logo

Жаҳон иқтисодиётида индикатив режалаштиришнинг эволюцион ривожланиши ва тартибга солиниши ҳамда уларнинг ҳозирги ҳолати

Загружено в:

20.03.2024

Скачано:

0

Размер:

125 KB
Жаҳон иқтисодиётида индикатив режалаштиришнинг эволюцион ривожланиши ва тартибга солиниши ҳамда уларнинг ҳозирги ҳолати Режа: 1. Индикатив режалаштириш шаклларининг эволюцияси. 2. Жаҳонда, шу жумладан Ўзбекистонда прогнозлаштириш ва режалаштиришнинг ҳолати. 3. Ўзбекистон Республикасида индикатив режалаштириш концепцияси. Индикатив режалаштириш шаклларининг эволюцияси Замонавий прогнозлар ва режалар ўтмишдагиларидан биринчи галда асослаш методологияси билан фарқ қилади. Прогнозлар ва режаларни асослаш даражасининг ошиши келажак тимисолини ишлаб чиқишга нисбатан тўпланган ва башарият томонидан фойдаланиладиган илмий ёндашув тажрибасидан далолат беради. Тажрибани ижодий ўзлаштириш эса - фаолиятнинг исталган соҳасида муваффақият гаровидир. Агарда муайян иқтисодиётни оладиган бўлсак, у ҳолда ушбу соҳада прогнозлаштириш ва режалаштириш натижалари иқтисодий муносабатлар қонунлари ва тенденцияларини тўғри тушунишга, муайян хўжалик юритувчи субъект фаолияти шароитларини яхши билиш ва ҳисобга олишга боғлиқ. Ўтган асрлардаёқ башарият томонидан жамиятнинг келажаги ҳақида муайян тасаввурлар шакллантирилган эди. Ҳозирги нуқтаи назардан ушбу қарашлар содда (қалоқ) ҳисобланади, бироқ кучли фалсафий жиҳат уларнинг бугунги кунда ҳам долзарблигини оширади. Бундай қарашлар жумласига Лао- Цза, Конфуций, Платон назарияларини киритиш мумкин. Ўрта асрларда клажак ҳақидаги тасаввурларда ижтимоий-техник хомҳаёллар (утопиялар)нинг кучли таъсири (Р.Бекон, Спиноза ва б.) сезилди. Оламнинг умумий тарққиёти ва олдиндан айтиб берилажаклигини эътироф этишда регресс концепцияси ва цикллар назарияси кенг тарқалди. Таараққиёт инсон онги такомиллашуви ва ташқи омиллар таъсирининг натижаси сифатида тушунилди. Оламни соддалаштирилган тарзда тушуниш, яъни позитивизм авж олди, унда фаннинг олдиндан айтиб бериш функцияси таҳлил ва ташхисдан келиб чиқдиган мантиқий хулоса сифатида амалга оширилди. Жаҳонда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муайян даражасига эришилиши муносабати билан утопизм ва позитивизм эволюциясидаги бурилиш юз берди. Ғарбий Европада бу XIX асрнинг ўрталарида, Россияда XIX асрнинг 80-йилларида, Хитой, Ҳиндистон ва Осиёнинг бошқа мамлакатларида янада кечроқ содир бўлди. Ҳамма вақт жамият ривожини прогнозлаштириш билан бир қаторда хўжалик ҳаёти ҳам прогноз қилинган. Ҳар қандай тарихий даврда хўжалик юритиш объектининг эгаси ўз қарорларининг эҳтимолий оқибатларини кўриб чиқиши лозим эди. Масалан, ҳосил қандай бўлади, уни қандай нархда сотиш ва олинган даромаддан қандай фойдаланиш мумкин. Албатта, давлат бошлиқлари ҳам ўзининг иқтисодий тасаввурларига ва уларга эришиш воситаларига эга эди. Кўзланган ҳукумдорлик қарорларига эриши воситалари жумласига жазолар, солиқлар ва совғаларни киритиш мумкин. Ижтимоий муносабатларнинг ривожланиши билан жазоловчи чоралардан билвосита чораларни қўллашга ўтиш кўзга ташланди. Олдинга қўйилган мақсадларга эришишнинг иқтисодий воситаларини шулар жумласига киритиш мумкин. Турли мамлакатлар бошлиқларининг ўз фуқароларининг даромадларига ―таъсир кўрсатишининг турли чораларини, савдогарлар ҳуқуқларининг тартибга солинишини (маълум турдаги товарларни мамлакатга олиб келиш ва ундан олиб чиқиш учун рухсат), биржалар ва банкларни ташкил этиш ва уларнинг ишлашини назарда тутувчи фармонлари бизга яхши маълум. Лекин XX асрнинг бошидан бошлаб иқтисодий прогнозлаштириш ва режалаштириш имкониятларига нисбатан қизиқиш уйғонди. Агар илгари иқтисодиёт ва маданиятни олдиндан айтиб кўриб бўлмайди деган фикр устунлик қилган бўлса, XX асрнинг бошига келиб инсонлар иқтисодиётда илмий олдиндан кўра олиш биринчи галда давлатнинг жамиятга таъсир этиши учун, шунингдек фирманинг ишларини бошқариш учун ҳам кенг имкониятларни яратишини тушуна бошлашди. Мамлакатимизда содир бўлган воқеалар иқтисодий фикрга катта туртки берди. Ушбу босқични батафсил кўриб чиқамиз. Ўз ривожланиши жараёнида урушдан кейинги даврда индикатив режалаштириш аралаш иқтисодиётни давлат йўли