logo

Топшириқ шартномаси. Воситачилик шартномаси. Мол-мулкни ишончли бошқариш

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

232.5 KB
Топшириқ шартномаси . Воситачилик шартномаси . Мол-мулкни ишончли бошқариш . Комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаси Режа: 1. Топшириқ шартномаси тушунчаси ва ҳуқуқий белгилари 2. Топшириқ шартномасининг иштирокчилари . 3. Топшириқ шартномасида тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари 4. Топшириқ шартномасининг бекор бўлиши 5. Воситачилик шартномасининг тушунчаси ва ҳуқуқий белгилари . 6. Воситачилик шартномаси тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари. 7. Мол-мулкни ишончли бошқаришнинг умумий қоидалари 8. Мол-мулкни ишончли бошқаришнинг мазмуни 9. Мол-мулкни ишончли бошқариш жавобгарлиги 10. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасининг элементлари . 11. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасини чеклайдиган ва шартномага киритилиши тақиқланган шартлар 12. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасининг бекор бўлиш асослари . 13. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бўйича жавобгарлик . 1. Топшири қ шартномаси тушунчаси ва ҳуқуқий белгилари . Фуқаролик кодексининг 817-моддасида топшириқ шартномасига таъриф берилган. Унга кўра, т опшириқ шартномаси бўйича бир тараф (вакил) иккинчи тараф (топшириқ берувчи)нинг номидан ва унинг ҳисобидан муайян юридик ҳаракатларни содир этиш мажбуриятини олади. Вакил тузган битим бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар бевосита топшириқ берувчида вужудга келади. Топшириқ вакил томонидан бир ёки бир неча муайян юридик ҳаракатларни содир этиш ҳақида ёки топшириқ берувчининг ишларини унинг кўрсатмаларига мувофиқ юритиш ҳақида берилиши мумкин. Вакил алоҳида ҳуқуқларга эга бўладиган топшириқ шартномаси бўйича бир тараф (топшириқ берувчи) иккинчи тарафга (алоҳида ҳуқуқларга эга бўлган вакилга) топшириқ берувчи номидан ва унинг ҳисобидан маълум соҳада ёки (ва) маълум ҳудудда топшириқ берувчи учун юридик аҳамиятга эга бўлган ҳамма ҳаракатларни содир этишни топширади. Топшириқ шартномаси маълум шахс (шахслар) номидан маълум шахснинг (ёки шахсларнинг) вакиллик қилиши тўғрисидаги шартномадир. Бу шартномага биноан вакил топшириқ берувчи номидан ва унинг ҳисобига муайян юридик ҳаракатларни қилиш бурчини олганлиги сабабли вакилнинг ўзига берилган ваколат доирасида қилинган барча ижобий, қонуний ҳаракатлари топшириқ берувчи учун бевосита ҳуқуқ ва бурчлар вужудга келтиради. Вакилнинг ўзи эса учинчи шахслар билан тузилган битимлар юзасидан ҳеч қандай ҳуқуқ ва бурчлар ололмайди. Шартноманинг ҳуқуқий белгилари тўғрисида шуни айтиш керакки, топшириқ шартномаси Биринчидан , мазкур шартнома бир томонлама ҳам икки томонлама ҳам бўлиши мумкин. Агар шартномада вакилнинг ҳаракатлари учун ҳақ тўлаш назарда тутилган бўлса, шартнома икки томонлама бўлади. Иккинчидан, консенсуал шартномалар гуруҳига киради; Учинчидан, топшириқ шартномаси вакилнинг хизмат учун ҳақ тўлаш шарти билан, шунингдек, хизмат текин бажарилиши назарда тутилиб ҳам тузилиши мумкин. Топшириқ тарафларнинг ўзаро ишончларига асосланиб тузиладиган шартнома бўлганлиги туфайли, у шахсий характерга эга бўлган шартнома ҳисобланади. Топшириқ берувчи учун вакилнинг ким бўлишлиги, яъни унинг шахси қандай муҳим аҳамиятга эга бўлса, вакил учун ҳам топшириқ берувчининг шахси шундай аҳамиятга эгадир. Агар тарафлардан бири иккинчисига нисбатан ўз ишончини оқламаса (масалан, вакилнинг зарарига қаратилган нотўғри хатти-ҳаракатлар қилса), шартнома аҳамиятини йўқотади. Бинобарин, бундай шартноманинг келгусида сақланиши тарафларнинг манфаатига зиён етказиши мумкинлиги сабабли ҳар қайси тарафга шартномани исталган вақтда бекор қилиш ҳуқуқи берилади. Топшириқ шартномаси фуқаролар ўртасида кенг равишда қўл - ланиладиган шартномалардан бири бўлиб ҳисобланади. Ушбу шартномага биноан муомалага лаёқатли фуқародан бошқа бир фуқарога муайян юридик ҳаракатларни содир этишлиги учун топшириқлар бериши, яъни ўз номидан маълум юридик ҳаракатлар қалишни топшириши мумкин. Чунончи: уй-жой эгаси ўзига қарашли мулкни бирон жойга кетиш муносабати учун идора этишни (масалан, турар-жойни ижарага қўйиш, таъмирлаш ва сотишни) бошқа бировга топшириши мумкин. Фуқаролар топшириқ шартномаси тўзишлари билан пул ё бошқа моддий бойликларни юбориши ёки олиши, қонун ҳужжат ларига зид бўлмаган топшириқ, хизматларни бажариши ёхуд суд ишларини юргизиши мумкин ва хоказо. Топшири қ шартномасининг шакли. Топшириқ шартномаси ёзма шаклда тузилади. Топшириқ шартномаси вакил топшириқ берувчининг номидан иш олиб боришга ҳақли бўладиган муддатни кўрсатган ёки бундай муддатни кўрсат маган ҳолда тузилиши мумкин (ФКнинг 817-моддаси 4-қ). Топшири қ шартномаси бўйича ҳақ тўлаш. Агар қонун ҳужжатларида ёки топшириқ шартномасида назарда тутилган бўлса, топшириқ берувчи ишончли вакилга ҳақ тўлаши шарт. Агар топшириқ шартномаси иккала тараф ёки улардан бирининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ бўлса, топшириқ берувчи, агар шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, ишончли вакилга ҳақ тўлаши шарт. Ҳақ тўлаш назарда тутилган топшириқ шартномасида тўланади ган ҳақнинг миқдори ва уни тўлаш ҳақидаги шартлар бўлмаса, ҳақ Фуқаролик кодекси 356-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ шунга ўхшаш хизматлар учун одатда қабул қилинган нархлар бўйича белгиланади ва топшириқ бажарилганидан кейин тўланади. Вакил талаб қилинган ҳамма ҳаракатларни тегишли даражада амалга оширган, бироқ топшириқ у айбдор бўлмаган ҳолда бажарилмай қолган тақдирда ҳам ҳақ тўланиши керак. Тижорат вакили сифатида иш олиб борувчи ишончли вакил Фуқаролик кодексининг 290-моддасига мувофиқ, топшириқ берувчига топширилиши керак бўлган ўз қўлидаги ашёларни топшириқ шартномаси бўйича ўз талабларини таъминлаш учун ушлаб туришга ҳақли(ФКнинг 818-моддаси). Топшириқ шартномаси тузилгандан кейин муайян юридик ҳаракат қилиш учун вакилга одатда ишончнома (ишонч қоғози) берилади. Бу ҳужжат тарафлар ўртасида ёзма шартномаси бўлганлигини билдиради ва вакилнинг учинчи шахслар хузурида ҳаракат қилишини қонунга мувофиқлаштиради. Ишончнома вакилга берилган ишончнинг хажмини белгилайди, аммо топшириқнинг мазмуни ишончномада белгиланмасдан, балки шартномада кўрсатилади. 2. Топшири қ шартномасининг иштирокчилари . Топшириқ шартномасида тараф сифатида вакил ва топшириқ берувчи иштирок этади. Вакил – топшириқ шартномасида топшириқ берувчининг номидан ва унинг ҳисобидан муайян юридик ҳаракатларни содир этиш учун тайинланган шахс. Топшири қ берувчи – ўз фаолиятида вакил томонидан амалга ошириладиган ҳаракатларга муҳтож бўлган ва шартнома бўйича тайинланган вакилга кўрсатмалар берувчи шахс. Вакил ва топшириқ берувчи муомалага лаёқатли фуқаролар ҳамда юридик шахслар бўла оладилар. Истисно сифатида айрим ҳолларда ўн олти ёшга тўлиб, паспорт олган фуқаро ҳам вакил бўлиши ҳамда Фуқаролик кодексининг 28-моддасига мувофиқ ўн олти ёшга тулган, вояга етмаган шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёхуд ҳомийси нинг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шутулланаётган бўлса, у тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин. Фуқароларнинг фақат бир-бирлари учунгина эмас, баъзи ҳолларда ташкилотлар учун ҳам вакил бўлишларига қонун йўл қўяди. Масалан, савдо ва таъминот бўлимларининг агентлари, маҳсулот тайёрловчи вакил ва бошқа ходимлар юридик шахсларнинг вакили сифатида иш олиб бориши мумкин. Юридик шахс фақат ўз уставида назарда тутилган ҳолларда ёки ўз фаолиятининг характерига мувофиқ бўлгандагина фуқаролар нинг вакили ёки бошқа шахснинг вакили сифатида ҳаракат қилиши мумкин. Топшири қ шартномасининг предмети. Топшириқ шартномасининг предмети вакил томонидан амалга ошириладиган муайян юридик ҳаракатлар, чунончи, унинг томо нидан тузиладиган қонун ҳужжатларига зид бўлмаган хилма-хил битимлар (шартномалар) ҳисобланади. Топшириқни бажариш юзасидан қилинадиган баъзи юридик ҳаракатлар, масалан, муайян маълумотларни олиш учун биронта ташкилотга бориш ва шу кабилар мустақил характерга эга бўлганлиги ва фақат ёрдамчи ўрин тутганлиги сабабли топшириқ шарт номасининг предмети бўла олмайди. Юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатлар ҳар доим фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ва бекор бўлиш бўйича оқибатларни келтириб чиқаради. Топшириқ шартномасининг предмети фақат қонун ҳужжатларига зид келмайдиган юридик ҳаракатларгина бўлиши мумкин. Бинобарин, қонун ҳужжатларига хилоф битим тузиш тўғрисида топшириқ юридик кучга эга бўлмайди ва ҳақикий ҳисобланмайди. 3. Топшири қ шартномасида тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари. Топшириқ икки томонлама шартнома бўлганлиги туфайли ҳар икки тарафда ҳам муайян ҳуқуқ ва бурчлар бўлади. Вакилнинг бурчлари асосан тубандагилардан иборат: биринчидан, вакил ўзига берилган топшириқни топшириқ бе - рувчининг кўрсатмаларига мувофиқ бажариши шарт. Топшириқ берувчининг кўрсатмалари аниқ йўл қўйиладиган ва бажариладиган бўлмоғи керак. Агар бундай кўрсатмалар берилмаган бўлса, вакил топшириқ берувчининг манфаатларини кўзлаб ўзи мустақил равишда ҳаракат қилишга ҳақли бўлади. Вакил қоида бўйича топшириқ берувчи нинг кўрсатмаларидан четга чиқа олмайди. Аммо ишнинг ҳолатларига кўра, топшириқ берувчининг манфаатлари учун унинг кўрсатмаларидан четга чиқиш зарур бўлса ҳамда вакил топшириқ берувчидан бу ҳақда олдиндан сурай олмаган ёхуд ўз сўровига мақбул муддатда жавоб олмаган бўлса, у топшириқ берувчининг кўрсатмаларидан четга чиқишга ҳақли. Бундай ҳолларда вакил хабар бериш имкони туғилиши биланоқ йўл қўйилган четга чиқишлар ҳақида топшириқ берувчига хабар қилиши шарт. Агарда топшириқ берувчи тижорат вакили сифатида иш олиб борадиган вакилга топшириқ берувчининг манфаатларини кўзлаб олдиндан суров юбормаган ҳолда топшириқ берувчининг кўрсат маларидан четга чиқиш ҳуқуқини бериши мумкин. Бундай ҳоллар да тижорат вакили, агар топшириқ шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, йўл қўйилган четга чиқишлар ҳақида топшириқ берувчига мақбул муддатда хабар бериши шарт (ФК-нинг 819-моддаси); иккинчидан, топшириқни шахсан