logo

1 Янги ва энг янги давр фалсафаси

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

328 KB
Янги ва энг янги давр фалсафаси Режа: 1. Янги давр фалсафасининг табиий-илмий асослари. 2. Янги давр Ғарб ва Шарқ фалсафасидаги асосий муаммолар (онтология ва гносеология). 3. Ренэ Декарт 4. Бенедикт (Барух) Спиноза 5. Готфрид Вильгельм Лейбниц 6. Иммануил Кант 7. XVIII аср Европа фалсафасининг маърифий хусусияти. 8. Дэвид Юм 9. Жорж Беркли 10. Шарль Луи Монтескье 11. Поль Генрих Дитрих Гольбах 12. Дени Дидро 13. Иммануил Кант 14. Гегель Георг Вильгельм Фридрих 15. Постпозитивизм 16. Томас Кун 17. Карл Поппер           Янги давр фалсафасининг табиий-илмий асослари.   XVII асрдан  бошлаб табиатшунослик  жадал  суръатларда  ривожланади.  Денгизларда  кемаларнинг юришига  эҳтиёжнинг  ортиши  астрономиянинг  ривожланишини,  шаҳарсозлик, кемасозлик,  ҳарбий  иш  – математика  ва  механиканинг  ривожланишини белгилайди.  Янги  фан  аввало  моддий  ишлаб  чиқариш  амалиётига: тўқимачилик  саноатида  машиналар  ихтиро  қилинишига,  кўмир  ва металлургия  саноатида  ишлаб  чиқариш  қуролларининг  такомиллашувига таянади.  Э.Торричелли  ҳаво  босими  мавжудлигини  экспериментал  йўл  билан аниқлади,  симобли  барометр  ва  ҳаво  насосини  ихтиро  қилди.  И.Ньютон механиканинг  асосий  қонунларини,  шу  жумладан  бутун  олам  тортишиш қонунини  таърифлади.  Р.Бойль  кимёда  механикани  қўллади  ва  кимёвий элемент  тушунчасини  ишлаб  чиқди.  Инглиз  физиги  У.Гильберт  магнит хоссаларини  ва  унинг  амалда  қўлланилишини  ўрганди.  В.Гарвей  қон айланишини  кашф  этди  ва  унинг  ролини  эмпирик  усулда  тадқиқ  этди. Р.Декарт  ва  Г.Лейбниц  математика,  механика,  физика  ва  физиологиянинг ривожланишига  улкан  ҳисса  қўшди.  Ижтимоий  фанларда  табиий  ҳуқуқ назарияси  ишлаб  чиқилди  (Англияда  Т.Гоббс,  Голландияда  Г.Гроций).           Фаннинг  бундай  ривожланиши  ўз  даврининг  фалсафасига  ҳам  таъсир кўрсатмай  қолмади.  Фалсафада  схоластика  ва  диндан  узил-кесил  ажралиш  юз берди:  диний  ақидаларнинг  ҳукмронлигига,  черковнинг  таъсири  ва  тазйиқига қарши  курашда  ақлнинг  ҳар  нарсага  қодирлиги  ва  илмий  тадқиқотнинг  чексиз имкониятлари  ҳақидаги  таълимот  вужудга  келди.           Янги  давр  фалсафасига  аввало  табиатшуносликдан  келиб  чиқадиган кучли  материалистик  тенденция  хос.           XVII  асрда  Европанинг  йирик  файласуфлари  қаторига  Ф.Бэкон,  Т.Гоббс  ва Ж.Локк  (Англия),  Р.Декарт  (Франция),  Б.Спиноза  (Голландия),  Г.Лейбниц (Германия)  киради.             Янги давр Ғарб ва Шарқ фалсафасидаги асосий муаммолар (онтология ва гносеология). Янги  давр,  аввало  XVII  аср  фалсафасида  онтология,  яъни борлиқ  ва  субстанция  ҳақидаги  таълимотга  катта  эътибор  берилади  (айниқса ҳаракат,  макон  ва  вақт  тўғрисида  сўз  юритилганда).           Фан  ва  фалсафанинг  вазифаси  –  инсоннинг  табиат  устидан ҳукмронлигини  кучайтиришга,  инсон  соғлиғи  ва  гўзаллигига  кўмаклашиш, ҳодисаларнинг  сабабларини,  уларнинг  муҳим  кучларини  ўрганиш  зарурлиги англаб  етилишига  олиб  келган.  Шу  сабабли  субстанция  ва  унинг  хоссалари муаммолари  Янги  даврнинг  деярли  барча  файласуфларини  қизиқтирган.           Бу  давр  фалсафасида  «субстанция»  тушунчасини  тавсифлашга  нисбатан икки  хил  ёндашув  пайдо  бўлган:  биринчи  ёндашув  субстанцияни  борлиқнинг чегаравий  асоси  сифатида  онтологик  тушуниш  билан,  иккинчи  ёндашув  – «субстанция»  тушунчасини,  унинг  илмий  билим  учун  зарурлигини  гносеологик жиҳатдан  англаб  етиш  билан  боғлиқ.           Френсис Бэкон  (–  инглиз  файласуфи  1561-1626)  биринчи  ёндашув асосчиси  субстанция  шаклларининг  хусусиятларига  тавсиф  берган  ва субстанцияни  муайян  нарсалар  шакли  билан  айнийлаштирган.  Унинг  фикрича, материя  сариқлик,  мовийлик,  қорамтирлик,  илиқлик,  оғирлик  ва  бошқа  шунга ўхшаш  хоссаларга  эга.  Булар  материянинг  энг  содда  хусусиятларидир.  Бу хоссаларнинг  турли  бирикмаларидан  табиатнинг  ранг-баранг  нарсалари вужудга  келади.           Материянинг  сифат  жиҳатидан  ҳар  хиллиги  ҳақидаги  таълимотни Ф.Бэкон  ўзининг  шакл  ва  ҳаракат  ҳақидаги  таълимоти  билан  ривожлантирган. Унинг  талқинида  шакл  – бу  нарсага  хос  бўлган  хусусиятнинг  моддий  моҳияти. У  Платон  ва  Аристотелнинг  шакл  ҳақидаги  мушоҳадалари  билан  баҳсга киришади.  Бэкон  фикрига  кўра,  шакл  – жисмни  ташкил  этувчи  моддий зарралар  ҳаракатининг  тури.  Аммо  бу  зарралар  атомлар  эмас.  Ф.Бэкон қадимги  файласуфларнинг  материянинг  атомистик  тузилиши  ҳақидаги таълимотига,  айниқса  бўшлиқнинг  мавжудлиги  ҳақидаги  таълимотига танқидий  ёндашади.  У маконни  бўшлиқ  деб  ҳисобламаган:  Бэкон  учун  макон материянинг  доимий  ўрни  билан  боғлиқ  бўлган.  Амалда  у маконни  моддий объектларнинг  кўламлилиги  билан  айнийлаштирган.  Вақтни  Бэкон  моддий жисмлар  тезлигининг  объектив  ўлчови  сифатида  тавсифлаган.  Вақтнинг моҳиятини  тушунишга  нисбатан  мазкур  ёндашув  диққатга  сазовордир,  зеро вақт  материянинг  моддий  жисмларда  юз  берувчи  ўзгаришларнинг давомлилигидан   иборат   бўлган   ва   бу   ўзгаришларнинг   суръатини тавсифлайдиган  ички  хоссаси  сифатида  эътироф  этилади.  Шундай  қилиб,  вақт ҳаракат  билан  уйғун  боғланади.           Бэкон  фикрига  кўра,  ҳаракат  – материянинг  туғма  хоссаси.  Материя қандай  абадий  бўлса,  ҳаракат  ҳам  шундай  абадийдир.  У  ҳаракатнинг табиатдаги  19  тури  ёки  шаклини  қайд  этган:  тебраниш,  қаршилик,  инерция, интилиш,  кучланиш,  ҳаёт  руҳи,  азобланиш  ва  б.  Бу  шакллар  амалда  ўша даврда  фанда  айниқса  мукаммал  ўрганилган  материя  ҳаракати  механик шаклларининг  хусусиятлари  бўлган.  Айни  вақтда  Ф.Бэкон  моддий  дунёнинг кўп  сифатлилигини  ўрганиш  ва  тушунтиришга  ҳаракат  қилган.           Ф.Бэкон  билишнинг  эмпирик  методи  асосчиси  ҳамдир.  У тажрибага асосланган  фанлар,  кузатиш  ва  экспериментга  алоҳида  эътибор  берган. Билимлар  манбаи  ва  уларнинг  ҳақиқийлиги  мезонларини  тажрибада  кўрган. Билишга  ташқи  дунёнинг  инсон  онгидаги  инъикоси  сифатида  ёндашар  экан,  у билишда  тажриба  ҳал  қилувчи  рол  ўйнашини  қайд  этган.  Аммо  файласуф билишда  ақлнинг  ролини  ҳам  инкор  этмаган.             Томас  Гоббс  (инглиз  файласуфи  1588-1679)  томонидан  Ф.Бэконнинг материалистик  қарашлари  тизимга  солинган  ва  ривожлантирилган.  Гоббс материяга  бирдан-бир  субстанция  сифатида  ёндашган,  барча  ҳодисалар, нарсалар,  жараёнларни  бу  субстанциянинг  намоён  бўлиш  шакллари  деб ҳисоблаган.  Материя  – абадий,  жисмлар  ва  ҳодисалар  – ўткинчи:  улар  вужудга келади  ва  йўқ  бўлади.  Фикрлашни  материядан  ажратиб  бўлмайди,  зеро материянинг ўзигина  фикрлайди.  Жисмсиз  тана  бўлмаганидек,  жисмсиз субстанция  ҳам  бўлиши  мумкин  эмас.  Айнан  материя  барча  ўзгаришлар субъекти  ҳисобланади.             Барча  моддий  жисмлар  кўламлилик  ва  шакл  билан  тавсифланади. Уларни  ўлчаш  мумкин,  чунки  улар  узунлик,  кенглик  ва  баландликка  эга. Ф.Бэкондан  фарқли  ўлароқ,  Гоббсда  материя  сифат  кўрсаткичларига  эга  эмас: у  материяни  математик  ва  механик  сифатида  миқдор  жиҳатидан  ўрганади. Унда  материя  дунёси  ранг,  ҳид,  овоз  каби  хоссалардан  маҳрум.  Т.Гоббс талқинида  материя  гўё  геометрик  тус  олади  ва  сифат  жиҳатидан  бир  жинсли, рангсиз  нарса  тарзида,  миқдорий  катталикларнинг  муайян  тизими  сифатида намоён  бўлади.  Ҳаракатни  у фақат  механик  нуқтаи  назардан  тушунади.  Макон ва  вақт  муаммоларини  ўрганишга  нисбатан  Гоббс  материалистик  нуқтаи назардан  ёндашади.             Т.Гоббс  ўзининг  дунё  ҳақидаги  фалсафий  қарашларида  деист  сифатида иш  кўради.  Аммо  унинг  асарларида  атеистик  хусусиятга  эга  бўлган  фикрларга ҳам  дуч  келиш  мумкин.  Масалан,  у Худо  – инсон  тасаввурининг  маҳсули, деган  фикрни  илгари  суради.  «Табиий  ва  сиёсий  қонунларнинг  элементлари» асарида,  «Фалсафа  асослари»  трилогияси  («Жисм  ҳақида»,  «Инсон  ҳақида», «Фуқаро  ҳақида»)да,  шунингдек  «Левиафан»  асарида  Гоббс  табиий  алоқалар ва  қонуниятлар  ролини  такрор-такрор  қайд  этади.  Бироқ,  Т.Гоббс  Худони одамлар  ҳаётидан  бутунлай  чиқармайди:  унинг  фикрича,  Худо  «ҳамма нарсани  кўргувчи  ва  ҳамма  нарсани  бошқарувчи»,  «у  барча  сабабларнинг биринчиси»дир.  Гоббс  Худо  воқеаларнинг  табиий  оқимига  аралашмаслигини қайд  этади.             Ф.Бэкон  фалсафасининг  давомчиси  Т.Гоббс  ҳам  гносеологияда  асосан эмпирик  ва  сенсуалист  бўлган  (ҳиссий  билишни  билишнинг  асосий  шакли  деб ҳисоблаган).  Инсонга  моддий  жисм  таъсири  натижасида  вужудга  келган сезгини  у  билишнинг  биринчи  амали  деб  ҳисоблаган.  Фикрлашни  у тушунчаларни  қўшиш  ёки  айириш  деб  ҳисоблаган,  унга  ўз  математик методини  тўла  татбиқ  этган.             Ренэ Декарт (француз   файласуфи   ва   математиги   1596-1650) cубстанциянинг  бэконча  ва  гоббсча  монистик  талқинига  ўзининг  дунёнинг дуалистик  талқинини  қарши  қўяди.             Декарт  бир-бирига  боғлиқ  бўлмаган  икки  биринчи  асос:  номоддий  ёки «фикрловчи»  субстанция  ва  моддий  ёки  «кўламли  субстанция»  мавжудлигини тахмин  қилади.  Бу  икки  субстанция  параллель  мавжуддир.  Уларни  ўрганиш билан  метафизика  ва  физика  шуғулланади.  Метафизика  аввало  маънавий субстанцияни,  у билан  боғлиқ  бўлган  билиш  ва  борлиқ  тамойилларини ўрганади.  Физика  табиат  фалсафасини  тадқиқ  этади.  У дунёнинг  вужудга келиши,  Ерда  ҳаётнинг  ривожланиши  (табиат  қонунларига  мувофиқ)  ҳақидаги таълимотни  ўз  ичига  олади,  ҳайвонлар  ва  инсон  танасининг  тузилишини механика  қонунларига  бўйсинувчи  мураккаб  машиналар  сифатида  ўрганади (Р.Декарт  асарларидан  бири  «Ҳайвон  – машина»  деб  аталади).             Декарт илгари  сурган  космогония  ҳақидаги  таълимот  замирида  қуёш системасининг  табиий  ривожланиши  ғояси  ётади.  Унинг  фикрича,  бу ривожланиш  материя  ва  унинг  турли  жинсли  зарралари  ҳаракати  билан белгиланади.  Декарт  материя  мустақил  ижодий  кучга  эга  деб  ҳисоблайди. Ҳаракатни  Декарт  механик  жараён  – жисмларнинг  маконда  кўчиши  сифатида тушунади.  Шундай  қилиб,  Р.Декарт  ўз-ўзи  билан  зиддиятга  киришади:  у маконни  жисмнинг  кўламлилиги  сифатида  тан  олади,  лекин  ҳаракатни жисмларнинг  бошқа  жисмларга  нисбатан  кўчиши  сифатида  тушунадики,  бу маконни  бўшлиқ  сифатида  тан  олишни  англатади.             Р.  Декартнинг  билиш  ҳақидаги  таълимоти  ҳам  диққатга  сазовор. Р.Декарт  ўзининг  «Метод  ҳақида  мулоҳазалар»  асарида  билимлар  манбаи  ва уларнинг  ҳақиқийлиги  мезонини  ташқи  дунёдан  эмас,  балки  инсон  ақлидан қидириш  лозим,  деган  хулосага  келади.  Унинг  фикрича,  интеллектуал интуиция  ёки  соф  мушоҳада  – билишнинг  таянч  нуқтаси.  Барча  ғояларни Декарт  икки  гуруҳга  ажратади:  сезгилар  таъсирида  туғилган  ғоялар  ва  туғма ғоялар.  Туғма  ғоялар  мутлақо  ишончлидир.  Уларнинг  қаторига  Декарт  Худо ғояси,  математик  аксиомалар  ва  шу  кабиларни  киритади.  Масалан,  барча мавжуд  нарсаларга  шубҳа  билан  қараш  кашфиётга  йўл  очувчи  мутлақо ишончли  асос,  метод  ёки  восита  ҳисобланади.  Айни  шу  сабабли  Декарт  ҳиссий нарсалар,  математик  ҳақиқатлар  ва  ҳатто  «ҳамма  нарсага  қодир  Худо»нинг мавжудлигига  шубҳа  билан  қарайди.  Аммо,  ҳамма  нарсага  шубҳа  қилган  ва ҳамма  нарсани  инкор  этган  ҳолда,  у шубҳаланувчи  фикрнинг  мавжудлигига шубҳа  қилмаслик  керак,  деган  хулосага  келади.  Шу  тариқа  у фикрлаш  бирдан- бир  ишончли  фактдир,  деб  хулоса  чиқаради:  «Мен  фикрлаяпман,  демак, яшаяпман».             Бенедикт (Барух) Спиноза   (голландиялик   файласуф   1632-1677) Р.Декартнинг  субстанция  ҳақидаги  дуалистик  таълимотига  зид  ўлароқ,  дунё ҳақидаги  монистик  таълимотни  яратди.  Унинг  монизми  пантеизм  кўринишида намоён  бўлади:  ўз  онтологиясида  Спиноза  Худо  ва  табиатни  айнийлаштиради, бунда  Худо  яратувчи  табиат  ва  яратилган  табиат  сифатида  амал  қилади.  Айни вақтда  Б.Спиноза  биргина  моддий  субстанция  мавжуд  бўлиб,  унинг  асосий атрибутлари  кўламлилик  ва  фикрлашдир,  деган  фикрни  илгари  суради. Шундай  қилиб,  бутун  табиат  у Худо  бўлгани  учунгина  эмас,  балки  унга фикрлаш  хос  бўлгани  учун  ҳам  жонли  ҳисобланади.  Спиноза  бутун  табиатни жонлантириб,  шу  тариқа  гилозоист-файласуф  сифатида  ҳам  намоён  бўлади.             У  моддий  субстанция  атрибутлари  ҳам  материя  каби  абадийдир:  улар ҳеч  қачон  вужудга  келмайди  ва  йўқ  бўлмайди  деб  ҳисоблаган.  Файласуф субстанциянинг  конкрет  ҳолатлари  – модусларга  кўп  эътибор  беради.  У модусларни  икки  гуруҳга  ажратади:  абадий,  чексиз  модуслар  ва  муваққат, чекли  модуслар.  Чексиз  модуслар  субстанция  атрибутлари  – фикрлаш  ва кўламлилик  билан,  чекли  модуслар  эса  - қолган  барча  нарсалар  ва  ҳодисалар билан  белгиланади.             Спиноза ҳаракат  ҳеч  қандай  илоҳий  туртки  маҳсули  эмаслигини исботлашга  ҳаракат  қилади.  Унинг  фикрича,  табиат  «ўз-ўзининг  сабаби» бўлиб,  ҳаракат  унинг  моҳияти  ва  манбаи  ҳисобланади.  Аммо  ҳаракат Спинозада  атрибут  эмас,  балки  модусдир.  Бунда  ҳаракат  муайян  нарсаларда кузатилади,  субстанция  эса  ҳаракатланиш  ва  ўзгариш  қобилиятидан  маҳрум ва  вақтга  мутлақо  боғлиқ  эмас.             Айни  замонда  Спиноза  – изчил  детерминист.  У ҳодисаларнинг  юз бериши,  мавжудлиги  ва  йўқ  бўлиши  замирида  объектив  сабаблар  ётади,  деб ҳисоблаган.  Унинг  фикрича,  сабабият  икки  хил:  ички  (имманент)  ва  ташқи (механик)  бўлади.  Ички  сабабият  субстанцияга,  ташқи  сабабият  – модусларга хос.  Спиноза  сабабий  боғланишларнигина  эмас,  балки  тасодиф,  зарурият  ва эркинлик  муносабатларини  ҳам  детерминизм  нуқтаи  назаридан  ўрганади. Ўзининг  «Этика»  асарида  у тасодифни  зарурият  билан  бир  қаторда  мавжуд бўлган  объектив  ҳодиса  сифатида  эътироф  этади.             Б.Спиноза  билишнинг  уч  турини  фарқлайди:  фақат  мужмал  ва  ҳақиқий бўлмаган  тасаввурлар  берувчи  ҳиссий  билиш;  модуслар  ҳақида  билим  олиш учун  имконият  яратувчи  ақл  ёрдамида  билиш;  билишнинг  энг  олий  шакли  – ҳақиқатга  йўл  очувчи  интуиция.  Интуитив  йўл  билан  аниқланган  ҳақиқатлар (аксиомалар)дан  дедуктив  йўл  билан  – математика  методлари  ёрдамида қолган  барча  хулосалар  чиқарилади.             Спиноза  илгари  сурган  ғоялар  ўша  даврда  фанда  ҳукм  сурган телеологизм  (табиатда  Худо  ато  этган  мақсадга  мувофиқлик)га  қарши қаратилган.             Готфрид Вильгельм Лейбниц   (немис  олими  ва  файласуфи  1646-1716) Спинозанинг  субстанция  тушунчасига  фаол  куч  ёки  «ташаббускорлик» тамойилини  қўшимча  қилган.  Ўзининг  «Монадология»  асарида  у моддий ҳодисаларни  бўлинмас,  содда  маънавий  бирликлар  – монадаларнинг  намоён бўлиши  деб  эълон  қилган.  Бўлинмас  монада  кўламлилик  хусусиятига  эга  эмас ва  маконда  жойлашмайди,  чунки  макон  чексиз  даражада  бўлинувчандир. Монада  – фаол  кучнинг  номоддий,  маънавий  маркази.  Монадалар  умрбоқий ва  йўқ  бўлмасдир,  улар  табиий  йўл  билан  вужудга  келиши  ёки  ҳалок  бўлиши мумкин  эмас.  Улар  ташқи  таъсир  остида  ҳам  ўзгармайди.  Ҳар  қандай  айрим монада  –жон  ва  тананинг  бирлиги.  Монада  маънавий  моҳиятининг  ташқи ифодаси  сондир.             Фаолият,  ҳаракат  – монаданинг  хоссаси.  