logo

Ерёнғоқ, Қалампир, ялпиз, жағ-жағ (ачамбити) ўткир (найза) барг сано, аниссимон (оддий) арпабодиён ўсимликлар ўстириш технологияси

Загружено в:

20.09.2019

Скачано:

0

Размер:

140 KB
Ерён ғ оқ , Қалампир , ялпиз , жағ - жағ ( ачамбити ) ўткир (найза) барг сано , аниссимон (оддий) арпабодиён ўсимликлар ўстириш технологияси Режа: 1. Ерён ғ оқ 2. Қ алампир ялпиз 3. Жа ғ - жа ғ ( ачамбити ) 4. Ўткир (найза) барг сано 5. Аниссимон (оддий) арпабодиён Ерёнғоқ (арахис) — A rachis hupogaea L. , дуккакдошлар — Leguminosae оиласига киради. Ерёнғоқ бир йиллик ўт ўсимлик. Илдизида дуккакли ўсимликларга хос туганаклари бўлади. Пояси тик ўсувчи, сершох, узунлиги 10—75 см. Барги жуфт патли мураккаб бўлиб, узун банди билан пояда кетма-кет жойлашган. Барг қўлтиғидан ўсиб чиққан сариқ рангли гуллари рўвакка ёки шингилга тўпланган. Косача барги бешта, бирлашган, тож барги бешта, дуккаклилар оиласига хос тузилган. Гули бир кунлик. Оталаниш процессидан сўнг косача, тожбарги ва оталиклари қурий бошлайди. 2—3 кундан кейин оналик тугуни жойлашган гул банди олдин юқорига, кейин эса пастга қараб ўсиб, ерга 8—10 см киради ва ер остида оналик тугунидан мева ўса бошлайди. Меваси — пилла ёки цилиндр шаклида, пишганда очилмайдиган дуккак. Мева ичида 2—4 та (баъзан 1—7 та) уруғ бўлади. Уруғи қўнғир ёки оч, тўқ қизил пўст билан ўралган чўзиқ ёки юмалоқ бўлиб, иккита уруғ палладан ташкил топган. Июнь-июль ойларида гуллайди, меваси сентябрь ойларида пишади. Географик тарқалиши. Ерёнғоқнинг ватани Жанубий Америка. Ерёнғоқнинг тик ўсувчи нави Собиқ Иттифоқ жанубий ҳудудларида: Краснодар ўлкасида, Украина жанубида, Озарбайжон, Грузия ва Ўрта Осиё республикаларида экилади. Кимёвий таркиби. Ерёнғоқ уруғи таркибида 40,2—60,7% мой, 20— 33,7% оқсил моддалар бўлади. Ерёнғоқ мойи оч сариқ рангдаги тиниқ суюқлик бўлиб, ўзига хос ҳид ва мазага эга. Бу мой қуримайдиган ёғларга киради, таркибида 70% олеин, 13 —19% линолен ва 15% туйинган кислоталарнинг глицеридлари бўлади. ДФ IX бўйича мойнинг солиштирма оғирлиги 0,916—0,921, рефракция сони 1,468—1,472 қотиш ҳарорати 3°C, совунланиш сони 188— 195 ва йод сони 85—103, кислота сони 2 дан ошмаслиги лозим. Ишлатилиши. Тиббиётда ерёнғоқ мойи суртма дорилар, учувчан суртмалар ( Linimentum volatile ) ва мингдевона мойи — Oleum Hyoscyami тайёрлашда ишлатилади. Техникада самолётлар винтини мойлашда, озиқ-овқат саноатида эса маргарин тайёрлашда кўлланилади. Шунингдек, ерёнғоқ мойидан совун ҳам тайёрланади. Ерёнғоқ магзи конфет ва холва тайёрлашда ишлатилади. Ерёнғоқни ўстириш технологияси Ерёнғоқнинг ватани Бразилия бўлиб, Хитой, Япония, Бирма, АҚШ, Италия ва Африка мамлакатларида катта майдонларда экилиб келинади. Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятларида етиштирса бўлади. Ерёнғоқ фақат суғориладиган бўз тупроқларда экилса юқори ҳосил етиштириш мумкин. Оғир қумоқ, шўр ва ботқоқ тупроқларга ерёнғоқ экиш тавсия қилинмайди. Алмашлаб экишда буғдой, арпа, маккажўхори, картошка ва илдизмева экилган майдонлар ерёнғоқ учун энг мўътадил ерлар ҳисобланади. У азот тўпловчи ўсимликлар турига киради ва кўплаб туганаклар ҳосил қилади, яъни тупроқни азот билан бойитади ва ундан бўшаган ерларга бошоқли ва маккажўхори экилса мақсадга мувофиқ бўлади. Ерёнғоқ экиладиган ерларни кузда гектарига 15—20 тонна чириган ва 40 кг суперфосфат солиб 25—28 см чуқурликда ҳайдаб қўйилади. Эрта баҳорда ерларни борона, мола механизмлари билан текисланади ва бегона ўтлар қолдиқлари тозаланиб ташланади. Ерёнғоқ иссиқ, ёруғ ва намсевар ўсимлик. Тупроқ ҳарорати 14—15 даражага етганда (10—20 апрель) маккажўхори экадиган ёки мосланган сеялкаларда гектарига 70—100 кг уруғни 90   х   20   х   1, 70   х   15   х   2 схемада, 5—6 см чуқурликда экилади. Ерёнғоқ бир йиллик ўт ўсимлик, илдиз тизими бақувват, ўқ илдиз икки метргача чуқурга етиб боради. Унинг уруғи экилгандан кейин 7—8 кунда униб чиқади ва унга ишлов беришни бошлаш мумкин. Ерёнғоқни яхши ўсиши ва ривожланиши, ундан юқори ҳосил етиштириш учун қатор ораларини ишлаш ва бегона ўтлардан тозалашни тавсия қилинади. Ўсимликда 3—4 та чин барг чиқарганда гектар ҳисобига 30 кг дан азот ва фосфор ўғити билан озиқлантирилади. Минерал ўғитлар (NRK) 1   :   2   :   0,5 нисбатда, яъни вегетация давомида гектар ҳисобига 90 кг азот, 80 кг фосфор ва 45 кг калий ўғити билан озиқлантирилади. Ерёнғоқнинг гуллаш ва мева тугиш даврида қолган азот ва калий ўғитларини бериб озиқлантириш тўхтатилади. Ерёнғоқни озиқлантириш суғоришдан олдин амалга оширилади. Вегетация даврида сизот сувнинг чуқур ёки юза жойлашиши ва тупроқнинг механик таркибини ҳисобга олган ҳолда 6—8 марта суғоришни тавсия қилинади. Ерёнғоқни ўсув даврида унинг ён томонида ҳосил гуганаги пайдо қилувчи ўсимталар (соқол) мавжуд бўлиб, ўсимталар узлуксиз равишда техника ёки қўл кучи ёрдамида тупроқ билан кўмиб турилса юқори ҳосил таьминланади. Ерёнғоқнинг вегетация даври ўргача 140—150 кун. Ерёнғоқ уруғини тайёрлаш Ҳосилини йиғиб олиш ишлари, МТЗ-80 тракторига тиркалган машиналар ёрдамида сентябрь охири октябрь ойининг бошларида