вакилнинг ўзи бажариши лозим (ушбу Кодекснинг 822-моддасида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно); учинчидан, топшириқ берувчининг талабига мувофиқ унга топшириқ қандай бажарилаётганлиги тўғрисида маълумот бериб туриши; тўртинчидан, топшириқни бажариш учун тузилган битимлар бўйича олинган ҳамма ашёни кечиктирмасдан топшириқ берувчи га топшириши; бешинчидан, топшириқ бажариб бўлингандан кейин амал қи лиш муддати тамом бўлмаган ишончномани кечиктирмасдан топши риқ берувчига қайтариб бериши ва агар шартнома шартларига топ шириқнинг хусусиятига кўра зарур бўлса, ҳисобот тақдим қилиши, унга исботловчи ҳужжатларни илова қилиши шарт (ФКнинг 820-моддаси). Агарда топшириқ шартномасида назарда тутилган бўлса ёки вакил топшириқ берувчининг манфаатларини химоя қилиши мақсадида вазият тақозоси билан мажбур бўлса, вакил топшириқнинг бажарилишини бошқа шахсга, яъни ўринбосарига топширишга ҳақли (ФКнинг 822-моддаси ). Бунда вакил қуйидагиларни содир этиши мумкин: биринчидан, топшириқни бажаришни бошқа шахсга ишониб топширган вакил бу ҳақда дарҳол топшириқ берувчини хабардор қилиши шарт; иккинчидан, топшириқ берувчи вакил танлаган ўринбосарни рад этишга ҳақли, лекин ўринбосар номини топшириқ шартнома сида келтирган ҳоллар бундан мустасно; учинчидан, агар вакил ўринбосарининг номи шартномада кўрсатилган бўлса, вакил ишларнинг ўринбосар томонидан олиб борилиши учун жавобгар бўлмайди; туртинчидан, агар ишларнинг ўринбосар томонидан олиб бо рилиши топшириқ шартномасида назарда тутилган бўлса-ю, лекин ўринбосарнинг номи унда кўрсатилган бўлмаса, вакил ўринбосар нинг айбли ҳаракатлари учун жавобгар бўлмайди; бешинчидан, агар вакилнинг ўринбосари томонидан иш юритилиши топшириқ шартномасида назарда тутилмаган бўлса, вакил ўз ўринбосарининг ҳар қандай ҳаракатлари учун жавобгар бўлади. Топшири қ берувчининг мажбуриятлари қ уйидагича. Агарда топшириқ шартномасида бошқача тартиб назар да тутилган бўлмаса, топшириқ берувчи қуйидагиларни бажариши: Биринчидан, вакилни топшириқни бажариш учун зарур маблағлар билан таъминлаши; Иккинчидан, вакил шартномага мувофиқ бажарган ишни кечиктирмасдан (топшириқни бажариши юзасидан олинган барча пулларни, ҳужжатларни ва ашёларни вакилдан) қабул қилиб олиши; Учинчидан, вакил топшириқни бажариш учун қилган зарур харажатларни тўлаши (масалан, вакилнинг йўлкира харажатларини, ишни топшириш ва топшириқни бажариши юзасидан қилган бошқа харажатларини тўлаши лозим. Бундай харажатлар вакил ҳаракати нинг муваффақиятли бўлиш-бўлмаслигидан катьи назар, тўланади); Тўртинчидан, топшириқ бажарилганидан кейин, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган бўлса, вакилга ҳақ тўлаши шарт.(ФКнинг 818, 821-моддалари). Хизмат ҳақининг миқдо ри амалда бўлган тарифларга ҳамда тарафларнинг ўзаро келишувларига мувофиқ равишда белгиланади. 4. Топшири қ шартномасининг бекор бўлиши. Топшириқ шартномаси (мажбуриятларининг бекор қилинишига оид умумий асослардан ташқари) қуйидаги ҳолларда: Биринчидан, топшириқ берувчи топшириқни бекор қилиши; Иккинчидан, вакил топшириқдан бош тортиши; Учинчидан, топшириқ берувчининг ёки вакилнинг вафот этиши, улардан бирининг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб топилиши натижасида тўхтатилади. Топшириқ берувчи истаган вақтда топшириқни бекор қилишга, вакил эса топшириқдан бош тортишга ҳақли. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги келишув ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. (ФКнинг 823-модда си). Мазкур ҳол императив (қатъий) характердаги норма бўлганлиги туфайли бундай шарт тарафлар томонидан шартномада назарда тутитладиган бўлса бу қоида ўз- ўзидан ҳақиқий эмас деб топилади. Агар вакил топшириқ шартномасининг бекор қилингани ҳақида билмаган ва билиши лозим бўлмаган бўлса, унинг топшириқ берувчининг кўрсатмасига мувофиқ қонуний равишда қилган ҳаракатлари топшириқ берувчи (унинг қонуний вориси) зиммасига учинчи шахслар ва вакилга нисбатан мажбурият юклайди. Тадбиркор сифатида иш олиб бораётган вакил билан топшириқ шартномасидан бош тортаётган тараф шартномани бекор қилиш тўғрисида иккинчи тарафни, агар шартномада узоқроқ муддат назарда тутилган бўлмаса, камида ўттиз кун олдин хабардор қилиши шарт. Тижорат вакили бўлган юридик шахс қайта ташкил этилганида топшириқ берувчи ўз топшириғини ана шундай олдиндан хабар бермай туриб бекор қилишга ҳақли (ФКнинг 823-моддаси). Топшириқ берувчининг бедарак йўқрлганлиги, вафот этганлиги ёки муомалага лаёқатсиз бўлиб қолганлиги ёхуд муомалага лаёқати нинг чекланганлиги ёинки юридик шахс бўлиб ҳисобланган топши риқ берувчи ташкилотнинг тугатилганлиги туфайли вакил топшириқ берувчининг манфаатларини кўзлаб ҳимоя қилиш вазифаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бирон-бир шахс га, масалан, васийга, ҳомийга ёки юридик шахсни тугатиш комиссиясига юклатилгунга қадар унинг ишини олиб боришга, топшириғини адо этишга мажбур бўлади. Топшири қ шартномасини бекор қ илиш о қ ибатлари. Агар топшириқ шартномаси топшириқ вакил томонидан тўлиқ бажарилишидан олдин бекор қилинган бўлса, топшириқ берувчи вакилга топшириқни бажариш вақтида қилинган чиқимларни тўлаши, вакилга ҳақ берилиши керак бўлганида эса, унга бажарилган ишга мувофиқ ҳақ тўлаши ҳам шарт. Бу қоида вакил топшириқнинг бекор қилинга нини билган ёки билиши лозим бўлганидан кейин бажарган топши риққа татбиқ этилмайди (ФКнинг 824-моддалари). Топшири қ шартномасида ҳ у қ у қ ий ворислик. Вакил вафот этган тақдирда, унинг меросхўрлари ёки мерос мулкнинг сақланишини таъминлаш мажбурияти юклатилган бошқа шахслар топшириқ шартномаси бекор қилиниши ҳақида топшириқ берувчига кечиктирмай хабар беришлари ҳамда топшириқ берувчининг мол-мулкини муҳо фаза қилиш учун зарур чораларни кўришлари, хусусан, топшириқ берувчининг ашёларини, шунингдек ҳужжатларини сақлаб қўйишлари, сўнгра эса унга топширишлари шарт. Вакил (ишончли вакил) бўлган юридик шахсни тугатаётган шахснинг зиммасида ҳам шундай мажбурият бўлади. Вакил (ишончли вакил) сифатида иш олиб бораётган юридик шахс қайта ташкил этилганида топшириқ берувчи бу ҳақда дарҳол хабардор қилиниши керак. Мазкур ҳолатда бундай юридик шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, агар топшириқ берувчи ўттиз кунлик муддатда топшириқ шартномасидан бош тортишини маълум қилмаса, унинг қонуний ворисига ўтади (ФКнинг 825-моддаси). Вакилнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари шахсий характерда, яъни унинг шахси билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, унинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари ворисларига ўтмайди. Фақат хизмат ҳақи ва қилинган харажатларни олишга бўлган ҳуқуқларигина ворисларига ўтиши мумкин. Бундан ташқари, шахснинг ҳаракатлари бевосита бошқа шахс манфаатларини таъминлашга қаратилган бўлмаса, шу жумладан уларни амалга оширган шахс ўз манфаатларини кўзлаб ҳаракат қиляпман деб, хато уйлаган ва унинг ҳаракатлари бошқа шахснинг асоссиз бойиб кетишига олиб келган ҳолларда ҳам ушбу Кодекснинг 58-бобида назарда тутилган қоидалар қўлланилади. Бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб қилинган ҳаракатлар унинг тадбиркорлик фаолияти доирасига киритилган тақдирда бу шахс ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплаш билан бир каторда, тегишли миқдорда ҳақ тўлашни ҳам талаб қилишга ҳақли. Топшириқ олмасдан бошқа шахс манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилган шахс мақсадга мувофиқ равишда қилган барча ҳаракатлари натижасида мулкий зарарнинг олдини ололмаганида ҳам кўрган зарарларини тўлашни талаб қилишга ҳақли бўлади. Топшириқ олмасдан бегона шахсларнинг манфаатлари учун ҳаракат қилган шахснинг харажатлари миқдори унинг сақлаб қолмоқчи бўлган мулк қиймати дан ошмаслиги керак. Топшириқ олмасдан бегона шахсларнинг манфаатлари учун ҳаракат килувчи шахсга муайян мажбуриятлар ҳам юклатилади. Жумладан: биринчидан, топшириқ олмасдан ҳаракат килувчи шахс имконияти бўлган замон манфаатдор шахсни бу тўғрида хабардор қилишга (ФКнинг 830-моддаси); иккинчидан, хабардор қилиш имконияти бўлмаганида мулкий ёки шахсий зарарнинг олдини олиш юзасидан зарур бўлган барча чораларни кўришга; учинчидан, топшириқ олмасдан қилинган ҳаракат натижасида олинган мулкни манфаатдор шахсга топширишга; туртинчидан, ўзининг қилган харажатлари тўғрисида маълумот беришга; бешинчидан, касддан ёки кўпол эҳтиётсизлик натижасида манфаат кўзланган шахсга етказилган зарарларни тўлашга мажбур бўлади (ФКнинг 831-моддаси). 1. Воситачилик шартномасининг тушунчаси ва ҳуқуқий белгилари . Воситачилик шартномаси санаб ўтилган шартномаларга тегишли бўлиб, юридик хизмат ҳисобланади. Унинг ёрдамида мол-мулкни пулли реализация қилишга доир келишувлар амалга оширилади. