logo

Озиқ – овқат хом ашёси ва ярим тайёр махсулотларга ишлов беришга қўйиладиган санитария

Yuklangan vaqt:

23.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

140.9296875 KB
Озиқ – овқат хом ашёси ва ярим тайёр махсулотларга ишлов беришга қўйиладиган санитария ва гигиена талаблари Режа: 1. Озиқ – овқат хом ашёларига бирламчи ишлов беришга қўйиладиган талаблар. 2. Ярим тайёр маҳсулотларга иссиқлик таъсирида ишлов беришга қўйиладиган санитария ва гигиена талаблари. 3. Овқатланиш корхоналарида ўта тез бузиладиган таомларни тайёрлаш ва озиқа қўшимчаларини қўллаш бўйича санитария ва гигиена талаблари    Озиқ – овқат хом ашёларига бирламчи ишлов беришга қўйиладиган талаблар    Тўлиқ технологик циклда ишлайдиган овқатланиш корхоналарида таомлар тайёрлаш бўйича технологик жараёнларни шартли равишда иккига бўлиш мумкин: - озиқ – овқат хом ашёларига бирламчи ишлов бериш жараёнлари; - ярим тайёр маҳсулотларга иссиқлик таъсирида ишлов бериш жараёнлари.  Бирламчи ишлов бериш жараёнларининг асосий мақсади - хом ашёлардан ярим тайёр маҳсулотлар олиш бўлса, иссиқлик таъсирида ишлов бериш жараёнларининг мақсади эса ярим тайёр маҳсулотлардан истеъмол қилиш учун тайёр таомларни ишлаб чиқаришдан иборат.  Овқатланиш корхоналрида санитария ва гигиена талаблари асосан гўшт ва гўшт маҳсулотларига, балиқ ва балиқ маҳсулотларига, сабзавотларга ҳамда тухум ва ёрмаларга бирламчи ишлов бериш жараёнларига қўйилади, чунки улар иритиб –  чиритадиган микроорганизмларнинг ривожланиши учун энг қулай муҳит ҳисобланади. Сабаби шундаки, микроорганизмларнинг ўниб ўсиши учун уларда барча озиқа моддалар ва намлик етарли даражада бўлади. Агар санитария қоида ва талабларига риоя қилинмаса, маҳсулотларнинг нафақат озиқа ва биологик қийматлари пасайиб кетиши, бундан ташқари улар истеъмолчилар организмига касалликларни келтириб чиқарувчи манбага айланиб қолишлари мумкин.  Озиқ – овқат хом ашёларига бирламчи ишлов беришга қўйиладиган санитария ва гигиена талаблари барча маҳсулотларга ёки уларнинг маълум бир турларига тегишли бўлиши мумкин. Умумий санитария талаблари қуйидагилардан иборат: - ҳар бир хом ашё турига аълоҳида жойда ишлов бериш; - технологик ишлов беришда хом ашёнинг фақат ушбу тури учун мўлжалланган инвентар ва инструментлардан фойдаланиш; улар ва технологик жиҳозлар санитария талабларига кўра ювилган ва дезинфекция қилинган бўлишлари шарт;  ишлов беришда технологик жараёнларни ўтказиш талабларига қатъий риоя қилиш лозим.  Қуйида хом ашёларнинг асосий турларига тегишли гигиена ва санитария талаблари кўриб чиқилади. Агар таомлар тайёрлашда музлатилган гўшт ишлатилганда унинг музини туширишда қуйидаги талабларга риоя қилиниши лозим: - гўштнинг, шу жумладан парранда гўштининг, музи очиқ ҳавода секинлик билан туширилади. Акс ҳолда шира билан ажралиб чиқаётган экстрактив моддалар (оқсиллар, минерал моддалар, витаминлар, таъм ва ҳид ҳосил қилишда иштирок