logo

Музей экспозициясида турли ёшдаги аудитория билан ишлаш спецификаси

Yuklangan vaqt:

29.11.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

41.2802734375 KB
Музей экспозициясида турли ёшдаги аудитория билан ишлаш спецификаси Музейнинг маданий-илмий фаолияти доирасидаги инсонлар (ходимлар) тўплами музей аудиторияси деб аталади. Бу атама фақат музейга аниқ келганларнигина эмас, балки потенциал (ташриф буюришни режалаштирган) ташриф буюрувчиларни ҳам бирлаштиради. Музей аудиторияси бир қатор параметрлари билан характерланади. Ижтимоий-демографик таҳлилда маълумот даражаси, касбининг тури, жинси, ёши, яшаш жойи каби белгиларни фарқ қилиш тахмин қилинади. Музейга тез-тез келиш нуқтаи назаридан аудитория беқарор ёки доимий бўлиши мумкин. Музейга келувчилар таркиби доимий бўлиши – унинг фаолияти муваффақиятли эканлигидан ва унинг янада ривожланишининг муҳим кўрсаткичидан биридир. Музей аудиториясининг муҳим параметри – унинг тайёргарлик ва ўзига жалб қилиш даражаси ҳисобланади. Бу баъзан “келувчининг музейдаги маданияти” тушунчаси билан ифодаланади. Бу ерда гап одамнинг музей муҳитида ўзига йўл топа олиши ва ўзига хос музей тилини қабул қила олиши ҳақида бормоқда. Музей маданиятига баҳо бериш мезони музейларга тез-тез бориш ва танлаш, экспозициялар билан мақсадга мувофиқ танишиш, ёдгорликларни кўриб чиқиш ва ҳоказолардан иборат. Музей аудиториясини анализ қилишда одамлар музейга мустақил келадими ёки экскурсион группалар таркибида маданий-илмий чоратадбирлар иштирокчиси сифатида келадими, шуни ҳисобга олиш зарур. Бу маълумотларни олиш учун социологик тадқиқот олиб бориш зарур. Уларнинг баъзи бирлари музейга келиш динамикасини ва ҳар хил группалар кўп келиши факторларини билдиради, бошқалари одамларнинг экспозицион тематикага ва музейнинг алоҳида предметларига қизиқишини ўрганади, учинчилари экспозицияларни идрок қилишини, аниқ экспозицион ечимларни ва маданий-илмий фаолият шакллари самарадорлигини таҳлил қилади. Тадқиқот натижалари музей иши методикасини такомиллаштиришга, музей фаолиятини режалаштириш ва бошқариш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга имкон беради. Ижтимоий тадқиқотлар махсус ишлаб чиқилган методлар асосида олиб борилади, улар қўйилган мақсад ва вазифаларга қараб танланади. Анкета саволлари орқали кўпроқ ишончли ахборот тўплаш мумкин. У бутун музей аудиторияси ёки алоҳида гуруҳлар, якка ташриф буюрувчилар ўртасида ўтказилади. Ижтимоий тадқиқотлар реал аудиториянинг қизиқиши ва таклифлари асосида шакллантирилса, маҳаллий аҳолига анкета саволлари бериб, жавоб олиш потенциал аудиторияни ўрганишга йўналтирилади. Тадқиқот натижаларини умумлаштириб, музей аудиторияси билан ишлашни такомиллаштиришга қаратилган аниқ чоралар ишлаб чиқилади. Россияда ХХ аср бошларида биринчи бўлиб музей аудиториясини анализ қилишга уриниб кўрилган, лекин 1920 йил ўрталаридан у муттасил ўрганила бошлади. Третьяков галереясида ўтказилган тадқиқотлар кўлами кенглиги билан ажралиб турарди. Бу тадқиқотлар якуни – “Музей томошабинларини ўрганиш” тўпламининг нашр этилишидир (1928й.). 1930 йил ўрталарида кўпгина ижтимоий усуллар асосий равишда “сохта илмий” деб ҳисобланиб, музей аудиториясини тадқиқ қилиш амалда чеклаб қўйилган. Улар фақат 1960-70 йиллар арафасида, яъни социология қайтадан ривожлана бошлагач тикланган. Музей социологиясининг тикланишида “Музей ва ташриф буюрувчи” тадқиқот мажмуаси муҳим ҳисса қўшди. Бундай иш 1973-74 йилларда Маданият илмий-тадқиқот институти томонидан Россия ўлкашунослик музейларида, 1978-79 йилларда музей қўриқхоналарда ўтказилган. Бундан мақсад музей фаолиятининг энг муҳим масалаларини ва унинг аудитория билан ўзаро муносабатини таҳлил қилишдан иборат бўлган. Масалан, музей экспозициялари ва экскурсияларни идрок этиш ажойиб натижа берган ва илмий - маънавий ишларидаги муаммолар ҳамда қарамақаршиликларни аниқлашга имкон берган. Тадқиқотлар натижасида “ғоявий фикр” билан экспозицияларни томоша қилиш принциплари орасида номувофиқлик кузатилган. Чунки музей ходимлари экспозиция ташкил этишда томошабинлар маълум маршрутга амал қилади, мавзуларни кетмакет ўзлаштиради, деб ўйлаган. Томошабинлар эса экспозицияни бўлиб-бўлиб томоша қилишган, маршрутга амал қилмаганлар, яъни улар ўзини ходимлар ўйлагандек тутишмаган. Шундай қилиб, тадқиқотлар музейни тўхтаб-тўхтаб (бўлиб) кўриш анъанасини шакллантириш зарурлигидан далолат берди. Бунинг учун умуман музейни эмас, балки аниқ экспозиция ва экспонатларни тарғибот қилиш кераклиги аниқланган. Тадқиқотчилар экспозицияни образли қуриш зарурлигини, бу эса уларнинг томошабинларга эмоционал таъсирини янада кучайтиришини таъкидлаганлар. Музейларнинг экскурсия ишларини ўрганиш ҳам муҳим хулосалар чиқаришга имкон берди. Уни бир академик соат давомида кўриш мобайнида экскурсоводлар гуруҳни ҳудуднинг барча қисмини кўрсатишга ва иложи борича кўпроқ экспонатларни кўрсатишга ҳаракат қилганлар. Натижада экспозициялар материалларга ниҳоятда бой бўлганлигидан музей ашёлари юзаки кўрсатилган. Масалан, музейларнинг бирида экскурсовод 132 та экспонатни кўрсатган, экскурсия якунида ўтказилган сўровнома натижасида шулардан фақат 13 таси ташрифчилар эсида қолганлиги маълум бўлган. Бу эса ташрифчилар умумий маълумотлар билан эмас, балки музей ашёсига мансуб аниқ маълумотлар билан қизиқишларидан далолат беради. Шунга кўра, тадқиқотчилар кўрсатиладиган объектларни қунт билан танлашни, ашёлар мазмунини чуқурроқ очиб беришни оғзаки тушунтиришни камайтириб, томошабинлар экспонатларни яхшироқ кўришига имкон беришни тавсия этганлар. Кейинги йилларда социологик тадқиқотлар тегишли бўлим ва мутахассисларга эга бўлган йирик музейларда ўтказилган. Социологик тадқиқотлар ҳозиргача анчагина чекланган миқдорда ўтказилади, бу эса ҳозирги талабларга аниқ мос келмайди. Чет эл музейларида “қайтариладиган боғланиш”га алоҳида эътибор берилади. Бу иш АҚШ, Канада, Буюк Британия, Франция, Германияда кенг амалга оширилади. У ерларда узоқ муддатли ва тизимли тадқиқотлар кенг кўламда олиб борилади. Масалан, 1991 йилда Францияда музейлар бошқармаси буйруғига мувофиқ 40 та музейда томошабинларни доимий ўрганиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Кўп музейларда музей аудиториясини таҳлил қилувчи махсус бўлимлар – маркетинг ва жамоатчилик билан боғланиш бўлимлари мавжуд. Музей аудиториясини ўрганиш билан шуғулланадиган структуралар давлат даражасида ташкил этилган. Масалан, ташриф буюрувчиларни ўрганиш ассоциацияси (Канада), Музей аудиторияисини тадқиқ қилиш ва баҳо бериш қўмитаси (АҚШ), Вискон университетидаги ташрифчиларни ўрганиш халқаро лабораторияси (АҚШ). ХХ асрнинг сўнги йилларида музейлар фаолиятида жиддий ўзгаришлар юз берди. Янгича тасаввурларга мувофиқ, музейнинг вазифалари фақат ҳодиса, жараён, факт ва музей предметлари ҳақида кўп билим беришдан иборат бўлмаслиги керак. Томошабиннинг сезги-эмоционал ҳолатига таъсир этиш, уни тарихий муҳитга олиб кириш, унинг тасаввурини ишга солиш музейлар фаолиятида маданий-илмий концепциясининг асосий вазифасидир. Музейга келган одам тарбиявий таъсир объекти эмас, балки тенг ҳуқуқли суҳбатдошдир, шунинг учун музейнинг аудитория билан мулоқоти монолог эмас, балки диалог шаклида бўлиши керак. Кўп музейлар ўз фаолиятида маркетинг ёндашувининг ривожланиши зарурлигини англаб етишида қийинчиликларга учрайди. Консультант Уил Филипc (Will Phillips) 1996 йилда «Объектларни аудитория билан боғлаш» ("Linking Objects with Audience") мақоласини ёзди. «Тарихан шундай шаклланганки, музейлар фаолияти асоси аудиториядан эмас, балки объектлар ва намуналарни йиғиш ҳамда тушунтиришдан ташкил топган. Натижада музей стратегияси орзулар доирасида ривожланарди: «Буни тўплагин ва улар келади». Лекин бугун Филипс таъкидлашича, агарда музейлар ўзига кўпроқ ташриф буюрувчиларни жалб этишни истаса, аудитория хоҳиши асосий диққат марказида бўлиши лозим. Мазкур “тўғри” ёндашувни тадбиқ этиш кўргазмани сув аттракционига алмаштириш дегани эмас. Лекин бу кўргазмани жума куни кечки пайт ўтказиш ёки сешанба куни тушликдан кейин ўқиладиган маърузаларни яхшиси шанба тонгида ўтадиган интерактив устахонага алмаштириш мумкинлиги англатади. Кўргазма майдонига кўпроқ курси (скамейка)лар ёки ташриф буюрувчилар учун қулайлик туғдирадиган бирорта зарур деталларини қўшиш мумкин. Аудитория истаклари ва талабларини билиш, ҳурмат қилиш, жавоб бериш – музейлардаги самарали маркетингга бўлган йўлдир. Филипс фикрича, «аудитория музей ходимлари ўзгача меҳр билан қарайдиган музей предметлари каби ҳурмат-эҳтиром ва эътиборни талаб қилади». Маркетинг ёндашуви ривожланиши аудиторияга уларнинг нигоҳи билан потенциал мижоз сифатида қараш, уларнинг тегишли эҳтиёжи ва истакларига мос келувчи имкониятларимиз ва дастурларимизни тадбиқ этишни талаб этади. "Аудитория" нафақат ташриф буюрувчилардир. Самарали музей маркетинги аудитория хоҳиши ва шахсий хоҳишимизни қондирадиган шароитларни яратиш учун эҳтиёжларимиз ва хоҳишларимизни аудиториямиз – барча аудитория эҳтиёжлари ва хоҳишлари билан бирлаштиришни талаб этади. Умумий кўринишда маркетинг бу айирбошлаш. Музей нимадир беради ва эвазига нимадир олади. Ҳар қандай бозор шундай тузилган ва музей бозори бундан мустасно эмас. Баъзан, чет эл матбуотларида музей – “маъно ва фикр-мулоҳазалар савдоси билан шуғулланадиган корхона”, деган гапларни эшитиб қоламиз. Дарҳақиқат, ҳаттоки маҳсулот етарлича моддий табиатга (кўргазма, сувенир, китоб ва ҳ.) эга бўлса ҳам, ташриф буюрувчилар (харидор) учун энг аввал унинг мазмуни барибир рамзий ҳисобланади. Ташриф буюрувчиларнинг маълум тоифаси учун музейга ташрифи, улар у ерда нима кўрганликларидан қатъий назар, рамзий ҳаракат ҳисобланади. Шунинг учун, чунончи музейда кенг истеъмол молларини сотиш ёки бошқа жойда кўрсатилиши мумкин бўлган хизматларни таклиф этишдан маъно йўқ. Аксинча, барчаси ғайриоддий, барчаси қимматбаҳо, барчаси фақат юқори сифатли бўлган жой сифатида музей обрў-эътиборини сақлаб қолиш учун барча имкониятларини ишга солган ҳолда ҳаракат қилиши лозим. Аниқроғи, маркетинг тилида, музей тўғри «имидж»ни сақлаш ҳар қандай ўткинчи даромаддан муҳимроқ вазифадир, чунки бундай имидж келажакда бундан-да катта даромадлар келтириши гарови ҳисобланади. Музейда яратилаётган муҳит улкан аҳамиятга эгадир. Ташриф буюрувчини киришда ким кутиб олади, қандай, қайси сўзлар билан, юз ифодаси қандай, нозирлар уни қайси нигоҳ билан кузатишади? Ташриф буюрувчи ўзини ардоқли меҳмон ёки кутилмаган шахс сифатида ҳис қиладими? У музей ходининг хайрихоҳлигини ёки бепарволигини ҳис қиладими? Муҳит - музей томонидан тақдим этилаётган жуда муҳим қисмдир. Айни шу музей муҳитининг дизайни ва сифатига ҳам: экспозиция ва экспозицияси бўлмаган хоналар, бинолар, ҳудудлар, реклама, матбаа маҳсулотлари ва ҳоказолар музейда мавжуд ёки у билан боғлиқ барчасига тааллуқлидир. Театр каби музей ҳам гардеробхонадан бошланади, баъзи томошабинлар учун эса шу билан ҳам тугайди, негаки ҳаммани ҳам ғарибона (фақирона) маконда жойлашган дурдона асар ёки осори-атиқаларни баҳолаш етарлича қизиқтирмайди.  1870 йиллардан бошлаб немис музейшунослиги мактаби музейларга янги маърифат институти сифатида қараб, уларни жамиятга таъсир этиш доирасини академия ва университетлар билан тенглаштирди. Файласуф Н.Ф.Федоровнинг “Музей, унинг моҳияти ва қўлланилиши” номли асарида музейни “Бирдамликнинг олий муассаси” деб атаб, уни “қалб маънавияти” сифатидаги аҳамиятини таъкидлаб ўтган. М.В.Новорусский музейларнинг муҳим маърифий муассаса сифатида таъкидлаб уларнинг таҳлилини маориф тизимидаги ўзгаришлар билан боғлаган. 1870-1890 йилларда музейларни маориф соҳасидаги инқирозларни енгиб ўтувчи энг муҳим восита сифатида қарашган. Муалифнинг айтишича китобларни эмас балки натурани, реал ашёларни ва уларнинг ўзаро муносабатини ўрганиш оммабоп ўқитиш усулини таъминлайди. Музейлар нафақатгина мактаб билан ҳамкорлик қилади балки мактабдан ташқари таълим тизимининг муҳим бўғинига айлана бошлади. Назариётчи Е.М.Мединский кутубхона, нашриёт, оммавий ўқишлар ва маърузалар, катталар учун турли типдаги мактаблар, театр, кинематограф, концертлар, байрамлар, халқ уйлари, катталар учун клублар ва албатта музей ва кўргазмалар мактабдан ташқари таълимнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади деб айтган эди. Шундай қилиб XIX-XX асрларда музейлар нафақатгина илмий балки маърифий институт сифатида намоён бўлиб, маориф соҳасидаги вазифаларни ҳал этишда ҳам ўз ҳиссасини қўша бошлади. Шу тариқа музейнинг маънавий муассаса сифатидаги модели шаклланади. Бу позиция маданиймаърифий иш ёки мактабдан ташқари таълим атамаларини пайдо бўлишига асос бўлди. Бундай янги концепцияни музейларда қўлланилиши, музей коллекцияларни фақатгина музей мутахассиси фойдаланиши мумкин бўлган фондларга ва кенг омма учун намойиши мумкин бўлган коллекцияларга ажратди ҳамда биринчи мартта ўқувчилар учун экскурсиялар олиб бориш ташкил этилди. Музей ходимлари орасидан эса экскурсовод лавозими ташкил этилди. XX асрнинг бошларида музейшунослик соҳасида янги ва эски тенденциялар орасидаги фарқлар сезила бошланди. Музей моделидаги маънавий-маърифий йўналиш ривожлана бошлади. 