Лейбниц  табиатни  механика қонунлари  билангина  тушунтириш  мумкин  эмас,  шу  боис,  мақсад тушунчасини  ҳам  киритиш  лозим,  деб  ҳисоблайди.  Унинг  фикрича,  ҳар  бир монада  ўзининг  барча  ҳаракатлари  асоси  ва  айни  замонда  уларнинг мақсадидир.  Жон  – жисмнинг  мақсади,  яъни  у эришишга  ҳаракат  қилувчи мўлжал.             Лейбниц  монадаларни  уч  тоифага  ажратади:  ҳаёт  монадалари,  жон монадалари  ва  руҳ  монадалари.  Шундан  келиб  чиқиб  у барча  мураккаб субстанцияларни  уч  гуруҳга  ажратади:  ҳаёт  монадаларидан  ноорганик  табиат вужудга келади;  жон  монадаларидан  ҳайвонлар  яралади;  руҳ  монадаларидан одамлар  пайдо  бўлади.             Лейбниц  фалсафасида  рационализм  ва  эмпиризмнинг  уйғунлиги оқилона  асосда  намоён  бўлади.  «Инсон  ақли  ҳақида  янги  тажрибалар» асарида  у Локкнинг  илгари  сезгиларда  мавжуд  бўлмаган  нарса  ақлда  мавжуд эмас,  ақлнинг  ўзи  бундан  мустасно,  деган  тезисини  танқид  қилади.  Барча ҳақиқатларни  у  зарурий  ҳақиқатлар  (ақл  ҳақиқатлари)  ва  тасодифий ҳақиқатлар  (факт  ҳақиқатлари)га  ажратади.  Ақл  ҳақиқатлари  қаторига Лейбниц  субстанция,  борлиқ,  сабаб,  ҳаракат,  айният  тушунчаларини,  мантиқ тамойиллари,  математика  тамойиллари  ва  ахлоқий  тамойилларни  киритади. Унинг  фикрича,  бу  ҳақиқатлар  манбаи  фақат  ақлдир.             Жон Локк (инглиз  файласуфи  1632-1704)  cубстанция  тушунчасини таҳлил  қилишга  нисбатан  гносеологик  ёндашувга  асос  солган.  У ғоялар  ва тушунчаларнинг  манбаи  ташқи  дунё,  моддий  нарсалардир,  деган  тезисни исботлашга  ҳаракат  қилган.  Унинг  фикрича,  моддий  жисмларга  соф  миқдор хусусиятларигина  хос.  Материя  сифат  жиҳатидан  ранг-баранг  эмас:  моддий жисмлар  бир-биридан  катталиги,  шакл-шамойили,  ҳаракати  ва  осойишталиги билангина  ажралиб  турадиган  «бирламчи  сифатлар»дир.  «Иккиламчи сифатлар»  эса  - ҳид,  овоз,  ранг,  таъм.  Улар  нарсалар  билан  узвий  бўлиб туюлади,  лекин  амалда  бундай  эмас:  нарсаларда  бундай  сифатлар  йўқ.  Улар, Локк  фикрига  кўра,  субъектда  «бирламчи  сифатлар»  таъсирида  вужудга келади.             «Бирламчи»  ва  «иккиламчи»  сифатларни  ажратиш  ҳозирги  замон билими  нуқтаи  назаридан  содда  ва  ноилмий  ҳисобланади.  Аммо  у субъектив идеализм  намояндалари  томонидан  ўзлаштирилган  ва  ўзининг  тадрижий якунига  етказилган:  «бирламчи  сифатлар»,  «иккиламчи  сифатлар»  билан  бир қаторда,  субъектга  боғлиқ  бўлмаган,  объектив  мазмунга  эга  эмас,  деб  эълон қилинган.             Билиш  назариясида  Ж.Локк  инсон  онгининг  мазмунини  ҳиссий тажрибадан  келтириб  чиқаришга  ҳаракат  қилган.  Локк  сенсуализмининг ноизчиллигидан  Беркли  фойдаланган  ва  сиртдаги  тажриба  омилидан бутунлай  воз  кечган             Жорж Беркли   (инглиз  файласуфи,  епископ  ҳар  1685-1753)  материализм, атеизм  ва  деизмга  очиқ-ойдин  қарши  чиққан,  ҳар  қандай  сифатнинг  объектив асосини  рад  этган  ва  амалда  уларни  инсон  сезгиларига  тенглаштирган.  Беркли фикрига  кўра,  амалда  аввало  «жонлар»,  уларни  яратган  Худо,  шунингдек  Худо одамлар  жонига  жойлаган  «ғоялар»  ёки  сезгилар  мавжуд.  Беркли  ташқи дунёдаги  объективликни  субъективлик  билан  боғлайди:  у барча  нарсаларни сезгиларнинг  «уйғунлиги»  билан  боғлайди.  Беркли  учун  идрок  этиш  мумкин бўлган  нарсаларгина  мавжуддир.  У барча  нарсалар  Худонинг  ақлида  зоҳир, деган  фикрни  илгари  суради.             Дэвид Юм   (инглиз  файласуфи  1711-1776)  ҳам,  Ж.Беркли  каби, субстанциянинг   материалистик   талқинига   қарши   чиқиб,   онтология муаммоларини ечишга  ҳаракат  қилган.  У моддий  ва  маънавий  субстанциянинг амалда  мавжудлигини  инкор  этган,  лекин  субстанция  «ғояси»  мавжуд,  деб ҳисоблаган.  Субстанция  «ғояси»  деганда  у илмий  билимга  эмас,  балки  оддий билимга  хос  бўлган  инсон  «идроклари  мажмуи»ни  тушунган.             Хуллас,  янги  давр  фалсафаси  билиш  назарияси  (гносеология)нинг ривожланишида  улкан  қадам  ташлади.  Фалсафа  илмий  методи,  инсоннинг ташқи  дунёни  билиш  методологияси,  ташқи  ва  ички  тажриба  алоқалари  бош муаммоларга  айланди.  Олинаётган  барча  билимлар  тизимининг  ўзаги ҳисобланган  ҳаққоний  билимни  олиш  вазифаси  қўйилди.  Бу  вазифани  ҳал қилишнинг  турли  йўлларини  танлаш  гносеологиянинг  икки  асосий  йўналиши  – эмпиризм  ва  рационализм  пайдо  бўлишини  белгилади.             XVIII аср Европа фалсафасининг маърифий хусусияти. Европада  XVIII аср  фалсафаси  XVII  аср  ғояларини  давом  эттиради  ва  ривожлантиради.  Бу даврда  фалсафий  тафаккур  фан  ва  ижтимоий  амалиёт  соҳасида  эришилган ютуқларни  умумлаштиради.  Фалсафий  ғоялар  янада  кенгроқ  тарғиб  қилинади, чунки  XVII  асрда  фалсафий  асарлар  фақат  лотин  тилида  ёзилган  ва  улар  билан танишиш  имкониятига  эга  кишилар  доираси  анча  тор  бўлган;  XVIII  асрда файласуфларнинг  асарлари  улар  қайси  мамлакатда  яшаса,  шу  мамлакат тилида  ёзилган  ва  нашр  этилган.             XVIII  аср  фалсафасида  табиат  ҳодисаларини  тушунтиришга  нисбатан қарашларда  материализм  сезиларли  даражада  ривожланади.  Француз материализми  тарихий  аҳамият  касб  этади:  у ўрта  асрлар  схоластикасига қарши  чиқибгина  қолмасдан,   балки   ўз  дунёқараши   ва  дунёвий манфаатларини  ҳам  асослашга  ҳаракат  қилади.             Албатта,  XVIII  аср  фалсафаси  ўзига  хос  хусусиятларга  эга:  унда материалистик  дунёқараш  мўлжаллари  ҳам,  идеалистик  дунёқараш мўлжаллари  ҳам,  атеистик  ва  деистик  қарашлар  ҳам  мавжуд.  Аксарият ҳолларда  идеализм  ва  материализм,  дин  ва  фан  ёнма-ён  туради.             Шуни  қайд  этиш  лозимки,  XVIII  аср  фалсафаси  аввало  маърифат фалсафаси  сифатида  ривожланган;  қомуслар  ва  луғатлар,  памфлетлар  ва бошқа  нашрларда  илмий  ва  фалсафий  ғоялар  кенг  оммага  тушунарли  тарзда атрофлича  баён  этилган.             Маърифат  даври  фалсафасига  П.Гассенди  (1592-1655)  асарлари,  унинг атомистик  материализми,  Эпикур  ғоялари,  шунингдек  унинг  этикаси, схоластиканинг   танқиди,   Р.Декарт   асарлари,   П.Бейль   (1647-1706) асарларидаги  диний  догматизмнинг  танқиди  замин  яратди.             XVII-XVIII  асрлар  Европа  Маърифат  фалсафасига  инглиз  маърифатчилари Ж.Локк  ва  Д.Юм,  XVII  аср  немис  маърифатчиси  Г.Лейбниц,  шунингдек  буюк олим  И.Ньютон  фалсафаси  ҳам  кучли  таъсир  кўрсатди.  XVIII  аср  Маърифат фалсафасида  икки  йўналиш:  Вольтер,  Руссо,  Вольф,  Монтескье  ва бошқаларнинг  деистик  материализми  ҳамда  Мелье,  Дидро,  Гольбах, Гельвеций,  Ламетри  каби  олимларнинг  асарларида  Ньютон,  Галилей, Декартнинг материалистик  табиатшунослиги  негизида  деизм  назарий асосларининг  танқиди  фарқланади.             Франсуа  Мари  (Аруэ)  Вольтер  (1694-1778)  француз  маърифатчиларининг атоқли  намояндаси  фалсафа  тарихи  бўйича  оташин  публицист,  Ньютон физикаси  ва  механикаси  ҳамда  Англиядаги  конституциявий  тартиб  ва муассасаларнинг   тарғиботчиси,   черков,   иезуитлар,   инквизиция тажовузларидан  шахс  эркинлигининг  ҳимоячиси  сифатида  ўрин  олди.  Унинг «Кандид»,  «Орлеан  қизи»  асарлари,  «Фалсафий  луғат»,  «Энциклопедия»даги мақолалари  бутун  Европада  кенг  тарқалди.             Жан  Жак  Руссо  (1712-1778)  Европа  инқилобий  мафкурасининг  вужудга келишига  машҳур  «Ижтимоий  шартнома»  асари  билан  улкан  таъсир  кўрсатди. Эркинлик  ҳамда  юридик  ҳуқуқларнинг  сўзсиз  тенглигига  асосланган фуқаролик  жамиятининг  назарий  асоси  ҳисобланган  бу  асар  Буюк  француз инқилоби  даврида  якобинчилар  учун  ўзига  хос  дастуриламал  бўлиб  хизмат қилди.             Шарль Луи Монтескье   (1689-1755)   географик   детерминизм асосчиларидан  бири  жамиятда  тартиб  ва  ахлоқни  сақлаш  учун  зарур  бўлган диннинг  функционал  роли  концепциясини  ривожлантирди.             XVIII  асрнинг  иккинчи  ярмида  маърифатчилик  ҳаракати  кенг  демократик қамров  касб  кетди.  Францияда  бош  муҳаррири  ва  ташкилотчиси  Д.Дидро бўлган  «Энциклопедия»  нашри  атрофида  жипслашган  илғор  мутафаккирлар, олимлар  ва  ёзувчилардан  иборат  «файласуфлар  партияси»  пайдо  бўлгани тўғрисида  сўз  юритила  бошлади.  Бу  «файласуфлар  партияси»да  Дидро  билан бир  қаторда  Гельвеций  ва  Гольбах,  шунингдек  Ламетри  етакчи  рол  ўйнади. Улар  материализмнинг  файласуфлар  ва  фалсафий  мактабларнинг  кейинги авлодларига  кучли  таъсир  кўрсатган  анча  ривожланган  шаклини  яратдилар.             Онтологик ва гносеологик муаммолар. Онтологик  муаммолар  XVIII  аср француз  маърифатчилари  намояндалари  томонидан  асосан  материалистик  ва атеистик  нуқтаи  назардан  ўрганилган.  Бу  Дидро,  Гольбах,  Ламетри  ва Гельвеций  фалсафасининг  ўзига  хос  жиҳатларидан  биридир.  Ўз  даврида  катта шов-шувга  сабаб  бўлган  «Инсон  – машина»  асарининг  муаллифи  Жюльен Офрэ  де  Ламетри  (1709-1751)  моддий  дунё  «ўз  ҳолича  мавжуд»  эканлигига, унинг  боши  ҳам,  охири  ҳам  йўқлигига  ишончи  комил  бўлган.  Ламетри материализми   Эпикурнинг   атомистик   материализми,   Спинозанинг материалистик  таълимоти  ва  Локк  сенсуализми  таъсирида  вужудга  келган. Ламетри  жонни  ақл  фаолияти  функцияси  ва  кўриниши  деб  ҳисоблаган  ҳамда Декартнинг  умрбоқий  номоддий  жон  ҳақидаги  ғояси  асоссиз  эканлигини исботлашга  ҳаракат  қилган.             Поль Генрих Дитрих Гольбах   (1723-1789)  француз  материализми фалсафий  қарашларининг  энг  изчил  ифодачисидир.  Унинг  «Табиат  тизими» асари  «XVIII  аср  материализми  ва  атеизми  кодекси»  деган  ном  олган.  1770 йилда  нашр  этилган  бу  асарда  муҳим  онтологик  муаммолар,  чунончи: материя,  табиат,  ҳаракат,  макон,  вақт,  сабабият,  тасодиф,  зарурият муаммолари баён  этилган.  Гольбах  учун  табиат  барча  нарсалар  ва  ҳодисалар сабабидир,  зеро  у Худо  туфайли  эмас,  ўзи  туфайли  мавжуд.  Табиат  – ҳаракат сабаби.  Гольбах  ҳаракатни  табиат  мавжудлигининг  зарурий  натижаси сифатида  тавсифлайди.  Табиат  деганда  у ўз  энергияси  таъсирида  ҳаракат қилувчи  моддалар  йиғиндисини  тушунади.  Гольбах  фикрига  кўра,  барча жисмлар  бўлинмас  ва  ўзгармас  элементлар  – атомлардан  ташкил  топади. Материя  тушунчасини  у модда  тушунчаси  билан  айнийлаштиради.             Айни  вақтда  Гольбах  табиатда  барча  алоқалар  ва  ҳаракатлар  зарурият билан  белгиланади,  деб  ҳисоблаган.  Унинг  фикрича,  олам  бир-биридан узлуксиз  келиб  чиқадиган  сабаблар  ва  оқибатларнинг  узилмас  занжиридир. Шу  сабабли  Гольбах  тасодифни  табиатдан  ҳам,  ижтимоий  ҳаётдан  ҳам чиқаради.  У инсонни  ҳам  зарурият  қули  деб  ҳисоблайди:  у ўз  ҳаётида  бир дақиқа  ҳам  эркин  эмас,  унинг  хатти-ҳаракатлари  амалда  қандай  намоён бўлса,  шундай  бўлиши  мумкин.  Бу  олдиндан  белгиланганлик  Гольбах детерминизмининг  фаталистик  хусусиятини  белгилайди.             Дени Дидро   (1713-1784)  ўзининг  «Материя  ва  ҳаракатнинг  фалсафий принциплари»,  «Табиатни  тушунтириш  ҳақида  мулоҳазалар»,  «Д'Аламбернинг туши»  асарларида  субъектив  идеализмга  қарши  чиқади  ва  муҳим  онтологик муаммоларнинг  ўз  талқинини  таклиф  қилади.  Унинг  фикрича,  мавжуд  бўлган ҳамма  нарсалар  моддийдир.  Дидро,  дунё  узлуксиз  пайдо  бўлади  ва  ўлади, ҳар  бир  лаҳзада  туғилиш  ва  ўлиш  ҳолатида  бўлади;  ўзга  дунё  ҳеч  қачон бўлмаган  ва  бўлмайди,  деб  таъкидлайди.  Кўриб  турганимиздек,  Дидро борлиқ  муаммоларини  ўрганиш  соҳасига  диалектикани  татбиқ  этади.  Унинг фикрича,  бутун  материя  ҳис  қилади  (бу  гилозоизм  нуқтаи  назари).  Аммо  у «инерт  ҳиссийлик»  ва  «фаол  ҳиссийлик»ни  фарқ  қилади.  «Фаол  ҳиссийлик» муайян  тарзда  уюшган  материядагина  намоён  бўлади.             Француз  материализми  табиатшуносликда  ҳукм  сурган  табиат «салтанати»  - ўсимликлар,  ҳайвонот  дунёси  билан  инсон  ўртасидаги тафовутни  бартараф  этишга  ҳаракат  қилди.             Дидро,  Гольбах,  Ламетри,  Гельвеций  ва  Кондильяк  фалсафасида гносеология  муаммолари  муҳимлик  жиҳатидан  онтологик  муаммолар  билан бир  қаторда  туради.  Инсоннинг  ички  ва  ташқи  дунёси  билимлар  манбаи  деб эълон  қилинади.  Бу  дунёларни  англаб  етиш  мумкин.  Инсон  билимларининг номукаммаллиги  аввало  улар  ривожланишининг  мазкур  босқичи  билан белгиланади.  Француз  материалистлари  ҳиссий  ва  ақлий  омилларнинг билишдаги  ролини  шунда  кўрадиларки,  сезгилар  гувоҳлик  кўрсаткичини берса,  ақл  бу  кўрсаткичларнинг  тўғрилигини  текширувчи  ҳакам  вазифасини бажаради.  Ақл  ҳиссий  кўрсаткичлардан  узоқлашиши  мумкин  эмас,  лекин  у мазкур  кўрсаткичларга  ҳаддан  ташқари  ишониши  ҳам  ярамайди.  Ақлнинг сезгидан  ажралиши  билишни  амалга  ошириб  бўлмайдиган  ишга  айлантиради.             Кузатиш  ва  эксперимент  билиш  методларидир.  Улар  мушоҳада  қилиш, мулоҳаза  юритиш,  тушуниш  ва  идрок  этиш,  шунингдек  ақл  учун  жуда  зарур.             Ламетри, Дидро,  Гельвеций  ва  Гольбах  исмлари  билан  боғлиқ  бўлган фалсафий  йўналишнинг  ривожланишида  Этьен  Бонно  де  Кондильяк  (1714- 1780)  ишлаб  чиққан  билиш  назарияси  айниқса  муҳим  рол  ўйнади.  У ўзининг «Инсон  билимларининг  келиб  чиқиши  ҳақида  тажриба»,  «Сезгилар  ҳақида рисола»,  «Тизимлар  ҳақида  рисола»,  «Ҳайвонлар  ҳақида  рисола»  деб номланган  асарларида  Локкни  сенсуализм  ва  эмпиризм  тамойилини  амалга татбиқ  этишда  ноизчилликда  айблаб,  билишнинг  сенсуалистик  назариясини асослашга  ҳаракат  қилади.  Кондильяк  фикрига  кўра,  инсон  дунёга  келганда,  у нафақат  ҳеч  нарсани  билмайди,  балки  сезиш  қобилиятига  ҳам  эга  бўлмайди. Буларнинг  барчасини  у тажриба  орқали  ўзлаштиради.  Кондильяк  сезги азалдан  бирон-бир  мазмунга  эга  эмас,  лекин  у лаззатланиш  ва  азоб-уқубатни акс  эттиришга  қодир,  шу  боис,  у ёқимли  ва  кўнгилсиз  бўлади  ва  хотирада сақланиб  қолади,  деб  ҳисоблайди.             Ҳиссиётдан  абстракт  фикрлашга  ўтиш,  Кондильяк  фикрига  кўра,  узлуксиз жараён  сифатида  юз  беради:  майл,  хотира  изидан  таққослаш  ва  мулоҳаза юритиш  келади.  Кондильяк  ғояларга  борлиққа  боғлиқ  бўлмаган  ҳолда мавжудлик  хоссасини  юклашга  бўлган  ҳар  қандай  уринишларга  қарши  чиқади. Борлиқни  у ғоялардан  қатъий  назар  мавжуд  бўлган  ҳодисалар  сифатида тасаввур  қилади.             Немис  классик  фалсафаси.  Немис  классик  фалсафасининг  йирик вакиллари  Иммануил  Кант,  И.Фихте,  Ф.Шеллинг,  Георг  Гегель  ва  Людвиг Фейербах  кабилардир.             Фалсафий  тафаккур  ривожланишининг  бу  босқичи  даврнинг  муайян тарихий  шарт-шароитлари  билан  белгиланади.  Бу  кучли  ижтимоий зиддиятлар,  жамият  онгида  оламшумул  ўзгаришлар  юз  берган  давр  эди. Кучли   инқилобий   ҳаракатлардан   сўнг   уларнинг   суръати   пасайиб имкониятларига  ишончсизлик  кучайди.  Ижтимоий  онгда  консерватив тенденциялар  устунлик  қила  бошлади.  Англия  ва  Францияда  монархия  ва Черковнинг  олдинги  мавқеи  тикланди.  Германияда  прусс  монархиясининг роли  кучайди.  Тарихдаги  бу  зиддиятли  воқеалар  немис  фалсафасининг  асосий хусусиятларини  белгилаб  берди.             Немис  фалсафаси  Ф.Бэкон  ва  Р.Декарт  бошлаган  инсон  ақли имкониятларини  ўрганишнинг  умумий  йўналишини  давом  эттирди.  Бироқ  у ўз вазифасини  нафақат  инсон  ақлини  мадҳ  этиш,  балки  унинг  чегараларини белгилаш,  эътиқод  ва  ақл,  дин  ва  фанни  муросага  келтириш  йўлларини  ҳам излашда  кўрди.  Бу  немис  фалсафаси  бажариши  лозим  бўлган  ижтимоий буюртма  эди.             