида, ахлоқий муаммолар эса фалсафий, ижтимоий-сиёсий масалаларга дахлдор ҳодисалар тарзида олиб қаралади. Ўрта асрлар мусулмон Шарқи минтақаси тафаккурида ахлоқнинг моҳиятини тушунтирувчи ва ахлоқийликни тарғиб этувчи машҳур пандномалар – халқ ичида кенг тарқалган бадиий-дидактик асарлар ҳам ўзига хос ўрин эгаллайди. Улар учун умумий бўлган хусусият, бу – ахлоқий меъёрларни, тамойилларни, ахлоқий маданият омилларини кўпчиликка тушунарли, ранг-баранг шаклларда, қизиқарли ҳикоятлар орқали китобхонга етказиш. Шу жиҳатдан пандномалар асрлар мобайнида ахлоқий тарбиянинг ўзига хос шарқона воситаси сифатида хизмат қилиб келди ва ҳозир ҳам хизмат қилмоқда. Уларнинг энг машҳурларидан бири тахминан III-IV асрларда яратилган қадимги ҳинд адабий-дидактик ёдгорлиги «Панчатантра»дир. У бизда «Калила ва Димна» номи билан машҳур. У ўзбек тилига бир неча бор таржима қилинган. Асарда кўз олдимизда икки дунё намоён бўлади: бири – инсоф, адолат, диёнат, ҳалолликка суянган, ахлоқий фазилатларнинг тажассуми бўлмиш инсонлар дунёси, эзгулик олами, иккинчиси – ёлғонни, қаллобликни, мунофиқликни, худбинликни касб қилиб олган, иллатлар тажассуми бўлган одамлар дунёси, ёвузлик дунёси. Ана шу эзгулик ва ёвузлик орасидаги кураш асарнинг ўқ томирини ташкил этади. Унда ахлоқийлик асл бахт, ахлоқсизлик инсон учун ҳалокат гирдоби экани ажойиб ҳикоятларда, масалларда ўз аксини топади. «Калила ва Димна»нинг шакли, композицион қурилиши, услубий жиҳатлари кейинчалик жуда кўп пандномалар учун бадиий қолип ролини ўтади. Мусулмон Шарқи минтақаси ахлоқий тафаккурида XI аср алоҳида диққатга сазовор. Унда икки буюк панднома яратилди. Бири туркий тилда – Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» («Яхшилик келтирувчи билимлар»), иккинчиси форсийда – Кайковуснинг «Қобуснома» асари. «Қутадғу билиг» 13000   мисрани ўз ичига олган ахлоққа, сиёсатшуносликка доир монументал асар. Уни туркий халқларнинг ахлоқий қомуси деб аташ мумкин. Китобда эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик, олижаноблик ва тубанлик, ҳалоллик ва ҳаромлик сингари тушунчалар батафсил қаламга олинади. Уларнинг моҳияти образли, бадиий юксак мисраларда, шеърий ҳикматларда, мақолларда очиб берилади. Мана, эзгу одамга Юсуф Хос Ҳожиб қандай таъриф беради: «Эзгунинг барча қилмиши ва йўриқлари халққа фойда ва манфаат берадиган бўлади. Барчага бирдек яхшилик қилади, лекин эвазига улардан мукофот миннатини қилмайди. Эзгу ўз манфаатини кўзламайди, бошқалар манфаатини кўзлайди, бошқаларга келтирган фойдасидан ўзига манфаат тиламайди». Тўғриликни эса, у шундай таърифлайди: «Тўғрилик одам учун жуда керакли сифатдир, у одамийлик демакдир». Инсоннинг қадр-қимматини ҳам мутафаккир инсонийликда, одамгарчиликда деб билади: «Одам қадрли эмас, одамгарчилик қадрли, одам ноёб эмас, одамгарчилик ноёб». «Қутадғу билиг»да фақат ахлоқий тамойиллар ёки тушунчалар эмас, балки муомала одоби ва этикет муаммолари ҳам ўртача ташланади, тил билан дил бирлиги ахлоқийликнинг асоси сифатида талқин этилади. Ахлоқийликнинг яна бир асосини буюк бобокалонимиз билимда кўради: у ақл-заковатни инсон қадр-қимматини юксалтирувчи неъмат деб билади. Кайковуснинг «Қобуснома» асарида ҳам ана шу жиҳатларга эътибор қилинади. Айни пайтда, «Қобуснома» инсон ҳаёти ва фаолиятининг деярли барча томонларини қамраб олувчи ўгит-кўрсатмалардан иборатдир. Унда меҳмонга бориш, меҳмон кутиш, савдогарчилик одобларидан тортиб, чавгон ўйини – спортчи одобигача қаламга олинади. Кайковус ахлоқийликка эришув икки хил – табиий-туғма ва тарбия орқали рўй беришини айтади. Шу билан бирга ахлоқий тарбия ҳар икки ҳолатда ҳам шарт эканини таъкидлайди. Шарқона пандномаларнинг энг машҳури, шубҳасиз, Шайх Муслиҳиддин Саъдийнинг (1184-1292) «Гулистон» асаридир. Жаҳонда бу асар таржима қилинмаган бирор бир маданий тил бўлмаса керак. Ўзбек тилига у биринчи марта буюк ўзбек мумтоз шоири Сайфи Саройи томонидан XIV асрда таржима қилинган. «Гулистон»нинг бу қадар машҳур бўлиб кетишига асосий сабаблар шундаки, аввало, у муаллифнинг ҳаётий тажрибалари ва кўрган- кечирганларини, ўз қулоғи билан эшитган воқеа-ҳодисаларни ўз ичига олади; иккинчидан, панднома буюк Саъдийга хос тенгсиз бадиийлик билан суғорилган; учинчидан, унинг услубида юксак ахлоқ эгасининг донишмандлиги ва самимияти кишини ўзига тортиб туради. Насрий ҳикоятлар билан меъёрий ҳикматлар – ахлоқий хулосаларнинг узвий боғланиб кетганлиги эса асарни яна ҳам ўқишли қилади. Саъдий, биринчи навбатда, одамлар қиёфасидаги эзгулик ва ёвузликнинг муносабатларини очиб беради. Оддий муомала одобидан тортиб, юксак ахлоқий тамойилларгача ана шу муносабатларни акс эттиришга хизмат қилади. Мутафаккир шоир инсон ахлоқийлигини, эзгуликни ўзгалар манфаатини ўз манфаатидан устун қўйишда, одамларга қайишишда кўради; илмий тил билан айтганда, Саъдий, инсон инсон учун восита эмас – мақсад, деган ғояни илгари суради. Ёвузликлар ичида у, айниқса, ёлғонни қаттиқ қоралайди: «Ёлғон гапирмоқ ҳам, – дейди шоир, – ханжар зарби кабидир: жароҳат тузалса-да, изи қолади». Бундан ташқари, Саъдий кашф этган ҳикматлар ҳам ўзининг образлилиги, фалсафий қудрати ва назокати билан кишини ҳайратга солади. Қуйидаги ҳикматга эътибор беринг: «Гавҳар лойга тушса ҳам аввалгидек қимматбаҳо, чанг осмонга кўтарилганда ҳам қадрсиздир». Ёки мана бу кичкинагина ҳикоятни олиб кўрайлик: «Оламда биринчи марта бармоғига узук таққан одам Жамшиддир. Ундан сўрадилар: «Нега ҳамма зебу зийнатни чап қўлингга бердинг, ваҳоланки, фазилат ўнг тарафдадир». Жамшид жавоб берди: «Ўнг қўлнинг – ўнг қўл эканининг ўзи буюк зийнатдир». Саъдийнинг «Гулистон»ига тақлидан жуда кўп асарлар яратилди. Улардан бири Жомийнинг «Баҳористон», шунингдек Пошшохожанинг туркийда битилган «Мифтоҳо ул-адл» ва «Гулзор» асарларидир. Ҳар учала асар ҳам ҳикоятлар ва шеърий парчаларда баён этилган ҳикматларни ўз ичига олади. «Баҳористон»да саккиз боб–равзанинг еттинчиси шоирлар зикрига бағишланган, саккизинчи равза эса масаллардан ташкил топган. Ҳар иккала муаллиф асарларида буюк подшолар ва саркардалар ҳаётидан кўплаб ҳикоятлар келтирилади. Темурийлар даврида яратилган энг ажойиб ва ўзига хос пандномалардан бири, бу – Хондамирнинг (1481-1535) «Макорим ул-ахлоқ» («Яхши хулқлар») асари. Унинг ўзига хослиги шундаки, ундаги қаламга олинган барча фазилатлар бир буюк инсон – Алишер Навоий қиёфаси мисолида очиб берилади, талқин этилади. Шу боис уни буюк шоир ва мутафаккир ҳақидаги хотира ёки биографик маълумотлар деб эмас, айнан бир шахс бош қаҳрамон қилиб олинган панднома деб аташ мақсадга мувофиқ. Унда бўлган воқеалар, ҳикоятлар, латифа ва мутоибаларга ўралган Навоийнинг ахлоқий ҳаёти кўз олдимизда гавдаланади, гавдаланганда ҳам фақат ўз замонаси учун эмас, балки барча замонларга намуна бўла оладиган ахлоқий идеал тарзида юз кўрсатади. Ўрта асрларда кейин ҳам пандномалар яратиш анъаналари давом этди. Лекин улар орасида машҳур бўлганлари кўп эмас. Ана шундай истиснолардан бири – ўзбек мумтоз шоири Гулханийнинг (XVIII аср охири иккинчи ярми –XIX аср бошлари) «Зарбулмасал» асари. У, аввало, ўзининг шаклий янгилиги билан ажралиб туради. Асар қолиплаш усулида ёзилган   – катта масал-ҳикоя ичида масал-ҳикоятлар, масаллар ичида эса, юзлаб ўзбек халқ мақоллари жой олган. Асарнинг яна бир ўзига хослиги шундаки, унинг асосий қаҳрамонлари – ўз қиёфаларида ахлоқсизлик иллатларини мужассам этган салбий образлар. Гулханий бу иллатларга юксак ахлоқий мезонлар нуқтаи назаридан қараб, ўқувчига тақдим этади. Ана шу усул билан инсонларни инсоф, адолат ва диёнатга, ҳалоллик ва софдилликка чорлайди. 5. Европа Ўрта асрлари ва уйғониш даври ахлоқий таълимотлари . Аввалги маърузада айтиб ўтилганидек, ҳурфикрлилик борасида ўрта асрлар Оврўпосида Қадимги Юнон ва Ўрта асрлар мусулмон Шарқига солиштириб бўлмайдиган даражада қашшоқлик мавжуд эди. Гап шундаки, Ўрта асрлар Оврўпосида насронийлик фалсафа, адабиёт ва санъат каби маънавий соҳаларга ёндош туриш билан кифояланмади, балки улар орасида биринчи бўлишга, мутлақ ҳукмронликка интилди. Ахлоқшунослик олдида насронийлик таълимотининг рационал тарзда умумлаштириш вазифаси турарди–черковнинг талаби, моҳияти ана шу эди. Мазкур вазифа эса Библиёдаги ахлоқий концепциядан келиб чиқади; уни қуйидаги тўрт қоидага бўлиш мумкин: 1. Худо оламнинг яратувчиси ва унга жон бахш этувчи моҳиятдир. У – мутлақ ижодий-яратувчи ибтидо, айни пайтда, оламнинг олий мақсади, яширин маъноси. Худо ниманики яратадиган бўлса, уни ўзи учун яратади ва фақат биргина У ўз фаолиятининг сабаби, меъёри ва мақсадини ўзида мужассам этади. Бошқа барча мавжудот бундай мухторликдан бенасиб: улар Худо сабабли ва Худо учун мавжуд. Инсон ҳам бундан мустасно эмас. Лекин инсон, шунинг баробарида, муайян имтиёзга ҳам эга зот. Зеро, у Худога ўхшаш, аммо Худо билан айнан эмас: ҳиссиётли, ўлимга маҳкум ердаги мавжудот. У эркин қилиб яратилган ва олий мақсади бўлмиш–Худога ибодат унинг учун мажбурият шаклида юзага чиқади. Чунки инсоннинг ердаги, ўз бахтини излашга қаратилган бутун ҳаёти–инкор этилиши лозим бўлган гуноҳкорликдан иборат. Илк аждод – Одам Атонинг қилмиши бунга ёрқин мисолдир. Хуллас, насронийлик таълимоти мантиқига кўра, инсон Худога ибодат қилиш учун яратилган, бироқ у ўзи Худо бўлгиси келиб қолади: барча инсоний бахтсизликларнинг сабаби мана шу кибру хаво, ахлоқий мустақилликка даъводан келиб чиқади, умуман, ҳамма ёвузликларнинг илдизи шунда. Шундай қилиб, насронийлик ахлоқи мавжудликнинг моҳият билан мос келмаслигига асоланади. Инсон ўзининг моҳиятан белгиланган ўзлигини амалга ошира олмайди. Чунки у гуноҳкор зот; у фақат Худо ёрдамидагина гуноҳдан қутилиши мумкин. Исо–инсоннинг Худо билан бирлашувига ва, айни пайтда, бундай бирлашувнинг фақат Худо туфайлигина рўй беришига далолатдир. Шу боис Худога иқтидо Исога иқтидо қилишда ўзини намоён этади. Одам Атодан гуноҳкорлик бошланган бўлса, Исодан янгиланиш, руҳан қайта туғилиш бошланади, чунки айнан у гуноҳдан қутилиш йўлини кўрсатди. Исо ўз мавжудлигининг олий ва ягона маъносини Худо-Отага етишишда деб билади. У ҳаворийларни ота-онаю, ўғил-қизларини тарк этишга чақиради, чунки кимда-ким гуноҳдан қутилиш йўлига кирса, унинг қалбида Худодан ўзга зотга жой бўлмаслиги керак; ён- верингдагиларни худди ўзингдек севмоқ Худога муҳабатнинг иньикосидир; Худони севмоқ уларни севиш орқали амалга ошади, ҳаммани севиш керак, деган талаб шундан. Агар инсон танлаб севса, бировга эзгулик, бошқасига ёвузлик қилиши мумкин ва бу билан у бўйнига Худолик ҳуқуқини олган, яъни нима адолатли-ю, нима адолатсиз эканини ўзи ҳал этган бўлади. Ўрта асрлар Оврўпо ахлоқшунослигининг йирик вакили Августин Блаженний – Илоҳий Оғустин (354-43) «Тазарру» ҳамда «Эзгулик ва эркин ихтиёр ҳақида» деган асарларида ана шу муаммоларни ўртага ташлади ва ҳал қилишга уринди. Унинг фикрига кўра, Худо барча гўзалликлар манбаи ва энг олий гўзалликдир. Худонинг иродаси – муайян, мазмунидан қатъий назар, эзгулик, неъмат, ягона олий неъмат. ҳамма нарса, Худодан бўлгани учун, эзгу; «Нимаики мавжуд экан, ҳаммаси эзгу»,   – дейди Августин. Борлиқ – қадриятларнинг тартибли босқичларидан иборат. Борлиқ ичидаги энг муҳим фарқ Худо билан олам, Яратган билан яратилмиш орасидаги фарқдир, мана шу фарқ ахлоқнинг асоси ҳисобланади. ҳар қандай хатти-ҳаракат фақат борлиқ тартибини акс эттириши ва Худога интилиш билан бошқа интилишларни фарқлаши, яъни олий интилишни тубан интилишлардан қатъий ажратиб олиши орқали баҳоланади. «Тартиб шундай нарсаки,-дейди Августин,- агар биз ҳаётимизда унга суянсак, у бизни Худога етиштиради, унга суянмасак, Худога етиша олмаймиз». Шу сабабли инсон фаолиятида икки хил муносабатни фарқламоқ лозим – лаззат ва фойдага интилиш. Лаззат – фақат биргина Худодан; қолган ҳамма нарсалар фойдаланиш объекти ҳисобланади. Ердаги неъматлар фақат ердан ташқаридаги неъматларни тарғиб қилиш учун воситадир. Худодан қувонч туйгун-у, лекин ундан фойдаланма, ердаги неъматлардан фойдалан-у, лекин улардан қувонч туйма. Августин ахлоқий таълимоти ана шу талабдан келиб чиқади. Худо, Августин нуқтаи назаридан, инсонни – Одам Атони эркин, гуноҳ қилмаслик имкониятига эга зот қилиб яратди. Айни пайтда У ихтиёр эркинлиги фаолиятининг аниқ йўналишини белгилаб берди. Лекин Одам Ато, нима қилиш кераклигини ўзим биламан, деган кибр билан Худонинг кўрсатмасини бузди; инсон ихтиёр эркинлигини ножоиз қўллагани учун гуноҳга ботди. Одам Ато қандай бўлса, ундан пайдо бўлган бошқа одамлар ҳам худди шундай. Биринчи одам қилагн гуноҳга ҳамма одам жавобгар, ҳар бир одам ўз тишида Одам Ато еган олмадан қолган қамашишни ҳис этиб туради, демак, ҳамма нарса, барча эзгулик Худодан; ёвузлик-эзгуликнинг йўқлиги, эзгуликдан юз буриш, нуқс, хато. У инсон ихтиёрининг хусусияти, ихтиёрнинг тубанликка қаратилишидир; у – Худо кўрсатмаларидан чекиниш, гуноҳ. Шуни таъкидлаш жоизки, Августин таълимотини маълум маънода муҳаббат ахлоқи ҳам дейиш мумкин. Файласуф-илоҳиётчи муҳаббатни ҳар бир нарсани ўз табиий, қонуний ўрнини эгаллаш учун интилишга мажбур қилувчи фазовий қудрат сифатида талқин этади. Муҳаббат – тугалликка, оромга интилиш. Инсон нафақат севади, Айни пайтда у муҳаббатни ўз муносабатларининг объекти ҳам деб билади; инсон муҳаббатнинг ўзини севиш ё севмаслик қобилиятига эга. Ахлоқий вазифа мана шу муҳаббатни инсон табиатига ўхшаш объектга йўналтиришидир. Бу объект эса – Худо. Муҳаббатнинг сезги аъзоларига ҳеч қандай алоқаси йўқ, у руҳнинг сирли қаъридан, руҳ пайдо бўладиган макондан иборат. Шу тарзда Августиннинг ахлоқий таълимоти жаҳон ахлоқшунослиги тарихида муҳаббат масаласини биринчи бўлиб ўртага ташлади ва бу таълимот кейинги давр мутафаккирлари қарашларига катта таъсир кўрсатди. Лекин, умуман олганда, Ўрта асрлар Оврўпо ахлоқшунослиги у қадар юксак даражага кўтарила олмади. Шу боис, бу давр ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш шарт эмас. Ўрта асрлар мусулмон Шарқи ахлоқий таълимотлари Қадимги дунё мумтоз ахлоқшунослигининг тадрижий ривожи сифатида кейинги даврлар Оврўпо ахлоқ илми тараққиётига катта таъсир кўрсатди. Шарқ алломалари илгари сурган ғоялар, ўртага ташлаган муаммолар Оврўпо ахлоқшунослигида янги қарашлар ва, ҳатто, оқимларнинг вужудга келишига туртки бўлди. Оврўпо тарихида «Буюк таржималар даври» деб аталадиган XI - XIII асрларда нафақат Форобий, Ибн Сино, Ғаззолий, Ибн Рушд ва бошқа Шарқ аломалари китоблари, балки улар Оврўпога қайтадан кашф этиб берган Афлотун, Арасту сингари Қадимги Юнон мутафаккирларининг асарлари ҳам араб ва сурёний тилларидан лотинчага таржима қилинди, Ғарбнинг дастлабки универсиитетларида ўқитилди. Зотан Ҳегелнинг: «Ғаззолий ўта нозиктабъ файласуф», «Қойилмақом Жалолиддин Румий», Э.   Ренаннинг: «Ғаззолийдан кейин Ҳюмга айтадиган гап қолган эмас», деган сўзлари бежиз айтилмаган. Шунингдек, Ибн Рушднинг моҳият билан мавжудлик муносабатларида якка жавҳарларда (субстанцияларда) мавжудлик моҳиятдан олдин келиши ва улар онтологик жиҳатдан яхлитликни ташкил этиши ҳақидаги ғояси кейинчалик Ғарбда катта амалий аҳамият касб этган – Оврўпо халқлари менталитетига сингиб кетган экзистенциячилик фалсафий-ахлоқий оқимининг пайдо бўлишига олиб келди ва ҳоказо. Ўрта асрлар мусулмон Шарқида ўртага ташланган кўпгина ахлоқий муаммолар Оврўпо Уйғониш даврида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Лекин энди уларга кўпроқ – инсонпарварлик, инсонни улуғлаш, инсоннинг ақлий қудратига ишонч сингари янгича нуқтаи назардан ёндошилди. Уйғониш даври ўрта асрлардан янги даврга ўтиш босқичи сифатида намоён бўлди. Уйғониш даврининг диққатга сазовор ахлоқшуносларидан бири италиялик файласуф Лоренцо Валладир (1407-1457). Валланинг «ҳақиқий ва ёлғон эзгулик», «Ихтиёр эркинлиги ҳақида» каби асарларида барча жонзотларнинг табиатан ўзини асрашга ва изтиробдан қочишга интилиши ҳақидаги фикрларни ўз ахлоқий қарашларига асос қилиб олади. «Ҳеч қайси жонзот қайғу ва руҳий изтироб ҳолатида неъматга эга деб ҳисобланиши мумкин эмас» – дейди файласуф. – Шу сабабли неъмат унинг учун қувонч ҳиссидир». Валла инсоннинг жонли табиат билан алоқасини руҳ орқали чуқурлаштиради. Унинг фикрига кўра, ҳайвонлар ҳам одамларга ўхшаш ҳотира, ақл, ирода, танлов, қобилият, ачиниш сингари баъзи руҳий ҳолатларга эга. Лекин нутққа, кулгига эгалиги, айниқса, абадийликка тааллуқли экани билан инсон ҳайвондан юқори туради. «Биз Худога ўҳшаб абадиятга даҳлдорлигимиз билан ҳайвонлардан ажралиб турамиз, бошқа жиҳатлар билан эса худди юлдузлар биз ёққан оловга ўҳшаганидек, уларга ўхшаймиз,» – дейди файласуф. Валла лаззатни ҳамма ерда ҳамма интиладиган, руҳ ва вужуд завқланишини ўз ичига олган неъмат деб атайди. У – ҳамма интилишларнинг мақсади, ягона неъмат; ҳеч ким қандайдир мақсадлар учун лаззатланмайди, зеро лаззатнинг ўзи – мақсад. Августиндан фарқли ўлароқ, Валла, муҳаббат лаззатга ўхшаш, чунки улар иккисининг асоосида ҳам ҳиссий идрок этиш ётади, дейди. Шуниг учун у, Худони фақат Худо бўлгани учунгина севиш керак, деган фикрга қарши боради. Файласуф Худони инсонларга илоҳийлик берадиган ибтидо сифатида, кўпроқ мақсад эмас, восита тарзида талқин этади, яьни, Худо неъматлар манбаи бўлганлиги учун муҳаббатга лойиқдир. Ихтиёр эркинлиги масаласига ҳам Лоренцо Валла катта эътибор беради. Унинг фикрига кўра, ҳар бир инсон фаровонлик учун интилади. ёвузликдан эса, - у ўз ёвузлигими, ўзганикими, – қочишга уринади. Баъзан инсон кимгадир зарар етказса, албатта ёвузлиги туфайли эмас, балки ўз фаровонлигини кўзлаб шундай иш қилади. Демак, инсон ўз фаровонлигига интилар экан, у тўғри йўлни танлаши керак. Неъматга, фаровонликка эгаликнинг энг муҳим шарти – бахтсизлик, хавф-хатар, безовталикдан йироқ ва ҳамма томонидан суюкли бўлиш. ҳаммага суюкли бўлиш эса барча лаззатларнинг манбаи ҳисобланади; нафрат қуршовида яшаш – ўлим билан тенг. Шуларга қараб, инсоннинг яхши ёки ёмонлигига баҳо берилади. Фазилат, Валланинг фикрига кўра, неъмат бўлмиш – лаззатга зарурий-табиий интилишни йўлга солишда ёрдам беради. Бунда фазилат ўз ҳолича мақсад эмас, балки лаззатга – фазилатлар маликасига бўйсунади; демак, фазилат ўзига хос назорат, зеро кетидан катта изтироблар келадиган бўлса, ёки олдинда катта лаззатга эришиш имкони юзага чиқса, маълум чидам ва тоқат билан кичик лаззатдан қочиш лозим. Умуман, Валла, кичик ва катта лаззат масаласига ўз таълимотида кенг ўрин беради. Ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, файласуф, фазилатни – неъматга ихтиёр ёки муҳаббат деб атайди ва уни матонат билан таққослайди. Ўзи кашф этган мана шу ахлоқий мезон асосида, Валла, инсоннинг ўз манфаатини тўғри англашига катта ишонч билан қарагани ҳолда, унинг ўзгаларга муносабатларини ўрганишга интилади. Шу боис у одамлар ҳақида яхши фикрда бўлишга, улар қилмиши ҳали ахлоқий жиҳатдан англанмаган ҳолларда, бу қилмишларни яхшиликка йўйишга чақиради; инсонни бошқаларнинг фаровонлигидан нафақат қувонишга, балки бошқаларга қувонч бахш этишга ҳам қодир деб ҳисоблайди. Валла зоҳидона фазилатларга дунёвий фазилатларни маълум маънода қарши қўяди: «Фазилат нафақат камбағалликка чидашда, – дейди у, балки бойликдан оқилона фойдаланишдадир; нафақат тоқ ўтишда, балки оила қуришдадир; нафақат бўйсунишда, балки оқилона бошқаришда ҳамдир». У зоҳидона фазилатлар асосида муҳаббатни эмас, қўрқувни кўради, Файласуф Худога ихлос эмас, тоқат билан, муҳаббат эмас, қўрқув билан ибодат қилишни маъқул кўрмайди. Лоренцо Валланинг ахлоқий қарашларига хулоса ясайдиган бўлсак, у одамлар аро бўладиган барча алоқалар ва муносабатларда манфаатни четга суриб қўймайди, ҳатто Худога муносабатни ҳам ана шу манфаат билан боғлайди. Инсонларнинг бир-бирига бўлган муносабатида бир-биридан фойдаланиш мақсади ётади; манфаат, шахсий фаровонлик барча инсоний қилмишларни ҳаракатга келтирувчи кучдир. Бундан, шахсият ва ижтимоийлик бир-бири билан ажралмайдиган даражада боғлиқдир, деган фикр келиб чиқади. Валланинг бу ва бунга ўхшаш фикрлари кейинчалик Спиноза, Ҳоббс, Локк сингари маърифатпарварлар таълимотига туртки бўлди. Уйғониш даври ахлоқшунослигида кейинги даврлар учун ҳам характерли бўлган икки йўналиш кўзга ташланади. Биринчиси-инсон табиати ибтидодан эзгу, иккинчиси-ибтидодан ёвуз, деган ғоя. Лекин иккала йўналиш ҳам, реал тажрибадаги инсон худбин мавжудот, деган фикрда тўхталади. Фарқ шундаки, биринчи йўналишдаги ахлоқшунослар худбинликни тарихий шароитдан, жамиятнинг оқилона ташкил этилмаганидан, тенгсизликдан келиб чиққан деб билсалар, иккинчи йўналишдагилар уни инсон табиатининг ихтиёри сифатида талқин этадилар. Ана шу йўналишлардан биринчисига мойилликни Лоренцо Валла қарашларида кўрган бўлсак, иккинчи йўналишнинг йирик вакили бошқа бир италиялик мутафакккир Никколло Макиавеллидир (1469-1527). Макиавелли деганда, дарҳол хаёлимизга «макиавелличилик» ибораси келади. Маълумки, «макиавелличилик» деганда, ўз мақсадига эришиш йўлида (асосан сиёсат борасида) ҳар қандай ахлоқсизликдан ҳазар қилмайдиган ҳаракат тарзига даъват этувчи йўналиш тушунилади. «Мақсад воситасини оқлайди», деган тамойил бу йўналишнинг асосини ташкил этади; бундан ахлоқ ва сиёсат бир-бири билан чиқишмайди, деган хулоса келиб чиқади, Никколо Макиавелли илгари сурган ахлоқшунослик ва сиёсатшунослик борасидаги ғоялар бу йўналишнинг асоси сифатида қабул қилинади ҳамда неча асрлардан буён италиялик файласуф-ахлоқшунос кўпчиликка танқид объекти бўлиб келади. Хўш, ҳақиқатдан ҳам шундайми? Макиавеллининг ахлоқий қарашлари асосан унинг «Ҳукмдор» (1513) асарида ўз аксини топган. Унда мутафаккир саҳийлик ва тежамкорлик, шафқат ва шафқатсизлик, муҳаббат ва нафрат сингари тушунчаларга батафсил тўхталади. Лекин уларга файласуф Ўрта асрлардагига нисбатан янгича мазмун ва маъно беради. У шафқат ва шафқатсизлик ҳақида фикр юритиб, ҳукмдор фуқароларни маҳкам тутиб туриш йўлида ўзини шафқатсизликда айблашларидан қўрқмаслиги керак, дейди. Унинг бир қадар шафқатсизлиги тартибсизликларни келтириб чиқарадиган давомли шафқатсизликлардан афзалдир. Зеро, ўғрилик, қароқчилик, қотилликни туғдирадиган бундай тартибсизликлардан бутун аҳоли азият чекади. Бу фикрларни Макиавелли, айниқса, янги ҳукмдорларга нисбатан маъқул кўради. Унинг фикрига кўра, янги ҳумдорни бошқа ҳукмдорларга нисбатан шафқатсизликда камроқ айблайдилар. Чунки янги давлатга жуда кўп хавф-ҳатар таҳдид солади. Макиавелли ҳукмдор ўз фуқароларининг кўпроқ меҳр-муҳаббатига эмас, қўрқувига эришиши кераклигини айтади: «... қайси бири яхши-халқнинг ҳукмдорни севганими ёки ундан қўрққаними? Айтишларича, бирваракайига ҳам қўрққани, ҳам севгани яхши; бироқ меҳр-муҳаббат қўрқув билан чиқиша олмайди, шу боис танлашга тўғри келганда, қўрқувни танлаган дуруст. Зотан, одамлар ҳақида, умуман, ҳеч қачон миннатдор бўлмайдиган, беқарор мунофиқлик ва ёлғончиликка мойил, ўз фойдасини кўзлаб хатардан қочадиган жонзот дейиш мумкин: токи сен яхшилик қилиб турар экансан, улар бутун борлиғи билан сеники, сен учун ҳамма нарсасидан, қони-жонидан ҳам, бола- чақасидан ҳам, бойлигидан ҳам кечишга тайёр, лекин ишинг тушганда, шу заҳоти юзини буриб кетадилар... Бундан ташқари, одамлар ўзида меҳр-муҳаббат уйғотган кимсалардан кўра, қўрқув уйғотган кимсани хафа қилишдан кўпроқ тийинадилар». Ҳукмдорнинг ўз сўзи устидан чиқиш-чиқмаслиги масаласида эса Макиавелли «ҳукмдор» рисоласининг XVIII бобида шундай дейди: «Тажрибадан шуни биламизки, бизнинг давримизгача улуғ ишларни амалга оширишга фақат берган сўзининг устидан чиқмасликка ва керак одамни лақиллатиб кетишга уринганларгина эришган; бундайлар охир-оқибатда ростгўйликка интилган ҳукмдорларга нисбатан жуда катта ютуқларни қўлга киритганлар. Шуни билиш керакки, душманга қарши икки йўл билан курашиш мумкин: бири – қонун йўли, иккинчиси – куч ишлатиш. Биринчиси – инсонга, иккинчиси – йиртқичга хос; аммо биринчиси етарли натижа бермаганлиги учун, кўпинча иккинчи йўлга мурожаат қилишга тўғри келади. Бундан чиқадиган хулоса шуки, ҳукмдор ҳам инсон, ҳам йиртқич табиатини ўзида мужассам этмоғи керак. Йиртқичлар орасида ҳукмдор иккитасига ўхшаш учун ҳаракат қилмоғи зарур: буларнинг бири – арслон, иккинчиси – тулки. Гап шундаки, оқил ҳукмдор ўз берган ваъдасини бажаришга доим ҳам интилиши шарт эмас. Чунки одамлар ўлиб-тирилиб ваъдани бажариш учун уринишга арзимайди, уларнинг ўзлари ваъдаларида турмайди. Ваъдани бузиш учун эса баҳона доимо топилади. Қанчадан-қанча тинчлик шартномалари, қанчадан-қанча келишувлар ҳукмдорлар сўзларининг устидан чиқмаганлари учун амалга ошмай қолган. Бунда кимда-ким тулкилик қилган бўлса, ўша ютиб кетган. Лекин ёлғонни ҳам эплаш керак, қотириб қўйиш лозим: чув тушадиган одам эса доимо топилади.» Дарҳақиқат, юзаки қараганда, Макиавеллининг бу фикрлари ахлоқийлик нуқтаи назаридан ҳеч бир мезонга тўғри келмайдигандек кўринади. Аслида эса ундай эмас. Буни англаш учун қуйидаги омилларни назарда тутмоқ лозим. Биринчидан, мутафакккир ўз Ватани Италияни озод ва бирлашган ҳолда кўришни истайди. Бу эзгу йўлда ватан душманларини алдаш, уларга берган сўзининг устидан чиқмаслик озодлик ва бирликка олиб келадиган восита сифатида намоён бўлади, яъни эзгулик ҳамда улуғвор орзулар тантанаси йўлида хизмат қилади. Иккинчидан, жуда кўп ўринда Макиавелли «Янги ҳукмдор» иборасини ишлатади. Янги ҳукмдор, тўғрироғи янги пайдо бўлган давлат ҳукмдори қувлик ва қаттиққўллик сиёсатини олиб бормаса, давлатни ҳам, мамлакатни ҳам, мустақилликни ҳам сақлаб қололмайди; яъни ўтиш ёки тикланиш давридаги турли хил ички ҳамда ташқи иғвогарликлару қийинчиликларни фақат тулкиинг тадбиркорлиги-ю, арслоннинг ҳамласи билан енгиб чиқиб кета олиш мумкин. Учинчидан, Макиавелли фикр юритаётганда, Оврўпода янги вужудга келган миллий давлатни назарда тутади. Униг танқидчилари эса кўп ҳоларда, аллақачон ўтиш ёки тикланиш даврини бошидан кечирган, ўн йиллар, хатто юз йиллар мобайнида ўзига хос муҳим демократик йўналишни ишлаб чиққан ва аҳолиси шу йўналишга онгли равишда муносабатда бўла олиш даражасига кўтарилган мамлакатларнинг сиёсий арбоблари, файласуфларидир. Макиавелли таълимотини эса юқоридаги ҳар учала ҳолатда ҳам Италия тарихидан ажратиб олиб таҳлил этиш мумкин эмас. Тўртинчидан, Макиавелли барча машҳур ҳукмдорлар тутган йўлни, ҳукмронлик сирларини шафқатсиз тарзда авра-астаригача очиб ташлайди. Бундай «сурбетлик» шундай йўлни босиб ўтган, лекин ўзини бунақа йўлга алоқаси йўқдек кўрсатмоқни истаган сиёсий арбобларнинг ғашини келтиради –уларга ўзи учун ҳозирда ёқимсиз бўлган ҳолатларни эслатади. Бешинчидан, шуни доим ёдда тутиш керакки, барча ахлоқшунослар ичида фақат Макиавеллигина давлат раҳбарини алоҳида, бошқалардан тубдан фарқ қиладиган ахлоқий тип сифатида олади. Макиавелли танқидчиларининг ва бошқа кўпгина ахлоқшуносларнинг хатоси шундаки, улар ҳукмдор ахлоқини оддий ахлоқий тамойилларга нисбат берган ҳолда баҳолашга уринадилар. Макиавелли эса ҳукмдор ахлоқини мавжуд ижтимоий шароитдан, унинг жамиятда ва миллат тарққиётида эгаллаган реал, истисноли ўрнидан келиб чиқиб талқин этади. Файласуф бунга дабдурустдан эришган эмас. У тарихий воқеалар ва далилларни билган ҳамда уларни илмий таҳлил этган, «Флоренция тарихи» деган фундаментал асар яратган улкан тарихшунос олим. У тарихий тажрибага суяниб шундай хулосага келади. Шу боис Макиавелли номини сиёсатда ахлоқсизликни тарғиб этувчи, демократиянинг душмани каби сифатлашлар билан «безаш» илмдан кўра, эҳтироснинг, сохта демократчиликнинг мевасидир. Аслида эса ҳақиқий донишманд, ҳар жиҳатдан кучли, маърифатли, умумлаштирувчи фалсафий иқтидорга эга ҳукмдоргина Макиавелли таърифига жонли мисол бўла олади. Масалага еттинчи осмондан эмас, реал ҳаётдан туриб ёндошилса, буни англаш қийин эмас. Мана, тарихимиздан бир мисол. Соҳибқирон Амир Темур ўғли Мироншоҳ ва унинг аъёнларини ўзларига ишониб топширилган ҳудудни бошқаришда адолатсизликка йўл қўйгани, кайфу сафога берилиб, раийятга жабр қилгани учун шафқатсизларча жазолайди: барча аъёнлар ўлимга ҳукм этилади. Мироншоҳ эса отасининг пири Саййид Барака маслаҳати туфайлигина ўлимдан сақланиб қолади ва сазойи қилинади. Қўллари боғлиқ, тиз чўктирилган Мироншоҳнинг кўзи олдида барча аъёнлари бўғизланади, махсус ўрнатилган тарновдан оқиб турган қон Мироншоҳнинг ёдида умрбод қолади – бу ҳам ўлимга тенг бир руҳий изтироб эди. Бу жазо, ҳақиқатдан ҳам шафқатсизлик. Бироқ, ўн беш-йигирма одамнинг ўлими ва шаҳзоданинг руҳий изтироблари эвазига Мироншоҳ тасарруфидаги Эрон, Озарбойжон, Арран сингари кўплаб ўлкаларни ўз ичига олган улкан бир ҳудуддаги миллионлаб аҳоли амалдор ҳамда сипоҳийларнинг бош-бошдоқлигидан, ўз фуқаролик ҳуқуқларига тажовузидан қутилади, яъни, Амир Темурнинг шафқатсиз деган ном олишдан қўрқмай, ота эмас, ҳукмдор сифатилда иш кўриши туфайли адолат ўрнатилади; кичик шафқатсизлик улкан шафқатга айланди. Энди давлат бошлиғининг ўз сўзи устидан чиқиш-чиқмаслигини ахлоқий баҳолаш борасида замонавий бир мисол келтирамиз. Шўролар Иттифоқи эндигина тарқалган ва давлатлараро МДҲ ташкилоти тузилаётган пайтда ўтказилган матбуот конференциясида мухбирлардан бири Ўзбекистон ва Украинада фуқаролик мақоми қандай бўлади, МДҲ таркибидаги бошқа давлатлар фуқаролари бу икккала давлатнинг ҳам фуқаролари ҳисобланадими-йўқми, деган мазмунда савол берди. Савол моҳиятан иғвогарона эди. Чунки МДҲ давлатларидан бирортаси ўша пайтда бу масалани кун тартибига қўймоқчи эмасди, ҳаммаси ҳозирча фақат қоғоздагина бўлган мустақиллигини мустаҳкамлашга интиларди. Лекин, айни пайтда, бу саволга қайси давлат раҳбари салбий жавоб брса, ўша давлатда русийзабон аҳолининг жунбушга келиши, маълум тартибсизликлар рўй бериши, бундан мамлакат маънавий ва моддий зарар кўриши шубҳасиз эди. Зеро, бу давлатлардаги мудофаа, ҳарбий саноат, оғир саноат, рангли металлургия ва бошқа муҳим соҳалар асосан мустамлакачилик даъволаридан воз кечишни истамаган русийзабон кишилар қўлида бўлиб, илк ўтиш даврининг демократия ниқоби остидаги бош-бошдоқликлари натижасида улар муайян мамлакат мустақиллигига сезиларли зарба бера олишга қодир эдилар. Агар жавоб ижобий бўлса, ўша раҳбар давлатидаги аҳолининг бу қисми иғвогарлик учун баҳона тополмасди ва ғазабини бирқанча вақт босиб туришга мажбур бўларди. Энг муҳими, ана шу фурсат эди. Бироқ, мамлакатдаги мустақилликдан маст ёшлар, миллий партиялар, мухолифатдаги кучлар бу давлат бошлиғини моҳиятан миллий мустақилликка қарши раҳбар сифатида баҳолардилар. Икки давлат раҳбари олдида ана шундай муҳим танлов турарди. Ўзбекистон давлати раҳбари, барча МДҲ давлатлари фуқаролари ўзбкистон фуқаролари бўла олади, деб, Украина раҳбари эса, аксинча, бундай бўлиши қатъиян мумкин эмас, деб жавоб берди. Ўша матбуот конференциясидан, Украина давлати раҳбари зимдан олқиш олиб, Ўзбекистон раҳбари эса истеҳзоли жилмайишлар остида чиқиб кетди. Орадан сал ўтмай, Ўзбекистондаги русийзабон ҳарбийлар ва мутахассислар баҳона тополмай, тинчиб қолдилар, тез орада Россияга олиб ўтиб кетиладиган ҳарбий тахника ҳақидаги шов-шувлар ҳам секин-аста тўхтади. Украинада эса, русийзабон аҳолининг норозиликлари бошланди, «рус ватанпарварлари» томонидан юзлаб ҳарбий техника воситалари, хусусан, янги жанговар ҳаво кемалари ҳам Россияга олиб ўтилди... Орадан бир неча йил ўтгач, мазкур масала реал кун тартибига қўйилди: Россия давлати ўз мақеини Марказий Осиё мамлакатлари ичкарисида мустаҳкамлаш ва, керак бўлганда, уларнинг ички ишларига аралашиш учун замин тайёрлаш мақсадида иккиёқлама фуқаролик борасида ташаббус билан чиқди. Шунда Ўзбекистон давлати раҳбари оқилона ва аниқ жавоб берди: Ўзбекистон демократик ва ҳуқуқий йўналишдаги давлат, унда барча миллатлар тенг ҳуқуққа эга. Шу боис рус миллатига мансуб аҳолига иккиёқлама фуқаролик тадбиқ этилса, бошқа миллат вакилларига ҳам шундай ҳуқуқ берилиши керак, масалан, корейсларга, украинларга, юнонларга, қозоқларга, тожикларга ва ҳоказо. Акс ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган миллатлараро тенгҳуқуқлилик тамойили бузилади. Айни пайтда, бундай кенг миқёсли иккиёқлама фуқароликнинг, муайян фавқулодда ҳодисалар юзага келганда, Ўзбекистон давлати хавфсизлигига, хатто мустақиллигига хатар туғдириши ҳеч кимга сир эмас. Бундай жавобга Марказий Осиё давлатларининг ҳаммасига ўз таъсирини ўтказиб келган Россия давлати ҳеч нима дея олмади: унинг рўпарасида ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан ўзига яраша қудратли давлат турарди. Бундан ташқари, Ўзбекистон давлати раҳбарига ҳеч ким, бундан бир неча йил аввалги гапингиз бошқача эдик-ку, дея олмади ва дея олмасди ҳам. Чунки фикр, умуман олганда, беқарорлик хусусиятига эга; фикр беқарорлиги – ўзгарувчанлиги тараққиёт гарови, фикр барқарорлиги, фикрнинг қотиб қолиши инсониятни таназзулга, хатто, умуман, биологик тур сифатида йўқ бўлиб кетишига ҳам олиб келиши мумкин. Бу инсониятнинг минг йиллар мобайнидаги тарихий тажрибасидан чиқарилган фалсафий хулосага ҳеч ким қарши туролмайди. Шундай қилиб, муҳим бир халқаро масалада Ўзбекистон давлати тўла ютиб чиқди: бир томондан, Украина сингари ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўрмади, иккинчи томондан, жуда катта халқаро обрўга мушарраф бўлди. Лекин бу қувонарли ҳол, маънавий лаззат, Ўзбекистон давлати раҳбарининг руҳий изтироблари, таъна-дашномларга сабр-тоқат билан чидаши натижасида, фидойилиги туфайли рўй берди. Ўзбекистон давлати раҳбари ўзига шафқатсизлик қилиб, миллатга, Ватанга шафқат қилди, Лоренцо Валла айтганидек, кичик лаззатдан кечиб, вақтинчалик изтироб эвазига катта лаззатга ноил бўлди. Яна шуни таъкидлаш жоизки, Макиавелли қаттиқ қўллилик, сўзининг устидан чиқмаслик сингари хатти-ҳаракатларни фақат умумдавлат, умуммиллат нуқтаи назаридан келиб чиқиб амалга оширилсагина маъқуллайди, ҳукмдорнинг босиқ бўлишини, ҳадеб жазолашга интилмаслиги кераклигини айтади; ўз халқида нафрат ва ҳазар ҳиссини уйғотган ҳукмдорнинг ахволига вой эканини таъкидлайди. Мутафаккир, ана шундай оқил, моҳир ҳукмдорларга эга мамлакат ўз озодлигини қўлдан бермайди, деб ҳисоблайди. Умуман, шуни таъкидлаш керакки, Макиавелли учун энг муҳими – озодлик, озод Италия, озод жамият, шахс эркинлиги, фаолият эркинлиги каби тушунчалар унинг учун энг асосий тушунчалардир. Айни пайтда, одамлардан насронийлик талаб қиладиган бўйсуниш, сабр-тоқат, ҳамма нарсага шукур қилиш сингари ахлоқий тамойилларни қўрқмай қаттиқ танқид остига олади. У Италия озодлигини икки нарса емирганлигини айтади: бири – миллатни бўшаштириб – ожизлаштириб юборган насронийликнинг ҳулқий-ахлоқий тамойиллари бўлса, иккинчиси – ҳар қандай республикачилик ва ҳар қандай озодликнинг душмани бўлган, қудратли Румо салтанати эди. Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, Макиавелли ўз асарларида хусусан, «ҳукмдор» рисоласида илгари сурган ахлоқий таълимот, давлат раҳбари ахлоқий фаолиятидаги фазилат ва иллатнинг ўзаро алоқаси, бир-бирига ўтиб туриши, баъзан эса, бири иккинчисини келтириб чиқариши ҳақидаги янгича фикрлари ҳалигача ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Уйғониш даври ахлоқий таълимотлари ахлоқшунослик тарихида, шубҳасиз, олға ташланган қадам бўлди. Зеро бу давр мутафаккирлари Қадимги дунё ахлоқшунослари илгари сурган назария ва ғояларни ўрта асрлар мусулмон Шарқи ахлоқшунослари тафаккури призмасидан ўтказиб, хулосалар чиқаришга интилди, муайян маънода уларни Оврўпо ахлоқ илмида синтезлаштириш жараёнини бошлаб бердилар. 6. Янги давр ва энг янги давр ахлоқшунослиги. Тарихда олмон мумтоз фалсафаси деб ном олган тафаккур ўзининг миқёсийлиги ва теранлиги билан ҳануз фикрловчи кишиларни ҳайратга солади. Олмон мумтоз файласуфлари инглиз, француз файласуфларидан фарқли ўлароқ, ўз асарларини кенг китобхон оммасига эмас, балки тор доирадаги ўқувчиларга, фалсафани мутахассислик деб билган олимларга ва талабаларга мўлжаллаб битганлар. Шу боис уларнинг кўпчилик китоблари, хусусан, ахлоқшуносликка оид асарлари ҳам қуруқ илмий академик тилда ёзилган ва тушунилиши оғир. Лекин улар ўз асарларида жаҳон фалсафий тафаккури XIX асрнинг биринчи ярмигача эришган барча ютуқларни илмий тизимларда умумлаштирганлари ва улардан ниҳоятда чуқур илмий хулосалар чиқарганликлари билан ажралиб турдилар. Олмон мумтоз фалсафасининг асосчиси Иммануил Кант (1724- 1804) ҳисобланади. Унинг «Ахлоқий метафизиканинг асослари» (1785), «Амалий ақлнинг танқиди» (1788) ва «Хулқлар метафизикаси» (1797) асарлари асосан ахлоқшунослик ва ахлоқий муаммоларга бағишланган. Ахлоқшуносликни объектив қонунлар ҳақидаги фан сифатида, Кант, математика билан тенглаштиради: геометрик қатъий қоидаларни, инсон уларга ўзи тўла амал қилиш-қилмаслиги билан ҳисоблашмагани ҳолда шакллантиргани каби, ахлоқшунослик ҳам инсоннинг имкониятлари билан ҳисоблашмайдиган, балки нима ахлоқий эканлигини кўрсатадиган қоидалар тақдим этмоғи керак. Шу боис файласуф ҳуқуқ ва ахлоқ ҳақидаги фанларни ақлнинг шак келтириб бўлмайдиган ёки қатъий талабларга асоланган назариялар сифатида олиб қарайди. «Шундай қилиб, – дейди Кант, – амр (императив), бу шундай қоидаки, у ҳақдаги тасаввур субъектив тасодифий хатти-ҳаракатни зарурий қилиб қўяди...» Қатъий амр энг аввало, шунинг учун олий ва пировард ахлоқий қонунки, у инсонни фақат мақсад сифатида мавжуд деб ҳисоблайди ва инсонга восита деб қарашни, айниқса, ундан шунчаки восита тарзида фойдаланишни манъ этади. Бу олий ахлоқий тамойилга Кант бир неча мисоллар келтиради. Мана, улардан бири. Дейлик, мен бир ёққа кетаётган дўстимдан ҳеч кимнинг гувоҳлигисиз қанчадир пулни сақлаб бериш учун олиб қолдим. Бу ҳақда ўзимдан бошқа ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Дафъатан дўстим хорижда вафот этади. Хўш, мен унинг пулини ўзимда олиб қолишим мумкинми? Бу саволга йўқ деб жавоб бериш учун Кант қатъий амрга мурожаат қилади; пулни ўзида олиб қолиши, агар биз бу қоидага умумийлик шаклини берадиган бўлсак, унда бошқа ҳеч ким ўз пулини бировга ишониб қолдирмайди, деган гапни англатади. Чунки бу ҳолатда ҳар бир киши қарзга берилган пул баъзи шароитда йўқолиб кетиши мумкинлигини билган бўлади. Шундай қилиб, Кант назарида, ахлоқийлик моҳият эътибори ила инсоннинг кундалик майда ташвишларидан юксакка, улуғворликка, илоҳийликка кўтарилишидир. Ахлоқ худбинлик манфаатларига амал қилишдан бурчни англашга ўтишдир. Инсон доимо ўз шахсий бахтига йўналтирилган майллари натижасида қатъий амр билан қарама-қарши келиб қолиши мумкин. Шу жиҳатдан инсон доимо бурч билан майл оралиғида туради. У ихтиёр туфайли айнан ана шу ўз бурчини бажаришига эркин қарор қилади, яъни қатъий амрга бўйсунади ва фақат мана шу доирадагина ўз майлларига эрк беради. Қатьий амрга амал қилиш имконини амалий ақлнинг «сен қила оласан, чунки қилишинг керак», деган қонуни беради. Ахлоқий эътиқод қандайдир ички зўрликка асосланган тизим сифатида иш кўради, усиз инсон ўзини кўзгуда кўрса даҳшатдан сапчиб тушади. «ҳакам инсоннинг ичида» ва ахлоқий қарор пировард натижада ҳар бир одам учун ўз-ўзини суд қилиш демакдир. Зеро инсон, у ёки бу муҳим қарорни қабул қилар экан, ташқи тартиблар (амал, бойлик в.