logo

Билиш назариясининг илмий ва ижтимоиймаданий асослари. Дунёнинг илмий манзараси

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

194 KB
Билиш назариясининг илмий ва ижтимоиймаданий асослари. Дунёнинг илмий манзараси Режа: 1. Дунёнинг илмий манзараси хусусиятлари ва асосий элементлари. 2. Дунёнинг мифологик манзараси. 3. Дунёнинг диний манзараси. 4. Ислом динида дунёнинг манзараси. 5. Дунёнинг фалсафий манзараси. 6. Дунёнинг илмий манзараси. 7. Дунёнинг фалсафий, диний ва илмий манзараларининг ўзаро нисбати. 8. Ижтимоий билишда дунёнинг манзараси. Дунёнинг илмий манзараси хусусиятлари ва асосий элементлари. Дунёнинг илмий манзараси – умуман дунё манзарасининг мавжуд шаклларидан бири. Тарихда дунёнинг жуда кўп ҳар хил манзаралари мавжуд бўлган ва ҳозиргача мавжуд. Дунёнинг мифологик, диний, фалсафий, илмий манзаралари шулар жумласидан. Ҳар бир дин – христанлик, буддизм, исломда дунёнинг диний манзараси ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, бу дунёнинг христианлик, буддизм ва исломдаги манзаралари тўғрисида сўз юритиш имконини беради. Фалсафада ҳар хил фалсафий мактаблар ва йўналишлар, масалан, материализм ва идеализм, рационализм ва эмпиризм, механицизм ва витализм ва ҳоказолар мавжуд. Бу йўналишларнинг ҳар бири дунёнинг ўз манзарасини таклиф қилади. Шу маънода дунёнинг материалистик ва идеалистик, рационалистик ва эмпирик ва бошқа илмий манзаралари тўғрисида сўз юритиш мумкин. Бошқа томондан, дунёнинг ҳар бир манзарасида умумий жиҳатлар ҳам мавжуд бўлиб, бу бизга уларни «дунёнинг манзараси» деб номлаш имконини беради. Дунёнинг ҳар қандай манзараси дунё қандай тузилгани, унда кимлар яшаши ва нималар мавжудлиги, дунёда қандай қонунлар амал қилиши, инсоннинг дунёдаги ўрни ва роли ва ҳоказолар ҳақида тасаввур беради. Ҳар қандай дунё манзарасининг қуйидаги асосий элементларини қайд этиш мумкин: 1. Макон ва замон ҳақидаги тасаввурлар, масалан, дунёда макон ва вақт чекли ёки чексизми, дунёда вақт ҳамма учун бир хилми ёки бир хил эмасми, вақтнинг боши борми ёки йўқми ва ҳ.к. 2. Дунёда маконни тўлдирган ва дунё вақтида мавжуд бўлган объектлар ҳақидаги тасаввурлар. Одатда, дунёнинг ҳар бир манзарасида жуда кўп ҳар хил ва ранг-баранг объектлар мавжудлиги назарда тутилади, улар кўп сонли тоифалар ва турларга, масалан, жонли ва жонсизга, жонлилар – одамлар, ҳайвонлар, ўсимликларга ва ҳоказоларга ажратилиши мумкин. Шундай қилиб, турли объектлар бир-бири билан ҳар хил муносабатларга киришади, муайян бир системага уюшган бўлади. Дунёнинг манзараси шу объектлар системасини тавсифлаши лозим. 3. Дунёнинг элементлари ва қисмлари бўйсунувчи асосий қонунлар ва қоидалар тавсифи. Масалан, дунёнинг илмий манзарасида бундай қонунлар қаторига Ньютоннинг моддий жисмлар учун мўлжалланган уч қонуни, электр жараёнлари учун Ом қонуни ва ҳоказолар киради. Буддизмда карма қонуни, яъни инсоннинг ўзи содир этган дунёдаги мувозанатни бузувчи қилмишлар учун жавобгарлиги дунёнинг асосий қонунларидан бири ҳисобланади. 4. Дунё жараёнлари мақсади ва мазмунининг тавсифи, «дунё нима учун мавжуд?», «ҳамма жараёнлар нима учун юз беради?» деган саволларга жавобдир. Масалан, дунёнинг христианликдаги манзараси дунёнинг Худо билан бирикиши, бутун мавжудот учун олий ҳузурҳаловат ва гармонияга эришилишини дунёнинг мақсади сифатида қайд этади. Дунёнинг илмий манзарасида дунёнинг мақсади ҳақидаги масала мантиқсиз деб ҳисобланади, дунё мақсадга эга эмас, бироқ бу жавоб ҳам оламнинг мақсади ҳақидаги масаланинг салбий бўлса-да, лекин ҳар қалай муайян ечими сифатида қаралади. 5. Ниҳоят, дунёнинг ҳар қандай манзараси инсоннинг дунёдаги ўрни ва роли ҳақидаги саволга жавоб бериши лозим. Биз – одамлармиз, дунёдаги ўз ўрнимизни англаш биз учун муҳим масала ҳисобланади, чунки бизнинг айрим мақсадларимиз ва турмуш тарзимиз шу масаланинг ечимига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Ҳар бир тарихий даврда шу даврнинг энг ривожланган мамлакатларида одатда дунёнинг бирон-бир манзараси ҳукм суради. Шу нуқтаи назардан дунёнинг қуйидаги уч энг йирик манзараси тўғрисида сўз юритиш мумкин: 1) кишилик жамияти ривожланишининг дастлабки босқичларида ҳукм сурган дунёнинг мифологик манзараси; 2) Ўрта асрларда Европа маданиятида етакчи ўринни эгаллаган дунёнинг диний манзараси; 3) Уйғониш давридан бошлаб аста-секин дунёнинг диний манзараси ўрнини эгаллаган ва дунёнинг аксарият мамлакатларида ҳозиргача ҳукм сураётган дунёнинг илмий манзараси. Дунёнинг бу уч манзарасининг энг муҳим жиҳатларини ҳар қандай дунё манзарасининг юқорида қайд этилган беш асосий элементи нуқтаи назаридан кўриб чиқамиз. Дунёнинг мифологик манзараси. Дунёнинг бу манзарасида макон ва замон бир вақтнинг ўзида чекли ва чексиздир. Масалан, макон бу ерда умумий чексиз макондан ва айни вақтда катта маконга ўхшаш кўп сонли чекли кичик маконлардан иборат. Вақт ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин – умумий чексиз вақт даврий бўлиб, ўзини катта вақтга ўхшаш кичик вақтлар сифатидаги ўз циклларида такрорлайди. Умуман олганда, дунёнинг мифологик манзарасида катта олам доирасида дунёларнинг чексиз ранг-баранглиги юзага келади ва ҳар бир дунё ўз макони ва вақтига эга бўлади. Одамлар яшайдиган дунё бор, бироқ у мавжуд бирдан-бир дунё эмас. У «барча томондан» бошқа дунёлар билан қуршалган. Бу дунёларнинг ўз аҳолиси, ўз қонун-қоидалари, ўз мақсадлари бор. Бу дунёларнинг ҳаммаси одамлар дунёси билан у ёки бу даражада боғланган. Бошқа дунёларнинг кўпгина кучлари ва моҳиятлари одамлар яшайдиган дунёга киради ва инсонга фаол таъсир кўрсатиши, хусусан унга ёрдам ёки халақит бериши мумкин. Шу сабабли инсон ўзи яшайдиган дунёда ўз мақсадларига эришиш учун бошқа дунёлар ҳақида мумкин қадар кўпроқ билиши ва шу дунёлардан келган кучларга таъсир кўрсатиш, улар билан тил топишни билиши керак. Бир вақтнинг ўзида ҳам одамлар дунёсида, ҳам ундан ташқарида – бир дунёдан бошқа дунёга ўтиш ва ҳар бир дунёга четдан назар ташлаш имконини берувчи умумий дунёда яшаши лозим. Шу сабабли инсон, дунёнинг мифологик манзарасидаги ҳар қандай объект каби, икки томонга эга бўлган асосдир. Ўзининг бир томони («танаси») билан инсон ўзининг кичик дунёсида, бошқа томони («жони») билан у барча дунёлар ўртасида яшайди. Дунёнинг мифологик манзарасида барча объектлар жонли бўлади, шу боис бу ерда ҳатто тошлар билан ҳам эҳтиёт бўлиб муомала қилиш талаб этилади, акс ҳолда уларнинг ғазабига дучор бўлиш мумкин. Барча дунёлар ва уларда мавжуд моҳиятлар турли дунёларда амалда бўлган ҳар хил қонун-қоидаларга бўйсунади. Масалан, дарёдан ўтиш учун аввал ундан рухсат сўраш керак, овчи отган тош нишонга тегиши учун аввал тош билан келишиш ёки уни ўз хоҳиш-иродасига бўйсундириш лозим, акс ҳолда тош ҳеч қачон нишонга тегмайди. Дарё, тош, тоғ, булут – буларнинг ҳаммаси жонли мавжудотлар ёки уларнинг кўринишлари ва уларнинг барчасига жонли мавжудотлар сифатида ёндашиш: сўраш, таҳдид қилиш, жалб этиш, хизмат қилиш керак. Инсонга таъсир ўтказиш учун бу одам нимадан қўрқиши ва нимани яхши кўришини, у нимага сажда қилиши ва нимани ёмон кўришини билиш лозим, шунда унга яхши кўрган нарсасини таклиф қилиш ёки қўрқадиган нарсаси билан қўрқитиш, бу одамга таъсир ўтказишга ҳаракат қилиш мумкин. Айни шу ҳаракатлар ҳар қандай дунёда яшайдиган барча тирик жонзотларга нисбатан ҳам ўринлидир. Ҳатто одамлар ва бошқа моҳиятларни бошқарувчи қонунлар ҳам тирик мавжудотларнинг алоҳида тури бўлиб, улар билан ҳам ё тил топиш, ё улар устидан ғалаба қозонишга ҳаракат қилиш мумкин. Бутун дунё – ранг-баранг мавжудотлар ўз мақсадларига эришишга ҳаракат қиладиган катта жанг ва кураш майдонидир. Уларнинг барчаси дунёнинг буюк Қонуни (Қисмат)га бўйсунади, бироқ бу Қонуннинг ўзи кўп сонли кичик қонун-тақдирларга бўлинади, яъни ҳар бир мавжудотнинг ўз қонуни - тақдири бўлади. Қонун-тақдир ҳар кимни муайян йўлга бошлайди ва ҳар ким ўз Қисматига бўйсунади. Бу ҳол токи мавжудот ўз тақдиридан юксалгунга ёки уни енггунга қадар давом этади. Мифологияда дунёнинг мазмуни ўз Қисматини енгишдан иборат бўлиб, бу ерда икки йўл бор. Бир йўл жуда узоқ ва кўпчилик учун мўлжалланган бўлиб бу ўз тақдирига тўла бўйсуниш ва унинг барча талабларини бажариш орқали уни енгиш йўли. Бошқа йўл қисқа бўлиб, ундан камдан-кам одам бориши мумкин – бу ўз тақдирини енгиб, янги, олийроқ тақдирга сазовор бўладиган ва шу заҳоти у билан ҳам жангга киришадиган қаҳрамон йўлидир. Дунёнинг диний манзараси. Худоларга дунёнинг мифологик манзарасидаёқ дуч келиш мумкин – улар бу ерда ўз дунёларида яшайдиган ва бошқа дунёларни бошқарадиган айрим олий мавжудотлар сифатида қаралади. Бу худолар орасида бирон-бир энг катта ва энг қудратли худо, масалан, антик мифологияда Зевс мавжуд бўлиши мумкин, бироқ ҳатто шу худо ҳам фақат ўзига тенг худолар орасида биринчидир. Уни исталган пайтда тахтдан «ағдариш»га ҳаракат қилиш ва олий ҳокимиятни бошқа худо эгаллаши мумкин. Масалан, ўша Зевс бир пайтлар ўз отаси – худо Хроносни тахтдан ағдарган, бироқ Зевснинг ўзи ҳам кимдир унинг