logo

Узбекистонда эркин бозор иктисодиётини яратишнинг концепциялари ва унинг шакилланиш хусусиятлари

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

186 KB
Ўзбекистонда эркин бозор иқтисодиётинияратишнинг концепциялари ва унинг шакилланиш хусусиятлари Режа: 1.Туркистоннинг мустамлака давридаги иқтисодий аҳволи. «Ҳарбий коммунизм» сиёсатининг моҳияти. 2.Янги иқтисодий сиёсат (ЯИС), унинг мазмуни ва аҳамияти. Бухоро ва Хоразм Республикаларининг (1920-24 йилар) иқтисодий ривожланиш тажрибаси. 3.Нокапиталистик (капитализмни четлаб ўтиш) социализм қуриш "назарияси" ва унинг тарихий тақдири. 4.Иқтисодиётда маъмурий буйруқбозлик тизимининг пайдо бўлиши, ривожланиши ва оқибатлари. 5. Ўзбекистоннинг мустақил ривожланиш йўлига ўтиши, Бозор муносабатларига ўтиш даврининг тарихий зарурати, Бошқариладиган ижтимоий бозор иқтисодиёти танлаб олиниши ва унинг хусусиятлари Ушбу мавзуда қўйилган масалага жавоб бериш учун республикамизда 1865-1917 йилларда Россия империясининг мустамлакаси сифатида ва Шўролар хокимияти (1917-1990) йилларида амалга оширилган иқтисодий ўзгаришлар тўғрисида қисқа тўхталишни лозим деб ҳисоблаймиз, чунки бу даврда мавжуд бозор муносабатларини тугатиш ва маъмурий буйруқбозлик иқтисодиётини яратиш бўйича муҳим сиёсий - ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди. Уларнинг мохиятини тушинтириш орқали ҳозирги даврда бўлаётган иқтисодий ислоҳотларнинг мазмуни ва аҳамиятини чуқурроқ идрок этиш имконияти туғилади деб ўйлаймиз. 1. Туркистоннинг мустамлака давридаги иқтисодий аҳволи. «Ҳарбий комунизм» сиёсатининг моҳияти . Туркистон ўлкаси 1865-1917 йиллар давомида Россия империясининг мустамлакаси сифатида ривожланади. Бу даврда аввалгига нисбатан бир қанча ўзгаришлар рўй беради. Ўлкада Россиянинг саноат ҳудудлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, биринчи навбатда пахта толасини етказиб берувчи хом ашё базасига айлантирилди, шу билан бир вақтнинг ўзида Россия саноати маҳсулотлари учун реализация қилинадиган ташқи бозорга айланди. Биринчи навбатда пахтачиликнинг ривожига алоҳида эътибор берилди. Бу муаммони ечиш қуйидаги воситалар асосида амалга оширилди. Маълумотларга кўра, дастлаб пахта майдони барча экинзорларнинг 20-30 фоизидан ортиғи бўлмаган. Донли экинлар эса 50 фоиз атрофида эди. Бу тизимни бузиш учун пахтанинг нархи кескин оширилди (пахта дондан қиммат қилиб қўйилди) ва деҳқонлар пахта майдонларини кенгайтирдилар (пахта бўлса дон ҳам бўлади). Янги ерлар очиш ва сунъий суғориш борасида ҳам анчагина иш олиб борилди, шу даврда Мирзачўлни ўзлаштириш ва у ерларни асосан пахтачиликка ихтисослаштириш ( 90 фоизгача пахта ) кучайди. Инқилобий роль ўйнаган яна бир ҳодиса – бу янги америка-мексика пахта навининг келтирилиши бўлди. Бу нав махаллий «ғўза», «кўк кўсак»ка нисбатан серҳосил, эртапишар бўлиб, унинг толаси саноат талабларига жавоб бера олар эди. Ишлаб чиқариш муносабатларида ҳам анчагина ўзгаришлар рўй берди, қишлоқ хўжалигида янги синфлар – қулоқлар, помешчиклар пайдо бўлди. Оқибатда 1908 йилда пахта майдонлари 244,7 минг десятина (1 десятина-1,1 га) дан 1917 йил 425,8 минг дисятинага етди (1980 йилларда 2 млн. гектарга етказилди). І Жаҳон уруши арафасида 597 минг десятина ерга пахта экилган. Бу барча суғориладиган майдонларнинг 1/5 қисмини ташкил этган. 1914-18 йилларда уруш туфайли озиқ-овқат экиш майдонлари анча ошган (бу ҳолат ІІ Жаҳон уруши йилларида ҳам қайд этилган). Россия тўқимачилик саноати 1900 йилда 16 млн. пуд (1пуд-16 кг) тола ишлатган бўлса, бу кўрсатгич 1913-14 йилларда 27,7 млн. пудга етди. ХІХ аср охири – ХХ аср бошларида Россия ва унинг чекка ўлкаларида капиталистик муносабатлар пайдо бўла бошлади, у мазмунан чуқурлашди, ҳудудий жиҳатдан кенгайиб борди, капиталистик муносабатлар ёки нисбатан ривожланган бозор тизими вужудга кела бошлади. Ишлаб чиқариш омиллари: капитал, ишчи кучи ва товарга айлана бошлади. Бу жараёнлар Туркистонда нисбатан секинлик билан рўй берди. Чунки бу ерда саноатнинг фақат уй ҳунармандчилиги шакли мавжуд бўлиб, ҳатто мануфактура ҳам йўқ эди. Бу даврда янги типдаги саноат корхоналари (мануфактурадан «сакраб» ўтилиб) завод - фабрикалар янги ишлаб чиқариш муносабатлари (ёлланма ишчилар) вужудга кела бошлади, ерга бўлган мулкчилик муносабатлари ҳам турли шаклда намоён бўла бошлади. Туркистонда капиталистик муносабатларнинг шакилланиш масаласи анча мунозаралидир, аммо уларнинг чуқурлиги ва етуклиги тўғрисида ҳали узил-кесил фикр айтиш қийин бўлса бу муносабатларнинг пайдо бўлганлигига шак-шубҳа йўқ. Молия, банк - кредит тизимлари вужудга келди. І Жаҳон урушига қадар бу ерда товар пул муносабатлари, масалан, товарлик даражаси анча юқори эди. Кустар саноати ишлаб чиқарган маҳсулот қиммати 62,7 млн. рубль бўлиб, фабрика-завод саноати қимматининг 28,7 фоизини ташкил этган. Бундан ўлкадаги саноат маҳсулотининг қиммати 218,5 млн. рубль эканлиги аён бўлди. Савдо ва саноат капитали тобора ўсди, Россия марказдан хусусий капиталнинг кириб келиши ва маҳаллий капитал билан қўшилиши туфайли пахта бошқа қишлоқ хўжалик махсулотларини сотиб олиш ва чиқариш учун савдо механизмига асос солди, шу йўл билан саноат тармоқлари олиб келиб реализация қилинадиган бўлди. Товар алмашуви кўп асрлик давр мобайнида шаклланган ва ривожланган, савдо тармоқларга эга бўлган маҳаллий хусусий капитал қўлида тўпланган эди. Ўрта Осиёдан Россияга махсулот чиқариш доимо ошиб борди, бу соҳада ХІХ асрнинг охири ХХ асрнинг бошида қурилган Каспий орти ва Оренбург - Тошкент темир йўл линиялари муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу йўллар Европа капиталининг кириб келиши учун ҳам кенг имконият очди. Россияга асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари хом ашёси чиқарилган бўлса, Россиядан истеъмол товарлари келиши ортиб борди, масалан 1914 йилда жами 50,8 млн. пуд маҳсулот (қиммати 243,6 млн. рубль) келтирилган бўлса, унинг 235 млн. рубли саноат молларига тегишли эди. Қўшни мамлакатлардан ҳам товар келтириш амалга оширилган (Россия ташқи бозорнинг бир қисмини шу ўлка орқали олиб борган). Товар олиб келишнинг умумий суммаси 271,3 млн. рублга тенг бўлди. Завод ва фабрикаларнинг асосий қисми хусусий ва рус капиталистларига тегишли эди. Саноат корхоналарининг 75 фоизи пахта, мой, совун заводлари бўлган, қисман тоғ-кон саноати хам мавжуд эди, яъни бу ерда хом ашё саноати йўналиши асосийдир. Маҳаллий капитал савдо-сотиқ ва қишлоқ хўжалиги сохасида иш олиб борди (асосан судхўрлик). Туркистонда савдо-сотиқ ўзининг обороти жихатидан ҳам, савдо-сотиқ соҳасида машғул бўлган ахолининг сони жиҳатидан ҳам мамлакатнинг иқтисодий ҳаётида ҳамма вақт муҳим омилларидан бири бўлиб келган. Савдо оборотининг характерига асосан Туркистондаги савдо-сотиқ: 1. Ўлканинг айрим қисмлари ўртасидаги ички савдодан; 2. Туркистон билан марказий Россия ўртасидаги товар айирбошлашдан; 3. Қўшни хорижий давлатлар билан олиб борилган ташқи савдодан ташкил топган эди. Бу савдода асосан Россия саноатининг маҳсулотлари Туркистон орқали қўшни давлатларга олиб бориб сотилган. У ердан ҳам товарлар олиб келинган. Туркистон билан Россиянинг марказий худудлари ўртасидаги савдо Туркистон савдосида биринчи ўринда турар эди. Унинг ривожи темир йўл қурилиши билан тез авж олди. 1900 йилда темир йўл орқали 5 млн. пудлик юк ташилган бўлса, бу юкнинг 60 фоизи пахта толаси (демак, 3 млн. пуд), сўнгра эса қуруқ мева, пилла, чигит мойи, қўй жуни, кунжара, тери ва шу каби хом ашёлардан иборат эди. Ўрта Осиёга эса буғдой, ун, чой, ёғоч ва тахта, ип ва жун газлама, қанд, темир, чўян ва металл буюмлари келтирилган, яъни бунда тайёр саноат товарлари устун бўлган. Россиянинг Туркистон орқали Эрон, Афғонистон ва Ғарбий Хитой билан товар айирбошлаши кучайди. Ашхобод, Бухоро, Самарқанд, Қўқон, Қарши ва бошқа жойларда божхоналар иш олиб борди. Шу мамлакатларда Туркистонга ва кейин Россияга пахта, гуруч, ҳўл ва қуруқ мева, намат ва гилам, тери, от-улов ва бошқа нарсалар келтирилган. Бу давлатларга эса қанд, газлама, калава ип, нефть, ғалла, ун, гугурт, дераза ойнаси, чинни, металл буюмлар, жун газламалар ва шу каби моллар олиб борилган. Ички бозорда дўкон савдосига нисбатан бозор савдоси кўпроқ ривожланган эди. Бунинг сабаби шуки, ижтимоий мехнат тақсимоти ҳали ҳам етарли даражада ривож топмаган эди. Туркистонда ягона ички бозор эндигина вужудга кела бошлаган, қишлоқ хўжалик худудлари жуда кам ихтисослашган эди (натурал хўжалик кучли эди). Ички савдода хунарманд - косибларнинг роли анча кучли эди. Одатда, ҳунарманд ўз маҳсулотини ўзи ишлаб чиқарган ва уни ўзи бозорга олиб бориб сотган Россия фабрика-завод саноатининг рақобатига қарамай, ҳунармандлар маҳаллий бозор эҳтиёжини қондиришда ҳали катта роль ўйнар эдилар. Хўжалик ва рўзғор учун керакли буюмларнинг кўпи, масалан, кийим-кечаклар, дўппи, гилам ва намат, сопол ва металл идишлар, кетмон, пичоқ, сандиқ, аравалар, заргарлик