logo

Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги йилларда Ўзбекистонда халқ маорифи ва педагогика

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

85 KB
Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги йилларда Ўзбекистонда халқ маорифи ва педагогика Тарихдан маълумки, собиқ Совет давлати, халқи ўз бошидан кечирган оғир даврлардан бири иккинчи жаҳон уруши йилларидир. Ўша даврда мамлакатимиз ёшларини, хусусан республикамиз ёшларини юқори ахлоқ руҳида, айниқса ватанпарварлик, дўстлик, меҳнатсеварлик, онгли интизом, фидокорлик, бирдамлик руҳида тарбиялаш авж олиб кетди. Бу тарихий шароит тақозоси эди. 1941 йил 22 июнда фашистлар Германияси ҳужум қилмаслик ҳақидаги битимни бузиб, уруш эълон қилмай туриб собиқ Совет Иттифоқига бостириб кирди. Собиқ Совет Иттифоқи ҳамма халқларни Ватанни якдиллик билан мудофаа қилиш учун отлантирди. Шарқда машъал — Ўзбекистон ҳам ҳимояга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Кишилар фабрика ва заводларда, шахта ва темир йўлларда, колхоз, совхоз ва МТС ларда — ҳамма жойда “Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун” деган шиор остида фидо корона ишладилар. Бутун куч, восита ва имкониятлар Ватан мудофаасига, душман устидан ғалаба қилишга сафарбар этилди. Мудофаа фонди тузиш, танклар, самолётлар ҳамда бошқа жанговар техникалар қуриш учун маблағ йиғишда умумхалқ ҳаракатининг авж олиши халқларнинг ватанпарварлигини яна бир бор исбот этди. Мамлакатлар мудофаа фондига пул, қимматбаҳо нарсалар, давлат облигациялари, хуллас кимда нима бўлса, ҳаммасини топширдилар. Урушнинг дастлабки кунларидаёқ биргина Тошкент шаҳрининг ўзида мудофаа фондига 5,5 миллион сўмдан ортиқ пул йиғилди. Ватан учун белгиланган шанбаликлар ватанпарвалик руҳи остида ўтди. Душман вақтинчалик босиб олган ерлардаги анчагина заводлар, фабрикалар, ишлаб чиқариш корхоналари, турли муассасалар Ўзбекистонга кўчирилди. Ўзбекистон уларни жой, ишчи кучи билан таъминлади. Бунинг устига фронтдаги армияни озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш асосан ўзбек халқи зиммасига тушди. Ишчи кучи етишмаганидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини йиғиб-териб олиш анча орқага чўзилиб кетмоқда эди. Собиқ СССР Олий Совет Президиумининг 1942 йил 13 февралда чиқарган “Уруш йилларида меҳнатга қобилиятли бўлган барча кишиларни ишлаб чиқариш соҳасига ва қурилишга жалб қилиш тўғрисида”ги фармони мамлакат ичкарисидаги ишларни бирмунча изга солди. Иккинчи жаҳон уруши даврида мактабларнинг ўқув дастурлари шароитга мослаштирилди. Собиқ СССР Халқ Комиссарлари Совети 1943 йил июль ойида бир қатор йирик шаҳарларда ўғил болалар билан қиз болаларни алоҳида ўқитишни жорий этди. Масалан: Ўзбекистонда алоҳида ўқитиш 1943 йил сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида амалга оширилди. 1 декабрдан бошлаб яна 4 та йирик шаҳарларда — Бухоро, Урганч, Фарғона ва Марғилонда амалга оширилди. Уруш йилларида ҳарбий-физкультура дарслари соати кўпайди. ҳарбий ўқиш 1-синфдан бошлаб ўтила бошланди, ҳарбий таълим фақат ўғил болаларга эмас, қиз болаларга ҳам ўргатила бошланди. Ўқувчилар БГТО, ГТО, ВС нормаларини жуда яхши ўзлаштириб, ҳаво ҳарбий ҳужумига қарши курашиш малакаларини эгалладилар. Юқорида эслатиб ўтганимиздек, урушнинг дастлабки кунларидан бошлаб урушҳ кетаётган жойлардан Ўзбекистонга кўплаб ёш болалар ва катталар эвакуация қилинган эди. 1942 йилда эвакуация қилинганлар сони 716 мингга етди. 1943 йилда Ўзбекистон ҳудудида 154 та болалар уйи бор эди. Болалар уйининг сони 1945 йилга келиб 242 тага, ундаги тарбияланувчилар сони эса 31.500 га етди. Уруш даврида ўқитувчилар сонини кўпайтиришга алоҳида эътибор берилди. Чунки кўпчилик педагоглар фронтга сафарбар қилинганлиги учун Республика бўйича 1940—1941 ўқув йилида 36267 нафар ўқитувчидан 30616 киши қолди. Фронтга кетган ўқитувчилар ўрнини тўлдириш учун қисқа муддатли ўқитувчилар тайёрлаш курслари очилди. 