logo

Санъат тарихига муқаддима. Тасвирй санъатнинг тур ва жанрлари. Санъатнинг тарбиявий аҳамияти. Тасвир ва ифода воситалари

Загружено в:

20.09.2019

Скачано:

0

Размер:

48.5 KB
Санъат тарихига муқаддима. Тасвирй санъатнинг тур ва жанрлари. Санъатнинг тарбиявий аҳамияти. Тасвир ва ифода воситалари Режа: 1. Санъатнинг келиб чиқиши, мазмуни ва моҳияти. 2. Тасвирий санъатнинг тур ва жанрлари ҳақида. Таянч тушунчалар Анималист (лотинча « animal » ҳайвон) - ҳайвонларни тасвирловчи рассом. Композиция (лотинча « compositio » тузилиш, қурилиш) - бадиий асардаги образлар ва бадиий воситаларнинг муайян ғоявий мақсадга хизмат қиладиган тартибда жойлашиши. Санъат жуда қадим замонларда, меҳнат жараёнининг тараққиёти натижасида пайдо бўлди. Меҳнат жараёнида инсон тафаккури камол топди, гўзаллик ҳисси ортди, воқеликдаги гўзаллик, қулайлик ва фойдалилик тушунчалари кенгайди. Синфий жамият вужудга келиши билан эса ижтимоий тараққиётда катта ўзгаришлар содир бўлди; ақлий меҳнат жисмоний меҳнатдан ажралиб чиқа бошлади. Бу эса фан ва санъат ривожида муҳим аҳамият касб этди. Профессионал санъат ва санъаткорлар шу даврда пайдо бўлди. Санъат эса ўзининг ўзига хос хусусиятини, синфийлигини намоён этиб, ҳукмрон синфнинг идеологиясини тарғиб этувчи кучли ғоявий қуролга айланди. Лекин шунга қарамай, омма орасидан етишиб чиққан истеъдодли ижодкорлар меҳнаткаш халқ оммасининг орзу-истакларини, уларнинг гўзаллик ва худбинлик, олийжаноблик ва инсонпарварлик ҳақидаги тушунчаларини ифода этувчи асарлар яратдилар. Халқнинг турмуши, ҳулқ ва одатлари, ютуқ ва мағлубиятлари уларнинг асарларида ўз ифодасини топди. Ҳар бир даврда мавжуд бўлган ана шундай санъат ҳаёт гўзалликларини тасвирлаб, одамларда юксак хислат ва фазилатларни камол топтирди, уларни тенглик, озодлик, биродарлик, ёрқин келажакка интилишга даъват этди. Ҳақиқатдан ҳам инсоният яратиб қолдирган маданий қадриятлар оддий бойликлар бўлиб қолмай, балки ўзида инсон ақл-заковати, ҳаёт тўғрисидаги фикр-ўйларини акс эттирувчи кўзгу ҳамдир. Жаҳон санъати тарихини ўргатиш, унинг тараққиёт қонунларини тушуниш, нодир ёдгорликлар билан танишиш, ўтмиш одамларнинг ҳис-туйғу, ҳаётий тажрибаларини ўрганиш ғоявий-истетик қарашларнинг шаклланишини билиш демакдир. Бу сўзсиз, кишиларда ҳаётий тажрибаларнинг бойишига, ҳаётга янада кенг ва атрофлича ёндошишга ёрдам беради. Тасвирий санъат турларига рангтасвир, архитектура, графика, ҳайкалтарошлик киради. Рангтасвир тасвирий санъатнинг энг муҳим турларидан бўлиб, махсус полотноларга, деворларга ишланади. Тасвирий санъат асарларида ифодаланган мақсад ва мазмунни очиб беришда ранг муҳим ўрин эгаллайди. Рангтасвир асарлари характерига кўра монументал, декоратив, мўъжаз, дастгоҳли турларга бўлинади. Монументал рангтасвир меъморчилик билан боғлиқ бўлиб, улар уйларнинг деворларини, шифтларини безашда қўлланилади. Катта ҳажмда узоқдан кўришга мўлжалланганлиги учун булар яхлитлаштирилган ҳолда ишланади, ранглар ҳам шартли равишда олинади. Мўъжаз санъат асарлари турли мамлакатларда шу жумладан Ўзбекистон ҳудудида жуда ҳам қадим замондан тараққий этиб, қадимий қўлёзмаларга ишланган. Чунончи, Алишер Навоийнинг “Хамса” асарларига ишланган расмлар бунга мисол бўла олади. Дастгоҳли рангтасвир асарлари кенг тарқалган бўлиб, махсус матолар, картон, ёғоч, ромкага тортилган мато-холст ва шу кабиларга ишланади. Дастгоҳли рангтасвир мойбўёқ, гуашь, сувбўёқ, темпера буёқларида махсус дастгоҳ (молберт)ларга ўрнатилиб ишланади. Графика - лотинча “графо” сўзидан олинган бўлиб, “ёзаман”, “чизаман” деган маънони англатади. Тасвирий санъатнинг бу турига оддий ва рангли қаламда кўмир, пастель, сангина, сувбуёқ, гуашь ва тушда ишланган безаклар, турли плакатлар, ҳажвий расмлар ва ҳақазолар киради. Ҳайкалтарошлик - тасвирий санъат турларидан бири. У лотинча “скульпо” сўзидан олиниб, қаттиқ материалларга “қирқиш, кесиш, ўйиш, тарошлаш” орқали ишлов бериш маъносини англатади. Тасвирий санъатнинг турлари. Портрет - рангтасвир жанрлари ичида энг қадимийларидан бўлиб, кишиларнинг ташқи ва ички кечинмаларини тасвир орқали очиб беради. Портрет жанрида ишланган тасвирий санъат асарлари бизга мусаввир яшаган даврни, маданиятини ҳамда тасвирдаги кишининг руҳиятини асарда талқин этади. Автопортрет - портрет жанрининг кўринишларидан бири бўлиб, мусаввир ўзининг ташқи қиёфасини ўзи тасвирлайди. Манзара - жанрдаги асарларда борлиқ, табиатдаги кўринишлар ҳаққоний акс эттирилади. Манзарада фақатгина нарса ва воқеалар эмас, балки мусаввирнинг ички кечинмалари ҳам ифодаланади. Айрим мусаввирлар водийларни, тоғу-тошларни тасвирлашга ишқибоз бўлсалар, бошқалари денгиз манзарасини тасвирлашда моҳирдирлар. Манзара жанрида мусаввирлардан Ў.