ҳокимиятини эгаллашга ҳаракат қилмаслиги учун сергак бўлишига тўғри келган. Шу сабабли, ҳатто энг катта худо мавжуд бўлса ҳам, дунёнинг мифологик манзарасида юқорида доим дунёни бошқаришга кўп сонли номзодлар мавжуд бўлади. Ҳатто энг катта худолар ҳам Қисмат ҳукми остида бўлсалар-да, Қисматнинг ўзи ҳам нималардадир шу худоларга бўйсунади. Дунёнинг диний манзараси мифологик манзарадан асосан дунёни олий мавжудот, ҳеч ким бузишга қодир бўлмаган мутлақ ҳокимиятга эга, бош ҳарф билан ёзиладиган Худо бошқаради деган тасаввур билан фарқ қилади. Худо боқий ва шакшубҳасиздир, у ҳамма нарсани – макон ва вақт, материя, барча тирик жонзотларни яратган. Худо барча яхши фазилатларни ўзида мужассамлаштирган ва ҳамма нарсага қодир, У дунёни яхши ишлар учун яратган, бироқ У дунёга эркинлик ҳам берган, яхшиликка ҳар ким зўрлик остида эмас, балки ўз ихтиёрига кўра келишига имконият яратган. Аммо эркинлик хатоларга, ёмонликка олиб келиши ҳам мумкин. Бунда ёмонликнинг юз бериш эҳтимоли эркинлик учун тўланадиган ҳақ сифатида қаралади. Шу сабабли Худо эркинликка эришиш йўлида ёмонликка ҳам изн беради. Худо материяни, сон-саноқсиз жонсиз моддалар ва тирик мавжудотларни яратади. Инсон дунёнинг марказида туради – инсондан тубанроқ мавжудотлар -ҳайвонлар, ўсимликлар бор, айни вақтда инсондан юксакроқ мавжудотлар фаришталар ҳам бор. Бироқ барча мавжудотлар орасида Худонинг табиатини энг тўлиқ акс эттирадиган жонзот инсондир. Вақти келиб одамзот дунёда яратилган барча мавжудотлардан юксакроққа кўтарилиши мумкин. Дунёда мавжуд барча қонунлар пировард натижада Худо хоҳиш-иродасининг ифодасидир. Ёмонлик – бу мазкур хоҳиш-иродани бузиш ва айни вақтда уни бажаришдир, чунки ҳеч ким ва ҳеч нарса Худоннинг хоҳиш-иродасига қарши бориши мумкин эмас. Дунёда олий қонун – муҳаббат қонуни мавжуд. Дунёда ҳамма нарсани муҳаббат ҳаракатга келтиради, ҳатто нафрат замирида ҳам муҳаббатга ташналик ётади. Дунёнинг диний манзарасида дунёнинг мақсад ва мазмуни – ҳамманинг ҳаммага нисбатан умумий муҳаббатига эришиш, бироқ бунга йўл эркинлик ҳамда ёмонлик имконияти орқали ўтади. Худо муҳаббат ва яхшиликка мажбурлов йўли билан эришишни хоҳламайди, У Илоҳий муҳаббатни ҳаётнинг бирдан- бир тўғри қонуни сифатида ўзи англаб етиши учун дунёга эркинлик берган. Дунё буни англаб етгунга қадар мақсаддан кўп сонли четга чиқишлар юз бериши мумкин. Инсон ҳаётининг мазмуни – Худонинг хоҳиш-иродасини эркин қабул қилиш, ўзидаги муҳаббат билан муштарак бўлмаган кўр-кўрона эркинликни енгиш, эркинлик билан Худонинг муҳаббатини ўзида бирлаштиришдан иборат. Дунёнинг диний манзараси одамларнинг диний тажрибасини умумлаштириш ва синтез қилиш натижасида юзага келадиган табиатнинг умумий хоссалари ва қонуниятлари ҳақидаги тасаввурларнинг яхлит тизимини ташкил этади. Дунёнинг диний манзараси ўзича борлиқ ва мавжудликни, яъни яратилгани туфайли борлиққа эга бўлган дунёни фарқлашдан келиб чиқади. Бу фарқ мазкур ёндашувни тушуниш учун муҳимдир. Гап шундаки, борлиқнинг диний концепцияси икки ёқлама, яъни дуал хусусиятга эга, чунки у Худо билан айний бўлган мутлақ, ғайритабиий борлиқни борлиққа эга бўлган табиий нарсаларнинг ранг-баранг дунёсига қарши қўяди. Моҳият эътибори билан, бу манзара бир-биридан мутлақо фарқ қиладиган икки онтология: яратилмаган борлиқ онтологияси ва яратилган борлиқ онтологиясини назарда тутади. Мутлақ борлиқни оқилона йўл билан тушуниш мумкин эмас. Дунёни ўзига тўқ нарса сифатида идрок этувчи одам ақлнинг имкониятлариг Дунёнинг алоҳида диний манзарасидан келиб чиқиб, уни уч жаҳон дини: буддизм, христианлик ва исломга татбиқан кўриб чиқамиз. Дунёнинг буддавийлик диний манзараси шаклланишига борлиқнинг чексиз айланма оқими ғояси кучли таъсир кўрсатди. Буддизм мутафаккирлари бу жараён ўлимдан ўлимга, қийноқдан қийноққа, синовдан синовга солинувчи инсон учун чексиз даражада уқубатлидир деб ҳисоблаганлар. Ҳаётнинг азоб-уқубатларга тўлалиги ҳақидаги фикрдан қаттиқ таъсирланган Будда ўзгариш концепциясини таърифлайди. Ҳаёт вужудга келиш, шаклланиш ва йўқ бўлишлар қаторидан иборатдир. Дунё ўлишлар ва туғилишларнинг муттасил янгиланувчи айланма ҳаракатидир. Ҳамма нарсалар ўзгаради. Илоҳий нарсалар орасида ҳам, дунёвий нарсалар орасида ҳам ўзгармас нарса мавжуд эмаслигига Будда тарафдорларининг ишончи комил. Будда учун олов шаклланиш, бошсиз ва адоқсиз шаклланишнинг чексиз оқими рамзидир. Дунё – юз берувчи ва йўқолувчи ўткинчи, карма билан боғланган воқеалар оқими. Фақат ҳаракат мавжуд; арбоблар мавжуд эмас, қилмиш мавжуд; шаклланишдан бошқа ҳеч нарса мавжуд эмас. Ўзгармас субстрат мавжуд бўлмаган ҳолда дунёнинг узлуксиз мавжудлигини тушунтириш учун Будда сабабият қонунини эълон қилади ва уни узлуксизликнинг асосига айлантиради. Мавжуд ҳамма нарсалар сабаблар ва шартлардан юзага келади ва барча жиҳатлардан ўзгармас ҳисобланади. Сабабли нарсаларнинг ҳаммаси ҳалок бўлиши лозим. Дунёга келувчи ва уюшувчи нарсаларнинг барчасида йўқ бўлиш туғма зарурати мужассамдир. Ҳар қандай субстанция чекланган бўлиб, унинг мавжудлиги ўзгаришларнинг ўзгармас кетма-кетлигидан иборатдир. Бу ўзгаришларнинг ҳар бири олдинги шартлар билан белгиланади. Ўтган лаҳзалар оқимга тортилади. Сабабий эволюцияга ҳаракатларнинг механик кетма-кетлиги сифатида қаралиши мумкин эмас. Бу ўтмиш ҳозирни белгиловчи ягона ҳолатдир. Буддизм сабабиятга – ўтмиш ҳозирнинг тақдирини белгилашига қаттиқ ишонади. Ҳатто руҳсиз оламнинг оддий механизмида ҳам у боқий коинот қонунини кўради. Бу режасиз улкан лабиринтдир. Коинот тартибининг ғилдираги яратувчисиз, маълум асоссиз ҳаракатланади ва сабаблар ва оқибатларнинг боғланиши натижасида абадий мавжуд бўлади. Дунёнинг бундай манзараси буддизм олдига муҳим савол қўяди: бу узлуксиз ҳаракатни қандай қилиб четлаб ўтиш мумкин? Буддизм бу дунё ва ҳаракатни ким яратган, деган саволни муҳим эмас деб ҳисоблайди ва унга жавоб беришдан бўйин товлайди. Унинг тарафдорлари нарсалар ўзгаришини, дунёда борлиқ йўқлиги, фақат шаклланиш мавжудлигини тан оладилар. Нарсалар борлиғига Будданинг бефарқлиги шу билан изоҳланади. Инсон нарсаларга ҳаддан ташқари кучли боғлангани учун ҳам азоб чекади. Инсон нарсалардан бутунлай узоқлашиши, азобуқубатларга гирифтор қилувчи ўткинчилик ва ўзгарувчанликка ўрин бўлмаган ҳолатни излаши лозим. Инсон тўла осойишталик ва хотиржамликка фақат нирвана ҳолатида эришиши мумкин. Нирвана сўзи «нирва» - пуфлаш, ўчириш (оловни) феълидан келиб чиққан бўлиб, сифат тариқасида келганда «ғойиб бўлган», «ўлган», «барҳам топган» деган маънони, от бўлиб келганда «ғойиб бўлиш», «интиҳо», «мавжудликнинг тугаши», «лаззат», «абадий осойишталик» ва ниҳоят, қайта туғилишнинг муқаррарлигидан қутулиш деган маънони англатади. Нирванага эришиш осмонга етишдан юқорироқдир, бу мислсиз осойишталик ҳолатидир. Нирвана сабабсиздир, бироқ нирванага эришишнинг йўли, саккиз ўлчовли йўли бор. Нирванага соф ақлли, ҳиссий лаззатланишлардан озод одам эришади. Шундай қилиб, буддизмда кармани, шакл-шамойилнинг ўзгариш қонунини енгишнинг ўзига хос ахлоқий-космик вертикали шаклланади. Инсоннинг эркин руҳий фаоллиги ижодий асос ҳисобланади. Фаол шахс эътиборга лойиқ бирдан-бир борлиқ сифатида талқин қилинади. Буддизмда, бир томондан, худолар ҳам карма оқимида ҳаракатланади, бошқа томондан эса – одамларга худо халоскор сифатида керак эмас, деган хулоса чиқарилади. Буддизмда Худо ва дунё дуализми мавжуд эмас. Ўзининг ривожланиш жараёнида буддизм олий маънавий асосни тан олади. Нирвана Будда билан тенглаштирилади. Будда ахлоқий идеал рамзидан унинг шахсий тажассумига, диний эмоциялар объектига айланади. Нирвананинг космик жиҳати билан бир вақтда Будданинг космик концепцияси юзага келади. Буддага сиғиниш эътиқод қилувчи ҳаётининг оила-никоҳ муносабатларидан бошлаб умумий давлат байрамларигача бўлган барча томонларини қамраб олади. Ўзи таклиф қилган паноҳ топиш йўлининг универсаллиги билан буддизм диний тасаввурларнинг сезиларли даражада демократиялашувига сабаб бўлди. Буддизмда яхши фазилатлилик шартлари ташқи нарсаларга боғлиқ эмас. Инсоннинг кимлиги – боён ёки деҳқонлиги аҳамиятсиз. Ҳамма баркамолдир. Фақат ҳалол, тўғри ҳаётгина муҳимдир. Буддизм вужудга келгани заҳоти барча одамлар қайси табақага мансублигидан қатъий назар тенг эканлигини эълон қилиб, табақавий тузум мухолифига айланди. Бироқ шахснинг мутлақ эркинлиги буддизмнинг энг муҳим тамойил ҳисоблангани боис, у инсоннинг дунё билан барча алоқаларига, шу жумладан ижтимоийсиёсий алоқаларига ҳам ёмонлик деб қараб, амалда мавжудлик тизгинларидан халос бўлишни талаб қилмайди. Дунёвий нарсалардан бутунлай узоқлашиш идеали Будданинг энг мутаассиб издошларини ижтимоий тартибларни такомиллаштиришдан воз кечишга олиб келади. Христиан илоҳиёти ўзининг трансцендентал Худо ҳақидаги таълимоти билан дунёнинг шундай бир диний манзарасини яратадики, унда теоцентризм ўз ифодасини топади . Худонинг нотабиий ва шахсий хусусияти у ирода ва қудрат каби категориялар ёрдамида қаралишини назарда тутади. Бундан христиан креационизмининг дунё зарурат