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак у савдо воситачилиги муносабатини расмийлаштиради. Профессионал савдо воситачиси (воситачи) иштироки сотувчи (ишлаб чиқарувчи) ва сотиб олувчи (истеъмол қилувчи) ликдан ва яна контрагентларни топиш улар билан тузилган келишувларни расмийлаштириш ва бажаришдан ҳам озод этади. Масалан, халқаро савдо муносабатларида ишлаб чиқарувчилар (экспортер) ёки истеъмол қилучилар (импортер) халқаро контрагентлар билан олди-сотди ишларида халқаро бозорда воситачи воситачилигида иш кўрадилар. Воситачилик шартномасига кўра , бир томон (воситачи) иккинчи томон ҳисобига (комитентга) ҳақ эвазига ўзи номидан бир неча келишувларни амалга оширади (ФКнинг 832-моддаси). Воситачилик шартномаси ўзининг ҳуқуқий табиатига кўра, консенсуал, икки томонлама ва ҳақ эвазига тузиладиган шартнома ҳисобланади. Воситачининг асосий мажбурияти комитент ҳисобига савдо-сотиқ келишувларини тузишдан иборат. Бу ҳолатда воситачи келишувни бажарилиши учун эмас, балки ҳақиқийлиги учун жавоб беради. Агар учинчи томондан олинган товар учун комитентга тўланадиган ҳақ муддати ўтиб кетса, келиб чиққан зарар учун воситачи комитент олдида жавобгар бўлади. Воситачи қуйидаги икки ҳолатда учинчи шахс билан тузилган келишув амалга ошмаса, комитент олдида жавобгар бўлади. Булар:  контрагентни танлай олмаганида (учинчи шахсни юридик шахс эканлигини ёки у банкрот деб эълон қилинганлигини билмаганлиги);  воситачи шартнома шартларида қўшимча рағбатлантиришлар учун ўзига учинчи шахс билан тузилган келишувни бажарилишига кафил бўлганда (делькредерелик ҳолати). Бу шартномада комитентниенг мажбуриятларидан бири воситачига ҳақ тўлашдир. Лекин бу ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган шарт воситачилик шартномаси шартларига кирмайди. Шартнома шартларига кўра делькредерелик учун комитент воситачига қўшимча ҳақ тўлашга мажбур. Шунингдек, воситачини топшириғини бажариш билан боғлиқ чиқимларни қоплашга ҳам мажбур. Фуқаролик муомаласининг кенгайиши натижасида воситачилик шартномасининг турли хил турлари қўлланилмоқда. ФКнинг 832-моддасига кўра воситачилик шартномаси қуйидагиларга кўра: - муайян муддатга ёки амал қилиш муддати кўрсатилмаган ҳолда; - қайси ҳудудда бажарилиши кўрсатилган ёки кўрсатилмаган ҳолда; - комитент воситачига топширган комитентнинг манфаатларини кўзлаб ва унинг ҳисобидан битим тузиш ҳуқуқини учинчи шахсларга бермаслик ҳақида мажбурият олган ҳолда ёки бундай мажбуриятни олмаган ҳолда; - воситачилик нарсаси бўлган товарларнинг ассортименти хусусида шартлар қўйилган ёки қўйилмаган ҳолда тузилиши мумкин. Воситачилик шартнома қуйидаги хусусиятлари билан топшириқ шартномасидан фарқ қилади: 1. Воситачилик шартномасга мувофиқ, вакил топшириқ берувчи номидан юридик ҳаракатларни амалга оширса, воситачи фақатгина бир ёки бирнеча битимни тузиш ҳуқуқига эга бўлади; 2. Вакил топшириқ берувчи номидан ҳуқуқий муносабатларда иштирок этса, воситачи ўз номидан қатнашади; 3. Топшириқ шартномаси текинга тузилиши мумкин, воситачилик шартномаси эса ҳар доим ҳақ эвазига тузилади. 2. Воситачилик шартномаси тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари. Воситачилик шартномасига мувофиқ, комитент воситачига шартномада кўзда тутилган ҳақни тўлаши лозим. Воситачи битимнинг учинчи шахс томонидан бажарилиши учун кафолатни ўз зиммасига олган (делькредере) ҳолларда эса шартномада белгиланган миқдорда қўшимча ҳақ ҳам тўлаши шарт. Шартномада бу миқдор назарда тутилган бўлмаса ва у шартноманинг шартларидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши мумкин бўлмаса, ҳақ миқдори ФК 356-моддасида белгиланган шартнома баҳосини аниқлаш қоидаларига мувофиқ, белгиланади. Воситачилик шартномаси комитентга боғлиқ сабаблар билан бажарилмаганида, воситачи воситачилик ҳақига, шунингдек қилинган харажатларнинг қопланишига бўлган ҳуқуқини сақлаб қолади. Воситачи учинчи шахс билан ўзи тузган битимдан келиб чиқадиган ҳамма мажбуриятларни бажариши ва ҳамма ҳуқуқларни амалга ошириши лозим. Воситачи ўз зиммасига олган топшириқни комитентнинг кўрсатмаларига мувофиқ, воситачилик шартномасида бундай кўрсатмалар бўлмаганда эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ комитент учун энг фойдали шартлар асосида бажариши керак. Агар воситачи битимни комитент кўрсатганидан ҳам фойдалироқ шартлар асосида тузган бўлса, қўшимча фойда, башарти шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тарафлар ўртасида баравар тақсимланади. Воситачи битимнинг ижроси учун комитентга кафолат берган (делькредере) ҳолларда у воситачилик шартномасида келишилган миқдорда қўшимча ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлади. Комитент ҳисобидан учинчи шахс билан тузилган битим учинчи шахс томонидан бажарилмаганлиги учун воситачи комитент олдида жавобгар бўлмайди, воситачи ушбу шахсни танлашда зарур эҳтиёткорлик қилмаган ёки битимнинг бажарилишига кафолат берган (делькредере) ҳоллар бундан мустасно. Воситачи учинчи шахс билан тузган битимни учинчи шахс бажармаган тақдирда, воситачи бу ҳақда дарҳол комитентга хабар бериши, зарур далил- исботларни тўплаши ва таъминлаши, шунингдек комитентнинг талабига кўра бундай битим юзасидан ҳуқуқларни талабларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги қоидаларга риоя қилган ҳолда унга топшириши шарт. Воситачилик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, воситачи воситачилик шартномасини бажариш мақсадида бошқа шахс билан қўшимча воситачилик шартномаси тузишга ҳақли бўлиб, қўшимча воситачининг ҳаракатлари учун комитент олдида жавобгар бўлиб қолаверади. Қўшимча воситачилик шартномаси бўйича воситачи қўшимча воситачига нисбатан комитент ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эга бўлади. Қонун бирон-бир битимни фақат махсус вакил қилинган шахслар билан тузишга йўл қўядиган ҳолларда қўшимча воситачилик шартномаси фақат ана шундай шахс билангина тузилиши мумкин. Агар воситачилик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, воситачилик шартномаси бекор қилингунга қадар комитент воситачининг розилигисиз қўшимча воситачи билан бевосита муносабатларга киришиш ҳуқуқига эга эмас. Воситачи сотадиган мол-мулкнинг баҳоси, агар қонун ҳужжатларида ёки воситачилик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, комитент билан келишган ҳолда белгиланади. Воситачи комитентнинг кўрсатмаларидан ФКнинг 819-моддасида назарда тутилган ҳолларда четга чиқишга ҳақли. Мол-мулкни комитент билан келишилган нархдан арзон сотган воситачи мол-мулкни келишилган нархда сотиш имконига эга бўлмаганлигини ва арзон нархда сотиш натижасида яна ҳам кўпроқ зарарнинг олди олинганлигини исбот қилиб бермаса, орадаги фарқни комитентга тўлайди. Воситачи комитентдан рухсат сўраши шарт бўлган ҳолларда у комитентнинг кўрсатмаларидан четга чиқишга комитентнинг розилигини олдиндан олиш имкониятига эга бўлмаганлигини ҳам исбот қилиши лозим. Воситачи мол-мулкни комитент билан келишилгандан юқорироқ нархда сотиб олган бўлса, бундай харидни қабул қилишни истамаган комитент воситачидан учинчи шахс билан битим тузилганлиги ҳақида билдириш олганидан кейин оқилона муддатда бу ҳақда воситачига маълум қилиши шарт. Акс ҳолда харид комитент томонидан қабул қилинган деб ҳисобланади. Воситачи нархдаги фарқни ўзи тўлашини маълум қилса, комитент ўзи учун тузилган битимдан бош тортишга ҳақли эмас. Комитентдан воситачига ўтган ёки воситачи комитент ҳисобидан сотиб олган ашёлар комитентнинг мулки бўлади. Воситачи ўз ихтиёридаги комитент мол-мулкининг йўқолишига, етишмаслигига ёки шикастланишига олиб келган ҳар қандай камчилик учун комитент олдида жавобгар бўлади. Воситачи комитент юборган ёки воситачига комитент учун келган мол-мулкни қабул қилиб олаётганида бу мол-мулкда ташқаридан кўздан кечирганда сезиб қолиниши мумкин бўлган шикастланиш ёки етишмовчилик мавжуд бўлса, шунингдек комитентнинг воситачи қўлида турган мол-мулкига бирон-бир шахс зарар келтирган тақдирда воситачи комитентнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўриши, зарур далил-исботларни тўплаши ва буларнинг барчаси ҳақида дарҳол комитентни хабардор қилиши шарт. Ўз ихтиёридаги комитентнинг мол-мулкини суғурталамаган воситачи бунинг учун фақат комитент унга мол-мулкни комитент ҳисобидан суғурталашни буюрган ёки воситачининг бу мол-мулкни суғурталаши воситачилик шартномасида ёки иш муомаласи одатларида назарда тутилган ҳоллар жавобгар бўлади. Комитент: - воситачилик шартномаси бўйича ижро этилган ҳамма нарсани воситачидан қабул қилиши; - ўзи учун воситачи томонидан сотиб олинган мол-мулкни кўздан кечириши ва ушбу мол-мулкда аниқланган камчиликлар тўғрисида дарҳол воситачини хабардор қилиши; - воситачини воситачилик топшириғини бажариш юзасидан учинчи шахс олдида ўз зиммасига олган мажбуриятлардан озод қилиши шарт. Комитент воситачилик ҳақини, шунингдек делькредере учун қўшимча ҳақни ҳам тўлашдан ташқари, воситачилик топшириғини бажариш юзасидан воситачи сарфлаган суммаларни ҳам унга тўлаши лозим. Қонун ҳужжатларида ёки воситачилик шартномасида бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, воситачи ўз ихтиёрида бўлган комитентнинг мол-мулкини омонат сақлаш юзасидан қилган харажатлари қопланишига ҳақли эмас. Комитент воситачига берган топшириғини истаган вақтида бекор қилиб, воситачилик шартномасини бажаришдан бош тортиши мумкин. Бунда воситачининг топшириқ бекор қилиниши муносабати билан кўрган зарари умумий асосларда қопланади. Воситачилик шартномаси амал қилиш муддати кўрсатилмаган ҳолда тузилган тақдирда комитент шартномани бекор қилиши ҳақида, агар шартномада хабар қилишнинг узоқроқ муддати назарда тутилган бўлмаса, камида ўттиз кун олдин воситачини хабардор қилиши шарт. Бунда комитент воситачига у шартнома бекор қилингунча тузган битимлар учун ҳақ тўлаши, шунингдек воситачи шартнома бекор бўлгунича қилган харажатларни тўлаши лозим. Топшириқ бекор қилинган тақдирда комитент воситачи ихтиёридаги ўз мол-мулкини воситачилик шартномасида белгиланган муддатда, борди-ю бундай муддат белгиланмаган бўлса, дарҳол тасарруф этиши шарт. Агар комитент бу мажбуриятни бажармаса, воситачи мол-мулкни комитент ҳисобидан сақлаб қўйишга топширишга ёки уни комитент учун иложи борича фойдали баҳода сотишга ҳақли. Воситачилик шартномасида ўзга ҳолат белгиланмаган бўлса, воситачи шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли эмас. Шартнома амал қилиш муддати кўрсатилмасдан тузилганда воситачи комитентни камида ўттиз кун олдин хабар бериб шартномадан бош тортишга ҳақли. Воситачи комитент томонидан ўзга топширилган мол-мулки сақланишини таъминлаш учун зарур чора-тадбирларни кўриши керак. Воситачи топшириқни бажаришдан бош тортаётганлиги ҳақида хабардор қилинган комитент воситачининг топшириқни бажаришдан бош тортаётганлиги ҳақида билдиришнома олган кундан эътиборан, агар шартномада бошқа муддат белгиланган бўлмаса, ўн беш кун ичида воситачи ихтиёридаги ўз мол-мулкини тасарруф этиши шарт. Агар комиссионер ушбу мажбуриятни бажармаса, воситачи ё мол-мулкни сақлаб қўйишга топширишга ёки уни комитент учун иложи борича фойдали баҳода сотиши мумкин. Воситачилик шартномасида ўзга ҳолат белгланмаган бўлса, топшириқни бажаришдан бош тортган воситачи шартнома бекор қилингунча ўзи тузган битимлар учун воситачилик ҳақи олишга, шунингдек шу пайтга қадар қилган харажатларининг қопланишига бўлган ҳуқуқини сақлаб қолади. Воситачилик шартномаси: комитент шартномани бажаришдан бош тортганлиги; воситачи шартномани бажаришдан бош тортганлиги; воситачи вафот этганлиги, у муомалага лаёқатсиз, лаёқати чекланган, бедарак йўқолган ёки ночор деб топилганлиги оқибатида бекор қилинади. Комитент муддати кўрсатилмай тузилган воситачилик