Даврнинг  оламшумул  воқеалари  ижтимоий  тараққиёт  нафақат  ақл  ва фан  ютуқлари,  балки  ахлоқ,  маънавият  соҳасида  эришилган  муваффақиятлар билан  ҳам  ўлчанишини  намойиш  этди.  Инқилоб  ва  у билан  боғлиқ  урушлар даврида  юз  берган  маънавий  инқироз  немис  фалсафасида  нафақат  билиш имкониятларига,  балки  инсон  маънавий  дунёсининг  барча  томонлари,  унинг билиш,  диний,  ахлоқий  ва  эстетик  қобилиятларининг  ўзаро  алоқаси муаммосига ҳам  эътиборни  қаратишни  талаб  қилди.  Умуман  олганда,  немис файласуфлари  ҳақиқат,  эътиқод,  яхшилик  ва  гўзаллик  ажралмасдир,  деган фикрни  теран  асослашга  ҳаракат  қилдилар.             Иммануил Кант   (1724-1804)  немис  классик  фалсафасининг  асосчиси. Унинг  фалсафаси  тушуниш  учун  қийин  бўлиб,  фалсафий  билимнинг  барча жиҳатларини  ўз  ичига  олувчи  кенг  тизимни  ташкил  этсада,  асосий  эътибор онтология,  гносеология  ва  ахлоқ  масалаларига  қаратилади.             Кант  концепцияси:  «Соф  ақл  танқиди»  (1781),  «Амалий  ақл  танқиди» (1788),  «Мулоҳаза  юритиш  қобилиятининг  танқиди»  (1790)асарларида, шунингдек  файласуф  ижодининг  ўзига  хос  сарҳисоби  саналувчи  – «Соф  ақл чегараларида  дин»  (1793)  каби  китобларида  баён  этилган.  Кант  билиш назариясининг  асосий  қоидалари  қуйидагилардан  иборат.  Кант  фикрича билиш  жараёни  уч  босқич:  1)  сезгилар  даражасида  билиш,  2)  идрок,  3)  ақлдан ўтади.             Билишнинг  биринчи  босқичи  -сезгилар  даражасида  инсон  нарсанинг мавжудлигини  билади,  идрок  ёрдамида  уни  фикрлайди.  Нарсани  ҳақиқий билиш  айнан  шу  икки  босқични  синтез  қилишни  талаб  этади.  Идрок даражасидаги  билишнинг  қуроли  – категориялар.  Улар  идрокка  ичдан  хос. Ҳодисалар  ранг-баранглиги  категориялар  тизимида  акс  этади.  Категориялар ёрдамида  инсон  билими  тасодифий  эмпирик  эмас,  балки  умумий  зарур,  яъни илмий  хусусият  касб  этади.  Илмий  билим  категориал  билимдир.  Бироқ шундан  сўнг  Кант  субъектив  идеалист  сифатида  мулоҳаза  юритади:  идрок табиат  қонунларини  очмайди,  балки  уларни  табиат  учун  белгилайди.  Кант фикрига  кўра,  категориялар  бирлиги  ва  уларнинг  билиш  (синтез  қилиш) қобилияти  замирида  дунёнинг  объектив  моддий  бирлиги  эмас,  балки  ўзликни англашнинг  трансцендентал  бирлиги  ётади.             Идрок  этиш  – билишнинг  иккинчи  босқичи.  Идрокнинг  кучи  унинг синтез  қилиш  қобилиятида  намоён  бўлади.  Бироқ  бу  тўлиқ,  чексиз  қобилият эмас.  Идрок  тажриба  чегарасидан  ташқарига  чиқа  олмайди.  Бироқ  идрок  ўз чегараларини  ўзи  билмайди.  У доим  бу  чегаралардан  четга  чиқади,  яъни ҳодисалар  дунёсидан  ўзидаги  нарсалар  дунёсига  киришга  ҳаракат  қилади. Бироқ  тажриба  чегараларини  тарк  этгач  (шу  тариқа  идрок  эмас,  балки  ақлга айлангач),  у  ечиб  бўлмас  зиддиятлар  соҳасига  тушиб  қолади,  унинг мулоҳазалари  эса  муқаррар  тарзда  хом  хаёлга  айланади.             Ақл  – билиш  жараёнининг  учинчи,  олий  босқичи.  У ҳиссиёт  билан бевосита  эмас,  балки  билвосита  – идрок  орқали  боғланади.  Ақл  билишнинг олий  босқичи  бўлса-да,  идрокка  кўп  жиҳатдан  ютқизади.  У тажрибанинг мустаҳкам  заминидан  ажралгач,  дунёқараш  даражасидаги  саволларнинг бирортасига  ҳам  узил-кесил  – ҳа  ёки  йўқ  деб  жавоб  бера  олмайди.  Дунё вақтда  ва  маконда  бошланадими  ёки  у чексиз  ва  боқийми?  Инсон  жони боқийми  ёки  фонийми?  Ирода  эркинлиги  мавжудми  ёки  дунёда  ҳеч  қандай эркинлик  мавжуд  эмас,  ҳамма  нарса  табиий  зарурат  қонунига  кўра  юз берадими?  Худо  борми  ёки  йўқми?  Идрок  бундай  саволларни  бера  олмаган бўларди. Ақл  эса  бундай  саволларни  беради,  бироқ  уларга  жавоб  топа олмайди.  Унинг  даъволари  имконият  даражасида  эмас.  Соф  назарий  ақл  ўз мағлубиятини  тан  олиши  лозим,  чунки  у ўзидаги  нарсаларни  била  олмайди.             Аммо  нима  учун  у шунга  қарамай  билишнинг  олий  босқичи  деб  эътироф этилади?  Шунинг  учунки,  ақлнинг  соф  ғоялари  (Кант  уларни  тамойиллар  деб номлаган)  билишда  олий  тартибга  солиш  вазифасини  бажаради.  Улар  идрокка йўл  кўрсатади.  Ақл  ғояларини  уфқ  чизиғига  ўхшатиш  мумкин:  гарчи  бу  чизиққа етиб  бўлмаса-да,  у инсонга  маконда  мўлжал  олиш,  кўзланган  мақсад  сари тўғри  ҳаракатланиш  имконини  беради.  Шунга  қарамай,  Кант  билиш назариясида  метафизик  бўлиб  қолди:  у  ақлнинг  зиддиятлилиги  (яъни чексизликнинг  зиддиятлилиги)ни  унинг  ожизлиги,  нарсалар  моҳиятини англашга  қодир  эмаслик  белгиси  сифатида  талқин  қилди.  Ҳолбуки,  бу  амалда, Гегель  кейинроқ  кўрсатганидек,  ақлнинг  қудратли  кучидан  далолат  беради.             Соф  ақл  танқидида  Кант  фалсафа  ўзидаги  нарсалар,  яъни  дунёнинг  олий қадриятлари  ҳақидаги  эмас,  балки  фақат  билиш  чегаралари  ҳақидаги  фан бўлиши  мумкин,  деган  хулосага  келади.  Олий  моҳиятлар  ва  олий  қадриятлар –  бу  Худо,  руҳ  ва  эркинлик  бўлиб,  уларни  биз  бирон-бир  тажрибада  кўра олмаймиз,  улар  ҳақида  оқилона  фан  бўлиши  мумкин  эмас.  Бироқ  уларнинг борлигини  исботлашга  қодир  бўлмаган  назарий  ақл,  бунинг  аксини исботлашга  ҳам  қодир  эмас,  яъни  у Худонинг  борлигига,  руҳнинг  ўлмаслигига ва  ирода  эркинлигига  ишонишни  тақиқламайди.  Инсонга  эътиқод  ва ишонмаслик  ўртасида  йўл  танлаш  имконияти  берилган.  У эътиқодни  танлаши лозим,  чунки  виждон  овози,  ахлоқ  овози  ундан  шуни  талаб  қилади.  Аммо  бу энди  назарий  ақлдан  амалий  ақлга,  гносеологиядан  ахлоққа  ўтишдир.             Кант  фалсафада  ўзига  хос  тўнтариш  ясади  ва  фалсафани  алоҳида  фан сифатида  тушуниш  асосларини  яратди.  Янги  билиш  назариясини  асослашга ҳаракат  қилиб,  у XVII-XVIII  асрларнинг  билишни  борлиқдан  кўчирилган  андоза сифатида  талқин  қилувчи  эмпирик  назарияларини  танқид  қилди.  Кант муаммони  бошқа  заминга  кўчирди  ва  фалсафада  гносеологиянинг  билиш жараёнига  субъект  – объект  муносабати  сифатида  қарайдиган  йўналишига асос  солди.             Билувчи  субъект  – бу  муайян  индивид  эмас,  балки  инсоннинг  билиш қобилиятлари  ва  билим  манбаларинигина  ўзида  мужассамлаштирувчи қандайдир  мавхум  тасаввур.  Инсон  онгида  мавжуд  бўлган  мазкур қобилиятлар  мажмуи  унга  ўзини  қуршаган  дунёни  сезгилар  ва  ақлнинг  априор шакллари  ёрдамида  тартибга  солишга  ёрдам  беради.  Бу  инсон  индивидуал, шахсий  хусусиятларга  эга  эмас,  деган  маънони  англатмайди,  бироқ  улар билиш  жараёнида  етакчи  рол  ўйнамаслиги  керак.             Субъект  қандайдир  нарса,  предмет  ёки  ҳодисанинг  таъсирини  сезгилар даражасида  идрок  этади.  Бу  мушоҳада  юритишнинг  априор  шакллари ёрдамида  тартибга  солинувчи  туйғулар  ранг-баранглигини  юзага  келтиради. Бироқ  бу  босқичда  билим  субъектив  бўлиб  қолади.  Шундан  сўнг  идрок  ишга киришади  ва  мавжуд  билимларни  тушунчалар  шаклига  солади,  яъни  уларда қандайдир умумий  жиҳатларни  аниқлайди.  Шу  сабабли  пировард  натижада идрок  ва  ақлни  бирлаштирган  билувчи  субъектгина  билим  деб  ҳисоблаш мумкин  бўлган  бирликни  яратади.             Бинобарин,  билимнинг  турли  шаклларига  муайян  тавсиф  бериш мумкин.  Масалан,  математика  ҳиссийликнинг  макон  ва  вақт  каби  априор (яъни  тажрибада  кўрилмаган)  шаклларига  таянади.  Бошқача  айтганда, билувчи  субъект  дунёга  макон  ва  вақтда  мавжудлик  нуқтаи  назаридан қарайди.  Айни  ҳолда  макон  – ташқи  сезгининг  априор  шакли,  вақт  эса  – ички сезгининг  априор  шакли.  Бундай  априорлик  математик  ҳақиқатларнинг, демак,  фан  сифатидаги  математиканинг  ҳам  мавжудлик  имкониятини белгилайди.             Физика  (ва  бошқа  табиий  фанлар)  ҳам  ўз  априорлиги  жиҳатидан  «соф» бўлган  ва  тажрибада  «ифлосланмаган»  бир  қанча  мушоҳадаларга  таянади. Табиатшунослик  априор  мушоҳадалар  ва  идрок  категорияларининг  синтези сифатида  амалга  оширилади.             Инсон  билимлари,  фан  ва  маданият  дунёси  бизнинг  тажрибамиз, туйғуларимиз  ва  ақлимиз  маълумотларига  асосланади.  Ф.Бэкон  ва  Р.Декарт фан  ва  маданиятнинг  янада  ривожланиш  йўлларини  туйғуларимиз  ва мулоҳаза  юритиш  қобилиятимизнинг  такомиллашуви  билан  боғлаганида,  тўла ҳақ  эди.  Бироқ  улар  бизнинг  тажрибага  асосланган  билимимиз  ҳар  қанча ривожланмасин  ва  такомиллашмасин,  у ҳеч  қачон  бизга  фақат  сезгилар,  ақл ва  тажрибага  асосланиб  дунёни  охиригача  тушуниш  имконини  бермаслигини ҳисобга  олмаган.             Бу  билим  бизга  табиатан  берилган.  У бизнинг  тажрибамиздан  келиб чиқмайдиган  макон,  вақт,  сабабият,  чексизлик,  Худо  каби  категорияларда мужассамлашган.  Бу  инсонга  олдиндан  берилган  тажрибада  олинган материалга  ишлов  бериш  асбобларидир.  Инсоннинг  тажрибада  олинган билими  доирасидан  четга  чиқувчи  бу  трансцендент  (лотинча  ўтиш,  босиб  ўтиш сўзидан)  категориялар  билиш  чегараси,  имкониятларини  биз  сезгилар  ёки  ақл ёрдамида  бирон-бир  нарсани  била  бошлашимиздан  олдинроқ  белгилаб қўяди.  Шундай  қилиб,  бизнинг  билимларимиз  дунёси  икки  қисмдан: тажрибада  олинган  ва  тажрибадан  олдинги  билимдан  иборатдир.             Кант ижодининг аҳамияти шундаки, у билимларимизнинг икки томонламалигини, яъни улар нафақат тажрибада олинган, апостериор манбаларга, балки априор, трансцендент манбаларга ҳам таянишини аниқлади.             И.Кант  гносеологиясининг  онтологик  хусусият  касб  этувчи  яна  бир муҳим  тамойили  унинг  трансцендент  билиш  назариясидан  келиб  чиқади  ва дунёнинг,  уни  ташкил  этувчи  барча  нарсаларнинг  умумий  тузилишини тушунтиради.  Кант  фикрига  кўра,  инсон  онги  каби,  дунёдаги  барча  нарсалар ҳам  икки  томонламадир.  Биринчидан,  бу  қаршимизда  нарсанинг  энг  ёрқин томони  сифатида  намоён  бўлувчи,  сезгиларимиз  уни  шундай  идрок  этувчи «биз  учун  нарса»  ёки  ҳодиса  сифатидаги  нарса.  Иккинчидан,  бу  биз сезгиларимиз билан  идрок  этишга  қодир  бўлмаган  «ўзидаги»  нарса, нарсанинг  бизга  «қоронғи»,  яширин,  теран  томони  ёки  "ноумен"  сифатидаги нарса.             Айни  шу  сабабли  бизнинг  дунё,  нарсалар  ва  инсон  ҳақидаги  билимимиз ҳеч  қачон  тўлиқ,  мутлақ  бўлмайди,  балки  доим  нисбий,  нотўлиқ  бўлиб қолади.  Дунё  ва  инсон  нима,  деган  саволлар  доим  боқий,  фалсафий масалалар  бўлиб  қолади.  Кант  билиш  назариясининг  асосий  тамойиллари  ана шулардан  иборат.             Шундай  қилиб,  Кант  ўз  билиш  назариясида  билим,  фан  ва  маданиятнинг ролини  янада  юксакроқ  даражага  кўтарди.  Унинг  билиш  назариясидан  онг нафақат  дунёни  пассив  акс  эттиради,  балки  инсонга  табиатан  берилган  сезиш ва  идрок  этишнинг  априор  шакллари  ёрдамида  уни  фаол  ўзгартиради, яратади,  бунёд  этади  деган  хулоса  келиб  чиқади.  Кант  билиш  фаолиятининг хусусиятини  дунёни  аниқ  акс  эттирувчи  кўзгуга  эмас,  балки  чизган  расмлари нафақат  дунёнинг  ўзини,  балки  ижодкорнинг  табиатини  ҳам  акс  эттирувчи рассомга  ўхшатиш  лозим.             Айни  замонда,  Кант  билишнинг  муайян  чегаралари  ҳам  мавжудлигини қайд  этади.  «Мен  яратган  билиш  назарияси  инсон  ақлини  унинг имкониятлари  чегараси  ҳақида  огоҳлантирувчи  чегара  посбони  ёки  ақлнинг димоғдорлиги  деб  аталувчи  хавфли  касалликка  қарши  дори  бўлиб  хизмат қилиши  лозим»,  деб  ёзади.             Кант  таълимотидан  инсон  билимлари  мажмуи  билишнинг  инсонга берилган  априор  шакллари  ёрдамида  нарсаларнинг  бирон-бир  қисми, томони,  жиҳатинигина  ўзига  хос  тарзда  акс  эттиради,  бу  нарсалар  кўз ўнгимизда  доимо  намоён  бўлади,  бироқ  ўзининг  асл  моҳиятини  ҳеч  қачон кўрсатмайди,  «ўзидаги  нарса»  бўлиб  қолади,  деган  хулоса  келиб  чиқади.             Кант таълимоти билишнинг ижодий табиатини ёритиб, инсон билимининг тараққиётини, олимлар, ёзувчилар ижодини рағбатлантирди, бироқ шу билан бир вақтда у инсон билимларининг нисбийлиги, у ёки бу ғоялар ёки назарияларни мутлақлаштириш, шунингдек уларнинг яратувчиларини илоҳийлаштириш хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантирди.             Шеллинг Фридрих Вильгельм Йозеф (немис  файласуфи.  1775-1854) Бош  асари:  «Трансцендент  идеализм  тизими»нинг  фалсафий  ва  методологик аҳамияти  шундаки,  бу  асарда  тарихийлик  тамойиллари  илк  бор  изчил кўринишда  намоён  бўлади.             Трансцендент  идеализм  тизими  қуйидаги  асосий  элементлардан ташкил  топади.             1.  Назарий  фалсафа.  У ўзликни  англаш  учун  қарама-қарши  йўналишлар (объект,  субъект,  идеал  ва  реал  фаолият)  ўртасида  кураш  лозим,  деган методологик  қоидадан  бошланади.  Шеллинг  ўзликни  англаш  фақат  шу  кураш жараёнида  юз  беришини  ва  «Мен»  механизми  тўлалигича  фақат  ўзликни англашни  ташкил  этувчи  қарама-қаршиликлардан  келтириб  чиқарилиши мумкинлигини  қайд  этади.  Бунда  у икки  ҳолатни:  «Мен»  эндигина  юзага келган ва  «Мен»  аниқ-равшан  кўриниб  турувчи  ҳолатларни  фарқлайди.  Бунда биринчи  ҳолат  «Мен»дан  ташқарида,  иккинчи  ҳолат  – «Мен»нинг  ичида бўлади.  Шу  муносабат  билан  онг  қайси  ҳолатдан  бошланишини  аниқлаш  ва унга  мазкур  чегарадан,  яъни  онгдан  ташқарида  ётган  нарсаларни аралаштирмаслик  жуда  муҳимдир.             Шеллинг  ўз  асарида  тарихийлик  тамойилидан  фойдаланиб,  ўзликни англаш  тарихида  уч  асосий  даврни  (босқични):  дастлабки  сезишдан  самарали мушоҳада  юритишгача;  самарали  мушоҳада  юритишдан  рефлексиягача; рефлексиядан  ироданинг  мутлақ  ҳаракатигача  бўлган  даврларни  фарқлайди. Бунда  Шеллинг  онг,  ўзликни  англаш  ва  жамиятнинг  шаклланиш  жараёнини одамларнинг  амалий  фаолияти  билан  боғлашга  ҳаракат  қилди.             2.  Амалий  фалсафа.  Унинг  бош  тушунчаси  – «тарих»,  боғловчи  муҳит сифатидаги  объектив  дунёда  юз  берувчи  ва  ақлли  жонзотлар  сифатидаги одамлар  эркинлигининг  шарти  ҳисобланувчи  кишилараро  ўзаро  алоқасидир. Бошқача  айтганда,  бу  жаҳон  тарихидаги  объектив  қонуният  ҳақидаги  муҳим масаланинг  қўйилишидир.             3.  Табиий  мақсадлар  фалсафаси.  Бу  ерда  Шеллинг  қуйидаги антиномияни  таърифлайди:  кўр-кўрона  кучлар  маҳсули  бўлган  табиат  амалда мақсадга  мувофиқлик  руҳи  билан  суғорилгандир.  Бу  антиномиянинг  ечимини у  субъект  ва  объектнинг  дастлабки  айнийлигини  эътироф  этиш  йўлида  кўради: умуман  табиатда  ва  унинг  айрим  маҳсулларида  мақсадга  мувофиқликка  фақат мушоҳада  юритиш  йўли  билан  эришиш  мумкин.  Бу  мушоҳадада  тушунча ҳақидаги  тушунча  ва  объектнинг  ўзи  дастлабки  тарзда  ва  узвий  боғланади  – шунда  натижа  мақсадга  мувофиқ  тарзда  намоён  бўлиши  лозим.             4.  Санъат  фалсафаси  – трансцендентал  идеализм  тизимининг  охирги бўлими.  Унинг  асосий  қоидалари  қуйидагилардан  иборат:             а)  санъат  – умуман  билишнинг  олий  шакли,  чунки  фақат  у инсонга  олий билимга  эришиш  имконини  беради.  Санъат  амалий  фойдага  ҳам,  ахлоққа  ҳам, фанга  (фалсафага)  ҳам  бўйсуниши  мумкин  эмас,  чунки  у ҳамма  нарсадан олийроқдир;             б)  санъатнинг  устунлиги  шундаки,  унинг  асарларида  онгли  ва  онгсиз фаолият  айнияти  акс  этади.  «Бизда  мужассамлашган  бу  теран  зиддият»ни айнан  ва  фақат  санъат  ечишга  қодир.  Санъат  – бу  назарий  ва  амалий  нарсалар ўртасидаги  қарама-қаршилик  бартараф  этилиб,  онгли  ва  онгсиз  табиат  ва эркинликнинг  тўла  уйғунлигига,  идеалга  эришилувчи  жабҳа;             в)  санъат  ўз  ривожланиш  жараёнида  спираль  ташкил  этади:  қадимда ундан  (аниқроғи  поэзиядан)  фалсафа  ва  бошқа  фанлар  туғилган;             г)  санъат  – эркинлик  ва  заруриятнинг  юксак  бирлиги.  