logo

Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғ олди ҳамда сизот сувлари юза жойлашган ерларда ток ўстириш хусусиятлари

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

67 KB
Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғ олди ҳамда сизот сувлари юза жойлашган ерларда ток ўстириш хусусиятлари Режа: 1. Тоғли ерларда ток ўстириш хусусиятлари. 2. Тоғ олди ҳудудларида ток ўстириш. 3. Сизот сувлари юза жойлашган ҳамда кам шўрланган ерларда ток ўстириш хусусиятлари. Таянч иборалар. Тоғ, тоғ олди, баланд тоғли, ёғин миқдори, бўз тупроқлар, асл (типик), тук тусли, ўтлоқ, ўтлоқ ботқоқ тупроқлар, винобоп, хўраки, майизбоп узум навлари, хомток, ҳосилсиз новдаларни олиш, чилпиш, токларни кўмиш. . Ўзбекистоннинг иқлими, шу жумладан тоғли ва тоғ олди районларнинг иқлим шароити қуёш нурининг тез таралиши (радиацияси) ҳавонинг қуруқлиги, атмосферанинг умумий оқимлари, жойнинг рельефи, шимолдан келадиган совуқ ҳавонинг, жанубдан келадиган иссиқ ҳавонинг таъсири вужудга келади. Мана шу омилларнинг қай ҳолда бирлашиб таъсир этиши натижасида районларнинг ва ҳатто микрорайонларнинг иқлими ўртасида баъзан жуда катта фарқ бўлади. Иссиқ ва намлик шароитининг ўзгариши учун жойнинг рельефи ва баландлиги айниқса катта таъсир этади. Жойнинг денгиз сатҳидан баланд бўлиши, шунингдек тоғ этаги ва тоғли районлар рельефининг ҳар хил бўлиши иқлимнинг қурғоқчилигини бир мунча юмшатади. Тоғли ва тоғ олди районларда баҳор у ерларнинг денгиз сатҳидан қанчалик баланд бўлишига қараб текис жойларга нисбатан кечроқ бошланади. Ёзи эса текисликдагидек булутсиз ва қуруқ бўлади. Куз эрта тушади,ёғинлар октябрь ойидан бошланади,қорнинг қалинлиги пана қияликларда ва баланд жойларда 100 см га етади. Қор қатлами 60- 70 кунгача эримай туради. Ўзбекистонда совуқсиз давр 200 кунга етади. Тоққа кўтарилган сари ҳавонинг ўртача йиллик ва максимал ҳарорати, шунингдек совуқсиз давр камая боради, Қишнинг минимал ҳарорати эса юқорилашади.Ҳар бир жойнинг абсолют баландлиги ошган сари у ерларга ёғадиган ёғин миқдори ва унинг фасллар бўйича ёғиши ўзгаради. Тоққа кўтарилган сари ёғиннинг энг кўп миқдори ёзга яқин ёғади. Масалан, апрель ва май ойларида баъзан жала қуяди, натижада қир тепаликларга ёққан ёғинларнинг кўп қисми пастга оқиб тушади.  Тоғли жойларнинг денгиз сатҳидан 1500 м баланд бўлган ғарбий ва ғарби-жанубий қияликлари сернам бўлади. Бу ерларга ёғадиган ёғиннинг йиллик миқдори 500-600 мм ва ундан ҳам ошади. Тоғ ва тоғли жойлардан кўтариладиган йиллик буғ миқдори паст текисликлардан кўтариладиган йиллик буғ миқдоридан кам бўлади,ҳаво намлиги ва булут эса кўп бўлади. Тоғли ҳудудларда токчилик қилиш учун у ерлардаги иссиқликнинги етишмаслиги, денгиз сатҳидан атиги 100% гача бўлган жойларда токзор барпо қилиш учун эса намнинг етишмаслиги монелик қилади. Тажрибалардан олинган маълумотларга қараганда денгиз сатҳидан 900- 1500 м баланд бўлган жойларда иқлим нисбатан қуруқ ва иссиқ бўлади, бу ерлардаги фойдали ҳароратнинг йиғиндиси 4000 градусга етиб,ўсимлик ўса оладиган давр 190-200 кунга чўзилади, мана бундай жойларга асосан Қора кишмиш, Оқ кишмиш, Оқвасарға, Султоний, Мускат Александрский каби майизбоп узум навлари