logo

Боланинг психик тараққиётидаги қарама қаршиликлар ва ривожланиш қонуниятлари

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

31.9775390625 KB
Боланинг психик тараққиётидаги қарама қаршиликлар ва ривожланиш қонуниятлари Режа: 1. Психик тараққиёт ва таълим 2. Психик ва биологик тараққиёт 3. Фаоллик бола тараққиётининг манбаи эканлиги Боланинг психик тараққиётидаги қарама-қаршиликлар ва ривожланиш қонуниятлари Боланинг психик тараққиёти мураккаб жараёндир. Буни хал этишда болалар психологияси, аввало ҳаётда синалган, тажрибаларда пишиб етилган қуйидаги асосларга суянади: 1) Тараққиёт, ўсиш, ривожланиш қарама-қаршиликлар кураши ва зиддиятлардан иборатлиги; 2) болалар камолоти ҳақидаги фанга хилоф назарияларни, қаршиликларни танқидий тахлил қилинганлиги; 3) ҳозирги кунга қадар болалар психологиясида олиб борилаётган илмий изланишлар, тажрибаларнинг натижалари; 4) комил инсонни тарбиялашда эришилган амалиёт натижалари. Буларга асосланиб боланинг психик тараққиёти қандай ривожланади, унга таъсир этувчи омиллар нимадан иборат, унда биз нималарга эътибор беришимиз лозим деган мураккаб масалаларни хал қилишимиз мумкин. Маълумки бола психикасининг тараққиёти (ўсиш-миқдорий жиҳатдан ортиш; тараққиёт ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатидан ўзгаришдир . бола жисмонан ўсади, психик жихатдан тараққий қилиши) ҳақида 2 хил қарашлар мавжуд. 1-қарашларга мувофиқ, тараққиёт аввалги нарсанинг оддий такрорланишидан, организмида мавжуд бўлган муайян сифатларнинг шунчаки кўпайиши ёки камайишидан иборат. Бундай йўналиш тарафдорлари ўз-ўзидан шахс тараққиётининг туб сабабларини очиб бера олмайдилар. 2- қарашларга мувофиқ, тараққиёт зиддиятлар, қарама-қаршиликлар курашидан иборатдир. Бу илмий йўналиш бўлиб, бола тараққиётини организмнинг хусусиятлари билан ташқи муҳит шароити организмга тобора янги талаблар қўяди; организм янги шароитга мослашар экан, янги сифатлар ҳосил қила бошлайди ва тараққий қилади. Демак, психик тараққиёт ҳам қарама-қаршиликлар курашидан иборатдир. Бу қарама-қаршиликлар: 1-дан боланинг шу чоққача эришган тараққиёт даражаси, имкониятлари билан янги эхтиёжларига орасидаги қарама-қаршиликлар, унда эхтиёж олдин пайдо бўлади, лекин имконият етарли бўлмайди. Мисол: хали юришга ўрганмаган бола юриб кетишига эхтиёж сезади, лекин бола ўз мувозанатини сақлай олмагани, оёқда тик тура олмагани учун у юра олмайди. 2-нчидан боланинг эски хулқ –атвор шакллари билан янги ҳаттиҳаракатлари, янги ташаббуслари орасидаги қарама-қаршилк (тақлидташаббус). Яъни бунда ташаббус олдин пайдо бўлади ва боладан мустақилликни талаб қилади, лекин мустақил ҳаракат қилиш учун бола катталарга тақлид қилишдан воз кечиши ва мустақил ҳаракатланиши керак. 3-дан, боланинг ҳаёт мазмуни билан унинг шакли ўртасидаги қарама- қаршилик. Ҳаёт мазмуни илгари, ҳаёт шакли эса кейин шаклланади. Мисол: мактаб ҳаётини мазмуни ҳаммага таниш. 1- синфга қадам қўйган бола мактаб қоидаларини хали яхши тушунмайди. Лекин мактабда тизимли таълим жараёни болани ўз талабларига кўниктира бошлайди, бунда болада кўпгина психологик қийинчиликлар рўй беради. Бола эса аввало қийналиб, кейинчалик унга ўрганиб, янги ҳаёт шаклига ўрганади. Болалар ҳаётида учрайдиган турли қийинчликлар, қарама-қаршилик ва зиддиятлар болани психологик томондан ривожланиб, шаклланиб боришига сабаб бўлади. Болани психик тараққиёти қандай шаклланишидан қатъий назар, у мўайян қонуниятларга бўйсунади. Лекин муҳит таъсирига нисбатан бу қонуниятлар (кенг маънода олганда) иккиламчидир. Чунки бу қонуниятларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳаёт шароитига, фаолиятига ва тарбияга боғлиқдир. Психик тараққиёт қонуниятларига: 1. Нотекистлик қонуни. 2. Психика интеграцияси қонуни. 3. Пластиклик ва компенсация қонуни киради. 