logo

XIX Асрда Марказий Осиёда ислом мустамлакачилик ва жадидлар ҳаракатининг бошланиши

Загружено в:

20.09.2019

Скачано:

0

Размер:

88.5 KB
XIX Асрда Марказий Осиёда ислом мустамлакачилик ва жадидлар ҳаракатининг бошланиши Режа: 1. Аср боши диний ислоҳотлар ўтказишга уринишлар. 2. Шаръий ахкомлар ва урф-одатлар. 3. Сиёсий ва диний стагнация. 4. Рус мустамлакачилиги. 5. Маҳаллий зиёлиларнинг мустамлакачиликка қарашлари. 6. Жадидлар. Аср боши диний ислоҳотлар ўтказишга уринишлар. XIX аср боши Мовароуннаҳрдаги уч йирик давлат: Қўқон хонлиги , Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги ўртасидаги зиддиятларнинг кучайиши билан характерланади. Албатта, Ислом бунда ҳар учала давлатнинг расмий дини эди, асосий ҳуқуқ органлари ҳам унга бўйсунар ва, табиийки, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида асосий ўрин эгалларди. Бироқ ўша даврдаги уламоларнинг асарларига қараб хонликлардаги мавжуд шароитга баҳо берилса, шариат меъёрларини ҳаётга татбиқ этишда, хусусан, солиқ ва суд тизимларида талай муаммолар мавжуд бўлганлигини кўриш мумкин. XIX аср сўнггига оид тарихий ҳужжатлар тилга олинган хонликлар ўртасида қатор ҳарбий тўқнашувларга туртки бўлган мураккаб сиёсий вазиятлар хусусида гувоҳлик беради. Давлатлараро бундай ички зиддиятларда ёхуд айрим қабилаларнинг давлатга қарши исёнларида, табиийки, ҳар вақт диний омил биринчи ўринда турарди. Дейлик, қўшни хонликларга қилинган ҳарбий юришларни ҳар учала давлат муаррихлари ғазавот, яъни “кофирлар”га қарши уруш деб баҳолайдилар. Айни мисолнинг ўзиёқ мазкур давлатларда диний аҳвол ва ислом меъёрларининг қай даражада сиёсатга мослаштириб борилганлигини кўрсатади. Буларни келтиришдан мақсад шуки, эндиликда ўтмиш асл қиёфасини йўқотди, яна ҳам тўғрироғи, “идеал”га айланган тарих маҳаллий исломшунослар назарида тақлид манбаига айланиб қолди. Тақлид омили эса энг аввало тарихи таниб бўлмас даражада ўзгартириб шарҳланган ва бунинг оқибатида “шаръий асос”га қурилган деб баҳоланган маҳаллий исломий давлатлар саналади. Айни пайтда юқорида қайд этилган давлатларнинг бошқарув тизимида, айтайлик, солиқ тизими ва бошқа тизимларда иш юритиш шариатдан анча йироқ бўлиб, улар амалда мўғул-чиғатой тизими асосида иш кўрардилар. Бу тизимнинг таъсири халқ менталитетига, хусусан, ҳукмрон табақалар ҳаётига чуқур киргани кўзга ташланади. Масалан, ҳукмдорнинг қонуний ворислиги унинг Чингизийларга тақалувчи насли билан белгиланган. Шунинг баробарида ҳар учала давлат ҳукмдорлари ўз исмларини Хўжа Аҳрор, Махдуми Аъзам каби машҳур сўфийлар авлоди билан(кўп ҳолларда никоҳ воситасида), айниқса, Пайғамбар авлоди саналган «саййидлар” билан боғлашга интилганлар. Кейинги ҳолатда ҳукмдорлар ўз исмларига «саййид” ёки “амир ал-мўъминин” нисбаларини қўшиб олганлар. Бу эса ўз наслини Чингизий сулолаларга боғлашдан ташқари, ўз ҳукмронлигининг диний томондан ҳам қонунийлигини асослаб беришга хизмат қилган. Халк орасидаги урф-одатлар билан шаръий меъёрларнинг мос келмаслиги айрим хукмдорларни жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида «катъий шаръий хукмлар» урнатиш йулини излашга ундади. Бу ўринда Бухоро амири Шохмурод (1785-1800) даврида бошланиб, унинг ўғли Амир ҳайдар(1800-1825) томонидан давом эттирилган диний ислоҳотлар эътиборга лойиқ. Шоҳмурод шариат кўрсатмаларини амалда қўллаш юзасидан ўзига хос «тафтиш” ўтказган. Унинг бевосита иштирокида Бухоро фақиҳлари томонидан чиқарилган қатор фатволар сараланиб, кодификация қилинган. Бу Фатволар тўплами ( Фатавайи ахли Бухоро ) тугалланмай қолиб кетди, шунинг баробарида бошланган диний