logo

Ўзбекистонда телевидениенинг шаклланиши ва тараққиёт босқичлари (бадиий телевидение мисолида)

Yuklangan vaqt:

27.04.2023

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

146 KB
Ўзбекистонда телевидениенинг шаклланиши ва тараққиёт босқичлари (бадиий телевидение мисолида) Режа: 1. Ўзбекистон бадиий телевидениесининг эволюцияси 2. Ўзбекистон бадиий телевидениесида услуб ва изланишлар Мустақиллик жамиятимизда янгиланиш даврини вужудга келтирди. Бу давр кишилар онгини турли мафкуравий андозалар таъсиридан озод қилиш, ўзликка қайтиш, иқтидору-салоҳиятини тўла намоён этиш имкониятини берди. Мустақиллик туфайли ўзликни англаш, халқ тафаккурини ўстириш, маънавиятини юксалтириш, ахборот билан таъминлашда адабиёт, санъат, оммавий ахборот воситалари, хусусан телевидениенинг роли беқиёсдир. Республика аҳолисини ахборотларга бўлган эҳтиёжини қондириш, телерадио дастурлари мазмунини тубдан яхшилаш, кўрсатув ва жанр доираларини кенгайтириш учун қарор қабул қилинган Истиқлол ва юртимиздаги улкан ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар республика телекўрсатувларининг мазмун, мундарижасини ўзгартирди. Эндиликда тележурналистлар мавжуд дастур ва тартиботлардан воз кечиб халқ дилига, диди, маданияти, маънавиятига ва имон-эътиқодига монанд янги йўналишлар асосида кўрсатувлар тайёрлашни мақсад қилиб қўйганлар. Зеро, халқ маънавиятини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш – Ўзбекистонда давлат ва жамиятнинг энг муҳим вазифасидир. Маънавиятнинг бир жабҳаси бўлмиш телевидениенинг кашф этилиши ва ривожланиши кинематограф каби илмий-техника тараққиёти билан боғлиқ. Телевидение ижтимоий зарурат туфайли юзага келди. Замонавий технологиядаги турли тармоқларнинг ривожланиши асносида телевидениенинг тасвирий ифода воситалари ҳам орта бошлади. бугунга келиб телевидение маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Телевидение тараққиёти жараёнида адабиёт, театр, кино ва радиога хос жиҳатларни мужассамлаштирган бўлса-да, лекин улардан ўзиб кетолмади. Эътибори нуқтаи-назаридан олдинга чиқди. Телевидение ахборот ва санъатларнинг репродуктив ва коммуникатив доирасидан чиқиб бошқа санъат элементларини ўзлаштирган ҳолда хусусий маҳсулотларини яратиб, эфирга узатишга ҳаракат қилди. Бу эфир ҳажмини кенгайиши ва тўлдирилиши билан унинг дастурлари ортиб бориши ҳамда тараққиёти учун асос бўлди.  Телевизион кўрсатувларда маълум ғоя ва мақсад кўзда тутилади. Бу ғояни муайян воқеа-ҳодиса замирида амалга ошириш услубига қараб телевидение йирик икки: информацион (ҳужжатли) ва бадиий телевидениега бўлинади. Информацион телевидениедаги туркум кўрсатувларда воқеликни ортиқча буёқсиз томошабинга етказилади. Бадиий телевидениега бадиий санъат ва юксак эстетик талабларга жавоб бера оладиган, воқеликни нафис санъат воситалари, образлар орқали ифода этувчи, ижодкорларнинг бадиий имконияти, актёрнинг маҳоратини тасвирловчи телевизион асарлар ва кўрсатувлар киради. Бадиий туркумга оид кўрсатувлар бадиият унсурларидан фойдаланган ҳолда томошабинга етказилади. Унда рамзлардан, ёрқин характер, бадиий тўқимадан фойдаланилади. Воқеликнинг мураккаблиги ва кўп тармоқлилиги санъатда ранг-баранг жанрлар туғилишининг объектив асосига айланади. Санъат объекти мураккаб ва серқирра бўлганлиги боис, уни ўзлаштириш учун ўша мураккаб жиҳатларни тадқиқ қилишда махсус шакллар ишлаб чиқишга тўғри келади. Ҳаётий алоқалар ва ўзаро муносабатларнинг муайян тури ўзининг аниқ, мувофиқ бадиий инъикоси учун нисбатан барқарор бадиий шаклларни тақозо қиладики, тур ва жанрлар шунинг натижасида пайдо бўлади. Жанрлар ўзгарувчан динамик хусусиятга эга бўлади. Уларнинг жанр белгилари қайси турга боғлиқлиги билан турлича аҳамият касб этади. Шунга қараб у ёки бу белги жанрни аниқлашда етакчи роль ўйнаши мумкин. Ҳар бир асар мазмунини унинг жанр эътиборидан қатъий назар, маълум бир ғоя ташкил этади. Лекин унинг жанр хусусиятларини шу асарнинг мазмуни билан ўлчаймиз. Бадиий телевидениедаги кўрсатувлар доирасига бошқа санъат турларидаги жанрларни ўзлаштирган дастурлар (мусиқий, адабий-драматик, кинокўрсатувлар, болалар учун композициялар, кинофильмларнинг репродуктив намойиши, телефильм ва телевизион драмалар) киради. Телевизион драмаларнинг шакллари кўп. Булардан бири - театр спектаклларининг репродуктив намойиши. Бундай шаклда саҳна асарини яратувчи драматургнинг ғояси ўзгартирилмай трансляция қилинади. Иккинчисига эса, бевосита телевидение учун мослаб яратилган телеспектакллар киради. Бундай шаклда бадиий ёки драматик асар экран тилига, воқеа ва ҳаракат бир меъёрда, ягона сюжет линиясида давом этиши учун бадиий тасвирга кўчирилади. Бу эса теледраматургияни вужудга келтиради. Теледраматургия мустақил ижод тури бўлиб, телевидение учун ёзилган асар театр пьесасидан ҳам, киносценарийдан ҳам фарқ қилиб, махсус специфик талабларга жавоб бериши зарур. Маълумки, телевизион спектаклдаги диалог кинофильмдаги сўзсиз саҳналардан, ранг-баранг кадрлардан ва диалоглардан фарқ қилади. Теледраматургияда диалог муҳим роль ўйнайди. Бироқ, театр учун ёзилган барча пьесалар ҳам ўзининг оригинал шаклида телевизион спектаклга тўлиқ мос келавермайди. Гарчи телевизион драманинг сценарийсидаги диалоглар театр пьесаси диалогларига яқин бўлса-да телевидениеда ўзига хос элемент – яъни телевизион операторнинг телевизион ифода воситалари орқали бутун саҳнани кўрсатиш хусусияти бор. Қисқа ва ҳар хил саҳналар, сиқиқ диалоглар, ортиқча гапдан кўра кўпроқ маълумот берувчи экспозициялар – мана шуларнинг ҳаммаси драматургия асоси – сценарийга сайқал беради. Теледраматург театр драматургига нисбатан анча имкониятларга эга. Чунки теледраматург воқеаларни кенг планда ёритиб бериш учун техник воситаларга эга. Лекин у телевидениенинг ифода воситаларини, унинг ўзига хос хусусиятларини билмай туриб, олға босолмайди. Бинобарин, бу телевизион ифода воситаларидан фойдаланишни, шунингдек телевизион тил, телеижодкорларнинг маҳорати ва унинг бадиий имкониятларини ҳисобга олмай туриб телевидение учун махсус асар ёзиш мумкин эмас. Адабий