1. Психик ривожланишнинг нотекистлиги шундан иборатки, ҳар қандай шароитда, хатто таълим тарбиянинг энг қулай шароитларида ҳам шахснинг турли психик белгилари, психик функциялари ва психик хусусиятлари ривожланишининг битта даражасида тўхтаб турмайди. Болаларга бир хил тарбия берилса ҳам болалар уни турлича қабул қиладилар. Чунки уларнинг ўзига хос индивидуал хусусиятлар мавжуд, нерв тизимининг хусусиятлари, типлари турлича, яшаша шароити тарбиявий таъсирлар турлича бўлгани учун ҳам психик тараққиёт ё тезлашиб, ё секинлашиб баъзан тўхтаб тутилиб қолиши мумкин. Шу сабабли психик тараққиётни нотекис ривожланиши мумкин деб эътироф этилади. 2. Интеграция қонуни – инсон психикасини ўз тараққиёти давомида тобора кўпроқ яхлитлик, бирлик, мустақиллик ва доимийлик хусусиятларини касб эта боришидир. Бунда ёшликда ҳосил бўлган психик хусусиятлар тараққиёт давомида бора -бора кишининг асосий хусусиятига, ёки характер хислатига айланади ва бу хислат шу кишининг ҳаётида яққол кўзга ташланадиган бўлиб қолади. Бу қонунга биноан психик ривожланиш психик холатларнинг аста-секин ўсиб, шахс хисларларига айланишдан иборат бўлган қонундир. 3. Пластиклик ва компенсация имконияти қонуни. Бу қонун асаб тизимининг пластиклик хусусияти билан боғлиқдир. Ёш бола ижтимоий муносабатларга киришар экан у албатта уларни ўзига ўзлаштиради, таҳлид қилади. Натижада у ҳам ақлий томондан шаклланади. Таълим– тарбия шароитида болани, мактаб ўқувчисининг психикасини мақсадга мувофиқ ўзлаштиришнинг бой имконияти асаб тизимининг ана шу пластиклигига асосланади. Пластиклик компенсация (тўлдирувчанлик, товон, бадал) учун ҳам йўл очиб беради: бир хил психик функциянинг ривожланиши заиф ёки нуқсонли бўлса, унинг фаолиятини зўр уюшганлиги ва аниқлиги билан компенсация қилиш мумкин, кўришдаги нуқсонлар, қисман, эшитиш анализаторининг ўткир даражада ривожланиши билан компенсация қилинади(тўлдирилади). Тарбиячи ва ўқитувчилар болага таълим–тарбия бериш жараёнида психик тараққиётнинг қонунларига амал қилишлари ва боланинг тараққиёт хусусиятларини билган ҳолда уларга таълим ва тарбия беришлари мақсадга мувофиқдир. Психик тараққиёт ва таълим Тараққиёт боланинг ижтимоий тажрибаларини ўрганиш, ўзлаштириш жараёнидир. Ижтимоий тараққиёт болаларга таълим –тарбия ва ўзаро муносабатлар орқали таъсир этади. Болаларнинг психик жиҳатдан ўсишида таълим ва тарбия шакллантирувчи роль ўйнайди, деган ғоя XIX асрнинг ўрталарида авж ола бошлади. Боланинг тараққий этиши билан таълим - тарбиянинг ўзаро муносабати ҳақидаги масалани хал этишга уринаётган йўналишлар вужудга келди. Булар 3 хил йўналишда фаолият кўрсатадилар. Биринчи хил йўналиши тарафдорлари ижтимоий таълим-тарбия билан психик тараққиёт ўртасида ҳеч қандай муносабат йўқ дедилар. Иккинчи хил йўналиши намоёндалари психик тараққиёт билан таълим тарбия ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ деб кўрсатдилар. Учинчи хил йўналиши намоёндалари психик тараққиёт билан таълим тарбия бошқа – бошқа жараён бўлса ҳам бир – бирига мос келадиган яъни бир бирига таъсир ўтказадиган жараёндир.дейиш билан дастлабки икки назарияни келиштиришга уриндилар. Бу назария намоёндалари боланинг психик тараққиётида тарбия ва актив фаолиятнинг ролини пайқамайдилар. Рус психологи Л.С. Виготский юқоридаги йўналишларнинг фикрларини кўп жиҳатдан илмий таҳлил қилиб чиқди ва таълим жараёни тараққиётга мос келмайди деган ғояни илгари сурди. Унингча таълим жараёни тарққиётидан илгарилаб кетади, болалар психикасининг тараққиёти унинг кетидан эргашиб боради ва унга энг яқин истиқбол очиб беради деб уқтиради. Л.С. Виготскийнинг фикрича тараққиётнинг 2 босқичи бор: 1. Актуал тараққиёт босқичи (яъни боланинг катта ёшдаги кишилар ёрдамисиз мустақил ҳаракат қила олиши). 