1941 йилдан 1943 йилгача бу курсларни 16 минг ўқитувчи битириб чиқди. Бошқа соҳада ишлаётган ўқитувчилар ҳам мактабга қайтарилди. Маҳаллий мактаблар учун ўқитувчилар тайёрлаш ишига, айниқса, ўзбек хотин-қизларидан кўпроқ жалб этиш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Шаҳарлардаги мактабларда ўқиш уч сменада олиб борилар эди. Бу ҳол эса табиий ҳолатда таълим-тарбия жараёнини қийинлаштиришга олиб келган эди. Дарслар 40 минутга қисқарган. Ашула ва расм дарслари умуман ўтилмаган. Китобларнинг етишмаслиги туфайли ўқитувчилар оғзаки тушунтиришга катта эътибор бердилар. Янги ўтиладиган дарс ўқитувчи томонидан доскага ёзилар, ўқувчилар уни дафтарга кўчириб олишар эди. Шароит тақозоси билан кўпчилик ўқувчилар ҳам мактабда ўқиб, ҳам қишлоқ хўжалик ишларида фаол қатнашдилар. Барча ишлаб чиқариш муассасаларида, завод ва фабрикалар қошида курслар очилиб, ўқувчилар ўқишдан ажралмаган ҳолда меҳнат қилдилар. Ўзбекистон маҳаллий Советлари, собиқ СССР ХКС кўрсатмасига биноан, 1943 йилнинг 1 январидан бошлаб 8—10-синф ўқувчиларини ҳамда катта ёшдаги ўзбек ўқитувчиларини ўқиш ҳақи тўлашдан озод этди. Қозоқ, қирғиз, тожик, қорақалпоқ, туркман ва бошқа маҳаллий халқлар болалари ҳам ўқиш ҳақи тўлашдан озод бўлишди. 1942 йилнинг бошида собиқ СССР Халқ Комиссарлари Совети қишлоқ хўжалик асосларини мактабда ўқитиладиган фанлардан бири сифатида киритиш ҳақида буйруқ чиқарди. Давлатнинг махсус кўрсатмасига биноан 1943 йилдан бошлаб баъзи мактабларда ўқув ишлаб чиқариш устахоналари очила бошланди. Иккинчи жаҳон уруши ғалаба билан тамом бўлгач республика халқ таълими урушдан кейинги йилларда бир қатор жиддий қийинчиликларни енгиб ўтишга тўғри келди. Уруш даврида мактаблар тармоғи бирмунча қисқарган, ўқувчилар сони ҳам шунга яраша камайган эди. Кўпчилик ўқувчилар турли синфлардан ўқишни ташлаб, фронтга, фронт учун қурол-аслаҳа ишлаб чиқарадиган завод ва фабрикаларга ишга кетиб қолишди. Ўша йилларда янги мактаб бинолари қурилмаганлиги ва эски мактабларни ўз вақтида таъмирланмаганлиги сабабли кўп мактаб бинолари ўқув жараёнини маромида ташкил этиш ва гигиена талабларига жавоб бермас эди. Урушдан кейинги дастлабки йилларда ўқувчиларнинг мактабни ташлаб кетиши гарчи бирмунча камайган бўлса ҳам, ҳар ҳолда давом этаверди: 1945—46 ўқув йилида Ўзбекистон мактабларидаги ўқувчилар сони режадаги 1 млн.10 минг киши ўрнига 823 минг кишидан иборат бўлди. Синфда қолган ўқувчилар сони ҳам кўп бўлиб, 1946 йилда у барча ўқувчиларнинг 37%ини ташкил этарди. Айниқса қиз болаларни мактабга жалб қилиш, уларни ўқишни тугагунча ушлаб туриш алоҳида муаммо сифатида кўндаланг бўлиб турарди. Ўқитувчи ходимлар масаласи урушдан кейинги йиллардаги энг жиддий муаммолардан бири эди. Чунки малакали ўқитувчилар асосан урушга юборилган, уларнинг кўпчилиги ҳалок бўлганди. Хусусан, 1947 йилда республика бўйича 4 минг ўқитувчи етишмасди. Туман халқ маориф бўлимлари мудирлари, мактаб директорлари ва таълим бўйича директор муовинларининг 60% дан кўпроғи тегишли маълумотга эга эмасди. 