logo

Мижозларга масофавий банк хизматларини кўрсатишда банк-мижоз дастурининг ўрни

Yuklangan vaqt:

13.03.2024

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

129.5 KB
Мижозларга масофавий банк хизматларини кўрсатишда банк-мижоз дастурининг ўрни Режа : 1. “Банк-мижоз” дастурий таъминоти ва унинг ахамияти. 2. “Банк-мижоз” тизимининг асосий вазифалари. 3. Ҳисоб-китобларни “Банк-мижоз” тизими орқали ўтказиш тартиби. 4. Банк-мижоз дастури бўйича мижознинг иш тартиби. Таянч иборалар “Банк-мижоз” дастурий таъминоти, тизимнинг асосий вазифалари, ҳисоб-китоблар, компъютер, модем, дастур, шартнома, крипто-жараён, тўлов хужжатлари, маълумот, ахборот, мижознинг иш тартиби, хужжатнинг асл нусхаси, жавобгарлик, автоматлаштирилган иш жойи.техник воситалар, сўровнома, хабарнома маълумот узатиш. «Банк-Мижоз» дастурий таъминоти ва унинг аҳамияти Ҳозирги кундаги энг замонавий банк хизматларидан бири мижозларга олисдан туриб хизмат кўрсатишдир. «Банк-Мижоз»деб номланган бу тизим энг юксак халқаро андозаларга мосдир. «Банк-Мижоз» тизими бўйича кўрсатиладиган хизматлар доираси банк хизматларининг барча асосий турларини ўз ичига олади. Булар, хусусан, тўловлар ўтказиш, банкдаги ҳисобварқалар ҳолати, улардаги тушумлар ва чиқимлар тўғрисида муфассал ахборот олиш, банкнинг тегишли хизматлари билан амалий ёзишмалар олиб бориш кабилардир. Мижозга хизмат кўрсатиш вақти максимал даражада кенгаяди. Тизимдан фойдаланувчиларга банк дам олиш кунларисиз, кечаю кундуз хизмат кўрсатади. Бундан буён мижоз ҳар куни банкка бориши шарт эмас. Энди у бевосита офисда, ёки уйда туриб унинг хизматларидан фойдаланиши мумкин. «Банк- Мижоз» тизими банкка бориш учун сарфлайдиган вақт ва харажатни анча камайтиради, ҳамда банк қаерда жойлашгани мутлақо фарқсиз бўлиб қолади. «Банк-Мижоз» тизимидаги барча маълумотлар электрон ҳужжатлар кўринишида бўлади. Улар компьютерлар хотирасида сақланади ва электрон каналлар орқали жўнатилади. Банк мижознинг электрон имзоси билан тасдиқланган электрон рақам шаклдаги тўлов ҳужжатларини олиши юридик жиҳатдан қоғоздаги тўлов ҳужжатлари олиши билан тенг ҳисобланади. «Банк-Мижоз» тизими банк олдидаги қуйидаги масалаларни ҳал қилиш учун ишлатилади: - мижоз учун навбатга туришга ҳожат қолмайди; - мижоз учун банкнинг операциялар залига келиш харажатлари бўлмайди; - мижоз ҳисоб рақамидаги операцияларни амалга ошириш вақтини камайтиради; - ҳужжатларни компьютерга киритишдаги, текширишдаги ва қайта ишлашдаги хатоликларга йўл қўйилиши, хатарини камайтиради; - банк ходимини меҳнати енгиллашади ва иш сифати ошади; - мижоз учун кенг кўламдаги хизмат турлари таклиф қилинади ва бу хизмат турлари ривожлантирилади; - мижозлар банкдан суткасига 24 соат мобайнида ва ҳафтасига 7 кун мобайнида маълумот олишлари мумкин ва бунинг учун банкда 3 сменали ишни ташкил қилиш шарт эмас; - банкни ривожлантириш учун, қўшимча инвестициялар қилмасдан мижозларни жалб қилиш. Алоқа воситаси сифатида оддий телефондан фойдаланиш