буюмлари бозорда сотилган. Одатда улгуржи савдогарлар молларни майда савдогарларга насия (кредит)га берарди, кредит шартлари эса ниҳоятда оғир эди. Қисқача хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, 1861 йилги ислоҳотлардан сўнг Россияда капитлистик, яъни бозор муносабатлари шаклланди ва ўзининг анча мукаммал даражасига кўтарилди. Россия мустамлакаси бўлган Туркистонда бу муносабатлар эндигина шаклланиш даражасида эди ва марказдагидан етуклиги билан кескин фарқ қилар эди. Шунинг учун бу ердаги муносабатларни ҳали чала капитализм деб баҳолаш мумкин эди. Россия империясининг бу ерда олиб борган иқтисодий ва ижтимоий сиёсати маҳаллий аҳолини мустамлакачилик асоратида сақлаш, иқтисодий бир томонлама аграр хом ашё асоси сифатида ривожланиш мақсад қилиб қўйилди ва бунга тўла эришилди, пировард маҳсулот ишлаб чиқаришга йўл берилмади. Шунга қарамай, табиий, объектив ривожланиш туфайли капиталистик феодализмга нисбатан илғор ишлаб чиқариш усуллари номоён бўла бошлади: оз бўлса ҳам хусусий, машиналашган фабрика-завод тизими, ёлланма ишчи кучи, товар - пул муносабатлари, савдо, молия, кредит ва банк муассасалари, аграр соҳада эса янги синф вакиллари вужудга келди. Темир йўл қурилиши саноат - савдо капиталига кенг имкон яратди. І Жаҳон уруши (1914-18 йиллар), Россиядаги 1917 йилдаги Октябрь тўнтариши ва фуқаролар уруши Туркистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатди, энг муҳими иқтисодиётни ташкил этиш ва бошқариш принциплари янги йўлга ўтилди, ўрнатилган шўролар хокимияти дастлабки пайтлардан бошлаб етакчи тармоқлар: банк, оғир саноат, траспорт (темир йўл), ташқи савдо миллийлаштирилди. Хусусий мулкка, тадбиркорликка қарши ҳаракат кучайди, бозор муносабатларини имкон борича бўғиш энг асосий вазифа қилиб белгиланди. Ишлаб чиқариш ва тақсимот устидан ишчи назорати (кейинроқ халқ назорати) ўрнатилди. 1920 йилдан бошлаб қатъий режалаштиришга ўтилди. Аста-секин буйруқбозлик иқтисодиёти устунликка эга бўлди. Социалистик деб аталган иқтисодиёт асосларини яратиш мана шундан бошланган эди. Оқибатда ишбилармонлар капиталдан маҳрум қилинди, эркин тадбиркорлик, товар-пул муносабатлари кескин чекланди, аммо табиий бозор муносабатлари ривожланишини тўла тугатиб бўлмас эди. Режали хўжаликни яратиш учун барча ишлаб чиқариш воситаларини умумлаштиришнинг ўзи кифоя қилмас эди. Уни умумий мулк асосида қайта қуриш керак эди. Бунга маълум вақт керак бўлди. Бу тарихимизда ўтиш даври сифатида маълум (одатда капитализмдан социализим ўтиш даври деб қаралади), буни 1990 йилларда бошланган бозор муносабатларига ўтиш даври билан адаштирмаслик керак. Оғир иқтисодий вазият туфайли «харбий коммунизм» сиёсати амалга оширилди, бунда ишлаб чиқариш ва тақсимот устидан тўла давлат назорати ўрнатилди (карточка тизими жорий қилинди). Қишлоқларда озиқ-овқат разветкаси жорий этилди. Ишлаб чиқаришдан манфаатдорлик тугатилди, ҳамманинг ишлаши мажбур қилинди, савдо амалда бекор қилинди, ҳарбий режим ўрнатилди ва амалда бозор муносабатларига болта урилди. Ишлаб чиқариш кескин қисқарди. Хўжаликнинг натураллашуви кучайди, гиперинфляция юз берди. Шуниси характерлики, Туркистондаги дастлабки ўзгаришлар марказдан фарқли ўлароқ ўзига хос равишда амалга ошди. Масалан, «Ер ҳақида декрет» 20-йилларда реализация қилинди. Фақат колонизатор капиталистларнинг ерлари миллийлаштирилди. Ерга бўлган хусусий мулк юридик жиҳатдан бекор қилинди. Аммо асосий ер деҳқонлар қўлида сақланди. Озиқ-овқат разветкаси марказдагидан енгилроқ амалга оширилди. Савдони ҳам тугатишга эришилмади, яъни товар-пул муносабатлари сақланди. Аммо биринчи социалистик, «ҳарбий– коммунистик» тажриба инқирозга учради. 2. Янги иқтисодий сиёсат (ЯИС), унинг мазмуни ва аҳамияти. Бухоро ва Хоразм Республикаларининг (1920-24 йилар) иқтисодий ривожланиш тажрибаси Иқтисодий муаммолар билан бирга сиёсий-ижтимоий масалалар ҳам муҳим эди. Маъмурий-ҳудудий бўлинишни ҳал этиш зарур эди. 1918 йил РСФСР таркибида Туркистон Автоном Республикаси тузилди 1920 йилда мустақил Хоразм ва Бухоро Ҳалқ Республикалари ташкил этилди. 1924-25 йилларда миллий давлат чегараланиши туфайли СССР (1922 йил) таркибида Ўзбекистон ССР (Тожикистон АССР 1929 йилгача ЎзССР таркибида бўлди, Хоразм ва Бухоро Республикалари тугатилди, 1932 йилда Қорақалпоғистон АССР Ўзбекистон таркибига кирди). Ана шундай чигал муаммолар ичида иқтисодиёт ҳал қилувчи ўринни эгаллар эди, чунки мамлакат оғир аҳволда қолди. Айниқса ер масаласининг ҳал этилиши муҳим босқич бўлди ва у икки босқичда ўтди. 1921-22 йилларда биринчи босқичда маҳаллий ахоли билан европаликлар ўртасидаги фарқ тугатилди. 1925-29 йилларда иккинчи босқичда барча ерлар деҳқонларга бўлиб берилди, деҳқонлар ер эгасига айланди. Аммо кейин ерлар тортиб олинди. Оғир аҳволдан чиқиш учун капиталистик бозор муносабатларидан фойдаланишга тўғри келди ва бу принцип амалда ўзини оқлади. Янги иқтисодий сиёсат (1921 йилда) аслида капиталистик муносабатларга кенг имконият бериш концепциясидан иборат бўлиб, иқтисодиётга янгича қараш, жиддий ва узоққа мўлжалланган концепция эди. Унинг асл моҳияти шуки, иқтисодиётда эркин тадбиркорлик ва танлаш имкони берилди, миллийлаштирилган корхоналар (айниқса енгил ва озиқ- овқат, хизмат тармоқлари) денационализация (давлат тасарруфидан чиқариш-приватизация) қилинди, яъни хусусий қўлларга берилди, хусусий савдога йўл очилди, энг муҳими меҳнаткашлар мотивациясини (рағбатлантиришни) бўғувчи озиқ-овқат разверткаси ўрнига ягона озиқ-овқат солиғи жорий этилди. Давлат энг муҳим тармоқларнигина ўз қўлида сақлаб қолди (давлат сектори), хўжаликнинг асосий қисми ишлаб чиқарувчилар қўлига ўтди. қишлоқларда тадбиркор деҳқонлар - қулоқлар фаолияти кучайди, уларда манфаатдорлик анча кучли эди. Бозор муносабатларининг энг муҳим унсурлари бўлган эркин нархлар (хусусий савдо), мулкларнинг турли туманлиги (давлат, хусусий, жамоа), рақобат пайдо бўлди, давлатнинг иқтисодиётга аралашуви анча қисқарди. Товар - пул муносабатларининг ривожланиш йўли билан ва майда ва ўрта корхоналарни ижарага бериш орқали иқтисодиёт анча жонланди. Савдони олиб бориш ва хўжалик юритишни ўрганиш бош вазифа қилиб қўйилди. Олиб борилган бу сиёсат нисбатан қисқа вақт давомида иқтисодиётни энг ривожланган 1913 йил даражасига етказиш имконини берди. Бунда бозор муносабатларининг кучи яна бир бор синовдан ўтди. Саноат ишлаб чиқариши йўлга қўйилди, нисбатан йирик фабрика-завод корхоналари билан бирга айниқса майда ва ўрта корхоналар фаолияти кучайди. Экин майдонлари кенгайди, айниқса пахта экиш кучайди. Майда ишлаб чиқариш - кустар хунармандчилик авж олди. Масалан, ўша пайтларда Тошкентнинг Чорсу майдонида хунармандлар харидорларга 143 хил маҳсулотни таклиф этди. Россия билан савдо муносабатлари кескин ошди, давлат ва кооператив йўли билан олиб келинган товарлар суммаси ошди ва хусусий шахсларнинг ҳиссаси хам деярли юқоридагиларга тенг эди, яъни хусусий савдо давлат савдоси билан бемалол рақобат қила оларди. Айниқса, қишлоқда хусусий савдо кучли (96,1 фоиз) эди, давлат ва кооператив савдоси эса етакчи ўринни эгалламади (3,9 фоиз). Демак, хусусий капиталнинг роли ҳам кескин ошди. Айниқса, чакана савдо кенг қулоч ёйди. Шу даврда савдони тўғри ташкил этиш учун хатто савдо ва товар биржалари ташкил этилди, бунга мунтазам чиқариб турилган « Биржевые известия » бюллетени яққол далил бўла олади. 1916 йилда ўз фаолиятини тўхтатган ярмарка савдоси қайта тикланди. Бу савдо шакли кўп йиллик тарихга эга. Профессор Н. Йўлдошевнинг маълумотларига қараганда, 1643 йили Ирбитда ярмарка ташкил этилган ва у Ўрта Осиё билан савдо уюштирган. Туркистон билан Ғарбий Сибирь орасидаги савдо муносабатлари ривожланиб, унинг хажми мавсумда 30 млн. рублга тенг бўлган. Бухорода ҳам қадимий ярмарка иш юритган, бу кўпинча Наврўз байрами билан боғлиқ бўлиб, айниқса коракўл терилари савдоси жуда кенг олиб борилган. ХІХ аср охири – ХХ аср бошида ҳам бир қанча янги ярмаркалар вужудга келди, шулардан машҳурроғи Прижевальск яқинидаги Қарқара ярмаркаси бўлиб, у ҳар йили 15 июндан 15 август оралиғида фаолият кўрсатган. 1916-23 йилларда бу ярмарка амалда ишламаган эди. 1924 йилда унинг фаолияти қайта тикланди ва унинг обороти кескин оша бошлади. Бошқа кўпгина ярмаркаларнинг фаолияти ҳам тикланди, янги ярмаркалар пайдо бўлди ва улар халқ орасида катта обрўга эга эди. Ташқи савдо ҳам ривож топди. Қишлоқ хўжалиги юқори сифатли пахта етиштиришга ихтисослашган ўлкада ташқи савдо муносабатларини фаол олиб боришга имкон яратди. Бу маҳсулот ва бошқа товарларга Россия ва бошқа ҳудудларда эҳтиёж катта бўлган. 1914 йила Россияда ҳар бир жон боши ҳисобига 15,2 рубль ташқи савдо тўғри келган бўлса, Ўрта Осиёда бу кўрсаткич 71,2 рублга тенг бўлган. 