logo

Мактабгача таълим муассасаларида мусиқий тарбиянинг мақсад ва вазифалари гуруҳ ва фаолиятлар кесимида

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

174 KB
Мактабгача таълим муассасаларида мусиқий тарбиянинг мақсад ва вазифалари гуруҳ ва фаолиятлар кесимида Мустақил Ўзбекистоннинг келажаги, эртанги кун тараққиёти эгалари бўлмиш болаларни тўғри ва маънавий бой, тарбияли шахс сифатида тарбиялашдир. Бу мақсадни амалга оширишда барча соҳалар каби мусиқа ҳам алоҳида ўринни касб этади. Мактабгача тарбия муассасаларида мусиқий тарбия — бу бир аниқ мақсадга йўналтирилган, яъни мактабгача ёшдаги болани эстетик, ахлоқий, ақлий ривожини амалга ошириш, болани шахс сифатида тарбиялаш, уни дунёқарашини кенгайтириш, ўз иқтидорини намоён қила олишга, эстетик жиҳатдан мусиқани тушунишга, унга ижодкорона ёндаша олишга ўргатишдир. Ҳар бир бола мусиқанинг қайси йўналишини ўрганишидан қатъий назар унинг ёш хусусиятларини, психологик ривожини мусиқа раҳбари назарда тутиши лозим. Боланинг мусиқий ривожи бу тўғри ва узлуксиз равишда йўлга қўйилган фаол мусиқий жараёндир. Бу ривожланиш қуйидагича кечади: • Ҳиссий муносабат. Оддий мусиқий тасаввурдан мураккаб ва кўптомонлама ривожланган мусиқий асарларни тушуна олиш; • Мусиқани эшитиш қобилияти — мусиқанинг тембри, товуш баландлиги, мусиқа ифода воситалари. • Ижрочиликнинг илк шаклланиши. Бола ўзининг билим ва кўникмаларига таяниб, унга таниш бўлган мусиқага матн ёки рақс элементларини ижро этиш. Мусиқа тарбия бошқа соҳалар каби ўйлаб чиқилган тизим ва режаларга асосланиб узлуксиз олиб бориладиган жараёндир, яъни ҳар бир машғулотда ўйлаб чиқилган маълум мақсад сари бирин-кетин қадамба-қадам эришилади. Бу жараёнда мусиқа раҳбари сардор вазифасини ўтайди ва болаларни ўзи билан эргаштириб юради. Бу жараённинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири бу – ҳар бир боланинг индивидуал дунёқараши ва иқтидорини назарда тутиш керак. Айрим болаларга танбеҳ бериш билан кифояланса, айрим болаларга танбеҳ салбий таъсир кўрсатиб, улар ўз фаолиятларини кўрсатмай янада қисилиб қолишади. Мусиқий тарбия вазифалари: 1. Мусиқага муҳаббат ва қизиқишни ўстириш. 2. Болаларнинг мусиқий тажрибасини бойитиш (мусиқий асарлар асосида). 3. Болаларни оддий мусиқий тушунчалар билан таништириш, мусиқа тинглаш, куйлаш, мусиқий ритмикаси борасида малакаларни ривожлантириш. 4. Болаларда эмоционал ҳисни шакллантириш. Уларда лад ҳисси, ритм туйғусини ўстириш ва ҳаракатни ўтириш. 5. Мусиқий дидни ўстириш (мусиқий таассуротлар асосида). 6. Болаларда ижодкорликни ўстириш (барча фаолиятлар асосида). Болаларнинг шахс сифатида тарбиялаш учун таълим жисмоний ва онгли тарбия уйғунликда олиб борилиши керак. Бу мақсадга эришиш учун болаларда тўғри ташкиллаштирилган мусиқий машғулотлар ташкил этилади. Эстетик тарбия мактабгача ёшдаги болаларда гўзалликни тушуниш, уни ҳис қилиш, яхши ва ёмонни, бадиий санъат турларини фарқлай олиш ва уларга ижодкорона ёндашишга йўналтирилгандир. Эстетик тарбиянинг энг кўзга кўринган омилларидан бири бу — мусиқадир. Бу мақсаддарга эришиш учун мактабгача ёшдаги болаларнинг умумий мусиқийлигини ривожлантириш керак. Болаларнинг умумий мусиқийлигига нималар асос бўлади: мусиқа боланинг эстетик тарбия омили сифатида унга гўзалликни кабул қилиш, тушуниш қобилиятларини ривожлантириш. Бу масалаларни хал этиш учун умумий мусиқийликни ривожлантириш зарурдир. Мусиқий омиллар 3 тамойилга бўлинади: 1. Мусиқанинг характери, кайфиятини ҳис этиш, мусиқага эмоционал муносабат билдириш (мусиқанинг ифодавийлиги ва тасвирийлиги). Болада мусиқани тинглаганда унинг характерига мос кайфиятда бўлишига эришиш керак. 2. Энг ёрқин мусиқий образли асарни тинглаш, таққослаш ва баҳо бериш. Бунда мусиқа ифода воситалари, мусиқий асбоблар тембрлари, эшитиш маданияти талаб этилади. Масалан, чолғу асбобларнинг юқори ва паст тембрлари (скрипка — альт, констрабас — виолончель ва бошқа асбоблар). 3. Мусиқага ижодкорлик муносабатини билдириш. Ҳар бир бола бирор мусиқий асарни эшитиб ўзича бадиий тасаввур қилади ва қўшиқда, ўйинларда, рақс элементлари билан ҳиссий муносабат билдириши мумкин. Бу болаларда ижрочиликнинг илк намойишлари, яъни илк уруғлари бўлиши мумкин. I. Мусиқа — болаларнинг ақлий фаолиятининг фаоллаштирувчи омилдир. II. Мусиқа — ахлоқий олим бўлиб, маънавиятнинг ажралмас қисмини таркиб топтиради. Мусиқадан анъаналарга ҳурмат, Ватанни севиш ва бошқа тарбиявий ахлоқий муаммоларни тарбиялайди. III. Мусиқа — жисмоний тарбия омили ҳамдир. Энди бу омилларнин бирма-бир кўриб чиқамиз: I. Мусиқа боланинг ҳиссиётига ва кайфиятига таъсир қилади. Бу болаларга асарни таништирар эканмиз уларда мусиқани ҳис қилиш, у билан бирга кечинмаларни бошдан кечиришга ўргатамиз. Қардош ва чет эл қўшиқлари ва рақсларини ўргатар эканмиз бу халқларнинг анъаналари, тарбияси билан ҳам таништирамиз. Мусиқанинг бой жанрлари — қахрамонлик образи ёки лирик образларни, юмор ёки рақсонна куйни эшитиб тушунишга ундайди. Мусиқа болаларнинг ички дунёсини бойитишга хизмат қилади. Таълим ва тарбия масалалари жамоа бўлиб куйлашда, рақс ва ўйинларда намоён бўлади, чунки болалар бу жараёнларда жамоа деб ҳис қиладилар. Куйлаш фаолияти биргаликни, бирдамликни талаб этади. Жамоа бўлиб куйлаш жараёнида бола ўзини ёлғиз ҳис қилмайди ва аста-секинлик билан унинг индивидуал ривожига ҳам таъсир қилади. Мусиқа машғулоти боланинг умумий маданий тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади. Мусиқа машғулотлари жараёнида турли фаолиятларни қўллаш (қўшиқ куйлаш, тинглаш, мусиқа чолғу асбобларида ижро этиш, мусиқий ритмик ҳаракатлар) болаларда диққатни жамлаш, тез реакция ва иродасини кучайтиради: қўшиқ куйлаш жараёнида бирга бошлаб бирга тугатиш; рақс ва ўйин жараёнида мусиқани темпини сезиш талаб этилади. Шундай қилиб, мусиқий фаолиятлар мактабгача ёшдаги болаларнинг ақлий фаолиятини ривожлантиради. II. Мусиқани идрок этиш. Бу боланинг ахлоқий ва ақлий ривожининг уйғунлиги билан олиб борилади, яъни диққатини жамлаш, мусиқага нисбатан кузатувчинлик, уни таққослаш ва фарқлай олиш талаб этилади. Бола мусиқий асарни тинглагандан сўнг бола мусиқа ҳақида илк фикрларини билдиради: асарнинг умумий характерини, қўшиқдаги бадиий матнини, мусиқа ифода воситаларига эътиборини қаратади. Бу эътиборни шакллантириш учун албатта мусиқа раҳбари кўмаги керак. Мисол қилиб М.Отажоновнинг болалар учун ёзилган «Гулдаста» тўпламидан жой олган «Мусича» асарини тинглаб кўришади. Боланинг илк диққатини тортган нарса бу асарнинг кайфияти — енгил ўйинқароқлигидир. Бу асарда мусичанинг образини композитор жуда яхши очиб берган. Болалар тинглаш жараёнида бу асар ўйинқароқ ва шўх мусича ҳақида эканлигини тасаввур қиладилар. Болалар боғчасида ўрта, катта ва мактабга тайёрлов гуруҳларида ижодкорлик масаласини ўртага ташласа, албатта болаларда ақлий фаолият билан ишлашади, яъни бирор бир таниш бўлган қўшиққа ўзлари бирор матн қўйишлари ёки айнан шу қўшиқни импровизация қилишлари. Ундан ташқарии бирор бир бадиий мантга ўзлари куй басталашлари, бирор бир куйга рақс элементларини ўйлаб кўришлари. Болалар билан ишлаш жараёнида ўларнинг ақлий фаоллигини оширишда уларнинг ижодкорлигини шакллантиришда болалар бирор куйга рақс элементлари ёки сахналаштиришни севишади. Бу жараён бир неча босқичда амалга ошади: 1. Болалар асарни тинглашади; 2. Унинг бадиий таҳлил қилишади; 3. Бадиий образни ўйлаб кўришади: 4. Ролларни тақсимлашади; 5. Ижро этишади. Бу босқичларнинг ҳар бирида мактабгача ёшдаги болалар олдида янги- янги масалалар қўйилади. III. Мусиқа инсоннинг нафақат кайфиятига, эстетик ривожига балки умумий организмига ҳам таъсир ўтказади. Бола мусиқа тинглаганда, куйлаганда, рақс давомида бутун организм фаолият олиб боради (нафас йўллари, мушаклар, қон айланиши, асаб тизими ва бошқа аъзолар). Бу масала бўйича кўплаб физиолог олимларимиз иш олиб боришган ва ўз изланишларида жуда кўплаб маълумотларни беришади. Шулардан бири физиолог олим П.