logo

Ибтидоий жамоа даври санъати. Ибтидоий жамоа тузуми тараққиёти босқичлари

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

54 KB
Ибтидоий жамоа даври санъати. Ибтидоий жамоа тузуми тараққиёти босқичлари. Ўрта Осиё, Ўзбекистон ҳудудидаги ибтидоий жамоа даврига мансуб ёдгорликлар. Режа: 1. Эр . ав . 3 минг йилликгача бўлган даврда Тош асри , эр . ав . 3-2 минг йилликдаги бўлган мис ва бронза асри, эр. ав. 1 минг йилликда темир асри тўғрисида тўлиқ маълумот . Шу даврдаги меъморчилик, тасвирий ва амалий-декоратив санъат. 2. Ўрта Осиё, Ўзбекистоннинг ибтидоий даврдаги ёдгорликлар ҳакида маълумот. 3. Ибтидоий жамоа санъати. Ибтидоий жамоа тузуми инсоният тараққиёти тарихидаги энг биринчи ва узоқ давом этган босқичлардан ҳисобланади. Бу босқични ҳамма халқ ва элатлар ўз бошидан кечирдилар. Ана шу узоқ давом этган тараққиёт жараёнида ҳозирги замон одами типи пайдо бўлди, одамлар жамоаси юзага келди. Ишлаб чиқариш кучларининг заифлиги одамларни коллектив бўлиб яшаш ва меҳнат қилишга даъват этди. Улар қудрат бирликда эканлигини, ҳаётнинг илк босқичидаёқ сездилар. Бу қудрат уларни табиат сирларини ўрганишга бошлади. Маданият ва санъат равнақига замин яратди. Ибтидоий жамоа тузумидан бизгача ашёвий далиллар - меҳнат ва ов қуроллари, уй-анжомлари ва безак буюмлари, одамлар яшаган манзил қолдиқлари етиб келган. Шулар ибтидоий жамоа кишисининг эстетик ва диний қарашларини билишга, ибтидоий жамоанинг маданияти ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради. Тупроқ остида қолиб кетган моддий ёдгорликлар, одам ва ҳайвонлар жасадининг қолдиқлари, ғор ва ертўла деворларига чизилган сурат ва бўртма тасвирлар ибтидоий жамоа даври тарихини ўрганишнинг муҳим манбаи ҳисобланади. Санъат қачон ва қандай пайдо бўлган? Санъат қадим-қадимда кишиларнинг меҳнати жараёнида юзага келди ва ривожланди. Инсон маданияти тараққиёт оламига қадам қўйди. Санъатнинг юзага келиши инсоннинг объектив воқелик тўғрисидаги билимларининг чуқурлашишига, ўз авлоди тажрибаларидан баҳраманд бўлишга олиб келди. Бу уни табиат кучларига қарши курашишга даъват этди, унинг ақлий камолоти, эстетик қарашлари ривожини жадаллаштирди. Археологияда ибтидоий жамоа тузуми тарихи қурол ясаш учун ишлатиладиган материалларга қараб, уч асосий босқичга ажралади: 1. Тош асри - эрамиздан аввалги 3 минг йилликкача бўлган давр. 2. Мис ва бронза асри - эрамиздан аввалги 3-2 минг йиллик. 3. Темир асри - эрамиздан аввалги 1 минг йиллик. Ҳайкалтарошликда ҳайвонлар тасвирини ясаш кенг ўринни эгаллайди. Одам тасвири, айниқса, аёллар ҳайкали палеолит даврида кенг учрайди. ҳарбий Европадан (Австрия) топилган “Виллендорф Венераси” деб номланган ҳайкал машҳурдир. Ҳ айкал ҳажм жиҳатидан катта эмас, (баландлиги 0,06 м.) лекин кўриниши жиҳатидан монументал. Ҳ айкалда ортиқча деталлар йўқ. Ички куч-қудратга тўла ҳайкалда бош қисми бир оз белгиланган, юз деярли ишланмаган, паст томонида тугаллик йўқ, лекин шунга қарамасдан, ҳайкал ўзининг тўлақонлилиги, ички кучга тўлалиги билан яхши таассурот қолдиради. Мезолит ёки ўрта тош асрида одамлар катта бўлмаган тўдага ажралган ҳолда яшай бошлашлари уларга бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиб ўтиш, катта ер майдонларидан фойдаланиш имкониятини берди. Қуролларнинг (меҳнат ва ов қуроллари) ихчам, қулай бўлишига эътибор кучайди. Ўқ, камон-ёй, қайиқларнинг ихтиро қилиниши ибтидоий жамоа кишисининг ҳаёти янада яхшиланишини таъминлади. Одамлар ёғоч, қамишдан фойдаланиб, ўзларига керакли буюмлар ясай бошладилар. Шарқий Испания, Кавказ, Ўрта Осиёдан топилган суратлар диққатга сазовордир. “Кийикларни овлаш” (Испания) суратларида образлар шартли (камон отаётган овчиларда бу шартлилик яққол сезилади), схематик, ўта