logo

Доривор маҳсулотларни тайёрлаш, қуритиш, идишларга жойлаштириш (қадоқлаш) ва сақлаш тўғрисида умумий тушунча

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

62 KB
Доривор маҳсулотларни тайёрлаш, қуритиш, идишларга жойлаштириш (қадоқлаш) ва сақлаш тў ғ рисида умумий тушунча Доривор маҳсулотларни тайёрлаш Режа: 1. Доривор маҳсулотларни тайёрлаш 2. Доривор маҳсулотларни қуритиш 3. Доривор маҳсулотларни идишларга жойлаштириш (қадоқлаш) Тиббиётда ва фармацияда таркибида киши организмига таъсир этувчи кимёвий моддаси бўлган доривор ўсимлик органлари — маҳсулотлари ишлатилади. Доривор маҳсулотлар сифатида ўсимликларнинг илдизи, барги, пўстлоғи, гули, меваси ва бошқа қисмларидан фойдаланилади. Уларни кимёвий бирикмалар энг кўп йиғилган даврда йиғиштириб олиш керак. Кимёвий моддалар ўсимликларнинг ҳамма органларида бир вақтнинг ўзида кўп миқдорда тўпланмайди, шунинг учун ҳам уларни турли вақтларда тайёрлашга тўғри келади. Ўсимлик органларини қуйидаги муддатларда йиғиб олиш керак: Барглар одатда ўсимлик гуллаши олдидан ёки гуллаганида йиғиб олинади. Барглар жуда оҳисталик билан, иложи борича ўсимликка зарар етказмасдан йиғиб олинади (белладонна, ангишвонагул ва бошқа ўсимлик барглари). Баъзан ўт ўсимликларнинг баргини тайёрлаш учун ер устки қисми ўриб олинади, сўнгра барглари терилади ёки ер устки қисми қуритиб майдаланади. Барглари ажратилиб, пояси билан шохлари ташлаб юборилади. Бунда шох ва гуллар аралашмаси баргларга қўшилиб кетиши мумкин (ялпиз, газанда ва бошқа ўсимликлар). Ўсимликнинг ер устки қисми (ўт) ўсимлик гуллаганида йиғилади. Ўсимликнинг ер устки қисми поясининг тагидаги барглар олдидан ўриб олиниб, поянинг баргсиз қисмига тегилмайди. Бўйи баланд ўсимликларнинг эса поясининг тепа қисми (10—20 см узунликда) ва шохчалари кесиб олинади (аччиқ шувоқ, далачой ва бошқа ўсимликлар). Куртаклар эрта баҳорда (очилмасдан илгари) ўсимлик танасида суюклик юра бошлаган вақтда йиғилади. Куртаклар ўсимликлардан териб олинади ёки куртакли шохчаларни қирқиб олиб сўнгра шохчалардан куртакларни аста-секин қоқиб тўпланади. Пўстлоқлар ҳам эрта баҳорда, яъни ўсимлик танасида суюқлик юришиб, ёғоч қисмидан осон ажраладиган даврида, поя ва йўғон шохларидан шилиб олинади. Пўстлоқ олишни осонлаштириш учун поя ёки йўғон шохларни бир-биридан 30 см масофада икки еридан ўткир пичоқ билан кўндалангига, кейин узунасига кесилади ва пўстлоқ ажратиб олинади. Гуллар ўсимлик қийғос гуллаганда йиғилади. Кўпинча гуллар алоҳида-алоҳида кесиб олинади. Баъзан гул тўпламининг ҳаммаси (дастарбош, маржондарахти ва бошқалар) ёки гулнинг айрим қисмлари (сигирқуйруқ ўсимлигида фақат гул тожибарглари) йиғиб олинади. Плантацияларда ўстирилган ёки ёввойи ҳолда кўп учрайдиган майда гулли ўсимликларнинг гули махсус асбоб билан йиғилади (мойчечак ва бошқалар). Мева ва уруғлар пишиб етилган даврда йиғилади. Мевалар одатда эрталаб ёки кечқурун йиғиб олинади, кун исиганда йиғилса, қуруқ меваларнинг уруғи сочилиб кетиши мумкин. Мевалар турига қараб тайёрланади. Баъзилар кўл билан битта-битта узиб олинади, бошқалари эса таёқ билан қоқилади. Уруғлар ҳам турли усуллар билан тайёрланади. Баъзи уруғлар махсус асбоб билан мевадан ажратиб олинади (бодом уруғи ва бошқалар). Майда мева ва уруғлар эса