асар асл ҳолидан телевизион бадиий жанрда талқин қилинганида ўзгаришларга учрайди, яъни унинг телевизион шакли юзага келади ва мустақил асарга айланади. Унинг мазмунида ҳам ўзгариш юз бериши мумкин. Бу асарнинг телеэкран учун мўлжалланган талқини ва ечими ҳамда ижодкорлар нимага урғу беришига боғлиқ. Роман бир ижодкорнинг якка ўзи томонидан объектив ҳодиса ва воқеаларга субъектив ёндошуви унинг дунёқараши, ҳаяжони ва қатор бошқа сабаблар натижасида юзага келади. Телевизион асар жамоанинг мавзуга бўлган меҳри, муносабати, эътиқоди ва бадиий имкониятига боғлиқ. Ўзбек телевизион театрининг унсурларига эга «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» ва «Телевизион миниатюралар театри» кўрсатувларида драматик, сатирик жанрлар уйғунлашиб, асосий эътибор биринчи шахс сўзига қаратилади. Айнан телевидениенинг бадиий жанр хусусиятлари назаримизда ана шунда намоён бўлади. Бунда асарнинг режиссёрлик композициясини қуриш, макон ва замонни ташкил этиш усуллари, телевизион камеранинг ўзига хос хусусиятларини сюжет ва қаҳрамонлар характеринигина эмас, балки муаллиф ўй-фикрлари, ниятини биринчи ўринга олиб чиқади. Ўзбекистон бадиий телевидениесининг эволюцияси ХХ асрнинг оммавий коммуникация ва ахборот манбаларидан бўлмиш телевидение жамият ҳаётига жадал кириб, ижтимоий ва маънавий онгнинг шаклланишига улкан таъсир кўрсатувчи омилга айланди. Шунингдек, телевидение бадииятдан ҳоли ахборот турининг шаклланиши ва оммалашуви билан бир вақтда техник воситалар асосида юзага келган бадииятга, жумладан телетеатр, телефильм ва телевидениега хос бадиий кўрсатувларга асос солди. Телевидениенинг кенг омма билан мулоқоти ҳақида фикр юритганимизда, у фақат битта маънога эга бўлган телевизор ва томоша ҳодисасинигина эмас, аксинча, ниҳоятда мураккаб, мунтазам, миллионлаб томошабинларнинг дунёқарашига таъсир кўрсатадиган жараённи назарда тутамиз. Ўзбекистонда телевидениени ишга туширишдан мақсад, ўша давр учун ижтимоий талаб ҳамда янгиликка интилиш бўлса, ўз навбатида ана шу янгиликдан ҳукмрон мафкура ўз сиёсатининг тарғиботи йўлида асосий қурол сифатида фойдаланишни мақсад қилиб қўйганди. Ўзбекистонда телевидение иш бошлаган дастлабки вақтларда кўрсатувлар тайёрлаш учун техник ва ижодий куч етарли бўлмагани туфайли дастурнинг аксарият қисмини фильмлар ва концерт номерлари ташкил этди. Буни қуйидаги Ўзбекистон Давлат архивида сақланаётган ҳужжатлардан кўриш мумкин: ТТСнинг 1957 йил 3 январда бўладиган эшиттиришлар программасидан. 19.15-19.29. Телевизион мослаштириш /настройка/ Музика 19.29-19.30 Позывные. 19.30-19.50 Ассалому алайкум, қадрли ўртоқлар. Телевизион эшиттиришларни бошлаймиз. Бугунги программада киножурнал ва «Турли тақдирлар» деган бадиий фильм. Ҳозир киножурнални томоша қилинг. 19.50-19.55 Биз киножурнални намойиш этдик. Энди беш минутлик танаффус эълон қиламиз. Танаффусдан сўнг «Турли тақдирлар» деган бадиий фильмни томоша қиласиз. Текст, музика. 19.55-21.40 Телевизион эшиттиришларни давом эттирамиз. «Турли тақдирлар» бадиий фильмини томоша қилинг. 21.40-21.42 Сиз «Турли тақдирлар» номли бадиий фильмни кўрдингиз. Шунинг билан бугунги эшиттиришларимизни якунлаймиз. Навбатдаги эшиттиришларимиз 5 январь куни соат 19 дан 30 минут ўтганда бошланади. Унда «Она» деган бадиий фильм намойиш этилади. Хайр, ўртоқлар» [4.18. c.4]. Телетеатр спектакли театрнинг айрим қонунларини сақлаган ҳолда экран юзини кўра бошлади. Кинематография ҳам ўз маҳсулотларини кичик экранга чиқариш жараёнида унинг бир қанча қонунларини телевидениега сингдиришга муваффақ бўлди. Зотан, санъатнинг барча турлари телеэкранга чиқарилар экан, шу жараённинг ўзида табиий сараланиш кузатила бошлади. Бунинг сабаблари талайгина бўлиб, уларнинг асосийлари қуйидагилардир: биринчиси – адабий асарларнинг телевидениега мос келиши ёки келмаслиги. Мос келган адабий асарнинг мазмунига путур етмаган ҳолда телевидениенинг ифода услуби ва тасвир воситалари билан уйғунлашуви; иккинчиси – адабий асарнинг долзарб ёки давр талабига мослиги, ватанпарварлик мавзуидаги барча жанрларга оид асарлар; учинчиси – жанр ва турларидан мустасно социалистик ғояни акс эттирувчи адабиёт, театр, мусиқа, тасвирий санъат, кино маҳсулотлари. Телетеатр жанрида турли мавзуда яратилган адабий асарлар экранга чиқиб турди. 1968 йилнинг 17 майида кичик ва ўрта ёшдаги мактаб ўқувчилари учун африкалик ёзувчи Абрахамснинг «Озодликка чақириқ» романи асосида режиссёр М.Маҳамедов саҳналаштирган 20 дақиқалик инсценировкада жанубий Африканинг Йоханесбург шаҳрида истиқомат қилувчи қора танли боланинг фожеали ҳаётидан лавҳа намойиш этилди. Бу инсценировкадаги аҳамиятли нуқталардан бири инсоний изтиробларни очишга бўлган ҳаракат, яъни санъатнинг моҳияти аввало инсоннинг юрагида, хаёлидаги кечмишларни, ўй-изтиробларини кўламли равишда бадиий тадқиқ этишдир. Бу телеспектакл жамиятдаги муносабат туфайли камситилишга, яъни ирқий дискриминацияга учраётган инсоннинг ички кечинмалари ёрдамида мавжуд даврдаги маънавий инқирозлар ҳақида фикр, ўйларга толдирадиган асар эди. Лекин шўро мафкураси ҳамда ўша даврдаги ижтимоий воқеликдаги мавжуд мафкуравий таҳдид ва тазйиқ таъсири туфайли бундай мавзудаги спектаклларэкранга чиқарилмади. Кино бўлими томонидан 1966 йилдан бошлаб «Совет киноси тарихидан» ҳамда «Севимли кино артистлари» кўрсатуви ҳам томошабинларни хушнуд эта бошлади. Ўзбекистон телевидениеси ўттиз йилдан ортиқроқ фаолияти мобайнида тайёрланган дастурларини икки тилда (ўзбек, рус) узатилди. Чунки Ўзбекистон телевидениеси собиқ Совет Иттифоқи Марказий телевидениенинг тасарруфида бўлган ва моддий базаси ҳам собиқ Марказий телевидение томонидан таъминлаган. Телевидениеда фаолият кўрсатаётган ижодий гуруҳнинг тинимсиз меҳнати ва изланишлари туфайли кўрсатув номлари кўпайди ва халқнинг телекўрсатувларга бўлган қизиқишлари ҳам ортди. Маҳаллий халқ онги, савияси, билими, қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда теледастурлар ҳажми кенгайди. Ахборот, сиёсий ҳаётимиздаги янгиликлар ҳақидаги хабар билан кўнгилочар, дам олиш йўналишидаги кўрсатувлар