соддалаштирилган ҳолда тасвирланган. Лекин бу шартлилик рассом айтмоқчи бўлган фикрни тушунишга ҳалақит бермайди. Ов манзарасидаги ҳолат - кийикларнинг жон талвасада қочиши, овчиларнинг эпчиллик билан олиб бораётган ҳужумлари, ов пайтидаги шижоат, ҳаяжон ибтидоий жамоа рассоми томонидан ифодали талқин этилган. Ўрта Осиё (Сурхондарё, Фарғона), Озарбайжон (Кобистон)дан топилган суратларда ҳам шу ҳолни кўрамиз. Заравутсой (Сурхондарё), Сеймалитош (Фарғона) суратлари машҳурдир. Бу суратларда овчиларнинг ҳайвонларга ҳужуми акс эттирилган. Заравутсойдаги ниқоб кийиб, ўлжасига яқинлашаётган овчиларни акс эттирган сурат ўтмиш ҳаётининг маънавий дунёсини билишга хизмат қилади. Кулолчилик ва бошқа буюмларни нақш билан безаш кенг тус олди. Параллел, спиралсимон ва тўлқинсимон чизиқлар, концентрик айланалар шу даврдаги кўпгина нақшларнинг асосини ташкил этади. Геометрик нақшлар аста-секин схематик одам, ҳайвон ва ўсимликлар дунёсидан олингин шакллар билан бойитилиб, мазмунан кенгайиб борди. Унинг элементлари коинот кучларининг рамзий белгиларини акс эттира борди. Масалан, розетка- қуёш рамзи, тўлқинсимон чизиқ-ҳаракат, сув рамзи ва ҳ.к. Бронза асри эрамиздан аввалги 3 минг йиллик ўрталарида бўлиб, одамлар мисни қалай, қўрғошин, рух ёки сурма билан эритиб, бронза тайёрлашни ўрганиб олдилар. Бронза қуроллар, яроғ-аслаҳа, зебу зийнат ясаш учун асосий материал бўлиб қолди. Ер юзида бронза асри бошланди. Бронза асрини деярли ҳамма халқ ва элатлар бошидан кечирди. Лекин бу аср баъзи халқларда (масалан, Эрон, Месопотамия, Кавказ, Ўрта Осиё) бир мунча эрта, эрамиздан аввалги 3 мингинчи йиллар ўрталарида бошланган бўлса, бошқа ерларда (масалан, Кичик Осиё, Сурия, Фаластин, Кипр ва Қримда) эрамиздан аввалги 3 ва 2 мингинчи йиллар чегарасида, Миср, Хитой, Ҳиндистон, Европада эрамиздан аввалги 2 мингинчи йилларда содир бўлди. Бронзанинг ихтиро этилиши инсон тафаккурининг муҳим ғалабаси эди. Бу ихтиро ижтимоий ҳаёт тараққиётини янада тезлаштирди, ишлаб чиқариш кучларини ривожлантирди, меҳнат унумдорлигини ошириб, қўшимча маҳсулот тўпланишини таъминладики, бу ўз навбатида инсон маънавий оламининг ўзгариши ва бойишига олиб келди. Ўрта Осиё ерларида бронза асри эрамиздан аввалги 3 минг йиллик ўрталарига тўғри келади. Бу ерларда материаллардан буюмлар ишлаш кенг тарқалди. Жумладан, Фарғонадан топилган билакузукларда қўй ва шер тасвири, айниқса, таъсирли чиққан. Бронза асрида Ўрта Осиёда кулолчилик янада ривожланди. Кулолчилик дастгоҳларининг юзага келиши эса, сўзсиз, яратилган буюмларнинг янада нафис ва гўзал бўлишини таъминлади. Чустдан топилган қизил фонга қора бўёқлар билан расм ва нақшлар ишланган сопол буюмлар диққатга сазовордир. Темир асри. Ибтидоий жамоа тузумининг сўнгги босқичи бўлган темир асри, “ҳарбий демократия” инсоният маънавий дунёсининг мураккаблашиши, ижтимоий ҳаётда уруш, талон-тарожликнинг кучайиши ва жамоада ҳарбий раҳбарларнинг роли ортиши билан характерланади. Ижтимоий ҳаётга кириб келган темир, тош ва қисман бронза буюмларни ҳаётдан сиқиб чиқарди. Ўз хусусияти жиҳатидан мустаҳкам бўлган бу металл ишлаб чиариш кучларининг ортиши ва меҳнат унумдорлигини кучайишига самарали таъсир қилди, айниқса, деҳқончилик имкониятларини кенгайтирди. Темир асрида ҳам амалий-декоратив санъат етакчи ўринни эгаллади. Кулолчилик техникасининг мураккаблашиши, кулолчилик учун дастгоҳларнинг кенг кўламда ишлатилиши унинг сифатини ўзгартирди, янги тур ва формаларни юзага келтирди. Безаш ишларида геометрик нақшлардан ташқари, сюжетли композициялардан фойдаланиш тенденциялари ривожланди. Адабиётлар : 1. Абдиев В . И . « Қадимги Шарқ тарихи », Тошкент 1965 й . (14-18) 2. «Всеобщая история исскуств» Том-1 М. Исскуство» 1956 (7-10)