logo

Интеллектуал мулк ҳуқуқи. Муаллифлик ҳуқуқи. Турдош ҳуқуқлар

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

96.4921875 KB
Интеллектуал мулк ҳуқуқи . Муаллифлик ҳуқуқи . Турдош ҳуқуқлар Режа: 1. Интеллектуал мулк ҳуқуқи тўғрисида илмий назариялар тавсифи 2. Интеллектуал мулк ҳуқуқи объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш асослари 3. Интеллектуал мулк объектларига нисбатан шахсий ва мулкий ҳуқуқлар 4. Мутлақ ҳуқуқ тушунчаси ва унинг мазмуни 5. Лицензия шартномалари ва уларнинг турлар 6. Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартномалар 7. Мутлақ ҳуқуқларнинг амал қилиш муддатлари 8. Муаллифлик ҳуқуқи тушунчаси, тамойиллари ва асосий категориялари 9. Муаллифлик ҳуқуқи субъектлари 10. Элекгрон ҳисоблаш машиналари (ЭҲМ) ва маълумотлар 11. базаларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш Интеллектуал мулк объектлари фуқаролик ҳуқуқининг алоҳида ўзига хос объекти бўлиб ҳисобланади. «Интеллект» лотинча сўз бўлиб, «ақл» маъносини англатади. Интеллектуал мулк объектлари фуқаролик ҳуқуқининг бошқа объектлари — ашёлар, қимматбаҳо қоғозлардан қуйидаги хусусиятлари бўйича фарқ қилади: а) кўп ҳолларда интеллектуал мулк объектлари моддий кўри нишда эмас, балки, ғоя, билим, ахборот шаклида намоён бўлади. Объектив шаклда ифодаланган ғоя, билим моддий элтувчида, моддий ифодада, масалан, чизма, макет, аппарат, қурилмада мужассамлашган бўлиши мумкин, бироқ, бунда ғоя, билим бирламчи, унинг моддий мужассами ҳар доим иккиламчи бўлади; б) ғоя, билим шаклидаги интеллектуал мулк объектига одатдаги моддий ашёга эгалик қилгандай эгалик қилиш мумкин эмас; в) бундай объектлардан бир вақтнинг ўзида чексиз доирадаги шахслар фойдалана олиши мумкин; г) интеллектуал мулк ҳуқуқи объектларига мулк ҳуқуқининг муддатсизлиги ҳақидаги қоида (ФКнинг 164-моддаси) қўлланил майди. Бинобарин, кўпчилик ҳолларда (ноу-хауга нисбатан истиснони ҳисобга олмаганда) интеллектуал мулк ҳуқуқи амал қилиши қонунларда белгиланган муддатлар билан чегараланган бўлади; д) қонунларда белгиланган муддатлар ўтиши билан интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳибининг интеллектуал мулкнинг муайян объектига нисбатан ҳуқуқлари бекор бўлади ва бу объектлар умуминсоний бойликка айланиб, ҳар ким ундан маълум шартлар асосида (муаллифининг шахсий ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда) текин ва рухсатсиз фойдаланишга ҳақли бўлади; е) интеллектуал мулк ҳуқуқи объектлари ғоя кўринишида бўлган ҳолларда уларни ашёлар сингари эгаллаш мумкин эмаслиги, улардан бир вақтнинг ўзида чексиз доирадаги шахслар фойдалана олиш имкониятлари мавжудлиги сабабли бундай объектларга нисбатан мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишда виндикацион даъвони қўллаш (ФКнинг 228-моддаси) имконияти амалда мавжуд эмас; ё) интеллектуал мулк ҳуқуқи объектларига нисбатан одатдаги мулк ҳуқуқи эмас, балки мутлақ ҳуқуқлар ҳақидаги қоидалар қўлла нилади; ж) интеллектуал мулк ҳуқуқининг амал қилиши, айни вақтда, маълум ҳудуд билан ҳам чегараланган бўлади. Масалан, ихтирога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Патент идораси томонидан берилган патент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси билан хорижий давлатлар ўртасида тузилган икки томонлама шартномалар асосида белгиланган ҳудудларда гина амал қилади; з) кўпгина интеллектуал мулк объектларига нисбатан уларнинг муаллифлари шахсий ҳуқуқлари мавжуд бўлиб, бу объектлардан фойдаланувчилар ушбу шахсий ҳуқуқларга риоя қилишлари лозим бўлади. Интеллектуал мулк объектлари бу объектларнинг қандай фаолият маҳсули эканлиги, уларнинг ҳуқуқий режими ва шу каби хусусиятларига қараб қуйидаги турларга бўлинади: 1.Интеллектуал фаолият натижалари. Интеллектуал фаолият ўз характерига кўра, инсон фаолиятининг энг олий кўриниши — ижодий фаолият бўлиб ҳисобланади. Инсон ижодий фаолияти бу фаолиятни амалга ошириш усул-воситалари, фаолият маҳсуллари хусусиятларига кўра инсон онгли фаолиятининг бошқа кўриниши одатдаги, кундалик фаолиятидан фарқ қилади. Одатдаги, кундалик фаолият доимий, такрорланиб турувчи фаолият бўлиб, бунда фаолият ўзи ҳам, ундан вужудга келадиган натижалар ҳам илгаридан маълум бўлади. Шу сабабли ҳам одатдаги, кундалик фаолият репродуктив фаолият ҳисобланиб, бунда тайёр ўй-фикрлар формал мантиқ ёки бошқа қонун-қоидалар асосида қайтадан, такрорий ҳосил бўлади. Ижодий фаолият (ақлий, тафаккур) интеллектуал фаолият бўлиб, унинг натижасида фан, техника, адабиёт ёки санъат соҳасида янги, ижодий мустақил маҳсул яратилади (қаранг: Ионас В. Л., Произведение творчества в гражданском праве. М., 1972 й. 9-10 б). Интеллектуал фаолият натижаларига қуйидагилар киради: - фан, адабиёт, санъат асарлари, ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёки эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари; - электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар ва маълумот-лар базалари; - ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари; - селекция ютуқлари; - ошкор этилмаган ахборот, шу жумладан, ишлаб чиқариш сир-лари (ноу-хау). Фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг товарлари, ишлар ва хизматларнинг хусусий унсурларини акс эттирувчи воситаларга нисбатан бўлган ҳуқуқпарга ҳам мутлақ ҳуқуқлар ҳақидаги қоидалар қўлланилади. Маълумки, фуқаролик муомаласида турли-туман субъектлар иштирок этади, айни вақтда, муомалада хилма-хил маҳсулот лар ва хизматлар ҳам ҳаракатда бўлади. Мана шундай шароитда субъектлар, улар ишлаб чиқарган товарлар ва кўрсатадиган хизматлар алоҳида фарқлаш белгиларига эга бўлиши шарт, акс ҳолда, турли англашилмовчилик, қийинчиликлар вужудга келиши мумкин. Ана шундай фарқлаш белгилари фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ўзларини, унинг ишлаб чиқарган товарлари, бажарадиган ишлари ва кўрсатадиган хизматларининг хусусий аломатларини (индивидуал белгиларини) акс эттирувчи воситалар бўлиб ҳисобланади. Бундай алоҳида фарқлаш белгиларининг қуйидаги турлари мавжуд: - фирма номлари; - товар (хизмат кўрсатиш) белгилари; - товар чиқарилган жой номи. Маълумки, интеллектуал фаолият энг тез ривожланиб бораётган динамик жараён ҳисобланади. Юксак суръатлар билан давом этаётган бу жараён натижасида интеллектуал фаолиятнинг янги маҳсуллари вужудга келмоқда. Масалан, топограл ва интеграл микросхемалар. Гарчи улар мавжуд қонунларда назарда тутилмаган бўлса ҳам уларга нисбатан ФКнинг 1031- моддаси 3-қисмида белгиланган қоидалар мазмунидан келиб чиқиб, интеллектуал мулк ҳақидаги қоидалар қўлланилади. Фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг улар ишлаб чиқараётган товарлар, кўрсатадиган хизматларининг янги фарқлаш белгилари вужудга келиши мумкин ва бундай ҳолда ҳам уларга нисбатан ФКнинг IV бўлимига тегишли қоидалар қўлланилади. 2. Интеллектуал мулк ҳуқуқи тўғрисида илмий назариялар тавсифи . Мулк ҳуқуқи ҳар доим нафақат фуқаролик ҳуқуқининг балки ҳар қандай ҳуқуқ тизимининг энг асосий, марказий институтларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли Қадимги Рим ҳуқуқида, ундан кейин роқ вужудга келган мусулмон ҳуқуқида ҳам унга алоҳида ўрин ажратилган. Бироқ XVII асрларга келиб мулк ҳуқуқи барча мол-мулклар ва мулкий ҳуқуқларни фуқаролик муомаласида бўлишини тегишли ва зарур даражада тартибга сола олмаслиги маълум бўлди. Гап китоб босишни ихтиро қилиш ва ихтироларни саноатда кенг қўллашни бошлаш билан вужудга келган инсон ижодий фаолияти натижаларига нисбатан мулкий ҳуқуқлар устида бормоқда. Уларга нисбатан одатдаги, анъанавий мулк ҳуқуқи нормаларини қўллаш, мулкдор ҳуқуқ ларини самарали ҳимоя қилиш мумкин эмас эди. Худди шу сабабли ҳам мулк ҳуқуқи бағридан интеллектуал мулк ҳуқуқини ажралиб чиқиши учун объектив зарурат вужудга келди. Бироқ интеллектуал мулк ҳуқуқи бирданига осонгина шаклланмади. У то ҳозирги кўринишдаги доктриналар ҳолига етгунча мураккаб ва зиддиятли жараёнларни бошдан кечирди ва турли туман илмий назариялар шаклида ривожланиб борди. А.