ҳ.) эмас, балки фақат бурч амри нуқтаи назаридан иш тутмоғи лозим. Бунинг акси рўй бермаслиги инсонга ўзини-ўзи назорат қилсин деб ажойиб назоратчи – виждон берилган. Виждон инсоннинг иккига бўлиниб яшашига чек қўяди: ҳаммасини тўғри тушунган ҳолда нотўғри хатти-ҳаракат қилиши мумкин эмас. Виждон билан беркинмачоқ ўйнаб бўлмайди, уни айтганингга кўндира олмайсан. Уни ухлатиб қўйиш ҳам мумкин эмас, эртами-кечми уйғонади-да, қилмишингга жавоб беришга мажбур этади. Буюк мутафаккирнинг ахлоқшунослигини маълум маънода бурч ҳақидаги таълимот ҳам дейиш мумкин. У бурчнинг икки хили борлигини таъкидлайди: ҳуқуқий бурч ва ахлоқий бурч. ҳуқуқий бурчни бажариш учун ташқаридан мажбур этилса, ахлоқий бурч аксинча, фазилатга, яъни ички ҳодисага ихтиёр эркинлигига боғлиқ. Шу боис инсонни ахлоқий бурчга мувофиқ хатти-ҳаракат қилиш қобилиятини Кант фазилат деб атайди. Ахлоқий бурчнинг ўзини ҳам файласуф иккига бўлади: инсонннинг ўз олдидаги бурчи ва бошқаларга нисбатан, уларнинг айбдорлиги ёки ҳурматга муносибликларига қаратилган бурч. ўзига нисбатан бурч, аввало, инсондан ўз-ўзига ҳурматни талаб этади. Унинг зидди – ўз ҳаётига қасд қилиш, соғлигига путур етказиш, ёлғончилик, очкўзлик ва сохта итоаткорлик- хушомадгўйлик. ўзгаларга нисбатан бурч эса, аввало, бошқа одамларни ҳурмат қилишни талаб этади. У – Кант, «дунёнинг буюк ахлоқий безаги», деб атаган ҳайр-эҳсонда, миннатдорчиликда, Қувончу ғамни баҳам кўришда, умуман, инсонга муҳаббатда акс этади. Уларнинг зидди – манманлик, дилозорлик, ҳасад, кўрнамаклик ва ичқоралик. Хатти-ҳаракатнинг мақсади ҳам, унинг самараси ҳам эмас, балки унинг нияти, яъни ахлоқий амрга мувофиқлиги ахлоқий ҳисобланади. Ана шу мезон, ахлоқий бурч инсондан хатти-ҳаракатнинг эзгу ихтиёр билан қилинишини талаб этади. «Бирор ерда, бу дунёда ҳам, хатто ундан ташқарида ҳам, фақат биргина эзгу ихтиёрдан бошқа нарсани чекланмаган даражадаги эзгулик дейиш мумкинлигини хаёлга келтириб бўлмайди,» – дейди Кант. Эзгу ихтиёр ҳаракатни ташқи шарт- шароит ва манфаатни ҳисобга олмасдан баҳолайди, зеро бурчнинг мазмуни биз интилаётган бахтда эмас, балки бахтли бўлишга лойиқлигимиздадир. «Шу боис,   – дейди файласуф, – ахлоқ, сирасини айтганда, ўзимизни қандай тарзда бахтли қилишимиз мумкинлиги ҳақида эмас, балки ўзимиз қандай қилиб бахтга муносиб бўлишимиз тўғрисидаги таълимотдир.» Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, Кант ихтиёр муаммосига диний- насроний нуқтаи назардан ёндошади: даставвал у ёвуз ихтиёр тарзида юзага чиқади. Ёвуз ихтиёр инсон табиатидаги бурч талабини ҳаракат қоидасига айланишига қарши турадиган майлдир. Ана шунинг учн ҳам ўз-ўзини билиш ва ақлга асосланган эзгу ихтиёр зарур. Одамлар ана шу эзгу ихтиёр асосида бир-бирларига муносабат қилишлари керак. Бу муносабатдаги мажбуриятларнинг иккитасини Кант энг муҳим деб ҳисоблайди. Булар – муҳаббат ва ҳурмат. «Ҳар бир кишининг бурчи, – деб ёзади Кант, – хайрли ишлар қилишидан, яъни бирор бир мукофотга умид боғламасдан, имкон қадар одамларга ёрдам беришидан ва уларнинг бахтли бўлишига кўмаклашувидан иборатдир.» Мутафаккир инсонпарварликни энг муҳим фазилат, инсонни севмакликни асосий иллат деб ҳисоблайди. Шунингдек, Кант адолат, ростгўйлик, дўстлик сингари тушунчаларга ҳам бафуржа тўхталади. Кант ахлоқшунослигининг чўққиси-абадий тинчлик ғояси: «ҳеч қандай урушга йўл йўқ: на мен билан сенинг орангдаги табиий ҳолатдаги урушга, на орамиздаги давлатлар сифатидаги урушга йўл йўқ... уруш ҳар ким ўз ҳуқуқини қўлга киритиши учун зарур бўлган усул эмас.» Айни пайтда, инсоният учун ахлоқий комилликка эришувнинг фаол воситасини мутафаккир маърифатда кўради. Маърифат учун эса фақат эркинлик, эркинлик бўлганда ҳам жуда зарарсиз, ҳар бир ҳолатда ўз ақлидан ошкора фойдаланадиган эркинлик зарур. Эркин, ҳайратланиб, ихлос билан яшаш лозим. Кант ахлоқшунос сифатида ҳам шундай яшаб ўтди: «Икки нарса ҳақида қанча кўп, қанча узоқ ўйлаганинг сари қалбинг тобора янги, тобора кучайиб борувчи ҳайрат ва ихлос билан тўлиб тошаверади, булар   – бошим устидаги юлдузли осмон ва менинг ботинимдаги ахлоқий қонун.» Бу даврнинг машҳур ахлоқшуносларидан яна бири буюк мутафаккир Георг Вильҳелм Фридрих Ҳегелдир (1770-1831). Унинг ахлоқий қарашлари «Илмга ишонч» (1802), «Руҳ феноменологияси» (1807), «Фалсафий фанлар қомуси»(1817), «Ҳуқуқ фалсафаси» (1821) сингари асарларида акс этган. Ҳегель ахлоқшунослигининнг ўзига хос хусусияти, энг аввало, шундаки, у хулқийлик билан ахлоқийликни икки хил тушунча сифатида тақдим этади. «Ҳуқуқ фалсафаси» асарида у шундай деб ёзади; «Одатда аҳамиятига кўра, бир хил деб ҳисобланадиган хулқийлик ва ахлоқийлик бу ерда бир-биридан жиддий фарқ қиладиган маъноларда олинади.» Ҳегель ўзининг мураккаб фалсафий тизимидан келиб чиқиб, хулқийликка шундай таъриф беради; «Хулқийлик нуқтаи назари эркнинг нафақат ўзида, балки ўзи учун ҳам чексиз бўлган даражадаги нуқтаи назардир. Бу ихтиёр рефлекцияси ўзида ва унинг ўзи учун ҳақиқий айнанлиги ўзида-борлиқлигига ҳамда бевоситалигига ва унда ривожланаётган муайянликларга қарама-қарши қиёфани субъект сифатида белгилайди.» Содда қилиб айтадиган бўлсак, Ҳегель тушунчасидаги хулқийлик доираси инсонлардаги шахсий ва ҳусусий ўзаро муносабатларни, субъектив фикрдаги мажбурликни, идеални, ижтимоий-тарихий ҳодисаларга нисбатан танқидий кайфиятларни ўз ичига олади. Ахлоқийликни эса Ҳегель мана бундай таърифлайди: «Ахлоқийлик худди ахлоқий борлиқда ўзининг ўзида ва ўзи учун ҳақиқий асосига ва ҳаракатга келтирадиган мақсадига эга бўлган ўзини англаш каби, ўзидаги ўзини англашда ўз билимига, ихтиёрига, бу ихтиёрнинг ҳаракат қилиши орқали ўз воқелигига эга жонли эзгулик каби, эркинлик ғоясидир ; ахлоқийлик ўзини англашнинг мавжуд дунёси ва табиийяти бўлган эркинлик тушунчасидир... Умуман олганда, ахлоқийликда ҳам объектив, ҳам субъектив жиҳатлар бор, бироқ, улар ахлоқийлик шаклининг моҳияти холос. Эзгулик – бу ерда субстанция, яъни, объективликнинг субъективлик билан тўлдирилишидир.» Ҳегель ахлоқийлик деганда, одамнинг тарихан ахлоқдан олдин пайдо бўлган урф-одатлар ва расм-русумларга, иккинчи томондан, давлат, табақалар, оила олдидаги ахлоқ билан боғлиқ муайян мажбуриятига муносабатини назарда тутади. Ҳегель хулқийликка қасд ва айб, ният ва эзгулик, эзгулик ва виждон жуфтлик тушунчаларини киритади; ахлоқийликка эса оила, фуқаролар жамияти, давлат тушунчаларини тааллуқли деб билади ва уларни батафсил таҳлил этади. Эзгулик – эрк даражасига кўтарилган ихтиёр; амалга оширилган эркинлик, оламнинг мутлақ сўнгги мақсади. Ёвузлик – зарурият, бироқ у рўй бермаслиги керак. Ахлоқий бўлиш ёвузликнинг зиддига етишиш, акс ҳолда эса эзгулик жўн табиий ҳолатдир. Агар ёвуз қилмишдан қандайдир яхлитликнинг жиҳати сифатидаги ижобий томонни топиб, уни эзгулик деб талқин этилса, у қисман ўзига, қисман бошқаларга қилингна мунофиқликдир. Виждон эса муқаддас, қўл етмас нарса, инсоннинг ўз-ўзига пок ишончи; у эзгуликни билишдир. Ахлоқийлик борасида Ҳегель қониқиш тушунчасини ўртага ташлайди. Бу борада файласуф қуйидагича фикрлайди. Ҳатто арзимас бир фаолиятдан қониқишим шундай бўладики, мен ўз рўпарамда тураман; ана шу менга қониқиш беради. Мен ўзимда оламни ҳис қиламан. Инсон ниманики бажарса, ҳаммасида иштирок этади, зеро ихтиёр эркинлиги ҳам ана шундан иборатдир. Инсон, аввало, ўз мақсадидан қониқиши керак, ўшанда унинг амалга ошувидан ҳам қониқиш ҳосил қилади. Оқил одам, аввало, ўзини қониқтириши керак, кўп ҳолларда айнан шунинг учун ҳаракат қилади, у ўз тушунчасини, ўзидаги ғоясини қониқтиради бошқаларникини эмас, бошқалар қониқиши ҳам, қониқмаслиги ҳам мумкин, у ўз тушунчасини, ўз ақлини тадбиқ этиши лозим. Инсон манфаатдан маҳрум бўлсин, деган талаб бўлмағур гап. Улуғ одамлар кўпинча ўзларини ўзлари қониқтирганлар, агар улар бу ҳақда аввал бошқалардан сўраганларида эди, уларнинг ишлари, шубҳасиз, арзимас нарса бўларди. Ҳегель муҳаббат, никоҳ, оила, фуқаролар жамияти ва давлат ҳақида ҳам ўзига хос фикрлар баён қилади. Севгини файласуф бошқа билан бирлашишни англаб етиш, ўзининг бошқа билан, бошқанинг ўзи билан бирлашишини билиш орқали ўзидан кечиш тарзида талқин этади. Севги – ҳиссиёт, бошқача қилиб айтганда, шаклга тушган табиийятдаги ахлоқийлик; давлатда севги бўлмайди, унда бирлик қонун сифатида англанади. Хуллас, Ҳегель ҳам Кант каби инсонга ниҳоятда катта масъулият юклайди. Унинг хулосаси қатъий: «Қонун ҳаракат қилмайди, фақат инсон ҳаракат қилади.» Олмон мумтоз ахлоқшунослигида бизга русча матнлар орқали Людвиг Фейербах номи билан таниш бўлган Лудвих Фойербахнинг (1804- 1872) қарашлари ўзига хос ўрин эгаллайди. Фойербах янги фалсафани яратиш кераклиги ҳақидаги ғояни илгари суради; бу фалсафасининг марказида табиатдан узилмаган инсон туради. Шунинг учун уни фалсафийлаштирилган инсоншунослик ҳам дейиш мумкин. «Ҳақиқий фалсафа, – деб ёзади Фойербах, – китоб ёзишдан эмас, одамларни яратишдан иборат... Янги фалсафанинг илдизи муҳаббатнинг ҳақиқийлигида». Бу фикрлардан келиб чиқиб, шуни айтишимиз мумкинки, Фойербах фалсафаси, маълум маънода, ахлоқшуносликка бориб тақалади. Ахлоқ масалалари, айниқса, унинг «ўлмаслик ҳақидаги масалага инсоншунослик (антропологик) нуқтаи назардан қараш» (1846-1866), «Спиритуалчилик ва моддиятчилик ҳамда ихтиёр эркинлигига улар муносабатининг ўзига хослиги ҳақида» (1863-1866), «Эвдеймончилик»(1867- 1869) деган асарларида, кундалик ва хатларида кўтарилган. Файласуфнинг ўзидан аввалги мумтозчилардан яна бир фарқи шундаки, у муаммоларга моддиятчилик нуқтаи назаридан ёндошади ва ақлни эмас, ҳиссиётни биринчи ўринга қўяди. Унинг ахлоқий таълимоти асосан ихтиёр эркинлиги ва бахт тушунчасига йўналтирилган. Фойербах таъбирига кўра, инсоннинг моҳияти хаёлий мавҳумот, «руҳ» эмас, балки ҳиссиётдир, бас, шундай экан, шу тамойилга қарши бўлган барча фалсафа барча дин нафақат моҳиятан хато, хатто зарарлидир. Агар одамларни яхшилашни истасангиз, уларни бахтли қилинг; агар уларни бахтли қилишни истасангиз, барча бахту қувончлар манбаи бўлмиш ҳисларга мурожаат қилинг. Инсоннинг мавжудлиги ҳиссиёт билан боғлиқ. Тўғри, ҳайвонларда ҳам ҳиссиёт бор. Лекин уларнинг ҳиссиёти, сезгилари чекланган, яъни, бир сезги аъзоси кучли, бошқалари заиф, кучлиси ҳам фақат ҳис этилгувчи муайян – у ёки бу нарсага қаратилган. Инсон эса барча ҳис этиладиган нарса-ҳодисалар, олам, чексизлик билан боғлиқ ва унинг ҳиссиётлилиги, энг аввало, бошқа инсонни ҳис этишдан иборат. Айни пайтда, инсонга, ҳайвондан фарқли ўлароқ, танлов ихтиёри, ихтиёр эркинлиги берилган. ҳиссиётли инсон бу ерда хоҳловчи, интилувчи, ихтиёр билдирувчи сифатида намоён бўлади. Лекин шунчаки ўз-ўзича, «соф», ўзининг жисмоний, моддий ташувчисидан ҳоли, вужудсиз, ҳаётсиз ихтиёр – ҳеч нарса эмас. Ихтиёрнинг ташувчиси ёки эгаси умуман инсон эмас, балки муайян, тирик, ўзига хос одам. Зеро ихтиёр-хоҳловчи инсондир. Ўзгармас, замондан ташқаридаги ихтиёрнинг бўлиши мумкин эмас, у – доимо мазмунли ихтиёр, нимагадир ихтиёр. ҳаётнинг ҳар бир даври ўзи билан янги материал ва янги ихтиёр олиб келади. «Ихтиёр ҳақидаги тадқиқотимнинг асосий ғояси – ихтиёр ва бахтга интилишнинг бирлиги, – дейди мактубларидан бирида Фойербах, – «Мен хоҳлайман» дегани, мен бахтсиз бўлишни истамайман, яъни мен бахтли бўлишни хоҳлайман деган маънони билдиради.» Дарҳақиқат, Фойербах таълимотида «ихтиёр» сўзи «бахтни ихтиёр қилиш» ибораси билан бир хил тушунилади. Бахт тушунчаси эса кўп маъноли, ҳар бир инсоннинг ўзига хослиги билан боғлиқ. Бахт ҳақидаги ва бахтга олиб борадиган воситалар тўғрисидаги алдамчи тасаввурлар натижасида инсоннинг хоҳлагани – бахт деб ўйлагани аслида уни бахтсизликка етаклаши ҳам мумкин. Лекин, ҳар кимнинг бахти ўзига хос бўлишига қарамай, барчаси интилиш ва эҳтиёж нуқтаи назаридан умумийликка эга. Файласуф, инсонни жиноятдан ахлоқ борасидаги «ақлли» гаплар, эмас, балки бахт асраб қолади, дейди. Лекин у зодагонларга хос, дабдабали бахтни эмас, оддий одамларнинг, кўпчиликннг бахтини бажарилган ишдан кейин келадиган, зарур бўлган фаровонликдан лаззатланиш бахтини назарда тутади. Шу боис инсонни иллат ва жиноятдан йироқ тутиш учун, яъни, ахлоқни муомалага киритиш учун аввал унинг йўлидаги моддий тўсиқларни йўқотиш керак. Айни пайтда бошқаларнинг бахтсизлиги ҳисобига бахтга эришиш мумкин эмас. Мен нинг олдида Сен йўқ экан, умуман, ахлоқнинг ўзи намоён бўлмайди. Ахлоқ учун камида икки киши керак; Сен сиз Мен нинг бахтга эришуви мумкин эмас. Ахлоқ инсонга ўзини-ўзи чеклашни, сабр-қаноатни тақазо этади. Ана шу чеклаш, сабр- қаноат ҳам бахт; ҳақиқий оила бошлиғи, ахлоқли ота, ўзи кўчада лаззатли таом тановул қилгани ҳолда, ҳотин, бола-чақасини оч қолдиришини ўзи учун кулфат деб билади, унинг ўрнига оиласи билан оддий нон-чойни баҳам кўришдан бахт ҳиссини туяди. Қаерда бўлмасин, ёвузликни йўқотиш учун бошқа одамларнинг бахти ва бахтсизлигида амалий иштирок этиш бахтлилар билан бахтли, бахтсизлар билан бахтсиз бўлиш – мана, сизга ягона ахлоқ, дейди мутафаккир. Инсоннинг ўзига муносабати бошқаларга нисбатан билвосита мажбурият деб эътироф этилгандагина ахлоқий қимматга эга бўлади: менинг оилам, жамиятим, халқим, Ватаним олдида мажбуриятим бўлгани учунгина ўзимга нисбатан мажбуриятлиман, Яхши ва ахлоқий дегани бир хил. Бироқ фақат кимки бошқалар учун яхши ҳисоблансагина, ўша яхши одам. Файласуф бахтга интилишнинг виждон билан уйғунлиги тўғрисида ҳам батафсил тўхталади, унинг фикрига кўра, виждон, бу – Ме ндаги бошқа Мен, мени ўзига нисбатан ёмонликдан тийиб турадиган ёки ёмонлик қилиб бўлгач, азоб берадиган, таъқиб этадиган, тасаввуримдаги бошқанинг қиёфаси, тимсоли. Бошқанинг қиёфаси менинг ўзимни англашим билан шу қадар боғланиб-чирмашиб кетганки, мен уйим бўлмиш ўз Мен имнинг энг яширин, энг сирли бурчакларида ҳам ундан қочиб, паноҳ топа олмайман; ўзимдан ташқарида бошқа одам мавжудлигини унутолмайман. Демак, мен ёвузлик қилдим, бунга гувоҳ бўлган одам – ёвузлигим қурбони, бошқа ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Шунга қарамай, менинг шеригим бор, ўзимда мени сотиши мумкин бўлган, айбловчи гувоҳ бор, бу – виждон. Бироқ, ҳаракат олдидан ёки хатти-ҳаракат пайтида у ё жим туради ёки овози шу қадар заиф ва секин бўладики, хатти-ҳаракат қилувчи унга қулоқ солмайди. Фойербах таълимотини баъзилар муҳаббат ахлоқшунослиги деб ҳам аташади. Бу бежиз эмас. У ҳаёт муҳаббатдан иборат, ўз, хусусий Менининг қобиғида худбинларча бурканиб ётганидан кўра, жуда ҳам арзимас, ғоят номуносиб нарсани севган авло. Зеро фақат битта ёвузлик мавжуд. У ҳам бўлса-худбинлик, фақат битта эзгулик бор, у ҳам бўлса-муҳаббат. Инсонни билиш учун уни севиш керак. Фойербахни том маънода даҳрий дейиш ножоиз. Тўғри у Худони тан олмайди, черковдан нафратланади, лекин одамга сиғинишни таклиф этади. «Исо, – деб ёзади файласуф, – одам эди, ҳаммага ўхшаган одам. Исога эътиқод инсонга эътиқоддир... Инсон инсон учун Худо... инсонга муҳаббат инсоннинг энг олий, энг биринчи қонуни бўлиши керак.» Шу боис Фойербахга замондош файласуфлардан бири Штирнер; «Фойербах динни ахлоқшуносликка, ахлоқшуносликни динга айлантириб юборади», деганида маълум маънода ҳақ эди. Аввалги адабиётларда, кўпинча Фойербахнинг инсонга муносабати танқид қилинади. Бунда Маркс ва Энгельснинг фикрларига суянилади: гўё буюк файласуф инсонни ўз замонидан, ижтимоий муаммолардан ташқарида таҳлил этади. Аслида гап бунда эмас. Фойербах инсонни синфийликдан юқори турувчи умуминсоний қадрият сифатида олиб қарайди, уни инқилобий зўравонликка чақирмайди, уни ўзига хос тарзда илоҳийлаштиради. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, олмон мумтоз ахлоқшунослари инсоният жамияти тараққиётига, унинг ахлоқий юксалишига, шубҳасиз, қиёслаб бўлмайдиган даражада улкан хисса қўшдилар. Лекин, бу – уларнинг назариялари, илгари сурган ғоялари ва ахлоқий қарашлари ҳар қандай нуқсондан ҳоли, деган гап эмас. Чунончи, Кант ахлоқийликни асосан бурч тушунчасига олиб бориб тақаб қўяди, бурчнинг бажарилишида хатти-ҳаракатларни мавжуд шарт-шароитдан устун қўяди, натижада унинг ахлоқий талаби кўпроқ тирик одамга эмас, идеал одамга қаратилган меъёрга айланиб қолади; Фихте ва Шеллинг ахлоқнинг моҳиятини фақат инсоннинг транденциал покликка интилишда кўрадилар; Ҳегель ахлоқий муносабатларининг субъектив жиҳатларини, шахснинг ахлоқий жавобгарлигини бир четга суриб қўяди, жамият ва давлат манфаатларини ҳар қандай ҳолатда ҳам устун қўяди. Фойербах эса ахлоқий муносабатларда инсон ҳиссиётига ниҳоятда ортиқча баҳо бериб юборади ва, аксинча, ақлга ўрин қолдирмайди. Бироқ, бу нуқсонлар олмон мумтоз мутафаккирларининг эришган ютуқлари олдида жузъийлик мақомига эга. Шу боис ҳам улар тафаккури келгуси даврлар ахлоқ илми учун у ёки бу жиҳатдан асос вазифасини бажарувчи таълимотлар бўлиб қолади ва янгидан-янги фалсафий-ахлоқий оқимларнинг вужудга келишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. 3.   Олмон мумтоз ахлоқшунослигидан кейинги даврда вужудга келган оқимларни, таъбир жоиз бўлса, икки йирик гуруҳга бўлиш мумкин. Уларнинг бири – идеалистча-норационалча, иккинчиси – моддиятчи йўналишларни ўз ичига олади. Лекин, ҳар иккала гуруҳдаги йўналишлар олмон мумтоз фалсафаси таъсирини инкор этиш-этмасликларидан қатъий назар, маълум маънода бевосита ёки билвосита ўша таъсир остида ўзларини намоён этдилар. Фарқ шундаки, биринчи гуруҳ уларни инкор этиш йўлидан борса, икинчиси танқидий тасдиқ этиш йўлидан боради. Уларнинг ахлоқий таълимотлари ўзлари мансуб бўлган фалсафий оқимлар билан чамбарчас боғлиқ. Янги давр Оврўпо ахлоқшунослигидаги норацианал йўналишнинг яна бир асосчисиларидан бири буюк олмон файласуфи Артур Шопенҳауэрдир (1788-1860). Ахлоқий муаммолар унинг «Олам ихтиёр ва тасаввур сифатида»(1819-1844), «Ҳаёт мактабининг ҳикматлари»(1851), «Ахлоқшуносликнинг икки асоссий муаммоси» (1896) сингари барча йирик асарларида ўртага ташланган. Шопенҳауэр таълимотига кўра, олам – инсон кўз очиши билан кўрган, ҳидлару рангларга, товушлару сукунатга, иссиғу совуққа тўла дунё фақат ва фақат тасаввурдан иборат. «Олам – менинг тасаввурим», дейди файласуф... Оламга ҳозиру келажакда нимаики тааллуқли бўлса, ҳаммаси субъект билан сифатланишга албатта маҳкум ва субъект учун мавжуддир. Олам – тасаввур». Шундай қилиб, олам субъект ва объектнинг ўзаро муносабати сифатида намоён бўлади. Чунки биз фақат кўзимизни, қулоғимизни, қўлимизни, тилимизнигинна бевосита биламиз, оламни эмас. Олам, – мен уни ўз тасавввуримда қандай қабул қилаётган бўлсам, – у шундай. Бу масаланинг бир томони, иккинчи томони – ихтиёр. У тасаввурга ўхшамайди, бутунлай бошқа, сирли, ҳали кашф этилмаган, эҳтимол, умуман кашф этиб бўлмайдиган нарса. У барча мавжудликнинг ибтидоси. Ихтиёр, бу – мутлақ эркин хоҳлаш, исташ, унинг на сабаби, на асоси бор. У – оламнинг ички мазмуни, ўз-ўзича англанмаган ҳолат, кўр-кўрона тўхтатиб бўлмайдиган шиддат. ҳатто дарахтлар учида ҳам ихтиёр ҳукмрон, улар юқорига, нурга қараб интилади, илдиз пастга интилади   – намни ихтиёр этади. Жисм фақат юқоридан пастга – вертикал тарзда қўллайди... Ихтиёр, бу   – макон ва замонда яшайдиган мавжудотларнинг пайдо бўлишини таъминлайдиган куч. Лекин унинг ўзи макон ва замонга бўйсунмайди, уни билиш мумкин эмас. Инсон эса, энг аввало, ихтиёр этгувчи, истагувчи, ҳирс қўйгувчи, ва фақат ундан кейингина, билгувчи, фикрловчи мавжудот. Ихтиёрнинг намоён бўлиш шакли фақат ҳозир, келажак ҳам ўтмиш ҳам эмас. Шу «ҳозир»нинг манбаи ва мазмунини ўзида мужассам этадиган нарса – яшашга ихтиёр, яъни ўзимиздан иборат бўлган «нарса ўзида». Оламий ихтиёр ёки ихтиёр сифатидаги олам инсоннни ўз йўриғида тутади. Инсон одатда ихтиёр қўлида, хоҳиш-истаклар исканжасида яшайди. Унинг яшашга бўлган ихтиёри, истаги ғоятда кучли. У яшаш истагида янгидан-янги ихтиёр исканжасига тушаверади. Инсондаги ҳудбинлик уни ихтиёрга қул қлиб қўяди: ўзим бўлсам, ҳаммаси меники бўлса, деган ақида билан, иш кўради. Бир истак бажарилиши билан иккинчисига ҳаракат бошланади, ундан кейин учинчисига, тўртинчисига ва ҳоказо... Инсон бир истак билан кифояланмайди. Натижада унинг ҳаёти тинимсиз ҳаракатдан иборат бўлади. ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймайди. Бу ҳаёт – ҳаёт эмас, ёвузлик, ёлғон, азоб, фожиалардан иборат мавжудлик. Инсонни бахт деб интилгани охир-оқибат бахтсизлик бўлиб чиқади. Чунки том маънодаги инсоний бахтнинг ўзи йўқ. Яшашга ихтиёр, хуллас, чексиз изтироблар манбаи; ўз бахтига интилган ҳар бир одам бошқалар учун иблис бўлмоғи лозим; аслида иблис шахсийлашган яшашга ихтиёрдан бошқа нарса эмас. Демак, бахтга интилиш – барча иллатларни келтириб чиқарувчи манба. Бу ҳодиса Пушкиннинг «Балиқчи ва балиқ ҳақидаги эртак» асарини эслатади. Ихтиёр чангалидаги инсон балиқчи чолнинг хотинига ўхшайди: энг улкан бахтга эришаман деб, бахтсизликка эришади. Зеро Шопенҳауэр наздида ҳаётда доимо худбинлар кўпчиликни ташкил этади. Ихтиёр чангалидаги худбин ўлимдан қўрқади, чунки ўлим ихтиёрга, барча хоҳиш-истакларга чек қўяди. Асл инсон, юксак ахлоқ эгаси ихтиёрга, энг аввало, ҳаётга, яшашга бўлган ихтиёрга чек қўймоғи лозим. Яьни, инсон ўлимдан қўрқмаслиги, унга интилмоғи керак. Чунки инсон учун чўнг мақсад – ўлим. Инсоннинг бутун ҳаёти ўлимга тайёргарликдан иборат; инсон ўлим учун туғилади. Хўш, инсон ихтиёр чангалидан қутиламан, барча азоб, изтироб, фожиалардан фориғ бўламан деса нима қилиши керак? ўзини-ўзи ўлдириши лозимми?. Шопенҳауэр бунга, йўқ, деб жавоб беради. Чунки ўзини ўзи ўлдираётган одам яшашни хоҳлайди, фақат у берилган ҳаётдаги шарт- шароитдан норози. Шу боис ўзини ўлдирган киши ҳаётга бўлган ихтиёрдан эмас, ҳаётнинг ўзидан юз ўгиради. Ваҳоланки, бунинг акси бўлмоғи лозим. Инсон барча хоҳиш-истаклардан бош тортмоғи, ихтиёр панжаларидан қутилмоғи керак. Ўшанда инсон яшайверади, лекин ҳаёт унинг учун ҳеч нарса эмас; энди инсонни ҳеч нарса безовта қила олмайди, у ҳақиқий ҳотиржамликка, истаксиз умрга эришади. Бундай даражага эришиши, ўз ҳақиқий «Мен»имизнинг ҳодисаси бўлмиш бутун олам билан биргаликдаги тўлақонли мавжудликни қўлга киритиш имкони шафқат орқали амалга ошади. Шафқат ўзида ўз «Мен»имизнинг азалий, ибтидоий теранлигида, барча бошқа изтироб чекаётган мавжудотларга нисбатан кўнгли очиқликда, уларга бўлган меҳр- муҳаббатда намоён бўлади; шафқат қандайдир умумбашарийлик ва умумжаҳонийликнинг идеал миқёси; у биздан изн сўрамай ўз аҳамиятини кўрсатади ва биз айбсиз айбдор бўлиб қоламиз – бор мавжудотнинг изтиробларига айбдор ҳамда алоқадор жонзотга айланамиз. Бу ҳолатни Шопенҳауэр йиғи ҳодисаси билан далиллайди: биз изтиробни ҳис этаётганлигимиз учун эмас, балки ўзимизга ёки бошқаларга ачинганимиз учун йиғлаймиз; хатто бола оғриқни шунчаки ҳис қилганидан эмас, кўпинча унга ачинганимиздан, раҳмимиз келганидан йиғлаб юборади. Биз йиғлаётган пайтда ўзимизни дарҳол изтироб чекаётган одам ўрнига қўйиб кўрамиз ёки унинг тақдирида бутун инсоният чекига тушган қисматни, аввало, ўзимизнинг қисматимизни англаймиз, дейди файласуф. Ана шу ҳодиса барча мавжудотлар билан борлиқ барқарорлигининг ички бирдамлигини намоён этади. Демак, бошқа одам ёки бошқа жонзот азобига ҳамдард бўлиш, ачиниш орқали инсон барча тирик зотлар билан моҳиятан яқинлигини, қардошлигини англайди. «ҳақиқий ахлоқий хатти-ҳаракат, бу бошқалар учун қилинган хатти-ҳаракатдир. Бу – унинг бахти ё қайғуси хатти-ҳаракатимнинг бевосита сабаби бўлиши керак, дегани. Бошқача қилиб айтганда, мен ўзимда ўзимни у билан айнанлаштираман. Бу – шафқат ҳисси», – дейди Шопенҳауэр. У яна бир ўринда шафқатни инсон табиатидаги ахлоқийликнинг сўнгги асоси, деб атайди. Шундай қилиб, Шопенҳауэр ҳаёт фалсафаси оқимига асос солган бўлса, унинг етакчиси яна бир буюк олмон файласуфи Фридрих Нитцшедир (1844-1900). Унинг ахлоққа муносабати «Зардушт дедики...»(1883-1884), «Эзгулик ва ёвузликнинг нариги тарафида» (1886), «Ахлоқнинг келиб чиқишига доир» (1887). «ҳукмронликка ихтиёр. Барча қадриятларни қайта баҳолаш тажрибаси» (1889-1901) сингари асарларида акс этган. Нитцше ҳақида ҳозиргача бир-бирини тубдан инкор қиладиган икки умумий фикр мавжуд. Бири   – уни фашизмнинг асосчиси, урушлар тарафдори, ахлоқсизликни, зўравонликни маъқулловчи, мафкурачи-файласуф сифатида, иккинчи умумий фикр – уни инсон шахси озодлигини, инсон хусусийлигини бўртириб кўрсатган, инсонни улуғ мавжудот эканини ёдига солувчи, шахс эрки тарафдори бўлган мутафаккир тарзида талқин этади. Ҳўш, аслида у қандай файласуф? Аввало, Нитцшенинг инсон ҳақидаги фикрига, таърифига эътибор берайлик; «Бутун коинотда инсон қиёфасидан ҳам жирканчлироқ бирор бир нарса топиш гумон.» Ёки; «Ернинг териси бор ва бу терида эса касалликлар мавжуд. Ана шундай касалликлардан бирини инсон деб аташади.» Агар бу фикрларни тўғридан-тўғри олиб қарайдиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам киши даҳшатга тушади: наҳотки, инсон, улуғ мавжудот, табиат сарвари, Худонинг Ердаги халифаси шундай жирканч бўлса?! Бу-бўхтон, телбалик, арзон шов- шув учун айтилган гап, маънавий олифтагарчилик. Лекин уларни рамзий тарзда тушунадиган бўлсак, мана қандай манзаралар кўз олдимизга келади; Фирдавсийдаги Заҳҳок, Навоийдаги Жобир, Шекспирдаги Яго; Нерон, Чингизхон, Ленин, Сталин, Ҳитлер, Пол Пот... Хўш, булардан ҳам жирканчлироқ қиёфалар борми оламда? Энди териси касалланган Ерни тасаввур қилинг! Алам билан Хиросимани, Нагасакини, Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши яраларини қашиётган Она-Ер тимсолини кўз олдингизга келтиринг, ҳозирги кундаги экологик буҳронни ўйланг... Демак, Нитцшенинг гапида жон бор. Файласуф одамларни уч тоифага бўлади: охирги одамлар, яхши одамлар ва ало одам (одамдан юксак одам). У Зардушт тилидан шундай дейди; «Қарангиз! Мен сизга энг охирги одамни кўрсатаман. «Муҳаббат – нимадир? Яратмоқ – нимадир? Интилмоқ-чи? Юлдуз дегани нима?» Охирги одам ана шундай деб сўраб туради ва кўзларини пирпиратади. Ер кичкина бўлиб қолди ва унинг юзасида ҳамма нарсани кичрайтирувчи митти одам сакраб-сакраб юрибди. Унинг уруғи суварак каби қирилиб битмагай: охирги одам ҳаммадан кўпроқ яшайди. Улар вақти-вақти билан андак заҳар ютади. Шундан яхши тушлар кўради... Чўбон йўқ, ҳаммаси – пода! ҳар ким тенглик истайди, ҳамма-тенг. Кимда-ким бошқача англаса, ўз ихтиёри билан жиннихонага йўл олади. «Илгари бутун олам телба эди», дейди уларнинг энг оқиллари ва кўзларини пирпиратади. «Бахт-иқболни биз топганмиз», деб айтади охирги одамлар ва кўзларини пирпиратади». Мана яхши одамнинг таърифи; «Мен шундай одамни севаманки, у ало одамга макон қурмоқ учун заҳмат чекади ва ихтиролар қилади ва унинг келмоғи учун ер, маҳлуқот ва набототни ҳозирлаб қўяди. Зотан, шу тарзда ўз халокатини истайди. Мен шундай одамни севаманки, у яхшилигидан интилиш ва толеъни ясайди. Зотан у худди мана шундай – ўз яхшилиги учун яшашни истайди ва бошқача умр кечиришни билмайди.» Ало одам тўғрисида эса Нитцше қуйидагича фикрлайди: «Мен сизларга Ало одам тўғрисида таълимот келтирдим. Одам шундай бир хилқатдирки, ундан ошиб ўтмоқ керак. Сиз ундан ўтмоқ учун нима қилдингиз? Шу дамгача барча хилқатлар ўзидан юқорироқ недир бир нарса яратди. Сиз шу улуғ тўлқиндан сачраган кўпик бўлиб ўтирдингизми? Одамдан ўтиш ўрнига, тезроқ боз яна ваҳший ҳайвон тусига киришга ошиқдингизми. Ало одам – заминнинг мазмуни. Биродарларим, мен сизга илтижо қилиб, заминга содиқ бўлинг ва сизга ер узра умид тўғрисида сўзлаётганларга ишонманг! Ўзлари биларми, билмасми, бирибир, улар заҳарлагувчилар, деб айтурман... Чиндан ҳам, одам – лойқа селдир. Уни ўзига ютиб тоза қилмоқ учун фақат денгиз бўлмоқ керак. Қаранг, мен сизга ало одам тўғрисида сўзлаяпман; У ўша денгиз, унда сизнинг улуғ нафратингиз чўкиб кетгай... У – чақмоқ, У – телбалик!...» (И. Ғафуров таржимаси). Энди учала одам турини тасаввур қилиб кўрайлик. Мисол тариқасида «Алпомиш» достонига мурожаат қилайлик. Охирги одамлар кичкина жойдаги кичкина иссиқ ўринлари учун Алпомишнинг ўғли Ёдгорни хўрлаган баковул, Ултонтозни хон кўтариб, унинг дастурхони сарқитларини завқ билан кутиб яшаётган кичкина одамлар эмасми? Улар агар катта ҳарфрлар билан ёзиладиган «Муҳаббат» сўзининг маъносини билганларида, юлдузлар билан ақалли бирор тун сўзсиз суҳбатлашганларида пасткашлик қила олармидилар? Нитцше улар ҳақида бошқа бир ўринда майдалашиб кетган бундай одамлар, ҳукмронликка лаёқати бўлмаган, нолойиқ шахсларнинг муваффиқиятлари учун йўл очиб беради, улар буйруқ берадиган ҳар қандай ирода кучи олдида тиз чўкадилар, дейди. Яхши олам-чи? Яхши фазилатли одам Қоражон эмасми? Қоражонлар Алпомишнинг келиши учун, юзага чиқиши учун ҳамма нарсани қилишга, керак бўлса, жонини беришга тайёр. Алпомишларнинг уларсиз рўёбга чиқиши мумкин эмас. Алпомишлар эса –заминнинг мазмуни. Шу сабабли Нитцше уларни инсониятнинг орзу- умиди деб таьрифлайди; «Бизнинг моҳиятимиз – ўзимиздан юксакроқ мавжудотни яратишдан иборат. Ўз чегарамиздан наридаги ўзимизни яратиш...» Қачондир у – ерга мақсад, қутқарувчи инсон келиши керак...» Худо ўлди; ва бизнинг истагимиз – ало одам яшасин». Бундай одам олдида қонунлар бош эгади, унда ҳам қонунчи, ҳам санъаткор омухталашиб кетган бўлади. «Даражалар пиллапоясида инсон эгаллайдиган ўрин у чека олиши мумкин бўлган изтироблар билан белгиланади», дейди файласуф. Бунинг учун, яъни, ало одам бўлиш учун инсон анъанавий ахлоқий қадриятлардан кечиши керак: шафқатли эмас, шафқатсиз бўлиши лозим, рост – бор йўғи қатъий амр, ёлғон эса – ҳаётнинг доимий йўлдоши, ҳатто шарти, ҳар қандай фазилат нодонликка, ҳар қандай нодонлик фазилатга етаклайди...   – Мана, Нитцшенинг қадриятларни қайта баҳолаши. «Ахлоқ, – дейди у, – инсоннинг табиат қошидаги олифтагарчилиги». Зеро ахлоқ туфайли, ёввойи, эркин, дарбадар, инсонннинг барча табиийяти (инстинкти) доимий мажбурликда сақланиши натижасида ташқарида қўлланиш имконини топмасдан ичкарига уриб кетади. Шу боис одам ўзини ички сиқувда сақлайдиган ахлоқий қадриятлардан кечиши керак, эркин бўлиши лозим. Бу эса, юқорида айтилганидек, изтиробни талаб этади. Изтироб ўзгаларга эмас, ўзига шафқатсизликдан, эзгулик ва ёвузлик доирасидаги фазилатлардан кечиб, ундан нарига тарафга ўта олишдан, яъни, муайян давр учун қонунлаштириб қўйилган ахлоқ меъёрларини бажармасликдан, уларни кунфаякун қилиб ташлашдан иборат. Прометей тақдири бунга яхши мисол бўла олади. У Зевс ўрнатган ва ҳеч бир маъбуд тасаввур эта олмайдиган, жиноят қилди. Олимп илоҳий жамоасидаги азалий ахлоқ қоидаларини бузди – инсонга, зулматга маҳкум мавжудотга олов ўғирлаб келтириб берди ва бу «ўғри» қояга парчинланиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган азобга маҳкум этилди. Ҳитлер ҳам, Сталин ҳам, Пол Пот ҳам эмас, айнан ана шу «ахлоқсиз» маъбудни ало одамнинг азалий тимсолидир, дейиш мумкин. Фридрих Нитцшенинг олмон миллатчилигида айблашади. Ваҳоланки у: «Олмонлар – уларни қачонлардир мутафаккирлар деб аташарди, ҳозир, умуман фикрлай оладиларми? – Duetshland, Duetshland Ü ber alles, қўрқаманки, олмон фалсафасининг сўнгги шу бўлмаса эди...». Нитцшени яҳудийларнинг душмани сифатида талқин этишади. Ваҳоланки, у мана бундай дейди: «Яҳудийлар, шубҳасизки, ҳозир Оврўподаги энг кучли, энг тиришқоқ, энг тоза ирқ»; «мамлакатдан аксилсемитчи бақироқларни чиқариб юбориш, эҳтимол фойдали ва адолатли бўлур эди». Ёки мана бу фикрга эътибор қилинг: «Ҳеч қанақанги америкача келажакнинг бизга кераги йўқ! Олмон ва славян ирқларини пайвандлаш лозим!». «Мен ҳатто олмонлар славян қонининг кучли аралашгани туфайли истеъдодли миллатлар қаторига кирди деб ўйлайман». Бу мисоллардан кейин Нитцшени ирқчиликда айблаш кишига эриш туюлади. Тўғри, у яҳудийларни баъзи ўринларда «қамчилаб» ўтади. Лекин уларнинг асосий, айбини Исони дунёга келтирганликда кўради. Исони эса одамларни шалпайган, эрксиз мавжудотга айлантириб қўйганликда айблайди. Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқ жоизки, Нитцше- Шопенҳауэрнинг шогирди. Эслайлик: Шопенҳауэр ахлоқий иллатларни биринчи ўрнига қўйиб, фазилатларни мустақил ҳодисалар эмас, балки иллатларнинг акси тарзида талқин этган эди. Нитцше эса бу борада яна ҳам илгарилаб кетади: иллатларни фазилат тарзида, фазилатларни иллат тарзида тақдим қилади. Унинг наздида, инсон ўз иллатларини тузатмаса ҳам, уларни очиқ, ҳалол эътироф этиши, иллатларимизни фазилатлар орасида беркитиб туришдан, фазилатлар билан ниқоблашдан афзалдир. Нитцше, шу сабабдан ҳам эзгулик, шафқат, бурч каби тушунчаларни эмас, тўғрилик ва ахлоқийликни ахлоқнинг негизи деб билади. Демак, Нитцше таълимотини ўрганиш учун кўп ўринларда унга нивелирнинг дурбини орқали қараш, яъни, фикрлар ортидаги тескари маънони тушунмоқ лозим бўлади. Чунончи, у Исони, насронийликни, боя айтганимиздек, айбдор деб санайди, улар шаънига аччиқ гаплар айтади, ўзини аксилнасроний деб атайди; файласуф хатто сўнгги асарларидан бирига «Аксилнасроний» номини ҳам берган. Лекин аслида у Исони, насронийликни севади: «Мен қалбан ҳеч қачон насронийликка қарши гуноҳ иш қилмаганман», дейди Нитцше. Сўнгги мактубларига эса унинг «Хочга парчинланган кимса» деб имзо чекканлиги маьлум. Буларнинг сабаби шундаки, мутафаккир инсонни ҳам, Исони ҳам, ахлоқни ҳам севади, лекин улар ўзлари ўзлигини намоён қила олмаганидан, чекига тушган вазифани бажармаганидан, кўтарилиши мумкин бўлган юксакликка кўтарилмаганидан – майдалашиб кетган буюкликдан ғазабланади, алам билан, жаҳл билан фикрлайди. «Жаҳл келганда, ақл кетади», деган мақол назаримизда кўпроқ Нитцшега тааллуқли. Яна шуни ҳам айтиш лозимки, маълум маънода, Нитцшени олмон Нострадамуси дейиш мумкин. Социализм ҳақида у мана шундай башорат қилади: «... қисқа вақт оралиғида ўта террорчилик воситаси билангина мавжуд бўлишга умид боғлаши мумкин... Шунинг учун у аста-секинлик билан даҳшат ҳукмронлигига тайёргарлик кўрмоқда.» Дарҳақиқат, Ленин, Сталин социализми ҳам, Мао Цзе Дун, Пол Пот, Шарқий оврўпо социализми ҳам жуда қисқа умр кўрди ва шу қисқа муддатда ўзини қатағонлар воситасидагина сақлаб турди. Нитцше энг тинч даврларда, уруш хаёлидан йироқ йилларда, тарихда мисли кўрилмаган урушларнинг кетма-кет келиши, уларда ер юзида ҳукмронлик қилиш учун Россия билан бирлашган Оврўпо кучларининг тўқнашуви ҳақида ёзади. Дарҳақиқат, Нитцше вафотидан кейин ўн тўрт йил ўтар-ўтмас Биринчи жаҳон уруши бошланди, кейин Россия инқилоби, Антанта ҳужуми, фуқаролар уруши, Сталин ва Ҳитлер қатағонлари дунёнинг кўп қисмини қонга ботирди; ундан сўнг Иккинчи жаҳон уруши бошланди: ҳиросима, Нагасаки фожиалари, миллий озодлик учун олиб борилган урушлар, Вьетнам уруши, Лотин Америкаси ва Африкадаги партизанлик ҳаракатлари, фуқаролар урушлари, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Тожикистон,... Бундай урушлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Унинг Россия, Олмония, хатто Оврўпо Иттифоқи ҳақидаги фикрларини ҳам бемалол башорат дейиш мумкин. «Бу Оврўпо халқлари Иттифоқида ҳар бир алоҳида халқ, жуғрофий мақсадларига мувофиқлашган чегараларда муайян кантон ўрнини эгаллайди, – дейди файласуф. Уларнинг ўзаро муносабатлари қуролли кучлар эмас, балки «ўзаро фойдалилик» тамойили асосига қурилишини таъқидлайди. Бу Иттифоқнинг тузилганига, тамойили ҳақиқатан «ўзаро фойдалилик» эканига, пул бирлиги «евро»нинг муомалага кирганига ўзимиз гувоҳмиз. Бироқ, буларнинг ҳаммаси Нитцше қиёфасининг бир томони, унинг иккинчи томони ҳам бор: «... бир томондан, табиий танлов йўли билан, иккинчи томондан – миллионлаб ожиз ва омадсизларни зўрлик билан йўқотиш йўли орқали келажак одамини яратиш керак...» Ёки: «ўзининг йиртқичларча жасоратидан кейин улар мағрур ва виждони енгил тортиб, ўзини қандай сўйгани, ёндиргани, қийноққа солгани, зўрлаганини ҳатто эсламай, худди талабалар базмидан кейин уйига қайтаётган» идеал одамни, «малла шайтонни» кўз олдингизга келтиринг. Нитцше, паст ирқларда, масалан, қора танлиларда, оғриқни ҳис қилиш қобилияти кам, дейди. Бошқа бир ўринда у; «ҳаёт – урушлар натижаси, жамият – уруш қуроли. Урушдан бош тортиш катта миқёсдаги ҳаётдан бош тортмоқ демакдир», деган фикрни айтади. Булар шунчаки ҳазил эмас. Нитцше инсоният келажагида икки йўналишни кўрди: бири социализм, иккинчиси фашизм, у социализмнинг террорлари-ю, тенглаштиришларидан нафратланиб, фашизмни маъқул кўрди. Зеро мана бу фикрлар ҳам уники: «Оврўполиклар ҳозир ўзларини моҳиятан Ер юзидаги олий одамлар деб хаёл қиладилар. Аслида эса осиёликлар ҳар жиҳатдан оврўполиклардан бир бош баланд турадилар.» Шу ўринда буюк олмон аксилфашист ёзувчиси Томас Маннинг Нитцше фашизмни эмас, фашизм Нитцшени бунёдга келтирди, деган фикрини эслатмоқ жоиз. Хуллас, Нитцше ахлоқий таълимотига теран, эҳтиёт бўлиб ёндошмоқ лозим. Бу таълимотдаги икки хил қараш ўзаро диалектик муносабатни инкор этади. Унга беқарорлик фалсафаси-синергетика нуқтаи назаридан ёндошмоқ лозим. Нитцшенинг тимсолли тили билан айтадиган бўлсак, бу «ёқимсиз ҳақиқатлар» файласуфининг бир юзидан ўпиб, иккинчи юзига тарсаки туширмоқ керак. Ҳар ҳолда унинг таълимоти жаҳон фалсафаси тараққиётига катта ҳисса бўлиб қўшилди; ҳозир ҳам унинг энг илғор қарашлари янги-янги фалсафий оқимларнинг юзага келиши учун туртки вазифасини ўтамоқда. Олмон мумтоз фалсафий тафаккуридан кейин пайдо бўлган яна бир оқим, нитцшечилик каби амалда тадбиқ этилган йўналиш бу марксчиликдир. Олмон мумтоз фалсафаси заминида, асосан, Кант, Ҳегель ва Фойербах қарашларини янгилаш асносида вужудга келган мазкур оқимнинг асосчилари Карл Ҳайнрих Маркс (1818-1883) ва Фридрих Энгельсдир (1820-1895). Маркс ва Энгельс ўз асарларида ахлоқшуносликка деярли бевосита ўрин бермаганлар, балки ахлоққа моддийлик призмаси орқали, яъни, билвосита муносабатда бўлганлар. Шу боис уларнинг ахлоқий муаммоларга бағишланган махсус асарлари йўқ. Улар асосан инсон эрк муаммосини ишлаб чиқариш ва синфийлик тушунчаси билан боғлиқ ҳолда ўргандилар. Чунончи, Маркснинг уч жилдлик «Сармоя («Капитал») асарида кўтарилган иқтисодий масалалар, хусусан, қўшимча қиймат, инсоннинг иқтисодий бегоналашуви, меҳнатдан бегоналашуви сингари ҳолатлар одамнинг ўз асл моҳиятидан бегоналашувига олиб келиши, уни эрксиз мавжудотга айлантириб қўйиши ҳақидаги қарашларини илгари суради. Лекин бу таълимотда инсоннинг маънавий муносабатлари масалалари, афсуски, иқтисодий муаммолар соясида қолиб кетади, инсон бор-йўғи объектнинг, моддий табиатнинг бир бўлаги сифатида олиб қаралади, бевосита бўлмаса ҳам, билвосита шахс эркинлиги деярли инкор этилади; шахснинг фикри, у ким бўлишидан қатъи назар, жамоатчилик фикрига бўйсундирилади. Бу таълимот амалда тадбиқ этилганида, унинг асосчилари буни қанчалик истамаган бўлишсин, доим жамиятда тенглаштириш ҳодисаси вужудга келади. Бундан ташқари, марксчилик инсониятни, миллатни, жамиятни синф деб аталмиш бир неча бўлакка бўлиб ташлайди, натижада умуминсоний қадриятлар синфий нуқтаи назардан қайта баҳоланади. Маркс Йозеф Вайдемаерга ёзган хатларидан бирида ўз таълимотининг янгилигини қуйидаги тарзда қисқача таърифлайди: 1) синфларнинг мавжудлиги фақат ишлаб чиқариш тараққиётининг муайян тарихий босқичи билан боғлиқ; 2)   синфий курашнинг йўқсуллар (пролетариат) диктатурасига олиб бориши зарурат; 3) шу диктатуранинг ўзи ҳар қандай синфийликни йўқотиш ва синфсиз жамиятга ўтишдан иборатдир. Йўқсуллар диктатурасини ўрнатишга эса, «Коммунистлар партияси манифести»да айтилганидек, «мавжуд ижтимоий зулмни буткул зўрлик йўли билан ағдариб ташлаш орқалигина эришилади». Инқилоб ва йўқсуллар диктатурасининг моҳиятан авторитарлиги ҳақида Энгельс мана бундай дейди: «Инқилоб, шубҳасиз, ўта авторитар нарса. Инқилоб шундай ҳодисаки, унда аҳолининг бир қисми иккинчи қисмига ўз хоҳиш-иродасини милтиқ, найза ва замбараклар воситасида, яъни фавқулодда авторитар воситалар ёрдамида ўтказади. Агар ғалаба қилган партия ўз ҳаракатлари мевасини бой беришни истамаса, у ҳукмронлигини реакционерларни қўрқувда тутадиган қуроллар воситасида тутиб туриши керак.» Марксча ахлоқшунослик ҳам асосан, ана шу фикрлардаги моҳиятга бўйсундирилади: ахлоқ ички инқилобий омил сифатида, омма ҳаётий шароитини яхшилашга сафарбар қилувчи ҳодиса тарзида талқин этилади. Маркс ва Энгельснинг фикрига кўра, инсон ўз шахсини тараққий эттириши ва эркинликни таъминлаши учун фақат жамоадагина имкон топади. Бахтнинг моҳияти – бахтга эришишда эмас, балки курашнинг ўзида. Инсон фақат умумий коммуна иши манфаатлари учун яшаши лозим. Айнан мана шу манфаат – энг олий қадрият ҳисобланади. Бу қадриятни барқарор этиш – коммунистча мафкуравийлик орқали амалга ошади ва инсониятни «бир киши ҳамма учун, ҳама бир киши учун» деган тамойилда яшашга даъват этади. Хуллас, юқорида айтганимиздек, марксчилик илгари сурган коммунистча ахлоқ – жамоатчилик ахлоқидир. Шахс-ана шу жамоатчилик ахлоқини амалга оширувчи восита, холос. Маркс ва Энгельс таълимотининг энг улкан хатоси шундаки, у ақлли, қоринни тўйдириб, яхши кийинган ҳолда, ибтидоий жамоа тузумига, тўғрироғи, унинг янгича интеллектуал кўринишига қайтишни тарғиб этади. Қайтиш, у қанчалик тараққиёт деб жар солинмасин, қандай ном билан аталмасин, ҳеч қачон олға қадам бўлолмайди. Яъни, тарих ғилдирагини зўрлаб ортга айлантириш, у қай шаклда амалга оширилмасин, инсоният учун бир эмас икки томонлама зарар: бу улканликда ва оғирликла тенгсиз ғилдирак шунчаки ортга юрмайди, ўз йўлидаги аллақачон яратилган умуминсоний ва миллий қадриятларни, маънавий бойликларни мажақлаб боради; бир қанча вақтдан сўнг, уни ортга айлантираётган куч заифлашганда эса, изидан чиқиб кетиб, зудлик билан яна аввалги ўрнига қайтади; бу иккинчи қайтишда ҳам инсониятнинг маънавий ва моддий қурбонлар бериши табиий ҳол. Шу нуқтаи назардан марксчилик, қанчалик бўяб-бежалмасин, у зўравонлик мафкураси, қорин фалсафаси сифатида, ортга қайтиш тарзида, моҳиятан шахс эркинлигини йўққа чиқарувчи, юксак ахлоққа зид, реакцион таълимотдир. Мумтоз тафаккурининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, муайян тарихий даврда маънавият соҳасидаги эришган ютуқларни тизимли тарзда бойитиб, уларни янгича қарашлар ва йўналишлар воситасида навбатдаги юқори босқичга олиб чиқади. Олмонлардан сўнгра ана шундай мумтоз тафаккур XIX аср охири ХХ аср бошларида русларда воқе бўлди. Бу даврда рус мутафаккирлари маънавиятнинг барча соҳаларида жаҳонда етакчилик мавқеини эгалладилар. Л.   