билан тартибга солишнинг турли босқичларига мос келувчи турли шакллар орқали ўтди. ЯИМдаги давлат харажатларининг ошишига қараб бюджетнинг иқтисодий ўсиш суръатларига ва улушига таъсирининг кучайиши билан боғлиқ конъюнктура шакли индикатив режалаштиришнинг тарихан биринчи шакли бўлди. Иқтисодиётларни таркибий қайта қуриш ва уларнинг жадал ривожланиши шароитида бюджетларни солиқ тушумларини баҳолашнинг асосида ётувчи халқ хўжалигини прогнозлаштириш кўрсаткичлари билан мувофиқлаштириш зарурати пайдо бўлди. Бу ҳол ўрта ва узоқ муддатли прогнозларнинг ишлаб чиқилишига олиб келди, масалан, Японияда «Миллий даромадни икки марта оширишнинг ўн йиллик режаси» (1961- 1970), Канадада «Иқтисодий ўсиш йўлларини танлаш» (1976-1985), АҚШда Меҳнат вазирлигининг 1986-1995 йилларга мўлжаланган прогнози шулар жумласидандир. Прогноз фаолиятининг такомиллашуви ва мураккаблашувига қараб у бюджетлашдан ҳам услубий, ҳам ташкилий жиҳатдан ажрала бошлади: агар дастлабки босқичда миллий иқтисодий режалар (прогнозлар) молия вазирликларида тузилган бўлса, 60-йилларнинг бошидан бошлаб махсус режа органлари (Францияда режалаштириш бўйича Бош комиссариат, Канадада Иқтисодий кенгаш, Японияда Иқтисодий маслаҳат кенгаши, Нидерландияда Марказий режа бюроси ва ҳ.к.) тузилди. ЕИда режалаштириш тезда миллий даражадан юқорига чиқди, Иттифоқ органлари минтақа хўжалигини ривожлантиришнинг қисқа ва ўрта муддатли дастурларини тайёрлай бошлашди ва улар асосида миллий иқтисодиётлар учун тавсиялар тайёрланди. 1962 йилда «1960-1970 йилларга мўлжалланган ЕИни иқтисодий ривожлантириш истиқболлари» пайдо бўлди, сўнгра 1971-1975 ва 1976- 1980 йилларга мўлжалланган ўрта муддатли иқтисодий сиёсат дастурлари ишлаб чиқилди. Селектив таркибий сиёсат доирасида солиқ имтиёзлари, имтиёзли кредитлар ва давлат йўли билан қўллаб-қувватлашнинг бошқа чора- тадбирларидан фойдаланган ҳолда хусусий корхоналар ва ҳудудий ҳокимиятларнинг индикатив режаларини бажаришга киришиш мос равишда индикатив режалаштиришнинг таркибий шаклини юзага келтирди. Ундан фойдаланишда Япония катта муваффақиятларга эришди; мамлакат ҳудудини ялпи ривожлантиришнинг дастлабки режаси (1960-1970 йилларга мўлжалланган) 1962 йилда пайдо бўлди. Унда ва 1969 йилда қабул қилинган иккинчи режада (1969-1985 йилларга мўлжалланган) асосий саноат марказларидан узоқда жойлашган ҳудудларда ―ўсиш полюсларини барпо этиш концепциясига асос солинди. Учинчи режанинг асосида ―интеграциялашган жойлаштириш концепцияси ётади, 1987 йилда эса «Халқаро уйғунликка эришиш мақсадида Япония иқтисодиётининг таркибини ислоҳ қилиш дастури» ёки «Маэкава маърузаси» тасдиқланди 11 . Шундай қилиб, аниқ мақсадга йўналтирилган таркибий ўзгаришлар, шу жумладан ишлаб чиқаришни ҳудудий фаоллаштириш чорак аср мобайнида давлат иқтисодий сиёсатининг асосий устувор йўналиши бўлиб қолди. 80-йиллар бошида юз берган молия тизимини эркинлаштиришдан кейин ҳам Япония фаол ва узоқ муддатли таркибий сиёсатни амалга оширишдан воз кечмади. Япония Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1987 йил 30 июнда тасдиқланган ва жорий асрнинг охиригача бўлган даврга мўлжаллнган «Миллий ривожланишнинг тўртинчи режаси»да ҳам аввалги учта режадаги каби ҳаётнинг барча соҳаларида мамлакатни ривожлантиришнинг асосий мақсадлари ифодаланди. Ушбу мақсадлар ичида энг асосийси ―Давлат ҳудудини режали ривожлантиришнинг мавжуд муаммолари ва унинг хавфсизлигини таъминлаш заруратидан келиб чиқиб унинг ўзига хос имкониятларидан фойдаланишнинг кўп қирралигига эришиш, шунингдек мамлакатнинг асосий ҳудудларида аҳоли, иқтисодиёт ва давлатнинг маъмурий функцияларининг ҳаддан ташқари жамланишига барҳам бериш йўли билан алоҳида ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни ва халқаро миқёсда ҳамфикрлиликни чуқурлаштириш йўлида унинг ҳудудини ривожлантиришнинг мультиполярлигига эришишдан иборат. Индикатив режалаштиришнинг таркибий шаклига нисбатан ҳудди шунда эволюция Францияда яққол кўзга ташланди: мутахассисларнинг таъкидлашларича, 70- йилларнинг бошидан бошлаб «индикатив режа жамият фаровонлигини яратувчи давлатнинг режаси ҳамда давлат сиёсатига боғлиқ бўлган иқтисодиётнинг тармоқ ва