П.Сергеевнинг кўрсатишича ўрта асрларда ҳукмдорлар айрим ноширлар ва техник янгиликлар ихтиро қилган мануфактура эгала рига алоҳида имтиёзлар беришган. Кейинчалик эса қонунларда асарлар ва техник янгиликлардан фойдаланишда уларнинг эгаларига муайян чекланган муддатга мутлақ ҳуқуқлар бериш расм бўлган 1 . Худди шу сабабли ҳам интеллектуал мулк ҳуқуқининг дастлабки кур таклари ҳуқуқ нормаларида ўз 1 Сергеев А.П. Право интеллектуальной собственности РФ. –М.: Проспект, 2000. 11-б. мужассамини топиши гарчи қандайдир назарияда ўз ифодасини топмаган бўлса ҳам, уни ўзига хос назарий асослари мавжуд деб ҳисоблаш мумкин. Уни шартли равишда "имтиёзли мулкдорлар назарияси" деб аташ ўринли бўлур эди. Ушбу назария амал қилган даврларда 1623 йилда Англияда қирол Яков Стюарт томонидан "Монополиялар ҳақида Статут" қабул қилинди. Бунда техник янгиликни ишлаб чиққан ва қўллаган шахсга 14 йиллик муддатга ушбу янгиликка нисбатан мутлақ ҳуқуқ белгиланди. 1710 йилда "қиролича Анна Статутлари" чиқарилди ва адабий асарларга нисбатан улар яратилган вақтдан бошлаб 14 йил ўз асарини эълон қилишга нисбатан мутлақ ҳуқуқ белгиланди (ушбу муддат муаллиф ҳаётлик даврида яна 14 йилга узайтирилиши мумкин эди). Ушбу қонунларда имтиёзлар ўзига хос кўринишга, юқорироқ босқичга кўтарилди, яъни монополия (якка ҳокимлик) шаклига ўтди, ҳозирги мутлақ ҳуқуқ ларнинг илк куртаклари унда ўз ифодасини топди. XVIII аср охирларида интеллектуал мулк ҳуқуқини изоҳловчи илк илмий назария – табиий ҳуқуқлар назарияси вужудга келди. Ушбу назария асосида ижодкор шахснинг ҳуқуқлари инсон ва фуқа ронинг табиий ҳуқуқларини ажралмас қисмидир, унинг маънавий ижодининг натижасидир деган асосли хулоса ётади. Ушбу ҳуқуқ табиий ҳуқуқ бўлиб, у давлат уни тан олиши, эътироф этишидан қатъи назар мавжуд бўлади. Давлат уни фақат ҳимоя қилишга кўмак лашиши мумкин, учинчи шахслар тажовузидан ушбу ҳуқуқларни муҳофаза қилиш мумкин холос. Ушбу назария ижодий фаолият нати жаларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишга, уларни бозорда харидор топилса сотишга имкон берувчи ҳуқуқий асосларни вужудга келтирди. Кейинчалик проприетор (мулк маъносини англатади) назарияси вужудга келди ва XIX асрда кенг тарқалди. Унинг асосида инсоннинг ҳар қандай меҳнати мулк яратади, демак, ижодкор инсон ақлий меҳнати ихтиролар, асарлар ва бошқа номоддий (вужудсиз, жисмсиз) объектларни яратади деган ғоя ётади. Ушбу назария Европанинг роман ҳуқуқ тизими амал қилган давлатларида кенг тарқалди. Ушбу мамлакатларда ижодий ютуқлар яртаувчиларининг ҳуқуқлари мулк ҳуқуқига тенглаштирилди, баъзан эса ижодий фаолият маҳсуллари бевосита кўчар мол-мулкларга мансуб деб белгилаб қўйилди. Мулк назарияси билан боғлиқ равишда саноат мулки, адабий-бадиий мулк, интеллектуал мулк иборалари муомалага киритилди ва улар халқаро ҳужжатларда ўзининг легал ифодасини топди (1883 йилда амалга киритилган саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйич Париж Конвенцияси, 1886 йилда адабий – бадиий асарларни муҳофаза қилиш бўйича Берн Конвенцияси ишлаб чиқилди, 1967 йилда Стокгольмда Бутунжаҳон интеллектуал мулк Ташкилоти (БИМТ) ни таъсис этиш тўғрисида Конвенция тузилди ва ҳ.к.). Гарчи интеллектуал мулк назарияси ижодкор инсонлар ҳуқуқ ларини эътироф этиш, амалга ошириш ва ҳимоя қилишда ижобий на тижалар берганига қарамасдан бориб унинг заиф нуқталари ҳам мав жуд эди. Бу мулк ҳуқуқи тўғрисидаги барча нормаларни интеллек туал мулк объектларига нисбатан бевосита қўллаб бўлмасликда ўз ифодасини топади. Пауллет, П.Розенберг каби олимлар интеллектуал мулк унинг номоддий эканлиги сабабли махсус тартибга солишни талаб этувчи алоҳида турдаги мулк, патентлар эгалари, муаллифлик ҳуқуқи ва товар белгилари субъектлари мулк ҳуқуқининг объектлари бўлиб кўринмас ва вужудсиз ашёлар ҳисобланади деб ушбу заиф нуқталарни бартараф этишга уриндилар. Интеллектуал мулк ҳуқуқини табиатини изоҳлашда интеллектуал ҳуқуқлар назарияси ҳам ўзига хос ўрин эгаллайди. 1879 йилда бельгиялик юрист Э.Пикар "интеллектуал ҳуқуқлар" иборасини муомалага киритди. Ушбу назарияга муаллифлар, патент эгалари ҳуқуқ лари sui generis яъни фуқаролик ҳуқуқларини анъанавий равишда ашаёвий, мажбурият, шахсий ҳуқуқларга бўлиш доирасига кирмайдиган алоҳида турдаги ҳуқуқлар сифатида қараш лозим деган ғоя асос бўлди. Бундай ҳуқуқлар ашёга нисбатан мулк ҳуқуқидан амал қилиш вақти ва ҳудуди (макон ва замон), муҳофаза ҳажми, фойдаланиш хусусиятлари билан фарқ қилади. Махсус интеллектуал ҳуқуқлар назарияси тарафдорларининг кўпчилиги "интеллектуал мулк" иборасини қўллашга қаршидирлар. Кейинчалик Й.Коллер томонидан номоддийлик ҳақидаги наза рия (имматериал назария) ишлаб чиқилди ва В.Еременконинг фикрича у муаллифлик ва патент ҳуқуқини ривожида муҳим ва жиддий таъсир қилади 2 . Ушбу назария мазмунида мулк ҳуқуқидан фарқли равишда муаллифлик ва ихтирочилик ҳуқуқлари шахсий (номоддий) ҳуқуқлар ва мулкий ҳуқуқларни бирикмасидан (комбинациясидан) иборат деган ғоя ётади. Россиялик таниқли цивилист олим А.П.Сергеев ҳам ушбу наза рияга ўхшаш мулоҳазаларни баён этади: "Ҳозирги вақтда муаллифлик ва ихтирочилик ҳуқуқларини икки ёқлама табиатини амалда ҳеч ким шубҳа остига олмайди. Бир томонда ижодий натижа яратувчисига ундан фойдаланиш ҳуқуқи тегишлидир. Ушбу ҳуқуқ мутлақ характерга эга ва эркин равишда бошқа шахсга ўтказилиши мумкин. Ушбу ҳуқуқ мулкий ҳуқуққа мансуб ва ўзининг қатор белгиларига кўра ҳақиқатан ҳам мулк ҳуқуқи билан ўхшашдир. Бошқа томондан, муаллиф муаллифлик ҳуқуқи, муаллифлик номига бўлган ҳуқуқ ва шу каби шахсий номулкий ҳуқуқлар мажмуининг соҳибидир. Ушбу ҳуқуқ лар ўз табиатига кўра унинг соҳибидан бегоналаштирилиши мумкин эмас. Айни вақтда мулкий ва шахсий ҳуқуқлар ўртасида ўтиб бўлмас чегара йўқ, улар мустаҳкам тарзда ўзаро боғлиқ, ўзаро чатишиб кетган ва шундай ҳолатда узвий бирликни ташкил этади" 3 . Шахс назарияси О.Гирке асарларида ўзининг ифодасини топган. Ушбу назарияга кўра ижодкорнинг ҳуқуқи унинг шахсининг таркибий қисми, унинг ижодий фаолиятининг натижасидир. Ушбу ҳуқуқ номга бўлган ҳуқуқ, яшашга бўлган ҳуқуққа ўхшашдир. Ҳатто муаллиф ўз асарини чоп эттирганда, ихтирочи патент олган тақдирда ҳам у ўзининг ички моҳиятига кўра шахснинг ягона ҳуқуқи бўлиб қолади деб кўрсатадилар ушбу назария тарафдорлари. Ушбу назария интеллектуал мулкнинг фақат бир 2 Еременко В.И. ГК РФ и интеллектуальная собственность. Государство и право. 2003. №1, 4-бет. 3 Сергеев А.П. Право интеллектуальной собственности РФ. –М., Проспект, 2000. 13-14-б. жиҳатинигина қамраб олади, бироқ интеллектуал мулк объектларини фуқаролик муомаласида ҳаракатда бўлишини таъминлай олмайди. Табиий ҳуқуқлар, саноат мулки, интеллектуал ҳуқуқлар, номоддийлик, шахс назариялари М.Кузнецовнинг кўрсатишича хусусий-ҳуқуқий назариялар туркумига киради 4 . Интеллектуал мулк моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қилувчи назарияларнинг иккинчи туркуми оммавий – ҳуқуқий назариялардир. Улар ичида энг машҳурлари – шартномавий назария ва мутлақ (мустасно) ҳуқуқлар назарияларидир. Шартномавий назарияга кўра ижодкор сиёсий ҳокимият билан, давлат билан ўзига хос шартномавий муносабатда бўлади. Масалан, Е.Богатих, В.Левченконинг фикрича, патентни шартнома сифатида тушуниш патент- ҳуқуқий институтлар мазмунига жиддий таъсир кўрсатиб келмоқда. Ихтирочи омма учун ўз ихтиросининг мазмунини очиб беради, бунинг эвазига давлат ихтирочининг муайян ҳуқуқлар билан таъминлайди ва уларни муайян муддат муҳофаза қилади. Ушбу муддат тугагач ихтиро умуминсоний бойликка айланади. Ушбу шарт нома ҳар иккала тараф учун ҳам фойдали, ўзаро манфаатга асосланади 5 . Бироқ В.