2. Энг яқин тараққиёт зонаси босқичи ( боланинг катта ёшдаги кишилар ёрдами билан қилинадиган хатти ҳаракатлари) бор. Боланинг психик ривожланиши яъни тараққиёт йўли унинг энг яқин истиқболидир. Тараққиётнинг бу икки босқичи боланинг ҳозирги вақтда қандай эканлиги, яъни қандай билим, кўникма ва билимларга, характер сифатларига эга эканлиги ва келажакда боланинг қандай билим, кўникма ва малакаларга, характер сифатларига эга бўла олишига имконият беради. Л.С. Виготскийнинг назарий-илмий фикрлари педагог А.С. Макаренко фикрига мос келади. У ҳам ҳар бир боланинг комолот имкониятларига ва тараққиётнинг истиқбол йўлларини аниқлаш лозимлигига эътибор беради. А.С. Макаренко “шахс лойихасини тузишга”: ўз тарбияланувчиларида ҳосил бўлган ижобий сифатларни мустаҳкамлаш, такомиллаштириш ва салбий сифатларни эса олдини олиш, тўхтатиш ёки уларга барҳам бериш учун ижобий сифатларга таянишга интилар эди. Психик ва биологик тараққиёт Инсон шахси ўз моҳияти билан ижтимоий зотдир. Шахсдаги барча психик хусусиятларнинг ижодий фаоллигининг ривожланиш манбаалари унинг теварак атрофдаги ижтимоий муҳитда, жамиятдадир. Инсон шахси детерминлашган (сабабий боғлиқликда) бўлиб ижтимоий турмуш билан боғлиқдир. Шахснинг тараққиёти одамлар билан муносабатда юзага келадиган ижтимоий тажрибани эгаллаш жараёнидан иборатдир. Бу келажакда инсоннинг психик хусусиятлари, яъни унинг ахлоқий сифатлари, характери, иродавий хислатлари, қизиқишлари, майл ва қобилиятларини ташкил топишига таъсир қилади. Шунингдек, психик ва биологик тараққиёт муайян шартшароитларда таркиб топади. Биз одамни ижтимоий зот деймиз. Лекин унинг биологик моҳиятини инкор қилиб бўлмайди. Чунки одамнинг психик ривожланиши учун табиий, биологик имкониятлар ниҳоятда зарурдир. Инсоннинг психикаси қонуниятлари нормал таркиб топиши учун биологик тузилиш, инсон мияси ва асаб тизими бўлиши шарт. Инсоннинг биологик тузилиши психик тараққиёт учун муҳим шартдир. Бу табиий хусусиятлар психик ривожланишни ҳаракатга келтирувчи кучлар, факторлар эмас, балки фақат дастлабки шарт-шароитлардир холос. Мия биологик тарзда ташкил топган аъзо сифатида онгнинг юзага келиши учун дастлабки шартдир, онг эса инсон ижтимоий тузилишининг маҳсулидир. Асаб тизими теварак атрофдаги оламни акс эттириш учун туғма органиқ имкониятга эга. Лекин тегишли қобилият фақат ижтимоий ҳаёт шароитидаги фаолиятда таркиб топади. Қобилият куртакларининг, яъни асаб тизими ва мия баъзи бир туғма анотомик ва физиологик хусусиятларнинг мавжудлиги қобилиятнинг ривожланиши учун табиий шарт-шароитдир. Бу шартшароитлар қобилият ривожланишини таъминлайди. У таълим тарбия таъсирида таркиб топади. Биологик хусусиятлар психик тараққиётни ҳаракатга келтирувчи куч эмас, лекин унинг тараққиётига маълум даражада таъсир кўрсатади. 1) Табиий хусусиятлар психик хусусиятлар тараққиётининг турли йўлларини ва усулларини белгилаб беради. Инсон асаб тизимининг хусусиятлари ўз-ўзича шахснинг хеч қандай психик хусусиятларини белгиламайди. Хеч бир яхши ривожланган бола дадил ёки қўрқоқ, иродали ёки иродасиз, меҳнатсевар ёки дангаса бўлиб туғилмайди. Агар тарбия тўғри ташкил қилинса асаб тизимининг исталган типи асосида характернинг барча ижтимоий қимматли хислатларини ҳосил қилиш мумкин. 2) Табиий хусусиятлар одамнинг бирор соҳада эришган ютуқлари даражасига таъсир қилиши мумкин. Масалан, қобилият куртакларида туғма индивидуал фарқлар бўлади. Шу сабали баъзи одамлар бошқа одамлардан маълум бир фаолиятни эгаллаш имконияти жиҳатдан устун туришлари ва унинг билан бир пайтда фаолият турини эгаллаш имконияти жиҳатдан улардан ожизлик қилишлари мумкин. Демак, одамнинг ижтимоий ташкил топган ва рағбатлантирилган фаолияти унинг психик ривожланишини асосий, воситаси ва шартидир. Фаоллик бола тараққиётининг манбаи эканлиги Боланинг психик тараққиётида биологик ва ижтимоий факторлардан ташқари болани фаоллиги ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Болалар психологияси болага тарбиянинг пасив “объекти” деб қарамайди, балки бола психикасининг тараққиётида боланинг актив фаолиятини тўғри ташкил қилиб, йўлга солиб турса, ундаги мавжуд сифатлар фаолиятининг ҳар хил турларида намоён бўлиб ўсаётганини ҳисобга олиб турсагина тарбия мувоффақиятли бўлади. Бола психикаси ўйин, ўқиш, ўрганиш, меҳнат ва ижтимоий фаолият жараёнида тарққий этади. Ҳар бир фаолият боланинг ҳаётини ўзгариши билан турли ёшда турлича характер касб этади. Агар боғчагача ва боғча ёши давридаги болаларнинг етакчи фаолияти ўйин бўлса, мактаб ёшидаги болалар фаолияти ўқиш, ўрганишдан иборатдир. Ўйин ёки ўқиш, ўрганиш, меҳнат ёки ижтимоий фаолият турлари орасида кескин чегара бўлиши мумкин эмас. Мактаб ёши даврида ўйин ҳам сақланади, у ҳатто катта ёшли кишилар ҳаётида ҳам у муҳим аҳамият касб этади. Меҳнат фаолиятига эса биз болаларни жуда ёшлигидан жалб қиламиз. Лекин ҳар бир фаолият тури ҳам ўз мазмуни билан боланинг ҳам жисмоний, ҳам психологик томондан ривожланиши имконини беради. Бола психикасининг тараққий этишда ўйиннинг роли беқиёсдир. Биз боланинг психик тараққиётини ўйинсиз тасаввур қилишимиз қийин. Чунки, ўйин орқали бола фақат жисмоний томондан эмас, балки психологик томондан ҳам ривожланади. Ўйин орқали бола оламни, ундаги нарса ҳодисаларни, уларга хос хусусиятларни ўрганибгина қолмай, балки нутқ сўзлашга, мустақил фикрлашга хаёл қилишга, ижод қилишга, муомала маданиятига ўрганади. Рус педагоги А.С. Макаренко “Бола ўйинда қандай бўлса, ўсиб улғайгач ишда ҳам кўпинча, кўп жихатдан шундай бўлади” –деб тўғри айтган эди. А.М. Горький “Ўйин болалар яшаётган ва ўзгартириши иш лозим бўлган дунёни билиш йўлидир”-деб бежиз айтмаган. Ҳақиқатдан ҳам ўйин ҳар бир ёш босқичда боланинг теварак атрофдаги ҳаётни ва кишилар ўртасидаги турли муносабатларни ҳар томонлама билиб олишга қаратилган фаолиятидир. Боланинг ўйин фаолияти мазмун жиҳатдан ҳар кунги вазиятга қараб ўзгариб туради. Ўйин доимо ўзгариб турганлиги туфайли бола ўйнаб чарчамайди, зерикмайди. Боланинг атроф муҳитга кишиларга, нарсаларга ва ўзига бўлган турли муносабатлари мазмун ҳамда шакл жиҳатдан ҳар доим ўзгариб турадиган ўйин жараёнида намоён бўлади. Болаларнинг турли эҳтиёжлари, истак ва қизиқишлари, қобилиятлари ҳамда бир қанча шахсий фазилатлари ўйин жараёнида бевосита ривожланади. Ўйин жараёнидаги болалар фаол фаолиятининг психик тараққиёт учун аҳамияти шундаки, болаларнинг турли сифат ва фазилатлари ўйин жараёнида фақат намоён бўлибгина қолмасдан, бунда сифат ва фазилатлар мустаҳкамланади, ўзлаштирилади. Шунинг учун психология нуқтаи назардан оқилона яъни тўғри ташкил қилинган ўйин бола шахсини ҳар томонлама ўстиради ва шунинг билан бирга боланинг бутун психик жараёнларида – сезиш, идрок, диққат, хотира, тафаккур, хаёл ва иродани илдам ривожланишига ёрдам беради. Ўйин ўз моҳияти жиҳатидан катта кишиларнинг ҳатти –ҳаракатлари ва хулқ-атворларига фаол тақлид қилишдан иборат бўлиши туфайли болаларда маънавий сифатларнинг мустаҳкамланиши учун ва одоб – ахлоқ қоидаларини билиб олишлари учун кенг имкониятлар беради. Бола ўйин жараёнида табиблик ёки муаллимлик ролини бажараётган бўлса, шу касбга тегишли барча сифатларни намоён қилишга интилади. Улар ўйинга жуда берилиб кетсалар, бажараётган ролларига хос сифатлар шунчалик самимий, ижодий тарзда намоён бўлади. Болалар учун ўйин мазмунининг ҳеч бир чегараси йўқ. Болалар катталар ҳаётини ҳамма томонларини ўз ўйинларида акс эттира оладилар. Ўйиннинг аҳамияти бола шахсининг ўсиб камолотга етишига таъсир кўрсатишдин иборатдир. Ўйин ҳар бир ёш босқичда боланинг теварак атрофдаги дунёни ва кишилар ўртасидаги муносабатларни билиб олишни ифодалайди. Боланинг моддий дунёга, кишиларга ўз-ўзига муносабати ўзгараётган ўйинда намоён бўлади. Болаларнинг