ислохотлар ҳам, ўз навбатида, баъзи тариқат (Яссавийя, Ишқийя, Қаландария ) вакилларининг ҳамда исломнинг маҳаллий формаларини халққа сингиб боришида катта рол ўйнаган диний уламоларнинг қаршилигига учради. Айни пайтда ушбу ҳукмдорлар даврида вақфга берилган қатор ўқув муассасалари (энг аввало мадрасалар) қайта тикланди. Амир Шоҳмуроднинг ўғли ва вориси Амир Ҳ айдар, хусусан, исломнинг маҳаллий кўринишларига (айниқса, тариқат русумларига) б ўлган муносабатда отаси тутган йўлдан бир оз чекинди. Унинг ўзи мадрасада айрим диний фанлардан дарс берган. Лекин унинг “тахтдаги дарвеш” ёки “ҳақиқий мусулмон ҳукмдор” бўлишлик даъвоси айрим замондошлари томонидан салбий баҳоланади. Уни, кўпинча, қонуний рафиқаларини ой сайин алмаштириб туришга ва “ҳарам овунчоқлари”га ортиқча майл қўйишда айблайдилар. Мазкур икки хукмдор уз олдига куйган максад шу эдики, улар туркий уруглараро зиддиятларни тугатиш йулида исломнинг ижтимоий бирлаштириш хусусиятидан фойдаланмокчи булдилар. Айнан шу хусусият сиёсий ва иктисодий жихатдан хонликлардаги таркок туркий уругларни ягона сиёсий тизимга буйсундиришда кул келган. Бу борада Қўқон ва Хива хонликларида аҳвол бирмунча серғалва эди, чунки бу ерларда доимо ички келишмовчиликлар ва туркий қавмларнинг ўзаро қуролли тўқнашувлари (асосан, ҳокимият талашуви) давом этиб турардики, айни шу ҳол мазкур давлатларнинг сиёсий беқарорлиги ҳамда иқтисодий танназзулига олиб келди. Давр муаррихлари ўша пайтдаги диний вазият хусусида, қозилар ўртасида авж олган порахўрлик, халқ орасида, айниқса, юқори табақа вакиллари орасида шариат кўрсатмаларига амал қилмаслик ҳоллари ҳақида куйиниб ёзадилар, уларнинг таъбири билан айтганда, бу вақтга келиб «шариат чашмалари қуриб битди”. Балки шароит тақозосига кўра бўлса керак, ўша давр уламолари томонидан диний мавзуга, хусусан, фиқҳ соҳасига оид анъанавий асарлар яратилган. Хонликдаги купгина мадрасаларда ўқиш жараёни талабга жавоб бермас эди ва бу, асосан, фуруъ масалалар билан боғлик эди. Бу, айниқса, булғор (Волга атрофидаги элатлар) ва маҳаллий уламолар баҳсларида яққол кўзга ташланади. Улардан биринчиси бирмунча тараққий этган Россия Империяси қарамоғида бўлиб, табиийки, кўпроқ ҳаётий тажрибага эга эди ва шунинг учун ҳам ислом жамиятлари учун умумий стагнациянинг салбий оқибатларини ҳис қила олар, шунга кўра Бухоронинг ҳозирги аҳволига танқидий баҳо берар эди. Зеро, кенг оламдан ажралиб қолиш маҳаллий хонликлар учун чиндан ҳам тараққиёт йўлини беркитган эди. Бундан ташқари, мазкур даврдан сақланиб қолган вақф ҳужжатларига асосланадиган бўлсак, кўриш мумкинки, ўқув даргоҳларида дунёвий билимлар, хусусан, техникага оид фанлар деярли ўқитилмаган. Табиийки, бундай ҳолат, давлатнинг иқтисодий ва техникавий тараққиёти учун ҳеч қандай наф бера олмасди, ва ҳоланки бу пайтга келиб Россия ва Европа давлатларида иқтисодий ўсиш палласи бошланган эди. Айтиш мумкинки, Марказий Осиёдаги айнан шу иқтисодий ва техникавий қолоқлик бу жиҳатдан ўзидан бир неча баробар кучли бўлган Россия империяси олдида мағлуб бўлишга олиб келди. Рус истилоси Қўқон хонлигининг шимолий ҳудудларини (Авлиё ота, Сайрам, Чимкент ва Тошкентни) қўлга киритиш билан бошланди. Кейинги навбатда Қўқон қўлга киритилди (хонлик 1876 йил февралда тугатилди), Бухоро (1868 йилдаги Битим) ва Хива (1873 йилдаги Битим) хонликларининг Россияга сиёсий қарамлиги ўрнатилди. Кавказда диний соҳаларда иш юритишда қаршиликка учраган Россия империяси энди бу ўлкаларда исломга бирмунча “эҳтиёткорлик” билан ёндоша бошлади. Шу туфайли Бухоро ва Хивада диний сиёсатга у қадар аралашилмади. Қ ўқон хонлигида