logo

Қорамоллар ўпкасининг ялпи яллиғланиши (ПВЛ ёки плевропневмания) Pleuropneumonia contagiosa

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

60.5 KB
Қорамоллар ўпкасининг ялпи яллиғланиши ( ПВЛ ёки плевропневмания ) Pleuropneumonia contagiosa PLEUROPNEVMONIA CONTAGIOSA BOVUM , ПВЛ – ўта конттагиоз юқумли касаллик бўлиб, крупоз пневмония ривожланади ва секвестрлар (ипкапсуляцияли фокуслар) пайдо бўлади ҳамда сероз-фибриноз плеврит каби белгилар билан кечади. Тарихий маълумот - биринчи маълумот қадимий Римлик олим Вергилий томонидан берилган. Валентин 1696 йилда Швецарияда қора молларнинг ПВЛ билан касалланганлигини маълум қилади. 1765 йилда Буржела бу касалликни Францияда рўйхатга олади. Кейинчалик эса Белгия (1828), Голландия (1833) да қора молларнинг ПВЛ билан касалланганлиги аниқланган. 1841-1854 йиллар мобайнида Англия, Швеция, Норвегия, Дания Жанубий Африка ва Австралияларда касалллик кучли кенг тарқалиб авжига чиққан. 1914-1916 йилларга келиб, касалликнинг кучли тарқалганлиги тўғрисида маълумот берилади. Россияда 1824-1825 йилларда кенг кўламда тарқалади (Новгород, Оренбург, Самара, Сибир, Қозоғистон). Россияга касалликнинг кириб келиш сабаби, асосан Ғарбий Европадан зотли моллар келтирилиш туфайлидир. Ҳозирги пайтда Иордания, Испания, Туркия, Эрон, Саудия Арабистони, Хитой, Ҳиндистон, Монголияларда тез-тез рўйхатга олиниб турилади. Бизнинг мамалакатимиз ҳам касаллик учун ўта хавфли зонага киради, чунки юқорида қайд қилинган мамалакатлар билан доимий алоқа мавжуд. Иқтисодий зарар - ПВЛ дан жуда катта иқтисодий зарар келади. Касалланиш даражаси 69%ни, талофат эса 23 % мажбурий сўйиш билан белгиланади. Карантин тадбирларига ҳам катта сарф-харажатлар талаб этилади. Маҳсулот олиш носоғлом зонада кескин пасаяди. Қўзғатувчи - қўзғатувчиси Micoplasma mucoiles. Бу гуруҳга эчкилар плеврапневмонияси, қўй ва эчкилар агалактиясининг қўзғатувчилари ҳам киради. Бунинг бактерияга яқинлиги сунъий муҳитларда ўсиши бўлса, бактериал фильтрлардан ўтиши эса вирусга яқинлигидандир. Аэроб, Мартен бульонига 8% қора моллар қон зардоби қўшилганда яхши ўсади. Товуқ эмбрионида ҳам яхши ўсади. Чидамлилиги - тўғри тушган қуёш нури таъсирида 5 соатда, 58° С да эса, бир соат ичида ўлади. Дезинфекция учун 1-2%ли лизол ва креолин, 2%ли карбол кислотаси, ўювчи натрий, калий ва каустик содалар тавсия этилади. Музлатилган тўқималар ва органларда бир йилгача сақланади. Эпизоотологияси Пвл билан қора моллар, қўтос, қўй-эчки, туя, буғу, антилопалар касалланади. Қуёнларга сунъий юқтириш мумкин. Касаллик қўзғатувчисининг манбаи бўлиб, касаллар ҳисобланади. Айниқса, сурункали касалланганлар қўзғатувчини йиллаб ташувчи бўлиб қолади. Касалланиб тузалганлар ҳам хавфлидир. Айрим холларда эса капсула ичида қолган жароҳат ўчоқларида микоплазма йиллаб сақланиши мумкин. Ўша капсулага ўралган сквестрлар сўрилиб кетиши натижасида касаллик қўзғатувчиси