1920-1950 йиллардаги музейлар фаолиятидаги асосий моделлар. У даврларда музей фаолияти сиёсий маърифатнинг йўлбошчиси, сиёсат ва маънавий ишларнинг қудратли қуроли сифатида акс этди. Музейлар ўз экспозицияларида давлат сиёсатини тарғиб этувчи экспозициялар ярата бошладилар. Бу ҳолат айниқса собиқ Иттифоқ тузуми даврида авжига чиқди. Ҳозирги МДҲ давлатларидаги барча музейларда юқоридан берилган кўрсатмага асосан мавжуд сиёсий муҳит руҳида экспозициялар ташкил этилган эди. Музейларнинг янги маърифий концепцияси сиёсий-маърифий, оммавий ишлар каби янги терминларда ўз аксини топди. Айнан шу давр музейни омма билан ишлаш принципига асос солди. Бу талаб келажакда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмади. Бу даврни танқидий тахлил этиш билан бир қаторда унинг баъзи ижобий аҳамиятга эга бўлган томонларини айтиб ўтиш жоиз. Чунки айнан шу даврда аввалгидек музейни фақатгина экскурсиялар ва лекциялар билан чекланибгина қолмай, балки аудитория билан ишлашнинг турли-туман шакллари, жумладан ўқувчи ва ўқитувчилар билан ишлаш йўналишлари ривожланди, лекин унинг мазмун моҳияти мавжуд сиёсат тарғиботи билан чекланди. Информатив модел: 1960-1980 йиллар. 1960 йилнинг бошларида музейларнинг ҳаётида мухим давр ҳисобланади. Айнан шу даврларда музейларга илмий муассаса мақомини қайтариш учун ҳаракат бошланди. Биринчи маротаба музейларнинг таълим соҳасидаги йўналиши хақидаги ғоя шакллана бошланди. Ўша давр нашрларида музейлар илмий аҳамиятга эга ашёлар орқали оммага билим берадиган масканга айланиши лозим эди. Музейларнинг ахборот воситаси, яъни билим тарқатувчи муассаса сифатидаги ўрнига аҳамият берилди. “Музейлар илмий билимларини ўзида қамраб олувчи, уларни кенг оммага тарқатувчи муассаса хисобланиб айнан шу даврда бу фаолиятга илмий- маърифий ишлар термини берилди”. Лекин музейлар қанча ҳаракат қилмасин, барибир экспозицияларнинг мазмунмоҳияти ғоя асири сифатида қолаверди. Музейларнинг 1980-2000 йиллардаги коммуникатив модели. Музейларнинг коммуникатив модели 1960 йилларда канадалик олим Д.Камероннинг музейшунослик бўйича асарларида ўз аксини топди. Бу даврда музейларни демократлаштириш жараёнлари бошланган эди. Музейларни ўзи билан тенг хуқуқда мулоқот олиб борувчи ташрифчи билан ҳисоб-китоб қилиш вақти келди. Комуникатив модел концепциясига қизиқишни ортиб бориши жамиятнинг ахборот асридан мулоқот асрига ўтиши билан ҳам боғлиқ бўлди. Коммуникация моделининг таълим тизими музей ва аудитория ўртасидаги янги хусусиятларни очиб берди. М.Б.Гнездовский ўз асарида “Музей инсонга на мактаб, на китоб ва на цивилизациянинг ютуқлари бера олмайдиган онларни, яъни реал тарих ва маданият билан мулоқот қилиш, мухит орқали даврий жараёнлардан тажриба олиш, инсон томонидан яратилган бебаҳо меросни тақдим эта олиш имкониятига эга”- деб бежиз айтмаган эди. Музейга келган ташрифчи ўзини музей атмосфера муҳитига шўнғиб, ташқи дунёдаги тахдид, тушунмовчиликлар ва шовқиндан қисқа вақтга паноҳ топади. Бу озодлик салтанатида у ўзини таълим олувчи объект сифатида хис қилади. Кейинги йилларда таълим соҳасидаги ислоҳотлар россияда ҳам музей педагогикаси соҳасида бир қатор тадқиқотлар амалга оширилди. Булар хорижий мамлакатларда ҳам қизиқиш уйғотди. Айниқса, бу борада Б.А.Столяровнинг тадқиқотлари диққатга сазовор. Музей педагогикасида шу пайтгача музейдаги таълим-тарбия ишларининг назарий ва амалий томонлари диққат марказда бўлсада, Б.А.Столяров бу муаммога янгича ёндашиб, таълим муассасалари билан ҳамкорлик педагогикасини тарихийқиёсий, назарий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этди. Бу борадаги жаҳон тажрибаларини ҳам ўрганди ва ҳозирги даврда унинг назарий жиҳатларини асослади. Музей экспозициялари билан иш олиб боришнинг шакл ва методларини тавсия этди, турли ёшдаги болалар билан музей экспозициялари билан ишлаш, энг муҳими музей ва мактаб алоқадорлиги моделини ишлаб чиқиб, бу борада музей педагогини ҳамда ўқитувчини тайёрлаш бўйича илмий-амалий тавсиялар берди. Бугун музей педогогикасининг олдида турган вазифалар кўпқиррали бўлиб, ташрифчиларни музей масканидаги намойиш қилинаётган воқеа ва ҳодисаларни ҳис этишга, эшитишга, мулоҳаза қилишга ва сабоқ олишга ўргатади. Музейда турли тоифадаги авлодлар учрашуви ва мулоқоти учун шартшароитлар яратиш эса яхшилик ва ёвузлик, донолик ва нодонлик, хақиқат ва туҳмат каби хислатларнинг мазмун моҳиятини тушунишда мухим аҳамият касб этади. Хорижий музей тажрибасида музей педогогикаси болаларнинг физиологик ва психиологик ривожланишидан келиб чиққан холда турли ўқув усулларидан фойдаланади. Музейшуносликнинг замонавий йўналишларидан бири музей педогогикаси мамлакатимиз музейшунослари ва педагоглари учун хали ўзининг тўлиқ имкониятларини очиб бермаган. Жиддий изланишлар ва тажрибалар орқали ушбу сохани ривожлантириш ва жуда катта натижаларни қўлга киритиш мумкин. Чунки хорижий музейлар ушбу жараёнларни босиб ўтиб, ҳозирги кунда кўплаб болалар музейларига асос солинган. Махсус болалар учун яратилган музейлар уларнинг тарихга, табиатга ва умуман инсоният тарихига бўлган қизиқишини орттиришга, кичик ёшдан бошлаб дунёқарашини шакллантириш, тафаккурини бойитиш ва мустақил фикрлаш имкониятларини очиб бермоқда. Бугунги кунда дунёда келажак авлод тарбиясида музейлар муҳим аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Шу боис ҳам XXI аср бошларида бутун дунёда Болалар музейини ривожлантириш жараёнлари бошланган. Музей педагогикаси дунёнинг кўп давлатларида кундалик ҳаётнинг асосий қисмига айланган. Махсус болалар учун яратилган музейлар уларнинг тарихга, табиатга ва умуман инсоният тарихига бўлган қизиқишини орттиришга, кичик ёшдан бошлаб дунёқарашини шакллантириш, тафаккурини бойитиш ва мустақил фикрлаш имкониятларини очиб бермоқда. ХХI аср бошларига келиб музейларда ўқувчи ва талабалар билан ишлаш жараёнлари бир мунча фаоллашди. Ўқувчилар категорияси ўз навбатида ёш жиҳатидан мактабгача тарбия муассасалари, бошланғич синф ўқувчилари, лицей-коллеж ва институт талабалари гурухларга бўлинди. Музей мутахассислари юқорида қайд этилган ҳар бир гурух билан алохида мулоқотга киришди. Ўқувчи ва студентлар билан ишлаш тажрибаси янги йўналишларда такомиллаштирилган бўлса, мактабгача тарбия муассасалари билан мулоқот шакллари бошланди. Бундай кичик ёшдаги аудитория билан ишлаш то ХХI асргача музейларда ўзининг тўлиқ ифодасини топмаган эди. Лекин мактаб таътилида музейлар кичик ёшдаги ташрифчилар билан тўлиб кетиши сир эмас. Ёш болаларни музейга интилиши ва қизиқиши доимий бўлиб, улар турли тадбир иштирокчиларининг асосий қисмини ташкил этиб келган. Кичик аудитория билан ишлашнинг махсус йўналиши ва усуллари деярли ривожланмаганлиги бир неча ўн йиллар давом этди. Шу