1950 йилда 7125 мактаб ўқитувчиларга муҳтожлик сезарди. Расмий Ҳокимият сохта пролетар байналмилаллигини амалда кучайтириш мақсадида мактабларда рус тили ва адабиётини кенгроқ ўқитишга урғу берди. Натижада 60-йилларда Ўзбекистон тарихи, ўзбек тили ва адабиёти, чет тили, мусиқа ва ашула дарслари ҳажми кескин қисқарди ва улар ўқув режасида белгиланганидан ҳафтасига 16,5 соат камайиб кетди. Улардан бўшаган соатларга эса рус тили ва адабиёти фани ўқитилди. Масалан, ўқитувчилар «Х I Х асрни иккинчи ярми — ХХ аср бошларида ўзбек адабий муҳити», «Миллий маданий жараёнлар» тўғрисидаги мавзуларда дарс ўтиши лозим бўлган соатларда рус маданиятининг «прогрессив» аҳамиятини кўрсатиб беришга мажбур бўлдилар. Натижада бой ва кўҳна ўзбек халқи тарихини ўрганишга 52 соат ажратилган ҳолда бошланғич мактабларда рус тили ва адабиёти фанлари учун 1600 соат ажратилган 1 . Халқ хўжалигини тиклаш ҳамда ривожлантириш соҳасида урушдан кейинги биринчи беш йилликда ўзига хос жиддий камчиликларга дуч келинди. Биринчидан, аҳоли ўзи туғилиб ўсган шаҳарларига қайтиб кўчиб ўтаётганлиги сабабли аҳоли сонида кескин ўзгаришлар рўй берди. Иккинчидан, мажбурий таълим мактабларида ўқитиладиган болаларни ҳисобга олишнинг аниқ ва тезкор тизими белгиланмаган эди. Шунинг учун ҳам маориф ходимлари тезлик билан мактаб шохобчаларини тиклаш ва кенгайтириш ҳамда ота-оналари билан бирга эвакуациядан қайтиб келаётган болаларни ё уруш вақтида мактабни ташлаб кетган болаларни мактабларга тортиш соҳасида жуда катта ишлар қилиш керак эди. Шундай масъулиятни бажаришда улар дастлаб бошланғич мактабларни тамомлаган болаларнинг ҳаммасини тўла равишда ўқишга тортишга айниқса катта эътибор беришлари лозим эди. Ва бу иш анча муваффақиятли амалга оширилди. Бу эса болаларни ва ўсмирларни умумий- мажбурий ўқитишни кенгайтириш учун зарур шарт-шароит яратиб берди. Бу даврга келиб ўрта мактабни битириб чиқаётганларнинг сони олий ўқув юртларига қабул қилинаётганларнинг сонига қараганда анча ортиб кетди. Ўрта мактабларни тамомлаб чиққанларнинг кўплари саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида ишлашларига тўғри келди. Бироқ улар бу амалий фаолиятга етарли суръатда тайёрланмаган эдилар: мактабларда ўқувчиларни касб танлашга йўллаш ишлари яхши йўлга қўйилмаган эди. 1 Насыров Р. Социальное развитие сел Узбекистана. (1965—1983)-Т., 1994, с.27—28. Ўрта мактабларни тамомлаганларни махсус касбий тайёрларлигини ошириш мақсадида техникумлар сони кўпайтирилди ва шу техникумлар қошида тўлиқ ўрта маълумотли кишиларни қабул қиладиган бўлимлар очилди. Бу бўлимларга ўқиш муддати 2—3 йил қилиб белгиланди. Меҳнат заҳиралари тизимида ўрта мактаб негизидаги техника билим юртлари очила бошлади. Бу техника билим юртлари 1—2 йиллик ўқиш муддати билан юқори малакали мутахассислар тайёрлаб бериши керак эди. Урушдан кейинги йилларда 1943 йилда очилган ишчи ва деҳқон ёшлари мактаблари (кечки ва сменали) тармоғи бирмунча кенгайтирилди. 1951—55 йилларга мўлжалланган бешинчи беш йиллик режада политехника таълимига катта ўрин берилди. Шу муносабат билан иттифоқдош республикаларнинг Таълим вазирликлари ўқув режалари ва дастурларини қайта қуриб, политехника таълимини ошириш тўғрисида мактабларга кўрсатмалар бердилар. 