ҳам тайёрланди ва бадиий телевидение кўрсатувларининг намуналари вужудга келгани сезилди. Телевидение аудиторияси қисқа муддат ичида кенгая бориши, ҳамда унга бўлган томошабинлар талабининг ортиши ўша давр мафкураси учун асосий қурол сифатида фойдаланиш имкониятини яратди. Телевидение мафкура йўлида хизмат қиларкан, бора-бора унинг исканжасига тушди ва ўзининг бадиият даражасига путур етказа бошлади. Бу ҳолни кўпроқ мусиқий кўрсатувларда кузатиш мумкин эди. Унда хитоблар, бағишлов, риторик шеър ва бадииятдан маҳрум маршлар ўрин олди. Бундай композицияларда асосан ҳукмрон мафкурага мадҳиялар, ҳамду санолар айтилди. Лекин улар орасида инсон кечинмаларига ҳамоҳанг, киши руҳиятига таъсир этувчи қўшиқ ва шеърлар ҳам учраб турарди. Лекин Миртемир, Уйғун шеърлари асосида тайёрланган композициялар томошабинни бироз бўлса-да телевидение кўрсатувларидан маънавий озуқа олиб, кўнгилли дам олишлари учун ёрдам берарди ва томошабинни телевидениедан узоқлаштирмасликка кўмаклашарди. 1965 йилдан бошлаб, Тошкент телевидениеси собиқ Марказий телевидение кўрсатувларини қабул қилиб, республика ҳудудига тарқата бошлади. Собиқ Марказий телевидение кўрсатувларининг республика ҳудудида кўрсатилиши туфайли Тошкент телевидениесида айрим кўрсатувлар пайдо бўлди. Масалан, 60-йилларнинг охирида «Киносаёҳатчилар клуби» кўрсатувига ўхшаш Ўзбекистон телевидениесида «Оламга саёҳат» номли илмий-оммабоп ва маърифий кўрсатув ташкил этилди. Бундан мақсад, ўзбек томошабинини дунё шаҳарлари, табиати, ҳайвонот олами билан таништириш бўлиб, унинг илк сонини телевизион журналист олиб борди. Лекин бошловчи - журналист бу соҳанинг мутахассиси бўлмаганлиги туфайли дастлабки кўрсатув шаҳарлар ҳақидаги саёзгина ҳикоядан иборат бўлиб қолди. Кўрсатувни мазмунан ривожлантириш мақсадида унга мутахассислар жалб қилинди. Улар орасида таниқли кинорежиссёр Б.Хўжаев ўзи тасвирга туширган лавҳалари билан кўрсатувнинг шакл, мазмуни ва савиясини орттиришга кўмаклашди. 1968 йилда ижтимоий-сиёсий редакция томонидан тайёрланадиган «Ўзбекистон хотин-қизлари», «Шаҳрингизни безатинг» каби кўрсатувлар орасида бадиий жанрдаги «Истиқбол эгалари» тележурнали тайёрланди. Мазкур адабий мусиқий дастурда ҳунарманд, раққоса, шоир, бастакор, хонанда, созанда, хуллас маданиятимиз ва санъатимизнинг умидли ёшлари, уларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилинарди. Бу кўрсатувга истиқболли ёшлар таклиф этилиб, уларни телеэкран орқали халққа яқинроқ таништиришга ҳаракат қилинарди. «Истиқбол эгалари» кўрсатуви асосан тўрт саҳифадан иборат бўлиб, унинг биринчи саҳифасида бир ой мобайнида республикамизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида рўй берган йирик воқеалар ҳақида ҳикоя қилинарди. Иккинчи саҳифасида эса ишлаб чиқаришдаги илғор йигит ва қизларнинг меҳнатдаги муваффақиятлари ҳақида ҳикоя қилинарди. Кўрсатувнинг учинчи саҳифаси – яъни бадиий саҳифасида ёш ижодкорлар ҳақида ҳикоя қилинар ва уларнинг ижод намуналари телеэкран орқали томошабинларга намойиш этиларди. Кўрсатувнинг тўртинчи саҳифаси сатира ва юмор жанрида эди. Телевидениеда ижодий изланиш давом этаётган жараёнда телевизион ижодкорлар томонидан йиғилган сюжетлар кўрсатув саҳифаларидан жой оларди. Бу кўрсатувдаги саҳифалар келажакда мустақил кўрсатувлар учун пойдевор бўлди. 1961 йилда алоҳида «Ёшлик» студияси ташкил этилди. Ва бу редакциянинг дастлабки бадиий жанрдаги тўнғич кўрсатувларидан бири – «Оталар сўзи - ақлнинг кўзи» кўрсатуви бўлди. Бу кўрсатувнинг бошқа кўрсатувлардан фарқи шундаки, у айтмоқчи бўлган фикр қоғоздан қуруқ ўқиб берилмай, саҳнавий кўринишлар орқали воқеалар, баъзан фактли ҳужжатлар асосида намойиш қилинарди. Баъзан экрандаги ўн минутли гапни эшитиш томошабинни толиқтиради. Лекин экранда дилдан, эркин гапирувчи, мулоҳаза юритувчи кишига томошабин қулоқ солади. Буни «Оталар сўзиақлнинг кўзи» кўрсатувининг бошловчиси Ўзбекистон халқ артисти Карим Хонкелдиев исботлади. Биринчи кўрсатув ёш ота-оналарга бағишланган бўлиб, икки кўринишдан иборат эди. Биринчи қисмда ота-она фарзандининг шўхликларига бефарқ қараса, иккинчи қисм дидактик кўринишда, яъни отаона боласини тўғри йўлга бошлайди. Ана шу икки кўринишни томошабин таққослаб, ўзи учун тўғри хулоса чиқаришга имкон берилди. Кўрсатувнинг шакли ҳам, номи ҳам ўринли топилган. Чунки ўзбек хонадонида отанинг ўрни ва ҳурмати алоҳида аҳамиятга эгадир. Шунинг учун ҳам бу кўрсатув халқ ҳаётига тез сингди. Халқимиздаги меҳр-мурувват, ибрат, оқибат, андиша, диёнат каби тушунчалар аввало оилада шаклланади ва авлодданавлодга ўтиб боради. Кўрсатувларда бир оила мисолида, яъни ака-ука, қайнона-келин муносабатлари, миллий қадриятларнинг оиладаги кўриниши ҳақида хикоя қилинарди. Бу туркум кўрсатувнинг ҳар сонида бирор воқеа ҳақида батафсил ҳикоя қилиниб, ечим топилади ва бу айни пайтда кейинчалик яратилган телесериаллар учун замин яратди. Ёзувчи Ўлмас Умарбеков ўзининг «Қиёмат қарз» асарини шу кўрсатувдан илҳомланиб ёзган. Чунки кўрсатувнинг бир сонида хиёнат ва оқибат тушунчалари ҳақида ҳикоя қилинган. Кейинчалик, 1990-йилларга келиб Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган «Домла», «Келинсалом» телесериаллари учун ҳам шу кўрсатув замин бўлган. Юқорида бадиий жанрдаги «Истиқбол эгалари» кўрсатувининг саҳифалари санаб ўтилганди. Ана шу кўрсатувдаги бадиий саҳифа мустақил кўрсатув учун манба бўлди. 1965 йилнинг август ойида «Ғазалхон ёшлигим» кўрсатуви ана шу бадиий саҳифа асосида тайёрланди. Ва бу кўрсатувнинг дастлабки сонларида иштирок этган Э.Воҳидов, А.Орипов, Г.Нуруллаева ўзининг биринчи шеърларини ана шу кўрсатув орқали томошабинларга ўқиб берганди. Бир сўз билан айтганда бу кўрсатув гўзаллик асири бўлган кўпгина ёшларга санъат ва адабиётга йўлланма берди. «Ёшлик» студиясида асосан ёшлар ҳақида, уларнинг маънавияти, қувонч-ташвишлари, тарбияси, фаоллиги ҳақида ҳикоя қилувчи кўпгина кўрсатувлар тайёрланарди. Масалан, «Студентлик – олтин даврим», «Мардлик–мангулик», «Ёшлик оқшоми», «Ғазалхон ёшлигим», «Касбимфахрим», «Физкультура ва спорт», «Сенинг замондошинг» ва ҳ.