этувчи моддалар) гўштга қайта сингилмайди; - барча гўшт маҳсулотлари бўлакланишдан олдин совуқ сувли душ билан чўтка ёрдамида ювилади. Ювиш ва қуритиш даврида гўшт танаси юзасидаги микроорганизмлар миқдори 90 % гача камаяди; - музлатилган субмаҳсулотларининг микроорганизмлар билан ифлосланиш даражаси гўштга нисбатан юқорироқ бўлади. Улар музи очиқ ҳавода туширилгандан кейин қон, жун, парда ва шилимшиқ моддалар қолдиқларидан тозаланади ва яхшилаб ювилади. Уларни ювиш ва бошқа технологик ишлов бериш учун алоҳида ванна, стол, кесиш тахтачалари ва пичоқларидан - фойдаланилади;  Овқатланиш корхоналарида гўштдан ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қуйидаги санитария талабларига эътибор берилиши лозим: - микроорганизмлар билан қўшимча ифлосланмаслиги учун ҳар бир гўшт туридан ишлаб чиқариладиган ярим тайёр маҳсулот - алоҳида столларда тайёрланади; - гўштли ярим тайёр маҳсулотлар, кераклилик даражасига қараб, кам – камдан тайёрланади; агар тайёрланган ярим тайёр маҳсулотлар ишлатилмай қолинганда, уларни зудлик билан совутгичларга қўйиш ва фақат белгиланган муддат даврида сақлаш керак;  овқатланиш корхоналарида гўшт қиймалари ва котлет массалари фақат кераклигича тайёрланиши лозим. Уларни олдиндан бутун иш кунига тайёрлаб қўйиш ман этилади.  Котлет массалари зарур бўлганда пиёзсиз ва зираворларсиз қалинлиги 10см .дан ошмаган ҳолда энг узоғи билан 6 соат давомида совутгичларда 2–6 о С да сақланиши мумкин. Котлет массасидан тайёрланган ярим тайёр маҳсулотлар қирраси билан бир қатор терилган ҳолда 2–6 о С да 12 соатгача совутгичларда сақалниши мумкин.  Балиқ овқатланиш корхоналарига асосан музлатилган, совитилган ҳолларда ва тириклигича келтирилади. Санитария ва гигиена талабларига кўра частик балиқлар (судак, сазан, толстолобик ва ш. ў.) музидан сувга солиб туширилади ва сувга ош тузи (1 – 2%) қўшилади. Балиқларнинг белуга, севрюга, осетра, лаққа каби турлари омборхона ҳароратида, худди гўштдек, илгакларга осилган ҳолда музидан туширилади. Балиқ юзаси ва ички органлари парранда гўштларига нисбатан ҳам ошиқча ифлосланган ва бошқа маҳсулотларга тез ўтадиган ўзига хос ҳидга эга бўлади. Шу сабабли ҳам балиқларга бирламчи ишлов бериш учун алоҳида цех ташкил қилинади.  Амалдаги санитария қоидаларига риоя қилиш учун балиқни бозорлардан харид қилишда қатор талабларга эътибор бериш лозим, чунки истеъмолчилар организми аксарият ҳолларда айниган балиқдан зарар кўради. Балиқнинг айнимаганлигини унинг рангига, ҳидига, ойқулоқларига ва тангачалари ва бошқа кўрсаткичларига қараб аниқлаш мумкин. Айнимаган балиқнинг тангачалари мустаҳкам, териси эластик (яъни бармоқ билан босилса, яна жойига қайтадиган) кўзлари ярқираган, ойқулоқлари қизил бўлади. Айниган балиқ юзасида шилимшиқ модда пайдо бўлади, тангачалари қўл билан тегинганда тушиб кетаверади, кўзлари чўккан, ойқулоқлари эса оқарган бўлади. Бундай балиқ эса сувда чўкмайди.  