Н.Анахин таъкидлашича: «Кичкина гудак бола мажор ва минор ладида ёзилган асарларни тинглаб кўрганида шунга мос кайфиятини кўрсатган экан». Бу унинг руҳий психикасига таъсир кўрсатади. Қўшиқ куйлашда болаларда овоз аппарати, товуш пайлари ва ҳаттоки, талафузи ривожланади. Бола тўғри ўтриб куйлаганида танаси, кўкрак қаваси ва нафас органлари яхши ишлайди ва ривожланади. Ритмика болаларда мусиқани ҳас қилиш, тананинг асоси (асанка), қадамларнинг шахдамлиги ва енгил югуришини ривожлантиради. Шундай қилиб, болаларнинг ҳар томонлама ривожида мусиқанинг ўрни каттадир. Бола мусиқани тушуниш, уни идрок этиш, унга ҳиссий муносабат билдириш, ижрочилик малакаларини шакллантиришга мунтазам олиб борилган мусиқа машғулотлари катта аҳамият касб этади. Мактабгача ёшдаги болаларда қўшиқчилиги кўникмаларини тарбиялаш. Қўшиқ куйлаш — болалрга кўтаринки кайфият бағишлайди. У болаларда нафақат рухий балки жисмонии жиҳатдан ривожлантиради. Чунки бола куйлаётганда оғиз, бурун, нафас йўллари, кўкрак қафаси, умуман олганда барча аъзолари фаолият олиб боради. Бола куйлаш жараёнида тик гавдасини эркин ва тўғри ўтириши талаб этилади. Куйлаш жараёнида нафас йўллари ҳам ривожланади. Бу жараёнлар масаласини жуда кўплаб физиолог-медик — олимлар кўп тадқиқотлар ва ишлар олиб боришганлар. Булардан Алмазов, Н.А.Ветлугина, А.Н.Кенеман, М.А.Метлов, С.Г.Товбина, Е.П.Иова, И.П.Павлов, А.Г.Менабени ва бошқа кўплаб физиологларни таъкидлаб ўтсак бўлади. Болаларга куйлаш жараёнида матн ва мусиқа уйғунлигида бўлганда матн ва куйга эътибор берилади. Қўшиқда матн ва мусиқий куй бирикиб, тингловчига эмоционал таъсир кўрсатиб турли ҳис-туйғуларни уйғотади. Бу таъсирчанлик бола тарбиясида катта аҳамиятга эга. Боланинг кичик давридан қўшиқни маъносини тушунмаса ҳам, унинг мазмунини ва мусиқасига тушунмаса ҳам унга ҳиссий муносабатни билдиради. Боланинг ривожлангани сари, нутқи ва ҳаёт давомида олган кўникмалари қўшиқни умуман куйни тушуна олишга ёрдам буради. Жамоа бўлиб куйлаганда болага куй қўшиқ матнга нисбатан кучлироқ таъсир қилади. К.Д.Ушинский таъкидлаганидек: «Қўшиқда, айниқса хор жамоасида қалбни тарбияловчи унинг жумбушга келтирувчи ҳиссиётлар мавжуд»5 5 Ушинский К.Д. Сбор, соч. —М.: Л., 1948. Кўпгина ҳолларда ўғил боланинг шахдам юриб маршни куилаётганини, қиз болани эса қуғирчоқни аллалашини кузатишимиз мумкин. Боланинг овози — табиий чолғудир, чунки бу чолғу у ёшлигидан мавжуд. Мана шунинг учун хам унинг ҳаёти давомида ҳамроҳ бўлади ва турли ўйинларда фойдаланади. Ундан ташқари қўшиқ бола ҳаётининг бошқа фаолиятларида ҳам қўлланади. Масалан, рақс, хоровод, болалар чолғуларида ижро этганда. Қўшиқ — бу боланинг дунёқарашини кенгайтириб, ёрқин образли тасаввурга эга бўлишга ёрдам беради. Қўшиқларда табиатга, Ватанга муҳаббат, катталарга, аждодларга ҳурмат ўзаро муносабатларни яхшилаш ва бошқа тарбиявий ахлоқларни ўстиришга ёрдам беради. Қўшиқ ўргатиш жараёнида болалардан катта ақлий мехнат талаб этлади. У ёнидаги болани эшитишни, унинг қўшиғига ўз муносабатини билдиришни, мусиқий жумлаларни бир-бири билан солиштиришни, таққослашни, фортепиано жўрлигини тинглай олиши, қўшиқни гармоник ва мелодик тизимини эшита олишни ва ижро сифатини баҳолашни ўргатади. Қўшиқ бола организмига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Масалан, нутқини ўстиради, овоз аппаратларини ривожлантиради, қўшиқчилик нафасини шакллантиради. Бола қўшиқ куйлашда асосан мусиқий ҳисси, эмоционал таъсири, мусиқий эшитуви (слух), ритм ҳисси ривожланади. Қўшиқ куйлашнинг яна бир асосий хусусиятларидан бири бу — жамоа бўлиб кўйлашдир. Бола эшитув қобилияти (слух) ва овозини ривожлантиришнинг ўзига хос хусусиятлари. Қўшиқ — товуш ҳосил қилишнинг мураккаб жараёнларидан бири бўлиб, асосан овоз ва эшитув органларининг мужассамлашуви асосини ташкил этади, яъни эшитув аппарати ва қўшиқчилик овозининг ўзаро боғлиқлигидир. Эшитув қобилиятининг такомиллашуви — болаларнинг кичик ёшидан ривожланади. Улар мусиқа рахбари ёки тарбиячи куйлаб берганда қўшиқ, куй ёки оҳангни софлигича эшитадилар ва шундайлигича куйлайдилар. Кичик ёшдаги болалар 2-3 та нота оралиғидаги қўшиқларни кўйлай оладилар. Болалар катталар куйларини эшитиб, кейин ўзлари ҳам шу куйни катталардек куйлашга ҳаракат қиладилар. Мактабгача ёшдаги болаларда овоз аппарати мукаммал ривожланмаган (товуш пайлари ривожланмаган, нозик, нафас кучсиз ва бошқалар). Бола ривожлангани сари организм ва қўшиқчилик органлари ҳам такомиллашади. Мактабгача ёшдаги бола овози етарли даржада ёрқинлиги бўлмайди. Бу муаммолар устида кўпгина тадқиқотчилар илмий ишлар ва изланишлар олиб боришади. Боланинг овоз хусусиятлари, уларнинг диапазони имкониятлари ҳақида Н.Д.Орлов, Е.И.Алмазов, Н.А.Метлов, Н.А.Ветлугина, А.Д.Войнова, Р.Т.Зиничлар шулар жумласидандир. Улар ўз илмий ишларида «боланинг табиий овози ре 1 - си 1, яъни ундан юқори ва пастки ноталарни бола куйлаганда товуш зўриқиши ва сиқиб куйлаши мумкин. Бу болаларнинг товуш пайларининг шикастланишига олиб келиши мумкин». Бу муаммоларга йўл қуймаслик учун аниқ мақсадга йўналтирилган ва пухта ўйлаб чиқилган репертуар танланиши керак. Бунда асосий эътибор қўшиқчилик диапазонига қаратамиз. Ёши Диапазони 2 — 3 ёш ми 1 — ля 1 3-4 ёш ре 1 — ля 1 4 — 5 ёш ре 1—си 1 5 —6 ёш ре 1 — си 1 (до 2) 6 —7 ёш до 1 (ре 1)-до 2 Берилган жадвалда болаларнинг овози пастки, юқори ва ишчи диапазони мавжуддир. Болаларга қўшиқ ўргатаётганда ва репертуар танлаганда нималарга эътибор берилиши керак? Ҳар бир қўшиқ маълум педагогик мақсадларни амалга оширишни кўзга тутиб танланади. Унда ҳар бир янги қўшиқ олдингисидан ҳосил этилган куйлаш малакаларини мустаҳкамлайди ва уларни ривожлантиради. Қўшиқ диаразони болалар овозига мослиги, бадиий ғоявий мазмуни, болалар дунёқараши ва ёшига мос бўлиши керак. Қўшиқларни қуйидаги талабларга кўра танлаш тавсия этилади: 1. Қўшиқни тарбиявий аҳамияти, ғоявий мазмуни, мусиқий тузилиши ва характерининг болалар ёшига мослиги. 2. Қўшиқ матнининг осонлиги, бадиий юксаклиги, болаларнинг луғат бойлигига мослиги ва уларнинг нутқини ва тафаккурини ўстириш учун хизмат қилиши. 3. Қўшиқ оҳанги, унинг характери (хушчақчақ, қувноқ, марш, мунгли, ғамгин, байрамона, кўтаринки рухда), лад ва тесситураси, овоз диапазони болалар ёшига мос бўлиши. 4. Қўшиқнинг бадиий хусусиятлари ва ифодавийлиги, болалар идрокига мослиги, гармоник тузилиши ва оҳангдошлиги. 5. Қўшиқ шакли (1, 2 қисмли ёки куплет шаклида тузилганлиги) нақаротнинг мавжудлиги. Қўшиқни танлашдаги болаларга қисқа, мазмунли, образли, қизиқарли ҳикоя қилиб берилади. Қўшиқ мазмунидаги ахлоқ-одоб, табиат, она Ватан, меҳр-муҳаббат ҳақидаги ғояларни болалар онгига сингдириб, уларда қизиқиш уйғотади. Бадиий қўшиқлар сирасига Д.Омонуллаеванинг болалар учун ёзилган «Дилоромнинг қўшиғи», «Бувижоним», «Азиз бустон —Ўзбекистон», «Навзўзим», «Ўзбекистон — Ватаним маним»; Н.Норхўжаевнинг «Ўйнасангчи типратикан», «Неваралар қўшиғи», «Капалак ва камалак», «Каклигим», «Шафтолига саволим», «Навўзим — шух созим», «Салом берган болалар», «Бувижоним яхшисиз», «Гуллар маним кулганим», «Яхши бола», «Биз аскармиз»; Ш.Ёрматовнинг «Ай-яй-яй», «Ислом бобо»; А.Мансуровнинг «Музқаймоқ», «Ватангинам»; Ф.