сабабли ҳам ўқитувчилар ва педогоглар музейга болаларни асосан 5 синфдан бошлаб олиб борар эдилар. ХХ аср бошларидан бошлаб баъзи музейлар ва мактаб музейларида 4 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар учун махсус лойиҳаларни ишлаб чиқилиши бу соҳани ривожланишига олиб келди. ХХ асрнинг 90 йилларига келиб эса музейларда оммавий равишда кичик ёшдаги ташрифчилар учун тадбирлар ўтказила бошланди. Лекин ушбу жараён кичик ёшдаги аудитория билан ишлашнинг шакл ва усуллари бўйича педогогик ва психиологик билимлар ханузгача талаб даражасида ривожланмаган. ХХ аср “болалар асри” деб аталади. Чунки бу давр жараёнида болалар маданияти ривожланди: болалар учун махсус музей ва театрлар ташкил этилди, болалар адабиётига асос солинди, болаларни мактабгача тарбиялаш муассасалари ташкил этилди, болалар учун махсус либослар пайдо бўлди. Болаларни эстетик рухда тарбиялаш ва уларнинг манъавиятини шакллантириш энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Болалар айнан мактабгача тарбия муассасаларида табиатдаги турли ўзгаришлар хақидаги дастлабки маълумотларни оладилар. Қадимги тарихдан гувоҳлик берувчи асл осори-атиқаларни сақловчи музей хозиргача ўзининг қимматини йўқотмаган, тарих ва маданият дунёсига олиб кирувчи ягона йўлкўрсатувчи ҳисобланади. Болаларга музейда катта ҳаёт мактабини намойиш қилишда педагогика фанининг янги йўналиши – музей педагогикасининг аҳамияти жуда катта. Музей педагогикаси эса ўзининг турли усуллари билан болалар қалбига йўл топишида катта ёрдам беради. Болаларга атроф муҳитдаги ривожланишнинг мураккаблиги ва давомийлиги хақидаги тассавурни бериш музей педагогикасининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Инсоннинг қуршаб турган дунёни ўрганиш кичик инсон учун жуда мураккаб бўлиб, уни ўрганишни бола ўз хонаси, уйи, боғчасидан бошлаши керак. Оддий предметларнинг дунёси болалар учун жуда яқин ва тушунарли ҳисобланади. Маданий тарбия берувчи педагог эса айнан шу дунёга олиб кирувчи йўлбошловчи вазифасини бажаради. Мактабгача тарбия муассасалари тарбияланувчиларига музейга ташриф жараёнида дастлаб экспозициядаги предметларнинг маданият тараққиётдаги аҳамияти ҳақида суҳбат ўтказилади. Шунингдек, музейга ташриф буюрган кичик ёшдаги ташрифчилар учун театрлаштирилган, излаб тадқиқот қилувчи ҳамда ўйин тариқасидаги машғулотлардан фойдаланиш мумкин. Музей педагогикаси кичик ёшдаги ташрифчилар билан ишлашнинг турли шакклларини: викторина, кроссворд, ребус ва мусобақалар тарзида олиб боришни тавсия қилади. Бундан ташқари болалар учун вазифа тариқасида “Менинг шажарам”, “Менинг уйимдаги ёдгорлик”, “Уй бўйлаб саёҳат” каби мустақил вазифаларни бериш мумкин. Ёки бўлмаса маршрут варақалари орқали ижодий вазифалар ҳам ижобий натижалар беради. Масалан “Музей ва маданият”, “Музей ва дунё” каби дастурлар ҳам шулар жумласидандир. Атроф муҳитни ўрганиш дунё тарих ва маданиятини билиш инсонга яхши кайфият бағишлайди. Тарихий ва маданий фактлар машҳур номлар, хар бир даврнинг ўзига ҳос хусусиятлари нафақатгина болаларнинг қалбида балки хотирасида бутун умрга қолади. 7 ёшгача бўлган болалар учун махсус дастурларда уларни абстракт тушунчаларни тўлиқ қабул қила олмасликларини, аксинча ҳар бир воқеа ва ҳодисани содда ва тўғри маълумот тарзида қўллаш тавсия этилади. Бу ёшдаги болалар давр, вақт тушунчасини ташқи муҳит билан боғлиқ равишда тасаввур этади. Айнан шу вақтда болаларга тарихий маълумотларни эмас, балки қадимий хайвонлар хақида хикоя қилиш, хаёлан тасаввур қилишга ундаш лозим. Болалар билан қуйидаги вазифаларни ўз ичига олган машғулотларни ўтиш мумкин: 1. Ўзи яшаётган тарихий мухит ва тарихий даврлар ўртасидаги ўзаро алоқалар ҳақидаги тушунчани тарихий ва маданий ёдгорликлар орқали шакллантириш. 2. Ёдгорликлар билан мулоқот қилиш кўникмалари ва талабларини шакллантириш. 3. Эстетик қониқиш ва ҳаёжонланиш қобилиятини ривожлантириш. 4. Бошқа маданиятга нисбатан ҳурмат, тушуниш ва қабул қилишни ҳиссини шакллантириш. 5. Турли даврлар ва халқларининг маданий меъросини мустақил равишда ўрганишни ривожлантириш. Замонавий тадқиқотларнинг устивор вазифаларидан бири музей педагогикасининг болаларнинг тарбиясидаги ўрни, маданият ва санъатга нисбатан бўлган қизиқишларини ривожлантиришдан иборат. Музей коммуникацияси орқали предметларга эмоционал жавоб бериш, билиш учун ҳохиш, ахборотни қабул қилиш, музей шароитида предметларни қабул қилиш ва тушунишни ривожлантириш лозим. Болалар ижоди натижасини баҳолаганда уларни қуйидаги билим ва кўникмаларини эгаллаганига эътибор бериш зарур: 1.Музей аҳамиятига молик предметларини боғчада, кўчада, танишларининг уйида ёки ташқи муҳитда кўра олиш. 2. Музейларга маданиятнинг ноёб муассасаси сифатида қизиқишини намоён қилиш. 3. Музей экспозициясининг ўзига хос тилини ўзлаштира олиш 4. Маданий меросни турли шаклларини хис-ҳаяжон билан қабул қилиш. 5. Маданий мерос билан алоқа қилиш кўникмаларини: музейда ўзини тутишни ўрганиш, кўргазмада, предметларни кўриш кўникмаларини пайдо қилиш. Болаларга бизнинг ва аждодларимизнинг ўзаро боғловчи турли ҳилдаги алоқаларни хис этиш ва қабул қилишда ёрдам бериш лозим. Шундагина йўқ бўлиб кетган маданият, анъаналар ва уларнинг аҳамияти болаларда алоҳида қадр-қимматга эга бўлади. Музей хазинаси уларга бебаҳо ва ноёб тарбиявий таъсир кўрсатади. Бир сўз билан айтганда музей педагогикаси мактабгача тарбия муассасаларининг тарбияланувчиларининг таффакурига тарихий хотира уруғларини сепиш ва уларни келажакдаги ривожини қўллаб- қувватлашдан иборатдир. Бугунги кунда дунёда келажак авлод тарбиясида музейлар муҳим аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Шу боис ҳам XXI аср бошларида бутун дунёда Болалар музейини ривожлантириш жараёнлари бошланган. Музей педагогикаси дунёнинг кўп давлатларида кундалик ҳаётнинг асосий қисмига айланган. Махсус болалар учун яратилган музейлар уларнинг тарихга, табиатга ва умуман инсоният тарихига бўлган қизиқишини орттиришга, кичик ёшдан бошлаб дунёқарашини шакллантириш, тафаккурини бойитиш ва мустақил фикрлаш имкониятларини очиб бермоқда. Кейинги йилларда болалар музейининг турлари ва йўналишлари кўпайиб бормоқда. Бу музейлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мустақил фикр юритиш, воқеа ва ходисаларга бефарқ қарамаслик ва энг асосийси ўз моддий-маданий меросини асраш туйғуларини шакллантиришда асосий манба бўлиб хизмат қилмоқда. Бундай музейлар болаларга ўйин, ижод ва мулоқот орқали дунёни забт этишни ўргатади. Чунки мактабдаги таълим жараёни ўқув дастурига асосланган бўлиб, ўқув жараёни чегараланган ва билим даражаси назорат қилинган бўлади. Музейда эса аксинча, у болаларга турли воқеа ва ҳодисаларга тўла ҳаётимизнинг сирсиноатларни билишга ва уларни янада чуқурроқ ўрганишга кенг имконият очиб беради. Вақт ва билим чегараси унинг хохиш иродаси билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Бу албатта, болаларга эркин ҳаракат, фикрлаш ва дунёқарашини кенгайтириш имкониятини яратди. Хақиқатан ҳам, бугунги кунда музейлар асосан ёшларнинг қизиқиши ва талабини қондирувчи, тарих билан юзма-юз туриб эркин мулоқотга киришга имкон берувчи ягона мўжизавий масканга айланиб бормоқда.  “Болалар музейи”га катталар ҳам киришни ҳоҳлайдилар чунки, у ерда музей предметларини қўлга олиб кўрса бўлади. “Болалар музейи” дастурлари болаларнинг фантазиясини, ижодий қобилиятини ва коммуникатив малакасини шакллантиришга қаратилган. Ҳозирги кунда болалар музейи сони 400 дан ортиқ бўлиб, улар энг динамик ва машҳур дунё музейлари қаторига киради. Бундай музейларнинг кўп қисми АҚШда жойлашган, ундан ташқари бутун Европа пойтахтларида бу каби музейлар фаолият юритади. Турли ўйинчоқлар коллекциялари, сув ости дунёси, бадиий устахоналар ва бошқа кўплаб қизиқарли жараёнларни уйғунлаштирган ажойиб мўъжаз музейларнинг тўққизтаси Forbes журнали томонидан энг яхши Болалар музейлари сифатида тан олинди. Чехиядаги Ўйинчоқлар музейи машҳур чех режиссёри ва рассоми Иван Штайгер томонидан тўпланган ўйинчоқлар коллекцияси асосида яратилган бўлиб, ажойиб коллекцияга эгалиги билан дунёда биринчи ўриндаги Болалар музейи сифатида эътироф этилмоқда. Бу музейнинг филиали Мюнхен шаҳрида ҳам фаолият олиб боради. Ушбу музейда хар бир бола орзу қиладиган ва қизиқадиган ўйинчоқлар мавжуд: энг қадимий, ўзига хос ўйинчоқлар билан безатилган арчалар, Барби World қўғирчоқлари, буғ билан юрадиган машина модели, машҳур киноюлдузлар ва ҳарбий саркардалар ҳайкалчалари шулар жумласидандир. Штайгер ўйинчоқлари - бу инсониятнинг тадрижий ривожланиш омилларини ҳам қамраб олади. Болалар у ердаги Қадимги Мисрдан топилган ўйинчоқлар, хиндулар томонидан нондан ясалган ҳайвонлар шакллари билан танишар экан, турли халқларнинг тарихи ва ривожланиш жараёнлари хусусида ҳам маълумот оладилар. Франциядаги Шарл Перро — қаср-музейи эса оилавий ташриф учун ажойиб маскан саналади. Бинода 160 га яқин мум хайкаллар мавжуд. Ҳайкаллар орасида Этик кийган мушук, даҳшатли Кўксоқол, Қизил шапкача каби машҳур эртак қахрамонларини учратиш мумкин. Дам олиш ва таътил вақтларида бу қаҳрамонлар “жонланади”, яъни томошабинлар кўз ўнгида драмалар шаклланади. Бу жараёнда Золушка туфличасини йўқотиб қўяди, Митти болакай (Мальчик-с-Пальчик) одамхўр дев қўлига тушиб қолади, Уйқудаги гўзал эса (Оппоқой) гномлар билан қўшиқ куйлайди. Қасрмузейнинг ўзига хос ошхонаси мавжуд бўлиб, у ерда болажонларга ширинликлардан байрамона дастурхон тузалади. Қаср атрофидаги катта боғда яшил лабиринт яратилган бўлиб, у ердан болалар яширилган хазинани қидиришади. Бу билан улар боғдаги яшил олам яъни ўсимликлар ва дарахтлар билан танишишлари мумкин. Ҳар йили 17 декабрдан 3 январга қадар қаср минглаб ажойиб турфа ранг янги йил чироқлари билан ёритилади. Дунёдаги болалар меҳрини қозонган музейлардан бири Швециядаги Астрид Линдгрен музейи саналади. Музей бир қанча тематик қисмларга бўлинган: турли ўйингоҳлар, “эртаклар олами” бўлими, Карлсон таомномаси асосидаги ошхона ва мўъжазгина китоблар дўкони мавжуд. Ўйингоҳ майдонида турли швед эртаклари каҳрамонларининг уйчалари жойлашган. Улар орасида Петсон ва Финдус уйи, Пеппи Узун пайпоқ (Пеппи Длинный Чулок) вилласи макети, Карлсон яшайдиган томча ҳам мавжуд. Ҳар бир уйчада ҳақиқий мўъжаз мебелллар, кийимлар, идиш-товоқлар мавжуд бўлиб, болалар уларни ушлаб кўриши ва ўйнаши мумкин. Турли буюмлар ёрдамида болажонлар бу ерда қизиқарли спектаклларни саҳналаштириб, ўзларининг драматургик қобилиятларини шакллантирадилар. Буларнинг орасида энг ажойиби эртак поезд бўлиб, Астрид Линдгрен музейидаги барча эртакларни рельслар орқали томоша қилиш имконини беради . Муми-трол (митти ер ости одамчалари) музейи Финляндиянинг Тампере шаҳарчасидаги кутубхона ертўласида ташкил этилган. Бу ерда муми-троллар ҳаётига бағишланган Льюиса Кэрролл ва Ж. Р.Толкиен асарлари асосида 2000 дан ортиқ суратлар, эскизлар ва иллюстрациялар тўпланган. Болалар бу ерга фақатгина суратларни кўриш учун эмас балки, 2,5 метрли муми-тролларнинг улкан уйчасида меҳмон бўлиш учун ташриф буюрадилар. Уйча беш қаватдан иборат бўлиб, кўплаб хоналари бор. Афсуски, болалар бу хоналарга кира олмайдилар, фақатгина томоша қилишлари мумкин. Ҳар бир хона турлича жиҳозланган бўлиб, ҳаммаси митти чироқчалар билан ёритилади. Уйнинг энг чеккадаги йўлакчасига эса хазина беркитилган. Уйчанинг ноанъанавий ва ажойиб кўриниши бир вақтнинг ўзида уч муаллиф томонидан лойиҳалаштирилган бўлиб, ҳеч бирларининг фикрлари бир режа устида тўхталмайди. Шу боис, қурилиш жараёнида ҳар бир меъморнинг истаклари навбат билан амалга оширилади. Болалар билан музейга ташриф буюрган катталар бу ажойиб уй лойиҳасининг алоҳида унсурларини “Уй тарихи” номли компьютер дастури орқали томоша қилишлари мумкин. Бу уйдан ташқари, музейда мумитроллар ҳаётидан олинган қирққа яқин эртак макетлари ишланган. Лондондаги Болалик музейи 20000 яқин буюмларни умумлаштирган бўлиб, шу коллекция асосида “болалик” тушунчасини тўлиқ ифодалай олади. Бу ердаги энг қадимий ўйинчоқ уч минг йиллик тарихга эга. Умуман олганда, Улар орасида фарфор, ёғоч, пластик ва мумдан ишланган қўғирчоқлар, турли ранг ҳамда, ҳажмдаги ўйинчоқлар, темир йўл макетлари, ҳарбий аскарлар тўплами, ўнга яқин қўғирчоқ уйчалари, кўғирчоқлар, айиқчалар, болаларнинг турли урфдаги кийимчалари, болалар мебеллари, мактаб предметлари, турли стол ўйинлари мажмуалари мавжуд. Асосийси музейга ташриф буюрган киши ўз болалик хотираларига қайтиш имконига эга бўлади. Музей биносининг юқори қаватида интерактив кўнгил очиш ўйингоҳи жойлашган бўлиб, у ерда тебранувчи кўзгу, мусиқали автомат, ўйинчоқларга эга қум майдончаси жойлаштирилган. Экспозицияга қўйилган турли либос ва бош кийимларни кийиб кўриш мумкин. Беш ёшгача бўлган болалар бўлими махсус хоначадан иборат бўлиб, бу ерда болалар Тедди юмшоқ айиқчаси билан дўст тутинган ҳолда яйраб дам олишлари мумкин. Катта ёшдаги болалар эса қўғирчоқлар ясаши ёки бириктирилган тарбиячи бошчилигида футболкаларни махсус техникалар орқали безаш имкониятига эгадирлар. Музейнинг фахрий зали эса мактабларнинг ривожланиш тарихида таълим жараёнида фойдаланилган махсус жазо бериш қуроллари жойлашган бўлим ҳисобланади. Бу бўлимда қамчин, таёқ, камар, ҳамда резина дарралар каби жазо бериш буюмлари экспозицияга қўйилган. Ҳеч бир