Музлатилган (совитилган) балиқ ёки тўштнинг айнимаганлигини билиш учун унинг этига учи қиздирилган пичоқни тиқиб кўриш мумкин. Айниган балиқ ёки гўштдан дарров сасиган ҳид чиқади.  Келтирилган балиқ дарров тозаланиб ювилиши, ошиқчаси совитиш ускуналарига қўйилиши ва у ҳам бўлса кўрсатилган муддатдан ошиқ сақланмаслиги керак. Бундан ташқари ярим тайёр маҳсулотлар фақат керакли миқдорда ва бевосита иссиқлик таъсирида ишлов беришдан олдин тайёрланиши лозим. Ярим тайёр маќсулотларга иссиқлик таъсирида ишлов беришга қўйиладиган санитария ва гигиена талаблари  Ярим тайёр маҳсулотларга иссиқлик таъсирида ишлов беришнинг юқорида кўрсатилган технологик ва физиологик аҳамиятларидан ташқари катта санитарик аҳамиятиа ҳам бор. Иссиқлик таъсирида таомлар тайёрлаш учун ишлатиладиган ярим тайёр маҳсулотлар микроорганизмлардан зарарсизлантирилади. Ярим тайёр маҳсулотларга иссиқлик таъсирида ишлов беришда қайнатиш ва қовуриш усулларии ҳамда уларнинг шаклларидан кенг фойдаланилади.  Қайнатиш усули. Таомларни тайёрлашда бу усулдан кенг фойдаланилади. Қайнатиш сув ва тўйинмаган буғ ёрдамида амалга оширилади. Буғ билан ишлов бериш асосан болалар, қариялар ва баъзи бир касалликлар билан касалланган кишилар учун таомлар тайёрлашда қўлланилади. Қайнатишнинг бу усулида ярим тайёр маҳсулотларнинг таркибий қисмлари, айниқса сувда эрийдиган витаминлар, максимал сақланиб қолади.  Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг аксариятида сувда қайнатиш 100 о С атрофида амалга ошрилади. Бундай ҳароратда вазни ҳатто 1,5 – 2,0 кг маҳсулот марказида ҳарорат 70 –80 о С гача кўтарилади. Маълумки, ушбу ҳароратларда барча вегетатив микроорганизмлар ҳалок бўлади. Бундан ташқари гўшт маҳсулотларига қизил ранг берадиган миоглобин пигменти тўлиқ рангсизланади. Парранда (товуқ, ўрдак, ғоз) гўштлари майдаланмасдан қайнатилади, кейин эса бошқа таомларни тайёрлаш учун майдаланиб ишлатилади. Майдалашда улар микроорганизмлар билан қайтадан ифлосланиши мумкин. Шунинг учун ҳам майдаланган гўшт 5 – 7 мин. давомида иссиқ булонда ушланади ва қайнаш даражасигача етказилади.  Сабзавотларни қайнатишда қуйидаги гигиена талабига риоя қилиш лозим: қайнатиш даврида уларнинг таркибидаги витаминларнинг парчаланиб кетмаслиги учун сабзавотлар қайнаб турган сувга солиниши ва қайнаш даврида сув маҳсулотни тўлиқ ёпиб туриши керак. Сабзавотлар қанча кўп қайнатилса, улар таркибидаги витаминларнинг парчаланиш даражаси шунча баланд бўлади. Шу сабабли ҳам ҳар хил сабзавотлар бирга қўшиб қайнатилганда уларнинг пишиш муддатларини ҳисобга олиш керак, яъни аввал узоқроқ муддатни талаб қиладиган, энг охирида эса энг кам муддатни талаб қиладиган сабзавот тури қушилиб қайнатилади.  Тайёр маҳсулот ва таомларга қўл билан қанча кўп тегинилса, улар шунча кўп ифлосланишлари мумкин. Шу боисдан ҳам таомларни бутлашда, безашда ва сузишда қўл билан кўп тегинмасликка ҳаракат қилиш керак.  