экилиши тавсия этилади. Шу шароитда кучли,дессерт ва хўраки вино тайёрланадиган узум навларини масалан Кора васарға, Бахтиёрий, Ркацители, Баян Ширей, Каберне каби узум навларини экиш ҳам мумкин. Бу ҳудудларда хўраки навлардан Нимранг, Пушти Тойфи, Дарои, Халилий кабиларни ҳам экса бўлади. Баланд тоғли ҳудудларда (1500 м дан баланд) иссиқлик унча етишмайди, шунинг учун бу ерларга эртаги хўраки узум навлари ҳамда винобоп узум навлари экилиши керак. Токнинг ўсиши учун зарур бўлган шароитдан яна бири унга сувнинг етарли бўлишидир. Ток қурғоқчиликка чидамли ўсимлик бўлишидан қатъий назар, унинг ҳосили токнинг сув билан қанчалик таъминланишига қараб кескин ўзгаради. Сув билан ҳар хил равишда таъминланган лалмикорликлардаги токларнинг ўсиши ва ҳосил бериши устидан ўтказилган кузатишлар шуни кўрсатадики йиллик ёғин миқдори 450 мм дан ортиқ бўлган ҳудудлардагина токдан яхши ҳосил олиш мумкин экан. Токнинг иссиқлик ва нам билан таъминланишига жойнинг микро шароити катта таъсир кўрсатади, бу шароит эса жойнинг денгиз сатҳидан қанчалик баландлигига, қияликнинг қанчалик тик ва қай томонга қараганлигига ҳамда бу жойларни тоғ тизмаларининг қанчалик паналашига қараб ҳар хил бўлади. Ҳамма томони тоғ тизмалари билан ўралган пастликларга кўпинча совуқ чукиб қолишидан, бу ерлардаги токлар кўпинча эрта кўкламги ва кузги қора совуқлардан шикастланади. Тоғ водийлари ва тоғ қияликларининг қуйи қисми нам билан яхши таъминланган бўлишидан ташқари бу ерлардаги қор қатламлари қалин бўлиб токлар қишки совуқлардан яхшироқ сақланади. Ўзбекистоннинг тоғли ва тоғ олди ҳудудлари тупроғи кўпинча асл (типик) бўз тупроқ, тўқ ва оч тусли бўз тупроқ ҳамда қорамтир чимзор тупроқ шаклида бўлади. Денгиз сатҳидан 1000-1200 м баландликкача бўлган тепаликлардан иборат адир (тоғ этаги) ерларда типик бўз тупроқлар бўлиб устки қатламида 2,5 % гача гумус (чиринди) моддаси бўлади, бу тупроқлар механик таркиби жиҳатдан ўртача ва оғир қумоқ тупроқлар жумласига киради. Баланд тоғли жойларда эса тўққорамтир бўз тупроқлар учраб гумус миқдори 3-4% га етади, бу тупроқ механик таркиби оғир қумоқ тупроқ ёки соз тупроқдан иборат. Маълумотларга кўра токзор барпо қилишда энг қулай тупроқ ва иклим шароити тоғли ва тоғ олди зонасининг денгиз сатҳидан 10002000м баландликдаги қисми қулай бўлиб, йиллик ёғин микдори 450 мм дан кўпрок ёғингарчиликлар бўлишидир. Ўзбекистоннинг тоғли ва тоғ олди ҳудудларида токзор барпо қилиш учун энг истиқболли бўлиб, Қашқадарё вилоятининг Китоб, Шаҳрисабз, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Денов, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Паркент ва Чирчиқ туманлари ҳисобланади. Ток ўсиш шароитига мосланадиган ўсимликлар жумласига киради.