1918-22 йилларда ташқи савдо муносабатлари кескин қисқарди. Лекин НЭП даврида бу кўрсаткич кескин ошди. Шу даврдаги олиб борилган иқтисодий сиёсат бозор муносабатларининг ҳаётбахш кучини кўрсатди, хонавайрон бўлган хўжалик тез тикланди ва ривожланиш йўлига ўтди. Бу сиёсатнинг катта тарихий аҳамияти бор, уни кўпинча чет эл мамлакатлари ("тўрт аждаҳо", ХХР ва бошқалар) амалда қўлламоқда. Республикамизда олиб борилаётган бозор муносабатлари аслини олганда ҳалқимизга яхши таниш бўлган ва кўп асрлар илгари бошланган, аммо бир неча ўн йиллар илгари бекор қилинган табиий жараёндир. Буни чуқур англаш аҳолини бозор муносабатларига аҳлоқий психологик жиҳатдан тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга. Гап шундаки, айримлар ҳанузгача аввалги совет даврини мақташдан воз кечишмаяпти. Хоразм ва Бухоро Ҳалқ Республикалари (1920-24 йиллар)нинг ташкил топиши ва иқтисодий ривожланишида бир қанча ўзига хос хусусиятлар мавжуд. Бу ҳудудларнинг аввало иқтисодий ривожланиш даражаси нисбатан пастроқ эди. Бўлиб ўтган инқилоб туфайли халқ республикалари ўрнатилди, ўтказилган ислоҳотлар асосан халқ демократик ўзгаришларни амалга оширди (пролетариат диктатураси ўрнатилмади). Хусусий, капиталистик муносабатлар дарҳол инкор этилмади, ер-сув муносабатлари ва мулкнинг турли шакллари сақланди. Айрим кам сонли саноат корхоналари миллийлаштирилди, аммо асосий ишлаб чиқариш воситалари ҳалқнинг қўлида қолдирилди. Олиб борилган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий сиёсат охир оқибатда совет бошқарув тизимининг жорий қилинишига олиб келган бўлса ҳам бу ўзгаришлар аста - секинлик билан объектив шароитларни ҳисобга олган ҳолда, шошилмай олиб борилди. Инқилобий усуллар ўрнига ислоҳотлар ўтказиш усули устун эди. Мўғилистон, Афғонистон ва бошқа баъзи мамлакатлардаги дастлабки олиб борилган ижтимоий иқтисодий ўзгаришлар халқ демократияси йўллари деб баҳоланди. Капиталистик муносабатлар тўла шаклланмаган (буржуазия пролетарият синфлар озчилик) ёки энди шаклланаётган шу каби ўлкаларда нокапиталистик ёки капитализмни четлаб социализмга, ҳатто комунизмга ўтиш мумкин, деган янги концепциялар юзага келди. 3. Нокапиталистик (капитализмни четлаб ўтиб) социализм қуриш «назарияси» ва унинг тарихий тақдири Россиядаги шўролар ҳокимияти ўрнатилиши билан янги социалистик жамиятни қуриш режалари белгиланди, унинг иқтисодий пойдеворини яратиш ишлари бошланиб кетди. Бунинг учун ўз даврида учта асосий вазифани бажариш зарур деб топилди: 1. Саноатни индустриализациялаш; 2. Қишлоқ хўжалигини коллективизациялаш; 3. Маданий инқилоб. Бунинг учун мавжуд иқтисодий укладларни тугатиш ва янги социалистик укладини яратиш керак эди. Эркин бозор иқтисодиёти ўрнига буйруқбозлик иқтисодиётининг яратилиши зарур бўлди, бунда умумҳалқ мулки етакчи ўринни эгаллайди, барча ишлар марказдан бошқариладиган қатъий режалар асосида олиб борилади. Бу қоида асосан ривожланган капиталистик муносабатлар шаклланган мамлакатлар учун эди. Аммо ўз тараққиёти орқада қолган, собиқ мустамлака халқларнинг капитализмга қадар тузумдан уни четлаган ҳолда янги тузум томон боришлари учун моддий-техник, социал-иқтисодий ва сиёсий шароит яратишга қаратилган инқилобий ўзгаришлари йўли, нокапиталистик ривожланиш копцепцияси сифатида илгари сурилди. Индустриал ривожланган мамлакатларда инқилоб ғалаба қозонса, қолоқ давлатлар ва ҳалқлар қисқартирилган ривожланиш йўлидан боришлари мумкин деган ғоя дастлаб Ф.Энгельс томонидан илгари сурилган. Бу даврда мамлакатдаги прогрессив инқилобий демократик кучларни бирлаштирувчи миллий фронт ишчи, деҳқон ва майда буржуазия билан ҳамкорликда антифеодал ва антиимпериалистик ўзгаришларни амалга ошириб, социализимга асос яратилиши мумкин эмиш. Мазкур концепцияга таяниб, 1917 йилнинг октябрида Россияда амалга оширилган социалистик тўнтарилиш тажрибасини умумлаштирган ҳолда В.И.Ленин капитализм босқичидан ўтиш ҳамма ҳалқлар учун зарур эмас, балки «Қолоқ мамлакатлар илғор мамлакатларнинг пролетарлари ёрдами билан капиталистик тараққиёт босқичини четлаб ўтиб, совет тизимига ва тараққиётнинг муайян босқичлари орқали комунизмга ўтишлари мумкин» деган ғояни айтди. Бу фикр коминтерннинг ІІ-конгресида (1920 йил 26 апрель) айтилди ва бу Мўғилистон диёрида амалга оширилиши мумкин деб башорат этилди. Коминтерннинг V І конгрессида (1928 й) бу қоида янада мустаҳкамланди, нокапиталистик ривожланиш собиқ СССР ташкил этилиши ва ривожи билан чамбарчас боғланди. Ундаги асосий фикр шундан иборатки, пролетар инқилоблари бошланган шароитда (бундай инқилоб барча ривожланган мамлакатларда бўлиши кутилган) мазлум халқларнинг миллий озодлик учун кураши капитализм ва империализмга қарши туб социал ўзгаришларни кўзловчи курашга айланаши мумкин деб фараз қилинган. Бу билан миллий озодлик инқилоби социалистик инқилобга айланиши мумкин (Хоразм ва Бухородаги воқеалар). Бу қолоқлик шароити социализмга ўтишга халақит бериши, лекин айни вақтда уни илғор ҳалқлар ёрдамида бартараф этиш мумкинлиги кўрсатилади. Қолоқ ҳалқларнинг капитализмни четлаб социализмга ўтишлари икки асосий хусусиятга эга: 1. Социализм қуриб бўлган ёки қураётган ҳалқлар социализм учун интилаётган ҳалқларга ҳар тарафлама ёрдам беришлари керак. 2. Қолоқ ҳалқларнинг социализм томон бориши кўп поғонали бўлади, яъни у ҳалқлар турли босқичлардан ўтади. Бу ғоя шўро ва жумладан, Ўрта Осиё ва Қозоғистон олимлари томонидан қўллаб-қуватланди. Бошқа ривожланиш йўлини таклиф этганлар, масалан, А.Б.Чаянов, Н.Д.Конратьев ва бошқалар репрессияга учраган. А.Б.Чаянов (1888-1937) деҳқон мехнат хўжалигини асосий оилавий меҳнат ячейкаси деб ҳисоблаган, яъни оммавий коллективизация концепциясига қарши бўлган, аммо эркин, ихтиёрий кооперацияни қўллаб қуватлаган. Бу олим учун хўжаликни рационал юритиш муаммолари асосий бўлиб, у қандай хўжалик эканлиги аҳамиятсиз эди. Оилавий меҳнат ячейкасида ёлланма меҳнат ва иш ҳақи категориялари йўқ, яъни ўзига хос нокапиталистик ривожланиш йўли берилган. Нокапиталистик ривожланиш концепцияси собиқ СССРдаги Қозоғистон, Ўрта Осиё, Шимолий Кавказ, Мўғилистон, Вьетнам, КХДР ва бошқа бир қатор мамлакатлар халқлари тажрибаси мисолида амалга ошди деб ҳисоблаб келинди. Коммунистик ва ишчи партиялари вакилларининг 1960 ва 1969 йиллардаги кенгашларида ва бошқа хужжатларда бу жараён қўллаб-қувватланди. Қуйида бу муаммога бағишланган айрим асарларнинг номини келтирамиз, холос (Джунусов М.С., Об историческом опыте строительства социализма в ранее отсталых странах. М.,Госполитиздат, 1958. Минуя капитализм (о переходе к социализму республик Средней Азии и Казахстана). М.Госполитиздат, 1961. Жамалов О.Б. и др. Экономические закономерности и преимущества некапиталистического пути развития. По материалам Узбекистана. Т.Фан, 1967, Шу китобнинг иккинчи қисми. Т.Фан, 1973. К социализму, минуя капитализм. М., Политиздат. 1974., Жамалов О.Б. и др. Закономерности роста уровия жизни населения в условниях некапиталистического развития. Т.,Фан. 1976., Жамалов О.Б. Закономерности создания и развития социалистической экономики в Узбекистане. Изб. труды. Т., Фан, 1979 й. ва бошқалар). Ўзбекистонда шўролар хокимияти амалга оширган ўзгаришлар бу концепциянинг тўғри эканлигини исботлагандек эди. Мустамлака зулмидан озод бўлган айрим мамлакатлар хам шу йўлни танладилар, аммо охир- оқибатда ундан воз кечишга тўғри келди. Капиталистик (бозор) иқтисодиётда фойдаланишга асосланган янги иқтисодий сиёсат (НЭП) яхши самара бергач, халқ хўжалиги тиклангач, бундан кейинги қадамлар тўғрисида интенсив мунозаралар олиб борилди, турли фикрлар билдирилди. «Жиддий ва узоқ даврга мўлжалланган» НЭП сиёсатими ёки бошқача йўлми деган савол атрофида қизғин мунозаралар бўлди. Бахтга қарши, НЭПни тугатиш йўли ғалаба қозонди, 1925 йилдан индустриялаштириш, 1927 йилдан оммавий мажбурий коллективизация бошланди, капиталистик уклад (бозор)ни хар қандай йўл билан тугатиш ҳаракати бошланди. Ўзбекистонда аста-секин аввало қишлоқ хўжалигини, айниқса пахтачиликни тиклаш бўйича талай ишлар амалга оширилди, экин майдонлари кўпайтирилди. Саноат хам барпо қилина бошланди. Амалда нокапиталистик (капитализмни четлаб) ривожланиш йўли ўзини оқламади. 1985-90 йилларда рўй берган ўзгаришлар туфайли деярли барча социалистик деб аталган давлатлар бозор иқтисодиёти принцпларига қайтишга мажбур бўлдилар. 4. Иқтисодиётда маъмурий – буйруқбозлик тизими пайдо бўлиши, ривожланиши ва оқибатлари. Асосан капиталистик, яъни бозор муносабатларининг ёрдамида тикланган халқ хўжалигини ривожлантириш нотабиий йўл билан давом эттирилди. Иқтисодиётни қатъий режалар (планлар) асосида ривожлантириш маъқул деб топилди (аслида 1920 йилда ГОЭЛРО режаси қабул қилинган эди). Асосий мақсад нисбатан қолоқ, асосан аграр мамлакатда илғор индустирлашган иқтисодиётни яратиш эди. Бунинг учун 1928 йилда беш йиллик режалар асосида иш юритилди. Илғор мамлакатларда 50, хатто 100 йил орқада бўлган халқ хўжалигини қисқа (10 йил) вақт давомида илғорлар қаторига етказиш йўли тутилди. Бунда асосий эътибор оғир саноатга қаратилди. Унга энг кўп инвестициялар ажратилди, оқибатда кўмир қазиш, металл эритиш, электроэнергия ҳосил қилиш, машинасозлик ва бошқа тармоқларга устивор йўналиш берилди, халқ истеъмоли даражаси паст қилиб сақланди. Ишчи кучларни қишлоқ хўжалигидан саноатга жалб этиш зарур эди. Ишчиларнинг истеъмолини ва саноатни хом ашё билан таъминлаш учун аграр соҳани ўстириш талаб этилди. Режалаштирилган иқтисодиётга ўтилиши (1928-29,1932-33 йиллар учун) билан биринчи беш йиллик режа қабул қилинди. Бу икки асосий ўзгаришга сабаб бўлди. Биринчидан , инвестициялар ва ҳарбий ҳаракатларнинг кўпайиши туфайли иқтисодиётда шахсий истеъмол хиссаси ўзгарди (камайди). 