ўтказилиши ковлайдиган машиналар ёки мосламалардан фойдаланиш мумкин ёки қўлда ҳам йиғиб олиш мумкин. Ковлаб олинган ўсимликлар даладан чиқарилиб, дуккаклари (меваси) юқорига қаратилиб, 10—15 кун қуритилади ва ҳосил поядан териб олинади. Мева намлиги 8—10 фоиздан юқори бўлмаслиги керак. Ерёнғоқнинг ҳосилини қопларда, усти ёпиқ, шамол яхши тегадиган омборхоналарда сақлаш керак бўлади. Ҳар гектар ердан ўртача 14—15 центнер ҳосил етиштириш мумкин. ҚАЛАМПИР ЯЛПИЗ MENTHA PIPERITA L. Қалампир ялпиз — M entha piperita L. , ясноткадошлар — Lamiaceae ( лабгулдошлар — Labiatae ) оиласига киради . Кўп йиллик , бўйи 30—100 см га етадиган ўт ўсимлик . Пояси бир нечта , тик ўсувчи , тўрт қиррали , туксиз ёки сийрак тукли . Барги оддий , чўзиқ тухумсимон ёки ланцетсимон , ўткир учли , қирраси ўткир аррасимон . Барглар пояда қисқа бандлар билан қарама - қарши жойлашган . Гуллари майда , пушти , оч бинафша ёки қизил - бинафша рангда , поя ва шохлар учида ғуж жойлашган бошоқчасимон гул тўплами ҳосил қилади . Гулкосачаси найчасимон, бинафша рангли, беш тишли бўлиб, мева билан бирга қолади. Гултожиси бир оз қийшиқ, воронкасимон, тўрт бўлакли (бошқа лабгулдошлардан фарқи), оталиги 4 та, оналик тугуни 4 бўлакли, юқорига жойлашган. Меваси косачабарг билан бирлашган 4 та ёнғоқча. Географик тарқалиши. Қалампир ялпиз ёввойи ҳолда учрамайди. Уни Mentha aquatica L. билан Mentha spicata Gilib. нинг ўзаро чатишишидан вужудга келган, деб фараз қилинади. Қалампир ялпиз асосан Украинада (Полтава, Чернигов, Киев, Сумск ва Житомир вилоятларида), Қримда, шунингдек, Краснодар ўлкасида, Воронеж вилоятида, Белорус ва Молдова республикаларида ўстирилади. Қалампир ялпизнинг икки тур хили бор: қора қалампир ялпиз ва оқ қалампир ялпиз. Оқ қалампир ялпизнинг поя ва томирлари оқ яшил, қора қалампир ялпизнинг поя ва томирлари эса қизил-бинафша рангда бўлади. Доривор маҳсулот сифатида асосан қора қалампир ялпиз тур хили ўстирилади. Ялпизнинг оқ тур хилининг ҳиди нозик ва ёқимли бўлгани учун у парфюмерия (атир-упа) ва озиқ-овқат саноати учун ўстирилади. ВИЛР нинг Украинадаги ва бошқа ЗОС лардаги селекционерлари қалампир ялпизнинг кўп эфир мойи ва ментол берадиган серҳосил 541-сонли, „Прилукская-6“, „Краснодарская-2“ ва бошқа янги навларини етиштирдилар. Бу навлар совуққа чидамли бўлиб, замбуруғлар билан деярли касалланмайди. Маҳсулотнинг ташқи кўриниши. Тайёр маҳсулот чўзиқ тухумсимон ёки ланцетсимон, қисқа бандли, ўткир учли, аррасимон нотекис қиррали баргдан иборат. Баргнинг узунлиги 8 см гача, эни 3 см гача бўлиб, устки томони тўқ яшил, пастки томони эса оч яшил рангда. Иккинчи тартибдаги томирлар йўғон томирдан бурчак ҳосил қилиб чиқади ва учлари билан бирлашиб, барг четида параллел чизиқ ҳосил қилади. Маҳсулотнинг ўткир ёқимли ҳиди бор, мазаси тилни ачитиб, узоқ вақтгача муздек қилиб туради. XI ДФ га кўра маҳсулот намлиги 14%, умумий кули 14%, 10% ли хлорид кислотада эримайдиган кули 6%, қорайган барглар 5%, поя ва гул аралашмалари 10%, тешигининг диаметри 3 мм ли элакдан ўтадиган майда қисми 5% (бутун доривор маҳсулотлар учун), органик аралашмалар 3% ва минерал аралашмалар 1% гача бўлиши керак. Қирқилган маҳсулот учун 10 мм дан йирик бўлакчалар 10% дан, тешигининг диаметри 0,5 мм ли элакдан ўтадиган майда қисми 8% дан ортиқ бўлмаслиги керак. Кимёвий таркиби. Ўсимлик баргида 2,40—2,75%, гул тўпламида 4— 6%, поясида 0,3% эфир мойи бўлади. Қалампир ялпизнинг янги навлари таркибида 4—5% гача эфир мойи бор. XI ДФ га кўра барг таркибида (баргни сақлаш даврида эфир мойининг учиб кетишини назарда тутган ҳолда) 1% дан кам эфир мойи бўлмаслиги керак. Эфир мойи ўсимликнинг ер устки қисмидан сув буғи ёрдамида ҳайдаб олинади. Мой тиниқ рангсиз ёки оч сариқ суюқлик бўлиб, ҳушбўй ҳидга ва оғизни узоқ муддатгача совитадиган ўткир мазага эга. XI ДФ га кўра қалампир ялпиздан олинадиган эфир мойинииг зичлиги 0,900—0,910, рефракция сони 1,459—1,470, қутбланган нур текислигини оғдириш бурчаги –   18° (–   20° –   32°), кислота сони 1,30 гача ва эфир сони 11,5 дан юқори (4% дан кам бўлмаган ментол ацетат мураккаб эфирига тўғри келади) бўлиши лозим. Эфир мойи совитилса, унинг стеароптини — ментол кристалл ҳолида ажралади. Мой таркибида 41—70% ментол, 6—25% ментон, пинен, лимонен, дипентен, фелландрен, цинеол, пулегон, ясмин ҳамда 4—9% ментолнинг сирка, валериана ва бошқа кислоталар билан ҳосил қилган эфирлари бўлади. XI ДФ га кўра эфир мойи таркибида эркин ва мураккаб эфир ҳолидаги ментолнинг умумий миқдори 50% дан кам бўлмаслиги керак. Қалампир ялпиз таркибида эфир мойидан ташқари, 40 мг % каротин, гесперидин, эвпаторин ва бошқа флавоноидлар, бетаин, 0,3% урсол ва 0,12% олеанол кислоталар бор. Ишлатилиши. Қалампир ялпиз барги препаратлари, эфир мойидан тайёрланган ялпиз суви ва настойкаси кўнгил айнишига ва қайт қилишга қарши ҳамда овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилашда ишлатилади. Бундан ташқари, ялпиз суви оғиз чайқаш ва микстуралар таъмини яхшилаш учун қўлланилади. Эфир мойидан ажратиб олинган ментол қулоқ, бурун, нафас йўллари