к. «Истиқбол эгалари» кўрсатувининг тўртинчи саҳифаси «Сатира ва юмор» ҳам 1966 йилнинг март ойида катта кўрсатув сифатида ажралиб чиқди. Бу саҳифанинг алоҳида ажралиб чиқишидан мақсад илгари тележурналдаги кичик ҳикоялар, ҳажвияларни диктор ўзи ўқиб берарди. Бунда кулгили воқеалар, образлар, характерлар очилмай қоларди. Уларни инсценировка қилиб, актерлар ижросида бериш мақсадида алоҳида кўрсатув дунёга келди. Кўрсатувнинг турли хил мавзулари орасида сиқилиб қолган «Сатира ва юмор» саҳифаси ўзининг тор қобиғидан чиқиб, мустақил бадиий жанрдаги кўрсатувга айланди. Анча изланишлардан сўнг, унга оригинал ном топилди ва янги кўрсатув «Телевизион миниатюралар театри», яъни бир ёки икки актёр театри кўрсатуви тайёрланди. Бу кўрсатувнинг муваффақият қозонишига яна бир сабаб, унда намойиш қилинадиган воқеалар заҳарханда кулги остига олинади, нуқсонлар ҳажвий саҳна кўринишлари орқали намойиш этилади. «Телевизион миниатюралар театри» ўз репертуарини, мавзуларини кундалик ҳаётдан олди. Шунинг учун у халқнинг дилига яқин эди. Бу мавзуларни халқнинг ўзи айтиб турарди. Миниатюралар театри турмушда учрайдиган салбий нуқсонлар, иллатлар - фисқу фужур, порахўрлик, ичкиликбозлик, безорилик, кўзбўямачилик, мунофиқлик, ҳасадгўйлик каби иллатларга қарши сатира ёрдамида ўт очди. Кўрсатувларнинг шакли ва сони ортиб бораркан, шуни эътироф этиш керакки, телевидениенинг бадиият яратишдаги имкониятлари кенгайиб борди. «Телевизион миниатюралар театри» нинг постановкалари аксарият ҳолларда эфирга «жонли» бериларди. Шу сабабли режиссёрлар учун «жонли эфир» катта қийинчиликлар туғдирдики, кези келганда телеинсценировканинг ғоявий ҳамда бадиий қимматига ўз таъсирини ўтказиб келди. Сабаби – телевидение павильонларида асар руҳига мос манзаралар кўрсатилиши лозим бўлган анжомлар қаторасига қурилиб, воқеа кечадиган саҳналар олдинма-кейин намойиш этилиши керак. Баъзан «жонли эфир» чоғида техниканинг ишдан чиқиши, микрофоннинг кутилмаганда кадрга тушиб қолиши, гоҳида у кадра ўрнига бошқасининг эфирга кетиб қолиши, овознинг йўқ бўлиб қолиши каби машаққатли ижодий жараён кўрсатувнинг сифатига путур етказарди. Шунингдек камера билан мулоқотда бўлмаган ёш актёрлар учун тўлақонли образ яратиш анчагина мушкул эканлиги ҳам аён бўлди. Давр ўтиши билан «Телевизион миниатюралар театри» туркумидаги кўрсатувларнинг диапазони кенгайиб борди. Унга асосан С.Аҳмад, А.Жамол, М.Худойқулов, Э.Мусаев, Э.Раимов каби ёзувчилар турли ҳажвий интермедиялар ёзди. Лекин баъзида эса томошабинга таъсир эта олмайдиган паст савияли интермедиялар ҳам учраб турди. Баъзи телевизион инсценировка, постановка ёки спектакллар эфирни тўлдириш учун зўрмазўраки яратилишига сабаб - ёзувчиларнинг телевидение билан ҳамкорлигининг танқислигида эди. «Ёшлик» студиясида «Романтика» телевизион театри ҳам ташкил этилди. Телевидениега кириб келган драматик ва эпик шаклдаги барча асарлар – театр драматургияси усулида тайёрланиб, деярли театр спектаклларининг телеэкранга мослаштирилган шакли бўлиб қолади. Театр асарлари телевидение экранига кўчирилганда йирик план билан монтаж театрдаги мезансаҳнанинг ўрнини босади, бунда томошабинни кўриш, идрок этиш шарт-шароитлари ўзгаради. Шуни ҳисобга олган ҳолда, актернинг ижрочилик шакллари ўзгаради, бир шаклдан иккинчи шаклга ўтади, воқеаларнинг табиий ҳолда, табиий муҳитда тасвирга олиниши шартлилик ва шартсизлик, ҳаётийлик билан саҳнавийлик ўртасидаги нисбатни сифат жиҳатдан ўзгартириб юборади. «Ёшлик» студиясининг «Романтика» телевизион театри, «Оталар сўзи ақлнинг кўзи», «Телеминиатюралар театри», «Бир актёр театри» мусиқали редакция томонидан тайёрланадиган мусиқали драмалар ўзбек телевизион театрларини ташкил этади. Ўзбек телевизион театри 1968 йилда биринчи марта ўз спектакли билан Останкино студияси орқали «Интервидение» га (собиқ умумиттифоқ экранига) чиқди. Шу куни драматург Х.Ҳ.Ниёзий қаламига мансуб «Паранжи сирлари» драмаси рус тилида намойиш қилинди. Гарчанд, телевизион спектакл учун танланган мавзуни ўша давр мафкураси талаб қилса-да, лекин бу драмани қардош халқлар билан бир қаторда чет эллик томошабинлар ҳам кўришга муваффақ бўлдилар. 1967 йилнинг апрель ойида адиб Ғ.Ғуломнинг машҳур «Шум бола» асарини телевидение режиссёри Г.Ёқубов телевидениеда саҳналаштирди. Асар ўз миллийлиги ва самимийлиги билан дарҳол эътиборни тортди. Ундаги бош ролларни таниқли актёрлар В.Қодиров, М.Ҳамидовалар билан дебютант актёрлар Ҳ.Саъдиев ва Л.Саъдуллаевлар ижро этишди. 1970-йилларда эса С.Аҳмаднинг «Уфқ», М.Исмоилийнинг «Фарғона тонг отгунча», шунингдек қардош халқлар адабиётининг намуналаридан, Ч.Айтматовнинг «Биринчи ўқитувчи», И.Тургеневнинг «Баҳор тошқинлари», А.Мухторнинг «Опасингиллар», Ш.Холмирзаевнинг «Ўн саккизга кирмаган ким бор» роман ва повестлари асосида телеспектакллар юзага келди. Бунда телевизион тил тўла ишга солиниб, эпик асар заминида мутлақо янги шаклдаги телеспектакллар яратилганини таъкидлаш жоиз. 1967 йилда адабий-драматик кўрсатувлар редакциясида режиссёр С.Анорқулов туркман ёзувчиси Ҳ.Диряевнинг «Қисмат» романи асосида яратган телепостановкаси кўпчиликнинг ёдида қолган, десак муболаға бўлмас. Спектаклнинг экспозицияси романдагига нисбатан бир оз бошқачароқ. Чунки кўпгина асарлар йўқотиш ва кашфиётлар билан экранга кўчади. Пьесадаги воқеа Мурод ота оиласидан бошланади. «Қисмат» драмаси уч қисмдан иборат. Спектаклнинг биринчи қисми гўзал қиз Узукжамолнинг уйидан олиб қочилиши ва Бердимуродбойнинг укаси Омондурди билан мажбурий никоҳ ўқитиш саҳнаси билан тугайди. Сўнгги иккинчи ва учинчи қисмларида эса асарнинг асосий ғоясини ташкил этувчи зиддиятлар тўлиқ тасвирланади. «Қисмат» романи асосида яратилган инсценировкани томошабинлар қизиқиш билан томоша қилдилар. Мелодрама жанри инсонпарварлик, муҳаббат каби туйғуларни ўзида мужассам этгани боис томошабин руҳиятига яқиндир. Асардаги воқеалар уч қисмдан иборат бўлиб, ҳар бири 30 дақиқалик инсценировка шаклида телевидение орқали уч кун мобайнида намойиш этилган. Бу ўз навбатида телевидениеда кўп сериялик асарлар яратилиши учун асос ва имконият борлигини исботлади. Асардаги воқеаларнинг ҳаммасини телевидениенинг бир кунлик дастурида намойиш қилиш ҳам мумкин эди. Лекин томошабинларни телевизор дастурига эътиборини кўпроқ тортиш мақсадида, уни бир неча қисмда намойиш қилинган. Ёзувчи А.