logo

Нутқ маданияти ва адабий тил меъёри. Меъёр тушунчаси. Адабий тил меъёри таснифи

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

52.5 KB
Нутқ маданияти ва адабий тил меъёри. Меъёр тушунчаси. Адабий тил меъёри таснифи Режа: 1. Меъёр ҳақида тушунча. Адабий меъёрнинг тил қурилиш унсурлари. 2. Умумий ва хусусий меъёр ҳақида. 3. Адабий тил меъёрларининг тавсифи. 4. Хулоса. Тил меъёрининг илмий нуқтаи - назардан ўрганиш, ўзбек тили нутқ маданияти муаммоларини назарий жиҳатдаи асослашнинг муҳим шартларидан биридир. Чунки «тил меъёри -нутқ маданияти назариясининг марказий тушунчасидир». Адабий тилнинг ривожланинг қонуниятларини, адабий тил меъёрларининг умумий ҳолатани, ундаги турғун ва нотурғун ҳодисаларни чуқурроқ текширмай туриб, адабий тилнинг нутқ маданияти ҳақида гапириш, адабий - меъёрий тавсифлар бериш мумкин эмас. Нутқ маданиятига бағишланган ишларда кўпинча нутқимизда учрайдиган камчиликлар ҳақида гап боради. Лисоний бирликларни худди шу шаклда қўллаш камчилик эканлигини нимага асосланиб айтамиз? Тилшуносликда мана шундай қўлланишнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини кўрсатувчи маълум ўлчов бўлиши керак. Бу ўлчов адабий тил меъёри ҳисобланади. Ҳар қандай тил бирлигининг тўғри ёки нотўғри эканлигини шу меъёр нуқтаи - назардан тутиб аниқлаймиз. С.И.Ожиговнинг фикрича, «меъёр - бу ижтимоий жараёнда бирга мавжуд бўлган, бор бўлган, янги пайдо бўлган ёки ўтмишнинг кам ишлатиладиган тил унсурларини танлашнинг натижаси сифатида шаклланган, жамиятга хизмат қиладиган фойдали тил воситалари йиғиндисидир, кенг маънода бу унсурларни баҳолашдир». Б.Н.Головин: «Меъёр - бу тил бирликларни ўзаро яхши тушунинг зарурати туфайли ундан фойдаланиладиган халқ томонидан яратилган, тил қурилишининг амалда булгаи хусусиятидир. Айнан манна шу зарурият тил системасининг ягоналигига эришиш йўлида одамларга бирон вариантни маъқул кўриш, бошқасидан воз кечиш истагини туғдиради». Демак, меъёр деганда тил унсурларининг халқ ўртасида кўпчиликка маъқул бўлган вариантини қўллаш тушунилади. Меъёр тушунчаси тил тараққиёти билан боғлиқ бўлиб, тилда турғунлик касб этади ва ўзок муддат яшайди. Лекин бу меъёр ўзгармас ҳодиса деган хулосага олиб келмайди. Давр ўзгариши билан одамларнинг билиши, дунёқараши, ҳаётга бўлган талаби ўзгариши билан меъёр ҳам ўзгариб боради. Демак, меъёр давр характерига эгадир. Масалан, мустақиллик эълон қилингунча, совет, комсомол, коммунизм деган сўзлар адабий тал учун меъёр ҳисобланган. Бугунги адабий тил учун эса бу сўзлар меъёр ҳисобланмайди. Меъёр тилнинг тараққиёт қонунлари билан, жамият тараққиёт қонунлари билан боғлиқ. Кўпчилик тилшунослар меъёрни фақат адабий тилга нисбат бериб тушунадилар. Бу эса меъёрни тор маънода тушунишга олиб келади. Рус тилшуноси В.А.Ицкович фикрича, меъёр ҳодисаси тилнинг барча яшаш шакллари учун хосдир. Умумтил бойлиги доирасида қараладиган диалектизмлар, шева унсурлари, жаргон ва арголар, касб - хунарга оид кўпгина сўзлар ўзбек халқининг ҳаммасига тушунарли бўлмаса ҳам, ўша шева ва лаҳжаларда, сўзлашувдаги кишилар ёки маълум ижтимоий гуруҳ учун тушунарлидир. Масалан, дўппи: Самарқандда қалпоқ, Хоразмда такя, Бухорода каллапўш, Фарғона ва Тошкентда дўппи дейиш шу лаҳжалар учун меъёр ҳисобланади. Шунинг учун ҳам баъзи тилшунослар меъёрни иккига бўлиб ўрганишни тавсия қиладилар. 