Еременко ушбу назариянинг бир заиф нуқтасига аҳамият беради: агар патент шартнома бўлса, у ҳолда давлат шартномалар эркинлиги тамойилига асосан бундай шартномани тузмаслиги ҳам мумкин, бироқ амалда бундай эмас. Умумий қоидага кўра давлат қонунда белгиланган талабларга жавоб берадиган барча ихтироларга патент бериши шарт 6 . Шундай қилиб ушбу назария ҳам интеллектуал мулк моҳиятини тўла очиб бера олмайди, индивидуаллаштириш воситалари ва ошкор этилмаган ахборотларга нисбатан эса уларни асло қўллаб бўлмайди. 4 Кузнецов М.К. Охрана результатов творческой деятельности в международном частном праве. –М., 1988. 59-б. 5 Богатих Е.А., Левченко В.И. Патентное право капиталистических и развивающихся государств. –М., 1978. 16-18-б. 6 Еременко В.И. ГК РФ и интеллектуальная собственность. Государство и право. 2003. №1, 36-бет. Кенг тарқалган назариялардан яна бири бу мутлақ (мустасно) ҳуқуқлар назарияси ҳисобланади. Ушбу назария XIX аср охирларида вужудга келди. Унинг тарафдорларидан бири А.Пиленко қуйидагича ёзади: "Патент ҳуқуқининг моҳияти шундаки унинг соҳиби барча учинчи шахсларга қуйидагиларни тақиқлаб қўйиши мумкин: 1) патентланган ихтирони ўзлаштириб олишни; 2) айнан ўшандай ихтирони қайтадан ихтиро қилишни; 3) ҳудди шундай ихтирони патентлашни сўраб мурожаат қилишни. Ушбу ваколатлар патент берилгандан кейингина вужудга келади 7 . Э.П.Гаврилов ҳам мутлақ ҳуқуқ мазмунини шундай шарҳ лайди: "мутлақ ҳуқуқ шундан иборатки, унинг соҳиби ушбу ҳуқуқдан фойдаланишни ҳар қандай учинчи шахсларга тақиқлаб қўйишга ҳақлидир. Айни вақтда мутлақ ҳуқуқлар соҳиби кўп ҳолларда ўзига тегишли бўлган мутлақ ҳуқуқлардан фойдаланишни қисман ёки тўлиқ учинчи шахсларга ҳам топширишга ҳақли" 8 . Ушбу назариянинг афзаллиги шундаки, у мутлақ ҳуқуқларни объектдан муайян доирадаги шахслар фойдаланиши учун реал имконият бўлган ҳолда амалга оширилишини таъминлайди. Гарчи В.Еременко унинг заифлиги мутлақ ҳуқуқни тасарруф қилиш имкониятини чегараланганида 9 деб ҳисобласа ҳам асло ундай эмас. Унинг заифлиги асосий эътиборни мутлақ ҳуқуқларга қаратиб шахсий ҳуқуқларни назардан қочирганида намоён бўлади. XX аср ўрталарида клиентела назарияси илгари сурилди (муаллифи – француз олими П.Рубье). Унга кўра патент ҳуқуқи таркиби доимий равишда ўзгариб турадиган ва мутлақо бошқача қонунлар таъсирида бўлган муайян доирадаги истеъмолчилар ҳуқуқидир 10 . 7 Пиленко А. Право изобретателя. Т.1. С-Пб. 1902. 288-б. 8 Гаврилов Э. Право на интеллектуальную собственность в новом ГК РФ. // Государство и право. 1995. №11. 63-64-бетлар. 9 Еременко В.И. Ўша асар. 37-б. 10 Еременко В.И. Ўша асар. 37-б. Интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича ҳозирда кенг амал қилаётган доктрина унинг қўшалоқ негизга эга эканлигига асосланади. Ушбу қўшалоқ негиз мулкий ва шахсий ҳуқуқлардан иборат. Ушбу доктринани асослаб беришда француз олими Р.Дюманинг хизмати катта. Ушбу назария мазмуни дунёнинг кўпгина мамлакатларининг интеллектуал мулкка бағишланган нормаларида ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг IV бўлими ҳам шулар жумласига киради. Бироқ ҳеч қайси назария интеллектуал мулк моҳиятини тўла очиб бера олмайди. Шу сабабли баъзи адабиётларда интеллектуал мулкка нисбатан ўзига хос илмий назарий асос қидириш давом этмоқда. Кейинги вақтларда Россиялик цивилист олим В.Еременко ҳам бунга уриниб кўрди. Унинг фикрича номоддий неъматларга нисбатан ҳуқуқлар моҳиятига нисбатан ҳар томонлама, комплекс ён дашув бўлмагани сабабли ҳозирга қадар бунга муваффақ бўлинмаган. Шу сабабли ҳам олим ўзининг асосий эътиборини мутлақ ҳуқуқларга қаратади. Интеллектуал мулк объектларига нисбатан давлат томони дан берилган махсус муҳофаза мутлақ ҳуқуқлар шаклини олади. Одатда товарларга нисбатан интеллектуал мулк объектлари анчайин нозик ҳисобланади: кенг оммага унинг моҳияти маълум бўлиши би лан интеллектуал мулкдор махсус ҳимояга муҳтож бўлиб қолади. Агар давлат ҳимоя қилмаса ушбу объект ундан даромад олиш мақ садида фойдаланиш учун зарур воситаларга эга бўлган ҳар кимса томонидан ўзлаштирилиши мумкин. Кафолатланган ҳуқуқий муҳофа за мавжуд бўлмаса интеллектуал мулк объектларини ишлаб чиқишга муайян маблағлар сарфлаган шахс ўз харажатларини ҳам чиқариб ола олмайди ва оқибатда бундай турдаги фаолиятдан манфаатдор бўлма гани туфайли унга қизиқиши йўқолади. Демак, деб хулоса чиқаради В.Еременко, мутлақ ҳуқуқ жамиятда бадиий ижодиётни ва илмий-техника тараққиётини ривожлантиришни рағбатлантиради 11 . В.Еременко мутлақ ҳуқуқ мазмунини таҳлил қилар экан патент эгасининг мутлақ ҳуқуқи давлатнинг оммавий-ҳуқуқий ҳужжати асо сида 11 Еременко В.И. ГК РФ и интеллектуальная собственность. Государство и право. 2003. №1, 38-бет. бериладиган легал монополия (қонуний якка ҳокимлик) шаклида намоён бўлади деб кўрсатади 12 .Шуни эътироф этиш лозимки, муаллиф муайян маънода ҳақ. Агар модомики интеллектуал мулкнинг акса рият кўпчилик объектлари моҳияти мутлақ ҳуқуқ билан боғлиқ экан, у ҳолда мутлақ ҳуқуқни асосий тушунча сифатида бўрттириб кўрса тиш мақсадга мувофиқ бўлар. Бироқ мутлақ ҳуқуқлар иборасини "интеллектуал мулк" ўрнига қўллаш ўринли бўлармикан? В.Еременко асос сифатида кўрсатадики АҚШ, Япония, Германия, Австрия, Скан динавия мамлакатлари ва шу каби давлатларда "саноат мулки", "интеллектуал мулк" иборалари фақат халқаро шартномаларда, Кон венцияларда, халқаро ташкилотлар номларида, патент идоралари номларида қўлланилади. Ихтироларга нисбатан эса "мутлақ ҳуқуқ лар" ибораси қўлланади. Шу сабабли ҳам, унинг фикрича МДҲ давлатлари ҳам "интеллектуал мулк" иборасидан воз кечиб "мутлақ (мустасно) ҳуқуқ" ёхуд "мутлақ (номоддий) ҳуқуқ" иборасини қўл лашлари лозим. Муаллифнинг (ихтирочининг) мутлақ (номоддий) ҳуқуқи – бу абсолют характерга ва икки ёқлама табиатга (шахсий аҳлоқий) ва мулкий ҳуқуқларни узвий боғловчи субъектив фуқаролик ҳуқуқидир. Ушбу ҳуқуқнинг мутлақлиги (мустаснолиги) унинг эгаси нинг шахси билан боғлиқлигида ҳам, ҳуқуқ эгасига ҳар қандай шахс қарши туриши мумкинлигида ҳам намоён бўлади. Мутлақ ҳуқуқнинг мулкий қисми таркибида антимонопол қонунчиликка асло зид келмайдиган, давлат томонидан тегишли муҳофаза ҳужжати бериш асосида тасдиқланадиган легал монополия ётади. Легал монополияни позитив функциясини амалга оширишда мулк ҳуқуқи юридик конструкцияси баъзи элементлари, хусусан, муҳофаза қилинаётган объектларни тасарруф қилиш ваколатларидан фойдаланиш мумкин. Мутлақ (номоддий) ҳуқуқнинг абсолют характери унинг негатив функциясини, яъни учинчи шахсларга муҳофаза қилинаётган объект лардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича ваколатларни белгилаб беради 13 . 12 Ўша асар. 39-б. 13 Еременко В. Ўша асар 41-б. Қозоғистонлик олим Т.Каудиров интеллектуал мулкнинг ҳола тини норматив тушуниш бўйича тўрт хил конструкция мавжуд деб ҳисоблайди: А) мол-мулкнинг ўзига хос тури, мулк ҳуқуқи объекти; Б) ижод маҳсули ва индивидуаллаштириш воситаси; В) фуқаролик ҳуқуқ лаёқати элементи; Г) муайян субъектга тегишли бўлган мутлақ ҳуқуқ. У интеллектуал мулкни мутлақ ҳуқуқ билан айнийлаштиришга қарши, чунки объектни ифодаланиш хусусиятлари кучига кўра "интеллектуал мулк ҳуқуқи" ҳуқуққа бўлган ҳуқуқдан бошқа нарса эмас. Энг асосийси, у интеллектуал мулк ҳуқуқига шундай таъриф беришни таклиф этади: "интеллектуал мулк ҳуқуқи ижодий интел лектуал фаолиятнинг объективлаштирилган натижаларига ва уларга тенглаштирилган юридик шахсларнинг индивидуллаштириш восита лари, жисмоний ёхуд юридик шахс маҳсулотлари, улар кўрсатадиган хизматлар, бажарадиган ишларнинг индивидуаллаштириш воситала рига нисбатан шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқлар мажмуи кўри нишидаги муҳофазаланадиган ахборотларга бўлган ҳуқуқнинг бир турдир" 14 . Юқорида интеллектуал мулк бўйича илмий назариялар умумий тарзда кўриб чиқилди. Ушбу назарияларнинг ҳар бири цивилистика фани ривожида муайян аҳамиятга эга ва ўз даврида интеллектуал мулк моҳияти, ўзига хос хусусиятларининг айрим қирраларини очиб берди ва ҳуқуқий тартибга солишда муайян нормаларни вужудга келтирди. Ушбу назарияларнинг қай бири тўғрироқ деган савол қўйиш ва бунга ҳакамлик қилиш ноўрин бўлур эди. Илмий техника тараққиёти олға қараб борган сари, ижтимоий ҳаёт ривожланиб борган сари янгидан янги объектлар вужудга келади ва ҳатто айтиш мумкин уларнинг баъзилари мавжуд илмий назариялар доирасига сиғмаслиги мумкин. У ҳолда уларни изоҳлаш учун янги илмий назариялар ишлаб чиқишга зарурат туғилади. Бу жараён табиий ва шу сабабли ҳар қандай даврга, ҳар қандай объектга ҳозиржавоб илмий назария яратишга 14 Каудиров Т.