эса аҳвол бошқача тус олди. Чор Россияси бу ерда шариат асосида иш юритувчи суд тизимларини, ўз-ўзини бошқариш органлари ва диний таълимни сақлаб қолиш баробарида бунга параллел равишда “рус-тузем мактаблари” очдики, бунинг негизида халққа аста-секинлик билан “православ маданияти”ни сингдириб бориш ғояси ётар эди. Бошқа томондан рус ҳукмрон табақалари «ислом шиори” остида кўтарилиши мумкин бўлган халқ исёнидан бир оз чўчир эдилар, шу боис улар Тошкент, Самарқанд, Жиззах вилоятлари, Фарғона водийси каби босиб олинган ҳудудларда диний доиранинг маъмурий ва иқтисодий таъсирини синдиришга уринардилар. XIX аср сўнгида даставвал Тошкент, Жиззах ва Самарқандда, кейинроқ 1900 йилда эса Фарғона водийсида Қ ози калон ва Шайх ул-ислом лавозимлари тугатилди, диний муассасаларнинг вақф мулклари юзасидан бир неча марта ўзига хос “тафтиш” ўтказилди. Лекин хонликда норозилик кайфияти уйготмаслик учун бу «тафтиш» кисман бажарилди (1893 йилдан 1916 йилга кадар боскичма-боскич амалга оширилди). Шу маънода Империя қўлига ўтган жойларда савдо-сотиқ ишларида олинидаган анъанавий закот ўрнига империя солиқлари жорий қилинди. Бу ўринда яна бир диққаттортар масала бор: Шарқ тарихини ёритувчи рус публицистлари қайдларида гўё суфийлик тариқатларидан келувчи “хавф” тўғрисида сўз боради, аммо, буни кўпроқ ўйлаб топилган ва бўрттирилган ҳолат деб тушунмоқ лозим. Бундай норозилик кайфияти асосан 1898 йили тариқат пешвоси Дукчи Эшон бошчилигидаги исёндан кейин кузатилади. Ушбу исёндан сўнг генерал-губернатор С.М.Духовский (1898-1901) томонидан “ислом масаласи” (ёхуд «Туркистонда муҳаммадийликнинг рус ҳукмронлигига таҳдиди”) қайта кўриб чиқилди. Натижада янги генерал- губернатор томонидан “Мусулмонлар диний ишларини бошқаришга оид муваққат қоидалар” ишлаб чиқилди, бундан кўзланган асосий мақсад “марказий ҳукуматнинг қаттиқ ва бешафқат қўли билан мусулмонликка қарши мунтазам курашиш” эди. Лекин бу ҳужжат тасдиғини топмади, бунга Рус империясининг Туркистондаги юқори табақадаги вакилларининг исломга эҳтиёткорона ёндошувлари сабаб бўлган бўлса ажаб эмас. Шуни ҳам назарда тутмоқ керакки, Дукчи Эшоннинг «Ислом давлати” барпо этишга чақируви унинг “қора халқ”дан чиққан муридлари учун айни муддао бўлди. Бунга яна маҳаллий рус маъмуриятининг ерли халқ талабларига жавоб бера олмаган тартибсиз сиёсати ҳам туртки бўлди. Қўқон мустақиллигининг бой берилишига маҳаллий халқнинг муносабати турлича бўлди. Бир гуруҳ сиёсий ва диний табақа вакиллари бир- бирига уюшмаган исёнлар ( Офтобачи бошчилигидаги “Етим хон” исёни, 1898 йилги Андижон қўзғолони ва бошқ.) кўтариб турдилар. Бу қўзғолонлар ислом давлати қуриш йўлида ғазавот сифатида олиб борилди,аммо ҳамма вақт муваффақиятсизликка учради. Ерли зиёлилар гуруҳи рус мустамлакаси хусусида турли фикрда эдилар. Уламоларнинг рус истилоси ва мустамлакасига қарашларидаги тадрижий ўзгаришни ҳатто айни бир уламо тимсолида кузатиш мумкин. Масалан, тошкентлик уламо Муҳаммад Юнус Хожаи Тойибнинг руслар билан мусулмонлар мулоқотига доир қарашларида муайян бир тадрижий ўзгаришни кўришимиз мумкин. Унинг “Хадиқат ал-анвор” асаридаги таърифларга кўра айтиш мумкинки, мазкур уламо учун Муҳаммад Умар хон (1809-1822), ундан кейин Муҳаммад Али хон ва Шер Алихон (1842-1844) ҳукмронлик қилган даврлар сиёсий идеал саналган; ушбу ҳукмдорлардан сўнг, муаллиф фикрича, “шариат чашмалари қуриб битди”. Тоиб Авлиё ота, Туркистон, Чимкент ва Тошкент мудофааларида қатнашган. Қ ўқон хонлиги буткул Чор Империяси қўлига ўтгач(1865-1868), у ватанини тарк этиб Кошғарга кўчиб ўтади, бу ерда Ёқуббек бошчилигида хитойликларга қарши кўтарилган исёнда қатнашади. Ёқуббекнинг вафотидан сўнг − 1877 йилда - Ҳиндистонга йўл олади, у ерда мусулмон ва мусулмон бўлмаган ерли халқнинг инглизларга қарши исёнларига гувоҳ бўлади. 