шартномасини бажаришдан истаган вақтда бош тортишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда воситачини, агар шартномада узоқроқ муддат назарда тутилган бўлмаса, камида ўттиз кун олдин хабардор қилади. Бундай ҳолда комитент воситачилик шартномаси бекор қилинганга қадар тузган битимлари учун воситачига ҳақ тўлаши, шунингдек воситачи шартнома бекор бўлгунча қилган харажатларни унга тўлаши шарт. Комитент воситачилик шартномасини бажаришдан бош тортган тақдирда ФК 844-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган мажбуриятларни бажариши шарт. Воситачи муддати кўрсатилмасдан тузилган воситачилик шартномасини бажаришдан истаган вақтда бош тортишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда комитентни, агар хабардор қилишнинг узоқроқ муддати шартномада кўзда тутилган бўлмаса, ўттиз кундан кечиктирмасдан хабардор қилади. Бундай ҳолда воситачи ўз ихтиёридаги комитентнинг мол-мулки тўлиқ сақланиши учун чоралар кўриши шарт. Комитент воситачилик шартномаси бекор бўлгунича воситачининг ихтиёридаги мол-мулкни тасарруф қилиши шарт. Агар у мана шу мажбуриятни бажармаса, воситачи ё мол-мулкни комитент ҳисобидан омонат сақлашга топширишга ёки уни комитент учун мумкин қадар фойдали баҳода сотишга ҳақли. Воситачилик шартномасини бажаришдан бош тортган воситачи воситачилик ҳақини олиш ҳамда шартнома бекор бўлган пайтда ўзига тегишли бўладиган харажатларни ундириб олиш ҳуқуқига эга. Фуқаро вафот этган ёки воситачи юридик шахс тугатилган тақдирда воситачилик шартномаси бекор қилинади. Воситачи юридик шахс қайта ташкил этилганида унинг воситачи сифатидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, башарти қайта ташкил этиш юз берганлиги ҳақидаги маълумотни олган кундан бошлаб ўттиз кун ичида комитент шартномани бекор қилганлиги ҳақида хабар бермаса, қонуний ворисларга ўтади. Комитент фуқаро вафот этган, у муомалага лаёқатсиз ёки лаёқати чекланган деб топилган тақдирда, шунингдек комитент юридик шахс тугатилган тақдирда воситачи ўзига берилган топшириқни комитентнинг меросхўрларидан ёки ҳуқуқий ворисларидан (вакилларидан) тегишли кўрсатмалар келгунча бажариб туриши шарт. 3. Мол-мулкни ишончли бошқаришнинг умумий қоидалари Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик қонунчилигида янги ташкил топган институтлардан бири бўлиб ҳисобланади, у амалдаги Фуқаролик кодексининг 49-бобидаги 849-861-моддаларида ўз аксини топган. Бизга маълумки, бу турдаги янги институт фуқаролик ҳуқуқи қонунчилигида муқаддам ёритилмаганлиги ва ҳозирги бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш даврида янги мулкий муносабатларнинг вужудга келиши оқибатида ушбу институтни амалиётга кенг тадбиқ қилиш фуқаролик ҳуқуқининг муҳим вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади, чунки бу институт бизга қадар инглиз-америка ҳуқуқ тизимида транспинг номи билан кенг тарқалган ҳуқуқ институтларидан саналиб келган. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси бўйича бир тараф, яъни (бошқарувнинг муассиси) иккинчи тарафга-ишончли бошқарувчига мол- мулкни муайян муддатга ишончли бошқарувга топширади, иккинчи тараф эса ушбу мол-мулкни бошқарувни муассис ёки кўрсатган шахс (фойда олувчи) манфаатларини кўзлаб бошқариш мажбуриятини олади. Аммо мол- мулкни ишончли бошқаришга топшириш бу мол-мулкка мулк ҳуқуқининг ишончли бошқарувига ўтишига олиб келмайди. Мол-мулкни ишончли бошқариш қуйидаги асосларда вужудга келади (жорий этилади): -муассис билан ишончли бошқарувчи ўртасида тузиладиган мол- мулкни ишончли бошқариш шартномаси; -васиятнинг ижрочиси (ишончли бошқарувчи) тайинланган васиятнома; -суд қарори; -васийлик ва ҳомийлик органининг васийликка олинган шахс мол- мулки устидан васийлик белгилаш тўғрисидаги қарори; -қонун ҳужжатлари назарда тутилган бошқа юридик фактлар (ФКнинг 850-моддаси). Мол-мулкни ишончли бошқариш объекти ва субъектларига тўхталадиган бўлсак, ФКнинг 851-моддасида ишончли бошқариш объектлари корхоналар ва бошқа мол-мулк комплекслари, кўчмас мулкка мансуб бўлган алоҳида объектлар, қимматли қоғозлар, алоҳида ҳуқуқлар ва бошқа мол-мулкдан иборат бўлиши мумкин. Қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларни истисно этган, пул ишончли бошқаришнинг мустақил объекти бўла олмайди, чунки бунда ушбу шартнома мазмуни ўзгариб, у бошқа шартномага, масалан, лизинг ёки кредит шартномасига айланиши мумкин. Пул мулкий мажмуалар билан биргаликда ишончли бошқарувга топширилганда ишончли бошқарув объекти сифатида бўлиши мумкин. Бундан ташқари, хўжалик юритувида ёки оператив бошқарувда бўлган мол-мулк ишончли бошқарувга топширилиши мумкин эмас, чунки хўжалик юритувида ёки оператив бошқарувда сақлаб турган юридик шахс тугатилгандан сўнг ёки мол-мулкка хўжалик бошқаруви ёхуд оператив бошқарув ҳуқуқи бекор қилинганида ҳамда у қонунда назарда тутилган бошқа асосларга кўра, мулкдорнинг ихтиёрига ўтганидан кейингина ишончли бошқарувга топширилиши мумкин (МКнинг 851-моддаси 3-қисми). Амалиётда мол-мулкни ишончли бошқариш, асосан, икки хилдаги объектлар-кўчар ва кўчмас мулкларга нисбатан жорий қилинади. Ишончли бошқарувга берилаётган объеклар ичида мулкий мажмуалар нисбатан амалиётда учрайди. Маълумки, бошқа объектларга нисбатан ушбу объектлар мол-мулкни ишончли бошқарувига кўпроқ фойда олиш имкониятини беради. Мол-мулкни ишончли бошқарув объекти бўлиб фақатгина ашёлар эмас, балки алоҳида (мутлақ) ҳуқуқлар ҳам бўлиши мумкин. Бундай алоҳида ҳуқуқлар қаторига интеллектуал мулк объектларига нисбатан мулкий ҳуқуқлар киради. Фуқаролик қонун ҳужжатларига асосан қуйидагилар мол-мулкни ишончли бошқариш муассисилари бўлишлари мумкин: мол-мулкнинг эгаси; ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс; ваколатли давлат органи давлат мулки бўлган мол-мулкка нисбатан; мол-мулкка хўжалик юритувчи ҳуқуқи асосида эгалик қиладиган корхона-мулкдорнинг рухсати билан; қонунда назарда тутилган ҳолларда нотуриус, васийлик ва ҳомийлик органи, суд ёки бошқа ваколатли орган. Қонун бўйича фуқаро ҳам, юридик шахс ҳам ишончли бошқарувчи бўлишлари мумкин. Мол-мулк давлат органига ишончли бошқарувга берилиши мумкин эмас. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли бўлмаган шахслар ҳам ишончли бошқарувчи бўла олмайдилар. Ишончли бошқарувчи фақат ўз розилиги билангина тайинланиши мумкин. Ишончли бошқарувчидан ташқари, ҳар қандай шахс фойда олувчи бўлиши мумкин. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси амалдаги қонун талабларига мувофиқ, тарафларнинг ўзаро келишувига асосан, ёзма шаклда тузилади. Кўчмас мол-мулкни ишончли бошқаришга топширишда тарафлар ўртасида ёзма равишда тузиладиган шартнома давлат рўйҳатидан ўтказилиши шарт, ишончли бошқарувга топширилаётган мол-мулклар албатта топшириш ва қабул қилиш ҳақида тузилган далолатнома асосида амалга оширилади. Ушбу қоидаларга риоя қилмаслик бундай шартномаларнинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади. Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 853-моддаси талабига кўра, мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасида қуйидагилар назарда тутилиши керак: шартнома бўйича ишончли бошқаришга бериладиган мол-мулк рўйхати; фойда олувчи тўғрисидаги кўрсатма; ишончли бошқарувчининг хисоботлари тақдим этиш муддатлари; ишончли бошқариш бекор қилинган тақдирда мол-мулкни оладиган шахс; агар ҳақ тўлаш шартномада назарда тутиган бўлса, ишончли бошқарувчига тўланадиган ҳақнинг миқдори ва шакли. Ушбу шартлар бўлмаган тақдирда шартнома тузилмаган ҳисобланади. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Шартноманинг амал қилиш муддати тамом бўлганида, тарафлардан бирининг шартномани бекор қилиш тўғрисида аризаси бўлмаса, шартномада унда назарда тутилган муддатга ва шартлар асосида узайтирилган деб ҳисобланади. Бундан ташқари, ишончли бошқаришга топшириладиган айрим турдаги мол-мулклар учун қонунда шартнома амал қилишининг бошқа энг кўп муддатлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин. 4 . Мол-мулкни ишончли бошқаришнинг мазмуни Амалдаги қонун талабларига кўра, ишончли бошқарувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қуйидагилардан иборат. Ишончли бошқарувчи қонун ва мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасида назарда тутилган доирада ишончли бошқаришга топширилган мол-мулкка нисбатан мулкдор ҳуқуқларини амалга оширади. Ишончли бошқарувчи мол-мулкни бошқариш соҳасидаги ҳаракатларни амалга ошириш натижасида қўлга киритган ҳуқуқлар ана шундай мол-мулк таркибига киритилади. Ишончли бошқарувчининг ана шундай ҳаракатларни амалга ошириш натижасида вужудга келган мажбуриятлар шу мол-мулк ҳисобидан бошқарилади. Ишончли бошқарувчи бошқарувга топширилган кўчмас мол-мулкни бошқа шахс беришни ва гаровга қўйиши, фақат бу ҳол мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасида назарда тутилган ҳоллардагина амалга оширишга ҳақли. Ишончли бошқарувда бўлган мол-мулкка ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун ишончли бошқарувчи ўзининг ҳуқуқлари ҳар қандай бузилишдан ҳимоя қилишни, уларни бартараф этилишини талаб қилиш ҳуқуқларига эга (ФКнинг 228, 229, 232-моддалари). Ишончли бошқарувчи бошқарувнинг муассисга ва фойда олувчига мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси билан белгиланган муддатларда ва тартибда ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этиб туради. Мол-мулкни ишончли бошқарувга беришда бошқарувчининг шахсига нисбатан ҳам талаблар шартномада кўзда тутилиши мумкин (масалан, тадбиркорликка қобилиятли, билим даражаси, ихтисоси ва бошқа жиҳатлари). ФКнинг 858-моддасига мувофиқ, ишончли бошқарувчи бошқа шахсга ишончли бошқаруви номидан мол-мулкни бошқариш учун зарур бўлган ҳаракатларни амалга оширишни топшириши мумкин, башарти унга мол- мулкни ишончли бошқариш шартномасида ана шундай ваколат берадиган бўлса ёки у бунга муассиснинг ёки фойда олувчининг манфаатларининг таъминлаш учун вазият тақозоси билан бунга мажбур бўлса ва бунда бошқарув муассисининг кўрсатмаларини оқилона муддатда олиш имконига эга бўлмаса. Ишончли бошқарувчи ўзи танлаган ишончли вакилнинг ҳаракатлари учун ўзининг ҳаракатлари каби жавобгар бўлади. Мол-мулкни ишончли бошқариш муассиси шартномада кўзда тутилганидек, ишончли бошқарувчининг фаолияти юзасидан назоратни амалга оширишга ҳақли, лекин у бошқарувчининг тезкор, ички хўжалик юритуви фаолиятига аралашмаслиги лозим. Муассис мол-мулк бошқарувчидан шартномада кўрсатилган муддатларда зарур ҳисоботларни талаб қилишга ҳақли, агар бундай муддатлар шартномада кўрсатилмаган бўлса, ҳисобот томонларнинг мақбул келшувлари билан белгиланган муддатларда топширилиши лозим. Муассис ишончли бошқарувчисидан, мол-мулкни бошқариш жараёнида олинган фойда ва бошқа тушумларни муассисга беришга талаб қилишга ҳақли (агарда шартномада бошқа ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса). 