ота-она ушбу зални ўтказиб юбормайди. Болаларга бу буюмларни кўрсатиш билан улар фарзандларига ҳозирда замонавий ўқувчилар бундай жазо турларига тортилмайдиган омадли ўқувчилардан саналишларини таъкидлаб ўтадилар. АҚШ даги Стронг миллий ўйинлар музейи - Америка тарихидаги аҳамиятли миллий ўйинларнинг ва ўйинчоқларнинг тарихини тадқиқ этишга бағишланган жаҳондаги ягона музей саналади. Музейнинг 500 000 дан ортиқ экспонатлари орасида дунёдаги энг катта қўғирчоқлар ва ўйинчоқлар коллекцияси мавжуд. Музейга ташриф буюрган ота-оналар ҳам экспозицияларни турфа хиллигини кузатган ҳолда, болалик онларида қандай ўйинчоқлари бўлишини орзу қилишгани, яна қандай буюмларга эга бўлганликлари каби хотираларга берилишлари мумкин. Ўйинчоқлардан ташқари музейда 100 000 та роликли ва стол ўйинлари бор бўлиб, бу ўйинларни ўйнаш қоидаларини шу ерни ўзида ўрганиш мумкин. Сўнгги йилларда музей видеоўйинларга бағишланган янги экспозициялари билан оммавий машҳурликка эришди. Ушбу тўпламдаги “Электрон ўйинлар тарихи” коллекцияси 15 000 га яқин компьютер ва консоль ўйинларни умумлаштирган бўлиб, эски автомат ва ўйин жиҳозлари ҳам киритилган. Шундай қилиб, бугунги кунда музей электрон ўйинлар дастури бўйича янги лойиҳалар устида иш олиб борган биринчи Болалар музейи сифатида танилмоқда. Хитойдаги Пекин Болалар музейи . Ушбу музей асосан 8 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган. Музей биносига кириш билан болалар “Сеҳрли ловия уйчаси” макетига тўқнаш келадилар. Бу уйча уларни сирли қаср томон етаклайди. Қасрда қандай машғулот билан шуғулланишни ҳамма ўзи ҳал этади: арқонлардан тўқилган кўприкда сайр қилиши, турли ғилдиракларда олмахон билан учиши, дераза туйнукларидан арқон билан сакрашлари мумкин. Ҳафтада бир маротаба эса, сешанба кунлари қасрда қўғирчоқ театрлари саҳналаштирилади. Энг кичкина томошабинлар учун – махсус болалар хоначаси қурилган бўлиб, болажонлар у ерда деворга чизилган жониворлар билан суҳбатлашишлари мумкин (ҳайвонлар махсус дастур орқали сурат тарзида жойлаштирилган бўли, улар хитой тилида жавоб берадилар). Музейдаги супермаркет залида фақатгина фойдали маҳсулотлар (мевалар, полиз маҳсулотлари, сут, гўшт...) сотувга қўйилган бўлиб, бу ерда болаларда сотувчи ҳам, харидор ҳам бўлиш имконияти мавжуд. Сув олами дунёси бўлимида кичкинтойлар чўмилишлари, сузишни ўрганишлари, қайиқда сузишлари, шунингдек, сувга чидамли махсус қоғозларга расм чизишлари ҳам мумкин. Сув ҳавзаси атрофидаги қумлоқда болалар ўз фантазиялари асосида шаҳарлар, уйлар қуришлари учун шарт-шароитлар яратилган. Австриядаги Вена шаҳри Zoom музейи. Катта интерактив Zoom - Европадаги энг яхши болалар музейи ҳисобланиб, Вена шаҳри марказида жойлашган Музей бир қанча бўлимларга ажратилган: ZOOM Океан — 6 ёшгача бўлган кичкинтойлар учун, 3 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларга — ZOOM Studio, ZOOM Exhibition —турли ёшдаги ижодий фаолият олиб борувчи ёшларга, ZOOM Animated Film Studio — мактаб болаларига мўлжалланган. Кичкинтойлар бўлимида аттракционлар, ойнаванд туннеллар, сувли матраслар, турли бино макетлари қурилган. Студия — махсус устахона саналиб, у ерда болалар барча нарсаларни бўёқлар билан бўяшлари мумкин: майка, жинси, девор, пол, пештахталар, идишлар — буларнинг барчаси санъат асарига айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Бундан ташқари, студияда оддий пластик идишлардан уйлар, одамлар, ҳайвонлар каби турли шаклларни ясашга рухсат берилади. Устахонада фаолият олиб бориш учун болаларга махсус униформалар, резина этиклар тақдим этилади. У ерда болалар ҳатто ўз лойиҳалари асосида турли биноларни одатий қурилиш хом-ашёларидан барпо этишлари мумкин. ZOOM мультипликацион студиясида мактаб ўқувчилари кинонинг турли соҳаларида ўзларини синаб кўрадилар: операторлик санъати, анимация, режиссура, декорация яратиш. ZOOM музейи ҳар бир болага индивидуал ёндашишни талаб этади. Шу жиҳатлари билан музей томошабинлари сон-саноқсиз бўлиб, улар ташриф учун олдиндан ёзилиб қўйишади. Исроилдаги Холон Болалар музейи — болалар ва катталар учун энг яхши таъсуротларни тақдим этувчи марказ ҳисобланади. У ерда албатта экскурсавод раҳбарлиги остида буюмларни ушлаб кўриш, таътиб кўриш, ҳар бир бурчакка кириб чиқиш имкони бор. Вақт лабиринтлари орасидаги саёҳат давомида томашабин асосий қаҳрамон саналади. Болалар бу ажойиб музейда булутда сузишлари, қорга кўмилишлари, ботқоқликда қурбақалар концертини тинглашлари мумкин. Бундан ташқари, музей раҳбарияти янги маршрут йўналишларини ишлаб чиққан ҳолда, мавжуд экспонатлардан фойдаланилган ҳолда қизиқарли тарихий воқеаларни сахналаштирадилар. Музейдаги энг оммабоп кўргазма "Қоронғуликдаги диалог" деб номланиб, сўқир инсон дунёсини имитация қилади. Сўқир инсон йўлбошчилигида болалар кўзлари боғланган ҳолда турли товуш ва хидлар орқали дунёни англашга харакат қиладилар. Улар кўчаларга чиқадилар, кафе, магазин ва бозор расталари орқали кутилмаган синовлардан ўтадилар, кўра олиш неъматининг нақадар бахт эканлигини тушуниб етадилар. Охирги йилларда ушбу жараёнга янги кўргазма — "Сукунатга таклиф" лойиҳаси жорий қилинди: болалар ва катталар бу ерда кар-соқов бўлиб “жимлик” муҳитига саёҳат қиладилар. Музей ишидаги бундай янги аспектлар – музей экспонатлари ёрдамида томошабинларга эмоционал таъсир қила олишга эътиборни қаратиш зарур. Мини-музей тарбиячиларга “музей” сўзини болалар тафаккурига сингдириш ва осон тушунтириш имконини беради. Бундан ташқари, музей предмети томошабинларда қизиқиш эмоциясини, завқ, у ҳақида янада кўпроқ маълумот олишга ҳоҳишни орттиради. Агарда экспонат машғулот вақти фойдаланилса ва болалар уни ушлаб кўриб, ҳис қилиш имконига эга бўлсалар, уларнинг тушунишлари осонроқ бўлади ва музейнинг томошабинлари ортади. Экспонатлар боланинг эмоционал муҳити, интелекти, тафаккури, нутқининг ривожланиши учун турли машғулотларда қўлланилади. Бугунги кунда макатаб ўқувчиларга мактабда эмас, балки айнан шундай музей экспозицияларида дарс ўтилиши кўпроқ ижобий натижаларни бермоқда. Чунки мактабдаги таълим жараёни ўқув дастурига асосланган бўлиб, ўқув жараёни чегараланган ва билим даражаси назорат қилинган бўлади. Шунингдек, бу музейларда болалар билан биргаликда педагогларнинг ҳам фаолиятини таъкидлаб ўтиш жоиздир. Ўқитувчилар музейга болаларни олиб келувчи биринчи ташрифчи ҳисобланади. Кўпгина музейларда ўқитувчилар махсус тайёргарлик курсларини ташкил этиш, экскурсиялар уюштириш ва малака ошириш курсларида ўқитиш жорий этилган. Бу педагогларнинг мавзуни ўқув дастуридан кенгроқ ва қўшимча материаллар (экспонатлар) асосида белгиланган вақт назоратисиз тушунтиришга имкон беради. Уларни ўз устида ишлаш ва таълим беришнинг янги йўналишларини топишга ҳамда ўқитувчи ва ўқувчи орасидаги муносабат ҳам синфдаги муносабатдан кескин фарқ қилади. Яъни педагог ва ўқувчининг ўзаро эркин мулоқоти шаклланади. 