1928 йил шахсий истеъмол ЯММнинг тахминан 65 фоизини ташкил этган. Кейинги 50 йил давомида бу кўрсаткич 50 фоиз атрофида бўлган, холос. Иккинчидан , қишлоқ хўжалигини коллективлаштирди. Ер тўғрисидаги декрет, ер - сув ислохоти бўйича дехқонларга бўлиб берилган ерлар мажбуран колхоз ва совхозларга бирлаштирилди, аслини олганда дехқонлар ердан, мол- мулкдан ва асосий ишлаб чиқариш воситаларидан махрум қилинди. Пайдо бўлган хўжаликлар давлат назорати остида иш юритди, дехқон қўлида чекланган томорқа ва чорва сақланди: масалан, бир оилада битта сигир, 4 эчки - қўй бўлиши белгиланди. Ундан ортиғи тортиб олинди, моддий мафаатдорлик принциплари бузилди. Бу мавжуд хокимиятнинг фожиасидир. Қишлоқ хўжалиги, айниқса чорвачилик катта талофат кўрди. Моллар бекорга сўйилди. Бу соҳа самарасиз тармоқ бўлиб қолди ва шу даврдан бошлаб аграр соҳа муаммога айланди. 60-йилларгача дехқонларга (колхозчиларга) паспорт берилмади, яъни уларнинг қишлоқлардан чиқиб кетиши таъқиқланди. Аммо индустриализация сари тутилган йўл ўз самарасини берди. 1928- 40 йилларда бу соҳада йиллик ўсиш 6 фоиз атрофида бўлди. АҚШда буюк депрессия юз бераётган даврда бу катта ютуқ эди. Шу даврда собиқ СССРда социализм ғалабаси эълон қилинди, хусусий мулк, капиталистик муносабатлар тугатилди, умумхалқ мулки етакчи бўлди, саноат халқ хўжалигининг етакчи тармоғига айланди. Аммо Ўзбекистон хақида гап борадиган бўлса, бу ерда иқтисодиётда ҳали ҳам қишлоқ хўжалиги етакчи бўлган, саноат бир томонлама ривожланди, социалистик хўжалик тўғрисида гапиришга эрта эди. Ўзбекистон аграр, хом ашё етказиб берувчи республика сифатида сақланди. Шу йиллари мамлакатда маъмурий-буйруқбозлик тизими юзага келди, бозор иқтисодиётига муқобил (альтернатив) иқтисодиётга ўтилди, КПССнинг якка хокимлиги ғалаба қилди. Социалистик мусобақа байроғи остида эркин рақобат тугатилди, халқ оммасининг ташаббуси, мехнатга бўлган иштиёқи (мотивация) бўғилди, боқимандалик кайфияти ошиб борди. Бу ҳолат айниқса II Жахон уруши йиллари авж олди. Озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни карточка ёрдамида тақсимлаш бошланди. Бу урушда мамлакат катта талофат кўрди. Ўзбекистонга юзга яқин саноат корхоналари, миллионга яқин ахоли эвакуация қилинди. Янги саноат тармоқлари қора ва рангли металлургия (кам сонли), кўмир саноати вужудга келди, лекин саноат асосан қишлоқ хўжалиги махсулотларини дастлабки қайта ишловчи ва тоғ-кон саноатидан иборат бўлиб қолаверди, яъни пировард махсулот ишлаб чиқарувчи соҳалар кам ривож топди, чунки хом ашё асосан марказга жўнатилган, пахта толасининг 90-95 фоизи ўша ерга етказилган. Урушдан кейинги йилларда режалаштириш тизими давом этди, бу даврда инвестицияга 25 фоиз ЯММ сарфланди. Нисбатан қисқа вақт ичида халқ хўжалиги тикланди. Айниқса орқада қолган пахтачиликни тиклаш ишлари авж олди. Бу ишда экстенсив йўл асосий ўрини эгаллади, янги ерлар очиш, суғориш тармоқлари қуришга катта эътибор берилди, Мирзачўл, Жиззах ва Қарши чўлларини ўзлаштириш кенг тус олди. Амударё суви насослар ёрдамида янги ерларга олиб борилди. Химизацияга эътибор кучайди, суғориш ва кимёлаш экологик ахволнинг кескин ёмонлашувига олиб келди, пахта монокультураси ерларнинг ишдан чиқишига ва самарадорликнинг тобора камайишига олиб келди. Мелиорация ишлари ортда қолди, ерларнинг шўрланиши, ботқоқланиши кучайди, ҳатто шаҳар ва посёлкалар, маданий ёдгорликлар ишдан чиқди. Орол денгизи худди шу даврдан бошлаб саёзлаша бошлади. 60-йиллардан иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари камайди. Бу даврда юзага келган холат 2-жадвалда акс эттирилган. 2-жадвал  Иқтисодий ташкил этиш шакиллар Капиталнин г асосий қисми Хусусий шахслар га Ресурслар тақсимотининг асосий услуби кимга тегишли Бозор Марказлашган режа Давлатг а Бозор капитализми масалан, Гонконг Режали капитализм масалан, Жанубий Корея, Япония Бозор социализми масалан, Венгрия, Юголавия Классик социализм масалан, собиқ СССР, Албания. Юқоридаги жадвалда мамлакатлар ички мезони асосида тасниф қилинди: 1. Капиталга мулкчилик шакли. 2. Марказлашган режалаштириш кўлами. Иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари пасайиши сабаблари аввало режали иқтисоднинг имкониятлари чекланганлиги билан изоҳланади. Демак, бу усул маълум давргача самара берган бўлса, энди унинг акс таъсири намоён бўла бошлади, янги шароитга мослашув рўй бермади. «Инқирозга учради» дейилган бозор иқтисодиёти эса ўзгарган шароитга мослашди, яъни бозор иқтисодиётининг янги шароитга адаптацияси юз берди ва унинг янги резервлари борлиги аниқланди. Ундан ташқари иқтисодиёт суръатларининг пасайишига олиб келган сабаблари қуйдагилар бўлди: 1. Ишчи кучлари сонининг ўсиш суръатлари ( йилига 0,5 фоиз) пасайди; 2. Аҳолининг қишлоқ жойларда саноатга ўтиши якунланди, бу жараён ишлаб чиқариш унумдорлигининг ошишига сабабдир, чунки саноатда қишлоқ хўжалигига нисбатан унумдорлик баланд; 3. Қишлоқ хўжалиги унумдорлиги ўсмай қўйди, четдан озиқ-овқатни импорт қилишга эҳтиёж сезилди. Режали иқтисодиётга кўпинча катта қурилишларга (электростанцияларга, металлургия заводлари) йирик инвестициялар қўйиш билан боғлиқ ривожланиш стратегияси мос келади ва бу ўз даврида (І ва ІІ беш йилликлар) яхши самара берди. Эндиликда эса асосий эътибор янгиликлар, технологияларга қаратилишини талаб этди. Режалаштириш тизими эса бундай ўзгаришларга мос келмайди, чунки ишчи ва ихтирочилар ўз янгиликларини ишлаб чиқаришга жорий қилишдан кам манфаатдор бўладилар. Бу пировард натижада иқтисодиётнинг инқирозига олиб келди. Бу инқироз жамиятдаги сиёсий тузумнинг давр талабига жавоб бера олмаганлиги билан ҳам изоҳланади. Охир-оқибатда 1985 йилда бошланган қайта қуриш жараёни (унда бозор социализмини яратиш концепцияси илгари сурилди) 1990 йилда СССРнинг парчаланиши ва мустақил республикаларнинг пайдо бўлиши билан якунланди. Иттифоқдош деб аталган республикалар ва Россия Федерацияси ўз иқтисодиётини бозор муносабатлари асосида ривожлантириш заруратини тушиниб етдилар. Социалистик лагерь мамлакатларида ҳам (ҳатто сал олдинроқ) шундай ўзгаришлар бошланди. Нокапиталистик, социалистик ривожланиш йўли тарихан ўзини оқламади, аммо ХХР, ВСР, КХДР, Куба республикаси ва бошқалар социалистик йўлдан қайтмасликларини эълон қилдилар. Шуни қайд этиб ўтиш керакки, КХДР ва Кубада эскича бошқарув тизими сақланган бўлса, Хитой ва Вьетнамда бозор муносабатларига кенг ўрин берилган ва бу ердаги ислоҳатлар яхши натижаларга олиб келмоқда (бу масалалар анча мураккаб бўлиб, алоҳида тадқиқот мавзусидир). Шўролар ҳокимияти йилларидаги иқтисодий ривожланишга ҳолисона баҳо беришни зарур деб ҳисоблаймиз. Табиат учун ёмон об-ҳаво бўлмагани каби, тарихда бўлиб ўтган воқеалар учун ҳам энди тавба-тазарру қилишнинг маъноси йўқ. Албатта бу даврни бошимиздан кечирмаганимиз маъқул эди, аммо тарих шуни тақозо этди. Лекин шуни ҳам қайд қилиб ўтиш керакки, бу давр тажрибасидан тўғри сабоқ чиқариш керак. Капиталистик мамлакатлар иқтисодий инқирозлар ва социалистик деб аталган давлатлар иқтисодий сиёсатидан тўғри хулоса чиқариб, социал ҳимояни кучайтирдилар, аслида улар ижтимоий бозор тамойилларига амал қила бошладилар, давлатнинг иқтисодиётга аралашуви кучайди. Собиқ совет давлати ва халқнинг ІІ Жаҳон урушидаги фашизм устидан қилган ғалабасини ҳам ҳеч қачон ёддан чиқармаслик керак. Деярли бутун Европани эгаллаб олган Гитлер Германияси асосан СССР туфайли мағлубиятга учради. Бу ғалабадан турли хулосалар чиқарилди. Социализмнинг капитализмдан «устунлиги» исботланди, бу хато хулоса оқибатида шароитга мослашув йўқлиги нихоятда қимматга тушди. Ўз даврида социалистик ривожланиш йўлидан борган асосий мамлакатлар (юқоридаги тўрт давлат бундан мустасно) режали иқтисодиётдан бозор муносабатларига ўтиш даврини бошдан кечирмоқдалар. Тарихда бир иқтисодий-ижтимоий формациядан бошқасига ўтиш даври доим қайд этилган (капитализмдан социализмга ўтиш даври бўлган), аммо маъмурий буйруқбозлик иқтисодиётидан (режали социалистик иқтисодиётдан) эркин бозор иқтисодиётига ўтиш даври тарихда биринчи бор қайд этилмоқда. 