1957—58 ўқув йилидан бошлаб баъзи педагогика олий ўқув юртларида бошланғич мактаб учун олий педагогика маълумотига эга бўлган ўқитувчилар тайёрлашга киришилди ва бунинг учун махсус факультетлар ташкил этилди. Лекин урушдан кейинги йилларда ҳамда мавжуд жамиятни ривожлантириш жараёнида республика мактабларида ҳамма нарса рисоладагидек олиб борилди дейиш хато бўлар эди. Чунки ўтган даврлар чуқур таҳлил қилинганда қатор камчиликлар борлигини кўриш мумкин. Чунончи, кўпгина мактабларда ўқув-тарбия ишларининг сифати давлат стандарти талабларига етарлича жавоб бера олмас, бир синфда икки йил қолган ўқувчилар сони ҳамон кўп, ўқувчиларнинг мактабни ташлаб кетишлари эса тобора кўпаяётган эди. Кўпгина мактабларнинг моддий- техника базаси типовой талабларига жавоб беролмасди, мактабларда математика, физика, рус тили ва чет тили фанларида дарс берадиган малакали ўқитувчилар етишмас эди, етти йиллик умумий мажбурий таълимни амалга ошириш ва ўрта таълимни ривожлантириш борасидаги ишларда ҳам муайян нуқсонлар йўқ эмас эди. Бу камчиликларни бартараф этиш ўша куннинг биринчи галдаги вазифаси эди. Бошланғич мактабда тўрт йиллик бошланғич таълимдан уч йиллик бошланғич таълимга ўтиш амалга оширилди. Тўлиқсиз етти йиллик ўрта мактаб ташкил этилиб, умумий мажбурий саккиз йиллик таълим мактабига айлантирилди. Саккиз йиллик мактабни тамомлаган ўқувчилар қуйидаги ўқув юртларида ўқишлари мумкин эди. Улар: 1) Тўлиқ умумий таълим ўрта мактабларида ( I Х—Х синфларда); 2) ўқиш муддати уч-тўрт йиллик бўлган техникумларда; 3) ҳунар ва умумий таълим билимларини биргаликда берадиган ҳунар-техника билим юртларида ҳамда 4) ишчи ва қишлоқ ёшлари мактабларида. 1959—1975-йилларда республикада интернат-мактаблар, махсус мактаблар ва куни узайтирилган гуруҳлар тармоғи ривожланди ва уларда тарбияланувчиларнинг сони ўсди; жисмонан нуқсонли болалар учун махсус мактаблар ташкил қилинди; педагог ходимлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоғи кенгайтирилди. 70—80-йилларда Ўзбекистон мактабларида аҳвол сифат жиҳатидан ўзгармай қолаверди. Уларнинг моддий-техник базаси яхшиланмади. Аммо мактаблар, ўқувчилар сони йилдан-йилга ортиб бораверди. Масалан, Ўзбекистонда 1945—46-ўқув йилида жами 4525 мактаб бўлиб, уларда қарийб 998 минг ўқувчи ўқиган бўлса, 1970—71-ўқув йилида республиканинг умумий таълим мактаблари сони 7072 тага, ўқувчилар сони эса 3 млн.164 минг кишига етди... 1970—1980-йилларда халқ таълими учун давлат томонидан ажратилган маблағ 11% дан 8% га камайиб кетди... 5% дан ортиқ мактабларда иссиқ овқат буфетлари ташкил этилмади 1 . Умуман хулоса қилиб айтганда урушдан кейинги ва тинч қурилиш давридан то мустақиллик давригача республика собиқ Иттифоқ таъсирида ривожланди, такомиллашиб борди. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 1 Эргашев К. Развитие общеобразовательной школы в Узбекистане. 70-е—90-е г. и проблемы и тенденции. — Т., 1996. С.20. Ўзбекистон маорифи, фан ва маданияти рус ва Европа маданияти таъсирида ривожланди, аммо бу албатта ўзбек халқининг миллийлигидан, асрлардан бери авлодларга мерос бўлиб келаётган қадриятлардан ажралган ҳолда ривожланиш эди. Фойдаланилган адабиётлар рўйхати 1. И.А.Каримов. «Ижобий ишларимизни охирига етказайлик». Т.: Ўзб, 1994 й. 2. И.А.Каримов. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. Т.: Ўзбекистон, 1997 йил 3. Ибн Халмиқон ҳақида. Абу Наср Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри» китобидан олинди. Т. Абдулла Қодирий номидаги Хлақ мероси нашириёти, 4. Абу Наср Форобий. Рисолалар. Масъул муҳаррир Ўзбекистон респебликаси ФА ҳақиқий аъзоси М.М.Хайруллаев. Т. «ФАН», 1975. 5. www . ziyonet . uz