Маҳсулотларни қовуриш . Таомлар тайёрлашнинг бу усули тайёрлаш технологиясига, ҳарорат режимига ва қовуриш вақтига қатъий риоя қилишни талаб қилади.  Қовуриш таомлар тайёрлашнинг асосий услубларидан бири ҳисобланиб, жараён асосан 160 – 180 о С ларда олиб борилади. Шунинг учун ҳам маҳсулот юзасидаги микроорганизмлар ва гижжа уруғларининг нобуд бўлиш даражаси қайнатиш жараёнига нисбатан анча юқори бўлади. Лекин ярим тайёр маҳсулотлар асосий усуллар билан қовурилганда (кам ёғда аввал бир, кейин иккинчи томонидан ) спорали микроорганизмларнинг нобуд бўлиш  даражаси юқори бўлмаслиги мумкин. Шу боисдан ҳам овқатланиш корхоналарида гўшт қиймасидан ва котлет массаларидан ҳамда творогдан тайёрланадаиган маҳсулотлар асосий усул билан қовурилгандан кейин 250 – 289 о С ҳароратларгача қиздирилган қовуриш шкафларида ёки духовкаларда қовуриш яна 5- 8 мин. давом етказилади. Яна шуни инобатга олиш керакки,бундай таомларни бирданига 250 – 280 о С гача қиздирилган духовкада ёки қовуриш шкафида ҳам 20 –25 мин қовуриб олиш мумкин.  Ўзбекистон иқлим шароити деярли 9 ой давомида одамларнинг гавжум ва дам олиш жойларида уларнинг севимли таомлари бўлган палов, шашлик ва лўла кабоб каби таомларни истеъмолчиларга очиқ ҳавода тайёрлаб беришга имкон беради. Уларни тайёрлашни ва истеъмол қилишни ташкил қилишда қуйидаги санитария талабларга риоя қилиш лозим: - дам олиш, одамларнинг гавжум жойларида ва кўчада очиқ ҳавода таомларни тайёрлаш ва сотиш ман этилган. Бундай жойларда таомларни тайёрлашга ва истеъмол қилишга фақат ёпиқ повильонларда, махсус киоск ва хоналарда рухсат берилади, агар улар марказлаштирилган сув ва канализация қувурларига уланган бўлса; - ушбу таомларни тайёрлаш учун ярим тайёр маҳсулотлар фақат стационар корхоналарда тайёрланиб келтирилиши лозим; - кўрсатилган жойларда таомларни тайёрлашни ва уларни истеъмол қилишни ташкил қилишда фақат бир марта фойдаланиладиган идиш – товоқлар, қошиқ ва санчқилар ишлатилиши лозим. Таом эса фақат бевосита сотишдан олдин тайёрланиши зарур:  шашлик, лўла кабобга ўхшаган таомларни тайёрлаш учун фақат ёғоч чўғи (кўмири) ва махсус материаллардан тайёрланган металл сихлари ишлатилиши керак.  Балиқларни ва тухум солинган сабзавотлардан тайёрланадиган таомларни қовуришга катта аҳамият бериш зарур, чунки балиқ суякларининг атрофида гижжа қуртлари бўлишлари ва тухум билан бирга салмонел микроорганизмлари тушиши мумкин. Шунинг учун ҳам суякли (қилтиқли) балиқлар, картошка, карам, сабзи  шницеллари каби таомлар асосий усул билан қовуриб олингандан кейин 250 о С гача қиздирилган духовкада ёки қовуриш шкафида яна 5–6 мин. давомида ушлаб турилиши шарт.  