Назаровнинг «Иноқ ўйнаймиз», «Пахтаой», «Қиш чоғлари» ва бошқа кўплаб Ўзбекистон композиторларининг қўшиқлари болалар ижодиётида сўнмас из қолдириб уларнинг бадиий тарбияси ва дидини ўстиришга ёрдам беради. Қўшиқни тарбиячи ифодали қилиб ижро этиб беради. Қўшиқ мазмунига мос тасвирий санъат қўшиқ мазмунига ва тузилишига хос савол-жавоблар қилиб, қўшиқни мусиқий жумлаларга бўлиб ўргатади. Сўнгра қўшиқ мазмунга мос мусиқий-ритмик ҳаракатлар билан ўргата бошлайди. Матн ва оҳанг талаффузнинг аниқлиги маълум меъёрга тушгандан сўнг, қўшиқнинг бадиий ижросига эришилди. Қўшиқни вақт-вақти билан сайр вақтида, машғулотдан- машғулотга такрорлаб куйлаб туриш лозим, акс холда унинг матни болалар хотирасидан кўтарилади ва унга нисбатан қизиқиш сусаяди. Ҳар бир машғулотда айниқса, янги қўшиқни ўрганишдн олдин, илгари ўргатилган қўшиқни такрорлаб туриш, болалар ижросидаги айтим нуқсонларни тузатиб боришга ёрдам беради. Болалар толиқмаслиги учун қўшиқ ўргатиш шакллари ўзгартириб турилади. Масалан: гуруҳларга бўлиб ўргатиш; яккахон ва гуруҳ жўрлигида; мусиқий ҳаракатлар ёрдамида амалга оширилиб; қўшиқ матнига мос рақс элементларини ўйлаб кўришга ва ўзлари уни ижро этишга ундаб кўриш яхши самара беради. Қўшиқ мукаммал ўрганилгандан сўнг, уларнинг қизиқиши янада ортади. Шунингдек, машғулот шаклларини (ноанъанавий машғулотлар) ўзгартирилиб туриш ҳам машғулотларда болаларнинг зерикишини олдини олиб, қизиқишини кечайтиради. Йил давомида болалар 10-12 та қўшиқ ўрганишлари кўзда тутилади. Бунга эришиш учун қўйиладиган вазифалар: болаларда соф интонация ва қўшиқчилик малакаларини шакллантириш; болаларга якка ва тарбиячи билан қўшиқ куйлаш, а’капелла тарзида ижро этиш; мусиқий эшитув қобилиятини, куйнинг баландлиги, уларнинг узунлиги, куйнинг йўналиши, ўзини эшита олиши (куйлаётганида), ижро вақтида ўзининг хатоларини эшита олишини ривожлантириш; овоз ривожи, табий ижрога эришиш; болаларда ижодкорлик малакаларини ривожлантириш, улар ижро этган қўшиқларини хороводлар ва ўйинларда қўллаш. Қўшиқчилик малакалари Бола тўғри куйлаши учун қўшиқчилик, вокал-хор малакаларини шакллантириш керак. Қўшиқчилик малакалари. Бу тўғри ҳолатда куйлаш. қўшиқ куйлаш жараёнида бола гавдани кўтариб букчаймасдан, стул орқасига суяниброқ ўтириши керак. Қўллари эса тиззага қўйилади. Вокал малакалари. Бу овоз ҳосил қилиш, нафас ва дикция. Нафас қисқа, енгил ва шовқинсиз бўлиши керак. Сўзлар аниқ ва бурро талаффуз қилинади. Хор малакалари. Бу ансамбл ва тузилиш (строй)нинг ўзаро боғлиқлиги. «Ансамбль» — французча сўз бўлиб, «уйғунлашув» (слитность) яъни, овозларнинг куч ва баланлигининг бирлашувидир. Бу жараёнда овоз унисон куйлашга ва тембрнинг текисланишига эришишимиз керак. Куйлаш малакаларини ривожлантириш Куйлаш малакалари қўшиқ ёдлаш ва ўргатиш жараёнида ривожланади. Асар мураккаблашгани сари малака ривожланади. Боғчада тарбиялаш жараёнида билиши керак: Кичик ва ўрта гуруҳ — мусиқа раҳбари мусиқа асбоби ёрдамида оддий, мураккаб бўлмаган қўшиқларни куйлай олиши керак. Катта гуруҳ — асбобсиз фақат мусиқа раҳбарининг ёрдами билан ёки мусиқа раҳбарисиз мусиқа мусиқа асбоби жўрлигида куйлаши, товушлар баландлиги ва чўзимларини фарқлай олиши, қўшиқ куйлаш жараёнида тўғри, тик, елкани кўтариб ўтириши керак. Мактабгача тайёрлов гуруҳи — ёдлаган қўшиғини ифодали куйлаб бериш, олдин ёдлаган қўшиғини эслаб куйлаши, куйлаш жараёнида ёнидаги болаларни эшита олиши ва камчилик — у хатоларини тўғирлай олиши, эвушларнинг юқорига ва пастга ҳаракатланишини фарқлай олиши, ноталар қисқа узунлигини ва ноталарнинг номларини билиши керак. Қўшиқ куйлашга ўргатишнинг методлари ва йўллари Мусиқа раҳбари болаларга қўшиқни ўргатишдан олдин қўшиқни таништириши, композитори ҳақида, асарнинг матни, мазмуни ҳақида гапириб бериши керак, бир сўз билан айтганда болаларда бу қўшиқни ўрганиш учун қизиқишларини уйғотишдир. Қўшиқ ўргатиш жараёнида ёш даврлар бўйича кўриб чиқамиз. Кичик гуруҳ болаларини куйлашга ўргатиш методлари 3 ёшда овоз аппарати энди шакллана бошлайди. Қўшиқчилик овози ҳали йўқ, нафас қисқа, лекин болалар шу даврда жуда қизиқувчан бўлиб, катталар ижрочига бажонудил қўшиладилар, жумлаларнинг баъзи товушларини куйлай олишадилар. Асосий вазифа. Бошланғич куйлаш малакаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш. Бу ёшдаги болалар қўшиқни бутун яхлитлигича куйлай олишмайдилар, фақат баъзи қисмларинигина куйлай олишади. 4 ёшга келиб овоз кучаяди, улар энг оддий қўшиқларни куйлай олишади. Бунда қўйиладиган вазифа — болаларда табиий товушда куйлашга, зўриқмасдан, товушни сиқмасдан куйлашга ўргатиш. Бу ёшда муҳим ишлардн бири бу талаффуз устида ишлаш. Болалар бу ёшда ҳали кўп сўзларни маъносини тушунмайдилар. Уларга сўзларнинг мазмунини ва тўғри талаффузини тушунтириш керак. Бу ёшдаги болалар умумий бир темпда куйлаши қийин кечади. Бу нарса тарбиячининг доимий эътиборида бўлиши ва болаларнинг биргаликда куйлашга ўтгатиши керак. 5 ёшли болалар мураккаб бўлмаган қўшиқларни мусиқий раҳбарига эргашиб куйлайдилар. Методик усуллар: 1. Мусиқа раҳбари томонидан қўшиқни ифодали эмоционал ижрода кўрсатиш; 2. Қўшиқни биринчи бор таништириш жараёнида расм, ўйинчоқлар билан қўшиқни мазмунини очиб беришга ёрдам беради. 3. Ўйин шаклларини қўллаш. 4. Таълимий усул — мусиқа раҳбари асарни 2-3 марта фортепианода чалиб беради ва болалар билан биргаликда куйлайдилар. 5. Қўшиқ матнини куй билан биргаликда ўрганилади. Ўрта гуруҳ болаларини куйлашга ўргатиш методлари 5 ёшдаги болалар маълум даражадаги умумий мусиқий тайёргарликка эга. Овози анча мустаҳкамланган бўлиб диапазон (ре 1 — си 1) кенгайган. Нафас бироз мустаҳкамланган, чуққурлашган, сўзларни тўғри тўлаффуз қилиш малакаларига эгадир. Асосий вазифа: 1. Табиий товушда зўриқмасдан куйлаш. Бу малака устида мунтазам равишда иш олиб борилади. 2. Тўғри нафас олиш, яъни бир жумлани бир нафасда куйлаш. 3. Тўғри талаффузга эътибор бериш 4. Артикуляция устида ишлаш (қўшиқ ижроси вақтида оғизни тўлиқ очишга, паст жағни зўриқтирмасдан, сиқмасдан очиб куйлаш). 5. Ансамбль малакалари — қўшиқни бирга бошлаб, бирга тугатишга эришиш. Бу ёшдаги болаларни жўрсиз ижрога ўргатиш (яхши ўрганилган ва мустаҳкам биладиган қўшиқни жўрсиз айтиши мумкин) керак. Методик усуллар: 1. Қўшиқни ўргатиш жараёнида фортепиано жўрлигида ёки жўрсиз олиб борилади. 2. Мусиқа раҳбарининг овозидан куйлашга ўргатиш болалар учун осонлашади. 3. Қўшиқ ўргатиш жараёнида мусиқий жумлаларни болаларни гуруҳларга бўлиб, навбатма-навбат айттириш (бундай методни қўллашдан мақсад болаларнинг эшитув жараёнини ва диққатини ривожлантиради). 4. Чўзиб куйлаш малакасини ўстириш (контеленно ижроси). Бу ёшда куйлаш олдидан овоз созлаш машқларига катта эътибор берилади. Машқлар болаларда қўшиқчилик овозини ва қўшиқчилик нафаси ривожига олиб келади. Катта гуруҳда куйлашга ўргатиш методлари Товуш ҳосил қилиш устида ишлаганда зўриқмасдан куйлашга эътиборини қаратади, аммо овоз жаранглаш турли-туман бўлишини, яъни табиий, жарангдор, чаққон, енгил, майин куйлашга эришиш керак. Қўшиқчиликда дикция ва қўшиқчиликни ривожлантириб ўз-ўзини эшитишга овоз кучини бошқаришга, сўзларни аниқ талаффуз этишга ўргатиш. Мусиқа раҳбари доим болалар соф куйлашига эътибор бериши керак. Куйлашнинг сифати куйлаш ҳолатига боғлиқдир. Ифодали куйлашга эришишда динамиз туслар, ансамбль малакалари тўғри бажарилиши мухимдир. Методик усуллар: 1. Акс-садо усули. 2. Қиёслаш-таққослаш методларидан фойдаланилади. Мактабга тайёрлов гуруҳларида куйлашга ўргатиш методлари Мактабга тайёрлов гуруҳида мусиқий-эстетик масалалар алоҳида аҳамият касб этиди. 6-7 ёшли болаларда куйлашга эҳтиёж кучаяди. Мактабга болаларни пухта эгаллаган билим ва малакалар билан юборилади. Мактабга тайёрлов гуруҳи болаларидан талаб этилади: 1. Қўшиқни ифодали ижро этиши: жарангдор, куйчан, енгил овоз билан куйлаш; кўкрак ва елкани кўтармасдан нафас олиш; жумлани бошида олинган нафасни жумланинг охиригача тежаб сарфлаш; артекуляция малакалари, сўзларни (унли ва ундош ҳарфларни) аниқ ва бурро талаффуз қилиш. 2. Қўшиқни бирга бошлаб бирга тугатиши (темпни тезлаштирмасдан ёки секинлаштирмасдан); ритм ва темпни аниқ ҳис қилиши; куйни соф интонация қилиши, ёнидаги дўстини камчилигини айта олиши; таниш бўлган қўшиқни асбоб жўрлигида ёки жўрсиз ижро эта олиш; куйнинг юқорига ва пастга ҳаракатланиши, узун ва қисқа товушларни аниқлай олиши; ноталар номларини билиши; юқори ноталар нота йўлининг юқорисида, паст ноталар эса пастига ёзилишини билиши керак. 