уруғлар етилганидан сўнг ёки етилиши олдида ўсимликни ўриб қуритиб, сўнгра хирмонда янчиб тозаланади (фенхель, арпабодиён ва кашнич мевалари, хантал уруғи ва бошқалар). Ер остки органлар (илдиз, илдизпоя, туганак на пиёзлар) одатда ўсимлик уйқуга кирган вақтида — эрта баҳорда ёки кеч кузда тайёрланади. Баъзи ер остки органларни ўсимлик гуллаб бўлганидан сўнг йиғилади. Чунки уларнинг баъзиларини ўсаётган ерида баланд бўйли бегона ўсимликлар орасидан топиш қийин (солаб турлари ва бошқалар), баъзиларини қуриб қолган пояларини эса шамол синдириб учириб кетади (етмак ва бошқалар). Ер остки органларни белкурак, кетмон ва бошқа асбоблар билан қазиб олинади. Бир жойнинг ўзида ўсимлик кўп ҳамда ер остки органлари яхши тараққий этган бўлса, у ҳолда трактор билан кавлаб олинади (қизилмия ва бошқалар). Йиғилган ер остки органларни лой, тупроқ, қум, барг ва поялардан тозалаб (баъзиларини сувда ювиб), қуритиш учун майда бўлакларга қирқилади. Ўсимликнинг ер устки қисмларини, масалан барги, гули ва бошқа қисмларини шудринг кўтарилгандан сўнг ҳаво очиқ пайтида йиғиб олинади. Ёмғир ёки эрталабки шудринг кўтарилмасдан олдин йиғилган ўсимликларни қуритиш қийин, улар куртилганида ҳам қорайиб кетади. Йиғилган доривор маҳсулотларни саватларга босиб ёки бир ерга уюб қўйиб бўлмайди, чунки намлик ва иссиқлик (қизиш ёки қуёш ҳарорати) таъсирида ўсимлик тўқималарида чуқур биокимёвий ўзгаришлар рўй беради, органимзга таъсир этувчи кимёвий бирикмалар парчаланиб кетиб, доривор маҳсулот ўз қимматини йўқотади. Доривор маҳсулотларни қуритиш Тайёрланган доривор маҳсулотларни бошқа ўсимлик аралашмалари, лой, тупроқ, қум ва бошқалардан тозалангандан сўнг тезда қуритишга киришилади. Қуритишнинг энг оддий ва осон усули табиий шароитда, яъни очиқ ҳавода қуритишдир. Лекин ўсимликларнинг ер устки қисмларини (пўстлоқ, мева ва уруғларидан ташқари) очиқ ҳавода, қуёшда қуритиб бўлмайди. Акс ҳолда ўсимликнинг ер устки органлари ҳужайраларидаги яшил ранг берувчи хлорофилл ҳамда гул қисмларидаги ранг берувчи пигментлар парчаланиб кетиб, поя, барг ва қисман гуллар сарғайиб (кўпинча гуллар рангсизланиб) қолади. Хлорофилл пигменти парчаланиши билан бирга ўсимлик таркибидаги бошқа кимёвий бирикмалар ҳам гидролизланиши мумкин. Шунинг учун ҳам одатда қуёш иссиғида фақат ер остки органлар, пўстлоқ, мева ва уруғлар қуритилади. Ўсимликнинг ер устки қисмлари (поя, барг ва гуллар) махсус қурилган бостирма, шийпон ёки чердакларда қуритилади. Бу жойлар тоза ва шамол ўтиб турадиган бўлиши керак. Доривор маҳсулотлар махсус ишланган стелажларга юпқа қилиб ёйилади. Мева куритиладиган қуритгичларни ҳам доривор маҳсулотларни қуритишга мослаштириш мумкин. Бундан ташқари, ҳўл меваларни, масалан, черника, малина, клюквани рус печида (нон ёпиб бўлгандан сўнг) қуритса ҳам бўлади. Сўнгги йилларда доривор ўсимлик маҳсулотларини табиий усулда қуритиш билан бир қаторда турли типдаги қуритгичларда сунъий қуритиш кенг қўлланилмокда. Айрим доривор ўсимликлар таркибидаги таъсирчан қимматбаҳо кимёвий бирикмалар (масалан, гликозидлар) табиий равишда узоқ қуритилганда парчаланиб кетиши мумкин. Шунинг учун уларни сунъий равишда қуритган яхши. Бундан ташқари, сунъий равишда қуритилганда доривор маҳсулот тез қурийди ва сифатли бўлади. Таркибида