тақозосига кўра эмас, балки Худонинг эркин иродасига кўра яратилган, деган муҳим қоидаси келиб чиқади. Яралиш Худо табиатининг эмас, балки иродасининг амалидир. Шунга кўра у табиатдан ажралади ва унинг сабабий омилларидан узоқлашади. Худо дунёни нима учун яратган, деб сўраш мантиқсиздир. Худонинг эркин иродаси Унинг ақли, иродаси ва яхши нияти билан мувофиқлашади. Шулардан келиб чиқиб Худо дунёни яратади. Дунё яратилгунга қадар Худодан бошқа ҳеч нарса бўлмаган. Бинобарин, у дунёни «йўқлик»дан яратган. Бироқ «йўқлик» қандайдир ижобий нарса эмас; у соф йўқликдир. Яратилган нарсаларда нимаики «мавжуд» бўлса, ҳаммаси Худодандир. Етишмаган, «йўқ» бўлган барча нарсалар «йўқлик»дир. Дунёда шакл, гўзаллик ва бирликнинг сабаби Яратгувчидир. Шаклнинг беқарорлиги, бирлик ва гўзалликнинг нотўлиқлиги Худодан айрилганликдандир. Яратилган барча моддий ва маънавий нарсаларга «ўткинчилик» муҳри босилган. Худо дунёни яратган экан, нафақат қурилишнинг умумий тамойилларини, балки ҳар бир айрим нарсанинг тақдирини олдиндан билади ва белгилайди. Яратиш учун мўлжалланган нарсанинг илоҳий ғояси унинг тўла индивидуал тушунчаси бўлиб, унда нарсанинг ўтмиши ва келажаги ҳозирда берилгандир. Илоҳий ниятда барча ғоялар мутлақо муштаракдир. Яратилувчи нарсалар учун ғоялар уларни яратиш андозалари, уларнинг борлиғи асослари ва сабаблари сифатида амал қилади. Яратилган олам тартиби уни яратган ҳикматнинг тартибини акс эттиради: нарсалар тартиби ғоялар тартибининг инъикосидир. Тартиб туфайли дунё ўз ўринлари бўйлаб тақсимланган ва ҳар хил нисбий қимматга эга бўлган мавжудотларнинг тартибга солинган иерархиясига айланади. Яратилган нарса Худога қанча яқин бўлса, у шунча кўпроқ қиммат касб этади. «Зеро қандайдир тарзда мавжуд бўлган, бироқ уни яратган Худо учун бўлмаган нарсалар қаторида жонли жонсиздан юқорироқ. Тирик мавжудотлар орасида эса сезувчилар сезмайдиганлардан устун туради, худди, масалан, ҳайвонлар ўсимликлардан устун турганидек. Сезувчилар орасида эса ақллилар ақлсизлардан устун туради, худди одамлар табиат тартибига кўра бошқа жонзотлардан устун турганидек», деб ёзади Августин 1 . Шундай қилиб, илоҳий тартиб дунёси христианликда Худо яратган жонзотларнинг юксалиб борувчи зинапоясидан иборатдир. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, креационизм христиан илоҳиётчиларини дунёда тартиб, уйғунлик ва гўзалликни кўришга даъват этган. Бироқ инсонга дунёда кўп нарсалар ақлга номувофиқ бўлиб кўринади. Дунёда тартибсизлик ва ёмонликнинг мавжудлиги учун Худони қандай оқлаш мумкин? Бу муаммо соф назарий хусусият касб этмаган. Тақводор христианлар дунёвий ва илоҳий дунё ўртасида тубсиз жарликни ҳис этганлар. Шу боис Худони оқлаш масалаларига христианлик кўп эътибор беради. У Худони оқлашнинг икки йўлини таклиф қилади. Биринчи йўл – метафизик теодицея. Гарчи дунёни баркамол Яратувчи яратган бўлса-да, у хусусан инсонни эркин қилиб яратган; ёмонлик жонзотнинг шу эркинлигидан келиб чиқади. Ёмонлик ва нуқсон Худодан эмас, балки жонзотдандир. Иккинчи йўл – эстетик теодицея дунё ва инсонни, дунёнинг баркамоллиги ва инсон идрокининг номукаммаллигини қарама-қарши қўйишга асосланади. Илоҳиётчи олимлар фикрига кўра, инсон дунёда яхлитликни қамраб олишга қодир эмаслиги туфайли тартибсизлик ва ёмонликни кўради. Ранг-баранг бўёқларга бой суратнинг бир қисмига назар ташлаб, унинг гўзаллиги ва маъноси ҳақида ҳукм чиқариш мумкин бўлмаганидек, айрим воқеалар ва тасодифларга баҳо бериб дунёни тушуниш мумкин эмас. Ҳатто ёмонлик бўлиб туюлган нарса ҳам амалда умумий тартибга, яъни инсоннинг фойдасига хизмат қилади. Эстетик теодицея табиий тартиб ғоясига олиб келади. Энг ўзига хос ва ғайриоддий воқеалар тизим нуқтаи назаридан табиий хусусият касб этади. Худо яратган нарсаларнинг бирортаси ҳам табиатга зид эмас, чунки унинг учун табиат У яратган нарсадир. Фақат мавжудлигини ҳамма оддий ва 1 История философии. Энциклопедия. – Минск: Книжный дом, 2002. – 55-б. табиий деб эътироф этувчи дунё ва инсоннинг яратилишини чин мўъжиза деб ҳисоблаш мумкин. Дунёнинг христианча диний манзарасида табиатда юз берувчи барча нарсаларнинг табиийлиги илоҳий ғояларнинг азалий мувофиқлиги билан изоҳланади. Яратилган табиат ўз қонунларини Худодан олади. Шу маънода табиат қонунларининг бузилиши илоҳий ҳукмнинг бузилишини англатади . Шундай қилиб, Худо дунёни узлуксиз бошқаради , деган қоида дунёнинг христианча диний манзарасининг универсал тамойил ҳисобланади. Космологияга нисбатан татбиқ этилган ҳолда бу тамойил дунёнинг уйғунлиги ва унда юз бераётган воқеаларнинг англаб етилганлиги ғоясига олиб келади. Инсон ҳаёти илоҳ билан мувофиқликдагина, инсоният тарихи эса – илоҳий паноҳ белгиси остидагина маъно касб этади. Шу тариқа монотеизм (яккахудолик)нинг кўриниши ислом пайдо бўлди. Ислом динида дунёнинг манзараси. Ислом дини маданийтарихий ривожланишда кейинчалик аввалги «диалектик» асосларга қайтиб, аристотелизмга ҳам, сўфизмга ҳам эришди. Ислом динининг ўзига хослиги тўғрисида сўз юритишдан олдин уни христианлик билан боғловчи жиҳатларга тўхталиб ўтиш ўринли бўлади деб ўйлаймиз. Ислом кўп жиҳатдан христиан динининг монотеизм ёки яккахудолик ғояси араблар онгида қайта ишланиши натижасида юзага келган. У ягона трансцендент Худо - Аллоҳга эътиқод қилади. Аллоҳ дунё ва инсонни яратди, одамларга ваҳий юборди, дунёни тасарруф этади ва унга қиёмат сари йўл кўрсатади. Қиёматда тириклар ҳам, тирилганлар ҳам ўз қилмишлари учун жавоб беради. Ислом ва христианлик ўртасидаги фарқ - бу мазкур дин асосчиларининг сўзлари ва қилмишларидаги фарқлардир. Христианлик асосчиси муваффақиятга эришмади ва «бандага хос ўлим» билан ҳалок бўлди. Бу ўлим унинг асосий қилмиши бўлди. Бу ерда аниқ, ташқи муваффақият қанча кам бўлса, дин асосчиси қилмиши – ўлим устидан ғалаба, инсоният гуноҳларини ювиш, ўзига эътиқод қилувчиларга боқий ҳаёт ҳадя этишнинг миқёси шунча кенг бўлиши лозим. Дин асосчиси шахсининг миқёси ҳам ўз шогирдлари онгида кенгайиб боради. Бундай қилмиш содир этган одам эмас. У – Худо. Муҳаммад пайғамбар образи ва унинг қилмишлари Исо Масиҳ ва унинг қилмишларидан анча фарқ қилади. Муҳаммад пайғамбар орқали Аллоҳ таоло гапиради. Бироқ айни вақтда у оддий ҳаёт кечирган «нормал одам». Муҳаммад пайғамбар эришган муваффақият унинг айтганлари Аллоҳ сўзлари эканлиги, Аллоҳнинг ўзи унга йўл кўрсатганлигининг далилидир. Муҳаммад пайғамбарнинг нутқи Исо Масиҳ нутқидан фарқ қилади. У фақат «ваҳий»ни ифодаловчи, гавдаланган Худо эмас, балки «Худонинг воситаси», пайғамбардир. Асосчилар шахси, ҳаётининг ҳар хиллиги, уларнинг вазифаси ҳар хил англаниши улар яратган динлардаги фарқларнинг асосий элементларидир. Дин асосчиларининг Худо билан муносабатлари ва уларнинг вазифаси ҳар хил англаниши Худо ҳақидаги тасаввурдаги фарқларни ҳам белгилайди. Христианликда ҳам, исломда ҳам Худо бир ва ягонадир. Бироқ христианликнинг монотеизми чорчўпга михланган одам – Худо эканлигига ишонч билан уйғунлашади ва бу Муқаддас учлик (троица) ҳақидаги таълимотда ўз аксини топади. Бу ерда монотеизмда, Худо ва унинг банда билан муносабатларида инсон ақли англай олмайдиган, унга зид бўлган ва фақат эътиқод предметини ташкил этиши мумкин бўлган жумбоқ намоён бўлади. Ислом монотеизми – христанликдаги жумбоқлардан холи бўлган «соф» яккахудолик. Қуръони каримда Аллоҳнинг ягоналиги аниқ қайд этилган. Аллоҳга тенг жонзотларнинг мавжудлигини тан олиш исломга қарши энг катта жиноятдир. Худо ҳақидаги ҳар хил тасаввурлар инсонга нисбатан ҳар хил қарашлар билан узвий боғлиқ. Христианликда инсонни «Худо ўзига ўхшатиб яратган», бироқ Одам атонинг дастлабки гуноҳи инсон табиатини «бузган», натижада Худо уни ювиш учун қурбонлик келтиришга мажбур бўлган. Исломда инсон ҳақида бошқача қарашлар амал қилади. У инсонни Худо ўзига ўхшатиб яратган деб ҳисобламайди, бироқ у одамни «бузуқ» деб ҳам билмайди. Инсон «бузуқ» эмас, балки заифдир. Шу сабабли у гуноҳлар учун тавба қилишга эмас, балки Худонинг ёрдами ва йўлбошчилигига муҳтождир. Аллоҳ Қуръони карим орқали унга тўғри йўл кўрсатади. Инсон ҳақидаги тасаввурларнинг ҳар хил тизимлари ахлоқий қадриятларнинг ҳам ҳар хиллигини назарда тутади. Христианликда эътиқод инсонга қаттиқ меҳр қўйиб, унинг учун чорчўпда азобуқубатларга дош берган Худога муҳаббат билан узвий боғлиқ. Ислом ҳам эътиқодни назарда тутади, бироқ бу бошқача эътиқод. «Ислом» сўзининг ўзи бўйсуниш, итоат этиш деган маънони англатади. Бироқ бу оддий бўйсуниш, итоат этиш эмас, балки ўзини Аллоҳ иродасига топширишдир. Бу ерда эътиқод чорчўпга михланган Худо жумбоғига ишониш эмас, балки Аллоҳнинг пайғамбар орқали Қуръонда берилган кўрсатмаларига бўйсунишдир. Бу кўрсатмалар одамлар учун аниқ ва тушунарлидир. Улар оз сонли ва оғир бўлмаган (шу сабабли қатъий бажарилиши лозим бўлган) ибодат қоидалари ва никоҳ, ажрашиш, мерос, жиноят учун жазо масалаларига доир ҳуқуқий меъёрларга тегишлидир. Диний талабларнинг соддалиги исломнинг илоҳий белгиланганлик ҳақидаги фундаментал ғоясидан келиб чиқади. Аллоҳ ўз режаларига