Овқатланиш корхоналарида ўта тез бузиладиган таомларни тайёрлаш ва озиқа қўшимчаларини қўллаш бўйича  Ўта тез бузиладиганлар гуруҳига гўшт ва балиқ маҳсулотларидан тайёрланадиган таомлар (мулойимхунук, устига сардоқ қуйилган балиқ ёки гўшт, хасип, паштет, гўштли блинчиклар, бағурсоқлар ва ш. ў.) ширин таомлар, газаклар, торт ва пирожнийларни безаш учун ишлатиладиган кремлар ва шунга ўхшаган маҳсулотлар киради. Улар микроорганизмлар таъсирида, айниқса иссиқ иқлим шароитида, ўта тез бузилиши ва истеъмолчилар соғлиги ҳамда ҳаёти учун хавф туғдирадиган бўлиб қолишлари мумкин. Шунинг учун ҳам ёз кунларида мулойимхунук, кремли торт ва пирожний каби маҳсулотларни тайёрлаш ва сотиш мумкин эмас. Ҳавонинг қолган иссиқ вақтларида ҳам уларни тайёрлашга қуйидаги санитария талаблари қўйилади: - совитиш ускуналари бўлмаган овқатланиш корхоналарида мулойимхунук ва устига сардоқ қуйилган маҳсулотларни тайёрлаш ман этилади; - совитиш ускуналари бўлган овқатланиш корхоналарида мулойимхунук ва шунга ўхшаган маҳсулотларни тайёрлаш учун қайнатилган ва суякларидан ажратиб олинган гўшт ёки балиқ кесилгандан кейин, уларнинг турига қараб, 5 – 20 мин. давомида яна қайнатиб олинади ва исиқлигича стерилизация қилинган идишларга қуйилиб совутқичларда совитилади; - мулойимхунук ва сардоқли таомлар совутқичларда 2–6 о С да сақланади, сақлаш муддати 12 соатдан ошмаслиги керак; - бағурсоқлар, блинчиклар, растегайлар, кулебяка ва ватрушкаларга солиш учун димлаб пиширилган гўшт маҳсулотлари гўшт қиймалагичдан ўтказилгандан кейин духовка ёки қовуриш шкафида яна 6 – 7 мин. давомида 2 – 3 см. қалинликда қовуриб олиниши лозим. Қовуриш ҳарорати 240 – 250 о с бўлиши шарт; қийма фақат зарур мақдорда бир иш куни учун тайёрланади;  иккинчи таомларга бериш учун қайнатилиб порцияланган мол ва парранда гўштлари булонга солиниб, яна қайнатиб олиниши ва иссиқ булонда сақланиши керак.  Газаклар ва яхна таомларни тайёрлашда уларни касаллик келтириб чиқарувчи ва бошқа микроорганизмлар билан ифлосланмаслигини таъминлаш учун қуйидаги санитария қоидаларига риоя қилиниши лозим: - яхна таомларнинг ва газакларнинг ҳар бир тури учун иш жойи ва инвентарлари ажратилиши лозим; - яхна таомлар учун қайнатиб кесилган маҳсулотлар улардан фойдалангунча совутқичларда 2-6 о С да алоҳида сақланишлари керак; кесилган картошкани сақлаш муддати 12 соат, сабзи ва ош лавлагиники эса 18 соатдан ошмаслиги шарт. - барча масаллиқлари солиб тайёрланган салат ва винегретларнинг ҳатто совутқичларга солиб, сақлаш муддати 1 соатдан ошмаслиги керак; - газаклар ва яхна таомлар учун ишлатиладиган гўшт ва балиқ гастрономия товарлари тозалангандан кейин 2–6 о С да сотувқичларда сақланади. Керак бўлган вақтда бевосита таомларни бутлаш ва узатишдан олдин кесилади; - компот, кисел ва бошқа ичимликлар санитария талабларига кўра қайнатилган идишларида совитилиши лозим. Фақатгини стационар қозонларда тайёрланган ичимликлар ювилган ва стерилизация қилинган бошқа идишларга қуйилиб сақланиши мумкин. Гигиена нуқтаи – назаридан компот ва киселларнинг таъмини яхшилаш мақсадида уларга қайнатиш жараёнида лимон кислотаси қўшилади; - газак ва яхна таомларни тайёрлашда ҳам иложи борича маҳсулотларга қўл билан кўп тегинмасликка ҳаракат қилиш керак.  