касалликларида ҳамда тиш оғриғини қолдириш учун ишлатилади. Ментолдан бош оғриғини қолдирадиган мигрен қалами тайёрланади. Ментол препарати — валидол, кўкрак қисиш (стенокардия) касаллигида ишлатилади. Эфир мойи ва ментол озиқ-овқат ҳамда парфюмерия саноатида ҳам қўлланилади. Доривор препаратлари. Баргидан дамлама, эфир мойидан ялпиз суви, настойка тайёрланади; ментол мигрен қалами ва валидол (изовалериан кислотанинг ментол билан ҳосил қилган мураккаб эфиридаги ментолнинг 25 —30% ли эритмаси) таркибига киради. Барг тинчлантирувчи, ўт ҳайдовчи, меъда касалликларида ишлатиладиган йиғмалар-чойлар ва қорин оғриғини қолдириш учун ишлатиладиган таблетка ва томчилар таркибига киради. Ментол ингофен таркибига киради. Ялпизнинг бошқа турлари таркибида ҳам ментол бор. Японияда экиладиган Mentha arvensis L. var. piperascens Hom. нинг ер устки қисмида 0,05% эфир мойи, мойи таркибида эса 43—90% ментол бўлади. Қалампир ялпиз ўстириш технологияси Қалампир ялпиз Россия, Украина давлатларидан ташқари, Ўрта Осиё республикаларида, шу жумладан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида экиб ўстирилмоқда. Республикамизда ялпиз экиб ўстириладиган майдонлар унумдор, текис, бегона ўтлардан тозаланган ва механик таркиби ўртача бўлган тупроқлар ажратилади. Қалампир ялпизни доривор ўсимликлар экиладиган ҳўжаликларда уни махсус сабзавот ва озиқа боп экинлар режалаштириладиган алмашлаб экиш далаларига жойлаштириш мақсадга мувофиқ бўлади. Қалампир ялпизни донли экинлар майдонларига жойлаштириладиган бўлса, ҳосили йиғиштириб олингандан сўнг бегона ўтлар хусусиятига, агротехник талабларига кўра, 10—15 см чуқурликда дискали бороналар билан ағдармай юмшатилади. Орадан 15—20 кун ўтгач кузда гектарига 15— 20 тонна маҳаллий ўғит ёки комиест ва 40—50 кг дан соф фосфорли ўғитлар киргизиб 27—30 см чуқурликда ҳайдаб қўйилади. Ўсимликни экиш олдидан тупроқнинг зичлигига ва бегона ўтларнинг пайдо бўлишига қараб ерларни культивация ва бороналаб қўйилади. Қалампир ялпиз илдизпоя қаламчалардан кўпайтирилади. Экишдан олдин 8—10 см узунликда қаламчалар тайёрланади. Эрта баҳорда қаламчалар (март- апрель ойларида) 10 см чуқурликда тайёрланган, яхши намланган жўякларга бир-биридан 20— 25 см масофада махсус сеялкаларда ёки қўлда экилади. Қатор оралари 60 ва 45 см дан қилиб, ҳар бир уяга 2 тадан ўсимлик жойлаштирилади ва бир гектар ерга ўртача 5—6 центнер илдизпоя қаламчалари зарур бўлади. Қаламчалар экилгандан сўнг суғориш эгатлари олинади ва тупроқ тўйингунча суғорилади. Кўчатлар экилгандан сўнг 4—5 кун ўтгач кўкармай қолган майдонларга қайта экиш лозим бўлади. Қалампир ялпиз органик ва минерал ўғитларга жуда талабчан ўсимлик ҳисобланади. Ўсимлик экилгандан 17—20 кун ўтгач ёки ён шохлари пайдо бўлиши билан гектар ҳисобига 40 кг дан азот, 20 кг дан калий ўғитлари билан озиқлантирилади. Иккинчи озиқлантириш шоналаш фазасида 40 кг дан азот ва 30 кг дан фосфор ўғитларини бериш билан амалга оширилади. Қалампир ялпиз гуллаш фазасида минерал ўғитларни жуда кўп талаб қилишини ҳисобга олиб, азотли ва калийли ўғитлардан гектарига 30 кг дан киргизиб озиқлантиришни тўхтатилади. Ялпиз ўсимлигини озиқлантириш суғоришдан олдин амалга оширилади. Ялпиз экилган ерларга вегетация давомида гектарига 100—110 кг дан азот, фосфор ва 50 кг калий ўғити берилади. Тупроқ доим нам ҳолатда бўлиши керак. Етарли даражада суғорилмаса, ўсимликнинг бўйи паст ва хомашёси камайиб кетади. Ўсимлик экилган биринчи йили 12—13 марта суғорилади, 5—6 марта ер юмшатилиб, бегона ўтлардан тозаланади, яъни ўтоқ қилинади. Иккинчи йили суғориш сони об-ҳаво шароитига қараб бир оз ўзгариб туради. Ўсимликлар бўш ерларни деярли ҳаммасини эгаллаб, яхшигина ўтзор ҳосил қилади. Шунинг учун қатор оралари фақат баҳорда юмшатилади. Учинчи йили экинзор юмшатилмайди. Заруратга қараб қўлда ўтоқ қилинади. Тўртинчи йили ялпиз экилган дала баҳорда культиваторлар ёрдамида ҳайдаб ва издизпоялари йиғиб олинади ва бошқа майдонга экилади. Ялпиз ҳосили тўртинчи йили кескин камаяди, тупроқ ниҳоятда зичлашади, экин сийраклашади, бегона ўтлар кўпайиб кетади ва хомашёси бошқа ўсимликлар билан аралашиб кетади. Дори-дармон мақсадида ишлатиладиган барг олиш учун ўриб олинади, далада сўлитилган поялар шийпонда бир текис ва қорайтирмай, вақт-вақти билан ағдариб қуритилади, Ялпиз қуригач, яхши тозаланган хирмонга олиб борилиб, барглари паншахалар билан аралаштирилади. Хомашё тешиклари 3 миллиметрли ғалвирда поя, қум ва ҳоказолардан тозаланади, кейин қутиларга оҳиста солиниб жойлаштирилади. Дори-дармон учун ишлатиладиган ялпиз япроқларининг ҳосилдорлиги юқори бўлиши учун унинг ўстириш технологиясини яхши билиш керак бўлади. Ҳозирги кунда тавсияларга амал қилиб экилаётган ялпизнинг „Прилукская-6“ навидан 2 тоннадан ортиқ барг йиғиб олинмоқда. Қалампир ялпиз ўсув даврида ўргимчак кана, шира, ялпиз қўнғизи ва ун шудринг каби зараркунандалар, занг ва фузариос билан касалланишни олдини олиш мақсадида митак, байлетон ва каллоидли олтингугурт препаратлари билан ўсув даврида пуркаш мақсадга мувофиқ бўлади. Маҳсулот тайёрлаш. Қалампир