мувофиқ иш кўради ва ҳамма нарсани, ҳатто энг аҳамиятсиз воқеаларни ҳам белгилайди. Илоҳий қисматнинг муқаррарлиги, инсоннинг бирон-бир амали ўз-ўзидан юз бермаслиги қуйидаги мисол билан кўрсатилади. Инсон қалам билан ёзаётган экан, бу асло унинг амали эмас, зеро амалда Аллоҳ бир вақтнинг ўзида тўрт амал: 1) қалам билан ёзиш истаги; 2) қалам билан ёзиш қобилияти; 3) қўл ҳаракати; 4) қалам ҳаракатини яратади. Бу амаллар бир-бири билан боғлиқ эмас ва уларнинг ҳар бири замирида Аллоҳнинг чексиз иродаси ётади. Ислом динининг хусусияти дунёнинг диний модели мусулмонларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидан мустаҳкам ўрин олишини назарда тутади. Бу тизим христианлик тизимидан мустаҳкамроқдир. У янги, нодиний цивилизацияга ўтиш учун замин яратмагани айни шу ҳолат билан изоҳланади. Дунёнинг фалсафий манзараси. Фалсафа дунёқараш шакли сифатида оламни инсон ва дунёнинг ўзаро муносабатлари нуқтаи назаридан ўрганади. Дунёқараш объекти – бутун дунё, бироқ унинг предмети – табиат дунёси ва инсон дунёсининг ёки, антик фалсафа таъбири билан айтганда, макрокосмос ва микрокосмоснинг ўзаро муносабатидир. Бундан унинг муаммолари доираси келиб чиқади. Инсоннинг дунёдаги ўрни қандай? Умуман, дунёнинг ўзи нима? Инсон ҳаётининг мазмуни нимадан иборат? Вақт, макон ва ҳаракат нима? Аммо бу муаммолар дунёқарашнинг фалсафий шаклини ҳам қизиқтиради. Бу ҳолда фалсафанинг диндан фарқи нимада? Бу ерда биз аввало шуни қайд этишимиз мумкинки, фалсафа дунёни ўзлаштиришнинг назарий усуллари қаторига киради. Назарий усул объектдан онгли равишда «узоқлашади». Дунёга назарий муносабат субъекти – дунёни тушунчалар ёрдамида англашга ҳаракат қилаётган инсон. Фалсафа дунёни фикрда, сўзда гавдалантиради. Фалсафанинг ҳар қандай шакли бундай имкониятга эга. Бинобарин, дунё ҳақидаги фалсафий тасаввур замирида билим ётади. Айни вақтда, фалсафа бу билим инсон дунёсига ташланган бир назар эканлигини тушунади. Шу сабабли у дунё ҳақидаги билим билан бир қаторда инсоннинг дунёга муносабатини ҳам шакллантиради. Борлиқ тушунчаси дунё фалсафий манзарасининг бош тамойили сифатида амал қилади. Айни шу тушунча ёрдамида инсон ўзининг дунёдаги ўрнини англаб етишга ҳаракат қилади. Борлиқни фалсафий тушунишдан кўп сонли нарсалар, жараёнлар, ҳолатлар, структуралар, тизимларнинг барча шаклларини ўз ичига олган яхлит бир бутун дунё ҳақидаги тасаввур келиб чиқади. Борлиқ шаклларининг ранг-баранглиги бу шаклларни бирлаштирувчи нарса борми, бутун чексиз ранг-баранг дунёнинг бирлиги тўғрисида сўз юритиш мумкинми, деган саволни ўртага ташлашни назарда тутади. Бундай бирлик ҳақидаги ғоя барча мавжуд нарсаларнинг умумий негизи тўғрисидаги тасаввурнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Бу тасаввурни белгилаш учун фалсафада субстанция категорияси қабул қилинган. Бу категория ўзини намоён этувчи нарсалар, ҳодисалар, воқеалар ва жараёнларнинг ички бирлигини қайд этади. Шундай қилиб, субстанция нафақат умумий изчил тамойил, балки фаоллик функцияси сифатида ҳам тушунилади. Дунёнинг бирлигини битта субстанциядан келиб чиқиб тушунтирувчи фалсафий таълимотлар монизмга киради. Бироқ субстанция ҳар хил тушунилиши: ё унда инсон онгидан қатъи назар мавжуд бўлган ҳақиқий дунё негизини кўриш, ё уни онгни яратган дунё билан тенглаштириш, яъни субстанцияда материя ёки руҳни кўриш мумкин. Бунга мос равишда материалистик ва идеалистик монизмни фарқлаш лозим. Монизмга икки субстанциянинг муштараклиги ғоясидан келиб чиқадиган дунёнинг дуалистик талқини қарши туради. Биринчи субстанция моддий борлиқ соҳасини, иккинчи субстанция – руҳий соҳани бирлаштиради. Субстанциянинг фаоллиги ва ўзига тўқлиги ҳақидаги фалсафий ғоядан дунёнинг атрибутлилиги муаммоси келиб чиқади. Атрибут тушунчаси объектнинг зарур, ажралмас, муҳим хоссасини қайд этади. Айрим фалсафий тизимларда ҳаракат материянинг муҳим атрибути ҳисобланса, айрим тизимларда – макон ва вақтнинг кўламлилиги ёки тафаккур ва ҳоказолар шу вазифани бажаради. Барча ҳолларда ҳаракат муаммосини ечишга тўғри келади. Бунда ҳаракат деганда ҳар қандай ўзгариш тушунилади. Элементар зарраларнинг бир-бирига ўтиши, моддий дунёнинг кенгайиши, организм ҳужайраларида моддалар алмашинуви, тафаккур жараёни – буларнинг барчаси ҳаракатдир. Дунё ҳаракатсиз мавжуд бўлиши мумкин эмас. Бошқача айтганда, ҳаракат дунё каби мутлақ ва абадийдир. Ҳаракат турларининг ранг-баранглиги макон ва вақт каби умумий шакллар орқали яхлитлик касб этади. Маконда системалар, макросистемалар ва мегасистемани ташкил этувчи структура элементлари ва структураларнинг синхрон ўзаро алоқаси қайд этилади. Вақтда системанинг диахрон ўзгариши, ривожланиши ва бузилиши қайд этилади. Макон ва вақт – борлиқнинг умумий шакллари, унинг муҳим атрибутлари. Дунёда макон ва вақт хоссаларига эга бўлмаган моддий тизимлар мавжуд эмас. Макон барча моддий тизимлардаги элементларнинг кўламлилиги, структуралилиги, мавжудлиги ва ўзаро алоқасини тавсифлайди. Вақт – материя борлиғининг материя мавжудлигининг давомийлилиги, моддий тизимлар ўзгариши ва ривожланишида ҳолатлар алмашувининг кетма-кетлигини ифодаловчи шаклдир. Макон ва вақтнинг умумий хоссаларига қуйидагилар киради: объективлик, ҳаракатланувчи тизимларга боғлиқлик, узлуклилик ва узлуксизлик, чексизлик (вақтнинг чексизлиги) ва чеклилик (маконнинг чекланганлиги). Макон ва вақт умумий хоссалар билан бир қаторда, айрим ўзига хос хусусиятларга ҳам эга. Масалан, маконга кўламлилик, уч ўлчовлилик хос. Бундан ташқари, моддий тизимлар макони симметрия ва асимметрия, ташқи шакл ва ўлчамлар, жойлашган ўрни, модда ва майдоннинг тақсимланиши, уларни бошқа тизимлардан ажратувчи чегара билан тавсифланади. Бу хоссаларнинг барчаси объектлар структураси ва ташқи алоқалари, уларнинг ҳаракат тезлиги, ташқи майдонлар билан ўзаро алоқаси хусусиятига боғлиқ бўлади. Ҳар бир моддий тизимнинг майдони мутлақо берк эмас, у узлуксиз бошқа тизим майдонига ўтади. Бундан амалда маконнинг кўп алоқалилиги, миқдор ва сифат жиҳатларидан туганмаслиги келиб чиқади. Вақтнинг хоссаларига давомлилик, системалар ҳаракати, шунингдек макон билан узлуксиз боғланганлик киради. Давомлилик бирин-кетин юзага келувчи вақт лаҳзаси ёки оралиғидан ташкил топади. Улар жамулжам ҳолда объектнинг мавжудлик даврини ташкил этади. Вақтнинг ўзига хос кўламлилиги сифатида амал қилувчи давомлилик материя ва ҳаракатнинг умумий сақланиши билан белгиланади. Ҳар бир объектнинг мавжудлик вақти чекли ва узлуклидир, чунки у мавжудликнинг боши ва интиҳосига эга. Бироқ объектни ташкил этувчи моддий субстанция йўқдан бор бўлмайди ва йўқ бўлиб кетмайди, балки фақат ўз борлиғининг шаклини ўзгартиради. Материя ва ҳаракатнинг умумий сақланувчанлиги уларнинг мавжудлик вақти узлуксиз бўлишини таъминлайди ва бу узлуксизлик мутлақ хусусият касб этади, узлуклилик эса нисбий бўлади. Макон ва вақт хусусиятлари намоён бўлиш шаклларининг рангбаранглиги дунёнинг мутлақ ранг-баранглиги, унинг сифат жиҳатидан чексизлиги фақат нисбий ҳолатларнинг чекланмаган миқдорида рўёбга чиқиши мумкин ва ўз навбатида, нисбий ҳолатлар ва дунё тизимларининг чекланмаган миқдоригина дунёнинг мутлақ чексизлиги ва ранг- баранглигини ифодалашга қодир, деган хулосага олиб келади. Дунёнинг илмий манзараси. Энг муҳим назариялар, гипотезалар ва далилларни ўз ичига олувчи табиат тўғрисидаги билимларнинг кенг доираси дунёнинг илмий манзараси билан боғлиқ. Дунёнинг илмий манзарасининг тузилиши марказий назарий ўзакни, фундаментал фаразларни ҳамда мунтазам тўлдириб бориладиган алоҳида назарий моделларни таклиф қилади. Марказий назарий ўзак нисбатан барқарор бўлиб, ўз мавжудлигини анча узоқ муддат сақлаб қолади. У барча илмий назарияларда ўзгаришсиз сақланиб қоладиган муайян илмий ва онтологик константалар мажмуидир. Жисмоний реаллик тўғрисида сўз юритилганида, дунёнинг ҳар қандай манзарасининг энг барқарор унсурларига энергиянинг сақланиши ва энтропиянинг доимий ўсиб бориши тамойилари, универсумнинг асосий хоссалари: макон, замон, модда, майдон ва ҳаракатни тавсифловчи фундаментал жисмоний константалар киритилади. Фундаментал фаразлар ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, шартли равишда рад этиб бўлмас деб қабул қилинади. Уларнинг жумласига ўзаро таъсир ва тизимга уюшиш усуллари, универсум ривожланишининг генезиси ва қонуниятлари тўғрисидаги назарий қоидалар ва қарашлар тўплами киради. Дунёнинг шаклланган манзараси муқобил мисоллар ёки аномалиялар билан тўқнаш келганида марказий назарий ўзакни ва фундаментал фаразларни сақлаб қолиш учун бир қанча қўшимча алоҳида илмий моделлар ва гипотезалар тузилади. Зотан, улар аномалияларга мослашиб, ўз шаклини ўзгартириши мумкин. Дунёнинг илмий манзараси шунчаки алоҳида билимлар йиғиндиси ёки тўплами эмас, балки уларни ўзаро мувофиқлаштириш ва янги яхлитликка, яъни тизимга уюштириш натижасидир. Дунёнинг илмий манзарасининг хусусиятларидан бири – тизимлилик ана шу билан боғлиқ. Дунёнинг илмий манзарасининг маълумотлар тўплами сифатидаги вазифаси билимларни бирлаштиришни