минтақавий кичик тизимлари даромадлари ва харажатларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш усули сифатида кўриб чиқила бошлади. Бошқа сўз билан айтганда режанинг мажбурий ва прогноз жиҳатлари аниқ бўлинган». Аралаш иқтисодиётнинг ривожланиши ва бозорларнинг глобаллашувига қараб индикатив режалаштириш ўзининг стратегик шаклига эга бўлади. Францияда стратегик режалаштириш ғояси биринчи марта ўнинчи индикатив режада ўз аксини топди (1989-1992): ҳар бири турли хилдаги молиявий префе- ренциялар билан таъминланган мақсадли давлат дастури мақомига эга бўлган ривожланишнинг олтита асосий йўналиши белгиланди (миллий валютани мустаҳкамлаш ва бандликни таъминлаш, таълим, илмий тадқиқотлар, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, ҳудудни ободонлаштириш, давлат хизматларини янгилаш). Стратегик режалаштириш функцияси Америка ҳокимият органлари томонидан ҳам шунга ўхшаш тарзда талқин этилади: «муваффақиятли рақобатга эришиш, ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, тўлиқ ишончга ва штат ва маҳаллий ҳокимиятларнинг молиявий кўмагига асосланган иқтисодий сиёсатнинг самарадорлигига максимал тарзда кўмаклашиш учун янги қарорларни қидириб топиш». Сўнгги йилларда юз берган молиявий ларзалар шуни кўрсатдики, бозорларнинг байналминаллашувига қараб бозор механизмлари ролининг кучайиши кредит-молия тизими инқирозга юз тутишининг хавфини кескин оширади. Бугунги кунда, шу тариқа, нафақат миллий даражада, балки халқаро даражада ҳам хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш зарурати кучаймоқда. Европа унинг иқтисодиётини ягона валюта тизимига мослаштиришдан манфаатдордир, Япония эса сурункали таркибий тангликни бошдан кечирмоқда. Шу муносабат билан айрим ғарб олимлари капиталистик мамлакатлар иқтисодиётларини эркинлаштириш давридан сўнг режалаштиришнинг роли кучайишини башорат қилишмоқда. Шу нуқтаи назарда Ўзбекистон Президенти И. Каримовнинг ―Маъмурий- буйруқбозлик тизимидан бошқарувнинг бозор тизимига ўтиш жараёнида тадрижий ёндашувни, ―Янги уй қурмасдан туриб, эскисини бузманг" деган ҳаётий тамойилга таянган ҳолда, ислоҳотларни изчил ва босқичма-босқич амалга ошириш йўлини танладик. Энг муҳими, парокандалик ва бошбошдоқлик таъсирига тушиб қолмаслик учун ўтиш даврида айнан давлат бош ислоҳотчи сифатида масъулиятни ўз зиммасига олиши зарурлигини биз ўзимизга аниқ белгилаб олдик деб таъкидлаши ушбу йўналишдаги ишларга муҳим замин бўлади. Индикатив режалаштиришнинг бир шаклдан бошқасига ўтиши унинг етуклик даражаси ошишини, барча тегишли тартибга солиш институтлари ўзаро ҳаракатини йўлга қўйиш чораларини назарда тутади. Капиталистик мамлакатларда индикатив режалаштириш шаклларининг эволюцияси («конъюнктура» - «таркибий» - «стратегик») ўн йилни эгаллади. Ўзбекистонда ҳозирча гап фақат конъюнктура шаклининг унсурлари ҳақида бориши мумкин, бу давлатнинг сўнгги йиллардаги ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг умумий либерал йўналтирилганлигига мос келади. Шуниси диққатга сазаворки, «индикатив режалаштириш» атамасидан прогнозлаштириш, бюджетлаш, дастурлаш ва контрактация (шартнома асосида давлат харидлари) ни тартибга солувчи қонун ҳужжатларида фойдаланилмайди. Давлат йўли билан тартибга солишнинг ушбу воситалари, индикатив режалаштириш билан бевосита боғлиқ бўлсада, алоҳида олиб қаралганда ҳам, ўз йиғиндиси бўйича ҳам унга ўхшамайди. Улар индикатив режалаштириш тизимидан ташқарида ҳам фаолият кўрсатиши мумкин, бироқ уларни амалга оширувчи тартиботлар индикатив режани ишлаб чиқиш ва амалга оширишда анча самаралидир. Шундай қилиб, индикатив режалаштиришни «легаллаштириш» ва унинг таркибий шаклининг қарор топиш эволюцияси республикамизда хўжалик механизмини ривожлантиришнинг энг зарур йўналишлари ҳисобланади. Иқтисодий муаммолар ҳал этилиб, Ўзбекистон иқтисодиётини технологик ва институционал модернизациялаш ниҳоясига етгач индикатив режалаштиришнинг янада эркин (стратегик) шаклига ўтиш зарур. Жаҳонда, шу жумладан Ўзбекистонда прогнозлаштириш ва режалаштиришнинг ҳолати Ҳозирги вақтда, биринчидан, корхона даражасида прогнозлаштириш ва кўрсаткичли режалаштиришни қўллаш мумкинлиги ва зарурлиги ҳамда, иккинчидан