Толстой, Ф.   Достоевский, И.   Тургенев, Н.   Некрасов, Н.   Чернишевский, Вл. Соловьёв, Н.   Лосский, Н.   Бердяев, С.   Булгаков, С.   Франк, П.   Флоренский, В.   Розанов, А.   Чехов, А.   Ахматова, Б.   Пастернак, И.   Бунин, С.   Есенин, М.   Горький. В.   Набоков, Б.   Вышеславцев, Г.   Шпет, В.   Вернадский, А.   Лосев сингари буюк номларнинг баъзилари ана шу даврда бутун куч-қувватлари билан ўз фаолиятларини ниҳоясига етказган бўлсалар, бошқалари ўз фаолиятларини чет элларда давом эттирдилар. Баъзилари ижодида бадиий тафаккур борасида реалистик йўналиш биринчи даражали ўрин эгаллаган бўлса, бошқалари фалсафий- ахлоқий ва эстетик тафаккурда диний-идеалистча йўл тутдилар. Айнан ана шу диний-идеалистча йўналиш фалсафий-ахлоқий тафаккурни мумтозлик даржасига кўтаришда муҳим аҳамият касб этди. Мазкур йўналишнинг вужудга келиши ва тараққий топишида буюк рус файласуфи Владимир Сергеевич Соловьёвнинг (1853-1900) хизматлари катта. Владимир Соловьёвнинг ахлоқий қарашлари унинг қатор асарларида ифода топган. Улар орасида «Эзгуликни оқлаш. Ахлоқ фалсафаси»(1897-93) китоби алоҳида аҳамиятга эга. Унинг биринчи қисмида уят, шафқат ёки ачиниш ва художўйликдан иборат ахлоқий тушунчалар учлиги асосий ўринни эгаллайди. Хўш, уят нима? Нисбатан тубанликка ва нокомиллика тушиб қолган, лекин бундай ҳолатни ўзи учун нолойиқ деб билгани учун мазкур даражадан юксалиш зарурлигини англаган киши уялади. Чунончи, жинсий алоқа ҳайвонот олами учун табиий ва ахлоқийликка алоқаси йўқ. Бироқ у инсоният дунёсида, табиий бўлса ҳам, ахлоқий хатти-ҳаракат тамойили эмас, бепарда ҳолида инсонни уялтирадиган ҳолатдир. Зеро у, табиий бўлса ҳам, ахлоқийлик қошида ўзининг очиқ кўринишда амалга ошув ҳуқуқини йўқотади, яъни, ахлоққа бўйсунади. Соловьёв, Декартнинг тафаккур моҳияти ҳақидаги машҳур иборасини ахлоқийликка нисбатан қўлланганида мақсадга мувофиқ бўлур эди, деган мулоҳазани билдиради: « Мен уяляпманми, демак, мавжудман, на фақат жисман, балки ахлоқан ҳам мавжудман, – мен ўз ҳайвонийлигимдан уялаяпманми, демак, мен ҳали ҳам одам сифатида мавжудман». Шу ўринда файласуфнинг зурриёт ҳақидаги ўзига хос фикрларини келтириш жоиз. Токи бола туғилиши том маънода инсонийликка бўйсундирилар экан ва ахлоқий маъно касб этар экан, бу билан ўзининг гуноҳкорлик хусусиятини йўқотади, яъни, нафақат бу дунёда гуноҳ қила- қила, охир улар ҳам ота-оналари каби ўлимга маҳкум бўладилар, балки инсониятни яхшилаш учун хизмат қиладилар: уларнинг ота-оналари болалари ўзларидан яхшироқ, ахлоқийроқ бўлишига ишонадилар, уларга маълум тараққиёт тарзида қарайдилар. Бундан файласуф қуйидагича хулоса чиқаради: «Мана машъум зиддиятнинг ечими: туғилишнинг ёвузлик моҳияти туғилишнинг ўзи орқали йўққа чиқарилади, яъни эзгуликка айланади... улар (болалар-А. Ш) бошқа ҳаётнинг одамлари бўладилар, бизнинг ва барча аждодларимизнинг ҳақиқий нажот топиши шундадир». Соловьёв нуқтаи назаридан қараганда, ачиниш ва шафқат уятчанликка зарурий қўшимчалардир, Зеро улар руҳимизнинг ҳайвоний жунбушларини чеклайдилар. Ачиниш ва шафқатнинг энг ёрқин мисоли сифатида файласуф онанинг заиф, ҳеч нарса қўлидан келмайдиган, бутунлай ўзига қарам чақалоққа – бир парча этга муносабатини келтиради. Бироқ шафқатлиликни ахлоқийликнинг ягона таянчи деб қараш тўғри эмас. Бу борада Шопенгаҳуэр хатога йўл қўяди, дейди Соловьёв. Чунки мечкай, ичкиликбоз ёки хотинбоз ҳам кўнгли бўш, шафқатли бўлиши мумкин, лекин бундай кишини ахлоқий шахс деб аташ мумкин эмас. Демак, уят инсон хатти- ҳаркатини бошқариб турувчи ахлоқий ҳодисадир. Файласуф уч авлод – боболар, оталар ва болаларнинг табиий боғланиши ҳақида тўхталар экан, ахлоқий тараққиёт муносабати билан маънавийлашишнинг уч хили тўғрисида – дин, никоҳ ва тарбия орқали маънавийлашиш тўғрисида фикр юритади. Бу уч ахлоқий соҳа инсонни Худо билан боғлайди: бири – кечмиш, иккинчиси – ҳозирги замон ва учинчиси – келажак орқали. Ҳақиқий никоҳда жинсий алоқа йўқолмайди, балки моҳиятан ўзгаради, ҳайвоний ҳиссиётни қондиришга эмас, инсондаги Худо қиёфасини соғломлаштиришга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан қараганда, никоҳий жуфтлик зоҳидликнинг, матонатнинг, жафокашликнинг бир шаклидир. Умуман олганда, Соловьёв одамларни яхши ва ёмонга, шафиқ ва ёвузга ажратишни илмий нуқтаи назардан хато, инсонийлик нуқтаи назаридан эса ноҳақлик деб билади; инсонни яхлит ва биратўласи ахлоқий баҳолаш мумкин эмас, унинг феъл-атворига, қилмишига қараб баҳо бериш лозимлигини таъкидлайди: «... Мен икки нарсани табиатда учратмадим: аниқ- мукаммал ҳалол одамни, аниқ-мукаммал ёвуз одамни»,-дейди файласуф. Владимир Соловьёвнинг ахлоқий таълимоти, теран фикрлари ахлоқ фалсафаси билан шуғулланган мутафакирларнинг бир неча авлодига дастуриламал бўлди, ҳозир ҳам донишмандликнинг юксак намунаси сифатида тафаккур аҳлининг диққат марказидадир. Эзгулик ва ёвузликнинг пайдо бўлиши, уларнинг инсон ҳаётидаги ўрни, ёвузликка қарши курашишнинг йўллари сингари доимий долзарб ахлоқий муаммолар рус мумтоз ахлоқшунослигининг бошқа вакиллари учун ҳам муҳим эди. Бу борада йирик ишлар қилган мутафаккирлардан бири экзистенциячи файласуф Николай Александрович Бердяевдир (1874-1948). Унинг айниқса, «Инсоннинг вазифаси ҳақида» (1931), «ўз-ўзини англаш» (1949) «Илоҳийлик ва инсонийликнинг экзистенциал диалектикаси»(1952) каби асарлари шу жиҳатдан диққатга сазовор. Николай Бердяев фалсафий-ахлоқий қарашларининг яққол ажралиб турадиган ўзига хос хусусияти шундаки, унинг асосий ғояси – эркинлик. Нима учун ўз табиатига кўра эркин ва ижодкор мавжудот бўлган инсон Худо берган бу неъматлардан ўрнига қўйиб фойдалана олмайди: нимага инсоннинг ўйлаган нарсаси ўрнига тарихда бутунлай бошқача ҳолат рўй беради, нима учун илму салоҳиятни одам боласи ўзига ўхшаганларни эзиш учун, яъни ёвузлик йўлида ишлатади; нега истеъдодли одам кўпинча ёлғизликка маҳкум; нимага даҳо санъаткорларнинг ҳаётида фожиавий, ўртамиёналик доим ғолиб келади; нима сабабдан инсон эркинлик учун туғилган; лекин у доим ва ҳамма ерда кишанбанд-файласуфни ана шу муаммолар қизиқтиради. «Менинг фалсафамдаги ўзига хослик энг аввало, шундаки, мен унга борлиқни эмас, эркинликни асос қилиб олдим», – дейди Бердяев ва ҳақиқатан ҳам ҳар бир муаммони эркинлик ҳақидги ўз тасаввури призмасидан ўтказиб таҳлил этади. Бу эса, табиийки, пировард натижада барча фалсафий муаммоларга диний- ахлоқий нуқтаи назардан муносабатда бўлишга олиб келади. «Эркинлик, – дейди буюк рус мутафаккири,   – менинг мустақиллигим ва ўз шахсимни ичдан белгиловчи мурувват, эркинлик менинг ижодий қувватим, у олдимга қўйилган эзгулик ва ёвузлик борасидаги менинг ижодимдир». Бундай эркинлик – фақат инсоннинг ўз эркинлиги, хатто унга Худо ҳам ҳукмронлик қилолмайди. Инсон агар ўз ҳолига қўйилмаганда, уни инсон деб номланиши ҳам мумкин эмасди. ҳақиқий инсоний ҳаёт – инсоннинг қарор қабул қилишдаги қуюшқонга сиғмаслигидир. Файласуф ўз ижодида тарихга катта эътибор беради. У тарихда инсон маънавиятининг ички диалектикасига мос тушадиган уч муҳим даврни ажратиб кўрсатади. Биринчиси –аҳдул қадим Худоси, оламнинг Подшоси, Эгаси давридаги инсондан муҳаббат эмас, фақат бўйсунинишни талаб қиладиган, насронийликкача бўлган қонун ва бўйсуниш ахлоқи. У – ердаги вақт нуқтаи назаридан, тарихнинг табиий-органик даврига тўғри келади. Иккинчи давр – инсон гуноҳга ботганлигига ўзи айбдор эканини ҳис этиб, башарият ижтимоий ижоддан бош тортиш билан айбини ювадиган, ижод қилмайдиган тазарру ахлоқи. У-ўрта асрларда таркидунёчилик ҳукмронилк қилган маданий –органик давр. Ниҳоят, учинчи давр, энди бошланган, лекин ҳали келиб улгурмаган – дунёни диний йўл билан ўзгартирадиган ижод ахлоқи. Мазкур даврларнинг ҳаммаси тарихий замондаги ижодий аъмолларда ҳам мавжуд бўладилар. Айни пайтда, ижод ахлоқи шундай улкан бир даврки, унда эзгулик ва ёвузлик курашининг кескинлиги ё ўзгарган дунёга ёки умумҳалокатга эшик очиб беради. Бироқ қайси эшикнинг очилиши-инсонга боғлиқ. Инсон дунёни ўзгартиришда Худонинг ҳамкори бўлиши мумкин. Айни пайтда, бу дунёни ягона дунё дейиш билан унинг душманига ҳам айланиши мумкин. Зеро тарих Худо ҳаққи учун қилинган ишлар ва ёвуз ижод орасидаги курашдан иборатдир. Ҳўш, ёвуз ижод ёхуд ёвузлик моҳиятан нима ўзи? Файласуфнинг фикрига кўра, ёвузлик ижобий борлиққа эга эмас, у эзгуликдан ўғирланган хусусияти билангина кишини ўзига оғдиради. Шу билан бирга, у нафақат мавжуд, балки дунёда эзгуликдан кўра кўпроқдир. Ёвузлик билан курашнинг бир хавфли томони шундаки, бу кураш беихтиёр ёвузлик табиатини ўзига қабул қилиши, юқтириши мумкин; ёвузликни ниҳоятда ёмон кўрган яхши одамлар унга қарши ёвуз усуллардан бошқа кураш йўлларига ишончларини йўқотадилар ва натижада ўзлари ёвузлик қилганликларини билмай қоладилар. Шу боис ҳатто шайтонга ҳам инсоний яхшилик билан муносабатда бўлмоқ лозим; эзгуликдан чиқмай, эзгуликни нурлантириб туриш керак. Бизнинг давримиздаги асосий ахлоқий муаммо, бу – душманга муносабат масаласи: душманни одам деб ҳисобламаслик, унга инсоний муносабат қилмаслик ҳозир одат тусига кирган. Айнан мана шунда Инжилдан чекинишни кўриш мумкин. Зеро шайтоний одамлар мавжуд эмас, балки одамларда шайтоний ҳолатлар мавжуддир. Шу боис бирор бир инсон устидан пировард ҳукм чиқариш мумкин эмас. Акс ҳолда жиноятчи учун берилган жазонинг ўзи кўпинча жиноятга айланади. Одамларда душман излаш одати бор. Айниқса, инқилоб яшаб туриши учун доимо ўзида душманга муҳтожлик сезади ва агар душман йўқ бўлса, уни ўйлаб топади. Аксилинқилоб ҳам шундай. Душман топилганда одам ўзини яхши ҳис қилади. Бу ҳол ёвузликнинг объективлаштирилиши, унинг ташқи реалликка чиқарилишидир. Эзгулик ва ёвузлик орасидаги муносабатларнинг Н.   Бердяев жўн эмаслигини, уларда экзистенцияча диалектика борлигини таъкидлайди. Зеро, юқорида айтилганидек, эзгулик ёвузликка айланиши мумкин. Лекин, шунинг баробарида, ёвузлик ҳам эзгулик бўлиб қайта туғилади. Яъни, инсон агар барча имкониятлар синовидан ўтса, эзгулик ва ёвузлик тажрибаларини бошдан кечирса, у ҳолда ёвузликнинг ўзи эзгуликнинг диалектик ибтидоси бўлиб қолади. Ҳегель айтганидек, салбий ҳодисалардан ўтилгач, навбатда фақат ижобий босқич қолади. Шундай қилиб, хатто даҳрийлик Худони билишнинг диалектик ибтидосига айланади. Бу, моҳиятан, даҳрийлик, коммунизм ва бошқа шунга ўхшаш ҳодисалар орқали ботиний ўтмишлардан бойиб, ёруғликка, нурга чиқадиган инсон тақдиридир. Ёвузларни қириб ташлаш эмас, балки маърифатли қилиш лозим. Чунки ёвузликдан зўравонларча йўл бермаслик ёки йўқ қилиб ташлаш усули билан эмас, балки уни ичдан ботинан енгиш орқали қутилиш мумкин. 4. Инсоният жамияти ҳеч қачон XX аср даржасидаги юксакликка эга бўлган эмас. ХХ аср арафаси ва давомидаги тафаккурда кўп ва хилма-хил йўналишлар вужудга келди. Улар учун умумий бўлган ўзига хос икки жиҳат алоҳида диққатга сазовор: биринчиси – уларнинг ҳаммаси, асосан, инсонни бевосита ўрганишга қаратилгани, яъни, маълум маънода, соф антропологик хусусиятга эгалиги; иккинчиси – фалсафий бўлмаган ва фалсафийликдан «чиқиб» кетган фанларнинг асос нуқтаи назаридан фалсафийлик касб этиши ёхуд фалсафанинг тадқиқот қуролига айланиши. Мазкур йўналишларнинг энг муҳимлари сифатида руҳий таҳлил, фалсафий антропология, ҳаёт фалсафаси, экзистенциячилик, фалсафий герменевтика, феноменология, синергетика сингари таълимотларни келтириш мумкин. Улар орасида руҳий таҳлил йўналиши ноодатийлиги, қамровлилиги ва ғоят теранлиги билан алоҳида аҳамиятга молик. Руҳий таҳлил усулининг вужудга келиши жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди. ХХ аср арафасидан то бугунги кунгача бу шов-шувлар гоҳ кучайиб, гоҳ сусайиб давом этмоқда. Улар бежиз эмас. Зеро минг йиллардан буён ўқитилиб ва амалиётда қўлланиб келинаётган руҳшунослик фани бир зарб билан тахтдан туширилди. Ана шу зарб эгаси австриялик олим Зигмунд Фройд – Зигисмунд Шломо (1856-1939) эди. Гап шундаки, академик руҳшунослик табиий фанлар лабораториясининг усулларини қўллаб, виждон, қадриятли мулоҳазалар, эзгулик ва ёвузликни билиш – руҳшунослик муаммолари тизимига кирмайдиган метафизик тушунчалар, деб ҳисоблаб, асосан, одатдаги «илмий усул» бўйича қабул қилинган майда масалалар билан шуғулланиб келарди. Руҳшунослик, шундай қилиб, ўзининг асосий объекти – қалбни назардан қочириб, умумий, ёшга, касбга доир руҳий ҳолатлар ҳамда реакциялар ва табиийятларнинг-инстинктларнинг шаклланиши билан, яъни руҳий «мурватлар» билан шуғулланиб, юқорида айтганимиздек, инсон учун ниҳоятда муҳим бўлган муҳаббат, ақл, виждон, қадриятлар сингари ҳодисаларни четлаб ўтди. Фройд эса кузатувлар, ақл ва ўз кечинмаларига суяниб, руҳий касалликни муваффақиятли даволашни ахлоқий муаммоларга мурожаат қилмасдан ҳал этиб бўлмаслигини аниқлади ва бемор ўз қалби эҳтиёжларини ҳисобга олмагани учун касалликка чалинади, деган хулосага келди. Фройд инсон руҳий ҳаётида уч босқични ажратиб кўрсатади: онг, онголди, ва онгтуби ёхуд онгланмаган, яъни, онгга айланмаган ҳолат. Онгланмаган ҳолат ва онголди онгдан назорат (цензура) деган ўрта босқич орқали ажралиб туради. Назорат икки вазифани бажаради: биринчиси, шахс ўзига мақбул кўрмаган ва қоралаган ҳис-туйғулар, фикрлар, тушунчаларни онгланмаган ҳолат ҳудудига сиқиб чиқаради; иккинчиси, онгда ўзини намоён этишга интилган фаол онгланмаган ҳолатга қарши курашади. Онгланмаган ҳолатдаги фикрлар, ҳис-туйғулар умуман йўқолиб кетмайди, бироқ хотирага чиқиши учун йўл қўйилмайди. Шу боис улар онгда бевосита эмас, балки билвосита – билмай гапириб юбориш, хато ёзиб юбориш, туш, неврозлар сингари ғалат ҳаракатлар орқали намоён бўлади. Шунингдек, онгланмаган ҳолатнинг сублимацияси–таъқиқланган интилишларнинг ижтимоий жиҳатдан мақбул ҳаракатларга айланган тарзда кўриниши ҳам рўй беради. Онгланмаган ҳолат ғоят яшовчан, вақтга бўйсунмайди. Ундаги фикрлар, истаклар, ҳис-туйғулар назорат туфайли, ҳатто ўн йиллардан сўнг онгга чиқсалар-да, ўз эҳтирос қувватини йўқотмайдилар. Онголди ҳолатини муваққат онгланмаган ҳолат, дейиш мумкин, Унинг онгга айланиш имкони бор, У онгланмаган ҳолат билан онг ўрталиғида бўлиб, онгнинг кундалик ишида хотира омбори вазифасини бажаради. Шундай қилиб, қалб қаърида ётган, тийиқсиз эҳтирослар ҳисобланган онгланмаган ҳолат интилишларига диққатни қаратиб, Фройд инсон қалбининг «қора» томонларини таҳлилга олади. Бу таҳлил, инсоннинг қанчалик зоҳирий ахлоқийлашувига қарамай, унда табиий жинсий алоқада ўзини намоён қиладиган уятсиз, аксилахлоқий, «ёмон» томонлар мавжудлигини исботлаб берди. Бу томонларни Фройд тушларда акс этишини кўрсатади, зеро тушда онгнинг назорати ғоятда заифлашиши туфайли улар ўзларини рамзий тарзда намоён этадилар. Шу важдан буюк таҳлилчи- файласуф Афлотуннинг, яхши одам ёмон одам ўнгида қилган ишларни тушда кўриш билангина чекланади, деган фикрини эслатиб ўтади. Фройд онгланмаган ҳолатни инсон қалбидаги барча ёвузликлар сақланадиган ҳовузга ўхшатади. Тушлардаги маданий кишини даҳшатга соладиган тубан, ҳайвоний ҳолатлар – жамиятдаги ахлоқий талаблар билан ҳисоблашиш натижасида реал ҳаётда амалга ошмаган шахс ҳоҳиш-истакларининг эваз, товон тарзида юзага чиқиши. Инсон фақат фикран, тушларида, хаёлан ва орзуларида онгланмаган ҳолат интилишларига, «ёмон» ибтидога берилади, реал ҳаётда эса ўзининг очиқ жинсий ҳирсини ёки тажовузкорлигини кўрсатиб, ёмон отлиқ бўлмасликка, ярамас одам деган ном олмасликка, бошқаларга ҳаёли, ҳалол, мулойим шахс сифатида кўринишга уринади. Бу уриниш бировларни иккиюзламачиликка ёки мавжуд ҳаётий қадриятларни ва ахлоқий қоидаларни сўзсиз, нотанқидий қабул қилишга олиб келса, бошқалар учун у руҳий носоғломликка, инсонни ичдан кемирадиган, лекин ташқаридан билинмайдиган асабий касалликка айланади. Фройднинг фикрига кўра, тушлардаги «ёвуз» ниятлар ва «ярамас» истакларни ҳозирги замондан эмас, кўпроқ кечмишдан излаш керак, зеро улар «фақат инфантилизмни», этник ибтидомизга қайтганимизни ўзида акс эттиради. Ана шу жиҳатлар ахлоқий муаммоларни, хусусан, ахлоқнинг келиб чиқиши, инсоният цивилизацияси тарихида юзага келган турли хил ахлоқий қоидалар ва талабларни кўриб чиқишда Фройд учун қўл келади. Шуни айтиш керакки, Фройд инсондаги эзгу ибтидони, олижаноб интилишларни инкор этмайди. Унинг ахлоқий қарашларини тушунмаганларга, уни ёвузликни мутлақлаштиришда айблаганларга қарши Фройд шундай дейди: «Бизнинг инсондаги барча ёвузликларни таъкидлаб кўрсатишимизга сабаб шуки, бошқалар уларни инкор этади. Бу таъкидлашдан инсоннинг руҳий ҳаёти яхшиланмаса ҳам, ҳар ҳолда тушунарли бўлади. Агар биз бир томонлама ахлоқий баҳолашдан юз ўгирсак, у ҳолда, шубҳасиз, инсон табиатидаги эзгулик ва ёвузликнинг ўзаро муносабати шаклини аниқлашимиз мумкин». Ҳақиқатан ҳам Фройд ахлоқий қарашларининг ўзига хослиги айнан ана шунга асосланган. Бироқ, Фройд, барча иллатларнинг ва виждон, қўрқув, айбни ҳис қилиш, тазарру сингари фазилатларнинг келиб чиқишини, фаолиятини, деярли барча ахлоқий ҳодисаларни асосан «Эдип комплекси»га олиб бориб тақаб қўяди. Зигмунд Фройднинг ўзи бир ўринда: «Янги ҳаракатни тўхтатиб бўлмаслигига душманларим ишонч ҳосил қилганлари каби, менга ҳам бундан буён уни ўзим чизиб берган йўлдан олиб кетиш мумкин эмаслигига ишонишимга тўғри келди», – деган эди. Дарҳақиқат, руҳий таҳлилнинг кейинги тараққиёти – фройдчилк ва янги фройдчилик бошқача йўлдан, руҳий таҳлил асосчиси назарияларини танқидий ўрганиш ҳамда ривожлантириш йўлидан кетди. К.   Юнг, А.   Адлер, Э.   