таъминлашдан иборат. Бундан унинг бирлаштирувчи функцияси келиб чиқади. Дунёнинг илмий манзараси парадигма хусусиятига эга, чунки у универсумни ўзлаштириш қоидалари ва тамойиллари тизимини белгилайди. «Ақлга мувофиқ» янги гипотезаларни фаразли хусусиятини маълум даражада чеклаб, дунёнинг илмий манзараси тафаккурнинг ҳаракатини йўлга солади. Унинг мазмуни дунёни кўриш усулини белгилаб беради, чунки илмий тадқиқотнинг ижтимоий-маданий, ахлоқий, методологик ва мантиқий нормаларининг шаклланишига таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам тадқиқотнинг умумназарий фонини яратувчи ва илмий изланишнинг мўлжалларини мувофиқлаштирувчи дунё илмий манзарасининг норматив, шунингдек психологик функциялари ҳақида сўз юритиш мумкин. Дунёнинг классик манзараси дунёнинг ҳозирги илмий манзарасининг эволюцияси дунёнинг классик илмий манзарасидан дунёнинг ноклассик ва постноклассик манзарасига ҳаракат қилишни назарда тутади. Европа фани ўз ривожланишини Галилей ва Ньютон ютуқларига асосланган ва анча узоқ вақт – ўтган асрнинг охирларигача ҳукм сурган дунёнинг классик илмий манзарасини қабул қилишдан бошлади. У ҳақиқий билимга эга бўлишга даъвогар бўлди. Унга қатъий бир хил прогрессив йўналишга эга чизиқли ривожланишнинг график образи хос. Ҳозирги кун келажакни қандай белгиласа, ўтмиш ҳам ҳозирги кунни шундай белгилайди. Дунёнинг барча ҳолатларини – ўтмишдан то олис келажаккача – ҳисоблаб чиқиш ва башорат қилиш мумкин. Дунёнинг классик илмий манзараси объектларни улар қатъий юкланган координатлар тизимида ўз ҳолича қандай мавжуд бўлса, шундай тавсифлайди. Унда «онтос»га қатъий риоя этилди. Билиш субъектига ёки ҳаракатга келтирувчи омиллар ва шовқинларга тегишли бўлган барча нарсаларни элиминация қилиш талаби асосий шартга айланди. Сабаб ва оқибатнинг қатъий бир хил боғлиқлигини тушунтирувчи эталон даражасига кўтарилди. У илмий оқилоналикнинг ҳақиқий назария тузишни кафолатловчи қандайдир умумий қоида ёки бирданбир тўғри усулни топишга бўлган даъволарини мустаҳкамлади. Ньютоннинг Олами мазкур моделнинг табиий илмий негизига айланди. Аҳамиятсиз атомар ҳодисалар субстанция жиҳатидан дахлсиз бўлган макон ва замон континуумига ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Дунёнинг ноклассик илмий манзараси классик механика қонунларининг универсаллиги ҳақида баҳс юритувчи термодинамиканинг дастлабки назариялари таъсирида вужудга келди. Термодинамиканинг ривожланиши билан суюқликлар ва газларга соф механик тизимлар деб қараш мумкин эмаслиги аён бўлиб қолди. Термодинамикада тасодифий жараёнлар ташқи ва иккинчи даражали эмас, балки тизимга боғлиқ деган қараш шаклланди. Ноклассик тафаккур тарзига ўтиш XX-XXI асрлар чегарасида табиатшуносликда содир бўлган инқилоб даврида, шу жумладан нисбийлик назарияси таъсирида амалга оширилди. Дунёнинг ноклассик илмий манзарасининг график модели ривожланишнинг бош йўналишини қамраб олган синусоид образига таянади. Унда чизиқли жараёнга таққослаганда аниқловчининг нисбатан мослашувчан схемаси юзага келади ва янги омил – тасодифнинг роли эътиборга олинади. Тизимнинг ривожланиши изчил тушунилади, аммо унинг ҳолати замоннинг ҳар бир даврида аниқланмаган. Тахминан ўзгаришлар эҳтимоллик ва катта сонлар қонунига биноан амалга оширилади. Ўзгариш қанча катта бўлса, унинг эҳтимоллиги шунча кам бўлади, зеро, ҳар сафар реал ҳодиса бош йўналиш – «ўртача катталик қонуни»га яқинлашади. Индивидлар даражасида аниқланмаганлик бутун тизим даражасида аниқланганлик билан уйғунлашади. Тарихий йўл худди шу йўналишда замон ва макон континуумига кириб келади, аммо индивид ўз фаолиятининг траекториясини танлашда ҳар хил йўл тутиши мумкин. Аниқлашнинг янги шакли назарияга «статистик қонуният» номи билан киради. Ноклассик онг ҳар доим воқеликка кирганлик ҳолати билан тўқнаш келади. У ижтимоий ҳолатларга ўзининг ўта даражада боғлиқлигини ҳис этади ва айни пайтда имкониятлар мажмуини шакллантиришда иштирок этишга умид қилади. Дунёнинг постноклассик манзараси образи – дарахтсимон сертармоқ графика – И.Пригожиннинг Бельгия мактаби ютуқларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. Унда аввалбошдан ва замоннинг исталган даврида келажак номаълум бўлиб қолади. Ривожланиш бир неча йўналишнинг биридан бориши мумкин бўлиб, бу кўпинча биронбир аҳамиятсиз омил билан белгиланади. Тизим ўзини қайта қуриб, янги ташкилот даражаси вужудга келиши учун оз миқдорда энергия билан таъсир кўрсатиш кифоя. Дунёнинг ҳозирги замон постноклассик манзарасида ижтимоий тузилмаларни таҳлилдан ўтказиш очиқ чизиқсиз тизимларни тадқиқ қилишни назарда тутади. Мазкур чизиқсиз тизимларда дастлабки шартлар, уларнинг ичидаги индивидлар, маҳаллий ўзгаришлар ва тасодифий омиллар катта рол ўйнайди. Постноклассик фан объектларни ўрганувчи фаолият устидан рефлексия майдонини кенгайтиради. У объект ҳақида олинаётган билимларнинг тафсилотлари билан нафақат фаолият воситалари ва амалларининг хусусиятлари ўртасидаги, балки унинг қадриятлари ва мақсадлари ўртасидаги нисбатни ҳам ҳисобга олади. Бинобарин, қадриятлар ва мақсадларнинг қўшилиши постноклассиканинг янги императивига айланади. Постноклассик методологияда бифуркация, флуктуация, тартибсизлик, диссипация, ғалати аттракторлар, чизиқсизлик сингари тушунчалар жуда машҳур. Улардан олд организмик, организмик, ижтимоий, этник, маънавий ва бошқа тизимларнинг хулқ-атворини тушунтириш учун фойдаланилади. Дунёнинг постноклассик манзарасида тартиблилик ва тузилмаларга ажратилганлик тартибсизлик ва стохастиклик сингари воқеликнинг объектив, универсал хусусиятлари деб эътироф этилган. Улар ривожланишнинг барча структуравий даражаларида намоён бўлади. Номувозий тизимларнинг номунтазам хулқ-атвори муаммоси синергетиканинг диққат марказида туради. Синергетика – спонтан структурогенезнинг энг умумий қонуниятларини аниқлашни ўз предметига айлантирган ўз-ўзини ташкил этиш назарияси. У дунёнинг ҳозирги замон манзарасининг янги устуворликларини: номувозий беқарор дунё концепциясини, ривожланишнинг номаълумлилиги ва кўпмуқобиллилиги ҳодисасини, хаосдан тартибнинг вужудга келиши ғоясини ўз ичига олади. Тартиб ва хаос тушунчаларини англаб етишга, йўналтирилган тартибсизлик назариясини яратишга уринишлар хаосни таснифлаш ва типларга ажратишга таянади. Типологиянинг содда, мураккаб, аниқланган, тор йўлакли, кенг миқёсли, жўшқин ва бошқа турлари фарқланади. Хаоснинг энг оддий тури – «кичик ўлчамли хаос» – фан ва техникада учрайди ва аниқланган тизимлар ёрдамида тавсифланади. У замонда мураккаб, аммо маконда жуда содда хулқ-атвори билан ажралиб туради. «Кўп ўлчамли» хаосда чизиқсиз муҳитларнинг номунтазам хулқ- атвори кузатилади. Турбулент режимда замон ва макон кўрсаткичлари мураккаб бўлади, уларни мувофиқлаштиришнинг иложи бўлмайди. «Аниқланган хаос» деганда чизиқсиз тизимларнинг стохастик манбаларсиз, мунтазам дастлабки ва энг сўнгги шартларга эга тенгламалар билан тавсифланувчи хулқ-атвори тушунилади. Барқарорликнинг йўқолиши ва хаосга ўтишнинг бир қанча сабаблари ва ҳолатларини аниқлаш мумкин: булар шовқинлар, ташқи таъсирлар, таъсирлантирувчи омиллар. Тартибсизлик манбаи баъзан эркинлик даражаларининг хилма-хиллиги билан боғлиқ бўлади. Бу мутлақо тасодифий кетма-кетликларнинг амалга ошрилишига олиб келиши мумкин. Тартибсизликни белгиловчи ҳолатларга ҳаракатнинг мутлақо беқарорлиги киради. Бунда иккита яқин ҳолат ташқи таъсирлар стохастикасидан таъсирланиб, ривожланишнинг турли траекторияларини ҳосил қилиши мумкин. Тадқиқотларнинг ҳозирги даражаси хаотизация жараёнларига доир анъанавий қарашларга муҳим қўшимчалар киритиш имконини беради. Дунёнинг постноклассик манзарасидан хаос деструкция манбаи сифатида эмас, балки моддий ўзаро таъсирларнинг дастлабки беқарорлиги ҳосиласи бўлган ҳолат сифатида ўрин олди. Мазкур ҳолат спонтан структурогенезнинг сабаби бўлиши мумкин. Сўнгги назарий ишловлар нуқтаи назаридан, хаос шунчаки шаклсиз масса тарзида эмас, балки ўта мураккаб уюшган кетма- кетлик тарзида намоён бўлади. Унинг мантиғи жиддий қизиқиш уйғотади. Олимлар йўналтирилган тартибсизлик назариясини ишлаб чиқишга яқинлашдилар. Улар хаосни нодаврий тарзда такрорланиб турадиган, беқарор траекторияларга эга бўлган, замон ва макон кўрсаткичларининг корреляциясига тасодифий тақсимланиш хос бўлган номунтазам ҳаракат деб таърифладилар. Тартиб ва хаос тушунчаларини ижтимоийлаштириш тартибсиз тузилмаларга нисбатан салбий муносабатга ҳамда тартибли тузилмаларнинг тўлиқ қабул қилинишига олиб келади. Бунда ҳозирги замон фалсафасининг иккиёқлама (антропологик-дезантропологик) ориентацияси намоён бўлади. Илмий-назарий онг ҳозирги замон синергетик парадигмасидаги тартибсизлик жараёнларининг ўрни ва аҳамиятини конструктив тушунишга ҳаракат қилмоқда. Ижтимоий амалиёт тартибсизлик ва ноаниқликка қарши ҳужум қилиб, уларга ўта салбий баҳо бермоқда, методологик таҳлил доирасидан чиқариб юборишга интилмоқда. Бу «тўла тартиб» ўрнатишни ва уни «қаттиқ зарурият»дан келиб чиқиб қўллаб-қувватлашни истаётган