logo

Тўхтасин Жалилов номидаги Ўзбекистон Давлат академик халқ чолғулари оркестри мисолида

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

33 KB
Тўхтасин Жалилов номидаги Ўзбекистон Давлат академик халқ чолғулари оркестри мисолида ўзбек халқ чолғулари оркестрларини созлаш Ўзбек халқ чолғулари оркестрларини созлаш жараёни ҳам умумий қабул қилинган қоида асосида, симфоник, пуфлама (духовой) ва бошқа оркестрлар каби созланади. Шу билан бирга махсус созлаш хусусиятлари ҳам мавжуд. Оркестрга ҳамма оркестрлар учун қабул этилган Ля товушини (I-нчи октава. 440 тебраниш асосида) гобой чолғуси беради. Аммо. Гобойнинг ўзи ҳам созини олдиндан I-нчи чанг чолғусининг I-нчи октава ЛЯ товуши билан яхши текшириб, аниқлаган бўлиши керак. Шу билан бирга чанг чолғуларининг ўзи ҳам торлари кўп (70 дан ортиқ) бўлганлиги сабабли, созлаш жараёни кўп вақт талаб этилишини ҳисобга олган ҳолда умумий оркестр машғулотидан анча олдин, камертон асосида ҳамма торларини аниқ ва жуда тоза созлаши талаб этилади. Ўзбек халқ чолғулари оркестрида 5 та гурух (группа) бўлиб булар: пуфлама, мезробли торли ва чертиб чалинувчи (плекторно-шипковый), урма (ударный) ва камонли торли (смычковый) чолғулар гурухларидир. Бу гурухларнинг хар бирининг ҳам ўзига хос, махсус созлаш ва гурух чолғуларининг товушларини алоҳида аниқ текшириш хусусиятлари ҳам мавжуд. (Ҳамма гурухлар камертоннинг I-нчи октава ЛЯ товуши асосида созланади). Жумладан: пуфлама чолғулар аввал ЛЯ товушларини алоҳида-алоҳида ва ўзаро текширишади, кейин кварта ва квинта товушлари аниқланади ва ниҳоят ҳамма чолғулар уч товушликни (трезвучие) аккорд ҳолда ижро этиш йўли билан товушлар софлигини (чистота интонации) текширишади. Шу билан бирга товушларни текшириш жараёнида товушлар сифатига ва уларнинг жарангдорлигига алоҳида аҳамият бериш керак. Мезробли ва чертиб чалинувчи чолғулар гурухида созандалар қуйидагиларга риоя қилишлари лозим: биринчи галда чолғуларнинг харракларини ўз жойида турганлигини текшириш керак. Бунинг учун чолғулар торлари очиқ ҳолда (парда босмай) созлангандан кейин шу товушларнинг юқори октавасини яъни 12 пардани босган холда текширилади, бу холатда октава товуш аниқ ва соф эшитилиши лозим. Товуш паст ёки баланд эшитилса, харракни жуда эҳтиётлик билан пастга ёки юқорига суриш орқали тўғриланади. Бу жараёндан сўнг чолғулар сози яна ҳам аниқ ва соф бўлиши учун гурух чолғуларининг ҳамма торларини Фложалет товуши орқали ҳам текширилиши мумкин. Фложалет   — бу 12 парда устида пардани тўлиқ босмай, торга бармоқни жуда нозик теккизган холда ҳосил қилинади. Камонли чолғулар торлари очиқ ҳолда созлангандан сўнг, очиқ торларни қўш товуш садолатиш орқали, яъни   — биринчи билан иккинчи торни, иккинчи ва учинчи торни, ниҳоят учинчи ва тўртинчи торни кварта ва квинта интерваллар билан текширилади. Чолғулар яна ҳам соф созланганлигини   — фложалет товуши орқали аниқлаш мумкин. Урма чолғулар гурухида доира, ноғора, сафоил, қайроқ чолғулари билан бир қаторда симфоник оркестрдаги литавра, ксилофон, колоколчик, кичик ва катта барабанлар, тарелка, учбурчак, кастанет ва бошқа чолғулар кенг ишлатилади. Бу чолғулар оркестрда муқум ўрин олган бўлиб, уларнинг ҳам ўзига хос созлаш хусусиятлари мавжуд Жумладан: доира ва ноғоралар меъёр даражасида қиздирилган (созланган) бўлиши керак, акс холда товушлар сифати бузилади. Замонавий литавралар созлашга қулайлик яратувчи педал механизмлари билан таъминланган. Шу сабабли асарда кўрсатилган товушларни ижро давомида ҳам тез ўзгартириш ва сифатли созлаш ижрочига деярлик қийинчилик туғдирмайди. Ўзбек халқ чолғулари оркестри бошқа халқ чолғулари оркестрларидан чолғуларнинг ранг-баранглиги, тембр бойлиги, товушлар садосининг кучи, чолғулар айниқса бир қатор чолғуларнинг, яъни оркестрнинг асосий чолғулари бўлмиш рубоблар ва ғижжакларнинг қорнилари (дека) юпқа балиқ териси қопланганлиги билан фарқ қилади ва ажралиб туради. Шунинг учун бу чолғуларга ҳаво ҳарорати жуда тез таъсир этади ва чолғулар сози вақти- вақти билан ўзгариб туради. Шу сабабли оркестр созандаларидан чолғулар созини доимо назорат қилиб, текшириб туриш талаб этилади. Умуман олганда, Давлат академик халқ чолғулари оркестрининг кўп йиллик иш тажрибаси шуни кўрсатадики, оркестр ўз иш вақтининг биринчи соатини аксарият гурухларга бўлиниб, иккинчи соатдан ҳамма гурухлар бир бўлиб   — оркестр машғулоти ўтказиш ижобий натижалар беради. Ана шу гурухларга бўлиниб ишлаш жараёнида чолғулар нисбатан тез ва сифатли соз бўлади, ҳамда чолғулар созининг барқарорлашувига эришилади. Умумий оркестр машғулоти бошланганда чолғулар сози яхши маромига етган бўлиб, созлашга кўп вақт ажратиш эҳтиёжи қолмайди. Хулоса қилиб шуни айтиш керакки   — оркестрда чолғулар созига жуда катта эътибор берилади, дирижёрлар ва гурух концертмейстерлари буни доимо назорат қилиб, уларнинг диққат марказида туради. Бу ўз вақтида оркестр машғулотлари ва концертларининг самарали, юқори профессионал даражада ўтишини таъминлайди. _____________________________________________________________ Адабиётлар рўйхати 1. Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ.-Т.: Шарқ, 1998 . 2. Каримов И.А.Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7.-Т.: Ўзбекистон, 1999 . 3. Азимов К. Ўзбекистон дирижёрлари.-Т., 2001. 4. Аносов Н. П. Литературное наследие. Изд. Сов. Композитор, 1973. 5. Астров А. Деятель русской музыкальной культуры, С. А. Кусевицкий, Л. Музыка 1981. 6. Ашрафий М. Музыка в моей жизни. Т. 1975. 7. Ансарме Эрнест. Статьи о музыке и воспоминания. М. Сов. Композиор. 1986. 8. Баграновский М. Дирижерская техника рук. М. 1947.