1. Умумий меъёр 2. Хусусий меъёр Умумий меъёр кардош тилларга нисбатан белгиланади. Ўзбеклар нутқининг қардош тиллардан ажратиб турувчи меъёрлар, ўзбек тилининг умумий меъёридир. Бу меъёрга жуда қаттиқ амал қилинади. Уни бузиш тил берган имкониятлардан четга чиқиш бўлади. Умумий меъёр бир тилнинг бошқа тиллардан ажратувчи меъёрлар билан бирга тилнинг ички меъёрларини ҳам ўз ичига олади. Умумий меъёр хусусий меъёрдан таркиб топади. Хусусий меъёр муайян нутқ шаклларида амал қиладиган меъёрлар бўлиб, у умумий меъёрнинг нутқий кўринишларидир. Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда, шуни айтиш мумкинки, ўзбек тилининг қуйидаги хусусий меъёрлари ҳақида гапириш мумкин: 1. Ўзбек адабий тили меъёри; 2. Ўзбек лаҳжа ва шевалар меъёри; (диалектал меъёр) 3. Ўзбек сўзлашув нутқи меъёри; 4. Ўзбек тилининг ижтимоий тармоқлари, яъни «ижтимоий диалектлар», «ижтимоий арголар» меъёри. Булардан бизни адабий тил меъёри қизиқтиради. Ана шу меъёр туфайли тил юқорида таъкидлаганимиздек, умумхалқ тилининг яшаш шаклларидан фарқ қилади. Тил элементларининг меъёрий ҳолатга келтиришга интилиш адабий тилга хос хусусиятдир, бу жараён мунтазам давом этади. Адабий меъёр ўз холича шаклланади. Унинг шаклланиши ва тараққиётига тилнинг таркибига кирувчи лаҳжа, шевалар турлича ҳисса кўшадилар. Халқнинг маданияти юксалиб борган сари меъёрни ташкил этувчи тил воситалари қўллаш жиҳатдан барқарорлашиб, мустаҳкамланиб боради. Демак, меъёр маълум бир тил жамоасида мустаҳкам қўлланиб келаётган лисоний ҳодисалар йиғиндисидир. Меъёр тил қурилиш унсурларнинг ҳаммасига тегишлидир. Шунга кўра ўзбек адабий тилининг аниқ меъёрлари қуйидагича белгиланади: 1. Фонетик меъёрлар; 2. Талаффуз меъёрлари; 3. Сўз ясаш меъёрлари; 4. Морфологик меъёр; 5. Синтактик меъёр; 6. Услубий меъёр; 7. Луғавий меъёр; 8. Пунктуацион меъёр. Фонетик меъёр. Ҳозирги адабий тил учун 6 та унли ва 25 та ундош товушни қўлланиши меъёр ҳисобланади. Бу товушлар йиғиндиси ўзбек тилида сўзлашувчиларнинг талаффуз ва ёзишдаги эҳтиёжларини қондириб келаётган бўлса ҳам, у айрим камчиликларга эгадир. Ўзбек адабий тил меъёрининг такомиллашувига тўсқинлик қилаётган бу камчиликлар нутқ маданиятига бағишлаб ўтказилган республика конференциясида ўзбек алифбосини туркий халқлар алифбосига яқинлаштириш масаласи кўтарилди, а ни э билан, у ни о билан, о ни а билан алмаштириш тавсия қилинди. Иккинчидан, эътибор талаффуз ва ёзишдаги номувофиқликларга каратилди. Масалан: журнал сўзидаги ж ни жўжа сўзидаги ж дан фарқлаш керақлиги айтилиб, алифбода ж ва ж ҳарфлари бўлиши, алифбога нг ўрнига н ҳарфи, х ва ҳ нинг яқинлиги ҳисобга олиниб, х ўрнига ҳ ни қабул қилиш лозим деган фикрлар баён қилинди. Алифбодаги бу камчиликлар ўқиш ўқитиш жараёнига ҳам, нутқ маданияти тараққиётига ҳам салбий таъсир кўрсатаётганга ўхшайди. (Албатта, бу борадаги камчиликлар янги ўзбек алифбосида маълум даражада тузатилди). Лотин ёзувидаги янги ўзбек алифбосининг жорий қилиниши алифбо билан боғлиқ бир қатор муаммоларни ҳал бўлишига ёрдам беради. Лекин бу тўла ҳал бўлди дегани эмас. Талаффуз меъёри. Адабий тилнинг оғзаки ва ёзма шакли бўлгани каби, нутқда ҳам имловий ҳамда талаффуз меъёрлари мавжуд. Адабий талаффуз меъёри тил бирликларининг оғзаки нутқ жараёнида адабий тил меъёрига мувофиқ келишидир. Ёзув туфайли ўзбек тилининг имловий меъёри анчагина дуруст холга келтирилди, лекин талаффузда ҳар хилликлар давом этиб келмоқда ва бу хол ўзбек тили нутқ маданиятига таъсир кўрсатмоқда. Бунинг сабабларини қуйидагича изоҳлаш мумкин: 1. Адабий тилнинг оғзаки меъёрларини барча бир хилда мукаммал эгаллай олмагани сезилиб туради. Оғзаки адабий тилни эгаллаш ёзма адабий тилдан фойдаланишга кўра сустроқ. 