Е. Гражданско-правовая охрана объектов промышленной собственности в Республике Казахстан. Докторлик диссертацияси автореферати. -Алматы. 2002. 18-19-б. уриниш истиқболга эга эмас. Бироқ ҳозирча ФКда ўз мужассамини топган интеллектуал мулк конструкцияси мавжуд реаллик эҳтиёжларига қаноатланарли жавоб беради ва шу сабабли ундан воз кечиб, уни қандайдир "ҳуқуқлар мажмуи" билан алмаштириш оқилона бўлмаган бўлур эди. 3. Интеллектуал мулк ҳуқуқи объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш асослари . Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш де ганда бу объектларга нисбатан субъектив ҳуқуқяар соҳиби ҳуқуқла - рининг қонуний жиҳатдан қўриқлашини вужудга келтириш асослари тушунилади. Бинобарин, интеллектуал мулк объекти ўз-ўзидан ҳуқу қий муҳофаза остига олинмайди, балки бу объектга нисбатан субъек тив ҳуқуқларга эга бўлган шахслар (муаллифнинг шахсий ҳуқуқлари, мутлақ ҳуқуқлар соҳибининг ҳуқуқлари, лицензия асосида фойдала нувчининг ҳуқуқлари, аввалдан фойдаланувчининг ҳуқуқлари ва шу кабилар) ҳуқуқлари ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза остига олинади. Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза остига олиш: - уларнинг яратилганлилик факти асосида; - ФКда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ваколатли давлат органи томонидан ҳуқуқий муҳофаза ҳужжати берилиши асосида вужудга келади. Ошкор этилмаган ахборотга нисбатан ҳуқуқий муҳофаза бериш шартлари қонун билан белгиланади. Интеллектуал объектларнинг қуйидаги турлари бўйича уларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш уларнинг яратилиши (вужудга келиш) факти асосида содир бўлади: - фан, адабиёт, санъат асарлари; - ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базалари; - ижролар, ижроларни саҳналаштириш, эшитгириш ва кўрсатув лар; - топологик ва интеграл схемалар. Бунда объект ижодкор томонидан оғзаки, ёзма, тасвир шаклида ёки бошқалар томонидан идрок этиш (қабул қилиш) учун имкон берадиган бошқа объектив шаклда мужассам этилиши билан яратил ган ҳисобланади. Бинобарин, шу вақтдан бошлаб унга нисбатан бошқа шахсларда субъектив ҳуқуқлар вужудга келади ва ҳуқуқий муҳофаза қилинади. Бундай ҳолда объектдан учинчи шахсларнинг фойдаланган бўлиши, объект рўйхатдан ўтказилиши ёки бошқа расмиятчиликларга риоя этилиши талаб этилмайди. Ҳатто объект кейинчалик рўйхатдан ўтказилиши лозимлиги ҳақидаги қоида мавжуд бўлса ҳам (масалан, ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базалари учун давлат рўйхати мавжуд) бу ҳолат уларнинг ҳуқуқий муҳофаза қилиш ҳолатига таъсир этмайди. Бунда интеллектуал мулк объектлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки хорижий давлат ҳудудида яратилганлиги факти аҳамиятга эга эмас. Интеллектуал мулкнинг бир қатор объектларини ҳуқуқий муҳо фаза қилиш ФКда ёки бошқа қонунларда (масалан, «Ихтиро, фойдали модель, саноат намуналари тўғрисида»ги Қонун, Селекция ютуқлари ҳақидаги қонун ва шу кабилар) белгиланган тартибда ваколатли давлат органи томонидан ҳуқуқий муҳофаза берилиши орқали вужудга келади. Бунинг учун интеллектуал мулк объекгига нисбатан ўз субъектив ҳуқуқларининг эътироф этилишига ҳақли бўлган ман фаатдор фуқаро ёки юридик шахс белгиланган тартибда ваколатли давлат органига мурожаат этиши ва ўз талабини асослантирувчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим. Талаб қаноатлантирилган ҳоллар да ваколатли давлат органи фуқаро ёки юридик шахсни интеллектуал мулк объектига нисбатан субъектив ҳуқуқлари муҳофаза остига олин - ганлигини билдирувчи ҳужжат (патент, гувоҳнома, қайд этилганлик ҳақидаги шаҳодатнома), ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи беради. Ваколатли давлат органи бундай талабни рад этган тақдирда бу ҳақда асослан тирилган қарор чиқаради. Қарор устидан Аппеляцион кенгашга ёки судга қонунларда белгиланган тартибда шикоят берилиши мумкин. Ваколатли давлат органи (кўп объектлар бўйича бундай орган бўлиб Ўзбекистон Республикаси Давлат Патент идораси ҳисобла нади) ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи беришда қуйидаги ҳолатларни, албат та, ўрганиб чиқади: а) ҳуқуқий муҳофаза берилиши сўралаётган объект интеллектуал мулк объекти сифатида тегишли хусусиятларга эгами, йўқми; б) ўз номига ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи берилишини сўраб муро жаат қилаётган фуқаро ёки юридик шахс талаби қонуний асосларга эгами, йўқми; в) ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи берилиши бошқа шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказмайдими ва ҳоказо. Айрим турдаги интеллектуал мулк объектларини ваколатли давлат органи томонидан ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи асосида ҳуқуқий қўриқланиши бўйича тартиб белгиланганлигининг аҳамияти шундан иборатки, бунда, биринчидан, ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи интеллек туал мулк объектларининг сифат-жиҳатидан тегишли талабларга жа воб бера олиши лозимлигини, иккинчидан, номига ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи олган шахснинг субъектив ҳуқуқларини тасдиқловчи ва бу ҳуқуқларнинг бошқалар томонидан риоя этилишини таъминловчи во сита эканлигини гувоҳлантиради. Айни вақтда бундай тартиб ҳуқу қий муҳофаза вужудга келиши ва унинг амал муддатларини бел гилашда баҳс-низоларга ўрин қолдирмайди, шунингдек, бошқа мам лакатлар ҳудудларида ушбу объектга нисбатан худди шундай муҳо фаза ёрлиғини олишни осонлаштиради. Баъзи объектлар бўйича эса бундай объект яратувчиси бўлган ижодкорнинг муаллифлик шахсий ҳуқуқларини ҳам ўзига хос тарзда гувоҳлантиради. Объектга нисба тан ҳуқуқий ёрлиқ мавжудлиги номига ёрлиқ берилган шахснинг субъектив ҳуқуклари бузилган тақдирда суд йўли билан ҳимоя қилиш учун асос бўлади. Интеллектуал мулк қуйидаги объектларининг ҳуқуқий муҳофа заси давлат органи томонидан ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи берилиши асосида вужудга келади: - ихтиро, саноат намунасига нисбатан патент берилади; - фойдали моделга нисбатан гувоҳнома берилади («Ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси); - селекция ютуқларига нисбатан патент берилади; - товар (хизмат кўрсатиш) белгисига нисбатан у давлат рўйхати дан ўтказилиб, гувоҳнома берилади; - фирма номи давлат рўйхатидан ўтказилиб (реестрга кирити либ) бу ҳақда далолатнома берилади; - товар чиқарилган жой номига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилиб, ундан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берилади. Интеллектуал мулк объектига нисбатан берилган ҳуқуқий муҳо фаза ёрлиғида объект номи, унинг алоҳида хусусиятлари, ушбу объект муаллифи (ихтиро, фойдали модел, саноат намуналари, селек ция ютуқларига нисбатан ҳуқуқлар соҳибининг номи) ҳуқуқий муҳо фаза муддатининг бошланиш ва бекор бўлиш вақти, ушбу ёрлиқни берган ваколатли давлат органи номи кўрсатилади, унинг раҳбари томонидан имзоланиб, муҳр билан тасдиқланади. Фирма номига берилган ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғининг амал қилиши муддат билан чегараланмайди. Товар (хизмат кўрсатиш) белгиси, товар чиқарилган жой номига бўлган ҳуқуқ бўйича берилган ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи амал қилиш муддати ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда узайтириб турилиши мумкин. Саноат намунаси ва фойдали моделга нисбатан берилган ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи чекланган муддатга узайтирилиши мумкин. Ваколатли давлат органи томонидан ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи олиниши шарт бўлган интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқлар бундай ёрлиқ олинмаган ҳолларда суд ёки бошқа давлат органлари томонидан ҳуқуқий муҳофаза қилинмайди. Ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи ҳар қандай давлат органи ёки жамоа ташкилоти томонидан эмас, бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатли давлат идораси томонидан берилиши лозим. Хорижий давлатларнинг ваколатли органлари томонидан интел лектуал мулк объектига нисбатан берилган ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилиши Ўзбекистон Республикаси иштирокида халқаро конвенциялар, шартномалар, икки ёки кўп томонлама битимлар ёхуд Ўзбекистон Республикаси ваколат ли давлат идоралари томонидан рўйхатдан ўтказдирилиши ёки тегишли ҳуқуқий ёрлиқ берилиши асосида вужудга келади. Ошкор этилмаган ахборотларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш қо-нунларда белгиланган қатор шартлар асосида (ФКнинг 98-моддаси, «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 1-5-моддалари, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 2-3-моддалари) белги ланади. Кўп ҳолларда бундай шартлар асосида ошкор этилмаган ахборот соҳибининг бу ахборотга нисбатан фактик монопол ҳолати ётади. Фактик монопол ҳолат қуйидаги шартлар бир вақгнинг ўзида мавжудлигини билдиради: а) ошкор қилинмаган ахборот учинчи шахсларга номаълум бўлиши; б) худди шу номаълумлиги сабабли у ҳақиқий ёки нисбий тижорат қийматига эга бўлиши; в) учинчи шахсларга бундай ахборотдан қонуний асосларда эр кин баҳраманд бўлиши (танишуви, хабардор бўлиши, фойдаланиши) имкониятлари бўлмаслиги; г) ахборот соҳиби унинг махфийлиги (сирлигини)ни сақлаш бўйича барча чораларни кўрган бўлиши шарт. Фактик монопол ҳолатини ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи бериш, рўйхатдан ўтказиш (бундай ахборот ноу-хау сифатида лицензия шартномаси асосида берилиши ҳолларидан ташқари) ёки бошқа рас миятчиликларга риоя қилиш тартибида расмийлаштирилиши лозим эмас. Ошкор этилмаган ахборот соҳибининг ҳуқуқларига учинчи шахсларнинг инсофсиз ҳаракатлари, ғирром рақобат (саноат жосус лиги, ходимни сотиб олиш) орқали путур етказилганда суд йўли билан ҳуқуқий муҳофаза остига олинади. Ошкор этилмаган ахборотлар учинчи шахслар томонидан инсофли асосларда олинганда ёки у томонидан мустақил равишда изланиш асосида топилганда ошкор этилмаган ахборотга нисбатан ҳуқуқ соҳибининг субъектив ҳуқуқпари ҳуқуқий муҳофаза қилинмай ди (чунки бунда у фактик монопол эгалик мавқеидан амалда маҳрум бўлади). 4. Интеллектуал мулк объектларига нисбатан шахсий ва мулкий ҳуқуқлар . Интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифлари ана шу натижаларга нисбатан шахсий ва мулкий ҳуқуқларга эга бўлади. Интеллектуал фаолият натижаларига нисбатан унинг муаллифи нинг шахсий ҳуқуклари деганда, мулкий мазмунга эга бўлмаган, уш бу натижага нисбатан ижодкор-яратувчи сифатидаги мавқеини эъти роф этиш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилишга қаратилган мутлақ ҳуқуқлари тушунилади ва ҳуқуқлар муаллифнинг фақат ўзигагина те гишли бўлиб, бошқа бировга етказилиши, яъни муаллифдан бегона лаштирилиши мумкин эмас. Шахсий ҳуқуқлар мазмуни, доираси ҳар бир интеллектуал фаолият натижаси учун алоҳида ўзига хос тарзда белгиланади. Масалан, муаллифлик ҳуқуқи объектларига нисбатан муаллиф шахсий ҳуқуқлари доираси кенг (муаллифлик ҳуқуқи, муал лифлик исми-шарифига бўлган ҳуқуқ, муаллиф обрўсини ҳимоя қи лиш ҳуқуқи, асарни чақириб олиш ҳуқуқи ва ҳоказо). Баъзи объект лар бўйича эса (масалан, селекция ютуқларида) шахсий ҳуқуқ объект муаллифи сифатида тан олиниши ҳуқуқи билан кифояланади. Интеллектуал фаолият натижалари муаллифи шахсий ҳуқуқлари билан бир қаторда, ушбу натижага нисбатан мулкий ҳуқуқларга ҳам эга. Мулкий ҳуқуқ мазмуни муаллифнинг ушбу ўзи яратган интеллек туал фаолият натижасидан фойдаланиши, бошқаларга ҳақ эвазига фойдаланишга бериш ёки ҳақ эвазига фойдаланиш учун рухсат бериш ёхуд ҳақ эвазига бу натижага нисбатан ҳуқуқларни бошқаларга етка зиш имкониятлари билан белгиланади. Муаллифнинг мулкий ҳуқуқлари ҳажми тўлиқ ёки чекланган бўлиши мумкин. Интеллектуал фаолият натижасига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар (ФКнинг 1034-моддаси) муаллифнинг ўзига эмас, бошқа шахсга тегишли бўлса, муаллифнинг интеллектуал фаолияти натижа сига мулкий ҳуқуқлари чекланган тусга эга бўлади (масалан, муал лифлик ҳуқуқида эргашма ҳуқуқ ёки улуш ҳуқуқи, селекция ютуқ лари бўйича селекционерларнинг патент эгасидан мукофот олиш ҳуқуқи, ихтирочининг ихтиродан илмий-тадқиқот ва шахсий мақсад ларда фойдаланиш ҳуқуқи ва ҳоказо). Шахсий номулкий ҳуқуқлар муаллифга унинг мулкий ҳуқуқла ридан қатъи назар, тегишли бўлади ва унинг интеллектуал фаолият натижаларига бўлган мулкий ҳуқуқлар бошқа шахсларга ўтган такдирда ҳам унинг ўзида сақланиб қолади. Интеллектуал фаолият натижаларига нисбатан шахсий ҳуқуқлар фақат ижодкор-яратувчи (муаллиф)нинг ўзига тегишли бўлади, мулкий ҳуқуқлар эса, учинчи шахсларга ҳам тегишли бўлиши мумкин (масалан, объект буюртма асосида яратилганда). Мулкий ҳуқуқлар фуқаролик муомаласида фаол ҳаракатда бўлиши; у бошқаларга ҳақ эвазига ёки текин ўткази лиши, гаров предмети бўлиши, мерос тартибида ўтиши мумкин. Шахсий ҳуқуклар эса ижодкор-муаллифнинг шахси билан боғлиқ, ундан бегоналаштирилиши, бировга ўтказилиши мумкин эмас. Бинобарин, интеллектуал фаолият натижасига нисбатан мулкий ҳуқуқлар фуқаролик муомаласида қандай ҳаракатда бўлишидан қатьи назар, шахсий ҳуқуклар фақат ижодкор-муаллифнинг ўзида сақланиб қола ди ва мулкий ҳуқуқлардан фойдаланувчилар ижодкор-яратувчи (муаллиф)нинг шахсий ҳуқуқларига риоя қилишлари шарт. Масалан, асарга нисбатан мутлақ ҳуқуқни сотиб олган нашриёт асарни нашр этишда муаллиф номини кўрсатиши, асар дахлсизлигига риоя қили ши лозим. Фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг товарлар, ишлар ёки хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситаларга нисбатан ҳуқуқ эгаларига бу воситалар борасида мулкий ҳуқуқлар тегишли бўлади. Алоҳида фарқлаш белгилари (хусусий аломатларни акс эттирув чи воситалар)га нисбатан ҳуқуқлар интеллектуал фаолият натижа ларига нисбатан бўлган ҳуқуқлар каби икки турга, яъни шахсий ва мулкий тусдаги ҳуқуқларга бўлинади ва демак, унга икки хил тусдаги ҳуқуқ сифатида қаралади. Биноба-ин, алоҳида фарқлаш белгилари (хусусий аломатларни акс эттирувчи воситалар)га нисбатан ҳуқуқ соҳибининг ҳуқуқи нафақат мулкий, айни вақтда шахсий тусда ҳам бўлади. Бироқ бу ҳуқуқ маълум тартибда ва шартларга риоя қилинган ҳолда ҳақ эвазига ёки текин, вақтинча бошқаларга ўтказилиши, фойдаланиш учун берилиши мумкин бўлади (фирма номига бўлган ҳуқуқдан ташқари). Муаллифлик ҳуқуқи (интеллектуал фаолият натижасининг муал лифи деб эътироф этилиши ҳуқуқи) шахсий номулкий ҳуқуқ ҳисоб ланади ва ижодий меҳнати билан интеллектуал фаолият натижасини яратган шахсгагина тегишли бўлади. Интеллектуал фаолият натижасида ихтиро ёки асарни ўз ақлий, ижодий фаолияти - меҳнати билан яратган шахс ушбу натижанинг муаллифи деб тан олинади, эътироф этилади. Бу ҳуқуқ ижодий фао лият маҳсулига нисбатан муаллифлик ҳуқуқи деб аталиб, барча қол ган шахсий ҳуқуқларнинг ўзагини ташкил этади, бошқа шахсий ҳу қуқлар ушбу ҳуқуқ мавжуд бўлган тақдирдагина, ундан келиб чиқув чи ўзига хос ҳосила иккиламчи ҳуқуқ ҳисобланади. Муаллиф сифати да тан олишга бўлган ҳукуқ ўз моҳиятига кўра, шахсий номулкий ҳуқуқ ҳисобланади, яъни у, биринчидан, ижодкор- яратувчи шахси билан боғлиқ, иккинчидан, мулкий-иқтисодий мазмунга эга эмас, учинчидан, ҳуқуқ соҳибининг ўзидан бегоналаштирилиши мумкин эмас. Бундай ҳуқуқ ижодий меҳнати билан