1880 йил бошида Тоиб она ватани - Қ ўқонга қайтади, 1886 йилдаги сайловларда эса шаҳар қозиси лавозимига сайланади. Ватанидан йироқда юрган пайтларида кўрган-кечрганлари, айниқса, мусулмон ва ғайридинларнинг ўзаро тинч ва нотинч муносабатлари Тоиб қарашларига ўз таъсирини ўтказмай қолмади - у ҳам бошқа мусулмон зиёлилари каби руслар билан мулоқотларда юзага келадиган муаммолар ечимини ахтара бошлади. Бинбарин, бу пайтга келиб Тоибнинг қарашлари ўзгара бошлаганди. Унинг “Туҳфаи Тоиб” асари (1905 йилдан олдин ёзилган) муаллиф қарашларидаги ўзига хос эволюция жараёни маҳсулидир. Унга кўра, энди Тоиб руслар билан муроса йўлини ёқлайди. Айтадики, мана, руслар мусулмонларга диний билим олишни тақиқламадилар, шариатни асраб қолишга изн бердилар; шунинг ўзиёқ Туркистонни “Дор ал-ислом» деб аташимизга имкон беради. Шундай шароитда жиҳод ҳақида ўйлаш ноўриндир; чунончи, жамоат ўзидан кучли душманга рўбарў бўлса, унга қарши туриш суннага мувофиқ келмайди. Мисол тариқасида у Чингизхон юриши ва чингизийлар ҳукмронлигини келтиради, зеро, бу курашда жуда кўп мусулмонлар қирилиб кетганлар, ваҳоланки, улар таслим бўлиб жонларини сақлаб қолишлари мумкин эди. Тоиб ўша даврни руслар истилоси билан таққослайди: модомики, “шариатни сақлаб қолиш ва тараққий эттириш имконияти мавжуд экан”, нега жиҳод керак, яхшиси улар билан келишув - сулҳ йўлини тутган маъқул эмасми? Рус истилочилари билан баҳамжиҳат яшашга ундар экан, Тоиб, ўз навбатида, мусулмонларни ўз динларига янада ҳушёр боқишга, “имонни йўқотмасликка” чақиради. Шу йўсинда, Тоиб назарда тутган келишувчанлик ўз динини сақлаган ҳолда «ғайридинлар” билан муайян чегарада туришдан иборат. Унинг фикрлари русларнинг ҳарбий ва сиёсий салоҳиятини назарда тутиб, улар билан вақтинча келишишни ёқлаган маҳаллий зиёлилардан Абдулазим Сомий қарашлари билан ҳамоҳангдир. Шунингдек, у 1905 йилдаги рус революцияси “кучсизланиб қолган душман” устига жиҳод қилиш учун энг қулай имкониятдир, дейди. Рус истилочилари билан муносабатнинг нозик томонларини тилга олган уламолардан яна бири Исҳоқхон тўра Жунайдуллоҳ Хўжа Ибратдир. У 1862 йилда Фарғона водийсида таваллуд топган, шу ерда 1908 йилдан қозилик қилган. Ибрат кўп марталаб саёҳатга чиққан, Яқин Шарқ мамлакатлари, Қора денгизнинг шимолий қирғоқларидаги Европа мамлакатлари, Хитой, Ҳ индистон, Россияда бўлган. Унинг “Мезон аз-замон” асарида Дар ул-ҳарб ёхуд жиҳод масалаларига эътибор берилмайди. Бунинг ўрнига мусулмонлар учун янада муҳимроқ саналган бошқа масала - мусулмонларнинг техника ва илм соҳасида нечоғли ортда қолаётганликлари муаллифни ташвишлантирадики, буни унинг руслар ҳамда европаликлар билан кўп ва яқин мулоқотда бўлганлигининг самараси деб баҳолаш мумкин. Ў з анъаналарига содиқ қолган Ибрат бу қолоқликни шундай изоҳлайди: мусулмонлар европаликлардан фарқли ўлароқ, ўз муқаддас китобларида кўрсатилгандек, илм олишга интилмадилар, диний билимлар эса ривожланмай, қуруқ сафсатага,мутаассибликка айланиб қолди. Христианлар томонидан ишлаб чиқарилган буюмлар ва техника янгиликларини Ибрат қабул қилиш ўринли бўлган «бидъати хасана” деб атади.  