ялпиз ғунчалаш даврида ёки ярим гули очилганидан сўнг пичан ўрадиган машинада ўриб олинади (чунки бу вақтда қалампир ялпиз таркибида эфир мойи кўп бўлади). Биринчи ўримдан сўнг қайтадан кўкариб чиққанини кузда ўсимликнинг тагидан яна бир марта ўриб олинади. Йиғилган маҳсулот хирмонда сўлитилиб, сўнгра сўри устида ёки ҳаво қуритгичида қуритилади. Бунда поядаги барглар тўкила бошлайди. Паншаҳа билан пояни силкитиб, тўкилган барглар йиғиб олинади ва қуёшда охирги марта қуритилади. Уни поя қолдиқларидан, қум, кесак ва бошқа аралашмалардан тозаланиб, яшикларга жойланади. Маҳсулот дорихоналарга ва Гален препаратлари олиш учун заводларга юборилади. Эфир мойи олинадиган маҳсулот қалампир ялпиз қийғос гуллаганда йиғилади. Бу даврда гарчи эфир мойи кам бўлса-да, таркибида ментол миқдори кўп бўлади. Йиғилган ўсимлик қуритилгандан сўнг, тозаланади ва эфир мойи олиш учун заводларга юборилади. ЖА Ғ - ЖА Ғ ( АЧАМБИТИ ) — CAPSELLA BURSA Жағ - жағ ( Ачамбити ) — С apsella Bursa Pastoris Medic . карамдошлар — B rassicaceae ( бутгулдошлар — Cruciferae ) оиласига киради . Бир йиллик , бўйи 20—30 ( баъзан 60) см га етадиган ўт ўсимлик . Пояси битта , баъзан бир нечта , тик ўсувчи , шохланган ёки шохланмаган . Илдизолди барглари бандли , чўзиқ ланцетсимон бўлиб , турлича қирқилган барг пластинкасига эга . Поядаги барглари майда бўлади . Гуллари шингилга тўпланган . Меваси — қўзоқча . Апрель ойидан бошлаб кузгача гуллайди , меваси июндан бошлаб етилади . Географик тарқалиши . Собиқ Иттифоқнинг узоқ Шимол ва чўл туманларидан ташқари барча а ҳ оли яшайдиган ерларда , йўл ёқаларида , ўтлоқларда ва бегона ўт сифатида экинлар орасида ўсади . Маҳсулот Украина республикасида ҳамда Волга бўйи туманларида йиғилади . Маҳсулотнинг ташқи кўриниши . Тайёр маҳсулот поя, барг, гул ва хом мева аралашмаларидан иборат. Пояси сийрак баргли, шохланмаган ёки шохланган, қиррали, туксиз ёки туклар билан қопланган, узунлиги 20—50 см бўлади. Илдизолди барглари (агар маҳсулотда бўлса) чўзиқ ланцетсимон, банд томонига қараб торайиб борувчи, кемтик тишсимон қиррали ёки патсимон кесик, баъзан текис қиррали бўлади. Поясидаги барглари майда, ланцетсимон, текис қиррали бўлиб, бандсиз кетма-кет ўрнашган. Гуллари оқимтир рангли, шингилга тўпланган. Косача ва тожбарглари 4 тадан, оталиги 6 та, шундан 2 таси калта, оналик тугуни 2 хонали, юқорига жойлашган. Меваси тескари учбурчак ёки тескари учбурчак юраксимон қўзоқча. Мевасининг узунлиги 5—8 мм, эни 4—5 мм. Маҳсулот кучсиз, ўзига хос ҳидли бўлиб, мазаси аччиқ. XI ДФ га кўра, маҳсулот намлиги 13%, умумий кули 10%, 10% ли хлорид кислотада эримайдиган кули 2%, органик аралашмалар 2% ва минерал аралашмалар 1% дан ошиқ бўлмаслиги керак. Бутун маҳсулот учун: тешигининг диаметри 1 мм бўлган элакдан ўтадиган майдаланган қисмлар 2% дан, илдизидан ажратилмаган поялар ёки айрим ҳолдаги илдизлар, сарғайган барглар ва замбуруғ билан зарарланган ўсимлик бўлаклари 3%, қирқилган маҳсулот учун: тешигининг диаметри 7 мм ли элакдан ўтмайдиган йирик қисмлар 10% дан, тешигининг диаметри 0,5 мм бўлган элакдан ўтадиган майдаланган қисмлар 10% дан ошиқ бўлмаслиги лозим. 70% ли спиртда эрувчи экстракг моддалар миқдори 10% дан кам бўлмаслиги керак. Кимёвий таркиби. Маҳсулот таркибида гиссопин гликозиди, бурса кислота, 0,12% аскорбин кислота, витамин К 1 , олма, лимон, вино, фумар кислоталар, холин, ацетилхолин, тирамин, инозит, флавоноидлар (диосмин ва бошқалар), сапонинлар, ошловчи ҳамда бошқа бирикмалар бўлади. Ишлатилиши. Жағ-жағ ўсимлигининг препаратлари туққандан кейин ва бачадон касалликларида қон оқишини тўхтатиш учун ҳамда бачадон заифлашганда уни тонусловчи восита сифатида ишлатилади. Доривор препаратлари. Дамлама, суюқ экстракт. Жағ-жағ ўсимлигини ўстириш технологияси Жағ-жағ ёки ачамбит Республикамизда барча иқлим шароитларида ўсадиган бир йиллик ўт ўсимлиги ҳисобланади. Жағ-жағ ўсимлигини суғориладиган минтақаларда экиб ўстиришда энг асосий омиллардан ҳисобланган ерларни агротехник қонун — қоидаларга риоя қилиб тайёрлаш экиладиган экинлардан юқори ҳосил етиштириш имконини беради. Ундан ташқари экиннинг турлари, кўп йиллик ёки бир йиллиги ва уларнинг биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланади. Жағ- жағ ўсимлигининг бўйи 60—70 см ва илдиз тизими 10—15 см гача тупроқ қатламларигача кириши мумкин. Жағ-жағ ўсимлигини катта майдонларда экиладиган бўлса, ундан олдин экилган ўтмишдош экинларни ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Далалар барча бегона ўт илдизларидан тозаланиб, (жағ-жағ бегона ўтларга бардош бера олмайди) илдиз тизимини ҳисобга олган ҳолда ҳайдаш чуқурлиги белгиланади. Жағ-жағ экиладиган ерларни ҳайдашдан мақсад бегона ўтлардан тозалаш, уларга қарши курашиш, тупроқнинг физик ва кимёвий хоссаларини яхшилаш, ерларни бир хил текислаш ва нам сақлашдан иборатдир. Бу тадбирларни амалга оширган ҳолдагина, жағ-жағ ўсимлигини ўсиши ривожланиши ва ҳосилдорлиги юқори бўлади. Кузда жағ-жағ экиладиган майдонлар 30 см чуқурликда (20—30 тонна гўнг ва 40 кг фосфор ўғити бериб) ҳайдалади. Эрта