logo

Навоийнинг ситтаи зарурия қасидалар туркумида инсон мумтозлигининг қуръоний ҳақиқатлар билан талқин этилиши

Yuklangan vaqt:

11.09.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

54 KB
Навоийнинг "ситтаи зарурия" қасидалар туркумида инсон мумтозлигининг қуръоний ҳақиқатлар билан талқин этилиши Инсонни ўрганиш ва поклаш, нуқсонлардан холи ҳолда тасаввур этиш, унинг маънавий камолотини ўйлаш улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг олий орзуси эди. Улуғ шоир чинакам инсонийликни айнан илоҳийликда, илоҳий файздан баҳрамандликда кўради. Қуръони Каримда бир неча ўринда инсон Худонинг ердаги халифаси, у энг мукаррам зот, махлуқотнинг гултожи, дея таърифланади. Шоир инсоннинг ана шу улуғ шарафга чинакамига муносиб бўлишини истайди. Ҳазрат Навоий ижодининг оламшумул аҳамиятини таъминловчи асосий омиллардан бири ҳам унинг ислом маънавий хазинасидан, тасаввуф илмидан баҳраманд бўлиб Комил инсон ҳақидаги ширин орзуларни улуғлашидадир. Улуғ Навоий ҳар бир асарида (достондан фардгача) Комил инсонни улуғлади. Шоир йирик ҳажмли асарлари таркибидаги ҳамдларида инсонни бошқа мавжудотлардан улуғ қилиб яратгани учун ҳаққа беҳад мадҳ айтади. Ҳамд ғазалларида эса ("ҳақ-Инсон" муносабатлари) ҳаққа етишнинг маънавий-руҳий изтироблари хусусида теран мушоҳада юритади. Илоҳшунослик ва инсоншуносликка оид асл ҳикматлар силсиласи акс этган 724 байтдан иборат "Ситтаи зарурия" (“Олти зарурат”) форсий асарида ҳам инсон Руҳи Мутлақ нишоналари энг кўп акс этган хилқат сифатида таърифланади. Тавҳиднинг моҳияти инсон ва унинг ҳақиқати билан изоҳланади. Чунки инсон бўлмаганда илоҳиёт ҳақида гапиришга ҳожат ҳам қолмасди. Инсон руҳини ва унинг хусусиятларини ўрганиш улуғ шоир тасаввурида, бу аслида илоҳиётни ўрганишдир. Алишер Навоий инсоннинг биологик тузилиши устида батафсил тўхталар экан, унинг тўрт унсур (аносири арбаа) дан (тупроқ-қуруқлик, олов – иссиқлик, сув – совуқлик, ҳаво–намлик) иборат эканлигини “Ситтаи зарурия”да шундай тасвирлайди: Чу аз заминаш бардошти ба сад эъзоз, Ба мартаба гузаронди зи торуми хазро Мазмуни: Юз эъзоз эҳтиром ила уни (тупроқни) ердан кўтардинг ва мартабасини кўк гумбазидан ҳам юқори қилдинг 1 . Байтдаги ихчам талқиндан кўриниб турибдики, ҳақ бутун борлиқдан Инсонни алоҳида эъзоз ила ажратади. Бу ажратиш эса бир неча асосни ўзида бирлаштиради. Улуғ шоир қасида сатрларидаги мазкур асосларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида тўхталади. Борлиқдаги нарсаларнинг ҳар бири у ёки бу унсур (тупроқ, сув, ҳаво, ўт)дан яралган бўлса, инсонда турли, бир-бирига қарама-қарши унсурлар муттаҳиддир ва улар инсон табиатининг мураккаблигини белгилайди. Алишер Навоий "Наводир уш-шабоб" девонидаги 5- ғазалида ўша ҳақиқатни қуйидагича тасвирлайди: Сарсаройи ҳар қуюн қилғай бадан туфроғининг Жузв-жузвин бир-бир ушбу гунбади гардон аро 2 Инсон танаси ва табиатининг тўрт унсурдан иборат эканлиги – тананинг қизил (қон), сариқ (ўт), ҳўл (сув) ва қуруқ (тупроқ)дан, табиатининг оташий (флегматик), хокий (сангвиник), обий (меланхолик), бодий (холерик) каби таркибий қисмлардан яралганлиги Шарқ мумтоз адабиётида ҳам, Қадимги Юнону ҳинд фалсафасида ҳам кенг тарқалган ҳақиқатдир. Шунинг учун инсонга ҳам моддий, ҳам ички ва ташқи жиҳатдан зиддиятлар бирлиги сифатида қаралади. Инсон борлиқдаги бошқа мавжудотлардан ўзининг зиддиятлилиги билан ажралиб туради: Чаҳор зидро карди ба якдигар таркиб, Ки хоку оташ буд, онгаҳ об буду ҳаво 1 Навоий Алишер. Руҳ ул-қудс. Сўзбоши, насрий баён, изоҳ ва луғат билан нашрга тайёрловчилар проф. Р.