эфир мойи бўлган доривор маҳсулотлар 25—30°C да, алкалоидлар, гликозидлар ва бошқа моддалар бўлган доривор маҳсулотлар 50 —60°C да қуритилишини эсда тутиш керак. Маҳсулотни жуда қуритиб юбормаслик лозим. Акс ҳолда у кукунга айланиб кетади. Доривор маҳсулотларни идишларга жойлаштириш (қадоқлаш) Стандарт ҳолига келтирилган доривор маҳсулотлар турига қараб ҳар хил қадоқланади. Доривор маҳсулотларни идишларга жойлаштириш (қадоқлаш) уларни ташқи таъсирлардан ва тўкилиш, сочилишдан, ишлатиладиган муддати ичида унинг сифатини ва ташқи кўринишини ўзгартирмасдан сақланишини ҳамда транспорт воситаларида жўнатиш ва ташишни таъминлаши лозим. Маҳсулотларни жойлаштиришга қоплар, халтачалар (пакетлар), тахтадан ва картон қоғоздан ясалган яшиклар ва қутичалар ҳамда тойлаш учун ясалган яшиклар ва бошқалар ишлатилади. Ишлатиладиган идишлар қуруқ, тоза, ҳеч қандай ҳиди бўлмаслиги ҳамда ҳар бир партия учун бир хил бўлиши керак. Маҳсулотлар жойлаштириладиган идишлар, идишдаги маҳсулотларнинг оғирлиги доривор маҳсулотларнинг турига қараб аниқланади ва улар тегишли меъёрий-техник ҳужжатлар (МТҲ) да, масалан фармакопея мақоласи (ФС) ва ГОСТ ларда кўрсатилади. Қуритилган доривор маҳсулотларни қадоқлаш учун қуйидаги идишлардан фойдаланилади: ГОСТ 19317-73 бўйича матодан тикилган қоплар ёки ГОСТ 18225- 72 бўйича зиғир-жут-каноп толаларидан тўқилган қоплар. Бу қоплар бир ёки икки қават ҳолида ишлатилиши мумкин. Қопларнинг оғзи қўл (ГОСТ 17308-85 га биноан каноп ип билан) ёки машина (ГОСТ 14061-85 га биноан зиғир толасидан қилинган ип билан) ёрдамида тикилади. Қопга солинган маҳсулот оғирлиги 40 кг дан ошмаслиги керак. ГОСТ 2226-75 бўйича кўп қаватли қоғоз қоплар ва ГОСТ 24370-80 бўйича икки ёки бир қаватли қоғозли халталар. Маҳсулот билан тўлдирилган қоғоз қоплар, халталар оғзи юқорида кўрсатилган иплар билан қўл ёки машина ёрдамида тикилади. Бир ёки икки қават халталар тайёрлаш учун махсус қоғозлар (ГОСТ 2229-81 Е ва ГОСТ 1760-81 га биноан) ишлатилади. Қоғоз қопга 15 кг, қоғоз халтага 5 кг дан ортиқ маҳсулот солинмаслиги керак. Матодан тикилган ГОСТ 19298-73 бўйича узун ва олти қиррали яшик шаклли тойлар. Тойларга 50 кг дан ортиқ бўлмаган миқдорда доривор маҳсулот солинади ва уларнинг оғзи юқорида айтиб ўтилган, тегишли ГОСТ ларда кўрсатилган иплар билан қўлда ёки машина ёрдамида тикилади. Баъзан усти мато билан ўраб тикилмаган тойлар ҳам қўлланилади. Ёғочдан ГОСТ 5959-80 бўйича ясалган яшиклар. Яшиклар ичига тегишли ГОСТ ларда кўрсатилган Б - маркали қоғоз (ГОСТ 8273-75) ёки қоп тикиладиган қоғоз (ГОСТ 2228-81) солиб, сўнгра доривор маҳсулот билан тўлдирилади. Ёғоч яшикларга 30 кг гача оғирликда доривор маҳсулот солинади. Кейин унинг қопқоғи михланади. Картондан ГОСТ 15629-83 бўйича ясалган яшиклар. Бу яшикларни доривор маҳсулотлар билан тўлдиришдан аввал уларни ичига тегишли қоғозлар солинади. Охирида картон яшиклар устига махсус елим қоғоз ленталар ёпиштирилади ёки икки еридан пўлат сим билан ўралади (ГОСТ 32822-74). Картон яшикларга солинган доривор маҳсулот оғирлиги 25 кг дан ошмаслиги лозим. Доривор маҳсулотларни жойлаш учун керакли бўлган идишлар бу маҳсулотларнинг турига ва хусусиятига қараб тегишли ГОСТ га биноан танланади. Масалан: — ўсимликларнинг ер устки