мумкин. Программа таъминоти сифатида стандарт Web - Brayzer Microsoft Internet Exployer дастуридан фойдаланиш мумкин. Мижозда ҳеч қандай қўшимча банк дастурлари бўлмайди ва ҳеч қандай база маълумотлари сақланмайди. Ҳамма программа таъминоти, бизнес мантиқ ва база маълумотлари банкнинг R - Bank тизими билан, банк серверида сақланади. Мижоз қачон банк билан боғланса, ўшанда барча ишларини амалга ошириши мумкин. «Банк-Мижоз» тизими бу мижоз ва банк ўртасидаги ҳимояланган электрон ҳужжатлар алмашишнинг Web -технологиялар асосида яратилган тизимидир. «Банк-Мижоз» тизимида мижоз оператив ҳолатда On - line режимида ўзининг ҳисобварақларини бошқаради, банкдан жорий вақтдаги ҳисобрақамидаги қолдиқ ҳақида маълумот олиш ва улардан кўчирмалар қилиш, бошқа ҳар хил вақтлар учун кўчирмалар қилиш имкони ва бошқа молиявий маълумотлар олиш имконини беради. “Банк-мижоз” тизимининг асосий вазифалари. Банк- мижоз дастурининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади: • электрон пул ҳисоб-китоб ҳужжатларини тайёрлаш; • сўровномлар ва хабарномаларни шакллантириш; • электрон имзо ва маълумотларни рақамлаш; • банк билан модем алоқаси; • маълумотларни қабул қилиш ва узатиш; • қабул қилинган маълумотларни қайта ишлаш; • керакли маълумот ва ҳисобот шаклларни қайта ишлаш; • керакли маълумот ва ҳисобот шаклларини босмадан чиқариш; • маълумотларни архивлаш. Тўлов ҳужжатлари билан ишлашда, тизим қуйидагиларни амалга оширишга рухсат беради: - янги ҳужжатни янгидан ва намуна бўйича тўлдириш. Бу дэгани мижоз бўш бланкани олгандан кейин уни уч хил йўл билан тўлдириши мумкин. Биринчиси - қўл билан янгидан маълумотларни киритиш. Иккинчиси - шаблон ҳужжатлар справочнигини чақириш орқали. Учинчидан - олдин қилинган ҳужжатни кўчириб олиш орқали, яъни олдин қилинган ҳужжат рўйхатдан топилади ва кўчириб олинади. Шу билан бирга мижоз кўчириб олган ҳужжатини ўзгартириш имконига эга бўлади. - Агар мижоз Off - line режимида бошқа бухгалтерия дастурлари орқали тўлов ҳужжатларини тайёрлаб қўйган бўлса, уларни «Банк-Мижоз» тизимига кўчириши, ёки ушбу икки программани боғлаши мумкин, лекин бунда ушбу электрон ҳужжатлар қаттиқ текширувдан ўтказилади. - Кўпгина тўлов ҳужжатларининг моделлари доимо сақланиб туради ва уларни қайтадан киритиш шарт эмас. Масалан ҳужжатнинг номери, олувчининг реквизитлари ва бошқалар. - Мижоз томонидан справочник юритиш. Бунда мижоз тез-тез қайтарилиб турадиган ҳужжатларни справочникка киритиб қўяди ва у керак бўлганда справочникдан чақириб олади ва ишлатиши мумкин. - Тўлов ҳужжатларини мижоз томонидан бирма-бир имзоланиши мумкин, ёки бирданига ҳаммаси филтр орқали, ёки корреспонденция орқали имзоланади. - Жўнатилган ҳужжатларни қайтариб олиш имкони, яъни агар мижоз электрон ҳужжатни жўнатган бўлса-ю, банк томонидан ушбу ҳужжат бўйича ҳали тўлов амалга оширилмаган бўлса, ҳисоб рақамида ўзгаришлар бўлмаган бўлса, мижоз тўловни бекор қилиши мумкин. - Электрон ҳужжатларни принтердан чиқариб олиш