5. Ўзбекистоннинг мустақил ривожланиш йўлига ўтиши, Бозор муносабатларига ўтиш даврининг тарихий зарурати, Бошқариладиган ижтимоий бозор иқтисодиёти танлаб олиниши ва унинг хусусиятлари 1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги эълон қилинди. Шу кундан бошлаб республиканинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа соҳаларида янги ўзгаришлар даври бошланди. 1865-1917 йиллари Россия империясининг мустамлакаси, 1917- 1990 йиллари собиқ СССРнинг аграр хом ашё базаси сифатида доимо қарамликда ривож топган ўлкада биринчи бор ўз эркига эришиш ва мустақил ривожланиш имкони туғилди. «Ҳозир бизнинг жамиятимиз тарихий чорахада турибди. Республикани миллий - давлат ижтимоий - иқтисодий ва маънавий камол топтирувчи ўз тараққиёт йўлини ишлаб чиқишимиз зарур», - деган эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов (И.А.Каримов Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли. Т., «Ўзбекистон»,1992 й,8- б.). Ўзбекистоннинг мустақиллик давридаги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш йўли академик И.А.Каримов номи билан боғлиқ. Унинг асарлари, рисола ва нутқларида бу тараққиёт йўлининг концепцияси ҳар томонлама ишлаб чиқилган. Бу концепция бўйича: «Барқарор бозор иқтисодиёти очиқ ташқи сиёсатга асосланган кучли демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш провард мақсад бўлиб қолиши керак» (ўша асар, 8-бет). Ўзбекистоннинг тарихий, миллий, анъанавий, демографик ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олиб республикамизда ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган бозор иқтисодиётига ўтиш мустақил жумҳуриятимиз ички сиёсатининг негизи деб қабул қилинди. Бу йўналиш немис иқтисодчилари Вильгельм Ребке (1899-1966), Вольтер Ойкен (1891-1950), Людвиг Эрхард (1897-1977)лар томонидан илгари сурилган. В. Ребке капитализм ва социализм орасидаги «учинчи йўл» борлигини кўрсатиб беради. Энг муҳими, бу ғоялар ГФР, Швеция ва бошқа баъзи давлатларда амалда қўлланилиб, яхши натижа берди. Ҳозирги пайтгача инсоният томонидан яратилган бозор муносабатларигина замон талабларига ҳар томонлама жавоб беради. Бошқа йўлдан ривожланиш сабоқлари шуни кўрсатадики, фақат бозор муноабатларидан тўғри фойдаланишгина мақсадга эришувнинг энг мақбул тизимидир. «Ўзбекистон танлаб олган йўл республика ва унинг ҳалқининг манфаатларига ниҳоятда мос келадиган, ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришга қаратилган иқтисоддир» (И.А.Каримов. Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг устивор йўналишлари. Т., «Ўзбекистон», 1993, 4-бет). Аммо узоқ йиллар социалистик деб аталган маъмурий - буйруқбозлик иқтисодиётидан эркин бозор муносабатларига ўтиш осонлик билан автоматик равишда рўй бермайди. Тарих шундан далолат берадики, давлатлар, жамиятлар ривожланиш босқичининг бир тизимдан иккинчисига ўтиш давомида жуда катта талафотлар, қийинчиликлар ва тўқнашувларни бошидан кечирган. Бунга мисол қилиб Х V ІІ асрда Англияда, XV І II асрда Францияда ва XIX асрда Германияда ҳамда XX асрда Россияда бўлиб ўтган кўпгина инқилобларни келтириш мумкин. Бунга сабаб янгилик ва эскилик ўртасидаги қарама-қаршилик бўлиб, уни ҳал этиш осонлик билан кечмайди. Ўзбекистонда 80-йилларнинг охири ва 90-йилларнинг бошларида худди шундай жараён рўй берди ва рўй бермоқда. Аммо бу ерда сиёсий ва иқтисодий вазият анча бошқача. Бир томондан қараганда республикамиз эркин бозор муносабатларига анча кечикиб кириб келмоқда, лекин шу билан бирга Ватанимиз бошқа нисбатан илғор мамлакатларнинг ижобий тарихий тажрибасидан ички ва ташқи имкониятлар доирасида фойдаланиб, бу йўлни анча қисқа давр мобайнида босиб ўтиши мумкин деб ўйлаймиз. Тўлиқ эркин бозор муносабатларига ўтиш маълум тараққиёт даврини талаб этади, бу тарихан аниқ фактдир. Бозор муносабатлари нисбатан тўла амалга ошган даврлар тарихига назар ташланса, бу давр бир неча асрлардан тортиб бир неча ўн йилларни ташкил этади. Масалан, классик бозор муносабатлари таркиб топган Буюк Британияни оладиган бўлсак, унга деярли 200 йил, Францияга 150 йил, Германия ва АҚШга 80-100 йил вақт талаб этилди. Тўлиқ бозор иқтисодиёти тўғрисида гап борар экан, умуман бозор муносабатлари шаклланиши даври тўғрисида ҳам қисқча тўхталиш керак. Сўнгги давргача «бозор иқтисодиёти қачондан шакллана бошланди?» деган муаммо очиқ эди. Бу муаммога америкалик олимлар Макконелл ва Брюларнинг 2 томлик «Экономикс» китобининг биринчи томида жавоб бордек. Уларнинг фикрича, хусусий мулкнинг пайдо бўлиши ва синфий жамиятнинг юзага келиши билан бозор муносабатлари шакллана бошлади. Демак, унга амал қиладиган бўлсак, дастлаб бозор Қадимги Шарқда (эр.авв. І V минг йиллик), антик дунё мамлакатларида (эр.авв. ІІ минг йиллик) вужудга келган ва улар кўп минг йиллик тарихга эга. Бу фикрда жон бор, чунки бозор тарихан объектив (табиий) жараён бўлиб, инсонларнинг ишлаб чиқариш, маҳсулот алмашуви, савдо-сотиқ, яъни иқтисодий алоқалари билан бевосита боғлиқдир. Бозор муносабатларининг яшаш тамойиллари барча учун умумийдир, яъни унинг маълум миллий либоси йўқ. Аммо у аниқ ижтимоий-иқтисодий шароит таъсирида нисбатан ўзгариши, айрим тамойилларнинг у ёки бу даражада фаолияти рўй беради. Инсоннинг тарихий тараққиёти давомида иқтисодиётда бозор муносабатларининг қуйидаги шакиллари фарқланди: 1. Ёввойи бозор (дастлабки пайтда); 2. Маъмурий - буйруқбозлик бозори (бир вақтлар собиқ СССР ва «социалистик» деб аталган мамлакатларда); 3. Бошқариладиган бозор (Ҳозирги деярли барча ривожланган етакчи мамлакатларда). Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ана шу бозорнинг бир шаклидир. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бозор муносабатлари аввало Шарқда бошланишига қарамай (айниқса Буюк Ипак йўли орқали савдо-сотиқнинг ривожланганлиги), маълум сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий шароитлар туфайли бу муносабатлар ривожи Х V -Х V І асрларда кескин секинлашди, аммо Европа кейинроқ Шимолий Америкада бозор муносабатлари фаол ривожлана бошлади, ташаббус тарихан улар қўлига ўтди (буюк географик кашфиётлар, мустамлакачилик тизими, буржуа инқилоби, аграр ўзгаришлар, саноат тўнтарилиши, мануфактура, машиналарининг ихтиро қилиниши, фабриканинг вужудга келиши ва бошқа қулай шароитлар). Айниқса мустамлакачилик тизими Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатларининг кескин ортда қолишига олиб келди, аммо у мустамлакачилар учун катта фойда манбаи бўлди. Бозор муносабатларининг ривожи учун маълум қулай сиёсий, ижтимоий - иқтисодий ва қолаверса психологик шароитлар комплекси зарур. Тарихдан шу нарса маълумки, масалан, И.Ползунов томонидан Россияда (Барнаулда) биринчи бўлиб буғ машинасини ихтиро қилди (1763 йил), аммо ишлаб чиқаришга жорий этилмади. Ползуновдан анча кейин (1782 йил) Буюк Британияда Ж.Уатт томонидан ихтиро этилган худди шундай машина дарҳол саноатга кенг жорий этилди, тарихда саноат тўнтарилиши, яъни инқилобнинг асосига айланди (оқибатда паравоз, темир йўл ва шу кабилар кашф этилди). Нега шундай бўлди деган саволга жавоб бериб, шуни айтиш керакки, сиёсий-ижтимоий шароит анча қулай эди (хокимят тепасида буржуазия синфи, қишлоқ хўжалигида фермерлар, саноатда капиталистлар, мануфактуранинг ривожланганлиги), яъни «янгилик уруғи ҳар томонлама тайёр тупроққа экилди ва баракали ҳосил берди». Худди шу даврда ҳозирги замон иқтисодиёти (яъни бозор иқтисодиёти) тамойилларини акс эттирувчи олимлар, адабиётлар ва иқтисодий таълимотлар юзага келди. Классик иқтисодий мактаб вакиллари аслини олганда эркин бозор муносабатларини ёқлаб чиқдилар, унинг ҳаётий, абадий ва зарурий эканлигини исботлаб бердилар (В.Петти, П.Буагильбер, Ф.Кэни, А.Тюрго, А.Смит, Д.Рикардо). Бу таълимотлар давлатлар иқтисодий сиёсатига асос қилиб олинди. Оқибатда Буюк Британия, Бельгия, Франция, кейинроқ Германия ва АҚШ, Нидерландия, Бельгия каби давлатларнинг ривожи кучайди. Бошқа давлатлар, айниқса мустамлакачиликка маҳкум этилган давлатларнинг иқтисодиёти фақат сиёсий мустақилликка эришгандан сўнггина эркин бозор муносабатларига ўтиш учун шароит вужудга келди. Бу жараён II Жаҳон урушидан кейин рўй бера бошлади (Япония, Жанубий Корея, Тайланд, Сингапур, Малайзия, Тайвань, Миср, Саудия Арабистони). Эркин бозор иқтисодиётига ўтиш учун қуйидаги зарурий шарт- шароитлар талаб этилади: А) танлаш ва тадбиркорлик эркинлиги; Б) баҳоларнинг эркинлиги (баҳони бозор талаб ва таклиф асосида белгилайди); В) эркин рақобат (монополияга қарама-қарши); Г) мулкларнинг турли-туманлиги ва уларнинг ҳуқуий жиҳатдан қонун олдида тенглиги (давлат, хусусий, жамоа мулклари); Д) давлатнинг иқтисодиётга имкони борича камроқ аралашуви ва бошқалар. Айниқса, қатъий баҳолар ва қатъий режалаштириш зиён келтиради ва бошқалар. Албатта бу муносабатларнинг ривожи учун демократик тузум, адолатли, инсонпарвар қонунлар ва уларнинг амалиёти зарур. Гап шундаки, иқтисодиётнинг ўз объектив қонунлари борки, уларга қарама-қарши қилинган тадбирлар ривожга тўсиқ бўлади ва аксинча. Бозорнинг дастлаб Шарқда юзага келганлигига шак-шубҳа йўқ. Осиё тажрибаси Европа ривожига муҳим