ташқи мухитга ажралиб чиқиши натижасида, касаллик тарқалиши мумкин. Қўзғатувчи она қорнида йўлдош орқали ҳомилага ўтиб, ўсиб ривожланиши мумкин, шунинг учун ҳам, янги туғилган бузоқ орқали ПВЛ тарқалиши кузатилади. Микоплазма касал ҳайвон организмида лимфа тугунида, қонда, паренхиматоз органларда бўлади. Ташқи муҳитга бронхлардан ажраган шилимшиқ суюқлик, сут, сийдик билан бачадон суюқликлари орқали ажрайди. Касаллик асосан аэроген йўл билан юқади. Ёруғликнинг етарли меъёрда бўлмаслиги, намгарчиликнинг ошиб кетиши, газлар балансининг бузилиши, антисанитария каби холатлар касалликнинг тез тарқалиб кетишига сабаб бўлувчи омилдир. Касаллик тарқатувчи омил бўлиб, тўшама ва ахлатлар, хар хил предметлар ҳисобланади. Эпизоотия секин кечиб, узоқ давом этади (йиллаб). Касаллик қўзғатувчиси тушгач, касал тарқагунча бир неча хафта вақт ўтади. Патогенези - Қўзғатувчи ўпкага тушганга қадар бронх ва бронхиолаларда ўзининг ўсиб ривожланиш жараёнида кучли токсин ажратади ва у ўз навбатида тўқималарнинг невротрофик функциясини бузади. Токсинлар қонга сўрилиб, бутун организмга тарқалади ва умумий реакция чақиради. Яллиғланиш ўчоғида лимфоид тўқималар томонидан қўзғатувчи фагоцитозга учрайди. Натижада бу тўқималар ва уларнинг парчаланиш жараёнида ҳосил бўлган ҳосилалар қон ва лимфа томири бўйлаб жойлашади. Бундан ташқари, бу ҳолат ўпка бўлакчалари оралиғида ҳамда паренхималарда учрайди. Тўқималар ва фибринлар парчаланиш жараёнида ҳосил бўлган масса, жароҳатланган капиллярлар деворидан ташқарига чиқиб, альвеолаларга тушади ва уларни қоплаб қолади. Микроплазманинг ўсиши хамда ривожланиши кучая бориб, янги участкаларни жароҳатлаб бошлайди. Ўпкага тушган қўзғатувчининг миқдори кам бўлиб, резистентлик юқори бўлса, касаллик сурункали кечишга ўтади. Қулай шароит туғилиши билан, яллиғланиш тез ривожланиб, нафақат капиллярлар, балки, каттароқ лимфа ва қон томирлари ҳамда ўпка бўлаги оралиғидаги бириктирувчи тўқималар жароҳатланиб, крупоз пневмонияга айланади. Жароҳат плеврага ўтиб, хар хил катталикдаги секвесторлар пайдо бўлади. Агар, микроорганизм қон оқимига тушса, юрак, буйрак, жигарга ўтиб, дегенератив ўзгариш чақиради Медиастинал ва бронхиал лимфа тугунлари ҳам жарохатланади. Касаллик юққач, 2-3 хафтадан кейин РСК ижобий натижа беради. Касаллик ривожланиши билан титр ошиб боради. Агар, микоплазма тўппа-тўғри қонга тушса, ўпкадаги жараён бўлмасдан, иситма кўтарилади ва тузалиб кетищи мумкин бўлади.. Кечиши ва клиник белгилари - яширин давр 8-14 кун баъзида эса 4 ойга чўзилиб кетади ва қуйидагича намоён бўлади. Ўта ўткир кечиши - кам ҳолларда учраб, иситма 41 0 С гача кўтарилади. Иштаха йўқолиб, кавш қайтармайди. Нафас олиш кийинлашади, йўтал тутади. Ўпка ва плевра яллиғланади. Ҳайвон 2-3 кунда ўлиши мумкин. Баъзида бирон хафта вақт ўтади. Айрим ҳолларда ўлим тезлашиб, юрак параличидан ўлади. Ўткир кечиши - ўпка яллиғланиши секин бўлиб, ҳар доим ёки ремиттир типда учрайди. Йўтал тутиб, аввалига қуруқ, қисқа, оғриқли, кейин (ҳўл) балғамли бўлади. Касалнинг аҳволи оғирлашади. Жуни ҳурпайиб шиллиқ пардалар қизғиш, тери эса қорамтир рангда бўлади. 