3. Жамоа ва якка куйлай олиши. Бунда қоматини тик тутиб, эга бўлган қўшиқчилик малакаларини кўрсата олиши. 4. Қўшиқчилик диапазонини ривожлантириши (до (до#) 1-ре2). Қўшиқчилик малакалари 1. Товуш ҳосил қилиш устида ишлаш (енгил, юқори, жарангдор, куйчан). Мусиқа раҳбари қўшиқ ўргатиш жараёнида ўзи ёки яхши куйлайдиган бола мисолида кўрсатади. 2. Унли товушлар (а, о, у, э, и)ни тўғри талаффуз қилиш. Бунда мусиқа раҳбари куйлашдан олдин овоз созлаш машқларида (ля-ле-ли бўғинлари) қўллаши мақсадга мувофиқдир. 3. Қўшиқчилик нафаси устида ишлаш. 4. Дикция ривожи. Бола матнни мазмунини тушунган ҳолда тўғри куйлаши керак. 5. Интонация (строй) нинг софлиги ва тўғрилигига эришиш. Методик усуллар: 1. Қўшиқ куйлашдан олдин овоз созлаш. 2. Қўшиқни юқори ва паст тоналликларда транспортда куйлаш. 3. Куйни эшитиш қобилиятини ривожлантириш. 4. Куйни қўл характида кўрсатиш (дирижёрлик элементлари). Мусиқий асар таҳлилига намуна: «Янги йил арчаси» М.Абдушукурова шеъри А. Берлин мусиқаси Асар мактабга тайёрлов ёш болаларга мўлжалланган. Бу қўшиқнинг мураккаб жойлари кўп бўлиб, болаларда куйлаш фаолиятини такомиллаштиради. Қўшиқ диапазони ми 1 – до 2. Бу қўшиқда қишнинг зийнати, қуёнча, тулкича, қорбобо ва бошқа мехмонларни кутаётганлари ҳақида, умуман олганда, болаларнинг ҳаётида янги йил хотиралари ўчмас из қолдиради. Унинг ёрқинлиги, болалар эртак қаҳрамонлари билан ҳамнафасликда бўлганлиги болаларни ўзига жалб этади. Қўшиқ қийинчиликлари ва уларни бартараф этиш йўллари: 1. Қўшиқда сакрама ҳаракатлар кўп. Булар болалар куйлаши учун мураккаблир. Шунинг учун соф куйлашга алоҳида эътибор қаратиш керак. 2. Қўшиқда пунктир ритмларидан ҳам кенг фойланилган ва уларни аниқ талаффуз этиш керак. 3. Лигали ноталар. Бундай ноталар асосан жумлалар охирида учрайди ва буни тўғри ва соф куйлашга эришиш керак. Мусиқий ритмик фаолият Мусиқа тарбиясидаги фаолиятлардан болалар боғчаси учун энг муҳими ҳисобланган мусиқий ритмик фаолиятдир. Болалар боғчасида бу фаолият эрталабки бадантарбия машқлари сифатида амалга оширилади. Болалар машқларни ҳавоси тоза хоналарда ёки очиқ ҳавода ўтказилади. Бунинг учун бола кийими енгил ва қулай бўлиши керак. Мунтазам машқ бажариш болаларни елка, қорин ва бошқа аъзоларини мустаҳкамлайди. Оёқ учи ва тавон учун бажариладиган машқлар ясси оёқликни олдини олади. Бундан ташқари бундай машқлар болаларни қон айланиш тизимига таъсир кўрсатади. Мусиқий раҳбар машғулот ўтказиш жараёнида болаларга мусиқа остида ҳаракат қилишларига ёрдам беради ва уларга рақс элементларини ўргатиб боради. Мусиқий машғулотларни бошлашдан аввал болаларни мусиқа билан югуриш ва сакрашга ўргатиш лозим. Юриш – ҳар хил бўлади. Оддий қадамларни кенг ташлаш, турган жойида тиззаларни кўтариб, юмшоқ, чўзилиб оёқни учини юриш турлари мавжуд. Югуриш – бу оддий, енгил, оёқ учида қўлни юқорига кўтариб югуриш ва кенг қадамлар билан югуриш. Сакраш – бунда икки оёқда сакраш, оёқни жуфтлаб, оёқларни алмаштириб, бир оёқни олдинга иккинчи орқага қилиб сакраш, обручлар орасидан арқон билан сакраш турлари мавжуд. Нафас Мусиқий ритмик ҳаракат бажараётганда тоза ҳаводан нафас олиш керак. Бунинг учун болаларга тўлиқ нафас ва бурундан тўлиқ олишга ўргатиш керак. Болаларга машқлар жараёнида нафасни узуқ ушлаб турмаслик кераклигини уқтириш лозим. Ана шу вазифалар қўшиқ куйлаб рақсга тушганда ҳам катта ёрдам беради. 1 ёшли бола – мусиқа товушига импульсив реакция қиладилар ва улар тақлид қиладилар. Катталар мусиқага мос қандай ҳаракат қилсалар ёш болалар ҳам худди шундай қиладилар. 2-3 ёшли болалар – мусиқани ритмик англашга етарли равишда тайёр бўладилар. 4 ёшли болалар – ўйин ҳақида фикр айта оладилар ва қийин асарларга мос ҳаракатни қила оладилар. 5 ёшли болалар – ритмик ҳаракат ва машқлар ҳақида бемалол ўз фикрларини ҳаракатда ифода эта оладилар. Лекин, мусиқа темпини ўзгариши улар учун қийинчилик туғдириши мумкин. 6 ёшли болалар – мусиқа билан ҳаракатни бир-бирига мослигини ҳис этадилар. Ўйин жараёнида ҳаракат кетма-кетлигини ҳис этадилар. 7 ёшли болалар – мусиқани фаол идрок этадилар. Мусиқани ҳаракат билан боғлиқлигини ифодасини ҳис этадилар. Улар рақс, ўйин жараёнида мустақил ҳаракатлана оладилар. Бошланғич гуруҳларда ритмик ҳаракатларни бажариш, болаларни жисмоний ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этади. Бошланғич гуруҳ болаларининг овоз аппаратлари нозик, диққат эътибори тарқоқ, серҳаракат, ўйинга берилувчи, xотираси, нутқи тўлиқ ривожланмаган бўлганлиги сабабли мусиқа машғулотларида фаолият турлари тез-тез алмашиб туриши лозим. Мусиқага мос рақс, ўйин ҳаракатларини бажариш, болалар диққатини жамлашда, xотирасини мустаҳкамлашда ва жисмонан ўсишига ёрдам беради. Машғулотлар давомида қуйидаги ҳаракат турларидан фойдаланиш тавсия этилади: марш мусиқаларига қадам ташлаш, югуриш рақси элементларини бажариш, мустақил ўйинлар ўтказиш, мусиқали ҳаракатларни, турли қўл ва тана ҳаракатлари билан ифодалаш. Маълумки, миллий мусиқа маданиятида рақс муҳим ўрин тутади ва унга ҳар бир бола қизиқади. Рақс ҳаракатлари мусиқа машғулотларида болалар фаоллашувини оширади. Энг муҳими шундаки, рақс ва ритмик ҳаракатлар воситасида болаларнинг мусиқий иқтидори, ритм туйғуси фаол ривожланади. Ҳар бир ҳаракат турини мусиқа раҳбари олдиндан белгилайди ва ўзи уни аниқ, гўзал ва ифодали қилиб кўрсатиб беради. Ҳар бир ҳаракатни бажаришдан олдин, унга доир мусиқа мазмунини аввал онгли равишда тинглаб ёки куйлаб, сўнгра ҳаракатлар бажариш яxши натижа беради. Болалар мусиқали ўйинларга ҳам жуда қизиқадилар. Кўп мусиқий асарлар мазмунида ўйин методларидан фойдаланиш мумкин. Машғулотлар жараёнида бажарилган ҳар бир мусиқий ҳаракат тури, мусиқали ўйинлар, болаларни xотирасини мустаҳкамлайди, нутқини ўстиради, жисмоний соғлом бўлишга кўмаклашади ва уларни руҳлантириб, мусиқа машғулотларига қизиқишини оширади. Чунки, кичик гуруҳ болаларининг диққат-эътиборининг тарқоқ, овоз аппаратлари кучсиз, мусиқий ўқув қобилиятлари тўла шаклланмаган, серҳаракат, ўйинга мойил бўладилар. Бунда машғулотларнинг тузилиши педагогик мақсадларга қараб машғулотларни xоҳлаган машғулотлар фаолиятидан бошлаши мумкин. Бундан мақсад, болаларни мусиқага қизиқтира олиш, мусиқий қобилиятларини ўстириш, машғулотлар фаолиятларини бир-бири билан чамбарчас боғлаб мазмун жиҳатдан мантиқий бир бутунликка эришишдир. Демак, янги дастур мазмунида машғулотлар ўтиш учун, мусиқа мусиқа раҳбариси ижодкор бўлиши, мусиқадан зарур билимларга ҳамда ашулачилик малакаларига ва мусиқий ритмик ҳаракатларни ўргатиш методикасига ва унга керак бўлган кўникмаларга эга бўлиши лозим. Болалар чолғу асбобларида ижро этиш фаолияти Мусиқа машғулотларида бу фаолият тури энг қизиқарли жараёнлардан биридир. Бу фаолият болаларни ижодкорликка ундайди. Болалар чолғу асбобларида жонли товушли ўйинчоқлар сифатида ҳар бир болани қизиқтиради. Чапак ва болалар чолғу асбобларида ритмик жўр бўлиш, мусиқанинг характер ва образларни чуқурроқ ҳис этишда, уларга мос эмоционал туйғулар ҳосил қилиш, айниқса, болаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантиришда мухим аҳамият касб этади. Мусиқа машғулотларида болалар чолғу асбобларидан фойдаланиш ижобий натижалар бериш билан бирга болаларнинг машғулотга интилувчанлиги, қизиқиши ва мусиқий ўқувини (хотираси, ритмни ҳис қилиш туйғусини, нутқини) ўстиради. Бу борада кўплаб педагогик олимлар методик қўлланмалар яратганлар. Илмий ишлар ва тадқиқотлар олиб борганлар. Мисол қилиб, Н.А.Ветлугинананинг «Мусиқий алифбо», Н.Г.Кононова «Обучение дошкольников игры на детских музыкальных инструментах» китобларини таъкиблаб ўтиш мумкин. Ундан ташқари Мустақилликка эришилгандан сўнг ўзбек халқ чолғуларида ижрога катта эътибор қаратилди. Ва айнан болалар ёшига мос келадиган ўзбек халқ чолғулари ясатилди. Бу асбобларнинг катталар ижро этадиган асбоблардан фарқи — бу асбоблар шакл жиҳатдан кичкина. Болаларнинг қўлига тўғри келади, яъни ижро вақтида болаларга қийинчилик туғдирмайди. Энди бу асарларни ҳаётга тадбиқ этиш учун маълум бир ўқув қўлланма талаб этиларди. Бу борада Ўзбекистон Давлат Консерваторияси профессор-ўқитувчиси А.