Воҳидов, тадқиқотчи Н.Бекова. -Тошкент: Ўзбекистон, 2002, 7-бет. Бундан кейин мазкур манбага мурожаат қилганда саҳифасини қавс ичида кўрсатиш билан кифояланамиз. 2 Алишер Навоий. МАТ. 20 томлик. 4-том. –Тошкент: Фан, 1989 9-бет. Мазмуни: Тўрт бир-бирига муқобил унсурларни ягона таркибга бирлаштирдингки, улар тупроғу олов эди ва сув ҳаводир (8-бет). Исломий-ирфоний тасаввурга кўра, инсон икки асос - жисм ва руҳдан, инсон жисми эса тўрт унсур - сув, олов, ҳаво, тупроқдан иборат. Инсон ўз руҳи билан фаришталарга, жисми билан эса табиатга, яъни ҳайвонларга бориб тақалади. Булар ҳақида Қуръони Каримнинг бир қанча оятларида хабар берилган. "Ва-ссафат" сураси 11-ояти ("Биз инсонларнинг асли-аввали бўлмиш Одам алайҳиссаломни ёпишқоқ бир лойдан яратгандирмиз"). Инсон ҳайвон билан фаришта ўртасидаги махлуқ. Табиат билан ана ўшандай боғлиқлик унинг қаттиқлигини, дағаллигини келтириб чиқаради. Руҳ эса инсонни маънавий камолотга етаклайди. Чунки руҳ ғайб оламининг "мулки", у инсонга латиф бир қувват бағишлайди. Ба хоки x исмаш борони раҳмат афшондй, К-аз он мулоимат овард тинаташ пайдо. Тупроқдан яралган жисми устига Раҳмат ёмғирини ёғдирдинг, ўшандан унинг феъл-атворида мулойимлик пайдо бўлди. Бироқ, инсон табиати тўла покланмади…(10-бет). Қуръони Каримнинг "Ал-Исро" сураси 85-оятида ўқиймиз: "Ва ясъалунака анирруҳ қулир руҳу мин амри роб" (Эй Муҳаммад, Сиздан руҳ- жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг, "Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир ". Руҳ илоҳий маърифат, ҳикмату дониш билан озиқланади. Шунинг учун руҳоний ҳаёт завқидан баҳраманд бўлган улуғ инсонлар холис, беғараз, некбин, мулойим, меҳрибон, шафқатли, ҳимматли бўлади. Демак, инсоннинг моҳияти ҳам шу Руҳдадир. Зайниддин Муҳаммад Ғаззолий "Кимиёи саодат" асарида руҳни шундай таърифлайди: "Руҳ одам вужудининг аслидурким, ҳамма қолип ва бадан анинг тобеъидур. Вақтики руҳ бўлмаса тан мурдордурки, анинг ҳеч эътибори йўқдир. Бадан маркаб ва сувор руҳдир" 3 . Инсонни бошқа мавжудотлардан ажратиб турувчи яна бир ноёб фазилат ҳақнинг унга илму ирфонни тақдир қилганлигидир. Оллоҳ инсон 3 Ғаззолий. Кимиёи саодат. –Тошкент: Камалак, 1995, 14 бет. Қалбини илму ирфон хазинаси қилиб, шу ирфонда ўзини яширган: Қасидада инсонни мумтоз этадиган энг юксак мўъжиза – ақли кулл ва кўнгил алоҳида таъкидлаб таърифланади. Шоир ташбеҳ-тамсил санъати воситасида гўзал манзара яратади: Дар ў нишониди дилро ба тахти султони, Ки шуд ба расми салотин хидеви мулкоро. Хирад вазорати он шоҳро муайян шуд, Гадои шоҳону вазирон, камина банда туро Мазмуни: Унда (бадан шаҳрида) подшоҳлик тахтида юракни ўтқиздинг. Шундан у (юрак) султонлик расмида мулку мамлакатнинг соҳиби бўлди. У шоҳнинг вазирлигига донишмандлик (ақл) муайян бўлди. Аслида гадо-ю шоҳу вазирларнинг барчаси Сенинг камтарин бандаларингдир. Шоир мазкур фикрларини Қуръоний оятлар мазмуни билан асослайди. Зи илми маърифаташ чунки баҳравар карди, Малоикаш ба су x уд омаданд абдосо (11-бет). Малоикалар Оллоҳ азза ва жалланинг фармони қошида ожиз қолгач, Одам алайҳиссалом уларга мавжудот ҳақиқатини баён этади. Тупроқдан яралган ҳазрати Одам алайҳиссаломнинг илму маърифати файзидан етти қават осмон ҳам мунаввар бўлади. Ана шу илму маърифат туфайли ҳазрати Одамга малоикалар қуллардай саждага келадилар. Чунки Инсонда завқ - руҳий камолот каби нури ҳикмат акс этган нодир хислат мавжуд. У Илоҳ маърифатини завқу шавқ билан