2. Адабий тидда сўзловчилар нутқида маҳаллий шевалар таъсири кучли. Бу айниқса, лаҳжавий талаффуз ва лаҳжавий акцентларда сезилиб туради. 3. Ўзбек адабий талаффузи доирасидаги кўзга ташланувчи хусусиятлардан бири кекса ёки ёш авлод нутқидаги тафовутдир. 4. Адабий тилнинг оғзаки шакли меъёрларининг қатъийлашувида ёзма нутқ, ёзилган матнлар, талаффуз ва имло луғатлари ижобий рол уйнаб келди. Шу билан бирга ёзма нутқ таъсири оғзаки адабий нутқ доирасида баъзи бир нуқсонларни ҳам юзага келтирди. Оғзаки нутқда ёзма нутқ учунгина хос бўлган ибора ва узун жумлалар юзага келади. Бир қатор сўзлар ёзилган шаклида, сунъий талаффуз этиладиган бўлди. Айтилганлардан хулоса шуки, чет тиллардан қабул қилинган ва қилинаётган сўзлар истеъмолда ўзбек тилининг ички ривожланиши, амал қилиш қонун - қоидаларига буйсуниши керак. (Бугунги кунда инглиз ва немис шунингдек бошқа чет тиллардан сўз ўзлаштириш, бозор иқтисоди муносабати билан кенг тус олди. Бундай сўзларга муносабат авжга кирди). Биринчи ўринда, ўзбек тилининг талаффуз меъёрларини назарий жиҳатдан асосланиши, талаффуз ва имлодаги тафовутларнинг қонуниятлари очилиши, чет талаффуз меъёрини бир системага келтириш лозим. Шуни айтиш керакки, ўзбек тилининг талаффуз қонуниятлари умумлаштирилган ҳолда жамоатчиликка етказиш керак. Кейинги йилларда адабий тилнинг оғзаки шакли бир мунча меъёрлашиб, ёзма нутқга яқинлашиб бормоқда. Бу халқимизнинг маданий савияси ўсганлигини кўрсатади. Бу борада олимлар, педагоглар умуман зиёлиларнинг, олий ва ўрта таълимнинг хизматлари каттадир. Ана шу таъсирни янада кучайтиришда радио, телевидение, театр, кино санъатида, матбуот ва бадиий адабиётдан унумли фойдаланиш керак. Имловий меъёр. Имловий меъёр, яъни ёзув меъёри адабий тилнинг маданийлик даражасини бошлаб берувчи асосий мезондир. Имловий меъёр тил вакиллари томонидан келишилган ҳолда юзага келтирилади ва унга амал қилиниши махсус қоидалар орқали йўлга қўйилади. Меъёр сифатида тавсия этилган тил унсурларидан фойдаланинг миллат вакиллари учун мажбурий саналади. Ҳозирги ўзбек адабий тилининг ёзув меъёрлари 1956 -йил 4 апрелда тасдиқланган «Ўзбек орфографиясининг асосий қоидалари» га таянади. Мазкур имло қоидаларида: 1. Унли ва ундошлар имлоси, айириш (ъ) ва юмшатиш (ь) белгилари; 2. Ўзак ва негизлар, қўшимчалар имлоси; 3. Қўшма жуфт ва қисқартма сўзлар имлоси; 4. Бўғин кўчириш имлоси; 5. Бош ҳарфлар имлоси каби бўлимлардан иборат. Бу имло шу пайтга кадар ўзбек халқининг эҳтиёжини кондириб келаётган бўлса ҳам, унинг маънавий жиҳатдан эскирганлигини, айрим камчиликлари борлиги маълум бўлиб қолди. Бу камчиликлар тилшуносликка бағишланган анжуманларда, матбуотда, ўзбек орфографияси ва пунктуациясининг асосий қоидаларига бағишланган мунозараларда қайд этилди. Имло қоидалари лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбоси билан боғлиқ ҳолда янги қабул қилинди. Бу янги имло қоида 1995 -йил 24 августда тасдиқланди. Мазкур имло қоидада 1956 -йил имло қоидаларидаги камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилинди. Имловий меъёрнинг мустаҳкамланишида луғатларнинг роли бениҳоя катта эканлигини қайд этиш зарур. Грамматик меъёр. Тилшуносликнинг назарий жиҳатдан бир мунча мукаммал ишланган, сўз шакллари, қўшимчалар, сўз бирикмалари ва гап тузилиши анча меъёрлаштирилган бўлими грамматикадир. Адабий тил учун турловчи, тусловчи ҳамда сўз ясовчи