баҳорда ерлар борона ва мола механизмлари ёрдамида текисланиб, бегона ўтлардан тозаланиб, тупроқнинг 8—10 см ли қатлами 15—17°С қизиганда, 60—70 см оралиғида ариқ олиниб, уруғлар 2—3 см чуқурликда дон ва сабзавот экиладиган сеялкаларда экилади. Гектарига 8—10 кг уруғ сарфлаш тавсия қилинади. Уруғларни экишдан оддин 0—4°С да тезроқ униб чиқиши учун стратификация қилиш лозим бўлади. Экилган уруғлар 10—15 кунда униб чиқади. Майсалар оралиғи 10—15 см дан қилиб ягана қилинади. Ҳар бир тупда 2—3 тадан соғлом ўсимлик қолдирилади. Тўпбарг ва гул чиқариш фазасида культивация қилинади. Жағ-жағ ўсимлиги униб чиқандан сўнг биринчи ўғитлашни амалга ошириш лозим бўлади ва гектар ҳисобига 30 кг дан азотли ва фосфорли ўғитлар билан озиқлантирилади. Ўсимлик гуллаш фазасида озиқа элементларни кўп талаб қилади. Шуларни эътиборга олиб, гуллаш фазасида азотли ва калийли ўғитлардан 40 кг дан бериб озиқлантирилади. Ўсимликнинг гуллари тўкилмаслиги ва пояси бақувват бўлиши учун калий ўғити билан озиқлантирилади. Озиқлантириш суғоришдан олдин амалга оширилади. Ўсув даврида 5—6 марта суғорилади. Унинг вегетацион даври калта бўлганлиги учун озиқлантиришни гуллаш фазасида тугатишни тавсия қилинади. Жағ-жағ экилган майдонларга ўртача гектарига 70 кг азот, 50 кг фосфор ва 40 кг калий ўғити билан озиқлантирилса, яхши ҳосил етиштириш имкони туғилади. Маҳсулот тайёрлаш. Ўсимлик гуллаши ва меваси етилиши даврида илдизи билан суғуриб олинади. Илдизини (баъзан, илдизолди барглари билан) ташлаб юбориб, қолган қисмини соя жойда қуритилади. ЎТКИР (НАЙЗА) БАРГ САНО — CASSIA ACUTIFOLIA DEL. Ўткир (найза) барг сано — C assia A cutifolia D el . дуккакдошлар — Caesalpiniaceae оиласига киради. Ҳар иккала сано ўсимлиги бўйи 1 м га етадиган ярим бута. Пояси шохланган, пастки қисмидаги шохлари ерда судралиб ўсади. Барги жуфт патли мураккаб, 4—8 та жуфт баргчалардан ташкил топган бўлиб, пояда банди билан кетма-кет ўрнашган. Гуллари шингилга тўпланган. Гули қийшиқ, косачабарги 5 та, асос қисми бирлашган, тожбарги 5 та, бирлашган, сариқ, оталиги 10 та, ҳаммаси эркин ҳолда, оналик тугуни бир хонали, юқорига жойлашган. Меваси — ясси, япалоқ тухумсимон, баъзан бир оз қайрилган, яшил-жигарранг ва кўп уруғли дуккак. Уруғи сариқ ёки яшилроқ, деярли тўртбурчаксимон, тўрсимон бурушган, узунлиги 6—7 мм. Июнь ойининг охиридан бошлаб, кузгача гуллайди. Меваси сентябрдан бошлаб етилади. Географик тарқалиши. Сано ўсимлиги ёввойи ҳолда Африканинг чўл ва ярим чўл вилоятларида (Судан, Нубия ва Қизил денгиз бўйида) ҳамда Арабистоннинг жанубида учрайди. Бир йиллик ўсимлик сифатида Ўрта Осиё ва Кавказда ўстирилади. Cassia acutifolia Del. Искандария порти орқали чет элга чиқарилгани учун у яна Африка, Миср ёки Искандария саноси деб ҳам юритилади. Cassia anugutifolia Vahl. Ҳиндистонда ўстирилгани учун Ҳиндистон саноси деб аталади. Санонинг яна бир тури — тўмтоқ баргли сано (Италия саноси) Cassia obovata Collad. бор. Бу сано ҳам Африканинг марказий қисмидан келиб чиққан бўлиб, баргчасининг шакли билан (баргчаси тўмтоқ, тескари тухумсимон) бошқа турларидан фарқ қилади. Бу ўсимликнинг баргчаси таркибида таъсир этувчи модда — антрацен унумлари кам бўлади. Маҳсулотнинг ташқи кўриниши. Баргли маҳсулот жуфт патли мураккаб баргнинг бутун ёки қисман майдаланган баргчалари, умумий банлар ҳамда бир оз поянинг ингичка, ёғочланмаган қисми ва гуллар аралашмасидан ташкил топган. Баргчалар ланцетсимон, ўткир учли, барг пластинкаси ассимметрик, текис қиррали, мўрт, калта бандли бўлиб, узунлиги 1—3 см, эни 0,4—1,2 см (тор барг сано баргини узунлиги 2—6 см, эни 0,6—2 см). Баргчаларнинг иккиламчи томири асосий томирдан ўткир бурчак ҳосил қилиб чиқади ва учи билан бирлашиб, барг пластинкаси қиррасига параллел йўналган чизиқ ҳосил қилади. Маҳсулот кучсиз ўзига хос ҳид ва шиллиқ-аччиқроқ мазага эга. XI ДФ га кўра маҳсулот намлиги 12%, умумий кули 12%, 2 мм дан йўғон поя бўлакчалари 3%, қўнғир рангли, қорайган ва сарғайган барглар 3%, мевалар 4%, тешигининг диаметри 1 мм ли элакдан ўтадиган майдаланган бўлакчалар 3,5%, органик аралашмалар 3% ва минерал аралашмалар 1% дан ошиқ ҳамда баргчалар миқдори 60% ва антрацен унумларини агликонларининг (хризофан кислотасига нисбатан ҳисоблаганда) миқдори 1,35% дан кам бўлмаслиги керак. Булардан ташқари майдаланган (қирқилган) маҳсулот учун 7 мм дан йирик бўлган бўлакчалар 10% ва тешигини диаметри 0,5 мм ли элакдан ўтадиган майда қисми 10% дан ошиқ бўлмаслиги керак. Мевали маҳсулот кенг овал шаклли, ялпоқ, қалин, бир оз эгилган, узунлиги 3—5 см, эни 1,5—2,5 см ли, жигарранг-яшил рангли дуккаклардан иборат. Уруғлар ялпоқ, бурчакли — юраксимон, сарғиш-яшил рангли бўлиб, усти тўрсимон буришган. Маҳсулот намлиги 12%, умумий кули 12%, поя бўлакчалари ва барг бандларининг аралашмаси 10%, органик аралашмалар 3% ва минерал аралашмалар 1% дан кўп, антрацен унумларининг (агликонларга нисбатан ҳисоблаганда) миқдори 1,4% дан кам бўлмаслиги керак. Кимёвий таркиби. Ўткир баргли сано ўсимлиги баргида 6,17%, мевасида 2,70%, тор баргли сано баргида эса 3,77%, мевасида 4,6% гача