logo

Мактабгача таълим муассасаларига жисмоний тарбия машғулотларини режалаштириш ва ташкил этиш методикаси (5-амалий машғулот)

Загружено в:

20.09.2019

Скачано:

0

Размер:

17.521484375 KB
Мактабгача таълим муассасаларига жисмоний тарбия машғулотларини режалаштириш ва ташкил этиш методикаси (5-амалий машғулот) Жисмоний тарбия машғулотлари болаларни жисмоний машқларга мунтазам ўргатишнинг асосий шаклидир. Машғулотларнинг аҳамияти ҳаракатлар маданиятининг комплекс шаклланиши, соғломлаштириш, таълимий ва тарбиявий вазифаларни мунтазам амалга оширишдан иборатдир. Бу вазифаларнинг бажарилиши болаларнинг жисмоний камолоти, организмнинг функционал такомиллашуви, улар соғлиғининг мустаҳкамланиши, тўғри ҳаракат кўникмаларининг эгалланишини, жисмоний сифатлар ҳамда жисмоний тарбия ва спортга нисбатан қизиқишни уйғотиб, шахсни ҳар томонлама ривожлантирилишини таъминлайди. Машғулотларда соғломлаштириш вазифаларини амалга оширишга болаларнинг ҳар томонлама ҳаракат фаолияти йўли билан эришилади. Улар организмдаги барча функционал жараённи, унинг оптимал гигиеник ва чиниқтирувчи шароитларда ҳаётий фаолиятни кучайтиришга ёрдам беради. Таълим-тарбиявий вазифалар машғулотлар жараёнида боланинг маънавий-ахлоқий сифатларини шакллантириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид баъзи элементлар билимлар ва терминларни маълум қилиш, тўғри ҳаракат кўникмалари ҳамда жисмоний сифатларни тарбиялаш йўли билан ҳал этилади. Машғулотлар хушчақчақ, интизомли, атроф-муҳитда яхши ҳаракат қила оладиган, белгиланган вазифага мувофиқ тез ва ишонч билан, мақсадга йўналган ҳолда фаолият кўрсата оладиган, шунингдек, ахлоқий сифатлар ва ижодийлик намоён эта оладаган кишиларни тарбиялашга хизмат қилади. Жисмоний машғулотлар кузда, қишда ва баҳорда бинода ҳамда очиқ ҳавода ўтказилади. Ёз пайтида барча машғулотлар (ёмғирли кунлардан ташқари) очиқ ҳавода, жисмоний тарбия майдончасида ўтказилади. Бинода ва очиқ ҳаводаги машқлар ўзаро алоқададир: улар барча соғломлаштириш ва таълим-тарбиявий вазифаларнинг комплекс тарзда ҳал этилишини таъминлайдилар. Машғулотларни ўтказиш шароити уларнинг баъзи ўзига хос хусусиятини белгилайди. Бинода соғломлаштириш-гигиеник шартларга риоя қилган ҳолда ўтказиладиган (деразалар очиқ ҳолда, енгил кийим ва пойабзалда) машғулотлар ҳаракатларнинг тўғри, гўзал ва аниқ бўлишини таъминлайди, умумий ҳаракат маданиятини тарбиялайди. Улар турли буюмлар билан ва мусиқа жўрлигида ўтказилиши мумкин. Машғулотлар структураси жисмоний машқларнинг болалар томонидан изчил бажарилишидан иборатдир. У қўйилган вазифалар, нерв тизимнинг иш қобилияти ва бола организмининг ҳар бир алоҳида ёш босқичдаги хусусиятлари билан белгиланадн. Машғулот пайтида бола организмининг динамикаси ва унинг психологиясини назорат қилиш тарбиячининг асосий вазифаларидан биридир. Таълим ва тарбия жараёнининг самарадорлиги шунга боғлиқ. Ҳаракат фаолияти жараёнида юрак қисқариши частотаси кўрсаткичларини ўрганиш машғулот бошланишида унинг аста-секин оша бориши, сўнг кучая бориб, машғулотларнинг асосий қисмида юқори даражага етишини ва машғулот сўнгида аста-секин