Мухторнинг «Опа-сингиллар» романи асосида тайёрланган телеспектаклни режиссёр ва сценарист Г.Ёқубов экранлаштирди. Мавзу жиҳатдан анча кенг бўлган бу романнинг сюжет линияси кўп қиррали бўлиб, улар бир неча ғоявий йўналишларни ўзида акс эттирди. 1966 йилнинг январида телевидение қошида бош муҳарририят сифатида «Телефильм» ташкил топди. Ўз фаолиятини 1966 йилнинг январида телевидение қошида бош муҳарририят сифатида бошлаган студия ўзининг дастлабки маҳсулотларини – телевизион фильмларни ишлаб чиқара бошлади. Ижодкорлар Ойбекнинг «Нур қидириб» асари асосида фильм яратдилар. Бу фильмнинг яратилишини Ўзбекистон телевизион бадиий фильм жанри учун солинган биринчи асос дейиш мумкин. Бу билан студия ижодкорлари ёзувчи Ойбекни ҳам ҳаётлигида тасвирга тушириб қолдиришга улгургандилар. Телеэкран талабидан келиб чиқиб, телевизион фильмлар яратила бошланди. Телеэкран шаклан кичик бўлгани учун асосан йирик планда ишлашни талаб қилади. Оператор йирик планда қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини аниқроқ кўрсатади. Масалан, бадиий кинода катта оммавий саҳналардан фойдаланилади, табиий шароитда, табиий муҳитда яратилса, телевизион фильм эса телевизион техник имкониятлардан фойдаланиб, тасвирга туширилади. «Телефильм» студиясининг ишга тушиши кино санъатида янги тур - телевизион кино турининг пайдо бўлишига асос бўлди. Кейинчалик «Телефильм» муҳарририяти - «Ўзбектелефильм» студияси тараққиётининг дастлабки давриданоқ телевидениенинг моддий таъминотида бўлди. Бу студияда яратилган фильмлар икки экран, яъни телевидение ва кино санъатининг ҳосиласидир. 1956-йилдан 70-йилга қадар телевидение орқали намойиш этилган ва юқорида таҳлил қилинган асарларда теледраматургия изланишларини кўриш мумкин. Теледраматург илгари сурган ғояни қайси жанрда талқин этиш режиссёрга боғлиқ. Чунки у баъзан асарнинг таг қатламига сингдирилган фикрга урғу бериши баробарида асарнинг жанри ўзгариши мумкин. Воқеликнинг мураккаблиги ва кўп тармоқлилиги санъатнинг айрим турлари чегарасида ранг-баранг жанрлар туғилишининг объектив асосига айланади. Санъат предмети шунчалар мураккаб ва серқирра бўлганлиги сабабли, уни ўзлаштириш учун ўша мураккаб жиҳатларни тадқиқ қилишда махсус шакллар ишлаб чиқаришга тўғри келади. Ҳаётий алоқалар ва ўзаро муносабатларнинг муайян тури ўзининг аниқ, мувофиқ бадиий инъикоси учун нисбатан барқарор бадиий шаклларни тақозо қиладики, тур ва жанрлар шунинг натижасида ҳам пайдо бўлади. Телевидение ривожланиб, унинг ифода воситалари ва имкониятлари ортиб, шунингдек, бошқа санъат турларидан тажриба олиб унинг анъанавий жанрлари бойиди ва янги турлари ортиб борди. Телевизион жанрлар ўзига хос фарқларга эга. Масалан, «Ассалом, Ўзбекистон!» кўрсатувини олсак. Телевизион ижодкорлар бу кўрсатувда репортажни ҳам, очерк жанрини ҳам ва лирик жанрларда тайёрланган сюжетларни бир-бирига телевизион монтаж йўли орқали боғлайдилар. Бир кўрсатувнинг ўзида томошабин ахборот олиши, бирор мавзу ёки киши ҳақидаги телеочерк билан танишиши, мусиқий оҳанглардан баҳраманд бўлиши мумкин, чунки телевидение санъати, унинг формаси, экран шуни талаб этади. Ана шу жанр қийинчиликлари телевидение олдида турган энг муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. Телевизион жанрлар журналистика ёки адабий жанрлардан ўзининг баъзи жиҳатлари билан фарқ қилади. Телевизион жанрларнинг таснифини қуйидагича келтириш мумкин: информацион телевизион жанрлар (информацион хабар, ҳисобот, хабар, кадрдаги монолог – бошловчи, интервью, репортаж); тахлилий публицистик жанрлар (изоҳ, шарх, суҳбат, бахс, ток-шоу, матбуот конференцияси, мухбирлар тизими); бадиий-публицистика жанрлари (очерк, эссе, хажвий жанрлар); Бадиий телевидениенинг жанрларини қуйидагича ажратиш мумкин: хужжатли-бадиий жанрлар (ток шоу, телемусобақа, телеўйин, телевикторина) бадиий жанрлар (телеспектакл, телеконцерт, телефильм, кўп серияли телевизион фильм). Яна шуни эслатиб ўтиш лозимки, ҳар бир асарнинг мазмунини унинг жанр эътиборидан қатъий назар, маълум бир ғоя ташкил этади. Лекин шу билан бирга биз унинг жанр хусусиятларини шу асарнинг мазмуни билан ўлчаймиз. Биринчи гуруҳга телевидениенинг матбуот билан ўзаро яқинлигини асослайдиган ахборот-публицистик жанрни киритиш мумкин. Шунинг учун ҳам телевидениеда турғун, анъанавий жанрлар, корреспонденция, репортаж, очерк, портрет, интервью ва бошқалар муносиб ўрин эгаллаган. Телевидение орқали энг кўп намойиш этиладиган, ўз моҳияти билан телеочерк кўпроқ ҳужжатларга ва бадиий тасвир воситаларига: воқеаларнинг реаллиги, қаҳрамонларнинг айнан ўзи, монтаж, қиёслаш ва ўхшатишлар ёрдамида образ яратишга асосланади. Бу ерда жамоа ижодий меҳнатининг маҳсулини – режиссёр, оператор ва муаллиф маҳоратини асосий нарса – адабий асар, яъни сценарий белгилайди. Бу жиҳатдан очерк кўпроқ иккинчи группага – ҳужжатли жанрга яқин туради. Бу ўринда анча афзалликлар бор. Чунки реал воқелик муаллиф учун фақат мақсад ёки объект бўлиб хизмат қилмайди, балки уни кенгроқ фонда ёритишга (фантазия)га имкон беради. Телеочерк ёзувчи воқеа ва ҳодисаларни, фактларни, кишилар ва уларнинг фаолияти, хулқ-атворидаги муҳим хусусиятларни танлаб олади, уларни айнан сақлаб қолади. Телеочерк ҳам газета очеркидаги каби турмушни типик образлар ва ҳодисалар орқали тасвирлаш ниҳоят даражада конкретлик ва фактларга асосланган аниқликни талаб этади. Учинчи группадаги телевизион жанрга кўпроқ бошқа санъат турларидаги баъзи бир кўринишларни ўзлаштирган бадиий телевидениега бадиий жанрдаги кўрсатувлар: мусиқий, адабий-драматик, кинокўрсатувлар, болалар учун тайёрланган композициялар, кинофильмларнинг репродуктив намойиши ва телевизион драмалар киради. Телевизион драманинг шакллари ҳар хил. Булардан бири театр спектаклларининг репродуктив намойишидир. Бундай шаклда