антрацен унумларининг йиғиндиси (сеннозид А, сеннозид В, сеннозид С, сеннозид Э, реин, алой-эмодин, глюко-алой-эмодин, глюкореин ва бошқалар) бўлади. Сано барглари таркибида антрацен унумларидан ташқари, флавоноидлар (изорамнетин, кемпферол ва уларнинг гликозидлари) ҳамда салицилат ва бошқа органик кислоталар, смолалар ва жуда оз миқдорда алкалоидлар бор. Меваси таркибида смола бўлмайди. Антрацен унумлари санонинг ёш баргларида кўп тўпланиб, барг қариган сари улар миқдори ҳам камайиб боради. Агар ўткир баргли сано таркибидаги антрацен унумларининг ёш барглардаги умумий миқдори 5,8% бўлса, барг сатҳи катталашган сари, бу бирикмалар камайиб, охирида 3,8%) қолади. Мева таркибида аксинча антрацен унумлари мева пишиб етилган вақтида максимал тўпланади. Сано баргининг асосий таъсир этувчи гликозидлари — сеннозид А ва сеннозид В гидролиз натижасида қанд қисми — глюкоза ва агликонлари — сеннидин А ва сеннидин В га парча-ланади. Бу бирикмалар бир-бирининг стериоизомерлари бўлиб, сеннидин А оптик фаол (кучли физиологик таъсир кўрсатади), сеннидан В эса оптик фаол эмас (физиологик таъсири анча кучсиз). Ҳиндистоннинг қуруқ (намлик кам бўладиган) туманларида ўсадиган тор баргли сано барги таркибига 4,23% гача сеннозидлар ва 3,54% гача реин бўлади. Ишлатилиши. Сано препаратлари сурги сифатида ишлатилади. Барг таркибидаги смолалар спиртда ва қайноқ сувда эрийди, бу смолалар ичакни оғритиш хусусиятига эга. Шунинг учун ҳам тайёрланган дамламани совитиб, смола чўкканидан кейин фильтрлаш лозим. Баъзан барг таркибидаги смолани спиртда эритиб олиб, кейин дори турлари тайёрланади. Доривор препаратлари. Барг дамламаси, мураккаб сано дамламаси (Вена ичимлиги), қуруқ экстракт (таблетка ҳолида чиқарилади), баргдан тайёрланган кукун (порошок) мураккаб қизилмия (чучукмия) кукуни (порошоги), сано барги ва меваси кафиол мураккаб препарат таркибига киради. Мева таркибида смола бўлмагани учун у анча юмшоқ таъсир кўрсатади. Сано баргидан Ҳиндистонда тайёрланадиган препаратлар — сенаде ва глаксена ҳамда Собиқ Иттифоқда чиқариладиган шу типдаги препарат — сенадексин. Сано сурги сифатида ишлатиладиган ва бавосил касаллигида қўлланиладиган чой — йиғмалар таркибига ҳам киради. Сано ўсимлигини ўстириш технологияси Сано дуккакдошлар оиласига мансуб бўлиб, бўйи 1 метрга етадиган ярим бута ўсимликдир. Сано ксерофит ўсимлик, ёруғсевар ва иссиқсевардир. Ўсимлик намгарчиликни ёқтирмайди. Тупроқ ҳарорати 25—30°С бўлганда яхши ривожланади. Сано учун унумдор. механик таркиби ўртача бўлган тупроқларда экишни тавсия қилинади. Сано экиладиган майдонларни кузда ер ҳайдаш олдидан 20—25 тонна органик ўғит бериб 25—28 сантиметр чуқурликда ҳайдаб қўйилади. Санони дуккакли ўсимликлар экилган майдонларда экишни тавсия қилинмайди. Экиш олдидан баҳорда тупроқ икки марта бороналанади. Апрель ойларининг ўрталарида тупроқ ҳарорати 18—20°С бўлганда уруғлар экилади. Экишдан олдин санонинг уруғи сульфат кислотасида (3   :   1 нисбатда) 18—20 минут ушланиб, уни сувда ювиб ва қуритиб ва сабзавот экадиган мосламаларда (СО-4,2 ёки СКОН-4,2) эгат оралари 70 сантиметр қилиб, 2—3 сантиметр чуқурликда уруғлар экилади. Бир гектар ерга ўртача 8—10 кг уруғ сарфлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Сано уруғидан кўпаяди. Санонинг уруғлари 12—15 кундан кейин униб чиқади. Ўсимлик экилгандан кейин ҳаво ҳарорати пасайиб кетса, намгарчилик кўп бўлса ва қатқалоқ бўлган майдонларда илдиз чириш касаллиги билан зарарланади ва униб чиқиши кечикади. Майсалар пайдо бўлгандан кейин 6—8 см чуқурликда культивация қилиниб ва бегона ўтлардан тозаланиб ягана қилинади ва суғорилади. Поялар пайдо бўлгандан сўнг 8—10 см чуқурликда культивация қилиниб, ўсимлик оралари юмшатилади, бегона ўтлардан тозаланади ва минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Вегетация давомида санони 6—7 марта суғорилади, гектар ҳисобида 80—90 кг азот, 70 кг фосфор ва 50 кг калий билан озиқлантирилади. Ҳар бир ўғитлаш суғоришдан олдин амалга оширилади. Санонинг хомашёси ўриб олингандан кейин ўсимлик экилган майдонларни, албатта, озиқлантиришни тавсия қилинади. Маҳсулот тайёрлаш. Санонинг ҳосилини йиғиб олиш муддати, ўсимлик тўлиқ гуллаб, мева ҳосил қилган даврдан (ўсимликнинг барглари мовий рангга кирганда) бошланади. Биринчи навбатда 4—5 кун давомида пастки шохчалардаги барглар қўлда терилади. Иккинчи терим 20—25 кундан кейин амалга оширилади ва бу жараён совуқ тушгунча давом этади. Ўсимликнинг уруғлари (дуккаклари) пишгандан кейин бир неча марта қўлда терилиб тозаланади ва қуритилади. Санонинг териб олинган барглари салқин жойда, брезент устида ёйиб қуритилади. Мавсум давомида яхши парвариш қилинган санонинг ҳар гектаридан 10—12 центнер қуриган барг ва 300 кг гача уруғ йиғиб олиш мумкин бўлади. АНИССИМОН (ОДДИЙ) АРПАБОДИЁН — PIMPINELLA ANISUM L. (ANISUM VULGARE GAERTN) Аниссимон (оддий) арпабодиён — Pimpinella Anisum L. (Anisum Vulgare Gaertn) cелдердошлар — Apiaceae (соябонгулдошлар — Umbelliferae ) оиласига киради. Арпабодиён бир йиллик, бўйи 30—60 см га етадиган ўт ўсимлик. Пояси тик