интеллектуал фаолият натижасини яратган шахсгагина тегишли бўлади. Ижодий хусусият ларга эга бўлмаган, одатдаги, механик тусдаги меҳнати билан ижодий фаолият натижасини яратишда қатнашган шахслар муаллиф ҳуқуқига эга бўлмайди (масалан, ихтирочи чизмаси асосида ихтиро қурилма сини ясаган чилангар ва ҳоказо). Муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилмайди, берилмайди. Ижодий фаолият натижасига нисбатан муаллиф ҳуқуқи ижодкор яратувчисининг ўзигагина тегишли, унинг ўзидан ҳар қандай тарзда, ҳар қандай асосда бегоналаштирилиши, бошқа бировга ўтказилиши мумкин эмас. Шу сабабдан муаллифлик ҳуқуқини битим ёки шарт нома асосида бошқа бировга ўтказиш (сотиш, ҳадя қилиш) ёки ундан бошқа шахслар фойдасига воз кечиш муаллифнинг ўз эрки, ихтиёри ва хоҳиши билан содир бўлса ҳам ҳақиқий ҳисобланмайди. Биноба рин, бир шахс иккинчи шахс учун унинг номидан диссертация ёзиб бериши, асар ёзиб бериши ҳақидаги келишувлари ҳақиқий ҳисоблан майди ва қонунга номувофиқ битим саналади. Ўзбекистон Республи каси Жиноят кодексининг 149-моддасида интеллектуал мулк объек - тига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллиф ликка мажбурлаш ҳаракатлари учун жиноий жавобгарлик белгилан ган. Агар ижодий фаолият натижаси (ихтиро, асар) икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликдаги ижодий меҳнати билан яратилган бўлса, улар ҳаммуаллифлар ҳисобланади. Ҳаммуаллифлар шахсий ҳуқуқлари умумий қоидалар бўйича тенг ҳажмда бўлиши эътироф этилади. Мулкий-ҳуқуқлар ҳажми эса ҳаммуаллифлар ўртасида ўзаро келишув асосида белгиланади ва нотенг ҳажмда бўлишига йўл қўйи лади. Интеллектуал мулкнинг айрим объектларига нисбатан қонунда асарнинг тўлалигича ҳаммуаллифлари бўлиб ҳисобланадиган шахс лар доираси чеклаб қўйилиши мумкин. Ушбу қоида интеллектуал мулк объектини яратишда ғоят кўпчилик қатнашадиган турларга нис батан амал қилади. Масалан, кинофильм худди шундай объект ҳисоб ланади. Бу жараёнда кўпчилик ўз ижодий меҳнати билан қатнашсада, кинофильм муаллифи бўлиб сценарий муаллифи, саҳналаштирувчи режиссёр, бош оператор, бош рассом ва шу каби чекланган доирадаги шахслар ҳисобланади. Яратилиш факти сабабли ҳуқуқий муҳофаза қилинадиган объектларга нисбатан муаллиф ҳуқуқлари ушбу яратилиш факти асосида вужудга келади ва расмиятчиликларга риоя этилиш талаб қилинмай ди. Ваколатли давлат органи томонидан ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи асосида ҳуқуқий муҳофаза остига олинадиган интеллектуал мулк объектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқи ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи ҳужжати ёки бошқа ҳужжат асосида гувоҳлантирилади. Барча шахсий ҳуқуқлар каби муаллиф-яратувчи ҳуқуклари муддасизт ҳимоя қилинади. 5. Мутлақ ҳуқуқ тушунчаси ва унинг мазмуни. Фуқаролик ҳуқуқи назариясида мутлақ ҳуқуқлар дейилганда бундай ҳуқуқ соҳиблари (эгалари)ни турли ҳаракатлар содир этиш (ижодий фаолият маҳсулидан фойдаланиш, уни тасарруф этиш ва ш.к.) бўйича ҳақдорлиги, ваколатлилигини ва айни вақтнинг ўзида бошқа ҳар қандай шахсларга бундай юқорида кўрсатилган ҳаракат ларни содир этишнинг тақиқланишини таъминловчи субъектив мут лақ ҳуқуқ тушунилади. 15 Мутлақ ҳуқуқлар ҳуқуқий механизми одатдагидек эгаллаб туриши мумкин бўлмаган, бир вақтнинг ўзида номуайян доирадаги шахслар фойдалана олиши мумкин бўлган объектларга нисбатан ҳуқуқ соҳиби мулкий ҳуқуқларининг амалга оширилишини таъминловчи муҳим воситадир, бироқ мулк ҳуқуқи ва мутлақ ҳуқуқлар асло айний тушунчалар эмас, уларнинг фарқлари ҳақида юқорида муфассал тўхтаб ўтилган эди. Интеллектуал фаолият натижасига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан мулкий ҳуқуқлар эгасига ана шу интеллектуал мулк объектидан ўз хоҳишига кўра ҳар қандай шаклда, ҳар қандай усулда мутлақ қонуний фойдаланиш ҳуқуқи тегишли бўлади. Ушбу мутлақ ҳуқуқлар ўз характери ва мазмунига кўра мулкий ҳуқуқ ҳисобланади. Интеллектуал мулк объектидан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш дейилганда ҳуқуқ соҳибининг ўз эрки, иродаси билан, ҳеч қандай мажбурлашсиз, тазйиқларсиз фойдаланиш тушунилади. Объектлардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойда-ланиш дейилганда ундан турли объектив шаклда — қўлёзма, босма асар, аппарат, қурилма, этикетка, ҳар хил ёрлиқпар, макет, иншоотлар, ҳайкаллар ва шу кабиларда ҳамда турли воситалар ёрдамида қўлёзма шаклида тарқатиш, нашр этиш, оғзаки ўқиш, реклама проспектларига жойлаштириш, қурилишларда мужассамлаштириш ва ҳоказо усулларда эксплуатация қилиш, фойдаланиш тушунилади. Объектдан фойдаланиш шакллари ва усуллари қонун йўл қўйган асосларга тўла мувофиқ бўлиши шарт. Бунинг учун мутлақ ҳуқуқ соҳиби 15 Гражданское право. –М.: Бек, 1994. Т.1, 314-бет. белгиланган талабларга риоя қилмоғи шарт. Масалан, янги ихтиро асосида автомобиль ясаган ихтирочи бу автомобилни тегишли давлат идораларида (масалан, Давлат автомобиль инспекциясида) қайд эттирган бўлиши шарт. Спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулот ларига нисбатан товар белгилари болалар муассасаларида реклама проспектлари орқали жойлаштирилиши мумкин эмас. Янги дори-дармонлар яратган шифокор ундан фойдаланишда қонунда белгиланган талабларга риоя қилиши шарт. Акс ҳолда интеллектуал мулк объектидан бундай фойдаланиш қонуний фойдаланиш ҳисобланмайди. Ҳуқуқ эгасига мутлақ ҳуқуқ асосида тегишли бўлган интеллектуал мулк объектларидан бошқа шахсларнинг фойдаланишига ф-қат ҳуқуқ эгаси розилиги билан йўл қўйилади. Агарда мутлақ ҳуқуқ бир неча шахсга тегишли бўлса (масалан, муаллифларга) учинчи шахслар мутлақ объектдан фойдаланиш учун барча ҳуқуқ соҳибларидан рухсат олмоғи шарт. Мутлақ ҳуқуқ соҳибидан олинадиган учинчи шахсларнинг объектдан фойдаланишга розилиги очиқ-яққол ифодаланган бўлиши, тегишли ҳуқуқий шаклда расмийлаштирилган бўлиши шарт. Индамаслик, сукут розилик аломати ҳисобланмайди. Интеллектуал мулкнинг кўпгина объектларидан бир вақгнинг ўзида чексиз доирадаги учинчи шахсларнинг фойдаланиши имконияти мавжуд бўлади, бироқ учинчи шахслар бундай имкониятдан ҳар доим фақат мутлақ ҳуқуқ соҳибининг рухсати асосидагина фойдаланишлари шарт. Интеллектуал мулк объектидан мутлақ ҳуқуқ эгаси рухсатини олмасдан фойдаланган учинчи шахслар тегишли фуқаролик-ҳуқуқий тартибда жавобгар бўладилар. Ҳуқуқ эгаси ўз ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилишга, учинчи шахслардан ҳуқуқ бузилиш ҳаракат ларини тўхтатишга, келтирилган ҳамма зарарни, шу жумладан, маъ навий зарар қопланишини учинчи шахслар ҳуқуқбузарлик натижасида олган барча даромад ва фойдаларни ўзига ундириб берилишини талаб қилишга ҳақли. Интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқ эгаси бу ҳуқуқни бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман ўтказишга, интеллектуал мулк объектидан бошқа шахс фойдаланишига рухсат беришга ҳақли ва агар ФК ҳамда бошқа қонунларнинг қоидаларига зид бўлмаса, уларни бошқача тарзда тасарруф этишга ҳақли. Умумий қоидага кўра, интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқ мулкий ҳуқуқ сифатида фуқаролик муомаласида фаол ҳаракатда бўлади. У турли битимлар ва шартномалар предмети бўлиши мумкин. Бинобарин, интеллектуал мулк объектига бўлган мутлақ ҳуқуқ эгаси бу ҳуқуқни ҳақ эвазига ёки текин ҳолда бошқа шахсларга тўлиқ ёки қисман ўтказиш (сотиш, ҳадя қилиш, маълум чекланган қоидада фойдаланишга рухсат бериш ва ҳоказо) га ҳақли. Мутлақ ҳуқуқ тўлиқ ўтказилганда ҳуқуқ эгаси мутлақ ҳуқуқни тўлиқ ҳажмда учинчи шахсга ўтказади, демак, бу ҳуқуқни ўзидан тўла бегоналаштиради, натижада учинчи шахс мутлақ ҳуқуқ эгаси ҳисобланади. Мутлақ ҳуқуқ қисман ўтказилганда ҳуқуқ эгаси ўз ҳуқуқининг маълум қисмини ўзида сақлаб қолган ҳолда, қолган қисмини учинчи шахсларга ўтказади. Мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсларга тўлиқ ёки қисман ўтказишни ҳуқуқий расмийлаштириш шартлари ва тартиби ФКнинг 