Инсоннинг  ижодий табиати  тўла  давра  айланиб  санъатда  ўзининг  якуний  ифодасини  топади. Санъат  инсонга  "олий"ни  билиш  даражасига  етиш  имконини  беради.             Шеллинг  натурфалсафаси  XVIII  аср  охирига  келиб  эришилган  ва жамоатчиликда  кенг  қизиқиш  уйғотган  янги  табиий-илмий  натижаларни фалсафий  жиҳатдан  умумлаштиришга  бўлган  эҳтиёжга  жавоб  сифатида вужудга келди.  Шеллинг  ўз  даврининг  барча  кашфиётларига  ягона  асосни топишга  ҳаракат  қилди:  у табиатнинг  идеал  моҳияти,  табиат  фаоллигининг номоддий   хусусияти   ҳақидаги   ғояни   илгари   сурди.   Шеллинг натурфалсафасининг  қиммати  унинг  диалектикасида  намоён  бўлади. Табиатшунослик  кашф  этган  алоқалар  ҳақида  мулоҳаза  юритар  экан,  Шеллинг бу  алоқаларни  белгиловчи  кучларнинг  бирлиги  ва  табиатнинг  ягоналиги ҳақидаги  фикрни  илгари  суради.  Бундан  ташқари,  у ҳар  қандай  нарсанинг моҳияти  қарама-қарши  фаол  кучларнинг  бирлиги  билан  тавсифланади,  деган хулосага  келади.  Бу  бирликни  у  «қутблилик»  деб  номлади.  Қарама- қаршиликларнинг  бирлигига  мисол  қилиб  Шеллинг  магнитни,  мусбат  ва манфий  электр  зарядларини,  кимёвий  моддаларда  кислота  ва  ишқорларни, органик  жараёнларда  таъсирланиш  ва  тормозланишни,  онгда  субъективлик  ва объективликни  келтиради.  «Қутблилик»ка  Шеллинг  нарсалар  фаоллигининг бош  манбаи  сифатида  қарайди,  уни  табиатнинг  «ҳақиқий  дунёвий  жони»  деб тавсифлайди.  Шеллинг  ўз  асарларида  идеал  ва  моддий  нарсаларнинг айнийлиги  ғоясини  илгари  суради.  Унинг  фикрича,  материя  мутлақ  руҳ, ақлнинг  эркин  ҳолатидир.  Руҳ  ва  материяни  бир-бирига  қарши  қўйиш  мумкин эмас;  улар  айнийдир,  чунки  айни  бир  мутлақ  ақлнинг  турли  ҳолатларини  акс эттиради.             Фалсафий  категорияларни  тадқиқ  этиш  ва  ривожлантириш  ишига Ф.Шеллинг   салмоқли   ҳисса   қўшди.   Шу   маънода   Ф.Шеллингнинг натурфалсафаси  (табиат  фалсафаси)  айниқса  диққатга  сазовордир.  Табиатни тушунишда  Шеллинг  пантеистдир,  у  Худо  ва  табиатни  тенглаштиради. Табиатнинг  ривожланишини  Шеллинг  онгнинг  шаклланиш  жараёни, онгсизликдан  онглилик  сари  ҳаракат  сифатида  тавсифлайди.  Онгнинг шаклланиш  механизмини  Шеллинг  табиатда  қутблилик  (қарама-қаршиликлар бирлиги)  ва  тадрижийликнинг  мавжудлиги  билан  изоҳлайди.  Тадрижийлик, яъни  табиат  эволюцияси  босқичларини  Шеллинг  қутблиликда  кескинликнинг пасайиши  маҳсули  сифатида  тушунтиради.  У жонли  организмлар  ноорганик шакллардан  вужудга  келади,  ҳаёт  эса  модда  синтези  ва  парчаланишининг бирлигидир,  деб  ҳисоблаган.             Шеллинг  ўз  натурфалсафасининг  таърифланган  муҳим  тамойиллари  – табиатнинг   диалектик   бирлиги,   ривожланиши   ва   умумий   икки тарафламалигини  инсоннинг  табиатни  тушунишига  нисбатан  татбиқ  этади. Фихтега  эргашиб  Шеллинг  ҳам  билишнинг  ривожланишини  билишнинг назарий  босқичларидан  амалий  босқичлар  сари  ҳаракат  сифатида  таҳлил қилади.  Онгнинг  шаклланиш  асосини  Шеллинг  инсоннинг  дунёга  нисбатан ҳаракатлари  билан  боғлайди.  Ўзликни  англаш  тадрижийлик,  яъни  мушоҳада юритишнинг  қуйи  шакллари  - сезиш,  идрок  этишдан  тасаввур  қилиш  ва рефлексияга  ўтиш  сифатида  шаклланади.  Нима  учун  айнан  фаолият,  онг  ва билишнинг  ривожланиш  манбаи  ҳисобланади?  – деган  саволга  нисбатан Шеллинг  қуйидагича  мулоҳаза  юритади:  амалий  фаолиятда  инсон  ўзининг маънавий  қобилиятларини  моддийлаштиради  (объектга  айлантиради),  улар инсон ўзгартирган  табиат  предметларида  яшашда  давом  этади.  Шундай қилиб,  инсон  фаолияти  натижасида  табиат  соф  табиатга  ва  инсон  томонидан ўзгартирилган   табиатга   ажралади.   Инсоннинг   муҳим   хусусиятлари моддийлашган  айни  шу  ўзгартирилган  табиат  инсон  онги  ва  ўзлиги ривожланишига  кўмаклашади.  Аммо  индивидларнинг  ўзаро  алоқаси, уларнинг  мулоқоти  инсонга  бундан  ҳам  кучлироқ  таъсир  кўрсатади.             Умуман олганда Ф.Шеллинг Гегель диалектикасининг аксарият ғояларини ундан олдинроқ илгари суради ва кўп жиҳатдан ундан ўзиб кетади, чунки Гегель табиатда ривожланишнинг мавжудлигини рад этади, Шеллинг эса, аксинча, нафақат инсон руҳи, балки табиат ривожланишининг умумий тамойилларини ҳам таърифлаб берди, табиатнинг тадрижий ривожланиш жараёни онг шаклланиши билан ниҳоясига етишини қайд этди. Шеллинг ғоялари Гегель фалсафасида ўзининг мукаммал ифодасини топди. Шеллинг натурфалсафасининг пайдо бўлиши Фихте субъектив идеализми илдизига болта урди ва немис классик идеализмида объектив идеализм ва унинг диалектикаси сари бурилиш ясади.             Гегель Георг Вильгельм Фридрих (1770-1831) фалсафий  тизими  немис классик  идеализмининг  тадрижий  якуни  ҳисобланади.  Буюк  файласуфнинг барча  машҳур  асарлари:  «Руҳ  феноменологияси»  (1807),  «Мантиқ  фани» (1812-1816),  «Фалсафа  фанлари  қомуси»  (1817)  айни  шу  тизимни  ишлаб чиқишга  бағишланган.  «Руҳ  феноменологияси»  асари  Гегель  фалсафий тизимига  ўзига  хос  дебочадир.  Бу  асарда  Гегель  инсон  онги  турли  даражалари ривожланишининг  изчил  қаторини  таҳлил  қилади.             Гегель  тизимининг  биринчи  ва  муҳим  қисми  –  «Мантиқ»  «Руҳ феноменологияси»нинг  якуни  ва  хулосасидир.  Бу  субъект  ва  объектга  қадар мавжуд  бўлган  «соф  фикр»  соҳасидир.  Мантиқда  унинг  ўзи  ва  мантиқ шаклларидан  ташқари  ҳеч  қандай  эмпирик  мазмун  мавжуд  эмас.  Мантиқ тарих  ва  табиатдан  олдин  пайдо  бўлган.  Мантиқ  уларни  яратган.             Мантиқ  уч  қисмга:  борлиқ  ҳақидаги  таълимот,  моҳият  ҳақидаги таълимот  ва  тушунча  ҳақидаги  таълимотга  бўлинади.  Борлиқ  ва  моҳият тушунча  ўзини  тўлиқ  намоён  этгунга  қадар  «кўтариладиган»  пиллапоялар сифатида  қаралади.  «Мантиқ»да  мутлақ  ғоянинг  ривожланиши  абстракт мантиқий  категориялар  кўринишида  юз  беради.  Унинг  таянч  нуқтаси  – борлиқ ҳақидаги  соф  мавҳум  фикр.  Дастлаб  мазмунсиз  бўлган  бу  «соф  борлиқ» тушунчаси  «нимадир»  орқали  ўз  мазмунини  касб  этишга  ҳаракат  қилади.  Бу «нимадир»,  ўз  навбатида,  «муайян  борлиқ»дир.  Гегель  фикрига  кўра,  мутлақ ғоянинг  вужудга  келиш  жараёни  айни  шу  тариқа  бошланади.  «Муайян борлиқ»  кейинги  босқичда  «қандайдир  муайян  борлиқ»  сифатида  амал қилади  ёки  сифат  касб  этади.  Сифат  категорияси  миқдор  категорияси  билан бирга  ривожланади.  Сифатли  миқдор  ёки  миқдорий  сифат  эса  ўлчов ҳисобланади.  Борлиқ  ҳақидаги  таълимотда  Гегель  диалектика  қонунларидан бири: миқдордан  сифатга  ва  сифатдан  миқдорга  ўтиш,  ривожланиш жараёнлари  сакраш  тарзида  юз  беришини  асослашга  ҳаракат  қилади.             Ҳодиса  сифатида  тушуниладиган  борлиқдан  Гегель  янада  теранроқ, ички  қонуниятларга  –  моҳиятга  ўтади.  Бу  қисмда  Гегель  қарама- қаршиликларнинг  бир-бирига  ўтиши,  уларнинг  бирлиги,  айният  ва  кураш тўғрисидаги  қонунни  таҳлил  қилади.  Гегель  фикрига  кўра,  зиддият  – бу қарама-қаршиликларнинг  ўзаро  нисбатидир.  Улар  бир-бирисиз  мавжуд бўлмайди,  лекин  турли  йўлдан  ривожланади  ва  бу  улар  ўртасидаги муносабатларнинг  кескинлашувига  сабаб  бўлади.  Зиддиятни  ечиш  ёки  унга чек  қўйиш  талаб  этилади.  Гегель  зиддиятни  асос  ва  оқибатнинг,  шакл  ва мазмуннинг,  ҳодиса  ва  моҳиятнинг,  имконият  ва  воқеликнинг,  тасодиф  ва заруриятнинг  ўзаро  нисбатида  кўради.  Зиддият  ҳақидаги  таълимотни ривожлантирар  экан,  Гегель  ичдан  зарур  бўлган,  ҳар  қандай  ўзгариш  ва ривожланишнинг  манбаи  саналган  «ўз-ўзидан  ҳаракат»  ҳақида  хулоса чиқаради.             Гегель  фикрига  кўра,  айният  ва  тафовутнинг  нисбатини  билиш жараёнида  уларнинг  замирида  ётган  зиддият  намоён  бўлади.  Зиддиятлар мавжудлиги  ҳодисанинг  ривожланаётганидан  далолат  беради.  Моҳият ҳақидаги  таълимотда  Гегель  воқеликни  «моҳият  ва  мавжудликнинг  бирлиги» сифатида  тавсифлайди.  Моҳиятнинг  ўзи  – «мавжудлик  асоси»дир.  Моҳият ҳақидаги  таълимотнинг  дастлабки  бобларидан  бошлаб  Гегель  уни  билиш мумкин  эмас  деган  тасаввурни  рад  этади.             Борлиқ  ва  моҳият  соҳасидаги  ривожланиш  жараёнларини  белгиловчи зарурият  тушунчада  ўз  аксини  топади.  Бундай  зарурият  эркинликка  айланади, «эркинлик  эса  – бу  англаб  етилган  зарурият»дир.  Шу  тариқа  «Мантиқ» тушунчага  ўтади.  Бунда  Гегель  фалсафий  метод  сифатидаги  формал  мантиқ  ва метафизикани  танқид  қилади  ва  умумийлик,  алоҳидалик  ва  яккалик диалектикасини  ишлаб  чиқади.  Айни  вақтда  у ҳақиқат  тушунчасини  фикрнинг объект  билан  мос  келиш  жараёни  сифатида  таҳлил  қилади.  Бунга  ғояда эришилади.  Фақат  ғоя  тушунча  ва  нарсанинг  шак-шубҳасиз  бирлиги ҳисобланади.             Мантиқдан  Гегель  мутлағ  ғоя  ривожланишининг  иккинчи  босқичи- табиат  фалсафасига  ўтади.  Унда  ғоя  табиат  бунёдкори  ҳисобланади.  Айнан  у ўзининг  «ўзга  борлиғи»  - табиатни  яратади.  Табиатнинг  ривожланиш босқичлари:  механизм,  химизм,  организм  кабилардир.  Гегель  ўз  диалектик тафаккурининг  теранлиги  ва  кучи  ёрдамида  «Табиат  фалсафаси»да  ноорганик ва  органик  табиатнинг  айрим  босқичлари  ўртасидаги  ўзаро  алоқа  ҳамда дунёдаги  барча  ҳодисаларнинг  қонунияти  ҳақида  бир  қанча  ноёб  фаразларни илгари  суради.             Мутлақ  ғоя  ривожланишининг  учинчи  босқичи  руҳ  бўлиб,  у ҳам  ўз ривожланиш  жараёнида  уч  босқичдан  ўтади:  субъектив  руҳ,  объектив  руҳ, мутлақ  руҳ.  Субъектив  руҳ  – бу  «жон»  ёки  «руҳ  ўзида»,  онг  ёки  «руҳ  ўзи  учун». Объектив  руҳ  ҳуқуқ  соҳасини  белгилайди.  Пировард  натижада  у ахлоқда  ўз ифодасини  топади   ва   оилада,   фуқаролик   жамияти   ва   давлатда мужассамлашади.  Мутлақ  руҳ  –  умрбоқий  ҳақиқат.  У  ўз  ривожланиш жараёнида  уч  босқич:  санъат,  дин  ва  фалсафа  босқичларидан  ўтади.  Санъат, Гегель  фикрига  кўра,  мутлақ  ғояни  билишнинг  бевосита  шакли.  Дин  ўз  манбаи –  ваҳий  орқали  Худони  англаб  етади.  Фалсафа  - мутлақ  руҳ  ривожланишининг олий  даражаси.  Бу  ерда  ғоя  ўзини  ўзи  англаб  етади,  ўзининг  «соф  птамойили» даражасига  кўтарилади,  мутлақ  ғоянинг  интиҳосини  унинг  ибтидоси  билан боғлайди.             Билиш  назариясида  Гегель  ўзининг  тафаккур  ва  борлиқнинг  айнийлиги ҳақидаги  ғоясини  асослашга  ҳаракат  қилади.  У нарсалар  ҳақидаги  фикр  ва нарсаларнинг  ўзи  мос  келишини,  аммо  бу  айният  тафовутни  ҳам  ўз  ичига олишини  қайд  этади.  Билиш  ривожланишининг  умумий  тамойили  – мавҳумликдан  муайянга  юксалишдир.  Билиш  жараёнида  Гегель  уч  асосий босқич:  ҳиссий  аниқлик,  идрок  ва  ақлни  фарқлайди.  Ҳиссий  аниқлик англашнинг  тўғрилигига,  яъни  бизнинг  сезгиларимиз  нарсанинг  яхлит образини  қайд  этаётгани  ва  унда  ҳеч  нарсани  эътибордан  четда қолдирмаётганига  ишонч  уйғотади.  Идрок  предметни  ўз  хоссаларига  эга бўлган  нарса  сифатида  тушунади.  Ақл  нарсанинг  ҳиссий  қиёфаси  ортида  унинг ички  мазмуни,  моҳиятини  топишга  ҳаракат  қилади.  Борлиқ  ва  тафаккурнинг айнийлиги  ғояси  Гегелни  Аристотель  мантиғи  амалда  тўқнаш  келган  зиддиятга қайтаради:  агар  борлиқ  ичдан  зиддиятли  бўлса,  ўз-ўзига  қарши  бормасдан фикрлаш  мумкин  эмас.  Гегель  мазкур  зиддиятни  истисно  этилган  учинчи формал-мантиқ  қонунининг  янглишлиги  ҳақидаги  фикр  ёрдамида  ечишга ҳаракат  қилади.  У зиддиятларни  фикрлаш  мумкин  эмас,  деб  ўйлаш  хато эканлигини  қайд  этади.  Гегель  учун  зиддиятлар  – ҳаракат  манбаи,  фикр қарама-қаршилиги  – фикрнинг  ҳаракат  манбаидир.  Гегель  билиш  зиддиятлари ва  объектив  зиддиятларни  фарқлайди.  Шу  тариқа  у диалектик  қарама- қаршиликни  асоссиз  равишда  формал-мантиқий  қарама-қаршилик  билан алмаштиради.             Шундай  қилиб,  Гегель  фалсафий  тизимида  мутлақ  ғоя  ранг-баранг  ва мураккаб  ҳаёт  йўлини  босиб  ўтади.  Унинг  тизими  – бу  объектив  идеализм: мутлақ  ғоя  табиат  ва  инсонга  қадар  «соф  фикр»  сифатида  мавжуд  бўлади, табиат  ва  жамиятни  вужудга  келтиради.  Тизим  замирида  «триада»:  тезис  – антитезис  – синтез  ётади.  Бу  «триада»,  бир  томондан,  Гегель  фалсафий тизимига  изчил  тус  беради,  бошқа  томондан  эса,  Гегелга  дунё ривожланишининг  ҳужумкор  хусусиятини  кўрсатиш,  қомусий  билимлардан фойдаланиш  учун  имконият  яратади.             Диалектика  муаммоларини  ишлаб  чиқишда  ҳам  Гегелнинг  хизматлари беқиёсдир.  У сифат  ўзгариши,  қуйи  шакллардан  олий  шаклларга  юксалиш, эскининг  янгига  ўтиши,  ҳар  бир  ҳодисанинг  ўз  зиддига  айланиши  сифатидаги диалектик  ривожланиш  ҳақидаги  таълимотни  яратди.  Гегель  дунёдаги  барча жараёнлар  ўртасидаги  ўзаро  алоқани  қайд  этди.             Гегель диалектиканинг  идеалистик  шаклини  ишлаб  чиққан:  у категориялар  диалектикасини,  уларнинг  алоқалари  ва  бир-бирига  ўтишини, «соф  фикр»  -  мутлақ  ғоянинг  ривожланишини  таҳлил  қилади.  У ривожланишни  ўз-ўзидан  ҳаракат  сифатида,  қарама-қаршиликлар  бир-бирига ўтиши  натижасида  юз  берувчи  ўз-ўзидан  ривожланиш  сифатида  тушунади: ҳодиса  зиддиятли  бўлгани  боис,  у ҳаракатланиш  ва  ривожланиш  қобилиятига эга  бўлади.  Гегель  диалектикасида  ҳар  бир  тушунча  қолган  барча  тушунчалар билан  ичдан  боғланади:  тушунчалар  ва  категориялар  бир-бирига  ўтади. Масалан,  имконият  ривожланиш  жараёнида  воқеликка,  миқдор  – сифатга, сабаб  – оқибатга  айланади  ва  айни  вақтда  бунинг  акси  юз  беради.  Гегель қарама-қарши  категориялар  – шакл  ва  мазмун,  моҳият  ва  ҳодиса,  тасодиф  ва зарурият,  сабаб  ва  оқибатнинг  бирлигини  қайд  этади.             Гегель  диалектиканинг  асосий  қонунлари:  миқдор  ва  сифат ўзгаришлари  қонуни,  қарама-қаршиликларнинг  бир-бирига  ўтиши  қонуни  ва инкорни  инкор  қонунини  кашф  этди.  У категориялар  диалектикаси  орқали диалектика  асосий  қонунларининг  амал  қилиш  механизмини  ўрганади.             Гегель  диалектикани  билиш  жараёнига  татбиқ  этди.  Гегель  учун  ҳақиқат бир  марта  ва  бир  умрга  берилган  мутлақо  тўғри  жавоб  эмас,  балки жараёндир.  Гегелда  билиш  назарияси  билиш  тарихи  билан  мос  келади: билиш,  фан  ривожланиши  тарихий  босқичларининг  ҳар  бири  у ҳақда «мутлақ»,  лекин  чекланган,  тўлиқ  бўлмаган  тасаввур  ҳосил  қилиш  имконини беради.  Ҳар  бир  кейинги  босқич  ўзидан  олдинги  босқичдан  бойроқ  ва муайянроқ.  У  аввалги  мазмуннинг  бойлигини  ўзида  тўлиқ  сақлайди  ва олдинги  босқични  рад  этади,  лекин  унинг  ноёб  жиҳатларини  йўқотмайди, «ўзлаштирилган  барча  хоссаларни  янада  бойитади».             Шундай қилиб, Гегель мутлақ ва нисбий ҳақиқат диалектикасини ишлаб чиқади. Гегель диалектикасини ўрганиш билиш назариясига оид билимларни бойитади, назарий, ижодий фикрлаш қобилиятининг ривожланишига йўл очади, мустақил ғояларни яратишга кўмаклашади.             Гегелнинг фалсафий тизими мантиқ ва табиат фалсафасини, антропология ва психологияни, ҳуқуқ фалсафаси ва ахлоқни, давлат ва фуқаролик жамияти фалсафасини, дин фалсафаси ва эстетикани, фалсафа тарихи ва тарих фалсафасини, тамойиллар, қонунлар ва категориялар тизими сифатидаги диалектикани ўз ичига олади.             ХХ  – ХХI  аср  фалсафаси.  Ғарб  фалсафасида  XIX  аср  охирида  бошланган жараёнлар  ХХ  асрда  унинг  янги,  ҳозирги  ноклассик  типи  вужудга  келиши билан  якунланди.             