пасайишини кўрсатди. Бундай изчиллик бир томондан, қон айланиш тизимининг фаолияти ва организм иш қобилияти билан; иккинчи томондан диққат эътиборни қаратиш, реакция тезлиги каби психик жараёнларнинг кечиши ва шу билан боғлиқ равишда ҳаракатларнинг жуда аниқлиги билан белгиланади. Жисмоний тарбия машғулотлари ўзаро боғлиқ уч қисмдан: кириш ёки ташкилий, асосий ва якунловчи қисмдан иборат. Таълимий, тарбиявий ва соғломлаштириш вазифалари машғулотнинг ҳар бир қисми учун баравар муҳим аҳамиятга эга. Мазкур вазифаларни бажариш болаларга ҳар томонлама таъсир этишни таъминлайди. Машғулотнинг кириш қисми вазифалари ва мазмуни. Жисмоний тарбия машғулотининг биринчи қисми қўйилган вазифалар ва унинг асосий қисмидаги машқлар мазмунига кўра турлича бўлиши мумкин. Машғулотнинг бу қисмидаги вазифаси болаларда унга нисбатан қизиқиш ва эмоционал кайфият пайдо қилишдан, диққатнинг тайёргарлик даражасини текширишдан, айрим ҳаракат кўникмаларини аниқлаштиришдан, бола организмини аста-секин машғулотнинг асосий қисмида кечадиган бир мунча интенсив фаолиятга тайёрлашдан иборатдир. Шу мақсадда болаларга тўғри қад-қоматни тарбиялашга, ясси товонликнинг олдини олишга ёрдам берадиган, фазода мўлжал олиш билан боғлиқ, бажарилиши кўп вақтни талаб қилмайдиган машқлар ва уларнинг вариантларини бажариш таклиф этилади. Бундай машқларга қуйидагилар киради: сафланиш машқлари - турлича сафланишлар ва қайта сафланишлар; турли топшириқлар билан бажариладиган (йўналиши кўрсатилган бурилишлар, бошловчиларни алмаштириш ва бошқалар) юриш ва югуриш; тарқалиб енгил югуриш ҳамда кейинчалик катта ва кичик давра, колонна ва ҳоказо бўлиб сафланиш; турли кўринишдаги ва ясситовонликнинг олдини олиш мақсадидаги юришлар - товонда, оёқ учида, полдаги қалин шнур устида, нарвонда юриш ва бошқалар. Кириш қисми болаларнинг колоннага уч-тўрттадан бўлиб, доира бўлиб сафланиши, тарқалиши ва ҳоказолар билан якунланади. Бу болаларни машғулотнинг асосий қисми бошланишидаги умумривожлантирувчи машқларни ўргатишга ўтиш учун хизмат қилади. Бу қисм кичик гуруҳларда 2 дан 4 минутгача, ўрта гуруҳларда 3 дан 5 минутгача, катта гуруҳларда 4 дан 6 минутгача давом этади. Машғулотнинг асосий қисми вазифалари ва мазмуни. Машғулотнинг бу қисмида бир ҳолатда дастлаб болаларни умумривожлантирувчи машқларга, сўнг асосий ҳаракатларга ўргатиш ва жисмоний сифатларни тарбиялаш вазифалари белгиланади; иккинчи бир ҳолатда асосий ҳаракат машқларига ўргатиш белгиланади. Бу машқлар янги ҳаракат материали билан таништиришни, аввалдан таниш машқларни турли вариантлардан фойдаланиб такрорлашни, мустаҳкамланиш босқичидаги ҳаракат кўникмаларини такомиллаштиришни кўзда тутади. Шундан сўнг барча болаларни интенсив ҳаракатга тортадиган қоидали ҳаракатли ўйинлар ўтказилади. Болаларнинг оптимал психик иш қобилиятининг давомсизлигини ҳисобга олиб жуда қийин вазифалар асосий қисмнинг бошида белгиланади (масалан, болаларни янги материал билан таништириш ёки жуда мураккаб координацияли машқларни бажариш). Умумлаштирувчи машқларни болалар кичик буюмлар - байроқчалар, таёқчалар, чамбараклар, ленталар, арқонлар билан