давлат даражасида прогнозлаштириш, индикатив режалаштириш ва дастурлашни қўллаш мумкинлиги ҳақидаги нуқтаи назар кенг эътироф этилмоқди. Иқтисодиётда прогнозлаштириш ва режалаштириш ғояси умуман олганда оқилона ҳисобланади. Лекин тажриба шуни кўрсатдики, кўрсаткичли режалаштириш фақат фирма даражасида амалга оширилиши керак. Бу фирма ички режасининг айрим ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ, яъни у: 1) муваффақиятга эришиш учун тўлиқ жавобгар ҳисобланган хусусий мулкдорнинг топшириғи сифатида тузилади; 2) қонун билан кафолатланган битимлар бўйича шерикларни танлаш ва улар билан сотувлар нархини келишиш эркинлиги шароитида амалга оширилади; 3) доимий харидорлар талаби орқали текширилиб турилади; 4) масала бўйича мавжуд барча ижтимоий-иқтисодий ахборот қарор қабул қилувчи ва уларнинг оқилоналиги учун тўлиқ жавоб берувчи шахс томонидан тўпланиши ва англаб етилиши мумкин бўлган ҳолларда ишлаб чиқилади. Бироқ ушбу хусусиятлар мамлакат миқёсида деярли намоён бўлмайди. Давлат йўли билан марказлашган тарзда режалаштириш фақат ҳарбий ҳолат ёки бозор қонунлари, хусусан рақобатнинг таъсири нормал амал қилмаган бошқа алоҳида даврда фойдали бўлади. Иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштиришнинг иккита усули мавжуд: мажбурлаш билан боғлиқ марказлашган тарзда раҳбарлик қилиш ва шахсларнинг ихтиёрий ҳамкорлиги. Бозор иқтисодиётига иккинчи учун хосдир. Прогнозда ва режада энг асосийси - бу уларда объектив ҳаётни, шу жумладан унинг турли ҳолатларини акс эттиришнинг аниқлиги. Бироқ иқтисодий муҳит ҳамма вақт кўплаб турли ўзаро таъсир этувчи ва бир бирини истисно этувчи омиллар таъсирига дучор бўлади ва барча ушбу саъй- ҳаракатлар хўжалик юритиш объектини ишнинг ўзгариб турувчи шароитларига узлуксиз равишда мослаштиришга йўналтирилиши лозим. Лекин, агар прогноз учун бу, унинг эҳтимолий хусусиятга эгалиги туфайли, қўрқинчли бўлмаса, режа учун эса бу барбод бўлишни англатади. Прогнозлар ва режалар воқеалардан илгарилаб тузилади, лекин уларнинг асослилиги ушбу воқеаларга мос келиш даражасига боғлиқ. Бозор иқтисодиётида воқеаларнинг прогноз қилиниш даражаси ушбу ҳолат стохастик хусусиятга эга бўлганлиги боис, паст. Шунинг учун эски ахборотни ҳисобга олган ҳолда тузилган прогнозлар ва режаларга реал ҳаётда ўзгаришлар юз берганида, аниқликлар киритилиши керак. Давлат даражасида ишлаб чиқилган кўрсаткичли режа билан қандай ҳолат юз беради? Давлат томонидан режалаштириш шароитида албатта марказнинг кўрсатмаси пайдо бўлади. Нуқтаи назарларнинг хилма-хиллиги ўз ўрнини бирхилликка бўшатиб беради. Лекин жамиятда бирхиллик - бу бўлажак инқироз гарови, иқтисодий режаларнинг бирхиллиги эса рақобатнинг ниҳоясини англатади. Давлат йўли билан марказлашган тарзда режалаштириш йўлига ғов бўлувчи иккита катта муаммо мавжуд: биринчиси - бирхиллик, иккинчичи эса - рақобат. Ҳар қандай тизим, шу жумладан иқтисодий тизим фақат хилма-хиллик шароитида барқарор бўлади. Бугунги кунда уларни тушунмаслик ёки келажакни билмаслик туфайли инсонларга тасодифий, хато ва ҳатто зарарли туюлаётган ҳолат кейинчалик ғоят истиқболли ва илғор бўлиб чиқиши мумкин. Шунинг учун жамиятга хилма-хиллик зарур. Лекин давлатнинг марказлашган режаси буни таъминлай олмайди. Машҳур иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотининг лауреати Фридрих фон Хайекнинг таъкидлашича, режалаштириш учун режалаштирувчи орган халққа пухта ишлаб чиқилган, илгари мавжуд бўлмаган аҳлоқ қадриятлари кодексини тақдим этиши лозим. Бошқача айтганда, давлат режасининг мақсадлари умумбашарий аҳлоқ тушунчаларига зид бўлган вазифаларга эришишига ҳам йўналтирилиши мумкин. Ушбу вазифалар, албатта, умумий фойда ҳақидаги тўғри шиорлар билан ифодаланади, лекин амалда улар фақат инсонларнинг кичик гуруҳи вакиллари учун асосий неъматларга эришишни назарда тутади. Зарур натижага тезроқ эришиш истаги билан изоҳланувчи марказлашган тарзда режалаштиришга интилиш ўзининг ортиқча вазифаларини тезроқ ҳал қилишни истовчи инсонларни шакллантиради. Уларни қандай қилиб оқилона ҳал этиш мумкин? Албатта, инсонларнинг алоҳида гуруҳи нуқтаи назаридан камроқ аҳамиятга эга бўлган бошқа вазифаларни ҳал