рационалистик утопиялар ва мустабид тузумлар тантанасида намоён бўлмоқда. Ваҳоланки, ривожланишнинг тартибсизлигини «ўзбошимчалик» ва «хаос» деструктив атамаларида талқин қилиш хаосни материянинг тартибли хусусиятлари билан бир қаторда эътироф этувчи ҳозирги замон табиатшунослик ва фалсафий-методологик таҳлил ишловлари билангина эмас, балки Гесиоддан бошлаб хаосга ҳамма нарсанинг асоси деб қарайдиган қадимги тарихий-фалсафий анъана билан ҳам тўқнашади. Қадимги дунёни тушуниш тарзига биноан, хаос шакл ҳосил қилувчи кучга эга бўлиб, «оғиз», «ҳалқум», материянинг дастлабки шаклсиз ҳолати ва дунёнинг бирламчи салоҳиятини англатади, у очилиб, ўзидан жонли мавжудотларни чиқаради. Орадан қарийб йигирма аср ўтгач, дунёни бундай тушуниш олимларнинг хулосаларида ўз аксини топди. Ж. Глейк «Хаос: янги фаннинг яратилиши» асарида жўшқин (динамик) хаоснинг кашф этилиши, моҳият эътибори билан, янги ҳаракат турларининг кашф этилиши билан баробар эканлигини, ўз аҳамиятига кўра физикада материянинг янги элементлари - элементар зарралар, кварклар ва глюонларнинг кашф этилишига тенг туришини қайд этиб ўтди. Хаос тўғрисидаги фан – ҳолатлар тўғрисидаги эмас, балки жараёнлар тўғрисидаги, борлиқ тўғрисидаги эмас, балки шаклланиш тўғрисидаги фандир. Дунёнинг ҳозирги замон илмий манзарасида оқилоналикка онг ва тафаккурнинг олий ҳамда қонунийлик талабларига энг мувофиқ типи, маданиятнинг барча соҳалари учун намуна деб қаралади. У мақсадга мувофиқлик билан тенглаштирилади. Оқилоналикнинг кашф этилиши тўғрисида сўз юритилганида, тафаккурнинг идеал объектлар билан ишлаш қобилияти, сўзнинг дунёни ақлга мувофиқ тарзда ва тушунарли қилиб акс эттириш қобилияти назарда тутилади. Бу маънода оқилоналикнинг кашф этилиши қадимиятга бориб тақалади. Инсоннинг дунёда ўз ўрнини топишининг оқилона усули идеал маънодаги фаолият билан боғлиқ, шунинг учун ҳам оқилоналик реал объектларнинг фақат хаёлда мавжуд бўлган идеал объектларга айланишининг махсус тартибтаомиллари учун жавобгардир. Аммо, идеал объектларни тузиш фаолияти хаёлнинг чексиз парвозига имкон берса, илмий оқилоналик, яъни фан эътироф этувчи идеал объектларни тафаккурда тузиш хаёлнинг мазкур эркинлигини чеклайди. Унга амалда қўллаш учун яроқли билимлар керак, бинобарин, у фақат одамларнинг ҳаёти ва фаолиятида бевосита ёки билвосита, долзарб ёки потенциал тарзда амалий аҳамиятга эга бўлган идеал объектлар ва тартиб-ни эътироф этади. Бир томондан, илмий оқилоналикни фан ва табиатшуносликнинг ривожланиш тарихи, билиш тизимларининг такомиллаштирилиши ва методология билан боғлайдилар. Бунда оқилоналик мантиқийметодологик стандартлар билан «қопланади». Бошқа томондан, оқилоналик ақлга мувофиқлик, ҳақиқийлик билан тенглаштирилади. Бу ерда ҳам ҳақиқий билимнинг мезонлари, асослари ва далилларини аниқлаш, билиш тилини такомиллаштириш муаммолари биринчи ўринга чиқади. Оқилоналикни ягона универсал маънода тушуниш мумкин эмас. Ҳозирги замон методологлари оқилоналикнинг ҳар хил турлари: «очиқ», «ёпиқ», «универсал», «махсус», «юмшоқ» турлари, «ўта оқилоналик» ва бошқаларни, шунингдек ижтимоий, коммуникатив ва институциявий оқилоналикнинг хусусиятларини қайд этиб, «оқилоналик» тушунчаси кўп маъноли тушунча эканлигини эътироф этдилар. Оқилоналик деганда дунёни концептуал-дискурсив тушуниш усуллари, илмий тадқиқот ва фаолият нормалари ва усуллари мажмуи тушунилади. Ўз-ўзидан аёнки, бу оқилоналик билан фан методологиясини тенглаштириш имконини беради. Н.Моисеевнинг фикрига кўра, реаллик (аниқроғи – инсоннинг ўзини қуршаган муҳитни идрок этиши) оқилона схемаларни вужудга келтирган. Улар ўз навбатида методларни яратган, методологияни шакллантирган. Методология эса дунё – Олам (универсум)нинг манзарасини оқилона тарзда чизиш имконини берувчи воситага айланган. Оқилона онгнинг мазкур шаклларига реалликка мумкин қадар. Агар дунёнинг классик манзараси нуқтаи назаридан оқилоналикнинг предметлилиги деганда авваламбор объектнинг предметлилиги тушунилса, ноклассик оқилоналикнинг предметлилиги деганда инсоннинг ўзи фаолият кўрсатаётган реалликка пластик, муносабати тушунилади. Биринчи ҳолда биз Борлиқнинг предметлилигига, иккинчи ҳолда эса – Шаклланишнинг предметлилигига дуч келамиз. Вазифа – уларни бирлаштиришдан иборат. Оқилоналикнинг постноклассик қиёфасида оқилоналик тушунчаси «фаннинг оқилоналиги» тушунчасидан анча кенг, чунки у нафақат мантиқий- методологик стандартларни, балки инсоннинг оқилона, изчил ҳаракатлари ва хулқ-атворини таҳлилдан ўтказишни ҳам ўз ичига олади. Фан фалсафасида юзага келган плюрализм ғояси оқилоналикни алоҳида парадигмаларнинг технологияларига сингдириб юборади. П.Гайденконинг таъбири билан айтганда, бир тафаккур ўрнида оқилоналикнинг кўплаб турлари вужудга келади. Бир қанча муаллифларнинг фикрига кўра, оқилоналик ривожланишининг постноклассик босқичи билим нафақат билиш воситалари, балки фаолиятнинг қадрият ва мақсадлари билан ҳам ўзаро нисбатлашганлиги билан тавсифланади. Оқилоналикнинг янги постноклассик типи янги тушунчалар: чизиқсизлик, қайтмаслик, номувозийлик, тартибсизлик ва бошқа тушунчалардан фаол фойдаланади. «Оқилоналик» тушунчасининг янги, кенгайтирилган ҳажмига интуиция, ноаниқлик, эвристика ҳамда классик рационализм учун анъанавий бўлмаган бошқа прагматик хусусиятлар, масалан, фойда, қулайлик, самарадорлик киритилган. Янги оқилоналикда объект соҳаси унга «сунъий интеллект», «виртуал воқелик», «киборг- муносабатлар» сингари тизимлар киритилиши ҳисобига кенгаяди. Объект соҳасининг тубдан кенгайиши унинг тубдан «инсонийлашиши» билан мувозий тарзда кечади. Инсон дунёнинг манзарасига унинг фаол иштирокчиси сифатидагина эмас, балки тизим ҳосил қилувчи тамойил сифатида ҳам киради. Бу инсоннинг тафаккури объектнинг предметли мазмуни билан қўшилиб кетишини билдиради. Шунинг учун ҳам постноклассик оқилоналик – субъективлик ва объективликнинг бирлиги шароитида тушинилади. У ижтимоиймаданий мазмун ҳам касб этади. Субъект ва объект тушунчаларининг элементлари фақат бир-бири ва бутун тизим билан боғлиқликда маънога эга бўладиган тизимни ҳосил қилади. Мазкур тизимда қадимият давридаёқ илгари сурилган инсон ва дунёнинг маънавий бирлиги ғоясини кўриш мумкин. Оқилоналик ғояси рефлексиз назорат ва объективлаштирувчи моделлаштириш тарзида «ёпиқ оқилоналик» режимида юкланган изчил мўлжаллар асосида айниқса кўп рўёбга чиқарилади. Шунинг учун ҳам баъзан оқилоналик муваффақиятли мақсадга мувофиқ ёки изчил фаолият билан боғлиқ деб кўрсатилади. Тадқиқотчилар «ёпиқ» оқилоналикка танқидий ёндашадилар. Алоҳида парадигмаларнинг «ёпиқ» оқилоналик режимида фаолият кўрсатувчи асосларни мутлақлаштириш ва догмалаштириш ҳозирги онгда оқилоналик ғоясини унинг маънавий мезонларидан, инсон ва дунё муносабатларини уйғунлаштириш билан боғлиқ истиқболлардан маҳрум этади. Аммо «ёпиқ» оқилоналикда оқилона бўлган нарсалар «очиқ» оқилоналикда ўзининг бу хусусиятини йўқотади. Масалан, ишлаб чиқариш муаммоларининг ечимлари экологик муаммолар нуқтаи назаридан доим ҳам оқилона бўлавермайди. Ёки фан нуқтаи назаридан оқилона бўлмаган фаолият бошқа нуқтаи назардан, масалан, илмий даража олиш нуқтаи назаридан оқилона бўлиши мумкин. Очиқ оқилоналикнинг эвристик ғояси фаннинг тадрижий ривожланишини, таҳлил аппарати, ҳақиқатни излаш жараёнини тушунтириш ва асослаш усуллари муттасил такомиллашиб борганлигини акс эттиради. Шу билан бирга, ҳозирги фанлар дунёнинг илмий манзарасини яратишда жиддий ютуқларга эришганига қарамай, учинчи мингйиллик фан гравитация, ҳаётнинг вужудга келиши, онгнинг пайдо бўлишини мувофиқ тарзда тушунтиришга, майдоннинг ягона назариясини яратишга ва бугунги кунда тан олинаётган парапсихологик ёки биоэнергетик-ахборот ўзаро таъсирларини қониқарли тарзда асослашга муваффақ бўлмоқда. Дунёнинг фалсафий, диний ва илмий манзараларининг ўзаро нисбати. Дунёнинг фалсафий, диний ва илмий манзаралари масаласи ўта баҳсли масалалардан биридир. Аввало, дунёнинг манзараси тушунчасини аниқлаб олиш лозим. Дунёнинг манзараси – дунёни, шу жумладан унда яшаётган инсонни яхлит кўриш усули. Дунёнинг манзарасини аниқлаш зарурати дунё ҳақида синтетик, яхлит тасаввур ҳосил қилиш, фалсафа, фан ва диннинг табақаланиши оқибатларини бартараф этишга уриниш билан боғлиқ. Шу нуқтаи назардан фалсафа олами, фан олами ва дин олами дунёнинг фалсафий, илмий ва диний манзаралари сифатида амал қилади. Умумий ҳолда улар дунёнинг яхлит манзарасини ташкил этади. Фалсафа, фан ва дин ўртасидаги муносабатлар доим анча кескин бўлган ва ҳозир ҳам шундай. Асрлар оша давом этиб келаётган баҳслар инсон фалсафани ҳам, фанни ҳам, динни ҳам ўзлаштиришидан далолат беради. Улардан ҳар бирининг асоссизлигини исботлашга уринишлар кўп бўлган. Бироқ бу уринишларнинг бирортаси ҳам пировардида кўзланган мақсадга эришмаган. Ҳозирги даврда фан, ҳеч шубҳасиз, етакчилик қилади. Жамият фансиз иш кўра олмайди. Бироқ, шунга қарамай, учун инсон дин ва фалсафасиз ҳам яшай олмайди Фан билан бир қаторда фалсафанинг зарурлиги, биринчидан, унинг ўзи ҳам илмий эканлиги; иккинчидан, у борлиқнинг муҳим масалаларига эътибор бериши; учинчидан, оқилона (илмий) ва мистик (диний) муқобилларнинг номуайянлигига барҳам беришга уриниш билан изоҳланади. Фалсафа билан бир қаторда диннинг зарурлигини унинг намоёндалари ва билимдонлари шу билан изоҳлашга ҳаракат қиладики, фаннинг энг сўнгги дарвозаси ортида инсон Илоҳий эътиқод билан юзма-юз келади (М.