Токнинг кучли ўсадиган илдизлари ернинг чуқур қатламларига кириб, тупроқ анча қуруқ бўлишига қарамай у ердан кўп миқдорда нам олиб бақувват ўсади ва мўл ҳосил беради. Бироқ, бу зонанинг тупроқ ва иқлим шароити токда кечадиган биологик ва физиологик жараёнларни ўзгартиради. Қиш ва кўклам фаслида тўпланадиган тупроқ нами ёз бошидан бошлаб токи октябрдаги дастлабки ёғингарчиликлар бўлгунча тўхтовсиз камая боради. Тупроқда нам март-апрель, май ойининг бошида кўп бўлади, яъни ток экини ўсиши учун энг қулай шароит яратилади. Узум ғужумлари тўлишаётган, айниқса узум пишаётган даврда (июнь ойи охири ва июлда) тупроқ нами камайиб кетади. Июльавгуст ойларида тупроқнинг 2 метрлик чуқур қатламидаги намлик кўпинча ўсимлик учун фойдасиз бўлган намлик даражасига тушиб қолади. Қурғоқчилик натижасида токда дастлаб ўсиш жараёни тўхтайди, новдаларнинг ўсиш нуқтаси қуриб қолади, яъни новда учларининг ўз-ўзидан чилпиш ҳодисаси рўй беради. Қурғоқчилик кучайганда ток баргида жуда кўп қизғиш доғлар пайдо бўлади, барг сарғайиб тўкила бошлайди. Узум ғужумлари ва узум бошлари кўпинча сўлиб ва қуриб қолади. Сув етишмаслиги натижасида ғужумлар майдалашиб, пўсти қалинлашади. Одатда бундай ғужумлар аччиқ ва қаттиқ бўлади. Тоғли ва тоғолди худудларида токзор учун жой танлашда қуйидагиларга эътибор этиш зарур. Токзор барпо қилинадиган майдон 10-15 гектардан кичик бўлмаслиги лозим ҳамда келгусида янада кенгайтириш имконияти бўлиши керак. Ток экиш ва уни парваришлаш ишларини механизациялаштириш мумкин бўлиши учун майдон 10 градусдан ортиқ даражада қия бўлмаслиги, агар қия бўлса, зина-зина шаклида тексланган бўлиши, шу билан бирга бундай тупроқ остидаги тоғ жинси яланғочланиб қолмаслиги зарур. . Тоғ олди худудларининг унчалик қия бўлмаган ва ёзда ҳам ери нисбатан нам бўлиб турадиган жойлар токзор қилиш учун яроқлидир. Узум барвақтроқ пишиб, ғужумида қанд моддаси кўп бўлиши учун ток баландроқ зонанинг жанубий қияликларига экилиши керак. Ёғин сувларидан (селлардан) яхшироқ фойдаланиш учун, ток қаторлари қияликка кўндаланг жойлашиши лозим. Ток экиладиган жойнинг қиялиги 5- 10 градус бўлса, ток қаторлари қияликка кўндаланг қилиб экилади, агар қиялик 10 градусдан ортиқ бўлса, бу жой аввал зина шаклида текисланади. Токзор барпо қилинадиган майдон аввал яхшилаб ишланган бўлиши зарур. Ер қанчалик чуқур ҳайдалса сернамроқ бўлиб, ток кўчатларининг яхшироқ тутиб, кучли ўсишини таъминлайди. Тоғ олди худудларида ҳар гектарга қанча тупдан ток кўчати ўтказиш токнинг навига, тупроқ ва иқлим шароитига қараб ҳал этилади. Бунда ток қатор орасини 2,5-3м, қатордаги туп орасини 1,5-3 м қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Токзор ери кўклам ва ёз мавсумларида ўтлардан тоза ва юмшоқ ҳолда сақланиши лозим. Кузда ток катор оралари 25-30 см чуқурликда ҳайдалиб, ток туплари устига палахса ағдариш билан ток тупроққа кўмилади. Ток қишда кўмилмайдиган жойларда қатор ораларини кузда ҳайдашда палахса ичкарига (қатор оралиғига) ағдарилади. Кўкламда ток қатор ораларини ҳайдаш билан бирга ток туплари очилади ҳамда қатордаги туп оралари кетмонда чопиб чиқилади. Кўкламда ёғинларнинг асосий қисми ёғиб бўлгандан кейин ток қатор оралари чизел-култиваторда 25-30 см чуқурликда юмшатилади ва борона бостирилади. Ёзда токзорда қилинадиган асосий иш ўтларни йўқ қилиб, ерни юмшатиб туришдан иборат бўлади. Бунинг учун токзор ёки ёз бўйи 5-10 см чуқурликда 4-5 марта култивация қилиниб ва қатордаги туп оралари чопилиб турилади. Тоғли жойларда токзордан мўл ҳосил олиш учун ер намини яхшилаш катта аҳамиятга эга. Бунинг учун токзор ерини ўз вақтида яхшилаб ишлаб туришдан ташқари ёққан қорларни ўз жойида ушлаб қолиш ҳамда қор ва ёмғир сувларини токзорда тухтатиб қолиш чораларини кўриш жуда муҳимдир. Тажрибалар маълумотларига қараганда токнинг ҳосилсиз ортиқча новдаларни олиб ташлаб туриш, ёз бўйи уч марта хомток қилиш (қўлтиқ новдаларни олиб ташлаб, чеканка қилиш) қолган новдаларнинг бўйини 25% узайишига ва пишган новдалар узунлигини 38% ошишига олиб келди.  