Бундан ташқари, у руслар билан янада очиқроқ, бағрикенглик билан мулоқотга чорлайди, буни ер юзидаги барча инсонлар “Одам Ато ва Момо ҳаводан” тарқаганлиги ҳақида сўз юритилган Қуръон оятлари ва ҳадислар билан асослайди. Шундан бошқа ҳар қайси йўлни уммат учун хавфли санайди. Ибрат русларга қатъий баҳо беришдан четланади, ўз замондоши Мирза Олим ибн Мирза Рахим Тошкандийдан фарқли равишда, у русларни куфрда айлаб бўлмайди, чунки Иусус (Исо) Қ уръони каримда пайғамбар сифатида тан олинган, дейди. Русларга нисбатан ана шундай фикрда бўлишига қарамай, Ибрат руслар билан яқин алоқалар илмқфан ва саноат тараққиётини Ғарб даражасига етказиш воситасидир, деб билади. Мусулмонларнинг сиёсий мавқеи хусусида гап кетганда, Ибрат қарашлари бирмунча қизиқ. Масалан, унинг фикрича, «бу дунёдаги барча инсонлар бир ота ва бир онадан бино бўлганлар, шу боис улар бари одил султон паноҳида яшашлари керак.” Бу дегани, Ибрат фикрича, «ҳамма учун умумий ” ҳукмдор бўлиши керак, яъни у - ақл, фуқаро - тана бўлади. “Ақл” - “подшоҳ” демакдир. Хулоса шуки, тананинг ҳеч бир аъзоси ўз ҳолича мавжуд бўла олмайди, бу билан у бошқарув тизими (подшоҳ) жамият мавжудлигининг шартидир, демоқчи бўлади, мусулмон ва ғайридинларнинг “бир ҳукмдор қўл остида яшаши” мумкин деб ҳисоблайди, ҳукмдорнинг ким бўлиши, қай динда бўлиши хусусида ҳеч бир фикр айтмайди. Маҳаллий зиёлиларнинг учинчи гуруҳи (асосан, жадидлар) амалда Россия империясига тобе бўлса-да, сиёсий жиҳатдан мустақил деб тан олинган Бухоро амирлигидан чи ққан . Улар фикрича, хонлик «Дор ас-салом” ва “Дор ал-аҳд” (яъни тинчлик ва бирлик ери) бўлиб қолади . Бу гуруҳнинг энг кўзга кўринган вакили - Бухоро модернистлари лидери Абдурауф Фитрат(1886-1938)дир. Умуман, Фитрат шахси зиддиятга тўла, буни унинг қарашлари модернистик қарашлар билан атеистик қарашлар ўртасида тебраниб турганидан билиш мумкин. Фитратнинг «Раҳбари нажот” асари унинг русларга муносабатини кўрсатувчи қизиқарли манбадир. Асарнинг асосий ғояси - мусулмонларни нафақат келажак учун, балки ҳозирги кун учун ҳам ҳаракат қилишга, ўз турмушининг ва жамиятнинг фаровонлиги учун ўз ижодий ва ақлий салоҳиятини юксалтиришга ўзига хос чақириқдан иборат. Ў з фикрларини муаллиф ўқувчилар даражасидан келиб чиққан ҳолда диний жиҳатдан асослаб беради. Унинг мустамлакачиликка ва руслар билан муносабатга доир қарашлари жуда қизиқ. Биринчидан, у мустамлакачиликка ва ўлканинг Чор империясига сиёсий қарамлигига табиий ҳолат деб қарайди, бунга сабабни цивилизациялардаги нотенгликда кўради. Мустамлакачилик, Фитратга кўра, кучлининг ожизни бўйсундиришига асосланган. Замонавий давлатларнинг кучи эса уларнинг техника, илм-фан, савдо-сотиқ, алоқа воситалари ва ҳоказоларнинг юксак тараққий этгани билан боғлиқ. Шу боисдан, Фитрат мусулмонлар бирор натижага эришмоқчи бўлсалар, ғарб ва рус технологияси, савдо ишлари, ишлаб чиқариш усуллари ва бошқалардан ўрнак олишлари керак, дейди. Унинг ўзи кўпроқ Европа цивилизациясига мойил эди, рус маданиятини айни цивилизация самараси ўлароқ кўрарди. Илғор рус ёки ғарб дунёсига яқинлашиш шартлари сифатида қуйидагиларни санайди: энг аввало мусулмонлар (мазҳабларидан қатъий назар) ўзаро ва ғайридинлар билан баҳамжиҳат яшашга эришиши керак бўлади. Шунинг баробарида Фитрат мусулмонларнинг илм ўрганиши йулидаги диний чеклашлардан воз кечишга даъват қилади . Илм дейилганда фақатгина диний илмлар билан чегараланиб қолмай, балки минералогия, ҳандаса ва бошқа шунга ўхшаш дунёвий билимларни ҳам назарда тутмоқ керак. Шу маънода Фитратнинг европача усулдаги маърифатпарварликни тарғиб этувчи ғоялари таҳсинга лойиқ. Айни пайтда у Европадан ва руслардан ўрганишни тарғиб қилар экан, уларнинг динини ўзлаштиришни назарда тутмайди, айтадики, христианлар билан илмий ва техникавий муносабатларда динни аралаштириш керак эмас, бинобарин, мусулмонлар ҳам бу катта оламнинг бир