ҳисса қўшган. Масалан, Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» лотин тилида 21 марта қайта нашр этилган экан, бошқа мисоллар ҳам кўп. Уйғониш ва маърифатпарварлик руҳи антик дунёдан Европага Осиё орқали ўтганлиги аниқ. Аслида бизда ҳам бозор муносабатлари доим бўлган, аммо улар қайси даражада эди деган савол ўринлидир, чунки XV - XVI асрлардан бошланган тушкунлик Совет хокимияти йиллари (маъмурий-буйруқбозлик даври)да давом этди. Рисоладаги эркин бозор муносабатлари тўла шаклланмади, балки унга қарши курашди. Шу сабабли ана шундай эркин бозор иқтисодиётига ўтиш учун эндигина имконият туғилди. Эркин бозорга ўтишнинг, шу асосда ривожланишининг муҳим шарти - мустақиллик ва демократиядир. Ўзбекистон бундай имкониятга 1991 йилда эришди. Умуман бозор муносабатларининг миллий либоси бўлмаган ҳолда, бир ёки бир гуруҳ давлатлар иқтисодий ривожланишида уларнинг сиёсий-иқтисодий, ижтимоий ва миллий хусусиятлар таъсири остида у ёки бу унсурларнинг турлича намоён бўлишини кўрамиз (ривожланиш модели). Айниқса, бу мулкчилик шаклларининг қанчалик тез ёки секин ўзгариши, рақобатнинг таъминланиши, монопол хўжаликни қайта қуриш ва бошқаларда номаён бўлади. Шу сабабли айрим мамлакатларнинг ижтимоий - иқтисодий ривожланиш модели юзага келади (АҚШ, Япония, Германия, Швеция, Хитой, Туркия, «Тўрт аждаҳо» давлатлари ва бошқалар). Бизнинг республикамиз табиийки, эркин бозорга ўтишнинг ўз йўлини танлар экан, хориж тажрибасини мукаммал ўрганиши ва унинг бизга мос келиши мумкин бўлган ижобий томонларидан фойдаланмоғи керак. Шунда «Американи янгидан кашф этиш»га эҳтиёж қолмайди, ўтиш даври нисбатан қисқа ва ижтимоий-сиёсий тўфонларсиз рўй беради. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, собиқ СССР таркибида аҳолиси иқтисодий потенциали жиҳатидан етакчи (учинчи ўрин) позицияларида турган республикамиз ижтимоий омиллар (жон бошига миллий даромад, озиқ-овқат, уй-жой коммуникациялар билан таъминланганлик) бўйича охирги ўринларда бўлган. Айниқса, демографик ва экологик жиҳатдан аҳвол оғир эди, яъни эркин бозорга ўтиш нисбатан оғир шароитда рўй бермоқда. Бундан ташқари, хориждаги кўп давлатларда хусусий мулк доим (бизда эса давлат мулки) етакчи бўлган, ишлаб чиқаришда юқоридан бериладиган қатъий режалаштириш, иқтисодиётимизнинг монополизм хукумронлигида аграр хом ашё йўналишда эканлиги шароитида, яъни бозор механизми учун зид шароитда бўлган. Инсонлар психологияси ҳам шунга мос равишда боқимандалик кайфиятини вужудга келтириб, («биз учун юқорида ўйлайдиганлар бор» қабилида) шахсий ташаббус бўғиб қўйилган эди. Ўзбекистон иқтисодиётини ва ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг принципиал жиҳатдан янги шароитга ўтиш йўлида эндигина илк қадамларини қўя бошлади. Албатта, ҳаммани бу ўтиш даври қанча давом этади деган савол қизиқтириши табиий, бу нималарга боғлиқ? Бу ҳақида фикр юритар эканмиз, бозор муносабатларига ўтиш масаласида тўпланган жаҳон амалиёти, айниқса ІІ Жаҳон урушидан кейинги жуда қисқа давр ичида иқтисодий-ижтимоий ва маънавий ҳаётнинг барча соҳаларида юксак натижаларга эришган бир қатор Европа мамлакатлари ва Япония тажрибасини олиш мумкин. Агар Европа ва Шимолий Американинг асосий давлатларини оладиган бўлсак, улар узоқ (100-200) йиллар давомида тўлиқ эркин бозорга ўтганлар. Лекин улар ривожланишнинг энг қуйи босқичидан бошлаб бозорнинг барча усулларини ўз бошидан ўтказганлар (капиталнинг дастлабки жамғарилиши, деҳқонларнинг ердан маҳрум этилиши- фермерчиликни юзага келиши, баҳоларнинг эркинлиги, инфляция, кризис (инқироз), хусусий мулкнинг етакчи эканлиги, машиналарнинг эркин кириб келиши ва бошқалар). Уларнинг тажрибасини шундайлигича олишга эҳтиёж йўқ, чунки бошқа нисбатан кам ривожланган давлатлар ҳам тараққиётнинг маълум босқичини босиб ўтган, озми-кўпми ўз тажрибасига, ўз ютуқларига эга бўлган, уларда ҳам бозор муносабатларининг айрим усуллари у ёки бу ҳолатда таркиб топган. Буни тарих тажрибаси ҳам кўрсатиб турибди, масалан, Англияда бунга узоқроқ вақт талаб этилган бўлса, Германия, АҚШ ва Японияда нисбатан қисқа вақт керак бўлди (бошқаларнинг тажрибаси ҳисобга олинади). Айниқса, ІІ Жаҳон урушидан сўнг кўп давлатларнинг эркин бозор муносабатларига ўтиш жараёни кучайди. Бирин-кетин Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги айрим давлатлар ана шу йўлдан бориб, нисбатан қисқа вақт ичида катта ютуқларга эришмоқдалар. Масалан, Япония бозор муносабатларини илгари ҳам инкор этмаган ҳолда, 1946-65 йиллар оралиғида (20 йил) эркин бозор иқтисодиётига ўтишни амалга оширди ва катта ютуқларни қўлга киритди. Жанубий Корея, Тайвань, Сингапур, Гонконг, Малайзия, Таиланд ва Индонезия давлатлари ҳам муҳим ўзгаришларга эришдилар. Демак, дунёда иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт йўлининг турли вариантлари мавжуд экан. Ана шу мавжуд амалиётнинг барча афзалликларини ҳисобга олган ҳолда шуни айтиш мумкинки, эркин бозор муносабатларига ўтиш нисбатан анча мураккаб ва хийла узоқ даврни талаб этадиган жараёндир. Бу ўтиш даврининг муддати, босқичлари кўпгина объектив ва субъектив омилларига боғлиқ бўладиким, Ўзбекистон учун иқтисодий ислоҳатлар ўтказишнинг ўз модели, бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўз йўли ва янги жамият барпо этишнинг ўз андозасини яратиш керак. Бу жараён бошланган, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг асарлари ва чиқишларида бу йўл аниқ ва равшан белгилаб берилган. Ҳозирги даврга қадар бу ислоҳатларнинг биринчи босқичи ниҳоясига етказилди. Унда янги иқтисодий тизимнинг ҳуқуқий ва иқтисодий негизлари яратилди. Давлатчилик шакиллантирилди ва мустаҳкамланди, эскича фикрлаш тарзларини онгимиздан чиқариб ташлашга ҳаракат қилинди. Бу босқичда янги тузум учун ишончли пойдевор яратиш вазифаси қўйилди ва бу вазифа ҳал қилинди (И.А.Каримов Ўзбекистон иқтисодий ислоҳатларни чуқурлаштириш йўлида. Т., Ўзбекистон, 1995, 16-бет). Иқтисодий ислоҳотларнинг биринчи босқичи республикамизнинг миллий валютаси - «сўм» ни муомалага киритиш билан якунланди (1991-94 йиллар) ва иккинчи босқич бошланди. Бу босқичда давлат мулкларини хусусийлаштириш соҳасида бошланган ишлар охирига етказилади. Ишлаб чиқаришнинг пасайишига бархам берилади ва макроиқтисодий барқарорлик таъминланиши ҳамда корхоналар, тармоқларнинг ва умуман давлатнинг иқтисодий ва молиявий барқарорлигига эришиш керак бўлади; миллий валюта - «сўм» янада мустахкамланади, иқтисодиётимиз структураси тубдан ўзгариб, хом ашё етказиб беришдан тайёр махсулот ишлаб чиқаришга ўтилади, унинг сифати ва рақобатга бардошлилиги жахон бозори талаблари даражасига етказилади (И.Каримов Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида. Т., Ўзбекистон, 1995, 175-177-бетлар). Эркин бозор ҳозирги дунёдаги энг ривожланган давлатлар иқтисодий тизимларининг самарали ишлашини таъминловчи, юз минглаб корхоналар ва миллионлаб кишиларнинг ишини ташкил қилувчи ҳамда иқтисодий ўсишни таъмин этувчи восита бўлиб келмоқда. Инсоният жамиятнинг иқтисодий ҳаётини тартибга солувчи бундан яхшироқ омилни ҳали топганича йўқ. Шунинг учун мустақил республикамиз ҳам ўз иқтисодиётини эркин бозор муносабатларига ўтказиши тарихий заруратдир. Аммо бу ўтишнинг турли- туман шакл ва услублари мавжуд, қайси йўлни танлаш мамлакатнинг табиий, тарихий миллий, анъанавий ва бошқа хусусятларига боғлиқ. Ғарб (Европа)да индувидиализм (шахсиятпарстлик) қадрияти кенг тарқалган. Мажозий маънода бу ерда маданият негизида «мен» тушунчаси туради. Шарқ маданияти асосини эса «биз» тушунчаси ташкил этади. Коллектвизим белгиси Шарқ учун ҳаётий зарурат ҳам бўлган, маиший турмуш, ишлаб чиқариш, ижтимоий сохаларда ҳам бу анъанага доим амал қилинган; хусусий мулк билан бирга давлат, жамоа мулки ҳам анча ривож топган. Ғарбда ерга хусусий мулкчилик хос бўлса, Шарқда хусусан, Ўрта Осиёда ер давлат (ёки жамоа, вақф ерлар) ихтиёрида бўлган. Иқлим ва тупроқ шароитлари кўп ишларни жамоатчилик асосида олиб боришни тақазо этган. Шарқ учун авлоддан - авлодга ўтиб борадиган урф-одатлар, меъёрлар, маросимлар хосдир. Шарқона тасаввурларга асосан, силсилалар, тўнтаришлар эмас, балки тартиб, саришталик, ислоҳотларга мойил босиқлик, хотиржамлик қадрланади. Шарқ учун ўтиш давридаги ислоҳотларнинг эволюцион йўли маъқул. Ўрта Осиёда тўла маънодаги бирор инқилоб бўлмаганлигини ҳам эслатиб ўтиш даркор. Россиядаги 1917 йилги феврал ва октябр инқилоблари Туркистонда инъикос сифатида намоён бўлган, холос. Албатта, тарихда инқилобнинг «руҳий муолажа» йўли ҳам борки, уни ҳисобга олмай илож йўқ. Бу усулни қўллашнинг бар қанча афзалликлари бордек туюлади, яъни қисқа вақт ичида барча давлат ва жамоа мулклари хусусийлаштирилади, баҳолар либераллаштирилади, давлат иқтисодиётга аралашмай қўяди ва бошқалар. Бу назарий жиҳатдан тўғридай туюлади. Аммо Ўзбекистоннинг ҳозирги иқтисодий, ижтимоий, демократик ва бошқа шароитларини ҳисобга олсак, «шок терапияси» оқибатларини тасаввур этиш қийин эмас. 1991 йилнинг 1 сентябрида ўз мустақиллигига эришган Ўзбекистон Республикаси эркин бозор муносабатларига ўтишнинг эволюцион усулини танлади. Бу усулнинг танланишига жумҳуриятимизнинг иқтисодий ва ижтимоий қолоқлиги бош сабабдир. Чунки Ўзбекистон етакчи Ғарб ва Шарқ мамлакатлари ва собиқ СССРнинг бир қатор республикаларига нисбатан анча ортда қолган эди. Иқтисодиётимиз структураси асосан хом ашё етказиб берувчи (97 фоиз пахта толаси марказга юборилган) пахта якка хокимлиги кучайган, аммо истеъмол ва саноат молларининг кўпчилиги (60 фоиз) импорт қиладиган даражада эканлигини эслатиб ўтиш жоиздир. Республикамизда демографик аҳвол анча номутаносибдир. Масалан, аҳолининг деярли 50 фоизи 16 ёшга тўлмаган болалардан иборат бўлган ва 2,75 млн. нафақахўр, 0,5 млн. ногирон ва 1,5 млн.