Кўчат ўтқазилгандан кейин иккинчи йили охирида ҳар туп токда қолдириладиган новдадаги куртакларнинг умумий миқдори 30-40 тадан оширилмайди, шундай қилинганда ҳамда учинчи йили токзор яхши ишланиб борилганда гектаридан 30-40 ц дан ҳосил олиш мумкин бўлади. Токзорларда гектарига 100 кг азот, 100 кг фосфор ва 30 кг калий хисобидан минерал ўғит солинади. Ҳар 3-4 йилда бир марта кузги ҳайдаш олдидан гектарига 30-40 т ҳисобидан органик уғит солиб турилади. Тоғли ҳудудларда токзор барпо этишда токзор қилинадиган учаска, лалми ерларда яхши усадиган ток навлари тўғри танланганда ҳамда бу токлар илғор агротехника усулида парвариш қилинганда экилган токлар бехато кўкаради, новдалари яхши ўсиб мўл ҳосил беради. . Ўзбекистоннинг тупроғи ер ости суви билан намиқадиган ерларда сув режими кескин ўзгарувчан бўлади. Дарё водийларида жойлашган ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқларида бу ҳол кучли сезилади. Ер ости сувининг қават захланади, натижада, бу қаватда озиқланиш ва ҳаво шароити ёмонлашади. Ер ости суви паст жойлашганда эса, аксинча, устки қаватларнинг тупроғи қуриб қолади, натижада тупроқни суғориш суви билан намиқтиришга тўғри келади. Ер ости суви 1-2 м чуқурликда жойлашган ерларда машиналардан умумли фойдаланганда, токлар бақувват бўлиб ўсади ва мўл ҳосил беради. Бундай шароитларда ўстирилган узум таркибида қанд моддаси кам бўлади. Ғужумларда қанд секин тўпланади, шу сабабли бундай шароитда узумнинг хўраки ва винобоп навларини экиш мумкин. Нимранг, Каттақўрғон, Тойфи, Чарос, Победа, Ўзбекистон мускати, Баян Ширей, Ркацители, Бахтиёрий, Саперави навларини экиш мақсадга мувофиқ. Бундай шароитларда ток агротехникаси ҳам ўзига хос бўлиб, барча тадбирлар ер ости сувларининг сатхини пасайтиришга, намликни миқдоридан ортиқча бўлиб кетмаслигига йўл қўймасликдан иборат. Адабиётлар: 1. Балашев Н.Н., Земан Г.О. “Сабзавотчилик” Т., “Ўқитувчи”, 1977. 2. Бўриев Х.Ч., Зуев В.И., Қодирхўжаев О. Мухамедов М.М. “Очиқ ерда сабзавот экинлар етиштиришнинг прогрессив технологиялари” Т., “ЎзМЕДИН”, 2002. 3. Зуев В.И., Абдуллаев А.Г. “Сабзавот экинлари биологияси ва уларни етиштириш технологияси”, Т., “Ўзбекистон”, 1997. 4. Рыбаков А.А., Остроухова С.А. “Ўзбекистон мевачилиги” Т., 1981. 5. Ашурметов О.А., Бўриев Х.Ч. “Полиз экинлари биологияси ва етиштириш технологияси”, Т., 2000. 6. Темуров Ш. Узумчилик. Т., “Миллий энциклопедияси” 2002. 7. Бўриев Х.Ч., Ризаев Р.М.- Мева узум махсулотларини биокимёси ва технологияси. Т., “Меҳнат” 2002. 8. Бўриев Х.Ч., Жўраев Р., Алимов О.– Мева сабзавотларни сақлаш ва дастлабки ишлов бериш. Т., “Меҳнат” 2002. 9. Расулов А.– Картошка, сабзавот ва полиз махсулотларини сақлаш. Т., “Меҳнат” 1995. 10. Зуев В.И., Умаров А.А., Қодирхўжаев О. – Интенсивная технология возделывания овоше – бахчевых культур и картофеля. Т., 1987.