бўлагидир. Мусулмонлар келишув йўлини тутмай, шу хилда кетаверсалар, бу уларнинг янада қолоқлашувига ва зиддиятларга олиб келади, холос. Шуниси аҳамиятлики, Фитратнинг цивилизациялар аралашувига доир қарашлари жаҳоннинг турли мамлакатлари билан савдо-сотиқ ишларини олиб борувчи маҳаллий савдогарлар, ишлаб чиқарувчилар томонидан қўллаб-қувватланган. Юқорида номлари тилга олинган зиёлилар қарашларида бир умумий хусусият бор: бир овоздан мустамлакачиларга мутлақ ғараз сақловчи диний уламоларни қоралайдилар, уларни замонга мослаша билмасликда айблайдилар ҳамда мавжуд шарт-шароитни динни сақлаб қолиш, унинг фарз ва суннатларини бажариш учун етарли имкониятдир, деб биладилар. Бу даврда танқид қилинаётган суфий шайхлар ва диний уламолар қарашлари ҳам манбаларда акс эттирилган, лекин булар бирмунча танқидий руҳда. Улар учун Рус Туркистони ерлари «Дор ул-ҳарб” (яъни ғайридинлар билан кураш) еридир, русларнинг бу ҳудудда мусулмон фуқароларнинг диний ҳаётига эрк беришлари жиҳодни бекор қилишга ёҳуд бу масалани очиқ қолдиришга асос бўла олмайди. Бундаги уламолар, «ғайридинлар” келтирган ёхуд ишлаб чиқарган буюмлардан фойдаланишни ман этганлар, ишлатиш мажбурияти туғилганда ҳам ниҳоятда эҳтиёткорлик билан, динимизга мос келиш-келмаслигини аввал билиб кейин фойдаланишни тавсия этганлар. Улар руслар билан бўладиган ҳар қандай муносабатни истисно қилганлар, фақат ноилож қолгандагина алоқа қилиш мумкин, деганлар. Бу борада Рус империяси томонидан Қ ўқон хонлигининг истило қилиниши оқибатларига маҳаллий уламолардан Мирза Алим ибн Мирза Рахим Тошкандийнинг берган баҳоси ҳам диққатга лойиқдир. У, масалан, руслар босиб олганларидан сўнг хонликда ҳаёт сезиларли даражада тинчиб қолганини тан олади, бироқ русларнинг шаҳардаги мусулмонлар ҳаётига аралашувини ўта салбий баҳолайди. Чунончи, Мирза Алим янги ҳукумат билан ҳамкорлик қилаётган - бошқарув тизимида ва қозилик лавозимида ишлаётган (муаллиф фикрича, пора эвазига) - маҳаллий бойлар ва зиёлилар гуруҳини қоралайди. Қ ўқон ва бошқа шаҳарларда номусулмон жамоаларнинг пайдо бўлиши хусусида Мирза Алим шундай ёзади: “Руслар ва нўғойлар шаҳарларда «лабка” ном қўйиб дўконлар очдилар. Бухоро ва Самарқанддан ҳинду ва жуҳудлар келиб, уйлар сотиб олдилар, қурилишлар қилдилар ва қурилган лабкаларда савдо-сотиқ бошладилар. Улар яхши отларни миниб юрар, мусулмонларни ҳақоратлар, уларни кўрарга кўзлари йўқ эди. Қ исқа қилиб айтганда, чет вилоятлардан кўпгина ёт элатлар келдилар.Мусулмонлар, ғайридинлар, чет элликлар, хитойлар, қалмиқлар - ҳаммаси аралашиб кетди. Мусулмонларга айниқса қийин бўлди, жуҳудлар ва ҳиндулар тил бириктириб мусулмонларни сиқар, улар чора тополмай, чидашга мажбур бўлардилар. ” Мирза Алим наздида русларнинг келиши ерли аҳоли учун қуйидаги ноқулайликларни туғдирди: анъанавий диний ва миллий вазиятнинг бузилиши; хонликда анъанавий иш тизимининг тубдан ўзгариши; русларнинг қатъий назорати остида маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари ва шариат қозиларининг ишга тушиши; савдо-сотиқ ишларида “ғайридинлар” учун бирмунча имтиёзлар берилиши; норози кайфиятдагиларни Империя ичкарисига сургун қилиш; рус меъморчилиги услубида янги-янги иморатлар қурилиши билан шаҳар қиёфасининг ўзгариб бориши; шариат кўрсатмаларига таянмай туриб “ ғайридинлар ” келтирган теҳникани ўзлаштириш ва жиҳозлардан фойдаланиш; руслар билан яқин алоқа туфайли эски урф-одатларнинг ўзгариб бориши ва ҳоказо. Бу ўзгаришларнинг каттагина қисми биз тилга олаётган муаллифлар томонидан ижобий баҳолангани кўзга ташланади. Лекин қўлёзмаларда мухолифларнинг фикрлари келтирилмайди. Аммо