Левиев «Ўзбек халқ чолғуларида ижрочилик» номли китобини ҳаётга тадбиқ этди. Бу китобнинг ўзига хослиги шундаки, биринчидан, ўзбек композиторларининг болалар учун ёзган қўшиқларидан фойдаланилган. Бу болаларда таниш бўлган қўшиқларни чолғуларда ижро этиб куйлашларига катта туртки бўлади. Иккинчидан, айнан ўзбек халқ куйларидан намуналар келтирилганлигидир. Бу боғча болаларида ёшлигидан ўзбек халқ куйларида меҳр-муҳаббат ҳиссини, уларга ҳурматини уйғотади. Болалар ўзлари ўзбек халқ куйларини чолғуда ижро этишса, анчагача эсларида қолади. Учинчидан, бу чолғулар тафсифи, уни ижро этиш малакалари ва кўникмалари батафсил ёритиб берилади. Лекин бу китобнинг мураккаб жиҳати — болаларда машғулоти жараёнида қўллаш қийинчилик туғдиради. Бу масалани бартараф этиш учун машғулотдан ташқари вақтда қўллаш керак. Ёд бўлган куй ва қўшиқлада байрам эрталиклардан ва тантаналарда болалар ижро этишса ўзларини кичкина созандалар деб ҳис қиладилар. Турли тантаналарда ижро этилган куй ва қўшиқлар анчагача хотирада мухрланиб қолади. Болалар чолғу асбобларда жўр бўлишда, аввал, болалар чапак чалиб, ритмик жўр бўладилар. Мусиқа раҳбари болалар куй ритмини тўғри ҳис этиб ижро этишлари учун, болаларга стол устида териб қўйилган чолғу асбобларида чалиб, мусиқага жўр бўлиши хақида батафсил сўзлаб бериши лозим. Сўнг бирор чолғуда куйни ўзи ижро этиб чапак билан жўр бўлишини кўрсатади. Кейин барчани куйга чапак чалиб, жўр бўлишни таклиф этади ва ижро жараёнини диққат билан кузатиб, болалар чолғу асбобларини тарқатиш учун илғор ва зеҳнли болалардан бирини тайинлайди (биринчи марта илғор болаларни танлашдан мақсад куй чиройли ва тўғри бўлиб ижро этилса кейин қолган болалар ҳам ўз тенгдошлари ижро этганларидек чалишади). Биринчи ижродаги ютуқ ва камчиликларни бартараф қилиш учун яна бир такрорлаб чиройли, тўғри ижро этилиши керак. Сўнгра мусиқа рахбари ижро этмаган болаларга чолғуасбобларида жўр бўлишни таклиф этади. Шу тарзда гуруҳдаги барча болалар галма-гал чолғу асбобларида жўр бўлишга ундаб, уларнинг қизиқишини оширади. Чолғуларда чалишга ҳамма интилади, албатта. Шунинг учун берилган асарни болалар хато қилмай мусиқани ҳис этишга ва хотирада сақлашга ҳаракат қиладилар. Кейинчалик ижрочилик турлари мураккаблаштирилади. Айни шу ҳолда гуруҳни 2 жамоага бўлиб, 1-жамоа чапак чалиб, 2-жамоа эса овозда учул бериш билан ёки чолғу асбобида хам жўр бўлишлари мумкин. Бу усулнинг яна бир фойдали томони шундаки, болаларда жамоа бўлиб куйлаш малакаларини, кўповозли куйлашнинг илк малакаларини ривожлантиради. Ижро этишнинг яна бир тури — болалар дойрада усулни аниқ ва текис чалиб туради. «Бум»га 1-жамоа болалари, «бак»ка эса 2-жамоа болалари жўр бўлишади. Буни иложи бўлса магнитофон тасмасига ёки ёзувга ёзиб олиб бажариса ҳам бўлади. Шунингдек, куйни динамик белгилари ва ифода воситаларини кўрсатиб туриш учун карточкалардан фойдаланса ҳам бўлади. Бундай машғулотлар — қизиқарли ўтади, болалар билим ва кўникмалари мустаҳкамланади ва мусиқий қобилиятлари ҳар томонлама ривожланишни таъминлаиди. Мусиқа машғулотларида болалар чолғу асбобларини қўллаши, тарбиячидан катта масъулият, ижодкорлик ва топқирликни талаб этади. Болалар мусиқа чолғулари характеристикаси Болалар мусиқий ўйинчоқлари ва мусиқий чолғуларда товуш ҳосил бўлиши ва товуш сифатига кўра маълум гуруҳларга бўлинади. Болалар мусиқа чолғулари асосан иккита гуруҳга, яъни товуш баландлигига эга бўлган (мелодик) ҳамда уриб чалинадиган (мелодик булмаган) чолғуларга бўлинади. 1. Уриб чалинадиган (мелодик бўлмаган) ритмик чолғулар: дойра, ноғорачалар, кайрок, клавес, блоклар, тамбурин, барабан, марокас, учбурчак, румба, ёғоч кошиклар, тарелкалар. Шу чолғуларнинг баъзиларининг тавсифини келтирамиз: Клавес – палисандр дарахтидан тайёрланган иккита таёқча, бир бирига уриб овоз чиқарилади. Уларни ушлаганда (бош ва кўрсаткич бармоқлар ёрдамида) ёғоч учалри буш булиши керак. Барабан – икки тарафи тери билан копланган темир цилиндр. Товуш ёғоч таёқчалар ёрдамида марказига уриш орқали ҳосил килинади. Маракас – иккита пластмасс шар, уларнинг ичида тошчалар ҳаракатланади. Бу чолғунинг товуши оғирроқ бўлгани учун болани тез чарчатади. Шунинг учун эхтиёт бўлиб фойдаланиш зарур. Қўлда ушлаб, майин ҳаракат билан силкитиб товуш ҳосил қилинади. Учбурчаклар – чалиш пайтида осиб қўйилади ёки чап қўлда тасмачасидан ушлаб турилади ва ўнг қўлда металл тайёқча билан урилади. Тез темпда таёқчани учбурчакнинг ички икки ёнига уриб «тремало» ижро этиш мумкин. «Нозик», «ялтироқ», қисқа товушга эга. Тарелкалар – барабанчага мустаҳкамланади ёки чап қўлда ушлаб турилади. Иккита ёғоч тайёқча билан баробар ёки алоҳида-алоҳида чалиш мумкин. 2. Мелодик чолғулар: товуш баландлигига эга бўлган металлофон, ксилофон, металлофон ва ксилофон альт (С1-С2), металлофон ва ксилофон сопрано (С2-С3), кўнғироқчалардан иборат: Бу чолғуларнинг асосий созланиш тоналлиги – До мажор. Алмаштириладиган пластинкалар яқин тоналликларда ижро этиш имкониятини беради. Энг пастки товуш доимо тоника бўлади. Ижро пайтида чолғулар ўқувчининг бел қисми баландлигида булиши лозим. Таёқчаларни бош ва кўрсаткич бармоқлар орасида енгил ушлаш керак. Бунда қўллар тирсакдан билакларгача эркин ҳолатда булишига эътибор тортилади. Аввал болаларга товушни икки қўл билан ҳосил қилиш таклиф қилинади. Бунда иккала қўлнинг баландлиги бир хил бўлиши лозим. Ҳар бир чолғунинг ўз таёқчалари бор: - ксилофонда – қаттиқ пробкали таёқчалар билан чалинади. - металлофонда резина таёқчалар билан ижро этилади. - кўнғироқчаларда – ёғоч таёқчалар билан ижро этилади. Булардан ташқари чолғуларнинг бошқа турлари ҳам мавжуд. Товушсиз чолғулар . Буларга мусиқий чолғуларни ифодалайдиган ўйинчоқлар киради. Масалан, товушсиз фортепиано, рояль ва бошқалар. Булар болаларга ўйинни қизиқтириш учун хизмат қилади. Мусиқий ўйинлар эса ижодий ва мусиқий эшитувни ривожлантиради. Товуш баландлиги аниқ бўлмаган чолғулар — барабан, шақилдоқ, учбурчак, қоғора, сафойил, қутича, кастанета. Фақат бир товушни берувчи ўйинчоқ — чолғулар. (булар ритмни чалиш учун қулай бўлади) — сурнайча, най, рожки, сверель ва бошқалар. Маълум бир куйнигина ижро эта оладиган чолғу ўйинчоқлар. Масалан мусиқий шкатулка, мусиқий қутича. Буларни чалиш механик тус олади. Хроматик ва диатоник товушқаторли ўйинчоқ-чолғулар — металлофон, пианино, рояль, кларнет, саксофон, лаб гармони, баян ва бошқалар. Урма зарбли чолғулар. Ёғоч қошиқлар. Бу чолғу болалар боғчаларининг ансамблларида, мусиқа машғулотларида ва байрам тантаналарида ижро этилади. Бу чолғу болаларнинг римтик ҳиссини ривожлантиради. Учбурчак — ансамбль, оркестр ва қўшикларда жўр бўлади. Товуш асбобга енгил урилиши билан ҳосил бўлади. Мусиқий болғача — икки томонлама пласмассадан ясалган болғасимон чолғу. Болға даста ва ҳаво тўлдирилган товушчиқарадиган асосдан ташкил топган. Бу ўйинчоқ — чолғу кичик гуруҳ болаларида ката қизиқиш уйғотади. Ундан ташқарии ўрта гуруҳ болаларида ритмни ҳис қилишга ўргатади. Қўнғироқлар. Бу чолғулар шакл жиҳатидан ката-кичик бўлади. Бу болаларда мусиқий эшитув қобилиятини ривожлантиради. Турли шаклдагилари турли баландликка эгадир. Масалан катталиги жиҳатидан турли бўлган учта қўнғироқларни қўллашдан мақсад болалар товушларни юқори ва пастларини фарқлай оладилар. Оркестрларда катта қўнғироқлар мавжуд. Бу айрим куйларда пастки товушни алоҳида ижро этиш учун белгиланган. Металлофон. Бу асбоб ёғоч таёқчала рва таёқчаларга уларган метал пластинкалардан иборат. Мусиқий зина — етти босқичдан ташкил топган товушқаторни эслатадиган зина. Зинанинг асоси ёғоч ёки металл. Бу чолғу иккита таёқча билан ижро этилади. Бу болаларда ноталарнинг