Бубер). Таниқли немис илоҳиётчиси Г.Кюнг фикрига кўра, диннинг келажаги бор. У ўз фикрини асослаш учун катта адабий материални умумлаштирувчи олти далил келтиради. Биринчидан, адолатсизликларга тўла ҳозирги дунё одамларни бошқа дунёни қўмсашга мажбур қилмоқда. Иккинчидан, турмуш қийинчиликлари қўяётган ахлоқий масалалар ўз-ўзидан диний масалаларга айланмоқда. Учинчидан, секуляризация (черков таъсиридан халос бўлиш) жараёнлари қай даражада ўринли бўлмасин, атеизм мафкураси рад этилади. Тўртинчидан, дин борлиқнинг мутлақ мазмунига нисбатан муносабатнинг ижтимоий ривожланишини англатади. Бешинчидан, борлиқнинг бу мазмуни Худо сифатида тушунилади. Олтинчидан, борлиқнинг асосий мазмуни Худода эмас, балки бошқа нарсада – миллатчилик шароитида миллатда, миллийсоциализм шароитида халқда, ирқчилик шароитида ирқда, партиявий тоталитаризм шароитида партияда, сциентизм шароитида фанда кўрилган ҳолда сохта дин аниқ-равшан кўзга ташланади (П.Тиллих фикрига кўра). Бу далилларни келтиргач, Кюнг диққатга сазовор хулоса чиқаради: келтирилган далиллар Худо чиндан ҳам мавжудлигини исботламайди. Бу ерда Худо ҳақидаги масалани ва Худонинг ўзини бир-биридан ажратиш лозим. Диндор одам Худо ҳақидаги масаланинг Худонинг борлигини тасдиқлаш билан ўз ечимини топади. Аммо бу масалага нисбатан бошқа бир ёндашув ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра диний мавзуларга эътибор Худога эътиқод билан боғланмайди ёки Худонинг борлиги узил-кесил исботланмаганлиги кўрсатилади. Яъни курашчан атеизм дин масалаларига бефарқ, оддий атеизм, диннинг ўринлилигини, шунингдек унинг ижобий томонларини тан олувчи атеизмни бир-бирига тенглаштириш мумкин. Инсоннинг динга муносабати узил-кесил «ҳа» ёки «йўқ» сўзлари билан ифодаланмайди. Бу инсоннинг фалсафа ва фанга муносабатига ҳам хос. Масалан, инглиз файласуфи Б.Рассел динга қарши муросасиз кураш олиб борган, фалсафани эса фандан паст ўринга қўйган. Гегель фалсафани ҳамма нарсадан устун билган, лекин фан ва динни иккиламчи деб ҳисоблаган. Ницше динга ҳам, фанга ҳам, фалсафага ҳам анча танқидий ёндашган. В.Соловьев динни фалсафа ва фандан устун қўйган. Хайдеггер фалсафани кўкларга кўтарган, фанни танқид қилган ва динга анча лоқайд қараган. Шундай қилиб, дунёнинг диний, фалсафий ва илмий манзаралари бирга мавжуддир. Бу – исбот талаб қилмайдган далил. Шу муросаи мадора ва ҳамкорлик қонунларига биноан иш кўришга мажбур бўлган инсоният дунёнинг ягона манзарасини яратишга ҳаракат қилади. Бу ниятни рўёбга чиқаришда фалсафа, ҳеч шубҳасиз, муҳим рол ўйнайди. Дарҳақиқат, фан ҳар қандай ноилмий билим, шу жумладан диндан ҳам мумкин қадар узоқлашишга ҳаракат қилади. Бироқ дин вакиллари ҳам фандан жуда узоқда турадилар; динни фан изига туширишга ҳали ҳеч ким муваффақ бўлмаган. Бу шароитда фалсафа алоҳида ва жуда муҳим рол ўйнайди. У илмий билим соҳасида ҳам, ноилмий билим соҳасида ҳам ўзини яхши ҳис қилади, иккала соҳа билан ҳам музокара олиб бора олади. Умуман олганда, дунёнинг уч манзараси бир-бирига зид эмас, балки бир-бирини тўлдиради, деб айтиш мумкин. Бироқ бунда бирбирини тўлдириш хусусиятини ҳисобга олиш лозим. Фан ва фалсафанинг ўзаро нисбатига назар ташласак, улар бирбирини кучайтиришининг гувоҳи бўламиз. Фалсафага фан ва фанга фалсафа қанча қўшилмасин, улар фақат кучаяди. Фан ва диннинг ўзаро нисбати ҳақида бундай дейиш мушкул. Фанга олиб кирилган диний мотивлар унга путур етказади, шу сабабли олимлар бундай киритишга қарши чиқадилар. Айни вақтда, динга киритилган фан унсурлари уни сезиларли даражада заифлаштириши мумкин, чунки улар ваҳий ғоясини рад этади. Фалсафа ва дин муносабатларида иккала тараф ҳам айрим ҳолларда бир-бирини кучайтиради (масалан, дунёга ахлоқий муносабатни ривожлантириш борасида), айрим ҳолларда эса – заифлаштиради (масалан, мутлақ шахс тамойилларини ҳар хил тушуниш орқали). Ижтимоий билишда дунёнинг манзараси. Ижтимоий фанлар методологияси учун дунёнинг манзараси тушунчасининг муҳимлиги тобора теранроқ англанмоқда. Ўз навбатида, ижтимоий-гуманитар фанларнинг ривожланиши дунёнинг илмий манзарасига ижтимоий элементни тобора фаолроқ киритмоқда. Дунёнинг манзараси ва дунёқараш тушунчаларининг яқинлигини Д.Дильтей қайд этади, чунки инсон билимининг изчил қонуний ишлаши натижасида юзага келувчи у ёки бу дунёнинг манзарасига мувофиқ дунёнинг маъноси ва мазмуни ҳақидаги масалалар ҳал қилинади, ҳаётнинг асосий тамойиллари келтириб чиқарилади. Умуман олганда, гарчи дунёқарашлар тасодифий бўлиб туюлса-да, уларнинг ҳар бирида дунёнинг манзараси, ҳаётга муносабат ва мақсадлар ўртасида муттасил алоқа мавжуд. Бироқ дунёқараш фақат тафаккур маҳсули эмас ва билимнинг хоҳиш-иродаси натижасидагина юзага келмайди. У ҳаёт тажрибаси ва нуқтаи назар, бутун руҳий яхлитлик структурасининг ҳам маҳсулидир. Дильтей дин, поэзия ва адабиётдаги дунёқараш типларини, шунингдек алоҳида типни – дунёқараш оқилона боғланган яхлитлик даражасига кўтарилган, илмий асосланган ва айрим фанларнинг методологик усуллари доирасидан четда чиқиб, умумий аҳамиятга моликликка даъвогар бўлган ҳолда юзага келувчи метафизикани таҳлил қилади. Шу нарса диққатга сазоворки, Дильтей дунёнинг манзараси тушунчасидан руҳ (маданият) ҳақидаги фанларни таҳлил қилишда фойдаланган ва шу сабабли бу ҳодисани ҳаёт, мақсад, инсон-субъект каби асосий моҳиятларга киритган. Унинг инсонни ўрганишга нисбатан ҳар хил ёндашувлар ва типлар таҳлили – юнонларнинг моддий метафизикаси, римликларнинг эркин нуқтаи назари, ҳаётнинг диний идеаллари ва уларнинг ўзгариши, «ҳаётдаги хулқ-атвор назарияси», XVI-XVII асрлар маданиятида антропологиянинг асосий турларини аниқлаш – буларнинг барчаси пировард натижада инсоннинг дунёга, дунёдаги ўз ўрнига муносабатлари ҳар хил шаклларини ўрганиш, дунёнинг маданий-тарихий манзарасида инсонни ифодалаш усулларидир 2 . Буларнинг барчаси маданият ҳақидаги фанларда дунёнинг манзарасини инсон омилига эътибор бермасдан, унинг дунёдаги ўрнини ва бу дунёни кўриш усулларини англаб етмасдан тушуниш мумкин эмаслигини кўрсатади. Бу ерда дунёнинг табиийилмий манзарасидаги каби субъект ва дунё қарама-қарши қўйилмайди, бироқ инсонни ҳам ўз ичига олувчи дунёни тушуниш типлари тавсифланади. Масалан, илк Византия маданиятида инсон дунёни мактаб сифатида тушунган. Тарихий вақт ҳам, айрим ҳаётнинг биографик вақти ҳам «инсонни тарбиялаш йўли билан ўзгартириш» вақти сифатидагина маъно касб этган; ойкумена макони жаҳони мактаби учун жой сифатида қаралган. Тавротда ифодаланган тарих бунда «муаллимлар» - Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Сулаймон ва пайғамбарларнинг алмашиш тарихи сифатида талқин қилиниши мумкин бўлган. Бу мактабларда Худо бош муаллим саналган. Нафақат тарих педагогик жараён сифатида, балки табиат ҳам ўзига хос «дидактик қўлланма» сифатида, энг муҳими – «ахлоқ фани»дан қўлланма сифатида намоён бўлган. Зотан, табиат Худонинг маҳсули бўлиб, унинг қонунлари, ахлоқ қонунлари каби, ягона манбага эгадир. Бундай дунёда инсон – ўз Муаллими сабоқларини тиришқоқлик билан ўзлаштирувчи «ўқувчи», диний матнлар ва маданият матнлари эса доим «сабоқ» беради, сўз ва китоб бундай дунёнинг манзарасида алоҳида ўрин эгаллайди. 3 «Маданият ва дунёнинг манзарасида инсон» фундаментал муаммосининг шахсий билимга яқин бўлган бошқа бир жиҳатини Л.Витгенштейн тадқиқ этган. Биз болалигимиздаёқ ўзлаштирган дунёнинг манзараси шахсий билим соҳасига мансуб бўлиб, шакшубҳасиз ва инсонга умр бўйи йўлдош деб қабул қилинувчи эмпирик ибораларнинг алоҳида типидан ташкил топади. Бу иборалар узвий хоссаларга, аввало кўпгина одамларга тегишли умумий билимнинг тизимлилиги билан боғланувчи тизимлиликка эга бўлади; шу сабабли айрим билим – индивидуал дунёнинг манзараси умумий билим 2 ª: Дильтей В. Воззрение на мир и исследование человека со времен Возрождения и Реформации. – М., 2000. 3 ª: Аверинцев С.С. Поэтика ранне-византийской литературы. – М., 1997. контекстида олинган мазмун ва аҳамият касб этади. Қабул қилинувчи эмпирик ибораларнинг бошқа бир хусусияти уларнинг яширин тарзда мавжудлиги бўлиб, дунёнинг манзараси ҳам шундай хусусиятга эгадир, чунки у билишнинг ўз-ўзидан равшан асоси ҳисобланади. Витгенштейн фикрига кўра, дунёнинг манзарасини болаликда катталарнинг гапларига кўра ўзлаштириш соф билиш амали эмас, балики «ҳаёт шакллари»дан биридир. Шундай қилиб, болаликдан ўзлаштирилган дунёнинг манзараси биз учун у махсус асослангани туфайли эмас, балки мулоқот ва таълим жараёнида, «одамлар орасида борлиқ»нинг оқибати сифатида тўғри деб қабул қилингани учун ишончлидир. Шубҳа ишончдан кейин туғилади ва бу, хусусан, кейинчалик дунёнинг илмий манзараси ўзлаштирилишида намоён бўлади. Бироқ уни қабул қилишда ҳам ишонч элементлари мавжуд. Аммо бу одатдаги ишонч эмас, балки шаклланаётган муайян илмий парадигма доирасидаги ишончдир. Дунёнинг манзарасига кирувчи маданият ва жамият ҳақидаги билимларни илмий тизимга солиш эҳтиёжи ижтимоий билишда махсус тадқиқотларга сабаб бўлди. М.