эҳтиёжлари, истак, қизиқиш (хавас) лари бевосита ўйинда ифодаланади. Ўйин болаларнинг хаёлпарастлиги туфайди нарсалар ва кишилар дунёсини улар учун маъқул томонга “ўзгартириш” имкониятини берадиган фаолиятдир. Боғча ёши даврида бола ўйин фаолияти билан бирга таълимий машғулотларда ҳам иштирок этадилар. Мактабгача тарбия ёши давридаги таълимий машғулотнинг асосий мазмуни болани атроф ҳаётдаги нарса ва ҳодисаларнинг асосий хусусиятлари билан таништириш, оғзаки нутқни луғат бойлиги, товушларни тўғри талаффуз қилиш, грамматик томондан тўғри сўзлашликка ўргатиш, боғланишли нутқни шакллантиришдан иборат, элементар мавҳум тушунчаларга эга бўлиш, жисмоний тарбия, тасвирий санъат қирқиб ёпиштириш, расм, лой ёки пластилиндан турли буюмлар ясаш, қурилиши материаллар билан ишлаш, музика ва бошқа мазмундаги машғулотлар болани ақлий жиҳатдан мактаб таълимини эгаллашга тайёрлаш имконини беради. Кейинчалик боланинг ҳаётига алоҳида фаолият тури кириб келади. Бу фаолиятни шундай турики унинг бевосита мақсади янги-янги информациялар, ҳаракатлар ва иш-ҳаракатлари шаклларини ўзгартиришдан иборатдир. Субъектнинг ўз мақсади ўрганишдан иборат бўлган мана шундай махсус фаолият таълим жараёнидир. Таълим мактабда етакчи фаолият бўлиб у қуйидаги таркибий қисмларни ўз ичига олади: а) маълум бир фаолият турини мувафаққият билан ташкил қилиш учун оламнинг зарур хусусиятлари ҳақидаги маълумотларни ўзлаштириш (бу жараённинг маҳсулоти билимдир); б) мана шу фаолият турларини юзага келтирадиган усул турли ҳаракатларни ўзлаштириши (бу жараённинг маҳсулоти кўникмадир); в) кўзланган мақсад ва берилган масала шартига мос равишда тўғри йўл ва ҳаракатни танлаш ҳамда назорат қилиш учун кўрсатилган маълумотлардан фойдаланиш усулларини эгаллаш (бу жараённинг маҳсулоти малакадир). Инсоннинг билим, кўникма ва малакаларни ўзлаштиришда онгли мақсад билан бошқариладиган барча характерлар таълим билан боғлиқ бўлади. Болаларнинг қизиқиш ва қобилиятлари ўқиш-ўрганиш жараёнида намоён бўлади ва мустаҳкамланади. Билиш, ирода ва ҳиссиёт жараёнлари таълим жараёнида юзага чиқади ва тараққий этади . Болалар ақлий жиҳатдан анча ривожланибгина қолмай, ўқувчиларнинг характер хислатлари ҳам ўзгаради, ахлоқий жихатдан шаклланади. Таълим-таърбия жараёнида психиканинг қанчалик тез ва самарали тараққий этиши ўқитувчиларнинг диққат –эътиборига ва ўйлаб иш тутишига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Бола шахсининг таркиб топишига ўйин ва ўқиш – ўрганиш ҳар қанча таъсир этмасин, бола шахси меҳнатда такомиллашади. Меҳнат маълум ижтимоий фойдали моддий ёки маънавий ишлаб чиқаришга қаратилган фаолиятдир. Меҳнат фаолияти инсоннинг асосий фаолиятидир. Агар катта кишилар меҳнат қилишдан тўхтаб қоладиган бўлса, инсоният зоти ўз ҳаётини тугатган бўлар эди. Меҳнат одам психикасининг таркиб топиши фактори сифатида болалар ҳаётида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ёш бола ҳам том маъносида меҳнат қилмайди. Унинг меҳнат жараёни аввало ўйин кейинчалик ўқиш-ўрганиш жараёни билан боғлиқ холда ривожланади. Агар ёш болага “ана уни менга олиб келиб бер” – десангиз уни сизга қийналиб олиб келади. Бола бунда ҳаракат қилади ва уни ўйнаб бажариши мумкин, лекин у ўз ҳаракатида меҳнат элементларини бажаради. Меҳнат ижобий, онгли муносабатни тарбиялаши лозим. Чунки бола меҳнат қилиб, аввало қийинчиликларга бардош беришга, ўз-ўзини бошқаришга, сабр тоқатли бўлишга ўрганади. Кейинчалик кишиларнинг меҳнатини қадрлашга, уни моҳиятини англашга, ундан завқланишга, жиддий меҳнатга мухаббат билан қарашига, меҳнатсиз бахтли бўлиш мумкин эмаслигини англашга ўрганади. Ҳаммадан ҳам муҳими у меҳнат қилиб, ундан завқланади ва меҳнатни қадрига етадиган бўлиб қолади. К.