этиш учун маблағларни камайтириш ҳисобидан. У ҳолда космосни ўзлаштириш ―ер манфаатларини чеклаш ҳисобидан юз бериши, ҳарбий вазифалар - фуқаролик вазифалари ҳисобидан, қишлоқ хўжалиги вазифалари - саноат вазифалари ҳисобидан, кичик бизнес вазифалари - ўрта ва йирик бизнес вазифалари ҳисобидан ҳал этилиши лозим. Бу таққослаш, албатта, муболаға, лекин у аслида тўғри: айрим вазифаларни фақат саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳисобидан оқилона ҳал этиш мумкин, бу ресурсларнинг етишмаслиги туфайли бошқа соҳалар ривожининг чекланишига олиб келади. Бундай ёндашув ўз ўзидан ижтимоий ҳаёт қонунларини чекланган тарзда тушунишдан далолат беради. Бозор шароитида давлат томонидан режалаштиришнинг яна бир муаммоси - бу бозор ўзгаришларининг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланган рақобатнинг мавжудлиги. Давлатнинг марказлашган режасида ўзаро рақобатчи ҳисобланган турли фирмалар манфаатларини ҳисобга олиш мумкинми? Албатта, рақобатчи фирмаларнинг мақсадлари бир бирига зид ва бозорни рақобатдан маҳрум этиб ҳам бўлмайди, чунки рақобат товарлар мувазанати нархини шакллантирган ҳолда, бозор муҳитининг динамиклигини белгилаб беради ва бозор жараёнларига турғунликни касб этади. Индикатив (тавсия берувчи) режа ёки эҳтимолий хусусиятга эга бўлган прогноз алоҳида шахслар ҳаракатларига қараганда кўпроқ ҳаётдаги ҳолатларга боғлиқ. Шунинг учун индикатив режалаштириш имкониятидан фирма даражасида ҳам, давлат даражасида ҳам фойдаланилади. Мамлакат миқёсида индикатив режа прогноз ролининг ортиши иқтисодий муносабатларнинг мураккаблашуви, марказнинг мувофиқлаштирувчи ҳаракатлари зарур бўлган иқтисодиёт кўламларининг объектив эҳтиёжлари билан белгиланади. Жаҳонда эришилган фан-техника тараққиётининг даражаси корхоналар, тармоқлар ва мамлакатлар иқтисодий чораларининг юқори даражада мувофиқлаштирилишини талаб қилади. Рақобат шароитида сармояни жамлашнинг кучайиши бу билан вақт, мақсадлар ва ресурслар бўйича боғланган қўшма ҳаракатларни асослашнинг янада сифатли усулларини қўллаш учун шарт-шароитлар яратган ҳолда технологик янгиликларнинг оммавий тарзда жорий этилишини рағбатлантиради. Давлатнинг индикатив режаси ва прогнози кўрсатмали режадан фарқли ўлароқ бозорнинг ҳаракатлантирувчи кучлари - ҳаракатлар эркинлиги, мулк ва рақобатга таъсир кўрсатмайди. Шунинг учун улар иқтисодий ҳаётнинг динамиклигига эришиш воситаси сифатида кўриб чиқилиши мумкин. Шунинг учун мана бир неча ўнлаб йиллар мобайнида давлат даражасида индикатив режалаштириш аксарият мамлакатлар томонидан муваффаиятли фойдаланилмоқда. Иқтисодий ривожланган мамлакатларда прогнозлаштириш икки хил шаклда бўлади: марказлашган (Канада, Швейцария ва б.) ва марказлашмаган (АҚШ, Германия ва б.) Қатор мамлакатларда прогнозларни ишлаб чиқишга хос бўлган умумий белгиларни кўриб чиқамиз. АҚШда президент аппаратида статистик-сиёсий бўлим мавжуд бўлиб, у давлат бошлиғи учун прогноз маълумотларини тайёрлайди. Америка конгрессида фан-техника тараққиёти оқибатларини баҳолаш Бюроси фаолият юритади. Бу ерда маслаҳат-ахборот хизматлари кўрсатувчи муассаса, прогнозларни ишлаб чиқишга ихтисослашган кўплаб муассасалар (бўлимлар) ташкил этилган. Уларни ташкил этиш 60-йилларда авжига чиқди. Бироқ кейинчалик ушбу муассасаларнинг юзтасига яқини ўз фаолиятини сақлаб қолди. Мамлакатда ҳукумат муассасалари ёки хусусий корпорациялар учун прогнозларга шарнома буюртмалари амалиёти устунлик қилади. Бундан ташқари, айрим штатларда 70-йиллардан бошлаб штатларни ривожлантиришнинг узоқ муддатли йиғма прогнозларини ишлаб чиқиш учун махсус комиссиялар ва марказлар ташкил этилган. Прогноз ахбороти билан алмашиш ―Келажак олами хилидаги турли илмий жамиятлар орқали амалга оширилади. Прогнозлаштириш назарияси ва амалиёти масалалари бўйича қатор журналлар чоп этилади. АҚШда 60-йилларда қатор манфаатдор вазирликларнинг биргаликдаги режали ҳаракатларини назарда тутувчи РДБ (режалаштириш - дастурлаш - бюджетлаш) тизимидан фойдаланишга уриниб кўрилди. Кейинчалик ҳукумат бир неча марта режалаштириш имкониятларига мурожаат этди. Бироқ мамлакатнинг антициклик тартибга солишдаги муваффақиятсизлиги режага қарши