га яқин ишсиз бўлган. 1996 йил халқ хўжалиги тармоқларида ишлаганлар сони бор йўғи 6,1 млн. кишини ташкил этган. Ҳозирги замон иқтисодиёти пойдеворини яратган А.Смитнинг таъкидлашича, халқлар бойлиги ишлаётган аҳолининг сонига ҳамда уларнинг меҳнат унумдорлиги даражасига боғлиқ. Ҳозирги давр иқтисодчиларининг фикрича, ўсиш омилларига улардан ташқари моддий - техника ресурслари ва технологияларни ҳам киритиш керак. Ўзбекистонда бир томондан ишлаб чиқаришда аҳоли сони оз бўлса, иккинчи томондан уларни илғор машина ва технологиялар билан қуролланиш даражаси ҳам анча пастдир. 61,6 фоиз аҳолининг қишлоқларда яшаши ҳам салбий ҳолатдир. 1996 йилги маълумотлар бўйича 1991-95 йилларда шаҳар аҳолиси 4 фоиз ортган бўлса, қишлоқ аҳолисининг сони 12 фоиз кўпайган. Аҳолининг соғлиқ даражаси ҳам ниҳоятда ёмон аҳволда эди, бунга экологик шароитларнинг оғирлиги ҳам таъсир этган. Тарихий тажрибадан шу нарса маълумки, эркин бозорга ўтиш осонлик билан бўлмайди. Масалан, Англияда деҳқонлар ердан, ишлаб чиқариш воситаларидан маҳрум этилган, оммавий кўчага ҳайдалган ва арзон ишчи кучига айланган. Мануфактура ва кейинчалик завод - фабрикаларда 14-16 соатлик иш куни жорий этилган, ишсизлик ва эксплуатация кучли бўлган; ишчи ва фермерларнинг норозилиги кўплаб қўзғолонларга қонли тўқнашувларга сабабчи бўлган. Айрим давлатларнинг ривожида мустамлакалар катта ўринни эгаллаган (Англия, Франция, Бельгия). Собиқ СССР ва социалистик деб аталган давлатларнинг барчаси эркин бозор иқтисодиёти сари бормоқда. Уларнинг айримлари ўз тажрибасида «шок терапияси» усулини қўллаб кўрдилар (Польша, Россия) ва бирон - бир муҳим ютуққа эриша олмади, аксинча уларда иқтисодий парокандалик, сиёсий нотинчлик, очиқдан-очиқ фуқаролар уруши бўлиб турди. Оғир аҳволдаги иқтисодиётни қутқариш учун эса албатта тинчлик осойишталик бўлиши, солиқлар меъёрида бўлиши керак (А.Смит). Бу фикрнинг тўғрилигини қўшни давлатлар иқтисодиёти яққол кўрсатиб турибди (Афғонистон, Тожикистон, Гуржистон, Озарбайжон). Шуни айтиб ўтиш керакки, эркин бозор муносабатларига классик усул билан ўтган давлатларда бу жараён тарихан узоқ вақт давом этди, саноат структураси эса уй ҳунармандчилиги, мануфактурадан ўсиб чиқиб, фабрикага айланган, улардан ташқари, ривожланиш аввало майда ишлаб чиқаришдан енгил (тўқимачилик ва озиқ-овқат) саноатдан бошланиб (дастлабки капиталнинг жамғарилиши учун осон йўл) аста секин йирик, оғир саноатга ўтилган эди. Бу жараён аграр соҳада ҳам рўй берди. Майда деҳқончилик йирик фермерчилик сари борди. Бизда эса табиий жараён бузилиб, 1925 йилдан бошлаб бирданига оғир саноатни барпо қилишга киришилди, лекин бу иш деҳқонларни хона вайрон қилиш ҳисобига амалга оширилди. Бунинг салбий таъсири ҳозиргача бор. 1927 йилдан бошлаб зўрма - зўраки оммавий коллективлаштириш ҳам бошланди. Бу иккала тадбир тарихан маълум давр учунгина ижобий роль ўйнади, лекин унинг принципиал нотўғри эканлиги маълум бўлиб қолди. Ишлаб чиқариш воситаларини умумҳалқ мулкига айлантириш охир- оқибатида халқнинг меҳнатга бўлган муносабатларининг пасайишига олиб келди. Меҳнат натижаларидан тўла манфаатдорлик (мотивация)нинг пасайиши оқибатида турғунлик, яъни инқироз ҳолатига тушиб қолишди. «Социалистик» деб аталган ишлаб чиқариш усули тарих синовидан ўта олмади. Ўзбекистон Республикасининг эркин бозор иқтисодиётига эволюцион, яъни босқичма-босқич ўтиш зарурлиги ва унинг аҳамияти Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг асарлари ва чиқишларида тўла таҳлил этиб берилган. Республикамизда бозор муносабатларига босқичма- босқич ўтиш зарур, биринчи навбатда барча давлат мулкининг 95-97 фоизини хусусийлаштириш (приватизация) орқали ўтиш керак. Агар бу иш бирданига амалга оширилса, оммавий ишсизлик келиб чиқиши табиий бир ҳолдир, унинг оқибатида эса (демографик шароит оғирлиги туфайли) ғоят жиддий фожиалар келиб чиқиши мумкин. Ижтимоий тўфон эса иқтисодий барқарорлик ва ривожланишга қарама-қарши жараёндир. Шу сабабли хусусийлаштириш соҳасида аниқ ҳисоб-китоб қилинган ва пухта ўйланган сиёсат юритиш керак. Ерни хусусийлаштириш масаласи ҳам анча жиддийдир. Ғарбда ерга хусусий мулкчилик мавжуд. Ўзбекистон Республикасининг ҳозирги Конституцияси ва шунга оид қонунларда ер-сув ва қазилма бойликлар давлат тасарруфидадир. Худди шундай ҳолат етакчи ўринларда кетаётган ва ривожланган Гонг-конгда ҳам мавжуд. Хитойда ҳам ер давлат ихтиёрида бўлиб, қисқа ва узоқ муддатга оилавий пудратга берилади. Саноат корхоналари ва бошқа мулк объектларини дарҳол хусусийлаштириш аввало қийин, чунки «янги бино қурмай туриб, эскисини бузмаслик» керак. Дастлабки капитал - жамғарма ҳам дарҳол пайдо бўлмайди. Бундан ташқари асосий аҳолининг руҳий-психологик мослашувини ҳам унутмаслик керак. Ўз даврида нисбатан қатъий баҳоларда савдо-сотиқ қилган халқ баҳолари, нарх-навонинг сакраши, пулнинг қадрсизланиши (инфляция), янги ижтимоий гуруҳ – ишбилармонлар, бизнесменлар (янги бойлар - нуворишлар)нинг пайдо бўлаётганлигини салбий равишда қабул қилади. «Аввалги Совет даври яхши эди» дегувчилар ҳам бор. Ваҳоланки, бу холат хорижда табиий деб қаралади. Шуларни ҳисобга олиб, хукуматимиз ижтимоий йўналтирилган бозор тамойиллари асосида иш юритишни маъқул кўрмоқда. «Ижтимоий йўналтирилган бозор» тушинчаси даставвал 1948 йилда ГФРда вужудга келди (Л.Эрхард ислоҳатлари) ва бозорнинг бу шакли айниқса Швецияда асосий роль ўйнайди. Бу ерда ишсизликнинг олдини олиш, кам ва юқори иш ҳақи олувчиларнинг фарқи кескин бўлмаслиги, давлат ва касаба уюшмалари томонидан таъминланади. Давлат томонидан хўжалиги издан чиққан, танқисчилик мавжуд бўлган мамлакатларда аҳолини таъминлаб туриш зарур, энг муҳим товарларнинг нархи маълум давр мўътадил ушлаб турилади, маҳсулотлар кўпайиб, бозор изга тушиб олгач, баҳолар либераллаштирилади (бу усул бизда ҳам қўлланилади), бу усул маълум вақт давомида ёрдам беради. Давлат мулки монополияси сақлаб турилган ҳолда нарх-навони эркин қўйиш одатда баҳоларнинг доим кўтарилишига олиб келади. Тўла бозор механизмини яратиш кундалик ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш билан узвий боғлиқ ҳолда олиб борилиши лозим. Бу бозорга кириш йўли «шок терапияси»дан кескин фарқ қилади ва нисбатан узоқ даврни талаб этади, бунда ижтимоий тўфоннинг олди олинади. Бу муаммоларни қандай ва қанча вақт давомида ҳал қилиш мумкинлигини ГФР таркибига қайта кирган ГДРда ўтказилаётган иқтисодий сиёсат мисолда кўришда мумкин. Маълумки, ГДР «социалистик» деб аталган лагернинг энг ривожланган давлати эди, аммо унинг иқтисодий ривожи ҳам, таркиби ҳам бозор иқтисодиётига тўла ўтиш учун катта маблағ ва хийла узоқ вақтни талаб қилмоқда. Федерал ҳукумат шу мақсадда катта маблағ (600 млрд. марка) ажратди ва ўтиш даврини ўн йиллар давомида рўй беради деб режалаштирмоқда. Ўзбекистоннинг эркин бозор муносабатларига ўтиши эволюцион, яъни босқичма-босқич, ижтимоий йўналтирилган тамойиллар асосида олиб борилар экан, бу усулнинг албатта устунлик томонлари бор. Аммо айрим ҳавфлари ҳам йўқ эмас. Чунки баъзи пайтларда хал қилиниши керак бўлган енгил масалалар амалга оширилмаса (яъни сунъий равишда ушлаб турилса), бозор механизми яхши оборотлар билан ишламайди. Мана шу ўзгаришларни ўз вақтида илғаб олиш ва шунга мос ўзгартиришлар киритиш, яъни иқтисодий сиёсатни усталик билан олиб бориш талаб этилади. Бу айниқса нарх-наво сиёсатида халқ хўжалигидаги структуравий (таркибий) ўзгаришларни амалга оширишда молия, айниқса солиқ сиёсати ва бошқаларда яққол сезилади. Оддийроқ қилиб айтганда, ислоҳатларни шошириш, яъни сунъий тезлаштириш қанча хавфли бўлса, етилган ва амалга оширилиши керак бўлган масалаларни кечиктириш ҳам шунча зиён келтиради. Иқтисодий тарихдан шу нарса маълумки, эркин бозор муносабатларига ўтиш сип-силлиқ ва осонгина кечмаган. Ҳозирги замон эркин бозор муносабатларини тарифлаган калссик иқтисодий мактаб вакиллари (В.Петти, П.Буагильбер, Ф.Кенэ, А.Тюрго, А.Смит ва Д.