саҳна асарини яратувчи драматургнинг ғояси ўзгартирилмай жонли трансляция қилинади. Иккинчисига эса, бевосита телевидение учун мослаб яратилган телеспектакллар киради. Бундай шаклда бадиий ёки драматик асар экран тилига, воқеа ва ҳаракат бир меъёрда, ягона сюжет линиясида, композицияда давом этиши учун студия павильонига, бошқача қилиб айтганда бадиий тасвирга кўчирилади. Бу эса теледраматургияни вужудга келтиради. Телевизион спектакл асосий композицион қурилишни, стилистик ва бошқа хусусиятларни асосан театр ва кинодан олди. Лекин воқеаларнинг мантиқан бир жойда, фақат студия павильонида ривожланиб бориши, тасвирий воситаларда кўпроқ йирик пландан (кўринишда) фойдаланиш ва бошқа томонлар театр ва кинога нисбатан телевидениега хосдир. Шунингдек, актёрнинг биринчи пландаги (йирик) кўриниши, мўъжаз хонадаги экранда, узилиши ва давомийлиги (кўп қисмли) бадиий телевидениенинг ўзига хос хусусиятларидир. Телевидение ўзининг ифода воситаларини топиш ҳамда бадиий жанрларни ривожлантириш учун изланишлар олиб борди. Телевидение санъат турлари билан ҳамкорликда фаолият олиб борди. Аксарият ҳолларда жанрлар телевидениеда соф кўринишда учрамади, трансформация ҳолатида бўлди. Телевизион драматургия ҳам телевидениенинг имконияти ва ўзига хос хусусиятлари асосида юзага келди. Оммавий ахборот воситалари ичидан телевидениенинг дифференциал ҳолатга ўтиши янги бадиий маданиятнинг бир кўриниши - бадиий телевидениега асос солди. Унинг изланишларини телевизион бадиий фильм, телевизион драмалар ва телевизион бадиий кўрсатувлар мисолида кўриш мумкин бўлди. Масалан, номлари юқорида қайд этилган теледрамалар билан «Санъат олами» (муал. Ш. Ғаниева, реж. В.Райкова), «Рояль олдида суҳбатлар» (муал. Д.Зиёдова, реж. Н.Левина), «Театр учрашувлари» (муал. Э.Мусаев, реж. Х.Алиев), «Кино оламида» (муал. Х.Акбаров, реж. С.Рахимқулов), «Жаҳон кино юлдузлари» (муал. С.Хўжаева, реж. И.Фаттахов), «Фильмлар ва тақдирлар» (муал. Ж.Тешабоев, реж. Ж.Матмуродов) ва бошқа санъат турларига бағишланган кўрсатувларда бадиийлик элементлари мужассам. Кўрсатувда муаллиф ва бошловчи бевосита санъат ҳақида фикр юритаркан, режиссёр тилга олинган асарларни ўрни келганда репродуктив тарзда намойиш этади. Муаллиф маҳорати, у яратган асарнинг томошабин эътиборини тортадиган жиҳатларини излаб топиб, унинг ижодий лабораториясига бошлади, томошабинни санъат намуналаридан баҳраманд этди. Кўрсатувда илгари сурилган ғояни телеоператор томошабинга нафосат билан етказиш учун телевизион ракурслар топди. Телевизион ифода воситаларидан ўринли фойдаланди. Биз юқорида номларини қайд қилган бадиий жанрга оид кўрсатувлар эволюцияси телевидение эстетикасининг ривожланишига боғлиқ бўлиб, унинг ички имкониятлари бошқа санъат турларига хос ифода воситаларидан воз кечмаган ҳолда, ўзига қарашли техник имкониятларни тўлалигича ишга солиш билан белгиланди. Унинг мазмунига мос шакллар, айнан телевидениега хос воситаларнинг қўлланиши туфайли роман, қисса, драматик асар ва бошқа тур ҳамда жанрларнинг ривожланиши қонуний тус олди. Бадиий жанр эволюцияси жараёнидаги эътиборли жиҳат шуки, телевидение учун асар ёзадиган драматургларнинг теледраматургия бўйича тушунчаларида ҳам ўзгаришлар юз берди. Телевидениенинг илк давридан бошлаб, то 1970-йилларгача кечган тарихи, изланиш, интилишлари, ўзига хосликлари, айни чоғда нуқсону камчиликлари билан бирга бу даврда кўрсатув, телетеатр, телефильм намуналарини яратиш имкони пайдо бўлди. Айни чоғда ижтимоий воқеликда мавжуд мафкуравий тазйиқлар телекўрсатувларга таъсирини ўтказди. Натижада мафкурага мослашиш тенденцияси авж олди. 1970-йилларнинг охири ва 1980-йилларнинг бошларига келиб телевидение кучли мафкуравий қуролига айланди. Лекин шунга қарамай, телевизион ижодкорлар яратилган бадиий жанрдаги асарларга бадиийлик унсурларини сингдириш учун имкониятлар топдилар. Бу имконият телевидениеда телевизион актёрлик кашфиётларининг пайдо бўлиши ҳамда истеъдодли ҳамфикр, ҳаммаслак санъаткорлар бир пайтда жам бўлишлари ҳосиласидир. Лекин ҳар бир жанр ўзининг услуби, воқеликни ўзига хос тарзда кўрсатиш билан ажралиб туради. Телевизион бадиий жанрлар ўз бирлиги жиҳатидан ўзига хос бўлмаган бошқа жанр элементларидан фойдаланиши мумкин. Телевидение кўп жанрли санъат тури, у ўзининг янгидан янги шаклларини изламоқда, шу билан биргаликда унинг кўрсатув шакли, услуби ва методи ҳам шуни талаб этади. Биргина «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» туркумидан бериладиган кўрсатувнинг ўзидаёқ уч жанр мужассам. Булар: суҳбат, интервью ва драма жанридир. Лекин шунга қарамай бу жанрлар бир-бирини инкор этмайди, балки бир-бирини тўлдириб боради, кўрсатув сифатини, шаклини ўзгартиради, савиясини кўтаради. Шунингдек, теледраматургия ва телевизион жанр ўзининг тарихий тараққиёт босқичини ўтади. Бадиий телевидениенинг мустақил маҳсулоти бўлмиш телевидение тарихига заҳира бўлиб кирган бадиий жанрдаги «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи», «Телевизион миниатюралар театри» каби кўрсатувлар юзага келди. Зеро, бу даврда телевизион бадиий ижодда сифат жиҳатидан ўзгариши, изланиш ва тажрибалари кўзга ташланиши билан эътиборлидир. Ўзбекистон бадиий телевидениесида услуб ва изланишлар 1973 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон телевидениесининг кўрсатувлари рангли тасвирда берила бошлади. Бу жараён кўрсатувларнинг янада сержило бўлишини таъминлади. Ўзбекистонда рангли телевидение ишга тушгач, ранг-тасвир ўз жилоси орқали байрам кайфиятини бериб, туйғуларга қаттиқ таъсир ўтказишга қодир эканлиги аниқланди. Ранглар товланишига қараб томошабинлар аянчли турмушни ҳам унутиши мумкин. Рангли телевидение туфайли кўрсатувларнинг бадиий эмоционаллик кучи ортди. 