logo

Қарздорнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга нисбатан ундирув. Мулкий хусусиятга эга бўлмаган низолар бўйича ижро ҳужжатларини ижро этиш

Загружено в:

28.10.2023

Скачано:

0

Размер:

39.97265625 KB
Қарздорнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга нисбатан ундирув. Мулкий хусусиятга эга бўлмаган низолар бўйича ижро ҳужжатларини ижро этиш Режа: 1. Ундирувни қарздорнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга қаратиш тушунчаси, тартиби, ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган суммалар. 2. У ндирувни жазони ўтаётган қарздорнинг иш ҳақига қаратиш, алиментни ихтиёрий тўлаш, суд тартибида ундириш, алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари ва уларни ижрога топшириш муддатлари, алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари бўйича ижро иши юритишни қўзғатиш. 3.Алимент қарзини ундириш тушунчаси бўйича талабаларда билим ва кўникма ва тасаввурни шакллантириш 1. МАЪРУЗАНИНГ АСОСИЙ МАСАЛАЛАРИ: Қарздор жисмоний шахсларга нисбатан мулкий ундиришга оид ижро ҳужжатларини мажбурий ижро этишнинг асосий тури ундирувни унинг мол- мулкига қаратишдир. “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 64 - моддасига мувофиқ ундирув қарздор жисмоний шахснинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга фақат уч ҳолатдагина қаратилиши мумкин: 1) даврий тўловларни ундириш тўғрисидаги қарорларни ижро этишда; 2) энг кам иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги, шу жумладан йиғма ижро иши юритишга бирлаштирилган ижро ҳужжатлари бўйича ушбу миқдордаги пул суммасини ундиришда; 3) ундирилаётган суммаларни тўлиқ узиш учун қарздорнинг мол-мулки бўлмаганда ёки унинг мол-мулки етарли бўлмаганда. Ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган суммалар . “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 69 - моддасига мувофиқ у ндирув қуйидаги пул суммаларига қаратилиши мумкин эмас: - майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик, шунингдек боқувчисининг вафот этганлиги сабабли кўрилган зарарни тўлаш суммаларига; - хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида майиб бўлган (яраланган, шикастланган, контузияга учраган) шахсларга ва мазкур шахслар ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда уларнинг оила аъзоларига тўланадиган суммаларга; - бола туғилганлиги муносабати билан тўланадиган суммаларга; - алимент мажбуриятлари бўйича тўланадиган суммаларга; - меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун тўланадиган суммаларга, шунингдек радиация таъсирига учраган шахсларга ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда тўланадиган суммаларга; - ҳомиладорлик ва туғиш бўйича тўланадиган нафақа суммаларига; - дафн этиш маросими учун бериладиган нафақа суммаларига; - қисман ҳақ тўланадиган таътил даврида болани парваришлаш учун тўланадиган суммаларга; - бола туғилиши, қариндошлар вафот этиши, никоҳ тузиш муносабати билан корхона, муассаса ёки ташкилот томонидан тўланадиган суммаларга; - хизмат сафари, бошқа жойга ишга ўтказилганлиги, қабул қилинганлиги ёки юборилганлиги муносабати билан тўланадиган суммаларга; - меҳнатга оид муносабатлар бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тариқасида тўланадиган суммаларга. Алиментнинг ихтиёрий равишда тўлаб турилиши алимент ундирувчини алимент ундириш ҳақидаги даъво ёки ариза билан хоҳлаган вақтда судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Алиментни суд тартибида ундириш. Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Мазкур шахс, низо бўлмаган тақдирда, вояга етмаган болалар учун алимент ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли бўлиб, бу ариза буйруқ тартибида иш юритиш тарзида кўриб чиқилади. Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади. Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин. Алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари ва уларни ижрога топшириш муддатлари. Қонунга кўра, алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатларига қуйидагилар киради: - фуқаролик ишлари бўйича судларнинг қарорлари асосида бериладиган ижро варақалари; - суд буйруқлари; - алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувлар. Вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бола 18 ёшга тўлгунга қадар ижрога топширилиши мумкин. Бола вояга етганидан сўнг алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари алимент мажбуриятлари бўйича қарзларни ундириш учунгина ижрога топширилиши мумкин. Бунда, ижро варақасини ижрога топширишнинг уч йиллик муддатига риоя қилинади. Алиментлар ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари бўйича ижро иши юритишни қўзғатиш. Алиментлар ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари ундирувчи томонидан Суд департаментининг ҳудудий бошқармасига ёки қарздорнинг яшаш жойи ёки иш жойи ёхуд унинг мол-мулки жойлашган жойдаги туман (шаҳар) суд ижрочилари бўлимига ижро этиш учун топширилади. Агарда ижрога топширилган ижро ҳужжати “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 8 - моддаси талабларига жавоб берса, суд ижрочиси унга алиментлар ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати келиб тушганидан сўнг уч кундан кечиктирмасдан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқаради. Алимент олувчи алимент ўз вақтида тўланмаганлигида айбдор алимент тўлаши шарт бўлган шахсдан алимент тўлаш мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлик оқибатида етказилган барча зарарларнинг неустойка билан қопланмаган қисмини ундиришга ҳам ҳақлидир. Қарздор алимент тўлашдан бош тортиш мақсадида ўз иш, ўқиш жойи ёки турар жойи ўзгарганлиги ҳақида, шунингдек, қўшимча иш ҳақи ёки бошқа даромади тўғрисида хабар бермаган ёки ёлғон маълумотлар тақдим этган тақдирда суд ижрочиси Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 198-2 - моддасига мувофиқ ўз қарори билан қарздорга энг кам иш ҳақининг ўн бараваригача миқдорида жарима солади. Агарда қарздор алимент тўлашдан уч ойдан ортиқ муддат давомида бош тортса, суд ижрочиси жавобгарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122 - моддаси билан жиноят иши қўзғаш масаласида Суд департаментининг ҳудудий бошқармасига тақдимнома киритиши шарт. Тақдимномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак: - ундирувчининг аризаси ёки суд ижрочисининг билдиргиси; - ижро варақаси ва суд қарори ёки суд буйруғининг нусхаси; - ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорнинг нусхаси; - алиментлар бўйича қарздорлик миқдорини аниқлаш ҳақидаги суд ижрочисининг қарори; - қарздор Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122 - моддаси билан жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси; - қарздорнинг алиментларни тўламаганлиги сабаблари ҳақидаги тушунтириш хати (агар бундай тушунтиришни олиш имкони бўлган бўлса). Қарздорга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши ижро ҳужжатларини ижро этиш бўйича мажбурий ижро этиш чораларининг тўхтатилиши ёки тугатилишига олиб келмайди. 2. Семинар саволлари : 1. Ундирувни қарздорнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга қаратиш . 2. Ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган суммалар 3 . Ундирувни жазони ўтаётган қарздорнинг иш ҳақига қаратиш 4 . Алиментлар ва алимент мажбуриятлари бўйича қарзларни ундириш тартиби МУСТАҚИЛ ТАЙЁРЛАНИШ УЧУН МАСАЛАЛАР: Вазифа №1 Суд ижрочиси Алиев ижро ҳаракатларини амалга ошириш вақтида ундирувни қарздорнинг “ Нексия ” русумли автоуловига нисбатан қаратиб , бу мулкка нисбатан банд қўйди . Гаровга олувчи Ҳасанов (“ Нексия ” автоуловини гаровга олган шахс ) суд ижрочиси Алиев ҳаракатларига эътироз билдириб , қарздор Боқиевнинг бошқа мол - мулкига нисбатан банд қўйишини илтимос қилди . Қайси пайтда ундирув қарздорнинг гаровга қўйилган мол - мулкига қаратилиши мумкин ? Вазифа №2 “ Интерагро ” ОАЖ фойдасига Тошкент шаҳар хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан “ Протон ” ОАЖдан 10 миллион сўм ундириш белгиланган . “ Интерагро ” ОАЖ қарздор жойлашган ҳудудидаги суд ижрочисига мурожаат қилиб , суд қарорини мажбурий ижро этиб беришини сўради . Суд ижрочисининг кейинги ҳаракатларини айтиб беринг. Вазифа №3 Тадбиркор Иномовнинг фойдасига хўжалик судининг ҳалқилув қарорига асосан берилган ижро ҳужжати бўйича “Сайхун” ОАЖдан 6000000 сўм ундириш учун Иномов