Фромм сингари таҳлилчи-файласуфлар инсон қалбини ўрганишда катта муваффақиятларга эришдилар. Имкон нуқтаи назаридан фақат улардан бири – Фроммнинг ахлоқий қарашларига тўхталамиз. Эрих Фромм (1900-80) асосий диққатини инсон қалбининг ахлоқий талабларига муносабатини очишга, тоталитарчилик, инсонпарварлик, тириксеварлик (Биофиллик) ва ўликсеварлик (некрофиллик) ҳақидаги мулоҳазаларга қаратади. Унинг «Севиш санъати», (1956   йил) «Инсон қалби. Унинг эзгулик ва ёвузлик қобилияти» (1964   йил) каби асарларида ахлоқий муаммоларга кенг ўрин берилган. Фроммнинг фикрига кўра, ёвузлик фақат инсоний ҳодиса. У инсонийлик ҳолатидан ортга қатиш, инсонга хос, ақл, муҳаббат, эрк хусусиятларини йўқ қилишга бўлган интилиш. Айни пайтда, у фожеий ҳолатдир. Чунки инсон, ҳайвоний даражага қайтса-да, у бирор бир сония одам эканини унутмайди, демак, уни ёвузлик масалани ҳал қилишнинг йўли сифатида ҳеч қачон қониқтирмайди. Инсоннинг ёвузлик ҳолати   – ўзини эзиб турган инсоний турмуши оғирлигидан озод бўлишга фожиавий уриниши туфайли рўй беради, у ўзини йўқотишдан иборат. Эзгулик бизининг мавжудлигимизни тобора моҳиятимизга яқинлаштириб боради, ёвузлик эса турмушимиз билан моҳиятимизнинг ўсиб борувчи бегоналашуви демакдир. Инсон ортга ва олдинга интилишга, бошқача айтганда, эзгулик ва ёвузликка мойил. Токи иккала майл тенг экан, агар у ўз аҳволини англаб етишга қобил бўлса, танлаш борасида эркин. Бироқ, агар инсоннинг юраги тош қотиб, майллари ортиқ тенглашмайдиган даражага келса, у бундан буён танловда эркин бўлолмайди. Инсон то танлаш эрки қолмайдиган нуқтагача ўз хатти- ҳаракатига жавобгардир. Инсон юраги қанчалик тош бўлмасин, у инсоний юрак бўлиб қолаверади. Биз инсон бўлиб туғилганмиз ва шу боис олдимизда доимо қарор қабул қилиш масаласи кўндаланг туради. ўз мақсадларимиз билан бирга, биз воситаларимизни ҳам танлашимиз керак. Агар кимки ҳаётга бефарқ лоқайд қараса, ундай одамнинг эзгуликни танлашига умид йўқ. Фройд қарашлари ҳақида мулоҳаза юритар экан, Фромм ўз устозига нисбатан кенгроқ миқёсда ҳаракат қилади: инсон табиати на фақат биологик балки тарихийлик билан шартланганини таъкидлайди. У Фройднинг инсон муаммосини тўғри ҳал этишда биологик ва маданий жиҳатларни қарама- қарши қўйиш усулини рад этади, шахсни ўрганишда одамнинг бошқаларга, табиатга ва ўз-ўзига муносабатини тушуниш муҳим деб ҳисоблайди. Шунингдек, Фромм иқтисодий, руҳий ва мафкуравий жиҳатлар бир-бири билан узвий алоқадор эканини, улар жинсий алоқанинг жўнгина рефлексияси эмаслигини айтади. Бироқ, Фройднинг буюк хизматларини эътироф этиб, руҳий таҳлил жараёнидан асосий мақсад – устози таъкидлаган ҳақиқатни тан олиш эканини ва руҳий таҳлил ҳақиқатга янгича мазмун берганини уқтиради. Руҳий таҳлилгача бўлган тафаккурда агар инсон ўз гапига ўзи ишонса, у ҳақиқатни гапираётган ҳисобланарди. Руҳий таҳлил субъектив ишонч асло ҳаққонийликнинг мезони бўла олмаслигини кўрсатди. Инсон ҳақиқат юзасидан ҳаракат қиламан деб ишониши мумкин, лекин асл сабаб – бешафқатлик. У хатти-ҳаракатнинг сабаби муҳаббатим деб билади, лекин аслида уни мазохча боғлиқликка интилиш ҳаракатга келтиради. Инсон менга бурч раҳнамолик қиляпти деб ўйлайди, аммо, асосий сабаб – унинг шуҳратпарастлиги бўлади. Гап шундаки, инсон на фақат буларга бошқаларнинг ишонишини хоҳлайди, балки ўзи ҳаммасига ишонади. Руҳий таҳлил жараёнида одам унинг қайси ғоялари эҳтиросли қобиққа ўралган-у, қайсилари унинг феъл-атвори тизимида илдизга эга бўлмаган, субстанция ва вазндан йироқ шартли клишелар (нусхалар) эканини англайди. Руҳий таҳлил шу маънода ҳақиқатни излашдир. Унинг асосий тамойили шундаки, тафаккуримиз ва ҳиссиётларимизни синчиллик билан ўрганмасдан ҳамда қайси жойда биз ақлийлашамиз-у, қаерда эътиқодларимиз ҳиссиётга бориб тақалишини аниқламасдан туриб, руҳий соғломлик ва бахтга эриша олмаймиз. Эрих Фромм муҳаббат муаммосига ҳам жуда катта эътибор беради. Муҳаббат, бу – ҳар бири ўзлигини сақлаган ҳолатида икки кишининг бирлашуви. Муҳаббат, бу – ҳаракат, ором эмас, фаоллик, кузатиш эмас. Севиш – олиш эмас, бериш. Севгида инсон ўзи учун энг бебаҳо бўлган ҳаётининг бир қисмини –ҳиссиёти, билими, кечирмаларини бағишлайди. Буни у ўрнига нимадир олиш учун қилмайди, ана шу «бағишлаш»нинг ўзи нафис бир лаззатдир. Аллома файласуф, юқорида таъкидлаганидек, муҳаббатни ғамхўрлик, масъулият, ҳурмат ва илм унсурларидан иборат деб билар экан, масъулиятга ўзгача эътибор билан қарайди. Фромм масъулиятни одатда қабул қилинганидан бошқачароқ тарзда талқин этади. Одатда масъулият деганда четдан юкланган, яъни одамга бошқа кишилар, жамият ва ҳоказолар томонидан таклиф этилган, уқтирилган ёки мажбуран бўйнига қўйилган қандайдир бир нарса тушунилади. Фромм эса, масъулиятни моҳиятан қалбнинг хоҳиши билан боғлиқ эмин – эркин ҳолат, дейди. Масъулиятни ҳис этиш, бу-бошқа мавжудотнинг эҳтиёжи ва талабига лаббай деб жавоб беришга тайёр туриш. Шундай қилиб, масъулият кимгадир ғамхўрлик қилиш билан боғлиқ. Бошқа томондан файласуф масъулиятни ҳурмат билан боғлайди. Ҳурмат, бу –қўрқув ёки қўл қовуштириш эмас, у инсонни қандай бўлса, шундай қабул этишни талаб этади. Фроммнинг фикрига кўра, индустриал жамиятда ҳақиқий муҳаббат камдан-кам учрайди. ўз фарзандларини том маънода севган ота-оналар ҳам умумий қоидадаги истиснодир. Никоҳда эса муҳаббат деб бутунлай бошқа сабаб, бошқа ҳислар тушунилади. Унда хатто севги тасаввури ҳам бузилади. Бу айнан инсон ўзини муҳаббатнинг «мўъжиза қуши»ни қўлга киритдим деган пайтда рўй беради. Муҳаббатнинг йўқолишига гўё муҳаббатни қўлга киритиб олиш мумкин деган нотўғри тасаввур олиб келади. Шу боис кўп ҳолларда муҳаббатдан бошланган никоҳ икки эгалик қилувчининг, жуфтлашган икки худбиннинг ҳамдўстлигига айланади. Бироқ муаммо никоҳда эмас, балки икки томон шахсининг истеъмолчилик хусусияти билан боғлиқ. Муҳаббатга мавжуд бўлиш, ўзини ифодалаш қобилияти тарзида эмас, балки маъбудга қарагандек муносабатда бўлиш ана шундан келиб чиқади. Шу боис бирга яшашнинг тизимини ўзгартиришга, яъни кўпхотинлилик, жазманбозлик, жамоавий жинсий алоқа ва ҳоказоларга интилиш – бор-йўғи ҳақиқий муҳаббат қийинчиликларини енгиб ўтиш учун йўл қидириш. Агар инсон ўз «ярмини» топиш ва севиш бахтига эришса, у бошқа жуфт излашга ҳеч қачон интилмайди, бутун борлиғини ўз севиклисига бўлган муҳаббатга бағишлайди. Умуман, Фромм тақдим этган шахс тизимида муҳаббат диний ҳиссиёт ва дунёқараш билан биргаликда марказий ўринни эгаллайди. Руҳий таҳлил фалсафаси, хусусан, ахлоқшунослиги мулкига ниҳоятда-қисқача қилган илмий саёҳатимиз охирида шуни таъкидлаш зарурки, бизда, ўзбекларда бу таълимот ҳақида, очиғи, озгинагина тасаввур ҳам йўқ. Уни миллат тарбиясини бузадиган, ҳаёсиз, инсоннинг ёмон томонларинигина кўрадиган, динни тан олмайдиган дунёқараш тарзида қабул қиламиз. Бу- тоталитар тузум, мустамлакачилик мафкурасининг сохта илмий ниқоб остида илгари сурган зарарли ғояларининг таъсиридир. Руҳий таҳлил аслида тоталитар тузумга қарши, мустамлакачилик алдовларини, «доҳийлар» қалбининг зулматини ва ёвузликларини очиб бериш қудратига эга, бутун инсоният учун, жумладан, биз учун ҳам ғоят зарур таълимотдир. Ахир, ўзбекнинг «Одам оласи ичида» деган мақоли бор-ку! Руҳий таҳлил ўша «ола»нинг қаердалигини, қандайлигини, пайдо бўлишига сабаб нима эканини ва уни қандай қилса бартараф этиш, «оқ«қа айлантириш мумкинлигини кўрсатиб беришда мислсиз аҳамиятга эга. ХХ аср ахлоқий тафаккурида чуқур из қолдирган фалсафий- ахлоқий йўналишлардан яна бири – экзистенциячиликдир. Экзистенциячилик инсонни, энг аввало, ўз ҳаётини инсонийлик вазифасини бажариш учун қурбон қилган мавжудот сифатида олиб қарайди. Бир жиҳатдан бундай қараш анъанавийдек, барча асрларда ҳам илгари сурилган нуқтаи назардек туюлади. Аслида эса ундай эмас. Гап шундаки, аввалги анъанавий қарашларда инсоннинг ўз ҳаётини қурбон қилиши «олий манфаатлар» юзасидан рўй беради: инсон, идеал, умумтарихий мақсадлар ўзни фидо этишга арзишини тушунади. Қурбон бўлишга тайёрлик, демак, инсоннинг ибтидодаги белгиси эмас, балки унинг ақл билан иш кўриши оқибатида рўй берадиган ҳодиса сифатида олинади. Экзистенциячилик эса фидойиликни инсоннинг ибтидодаги хусусияти, уни белгиловчи оддий ҳодиса деб қарайди. Улар, инсон ўз ҳаётини нимагадир бахш этмасдан мавжуд бўлолмайди, деган фикрни илгари сурадилар. Бу фидойилик эса айнан, барча ижтимоий барқарор қадриятлар барбод бўлганда, инсон ўзи учун муносиб оғир, муқаддас бир юкни худди ризқи каби излаган бир пайтда ўзини кўрсатади. Инсон ўз назоратидан чиқиб кетган, иррационал воқеа-ҳодисалар гирдобига тушиб қолган пайтида қандай маънавий сабрга, чидамга эга бўлиши керак? Экзистенциячиликнинг бош муаммоси мана шу. Олмон файласуфи Мартин Ҳайдеггер (1889-1976) экзистенциячиликнинг асосчиси ҳисобланади. Экзистенциячилик Ҳайдеггердан сўнг, икки йўналишда – диний ва даҳрийлик йўналишларида давом этди. Диний экзистенциячиликнинг энг йирик намояндаларидан бири, олмон файласуфи Карл Ясперсдир (1883-1969). У ўз асарларида, хусусан, «Замоннинг маънавий ҳолати»(1932), «Фалсафий эътиқод»(1948) деган китобларида инсон мавжудлигини ХХ асрда қандай тушуниш масаласига тўхталади ва бу мавжудликнинг ахлоқий жиҳатларини таҳлил этади. Инсон билан ҳайвон орасидаги фарқ ҳақидаги, бошқача қилиб айтганда, инсоннинг вужудга келиши тўғрисидаги масалани Ясперс энг муҳим деб ҳисоблайди. Инсонни қандайдир бир бошқа нарсадан келтириб чиқариш мумкин эмас. Зеро у ҳамма нарсанинг бевосита алосидир. Оламдаги боғлиқликнинг барча турлари ва барча биологик тараққиёт жараёнлари одамнинг ўзига эмас, балки инсоний моддага, инсоний материалга дахлдор. Инсон доимо ўзи ҳақидаги ўйлаганидан кўра каттароқдир. Бу фикр ҳам бутун инсониятга, ҳам алоҳида одамга тааллуқли. Ҳеч қачон инсон ҳақидаги узил- кесил хулоса чиқариш, уни на умумий тарзда, на алоҳида одам сифатида тўлиқ тушуниш мумкин эмас. Ясперснинг фикрига кўра, инсонга ҳайвондан «тараққий топган» жонзот деб қараш нотўғри. Чунки билиш учун ҳаммаси тушунарли бўлиши керак, билиш билинадиган чегарадан нарига чиқолмайди, билишдан ташқарида билиш учун ҳеч нарса йўқ. Билиш оламда мавжуд бўлгани ҳолда оламни тушуниб етолмайди. Тўғри, математика, табиий фанлардаги каби универсал билиш теварак-атрофда ҳозир бўлган ниманидир илғаб олиши мумкин, лекин воқеликни ҳеч қачон яхлитлигича била олмайди. Инсоннинг ҳақиқий қадрияти у яқин турган тур ёки хили билан эмас, балки ўзгартириб ва алмаштириб бўлмайдиган тарихан яккалиги билан боғлиқ. Ҳар қандай алоҳида инсоннинг қадрияти муайян одамларга умумий инсоний мезонни шакллантиришда бир-бирини ўзаро алмаштирадиган материал сифатида қаралмаганидагина дахлсиз бўлади. Барча одамларнинг тенглиги ғояси бутунлай нотўғри. Зеро гап одамларнинг руҳий тадқиқотга бўй берадиган мавжудот сифатидаги феъл- атвори ва қобилияти ҳақида бормоқда. Аммо бу ижтимоий воқе сифатида ҳам тўғри эмас, нари борганда, қонун олдида тенг имконият ва тенг ҳуқуққа эга бўлиш мумкин. Моҳият жиҳатидан барча одамларнинг тенглиги фақат ва фақат уларнинг ҳар бирига, эркинликдан келиб чиққан ҳолда, ахлоқий ҳаёт орқали Худога йўл очиладиган теранликда мавжуддир. Бу инсоний билим билан ўрнатилиб ва объективлаштириб бўлмайдиган қадриятлар тенглиги, абадий руҳ сифатидаги яккаликлар қадриятлари тенглигидир. Бу инсонга жаннат ёки дўзахдан жой каромат қилувчи тенглик, даъво ва абадий ҳукм тенглигидир. Бу тенглик инсонни фақат восита деб қарашга йўл қўймайдиган, балки унга бирдан-бир мақсад сифатида муносабат қилишни талаб этадиган, ҳар бир инсонга ҳурмат-эҳтиромни англатдиган тенгликдир. Инсон экзистенция тарзида ўз эркини – трансценциянинг неъматини кўриши муҳимдир. Ўшанда инсон борлиғининг эрки транценденция раҳбарлигида, унинг барча имкониятлари моясига айланади; ана шу трансценденция, Яккаю Ягонанинг шарофати билан инсон ўз хусусий яккалигига эришади. Бу раҳбарлик дунёдаги барча бошқа раҳбарликлардан ажралиб туради, чунки у объектив бир маъноли бўла олмайди; у инсоннинг тўла эркинлигига мос тушади, зеро у ўз эътиқодининг эрки билангина юэага чиқади. Тангри даъвати анъаналар ва теварак-атрофдаги дунёга юз очган якка инсон учун худди ўз эътиқоди сифатида янграйди. Гарчанд инсон Худо нимани хоҳлаётганини билишда объектив кафолатга эга бўлмаса-да, ўз ички теранлигидан келиб чиқиб, қарор қабул қилар экан, у Тангри иродасига бўйсундим, деб ҳисоблайди. Худонинг раҳнамолиги ўз фаолияти ҳақидаги инсоннинг мулоҳазаси орқали амалга ошади. Бундай мулоҳаза кишини ҳаракатдан тўхтатади, ҳаракатга ундайди, хатоларини тузатиб туради. Бироқ, аслида, бутунлай ва фақат инсон ҳеч қачон ўз мулоҳазаларига суяниши мумкин эмас. Унга бошқаларнинг мулоҳазалари ҳам зарур. Гарчанд бамаъни кишиларнинг мулоҳазалари бу ҳаётда инсон эриша оладиган ягона йўлланма эса-да, бироқ у охир-оқибатда ҳал қилувчи омил бўла олмайди. Худонинг ҳукмигина ҳал қилувчи хусусиятга эга. Аммо инсонда, ҳақиқатан ҳам бу мен ўзимманми, эшитган даъватим ростдан ҳам асл манбаъдан келяптими, деган хавф ҳеч қачон йўқолмайди. Ана шу хавфни англаш ўсиб борувчи эркинликнинг замондаги шарти бўлиб қолаверади. У ишончнинг қатъийлигини инкор этади, ўз фикрини ҳамма учун талаб даражасида умумлаштиришни таъқиқлайди ва шу билан ақидапарастликка йўл қўймайди. Зеро ўзига тўлиқ ишонч ман этилади. Ҳақликка мутлақ ишонч, кибр оламий ҳақиқатни йўқотишга хизмат қилади. Шундай қилиб, Худонинг даъвати замонда инсоннинг ўзи ҳақидаги фикри сифатида ифодаланиши мумкин. Лекин у даъватни фақат олий, улуғвор ҳолатлардагина эшитиш мумкин. Биз ана шу ҳолатлардан келиб чиқиб, ана шу ҳолатларга интилиб яшаймиз. Хулоса қилиб айтганда, Карл Ясперс қарашларида анъанавий маънавий меросни эгаллаш инсон ахлоқийлиги даражсини белгиловчи омил сифатида номоён бўлади. Экзистенциячилик ахлоқшунослигининг энг кўзга кўринган номоянда-ларидан яна бири Жан-Поль Сартрдир (1905-1980). У экзистенциячиликнинг дахрийлик йўналишига мансуб файласуф, ёзувчи, сиёсатшунос сифатида машҳур. Сартрнинг фикрига кўра, инсон энг аввало, субъектив кечинмалар орқали яралган лойиҳадир. Бу лойиҳагача ҳеч нарса мавжуд эмас, ақл бовар қиладиган самовотда ҳеч нарса, йўқ, борлиғининг лойиҳаси қанақа бўлса, инсон ҳам шунақа. Агар мавжуд бўлиш ҳақақатан ҳам моҳиятдан аввал турса, унда инсон ўзининг борлиги учун масъулдир. Шундай қилиб, экзистенциячилик, биринчи навбатда, ҳар қандай инсоннинг ҳукмига унинг борлигини ҳавола қилади ва мавжудлиги учун тўлиқ масъулиятни унинг ўзига юклайди. Бу борада фикр юритиб, Сартр шундай деб ёзади: «Бироқ биз инсонни масъулдир, деганимизда, бу – фақат унинг ўз шахсиятигагина жавобгар, дегани эмас. У барча одламлар учун масъулдир. Биз, инсон ўзини ўзи танлайди, деганимизда, ҳар биримизнинг ўзини ўзи танлашини назарда тутамиз, бироқ, шу билан бирга, биз ўзимизни танлар эканмиз, барча одамларни танлаймиз, деган гапни ҳам айтишни хоҳлаймиз». Зеро ўзимизни танлашимиз, қандай ҳолда бўлмасин, биз ҳеч қачон ёвузликни танламаймиз, айни пайтда, бу танлов танловимизнинг қадрятини барқарор этишни тақозо қилади. Бизнинг танловимиз эса эзгулик бўлиши шубҳасиздир. Лекин, шуни айтиш керакки, ҳамма учун эзгулик ҳисобланган нарсанинг биз учун эзуглик бўлиши мумкин эмас. Бизнинг масъулиятимиз бутун инсониятга тааллуқли, тахмин қилганимиздан анча катта. Биз ўзимиз учун ҳам, ҳамма учун ҳам жавобгармиз ва ўзимиз танлаган муайян инсон қиёфасини яратамиз; ўзимизни танлаш билан биз умуман инсонни танлаймиз. Сартр хавотир ҳисси ҳақида батафсал тўхталади. Ёлғон гапираётган одамлар ҳам барибир хавотирланиб турадилар. Чунончи, кўпинча одамлар ўзларининг харакатини фақат ўзларигина тааллуқли деб ўйлайдилар, улардан агар ҳамма шунақа қилганда, нима бўлади, деб сўрасалар, ҳамма ҳам бундай қилавермайди-ку, дея жавоб берадилар. Лекин «ҳамма шунақа қилса нима бўлади»? деб доимо сўраш ўринли. Бу саволдан фақат ёлғон ишлатибгина қочиш мумкин, яъни, алдаётган киши, ҳамма шундай қилади-ку, деб ўзини оқлашга уринади, ўз виждонига ҳилоф йўл тутади. Зеро содир этилган бу ёлғон ёлғонга универсал қадрият даражаси берилаётганини билдиради. Ёлғонни содир этган одам, гарчанд, хавотирини яширса-да, унинг мавжудлигини сезиб туради. Ҳар бир инсон ўз-ўзига: «ҳақиқаттан ҳам, қилмишларимдан бутун инсоният намуна оладиган тарзда ҳаракат қилишга ҳақим борми»? дейиши керак. Агар ўзига шу саволни бермаса, у ўз хавотирини ўзидан яширган бўлади. Бу, қай даражададир, масъулиятни ўз бўйнига олган ҳар бир кишига маълум бўлган ҳавотирдир. Сартр шу ўринда ҳарбий бошлиқни мисол қилиб келтиради: у ҳужумга буйруқ бериб, одамларни ўлимга йўллар экан, жавобгарликни ўз бўйнига олади, яъни моҳиятан бир ўзи қарор қабул қилган бўлади. Албатта, юқоридан берилган буйруқлар бор, лекин улар жуда умумий ва аниқ-равшан изоҳлашни талаб этади. Бундай изоҳ мазкур ҳарбий бошлиқдан чиқади; бир неча, ўнлаб ёки юзлаб кишининг ҳаёти ана шу изоҳга боғлиқ. ҳарбий бошлиқ қарор қабул қилар экан, маълум бир хавотирни кўнгилдан ўтказмаслиги мумкин эмас. Шундай хавотир барча раҳбарларга хос. Лекин раҳбарларнинг ҳаракатига у ҳалақит бермайди, аксинча, кўпдан-кўп турли имкониятлар борлигини билдиради ва ҳаракат шартини ташкил этади. Хавотир, демак, бизни ҳаракатдан ажратиб турадиган тўсиқ эмас, балки ўша ҳаракатнинг бир қисмидир. Эркинликка фақат ҳолатдаги эркинлик сифатида қараб фикр юритар экан, Сартр ўзга муаммосини ўртага ташлайди. Мен, деб ёзади файласуф, маъноси ўзгалар томонидан белгиланган оламга итқитилганман. Мен ҳаракат қилаётган ва нарсаларга маъни бағишлайдиган бу оламда нарсаларнинг маъниси ўзгалар томонидан аллақчон белгилаб қўйилган. Бу менинг эрким учун муҳим, зеро маъниси бор нарса менинг олдимга аниқ мақсад ва талаб қўяди. Шаҳарлар, уйлар, тарамвайлар – буларнинг ҳаммаси маънига йўғрилган нарсалардир; улар менга маълум харакат тарзини белгилаб беради: уйда яшаш, кўчада юриш, трамвайга миниш в. ҳ. Бир сўз билан айтганда, ўзи-учун ўзгалар-учун бўлган дунёда пайдо бўлади; бу дунёнинг маъноси шу боис менга нисбатан белгиланмаган. Агар аввал нарсаларнинг ўзи менинг эркимни чеклаши ҳақида гап кетган бўлса, энди ўзгалар эрки менинг эркимга нисбатан чеклаш сифатида юзага чиқади. Зеро биз эркинликка интилар эканмиз, у тўлалигича ўзга одамлар эркига ва ўзгаларнинг эрки бизнинг эркимизга боғлиқ эканини кўрамиз. Тўғри, эркинлик, инсоннинг белгиси сифатида, бошқаларга боғлиқ эмас, бироқ ҳаракат бошландими – бас, мен ўз эрким билан биргаликда бошқаларнинг эркинлигини ҳам хоҳлашим шарт: мен фақат ўзгаларнинг эркини ҳам ўзимга мақсад деб билганимдагина, ўз эркимни мақсад сифатида қабул қилсам бўлади. «Биз, – деб ёзади Сартр, – ҳар бир алоҳида ҳодисада эркинлик эркинлик учун бўлишини истаймиз.. Шу сабабдан, гарчанд ахлоқнинг мазмуни ўзгариб турса ҳам, ўша ахлоқнинг муайян шакли универсалдир». Айни пайтда, буюк француз мутафаккири, гарчанд, теварак дунё бегона маъниларга тўла эса-да, улар менинг устимдан қисматнамо ҳукмронликка эга эмаслар, деган фикрни таъкидлайди. Улар, қабул қилсамгина – ҳукмрон бўлади, инкор этсам – ҳар қандай куч-қудратини йўқотади. Шу боис қўрқоқ ёки қаҳрамон бўлиш инсоннинг ўзига боғлиқ, дейди Сартр, қўрқоқ қўрқоқлиги учун ўзи жавобгар. У юрак ёки ўпкаси, ёки мияси қўрқоқ бўлгани учун шунақа эмас; у ўз физиологик тузилиши натижаси ўлароқ шунақа эмас, балки ўз қилмишлари билан ўзини қўрқоқ қилган. Мизож асабий, заиф, чала ёхуд тўлақонли бўлиши мумкин, лекин заиф одам дегани – албатта қўрқоқ дегани эмас, чунки қўрқоқлик бош тортиш ёки ён бериш оқибатида юзага келади. «Ҳамма вақт қўрқоқ учун қўрқоқ, қаҳрамон учун қаҳрамон бўлмасликнинг имкони бор, деб ёзади буюк файласуф. У экзистенчиячилик мухолифларига фикр билдирар экан, бу йўналиш инсоннинг асло тушкун тасвирини бермаслигини, уни қилган ишига қараб баҳолашини, инсон ўз тақдирини ўзи белгилайди, деган ақида билан иш кўришини таъкидлайди. Сартр ҳар бир инсон ахлоқини унинг хатти- ҳаракати ташкил этишини айтиб, шундай деб ёзади: «Экзистенциячилик, бу – инсоннинг ҳаракатга бўлган хоҳишини ўлдиришга интилиши эмас, зеро у инсонга бор умид фақат унинг ҳаракатида эканини ва фақат ягона ҳаракатигина инсоннинг яшаши учун имкон беришини айтади. Демак, бу борада биз ҳаракат ва журъат ахлоқи билан иш кўрамиз». Ҳозирги кунга келиб, экзистенциячилик Ғарб оламида машҳур бўлган кўпгина энг етакчи ёки фаол ҳаракатдаги ахлоқий йўналишларга нисбатан «ҳаётийроқ« чиқиб қолди. Унинг асосий тамойиллари Оврўпо халқлари менталитетига сингиб кетди. У беҳуда ҳавоий парвозларни чеклаб, инсонни ички, рақамларсиз ҳисоб-китоб ва шу ҳисоб-китоб натижаси ўлароқ, жаҳонга ишонч билан қарашга даъват этади. Инсоният тарихи мобайнида қадимда илгари сурилган ғоялар кейинчалик моҳиятан янгиланган, ўзгарган ҳолда яна майдонга чиқишини кузатиш мумкин. Бу ҳодиса ахлоқшунослик соҳасига ҳам тегишли. ХХ асрда юзага келган ва амалиётда муваффақиятга эришган ёвузликка қарши зўравонлик кўрсатмасдан курашиш – ғайри зўравонлик ахлоқшунослиги ана шундай «янгиланган эски» ғоялардан. Маълумки, ёвузликни