кайфиятнинг ўсишига олиб келди. Шунинг учун АҚШда давлат йўли билан тартибга солишнинг замонавий назарияси олдида қуйидаги муҳим масалаларни ҳал этиш зарурати турибди: • амалдорлар аппаратининг бюрократияси, коррупцияси ва микродаражада қарорлар деформациясининг олдини олган ҳолда давлатнинг иқтисодиётга ўз вақтида ва самарали таъсирини қандай қилиб таъминлаш мумкин; • волюнтаризм, бюджет-солиқ босими ва давлат қарзининг ортиб кетишига йўл қўймаган ҳолда рақобат эркинлиги, ташаббус ва тадбиркорлик, меҳнат қилиш, инвестициялар ва инновацияларга қизиқтиришни қандай қилиб таъминлаш мумкин. Буюк Британияда иқтисодий прогнозлаштириш масалалари билан шуғулланувчи университетлар қошида бир неча илмий ва прогноз марказлари ташкил этилган. Германияда прогноз марказлари ичида ўз аҳамияти бўйича Жаҳон иқтисодиёти институти ҳамда касаба уюшмалари бирлашмаларининг Иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар институти ажралиб туради. Бошқа мамлакатларда бўлгани каби ахборот алмашувига катта эътибор қаратилади. Ҳозирги вақтда жаҳонда жамият ҳаётининг турли соҳаларида, шу жумладан иқтисодиётда прогнозлаштиришни амалга оширувчи қудратли халқаро ташкилотлар ташкил этилган. "Футурибль" халқаро уюшмаси, Келажакни тадқиқ этиш қўмитаси, Рим клуби ва бошқалар катта нуфузга эга. Иқтисодий ривожланган мамлакатларда конъюнктура прогнозлари алоҳида ўрин тутиб, уларда: 1) алоҳида товар бозорида, 2) иқтисодиётнинг муайян секторида, 3) жаҳон бозоридаги иқтисодий вазият баҳоланади. Прогно-зларда нафақат ривожланишнинг объектив юзага келадиган тенденциялари, балки бозорни давлат йўли билан тартибга солишнинг эҳтимолий оқибатлари кўриб чиқилади. Жаҳон хўжалик юритиш тизими ҳозирги вақтда нафақат прогнозлаштириш, балки режалаштириш имкониятларидан ҳам фаол тарзда фойдаланмоқда. Режаларни ишлаб чиқишда қуйидаги усуллар қўлланилади: а) макрорежалаштириш; б) мезорежалаштириш, яъни тармоқлар, кичик тармоқлар, ҳудудий-ишлаб чиқариш мажмуалари, "метакорпорациялар"дан ҳосил бўлувчи саноат узеллари, улар жумласига тармоқлараро, минтақалараро ва халқаро молия-саноат гуруҳлари киради; в) ҳудудий режалаштириш, яъни минтақавий ва маҳаллий ҳокимият органларининг прогнозлари, бюджет режалари ва дастурлари; г) фирма даражасида микрорежалаштириш. Жаҳоннинг қатор мамлакатларида бир неча ўнлаб йиллардан буён самарали фойдаланилаётган индикатив режалаштириш тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ. Шундай қилиб, иқтисодий олдиндан кўра билишнинг жаҳон амалиёти ўзининг ҳақиқий устунликларини аниқлагунча унинг имкониятларининг тан олинмаслигидан тортиб то маъмурий-буйруқбозлик режимида режанинг фетишигача бўлган узоқ эволюция йўлини босиб ўтди. Инсонларга режалаштиришнинг жамият иқтисодий ҳодисаларга таъсир этишининг кенг имкониятлари ойдинлашди. Собиқ иттифоқнинг ушбу соҳадаги тажрибаси давлат томонидан режалаштиришнинг кучли ва заиф томонларини аниқлашга ёрдам берди. Ҳозирги вақтда кўплаб мамлакатлар ҳукуматлари ўз вазифаларини ҳал этиш учун дастурлаш ва индикатив режалаштиришдан фаол тарзда фойдаланишмоқда. Жаҳоннинг саноати ривожланган мамлакатлари режалаштириш ва прогнозлардан фойдаланиш орқали бутун жамиятни ривожлантириш мақсадларига эришиш учун бозор жараёнларига таъсир кўрсатишга уринишади. Фирма даражасида режа кўрсаткичлари мулкдор ёки раҳбар томонидан мустақил равишда белгиланади. Бу ерда бизнес-режалаштириш усули фаол қўлланилади. Айниқса, йирик фирмаларда стратегик режалаштиришнинг барқарор амалиёти яхши натижа бермоқда. Ушбу жаҳон тенденциялари собиқ шўролар тузуми мамлакатлари иқтисодиётида ҳам амал қила бошлади. Тегишли адабий манбалар таҳлили индикатив режалаштириш эволюциясининг моҳияти ва шакллари, унинг давлат йўли билан тартибга солиш ва аралаш иқтисодиётнинг бозор усули билан ўзини ўзи тартибга солиши ўзаро нисбати юзасидан бошланғич фикрларни шакллантиришга ёрдам берди. Ўзбекистон Республикасида индикатив режалаштириш концепцияси Ўзбекистон иқтисодий мустақилликка эришгач мамлакатда содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларни давлат йўли билан тартибга солиш зарурати муҳим аҳамият касб эта бошлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўзининг ―Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни биртараф этишнинг йўллари ва чоралари номли асарида таъкидлаганидек, ―Ўзбекистонда қабул қилинган ўзига хос ислоҳот ва модернизация модели орқали биз ўз олдимизга узоқ ва давомли миллий манфаатларимизни амалга ошириш вазифасини қўяр еканмиз, енг аввало, "шок терапияси" деб аталган усулларни бизга четдан туриб жорий етишга қаратилган уринишлардан, бозор иқтисодиёти ўзини ўзи тартибга солади, деган ўта жўн ва алдамчи тасаввурлардан воз кечдик. 