бажарадилар. Чунки улар бутун организмнинг функционал ҳолатини яхшилашга таъсир этади. Улар катта мускул гуруҳларини аста-секин иитенсив ишга жалб этиш вазифаларига кўра танланади. Дастлаб тўғри қад-қоматни шакллантириш ва нафас олишни тартибга солиш мақсадида (масалан, қўлларни ён томонларга узатиш ва уларни кўкрак олдида бирлаштириш ва бошқалар) қўл мускуллари ва елка камари мускулларини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш машқлари берилади. Иккинчи навбатда гавда учун, орқа мускулини мустаҳкамлаш ва умуртқа эгилувчанлигини ривожлантирувчи (олдинга, орқага ва ён томонларга эгилиш, ўнгга ва чапга бурилишлар-гавдани айлантириш) машқлар берилади. Қорин ва оёқ (товонларни қўшувчи) мускулларини ривожлантириб ва мустаҳкамловчи (чўққайиш, тиззадан букилган оёқларни кўтариш ва бошқалар) машқлар учинчи навбатда берилади. Бу машқларни бажаришда ва уларни такрорлашда бола организмини аста-секин катта юкламага тайёрлаб бориш кўзда тутилади. Шундан сўнг асосий ҳаракатларни ўргатишга ўтилади. Бунда улардан бири болалар учун янги, бошқалари эса ўрганиш ва такомиллаштириш босқичида бўлади. Мактабга тайёрлов гуруҳларида бир, жисмоний тарбия машғулотида асосий ҳаракатлардан иборат иккитадан учтагача машқни режалаштириш мақсадга мувофиқдир. Улардан бири етакчи бўлиб тарбиячининг асосий эътиборини талаб қилади, қолганлари эса болаларга аввалдан таниш такрорлаш ва такомиллаштириш мақсадидаги машқлардан танланади (масалан, улоқтириш ва эмаклаш иштирокидаги сакрашлар ёки югуриш иштирокидаги улоқтириш ва ҳоказо). Бу ҳаракатларни қўшиб олиб боришда уларнинг интенсивлик даражаси ҳисобга олинади. Юқори даражадаги интенсив машқлар билан паст даражадаги интенсив машқлар ёки турли ўрта интенсив машқлар билан қўшиб олиб бориш жуда мақсадга мувофиқдир. Шундай қилиб, болалар фаолиятининг рангбаранглигига ва ҳаракат даражасининг вариациялашга эришилади, бу бола иш қобилиятининг даражасини таъминлайди. Машғулот якунловчи қисмининг вазифалари ва мазмуни . Машғулотнинг ўйиндан сўнгги якунловчи қисми тобора секинлашадиган интенсив суратдаги юришни ўз ичига олади. У умумий қўзғалувчанликнинг пасайишига ва пульснинг нормаллашишига ёрдам беради; юриш жараёнида болалар бир неча нафас олиш машқларини бажаришлари мумкин. Баъзи ҳолларда юриш барча болалар иштирокидаги кам ҳаракатли ўйин билан алмаштирилиши мумкин. Жисмоний тарбия машғулотлари жараёнида болаларда ҳаракат кўникмаларининг ривожланиши билан бир вақтда тезкорлик, чаққонлик, чидамлилик, эгилувчанлик, куч каби жисмоний сифатлар тарбияланади. Мактабгача таълим муассасаларида анъанавий усулдаги жисмоний тарбия машғулотларини ташкил этиш (турли ёш гуруҳлари учун намунавий машғулот). Адабиётлар рўйхати: 1. Т.С.Усмонхўжаев ва бошқ. “Мактабгача таълим муассасаларида жисмоний тарбия”.Т.: “Илм Зиё”, 2006 2. К.М.Маҳкамжонов ва бошқ. “Мактабгача ёшдаги болаларнинг умумий ва кенгайтирилган жисмоний тарбияси”. Т.: “Илм Зиё”, 2006 3. “Ота-оналарга мактабгача ёшдаги болаларнинг гигиеник тарбияси ҳақида”. Тузувчи: Д.Ж.Шарипова. Илм Зиё наш. Т.2007 4. М.Нуриддинова. Ёзги мавсумга методик тавсия. Тошкент, 2015