Тансиқбоевнинг “Ўзбекистонда март”, “Жонажон ўлка”, “Менинг қўшиғим”, Н.Кашинанинг “Тоғда баҳор”, З.Иноғомованинг “Арпа ўрими”, “Чойга”, Р.Темуровнинг “Бибихонимда баҳор”, “Улуғбек мадрасаси” асарлари муаллифларга шуҳрат келтирди. Натюрморт - французча сўз бўлиб, “жонсиз табиат” деган маънони англатади. Бу жанрда мусаввир асосан инсонни ўраб турган атроф муҳитдаги нарсалар, турмушда қўлланиладиган буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, гуллар, мева ва бошқаларни тасвирлайди. У ўз асарида теварак-атрофдаги нарсаларни тасвирлаш орқали унинг характерли хусусиятларини, воқеа қайси даврда рўй бераётганлигини ҳам кўрсата олади. Таниқли ижодкор мусаввирлардан Р.Ахмедов, Л.Салимжонова, ў.Абдураҳмонов ва бошқалар натюрморт жанрида баракали ижод қилмоқдалар. Тарихий жанрда ишланган суратлар орқали биз узоқ ўтмишда бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар, тарихий шахслар, халқларнинг турмуш маданияти билан танишамиз. Тарихий жанрнинг кўринишларидан бири жанг (ботал) манзараларидир. Ботал жанр - “ботал” французча сўз бўлиб, “жанг”, “уруш” маъносини билдиради. У жанг манзараларини ўзида акс эттиради. Бу жанрда жанг ва ҳарбий юришлар манзараси асосий ўринни эгаллайди. Боталист - рассомларнинг асарларида жангчи образи, унинг қаҳрамонлиги, мардлиги, жасорати ҳамда ўз она Ватанига бўлган чексиз муҳаббати ифодаланади. Леонардо да Винчи, М.Б.Греков, Г.К.Савицкий, А.А.Дейнека, В.В.Волков ва бошқалар ана шундай мусаввирлардандир. Таниқли ижодкор М.Набиевнинг “Спитамен қўзғолони”, мусаввир Р.Ризамуҳаммедовнинг “Муқанна қўзғолони”, мусаввир Т.Содиқовнинг “Тўмариснинг қасоси” номли асарлари бунга ёрқин мисол бўла олади. Анималистик - жанр ўзгача тасвирй санъат туридир. У лотинча “анима”, “ҳайвонот олами” деган маънони билдиради. Анималистик рассом ҳайвонот дунёсига зўр қизиқиш, севги ва маҳорат билан ёндошади. Ҳайвонот дунёси ибтидоий одамлар ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган. Ўша даврда улар ғорларининг деворларига кийик, қўтос, мамонтларнинг суратларини чизганлар. Қадимга Япония ва Хитойда ҳайвонларнинг тасвирлари декоратив нақшлар тузишда ҳамда монументал композициялар яратишда асосий ҳисобланган. XVI асрга келиб ҳайвонот олами анатомиясини буюк мусаввирлар Леонардо да Винчи ва А.Дюрерлар ишладилар. Кекса ҳайкалтарош ва график мусаввир В.А.Ватагин ўзининг асарларида тўрт оёқли дўстларини ҳаққоний ва ишончли тасвирлайди. Машғулот раҳбари ўқувчиларга назарий билим бериш жараёнида мазмуний тўлиқ очиб бериши учун жонли нутқ орқали сўзлаш билан бирга мусаввирлар асарларидан сурат-лавҳалар, адабиётлар, кино ва диафильмлар ва слайдалардан унумли фойдаланиши мақсадга мувофиқдир. Маиший жанр: тасвирий санъатда бу жанрдаги асарлар кишиларнинг кундалик ҳаётини, турли воқеаларни ўзида мужассамлаштиради. Аксарият рангтасвирда акс этувчи маиший жанр илк бор XVII асрда яшаб ижод этган Голланд рассомлари - Питер де Хох, Остаде, Стен, Терборх, Вермер кабилар ижодида намоён бўлади. Реалист рассомлардан П.Федотов, В.Перов, В.Максимов, В.Маковский, К.Савицкий, И.Репин кабилар маиший жанрнинг тараққиётига катта ҳисса қўшдилар. Ўзбек рассомларидан Р.Ахмедов, М.Саидов, З.Иноғомов, Р.Чориев, ў.Абдураҳмоновлар ҳам шу жанрда баракали ижод этмоқдалар. Адабиётлар: 1. Абдуллаев Н.У. «Санъат тарихи» Тема 1. Тошкент, Ўқитувчи, 1986 й. (5-19) 2. Абдиев В.И. «Қадимги Шарқ тарихи», Тошкент, 1965 й (4-13) 3. Пугаченкова Г.А., Ремпель Л.И. «История искусств Узбекистана», Тошкент 1984 й. (7-14)