Ҳозирги  Ғарб  ноклассик  фалсафаси  муайян  яхлитлик,  бирликни  ифода этувчи  фалсафий  тафаккур  шаклланишининг  ўзига  хос  босқичидир.  Унда айрим  асосий  йўналишлар  – позитивизм,  неопозитивизм,  структурализм  ва ҳоказолар  фарқланади.             Сциентистик  тенденция  фалсафани  ижтимоий  фанга  айлантириш  ва дунёқараш  масалаларидан  халос  бўлишга  интилиш  билан  боғлиқ.  Уни  аввало позитивизмнинг ҳар  хил,  шу  жумладан  социология  соҳасидаги  шакллари ифода  этади.  Уларга  фалсафанинг  ижтимоий  билим  учун  илмийликнинг  ягона андозасини  яратишга  ҳаракат  қилувчи  йўналиши  – структурализм  яқин  туради.             Антисциентистик,  кўп  жиҳатдан  иррационалистик  тенденция  фан  салбий ижтимоий  ва  табиий  жараёнларга  сабаб  бўлиб,  онг  ва  билишнинг  бошқа ноилмий  шаклларини  четга  чиқариб  қўйишидан  келиб  чиқади.  Фалсафий мулоҳаза  юритишнинг  бу  типи  аввало  ҳаёт  фалсафаси,  экзистенциализм  ва герменевтикани  ўз  ичига  олади.             Мавҳум-метафизик  тенденция  фалсафани  борлиқ  ва  билишнинг  теран асосларини  аниқловчи  «мутлақ  фан»  сифатида  тасаввур  қилиш  билан  боғлиқ. Фалсафа  ўз  мазмунини  ижтимоий  фанларнинг  далиллари  ва  қонунларидан қатъий  назар  кенг  тушунтиради,  деб  ҳисобланади.  Бу  тенденцияни  диний фалсафанинг  турли  йўналишлари  ифода  этади.  Бунга  феноменология йўналиши  ҳам  яқин  туради.             Энди  ҳозирги  замон  Ғарб  фалсафасининг  муаммолари  таҳлил  қилинувчи энг  нуфузли  йўналишларини  кўриб  чиқамиз.  Позитивизм  фалсафанинг  кенг тарқалган  йўналишларидан  биридир.  Унинг  муаммолари  илмий  билимнинг фалсафий  таҳлили  атрофида  жамланади.             Позитивизм   сохта  билимдан  ҳақиқий  билимни  ажратишга  ҳаракат қилувчи  ижобий  билимнинг  фалсафий  доктринасини  англатади.  Бундай ижобий  билимлар  айрим  фанларни  билиш  билан  тенглаштирилади: позитивизмга  дунёқараш  муаммоларини  ўз  ичига  олувчи  анъанавий фалсафага  нисбатан  ўта  салбий  муносабат  хосдир.             Позитивизмнинг  биринчи  тарихий  шакли  XIX  асрнинг  30-40-йилларида вужудга  келган.  Унга  француз  файласуфи  О.Конт  асос  солган.             Конт  фикрига  кўра,  фаннинг  вазифаси  нарсани  тушунтириш  эмас,  балки унга  тавсиф  беришдир.  Фан  «нима  учун?»  деган  саволга  жавоб  беришга  қодир эмас,  у далилларни  қайд  этиш  ва  «қай  тарзда?»  деган  саволгагина  жавоб бериш  билан  кифояланиши  лозим.  Шу  ҳолдагина  у ижобий  бўлиши  мумкин.             Контнинг  фалсафани  ижобий  билим  тамойилларига  мувофиқ  тузишга уриниши  табиатшунос  олимлар  давраларида  ўз  издошларини  топди.             Илк  позитивизм  асосчилари  олимларни  ҳиссий  ҳодисалар  жабҳасига чуқур  киришга  уринишлардан  воз  кечиш  ва  уларни  тавсифлаш  билан кифояланишга  чақирдилар.  Бу  ёндашув  ҳиссийлик  жабҳаси  ортида  қандайдир борлиқнинг  мавжудлигини  назарда  тутади.             Илк  позитивизмнинг  ўзига  хос  хусусияти  шундаки,  О.Конт  ва  унинг бошқа  намояндалари  фалсафанинг  асосий  вазифасини  муайян  фанларнинг амалда  мавжуд  моддий  дунё  ҳақидаги  маълумотларини  умумлаштириш  ва тизимга  солишдан  иборат  деб  билдилар.  Бошқача  айтганда,  бу  босқичда позитивизм  ҳали  ташқи  дунёнинг  мавжудлигини  тан  олувчи  материалистик таълимот  бўлиб  қолди.             Эмпириокритицизм позитивизмнинг  иккинчи  тарихий  шакли  сифатида XIX–XX  асрлар  чегарасида  юзага  келди.  Унинг  энг  машҳур  намояндалари  – Э.Мах (1838-1916)  ва  Р.Авенариус  (1843-1896).  Илк  позитивизмдан  фарқли ўлароқ,  эмпириокритицизм  фалсафага  «иккинчи  позитивизм»ни  синтез қилувчи  фан  сифатида  ёндашади,  уни  билиш  назариясига  боғлайди. Эмпириокритицизм  «тажриба  танқиди»  деган  маънони  англатади  ва «тажрибани   метафизик   табиатни   ўзгартирувчи   барча   қоидалардан тозалаш»ни  назарда  тутади.  Э.Мах  фикрига  кўра,  тажриба  амалда  «дунё элементлари»  ҳисобланувчи  сезгилардан  иборатдир.  Бинобарин,  позитивизм ўзининг  махизм  шаклини  касб  этган  иккинчи  босқичида  бутун  фалсафий фаолиятни  инсон  тажрибаси  ҳиссий  асосининг  руҳий-физиологик  шакллари таҳлилига  боғлади.  Махизм  фалсафасида  дунё  «сезгилар  мажмуи»  тарзида намоён  бўлдики,  бу  материализмдан  бутунлай  воз  кечилиши,  инглиз файласуфи  Берклининг  субъектив  идеализми  ўзига  хос  тарзда  тикланишини англатади.  Хуллас,  иккинчи  позитивизм  яратувчилари  билиш  жараёнининг назарий  моделини  тузишга  ҳаракат  қилдилар.             Неопозитивизм, позитивизмнинг  учинчи  тарихий  шакли  сифатида, илмий  назарияларнинг  ҳақиқатнамолигини,  уларнинг  нисбий  қимматини аниқлаш  методларини  ўз  фалсафий  фаолиятининг  предметига  айлантирди.  Бу босқич  вакиллари  позитивизмнинг  асосий  тамойилларига  таяниб,  анъанавий фалсафа  тушунчалари  ноилмийдир,  чунки  уларни  тажрибада  текшириш мумкин  эмас,  деб  эълон  қилдилар.             Неопозитивистлар  у  ёки  бу  илмий  хулосалар,  концепциялар  ва назарияларнинг  тўғрилиги,  ҳақиқийлигини  текшириш  методларига  асосий эътиборни  қаратдилар.  Улар  ҳозирги  илмий  билимларнинг  ҳақиқийлигини текширишнинг  асосий  тамойиллари:  верификация,  фальсификация  ва конвенция  тамойиларини  таърифлаб  бердилар.             Верификация  (лот.  «verus»  - ҳақиқий  ва  «facio»  - бажараман)  тамойили нуқтаи  назаридан  ҳиссий  тажриба  далиллари  билан  тасдиқланувчи  илмий қоидаларгина  ҳақиқий  ҳисобланади.  Бошқача  айтганда,  тажрибада  синалиши мумкин  бўлган  мулоҳазаларгина  аҳамият  касб  этади.             Неопозитивизм  метафизик  фаразларни  аниқлаш  ишида  верификация тамойили  муҳим  аҳамият  касб  этишини  таъкидлаган.  Бироқ  бу  тамойил  ўзини оқламади,  чунки  у  фан  тузилиши  ва  динамикасига  мос  келмасди. Верификация  тамойилига  қарши  қуйидаги  эътирозлар  мавжуд:  Фанда тажрибада  синаш  мумкин  бўлмаган  билимлар  ҳанузгача  мавжуд.  Бироқ уларни  кейинчалик,  кузатиш  ва  эксперимент  техникаси  ривожланганидан  сўнг текшириш  имконияти  пайдо  бўлиши  мумкин.  Масалан,  О.Конт  осмон жисмларининг  кимёвий  таркиби  ҳақидаги  масалани  метафизик  масала  деб ҳисоблаган.  У мазкур  масаланинг  ечимини  топиш  мумкин  эмаслигини  қайд этган.  О.  Конт  вафотидан  сўнг  орадан  икки  йил  ўтгач  спектрал  анализ  пайдо бўлди  ва  унинг  ёрдамида  осмон  жисмларининг  кимёвий  таркиби  аниқланди.             Тарихий билим – ўтмиш ҳақидаги, ҳозир мавжуд бўлмаган нарсалар ҳақидаги билим. Верификация тамойили эса мавжуд борлиққа таянишни талаб қилади. Бироқ ўтмишни ҳам билиш мумкин. Верификация тамойилига кўра эса, барча тарихий мулоҳазалар маъносиздир.           Маъноли мулоҳазалар  мажмуини  неопозитивизм  икки  турга  – синтетик ва  аналитик  мулоҳазаларга  ажратади.  Верификация  тамойилининг  ўзини мулоҳазаларнинг  қайси  турига  киритиш  мумкин?  Бу  тавтология  ҳам, тажрибада  синалган  (синтетик)  мулоҳаза  ҳам  эмас.  Мазкур  тамойилнинг келиб  чиқиши  фалсафий  хусусиятга  эга,  моҳият  эътибори  билан  бу  мантиқий позитивизм  қабул  қила  олмайдиган  метафизик  қоидадир.             Фальсификация  тамойили  илгари  сурилган  қоидаларни  тасдиқлашга эмас,  балки  рад  этишга  қараб  мўлжал  олади.  У илмийликка  даъвогар  бўлган қоидаларни  рад  этишга  ҳаракат  қилишни  назарда  тутади.  Илгари  сурилган қоидани  рад  этиб  бўлмаса,  уни  ҳақиқий  ёки  ҳеч  бўлмаса  ўринли  деб  ҳисоблаш мумкин.  Рад  этилган  қоидадан  эса  воз  кечилиши  лозим.             Фанни   ўрганиш   соҳасидаги   фалсафий   йўналиш   сифатида, Неопозитивизм,  50-йиллар  охири  – 60-йилларнинг  бошларида  ўз  нуфузини йўқотди,  ва  шу  даврда  «Тўртинчи  позитивизм»  ёки  постпозитивизм  майдонга чиқди.  Унинг  энг  машҳур  намояндалари  қаторига  К.Поппер,  И.Лакатос,  Т.Кун, С.Тулмин,  П.Фейерабенд,  Д.Агаццини  киритиш  мумкин.             Постпозитивизм. Постпозитивизмнинг  неопозитивизм  билан  ғоявий алоқаси  шунда  ифодаланадики,  улар  асосан  илмий  билим  таҳлили  билан шуғулланган,  тилга  катта  эътибор  берган.  Бироқ,  мантиқий  позитивизм  асосан мавжуд  илмий  билим  тузилишини  ўрганишга  эътиборни  қаратган  бўлса, постпозитивизмнинг  бош  муаммосини  илмий  билим  динамикаси  ташкил этади.  Бу  ўзгариш  фанни  фалсафий  ўрганиш  масалалари  доирасининг  ҳам ўзгаришига  сабаб  бўлди.  Постпозитивизмни  аввало  илмий  билимнинг ижтимоий-маданий  омиллари,  янги  назарияларнинг  юзага  келиши,  уларнинг олимлар  ҳамжамияти  томонидан  қабул  қилиниши,  рақобатлашувчи  илмий концепцияларни  таққослаш  ва  танлаш  мезони  қизиқтиради.             Агар  мантиқий  позитивизмга  эмпирик  билимни  ишончли  ва  барқарор билим  сифатида  ишончсиз  ва  ўзгарувчан  назарий  билимга  қарши  қўйиш  хос бўлса,  постпозитивизмга  эса,  аксинча,  билимнинг  бу  икки  даражаси  бир- бирига  ўтиши  ҳақидаги  қараш  хосдир.  Зеро  постпозитивизм  таълимоти назариянинг  эмпирияга  таъсири  кучли  эмаслиги,  далилларни  аниқлаш  учун назария  талаб  этилиши,  шу  сабабли  далиллар  назарияга  маълум  даражада боғлиқ  бўлиши  ёки  ҳатто  уларни  белгилаши  ёритиб  берилган.             Постпозитивизм  концепциясининг  навбатдаги  хусусияти  – шундаки илмий  билимнинг  ривожланишини  талқин  қилишда  кумулятивизмдан  воз кечилган.  Илк  позитивизм  илгари  сурган  кумулятивистик  ёндашув  фаннинг изчил  ривожланиши,  билимларнинг  аста-секин  тўпланиб  боришини  назарда тутади.  Постпозитивизм  фан  ҳақидаги  бундай  тасаввурдан  воз  кечади.  У фан тарихида  инқилобий  ўзгаришлар  юз  бериши  муқаррарлигини  асослашга ҳаракат  қилади.  Постпозитивистлар  фикрига  кўра,  инқилоб  натижасида  фанда илгари эътироф  этилган  ва  асосланган  билимлар,  нафақат  назариялар,  балки методлар  ва  омиллар  ҳам  қайта  кўрилади.             Учинчи  ва  тўртинчи  позитивизм  ўртасида  фанни  сохта  фан (метафизика)дан  фарқлаш  масаласида  ҳам  жиддий  тафовутлар  мавжуд. Позитивизм  метафизикани  фандан  чиқариб  ташлашни  бош  вазифалардан бири  деб  ҳисоблаган.  Постпозитивизм  эса  илмий  билим  ва  фалсафа  ўртасида қатъий  чегара  ўтказишдан  бош  тортади.  У  фалсафий  қоидаларнинг асослилигини  ва  уларни  фанлардан  чиқариб  ташлаш  мумкин  эмаслигини  тан олади.  Фан  фалсафасида  кенг  қўлланилувчи  «парадигма»  (Т.Кун),  «илмий тадқиқот  дастури»  (И.Лакатос)  каби  тушунчалар  фалсафий  (метафизик) унсурлардан  иборат.  Шунингдек,  постпозитивизмнинг  айрим  намояндалари (П.Фейерабенд)  фан,  фалсафа  ва  афсона  ўртасида  бирон-бир  фарқни кўришдан  бутунлай  бош  тортади.             Постпозитивизм  фан  ташқи  (ижтимоий,  маданий)  омиллар  билан белгиланиши  ҳақидаги  ғояни  тан  олади.  Бу  жиҳатдан  ҳам  постпозитивизм мазкур  фалсафий  йўналишнинг  олдинги  шаклларидан  анча  фарқ  қилади. Қуйида  постпозитивизм  вакилларининг  қарашлари  билан  танишамиз.             Томас Кун нинг  (1922-1996)  эпистемологик  концепцияси  унинг  «Илмий инқилоблар  структураси»  асарида  ифодаланган  бўлиб,  бу  ерда  у позитивистик анъаналарни  танқид  қилади.             Т.  Кун  фикрига  кўра,  фан  тарихи  эпистемологиянинг  базиси  ва  асосий материалига  айланиши  лозим.  Фан  – билимлар  тизими  эмас,  балки  аввало илмий  ҳамжамиятлар  фаолиятидир.  Муаммо  бундай  қўйилганида  фалсафа фанининг   дастлабки   нуқтаи   назарлари   ва   хатти-ҳаракатларида мужассамлашган   алоҳида   нормативлик   ва   мантиқий-методологик мустақилликка  эга  бўлган  барча  даъволар  ўз  аҳамиятини  йўқотади.  Улар илмий  ҳамжамият  фаолиятининг  асосий  усулига,  унинг  заминида  шаклланган фан  матрицаси  ва  парадигмасига  боғлиқ  бўлиб  қолади.  Т.Куннинг  «Илмий инқилоблар  структураси»  асари  таъсирида  илмий  ҳамжамият  тушунчаси фаннинг  барча  соҳаларидан  мустаҳкам  ўрин  олди.  Фаннинг  ўзи  ғоялар тизимининг  ривожланиши  сифатида  эмас,  балки  илмий  ҳамжамият фаолиятининг  маҳсули  сифатида  тушунила  бошланди.             Илмий  ҳамжамиятни  маълум  ихтисосликка  ва  ўхшаш  илмий тайёргарликка  эга  тадқиқотчилар  ташкил  этади.  Илмий  ҳамжамият  вакиллари, одатда,  ўхшаш  касбий  кўникмаларга  эга  ва  илмий  адабиётларнинг  муайян мажмуини  ўзлаштирган  бўлади.  Илмий  ҳамжамият  бу  муайян  билим  соҳаси мутахассисларининг  ҳамжамияти  ёки  муайян  илмий  муаммони  ўрганувчи тадқиқотчилар  гуруҳидир.             Фаннинг  ривожланиш  жараёнида  илмий  ҳамжамиятнинг  ролини қуйидагича  тавсифлаш  мумкин:             -мазкур  ҳамжамият  вакиллари  фан  мақсадларини  ва  ўз  соҳасининг вазифаларини  бир  хил  тушунадилар.  Шу  тариқа  улар  у ёки  бу  фаннинг предмети ва  унинг  ривожланиши  ҳақидаги  тасаввурлар  тизимини  тартибга келтирадилар;             -уларга  универсализм  хос  бўлиб,  буни  улар  ўз  тадқиқотларида  ва  ўз ҳамкасбларининг  тадқиқотларига  баҳо  беришда  ҳисобга  оладилар,  бу  ерда улар  билимларни  асослаш  ва  исботлашнинг  умумий  мезонлари  ва қоидаларига  амал  қиладилар;             -илмий  ҳамжамият  тушунчаси  билимларни  жамлашнинг  коллектив хусусиятини  қайд  этади.  У  билишнинг  коллектив  субъекти  номидан  иш кўради,  билиш  фаолияти  натижаларига  келишиб  баҳо  беради,  ички  меъёрлар ва  идеаллар  тизими  – фан  этосини  яратади  ва  қувватлайди;             -илмий  ҳамжамиятнинг  барча  аъзолари  муайян  парадигмага  – илмий муаммоларни  қўйиш  ва  ечиш  модели  (андозаси)га  амал  қилади.  Ёки,  Т.Кун таъбири  билан  айтганда,  парадигма  тадқиқотчи  олимлар  гуруҳини бошқаради.  Олимларнинг  ўзлари  кўпроқ  парадигма  ҳақида  эмас,  балки назария  ёки  назариялар  тўплами  ҳақида  сўз  юритишни  маъқул  кўрадилар.             Фан  ривожланишининг  Кун  таклиф  қилган  модели  турли  илмий ҳамжамиятлар  ўртасидаги  рақобат  кураши  ҳодисалари  олдинма-кетин  юз беришини  назарда  тутади.  Қабул  қилинган  парадигма  ҳукмронлиги  даври, «нормал  фан»  босқичидан  кейин  парадигманинг  инқироз  даври  келади  ва  бу илмий  инқилоб  атамаси  билан  ифодаланади.  Рақобатлашаётган  тарафлардан бирининг  ғалабаси  фаннинг  нормал  ривожланиш  босқичини  тиклайди. Парадигма  юзага  келишидан  олдинги  давр  далилларнинг  тартибсиз тўпланиши  билан  тавсифланади.  Бу  даврдан  чиқиш  илмий  амалиёт андозалари,  назарий  қоидалар,  дунёнинг  аниқ  манзараси  белгилангани, назария  ва  методнинг  бирлашувини  англатади.             Илмий  парадигманинг  алмашиши,  инқилобий  ўзгаришлар  босқичига ўтиш  фан  матрицаси  элементлари,  тадқиқот  техникаси,  методлар  ва  назарий фаразлар  тўла  ёки  қисман  ўзгаришини  назарда  тутади.  Эпистемологик қадриятлар  мажмуи  тўла  ўзгаради.             Кун  фикрига  кўра,  илмий  оқилоналикнинг  умумий  мезонлари  нисбий хусусият  касб  этади.  Ҳар  бир  парадигма  ўз  муаммолар  соҳасида  яратилган андоза  ва  мезонларга  таянади,  шу  сабабли  улар  формал  мантиқ  андозаларига мувофиқ  бўлиши  шарт  эмас,  аммо  улар,  шунингдек  соғлом  фикрга  зид келмаслиги  лозим.  Шу  боисдан  фанни  интеллектуал  фаолиятнинг  бошқа турларидан  фарқлаш  имконини  берувчи  чегара  (демаркация)  ҳақида  гапириш анча  қийин.  У ҳар  сафар  янгидан  ўрнатилади.  Кун  фикрига  кўра,  фан  учун ягона  ва  универсал  метод  мавжуд  эмас,  кузатишларнинг  универсал баённомалари  ҳам  йўқ,  серқамров  метатарихий  луғат  ҳам  бўлиши  мумкин эмас.  Олимнинг  дунёга  муносабати  унинг  муайян  парадигмага  амал  қилиши билан  белгиланади,  тарихий  ва  ижтимоий  далилларга  боғлиқ  бўлади.             