ҳис этиш жараёнида руҳий юксакликда фариштадан ҳам ўзиб, маънан ҳақнинг ўзига етиши мумкин. Холиқи Аъзам ўз ҳуснини томоша қилиш учун ўзига кўзгу - моддий оламни яратди. Олам эса инсон туфайли бунёд қилинган. Бу ҳақда: "Лав лака лимо халақту л-афлок" (Агар сен бўлмасанг, осмон-фалакларни яратмаган бўлар эдим), деган ҳадис ҳам бор. Моддий оламнинг жавҳари - Инсон қалби, унинг кўнгли. Инсонни яратишдан мақсад ҳам кўнгилнинг қудратини намойиш этиш эди. Чунки кўнгил - ҳақ назаргоҳи. Инсон учун, унинг бахту истиқболи, фаровонлиги учун қайғурган улуғ шоир ҳам кўнгил сўзини такрор-такрор зикр этишни хуш кўради: Дар у нишонди дил ро ба тахти султони, Ки шуд ба расми салотин хидеви мулкоро (11-бет). Мазмуни: Унда (бадан шаҳрида) подшолик тахтида юракни ўтқиздинг, Шундан у (юрак) султонлик расмида мулку мамлакатнинг соҳиби бўлди. Улуғ шоир нуқтаи назарича, кўнгил - Оллоҳнинг ҳикмати, нури акс этган энг қутлуғ, юксак, покдомон манзилдир. Имом Ғаззолий дил ҳақиқатини "Подшоҳ дилни ва анинг сифатларини танимоқ ҳазрати ҳақ субҳонаҳу ва таолони танимоқнинг калидидур... Саодат ва шаҳват асли анинг (дилнинг) сифатидур ва бадан ҳамма аҳволда анинг тобеъидур",- дея таърифлайди 4 . Шунинг учун моҳиятни англашга фақат қалб қодир. Теран тасаввур, ҳиссий-важдий тафаккур орқали кўнгилнинг сирли ажойиботлари қудратидан баҳраманд бўлиш, руҳ кучи ёрдамида юракка аталган султонлик - хурлик тахтини эгаллаш мумкин. Ҳурликка эришган кўнгил Оллоҳнинг чин ошиғидир. Ошиқ юрак эса Илоҳ ва инсон сиру синоатидан хабардор, кучли ва нурли ҳисларга бой бўлади. Кўнгил - Оллоҳ яширинган тилсимот. Тилсимот қонунияти сирларини - буюк Тангри маърифатини улуғ мутафаккир ўз ҳаётий кузатишлари асосида навоиёна хассослик билан бадиий талқин этади. Кўнгил - Оллоҳ илми ва ишқининг хазинаси, унинг эгаси инсон шунинг учун ҳам олам меҳвари, олий мавжудотдир. Шул боис ҳазрат Навоий Каъба деб кўнгилни тан олган ва унга сиғинган: Каъбаки оламнинг ўлиб қибласи, Қадри йўқ андоқки, кўнгил Каъбаси. Инсон - Худонинг ердаги халифаси, унинг илму каромати, сир-асрори, қудрати ва ҳикмати акс этган мўъжиза. Фалаклар унинг нафаси билан айланади, жамики мулку малакут ундан таълим олади. 4 Ғаззолий Кимиёи саодат. –Тошкент: Камалак, 1995, 15-бет. "Етти торами аъло", "тўққиз сипеҳри муалло", Арш, Курси, жамики мавжудот унинг учун, у туфайли яратилган: Сабаб муҳаббати ўю зуҳури сунъат буд, Ки халқи мохалақуллоҳ сохтй ифшо (21-бет). Сабаби - унга (Муҳаммад пайғамбарга) бўлган (Сенинг) юксак муҳаббатинг яратилишининг зуҳури эдики, халқ этилган нарсаларни у туфайли ошкор қилдинг. Олам - ишқ маҳсули. Мазкур байтларда ваҳдат ул-вужуд (бирлик) таълимотининг асосий масаласи Илоҳнинг инсонга, инсоннинг Илоҳга муҳаббати тасвир этилган: Зуҳури ҳуснунг учун айлабон мазоҳирни, Бу кўзгуларда ани жилвагар қ илиб амдо. Чу жилва айлади ул ҳусн истабон оши қ , Салойи иш қ ин этиб офариниш ичра нидо 5 . Ҳайрат, ҳиссий тасаввур ва руҳ кучи билан яратилган Алишер Навоийнинг “Ситтаи зарурия” қасидалар туркумида Инсон ва Коинот, инсон ва мавжудот, Инсон ва Илоҳнинг ўзаро боғлиқлиги ва алоқадорлиги, Инсон руҳининг улуғ оламлар бўйлаб сайр этиб, Илоҳ томон кўтарилиши (уруж), инсонийлик даражалари, руҳ тараққиёти даражалари - пок руҳ (руҳ ул-қудс) билан белгиланиши, мавжудотнинг хулосаси ва қаймоғи Комил Инсон инсониятни бошқарадиган буюк руҳ эканлиги каби исломий-ирфони й фалсафий ғо ялар талқин этилган . 5 Алишер Навоий. МАТ. 20 томлик. 6-том. –Тошкент: Фан, 1990 10-бет.