Вебернинг назарий-социологик асарларидаги дунёнинг манзаралари ҳам инсонни ўз ичига олади; улар аввало манфаатлар инсон ҳаракатларини олға сурувчи йўлларни белгилайдиган «йўл кўрсатувчилар» сифатида тушунилади. Вебер оқилоналик типларини қиёсий-тарихий ўрганиш жараёнида дунёнинг уч умумий ва ривожланган манзараларини таққослайди, уларни инсоннинг дунёга муайян ахлоқий-амалий муносабати сифатида талқин қилади. Биринчи манзара – бу диний-фалсафий қарашларнинг конфуцийчилик ва даочилик типига асосланган, дунёга мослама сифатида ёндашишни белгилайдиган дунёнинг манзараси; иккинчи дунёнинг манзараси индуизм ва буддизм ғояларига асосланган бўлиб, ҳаётдан ажралганликни тарғиб қилади; иудаизм ва христианлик ғоялари асосланган ва Европа маданиятига Яқин Шарқдан кириб келган учинчи дунёнинг манзараси инсоннинг дунёга уни ўзлаштириш нуқтаи назаридан ёндашишини белгилайди. Қайд этилган манзараларнинг ҳар бири оқилоналикнинг тегишли типи ва турмуш тарзини назарда тутади. Бу ғоялардан Вебер, хусусан, протестантча ахлоқ ва «капитализм руҳи»нинг мураккаб ўзаро муносабатларини тадқиқ этишда фойдаланди. У дунёнинг манзараси ҳодисасини нафақат фалсафада ва маданият ҳақидаги фанларда, балки «тушунувчи социология»да ҳам англаб етишга асос солади, бу эса дунёнинг илмий манзараси ҳақидаги тасаввурларни сезиларли даражада бойитди. Дунёнинг лингвистик манзараси дунёнинг манзараси тушунчасининг янги жиҳатлари «тил ва дунёнинг илмий манзараси» муаммосини ўрганиш жараёнида аниқланди. Масалан, дунёнинг илмий манзараси тушунчасини лингвистикага киритиш тилга инсон таъсирининг ҳар хил турларини, хусусан тилга дунёнинг турли манзаралари – диний-мифологик, фалсафий, илмий, бадиий манзараларнинг таъсирини аниқлаш имконини беради. Маълум бўлишича, тил икки жараёнда бевосита иштирок этади: унинг заминида инсондаги дунё манзарасининг энг теран қатламларидан бири – дунёнинг лингвистик манзараси шаклланади; тил махсус лексика орқали дунёнинг бошқа манзараларини, тегишли равишда, ўзга маданият элементларини киритади. Дунёнинг ҳар бир манзараси тилга нисбатан ўз ёндашувини ва унинг амал қилиш принципларини белгилайди. Дунёнинг турли манзараларидаги тилга нисбатан ҳар хил ёндашувларни ўрганиш ва таққослаш тил табиатини билишнинг янги йўлларини кўриш имконини беради. Дунёнинг концептуал ва лингвистик манзараларининг ўхшаш жиҳатлари ва фарқлари, шунингдек уларнинг ўзаро алоқаси хусусияти алоҳида муаммони ташкил этади. Биринчи манзара умумий назарий ва мантиқий хусусият касб этса ва тафаккурнинг ҳар хил типларига асосланган бўлса, иккинчи манзара жонли сўзлашув тиллари воситалари билан мустаҳкамланган дунё ҳақидаги ҳар хил, шу жумладан одатдаги ахборотни ифодалайди. О.А.Корнилов дунёнинг илмий ва лингвистик манзаралари тушунчалари нисбатининг ўз талқинини таклиф қилган бўлиб, у инъикос субъектлари ва объектларининг ўхшаш эмаслиги, шунингдек ташқи дунё инъикосларидан ҳар бирининг бу дунё билан ўзаро нисбати хусусияти билан ажралиб туради. Ўз-ўзидан равшанки, дунёнинг илмий манзараси тушунчаси ҳажман ҳақиқий дунёдан доимо кичкинадир, бироқ у билан мос тушишга ҳаракат қилади ва илмий билимнинг ўсиши билан ўзгаради. Айни вақтда дунёнинг лингвистик манзараси объектив дунё билан ўхшашликка интилмайди, у билан қисман кесишади, афсонавий ва субъектив-нисбий категориялар ёрдамида тавсифлайди ва шу аснода ўзи акс эттираётган дунёдан ҳам каттароқ шакл- шамойил касб этади. Бу категориялар миллий тилнинг дунё лингвистик манзарасини ташкил этади, уларнинг мажмуи эса дунёнинг миллий образини яратадики, бу «дунёнинг миллий лингвистик манзараси» тушунчасини киритиш учун асос бўлади. 4 Ижтимоий билим учун муҳими шундаки, дунёнинг илмий ва лингвистик манзаралари инсон маданияти, ҳаёт фаолиятининг интеграциялашув воситаси ҳисобланади, инсон билими, хулқ-атвори, хўжалик юритиш шакли, турмуш тарзи, дунёни кўриш ва идрок этиш «мантиқи»нинг негизини ташкил қилади. Бу тарихий-маданий тадқиқотлар учун айниқса муҳим аҳамият касб этади. Маданият тарихчиси фақат тасаввур ва интуицияга таяниши мумкин эмас, бироқ у холисона ёндашувни кафолатловчи илмий методларга мурожаат этиши лозим. Уларнинг энг муҳими вақт, макон, ўзгариш, сабаб, тақдир, эркинлик, ҳуқуқ, меҳнат, мулк каби универсал («космик») ва ижтимоий категорияларни аниқлашдир. Бу универсал категориялар дунёнинг «координаталар тўри»ни, унинг ўзига хос «модели» ёки манзарасини ташкил этади. Унинг ёрдамида борлиқ идрок этилади ва инсон онгида дунёнинг образи яратилади. 4 ª: Корнилов О.А. Языковые картины мира как производные национальных менталитетов. – М., 1999. Мазкур ёндашувнинг самаралилигини таниқли тарихчи А.Я.Гуревич ўз асарларида исботлашга ҳаракат қилган. У ўрта аср одамининг онги, ақлий ва умумий мўлжаллари ва одатларини дунёнинг манзараси тушунчаси ва маданият категориялари ёрдамида таҳлил қилган. Айни вақтда дунёнинг илмий манзараси ижтимоий фанларнинг асосий тушунчаси сифатида ривожланган, бу аввало макон ва замон категорияларининг қўшимча маънолари аниқланишида намоён бўлган. Тарихчилар уни одатда «материянинг мавжудлик шакли» деб тушунганлар, бироқ бу категориялар табиат ва жамиятга нисбатан тенг даражада татбиқ этилиши мумкин бўлмаган, чунки улар нафақат амалда мавжуд, балки турли цивилизациялар, жамият қатламларида, жамият ривожланишининг турли босқичларида, турли индивидлар томонидан субъектив даражада ҳар хил англанади ва тасаввур қилинади. Буни лингвистика, этнология, санъат тарихи, адабиётшунослик, психология маълумотлари тасдиқлайди, шунингдек у тарихи фани, маданият тарихи учун муҳим аҳамият касб этади. Айтайлик, ўрта асрда инсоннинг табиатга нисбатан муносабати бу субъектнинг объектга нисбатан муносабати эмас, балки ташқи дунёда ўзини топиш, космосни субъект сифатида идрок этишдир. Инсон табиатга ўз жиҳатлари ва хусусиятларини маълум қилиб, ўзини унга ўхшатган, маконнинг бир қисми билан ички алоқани ҳис этган. Гуревич асарлари билан тарих бўйича тадқиқотларга дунёнинг илмий манзараси тушунчаси кириб келди, унинг ижтимоий-психологик элементлари билан бойиди. 5 Дунёнинг бадиий манзараси тушунчаси дунё ва борлиқни ўзлаштиришнинг эмоционал-ҳиссий усули сифатида шаклланмоқда. Бу усул билим ва образларни, умуман санъатнинг ҳар бир турига хос бўлган лексик, символик воситаларни ўзида мужассамлаштиради. У санъатни комплекс ва изчил ўрганиш жараёнида вужудга келади; унинг синонимлари – дунёнинг бадиий модели, дунёни кўриш, дунё образи кабилардир. Асосий ғоя, жанр ҳаётга муносабат типи сифатида, муҳим мавзулар ва образлар, бадиий 5 ª: Гуревич А.Я. Категории средневековой культуры. – М., 1984. ифодалаш воситаларининг тизимлари дунёнинг бадиий манзараси ички элементлари сифатида қаралади. Фанда кашф этилган ёки сунъий яратилган янги «материаллар», дунё ҳақидаги тасаввурда ўзгариш ясаган структуралар ва энергиялар санъатнинг барча турларини бойитади, бу ерда дунё ҳақидаги янгича тасаввур рассомлар, ҳайкалтарошлар, архитекторларнинг кинетик, пластик ва рангтасвирдаги ечимларида, овоз параметрларининг эмансипацияси ва электрон компьютер-акустик мусиқада, компьютер графикасида ғайриоддий воситалар билан ифодалана бошлади. Бу ҳодисаларни Л.Г.Бергер дунёнинг бадиий манзараси ва дунёнинг умумий ва махсус илмий манзаралари ўзаро нисбати муаммоси муносабати билан дунё манзарасининг образли аналоги сифатидаги «бадиий эпистема» тушунчаси ёрдамида муфассал ўрганади. Бу санъат услубида, бадиий композицияни яратиш тамойиллари ва методларида гавдалантирилган дунёнинг кўламли образидир. Бунда кўлам макон ва вақтнинг бирлиги сифатида тушунилади. Ҳатто фанда ҳам олимлар гипотезалар, назариялар, математик моделлар ва формулалар ёрдамида дунёвий борлиқ чегараларидан ташқарига – тасаввур маконига чиқадилар. Бадиий эпистемада бу инсон онгининг теран ва фаол идроклари, дунё ҳақидаги рефлексияси ифодаланишига, космик муҳит барқарорлиги ва Олам образининг кўп маънолилиги англаб етилишига, хуллас, услубий уйғунликларнинг кўп сонлилигига, полистилистикага олиб келди. 6 Дунёнинг бадиий манзарасининг янгича талқини ўз даври ва маданиятининг кўламли образини яратувчи бадиий услубнинг функционал билиш структураси сифатида намоён бўлади. 6 ª: Бергер Л.Г. Эпистемология искусства. – М., 1997. Адабиётлар: 1. Назаров Қ. Билиш фалсафаси. -Т.: Университет, 2005. 2. Шермухамедова Н.А. Фалсафа ва фан методологияси. -Т.: Университет, 2005. 3. Творческая природа научного познания. – М.: 1984. 4. Фармак И.П. Воображение в структуре познания. – М.: 1994. 5. Степин В.С. Становление научно теории. – Минск, 1976. 6. Рузавин И.Н. Теоретическое знание. Проблемы генезиса и различия форм. – Ростов-на-Дону, 1989.