5 . Мол-мулкни ишончли бошқариш жавобгарлиги Мол-мулкни ишончли бошқариш пайтида фойда олувчининг ёки бошқарувнинг муассисининг манфаатлари тўғрисида етарли ғамхўрлик қилмаган ишончли бошқарувчи фойда олувчига мол-мулкни ишончли бошқариш вақтида бой берилган фойдани, бошқарув муассисга эса мол- мулкни йўқотиш ёки унга шикаст етказиш билан келтирган зарарни, шунингдек, бой берилган фойдани тўлайди. Агар ишончли бошқарувчи ушбу зарарлар енгиб бўлмайдиган куч туфайли ёки фойда олувчининг ёхуд бошқарув муассисининг ҳаракатлари туфайли келиб чиққанлиги исбот қилиб бера олмаса, етказилган зарар учун жавобгар бўлади. Ишончли бошқарувчи ўзига берилган ваколатлардан четга чиққан ёки ўзи учун белгилаб қўйилган чеклашларни бузган ҳолда тузган битим бўйича мажбуриятларни ишончли бошқарувчи шахсан ўзи бажаради. Агар битимда қатнашувчи учинчи шахслар ваколатлардан четга чиққанлигини ёки белгилаб қўйилган чеклашларни билмаган бўлсалар ёки билишлари мумкин бўлмаган бўлса, вужудга келган мажбуриятлар бўйича қарзлар ишончли бошқарувга топширилган мол-мулк ҳисобидан тўланади. Ушбу мол-мулк етарли бўлмаган тақдирда ундирув ишончи бошқарувчининг мол-мулкига, унинг мол-мулки ҳам етарли бўлмаганида эса, бошқарув муассиснинг ишончли бошқаришига тоширилмаган мол-мулкига қаратилиши мумкин. Айни вақтда, муассис ишончли бошқарувчига нисбатан регресс даъво ҳуқуқига эга. Агарда муассис мол-мулкни ишончли бошқарувчига шартнома асосида ишончли бошқарувга топширгунига қадар давлат ва бошқа шахслар олдида қарздор бўлган тақдирда бу қарзларни ундиришда белгиланган тартибда ушбу мол-мулкка қаратилиши мумкин (ФКнинг 859-моддаси 4-қисми). Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси уни тегишли суратда бажармаслик туфайли бошқарув муассисига ёки фойда олувчига етказилиши мумкин бўлган зарарнинг ўрнини қоплашни таъминлаш учун ишончли бошқарувчининг гаров беришини назарда тутиши мумкин. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси қуйидаги ҳолларда бекор бўлади: -тарафлардан бирининг шартнома муддати тугаши муносабати билан шартномани бекор қилиш тўғрисидаги аризасига мувофиқ; -агар шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, фойда олувчи фуқаронинг вафот этиши, фойда олувчи юридик шахснинг тугатилиши муносабати билан; -ишончли бошқарувчи фуқаро вафот этганида, у муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланганида, шунингдек, икки тадбиркор банкрот деб топилганда; -ишончли бошқарувчи юридик шахс тугатилганда, у ночор (банкрот) деб топилганда; -фойда олувчи, агар шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома бўйича фойдни олишда бош тортганда; -ишончли бошқарувчи ёки бошқарув муассаси ишончли бошқарувчи учун мол-мулкни бошқариш шахса амалга ошириш мумкин эмаслиги муносабати билан бошқарувни амалга оширишдан бош тортганда; -бошқарув муассиси ишончли бошқарувчига шартномада келишилган ҳақни тўлаган ҳолда, ФКнинг 861-моддаси 4-бандида кўрсатилганидан бошқа сабабларга кўра шартномани бажаришдан бош тортганида; -ишончли бошқарувчи ўзининг мажбуриятларини тегишли даражада бажармаган тақдирда шартнома суднинг қарорига мувофиқ бекор қилинганида; -қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа асосларга кўра бекор қилиниши мумкин. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси бекор қилинганида ишончли бошқаришда бўлган мол-мулк, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бошқарув муассисига қайтиб топширилади. Бу шартномада тарафлардан бирининг ташаббуси билан бекор қилинганда иккинчи тараф, агар шартномада бошқача муддат белгиланган бўлмаса, камида 3 ой олдин хабардор қилиб қўйилиши керак (ФКнинг 861- моддаси). 1 § . Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси тушунчаси ва ҳуқуқий белгилари . Ривожланиб бораётган бозор иқтисодиёти шароитида товарлар ва ишларнинг, турли хилдаги мулкий ҳуқуқларнинг фуқаролик муомаласидаги ҳаракатини амалга оширишда, бундай объектларнинг барчасини бир вақтда муомалада бўлишини комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаси таъминлайди. Комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаси бўйича бир тараф (комплекс лицензиар) иккинчи тарафга (комплекс лицензиатга) ҳақ эвазига лицензиарнинг фирма номидан ҳамда қўриқланадиган тижорат ахборотидан, шунингдек шартномада назарда тутилган мутлақ ҳуқуқларга кирувчи бошқа объектлардан (товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва ихтиролар ҳамда бошқалардан) лицензиатнинг тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш ҳуқуқини ўз ичига оладиган мутлақ ҳуқуқлар комплексини (лицензия комплекси) бериш мажбуриятини олади (ФКнинг 862-моддаси 1- қисми). Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси жаҳон амалиёти учун ҳам нисбатан янги институт бўлиб, ушбу шартнома ва у билан боғлиқ муносабатлар XX асрнинг бошларида вужудга келган. Мазкур шартноманинг номланиши хусусида ҳам бир қатор фикрлар мавжуд. Кўпчилик ривожланган давлатларда бу шартнома “франшизинг” (инглизча franchising – “ҳуқуқ”, “имтиёз” маъноларини англатади) номи билан машҳур бўлса, Россия Федерациясида “тижорат концессияси”, деб аталади. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида бу шартноманинг “комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг)” – деб номланишида ўзига хос маъно бор. Биринчидан, мазкур шартноманинг бу тарзда (комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг)) номланиши тегишли ҳуқуқий муносабатнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқади. Иккинчидан, шартноманинг номаланишидаги “франшизинг” атамаси шартнома номини тўғри татбиқ этишга хизмат қилади. Учинчидан, шартнома асосида бир тараф (лицензиар) иккинчи тарафга бераётган объектларнинг барчасини, фақатгина “комплекс тадбиркорлик” ибораси билан қамраб олиш мумкин. Тўртинчидан, шартнома номланишида “лицензия” атамаси қўлланилиши бир шахсга тегишли бўлган мутлақ ҳуқуқлардан иккинчи шахснинг фойдаланиши билан боғлиқ. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасининг асосий мақсади (ҳуқуқий жиҳатдан) фақат тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун мутлақ ҳуқуқлар мажмуини вақтинча фойдаланишга бериш ҳисобланади. Шартнома асосида комплекс лицензиар ўзининг фирма номи ва қўриқланадиган бошқа тижорат ахбороти, ҳамда лицензиарнинг мутлақ ҳуқуқларига кирувчи объектлар: товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, ихтиролари (патент бўлгани ҳолда) ни комплекс лицензиатнинг тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун бериш мажбуриятини олади. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасига мувофиқ иккинчи томон- лицензиатга берилаётган ҳуқуқлар одатдаги мулкий ёки талаб қилиш ҳуқуқи эмас, балки мутлақ ҳуқуқлар ҳисобланади. Мутлақ ҳуқуқ эса, одатдагидек эгаллаб туриш мумкин бўлмаган, бир вақтнинг ўзида номуайян доирадаги шахслар фойдаланиши мумкин бўлган объектларга нисбатан ҳуқуқ соҳиби мулкий ҳуқуқларини амалга оширилишини таъминловчи муҳим воситадир 1 . Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасининг иқтисодий аҳамияти шундаки, ушбу шартнома орқали йирик компаниялар ўз маҳсулотлари учун бозорлар вужудга келтирадилар, товарлар, ишлар ва хизматларнинг муомалада қийинчиликсиз ҳаракати таъминланади. Бундан ташқари комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятини бошқа усуллар (масалан, юридик шахс ва қўшма корхона тузиш, алоҳида сармоя олиб кириш ва бошқалар) орқали амалга оширишга нисбатан анча қулайдир. ФКнинг 862-моддаси иккинчи қисмида, комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида лицензиатнинг лицензия комплексидан, лицензиарнинг иш соҳасидаги обрўсидан ва тижорат соҳасидаги тажрибасидан муайян ҳажмда (хусусан, минимал ва ёки максимал ҳажмда 1 Оқюлов О. Интеллектуал мулк ҳуқуқи: умумий қоидалар ва алоҳида объектлар. -Т.: ТДЮИ. 2003. -20 б. фойдаланишни белгилаб қўйган ҳолда) муайян фаолият соҳасига (лицензиардан олинган ёки лицензиат ишлаб чиқарган товарларни сотиш, хизматларни кўрсатиш, ишлар бажариш, савдо фаолиятини амалга ошириш ва ҳоказо) қўллаган ҳолда, фойдаланиш ҳудудини кўрсатиб ёки кўрсатмасдан фойдаланиш назарда тутилиши мумкин. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси консенсуал, икки тарафлама ва ҳақ эвазига тузиладиган шартнома ҳисобланади. Мазкур шартномада фуқаролик ҳуқуқидаги бир қанча шартномаларга хос жиҳатлар ифодалаганлиги учун, уни талабдан учинчи шахс фойдасига воз кечиш шартномасидан, мулк ижараси шартномасидан, илмий-текшириш, тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрати шартномасидан ва лицензия шартномасидан фарқлари ни кўрсатиб ўтиш зарур. Талабдан учинчи шахс фойдасига воз кечиш шартномасида кредиторнинг талаб қилиш ҳуқуқи франшизинг шартномасидан фарқ қилиб, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ булмайди. Бундан ташқари кредиторнинг ўз ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиши билан унинг ўз ҳуқуқларига нисбатан ваколати барҳам топади. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида эса муайян муддатдан сўнг ёки белгиланган шарт амалга оширилганидан сўнг фойдаланишга олинган мутлақ ҳуқуқлар ўз соҳибига қайтарилади. Одатда, мулк ижараси шартномасида мулкий ҳуқуқлар фойдаланишга берилса, комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида мутлақ ҳуқуқлар фойдаланишга берилади. Баъзи ҳолларда ижара шартномасида ҳам мутлақ ҳуқуқлар берилиши назарда тутилиши мумкин. Масалан, корхонани ижарага бериш шартномасида корхонани индивидуаллаштириш воситалари мулкий комплекснинг таркибий қисми сифатида фойдаланишга берилади ва алоҳида ижара объекти сифатида қаралмайди. Илмий-текшириш ишлари пудрати шартномасида эса, бажарилган ишнинг натижасида интеллектуал мулк ҳуқуқи объекти яратилиши, бу эса ўз навбатида мутлақ ҳуқуқларни вужудга келтириши мумкин. Лекин бундай ҳолат ҳар доим ҳам юзага келмайди. Яъни илмий-текшириш ишлари пудрати шартномасида ҳамма вақт ҳам кўзланган натижага эришилавермайди. Қолаверса, бу турдаги пудрат шартномаларида ҳамма вақт ҳам интеллектуал мулк объектини яратиш талаби қўйилмайди. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида эса, предмет сифатида фақатгина мутлақ ҳуқуқлар эътироф этилади. Лицензия шартномаларидан комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномасининг фарқи шундаки, франшизинг шартномасида мутлақ ҳуқуқлардан фойдаланиш мақсади белгилаб қўйи лади, муаллифлик лицензияси ёки лицензия шартномаларида бундай чеклашлар белгиланмайди. Франшизинг шартномаси қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Муаллифлик лицензияси эса рўйхатдан ўтказилмайди. Лицензия шартномаси эса фақатгина Давлат патент идораси томонидан рўйхатга олинади. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасини ўзига хос хусусиятларга эга эканлигини ҳисобга олиб, уни фуқаролик ҳуқуқидаги шартномаларнинг мустақил тури деб ҳисоблаш мумкин. 2 § . Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасининг элементлари . Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасининг тарафлари сифатида комплекс лицензиар ва комплекс лицензиат иштирок этади. Комплекс лицензиар ва лицензиат махсус субъектлар ҳисобланиб уларнинг иккаласи ҳам фақат тижорат ташкилотлари ва тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинган фуқаролар бўлиши мумкин. Комплекс лицензиар шартнома асосида берилаётган мутлақ ҳуқуқлар соҳиби бўлиб, мутлақ ҳуқуқларнинг унга тегишли эканлиги қонун ҳужжатларига асосланган бўлиши керак. Масалан, лицензиатга тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун берилаётган ҳуқуқлар патент ҳуқуқи объекти бўлганда лицензиар патент эгаси бўлиши ёки патентга нисбатан алоҳида “лицензия шартномаси” асосида ҳуқуқларга эга бўлиши, ёхуд унинг фирма номи тегишли тартибда расмийлаштирилган бўлиши лозим. Шу билан бирга, комплекс лицензиар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлиши, бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик фаолиятининг субъекти ҳисобланиши керак. Бунда комплекс лицензиар тадбиркорлик фаолияти билан шартнома тузишдан олдин шуғулланган бўлиши талаб этилмайди, муҳими шартнома тузилаётган пайтда у тадбиркорлик фаолиятининг субъекти сифатида рўйхатга олинган бўлиши зарур 2 . Комплекс лицензиат мутлақ ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритган шахс бўлиб, у ҳам шартнома тузилаётган пайтда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Гарчи ФК нотижорат ташкилотлари ва давлатнинг комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасининг субъектлари бўлиши мумкинлигини қатъий тақиқламаган бўлса-да, ФК 862-моддасининг 3-қисми (комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бўйича фақат тижорат ташкилотлари ва тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинган фуқароларгина тарафлар бўлиши мумкин) мазмунидан нотижорат ташкилотлари ва давлат бу шартноманинг субъектлари бўлиши мумкин эмас, деган хулосага келиш мумкин. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасининг предметини лицензиар томонидан лицензиатга берилаётган мутлақ ҳуқуқлар комплекси ташкил этади. Бу ҳуқуқларга қуйидагилар кириши мумкин: 1. Фирма номи; 2. Қўриқланадиган тижорат ахбороти; 3. Товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси; 4. Ихтиролар; 5. Лицезиатнинг тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш ҳуқуқини ўз ичга оладиган бошқа мутлақ ҳуқуқлар комплекси. 2 Гражданское право. Ч.2./Под. ред. А.П.Сергеева, Ю.К.Толстого. - М.:Проспект.1997. -631 б. Шартномага мувофиқ ушбу ҳуқуқларнинг ҳаммаси ёки бир нечтаси ёхуд биттаси лицензиатга тадбикорлик фаолиятида фойдаланиш учун берилиши мумкин. Лицензиат лицензиардан уларни ҳам масини беришни талаб қилишга (шартномадан қайси ҳуқуқларнинг берилиши аниқ кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно) ҳақли эмас. Агар комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида лицензиатнинг тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиши учун фақат битта мутлақ ҳуқуқ, масалан фирма номи берилса ҳам, мутлақ ҳуқуқлар комплекс берилмаганлигидан қатъи назар бу шартнома комплекс тадбиркорлик лицензияси сифатида эътироф этилади. Шартнома предмети ҳисобланган “мутлақ ҳуқуқлар комплекси”га лицензиарнинг ишчанлик обрўси ва ноу-хауларни ҳам киритиш мумкин. Зеро, ишчанлик обрўси ва ноу-хаулар ҳам мутлақ ҳуқуқ объекти сифатида шартнома предмети бўлиши мумкин. Шу муносабат билан комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси интеллектуал мулк ҳуқуқи тўғрисидаги қоидалар қўллани лади (ФКнинг 862- моддаси 5-қисми). Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси оддий ёзма шаклда тузилади ва у нотариал гувоҳлантирилмайди. Чунки шартнома тарафлари тадбиркорлик фаолиятининг субъектлари бўлиб, уларнинг ҳар бирида шартномани тасдиқловчи муҳр ва штамп мавжуд бўлади. Шу билан бирга, комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси лицензиар сифатида иш кўрадиган юридик шахс ёки якка тадбиркор рўйхатга олинган орган томонидан рўйхатга олинади. Бундай органларга адлия органлари ва маҳаллий ҳокимият органлари киради. А.А.Ивановнинг фикрича, шартномани давлат рўйхатидан ўтказишнинг зарурияти шартноманинг предмети билан боғлиқ. Чунки ўзига тегишли мутлақ ҳуқуқларни комплекс тадбиркорлик лицензияси асосида берар экан, тадбиркор, ўзининг бу борадаги ҳуқуқдорлигини чеклайди. Бундай чеклашлар эса, оммага ошкор қилиниши лозим 3 . Бунга қўшимча равишда шуни таъкидлаш лозимки, мутлақ ҳуқуқларнинг ҳуқуқ соҳиби томонидан бошқа шахсларга ўтказилиши унинг ушбу ҳуқуқлардан фойдаланишга, тасарруф этишга бўлган ҳуқуқларини ҳудуд бўйича ёки ўзга ваколатлар бўйича чеклайди. А.У.Тўраевнинг фикрича, томонларнинг қайси бири рўйхатдан ўтказиш органига мурожаат қилиш тўғрисидаги масала қонунда аниқ белгиланган бўлиб, у лицензиар зиммасига юклатилган бўлади 4 . Лекин ушбу фикрга тўлиқ қўшилиб бўлмайди. Чунки комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасини рўйхатга олиниши хусусидаги қоидаларни белгиловчи ФКнинг 863-моддасида шартнома рўйхатдан ўтказиш органига айнан лицензиарнинг мурожаат қилиши тўғриси даги қоида белгиланмаган. Лекин мазкур норманинг мазмунидан шартномани рўйхатдан ўтказишни сўраб давлат органига лицензиар мурожаат этиши мақсадга мувофиқ бўлишини англаш қийин эмас. Бу ҳолат қуйидагиларда намоён бўлади: биринчидан, лицензиар мутлақ ҳуқуқлар соҳиби сифатида ўзига тегишли ҳуқуқларнинг юридик тақдирини бегилишга фақатгина у ҳақли ҳисобланади; иккинчидан, лицензиар шартномани рўйхатдан ўтказишдан лицензиатга нисбатан бир қанча қулайликларга эга. Масалан, унинг лицензиатга нисбатан ҳудудий яқинлиги ва рўйхатдан ўтказувчи органлар билан олдиндан муносабатнинг мавжудлиги. Қонун шартномани рўйхатдан ўтказиш кимга юклатилишини тарафларнинг келишувига кўра белгиланишини чекламайди. Аксинча, ўзаро келишувга кўра, лицензиат ёки исталган учинчи шахс шартномани рўйхатдан ўтказишни сўраб давлат органига мурожаат этиши мумкин. Патент ҳуқуқи объектлари (ихтиролар, фойдали моделлар, сано ат намуналари ва шу кабилар) лицензиатга берилганда, комплекс тад биркорлик 3 Гражданское право. Ч.2./Под. ред. А.П.Сергеева, Ю.К.Толстого. - М.: Проспект. 1997. -633 б. 4 Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ҳуқуқи. 2 қисм. /Ҳ.Раҳмонқулов, И.Зокировларнинг умум. таҳр. остида.-Т.: Адолат. 1999. -282 б. лицензияси шартномаси тегишли равишда адлия органла ри ва маҳаллий ҳокимият органларидан рўйхатдан ўтказилса, патент ҳуқуқи объекти фойдаланишга берилганлиги тўғрисидаги лицензия Давлат патент идорасидан рўйхатдан ўтказилади. Патент ҳуқуқи объ ектидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия комплекс тадбир корлик лицензияси рўйхатдан ўтказилгандан сўнг Давлат патент идо раси томонидан рўйхатдан ўтказилади. Комплекс тадбиркорлик ли цензияси шартномаси мутлақ ҳуқуқлардан тадбиркорлик фаолиятида фойдаланишга рухсат бериш ҳисобланса, мутлақ ҳуқуқ соҳибининг ушбу ҳуқуқлардан фойдаланувчига бераётган рухсати – Давлат па тент органи томонидан белгиланган тартиб асосида ва шаклда рас - мийлаштирилиш лозим бўлади ва бундай рухсат содда қилиб айтган да, “лицензия” – деб юритилади (ушбу “лицензия”ни муайян фаолият турини амалга ошириш учун давлатнинг ваколатли органи томонидан бериладиган лицензия билан аралаштирмаслик лозим). Шартноманинг шакли ва уни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги шартларга риоя этмаслик, комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасининг ҳақиқий ҳисобланмаслигига сабаб бўлади. Шартноманинг баҳоси тарафларнинг ўзаро келишувига кўра аниқланади. Шартномада баҳонинг ифодаланмаслиги комплекс тадбиркорлик шартномасини ҳақиқий эмас, деб ҳисобланишига олиб келади. Шартномада муддат белгиланиши ҳам, белгиланмаслиги ҳам мумкин. Чунки комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси муддат асосида тузиладиган шартномалар тоифасига эмас, муайян шартларнинг бажарилишига асосланиб тузиладиган шартномалар тоифасига мансубдир. 3 §. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси мазмуни . Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасининг мазмуни ни тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ташкил этади. Шартнома икки томонлама шартномалар тоифасига хослиги сабабли, бир тараф нинг мажбуриятлари иккинчи тараф учун ҳуқуқ ҳисобланади ва ак синча. Кўпчилик мутахассисларнинг таъкидлашларича, комплекс тад - биркорлик лицензияси шартномасида лицензиарнинг мажбуриятла рини императив ва диспозитив мажбуриятларга бўлиш мумкин, ҳам да императив мажбуриятлар шартноманинг муҳим шартларини таш кил этади 5 . Агар императив мажбуриятларни тарафлар ўзгартиришга ҳақли бўлмасалар, диспозитив мажбуриятларни ўз хоҳиш-иродаларига асосан ўзгартиришлари ёки бутунлай улардан воз кечишлари мумкин. ФКнинг 866-моддасига мувофиқ, лицензиар қуйидаги мажбу риятларга эга бўлади: 1. Лицензиатга техникавий ва тижорат ҳужжатларини топшири ши ҳамда лицензиат комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бўйича ўзига берилган ҳуқуқларни амалга ошириши учун зарур бўлган бошқа ахборотни тақдим этиши, шунингдек лицензиат ва унинг ходимларига ушбу ҳуқуқларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан йўл-йўриқлар бериши шарт; 2. Лицензиатга шартномада назарда тутилган лицензияларни бериши, уларнинг белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминлаши; 3. Лицензиатга доимий техникавий ва маслаҳат ёрдами кўрса тиши, шу жумладан, ходимларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишда ёрдам бериши шарт. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида лицензиар нинг бошқа мажбуриятлари ҳам назарда тутилиши мумкин. Санаб ўтилганлардан биринчиси ва иккинчиси императив харак терга эга мажбуриятлар бўлиб, биринчиси мутлақ ҳуқуқларни топши риш, мутлақ ҳуқуқлардан фойдаланишга доир техникавий ва тижорат ҳужжатларини топшириш ва қўшимча ахборотларни бериш билан боғлиқдир. Шу билан бирга, лицензиат ва унинг ходимларига мутлақ ҳуқуқларни амалга ошириш юзасидан йўл-йўриқлар бериш мажбу рияти ҳам императив характерга 5 Гражданское право. Ч.2./Под. ред. А.П.Сергеева, Ю.К.Толстого. -М.:Проспект.1997. -638 б.; Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ҳуқуқи.2 қисм./Ҳ.Раҳмонқулов, И.Зокировларнинг умум. таҳр. остида. -Т.: Адолат. 1999. -284 б. эгадир. Чунки бусиз лицензиат ўзига берилаётган мутлақ ҳуқуқлардан тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш имконига эга бўлмайди. Лицензиатга шартномада берилган лицензияларни бериш ва уларни расмийлаштирилиши одатда патент ҳуқуқи объектлари бери лишида аҳамиятга эга бўлади. Юқорида таъкидланганидек, франши зинг шартномасини тузиш билан бирга, патент ҳуқуқи объектлари учун алоҳида лицензиялар бериш ҳам талаб этилади. Акс ҳолда па тент ҳуқуқи объектларидан комплекс тадбиркорлик лицензияси шарт номаси асосида тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиши ғайриқону ний деб топилиши мумкин. Лицензиарнинг лицензиатга доимий техникавий ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш, ҳамда ходимларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга ёрдам бериш мажбурияти диспозитив характерга эга. Бу мажбурият фақатгина лицензиарнинг ўз фойдаси учун амалга оши рилишини тақозо этадиган ҳолат сифатида қаралади. Чунки лицен зииатга бу турдаги ёрдам кўрсатиш бозордаги товарлар сифатининг яхшиланишига ва лицензиарнинг ишчанлик обрўсининг ошишига олиб келиши билан бирга, лицензиат томонидан тўланадиган ҳақ миқдори нинг ортишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Лицензиар лицензиат томонидан ишлаб чиқарилаётган товар, кўрсатилаётган хизмат ва бажарилаётган иш сифатини назорат қилиб туриши лозим. Акс ҳолда лицензиатнинг сифатсиз маҳсулоти учун учинчи шахслар олдида мулкий жавобгар бўлиши мумкин. Лицензиатнинг энг асосий мажбурияти - ўзига фойдаланиш учун берилган мутлақ ҳуқуқлардан шартномада кўзда тутилган мақсадлар да фойдаланиш ва бунинг эвазига шартномада белгиланган ҳақни тўлаш мажбуриятидир. Лицензиат лицензиарга қатъий белгилаб қўйилган бир йўла ёки даврий тўловлар, тушумдан ажратмалар, лицензиар томонидан унга қайта сотиш учун етказиб бериладиган товарларнинг улгуржи нархларига устамалар шаклида ёки комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида назарда тутилган бошқа шаклда ҳақ тўлайди. Ушбу мажбуриятга қўшимча равишда лицензиат қуйидагиларни ўз зиммасига олади: 1. Шартномада назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш чоғида лицензиарнинг фирма номидан шартномада кўрсатилган тарзда фойдаланиш. Агар шартномада фирма номи ёки тижорат ахборотидан фойдаланишга нисбатан чеклашлар белгиланган бўлса, лицензиат ана шундай чеклашларга амал қилиши лозим. Масалан, шартномада фирма номидан фақатгина товарларни сотишда фойдаланиш назарда тутилган бўлса, лицензиат тадбиркорликнинг бошқа турида лицензиарнинг фирма номидан фойдаланмаслиги керак. Бундан ташқари лицензиат шартномада махфий сақланиши кўзда тутилган маълумотларни сир сақлаши, айнан қайси компаниянинг фирма номи, товар белгиси ва тижорат сирларидан фойдаланиб фаолият юритаётганлигини истеъмолчилар очиқ-ойдин билиб олиш имкониятига эга бўлишларини таъминлаши шарт. Шартнома асосида сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни лицензиар белгилаб беради. Бошқача айтганда, лицензиар махфий сақланишини талаб қилган ҳар қандай маълумот, у нисбий тижорат қийматига эга бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, лицензиат томонидан сир сақланиши лозим. 2. Лицензиат шартнома асосида ишлаб чиқараётган товарлар, кўрсатаётган хизматлар, бажараётган ишлар сифати бевосита лицензиарнинг ўзи ишлаб чиқараётган, кўрсатаётган ёки бажараётган шундай товарлар, хизматлар ёки ишларнинг сифатига аниқ мос бўлишини таъминлаш. Масалан, лицензиар – нон маҳсулотлари ишлаб чиқарув чи “Дока” компанияси томонидан тайёрланган нон маҳсулотларининг оғирлиги, ташқи кўриниши, сифати ва мазаси бўйича лицензиат томонидан тайёрланаётган нон маҳсулотлари юқоридаги параметрлар билан бир хилда бўлиши керак. 3. Лицензиарнинг лицензия комплексига кирувчи алоҳида ҳуқуқлардан фойдаланиш характери, усуллари ва шартлари бу ҳуқуқлардан лицензиарнинг фойдаланишига аниқ мос келишига қаратилган барча йўриқномалари ва кўрсатмаларига, шу жумладан, лицензиат шартнома бўйича ўзига берилган ҳуқуқларни амалга ошириш вақтида фойдаланадиган тижорат биноларининг ташқи ва ички безакларига доир кўрсатмаларига ҳам риоя этиш. Лицензиат мутлақ ҳуқуқлардан фойдаланишда лицензиар томонидан бу ҳуқуқлар қандай усулларда амалга оширилаётган бўлса, шундай усулларга амал қилиши лозим. Тижорат биноларидаги ёзувлар, эълонлар ва реклама афишалари, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг кийиниши, бинони безаб турувчи турли хилдаги безак ва кўринишлар ташқи ва ички томондан лицензиарнинг амалиёти билан бир хилда бўлиши ёки лицензиар берган кўрсатма ва йўриқномаларга асосланган бўлиши зарур. Масалан, “Макдоналдс” компаниясининг мутлақ ҳуқуқларидан фойдаланувчи лицензиатнинг овқатланиш шахобчалари ва унда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг кийинишлари, компаниянинг овқатланиш шахобчалари ва ходимларининг кийимлари билан анйний бўлиши лозим. Бундай шартнинг қўйилиши харидорни бозордаги товар, иш ёки хизмат кимга тегишли эканлигини дарҳол илғаб олишига хизмат қилади ва лицензиарнинг ишчанлик обрўси сақланиб қолишига олиб келади. Шу билан бирга, истеъмолчининг ўз ҳуқуқлари бузилганда етказилган зарарни кимдан ундириши кераклигини аниқлаб олишига ёрдам беради. 4. Сотиб олувчилар (буюртмачилар) бевосита лицензиардан товар (хизмат, иш) ни сотиб олган (буюртма берган) вақтда уларга умид қилишлари мумкин бўлган ҳамма қўшимча хизматларни кўрсатиш. Масалан, товарни харидорнинг уйига олиб бориб бериш, унга товардан фойдаланишга доир кўрсатмалар ва йўриқномалар бериш, бепул маслаҳатлар бериш ва ҳ.к. 5. Шартномада тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса, шартлашилган миқдорда ёрдамчи лицензияларни бериш. Қўшимча лицензия бериш шартномада кўрсатилган ҳолларда берилади. Одатда, қўшимча лицензия комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида халқаро лицензиар чет эл давлатининг бутун ҳудудида ўз товар (иш, хизмат) бозорини ривожлантириш учун мут лақ ҳуқуқларини фақат бир шахсга берганда қўлланилади. Франши зингнинг бу тури “мастерлик лицензияси” - деб аталади. Бу усул орқали лицензиат бутун мамлакат бўйича франшизор (лицензиар) га айланади. Халқаро амалиётда қўшимча лицензия субфраншизинг – деб номланади 6 . Бундан ташқари франшизингни халқаро амалиётда қўлланиладиган, сотиш франшизинги, товар франшизинги, ишлаб чиқариш франшизинги, иш фаолияти франшизинги каби турлари мавжуд 7 . Шартномада кўзда тутилган ҳолатдан келиб чиқиб, лицензиат қўшимча лицензия берган ҳолларда, у сублицензия олган шахсга нисбатан лицензиар ҳуқуқларига эга бўлади. Бироқ лицензиар ва сублицензиат ўртасида лицензиатнинг мажбуриятлари сақланиб қолади. Яъни, сублицензиатнинг мажбуриятларни бажармаслиги юзасидан ва бошқа ҳолатларга кўра лицензиат лицензиар олдида жавобгар бўлиши мумкин. Қўшимча лицезиялар бериш бир вақтнинг ўзида лицензиатнинг ҳуқуқи ва мажбурияти сифатида қаралади. Агар қўшимча лицензия бериш лицензиатнинг ҳуқуқи ҳисобланса, унда шартномада бу ҳуқуқни чеклайдиган муайян шартлар ифодаланади. Масалан, муайян ҳудудда, чекланган шахсларга ва ҳ.к. Шартномага бундай челашларнинг киритилмаслиги, лицензиатга мутлақ ҳуқуқлар комплексини хоҳлаган усулда қўшимча лицензияга бериши мумкинлигини англатади. ФКнинг 864-моддасида худди шунингдек, шартномада лицензиатнинг муайян вақт давомида фойдаланиш ҳудудини кўрсатган ёки кўрсатмаган ҳолда муайян миқдорда қўшимча лицензиялар бериш мажбурияти ҳам ёзиб қўйилиши мумкинлиги белгиланган. 6 Трахтергенц Л.А. Договор коммерческой концессии.//Юридический мир.1997. №3. -28 б. 7 Довган В.В. Франчайзинг:путь к расширению бизнеса. (организация, технология, методы, аспекты).- Тольятти. Дока-прес. 1994.; Новосельцев Н.К. Оценка коммерческой концессии.//Хозяйство и право. 2000. №3. -37 б. 4 §. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасини чеклайдиган ва шартномага киритилиши тақиқланган шартлар . Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида тарафларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган шартлар киритилиши мумкин. Бундай шартлар эксклюзив шартлар деб номланиб, улар лицензиар ва лицензиатнинг у ёки бу ҳуқуқларини чеклашга қаратилади. Бундай шартлар тарафларнинг ўзаро келишувига кўра шартномага киритилиши мумкин. Шу билан бирга, бундай шартлар тарафлардан бирининг талаби билан ҳам шартномада белгиланишига йўл қўйилади. Фақатгина бу шартлар монополияга қарши орган ёки тегишли шахснинг аризасига кўра ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келмаслиги лозим. Агар чеклайдиган шартлар тегишли бозорнинг ҳолатини ва тарафларнинг иқтисодий аҳволини ҳисобга олган ҳолда монополияга қарши қонун ҳужжатларига зид бўлса, улар ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. ФКнинг 868-моддасида комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасини чеклайдиган шартлар қуйидагича белгиланган: - лицензиарнинг лицензиатга бириктириб қўйилган ҳудудда фойдаланиш учун бошқа худди шундай комплекс тадбиркорлик лицензияларини бермаслик ёки ушбу ҳудудда бевосита мустақил фаолият олиб бормаслик мажбурияти. Бундай шартлар, одатда, фойдаланиш ҳудуди кўрсатиб берилган лицензияларда белгиланиши мумкин. Бу шартни киритишдан мақсад бир туркумдаги маҳсулотларнинг бозордаги қийматини пасайиб кетишининг олдини олиш ҳисобланади. Шу билан бирга, лицензиарнинг бир ҳудудда ўз лицензиати билан рақобатлашуви лицензиатга зарар етказиши билан бирга, унинг ўзига ҳам зарар етказади. Муайян ҳудудда худди шундай иккинчи лицензиянинг берилиши ҳам лицензиат манфаатларига путур етказиши мумкин. Шу муносабат билан лицензиат шартномага бошқа лицензиялар бермаслик тўғрисидаги шарт киритилишини талаб қилишга ҳақли бўлади. Лекин бозорнинг аҳволи ва монополияга қарши курашиш мақсадида тегишли монополия органи томонидан бу шарт ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бунда бир турдаги товар қийматининг ортиб кетиши ва монопол ҳуқуққа эга бўлишининг олдини олиш мақсадида лицензиарнинг шу ҳудудда фаолият олиб бормаслик ва бошқа лицензиялар бермаслик хусусидаги шартлар шартномага киритилишига йўл қўйилмайди; - лицензиатнинг комплекс тадбиркорлик лицензиясидан фойдаланиладиган ҳудудда лицензиар билан рақобатлашмаслик мажбурияти. Лицензиар ўзига тегишли мутлақ ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқини берган ҳудудда ўзи ҳам тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган бўлса, шартномага лицензиатнинг шу ҳудудда ўзи билан рақобатлашмаслиги тўғрисидаги шарт киритилишини талаб этишга ҳақли. Одатда, бундай лицензиялар оддий лицензия деб юритилиб, унда лицензиар лицензия объекти ҳисоблаган лицензия объектидан ўзи истаган ҳудудда фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади; - лицензиатнинг лицензиарнинг рақобатчиларидан (бўлажак рақобатчиларидан) бошқа комплекс тадбиркорлик лицензияларини олишдан воз кечиши. Бу шартга мувофиқ лицензиат лицензиарнинг рақобатчиларидан комплекс тадбиркорлик лицензиясини олишга ҳақли бўлмайди. Зеро, рақобатчи билан лицензиатнинг ўзаро шерикларга айланиши (рақобатчидан лицензия олган шахс бир вақтнинг ўзида иккита лицензия эгасига айланиши оқибатида турли хилдаги ғаразли оқибатларни юзага келтириши мумкин) лицензиарга зарар етказилишига олиб келиши мумкин; - лицензиатнинг шартнома бўйича ўзига берилган алоҳида ҳуқуқларни амалга ошириш вақтида фойдаланиладиган тижорат бинолари жойлаштириладиган ерни, шунингдек уларнинг ташқи ва ички безакларини лицензиар билан келишиш мажбурияти. Бундай шартнинг шартномага киритилишидан асосий мақсад товарлар сотиш, иш бажариш ва хизмат кўрсатишда лицензиарнинг лицензиат билан ўзаро ҳамкорлик ҳаркати қилишии таъминлайди. Натижада эса, товарлар, ишлар ва хизматлар истеъмолчилар ва мижозлар ўртасида тўғри тақсимланади. Низога сабаб бўлувчи чеклашлар суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин 8 . ФК комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасига киритилиши мумкин бўлмаган чеклашларни ҳам кўзда тутади ва бундай шартлар ҳақиқий эмаслигини белгилайди. Бу шартлар қуйидагилар дир: - лицензиар лицензиатнинг товарни сотиш баҳосини ёки лицензиат бажарадиган (кўрсатадиган) ишлар (хизматлар) нархини белгилашга, ёки мазкур нархларнинг юқори ва пастки чегараларини белгилаб қўйишга ҳақли бўлса. Албатта, товарларинг ишлаб чиқариш таннархига кўра ва олиб борилаётган фаолиятнинг рентабеллик даражасига кўра тахминий нархлари келишиб олиниши мумкин. Лекин нархларнинг юқори ва пастки даражалари қатъий белгиланиши ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб топилади. Зеро, бундай ҳолат монополияга қарши кураш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид ҳисобланади; - лицензиат товарларни фақат маълум тоифадаги сотиб олувчиларга (буюртмачиларга) ёки шартномада белгилаб қўйилган ҳудудда жойлашган (яшайдиган) сотиб олувчиларга (буюртмачиларга) гина сотишга, ишларни бажаришга ёки хизматлар кўрсатишга ҳақли бўлса. Бу шарт фуқаролик ҳуқуқидаги товарлар, хизматлар ва молиявий маблағлар эркин ҳаркат қилиш тамойилига ва шартномалар эркинлиги (ФКнинг 1-моддаси) тамойилига зид ҳисобланади. 5 §. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасининг бекор бўлиш асослари . Умумий қоидага кўра, шартномалар тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилади ва бекор қилинади. Тарафлардан бирининг талаби билан эса, шартнома суд томонидан, шартнома иккинчи тарафнинг айби билан жиддий бузилганда ва қонун ёки шартномада кўзда тутилган ўзга ҳолатларда ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси ҳам айнан шу асосларга кўра ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин. Фақат бу ўзгартиришлар 8 Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ҳуқуқи. 2 қисм. /Ҳ.Раҳмонқулов, И.Зокировларнинг умум. таҳр. остида. -Т.: Адолат. 1999. -288 б. шартнома қайтартибда расмийлаштирилган бўлса, шу тартибда киритилиши лозим. Яъни, шартноманинг ўзгартирилган лиги лицензиар тадбиркор сифатида рўйхатга олинган орган томони дан расмийлаштирилганидан кейин ҳақиқий ҳисобланади. Лицензия комплексига кирувчи бирон-бир алоҳида ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтиши комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлмайди. Янги лицензиар ўзига ўтган алоҳида ҳуқуқ жумласига кирувчи ҳуқуқлар ва мажбуриятлар бўйича шартномага киришади. Лицензиар фуқаро вафот этган тақдирда, унинг комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари меросхўрга, башарти бу меросхўр тадбиркор сифатида рўйхатга олинган бўлса ёки мерос очилган кундан эътиборан олти ой мобайнида тадбиркор сифатида рўйхатга олинса, ўтади. Акс ҳолда шартнома бекор қилинади. Меросхўр тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятларни қабул қилиб олгунча ёки меросхўр тадбиркор сифатида рўйхатга олингунча бўлган даврда лицензия комплексини нотариус томонидан белгиланган тартибда тайинланадиган бошқарувчи идора қилади (ФКнинг 872-модда си). Лицензиар ўзининг фирма номини ўзгартирган тақдирда, агар лицензиат шартномани бекор қилишни талаб қилмаса, комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси сақланиб қолади ва лицензиарнинг янги фирма номига нисбатан амал қилади. Шартноманинг амал қилиши сақланиб қолган тақдирда лицензиат лицензиарга тегишли бўлган ҳақни мутаносиб равишда камайтиришни талаб қилишга ҳақли бўлади. Агар комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси амал қилиб турган даврда лицензия комплексига кирувчи алоҳида ҳуқуқнинг амал қилиш муддати тугаса ёки бундай ҳуқуқ бошқа асосга кўра бекор бўлса, шартнома бекор бўлган ҳуқуққа тааллуқли қоидаларни чегириб ташлаган ҳолда сақланиб қолади, лицензиат эса, агар шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, лицензиарга тегишли бўлган ҳақни мутаносиб равишда камайтиришни талаб қилишга ҳақли бўлади. Муддати кўрсатилиб тузилган комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси тегишли муддат тамом бўлиши билан тарафларнинг ўзаро келишувига ёки улардан бирининг талабига кўра бекор бўлади. Тарафлардан ҳар бири муддатсиз комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасидан истаган вақтда бош тортишга ҳақли бўлиб, агар шартномада узоқроқ муддат назарда тутилган бўлмаса, бу ҳақда иккинчи тарафни олти ой олдин хабардор қилиши керак. Лицензия комплексига кирган фирма номини янги фирма номи билан алмаштирмасдан унга бўлган ҳуқуқ бекор қилинган тақдирда комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бекор қилинади. Муддати кўрсатиб тузилган комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, шунингдек муддатсиз комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасини бекор қилиш лицензиар рўйхатга олинган орган томоиндан белгиланган тартибда рўйхатга олиниши орқали расмийлаштирилади. 6 §. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бўйича жавобгарлик . Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида тарафлар шартномада белгиланган мажбуриятларни бажармаганликлари учун бир- бирлари олдида жавобгар бўладилар. Бунда тарафларнинг жавобгарлиги мажбуриятларни бузганлик учун умумий жавобгарлик қоидаларидан келиб чиқиб белгиланади. Масалан, лицензиарнинг лицензиатга шартномада назарда тутилган мутлақ ҳуқуқларни фойдаланишга бермаслиги ёки лицензиатнинг белгиланган ҳақни ўз вақтида тўламаганлиги шартнома шартларини бузиш ҳисобланади ва улар етказилган зарарни ҳамда неустойкани тўлашлари лозим бўлади. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси асосида лицензиатга берилган ҳуқуқлар асосида у ишилаб чиқараётган товарлар лицензиар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар сифатидан паст бўлмаслиги лозим, акс ҳолда лицензиар лицензиат ишлаб чиқарган товарнинг сифати пастлиги учун учинчи шахслар олдида жавобгар ҳисобланади. Чунки лицензиатнинг асосий мажбуриятларидан бири лицензиат ишлаб чиқараётган товарлар сифатини назорат қилишдир. ФКда лицензиарнинг лицензиат мажбуриятлари юзасидан учинчи шахслар олдидаги субсидиар ва солидар жавобгарлиги белгиланган. Лицензиат комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бўйича сотаётган (бажараётган, кўрсатаётган) товарлар (ишлар, хизматлар) сифати шартномага мос эмаслиги тўғрисида лицензиатга қў йиладиган талаблар юзасидан лицензиар субсидиар жавобгар бўлади (ФКнинг 869-моддаси 1- қисми). Лицензиатга лицензиарнинг маҳсулотини (товарларини) тайёрловчи сифатида қўйиладиган талаблар юзасидан лицензиар лицензиат билан солидар жавобгар бўлади (ФКнинг 869-моддаси 2-қисми). Ф ойдаланилган адабиётлар рўйхати 1. Каримов И.А. Юксак маънавият енгилмас куч.-Тошкент: Маънавият, 2008.- 120 б. 2. Каримов И.А. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари.-Т.: Ўзбекистон. 2009. 3. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. 4. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси. 5. Ўзбекистон Республикаси фуқарлик кодекси шарҳ: Профессионал шарҳлар. Т 2. / Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги. – Тошкент: Baktria press, 2013, - 768 б.