Рикардо) иқтисодиётнинг объектив табиий (инсон ҳоҳишига боғлиқ бўлмаган) қонунлар асосида бекаму-кўст ривожлана олишини кўрсатиб берадилар. Бу иқтисодиёт инқирозларсиз (кризисларсиз) ёки давлатнинг аралашувисиз (ёки кам аралашуви билан) ривожланадиган ва ўзини ўзи тартибга сола оладиган механизм деб баҳоланади. Бозор иқтисодиётида хусусий мулк, шахсий манфаат ва фойда кетидан қувиш устун бўлади. А.Смитнинг фикрича, иқтисодиётда инсонга хос бўлган эгоизм жамият манфаатларига зид эмас, чунки у товарни фақат ўзи учун ишлаб чиқармайди, аксинча уни алмаштириш ва сотиш учун ҳаракат қилади, ҳалқ фаровонлиги айрим кишиларнинг хаётини яхшилаб бориш оқибатида рўй беради. Собиқ шўролар даврида бунинг тескарисини исботлашга уриниб кўрилди. Аммо аста секин дастлабки қадами нисбатан равон бўлган эркин бозорнинг камчиликларидан ҳоли эмаслиги маълум бўлиб қолди. Бир томондан, бозор самарали ишлаб чиқариш, меҳнат унумдорлигини ва фан- техника тараққиётини ошириш, турмушнинг моддий даражасини кўтариш учун қулай шарт - шароит яратади, бошқа томондан эса у иқтисодий танглик (кризис), ишсизлик, пулнинг қадрсизланиши (инфляция) сингари бозорнинг самарадорлиги ва жозибадорлигини пасайтирувчи жараёнларни ҳам туғдиради. Классик мактаб иқтисодчиларининг таълимотига қарама-қарши ХІХ асрнинг бошларидаёқ (1825 йил Англияда) дастлабки ортиқча ишлаб чиқариш рўй берди ва бу жараён деярли барча мамлакатларда циклик такрорланиб турибди. Бу ҳол нисбатан бозор муносабатлари мавжуд бўлган давлатларга хос. Кам ишлаб чиқариш танқислиги (дефицит) одатда бозор кучли даражада монополлашган, рақобат механизмлари тўла таркиб топмаган маъмурий-буйруқбозлик бозори (иқтисодиёти) учун хосдир (масалан, собиқ СССРнинг парчаланишидан кейин янги ташкил топган мустақил давлатлар). Бу ерда давлат иқтисодиётда фаол аралашишга мажбур бўлади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, тарихан Англияда эркин бозор муносабатлри шакиллана бошлаган даврдаёқ очиқ-ойдин мулкий тенгсизлик деҳқонлар ва майда ишлаб чиқарувчиларнинг хонавайрон бўлиши («қўйлар одамларни еб қўйди»-Т.Мор) рўй берди. Миллионлаб ҳалқ кўчага ҳайдалди, кам иш ҳақи олишга мажбур бўлди, оммавий ишсизлик рўй берди ва ҳоказо. Дастлаб айрим кишиларнинг бойиши бошқалар ҳисобига амалга ошди. Саноатда структура ўзгаришлари енгил саноатдан оғир саноатга қараб борди. Бунинг сабаби шуки, енгил саноат талаб ва таклифга тез мослашади, нисбатан камроқ жамғарма талаб қилади, капитал қўйилмалар тез самара беради. Оғир саноатда эса аксинча. Бозор иқтисодиётининг ҳозирги босқичида эса бозорга ўтишнинг классик (тарихий) вариантига йўл қўйиш хафлидир. Чунки ижтимоий тўфон рўй бериши мумкин (бу тарихда исботланган). Шу сабабли Ўзбекистонда амалга оширилаётган бозор иқтисодиёти ислоҳатлари эркин бозор иқтисодиётининг муҳим унсурларини босқичма-босқич жорий қилишни тақозо қилади, бу мураккаб жараённи стихияли боришига йўл қўймаслиги, балки маъмурий давлат назоратини кучайтириш билан тартибга солиб туришга амал қилиш заруратини кўзлайди, ўзини ўзи маҳсулот билан таъминлайди ва аста-секин аҳолининг маълум қатламлари турмуш даражасини яхшилайди. Бу жараённинг классик жараёндан фарқи шуки, жамиятнинг бир қатлами турмуш даражасининг ошиши иккинчисининг пасайиб кетиши ҳисобига амалга ошади, бунга эса йўл қўймаслик керак. Бунинг учун давлат иқтисодиётини ижтимоий жиҳатдан кучли назорат қилиши зарур. Бу жараён айниқса эркин бозор муносабатларига ўтиш даврида кучли бўлиши мақсадга мувофиқдир. Ҳозирги даврда нисбатан яхши ривожланган етакчи мамлакатларнинг иқтисодий тараққиёти тажрибаси шуни кўрсатадики, у давлатлардаги бозор муносабатлари объектив қулайроқ шароитларда рўй берди. Масалан, Буюк Британиянинг географик ўрни (орол) исталган давлат билан осонгина боғланишга имкон берган, табиий шароити яхши, иқлими мўътадил табиий бойликлар ҳам анчагина, тарихий шароити ҳам қулай бўлган, мамлакатлардан келиб турган бойлик саноатнинг ривожига ва ташқи савдо оборотига ёрдам берган. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Ўзбекистоннинг бозор муносабатларига тез ва буҳронсиз ўтиши учун қулай шароитлар анчагина. Бу аввало сиёсий мустақилликнинг мавжудлигидир, ҳалқимизнинг бой тажрибаси ва меҳнаткашлиги, интеллектуал бойлиги туфайли ҳатто маъмурий буйруқбозлик даврида ҳам бозорлар мавжуд бўлган ва асосий талаб-эҳтиёжни қондира олган. Бу ҳалққа мулкий эркинлик берилса, шунинг ўзи ҳам ишлаб чиқаришнинг бир неча баробар ўсишига олиб келади (чунки манфаатдорлик бор). Агар ишлаб чиқаришга илғор технология, фан-техника ютуқлари жорий этилса, бой моддий-техника ресурсларимиз ишга солинса, халқимиз ва давлатимиз тезда ривожланиб, нисбатан қисқа давр ичида илғор мамлакатлар қаторига қўшилади. Ўзбекистон Республикасининг Президенти И.А.Каримовнинг бозор муносабатларига ўтишнинг беш тамойилидан бири жумхуриятимизнинг эркин бозорга ўтишда тарихий эвалюцион йўлни танлагани ниҳоятда тўғридир. Республикамизнинг бозор муносабатларига ўтишдаги беш тамоил биринчи бор И.А.Каримов томонидан 1993 йил 12 февралда «Комсомольская правда» газетасининг бош муҳарири В.Фрониннинг саволларига берилган жавобларида мужассамлашган. (И.А.Каримов Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг. Т., Ўзбекистон, 1993, 5-7-бетлар). (Шу бобдаги фикрларни янада тўлдириш учун А.Ўлмасов ва М.Шарифхўжаевлар томонидан тайёрланган «Иқтисодиёт назарияси» (1995) дарслигининг ХХІІІ бобидаги (489-507-бетлар) материалларидан фойдаланиш тавсия этилади). Ушбу мавзуга хулоса сифатида шуни айтишимиз мумкинки, Туркистон Россия империясининг мустамлакаси сифатида (1865-1917) марказга хом ашё етказувчи аграр ўлкага айланди, саноат асосан хом ашёни дастлаб қайта ишловчи ва тоғ-кон тармоқларидан иборат бўлди. Ўлкада темир йўл қурилиши туфайли савдо-сотиқ ўсди, товар-пул муносабатлари, яъни бозор муносабатлари шакиллана бошлади. Шўролар ҳокимияти (1917-90) йилларда маъмурий-буйруқбозликка асосланган режали иқтисодиётга ўтилди. Нокапиталистик концепция, яъни бозор муносабатларини инкор этувчи йўл танлаб олинди. Буйруқбозлик иқтисодиёти туфайли эришилган айрим ютуқлар вақтинча самара берди. Марказ томонидан олиб борилган сиёсат оқибатида катта потенциалга эга бўлган Ўзбекистон иқтисодиёти бир томонлама аграр хом ашё йўналишида ривожланди, тайёр саноат товарлари ишлаб чиқариши чекланган эди, пахта якка хокимлиги ҳам ижобий, ҳам экологик муаммоларни келтириб чиқарди, ерларнинг шўрланиши, ботқоқлашуви кучайди, Орол денгизи қурий бошлади, халқнинг моддий фаровонлиги кескин ортда қолди. Илғор мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиш тарихи бозор иқтисодиётни қўллаш йўли билангина тараққиётга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Кўп йиллар давомида режали иқтисодиёт юритган собиқ СССР ва бошқа «социалистик» давлатлар иқтисодиёти инқирозга учради ва бу бозор иқтисодиётига ўтишни тақозо этмоқда. Ўзбекистон Республикаси бозор муносабатларига ўз мустақиллигига эришгандан сўнг ўта бошлади. Бу бозор иқтисодиётига ўтиш концепцияси маъмурий-буйруқбозликка асосланган режали иқтисодий тизимдан эркин бозор иқтисодиётига ўтишнинг қонун-қоидалари ва унинг Ўзбекистондаги хусусиятларига оид илмий қарашлар мажмуидан иборатдир. Республикамизнинг бозор муносабатларига ўтиш концепцияси Ўзбекистон Республикаси Президенти, академик И.А.Каримовнинг асарлари, рисола ва нутқларида изоҳлаб берилган. Ўзбекистоннинг тарихий, миллий, анъанавий, экологик ва бошқа соҳаларидаги тажрибаларига асосланиб, республикада ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига ўтиш йўли мақул деб топилди. Бу ўтиш йўли тадрижий (эволюцион), кетма-кет, босқичма-босқич амалга ошади. Жамият ривожи тарихи шуни аниқ кўрсатадики, бир ижтимоий тизимдан бошқа тизимга кўчиш учун маълум ўтиш даври обектив заруратдир. Бу зарурат эскирган ҳаёт уклади ўрнига яратилган янги укладни вужудга келтиришдаги сиёсий ижтимоий ва иқтисодий қийинчиликлар билан чамбарчас боғлиқдир. Ўзбекистон шароитида бу ўтиш даври бир неча босқичдан иборат бўлади, ҳозирги вақтда биринчи босқичдан (1991 - 1994 йиллар) иккинчи босқичга ўтилди. Ўтиш даврининг давом этиш вақти ва босқичлари сони ўтиш даврида қўлланиладиган қатор аниқ объектив ва субъектив омиллар ва услубларга боғлиқдир. Уни нисбатан тезроқ ва тўфонларсиз амалга ошириш бош вазифа ҳисобланади. Ўзбекистонда МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб мустақилликнинг беш йили давомида муҳим ютуқлар қўлга киритилди. Инқирозлар даври тугаб, иқтисодиётнинг жадал ўсиш даври бошланди. Макроиқтисодий барқарорликка эришилди, миллий валютамиз бўлган сўм мустаҳкамланди, хусусийлаштириш жараёни чуқурлашди ва кенгайди. Иқтисодиётда сезиларли таркибий ўзгаришлар юз берди. Бозор инфраструктурасида сезиларли силжишлар рўй берди, асосий иқтисодий кўрсаткичларнинг ўсишига эришилди. Бу танлаб олинган иқтисодий ислохотлар йўлининг тўғрилиги натижасидир (Ўзбекистон мустақиллик йилларида. 1991-1996 йиллар иқтисодий таҳлили. Т., Ўзбекистон, 1996. 3-10- бетлар).