йўқотиш, тўғрироғи, камайтириш, заифлаштириш барча даврларда ҳам асосий ахлоқий муаммо бўлиб келган. Қадимги дунёдаги ва ўрта асрлардаги Шарқ мутафаккирлари ёвузликни кучсизлаштиришнинг йўли – унга қарши ёвузлик билан жавоб бермаслик, деб билганлар. Бундай ёндошувни қадимги ҳиндлар ва хитойларда (йўга, жайнчилик, буддҳачилик, даосчилик), насронийликдаги Исо алайҳиссалом даъватларида, мусулмонликдаги тасаввуф намоёндаларида кўриш мумкин. Лекин бу даврларда ёвузликка ёвузлик билан жавоб бермасликни фақат сабр- тоқат Худога ташлаб қўйиш орқали амалга ошириш мумкин деб билганлар. Агар ҳазрати Исо ўз умматларига «ўнг юзингга урса, чап юзингни тут,» деган бўлсалар, буюк мутасаввиф ва шоир, яссавия тариқатининг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий ўз ҳикматларидан бирида шундай деб ёзадилар: Золим агар жафо қилса, Аллоҳ, дегил, Илкинг очиб, дуо айлаб, бўйин сунгил. Лекин аввалги даврлардаги бу қарашларнинг моҳияти чидам ва бардош билан чекланган бўлса, ХIХ асрнинг иккинчи ярмида бошланган ҳамда ҳозирги пайтда муваффақиятли давом этаётган ёвузликка қарши зўравонлик кўрсатмаслик ана шу сабр-бардош, чидам орқали бўйсунишни эмас, балки курашишни тақозо этади. Ана шу янгиланган, моҳияти ўзгарган ахлоқий йўналишнинг ибтидосида ХIХ аср мутафаккири америкалик файласуф-ахлоқшунос Ҳенри Дэйвид Торо (1817-1862) туради. Бу йўналиш доирасида кейинчалик, ХХ аср бошларида Лев Толстой (1828-1910), кейинроқ буюк ҳинд мутафаккири ва жамоат арбоби Моҳандис Карамчанд Ганди (1869-1948), америкалик руҳоний, файласуф, жамоат арбоби Мартин Лютер Кинг (1929-1968) сингари мутафаккирлар изланиш олиб бордилар. Шунингдек, АҚШдаги Альберт Айнштайн институти директори профессор Жин Шарп, Польша фанлар Академияси Фалсафа институти профессори Анжей Гжегорчик, Россия Фанлар Академияси Фалсафа институти профессори Абдусалом Гусейнов сингари замондош олимларимиз ҳам мазкур йўналишда тадқиқотлар олиб бормоқдалар. Мазкур йўналиш асосчиси Торо ўзи ёқтирмаган америкача жамиятдан бош олиб чиқиб, 1845   йилнинг баҳоридан 1847   йилнинг кузигача Уолден кўли бўйида кулба қуриб, деҳқончилик билан шуғулланади. Кейинчалик шу тажриба асосида «Уолден ёки ўрмондаги ҳаёт» асарини ёзди. Бундан ташқари у «Фуқаровий итоатсизлик», «Массачусетдаги қулчилик» сингари мақола ва эсселарида ҳам ғайри зўравонлик ахлоқшунослиги ғояларини илгари суради. Торо ҳаётда ҳам ана шу ғояларга амал қилади: солиқ тўлашдан бош тортади. Кунлардан бирида шаҳарга тушганида, уни солиқ тўламагани учун қамаб қўйишади. Кимдир унинг ўрнига солиқ суммасини тўлаб юборгандан кейингина Торони қамоқдан чиқаришади. У ўзининг бу хатти-ҳаракатини қуйидагича тушунтиради: «Менда, агар шундай имкониятим бўлган тақдирда ҳам, долларларимга одам сотиб олишларини ёки одамни ўлдириш учун милтиқ сотиб олишларини кузатиб туришга иштиёқ йўқ». Мутафаккир қулдорлик ҳукм сураётган Америка Қўшма Штатлари ҳукумати билан ҳар қандай алоқани узишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди ва бошқаларни ҳам шунга чақиради. Торо ғайри зўравонлик инқилоби ғоясини ўртага ташлайди. «Агар, – деб ёзади файласуф, – минглаб одамлар бу йили солиқ тўламаса, у зўравонлик ҳам, қонли чора ҳам ҳисобланмайди; акс ҳолда, солиҳ тўлаш давом этаверса, давлатга зўравонлик қилиш ва бегуноҳларнинг қонини тўкиш учун имкон берилган бўлади». Фуқаровий итоатсизликнинг зарур шартини файласуф, шундай қилиб, ҳамманинг солиқдан бош тортишида кўради. Кейинги босқич, Торонинг фикрига кўра, иш ташлаш, давлат хизматчиларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришдан бош тортишларидир. Ана шунда тинчилик йўли билан, қонсиз инқилоб амалга ошади. Лекин мазкур босқичлардан аввал ҳар бир инсон ўзини ахлоқий жиҳатдан тайёрлаш босқичини бошдан кечириши, яъни ўз онги ва қалбида шахсий инқилоб қилиши зарур. Фақат юксак даражадаги ахлоқий тайёргарликкина пировард мақсадга кўнгилдагидек етказиши мумкин. Торо ғояларини асримизда Ганди ва Кинг янада юксак поғонага кўтардилар. Улар ғайризўравонлик ғоясини муҳаббат билан боғладилар ва душманга ҳам меҳрни дариғ тутмасликка чорладилар. Ганди Хиросима ва Нагасагика атом бомбаси ташланганида, атом бомбасини бошқа бомба билан йўқотиб бўлмагани каби зўравонликни зўравонлик қилиб йўқотиш мумкин эмас, деган фикрни билдириб, шундай дейди: «Инсоният зўравонлкидан фақат ғайиризўравонлик йўли орқали қутилиши мумкин. Ғазабни фақат меҳр билан енгса бўлади. Ғазабга ғазаб билан жавоб бериш ғазабнинг ёйилишига ва кучайишига хизмат қилади». Мартин Лютер Кинг ҳам худди шундай ғояни илгари сурар экан, АҚШнинг машҳур Президенти Линкольн ҳаётидан мисол келтиради. Нима сабабдандир Линколннинг кўрарга кўзи йўқ Стэнтон деган киши сайловолди компаниясида қўлидан келган ёмонлик билан унга қарши курашади. Линкольнни ҳар қадамда ерга уради, минг хил гуноҳда айблайди, масхаралайди, хатто унинг ташқи кўриниши устидан кулади. Линкольн Президент бўлиб сайлангач, ҳарбий вазирлик лавозимига айнан ана шу Стэнтонни кўрсатади. Атрофидагилар унга: «Жаноб Президент, Сиз хато қиляпсиз, у Сизнинг душманингиз, унинг Сиз ҳақингизда нималарни гапирганини биласизми?!» деб қарши турадилар. Шунда Линкольн бундай деб жавоб беради: «Ҳа, жаноб Стэнтонни биламан. Унинг мен ҳақимда нималар деганини ҳам эшитганман. Лекин ҳарбий вазирликка ундан бошқа бирор бир лойиқ америкалик йўқ». Орадан бир неча йил ўтгач, Линкольн ўлдирилади. Ўшанда қабр устида сўзланган барча нутқдан Стэнтоннинг нутқи алоҳида ажралиб туради. У, Линкольнни энг буюк инсонлардан бири деб таърифлайди ва: «Энди у мангуликка дахлдордир», деб ўз нутқини тугатади. Агар Линкольн Стэнтонга ғазаб билан қараганда, иккиси ҳам ўлгунча бир-бирининг душмани бўлиб қолар эди. Линкольн меҳр-муҳаббат воситасида душманни дўстга айлантирди. У бир пайтлар ўзига савол берган аёлга савол билан шундай деб жавоб берган экан: «Хоним, ахир мен ўз душманларимни дўстларимга айлантириш йўли билан ҳалок этмаяпманми?!» Ғайри зўравонлик ахлоқшунослигига қисқача тўхталиб ўтишимизнинг ўзидаёқ, биз бу йўналишнинг келажакдаги асосий ахлоқий таълимотлардан бири бўлиб қолишини илғашимиз мумкин. Шахс, гуруҳ, миллат, халқлар ўз истакларини, мавжуд мустабид тузум ва ҳукуматдан норозиликларини тинч йўл билан билдиришлари ҳамда ўз мақсадларига зўравонликсиз, қон тўкмасдан эришишлари мумкинлиги – инсониятнинг улкан ютуғи. Чунки қонли курашлар, инқилоблар, террор, қуролли қўзғолон сингари ҳодисалар муайян миллат ва мамлакат эришган ютуқларни йўққа чиқаради, ўлим, вайронагарчилик, маънавий қадриятларнинг оёқости бўлиши сингари улкан фожиаларга олиб келади. ХХ асрда вужудга келган яна бир йўналиш – ҳаётга эҳтиром ахлоқий таълимоти машҳур олмон файласуфи, шифокори Альберт Швайцер (1875-1965) номи билан боғлиқ. Унинг «Маданият ва ахлоқ« деб аталган фундаментал китобида ҳаётнинг юксак маъносини тан олиш ва барқарор этиш асосий тамойил сифатида кўзга ташланади. Швайцернинг фикрига кўра, ҳаёт табиат яратган энг олий неъмат сифатида буюк ҳурматга сазовор. Бу талаб, тараққиёт даражасидан қатъий назар, ҳамма ҳаёт учун бир хиллик мақомига эга. «Ҳаётга эҳтиром ахлоқи, – дейди Швайцер, – олий ёки қуйи, нисбатан қадрли ёки қадрсиз ҳаётлар орасида фарқ кўрмайди. Мен – ҳаётман, мендек яшашни истаган ҳаётлар ичида яшашни истагувчи ҳаётман». Шу нуқтаи назардан қараганда, майса ҳам, каклик ҳам, кийик ҳам мен каби яшашга ҳақли, уларнинг ҳаёти ҳам эҳтиромга сазовор. Бу таълимот замонавий инсонда экологик маданиятнинг вужудга келишида, биз биринчи маърузамизда айтиб ўтганмиз, этосферанинг яратилишида муҳим аҳамиятга эга. Янги давр ахлоқшунослигида тасаввуфий йўналишининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада нақшбандия тариқатининг энг кенжа бўғин мутафаккирларидан бўлмиш буюк турк алломаси Муҳаммад Зоҳид Қутқу (1897-1980) ва унинг шогирди, замондошимиз профессор Маҳмуд Асъад Жўшоннинг қарашлари алоҳида диққатга сазовор. Муҳаммад Зоҳид Қутқу беш жилдлик «Тасаввуфий ахлоқ« деб номланган фундаментал асарида бошқа ахлоқий масалалар билан бирга жўмардлик мезоний тушунчасини, Жўшон эса ўз асарларида нафс ва уни енгиш муаммоларини ўртага ташлайдилар. Улар асарларида инсон ҳаёти олий қадрият экани таъкидлангани ҳолда, ўзганинг ҳаётини ўзингникидан олийроқ қадрият деб қараш ғояси илгари сурилади. Жўмардликнинг моҳияти ана шунда. Бундай қараш, шубҳасиз ҳозир замондошларимиз ҳаётига кириб келган салбий маънодаги ўта прагматизмга қарши курашда, ахлоқий муҳитни соғломлаштиришда муҳимдир. Биз Янги давр ахлоқшунослиги мавзуига қисқача тўхталиб ўтдик. Зеро, у шунчалик ранг-баранг ва миқёслики, уни бир-икки ё уч маъруза доирасида қамраб олиш мушкул. Шу боис унинг асосий таълимотлари ва йўналишларинигина назардан ўтказдик, холос. Туркистон XIX асрнинг иккинчи ярмида Россия томонидан босиб олинди ва мустамлакага айлантирилди. Бу мустамлакачилик моҳиятини Туркистон ўлкаси генерал-губернаторларидан бири А.Н.   Куропаткиннинг ўз кундаликларида, биз Туркистон халқларини ярим аср мобайнида жаҳон маданияти ва цвилизациясидан четда тутиб турдик, деган сўзлари яққол англатади. Лекин, айни пайтда, рус тараққийпарвар зиёлилари орқали рус ва жаҳон илм-фани ва маданияти ҳам чор маъмурияти тўсиқлари орасидан сизиб кирар эди. Шу ижобий таъсир аста-секинлик билан мазлум Туркистонда янги Уйғониш даврини бошлаб берди. Маҳаллий зиёлилар орасида ўз халқини озод кўришга ва жаҳоннинг бошқа миллатлари билан тенглаша оладиган даражага олиб чиқишга интилиш натижасида бу Уйғониш Оврўпа маърифатчилигига нисбатан жуда шиддаткор ҳамда миқёсли бўлди. Шунингдек, ўрта асрлар ўртага ташлаган маърифатпарварлик ғоялари учун ҳам эндиликда амалий шаклларда янгича-маърифатчилик тарзида намоён бўлиш имконияти яратилди. Зеро ўша ғояларни янгиланган шаклларда амалга ошира оладиган фаолиятли зиёлилар вужудга келган эди. Уларни кейинчалик жадидлар деб атай бошладилар. Маърифатчилик асосан уч соҳа орқали тезкор тарзда тараққий топиб борди. Булар – маориф (янгича мактаблар очиш, таълим усулини янгилаш), санъат (бадиий адабиёт, театр) ва матбуот. Пировард мақсад миллатни, бир томондан, илмли-маърифатли қилиш бўлса, иккинчи томондан, унинг ахлоқий даражасини юксалтириш ва ана шу икки жиҳатнинг уйғунлашуви натижасида ўзлигини, ўз қадрини англаган билимли шахсни вояга еткказиш эди. Туркистон маърифатчилари томонидан ана шу мақсадни амалга ошириш йўлида катта ишлар қилинди. Туркистон маърифатчилигининг дастлабки босқичларида ахлоқий ғоялар асосан бадиий ва дидактик шаклларда ўз аксини топди. Шу жиҳатдан ўзбек, ва тожик халқларининг мутафаккирлари Аҳмад Донишнинг (1827- 1897) «Наводир ул-вақое» асари диққатга сазовор. Аҳмад Дониш ўз асарларида Бухоро амирлиги давлат тузумини Россия давлат тузуми билан солиштириб, уни ислоҳ қилиш лозимлигини таъкидлайди. Айни пайтда, анъанавий ахлоқий тушунчалар билан фикр юритар экан, у адолатни ҳам подшо-ҳукмдор шахсига, ҳам давлат тизимига хос фазилат сифатида олиб қарайди. Агар ҳукмдор адолатли сиёсат юргизса, мамлакат ҳаётининг ҳамма соҳаси учун адолатни мезон қилиб олса, санъатнинг гуллаб яшнашига йўл очиб берса – халқ ҳаёти фаровон бўлади, фазилатлар кучайиб, иллатлар заифлашади. У, ҳукмдор донишмандлик фазилатига албатта эга бўлиши лозим, давлатнинг моҳиятини ақл белгилайди, деган хулосага келади: оқилона бошқарилган мамлакат аҳолисигина маърифатли ва юксак ахлоқ эгалари бўла олади. Шунингдек, Аҳмад Дониш ўз давридаги жоҳиллик, риёкорлик, порахўрлик сингари иллатлар жамиятни таназзулга олиб боришини таъкидлар экан, дин пешволарининг нотўғри йўлга кириб кетганини, шайхларнинг ёлғончилигини, уламоларнинг порахўрлигини фош қилади. Қорақалпоқ халқининг буюк мумтоз шоири Бердақ (1827-1900) шеърларида ҳам ўша давр ахлоқий муҳити ўз аксини топади; у ҳам дин пешволарининг ўзи охиратга ишонмасликларини, товламачилик, очкўзлик, текинхўрлик иллатларига мубтало бўлганликларини ва бу билан ислом илдизига болта ураётганликларини қаттиқ танқид остига олади. Буюк ўзбек мумтоз шоирлари Фурқат (1858-1909), Муқимий (1859- 1903), Дилшод-Барно (1800-1906) асарларидаги ахлоқий муаммолар тараққийпарварлик ғоялари билан чамбарчас боғланиб кетади. Чунончи, Фурқат «Илм ҳосияти», «Гимназия», «Таржимаи ҳол» каби асарларида маърифатли бўлиш юксак ахлоқ эгасига хос хислат эканини, лекин, нодонлик охир-оқибат турли хулқий нотавонликка олиб келишини таъкидлайди. Шоир ғазалларидан бирида шундай деб алам билан ёзади: Чархи кажрафторининг бир шевасидин доғмен, Айшни нодон суриб, кулфатни доно тортадур. Муқимийнинг ҳажвий асарларида эса ўша даврда авж олган фирибгарликлар, амалдорларнинг ноинсофлиги, адолатсизлиги қаттиқ танқид қилинади. Шоирнинг «Воқеаи Виктор», «Воқеаи кўр Ашурбой ҳожи», «Танобчилар», «Тўй» сингари асарлари Туркистон халқлари оёғидан тобора тубанликка тортаётгаи иллатларни аёвсиз фош этади. Ўша даврдаги бойларнинг нафсдан бошқа нарсани билмасликларини, фаҳшу маишатга юзтубан кетганликларини, чор атрофда адолатсизлик ҳукмронлик қилаётганининг алам билан ёзади. Энди Дилшоднинг бир мухаммасидан олинган қуйидаги парчага диққат қилинг: Алам ўтидин куёдир бу жон Дуди оҳ ила тўла осмон, Бетоқат ўлиб чекаман фиғон, Менга раҳм этиб йиғлайди макон, Титраб боқадир замину замон. Боёнларимиз нафса овора, Туғёни ошиб то бора-бора, Атлас тўқиғон қизи бечора, Ясанмай юзга суртади қора, Қора кунларга қолди Марғилон. Олма анору мевалар кони, Аммо мевага зор боғбони, Буғдой нонини кўрмас деҳқони, Пахта экади, йиртиқ чопони, Фарғона замин ҳусни Намангон. Бу сатрларда кўтарилган адолатсизлик муаммоси орқали ўша даврдаги ижтимоий-ахлоқий манзара яққол намоён бўлади. 2.   Туркистон халқларининг ахлоқий юксаклик ва маърифат воситасида миллий ўзлигини англаш даражасига кўтаришда қозоқ халқининг буюк фарзанди Абай (1845-1908) ахлоқий қарашларининг аҳамияти катта. Абай шеърларида, шунингдек, «Искандар», «Масъуд» достонларида эзгулик, адолат, мардлик шижоат сингари фазилатлар ўрнини иллатлар эгаллаб бораётганидан, халқнинг яхшилик билан ёмонликни фарқлай олмайдиган даражага тушиб қолганидан фарёд чекади: Оталарга ўхшамай қолди турқинг, Ёпирай мунча кетди, элим, хулқинг! Бирлик йўқ, барака йўқ, бузилди феъл, Қани йиққан давлатинг, боққан йилқинг? «Хулқи кетган», «феъли бузилган», «алдамчи», «суқ«, «очкўз» сингари, сиртдан қараганда ўз халқига нисбатан бешафқатларча, хатто ҳақорат даражасига кўтарилган бу сўз ва иборалар аслини олганда, миллатни жондан ортиқ севган буюк шоир қалбининг аламли йиғисидир. Шуниси қизиқарлики, Абайнинг ахлоқий қарашлари маълум жиҳатлари билан ғарблик машҳур замондоши, буюк олмон файласуфи, адиби Фридрих Нитцшенинг баъзи қарашларига яқин. Аммо, таъкидлаш керакки, Нитцшедаги ўта кескинлик, ўта беқарорлик Абайга ёт. Шунга қарамасдан, қадриятларни қайта баҳолаш, лозим бўлса, бутун миллатни қайта тарбиялаш каби ғоялар Абайга ҳам хос. Хусусан, у халқни ўз феълини ўзгартиришга, бу йўлда лозим бўлса, анъанавий ҳаёт тарзидан, ота-боболардан қолган ўгит – мақоллардан, хатто асрлар мобайнида ўрганган чорвачиликдан кечишига даъват этади. Чунончи, Абай ўзининг машҳур «Насиҳатлар» деб аталган ахлоқшуносликка ва амалий ахлоққа доир китобида шундай деб ёзади; «Қозоқларнинг бир-бирига душман бўлишининг, бирининг тилагини иккинчиси тиламаслигининг, рост сўзи кам, мансабпараст, ялқов бўлишликларининг сабаби нимада? Бунга дунёда ўтган барча донишмандлар шундай жавоб қилади: ҳар қандай ялқов киши – қўрқоқ ва ғайратсиз бўлади; ҳар қандай мақтанчоқ қўрқоқ киши – ақлсиз, нодон бўлади; ҳар қандай ақлсиз нодон киши – орсиз бўлади; ҳар қандай орсиз киши –ялқов, киши олдида тиламчи, очкўз, суқ бўлади; бундай ҳунарсиз кишилар ҳеч қачон бировга дўст бўлмайди. Бу иллатларнинг ҳаммаси тўрт оёқли молни кўпайтиришдан бошқа нарса хаёлига келмайдиган кишилардан чиқади. Агар инсон экин-тикин, илм-ҳунар, савдо ишлари билан шуғулланса, бундай ёмон фазилатлар (яъни иллатлар) унга доримаган бўлур эди». «Насиҳатлар» рисоласининнг бошқа бир ўрнида Абай, мақолларни таҳлил этиш орқали, юқорида айтганимиздек, маълум маънода анъанавий қадриятларни қайта баҳолашга интилади: «Бизнинг қозоқларни айтиб юрган мақоллари ичида, – дейди Абай, – ишга яроқлиси ҳам, яроқсизи ҳам бор. Баъзилари яроқсиз бўлиши у ёқда турсин, хатто на мусулмончиликка ва на одамгарчиликка тўғри келади. Аввало: «Фақир бўлсанг – орсиз бўл!» дейишади. Ордан айрилиб тирик юргандан кўра, ўлган афзал... «Олтинни кўрса фаришта ҳам йўлдан озади», дейишади. Садқаи фаришта кетгурлар-эй! Бу шунчаки уларнинг ўз шум ниятларини маъқулламоқчи бўлиб айтганлари эмасми?... «Ярим кунлик умринг қолса ҳам, бир кунлик мол йиғ», «ўзингда йўқ бўлса, отанг ҳам душман», «мол – одамнинг жигар гўшти», «Моли кўпнинг – юзи ёруғ, моли йўқнинг юзи – чориқ», «Еган оғиз уялар», «Олағон кўзим берағон»... Бундан маълум бўлдики, қозоқлар тинчлик учун ғам емас экан, балки аксинча мол-дунё учун ғам чекар экан... Агар моли бор бўлса, ўз отаси билан ҳам ёвлашишдан уялишмас экан... Ишқилиб, ўғрилик, шумлик, тиланчилик, қўйинг-чи, шунга ўхшаш ярамас фазилатлар (яъни иллатлар) билан мол топса ҳам буни айб санамаслигимиз керак экан». Бошқа бир ўринда буюк мутафаккир имон ҳақида сўз юритиб, яна баъзи мақоллар тўғрисида шундай дейди; «Имонга шак келтирган бандаларни Оллоҳ таоло афу этмайди ва пайғамбаримиз ҳам шафқат қилмайди, бу мумкин ҳам эмас. «Қилич устида шарт йўқ», «Худой таолонинг кечмас гуноҳи йўқ» – деган қалбаки мақолларга суянганнинг башараси қурсин!». Абай ўз миллатини ниҳоятда севган мутафаккир. У ҳеч кимни ҳақорат қилмоқчи ёки камситмоқчи эмас; бу аччиқ гаплар халқ дардида ўртанган мутафаккирнинг аламли фикрларидир. Абай одамларнинг торлашиб, майдалашиб кетаётганидан, ердаги ўз инсоний вазифаси ва маъсулиятини бажармаётганидан ғазабланади: «Суқротга оғу берган, Ионна Аркни оловга ташлаган, Исони дорга осиб, пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи ва салламни туянинг ўлимтигига кўмган ким? Халқ! Шундай бўлгач, халқда ақл йўқ. Йўлини топ-да, халққа раҳнамолик қил». Кўриниб турибдики, буюк қозоқ мутафаккирининг ахлоқий идеали халққа раҳнамолик қила биладиган одам. Албатта, у ало одам эмас, лекин ало одам вазифасини маълум маънода бажара оладиган инсон. Бундай инсонни тарбиялаш вояга етказиш, лозим бўлса, яратиш (маънавий жиҳатдан) мумкин; «Одам онадан ақлли бўлиб туғилмайди, – дейди Абай,-балки туғилганидан кейин, дунёда нима яхши, нима ёмон эканлигини эшитиб, кўриб, ушлаб, топиб, зеҳн қўйиб ақлли бўлади». Бошқа бир ўринда эса, мутафаккир, мана бундай дейди: «Агар давлат менинг қўлимда бўлганида, инсон фарзандини тузатиб бўлмайди, деган одамнинг тилини кесиб ташлардим...» Шундай қилиб, Абай туғма ахлоқийликни бутунлай инкор этмаса- да, инсоннинг ахлоқий даражаси тарбия билан боғлиқлигини қатъий таъкидлайди. Айни пайтда тарбияга ва ахлоқий даражага муайян ижтимоий муҳитнинг, замоннинг таъсирини асосий сабабчи деб билади: «Инсон боласини замона парвариш қилади, кимда-ким ёмон бўлса, айб замондошларида»,-дейди файласуф- шоир. Унинг ҳақлигини инсонни ахлоқий-маънавий жиҳатдан анчагина тубанлаштириб, уни эътиқодсиздик, ёлғончилик касалига мубтало қилиб қўйган мустамлакачилик ва, айниқса, шўролар замонасининг салбий таъсирида яққол кўришимиз мумкин. Абайнинг ҳаё, уят, инсоф, оқиллик, адолат сингари фазилатлар ва мақтанчоқлик, олифтагарчилик, керилиш, ёлғончилик, очкўзлик каби иллатлар ҳақидаги фикрлари ҳам диққатга сазовор. Чунончи, у уят тушунчасини икки хил маънога эга эканлигини айтади. Биринчиси, одам ўзи уят бўларлик иш қилмайди, лекин ўзганинг уятли ишидан уялади. Бунинг сабабини мутафаккир уятли иш қилган одамга нисбатан ачиниш ҳисси эканини таъкидлайди. «Иккинчиси шуки, – дейди Абай, – қилган ишинг ҳам шариатга, ҳам ақлга, ҳам обрў-эътиборга зид бўлади: сен бундай ишни билмасдан, ё ғафлат босиб, ё эса нафс балосида қилиб қўясан. Мана буни чин маънодаги уят деса бўлади». Ана