XIX аср охири ва XX аср бошларида чиқарилган газета ва журналлар (масалан, «Ал-ислоҳ”) бундан истисно. Шу тарзда айтиш мумкинки, Қўқон хонлигининг истило этилиши (1876 йил, февраль) маҳаллий уламолар томонидан турлича қабул қилинди. Айтайлик, андижонлик Маҳмуд Алибой сингари айрим уламолар “ғайридин”лар билан имкон қадар эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш керак, чунки уларнинг қўли баланд, шу боис «бирор чора кўришнинг иложи йўқ”, сўнгги чора эса - чидашдир, деганлар. Бошқа гуруҳ уламолар эса тарихдан шунга ўхшаш мисоллар келтириб, ислом уммати баъзан бундан-да оғир шароитларга тушганини айтадилар (Тоиб), шу туфайли тинчликни сақлаш учун руслар ҳозирча яратиб берган имкониятлардан (масалан, диний таълимга, ислом ҳуқуқига йўл берилганидан) фойдаланиб қолиш кераклигини лозим топадилар. Учинчи туркум (айниқса, жадидлар) учун қандай бўлмасин руслар билан яқинлашиш йўлини топиш муҳим эди. Чунончи, улар наздида, техника ва иқтисод жиҳатдан устун цивилизация билан боғланиш учун “табиий” (гарчи куч ишлатилган бўлса ҳам) имконият туғилган экан, бу тарихий имкониятдан ўз тараққиётимиз учун фойдаланишга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Эски тузумни ёқловчи маълум бир сиёсий гуруҳ ва омма вакиллари янги иқтисодий ва сиёсий тузумга мослаша олмаганликлари боис ўзларини янги вазиятга кўниктира олмадилар, улар мустамлакачиларга қурол билан қарши чиқдилар. Бироқ бундай ҳаракатлар - гарчи ғазавот деб эълон қилинган бўлса-да - кўп тарафдорлар топа олмади, шу сабабдан ҳам бирор натижа бермади. Оддий диндорларнинг бу каби тарқоқ ва уюшмаган исёнларига кўпроқ қишлоқ хўжалигида иш юритишнинг ўзгарганига, кириб келаётган капитализм шароитида оддий ҳол саналган майда ва ўрта ҳунарманд гуруҳларнинг синишига қарши норозилик деб қараш тўғри бўлади. Бунга ёрқин мисол сифатида 1898 йилда Андижонда кўтарилган Дукчи Эшон қўзғолонини келтириш мумкин. Бироқ бу қўзғолон унинг талайгина замондошлари ва биз юқорида келтирган муаллифлар томонидан кескин танқидга учради. Агар маҳаллий зиёлилардан чиққан муаллифлар (Тоиб, Ибрат, Фитрат ва бошқ.) фикрига таянадиган бўлсак, улурнинг муҳолифлари фикрини ақлсизлик ёхуд мутаассиблик деб ҳам баҳолаш мумкин. Бироқ, бу масалага, чамаси, кенгроқ, бошқача қилиб айтганда, “ичкари”дан туриб қараш керак бўлади. “ Ғайри динлар”га яширин нафрат ортида сиёсий мустақилликни йўқотишни истамаслик, маданиятлар аралашувини рўйи-рост хушламаслик ҳолатлари кўзга ташланади; мустақиллик бой берилган экан, ҳеч бўлмаганда диний, этник, этик, маданий ва, хатто, маълум даражада, маиший ҳаётдаги эркинликни ҳимоя қилиш зарур бўлади. Ўзига хосликка интилиш ва ўзини «маданиятлар ассимиляцияси”дан асраб қолишга уринишнинг бундай шакллари мусулмонлар жамиятидаги маълум гуруҳ диний элитанинг ва оддий диндорларнинг тафаккурини белгиловчи омиллардан биридир, дейиш мумкин. Маҳаллий мусулмон зиёлилар орасидан чиққан модернистлар бунга ўхшаш муаммоларни кенг ва эркин муҳакама қилган. Илмий адабиётларда улар «жадидлар” деб номланадилар. Бу ном уларнинг янги ўқув усулларини фаол тарғиб қилиш билан боғлиқдир. Улар тавсия этган усули жадидийяга кўра, ўқитувчи болаларга дарс материалларини овоз билан тушунтириб беради ва, энг муҳими, ўқувчилар ҳам эшитганларини овоз чиқариб такрорлайдилар. Шунинг учун бу усул «усули савтийя» деб аталган. Маълумки, бу янги усулни рад этувчилар фикрига кўра, арабча жумлаларни (энг аввало, Қ уръони карим ва ҳадислардан олинган калималар назарда тутилади) нотўғри талаффуз қилишга йўл қўйиш мумкин эмас, шунинг учун уларни аввал ичда ёд олиш керак. Бу усул самарасиз бўлса-да, ўз тарафдорларига эга эди - уларни «қадимчилар” деб аташган. Жадидлар тўғри айтганларидек, фақат илм ўрганиш орқали ижтимоий тараққиётга эришиш мумкин эди. Юқорида келтирилган таниқли зиёлилар сирасига яна М.