17 . Шу жумладан Ўзбекистон ҳукумати шунга мос равишда иқисодиётни марказлашган тарзда бошқариш ҳамда анъанавий режалаштириш тартиботларидан воз кечди. Ҳозирги вақда индикатив режалаштириш концепциясини амалга ошириш учун Ўзбекистонда ―Давлат томонидан прогноз қилиш ва Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур. Унда режа ишининг мақсад ва вазифалари, ижро этувчи ҳокимият томонидан ишлаб чиқиладиган тизим, ушбу тизимга кирувчи таркибий унсурларнинг умумий тавсифи назарда тутилиши ерак. Қонун мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш бўйича кўрсатмаларни амалга ошириш, яъни миллий иқтисодиёт ривожининг глобал муаммолари бўйича стратегик қарорларни чуқур ва ҳар томонлама асослаш; истиқболий ривожланишнинг муҳим вазифаларини ҳал этиш учун зарур бўлган ресурсларни режали жамлаш; дастурни амалга ошириш ишларининг бутун цикли вазифаларини мувофиқлаштириш ва уларнинг ҳал этилишини таъминлаш; олдинга қўйилган вазифаларни ҳал этишда хўжалик юритувчи субъектлар, республика минтақалари ва марказий ҳокимият органларининг фаолиятини уйғунлаштириш. Индикатив режалаштириш тизими - ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатига мос келувчи иқтисодиёт ҳолатини ва ривожланишини тавсифловчи индикаторларни (кўрсаткичларни) шакллантириш ҳамда ушбу индикаторларга эришиш мақсадида ижтимоий-иқтисодий жараёнларни давлат йўли билан тартибга солиш чораларини белгилаш ҳисобланади. Ҳақиқий ижтимоий-иқтисодий ҳолатни баҳолашдан ташқари, индикаторлар қуйидагиларга йўналтирилган бўлиши лозим: ■ иқтисодиётнинг самарали ривожланиши ва аҳолининг ижтимоий фаровонлиги даражасини белгилаш; ■ ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳаракатларини режалаштириш; ■ режалаштирилган натижаларга эришиш устидан назорат қилиш; ■ тартибга солувчи таъсир этиш чораларини кўриш; ■ ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш. Ижтимоий-иқтисодий жараёнларни бошқариш ва тартибга солишнинг турли даражаларига мувофиқ индикаторларнинг қуйидаги тизими белгиланиши мумкин: 1. Давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши индикаторлари тизими (1-даража - «Республика»). У умумлаштирилган макроиқтисодий кўрсаткичлар ва республика кўрсаткичларнинг чекланган доираси (ялпи ҳудудий маҳсулот, иқтисодиётда кўзда тутилаётган таркибий силжишлар, иқтисодиёт реал сектори тармоқларининг ривожланишини акс эттирувчи кўрсаткичлар ва ижтимоий кўрсаткичлар) бўйича ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тавсифловчи аҳоли турмуш даражаси кўрсаткичларини ўз ичига олади. 2. Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши индикаторлари тизими (2-даража - «Тармоқ»). Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши индикаторлари тизими тармоқлар, тармоқлараро мажмуалар, шунингдек республика аҳолисига хизматлар кўрсатиш соҳаси ривожланишининг муҳим йўналишларини акс эттиради. 3. Республика туманлари ва шаҳарларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши индикаторлари тизими республика маҳаллий тузилмалари ҳудудлари иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасининг ривожланишини тавсифлайди (3- даража - «Ҳудуд»). У ҳудуд туманлари (шаҳарлари), аҳоли пунктларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тавсифловчи умумлаштирилган кўрсаткичлар ўз ичига олади. 4. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши индикаторлари тизими (4-даража - «Хўжалик юритувчи субъект»). Мазкур тизим иқтисодиёт реал секторининг нодавлат ва давлат корхоналари ҳамда ижтимоий соҳа тармоқлари бюджет ташкилотлари (муассасалари)нинг ривожланиш индикаторларини ўз ичига олади. Индикаторлар тизими қуйидаги талабларга жавоб бериши керак. Биринчидан, ижтимоий-иқтисодий жараёнларни бошқариш ва тартибга солишнинг ушбу даражаси учун индикаторларнинг ягоналиги ва мажбурийлиги. Иккинчидан, индикаторлар йириклашиш ва майдалашиш қобилиятига эга бўлиши, қиёсланадиган бўлиши лозим. Индикаторлар аниқ ўлчовга эга бўлиши, яъни аниқ ва ўлчанадиган бўлиши керак. Умуман олганда индикаторлар тизими ижтимоий-иқтисодий соҳа фаолиятининг барча жиҳатлари ялпи тавсифланишини таъминлаши зарур. Шунингдек, индикаторлар тизими ихчам, мослашувчан, бошқарувнинг ҳар бир даражасида содир бўлаётган барча ўзгаришларни акс эттиришга қодир бўлиши лозим. Индикаторлар манзилли бўлиши ҳамда вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг функционал фаолияти билан боғлиқ бўлиши керак. Индикаторлар ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларини, хўжалик юритувчи субъектларни иқтисодий ўсишни таъминлашга ва республика аҳолисининг турмуш даражасини оширишга йўналтириши лозим. Бошқарувнинг ҳар бир даражаси учун индикаторлар сони чекланган бўлиши керак. Индикатив режалаштиришни жорий этишдан мақсад давлат ҳокимият органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларини ва хўжалик юритувчи субъектларнинг барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш ва республика аҳолисининг турмуш даражасини оширишга йўналтирилган саъй- ҳаракатларининг уйғунлигини таъминлашдан иборат. Индикаторларни шакллантириш вақтга кўра боғланган жараён. Ушбу ҳолатда бошқарув объектининг ҳолатини тавсифловчи ягона индикаторга эришиш мақсади қўйилади. Ўзбекистон Республикасида индикатив режалаштириш тизимининг жорий этилиши қуйидаги босқичларни ўз ичига олиши лозим. 1-босқич - «Тайёргарлик». У индикатив режалаштириш тизимини жорий этишга доир норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, услубий тавсияларни ва республика, тармоқлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш индикаторлари тизимини ишлаб чиқиш, индикаторлар чегара қийматларига эришиш мониторингини юритишни ташкил этиш тадбирларини ўз ичига олади. 2-босқич - «Индикатив режалаштириш тизими». 2-босқич тадбирлари режалаштиришнинг асосий унсурларини ишлаб чиқишга қаратилган, булар: прогнозлаштириш жараёнини такомиллаштириш, бюджет ва инвестиция жараёнларини, давлат буюртмаларини бошқариш, тармоқлар, ҳудудлар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг республика дастурлари ва индикатив режаларини шакллантириш. 3-босқич - «Индикатив бошқариш тизими». Индикатив бошқариш тизимининг тўлиқ циклини жорий этиш. Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши индикаторлари тизимини шакллантириш натижасида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш индикаторларининг рўйхати ва чегара қийматлари аниқланиши керак. Иқтисодий ўсиш концепцияси, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнози Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши индикаторлари рўйхатини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Индикаторлар рўйхати республика Ҳукумати томонидан белгиланган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларига мувофиқ ҳар йили қайта кўриб чиқилиши мумкин. Ўзбекистон учун оптимал ҳисобланган индикатив режалаштириш тизимини асослаш учун услубий асосларни индикатив режалаштириш тизимининг асосий унсурларини кўриб чиқиш лозим. Адабиётлар: 1. Каримов И.А. 2012 йил Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади. // Халқ сўзи, 2012 йил 20 январь, № 14. 2. Каримов И.А. Бош мақсадимиз - кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш. // Халқ сўзи. 19.01.2013 й. 3. Каримов И.А. ―2014 йил юқори ўсиш суръатлари билан ривожланиш, барча мавжуд имкониятларни сафарбар этиш, ўзини оқлаган ислоҳотлар стратегиясини изчил давом эттириш йили бўлади. // Халқ сўзи. №12 (5342), 18.01.2014 й. 4. А.Ўлмасов, А.Вахобов. Иқтисодиёт назарияси. Т.: 2006, 420 б. 5. Владимирова Л.П. Прогнозирование и планирование в условиях рынка: Учебное пособие. - М.: 2005. 6. Пивоваров К.В. Планирование на предприятии. Учебное пособие. -М.: 2005, 230 стр. 7. Садиков А.М. Основы региональной экономики. Монография. -Т.: Иқтисод-молия, 2005. 280 б.