2-4 ҳафтадан кейин нафас олиш тезлашиб, 30-40 мартагача етади, қаттиқ кучанади. Йўтал тезлашиб, оғриқли кечади, бўйнини чўзиб туради, бурнидан йирингли- шилимшиқ суюқлик оқади. Қовурғалар орасига босилса, кучли оғриқ сезилади, везикуляр, «ғишшиллаб» нафас олади. Плевра жароҳати, кучайиб, ишқаланиб ғишшиллагандек туйилади. Пульси ва юрак уриши, яхши эшитилмайди ва сезилмайди. Юрак уриши тезлашиб 80-120 гача етади. Касаллик ривожланган сари кавш қайтариш жараёни сусайиб кетади. Ич қотиши, ич кетиши билан алмашади. Сийдик ажратилиши камайиб кетади, қорамтир сариқ бўлади солиштирма оғирлиги 0,22-1,036 га тенг бўлади, фосфор кислотаси кўпайиб 0,30% гача етади. Сутда мой ва шакар камайиб кетади. Сут ажаралиши камаяди, лейкоцитоз учраб туради. Касаллик охирида тери остида шиш пайдо бўлади, шундай ҳолат кўкрак ва бўйинда ҳам учрайди. Ярим ўткир кечиши - камроқ йўтал бўлиб, диарея ва иситма бўлиши мумкин. Сурункали ўтиши - тез-тез учраб туради, касаллар озади. Йўтал тўхтовсиз бўлиб, йиринг ажраши мумкин, балғам кўпиксимон, ичак-ошқозон фаолияти бузилиши мумкин. Кўпинча ўлим кузатилади. Атипик кечиши — йўтал тез-тез ўтиб кетади, қисқа муддатли иситма, ишхтаҳа бироз ўзгаради. Патанатомик ўзгаришлар – асосий ўзгариш ўпкада кузатилади. Касалликнинг бошида бўлса, чегараланган қаттиқ кўкимтир-қўнғир участкалар пайдо бўлади. Кесиб кўрилса, сероз инфльтрация кузатилади. Ярим ўткир ва ўткир кечиши - бу ҳолатда эса, ўпканинг каттароқ участкалари жароҳатланиб, баъзида ўрта бўлимининг иккаласи ҳам шикастланади. Қаттиқлашади ва ҳажми кенгаяди, ўпкани кесганда худди жигарни кесгандагидек тўйилади ҳамда хар хил даражадаги гепатизация кўзга ташланади. Лимфа тугунлари томирлари катталашган, мармар рангини эслатади ва некроз ўчоқлари мавжуд бўлади. Баъзида плевра жароҳатланиб, фибрин плёнкалари билан қопланган. Бу ҳолатда кўкрак қафасида 15-20 л миқдоридаги экссудат сарғимтир қизғиш рангда бўлиб тўпланади. Сурункали кечганда эса, некротик ўчоқлар учрайди, оҳаклашган ҳолат юзага келиб, қон томирлар қалинлашади. Ёнғоқ шаклидан мушт ҳажмигача бўлган секвесторлар учрайди, бирлаштирувчи тўқима капсула билан ўралган, плевра девори қалинлашган. Агар шиш бўлса, тери остида шилимшиқ суюқлик пайдо бўлади. Диагноз - бактериологик ва серологик текшириш ўтказилади, РСК ҳар доим ҳам ижобий натижа бермайди (секветорлар туфайли). 