жойлашуви ва юқорига йўналишини кўрсатиб беради. Бу чолғуда ижро этиш катта ва мактабга таиёрлов гуруҳ болаларига мўлжалланган. Урма клавишли чолғулар. Пианино, рояль. Бу чолғулар катта ва мактабга тайёрлов гуруҳ болаларига мўлжалланган. Бу асбобларни машғулот давомида ва машғулотдан ташқари вақтда ҳам фойдаланиш мумкин. Машғулот давомида мусиқий дидактик ўйинлар жараёнида тадбиқ этилса, боланинг машғулотга қизиқиши ошади. Дамли чолғулар Дамли чолғуларга кларнет, саксофон кабилар киради. Уларда ижро этишни индивидуал тарзда ўзлаштирилади. Дамли гармоника. Бу асбобда товуш ҳосил қилиш учун пуфлаб клавишларини босиш билан чалинади. Асбоб 6-7 ёшли болаларга мўлжалланган. Триола асбоби. Ранг-баранг клавишларга эга бўлган болалар мусиқа чолғуси. Бу асбобда пуфлаш билан бирга клавишларини босиб товуш чиқарилади. Бу асбоб ёқимлилиги билан бошқа асбоблардан фарқ қилади. Дойрада ижро этишдаги ҳолат. Дойрада белни букчайтирмасдан, ўтириб, кифтларни эркин, бошни тўғри тутиб, тирсаклар танадан сал нарирокда ушлаган холла чалинади. Дойра икки қўл билан, нотани кўриб туриш учун қўлларни танадан сал чапроққа қайириб ушлаб чалинади. Ўнг кўл: бош бармоқ дойра гардишини ташқи томонига, қолган панжалари эса дойранинг пардаси (мембранаси)га зарб уриш учун эркин ҳолатда ушланади. Чап кўл: бош бармоқ гардишни ички томонида туради, қолган бармоқбар эса товуш чиқариш учун хизмат қилади. Дойранинг вазни асосан чап қўлга тушади. Дойра чалиш усуллари Дойра муайян бир товуш баланд-пастлигига эга бўлган урма чолғу асбоби гуруҳига киради. Дойра турли-туман ритмик ва динамик имкониятларга эга бўлиб, дойрачи икки қўл ва барча бармоқларнинг зарбларидан файдаланади. Кичик ноғоралар Кичик ноғоралар маълум бир созда созланмайди, лекин уни оловда ёки электр иситгич олдида қиздирилганда товушнинг жарангдорлиги кучаяди. Иккала кичик кўзалар сози бир-бирига нисбатан тахминан квартага тушади. Бу асбобларга ёғоч таёқча билан уриб товуш чиқарилади. Ноғоранинг бирмунча чуққурроқ товуши ўзига хос тус билан ажралиб туради. Ноғора партиясини ёзиш учун битта чизиқдан фойдаланади. Нота чўзимлари чизиқнинг устига ёки остига ёзилади. Чизиқнинг остига ёзилган ноталар пастроқ создаги кўзачага урилади, устига ёзилгани эса юқори создаги кўзачага урилади. Сафойил Сафойил — жарангдор чолғу бўлиб, 2 та ёғоч дастачаларга маҳкамланган, 2 та катта буралган халқалардан иборат. Ҳар бир катта халқага 15 тадан кичик халқачалар ўтказилган. Бу халқачаларнинг жарангги ўнг еткага уриб ёки ҳавода тез-тез ҳаракат билан олдинга силкитишдан келиб чиқади. Сафойил партияси битта нота чизиғида ёзилади. Қутича Қутичалар қаттиқ дарахт туридан ясалиб, ҳар хил йирикликда бўлиши мумкин ва унга ёғоч чўплар билан уриб чалинади. Қутичани чап қўлда ушлаб, ўнг қўл билан ёғоч чўпларини қутичанинг ўрта қисмига ўриб чалинади. Баъзан бир жуфт ёғоч чўп билан ҳам ижро этилади. Бунда қутича стул устига қўйиб чалинади. Кичик гуруҳларда чолғуларни ижро этишга ўргатиш малакалари Мусиқа чолғуларида ижро этишга ўргатиш кичик ёшдан бошланади (2-3 ёш). Болалар мусиқа чолғуларининг товуш баландлигини фарқлай олишга эришиш керак. Шиқилдоқ ва бубенларни фарқлаши керак. Болалар билан ишлаш жараёнида мусиқий ўйинчоқлардан фойдаланилади. Масалан сурнайча ва бошқа ўйинчоқлар асбобларга нисбатан қизиқиш уйғотади. Болалар билан турли дидактик ўйинларда чолғуларни қўллаш мумкин. Масалан, урма зарбли чолғулар болаларда катта қизиқиш уйғотади. Болаларда ритмни ҳис қилиш туйғусини ривожлантириш айнан шу ёшдан бошлаш керак. Турли зарбли урма чолғу ўйинчоқлардан фойдаланиб, ритмнинг аниқ ижросига эришиш мақсадга мувофиқдир. Ўрта ёшда ижро этиш Ўрта гуруҳ болаларида ижро этишга зарбли чолғуларга яна бир янги чолғу қўшилади. Бу металлофонда ижро. Бу чолғуда болаларнинг ҳисси, хотираси ва эшитиш қобилияти ривожланади. Болаларга чолғуни мусиқа машғулоти давомидатаништириш керак. Лекин унда ижро этиш ва маълум бир куйни ўргатиш эса машғулотдан ташқарии ўтказилади. Металлофонда ижро этишга ўргатишдан олдин унинг таёқчасини тўғри ушлашга, у билан тўғри фойдаланиш, товуш чиқариш устида ишлаш керак. Масалан, таёқчани қўлини қаттиқ зўриқтириб ва қисиб ушласа талаб этиладиган товуш чиқмайди. Бирор бола ижро этишга таклиф этилади. Уни болалар кузатиб туришади. Бола қўлидаги таёқчани қисиб ушлаётганини мусиқа раҳбари тушунтириб беради. Катта гуруҳ Катта гуруҳ болаларига ижро этишни ўргатар эканмиз улар олдига янада мураккаброқ масалани қўямиз. Уларга таниш бўлган қўшиқларни ва куйларни якка ва оркестрда ижро этишга ўргатамиз. Бу даврда болалар мусиқа асбобларининг барчасини қўлласак бўлади. Айнан шу даврда болаларга ижодкорлик малакаларини ҳам шакллантириш мумкин, чунки болалар чолғу асбоб ҳақида етарли даражада малака ва кўникмаларга эга. Улар фақат ритм ёки жамоа бўлиб бир нотани ижро этардилар. Энди бу даврда ҳар бир чолғунинг индивидуал партиясини ижро этишлари талаб қилинади. Бу болаларда ўзларини партияларини ижро этиш билан бир қаторда ёнидаги ўртоғини ҳам ижросини тинглай олиш мақсадда тутилади. Мактабга тайёрлов гуруҳи Мактабгача тайёрлов гуруҳи болалари ижросига алоҳида эътибор берилади. Бу даврга келиб болалар чолғу асбоблари билан батафсил танишадилар. Унинг имкониятларини тўлиқ ўрганиб чиқадилар. Болалар нафақат мусиқа раҳбари, балки ўзлари мусиқий ансамбль туза оладилар. Бу даврда ижрога ҳар бир машғулотда 5-10 дақиқа сарфлаш керак. Бу жараён тизимийликни ва изчилликни талаб қилади. Қўланилаётган асарлар мураккаблашиб боради. Ўргатиш вазифалари. Мактабгача ёшдаги болалар тарбия дастурига кўра чолғуларда ижрочиликка ўргатиш ишларини катта, ўрта ва мактабгача тайёрлов гуруҳларида олиб бориш кўзда тутилади. Дастур мазмунига кўра қуйидаги вазифалар белгиланган: 1. Болаларда катталар ижро этган асарларни идрок этиши; 2. Болаларда чолғу малакаларини ошириш. Болалар қуйидагиларни билишлари лозим. 1. Чолғулар ном ива уларнинг кўринишлари. 2. Чолғуларнинг жаранглаш характери. 3. Чолғулардан фойдаланиш йўллари. 4. Турли чолғуларда баланд ва паст жойлашуви. 5. Ноталар номларини ва уларни асбобларда жойлашувини. Болалар қуйидагиларни ўрганишлари лозим: а) Турли чолғу асбобларида ижро этишнинг оддий усулларини; б) Пуфлаб чалинадиган асбобларда нафасни тўғри сарфлаш; в) Учбурчак ва тарелкалар (шу жумладан барча урма-зарбли чолғулар)ни чалганда товушни пасайтира олиш; г) Ансамблни ҳис қилиш, ансамбл темпига эътибор бериш ва шу темпда ижро эта олиш; д) Ритмик ва мелодик машқларни эркин ижро этиш ва импровизация қила олиш. Болаларга чолғу асбобларида ижро этишга ўргатишда бир қанча босқичлардан олиб борилади. Булардан: 1) чолғу асбобини ташки кўриниши билан таништириш; 2) бир неча машғулотлар давомида ижро асари болаларга таништирилади; 3) чолғу гуруҳларга бўлиб ўргатилади; 4) умумий машғулотларда бошқа чолғулар билан таништирилади. 5) уриб чалинадиган чолғуларга камроқ меҳнат талаб этилади. Шунинг учун 1-машғулотда 2-3 та чолғу асбобини таништириш керак. Болалар чолғуларида ижрога ўргатиш методлари Асбоблар турли гуруҳларга бўлинганлиги учун уларнинг ҳар бирига индивидуал ёндошмоқ лозимдир. Мусиқа чолғуларида ижро этиш методикасида пухта ўйлаб чиқилган дастур асосида олиб борилади. Улардан: — асарнинг ифодали ижроси, ижро усулларини кўрсатиш ва тушунтириш; — болаларга асбобларни мустақил ушлаб кўриш, уни кўздан кечиришга бериш; — улар олдига мураккаб бўлмаган ижро вазифаларини кўйиш; Бу методларни уйғунликда қўллаш мақсадга мувофиқдир. Асарга қўйилалиган талаблар. 1. Болалар ёшига ва билим даражасига мослиги. 2. Бадиий ва тасаввурга бойлиги. 3. Тарбиявий аҳамиятга эгалиги. 4. Ижронинг қулайлиги, енгиллиги ва равонлиги. 5. Ритм жиҳатдан аниқлиги. Энди 2та асарни ижро методини кўриб чиқамиз. 1. Н.Норхўжаевнинг «Наврўзим —шўх созим» 2. Ўзбек халқ куйи «Яллама — ёрим» «Наврўзим — шўх созим» Х.Рахмат шеъри Н.