Сут, шакар, тухум ёки крахмал ва саримой қўшилган кремлар микроорганизмларнинг учун энг қулай муҳит ҳисобланади. Уларда стафилококклар ва салмонеллалар ривожланиши мумкин. Шу сабабли ҳам овқатланиш корхоналарида кремли кандолат маҳсулотларини тайёрлашда қуйидаги санитария талабларига риоя қилиниши керак: - кремларни тайёрлаш учун амалдаги санитария талабларига тўлиқ жавоб берадиган хом ашё ва қўшимча озиқа маҳсулотларидан фойдаланиш лозим; - кремларни тайёрлаш ва безатиш хоналарида совутқичлар ўрнатилиши шарт; - кремларни тайёрлаш ва безатишда ишлатиладиган жиҳозлар, идишлар ва кондитер қопчалари ва уларнинг учликлари яхшилаб ювилган ва стерилизация қилинган бўлишлари шарт; - кремлар тайёрлаш учун бундан олдин кўрсатилган тартибда ишлов берилган пўстлоғи шикастланмаган диетик тухумлар ишлатилиши керак; - қаймоқ, творог, тухум оқсилидан ва қайнатиб тайёрланган кремлар дарҳол ишлатилиши шарт, чунки санитария талабларига кўра уларни сақлаш мумкин эмас. Бошқа кремларни қопқоғи ёпиқ идишларда ишлатгунча 5 соатгача 2–6 о С да сақлаш мумкин; - кремларни бир корхонадан иккинчи корхонага тайёрлаб юбориш ва бир идишдан иккинчи идишга қўл билан солиш ҳам мумкин эмас. Унинг учун махсус инструментлардан фойдаланиш лозим;  Музқаймоқ ҳам ўта тез бузиладиган таомлар туркумига кириши сабабли уни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш жараёнларига қуйидаги санитария талаблари қўйилади: - аралашма ўрнида ишлатиладиган сут санитария талабларига тўлиқ жавоб бериши керак; - қуритилган сут аралашмаси фақат музқаймоқни тайёрлашдан олдин тикланиши лозим. Музқаймоқ эса фақат сотишдан олдин тайёрланиши шарт, уларни фризерларда сақлаш муддати 2 соатдан ошмаслиги керак; - юмшоқ музқаймоқларни сотишга рухсат фақат тайёрланган корхоналарга берилади.  Республика овқатланиш корхоналарида фақат табиий зираворлар ва уларнинг экстрактлари ишлатилади. Лекин иқтисодий ривожланган мамлакатларда таомларни тайёрлашда озиқа қўшимчаларидан кенг фойдаланилади. Келажакда республикада таомлар тайёрлашда турли озиқа қўшимчалари ишлатилиши мумкин. Улардан фойдаланишда қуйидаги талабларга риоя қилиниши лозим: - озиқа қўшимчаларидан тайёр маҳсулотнинг нуқсонини ёпиш мақсадида фойдаланиш мумкин эмас; - бундан ташқари давлат санитария органлари томонидан расман рухсат этилган озиқа қўшимчаларидан фойдаланиш мумкин;  баъзи бир турдаги, айниқса сунъий йўл билан олинган, озиқа қўшимчалари кўп истеъмол қилинганда истеъмолчи организмига зарар келтиришини ҳисобга олган ҳолда уларни таомларга расман рухсат берилган меъёрдан ортиқ миқдорда қўшиш ман қилинади.  Тавсия этилган адабиётлар: 1. Т. Худайшукуров, А. Зарипов, Ш. Солиева. Санитария ва гигиена: Маърузалар матни.- Самарқанд СКИ, 2003.- б. 58 – 77 2. Матюхина З. П. Основы физиологии питания, гигиены и санитарии: Учебник для нач. проф. образования.- М.: ИРПО; Изд. центр «Академия», 2000. – С.140-156. 