Кун  ўзининг  парадигма  концепциясини  ҳар  томонлама  ҳимоя  қилади. «Парадигма»  деганда  у  маълум  вақт  мобайнида  илмий  ҳамжамиятга муаммоларни  қўйиш  ва  ечиш  андозасини  берувчи  кенг  эътироф  этилган илмий ютуқларни  тушунади.  Парадигма  илмий  ҳамжамият  томонидан  қабул қилинган  ва  илмий  анъананинг  мавжудлигини  таъминловчи  эътиқодлар, қадриятлар  ва  техника  воситалари  мажмуини  англатгани  боис,  Кун фундаментализм  тамойилларини  рад  этади.  Илмий  парадигмага  боғлиқ бўлмаган  омиллар  йўқ  ва  бўлиши  мумкин  эмас.  Унинг  фикрича,  кузатишнинг эмпирик  жиҳатдан  нейтрал  тили  ҳам  бўлиши  мумкин  эмас.  Илмий ҳамжамиятга  қўшилган  олимлар  дунёга  қабул  қилинган  парадигма  нуқтаи назаридан  қарайдилар.  Зеро  далиллар  назарияни  белгиламайди,  балки назария  ўзининг  англаб  етилган  тажрибасига  кириши  мумкин  бўлган  у ёки  бу далилларни  танлайди.  Кун  янги  парадигма  ривожланишининг  дастлабки босқичида   унинг   тарафдорига   айланган   одам   бу   парадигманинг муваффақиятига  ишониши  лозим,  деб  ҳисоблаган.             Парадигма  структурасига  нималар  киради?             Биринчидан,  символик  умумлаштиришлар  - қонунлар,  таърифлар  ва  кўп ишлатиладиган  атамалар.             Иккинчидан,  универсумнинг  у ёки  бу  онтологиясини  белгиловчи метафизик  мўлжаллар  мажмуи.             Учинчидан,  айрим  вазифаларни  ечишнинг  умумий  қабул  қилинган андозалари,  схемалари.             Кун  парадигмани  ўлчаш  мумкин  эмас,  деган  тезисни  илгари  суради.  У фаннинг   ривожланиш   тарихидаги   ворисийликни   рад   этади.   Фан динамикасини  узлуксиз  эмас,  балки  узлукли  деб  билади.  Унинг  фикрига  кўра, илмий  ҳамжамиятлар  бир-бирини  сиқиб  чиқаради,  олдинги  парадигма тўплаган  билимдан  эса  воз  кечилади.             Кун  парадигма  тушунчасини  янада  аниқроқ  изоҳлашага  уриниб,  уни кейинчалик  олимларнинг  муайян  фанга  мансублигини  ҳам,  илмий  фаолият қоидалари  тизимини  ҳам  ҳисобга  олувчи  фан  матрицаси  тушунчасига айлантирди.  Фан  матрицасининг  структурасига  назар  ташлар  эканмиз,  унинг парадигма  структурасига  ўхшашлигини  кўришимиз  ва  матрицанинг  қуйидаги элементларини  қайд  этишимиз  мумкин.  Символик  умумлаштиришлар.  Бу ерда  илмий  гуруҳ  аъзолари  шак-шубҳасиз  ва  якдиллик  билан  фойдаланувчи иборалар  назарда  тутилади.  Улар  формал  хусусият  касб  этади  ёки  осонгина формаллаштирилади.  Зарур  қоидалар  (ёки  метафизик  парадигмалар),  мазкур фан  доирасида  тан  олинган  қадриятлардир.  Аксарият  ҳамжамиятларда бирдамлик  туйғуси  айнан  қадриятларнинг  бирлиги  туфайли  юзага  келади.             Стивен Тульмин (1922-1997)  бутунлай  бошқача  методологик  мўлжал  – эволюцион  эпистемология  асосчиси.  Мазкур  йўналишнинг  умумий  маъноси шундан  иборатки,  у билишни  жонли  табиат  эволюциясининг  лаҳзаси  сифатида ўрганади  ва  билиш  механизмларини  эволюция  нуқтаи  назаридан  ёритади. Эволюцион  эпистемология  соф  эволюция  ва  билиш  жараёни  биологиясининг ўхшашлиги  ғоясига  асосланган  ва  инсоннинг  билиш  аппарати  бу  биологик эволюция  жараёнида  ривожланган  мослашувлар  механизмидир,  деган тасаввурга  таянган.  Эволюцион  эпистемологлар  фикрига  кўра,  айни  шу сабабли билиш  механизми  эволюцион  тип  бўйича  ривожланади  ва  тегишли равишда  ҳозирги  замон  эволюция  назариясига  мувофиқ  тушунилиши  мумкин.             Эволюцион эпистемология инсоннинг биологик эволюция маҳсули сифатидаги талқинидан келиб чиқувчи билиш назариясидир.             Шундай  қилиб,  эволюцион  эпистемологиянинг  асосий  назарий  манбаси сифатида  органик  эволюция  концепцияси  амал  қилади.  Эволюцион эпистемологиянинг  икки  хил  маъносини  фарқлаш  лозим:             •   билиш  воситалари,  шакллари  ва  методларининг  (билиш органларининг)  ривожланишини  эволюцион  схема  ёрдамида  тушунтиришга уриниш;             •   билим  мазмунини  (ахборотнинг  пайдо  бўлишини)  эволюцион тушунтиришга  ҳаракат  қилиш.  Бу  ерда  ўзгарувчанлик,  танлаш  ва мустаҳкамлаш  тушунчалари  маълум  аҳамият  касб  этади.             Эволюцион эпистемологиянинг биринчи маъносида дунёни аниқ акс эттириш имкониятини таъминловчи билиш органлари, когнитив структуралар ва билиш қобилиятларининг эволюцияси масалаларига урғу берилади. У  бизнинг  билиш  аппаратимиз  эволюция  маҳсулидир,  деган фикрни  илгари  суради.  Тирик  организмларнинг  нерв  системаси  ва  идрок  этиш органлари  миллионлаб  йиллар  мобайнида  борлиқни  мумкин  қадар  аниқ  акс эттиришни  таъминлайдиган  тарзда  ўзгариб  борган.  Агар  организм  бундай мосламалар  билан  таъминланмаганида,  унинг  мавжудлиги  ва  ривожланиши мумкин  бўлмас  эди.  Перцептуал  (сезгилар)  тизими  ўзи  яшайдиган  муҳит шароитларида  мос  равишда  ва  қониқарли  ҳаракат  қилиш  имконини  берувчи организмларгина  яшаб  қолади  ва  насл  қолдиради.  Билишнинг  субъектив структуралари  борлиққа  мос  тушади,  чунки  айнан  шундай  ҳолат  яшаб  қолиш имкониятини  таъминлайди.             Эволюцион эпистемологиянинг иккинчи маъноси фалсафа фанининг бевосита предметидир, чунки унда ўз хусусиятига кўра эволюцион бўлган илмий билимнинг ўсиши моделига урғу берилади. Бу  ерда  фалсафа  фани концепцияларидан  бири  сифатидаги  эволюцион  эпистемология  тўғрисида  сўз юритилади.  У эволюция  динамикасининг  мантиқий  талқинига  мос  тушувчи илмий  билим  динамикасини  кўрсатади.  Мазкур  йўналиш  ҳам  фаннинг эволюцион  назарияси  деб  аталади.             Карл Поппер (1902-1994).  Энг  муҳим  асарлари:  «Илмий  тадқиқот мантиқи»   (1935),   «Очиқ   жамият   ва   унинг   душманлари»   (1945), «Тарихийликнинг  қашшоқлиги»  (1963),  «Объектив  билим.  Эволюцион ёндашув»  (1972),  «Реализм  ва  фан  мақсади»  (1983).             Поппер  фалсафанинг  бош  мақсади  илмий  билимнинг  ўсишини,  айниқса –  илмий  космологияни  ўрганишдан  иборат  деб  билган.  Илмий  космология дунёни,  шу  жумладан  инсонни  (ва  унинг  билимини)  бу  дунёнинг  қисмлари сифатида  билишни  назарда  тутади.  Поппер  фикрига  кўра,  фалсафанинг алоҳида  методи  мавжуд  эмас  – масалалар  аниқ  қўйилувчи  ва  таклиф  этилган ечимлар  танқидий  таҳлил  қилинувчи  ҳар  қандай  оқилона  мунозара  методи мавжуд. У верификация  тамойилига  зид  ўлароқ  фальсификация  методини (ҳар  қандай  фикрни  рад  этиш  мумкинлиги  тамойилини)  таклиф  қилди, билимни  ташкил  этиш  назарий  ва  эмпирик  даражаларининг  уйғун  бирлигини, шунингдек  гипотетик  хусусияти  ва  хато  қилиши  мумкинлигини  (ҳар  қандай фаннинг  фаллибилизми  принципини)  қайд  этди.  Фальсификация  тамойили фан  учун  муайян  аҳамиятга  эгадир.  Салбий  текшириш  у ёки  бу  қоиданинг ҳақиқийлигини  исботламаса,  уни  узил-кесил  рад  этади.  Бироқ  фальсификация тамойили  фақат  рад  этишга  қараб  мўлжал  олади:  у билимларни  ўстириш жараёнини  муваффақиятли  амалга  ошириш  имконини  бермайди,  агар  у ёки бу  назарияни  рад  этувчи  маълумотлар  топилса,  бу  назариядан  бутунлай  воз кечилади.             Назариялар  ўртасида  ворисийлик  мавжуд  бўлиб,  у Нильс  Борнинг мувофиқлик  тамойилида  ўз  ифодасини  топган.             Илмий  билимни  ноилмий  билимдан,  фанни  метафизикадан  ажратишни (ёки  демаркация  муаммосини)  Поппер  муҳимлик  мезонларини  яратиш мўлжалларига  қарши  ўлароқ  долзарб  аҳамиятга  эга  деб  белгилайди.             Илмий  билимнинг  ўсишини  Поппер  ижтимоий  ўзгаришлар  умумий жараёнларининг  айрим  ҳодисаси  сифатида  талқин  қилади  (ва  уларнинг доирасида  муаммолар  ва  уларни  ечишга  алоҳида  эътибор  қаратилиши  лозим деб  ҳисоблайди).  Илмий  билиш  тарихи  – бу  дадил  фаразлар  ва  уларни перманент  рад  этишлар  тарихидир.  Поппер  таъбири  билан  айтганда,  «фан» деган  одам  «тараққиёт»  дейди  ва  аксинча  (Вена  тўгараги  вакилларидан фарқли  ўлароқ,  Поппер  нормал  фанга  ривожланувчи  фан  сифатида  ёндашади ва  унинг  ўсишини  қадрсизлантирувчи  методологияни  тузишга  ҳаракат қилади).  Бирдан-бир  илмий  билимга  эришиш,  шунингдек  ҳақиқатнинг  тагига етишга  яқинлашиш,  Поппер  нуқтаи  назаридан,  фақат  хатолар  ва  янглишишлар элиминацияси  маҳсули  сифатида  амалга  ошиши  мумкин:  фан  яхлитлигининг асоси  сифатида  олдиндан  белгиланган  идеал  ва  илмий  тилнинг  ҳақиқийлиги эмас,  балки  борлиқнинг  бирлиги  амал  қилади.  Фанлар  бу  борлиқни  англаш жараёнида  ўсиб  борувчи  жараён  тарзида  бир-бирига  яқинлашади. Оқилоналашув  даражаси,  Поппер  фикрига  кўра,  илмий  инқилобларнинг интенсивлиги  билан  белгиланади.             Поппер  таълимоти  контекстида  фалсафа  ва  фаннинг  ўзаро  нисбати йўлидаги  энг  катта  тўсиқ  - фалсафий  билимнинг  ўзига  хослиги.  Поппер  фикрига кўра,  фалсафа  ва  фанни  аниқ  ажратиш  натурфалсафанинг  спекулятив тамойиллари  ва  фан  фаразларини  фарқлаш  учун  зарурдир.             Бу  контекстда  Поппер  фан  ва  фалсафани  эмас,  балки  догматик  ва эвристик  билимни  ажратишни  маъқул  кўрган.             Имре Лакатос   (1922-1974).  Британиялик  фан  файласуфи  ва  тарихчиси Имре  Лакатос  (1922-1974)  ўзининг  илк  асарларида  фаразлар  ва  рад  этишлар мантиқининг  ўзига  хос  вариантини  билимнинг  ўсиши  муаммосининг реконструкцияси  сифатида  тузишга  ҳаракат  қилди.  XVII-XIX  асрлар математикаси  унинг  таҳлил  предметига  айланди.  Кейинчалик  у,  ўз  фикрига кўра,  фанларнинг   ривожланиш   замирида   ётувчи   илмий   тадқиқот дастурларининг  рақобати  ғояларини  асослашга  ҳаракат  қилади.  «Менинг ёндашувим  тадқиқот  дастурларидан  иборат  «расо  фан»  билан  синов  ва хатоларнинг  сийқаси  чиққан  андозасидан  ташкил  топган  «норасо  фан»ни фарқлашнинг  янги  мезонини  назарда  тутади»  , деб  ёзади  олим.  Лакатос  ўз концепциясини  асослашда  фан  тарихини  ўрганишга  алоҳида  эътибор  берган. Лакатос  фикрига  кўра,  илмий  дастур  илмий  билимнинг  асосий  бирлигидир.  У илгари  сурган  концепция  нуқтаи  назаридан  фаннинг  ривожланиши  тадқиқот дастурларининг  ўзгаришидир.  «Мен  фаннинг  узлуксизлигига  Поппер кўзойнаги  орқали  қарайман,  - деб  тан  олади  у.  –  Шу  сабабли  Кун парадигмаларни  кўрган  жойда  мен  оқилона  тадқиқот  дастурларини  ҳам кўраман»2.  Тадқиқот  дастури  узлуксиз  ривожланувчи  асос,  ғоялар  ва тамойиллар  бирлиги  билан  боғлиқ  назариялар  мажмуи  ва  кетма-кетлиги сифатида  тушунилади.  Бош  назария  кейинги  назарияларнинг  юзага  келишига асос  бўлади  ва  уларнинг  ҳар  бири  олдинги  гипотезага  қўшимча  гипотеза киритиш  орқали  ривожланади.  Лакатос  «расо  фан»  ва  «норасо  фан»ни фарқлайди.  «Расо  фан»  шу  билан  тавсифланадики,  у:             илгари  маълум  бўлмаган  далилларни  башорат  қилади;             янги  ёрдамчи  назарияларни  олдиндан  айтиб  беради;             эвристик  кучга  эга  бўлади;             назарий  жиҳатдан  мустақил  бўлади.             Узлуксиз  дастур  алоҳида  норматив  қоидалар  билан  муҳофаза  қилинади.             Тадқиқот  дастури  таркибига  қаттиқ  ўзак,  фундаментал  фаразлар, ижобий  эвристика  қоидалари  (улар  тадқиқотларни  амалга  ошириш  йўлларини белгилайди)  ва  салбий  эвристика  қоидалари  (улар  тақиқларни,  қайси йўллардан  юрмаслик  кераклигини  кўрсатади)  киради.  Фундаментал  фаразлар ўзига  хос  хусусият  касб  этади  ва  шартли  равишда  рад  этилмаган  деб  олинади. Қаттиқ  ўзак  илмий  дастурнинг  барча  назарияларида  ўзгаришсиз  сақланаётган муайян  илмий  ва  онтологик  фаразлар  мажмуидан  ташкил  топади.             «Салбий»  эвристика  қоидалари  тадқиқот  дастурининг  қаттиқ  ўзагини ҳатто  у аномалиялар  билан  тўқнаш  келган  ҳолда  ҳам  қайта  кўришни  ман этади.  Тадқиқот  дастури  муайян  даражада  догматик  хусусият  касб  этади.  Бир марта  қабул  қилинган  назариянинг  догматик  тўғрилиги  ижобий  аҳамиятга эгадир.  Усиз  олимлар  назариядан  унинг  имкониятлари,  кучи  ва  аҳамиятини англашдан  олдинроқ  воз  кечган  бўлар  эди.  Шу  тариқа  у муайян  назариянинг кучи  ва  афзалликларини  яхшироқ  тушунишга  кўмаклашади.  Унинг  изларига Куннинг  «нормал  фан»  даври  тавсифидаёқ  дуч  келиш  мумкин.             Назариянинг  «қаттиқ  ўзаги»  яхшироқ  сақланиши  учун  қўшимча гипотезаларнинг  «ҳимояловчи  камари»  ташкил  этилади.  Бу  гипотезалар аномалияларга  мослашиб  ўз  шакл-шамойилини  ўзгартириши  мумкин.  Бу билан  Лакатос  аномал  вазиятларга  тушувчи  ёки  қарши  мисоллар  билан тўқнаш  келувчи  назарияларга  баҳо  беришда  фальсификационизмга  ҳаддан ташқари  берилишнинг  олдини  олишга  ҳаракат  қилган.             У ёки  бу  тадқиқот  дастурини  методологик  таҳлил  қилиш  техникаси  бир қанча  босқичлардан  иборат:             -тадқиқот  дастурининг  оқилона  реконструкциясини  илгари  суриш;             -уни  ҳақиқий  назария  билан  таққослаш;             -уни  тарихийлик  ва  оқилоналикнинг  мавжуд  эмаслиги  учун  танқид қилиш.             Узлуксиз  ўсиш  талаби  Лакатос  оқилона  реконструкциясининг  асосий мазмуни  ва  моҳиятидир.  Умуман  олганда,  олимнинг  концепцияси  мантиқий- норматив  хусусият  касб  этади.  Илмий  тадқиқот  дастури  илмий  билим ривожланиш  йўлларининг  кўп  сонлилиги  ва  ранг-баранглигини  чеклайди,  фан тарихи  турли  назарияларнинг  юзага  келиши,  ривожланиши  ва  рақобати тарзида  намоён  бўлади.  Айни  вақтда,  тадқиқот  дастурлари,  асосий назариялар  ҳамда  илмий  билимнинг  ўзгариши  ва  ривожланиши  ранг-баранг шакллари  механизмининг  амалда  мураккаблиги  таклиф  этилган  модель  билан уйғунлаша  олмайди.             Пол Фейерабенд (1924-10994. америкалик файласуф ва методолог олим). Фейерабенднинг  серқирра  концепциясида  Витгенштейн  ижоди  сўнгги даврининг  таъсири,  таниқидий  рационализмга  мойиллик  ва  ҳатто  «илмий материализм»  тамойилларига  дуч  келиш  мумкин.  Бу  олим  анъанавий  ва  янги муаммоларни  табиий-илмий  дунёқараш  ва  методология  нуқтаи  назаридан тушунишга  ҳаракат  қилганлигидан  далолат  беради.             Фейерабенд  ХХ  асрнинг  70-йилларнинг  охирида  фан  фалсафаси  ва  «фан файласуфлари»нинг  асарларида  ифодаланган  «антагонистик   ғоялар», оқибатлар  ва  натижалар  тўғрисида  сўз  юритади.  Фан  нима,  у қай  тарзда  иш кўради,  унинг  натижалари  қандай,  деган  саволларни  бериб,  мутафаккир уларга  жавобан  фан  фаолиятини  бошқарувчи  алоҳида  илмий  метод,  яъни қоидалар  мажмуи  мавжудлигини  қайд  этади.             Фан  ва  кумулятивизмнинг  мавжуд  гипотетик-дедуктив  моделига файласуф  назарий  реализм  ғоясини  қарши  қўяди.  Табиатшуносликни тавсифлаш  амалиётини  умумлаштириш  асосида  юзага  келган  кумулятивизм билим  ўсишининг  содда  талқини,  яъни  ҳақиқий  қоидаларнинг  жамланган йиғиндисига  янги  фикрлар  аста-секин  қўшилишини  назарда  тутади.  Унда хатолар  фақат  билимнинг  ўзгариши,  эски  билимдан  воз  кечилиши  ва  қабул қилинган  билимнинг  рад  этилишига  йўл  қўйилмайдиган  субъектив  жараён сифатида  талқин  қилинади.  Эмпирик  кумулятивизм  билимнинг  ўсишини  унинг эмпирик   мазмуни   бойиши   билан   тенглаштиради.   Рационалистик кумулятивизм  билим  ривожланишининг  шундай  бир  усулини  назарда тутадики,  унда  ҳар  бир  кейинги  элемент  мавжуд  мавҳум  тамойиллар  ва назарий  хулосалар  тизимига  киритилади.             Фейерабенд  илгари  сурган  назарий  реализм  ғояси  билимнинг  актуал ўсиши  ўзаро  мос  тушмайдиган  (ягона  мантиқий  асос  билан  дедуктив боғланмаган  ва  ҳар  хил  тушунчалар  ва  методлардан  фойдаланувчи) назарияларнинг   кўпайиши   (пролиферацияси)   натижасида   амалга оширилишини қайд  этади.  