имкони, яъни мижоз барча электрон ҳужжатларни, кўчирмаларни ўзига қулай ҳолда, принтердан чиқариб олиши мумкин ва уни ўзида сақлаб ўтириши шарт эмас. - тизимга улангандан буён амалга оширилган барча ахборотлар архивига, яъни банк серверида ахборотлар сақлаш имкони. Бунда мижоз ўзинг компьютеридаги диск хотирасини сақлайди, яна ушбу ахборотларни билмасдан, ёки атайлаб ўчирилиб кетмаслиги имконини беради. Ушбу тизим мижоз учун ҳақиқий вақт режимида қуйидагиларни олиш имкони беради: - Ўзининг барча ҳисобрақамларидаги қолдиқлар ҳақидаги маълумотлар; - Сўров берилган вақтгача бўлган барча оборотлари ҳақидаги барча ҳисобрақамларидан экспресс кўчирмалар олиш; - Ҳамма ҳисобрақамлари бўйича банк операцион куни ёпилгандан кейин кўчирма олиш имкони; - Ҳар қандай ҳисобрақамидан ҳар қандай давр учун кўчирма олиш имкони; - On - line режимида турган ҳолда, ўтказган тўловлари, банкнинг молиявий ҳолати ҳақида аниқ маълумот олиш имкони; - Аниқ On - line режимида турган ҳолда, 2-картотекада турган ҳужжатлар ҳақида маълумот олиш имкони; Бундан ташқари «Банк-Мижоз» тизими: - келажакда амалга оширилиши керак бўлган тўловларни ушлаб туриш; - кўп қиррали электрон имзони қабул қилиш имкони, яъни оператор- бухгалтер- директор; Тизим банк билан почта алмашиш имконини беради: - банкка текст ҳолатидаги ахборотни жўнатиш, ёки банкдан қабул қилиб олиш имкони; - банкка ихтиёрий ҳолатдаги файлларни жўнатиш ва қабул қилиб олиш; - банкнинг эълонлар доскаси билан боғланиб туриш ва у ердан ахборотлар олиш имкони. Мижоз тизим билан хоҳлаган вақтида, хоҳлаган жойидан туриб, меҳмонхонадами, уйидами, ишхонасидами, ёки бошқа шаҳарда бўлса ҳам системага уланган компьютери ва модем орқали тўловларни амалга ошириши мумкин. Ушбу тизим кўпчилик томонидан бирданига фойдаланса бўладиган имконга эга, яъни мижоз томонидан ҳам банк томонидан ҳам. Тўлов ҳужжатларини бир ерда тўлдириб бухгалтер, ёки директор бошқа ердан туриб имзолаши ҳам мумкин. Ушбу тизим юқори даражали ҳимояга эга бўлиб, алоқа йўллари орқали мижоз томонидан, ёки банк томонидан ноқонуний киришлардан ҳимояланган. Мижоз ва банк томонидан киритилган ахборотлар шифрланади ва электрон имзо билан тасдиқланади. Ҳисоб-китобларни «Банк-Мижоз» тизими орқали ўтказиш тартиби Ўзбекистонда банк тизими ривожланиб борган сари банклар томонидан мижозларга хизмат кўрсатиш сифати яхшиланмоқда, уларга янги банк хизматлари таклиф этилмоқда. Шулардан бири янги технология бўлиб ҳисобланган «Банк- Мижоз» дастури бўйича ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги томонидан 1998 йил 497-сонли билан рўйхатга олинган, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки Бошқаруви томонидан тасдиқланган «Ҳисоб-китобларни «Банк-Мижоз» дастурий мажмуаси орқали амалга ошириш тўғрисида»ги Низом асосида олиб борилади. “Банк мижоз” дастурий мажмуаси (дастур) банк ва мижознинг автоматлаштирилган ўзаро алоқаси учун белгиланган бўлиб, пул маблағларининг оператив бошқаришнинг ўсишига ва