1988 йилдаги Германиядаги музейшунослик институтининг социологик тадқиқоти натижасида мамлакатдаги 1460 та музейнинг 84% и ўзининг асосий вазифасини болалар ва ёшлар билан ишлашдан иборат деб ҳисоблаган. Улардан 78,6 % и мактаблар билан, 46% и эса олий ўқув юртлари билан мунтазам равишда мулоқотда бўлган. Хақиқатан ҳам бугунги кунда музейлар асосан ёшларнинг қизиқиши ва талабини қондирувчи, тарих билан юзма-юз туриб эркин мулоқотга киришга имкон берувчи ягона илмиймаънавий масканга айланиб бормоқда. ХХ асрга келиб музейларнинг фақатгина болаларга мўлжалланган, уларнинг билим олиш жараёнига кўмак берадиган янги турдаги махсус болалар музейлари ташкил топа бошлади. Болаларнинг мантикий фикр юритиши ўз схемасига эга, улар учун катталарникидан фарқлироқ музей кенгликларини яратиш лозим. Бундай музейларнинг пайдо бўлишига сабаб болаларнинг катталардан фарқлироқ ўзини тутиши эди. Бошланғич синф ўқувчиларининг музейга ташрифи уларни мунтазам равишда музейга ташрифини ташкиллаштириш ва музей таълими тизимига жалб қилиб боришдан бошланади. Кичик ёшдаги мактаб ўқувчиларининг билим ва шахс сифатида шакллантириш икки жараён асосида олиб борилади. 1. Ахборотни тўғридан-тўғри қабул қилиш; 2. ашёлар ёки ҳодисаларнинг тавсифини ўзлаштириш. Кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг дунёқарашини шаклланиши мактабда олган билимлари асосида мунтазам равишда кенгайиб ва чуқурлашиб боради. Музей ўқувчиларига нафақатгина турли ҳодиса ва воқеаларни сабаблари ва тартиблари хақида билимларни бериш, балки уни хотирада сақлаш билан бир қаторда, ўз олдиларига қўйилган саволларга мустақил равишда жавоб топишга ўргатиш лозим. Бу ёшдаги ўқувчиларда воқеаларга ижодий ёндашиш, фантазия қилиш, ўзига таниш бўлган образлар орқали эртаклар тўқиш усулларини қўллаш мумкин. Уларни воқеа ва ходисаларга нисбатан бўлган эътибори муқим ва мустаҳкам бўлмаслигини эътиборга олиб, уларни кўпроқ воқеалардаги қахрамонлар билан биргаликда айнан шу муҳитга тушиб ҳаракат қилиш, хис этишга имкон яратиш керак. Уларнинг онгида барча персонажлар ижобий ва салбийга бўлинади. Шу билан бирга улар картинада тасвирланган табиатни кўриниши ёки қахрамоннинг ҳолати ва хис- хаяжонларига катта эътибор берадилар. Шунингдек, муҳокама қилиш ва шахсий фикрларини билдира оладилар. 8-9 ёшдаги болалар бадиий атамалар ва ахборотларни ўзларига сингдира оладилар ва бадиий образларни содда тилда таҳлил қила оладилар. Бу ёшдаги ва мактабгача тарбия масканларидаги болаларга кўпроқ диалог шаклидаги экскурсиялар, дидактик ўйинлар, ижодий вазифалар ва ривожлантирувчи машқлар асосида экскурсиялар ташкил этиш лозим. Кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларга музей ёдгорликлари орқали моддий ва маънавий маданиятнинг ажралмас қисми ҳисобланган музей предметларига муносабатни шакллантириш ва уларни жаҳон маданиятида тутган ўрнига эътибор қаратиш лозим. Ўқувчилар учун “Музейдаги картина”, “Ашёлар сўзлаганда” ва “Музей билан биринчи танишув” каби лойиҳалардан фойдаланиш мумкин. Мактаб ўқувчиларида ватанпарварлик руҳини шакллантириш, Ватанни севиш ва унинг равнақи учун хизмат қилиш каби хислатларни шакллантириш музейлар олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Ҳар бир шахсдаги ватанпарварлик хислати унинг дунёқараши, ахлоқи ва маънавиятида намоён бўлади. 7-11 ёшгача бўлган болалар вақт хақида маълум тасаввурга эга бўлсада, лекин абстракт тушунчаларни қабул қилишга тайёр бўлмайди. Бу ёшда ўқувчиларни музейга ташрифини шакллантириш, шунингдек, экспозициядан олган маълумотларини ўз тажрибаси билан узвий боғлашга ўргатиш керак. 9-12 ёшдагилар абстракт тушунчаларни тушунади, лекин психиологик томонидан кўпроқ уларга билимнинг сенсор шаклидаги усуллари тўғри келади. Музейларда ўқув дастурини қўллашда бир неча босқичларни амалга ошириш кўзда тутилади. Масалан, экскурсовод биринчи навбатда экскурсияни бошлашдан аввал болалар билан ўзаро мулоқотга кириб, алоқани яқинлаштириш ва ташрифчилар билан илиқ муносабатни шакллантириш керак. Тарихий музейлардаги экспозициялар, тарихий сўзлар ва жараёнларни болалар тўлиқ тушуниб қабул қилишлари қийин. Шу сабабли музей педогоглари экскурсияларни предметларни қиёслаш, фарқлаш, ёки ўхшаш предметлар билан уйғунлаштириш орқали тушунтиради. Кўпгина музейларда ўқувчиларга савол-жавоб шаклида тушунтириш ишлари олиб борилади. Музей педогоги бирон воқеа ёки ҳодиса бўйича ўқувчиларга савол бериш орқали улардан воқеликни кузатиш, таҳлил қилиш ва ечимини топиш бўйича жавоб кутади. Бу ҳам ёшларни экспозицияда намойиш этилаётган маълумотларга муносабати ва унга нисбатан ўзининг шахсий фикрини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Музейда ёш ташрифчилар кўпроқ эркинлик ва мустақилликни хуш кўради. Уларга қўл билан ушлаб кўриш ва экспонат билан мулоқотга айнан экспонат нусхалари, макетлари ёки муляжлари ўқувчилар учун ҳеч нарсага тенглашмайдиган ўқув материали хисобланади. Шунинг учун ҳам кўплаб музейлар ўз залларида болалар учун экспонатларнинг нусхаларини ясаб, уларга ашёларни вазни, ҳажми, шакли, ишлатиш усулини синаб кўришга имкон яратади. Ёки бўлмаса тарихий шахсларнинг кийимини кийиб кўриш, ёки зодагон аёлнинг тақинчокларини тақиб кўриш, кулолчилик чархида V асрдаги кўзаларини ясаб кўриш ўқувчида катта таассурот уйғотади. Ҳозирги кунда кўплаб хорижий музейлар театрлаштирилган сахналардан фойдаланмоқдалар. Бу айниса тарих ва техника музейларида самарали натижа беради. Бу намойишлар бир гуруҳ музей ходимларининг маълум бир даврни ўзида акс эттирувчи қахрамонлар образига кириши ёки бўлмаса экскурсоводларнинг мавзу бўйича либос кийиши билан намоён бўлади. Бу саҳналар болаларни ўзига жалб қилиш билан бирга, айнан шу мавзуга катта қизиқиш уйғотади. Тарихга ихтисослашган музейларни турли лойиҳалар билан ишлаш имкони жуда кенг. Масалан ҳар бир ашёнинг ўзига хос тарихи бор. Уни нафақат назарий томондан балки амалий томондан ташрифчиларга намойиш қилиш ва уларнинг ҳам иштироки учун имконият яратиш мумкин. Кулолчилик жаҳон тарихида энг биринчи ҳунармандчилик соҳаларидан бири ҳисобланиб, унинг тараққиёт жараёни ва фарқларини қиёслаш орқали ўқувчиларни кулолчилик босқичлари билан бемалол тўлиқ таништириш мумкин. Шунингдек, нафақат маълум ҳудуд балки жаҳон цивилизациясида кулолчилик тараққиётининг ўрнини ҳам кўрсатиш мақсадга мувофиқдир. Албатта бу тушунтиришлар амалиёт билан, яъни