Тажриба  доим  назарий  асосланган  тажрибадир,  у ёки  бу  назариянинг  қабул  қилиниши  эса  идрок  этиш  тизимини  белгилайди.             Методолог  асослаб  берган  пролиферация  (назарияларнинг  кўпайиши) тамойили  қабул  қилинган  нуқтаи  назарлар  ҳатто  етарли  даражада тасдиқланган  ва  кенг  эътироф  этилган  бўлса  ҳам  уларга  мос  тушмайдиган назарияларни  яратишга  рухсат  беради.  Фан  ривожланишининг  турли босқичларига  ёки  айни  бир  босқичига  мансуб  бўлган  муқобил  назариялар  ва концепцияларнинг  ўзаро  мос  келмаслиги  ва  уларни  бир-бирига  ўтказиш мумкин  эмаслиги  ҳақидаги  тезисни  илгари  суриш  йўли  билан  Фейерабенд пролиферация  тамойилининг  талабларини  янада  кучайтиради.             Назарий  методологик  имморализм  позицияси  билимнинг  тенг  ҳуқуқли типлари  тўплами  фан  ва  шахснинг  ривожланишидан  далолат  берувчи борлиқдир,  деган  ғояга  таянади.  Фейерабенд  фикрича,  муқобиллар ўртасидаги   кураш   даврлари   энг   самарали   даврлардир.   Муқобил концепцияларнинг  куртаклари  олимнинг  турли  фалсафий  ва  методологик нуқтаи  назарларида  яшириндир.             Назариялар   плюрализми   ғоясини   Фейерабенд   анъаналар плюрализмигача  кенгайтиради.  Шу  муносабат  билан  фан  илмий  элита мафкураси  сифатида  ўз  марказий  ўрнидан  маҳрум  этилиши  ва  мифология, дин  билан  тенглаштирилиши  лозим.  Бундай  ўта  антисциентистик  ёндашув танқидий  рационализмга  қарши  қаратилган  ва  фалсафа  хусусиятини  янгича баҳолайди.             Фейерабенд  фикрига  кўра,  олимлар  фаолиятида  ҳақиқат  эмас,  балки индивидуал  қобилиятларнинг  ривожланиши,  билиш  ва  унинг  чин оқилоналиги  эмас,  балки  чекланмаган,  мутлақо  эркин  хулқ-атвор  муҳимдир. Унинг  кўпгина  ғоялари  академик  фалсафа  вакилларини  лол  қолдирган. Фейерабенд  концепциялари  баъзан  анархистик  эпистемология  деб  аталади. Бу  қисман  шу  билан  изоҳланадики,  Фейерабенд  ягона  универсал  методнинг мавжудлигини  мутлақо  рад  этади.  Бундан  ташқари,  олимлар  «ҳамма  нарса мумкин»  деган  тамойилга  амал  қилишларига  унинг  ишончи  комил.  Бир методга  қатъий  риоя  этиш  ва  унинг  барча  талабларини  бажариш,  Фейерабенд фикрига  кўра,  тадқиқот  амалиётига  ҳам,  билишнинг  ижодий  табиатига  ҳам мос  келмайди.  Шу  сабабли  фаннинг  обрўси  ҳаётнинг  бошқа  ҳар  қандай  шакли обрўсидан  ортиқ  эмас.             Бироқ  плюралистик  методологиядан  фойдаланиш  нимани  англатади? Фейерабенд  фикрига  кўра,  олим  ғояларни  тажриба  билан  эмас,  балки  бошқа ғоялар  билан  солиштириши  ва  беллашувда  мағлуб  бўлган  концепциялардан воз  кечмасдан  уларни  яхшилашга  ҳаракат  қилиши  лозим.  Шундай  иш  кўриш йўли  билан  у "Борлиқ"  китоби  ёки  "Полмандрада"да  баён  этилган  инсон  ва космос  концепциясини  сақлаб  қолади  ва  улардан  эволюция  назариясида  ва бошқа  янги  концепцияларда  муваффақиятга  эришиш  учун  фойдаланади. Унинг  «Методологик  мажбурлашга  қарши.  Билишнинг  анархистик  назарияси очерки» (1970)  релятивизмга  қўйилган  машҳур  ҳайкалдир.  Бу  асар  матнининг асосий  мазмунини  ифодаловчи  тезислар  қуйидагилардан  иборат:             -назарий  анархизм  унинг  қонун  ва  тартибга  таянувчи  муқобилларидан инсонийроқ  ва  прогрессивроқдир;  -«ҳамма  нарса  мумкин»  тамойили тараққиётга  тўсқинлик  қилмайдиган  бирдан-бир  тамойилдир;  -яхши тасдиқланган  назарияларга  зид  гипотезалардан  фойдаланиш,  индукцияга қарши  иш  кўриб  фанни  ривожлантириш  мумкин;  -мувофиқлик  шарти  оқилона эмас,  чунки  у яхшироқ  эмас,  балки  эскироқ  назарияни  сақлаб  қолади,  бир андозалилик  индивиднинг  эркин  ривожланишини  хавф  остида  қолдиради;  - қанча  эски  ва  абсурд  бўлмасин,  бизнинг  билимимизни  яхшилашга  қодир бўлмаган  ғоя  мавжуд  эмас;  -фан  мавжуд  бўлса,  ақл  универсал  бўлиши  мумкин эмас  ва  нооқилоналикни  бартараф  этиш  мумкин  эмас.  Фаннинг  бу  ўзига  хос хусусияти  анархистик  эпистемологияни  талаб  қилади  .             Илмий  изланиш  асослари  муаммосини  Фейерабенд  ўзига  хос  тарзда талқин  қилади.  Унинг  фикрича,  янги  методологик  парадигмада  нарсага  теран назар  ташлаш  ва  олимни  амалда  нима  чеклашини  тушуниш  муҳимдир.             Фейерабенд  фикрига  кўра,  агар  олим  «хоҳлаган  ишингни  қил»  деган тамойилга  амал  қилса,  унинг  далиллари  диалектик  хусусият  касб  этади,  яъни андозаларнинг  қайд  этилган  тўпламига  эмас,  балки  ўзгарувчи  оқилоналикка таянади.  Бошқа  томондан,  агар  олимдан  илмий  метод  нима,  деб  сўралса,  у аниқ  жавоб  бера  олмаса  керак.  Олимлар  ўз  тадқиқотлари  жараёнида  айнан нима  қилаётганларини  камдан-кам  ҳолда  биладилар.             Фейерабенд  методологиясида  барча  гносеологик  амаллар  ва оқилоналикнинг  плюралистик  ўзгаришига  қараб  мўлжал  олингани  бежиз эмас.  У  фан  фалсафасининг  мазкур  босқичига  хос  бўлган  эпистемологик тадқиқотларда   билиш   имкониятларининг   очиқлиги   ва   унинг демократиялашувига  интилишни  акс  эттиради.             Майкл Полани (1891-1976)  яратган  яширин  шахсий  билим  концепцияси ўзига  хослиги  ва  олдинги  босқичнинг  норматив-рационалистик  муаммоларига номувофиқлиги  билан  ажралиб  туради.             М.Полани  эпистемологиясида  антропологик  мўлжаллар  анча  кучлидир. Унинг  асосий  тезислари:             -Фанни  маҳоратли  одамлар  яратади.             -Билиш  фаолияти  санъатини  дарсликдан  ўрганиш  мумкин  эмас.  У фақат -бевосита  маҳорат  билан  ўтади.             -Фанни  яратувчи  одамлар  бошқалар  билан  алмаштирилиши  ва  ўзлари яратган  билимдан  ажратилиши  мумкин  эмас.             -Илмий  билиш  фаолиятида  фанга,  унинг  қимматига  бўлган  ички  ишонч кечинмалари   шахсий   тажрибаси   мотивлари,   шунингдек   олимнинг манфаатдорлиги,  шахсий  масъулияти  ўта  муҳим  аҳамият  касб  этади.             М.Полани  учун  шахсий  билим  –  бу  билувчининг  интеллектуал жонбозлиги,  фидокорлигидир.  У номукаммалликдан  далолат  берсада,  бироқ билимнинг  зарурий  элементи  ҳисобланади.  У бизнинг  дунё  манзарасидан инсон имкониятларини  чиқариб  ташлашга  бўлган  ҳар  қандай  уриниш муқаррар  тарзда  мантиқсизликка  олиб  келишини  қайд  этади.  Ҳақиқатни аниқлаш  бизнинг  формал  белгилаш  мумкин  бўлмаган  айрим  хусусий, имплицит  асосларимиз  ва  мезонларимизга  боғлиқ  бўлиб  қолишига  олимнинг ишончи  комил.  Сўзларда  ифодаланган  ҳақиқат  мақоми  тегишли  тарзда чекланиши  ҳам  муқаррардир.             Полани  эътиқоднинг  билиш  жараёнидаги  улкан  ролига  янгича  баҳо беради.  У  эътиқод  обрўсизланиши  натижасида  ҳозирги  одамнинг  динга эътиқод  қилиши  билан  боғлиқ  вазиятларнинг  чекланган  сонидан  бирон-бир фикрларни  ишонч  билан  қабул  қилиш  қобилиятини  йўқотганини,  эътиқод ҳодисаси  умумийликни  билиш  имконини  бермайдиган  субъектив  рўё мақомини  олганини  қайд  этади.  Муаллиф  фикрига  кўра,  бугун  биз  эътиқод билим  манбаи  ҳисобланишини  яна  тан  олишимиз  лозим.  Жамиятдаги  ўзаро ишонч  тизими  замирида  эътиқод  ётади.  Очиқ  ва  яширин  муроса, интеллектуал  эҳтирослилик,  маданий  ворисийлик  –  буларнинг  барчаси эътиқод  билан  узвий  боғлиқ  турткиларни  назарда  тутади.  Ақл  эътиқодга ўзининг  муҳим  асоси  сифатида  таянади,  бироқ  ҳар  сафар  унга  шубҳа билдиришга  қодир.  Аксиомалар,  қоидалар  ва  тамойиллар  тўпламларининг пайдо  бўлиши  ва  мавжудлиги  ҳам  бизнинг  дунё  билиш  мумкин  бўлган  етук  ва уйғун  бирлик  эканлигига  бўлган  ишончимиз  билан  чамбарчас  боғлиқ.             Билиш  маҳоратини  тавсифлаш  ва  тил  воситалари  билан  ифодалаш мумкин  эмаслиги  муаллиф  учун  ойдек  равшандир.  Бу  тезис  фаннинг  бир хиллаштирилган  тилини  яратиш  вазифасига,  ҳеч  шубҳасиз,  зиддир. Мутафаккир  фикрига  кўра,  илмий  мақолалар  ва  дарсликларнинг  матнларида ифодаланган  илмий  билим  онг  диққат  марказида  турувчи  билимларнинг  бир қисми,  холос.  Уларнинг  иккинчи  қисми  билиш  жараёнига  доимо  йўлдош бўлган  четдаги  (ёки  яширин)  билим  ярмида  жамлангандир.  Бу  билимни «сезгиларни  тусмоллаб  англаш»  билан  ўхшашлик  бўйича  ва  қўлда  мавжуд асбоб  ёрдамида  талқин  қилиш  мумкин.  Шусиз  фаолият  жараёни  изчил  амалга ошиши  мумкин  эмас.  Билиш  асбоб  ёки  мўлжал  сифатида  фойдаланилувчи айрим  нарсаларни  тартибга  солиш  ва  уларни  сунъий  назарий  ёки  амалий натижада  расмийлаштириш  орқали  амалга  оширилади.  Бу  ҳолда  бизнинг онгимиз  бош  «онг  нуқтаси»га,  биз  пировард  натижада  эришадиган  яхлитликка нисбатан  «периферик»  ҳисобланади.             Талқинчилар  М.Полани  таклиф  қилган  шахсий  билим  концепциясида тафаккур  ва  нутқнинг  уч  асосий  соҳаси  ёки  уч  вариантини  фарқлайди.             Биринчиси  сўздаги  ифодаси  аниқ  бўлмаган  яширин  билим  соҳаси  билан тавсифланади.  Бу  соҳани  ифодалаб  бўлмайдиган  билим  соҳаси  деб  номлаш мумкин.  У кечинмаларга  ва  ҳаёт  таассуротларига  асосланган  билимларни қамраб   олади.   Бу   теран   шахсий   билимларни   ифодалаш   ва ижтимоийлаштириш  жуда  қийин.  Санъат  доим  бу  вазифани  ўз  воситалари билан  ечишга  ҳаракат  қилган.  Ҳамдардлик  ҳаракатида  дунёга  ва  ҳаётга  ҳаёт драмаси  қаҳрамонининг  кўзлари  билан  қараш  кўникмаси  акс  этган.             Иккинчиси – нутқ  воситалари  билан  анча  яхши  ифодаланувчи  билим соҳаси.  Бу  ерда  тафаккур  элементи  яхши  тушунарли  нутқ  билан  узатилиши мумкин  бўлган  ахборот  тарзида  мавжуддир,  шу  боис  бу  соҳада  сукут  сақловчи билим  ўзи  ифодаланган  матн  билан  мос  тушади.             Тушуниш  мушкул  бўлган  учинчи  соҳада  тафаккурнинг  новербал  мазмуни ва  нутқ  воситалари  ўртасида  фикрнинг  мазмунини  концептуаллаштиришга халақит  берувчи  номувофиқлик  мавжуд.  Бу  яширин  билим  ва  формал  билим бир-бирига  боғлиқ  бўлмаган  соҳадир.             Шахсий,  яширин  билим  ҳажмига  объект  билан  танишиш  механизми  ҳам киради.  Бу  механизмнинг  амал  қилиши  натижасида  объект  ҳаёт  фаолияти жараёнига  қўшилади,  у билан  муомала  қилиш  кўникмалари  ва  маҳорати шаклланади.             Шундай  қилиб,  объект  билан  танишиш  у ҳақдаги  дастлабки  билим сифатида,  инсоннинг  шахсий  билимига  айланади.  Бироқ  шуни  таъкидлаш лозимки,  кўникмалар  фаолият  тарзига  кўра  ўхшаш  бўлса-да,  амалда  ҳар  хил  ва ўзига  хосдир.  Бировнинг  кўникмаси  шахсий  билимнинг  ўз  қатламини  юзага келтиради.             М.Полани концепциясининг янгилиги шундаки, унда илмий қоидалар маъноси яширин билимнинг, ўз теран асосларида инструментал хусусият касб этувчи «билим»нинг мавҳум контекстига боғлиқ бўлади. У инсоннинг бутун моддий тузилиши билан белгиланади ва артикуляция қилинмай қолган инструментал билим билан узвийдир. Полани маъно эълон қилинувчи мулоҳазада мужассамлашган шахсий ишонч билан ҳам узвий боғлиқ эканлигини қайд этади. М.Полани илмий билим ўсишининг билиш фаолиятининг амалдаги шахсий-когнитив механизмлари ҳисобга олинувчи янги моделини ўйлаш лозим, деган хулосага келди.             Структурализм ва постструктурализм. Структурализм  (лот.  structuma  – тузилиш,  жойлашиш,  тартиб)  - ғарб  фалсафасининг  янги  йўналишларидан бири.   Структурализм,   умумий   фалсафий-эпистемологик   тасаввурлар, методологик  мўлжаллар  ва  айрим  фанлар  (лингвистика,  адабиётшунослик, этнография,  тарих,  эстетика,  санъатшунослик,  психология,  социология, фалсафа)даги  йўналишлар  мажмуи  сифатида,  ХХ  аср  бошидан  40-йилларгача шаклланди.             Структурализмнинг  кўпгина  ғоялари  юзага  келишига  туртки  берган мутафаккирлар   қаторига   В.Гумбольдт   (инсон   онги   дунёсини моделлаштиришда  тилнинг  динамик  роли),  Ч.Пирс  (семиотика  асосчиси), Э.Кассирер  (инсон  хулқ-атвори  ва  онгининг  шаклланишида  тил,  мифология  ва санъат  символик  тизимларининг  роли)ни  киритиш  мумкин.             Структурализмнинг  асосий  хусусияти  шундан  иборатки,  унинг тарафдорлари  инсон  ҳиссий  идрок  этиши  мумкин  бўлган  барча  ҳодисаларга «феноменлар»,  яъни  ички,  теран  ва  шу  сабабли  «ноаниқ»  структураларнинг сиртда  намоён  бўлиши  (манифестация)  сифатида  қараганлар  ва  уларни ёритишни  ўз  вазифаси  деб  ҳисоблаганлар.             Бу вазифани  ҳал  қилишда  структурализм  пафоси  ижтимоий  фанларга аниқ  фанлар  мақомини  беришга  қаратилди.             Структура  тушунчаси  структурализмнинг  бош  тушунчаси  ҳисобланади. Структура  деганда  турли  ички  ва  ташқи  ўзгаришларда  ҳар  хил,  кўп  вариантли тушунчалар  мажмуи  ёки,  структуралистлар  таъбири  билан  айтганда,  ҳар қандай  диахроник  ривожланувчи  тизимнинг  синхрон  қайд  этилиши тушунилади.  Структурализмда  кўпинча  модель  сифатида  белгиланувчи  ҳар қандай  структура  уч  зарурий  шарт:  элементлар  мустақил  бутунга  яхлит бўйсуниши;  трансформация  – бир  кичик  структура  бошқа  кичик  структурага юзага  келиш  қоидаларига  мувофиқ  тартибли  ўтиши;  ўзини  ўзи  тартибга  солиш –  мазкур  тизим  доирасида  қоидаларнинг  ички  тартибга  солинишини қаноатлантириши  лозим.  Шундай  қилиб,  структура  нафақат  объектнинг барқарор  скелети  тарзида,  балки  риоя  қилиш,  бир  объектдан  иккинчи,  учинчи ва  ҳоказо  объектларни  олиш  имконини  берувчи  қоидалар  мажмуи  сифатида амал  қилади.  Бунда  айрим  объектлар  тўпламининг  ягона  структуравий қонуниятларини  аниқлашга  бу  объектларнинг  фарқларини  эътибордан  соқит этиш  ҳисобига  эмас,  балки  ягона  мавҳум  инвариантнинг  муайян  вариантлари сифатида  қайд  этилган  бир-бирига  ўтишлар  динамикаси  ва  механикасини таҳлил  қилиш  йўли  билан  эришилади.             Шуни  таъкидлаш  лозимки,  структуралистлар  фойдаланувчи  асосий тушунчалар  улардан  тадқиқотчилик  мақсадларида  фойдаланилган  махсус фанлар  доирасида  ишлаб  чиқилган.  Шу  сабабли  асосий  категориялар  ва ғоялар  бу  йўналишнинг  бош  шакллари  билан  мақсадга  мувофиқдир.             Постструктуралистлар  (Деррида,  Делез,  М.Фуко  ва  ҳ.к.)  структурани  ва билимдаги  барча  ноструктуравий  нарсаларни  уларнинг  генезиси  ва  тарихий ривожланиши  нуқтаи  назаридан  англаб  етишга  ҳаракат  қилдилар.             Кўрсатилган  ёндашувларнинг  иккаласи  ҳам  ижтимоий  билим хусусиятлари  ва  методларини,  унинг  фаолияти  умумий  механизмларини, табиий  илмий  билимдан  фарқларини,  у ёки  бу  ижтимоий-маданий  шакллар (тил,  санъат,  адабиёт,  мода  ва  ҳ.к.)  юзага  келишини  билишда  синхрон  ва диахрон  нарсаларнинг  бирлигини  ўрганган.             Структуралистлар  бундай  ҳодисаларни  ўрганишда  структура  тарихдан объективроқ,  муҳимроқ  ва  бирламчироқ  деб  ҳисоблаган  бўлсалар, постструктуралистлар  бунга  зид  хулосани  илгари  сурганлар.  Улар  ўз ҳамкасбларининг  агностицизми  (нотарихийлиги)ни  енгиш,  инсон  ва  жамиятни тил  структуралари  ёрдамида  объектив  билишга  уринишда  юзага  келувчи жумбоқларни  аниқлаш  ва  ўрганишга  ҳаракат  қилдилар.             Постструктурализмда  ҳамма  нарса  тенг  ҳуқуқли,  бир  хилда  муҳим  ва қимматлидир.  Бу  ерда  диалектик  оппозиция  тамойилига  кўра  тузилган одатдаги  категориялар  аппарати:  моҳият  – ҳодиса,  шакл  – мазмун,  сабаб  – оқибат  ва  ҳоказолар  ўз  маъносини  йўқотади.  Ҳодиса  – моҳиятни  аниқлаш эмас,  у фақат  ўзини  ва  ҳаёт  ранг-баранглиги  қирраларидан  бири  сифатида ифода  этади.  Ҳаётнинг  ранг-баранглигини  эса  фақат  бирортаси  ҳам  имтиёзли ҳолатда бўлиши  мумкин  бўлмаган  билиш  субъектлари  позицияларининг  кўп сонлилиги  билан  англаб  етилади.             