шу иккинчи маънодаги уятни мутафаккир виждон билан боғлайди, уни виждон азобининг ташқи кўриниши тарзида талқин қилади: «... баъзан уятли кишилар уйқудан, иштаҳадан қолади, хатто чидаёлмай ўзини-ўзи ўлдирадиганлари ҳам бўлади. Уят кишининг ор-номуси, ўз ярамас фазилатларига (яъни иллатларга) қарши ички исёнидир». Умуман олганда, Акбайнинг шеърий асарларида ва, айниқса, « Насиҳатлар» рисоласида кўтарилган ахлоқий муаммолар бугунги кунда ҳар жиҳатдан илмий тадқиққа лойиқ. Гарчанд буюк Туркистон мутафаккири кўпгина иллатлар ҳақида ўз халқига нисбат бериб, фикр юритса-да, улар, баъзи бир истисноли – фақат қозоқларнинг анъанавий турмуш тарзига тааллуқли жиҳатларни ҳисобга олмаганда, умумтуркий аҳамиятга молик ахлоқий нуқсонлардир. Шу боис Абайнинг фалсафий-назарий ҳамда амалий- дидактик фикрлари ва талқинлари биз учун доимо қимматлидир. Туркистон маърифатпарварларининг яна бир йирик намояндаси Дилшод Барнонинг шогирди Анбар отиндир (1870). Унинг ахлоқий қарашлари лирик-фалсафий шеърларида ва «Қаролар фалсафаси» (1898) рисоласида ўз аксини топган. Анбар отин ҳам инсон ахлоқий даражасини ақл, илм-маърифат билан боғлайди ва ижтимоий тараққиётга ақлий ҳамда ахлоқий юксаклик орқали эришиш мумкин, деган ақидага амал қилади. Унинг асарларида ахлоқсизлик ботқоғига ботиб бораётган жамиятга нафратни, шариат ва тариқат намояндалари айниб кетганлиги, бойлардан инсоф кўтарилганлиги ҳақидаги фикрлар мардона илгари сурилади. «Муқимийга», «Мингбоши кал Омил ҳажви», «Олимжон ҳожи таърифи» каби шеърларида ана шу йўналишни кўриш мумкин. Танқидий-бадиий шаклдаги бу йўналиш «Қаролар фалсафаси» рисоласида фалсафий-таҳлилий шакл касб этади. «Қаролар фалсафаси» асари асосан бир-бирининг зидди бўлмиш икки муаммо-ижтимоий адолат ва ижтимоий зулм тушунчаларига бағишланган. Рисола кўп ўринларда фалсафий-мажозий талқинлардан иборат. Чунончи, рисола давомида айниқса, унинг биринчи фаслида қора ва оқ рангларнинг мажозий ҳамда ботиний моҳияти ўзига хос тарзда ифодаланади. Қора меҳнати туфайли дунёни яшнатаётган инсонлар қалбининг оқлиги, оқ тана-ю оқ билак кимсалар қилаётган ишларнинг қоралиги таъкидланади ва улар шу орқали ахлоқий мазмун касб этади. Анбар отин шундай деб ёзади: «Ул қаро халқ офтоб сўзанида меҳнат қилиб, ўзлари ҳар қанча куйганлари ҳолда, ҳосилларини ҳамтовоқларига туҳфа қилурлар. Мисол андоқдурки, қазон бовужуд қорадур, ўзи ўтда куйиб қаро бўлғони ҳолда овқат пишуриб одамларни тўйдирур. Қаролар бордурларки, алар ўзлари қаро бўлғони ҳолда, маърифат нури сийратларида тўладур ва ул нурларни фасоҳат ва тил дурдоналари воситаси ила оламға оқ шуъла сочарлар, Мисол улдурки, қаро чароғ ўзи қаро ёғ, куюндиға гирифтор бўлғони ҳолда, нури илан кулбани равшан қилур». Рисоланинг иккинчи фаслида Анбар отин ўша даврдаги аёллар аҳволини, уларнинг бевосита ва билвосита ижтимоий камситишлар натижасида ўз иқтидори, истеьдоди, латофатини намоён қила олмасликларини айтиб ўтади. Улар, хатто, кўча-кўйларга зарурат юзасидан, масалан, қариндош-уруғларини кўргани бориш учун чиққанларида, эски паранжига ўраниб, кампирлар каби букчайиб юрадилар. Чунки агар қадди қоматини адл тутиб, ёки очилиб-сочилиб юрсалар, унларга эркаклар тажовуз қилишлари мумкин. Бундай ахлоқсизликнинг илдизи ижтимоий адолатсизликка бориб тақалади: камбағаллиги туфайли уйланиш, оила бошлиғи бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган бундай эркаклар шайтон васвасасига тушиб, шаҳвоний нафсларини тиёлмай қоладилар. Лекин тараққийпарвар шоира келажакка катта ишонч билан қарайди: бу ижтимоий ахлоқий иллатлар албатта ўтиб кетади, ҳурлик, тенглик замонлари келади. Мана бу ҳақда Анбар отиннинг ўзи нима дейди: «Бир замони бўлурки, камина муштипар каби олижаноб орзу қилғондан зиёда бўлур... аларни мазлумалар авлоди хатарсиз таваллуд ўлиб, яхши парвариш топуб, хушрўй ва хушҳўй, ботамиз ва ватандўст, серғайрату меҳмондўст бўлуб, камолға етар. Ул замонда барча халқ соҳибжамол бўлур... Ул замонда одам ахлоқи ул даражаға етурки, хуруси мижоз гала хотунлик русумини тарк этар ва ҳар эр битта хотин ила фароғатвор кун кечиргай... Ул вақт қизлар илми дунёвий таҳсилиға муяссар булуб, урфон тахтида қарор топиб, эллар ва улуғлар сафиға дохил бўлурлар, алар ҳайрат ва меҳнатда эрларға ҳамфо ва ёвар бўлуб, обрў топиб, ҳурмат ва икромға сазовор бўлурлар.» Анбар отин адолатли подшо муаммосига алоҳида тўхталиб, ўша давр учун ниҳоятда оригинал, кутилмаган ва ҳозирги замонда ҳам аҳамиятини йўқотмаган фикрларни билдиради. У, даставвал «ўрус келди!» деганда ҳамма маърифат аҳли, энди халқнинг, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаёти яхши томонга ўзгаради деб кутганини, лекин бу ишонч оқланмагангини, аксинча, «ўрус подшоҳ мусулмонларға заррачайинки ҳаловат бермаганини» айтади. Баъзи бир руслар ҳукмронлигини оқлаганларга қарши шундай дейди: «Агар ўрус шоҳи дарҳақиқат одил бўлса, ва анинг ҳоҳиши қарам халқлар ҳам ўрус мисоли озод бўлсун ва барча ҳалойиқ ўрус бирла баробар бўлуб рўзғор кечирсун деса, аморат ва ҳукмронлиқ қонунини дин қонунларидан мустасно келтурсин.» Бошқа бир ўринда файласуф-шоира: «Давлат ишини дини исломдин йироқ тутинг...», деган фикрни билдиради. Хўш, бу мустамлакачилик ва адолатсиз тузумдан қутилишнинг йўли борми? Анбар отин унинг икки йўлини айтиб ўтади. Бири – ақлни инсон ўзига вазир қилиб, фалсафий мушоҳада ёрдамида иш кўриш орқали бунга эришиш мумкин: «Вақтики илм даража қилиб, фалсафа равнақ топса, бу чигилларим кушода бўлур. Фалсафа ибораси ила қарши ва зид сўзларни муқоййяса қилғонда бу чигиллар очилур.» Иккинчи йўл эса ўз-ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя этиш мақсадида амалий ҳаракат қилиш, мустамлакачилик зулмига ва адолатсизликка қарши бирлашмоқ, қўлда қурол билан чиқмоқ. Бу йўлни шоира шундай ифодалайди: «... албатта, ақлу-идрок ва жамоатға такя қилиб, барча шайх сўфийлардан йироқ ва барча тарсу ваҳмдин эмин бўлиб, золимларға қарши мубориза қилмоқ, яккаликдан ҳазар қилмоқ, бу тадбирлар ила зулмни нобуд этиб, зулматни бартараф қилмоқ зарурдир.» Албатта, Анбар отиннинг барча ахлоқий қарашларини мутлақ тўғри деб қабул қилиш ножоиз. Чунончи, у сўфийлик тариқатларининг ҳаммасини моҳиятан реакцион, деган фикрни илгари суради ва сўфийларни мустамлакачи амалдорлар райъига қарайдиган расмий дин пешволари билан чалкаштириб юборади. Лекин, шунга қарамасдан, Анбар отиннинг асарлари, айниқса, «Қаролар фалсафаси» рисоласи ҳозирги кунда ҳам ижтимоий- ахлоқий аҳамиятини йўқотган эмас. Бундан ташқари, Анбар отин шоира ва файласуф олима сифатида ҳам, шахс сифатида ҳам кишини ҳайратга соладиган даражада матонатли, покиза инсон, юксак ахлоқ эгаси бўлган. У умрини Туркистон халқлари маънавиятини юксалтиришга бағишлади, ногирон бўлишига қарамай, адолатнининг паҳлавони бўлиб курашди. Бугунги кунда мустақил Ўзбекистонимизга бу том маънодаги қаҳрамон аёл орзу қилган кунлар келди, Анбар отиннинг олимона ва шоирона башорати амалга ошди. Туркистон маърифатпарварлари орасидаги яна бир мутафаккир таълимшунос, педагог ва ахлорқшунос Абдулла Авлонийдир (1887-1934). Унинг ХХ асар бошларида Туркистонда машҳур бўлган «Туркий гулистон ёҳуд ахлоқ» (1913) асари ахлоқий муаммоларга жадидчилик нуқтаи- назаридан ёндошиши, кўпчиликка тушунарли тилда ёзилгани билан ажралиб туради. Агар Анбар отиннинг «Қаролар фалсафаси» рисоласида долзарб ахлоқий муаммоларга мажозий-фалсафийлик, илмий, назарий хулосалар орқали ёритилса, Авлоний асарида фазилатлар ва иллатларга кўпроқ таьриф бериш, уларни шарҳлаш йўли билан ёндошилади. Абдулла Авлонийнинг «Туркий гулистон ёҳуд ахлоқ» асарида анъанавий-фалсафий ёндошув бўлмиш антропологик нуқтаи-назар бўртиб кўзга ташланади. Аммо бу ёндошувнинг янгиланган моҳияти шунда эдики, тадқиқот объекти сифатида макон ва замондаги умумий мавҳумий инсон эмас, балки, муайян, ХХ аср бошларидаги, миллий озодликка, янгича ҳаёт тарзига интилишни ўз олдига ният қилиб қўйган Туркистон фуқароси олинади. Ана шу янги инсон тарбияси бош масала тарзида ўртага ташланади. Файласуф педагог, аввало, миллатни тарбиялашни ўз устига олган тарбиячи муаммосига тўхталади: оталар – тўйчи, улоқчи, базмчи, илм қадрини билмаган, муаллимлар – ўзлари тарбияга муҳтож, дорилмуаллиминни тугатиши керак бўлган, мударрислар эса – дарслари беимтиҳон, ислоҳ яқинига йўламайдиган кишилар. Шу боис миллат ёшлари тарбиясини усули жадид тарафдорлари таълим-тарбия тизимини замонавийлаштириш, ислоҳ қилишга интилаётган зиёлилар қўлга олиши керак. Авлоний Россия ҳукумати у ер-бу ерда янгича мактаблар очгани – шунчаки жаҳон жамоатчилигини чалғитиш эканини, очиқ бўлмаса ҳам, қуйидаги ишора билан айтиб ўтади: «... ҳукумат ҳамманинг отасидир. Ўз фуқаросининг болаларини тарбия қилмак лозим. Шунинг учун бизнинг Русия ҳукуматимиз ўгай бўлса ҳам, ҳар ерда бизлар учун мактаблар очуб, болаларимизни текин ўқитур.» Авлоний ана шу «ўгай тарбиядан» кўра миллий тарбиямиз усулларини янгилашни афзал билади ва ва ўз даврини «Тарбиянинг замони – тарбиянинг айни вақти деб атайди. Униг бу борадаги қарашлари ҳануз ўз кучини йўқотганмаганлигини, тарбия – ҳозир ҳам жамият учун долзарб муаммо эканини Президент Ислом Каримов машҳур нутқларидан бирида (1995   йил 23   февраль) Авлонийдан мана бундай деб кўчирма келтиради: «Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек, «Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир». Авлоний тарбияни, қадимгилар ва ўрта асрлар мусулмон Шарқи мутафаккирлари анъаналарига суяниб, учга бўлади: бадан тарбияси, фикр тарбияси, ахлоқ тарбияси. Шулар орасидан ахлоқ тарбиясига алолҳида урғу бериб, уни «инсонларга энг муҳим, зиёда шараф, баланд даража бергувчи» тарбия деб баҳолайди. Фазилатларни файласуф-педагог яхши ҳулқлар, иллатларни эса – ёмон ҳулқлар деб атайди. Фатонат, диёнат, шараф, ҳаё сингари мусулмон Шарқи учун анъанавий бўлган фазилатлар шарҳи билан биргаликда Авлоний виждон, Ватанни суймак сингари Туркистон минтақаси учун янги талқинда тақдим этилган фазилатлар ҳақида алоҳида тўхталади. Ватанни суймоқ лозим бўлса, унинг йўлида жонини фидо этмоқ юксак ахлоқий инсонга хос фазилатдир. Инсон Ватанни танламайди. «Биз туркистонликлар ўз Ватанимизни жонимиздан ортиқ суйганимиз каби, араблар Арабистонларини, қумлик, иссиқ чўлларини, эскамулар Шимол тарафларини, энг совуқ қор ва музлик ерларини бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши, тириклик осон ерларга ўз Ватанларини ташлаб ҳижрат қилурлар эди». Виждон эса Авлоний наздида, инсон ниятлари ва қилмишларини акс эттирувчи энг мусаффо ахлоқий кўзгудир, «инсон ақли ва фикрининг ҳақиқий мезони». Шунингдек, жадид ахлоқшунослигининг алломаси интизом, иқтисод, идрок ва зако сингари ўша даврларда ҳали куп қулоқ ўрганмаган фазилатларни ҳам алоҳида эътибор билан назарий-амалий таҳлилдан ўтказади, ўқувчига иложи борича қисқа ва лўнда тарзда тақдим этишга интилади. Абдулла Авлолний « Туркий гулистон...» да «ёмон ҳулқлар» га – иллатлар таҳлилига катта ўрин ажратади. Миллат тараққиётига энг кучли тўсиқ бўладиган иллатлардан бири сифатида аллома жаҳолатни келтиради: «Жаҳолат инсониятнинг энг зўр душмани ва ёмон ҳулқларнинг бошлиғидир». Авлоний ғазаб, шаҳват, ҳасад, кизб, тамаъ сингари иллатларга ҳам атрофлича таъриф беради. Шуниси диққатга сазоворки, Абдулла Авлоний ахлоқшунослик тушунчаларининг фақат педагогик эмас, балки ҳам фалсафий, ҳам бадиий жиҳатдан талқинини беради. Чунончи, у муайян ахлоқшунослик тушунчаси ёки ахлоқий меъёрнинг содда, лўнда таьрифини тақдим этар экан, баъзи ҳолларда Суқрот, Афлотун, Арасту, Ибн Сино сингари ҳакимларнинг фикрларини исбот тарзида келтирса, гоҳо уларни назмий тизмалар билан ўқувчига етказишга ҳаракат қилади. Умуман олганда, Абдулла Авлонийнинг «Туркий гулистон ёҳуд ахлоқ» рисоласи ХХ аср Туркистон ахлоқий тафаккурида энг салмоқли ўринни эгаллайдиган, ҳам назарий, ҳам амалий ахлоқ муаммоалирини фалсафий ва педагогик ёндошув орқали ҳал этишга бағишланган йирик асардир. Туркистон маърифатчилари ахлоқшунослигида том маънодаги миллий қаҳрамонимиз Абдурауф Фитратнинг «Оила ёки оила бошқариш тартиблари» (1914) китоби алоҳида ўрин тутади. Аввало, шуни айтиш керакки, «Оила» ўзгача бир шиддатли услуб билан ёзилган. Унда ҳам танқидий руҳ, ҳам даъват руҳи кучли Фитрат она Туркистонни озод кўришни истайди, бунинг учун ҳар бир туркистонлик оила билим, ахлоқ, аъмол ва эрк ўчоғи бўлмоғи лозим. Мутафаккир янги оилани ана шу тартибда қуришга даъват этади. Ҳар жиҳатдан соғлом бўлган оила етиштирган фарзандларгина миллатни юксакка кўтара олишини, уни истибдоддан қутқаришини айтади: «Бу дунё кураш майдонидир. Бу майдоннинг қуроли соғлом жисму тан, ақл ва ахлоқдир. Лекин ана шу қурол-аслаҳамиз синиб, занг босиб, чириб кетган. Шундай қуроллар билан бу дунёда бизга на саодат ва на роҳат бор...» – дейди алам билан Фитрат. Ватанпарварлик, миллатпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, муаллиф китобнинг биринчи қисмини, маълум маънода меъёрий дастуриламал тарзида тартиб беради. Ундан ҳар бир янги оила қурмоқчи бўлган туркистонлик кичик ҳажмдаги ахлоқий-маиший, гигиеник-саломатлик қомуси сифатида фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, асарда оиланинг моддий томонлари, ташкил топгандан бошлаб, бузилишигача бўлган ҳолатларнинг ахлоқий асослари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтади. Китобнинг иккинчи қисми фарзанд тарбиясига бағишланган. Фитрат ҳам тарбияни анъанавий йўналишда талқин этади: жисмоний тарбия, ақлий тарбия ва ахлоқий тарбия. Ана шу уч тарбия уйғунлигида ҳақиқий инсон камол топади деб ҳисоблайди муаллиф. Китобнинг бу қисмида Фитрат, маълум маънода, ўзига хос ахлоқий тарбия назариясини тақдим қилади. У ихтиёр эркинлиги муаммосини майл тушунчаси орқали ўртага ташлайди: бахт майли, фаолият майли, алоқа майли, бошқаларга меҳр-муҳаббат майли ва ҳ. к. Буларнинг ҳаммасида ҳам инсонни жамият аъзоси сифатида, ҳам ижтимоий мавжудот сифатида олиб қарайди. Шунингдек, у иззат-нафс, айниқса, ирода масаласига алоҳида тўхталиб ўтади. «Ирода ва ихтиёр» сарлавҳаси остидаги кичик бобда Фитрат фарзандни иродали қилиб тарбиялашга даъват этади, ирода тарбиясининг тўрт банддан иборат қоида- босқичларини таклиф этади. Болани иродали қилиб тарбиялашда ота-онанинг зўри эмас, балки болага бериладиган муайян эркинлик муҳим эканини таъкидлайди. «Ота-оналарнинг ҳақ-ҳуқуқлари» бобида ҳам балоғатга етган фарзанднинг эркинлик даражаси ҳақида фикр юритилади. Умуман олганда, Фитратнинг «Оила» китобида амалий ахлоқ билан ахлоқ назарияси муаммолари уйғунлашиб кетган. Лекин унда педагогик- дидактик услуб эмас, жанговор чорлов услуби устун. Фитрат учун юксак ахлоқийлик, эрк ва эрксеварлик билан мустаҳкам боғлиқ; Туркистон ва туркистонликни озод кўриш, яъни миллий мустақиллик мафкураси китобнинг руҳига сингдириб юборилган. Уни ўқиган киши на фақат ахлоқий фазилатлар нималардан иборат ва уларга қандай эришиш кераклигини, балки, миллий озодлик, шахсий эркинлик нима-ю, унга қандай қилиб эришиш мумкинлигини англаб олади. Шу боис мутафаккир-жадид Абдурауф Фитратнинг «Оила» асари Туркистон миллий уйғонишида бениҳоя катта роль ўйнади. Айни пайтда, у ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ажойиб ахлоқий-маърифий рисола сифатида алоҳида эътиборга молик. XIX аср охири ва XX аср бошларида аёлларнинг илмли, ҳар жиҳатдан юксак ахлоқ-одоб эгаси бўлишлари учун зиёлилар орасида жиддий ҳаракат авж олади. Зеро, оиладаги бола тарбияси яъни ёш авлод тарбияси асосан оналар қўлида экани ҳаммага аён бўлиб қолади. Шу боис илғор, зиёли аёллар на фақат қизлар мактабларини очиб, мактабдорлик қилиш, балки ахлоқий-тарбиявий рисолалар ёзиш йўли билан ҳам бўлажак зиёли оналарни вояга етказишга ҳисса қўшадилар. Шу жиҳатдан Олимат ул-Банотнинг Санкт- Петербургда 1898   ва 1899   йилларда икки марта нашр этилган «Муошарат одоби» «(Турмуш одоби)» асари ўз вақтида катта аҳамиятга эга бўлган. «Агар хотун ўқиган бўлса, ўзининг ким эканлигини, вазифаси нимадан иборат эканлигини шак-шубҳасиз билади. Болаларини эса гўзал тарбия қилади, эри билан яхши муомалада бўлади ва ниҳоят Аллоҳ Таоланинг амрига мувофиқ ҳаёт кечиради», – дейди рисола муаллифи. Унда аёлларнинг турмушдаги ўрни, оилавий вазифалари, эр-хотин орасидаги муносабатлар, болалар тарбияси уй тутиш, никоҳ ва муҳаббат борасида фикрлар билдирилади. Айни пайтда, уй хизматчиларига муносабатда инсоф ва адолат юзасидан, уларнинг ҳам уй эгаларига ўхшаш инсон эканликларини ҳисобга олиб, иш кўриш лозимлиги таъкидланади, турмушнинг оқилона уюштирилиши учун хизмат қиладиган ибратли маслаҳатлар берилади. Бошқа бир татар зиёли аёли Фахр ул-Банот Сибғатуллоҳ қизининг саксон етти сабоқдан иборат «Оила сабоқлари» (1913) рисоласи эса тарбиянинг турли томонларини бирваракай ўз ичига олади. Ахлоқшунос олима ўз рисоласи моҳиятини қуйидагича белгилайди: «Оила сабоқлари хонимларга, қизлар мактаби шогирдларига оила вазифалари тўғрисида фойдали маълумот бергани каби ўқувда тамом енгиллик ва бир тарафдан асосли бир ахлоқ сабоғи ҳамдир». У ўн иккинчи сабоқда тарбияни «илмли ахлоқнинг тани, негизи» деб таърифлайди. Асар фалсафий мушоҳадалардан кўра кўпроқ амалий кўрсатмалардан иборат. Айни пайтда, унда ҳам маънавиятга, ҳам моддиятга замонавий муносабат масаласи ўртага ташланади, юксак ахлоқли болани вояга етказишда ҳар икки йўналишдаги тарбиянинг муҳимлиги таъкидланади.   ХХ аср бошларида амалий ахлоқ муаммолари жадид матбуотида кенг ўрин олади. «Тараққий», «Садои Туркистон», «Улуғ Туркистон», «Турон», «Хуршид» сингари газеталарда эълон қилинган ҳажвий- журналистик асарларда ўша давр боёнларининг қолоқлиги, чор маьмуриятининг тўрачилиги, паранжининг янги замонга мос келмаётгани, талабаларга 5   сўм иона қилиш ўрнига, беш юзлаб сўмни ресторанларда фоҳишаларга сочаётган ахлоқсиз сармоядорлар қаттиқ танқид остига олинади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, ҳамза, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон каби Уйғониш даврининг буюк намояндалари ўз бадиий асарларда ахлоқ муаммоларини дадил кўтариб чиқдилар ва ана шу нашрларда ўз публицистикаси билан ҳам фаол иштирок этдилар. Жадид матбуоти бутун кучини озодликни, Ватанни жондан севувчи, илғор, тушунган, ҳар томонлама камол топган эркин Туркистон фуқаросини тарбиялашни ўз олдига ваззифа қилиб қўйди. Афсуски, дастлабки февраль инқилоби берган ҳуррият узоққа чўзилмади. Болшевикларнинг 1917   йилнинг 25   октябрида амалга оширган давлат тўнтариши тез орада унинг ютуқларини йўққа чиқарди, Ленин бошчилигида ишлаб чиқилган янги мустамлакачилик режаси асосида барча тараққийпарвар кучлар катағон қилинди. Фалсафий фанлар, шу жумладан, ахлоқшунослик ҳам тараққиётдан тўхтади. Улар мафкурага бўйсундирилиб, сохталаштирилди; эркин фикр таг-туги билан қўпориб ташланди. Шу сабабли жадидчилик ўз олдига қўйган вазифаларини тўла адо этолмади. Лекин, шунга қарамасдан Туркистондаги бу маърифатчилик ҳаракати қисқа муддат ичида бўлса ҳам мазлум халқларни маълум маънода уйғота олди. Адабиётлар 1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. Т., 2008. 2. Каримов И.А. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари. -Т.: Ўзбекистон, 2009. 3. Мамлакатни модернизация қилиш ва янгилашни изчил давом эттириш - давр талаби. Президент Ислом Каримовнинг 2008 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2009 йилга мўлжалланган иқтисодий дустарнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси // Халқ сўзи, 2009 йил 14 февраль. 4. Каримов И.А. Юксак маънавият - енгилмас куч. -Т.: Маънавият, 2008. 5. Каримов И.А. Озод юртнинг улу ғ тантанаси. “Халқ сўзи” газ., 2008 йил 1 сентябрь. 6. Каримов И.А. Юксак маънавият - енгилмас куч. Т., “Маънавият”, 2008. 7. Каримов И.А. Бу байрам – барчамизники, бутун халқимизники. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 16 йиллигига бағишланган тантанали маро-симдаги табрик сўзи. «Халқ сўзи», 2007 йил 1 сентябрь.