1-2 бош мол сўйиб кўрилади, ёки бузоқларга юқтирилади. Дифферинциал диагноз - касаллик пастереллёз, туберкулёз касалликларидан дифференциация қилинади. - Пастереллёз - эпизоотик, спорадик холатда намоён бўлади, қўзғатувчи пастерелладир. - Туберкулёз - туберкула бўлиб, микробактерия ажратилади, туберкулин ижобий натижа беради. - Гельминтозларда гельминтлар кузатилади. - Крупоз яллиғланишда жароҳатланган ўпка бир текис рангда бўлади. ПВЛ- да эса мозаик рангда учрайди. Даволаш - специфик усул йўқ новарсенол, хлорамфениколлар қўлланилади. Тузалганлар инфекция ташувчи бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам даволаш ман этилади. Иммунитет - касалланиб тузалганлар касалликка мойилликни йўқотади. Шунинг учун ҳам, иммунизация усули ишлаб чиқилган. Олдинига перипневмония лимфаси ишлатилган (титрини аниқлаш қийин бўлган). Собиқ СССР да Мартен бульонига 10% қорамол қон зардоби қўшилиб тайёрланган муҳитда ўстирилган перипневмония култураси қўлланилади. Култура 0,1-0,2 дозада дум териси остига бир мартадан юборилади. Некроз бошланса, дум ампутация қилинади. Иммунитет бир йилгача давом этади. Баъзида эмланган моллар орасида ҳам касал моллар рўйхатга олиниши мумкин, шунинг учун ҳам ҳамма моллар эмланмайди. Кураш чоралари - касаллик чиққанда касаллар гўштга сўйилади. Буни бирдан амалга ошириш жуда қийин, шунинг учун ҳам карантин қўйилади. Клиник текшириш, термометрия ва РСК билан ўтказилади. Касал ва гумон қилинган моллар гўштга сўйилади. Касал молларни сўйиш махсус майдончаларда амалга оширилади. Жароҳатланган ички органлар яроқсизга чиқарилади. Териси қуритилади. РСКга ижобий реакция берганлар ҳам касал ҳисобланади ва юқоридаги усул қўлланилади. Гумонлар эса қайта текширилади. Иккинчи маротаба гумонли реакция берганлар ижобий ҳисобланади. Қолганлар РСК билан текширилади ва эмланад. Эмлашга ҳамма моллар тортилиб бир хафталик бузоқлардан бошлаб вакцинация қилинади. Эмланганлар 40 кун кузатилади. Эмлаш 7-20 кундан кейин бошланиб, 10-12 кун давом этади, шишиб оғриқ сезади. Баъзан шиш юқорига қараб тарқалиши мумкин, оғирлашса, ампутация қилинади, 5% ли новарсенол ишлатиш мумкин (венага). Эмлашда реакция бўлмаса улар қайтадан эмланади, яна кузатилади. 14-20 кун ўткач, қони РСК билан текширилади, эмланган моллар 30 кун алоҳида сақланиши зарур. Гўнг ва ахлатлар биотермик усул билан зарарсизлантирилади, дизенфекция учун 1% ли формалин 2%ли ишқорлар ишлатилади. Карантин иккинчи эмлаш реакциясидан 3 ой ўтгач олинади. Фойдаланилган адабиётлар: 1. Р.Ф. Сосов. Эпизоотология. М. “Колос” 1974. 2. А.А. Конопаткин . Эпизоотология. М. “Колос” 1984. 3. И.А. Бакулов., А.Д. Третьяков. Руководство по общей эпизоотологии. М. “Колос” 1979. 4. М.С. Ганнушкин. Общая эпизоотология. М. “Сельхозгиз” 1961. 5. М.П. Пармонов ва бошқалар. Эпизоотология. Т. 1996 6. М.П. Пармонов. “Ўта хавфли юқумли касалликлар” маърузалар матни. Сам. 2002 7. Ф.А. Ниёзов. “Паррандалар касалликлари”. Т. 1995 8. М.П. Пармонов., А.А. Қамбаров Эпизоотология. Т. 2006 9. М.П. Пармонов ва бошқалар. Эпизоотология фанидан амалий – лаборатория машғулотлари. Сам. 2007 й 10. А.А. Поляков. Ветеринарная дезинфекция. М. “Колос” 1975 11. В.П. Урбан. Практикум по эпизоотологии. Ленинград. 1987