Д. Ушинский (1860 йилда) “Меҳнатнинг психологик ва тарбиявий аҳамияти” деган мақоласида бундай деб ёзган эди, меҳнатнинг моддий самаралари одамзод мулкидир; лекин меҳнатнинг ички, маънавий, ҳаётбахш кучи одамзод қадр-қимматининг манбаи бўлиб хизмат қилади, шу билан бирга одоб-ахлоқ ва бахт-саодат манбаи бўлиб ҳам хизмат қилади. Ишлаётган киши учун қилинадиган шахсий меҳнатгина ана шундай ҳаётбахш таъсир кўрсатади. Меҳнатнинг моддий самараларини тортиб олиш, мерос қолдириш, сотиб олиш мумкин, лекин меҳнатнинг ички, маънавий, ҳаётбахш кучини тортиб олиш ҳам, мерос қолдириш ҳам, Калифорниянинг жами тилласини бериб сотиб олиш ҳам мумкин эмас; бу куч меҳнат қилган кишида қолади.” Дарҳақиқат, бундай завқ фақат меҳнат қилган кишида қолар экан, у шу кишининг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади. Биз ёшарни ёшлигидан бошлаб меҳнатга муҳаббатини уйғотишимиз ва уларни мумкин қадар меҳнатга эртароқ жалб қилишамиз, ахлоқий ва иродавий сифатларни шаклланириб беришимиз, комил инсонни тарбиялашимиз ҳозирги замон талабидир. Мактабгача тарбия ёшидаги болалар меҳнат тарбияси билан бирга ижтимоий ишларда қатнашиши ҳам муҳимдир, чунки у ҳам бола учун меҳнатдир. Боғчада турли-туман ишларга қатнашиши, жумладан, гуруҳларда навбатчилик қилиш, гулларни суғориш, пластилин ва лойдан буюмлар ясашда, қирқиб ёпиштириш, қурилиш материаллари билан ишлаш машғулотларида тарбиячига ёрдам бериш, меҳнат анжомларини, ўйинчоқларни жой-жойига қўйиш кабилар ҳам болани масъулиятни ҳис қилишга, ўз бурчини англашга, уни садоқат билан бажаришга ўргатиб боради. Болалар психологияси тараққиёт факторларини таълим-тарбия жараёнида ҳисобга олиш билан бирга, қайси фактор қайси фаолиятда фаоллик даражасида эканлигидан қатъий назар тарбияда уларнинг аҳамиятига, қудратига асосланади. Шунингдек болалар психологияси тарбия боланинг ички томондан фаоллигини ҳисобга олишга асослансагина, тарбиявий таъсир натижалари қандай бўлишини психик хусусиятларига ва фаол фаолиятига қараб айтиб бергандагина тарбия тараққиётининг қудрати ва ҳал қилувчи фактори бўлади деб ҳисоблайди. Болаликни даврларга ажратиш муаммолари Болаликни ёш даврларга ажратиш, уни табақалаш болалар психологиясида жуда қадимий муаммолардан биридир. Боланинг ақлидроки, феъл-атвори, воқеликка муносабати, жисмоний ва психик ўсиши, ривожланиш хусусиятлари унинг тараққийси билан ўзгариб туради. Бу ўзгариш унинг фаолияти ва ҳаёт кечиришидагина эмас, балки ёшига ҳам боғлиқдир. Масалан: Ҳозир туғилган бола билан ундан бир хафта илгари туғилган бола орасида ҳам фарқ бор. Янги туғилган бола гавдасининг сондан бўйингача бўлган қисми узун, оёқлари калта, боши нисбатан катта, бўйни қисқа, бош суяги эса ҳали қотмаган бўлади. У шартсиз рефлекслар билан дунёга келади ва вақт ўтган сари у ҳам жисмоний, ҳам психологик томондан шаклланиб боради. Бундай ўзгаришлар турли ой ва турли ёшларда яққол кўзга ташланади. Ўсиб улғайиш боланинг жисмоний тараққиёти билан бўлса, сифат ўзгаришлари боланинг психик тарққиёти билан боғлиқдир. Болада юз берадиган сифат ўзгаришлари бирданига содир бўлмайди, аста –секин юзага келади. Болаларни турли ёш даврларга ажратишда уларнинг ҳаётида юз берадиган сифат ўзгаришлари, яъни уни психик тараққиёти жиҳатидан янги босқичга кўтаришлари асос қилиб олинади. Болаларни турли ёш даврларга ажратишда турлича фикрлар жуда қадим замонлардан бери фанга маълумдир. Кўпчилик олимлар болаларни турли ёш даврларга ажратишда фақатгина жисмоний ўсишни асос қилиб, уни: 1) чақалоқлик даври, 2) балоғатга эришиш даври, 3) балоғатга эришгандан кейинги давр деб табақаланган бўлсалар, баъзи бирлари эса: 1) эмиш даври 2) эмаклаш даври, 3) икки оёлаб юриш даври деб даврларга ажратишган яна баъзи олимлар масалан П.