ўсувчи, тукли, кўп қиррали, юқори қисми шохланган. Илдизолди ва поянинг пастки қисмидаги барглари узун бандли, юмалоқ, буйраксимон, тухумсимон ёки бўлакли, йирик тишсимон қиррали. Поянинг ўрта қисмидаги барглари узун бандли, уч бўлакли (бўлаклари ромбсимон), аррасимон қиррали, поянинг юқори қисмидагилари эса қинли, 2—5 марта патсимон қирқилган. Поя учидаги барглар бандсиз, уч бўлакка қирқилган ёки бутун, чизиқсимон, ёхуд тор ланцетсимон бўлади. Барглар пояда банди билан ёки қини ёрдамида кетма-кетма жойлашган. Гуллари майда, кўримсиз, оқ рангли, мураккаб соябонга тўпланган бўлиб, соябонгулдошлар оиласига хос тузилган. Косачабаргларининг тиши билинар-билинмас, гултожиси беш баргли, оталиги 5 та, оналик тугуни икки хонали, пастга жойлашган. Меваси — қўшалоқ писта. Июнь-июль ойларида гуллайди, меваси августда етилади. Географик тарқалиши. Арпабодиён ўсимлигининг ватани Туркия. Воронеж ва Белгород вилоятларида, Волга бўйида, Шимолий Кавказда, Украинада ва Ўрта Осиёда ўстирилади. Собиқ Иттифоқ селекционерлари арапабодиённинг юқори ҳосилли ва эфир мойига бой янги навларини ( Алексеевский №38 ва бошқалар) етиштирдилар. Шу навлар ҳўжалик далаларида ўстирилмоқда. Маҳсулотнинг ташқи кўриниши. Тайёр маҳсулот сариқ-кулранг ёки қўнғир-кулранг қўшалоқ пистадан иборат. Мева узун бандли, тухумсимон ёки тескари ноксимон, асос қисми кенг бўлиб, учки қисмига қараб торая боради. Мева узунлиги 3—5 мм, эни (асос қисми бўйича) 2—3 мм. Пишган мевасини икки бўлакка (ўртасидан узунасига) ажратиш мумкин. Ҳар қайси мева бўлаги ичида биттадан (мева пўстига ёпишган) уруғи бўлади. Мева бандининг юқори қисми айрисимон бўлиб, ҳар қайси қисмига мева бўлаклари ўрнашган. Меванинг юқори қисмида беш тишли гулкосачаси ва икки томонга эгилган оналик устунчаси сақланиб қолган. Яримта меваларнинг ички томони текис, бир-бирига тегиб туради, устки томони эса дўнг бўлиб, 5 та узунасига жойлашган қовурғаларга эга. Қовурғаларнинг иккитаси четки ҳисобланади. Мевадаги туклар жуда майда, улар фақат лупа ёки микроскоп остида кўринади. Маҳсулот ўзига хос хушбўй ҳидга ва ширин — ўткир мазага эга. XI ДФ га кўра маҳсулот намлиги 12%, умумий кули 10%, 10% ли хлорид кислотада эримайдиган кули 2,5%, синган ва пишмаган мевалар 5%, бошқа эфир мойли ўсимликларнинг хушбўй ҳидли ва арпабодиён бошқа турларининг мевалари аралашмаси 1%, органик аралашмалар, жумладан, арпабодиён пояси аралашмаси ва бошқа ўсимликларнинг хушбуй ҳид бермайдиган мевалари 1% ҳамда минерал аралашмалар ва тешигининг диаметри 1 мм бўлган элакдан ўтадиган қисмлар 1% дан ошмаслиги керак. Кимёвий таркиби. Мева таркибида 1,2—3,2% (баъзан 6% гача) эфир мойи, 8—28,4% ёғ ва оқсил моддалар бўлади. XI ДФ га кўра мева таркибида 1,5% эфир мойи бўлиши керак. Эфир мойи майдаланган ва пишган мевалардан сув буғи ёрдамида ҳайдаб олинади ва сувдан ажратилиб, сув буғи билан яна бир марта ҳайдаб, тозаланади. Тоза эфир мойи 15°C да оқ кристалл шаклда қотади ва 20° да эрий бошлайди. Эфир мойи рангсиз ёки оч сарғиш суюқлик бўлиб, ўзига хос ҳиди ва ширинроқ мазаси бор. Зичлиги 0,979—0,991, рефракция сони 1,552—1,560; қутбланган нур текислигини оғдириш бурчаги –2—0°. Эфир мойи таркибида 80—90% стеароптен-анетол, 10% метилхавикол, анис альдегид, анис кетон ва анис кислота ҳамда бошқа терпенлар учрайди. Агар эфир мойи ёруғликда узоқ сақланса, мой бузилади. Анетол оксидланиб, анис альдегидга, сўнгра анис кислотага ўтиши мумкин. Шу туфайли мойнинг кислоталилиги ошиб кетади ва у бузилади. Ишлатилиши. Арпабодиён меваси препаратлари ва мойи тиббиётда бронхит касаллигида балғам кўчирувчи, ичак фаолиятини яхшиловчи, ел ҳайдовчи дори сифатида ҳамда фармацевтикада дорилар мазасини яхшилаш учун ишлатилади. Арпабодиён уруғидан олинган мой совун пиширишда кенг қўлланилади. Меваси ва эфир мойи озиқ-овқат саноатида, анетол эса парфюмерияда шлатилади. Доривор препаратлар. Арпабодиён эфир мойи. Арпабодиён эфир мойи кўкрак эликсири ва нашатир арпабодиён томчиси таркибига киради. Арпабодиён меваси ич юмшатувчи ва кўкрак оғриғига қарши ишлатиладиган йиғмалар — чойлар таркибига киради. Арпабодиён эфир мойи анизет — Pimpinella anisetum Boiss. Ўсимлиги мевасидан ҳам олинади. Анизет икки йиллик ўт ўсимлик сифатида ўстирилади. Бу ўсимлик меваси таркибида 8% дан кўпроқ эфир мойи бўлади. Эфир мойи таркибида эса 77—87% анетол бор. Арпабодиён эфир мойига ўхшаган бир хил кимёвий таркибга эга бўлган эфир мойи тропик мамлакатларда (Хитой, Япония, Вьетнам ва бошқалар) учрайдиган ва ўстириладиган доим яшил Illicium verum Hook. дарахти (могнолиядошлар — Magnoliaceae оиласига киради) мевасидан олинади. Бу ўсимликнинг меваси юлдузсимон анис меваси ( Fructus Anisi stellati ) ёки бадъён номи билан озиқ-овқат саноатида ишлатиш мақсадида чет элдан келтирилади. Аниссимон (оддий) арпабодиён ўсимлигини ўстириш технологияси Оддий арпабодиён ёки оқ зира-укроп ҳиди анқиб турадиган бир йиллик ёки икки йиллик ўсимлик бўлиб, Ўзбекистонда тарқалган барча суғориладиган ерларда ёки лалмикор ерларда ҳам ўсадиган ёруғсевар ва қурғоқчиликка мослашадиган ўсимлик ҳисобланади. Арпабодиён