қўшимчаларнинг энг маъқул вариантлари шевалар билан қиёсланган ҳолда тавсия этилган ва морфологик меъёр сифатида берилган. Лекин нутқда бу меъёрларнинг бузилиш ҳоллари учрайди. Кўпинча қаратқич ва тушум келишиги қўшимчалари фарқланмайди, - ли ва - лик қўшимчаларини қўллашда қориштириш холлари учрайди: хоразмли пахтакорлар, хоразмлик пахтакорлар. Адабий тилнинг сўз ясаш шакллари ҳам шевалардан фарқланади: олайлик — олайли, кетайлик - кетайли. Шевалардаги сўз ясовчи қўшимчалар сони адабий тилга нисбатан кўп. Лекин нутқда адабий тилдан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Яхши, намунавий нутқка қўйиладиган талаб унинг грамматик жиҳатдан тўғри бўлишидир. Бу жиҳатдан оғзаки ва ёзма нутқ ҳамда шеърий нутқ ўзига хос фарқларга эга. Ҳар қандай ҳолатда гап тузиш қоидаларини яхши билиш ва улардан тўғри фойдалана билиш зарур. Аммо нутқда ҳар доим ҳам сўзловчи ана шу синтактик меъёрларга амал қилмаяпти: Нима етишмасди? Етишмасди фақат Манга баҳор олиб келувчи бизлар (Мирмуҳсин) Инверсиянинг ҳаддан ташқари қўлланиши ҳам синтактик меъёрнинг бузилишига олиб келади. Луғавий меъёр. Адабий тилда миллий тилнинг яшаш ва амал қилиш қонуниятларидан келиб чиқиб сўз танлаш имкониятлари унинг лексик меъёрини белгилайди. Адабий тил халқ тилида мавжуд бўлган сўз вариантларидан энг маъқулини яъни ҳамма учун тушунарли бўлган кўринишларини танлаб олиб, меъёр сифатида такдим этади. Қолган вариантлар эса шева ва лаҳжаларда ижтимоий гуруҳлар тилида яшайверади. Ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, янгиликлар энг аввало лексикада ўз ифодасини топади. Шу туфайли ҳам лексиканинг бойиб бориши ҳам тилдаги бошқа унсурларга караганда бир мунча фаолдир. Семантик - услубий меъёр. Сўз бир ёки бир нечта маънода бўлиши мумкин. Сўз маъноларининг қайси бири ҳозирги ўзбек адабий тили учун меъёр эканлигини белгилаш Семантик меъёр ҳисобланади. Сўзларнинг маъноси тилнинг изоҳли, икки тилли ва атама луғатларда ўз ифодасини топади. Адабий тилнинг услубий меъёри тил бирликларининг нутқда вазият кўзда тутилган мақсаддан келиб чиқиб энг маъқулини қўллаш заруриятидан пайдо бўлади. Шу маънода услубият деганда, сўз қўллаш маҳорати ҳам тушунилади. Тилнинг услубий меъёрини белгилашда тил бирлиги қўлланилаётган контекстга қараб ҳукм чикариш энг тўғри йўлдир. Чунки ҳар бир бирлик нутқ жараёнида ўзининг у ёки бу стилистик имкониятини намойиш этади. Тилда эса бундай имконият чексиздир. Хуллас, меъёр тилнинг ижтимоий вазифа бажаришининг асосий шарти бўлиб, унга амал қилиш, шу тилда сўзловчилар ва ёзувчилар учун мажбурдир. Ўзбек тилининг қанчалик меъёрга келтирилганлигини ва унга қанчалик амал қилиниши умуммиллий ўзбек маданиятининг тараққиёт даражасини белгиловчи омиллардан биридир. Фойдаланилган адабиётлар руйхати: 1. Ахмедов А. Нотиклик санъати Т., “Узбекистон”, 1967 й. 2. Бегматов С. Нутк маданияти масалалари Т., “Укитувчи”, 1980 й. 3. Бегматов Э. Нутк маданияти ва адабий норма Т., “Узбекистон”, 1973 й. 4. Бегматов Э., Бобоева А., Асомиддинова М., Умуркулов Б. Узбек нутки маданияти очерклари Т., “Укитувчи”, 1988 й. 5. Бегматов Э., Бобоева А., Асомиддинова М. Адабий норма ва нутк маданияти Т., “Фан”, 1983 й. 6. Бегматов Э. Нотикнинг нодир бойлиги Т., “Узбекистон”, 1980 й. 7. Бегматов Э. Нутк маданияти тушунчаси хакида, “Узбек тили ва адабиёти” журнали, 1975 й., 5-сон 8. Дониёров Х., Йулдошев Б. Адабий тил ва бадиий стиль Т., “Фан”, 1988 й. 9. Жалилов Х. Нотиклик санъати Т., “Узбекистон”, 1976 й.