1035-моддасида белгилаб қўйилган. Интеллектуал мулк объектидан бошқа шахсларнинг фойдаланишига рухсат бериш бу объектга нисбатан мутлақ ҳуқуқ соҳибининг ваколатига киради. Объектдан фойдаланишга рухсат беришда мутлақ ҳуқуқ шу ҳуқуқ соҳибининг ўзида қолади, ундан бегоналаштирилмайди, бунда учинчи шахсларда объектдан фойдаланиш ҳуқуқигина вужудга келади. Фойдаланиш шартлари ва тартиби мутлақ ҳуқуқ ва фойдаланувчи ўртасидаги келишув асосида белгиланади. Интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар эгаси ўз ҳуқуқини ФК ва амалдаги қонунларга зид бўлмаган ҳар қандай тарзда тасарруф этишга ҳақли. Масалан, мутлақ ҳуқуқлар эгаси бу ҳуқуқларни ўз мажбурияти ёки учинчи шахслар мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаш усули сифатида гаровга қўйиши мумкин. Интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқ соҳиби ўз ҳуқуқини қонунда ман этилган тарзда тасарруф қилишга ҳақли эмас. Ҳуқуқни тасарруф этишнинг қонун ман этган усули ФКда ёки амалдаги қонунларда бевосита кўзда тутилади. Масалан, конституциявий тузумга қарши, уруш, миллатлараро адоват, беҳаёликни тарғиб этувчи асарларни тарқатиш (ҳақ эвазига ёки текин) қонунга асосан ман қилинади. Юридик шахс қайта ташкил этилмаган ёки бошқа шахсга ўтказилмаган ҳоллардан ташқари, юридик шахснинг фирма номига бўлган мутлақ ҳуқуқи бошқаларга ўтказилишига рухсат берилмайди. Мутлақ ҳуқуқларни чеклашга, шу жумладан, интеллектуал мулк объектидан бошқа шахслар фойдаланишига имконият бериш йўли билан чеклашга, бу ҳуқукларни ҳақиқий эмас деб топишига ва уларни тугатишга (бекор қилишга) ФКда ва бошқа қонунларда белгиланган ҳолларда, доираларда ва тартибда йўл қўйилади. Қуйидаги интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқ соҳи бининг мутлақ ҳуқуқларини чеклаш ҳоллари, тартиби қонунларда назарда тутилган: - ихтиро, фойдали модель, саноат намунасига нисбатан («Ихти-ролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги Қонун нинг 12- моддаси); - селекция ютуқларидан («Селекция ютуқлари тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддаси); ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базаларидан («ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базаларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида »ги Қонуннинг 12-моддаси); - муаллифлик ҳуқуқи объектларидан (ФКнинг 1058—1061-мод-далари). Мутлақ ҳуқуқлар интеллектуал мулк объектидан бошқа шахсларнинг фойдаланишига имконият бериш орқали қонунларда назарда тутилган ҳолларда чекланиши мумкин. Бундай ҳолатлар қуйидаги объектларга нисбатан мавжуд: - саноат мулки объектларидан «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналар тўғрисида» ги Қонуннинг 11-моддасида белгиланган ҳолларда ва тартибда учинчи шахслар фойдаланиши учун мажбурий лиценция бериш тартибида; - саноат мулки объектларидан аввалдан фойдаланиб келувчи шахсларга («Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддаси); - ошкор этилмаган ахборотлардан фойдаланиш (ФКнинг 1086-моддаси 4-қисмида белгиланган ҳолларда); - муаллифлик ҳуқуқи объектларидан («Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуннинг 24-32-моддалари). Фирма номи, товар (хизмат кўрсатиш) белгисига нисбатан мут лақ ҳуқуқларни чеклаш қонунларда назарда тутилмаган. Интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқларни ҳақиқий эмас деб топиш асослари ҳам амалдаги қонунларда аниқ белгилаб қўйилган: - саноат мулки объектларига нисбатан берилган ҳуқуқий муҳо фаза ёрлиқлари ҳуқуқий муҳофаза қилиш талабларига жавоб бермай диган объектларга нисбатан ёки ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи олишга ҳақли бўлмаган шахс номига берилган ҳолларда; - селекция ютуқларига нисбатан мутлақ ҳуқуқ «Селекция ютуқ лари тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддасида кўрсатилган ҳолларда; - товар (хизмат кўрсатиш) белгисига нисбатан «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасида белгиланган ҳолларда ва тартибда; - бошқаларнинг асарларини ўзлаштириш орқали ушбу асарларга нисбатан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган шахсларнинг бундай ўзлашти риши натижасида олган ҳуқуқи ҳам ҳақиқий ҳисобланмайди. Интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқларни ҳақиқий эмас деб топиш бундай ҳуқуқларнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи берган ваколатли давлат органи, Аппеляция кенгашлари ёки суд томонидан (муаллифлик ҳуқуқи объектларига нисбатан) амалга оширилади. Бунда мутлақ ҳуқуқ аввал бошдан (қарор чиқарилган пайтдан эмас) ҳақиқий саналмайди. Бинобарин, мутлақ ҳуқуқи ҳақиқий эмас деб топилган шахснинг бундай ҳуқуқдан фойдаланиш натижасида олган барча даромадлари мутлақ ҳуқуқнинг ҳақиқий эгаси фойдасига ундирилиши мумкин. Баъзи интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқ лар бошқа асосларда муддатдан олдин бекор бўлиши ҳам мумкин: масалан, - селекция ютуқларига нисбатан («Селекция ютуқлари тўғриси да»ги Қонуннинг 35-моддаси); - ихтиро, фойдали модель, саноат намунасига нисбатан («Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги Қонун нинг 28- моддаси 1-қисми 2—3-бандлари); - товар (хизмат) белгиларига нисбатан Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғриси да»ги қонуннинг 25-моддаси 1-қисми, 2-қисмининг 2,4,5,6-бандлари). - муаллифлик ҳуқуқлари объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқ эгаси бу ҳуқуқдан ихтиёрий воз кечган ҳолларда; - ошкор этилмаган ахборотлар уларнинг ҳуқуқий муҳофаза қилиниши шартларидан (ФКнинг 98-моддаси) бири мавжуд бўлмай қолган ҳолларда унга нисбатан мутлақ ҳуқуқлар ҳам бекор бўлади. Мутлақ ҳуқуқни ҳақиқий эмас деб топишда мутлақ ҳуқуқ илгаридан мавжуд эмас деб ҳисобланади. Мутлақ ҳуқуқ муддатидан оддин бекор бўлганда эса у бекор қилингунга қадар мавжудлига тан олинади ва фақат кейинги давр учун ҳуқуқий оқибатлар вужудга келтирмайди. Мутлақ ҳуқуқларни чеклашга бундай чеклаш интеллектуал мулк объектидан нормал фойдаланишга зарар етказмаган ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини камситмаган ҳолларда йўл қўйилади. Қонунлар интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқларни чеклаш, энг аввало, ижтимоий ва давлат манфаатларини назарда тутиб белгиланган. Лекин бу чеклашлар қонунда қатъий белгиланган ҳолларда, шартларда ва тартибда амалга оширилади. Бундай чеклашлар натижасида учинчи шахслар интеллектуал мулк объектидан вақтинчалик, қисман ва маълум бир мақсадлардагина фойдаланишга ҳақли бўладилар (баъзи ҳолатларда фақат ҳақ эвазига). Бундай чеклашлар асосида учинчи шахсларда мутлақ ҳуқуқ асло вужудга келмайди. Интеллектуал мулк объектидан нормал фойдаланишга зарар етказиш, энг аввало, мутлақ ҳуқуқ соҳибининг бу объектдан фойдаланиш имкониятлари чекланишида, турли тўсқинликларда намоён бўла ди. Интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар эгасининг қонуний манфаатлари камситилиши унинг объектидан келаётган ёки оладиган даромадларининг камайишида, шахсий ҳуқуқлари нинг бузилишида намоён бўлади. Агар мутлақ ҳуқуқни чеклашлар юқоридаги оқибатларга олиб келса, ҳуқуқ эгаси ўз ҳуқуқининг суд орқали ҳимоя этилишини талаб қилишга ҳақли. Интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар эгасига тегишли мулкий ҳуқуқлар, агар ФКда ёки бошқа қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқ эгаси томонидан шартнома бўйича бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман ўтказилиши мумкин, шунингдек, бу мутлақ ҳуқуқлар мерос бўлиб ва юридик шахс ҳуқуқ эгаси қайта ташкил этилганда ҳуқуқий ворислик тартибида ўтади. Ушбу белгиланган қоидага интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар эгасига тегишли мулкий ҳуқуқлар ҳуқуқ эгаси томонидан шартнома бўйича бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман ўтказилиши мумкин. Бунда назарда тутилган ҳуқуқлар фақат мулкий тусга эга бўлади, шахсий ҳуқукларга нисбатан ушбу