қуйидагиларга имкониятлар яратади: - мижознинг ҳар куни банкка қатнамаслиги ҳисобига ўз вақтини ва маблағини тежашга; - манзилнинг узоқ яқинлигига қарамасдан мижознинг банкни ўзи ихтиёрий равишда танлашига; - банк мижозлари бўлган фуқароларга, уларнинг уйида, юридик ташкилотларга эса, уларнинг идораларида автоматлаштирилган иш жойини ташкил қилган ҳолда, банк хизматини кўрсатишга; - операцион ва ахборотлар соҳасида мижозга кўрсатиладиган хизмат доирасини кенгайтиришга; - банк бухгалтерларининг меҳнат унумдорлигини оширишга; - операцияларнинг юқори тезликда ва сифатли рўйхат қилинишини таъминлашга. Банк мижоз дастурий мажмуасининг ишлаши банк билан мижоз ўртасида коммуникацион алоқа тармоғи орқали файлда маълумотлар алмашинувига асосланган. Мижозлар билан маълумотларни алмашиш учун банкда мижозлар учун почта қутиси ташкил қилинади, унга пароль ва идентификатор орқали кирилади. Мижозларнинг сўровларини қайта ишлаш, маълумотларни қабул қилиш, узатиш автоматлашган ҳолда, амалга оширилади. Банк-мижоз дастури бўйича мижознинг иш тартиби. Банк мижоз дастури банкнинг шахсий мулки ҳисобланади. Банк мижозлари ушбу дастурнинг асосий фойдаланувчилари ҳисобланиб, улар муносабатлари тартибга солиниши учун шартнома тузилади. Лекин “Банк мижоз” дастури орқали операцияларни амалга оширишдан аввал мижозлар бир қатор техник воситалар билан таъминланган бўлиши лозим. Мижоз учун талаб этиладиган техник воситалар Шундай қилиб, схемада кўриниб турганимиздек дастурий мажмуага уланишлари учун мижозларда қуйидагилар бўлиши талаб этилади: • шахсий компьютер; • модем; • принтер; • мос дастурий таъминот, яъни Windows 98, 2000; Win NT 4, NT Server , Windows XP , Millennium ва ҳоказолардан бирига эга бўлиши керак. Банк-мижоз дастури бўйича мижознинг хужжатларини банкка юбориш учун энг аввало, маълумотлар базасига киритилади . Мижозларнинг электрон пул ҳисоб-китоб ҳужжатларини банкнинг маълумотлар базасига киритиш қуйидаги схема бўйича амалга оширилади: 1-схема Хужжатларни маълумот базасига киритиш схемаси Электрон пул ҳисоб ҳужжатларининг тўғри шакллантирилиши, шифрланиши ва уларнинг алоқа каналлари орқали банкка узатилиши бўйича жавобгарлик мижоз зиммасига юклатилади. Банк мижознинг ҳисобварағидан маблағларни тўғри ҳисобдан чиқарилганлиги ва ўтказилганлиги, ҳамда электрон тўловлар тизими бўйича ахборотни ўз вақтида узатиш учун жавобгардир. Алоқа каналлари орқали мижоз билан банк ўртасидаги ахборот алмашинуви шартномада келишилган вақтда амалга оширилади. Янги амалиёт куни бошланишдан олдин мижоз ўтган кун бўйича ўз депозит ҳисобварағидаги ҳаракатлар (оборотлар) ва қолдиқларни банк билан таққослаб текшириб олиши шарт. Агар ҳаракатлар ва қолдиқлар мос келса, мижозга янги амалиёт кунини бошлаш ва ҳужжатларни киритиш учун рухсат берилади. Акс ҳолда улар ўртасидаги фарқ сабаблари аниқланади ва мижоз ахборот билан мувофиқлаштирилади. Шахсий ҳисобварақлардаги ҳаракатлар ва қолдиқларнинг таққослаш натижаларидан қатъий назар