ОАЖ “Сайхун”нинг жойлашган ҳудудидаги суд ижрочисига мурожаат қилиб, суд қарорини мажбурий ижро этиб беришини сўради. Суд ижрочиси ижрога топшириш муддати ўтганлиги учун ижро ишини қўзғатишни рад этди. Суд ижрочисининг фаолияти қонунийми? Вазифа №4 Учтепа туман суд ижрочилари бўлими суд ижрочиси Валиев, Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2011 йил 13 мартдаги 12-1001/06-сонли қарздор “Саёҳат” корхонасидан ундирувчи “Тестил-ором МЧЖ фойдасига 2550000 сўм ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати юзасидан ижро иш қўзғатди. Ижрони таъминлаш жараёнида қарздорнинг Ипотекабанк”да ҳисоб рақами мавжудлигини аниқлади. Суд ижрочисининг кейинги ҳаракатларини айтиб беринг. Вазифа №5 Суд ижрочиси жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг қарздор Валиевадан ундирувчи Юлдашев фойдасига 1500000 сўм миқдордаги жаримани ундириш ҳақидаги берган ижро хужжати бўйича ижро иши кўзғатди. Ижро хужжати талабини бажариш учун 5 кун муддат берди, Муддат ўтиши билан суд ижрочиси мажбурий ижрони таъминлаш учун ундирувни қарздор Валиеванинг бола туғилганлик муносабати билан оладиган нафақа суммаларига нисбатан қаратди. Суд ижрочисининг ҳаракатлари қонунийми? Ундирув қандай суммаларга қаратилиши мумкинэ мас? Вазифа № 6 Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг қарздор Асқаровдан ундирувчи Болтаев фойдасига 450000 сўм миқдордаги қарзни ундириш ҳақидаги берган ижро хужжати бўйича суд ижрочиси ижро иши кўзғатди. Ихтиёрий ижро учун беш кун муддат берди, муддат ўтиши билан суд ижрочиси мажбурий ижрони таъминлаш учун ундирувни қарздор Асқаровнинг хизмат сафарига юборилганлиги муносабати билан тўланадиган суммаларига нисбатан қаратди. Суд ижрочисининг ҳаракатлари қонунийми? Вазифа №7 Суд ижрочиси қарздор Алиевдан ундирувчи Исмаилов фойдасига 850000 сўм ундириш ҳақидаги берган ижро ҳужжати бўйича ижро иши қўзғатди. Ижро ҳаракатларини ихтиёрий амалга ошириш учун 5 кун муддат бериб, ўз вақтида тўламаслик оқибатларини тушунтирди. Белгиланган муддат ўтиши билан суд ижрочиси мажбурий ижрони таъминлаш учун ундирувни қарздорнинг ва унинг карамоғидагиларнинг кийим–кечак ва уй жиҳозига нисбатан қаратди. Суд ижрочисининг ҳаракатлари қонунийми? Вазифа №8 Ундирувчи Ботировнинг фойдасига фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг қарздор Юлдашевдан 12000000 сўм қарзни ундириб бериш тўғрисидаги ижро хужжати юзасидан суд ижрочиси ижро иши қўзғатди. Мазкур иш юзасидан қарздор Юлдашевга тегишли 2003 йилда ишлаб чиқарилган Нексия” русумли созҳолатдаги автомашина хатланиб, 15500000 сўмга баҳоланиб, биржа орқали ким ошди савдосига қўйилди, лекин қайта ўтган ким ошди савдосида ҳам мол-мулк реализация қилинмади. Масаланинг ечимини топинг. 7.Мустақил ўқиш учун адабиётлар 1. Ижро иши юритишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ички буйруқлар тўплами. Т., Адолат, 2010, 464 -бет. 2. М.Қ. Ўразалиев. Ижро иши юритиш. Ўқув қўлланма. Т., ТДЮИ, 2011,369- бет. 3. Д. Ҳабибуллаев. Суд қарорлари ижроси муаммо ва ечим. “Ҳуқуқвабурч”. Т., 2009, № 10, 36-38-бет. 4. М.Ҳ. Рустамбоев , У.А.Тухташева . Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар.Дарслик. Т., ILM ZIYO, 2011, 304- бет. 5. Б.Юсупов. Суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жиноий жавобгарлик муаммолари. Юрид.фан.номз.илм.даражасини олиш учун ёзилган дисс.автореф. Т., 2011, 26-бет. Б.Юсупов. Суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жиноий жавобгарлик муаммолари.Монография. Т.,2011,173-бет. A дабиётлар рўйхати 1. У.А. Тухташева. Ижро иши юритиш. Дарслик. Т., ТДЮИ, 2009, 308 -бет. 2. М.Қ. Ўразалиев. Ижро иши юритиш. Ўқув қўлланма. Т., ТДЮИ, 2011,369- бет. 3. Д. Ҳабибуллаев. Суд қарорилари ижроси муаммо ва ечим. “Ҳуқуқ ва бурч” Т 2009 № 10, 36-38-бет. 4. Б.Юсупов. Суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жиноий жавобгарлик муаммолари. Юрид.фан.номз.илм.даражасини олиш учун ёзилган дисс.автореф. Т., 2011, 26-бет. 5. Б.Юсупов. Суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жиноий жавобгарлик муаммолари.   Монография. Т.,2011,173-бет. 6. А.Норқулов. Бурч адо етилса, ҳуқуқ топталмайди. “Ҳуқуқ ва бурч”.Т.,2012, №5,34-35-бет.