1970 йилларда телетомошабинлар эътиборини телеэкранга жалб қилиш мақсадида телевидениедаги изланишлар кучайиб кетди, бадиий жанрдаги кўрсатувларнинг мавзу доираси кенгайди, изланишларнинг натижаси бўлмиш янги кўрсатувлар пайдо бўлди. «Она мадҳияси» (муал. А. Хайдаров), «Сиҳат-саломатлик» (муал. С. Обидов) билан бир қаторда туркум кўрсатувлар ҳам тобора томошабинларнинг эътиборини торта бошлади. Туркум кўрсатувлар томошабинга маълум мавзу ҳақида кўпроқ ва чуқурроқ маълумот берди. Собиқ Марказий телевидение «КВН», «Қувноқлар ва зукколар клуби» кўрсатувини кашф этди. Бу кўрсатув қувноқлар ва зукколар баҳси бўлиб, унда талабалар топқирлиги, қувноқ ва хушчақчақлигини намойиш этарди. Кўнгилочар дастур қаторида бўлган кўрсатув публицистика, қўшиқ, шеър ва рақс санъатларини ўз ичига оларди. Уни ижро этиш услублари эстрада, театр, кино санъатларига тақлид йўли билан белгиланарди. 1976 йилда Ўзбекистон телевидениесида ҳам «Қувноқлар ва зукколар» кўрсатуви пайдо бўлди. Кўрсатувда қўйилган шартлар, белгиланган вазифалар, топишмоқлар ниҳоятда саёз, жўн ва ҳатто бачканалиги туфайли тезда телеэкрандан тушиб кетди. Чунки ижодий изланишлар ҳамиша ҳам муваффақият келтирмайди. Тақлид, қиёслаш кинода ҳам мавжуд бўлиб, агар ундаги бадиий савия даражаси аввалгисига ўхшаш ёки юқори бўлса – бу муваффақият келтиради. Ўзбек телевизион театри маҳсулотларининг турли шакллари намоён бўла бошлади. Икки улкан жанрнинг уйғунлашуви натижасида бадиий жанрнинг янги изланишлари кучайди. Ўзбекистон бадиий телевидениесида унинг изланиш намуналари кўрина бошлади. 1970-йилларга келиб, адабиёт, санъат, хусусан, кино, театр ҳамда телевидениеда европалашиш тенденцияси сезила бошлади. Бунинг маҳсулини биз телевидение орқали яратилган эпик шаклдаги асарлар Л.Толстойнинг «Рус характери» (1972й. реж. Х.Алиев), Г.Куприннинг «Ёқут кўзлик билакузук» (1973й. реж. Т. Ҳамидов) асарлари мисолида кўрамиз. Адабий асарларнинг телетеатрга кириб келишининг сабаби, биринчидан, маълум саналар билан боғлиқ бўлса, иккинчидан адабий асарнинг жамоатчилик орасида эътибор қозона бошлаганидан, деб изоҳлаш мумкин. Бу йилларда телетеатр учун характерли нарса шуки, адабий асарларни ўзлаштиришда унинг бадиий қимматини йўқотмасликка ҳаракат қилиниши ҳал қилувчи элемент бўлди. 1968 йилда Ў.Умарбековнинг «Одам бўлиш қийин» (реж. М. Махкамов) ва 1982 йилда Ў.Ҳошимовнинг “Баҳор қайтмайди” (реж. М.Мирзааҳмедов) асарлари асосида телеспектакллар юзага келди. 1978 йилда Р.Файзийнинг (реж. М.Маҳкамов) «Ҳазрати инсон» романига мурожаат этиб, кўп серияли телевизион спектакл яратди. Бу телеспектакл батафсил баён шаклида намойиш этилиб, муаллифлар асосий қаҳрамонларнинг фаолиятини кенг ёритганлар. Натижада психологик коллизияларга кириб бориш имконияти яратилди. О.Ёқубовнинг «Диёнат» (1979й.), «Улуғбек хазинаси» (1980й.) ҳамда Ў.Усмоновнинг «Гирдоб» (1980й.) романлари асосида яратилган телепостановкалар ҳам ички коллизияларга кириб бориш имкониятини яратди. Бу телепостановкалар кўпсерияли бўлиб, телевидениенинг олтин хазинасидан жой олган. Улуғбек образи кино экрани ҳамда театр саҳнасида яратилганди. Телевидениеда ҳам бу тарихий образни гавдалантириш борасида изланишлар олиб борилди. М.Юнусов режиссурасига мансуб бу асарлар кўп йиллар ичида орттирилган тажрибалар маҳсулидир. Режиссёр М.Юнусов «Улуғбек хазинаси» телеспектаклида тарихий қаҳрамонларни тиклабгина қолмай, танлаган жанрига синчковлик билан ёндошиб, асар моҳиятини замон руҳига мослаштиришга ҳаракат қилган. Телевидениенинг ифода воситаларини тўла ишга солган ҳолда Улуғбек фожеасини тасвирлашга уринган. Ёзувчи Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси» романини телеспектакл шаклига кўчирар экан, унда тарихий руҳ нақадар кучли эканлигини, муҳим даврий муаммолар бадиий талқин этилганлигини исботлайди. (муал. А.Шораҳмедов, Х.Нўъмон) «Ота», (муал. Ж.Шарипов) «Хоразм» сингари тарихий, инқилобий ва автобиографик романларни муваффаққиятли экранлаштирган Мақсуд Юнусов мазкур асарни ҳам, тарихий давр ҳақиқатининг моҳиятини ҳам чуқур тушунади. Буни телеспектаклдаги қаҳрамонлар сиймосида аниқ кўрамиз. Бироқ образ замиридаги жуда яхши белгиланган бу муҳим фикр, тасвирланган амалий ҳатти-ҳаракатлар холисона кўрсатилганда образнинг хиссий қиммати янада ошарди. Актёр П.Саидқосимов Абдуллатиф образидаги мураккаб ижтимоий психологик жараённи очиб беришга ҳаракат қилган. Уни қилмишларининг интиқоми ҳамиша ҳамма ерда таъқиб этади. Артистнинг маҳорати шундаки, у руҳий кечинмаларини виждон азоби сифатида эмас, балки, тахтдан жудо бўлиб қолиш васвасаси, ўлимдан қўрқиш ваҳимаси сифатида талқин этади. Албатта, беш қисмдан иборат бу телеспектаклда маҳорат билан тасвирланган Ургут тоғи манзараси, Уста Темир истиқомат қиладиган ғордаги воқеалар кинолентасида тасвирланган эпизодларнинг натурал ифодаси спектакл бадиийлигини оширади. Лекин бу ҳол қўшимча ижодий меҳнат ва айрим моддий масалаларга боғлиқ. Сценарий муаллифининг маҳорати шундаки, беш қисмдан иборат телеспектаклнинг ҳар бир қисми композицион жиҳатдан пухта ишланган. Шу билан бирга қисмларнинг ҳаяжонли деталлар, қизиқиш уйғотувчи давомли эпизодлар орқали пухта боғланиши томошабинларда яхши ғоявий эстетик туйғу пайдо қилади. Телеспектаклда ўринли қўлланилган қўшалоқ саҳналар бундай таассуротни оширади. Улуғбекнинг зиндонда ётган Али Қушчи тасаввурида пайдо бўлиши шогирдига сабот, матонат, ирода бағишлайди. «Улуғбек хазинаси» телеспектакли ўзбек телесанъатининг камолотидан дарак берувчи катта тарбиявий-маърифий аҳамиятга эга тарихий мавзудаги замонавий асардир. Албатта, тарихий шахсларнинг бадиий образини яратиш масъулиятли ва айни пайтда мураккаб ишдир. Чунки тарихий маълумотларни қайта ҳикоя қилиш ва саҳналаштириш билан иш битмайди, томошабинга бунинг кераги йўқ. Ижодкор тарихни ўз тафаккури орқали ўтказиб, яхлит шароит, муҳит ичида, ягона ғоя асосида ривожланадиган драматик сюжет шаклидаги, жонли ҳиссиётлар, кечинмаларга бой қаҳрамонни хосил қилгандагина адабий асардан телевизион бадиий асар юзага келиши мумкинлигини режиссёр М.Юнусов телевидение шароитида исботлади. 1982 йилда Б.Бойқобиловнинг «Кун ва тун» қиссаси асосида режиссёр (реж. М.Юнусов) икки қисмли телевизион асарни яратди. Телеспектаклнинг биринчи қисмида Бобурнинг Самарқанддан чиқиб кетиши, Қобул аркидаги кечинмалари ҳикоя қилинса, иккинчи қисмида Аграда бўлган воқеалар, саргузаштлар намойиш этилади. Бобур ролини артист Р.