учун ҳайдаб экиладиган ва кузги экинлардан бўшаган ерларни ажратиш тавсия қилинади. Арпабодиён экиладиган ерларни кузда ҳайдашдан олдин маҳаллий ўғитлар ва суперфосфат бериб 25—28 см чуқурликда сифатли қилиб ҳайдаб қўйилади. Сизот сувларининг сатҳи чуқур ва ёғингарчилик кам бўладиган ерларда азот ўғитидан гектар ҳисобига 20—30 кг бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Арпабодиён ўсимлигини уруғларини кузда ва эрта баҳорда ҳам экиш мумкин. Экишдан олдин ер текисланади ва бегона ўт қолдиқларидан тозаланади. Уруғини март ойининг охири ва апрелнинг бошларида тупроқ ҳарорати 15—17°С бўлганда қатор оралари 60—70 см қилиб 1—2 см чуқурликда сабзавот сеялкалари билан гектарига 8—10 кг дан уруғ сарфлаб экилади. Уруғларни бир текис экилиши учун ёғоч қипиқлари, қум ёки чириндига аралаштириб экиш тавсия қилинади. Баҳорда экилган уруғлар 6—8 кунда униб чиқади. Кузда экилган уруғларнинг бир қисми совуқ тушгунча униб чиқади ва майсалари тўпгулбарг тарзида қишлайди. Сақлаб қолинган экинлардаги майсаларнинг бир қисми тўпгулбарг ҳолатида бўлади ва иккинчи йили гуллай бошлайди. Арпабодиённи яхши ўсиши ва ривожланиши учун уни яганалаш, бегона ўтлардан тозалаш ва ораларига ишлов беришдан бошланади. Биринчи кунларда майсаларнинг секин ўсиши кузатила бошлайди ва бегона ўтлар орасида қолиб кетмаслиги учун ерларни культивация ва юмшатиб турилади. Арпабодиён зич экилганда ёки бегона ўтлар кўпайиб кетганда баҳор серёмғир келганда ўсимликларда зараркунанда ва касаллик пайдо бўлишини олдини олиш керак бўлади. Ўсимлик тупларининг зичлиги бир метрга 10—15 донадан ортиқ бўмаслиги керак. Биринчи йили ўсимликнинг илдиз тизимига зарар етказмасдан эҳтиёткорлик билан қатор ораларига ишлов бериш тавсия қилинади. Тупроқнинг намлиги ва ўсимликнинг ҳолатига қараб суғоришни табақалаб ўтказиш лозим. Мавсум давомида 6—7 марта суғорилади. Арпабодиён ўсув даврида, айниқса илдиз тизимининг ривожланиш фазасида сувни кўпроқ талаб қилади. Арпабодиён ўсимлигини майсалар униб чиққандан кейин уларнинг яхши ривожланиши учун қатор ораларига ишлов бериш билан бир вақтда гектар ҳисобига азот ўғитидан 40 кг ва 20 кг дан калий ўғити берилади. Ўғитларни 7—8 см чуқурликда солиш тавсия қилинади. Иккинчи озиқлантириш шоналаш фазасида 30 кг дан азот ва 20 кг дан фосфор ўғити берилганда унинг ўсиши ва ривожланиши янада тезлашади. Охирги озиқлантириш арпабодиённинг пояси ўсиб, гуллай бошлаши даврида гектар ҳисобида 40 кг дан азот ва 20 кг калий ўғити берилади. Бу даврда арпабодиённинг бўйи 2 метргача ва ундан баландроқ бўлиб, кўплаб мева тугган фазасига тўғри келади. Арпабодиён мева тутган фазасида озиқа элементларга жуда талабчан бўлади. Ўсимликни озиқлантириш суғоришдан олдин амалга оширилиши керак. Шуларни эътиборга олиб мавсум давомида оддий арпабодиён экилган майдонларга ўртача гектар ҳисобига 90—100 кг азот, 70—80 кг фосфор ва 50—60 кг калий ўғити билан озиқлантириш тавсия қилинади. Иккинчи ва кейинги йилларда арпабодиён экинзорларига гектар ҳисобида 40 кг дан азот, 30 кг дан фосфор ва 20 кг дан калий ўғити билан озиқлантирилади. Кейинги йиллари арпабодиён экилган ерларда унинг илдиз поялари бирлашиб кетиши муносабати билан ораларини культивация қилиш ва ўғитлаш имконияти бўлмайди. Шунинг учун арготехник тадбирларни шох-шаббалари бирикиб кетгунга қадар амалга оширилиши тавсия қилинади. Маҳсулот тайёрлаш. Арпабодиён ўсимлигини уруғларини пишиб етилиш даври узоқ чўзилади (август-октябрь). Шунинг учун биринчи уруғ йиғиш қўлда, танлаб олиб борилади. Иккинчи галги уруғ йиғиш механизация ёрдамида ўтказилади, пояларнинг юқори қисмлари механизм ёрдамида ёки қўлда ўрилади. Сўнг боғ-боғ қилиб, хирмонга тўпланади. Уруғни қуритиш ва етилтириш 1—1,5 ҳафта давом этади. Ундан кейин ғалла янчадиган машинада уруғлар янчилади, ғалвирларда тозаланади. Уруғни сақлаш муддати 3 йил. Агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширилса суғориладиган ерларга экилган арпабодиённинг ҳар гектаридан 10—15 центнер уруғ йиғиб олиш мумкин. Фойдаланилган адабиётлар рўйхати 1. Агрохимия (Под ред. Б.   А.   Ягодина). Москва, 1982. 2.Вопросы агротехники возделывания лекарственных культур. Часть 1, Москва, 1978. 3. Справочник по лекарственным культурам. Воронеж, 1963. 4. Холматов Х.   Х., А.   И.   Қосимов русча-латинча-ўзбекча доривор ўсимликлар луғати, Тошкент, 1992. 5. Холматов Х.   Х., Аҳмедов Ў.   А. „Фармакогнозия“, Тошкент, 2007 й. 6. Мусаев Б.   С. „Ўғит қўллаш тизими“, Тошкент, 1998. 7. Атабоева Ҳ.   Н.   ва бошқалар. Тошкент, 1995. Ўсимликшунослик. 8. Мурдахаев Ю.   М. Лекарсвенные культуры в Узбекистане, Ташкент, 2001. 9. Мурдахаев Ю.   М. Ўзбекистонда ватан топган доривор ўсимликлар. Тошкент, 1990. 10. Турова А.   Д. Сапожникова Э.   Н. Лекарственные растения СССР и их применение. Москва, 1982. 11. Мусаев Б.   С. Агрокимё. Тошкент, 2001. 12. Эрматов А. Суғориладиган деҳқончилик. Тошкент, 1983. 13. Холматов Х.   Х., Ҳабибов. Ўзбекистон доривор ўсимликлари. Тошкент, 1971. 14. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений СССР. Москва, 1976.