Норхўжаев мусиқаси Асар қўшиқ бўлиб, катта гуруҳ болаларига мўлжалланган. Асарда барча асбоблар (рубоб, соз, танбур, қонун, дойра, ноғора, сафойил, қутича) иштирок этади. 1. Асарнинг кириш қисмини фортепиано жўрлигида дойра ва ноғора ижро этишади. Қолган асбоблар ижро этишмайди. Бунда болаларга ўзлари ижро этгунларига қадар дўстларини ижросини диққат билан тинглашга ундайди. 2. Асосий қисмда барча чолғулар ўз партияларини ижро этишади. Бу жараёнда болаларда бирга бошлашни ва темпдан олдин шошиб ёқи орқага чўзиб қолишни бартараф этишга қаратилшган, яъни болалар ўзлари ижро этатган асбобдан ташқари ёнида турган ўртоғининг чалишини эшита олиши ва камчиликларини айта олишга эришиш керак. 3. Асарда берилган узун ва қисқа чўзимли ноталарни текис ижро этишлари. 4. Бу асарада сафойил ва қутича фундамент, яъни асос вазифасини бажаради. 5. Асар қўшиқ бўлганлиги учун гуруҳнинг бир қисм болалари чолғуларда ижро этишса, бир қисми эса кўйлашлари мумкин. Бу қўшиқ байрам тадбирлари репертуаридан кенг жой олиши мумкин. «Яллама ёрим» (Ўзбек халқ куйи) Куй мактабга тайёрлов гуруҳи болалари ижросига мўлжалланган. Асарни фактура жиҳатдан мураккаблиги учун 4-5 машғулот дараёнида ўрганилади. Асарни ўрганиш жараёнида мусиқа раҳбари асбобларни гуруҳларини машғулотдан ташқарии йиғиб тайёрлаши керак, чунки машғулот давомида болалар билан ижро устида ишласа қолганлари зерикади ва кутишдан чарчашади. Бу ўрганиш жараёнини ва болалар қизиқишини сустлаштиради. Асарни ўрганишда машғулотларни аниқ вазифаларга йўналтириб ўтилади: 1-машғулот. Мусиқа раҳбари асарни ифодали ва қизиқарли қилиб ижро этади. Мусиқа раҳбари болалардан: «Бу асарни ижро этишда қандай асбоблардан фойдаланса бўлади ёки «Бу асар қандай жанрга мансуб?» - деган саволни ўртага ташлайди. Бу болаларда рақс жанри ҳақида ҳам маълумотга эга бўлишлари мумкин. 2-машғулот. Мусиқани яна бир бор ижро этгандан кейин бахс бошланади. Болалар ўз тасаввурлари ва фикрлаш қобилиятларидан ва дунёқарашларидан келиб чиқиб турли жавобларни беришлари мумкин. Шунда мусиқа раҳбари болалар фикрини жамлаб якуний бир фикрга, яъни бу «халқ» куйи эканлигига келтиради. 3-машғулот. Мусиқа раҳбари фортепиано жўрлигида дойрада ижро этишга ҳаракат қилади. Унда усул ҳисси кучли бўлган болани ижрога таклиф қилади. Асар 2-3 марта ижро этилгандан кейин болалар хотирасида қолади. Куйни овозда тахминий ижро эта олганларидан кейин қолган зарбли урма чолғуларни ижрога қўшса бўлади. 4-машғулот. Машғулотдан олдин асбобларни созлаб болаларга ўргатиш керак. Чунки болалар ҳаяжонланиб, ижро этишлари қийинлашади. 2-3 марта оркестр чолғулари (рубоб, соз танбир, дутор, танбур, қонун) биргаликда ижро этишлари яхшилангандан кейингина урма зарбли чолғуларни бирлаштирса бўлади. Машғулот давомида яхши ижро этишганидан сўнг бирор бир чолғуга бошқа болаларни иштирок эттирса бўлади. Чунки ҳар бир бола ижро этиб кўришга ўзини оркестр чолғучиси сифатида кўришни хохлайди. 5-машғулот. Оркестр жўрлигида қолган болаларга рақс элементларини ўргатилса, улар рақсга тушишади, яъни байрам тадбирида бир гуруҳ болалар ижро этишса, иккинчи гуруҳ болалари рақсга тушишади. Бунда болалар байрам вақтида зерикишни ҳис қилишмайди ва ҳаммалари иштирок этадилар. Хулоса қилиб айтганда, болалар чолғуларида ижро этишга ўргатиш, ва уни ҳаёти давомида қўллаш болаларга катта завқ улашади. Улар ўзларини созанда сифатида кўрадилар. Бу уларда ижрочилик иқтидорини шакллантиришга бир туртки бўлиши ҳам мумкин. Мусиқа машғулотлари “Уч минг йилликнинг боласи” мактабгача таълим муассасаларининг дастури давлат ҳужжати бўлиб, мусиқа раҳбарини таълимий-тарбиявий иши, болаларни баркамол тарбиялаб мактаб таълимига тайёрлашини назарда тутади. Мусиқа машғулотларини режалаштирар экан, педагог болалар ақлий, жисмоний, эмоционал юкламаларини ҳисобга олиш керак ва шунга кўра ўрганадиган репертуар ва фаолият турларини кетма-кетлигини тўғри тузиш керак. Ўқув материалини мураккаблигига кўра хилма-хилдир: кўпроқ ақлий фаолияти, диққатни талаб қиладиган вазифаларни машғулотлар бошида бериш керак. Куйлашдан олдин мураккаб жисмоний машқларни бериш мумкин эмас, чунки бундай машқлар болаларни нафас олишларини қийинлаштиради. Амалиётга кўра фаолият турларини қуйидагича бериш мақсадга мувофиқ. Машғулот бошида кичик мусиқий-ритмик машқлар улар бирорта рақс элементлари ҳам бўлиши мумкин. Бундай ҳаракатлар бола диққатини жамлайди. Ритмик машқлардан сўнг болалар ўтирадилар ва мусиқа тинглайдилар. Кейин эса қўшиқ куйлашга ўтадилар. Болалар бир машқ давомида 2-3-та қўшиқ куйлашади. Масалан, марш, рақс, қўшиқ жараёнида мусиқа саводидан хабардор бўладилар. Бундай машғулотлар мавзули машғулотлар дейилади. Яна бири бу комплекс машғулотлардир. Бунда болалар билан фақат мусиқа, балки, адабиёт ва тасвирий санъат билан шуғулланадилар. Бундай машғулотлар асосида учта санъатни бирлаштирувчи бадиий образ ётади. Масалан, “Қиш завқи”, “Куз келди”, “Баҳор”. Ҳар бир боланинг мусиқий қобилиятини ва мақсадга мувофиқ ва ҳар томонлама таълим-тарбия берувчи машғулотлардир. Уларда ҳар хил фаолият турлари: куйлаш, ритмик ҳаракатлар бажариш, мусиқа тинглаш, мусиқа саводи билан танишиш каби фаолиятлар узвий боғлаб олиб борадилар. Мусиқа фаолиятини бажариш болаларни фаолроқ бўлишларига асос бўлади. Ташкил этиладиган байрамлар ҳам қизиқ ва муваффақиятлироқ ўтади. Мусиқа машғулотлари бутун гуруҳ билан бир вақтда ўтказилади. Унинг мазмуни ва тузилиши болалар ёши ва бериладиган вазифаларга боғлиқ. Бир яшар болаларда машғулотлар қисқа ўтади. Бир ярим яшар болаларда 10-13 дақиқа олиб борилади. Мусиқа машғулотлар 2-гуруҳдан бошлаб ҳафтасига икки марта ўтказилади. Мусиқа мазмуни – қўшиқ ўргатиш, мусиқа тинглаш, ритмик ҳаракатлар бажаришни қамраб олади. Болаларни билим ва малакаларига қўйилдиган талаблар ҳар бир гуруҳ учун фаолият турига қараб тузилади. Бундай машғулотларнинг қийинлиги шундаки, болаларнинг диққатини бир фаолиятдан иккинчи фаолиятга кўчириш керак бўлади. Шу кетма- кетликни режа асосида амалга ошириш мураккабдир. Чунки болаларнинг психологик хусусиятларини ҳисобга олсак улар бугун ўрганган асарларини кейинги сафар унутишлари мумкин. Мусиқий эрталиклар ва байрамлар Мактабгача таълим муассасаларидаги эрталиклар ва байрамлар давлатимизнинг муҳим воқеалари билан боғлиқ тарзда ташкил этилади. Турли хил байрамларга бағишланган эрталикларда болалар мамлакатимизнинг муҳим саналари ва байрамлари билан танишиб борадилар. Бундай эратликларда мусиқа асосий ўринда туради. Бундай эрталикларда болалар қўшиқ куйлайдилар, рақсга тушадилар, болалар мусиқий чолғуларида ижро этадилар. Бундай байрам-эрталиклар учун атайлаб сценарийлар ёзилади. Сценарийлар мавзуси байрам руҳига яқин бўлиши, турли хил шеърлар, куй ва қўшиқлардан ташкил топган бўлиши керак. Демак, байрам эрталикларидаги репертуар хилма-хил бўлмоғи лозим. Танланадиган репертуарнинг мазмуни байрам мазмуни билан ҳамоҳанг бўлиши муҳим. Давлатимиз байрамларидан ташқари мактабгача таълим муассасаларида ҳайрлашув кечалари ҳам ташкил этилади. Бунда асосан, тайёрлов гуруҳлари болалари иштирок этиб, улар боғча билан ҳайрлашиб мактабга йўлланма оладилар. Байрам эрталикларидаги сценарий мусиқий фон остида намойиш этилади. Шунинг учун мусиқа раҳбари ҳар бир, ҳодиса ва ҳолатлар учун мос бўлган мусиқа намуналарини танлаши ўта муҳим шартлардандир. Бундан ташқари кеча ўтказиладиган залларни ҳам байрам кайфиятига мос жиҳозлаш даркор. Юқоридаги шартларни бажарилиши байрам- эрталикларни кўтаринки руҳда ўтказилишини таъминлайди. Мусиқа раҳбари (ўқитувчиси)га қўйиладиган асосий талаблар Замонавий педагогика таълим тизимининг мақсади, янги тоифага мансуб бўлган мусиқа ўқитувчисининг умумий ва касб камолотига эришишдан иборат, чунки умумий ўрта таълим мактаби раҳбари олдига унинг касб малакасига ва шахсий ҳислатларига нисбатан юқори талаблар қўймоқда. Ҳар қандай педагоглик касби мураккаб ва серқирра жараёндир, шунинг учун бу касб қайси соҳага тегишли бўлмасин, мусиқий раҳбар олдига кўпгина талабларни қўяди. Таълим-тарбиянинг барча соҳаларининг мақсади баркамол шахс тарбиясидир. Лекин бу борада мактабгача таълим муассасаларидаги эстетик туркумга кирувчи фанлар – мусиқа, тасвирий санъат, адабиёт ва уларнинг ўзаро алоқадорлиги асосий ролни ўйнайди. Жумладан, мактабгача таълим муассасаларидаги “мусиқа” машғулотлари мусиқий раҳбарлари ҳам махсус билимлар, кўникма-малакалар, педагогик қобилият ҳамда педагогик маҳоратга эга бўлмоқлари лозим. Маълумки, “мусиқа” машғулотлари тўртта мусиқий жараённи ўз ичига олади: 1. Қўшиқ куйлаш; 2. Мусиқа тинглаш; 3. Мусиқа остида ритмик ҳаракатлар бажариш. 