Постструктурализм  ўзига  азалдан  хос  бўлган  омилларнинг  табиий давоми  ҳисобланиб,  назарий  ҳаракат  сифатида  структурализм  танқиди тарзида  тўрт  асосий  йўналишда  ривожланади:             -  структуравийлик  муаммоси;  - белгилилик  муаммоси;             -  коммуникативлик  муаммоси;             -  субъектнинг  яхлитлиги  муаммоси.             Айни  вақтда,  постструктурализм  намояндалари  объективлик,  метод  ва илмийлик  аҳамиятга  эга  эмас  ва  билиш  жараёнининг  изланувчи  мақсадлари сифатида  амал  қилмайди,  деб  ҳисоблайдилар.  Уларнинг  фикрича,  билиш жараёни  субъект,  истак,  тасаввур  ва  билишда  муҳим  рол  ўйновчи  бошқа шахсий  фазилатларсиз  амалга  ошиши  мумкин  эмас.  Шу  сабабли постструктуралистик  субъект  – бу  билим  эгаси  ва  билим  ҳимоячиси  эмас, балки  вазифаси  қандай  йўл  билан  бўлмасин  борлиққа  киришдан  иборат бўлган  афсунгар,  санъаткор,  бола,  инқилобчи  ва  шу  кабилардир.             ХХ-ХХI аср ўзбек фалсафаси. ХХ  аср  ўзбек  фалсафаси  кам  ўрганилган зиддиятли  даврни  қамраб  олади.  Чунки  ҳозирги  давр  танқидчиларида  совет даврида  фалсафа  бўлмаган,  у даврда  интеллектуал  ҳаёт  ўлган  ва  узоқ муддатга  қотиб  қолган,  фақат  айрим  ҳолларда  баъзи  мардларгина  ўзларининг ғоя  ва  қарашларини  айта  олганлар  деган  фикр  шаклланган.  Бироқ  бу  нотўғри. Чунки  айнан  ХХ  аср  бошларида  шаклланган  жадидчилар  ҳаракати  "жамиятни маърифат  орқали  янгилаш"  ғоясини  илгари  сурганлар,  Беҳбудий,  А.Авлоний, А.Фитрат  кабилар  бир  гуруҳ  ёшларни  чет  элга  ўқишга  юбориб,  янги  авлод зиёлиларини  тарбиялашга  ўзларининг  муносиб  ҳиссасини  қўшганлар.             Шу  боис,  1917  йилда  большевиклар  партияси  ғалаба  қозониб,  дунё харитасини  катта  Совет  иттифоқи  деган  мамлакат  эгаллаб,  унда  партиявийлик мафкураси  ҳукмронлик  қилсада,  Ўзбекистонда  фалсафий  фикр  ривожи  тўхтаб қолган  эмас.             Фалсафанинг  фидойилари  янги  қарор  топган  сиёсий  тизимда  яшаш, ишлаш  ва  жуда  кўп  синовлардан  ўтишлари  лозим  бўлди.  Айрим  зиёлилар  чет элга  қочиб  кетдилар,  кўпчиликда  эса  марксизм  ғоясининг  ҳақиқий инсонпарварлигига  қатъий  ишонч  шаклланди  ва  шу  боис,  шу  йўналишда фаолият  олиб  бордилар.  Бироқ  муайян  даражада  совет  мафкураси  таъсири бўлсада,  ўтган  асрда  ўзбек  фалсафаси  тўрт  йўналишда  Мирзо  Улуғбек номидаги  Ўзбекистон  Миллий  университети  фалсафа  факультети,  Ўзбекистон Фанлар  Академиясининг  фалсафа  ва  ҳуқуқ  институти,  вилоятлар  олий  ўқув юртлари  фалсафа  бўлимлари,  Ўзбекистон  фалсафа  жамияти  ва  Ўзбекистон файласуфлари  миллий  жамияти  фаолиятида  намоён  бўлди  ва  олимлар  ўз фалсафий  қарашларида  даврнинг  руҳини  ифода  эта  олдилар.  Дарҳақиқат, И.А.Каримов  айтганларидек,  "Одам  қанча  чуқур  билимга  эга  бўлса,  дунёни яхши  билса,  ён  атрофда  бўлаётган  воқеаларни  тўғри  англай  олса,  шундан кейингина  унда  ғурур-ифтихор  бўлади.  Шундагина,  жуда  мураккаб,  таҳликали давларда ҳам  кўпчилик  унга  мурожаат  қилиб,  маслаҳатлашади.  Маслаҳат кимдан  сўралади  – авваломбор,  салоҳиятли  одамдан,  катта  фалсафий  билим ва  интеллектуал  билимга  эга  бўлган  кишидан."  . Шундай  экан,  Ўзбекистондаги ижтимоий  сиёсий  жараёнларни  тушунишда  ва  уларнинг  моҳиятини тушунтиришда  юртимиз  файласуф-олимларининг  хизмати  ҳам  катта.             Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фалсафа факультети. 1922  йилда  Ўрта  Осиё  давлат  университети  (ҳозирги  ЎзМУ) ижтимоий  гуманитар  фанлар  факультетида  фалсафа  фанидан  ўқув машғулотларининг  олиб  борилиши,  бу  борадаги  дастлабки  қадам  бўлди.             1935  йилда  биринчи  «Диалектика  ва  тарихий  материализм»  кафедраси ташкил  қилинди.  1944  йилда  Диалектика  ва  тарихий  материализм  кафедраси таркибидан  «Фалсафа»  кафедраси  ажралиб  чиққан.  Айнан  "Фалсафа" кафедраси  негизида  1962  йилда  "Илмий  коммунизм",  1967  йилда  "Табиий  ва гуманитар  факультетлар  фалсафа"  кафедралари  ташкил  қилинган.  Кафедралар таркиби  миллий  кадрлар  билан  бойиб  борган.             1960  йилларда  "Фалсафа"  кафедрасида  45  та  профессор-ўқитувчи фаолият  олиб  борган.  Бу  даврда  фалсафа  мутахассислиги  бўйича университетнинг  ўзида  миллий  кадрлар  тайёрлаш  имконияти  пайдо  бўлган. Профессор  А.Аюпов,  Ҳ.Умаров  саъй  ҳаракатлари  билан  олий  таълим вазирлигида  бу  масалага  ижобий  ёндошилиб,  университетнинг  тарих факультетида  1963-1964  ўқув  йилидан  бошлаб  "Фалсафа"  бўлими  ташкил қилинган  ва  унга  Ҳ.Умаров  раҳбар  этиб  тайинланган.  Ўқув  режаси  асосида республиканинг  йирик  олимлари  жалб  қилиниб,  фалсафа  бўйича  мутахассис кадрлар  тайёрлаш  жараёни  бошланган.             Шу  йилларда  илмий  ишлар  ривож  топиб  юқори  малакали  кадрлар етишиб  чиқа  бошлаган.  1962-1967  йилларда  18  та  фалсафа  фанлари  номзоди тайёрланган.  1962-1992  йиллар  давомида  гуманитар  факультетлар  "Фалсафа" кафедрасини  бошқарган  профессор  А.Т.Аюпов  бошчилигида  доцентлар Ғ.Шоюсупова,  А.И.Абдусамедов,  К.С.Садыков,  К.И.Иванова,  И.Раҳимов, В.С.Никитченко  ва  бошқалар  дастлаб  фалсафа  бўлими,  кейин  фалсафа факультетида  миллий  кадрларни  тайёрлаш  ишида  катта  рол  ўйнадилар.  Ўша йилларда  фалсафа  бўлими  профессор-ўқитувчилари  нафақат  ўқув  жараёни, балки  илмий  билиш  соҳасида  фаол  иштирок  қилганлар.  1974  йилда К.И.Иванованинг   "Илмий   билишда   сабабийлик   тамойили"   номли монографияси,  профессор  Л.Е.Гарбер,  А.Т.Аюпов,  У.Хайдаров,  Б.Тўйчиев, В.Г.Черныхларнинг  "Илмий  билиш  мантиғи  ва  методлари"(1986)  мавзусидаги туркум  асарлари  нашр  қилинган.             Ўзбекистон   Фанлар   Академиясининг   академиги   Э.Ю.Юсупов, профессорлар   М.В.Воҳидов,   И.Р.Раҳимовлар   1980-2005   йилларда Ўзбекистоннинг   ижтимоий-сиёсий,   иқтисодий-маданий   тараққиётининг фалсафий  муаммолари  бўйича  илмий  тадқиқот  ишлари  олиб  бориш  билан бирга,  дарслик  ва  ўқув  қўлланмалари  ёзганлар,  ёш  кадрларни  тайёрлашга ўзларининг   муносиб   ҳиссасини   қўшганлар.   Шу   йиллар   давомида Ж.Бабаевнинг "Фалсафа  асослари"  ўқув  қўлланмаси,  Э.Юсуповнинг  таҳририда "Фалсафа"  (1985)  дарслиги,  И  Рахимовнинг  "Мантиқ  фанидан  семинар машғулотлари"  (1984)  ўқув  қўлланмалари  нашр  қилинган.             Фалсафа  бўлимида  ўқитиладиган  фанларнинг  дифференциаллашуви натижасида  "Мантиқ",  "Фалсафа  тарихи"  ва  "Диншунослик"  кафедралари ташкил  қилинган.  Ўша  йилларда  фалсафа  бўлими  профессор-ўқитувчилари нафақат  ўқув  жараёни,  балки  илмий  ишлар  соҳасида  ҳам  фаол  иштирок қилганлар.             Мустаҳкам  пойдевор  яратилгач,  1979  йилда  тарих  факультети таркибидан  "Фалсафа,  иқтисод  ва  психология"  бўлимлари  ажратилиб,  учта мутахассисликни  бирлаштирувчи  янги  "Фалсафа-иқтисод"  факультети  ташкил қилинган  ва  фалсафа  фанлари  номзоди,  профессор  Г.Ш.Шоюсупова  (1979- 1985)  декан  лавозимига  тайинланди.             Бу  эса  ўша  даврда  фалсафа  фанининг  янада  чуқур  ва  кенг  ўрганилиши йўлидаги  дадил  қадам  бўлди.  Янги  кафедралар  ташкил  қилиниб,  фалсафани ўқитишга  дифференциал  ёндошув  шаклланди.  Шу  йилларда  факультетда пофессорлар:  - М.Хайруллаев,  М.Баратов,  Л.Е.  Гарбер,  В.Н.  Мороз,  М. Нурматов  ф.ф.н  доцент  М.Қ.  Арипов,  ф.ф.н.  доцент  М.Далиев,  доцент  Э.Н. Абрамян,  З.Мўминова,  доцент  Т.М.Рамазанов,  И.Р.Рамазанов,  Р.Носиров, Ш.Б.Қаҳҳарова,  М.  Усмонов,  И.Л.  Турчанинов,  шунингдек  факультетнинг битирувчи  ёшлари  М.  Шарипов,  Б.Тўйчиев,  Э.Мўминов,  А.Ўтамуродов, И.Эргашев,  ўриндошлик  асосида  профессорлар  М.Н.  Абдуллаева,  Ҳ.Алиқулов ва  бошқалар  илмий  педагогик  фаолият  олиб  борганлар.             1990  йилда  университетнинг  янги  Низоми  қабул  қилиниб,  унинг  кейинги тараққиёт  йўллари,  вазифалари,  ҳуқуқлари,  халқ  ҳаётидаги  мавқеи  янги дунёқараш  нуқтаи  назаридан  белгилаб  олинди.  Шу  боис  1991  йилда факультет  таркибидан  "Иқтисод"  бўлими  ажралди  ҳамда  Фалсафа,  социология ва  психология"  бўлимлари  ва  9 кафедрадан  иборат  "Фалсафа"  факультети ёшлар  онгига  мустақиллик  мафкурасининг  мазмун  ва  моҳиятини  сингдириш, янги  дунёқарашни  шакллантириш  йўлида  фидокорона  меҳнат  қилдилар.             1989-2007  йилларда  "Фалсафа  тарихи  ва  мантиқ"  кафедрасининг мудири  лавозимида  ишлаган  профессор  С.А.Йўлдошев  кафедра  аъзолари билан  ҳамкорликда  Шарқ  ва  Ғарб  халқлари  тарихи,  Марказий  Осиё  халқлари фалсафаси  ва  ижтимоий  ахлоқий  қарашларини  ўрганиш  билан  бир  қаторда, мантиқ  фанининг  кенг  қамровли  ўрганилишига  ҳам  алоҳида  эътибор  қаратиб келган.  Покистон  ва  Эрон  фалсафасини  Ўзбекистонда  чуқур  ўрганилишига муносиб  ҳисса  қўшган.             Ўзбекистон  Республикаси  Президенти  И.А.Каримовнинг  2000  йил  28 январдаги  фармонига  кўра,  Тошкент  Давлат  университетига  "Миллий"  мақоми берилиши,  факультет  профессор  ўқитувчиларига  масъулият  юклаши  билан бир  қаторда  янги  фаолиятга  чорлади.  Улар  фалсафий  билимларни,  янгиланган тафаккур  нуқтаи  назаридан  ёритиш  бўйича  фаол  иш  олиб  бордилар.             2002 йилда  янги  "Фалсафа  ва  фан  методологияси"  кафедрасининг ташкил  қилиниши  фалсафадаги  ижтимоий  муаммолар  билан  бир  қаторда, фундаментал  масалаларнинг  ўрганилишига  кенг  имкониятлар  яратди. "Фалсафанинг  муназарий  масалалари"  илмий  мактабига  асос  солинди. Бугунги  кунда  ушбу  мактаб  тадқиқотчилари  томонидан  "геронтология"  - "феноменология"  инсоннинг  индивидуал  ижтимоий  онгига  таъсир  қилувчи омиллар  муаммоси,  "герменевтика"  - тушуниш  ва  тушунтириш  муаммоси, қариялик  муаммоси,  "танаталогия"  - ўлим  ва  барҳаётлик  муаммоси, "эпистемология",  "фан  фалсафаси",  "Ижтимоий  вақт",  "Синергетика",  "Диалог тушуниш  воситаси"  каби  муаммоларнинг  фалсафий  таҳлилига  қизиқишнинг кундан  кунга  ортиб  бориши  янги  авлод  файласуфларининг  юқори интеллектуал  салоҳиятга  эгалиги  ва  айни  пайтда  уларни  илмга  йўналтирувчи муносиб  устозлар  борлигидан  далолат  беради.             Ўтган  йиллар  давомида  факультет  битирувчилари  нафақат  педагогик фаолияти,  балки  илмий  салоҳияти  билан  фалсафий  фанлар  бўйича  янги  ўқув адабиётларини   яратиш   жараёнида   ҳам   фаол   иштирок   қилдилар. И.Саифназаров  муаллифлигида  "Курс  лекций  по  философии"  (2001),  "Илмий ижод  методологияси"  (2004),  "Фанларнинг  фалсафий  масалалари"  (2007), И.Раҳимов  А.Ўтамуродов  ҳамкорлигида  "Фанларнинг  фалсафий  масалалари" (2005),  Д.Файзихўжаева  ва  М.Шариповлар  ҳаммуаллифлигида  "Мантиқ" (2004)  ўқув  қўлланмалари,  С.Мамашокиров  таҳрири  остида  Falsafa  (2005  лотин тилида),  "Ўзбекистонда  янги  жамият  қурилишининг  ғоявий-мафкуравий масалалари"  (2005),  "Эркин  ва  фаровон  ҳаёт  қурилишининг  ғоявий мафкуравий  масалалари"  (2007)  ўқув  қўлланмалари,  Қ.Назаров  таҳрири остида  "Миллий  истиқлол  ғояси:  асосий  тушунча  ва  тамойиллар"  (2001), "Фалсафа  қомусий  луғат"  (2004),  "Ғарб  фалсафаси"  (2004),  "Жаҳон  фалсафаси тарихидан  лавҳалар"  (2005),  "Миллий  ғоя  асосий  тушунча  ва  тамойиллари луғати"  (2005),  "Миллий  ғоя  ва  раҳбар  масъулияти"  (2008)  китоблари,  якка муаллифлигида  "Билиш  фалсафаси"  (2005),  "Қадриятлар  фалсафаси"  (2004) ўқув  қўлланмалари,  Н.А.Шермухамедова  муаллифлигида  "Философия  и методология  науки"  (2003)  ўқув  қўлланмаси,  "Фалсафа  ва  фан  методологияси" (2005),  "Гносеология"  (2007),  Гносеология  –  билиш  назарияси  (2010) дарсликлари,  А.Очилдиевнинг  "Миллий  ғоя  ва  миллатлараро  муносабатлар" (2004),  Маданият  фалсафаси  (2010),  Е.Эмированинг  "Методика  преподавания философии"  (2004),  шунингдек  А.Стрельцова  билан  ҳамкорликдаги  "Введение в  специальность»  (2008)  ўқув  қўлланмаси  каби  қатор  янги  адабиётларининг нашр  қилиниши  факультетнинг  катта  илмий  салоҳиятга  эгалигидан  далолат беради.             ЎзМУнинг  90  йиллик  тарихида  Фалсафа  бўлимининг  45  йиллик,  фалсафа факультетининг  30  йиллик  фаолияти  ўз  ўрнига  эга.  Зеро,  бугунги  кунда янгиланган  тафаккур  эгалари  ўзбек  фалсафасининг  номини  дунёга танитмоқдалар.  Азалий  фалсафий  муаммоларга  янгича  ёндошмоқдалар. "Устоз  ва  шогирд"  мактабининг  янги  авлоди  шаклланмоқда,  янги  илмий мактабларга асос  солинмоқда.  Факультетнинг  1500  мингдан  ортиқ битирувчиларидан  шу  йиллар  давомида  40  та  фан  докторлари  ва  200  дан ортиқ  фан  номзодлари  етишиб  чиқди.   Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг И.Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институти. Ўзбекистонда  фалсафа  фанининг  ривожига  нафақат  фалсафа факультети  профессор  ўқитувчилари,  балки  1957  йилда  И.М.Мўминов ташаббуси  билан  ташкил  қилинган  Ўзбекистон  Фанлар  Академиясининг "Фалсафа  ва  ҳуқуқ"  институтининг  илмий  ходимлари  ҳам  муносиб  ҳисса қўшдилар.  Илмий  тадқиқот  институтида  дастлаб  "Табиатшунослик",  "Фалсафа тарихи"  бўлимлари  фаолият  олиб  борди.  Кейинчалик  институт  таркиби  янги ёш  миллий  кадрлар  билан  бойиб  борди  ҳамда,  "Диалектика  ва  билиш назарияси",  "Ижтимоий  фалсафа",  "Этика"  каби  бўлимлар  ташкил  қилинди. Институтнинг  асосий  фаолияти  фалсафа,  фан  ва  маданият  тарихини  объектив ўрганиш,   маънавиятнинг   янги   миллий   қирраларини   излаш,   халқ маънавиятини  янги  билимлар  билан  бойитиш,  миллатнинг  маърифий  руҳини кўтаришга  йўналган  эди.  Бу  соҳада  Иброҳим  Мўминов,  Музаффар  Хайруллаев, Мўбин  Баратов,  Эркин  Юсупов,  Карим  Содиқов,  Мираҳмад  Абдуллаев,  Ҳайдар Алиқулов,  Расул  Носиров,  Муҳаммаджон  Болтаев,  Анвар  Шарипов,  Гулчеҳра Наврўзова  ва  бошқаларнинг  илмий  тадқиқотлари  эътиборга  сазовордир.             Ижтимоий  фалсафа,  этика,  эстетика,  маданиятшунослик  фалсафаси соҳасида  Рустам  ва  Тельман  Абдушукуровлар,  Ҳайдар  Пўлатов,  Абдулхай Валиев,  Ойсара  Умрзоқова,  Наим  Ғойибов,  Абдувосид  Йўлдошев,  Махмуд Абдуллаев,  Мназура  Холматова,  Саид  Шермухамедов,  Қўчқор  Хоназаров, Хотима  Шайхова,  Абдулхафиз  Жалолов,  Жўравой  Яхшиликов,  Зуҳра  Қодирова, Қиём  Назаров,  Виктор  Алимасовлар  самарали  ишладилар  ва  ишламоқдалар.             Онтология  ва  билиш  назарияси,  табиатшунослик  фалсафаси,  фан методологияси  бўйича  Жондор  Туленов,  Баҳром  Исмоилов,  Омонулла Файзуллаев  кабилар  бошлаган  анъаналарни,  Маҳбуба  Абдуллаева,  Бахтиёр Каримов,  Бахтиёр  Тўраев,  Раъно  Имомалиева,  Эътибор  Ҳошимова,  Шуҳрат Қўшоқов,  Ҳакима  Саломова,  Оқил  Файзиев,  Зиёдулло  Давронов,  Нигина Шермухамедова,  Алима  Бердимуродова,  Нариман  Эшметов,  Шавкат Мамадалиев,  Карима  Туленова,  Эмина  Иззетова  ва  бошқалар  давом эттирмоқдалар.             2002  йилда  Қиём  Назаровнинг  ташаббуси  билан  "Фалсафа  ва  ҳуқуқ" журналининг  ташкил  қилиниши  институт  ходимларининг  илмий  фаолияти самарадорлигини  янада  оширишга  ҳамда  ёш  олимларнинг  илмий изланишлари  ҳақида  кенг  жамоатчиликнинг  танишиши  ва  фалсафий мулоқотлар  олиб  борилишидаги  дадил  қадам  бўлди.             Биргина  2003  йилда  институт  ходимлари  31  та  турли  йўналишдаги илмий  тадқиқот  лойиҳасига  эга  бўлдилар.  Бугунги  кунда  "Фалсафа  ва  ҳуқуқ" институти  янги  ёш  кадрлар  билан  бойиб  бормоқда.             Фалсафа  тарихи  ва  тарих  фалсафасини  таҳлил  қилишда  И.А.Каримов айтганларидек,  "Шарқ  фалсафасини  теран  ўрганиш,  шу  асосда  улуғ