Беҳбудий (1875-1919), Абдулвоҳид Бурҳонов (1875-1937), А. Қ одирий (1894-1938), Ф.Хўжаев (1896-1937) ва кўплаб алломаларни киритиш мумкин.  Жадидлар ҳаракатининг кучайиши, асосан, XX аср бошларига тўғри келади, бироқ уларнинг вужудга келиши ва шаклланишига айнан XIX аср ўрталаридаги ижтимоий ҳолат туртки бўлган. Чунончи, ўша давр маҳаллий давлатлар ва халқларнинг жаҳон цивилизациясидан қанчалик ортда қолганини кўрсатиб турар эди. Шу боис ҳам жадидлар энди аста-секинлик билан техника соҳасидаги, ижтимоий ҳаётдаги тараққиёт омилларини динга чоғиштира бошладилар. Айрим жадидлар (А.Фитрат ва Ф.Хўжаев бошчилигида) халқни қолоқликдан чиқариш учун фақат таълим тизимини ислоҳ қилишнинг ўзи етарли эмас, деб санадилар. Улар неча асрлардан бери ҳудудда амал қилиб келаётган ислом дини ва сунна таркибига замонлар ўтиши билан “зарарли” ва “консерватив” қарашлар ҳам кириб қолган, бу ҳолат мусулмон жамоаларининг тараққиёт жиҳатдан ғарбдан ортда қолиб кетишига олиб келган, деб қарайдилар. Бу ҳаракат жадидчиликда «ислоҳ” номи билан аталган. Жадидларнинг А.Бурҳонов бошчилигидаги бошқа бир гуруҳи (Ибрат ҳам шу гуруҳда), жамиятини ислоҳ қилишда сунна имкониятлари чексиз, фақат уни яхшилаб ўрганиш ва шу асосда ислом кўрсатмаларидан четга чиқмаган ҳолда кўпроқ ривожланган жамиятлардан мақбул янгиликларни - бидъати хасанани қабул қилиш орқали ислоҳотларга тутиниш мумкин, деб ҳисоблаган эдилар. Марказий Осиёда жадидлар ҳаракатининг юзага келиши, айтиш мумкинки, цивилизациялар тўқнашувининг ўзига хос табиий ҳосиласи эди, шу сабабдан унга XIX асрда Усмонли империясидан тортиб Ҳиндистонгача бўлган жуда катта ҳудудда мусулмон жамоалари доирасида давом этган ислоҳотчилик ҳаракатининг бир бўлаги деб қараш тўғри бўлади. Мусулмон ислоҳотчилар айнан таълим тизимидаги заифлик, техника ва иқтисод соҳаларидаги қолоқлик мусулмон ўлкаларни ривожланган давлатларнинг мустамлакачилик сиёсати қурбонига айлантирди, деб ҳисоблаганлар. Умуман, айтиш мумкинки, Марказий (ўрта) Осиёда мустамлакачилик сиёсати, ўзининг барча салбий ва ижобий асоратлари билан бўлса-да, маҳаллий халқ учун янги ғоялар, анъаналар, диний қарашлар майдони бўлди. Е вропа олами билан заиф алоқалар колонизациядан кейин ижобий томонга силжиди. Россия империяси билан яқин мулоқотлар маиший ва ҳуқуқий ҳаётга янгиликлар олиб кирди. Табиийки, бу ҳолат халқда турлича (кўпинча салбий) кайфият уйғотди, бинобарин, ҳар бир янгиликни жорий қилишдан олдин унга шариат нуқтаи назаридан баҳо бериш, мос келса, “бидъати хасана” сифатида қабул қилиш, баъзан инкор қилиш ёхуд изоҳ бериш ҳолларига дуч келинди. Шу боис бу давр хусусида сўз юритганда, янгиликлар (ҳатто илғор бўлса ҳам) халқ томонидан дарҳол ижобий кутиб олинган деб баҳолаш қийин, зеро, одатдаги, сингиган анъаналардан воз кечиб янгисини қабул қилиш ҳар ҳолда анчагина мушкуллик туғдиради. Адабиётлар : 1. Д.А.Авдусин.Основы археологии. М. 1989. 2. А.А.Асқаров. Сапалитепа. Ташкент, 1973. 3. Атеистический словарь. А.И.Абдусамадов, Р.М.Алейник, Б.М.Алиева ва бошқ. М.П.Новикова умумий таҳр. Остида – М.:Политиздат, 1984. 4. Л.С.Васильев.История религии Востока. М. 1983. 5. В.Н.Даниленко. Космогония первобытного общества. М. 1999. 6. А.П.Окладников.Утро человечества. Л. 1967. 7. Е.В.Переводчикова.Язык зверинных образов. М, 1994. 8. Средняя Азия в эпоху камня и бронзы. М-Л. 1966.