4. Болалар мусиқий чолғу асбобларини чалиш. Мана шу тўртта жараён бир-бири билан узвий боғланган ҳолда ўтилиши мақсадга мувофиқдир. Болаларда юқори натижаларга эришиш учун мусиқа ўқитувчиси мусиқий билимларни: гармония, полифония, сольфеджио, мусиқа назарияси, мусиқа тарихи, мусиқа адабиёти, мусиқий асар таҳлили ва яна бирорта мусиқий асбобни чалишни билиши зарурдир. Лекин юқорида айтилган билимларни эгаллашнинг ўзи етарли эмас. Мусиқа (раҳбари) ўқитувчиси машғулот жараёнида мусиқа ҳақида болаларга жуда қизиқарли, саводли ва образли қилиб, ҳар хил иллюстрацияларни қўшган ҳолда гапириб бера олиши ҳам керак. Бирор композитор ёки бастакорларнинг асарини ўрганиш жараёнида, шу асар ҳақида, асарнинг муаллифлари ҳақида, асар яратилган давр ҳақида тўлиқ маълумот бера олиши зарур. Асарнинг лади, тонлигини, тузилишини, аккордлар функциясини ва ҳоказоларни билиши лозим. Булардан ташқари мусиқа ўқитувчиси олдига амалий вазифалар ҳам қўйилади: 1. Берилган қўшиқни куйлаб бера олиши; 2. Куйга аккомпонимент чала билиши; 3. Бемалол транспозиция қила олиши; 4. Дирижёрлик қила олиши керак ва бошқалар... Мусиқа ўқитувчиси нафақат ўз предметини, балки фалсафа, эстетика, психология, педагогикани яхши билиши ва ўз иш фаолияти давомида қўллай олиши шарт. Мусиқанинг таъсирчанлигини, унинг моҳиятини тўлиқлигича болалар онгига етказиш педагогиканинг энг қийин муаммоларидан биридир. Мусиқа ўқитувчиси “Мусиқа маданияти” дарсларида болаларда қуйидаги фазилатларни шакллантириши лозим: Дўстлик, ватанпарварлик, садоқат, меҳр-шафқат, меҳнатсеварлик, ташаббускорлик ва ҳоказо. Болаларда юқорида санаб ўтилган фазилатларни шакллантириш учун мусиқий раҳбар бир қатор вазифаларни бажариши керак: 1) Болаларни мусиқани севиш ва тушунишга ўргатиш; 2) Болаларнинг бадиий ва эстетик дидларини шакллантириш; 3) Болаларда мусиқий қобилиятни ривожлантириш; 4) Болаларнинг мусиқа саводи, мусиқа тарихи, мусиқа адабиёти, қўшиқ куйлаш каби мусиқий билимларини ҳамда тушунчаларини кенгайтириш. Санаб ўтилган фазилатларни шакллантириш учун, аввалам бор мусиқа ўқитувчиси дарсларни юқори профессионал даражада ўтиши зарурдир. Дарсдан кутилган натижаларни олиш учун машғулотларда таълим тамойилларига риоя қилиш мақсадга мувофиқдир. Ҳозирги ривожланиш жараёнида кўпчилик мактабгача таълим муассасалари, мактаблар компьютерлар, мусиқий марказлар, телевизор, радио каби бир қатор янги ахборот технологиялари билан жиҳозланмоқда. Бу технологиялардан мусиқа маданияти машғулотлари, дарсларида ҳам фойдаланиш юқорида келтирилган шахсий фазилатларни шакллантиришда жуда қўл келади. Мусиқа (раҳбари) ўқитувчиси ўтиладиган машғулотларини маълум бир мақсадни кўзлаган ҳолда, таълим-тарбияни узвий боғлаган ҳолда, аниқ бир режа асосида олиб борса, машғулот ва ундан олинадиган натижа юқори бўлади. Мусиқа (раҳбари) ўқитувчиси ўзининг ҳамда болаларнинг машғулот давомида қиладиган таълимий-тарбиявий ҳатти-ҳаракатларини ҳар хил қизиқарли усулларини ишлаб чиқиши лозим. Бунинг учун мусиқа ўқитувчиси қуйидаги нарсаларни билмоғи даркор: 1. Болаларининг мусиқий фаолиятларини уюштириш шаклларини; 2. “Мусиқа маданияти” дастури мазмунини, унинг ғоявий-назарий асосларини, дидактик усул ва тамойилларини; 3. Болаларнинг ёш хусусиятларини; 4. Мусиқа машғулотлари (дарслари)да ўрганиладиган асарларнинг бадиий хусусиятлари, тарбиявий аҳамиятини; 5. Мактабгача таълим муассасаларида, мактабда ва мактабдан ташқари олиб бориладиган машғулотларнинг самарали шакл ва усулларини ташкил этишни; 6. Мусиқа машғулотлари (дарслари)ни конструкциялаш: режа-конспект тузиш, керакли мусиқий асарларни тўплаш, мусиқани ўргатишнинг унумли йўлларини излаш; 7. Педагогик масалаларини формулалаш ва ечиш; 8. Болаларнинг мусиқий қобилиятларини очиб берувчи ижрочилик мусиқий фаолиятларини уюштириш (Байрам эрталиклари ташкил этиш); 9. Болаларда мавжуд бўлган билимларни, янги билимларни ўзлаштиришга йўналтириш ва ҳоказолар. Мусиқа машғулотлар (дарслар)и болаларга ўз миллий мусиқий тарихлари, мусиқанинг элементар назарияси, жаҳон мусиқа санъати намоёндаларининг ижоди ҳақида тушунчалар бериш, уларда мусиқий маданиятни, одобни ва нафосатни тарбиялашга асос солади. Болаларда куйлаш малакаларини тарбиялашнинг ўз қийинчиликлари бўлади. Болалар ҳали асарни тўла таҳлил қила олмайдилар. Шунинг учун аввалам бор мусиқий раҳбар ўзи қўшиқни намунавий тарзда куйлаб бермоғи лозим. Агар қўшиқ ёзув лентасида ёзилган бўлса, магнитофонда қўшиқни бирор бир болалар хорлари ижросида эшиттириш ҳам яхши натижа беради. Кейин қўшиқни қайта-қайта куйлаб ёд олинади. Қайта куйлаш усулининг иккита шарти мавжуддир: 1) Бола куйлаётганда айнан нима қилиши ва нимага эришиши мумкин бўлган, пухта, аниқ билимга эга бўлиши лозим. 2) Бола нимага эришганини, ҳар бир машқнинг қандай натижа берганини, қандай хатоларга йўл қўйилганини билиши керак ва кейинги машқларида хатоларни бартараф этиши лозим. Биринчи шартнинг тўғри бажарилиши учун мусиқа саводхонлиги жараёнини куйлаш жараёни билан боғлиқлиги, мантиқан бир-бирига мослигига эътиборни қаратиш даркор. Иккинчи шартнинг бажарилиши қайта куйлаш машқининг маълум бир мақсадга қаратилганлигига боғлиқ. Бунда мусиқа раҳбари (ўқитувчиси) ҳар гал қайта куйланганда машқни болалар билан ўз вақтида таҳлил қилиб бориши зарур. Мусиқа раҳбари (ўқитувчиси) куйлашда яхши натижаларга эришиш учун қуйидаги тадбирларни ўтказиши тавсия этилади: 1) Болаларни оҳангдошликни ҳис этишларига эришиш; 2) Ҳар бир боланинг индивидуал хусусиятини ҳисобга олиш; 3) Иложи борича миллий чолғу асбобларидан фойдаланиш; 4) Машғулот (дарслар)да фаол қатнашган, қобилиятли болаларни мусиқа тўгаракларига жалб этиш. Болалар мусиқа машғулотларида фақат қўшиқ ўрганиш ёки мусиқа ритмик ҳаракатларни эгаллаш билан чекланиб қолмай, балки мусиқа раҳбари (ўқитувчиси) ижросида, пластинка ёки магнит ленталари ёрдамида мусиқа асарларини тинглайдилар, идрок этадилар. Мусиқа асосларини болаларга тушунтириш ва таништириш болаларнинг мусиқий билим савиясини кенгайтиради. Мусиқа асарларини эшитиш машғулотларни мазмунан бойитади, хилма-хиллигини оширади, машғулотларни ҳаяжонли ўтишига катта ёрдам беради. Болалар билганларича жавоб берадилар. Мусиқа раҳбари (ўқитувчиси) болаларга кўргазмали қуроллар ёрдамида ўзбек миллий чолғу асбобларини кўрсатиб, бирма-бир таништириб чиқади, болалар билан фикр алмашади. Болаларда чолғу асбобларида ижро эта олиш учун тўгаракларга қатнашишни тавсия этади. Кўриб турганимиздек, мусиқа раҳбари (ўқитувчиси) фақатгина қўшиқ куйлашни эмас, балки бир қатор мусиқий-назарий билимларга эга бўлмоғи шарт. Мусиқа машғулотлари ҳох у қўшиқ куйлаш бўлсин, хоҳ мусиқа тинглаш бўлсин, хоҳ назарий билимлар бўлсин ёш авлодни ахлоқий поклик, маънавий бойлик ва жисмоний баркамолликни мужассамлаштирган ҳар тамонлама етук шахс қилиб шакллантиришга асос солар экан. Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, мусиқа машғулотлари (дарслари) орқали мусиқа раҳбари (ўқитувчиси) болаларда юксак маънавий, бадиий ва ахлоқий маданиятни, миллий ғурур, ватанпарварлик тарбиясини, нафосат ва бадиий дидни ўстиришга, тафаккурларини кенгайтиришга, мустақиллик ва ташаббускорликни тарбиялашга хизмат қилади.