П. Блонский 1) тишсиз болалик даври 2) сут тиш даври 3) доимий тиш даври 4) доимий тишни тушиш даври (қарилик) деб ажратганлар. Бундай болаликни даврларга ажратишда фақат уларни физиологик ва биологик белгиларигагина суяниб, писихик хусусиятлар ҳисобга олинмаган. Шарқ мутафаккири Абу Али ибн Сино ҳам болаликни қуйидаги даврларга ажратган: 1) подшолик даври 5 ёшгача 2) қуллик даври (6-12 ёшгача) 3) Ўртоқлик дўстлик даври деб боланинг кейинги тараққиёти даврини назарда тутган. Подшолик даврида боланинг ёшлиги уни айтганини катталар томонидан бажарилишини, бола ўзини “ширин” қилиқлари, гаплари билан катталарни ўзига ром қилишни эътиборга олади. 6-12 ёшгача бўлган даврни қуллик даври деб бежиз айтмаган, албатта Чунки бу даврда болани хулқ атворга ўргатиш, кишилар билан ўзаро муносабатларда қоида –қонунларга бўйсуниш, меҳнатга ўргатиш, унга нисбатна ижобий муносабатни шакллантириш, билим олиш ўқиш, ўрганиш, меҳнат қилишда қийинчиликларга бардош бериш, миллий анъаналаримизга садоқатли бўлиш, катталарни, меҳнатини қадрлаш кабиларга муҳаббат руҳида тарбиялашда болага нисбатан эътибор қаратган.  Дўстлик даври эса болага дўстларга муносабатда бўлиш уларни хурмат қилиш, қилган ишларини қадрлаш, муносбаталарда самимий бўлиш лозимлигини назарда тутади. Чет эл психологлари ҳам болаликни даврларга ажратиш масаласига катта эътибор берилган. Жумладан Швейцариялик психолог Ж. Пиаже боланинг ақл идрокига хос бўлган хусусиятларига қараб : 1) сенсомотор интеллекти (0-2 ёшгача); операциялардан илгари тафаккур даври (2-7 ёшгача) 3) аниқ операциялар даври (7,8-11,12 ёшгача); 4) расмий операциялар даври деб ажратади. Француз олми, психолог А.Валон боланинг жисмоний ривожланишга қараб (хомиланинг она қорнидаги даври, импульсив ҳаракат даври- 0-6 ойгача, хис-туйғу даври -6 ойдан-1 ёшгача сенсомотор даври -1-3 ёшгача; шахсга айланиш даври -3-5 – ёшгача; фарқлаш даври -6-11 ёшгача; жинсий етилиш ва ўспиринлик даври (12-18 ёшгача) деб ажратган. Шунингдек чет эл психологиясида болани психик ривожланиши томонидан даврларга ажратиш тўғрисида кўпгина материаллар тўплаган. Бу материаллар асосида болаликни 2 кескин даврга ажратилган. 1) гўдаклик давридан мактабгача тарбия даврига ўтишдаги инқироз даври (3 ёшлик инқироз даври деб аталади); 2) кичик мактаб давридан ўсмирлик даврига ўтиши (балоғатга етиш инқирози давридир) Бу икки давр ўртасида жуда катта фарқ ва ўхшашликлар мавжуд. Жумладан хар иккала давр ҳам ўзининг мустақиллиги ва катталар билан ўзаро муносабати жиҳатидан фарқланади. Рус психологлари П.П. Блонский ва Л.С. Виготскийлар болаликни даврларга ажратишда боланинг яшаш шароитини ўзгариши, таълимтарбия мазмуни ва усулларини ўзгаришини ҳам тараққиётга таъсир этишини алоҳида эътиборга олиш лозимлигини кўрсатадилар. Улар ҳар бир ёш давр психик ривожланишда алоҳида сифат ўзгаришларига, бола шахсининг тузилишида турли хусусиятларнинг шаклланиши билан фарқланишига асосланадилар. Шунингдек Л.С. Виготский ақлий тарақиётни икки босқичини: актуал ўсиш босқичи ва энг яқин ўсиш босқичини ажратади. У ёш даврларга ажратишнинг илмий манбаи ривожланишни вужудга келтирувчи рухий янгиланишларга таяниб деб болаликни қуйидаги босқичларга ажратади. 1. Чақалоқлик даври -2 ойгача бўлган давр инқирози. 2. Гўдаклик даври -2 ойликдан 1 ёшгача бўлган инқироз даври. 3. Илк болалик даври 1-3 ёшгача бўлган инқироз даври. 4. Мактабгача давр -33 ёшдан 7 ёшгача инқироз бўлган давр. 5. Мактаб ёши даври -8-12 ёшгача инқироз бўлган давр. 6. Пубертат (жинсий етилиш) даври -14-18 ёшгача бўлган инқироз даври. Кейинчалик, рус психологи Д.Б.Эльконин болаликни психик тараққиёт ва бола фаолияти характерига қараб 3 асосий гуруҳга ажратади. I гуруҳ: 1) бевосита ҳиссий алоқада бўлиш (0-1 ёшгача); 2) предметларни қўл билан ҳаракатга келтириш даври (1-3 ёшгача II гуруҳ: 1) ролли ўйинла фаолияти даври (7-10 ёшгача); 2) ўқиш фаолияти даври (7-10 ёшгача ) ; III гуруҳ: 1) ўзаро самимий , муносабатда бўлиш даври (10-15 ёшгача); 2) ўқув профессионал фаолият даври, касб танлаш даври (17 ёшгача) Д.