Авазов ижро этган. Эътиборли жиҳати шуки, Бобурни биринчи марта телеэкранда кўрдик. Бу айнан бадиий телевидениенинг ютуғидир. Актёрлар яхлит ансамблни ташкил этиб, уни ифода ва ишоралари, муомала муносабатлари билан Бобур дунёсини кўрсатишга уринадилар. Эпизодик ролларни ижро этган Р.Иброҳимова (ҳинд аёли), Г.Саъдуллаева (Маъсума), Т.Хонтўраев (Сингх) ва бошқа актёрларнинг ҳам хизмати бор. 1986 йилда режиссёр М.Юнусов ёзувчи О.Ёқубовнинг «Диёнат» романи асосида яратилган видеофильмдаги замондош образини таҳлил этишга чуқур маънавият билан ёндошган. Режиссёр инсон учун энг зарур бўлган виждон, инсоф, иймон, диёнат негизига путур етишига қарши турар экан, бу курашни ғоявий пойдевор қилиб олади ва шу асосда персонажларни тараф-тарафга ажратиб, ўз хулосасини чиқаради. Роман бир кишининг ижоди, адибнинг ютуғи бўлса, фильм катта ижодий жамоанинг маҳсулидир. «Диёнат» видеофильмида элликка яқин артист, оператор, рассом, гримчи, режиссёр ёрдамчилари иштирок этишган. Режиссёр М.Юнусов сўз санъати билан телевидение санъати орасидаги муштараклик ва тафовутни нозик ҳис этадиган, бадиий, ҳаттоки кичик персонажлар замирида ётган эстетик маъно - концепция тагига чуқур етадиган синчков санъаткор. У телевидениеда бадиий асарларни экран мулкига айлантиришда режиссёрликни санъат даражасига кўтарган фидойилардан. Беш қисмдан иборат «Диёнат» видеофильми катта ижодий жамоанинг жиддий ютуғи бўлиб, Ўзбекистон телевидениесининг йирик романларни экранлаштириш йўлидаги муваффақиятли дадил қадамларининг давомидир. Адабиёт билан бадиий телевидение ўртасидаги риштани мустаҳкамлашга, теледраматургиянинг ривожига ҳисса қўшади. Телевидениеда йирик романларни экранлаштириш анъанаси мавжуд бўлди, масалан, режиссёр Х.Алиев ёзувчи Н.Думбадзенинг «Абадият қонуни», режиссёр М.Юнусов ёзувчи Ойбекнинг «Навоий», режиссёр М.Маҳкамов Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романлари асосида видеофильмлар яратдилар. Тўрт қисмли «Гирдоб» видеофильмининг муваффақиятини таъминлаган омиллар биринчидан, романнинг кучлилиги, бақувват ва пишиқлиги, иккинчидан, сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр М.Юнусовнинг юқори профессионал маҳоратидир. Ёзувчи Ў.Усмоновнинг «Гирдоб» видеофильми муаллифлари асар руҳини мумкин қадар тўлиқ беришга, унинг драматизмини бешикаст етказишга, кучли, эсда қоларли характерларни мураккаб коллизиялар, нозик тўқнашувлар асосида очишга, томошабинни видеофильм охиригача қизиқтириб, диққатини экранга қадаб туришга муваффақ бўлишган. Тажрибали режиссёр М.Юнусов романнинг экран вариантини яратишда асарга ижодий ёндошган, муаллиф Ў.Усмонов билан маслаҳатлашиб иш тутган. Салтанат, Муҳиддин Жабборович образларини янгича талқин этган, асар мазмунига путур етмаган ҳолда янги воқеалар киритган. Айнан телевизион драматургия намуналарининг телеэкрандаги намойиши муваффақиятли тарзда кетаётган пайтда «Гирдоб» видеофильми уларнинг давоми сифатида телевидение орқали намойиш этилди. 70-йилларнинг охири, 80-йилларнинг бошида Ўзбекистон бадиий телевидениесида янги жанрдаги услубий изланишлар ҳамда кино, театр ва телевидениенинг ўзаро ҳамкорлиги маҳсули сифатида «Ўзбектелефильм» студиясида «Тўмарис» фильм-балети тасвирга туширилди. Ўзбекистонда фильм-балет жанрида таниқли кинорежиссёр Л.Файзиев («Жонланган миниатюралар», «Дилором») ижод қилган. Лекин телевидениеда биринчи бор бу ишга кинорежиссёр Н.Маҳмудов қўл урди. Телевидениеда телевизион балет жанрининг пайдо бўлишини балетмейстернинг номи билан эмас, балки телевизион драматик режиссёр номи билан боғлаш мумкин. Режиссёр Н.Маҳмудовгача бу жанрда ҳеч ким ижод қилмаган, деб айтолмаймиз. Чунки, балет спектаклидан парчалар тасвирга туширилган. Лекин тўлақонли телевизион фильм-балет яратилмаган. 1986 йилда «Ўзбектелефильм» студиясида яратилган «Тўмарис» бадиий фильм-балети ўтмишда босқинчиларга қарши курашган сак қабилалари ва уларнинг сардори Тўмариснинг жасорати ҳақида ҳикоя қилади. «Тўмарис» фильм-балетини экранлаштирувчи ижодкорлар балет санъатини ҳамда телевизион ифода воситаларини ўринли уйғунлаштириш, чоғиштириш (рапид, монтаж, оҳиста ҳаракати, мураккаб съемкалар) дан ўринли фойдаланганлар. Шу жиҳатдан ҳам «Тўмарис» бадиий фильм-балети Ўзбекистон телевидениеси фаолиятида янги жанрнинг юзага келишига солинган асос дейиш ўринлидир. Афсуски, шу кунга қадар ижодкорлар телевизион фильмбалет жанрига қайта мурожаат этмадилар. Шу маънода «Тўмарис» телевизион фильм-балети Ўзбекистон бадиий телевидениесидаги ягоналигича қолмоқда. Адабиёт ва кино санъати орасида турувчи видеофильм сценарийсида драма жанри билан киносценарийларнинг энг яхши хусусиятлари уйғунлашиб, теледраматургиянинг ривожи учун улуш қўшди. Режиссёр М.Юнусов бу соҳада етарли тажриба тўплаган. У 5 қисмдан иборат «Улуғбек хазинаси» (О.Ёқубов), 2 қисмли «Вафодор» (В.Ғофуров), 1 қисмли «Палаткада ёзилган шеър» (Э.Воҳидов), 2 қисмли «Тун ва кун» (Б.Бойқобилов), 4 қисмли «Гирдоб» (Ў.Усмонов) асарларини телеспектакл ва видеофильм қилиш жараёнида, уни экранлаштириш борасида талай изланишлар олиб борган ва телевизион ифода воситаларидан ўринли фойдаланган, телевизион услуб ва жанрларни ривожлантириш борасидаги изланишларга ҳисса қўшган. Адабиётлар: 1. Каримов И. Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. - Т.: Ўзбекистон, 1993 йил 2. Каримов И. Янгича фикрлаш ва ишлаш – давр талаби. - Т.: Ўзбекистон, 1997 йил 3. Каримов И. Маънавий юксалиш йўлида: тарих, маърифат, маънавият. – Т.: Ўзбекистон, 1998 йил 4. Девис Д. Азбука телевидения. - М.: Искусство, 1962 йил 5. Саппак Вл. Телевидение и мы. – М.: Искусство, 1963 йил 6. Ильин Р. Выразительные средства телевидения. - М.: Искусство, 1966 йил 7. Юровский А.Я., Борецкий Р.А. «Основы телевизионной журналистики». - М: МГУ, 1966 йил 8. Вильчек В. Контуры. Наблюдения о природе телеискусства. - Т.: Искусство, 1967 йил 9. Багиров Э., Борецкий Р., Глуховский Д., Григорьянц Н. Жанры телевидения. - М.: Искусство, 1967 йил 10. “Искусство голубого экрана” 1968 йил Москва (сборник статей)