банк билан мижоз ўртасидаги ахборот сўровномалари ва хабарлар алмашиниши амалга оширилади. Мижоз алоқа каналлари орқали жўнатилган пул ҳисоб ҳужжатларининг асл нусхаларини банкка шартномада кўрсатилган муддатларда етказиши лозим, бунда электрон ҳужжатлар асл нусха билан солиштирилиб, бухгалтер имзоси ва унга бириктирилган банк штампи билан тасдиқланади ва электрон ҳужжатларнинг нусхалари билан биргаликда банкнинг кунлик ҳужжатларига тикиб қўйилади. Дастурдан фойдаланувчи мижозларнинг пул ҳужжатларининг асл нусхаларини юритиш учун банкда алоҳида ҳужжат папкалари юритилади. Дастур орқали мижознинг иш тартиби қуйидагича бўлади: Мижоз пул ҳужжатларини 60-йўриқномага асосан расмийлаштиради. Мижознинг маълумотларини ҳисоб-китоб ҳужжатининг асл нусхасига асосланган ҳолда, компьютерга киритишни амалга оширади. Компьютерга киритилган ҳужжатларнинг рўйхати босмадан чиқарилиши зарур. Жавобгар ходим, яъни бош бухгалтер, ёки мажбурият юкланган бошқа бир шахс ушбу рўйхатларни пул ҳужжатларининг асл нусхалари билан таққослаши, уларнинг мослигини тасдиқлаши ва банкка жўнатиш учун, рухсат бериши лозим. Ахборотлар электрон имзо билан тасдиқлангандан кейин, у криптографик ҳимояга ўтади ва алоқа канали орқали хизмат кўрсатувчи тижорат банкига узатиладиган электрон файл шакллантирилади. Криптографик ҳимоядан ўтган файл, мижозни даҳл қилиш имкониятидан маҳрум қилади. Тижорат банкида қабул қилинган ахборотлар дастурий равишда қайта ишланади ва келиб тушган ҳужжатлар, электрон пул ҳисоб-китоб ҳужжатлари, шахсий ҳисобварақлар рўйхати шаклланади. Мижоз қабул қилган маълумотни компьютер экранида кўриши ва уни босмага чиқариши мумкин. Мижоз уни ўчириш, ёки ўзгартириш имконига эга эмас. Пул ҳисоб-китоб ҳужжатлари бўйича банкдан жўнатилган ва қабул қилинган барча ахборотлар дастурий равишда архивланади, ҳамда ўрнатилган тартибда сақланади. Ахборотларни сақлаш муддати тугаши билан дастурий равишда архивдан ўчирилади. Архивга фақат корхонанинг жавобгар, ёки рухсат берилган ходимигина, кириши мумкин. Электрон тўловлар тизими орқали келиб тушган пул ҳужжатлари ижро этилгандан сўнг, мижознинг почта қутисига жойлаштирилади. Кун давомида мижозлардан олинган барча маълумотлар архивланади ва ўрнатилган тартибда сақланади. Адабиётлар: 1. Астанов Х.З. Пул-кредит орқали мувофиқлаштириш. Ўқув қўлланма. - Т.: “Иқтисодиёт”. 2015 й. 121 б. 2. Банкларда бухгалтерия ҳисоби. Дарслик, II нашри. А.Омонов, Т. Қоралиев, ТМИ, -Т.: “Иқтисод-Молия”, 2014. 241 б. 3. Қоралиев Т.М., Абдуллаев Ё.А. “Банк иши” ўқув қўлланма. - Т.: « ИҚТИСОД-МОЛИЯ » , 2009. - 580 4. Наврўзова К., Н.Ғ.Каримов. Банкларда бухгалтерия ҳисоби. Дарслик. - Т.: Молия, 2012. -320 бет. 5. Наврузова К.Н., Ортиков О А. Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ва тўлов тизими -Т.: « ИҚТИСОД-МОЛИЯ » , 2014 й. 6. Тоймухамедов И., Умаров З., Хусаинов Ғ. Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ва тўлов тизими. Ўқув қўлланма. LESSON PRESS , 2018. - 435 бет.