Б. Элькониннинг ёш даврларни табақалаш ҳақидаги таълимоти болалар психологиясида муҳим ўрин эгаллайди. Болалар психологияси фанининг яна бир намоёндаси А.А. Люблинская ижодида ҳам ёш даврларни табақалаш малакасига катта ўрин берилган. Олима бола камолотини унинг фаолиятига қараб даврларга ажратади. 1. Чақалоқлик давр (0-1 ёшгача). 2. Кичик мактабгача даври –(1 ойдан -1 ёшгача). 3. Мактабгача тарбиядан аввалги даври 1 ёшдан 3 ёшгача. 4. Мактабгача тарбия даври (3-7 ёшгача). 5. Кичик мактаб ёши даври (7-11-12 ёшгача). 6. Ўрта мактаб ёши даври (13-15 ёшгача). 7. Катта мактаб ёши даври (15-18 ёшгача ). Педагогик психология фанининг намоёндаси В.А. Крутецкий ҳам бола камолотини қуйидагича таъкидлайди: 1. Чақолоқлик (0-10 кунгача). 2. Гўдаклик (10-кундан -1 ёшгача). 3. ИЛК болалик (1-3 ёшгача). 4. Боғчагача давр (3-5 ёшгача). 5. Боғча ёши (5-7 ёшгача). 6. Кичик мактаб ёши (7-11 ёшгача). 7. Ўсмирлик (11-15 ёшгача ). 8. Илк ўспиринлик ёки катта мактаб ёши (15-18 ёшгача). Ҳозирги замон психологиясининг кўзга кўринган йирик психологи А.В. Петровский турли ёш даврларнинг ўзига хос психологик хусусиятларини ҳисобга олиб, ёшликни қуйидаги даврларга ажратади. 1. Илк болалик (0-3 ёшгача). 2. Боҳча даври (3-7 ёшгача). 3. кичик мактаб ёши даври (7-11 ёшгача). 4. Ўрта мактаб ёши ўсмирлик даври (11-15 ёшгача). 5. Юқори синф ўқувчиси (илк ўспиринлик ) даври (15 ёшдан 17 ёшгача). А.Б. Петровский даврларга ажратишда ҳар бир ёш давр орасида босқичлар ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб ифодаламаган. Юқорида келтирилган кўпчилик олимларнинг бола камолатини даврларга ажратиш муаммолари ўзларига хослиги билан ажралиб туради. Биз уларни ҳам физиологик ва ҳам психологик тараққиёти, фаолият турларининг ўзгариб туриши ва организмдаги содир бўладиган хусуссиятларни ҳисобга олиб болаликни қуйидаги даврларга ажратишни тавсия этамиз. 1. Чақалоқлик даври (0-1 ойгача ); 2. Гўдаклик даври (1 ойдан -1 ёшгача); 3. Илк болалик даври (1-3 ёшгача ); 4. Боғча ёши даври (3-7 ёшгача ); 5. Кичик мактаб ёши даври (7-11 ёшгача ); 6. Ўрта мактаб ёши ёки ўсмирлик даври (12-15 ёшгача ); 7. Илк ўсмирлик (коллеж, лицей ) даври (15-18 ёшгача ); Албатта бу даврларни бир-биридан қатъиян бир ёш билан чегаралаб қўйиш мумкин эмас. Бола ўзининг ўсишда шу даврларни эртароқ ёки кечроқ кечиради, аммо бу даврлар бир-бирига табиий боғланиб боради ва олдингиси кейингисига замин ҳозирлайди. Ҳар бир даврда боланинг айрим руҳий томонларигина эмас, балки унинг умумий сиймоси, афти ангори ҳам бошқача кўрина бошлайди ва уларнинг ёш белгиларига қараб таълим тарбия муассасаларига қабул қилинади. Боланинг ёш белгиси унинг тараққиёти даражасини кўрсата олмайди. Чунки 2 та бир ёшдан бола белгиси жиҳатидан бир хил бўлса ҳам, тараққиёт даражаси ҳар хил бўлиши мумкин. Шунга биноан биз бола шахсининг индивидуал хусусияти ва ёшлик хусусияти деб уларни бир-биридан фарқ қиламиз. Ҳар бир ота-она, тарбиячи ва ўқитувчилар бола шахсининг хусусиятларини билиши ва унинг кўнглига йўл топа олиши лозим. Адабиётлар: 1. Сайидаҳмедов Н. Педагогик маҳорат ва педагогик технология. – Т.: ОПИ, 2003. 2. Султонова Г.А. Педагогик маҳорат. – Т.: Низомий номидаги ТДПУ, 2005. 3. Маркова А.К. Психология профессионализма. – М.: Знание, 1996. 4. Муслимов Н.А. Бўлажак касб таълими педагогларини касбий шакллантириш / Монография. – Т.: Фан, 2004. 5. Муслимов Н.А., ва бошқалар. Касб таълими педагог-ларининг касбий компетентлигини шакллантириш технологияси/ Монография. – Т.: “Фан ва технология” нашриѐти, 2013. 6. Муслимов Н.А., Усмонбоева М.Ҳ., Сайфуров Д.М., Тўраев А.Б. Педагогик компетентлик ва креативлик асослари – Тошкент, 2015. 7. М.М. Ахмеджанов, Б.Қ.Хўжаев, З.Д. Ҳасанова. Педагогик маҳорат- Бухоро Давлат университети, 2014