кулолчилик маҳсулотларини ясаш ва уни даврини аниқлаш каби машғулотлар билан олиб борилиши лозим. Бундай машғулотларни, масалан, қоғоз, каштачилик, кандакорлик, тўқимачилик, тасвирий санъат, муқовасозлик, ёзув, тангашунослик тарихи каби қадимдан ривожланган ва тараққиёт ривожига ўзининг муносиб хиссасини қўшган соҳалар бўйича олиб бориш мумкин. Умуман олганда ҳозирги замонавий музейлар болалар билан ишлашнинг турли усулларини ишлаб чиқмоқдалар. Уларнинг сони ва масштаби жуда кенг бўлиб, ҳар бир музей ўзининг хусусияти ва фаолиятининг мазмун моҳиятидан келиб чиққан ҳолда иш тутиши лозим. Барча янги йўналишдаги лойиҳалар ва усуллар болаларни музейга нисбатан бўлган қизиқишини орттиради ва дунёқарашини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Музей ашёси ташрифчиларда қизиқишни, завқланишни, у ҳақида янада кўпроқ маълумот олишга ҳоҳишни орттиради. Агарда экспонат машғулот вақти фойдаланилса ва болалар уни ушлаб кўриб, ҳис қилиш имконига эга бўлсалар, уларнинг тушунишлари осонроқ бўлади ва музейнинг томошабинлари ортади. Экспонатлар боланинг эмоционал муҳити, интелекти, тафаккури, нутқининг ривожланиши учун турли машғулотларда қўлланилади. Ўзбекистонда ҳам илк бора Ўзбекистон тарихи давлат музейи қошида “Мўжизалар оламида” болалар музейи ташкил этилди. Мазкур болалар музейи 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган барча болаларга мўлжалланган. Ушбу музей болаларнинг тарихга оид билимларини ривожлантириб, уларни тарихий давр билан ўзаро мулоқотига замин яратади. Муҳими болалар музейга кирганда нафақат уни томоша қилиш, балки турли машғулотларни бажариш, бошқа болалар билан ҳамкорликда ишлаш, қизиққан экспонатларини қўллари билан ушлаб кўриши ёки ясаб кўриши мумкин. Ўсмирлик даврида болалар катталар қаторига кириш жараёнини босиб ўтар экан, бу даврда болаларнинг табиати, дунёқараши, одамлар билан ўзаро муносабатларининг шакллари ўзгаради ва психологиясида турли ўзгаришлар рўй беради. Мунтазам равишда фан асосларини ўрганиш даври ўқувчилардан объектларнинг мураккаб ва абстракт муносабатларини тушунишда юқори даражадаги дунёқарашни талаб этади. Ўқув фаолияти жараёнида уларнинг дунёқараши аналитик характерга эга бўлади, фаол ва мустақил равишда фикрлаш, чуқур муҳокама, таҳлил ва хулоса қилишга ўргатади. Ўсмирлик даврида хотира ва эътиборни бардошлилиги, эркин, мувофиқлаштирувчи ва ташкилий характерга эга ўзгаришлар сезилади. 10-12 ёшда болаларнинг расм чизиш даврида “табиий кризис” даври бошланади. Мунтазам равишда расм чизиб юрган болалар бу машғулотдан воз кечади. Чунки уларнинг онгида санъат соҳасини мукаммал эгаллашда профессионал таълим ва унинг тарихий босқичлари мухим ўрин эгаллашини тушуна бошлайди. Айнан шунинг учун ҳам музейларда ўсмир ёшдаги болалар учун экскурсиялар дастурига ўқувчиларни маълум бир йўналишдаги билимларини кенгайтиришда асос бўлиб хизмат қилувчи мавзули ва тарихий экскурсияларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўсмир ёшларнинг дунёқараши ва шахс сифатида шаклланиши, ўз фаолиятида мустақилликка интилиши, катта бўлишга интилиш ҳиссиёти пайдо бўлади. Хатто улар “ўз қахрамон”ларини қидириш ва унга тақлид қилишга харакат қиладилар. Бу қахрамонлар бирор бир давлат арбоби, тарихий шахс, буюк рассом ёки мусиқачи бўлиши мумкин. Кўпинча бундай тақлидлар ўқувчиларни келажакда касб танлашида мухим аҳамият касб этади. Талабалар музейда: Ташқи муҳитдаги воқеа ва ҳодисаларни чуқурроқ англаш мақсадида талабалар турмушда учраб турадиган кўпгина саволларга жавобни санъатдаги образлар орқали уларнинг ҳақиқийлигини билишга интилади. Талабалар аудиториясига мўлжалланган экскурсияларда тақдим этилаётган материалнинг учта аспектини инобатга олиш даркор: 1. Англаш (интеллектни ривожланиши). 2. Ҳис этиш ( музей ёдгорликларини мазмун моҳияти ва алохида ҳусусиятларини ҳис этиш). 3. Аффектив ( ёдгорликка нисбатан ижодий ёндошув). Уларнинг бир-бири билан мувозанати талабаларнинг ёши ва интеллектуал ҳусусиятлари билан ажралиб туради. Олий ўқув юртларидаги билим олиш тизими қай даражада мухим бўлса, музейларда ҳам худди шундай бўлиши керак. Масалан Бадиий музейлардаги таълим фаолияти талабаларнинг дунёқарашини кенгайиши, санъат тарихи йўналиши бўйича аниқ билимларни бериш имконига эга. Талабалар аудиториясини экскурсияга тайёрлашдан аввал гуруҳнинг интеллектуал ва бадиий даражасини ҳисобга олиш, уларнинг билим доирасини эстетик тасаввурини кенгайтириш учун ҳамкорликда ижодий иш муҳитини ташкил этиш лозим. Бундай экскурсиялар талабаларга қуйидаги имкониятларни беради: - асл ашёлар билан мулоқотга киришиш; - аниқ ашёлар асосида бадиий таҳлил усулларини эгаллаш; - тасвирий санъат асарларининг бадиий ва образли тизимини тушуниш. Музей фаолиятида аудитория билан ишлашнинг 2 йўналиши мавжуд бўлиб, улардан биринчиси ёшларни касб эгаллашига ёрдам бериш бўлиб, унда музейлар ОЎЮ билан хамкорлик шартномаларини тузадилар. Бу шартномалар талабаларни касбий маҳоратга эга бўлиб, уларнинг қизиқиш ва қобилиятларини такомиллаштиришда катта ёрдам беради. Масалан тарих йўналиши бўйича музейда бўлажак тарихчи талабаларга экспозицияларни ташкил этиш, экскурсиялар олиб бориш каби махсус курслар ўқилади. Кўплаб олий ўқув юртлари талабалари ўзларининг амалий машғулотларини музейларда ўтказади. Бу жараён бўлажак касб эгаларнининг назарий билимларини амалиёт билан мустахкамлашга ва келажакдаги иш ўринларини танлашда катта ёрдам бўлади. Педогогика ўқув юртлари ўз талабаларини музейлар билан ишлаш дастури бўйича пухта тайёрлаши лозим. Фойдаланилган адабиётлар: 1. Альмеев Р. Музеи Узбекистана и социально-культурные перспективы их развития. – Ташкент: Издательско-полиграфический дом имени Гафура Гуляма. 2007. 2. Илалов И. Музееведение. – Ташкент: Мусиқа, 2006. 3. Курязова Д.Т. Ўзбекистонда музей иши тарихи. Тошкент: Санъат, 2010. 4. Столяров Б.А. Музейная педагогика. История, теория, практика. – Москва: Высшая школа, 2004. 5. Юреньева Т.Ю. Музееведение. – Москва: Академпроект, 2003. 6. Михайловская А.И. Музейная экспозиция: Организация и техника. М., 1964. – 520 с. 7. «Музейлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни. 2008 йил 12 сентябрь // Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил. – № 37-38. – Б. 12-20. 8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 12 январда қабул қилинган «Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони // Халқ сўзи, 1998 йил 13 январь. 9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 5 мартда қабул қилинган «Музейлар фаолиятини тубдан қўллаб-қувватлаш масалалари тўғрисида»ги қарори // Халқ сўзи, 1998 йил 15 март.