қисми, барги, пўстлоғи, баъзан гуллари, илдизи ва илдизпояларини одатда олдин пресслаб, сўнгра махсус тойлайдиган яшикларга солинади. Бу усул қопга ёки яшикларга солиб, жойлаштиришга нисбатан арзон тушади ҳамда ташиш ёки сақлаш даврида доривор маҳсулотни иссиқдан, намликдан ва қуёш таъсиридан яхши ҳимоя қилади. — қуритилган хўл мевалар, шохкуя ҳамда айрим қимматбаҳо ва оғир маҳсулотлар икки қават қилиб тикилган қопларда сақланади. — тойлаб бўлмайдиган енгил доривор маҳсулотлар икки қаватли катта қопларга, тез майдаланиб кетадиган мойчечак, марваридгул гуллари, қарагай куртаги ва бошқалар ичига зич қилиб бир неча қават қоғоз солинган яшикларга жойлаштирилади. Доривор маҳсулотларни аҳолига сотиш учун қадоқлашда ГОСТ 64- 026-87 бўйича қоғоздан (картондан) ясалган қутичалар, қоғоз ва полиэтилен халтачалар ва бошқалардан фойдаланилади. Қандай идишларга ва қанчадан доривор маҳсулот қадоқланиши, худди шунингдек халтачалар ва қутичалар оғзи қандай елим билан елимланиши, дорихона ва омборларга жўнатиш учун яшикларга қанча халтача ва қутичалар жойлаштирилиши кераклиги тегишли меъёрий-техник ҳужжатларда кўрсатилади. Доривор маҳсулот идишларга жойлаштириб бўлингандан сўнг, улар жойлаштирилган идиш устига шу маҳсулот тўғрисида тўлиқ маълумот ёзилади (тамғаланади) ёки тегишли ёрлиқ осилади. Сотиш учун дорихоналарга чиқариладиган доривор маҳсулотлар идиши (картон қутича, полиэтилен халтача, яшик ва бошқалар) устига ГОСТ 17768-80 га биноан қуйидагилар ёзилган бўлиши керак: — вазирлик, тайёрлаган корхона ва уни товар белгиси; маҳсулотнинг лотин, рус ва ўзбек тилидаги номи; намликни энг кўп рухсат этиладиган ҳолатидаги маҳсулот оғирлиги, ишлатиш усули, сақлаш шароити, ҳисобга олинган номери, серия номери, сақлаш муддати ва баҳоси. Транспорт воситасида жўнатиладиган доривор маҳсулот идиши устига ГОСТ 14192-77 бўйича қуйидагилар ёзилган бўлиши керак: вазирлик (муассаса, бошқарма), жўнатган корхонанинг номи, маҳсулот номи, намликни энг кўп рухсат этиладиган ҳолатдаги маҳсулотни соф (нетто) оғирлиги, идиши билан биргаликдаги (брутто) оғирлиги, тайёрланган йили ва ойи, партия номери, кўрсатилган маҳсулотнинг меъёрий-техник ҳужжати (МТҲ)нинг даражаси ва номери. Фойдаланилган адабиётлар рўйхати 1. Агрохимия (Под ред. Б.   А.   Ягодина). Москва, 1982. 2.Вопросы агротехники возделывания лекарственных культур. Часть 1, Москва, 1978. 3. Справочник по лекарственным культурам. Воронеж, 1963. 4. Холматов Х.   Х., А.   И.   Қосимов русча-латинча-ўзбекча доривор ўсимликлар луғати, Тошкент, 1992. 5. Холматов Х.   Х., Аҳмедов Ў.   А. „Фармакогнозия“, Тошкент, 2007 й. 6. Мусаев Б.   С. „Ўғит қўллаш тизими“, Тошкент, 1998. 7. Атабоева Ҳ.   Н.   ва бошқалар. Тошкент, 1995. Ўсимликшунослик. 8. Мурдахаев Ю.   М. Лекарсвенные культуры в Узбекистане, Ташкент, 2001. 9. Мурдахаев Ю.   М. Ўзбекистонда ватан топган доривор ўсимликлар. Тошкент, 1990. 10. Турова А.   Д. Сапожникова Э.   Н. Лекарственные растения СССР и их применение. Москва, 1982. 11. Мусаев Б.   С. Агрокимё. Тошкент, 2001. 12. Эрматов А. Суғориладиган деҳқончилик. Тошкент, 1983. 13. Холматов Х.   Х., Ҳабибов. Ўзбекистон доривор ўсимликлари. Тошкент, 1971. 14. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений СССР. Москва, 1976.