қоида тааллуқли эмас. Ўтказилаётган мулкий ҳуқуқлар мутлақ ҳуқуқлардан келиб чи қиши ва фақат ҳуқуқ эгасига тегишли бўлиши шарт. Мулкий ҳуқуқ лар деганда интеллектуал мулк объектидан шахсан фойдаланиш ёки уни ҳақ эвазига фойдаланишга бериш бўйича ҳуқуқ эгасига тегишли ваколатлар тушунилади. Мулкий ҳуқуқ тўлиқ ўтказилганда ҳуқуқ эгаси бу ҳуқуқлардан маҳрум бўлади ва бундай ҳуқуқ учинчи шахсларда вужудга келади. Мулкий ҳуқуқ қисман ўтказилганда ҳуқуқ эгаси унинг маълум қисмини ўзида сақлаб қолиб, қолган қисмини ўтказади. Мулкий ҳуқуқлар фақат шартнома асосида ўтказилади. Шартнома мулкий ҳуқуқ эгаси ва ҳуқуқ тўлиқ ёки қисман ўтказилаётган шахс ўртасида тузилади. Бундай шартномаларга нисбатан агарда қонунларда бош қача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ФКнинг 26- боби (Шартнома тушунчаси ва шартлари), 28-боби (Шартнома шартларини ўзгарти риш ва шартноманинг бекор бўлиши)да белгиланган қоидалар қўлла - нилади. Шартнома тузувчи тарафлар — интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқ эгаси ва мутлақ ҳуқуқдан вужудга келувчи мулкий ҳуқуқлар ўзига ўтказилаётган шахс номлари, агар мутлақ ҳуқуқ ваколатли давлат органи томонидан интеллектуал мулк объектига нисбатан берилган ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи асосида вужудга келган бўлса, ушбу ёрлиқнома ва қайд рўйхати рақами, унинг амал қилиш муддати, ўтказилаётган мулкий ҳуқуқ мазмуни ва ҳажми, ундан фойдаланиш шартлари, муддати, агар шартнома ҳақ бараварига тузилаётган бўлса, тўланадиган ҳақ миқдори ва тўлаш тартиби, мулкий ҳуқуқ қисман ўтказилганда ундан фойдаланиш устидан ҳуқуқ эгасининг назорат қилиш бўйича ваколатлари, тарафларнинг бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартнома шартларини бузганлик учун тарафларнинг жавобгарлиги ва ҳоказолар кўрсатилиши лозим. Шартнома тарафлар томонидан имзоланиб, тегишли шаклда расмийлаштирилиши шарт. Шартнома шакли турли интеллектуал мулк ҳуқуқи объектлари учун турлича бўлиши қонунларда белгилаб қўйилган. Муаллифлик ҳуқуқи объектларига нисбатан мулкий ҳуқуқлар ўтка зилганда, шартнома ёзма равишда тузилиб, нотариал гувоҳлантири лиши лозим. Мутлақ ҳуқуқ ваколатли давлат органи томонидан интеллектуал мулк ҳуқуқи объектига нисбатан берилган ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи (патент, гувоҳнома) асосида вужудга келган бўлса, бунда мулкий ҳуқуқни ўтказиш ҳақидаги шартнома ёзма тузилиб, нотариал гувоҳлантирилиб, ваколатли давлат идорасининг рўйхатидан ўтказилиши лозим. Ушбу қоида ноу-хауга нисбатан ҳам амал қилади. Акс ҳолда шартнома ҳақиқий саналмайди. ФКда ва амалдаги қонунларда айрим интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқлардан келиб чиқувчи мулкий ҳуқуқларнинг ҳуқуқ эгаси томонидан бошқа шахсларга ўтказиш масаласида юқоридаги қоидалардан истиснолар мавжуд. Масалан, ФК 1110-моддаси 2-қисмига асосан, товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқининг ҳуқуқ эгаси томонидан бошқа шахсга ўтказишга йўл қўйилмайди ва мабодо шундай шартнома тузилган бўлса, у ҳақиқий саналмайди. ФКнинг 1101-моддасида фирма номига бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш тартиби ва шартлари белгиланган бўлиб, у юқоридаги умумий қоидалардан фарқ қилади. ФКнинг 1105-моддаси 2-қисмига асосан, товар белгисига бўлган ҳуқуқни, башарти у товар ёки унинг тайёрловчиси ҳақида чалғишга сабаб бўлиши мумкин бўлса, бошқа шахсга берилишига йўл қўйилмайди. Интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар ҳуқуқ эгаси вафотидан кейин мерос тартибида қонуний меросхўрларга ёки васият асосида бошқа шахсларга ўтади. Бунда вужудга келадиган муносабатларга нисбатан ФКнинг V бўлимида ворислик ҳақидаги белгиланган нормалар қўлланилади. Интеллектуал мулк объектларига мутлақ ҳуқуқлар эгаси юридик шахс бўлса, бундай юридик шахс қайта ташкил этилган ҳолларда (уни бошқа бир юридик шахс билан қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш – ФКнинг 49-моддаси) мутлақ ҳуқуқ ворислик тартибида янги ташкил этилган юридик шахсга ўтади. Қайта ташкил этишнинг бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш ҳолларида янги вужудга келган юридик шахсларнинг қайси бирига мутлақ ҳуқуқ ўтиши уларнинг ўзаро келишуви асосида, бундай келишувга эришилмаган тақдирда суд томонидан белгиланади. Мерос тартибида ва ҳуқуқий ворислик тартибида мутлақ ҳуқуқ ларнинг ўтиш факти нотариус томонидан берилган мерос гувоҳно маси, ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи мавжуд бўлса, ушбу ёрлиқни мутлақ ҳуқуқни янги эгаси номига расмийлаштириш ҳақида ваколатли давлат идорасининг тегишли ҳужжати олиниши ва у давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. Мулкий ҳуқуқларнинг шартнома бўйича ўтказилиши ёхуд уларнинг универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ўтиши муаллифлик ҳу қуқларининг ва бошқа бегоналаштирилмайдиган ҳамда ўзгага ўтка зилмайдиган мутлақ ҳуқуқларнинг ўтказилишига ёки чекланишига сабаб бўлмайди. Бундай ҳуқуқлар ўтказилиши ёки чекланиши тўғрисидаги шартнома шартлари ҳақиқий эмас. Ушбу қоида ижодий фаолият натижасининг яратувчиси бўлган муаллифнинг бу натижаларга нисбатан мутлақ ҳуқуқларга эга бўлган ҳолатига тааллуқлидир. Бундай ҳолда агарда муаллиф мутлақ ҳуқуқ дан келиб чиқувчи мулкий ҳуқуқларни шартнома асосида бошқа, учинчи шахсларга ўтказса ёки муаллиф вафоти туфайли бундай мулкий ҳуқуқлар универсал ворислик тартибида ҳуқуқлар ворисларига ўтса, муаллиф шахсий ҳуқуқлари, бошқа мутлақ ҳуқуқлар (унинг ўзидан бегоналаштирилмайдиган ва бошқа бировга ўтказилмайдиган) асло бекор бўлмайди, чекланмайди ёки уларнинг ҳам шартнома асосида учинчи шахсларга ёки ворисларга ўтишига олиб келмайди. Ҳатто мутлақ ҳуқуқ соҳиби муаллифнинг ўзи бўлмай, бошқа шахс бўлган тақдирда ҳам, мутлақ ҳуқуқлардан келиб чиқувчи бошқа мулкий ҳуқуқлар бу ҳуқуқлар эгаси томонидан шартнома асосида учинчи шахсга ёки универсал ворислик тартибида ворисларга ўтган тақдирда ҳам бу ҳолат муаллифнинг ҳуқуқини ҳамда бошқа ўтказилмайдиган ва бегоналаштирилмайдиган ҳуқуқларининг ўтишига, бекор бўли шига ёхуд чекланишига олиб келмайди. Ижодий фаолият натижаси яратувчиси бўлган муаллифнинг фақат ўзигагина тегишли бўлган, бошқа бировга ўтказилмайдиган ва бегоналаштирилмайдиган мутлақ ҳуқуқлари доираси, турлари ва мазмуни ФКнинг 1033-моддасида белгилаб қўйилган. Бундай ҳуқуқларнинг ўтказилиши ёки чекланиши ҳақидаги шартлар кўзда тутилган шартнома муаллифнинг ўзи билан учинчи шахс ўртасида ёки интеллектуал мулк объектининг яратувчиси бўлмаган мутлақ ҳуқуқ соҳиби ва учинчи шахс ўртасида тузилганлигидан қатъи назар, шартноманинг ўша шартлари назарда тутилган қисми ҳақиқий саналмайди ва ҳеч қандай ҳуқуқий объект вужудга келтирмайди. Бундай шартнома ўз-ўзича ҳақиқий саналмайди ва унга нисбатан ФКнинг 113-моддаси 3-қисми қоидалари қўлланади. Шартноманинг юқоридаги шартларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суд томонидан қарор чиқарилиши талаб этилмайди. Интеллектуал мулк объектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бу объектга нисбатан мутлақ ҳуқуқлар фуқаролик муомаласида қанча шахсларга ўтказиш орқали ҳаракатда бўлганидан қатъи назар, муаллифнинг ўзида сақланиб қолади. Бошқача айтганда, объектга нисбатан мутлақ ҳуқуқлар неча марталаб бошқа учинчи шахсларга ўтган лиги факти муаллифнинг ўзига тегишли бўлган ва ундан бегоналаштирилиши мумкин бўлмаган ҳуқуқларининг амал қилишига бирон-бир даражада тўсқинлик қилмайди. Шартнома бўйича ўтказиладиган мутлақ ҳуқуқлар унда аниқлаб қўйилиши лозим. Шартномаларда бошқа шахсга ўтказиладиган ҳуқуқ сифатида кўрсатилмаган ҳуқуқлар, агар бошқача ҳол исботланмаган бўлса, ўтказилмаган ҳисобланади. Маълумки, мутлақ ҳуқуқ мулкий ҳуқуқлар мажмуи сифатида ҳуқуқ эгаси интеллектуал мулк объекти бўйича ўзи содир этишга ҳақли бўлган, бошқаларга содир этишга рухсат бера оладиган ёки содир этишни тақиқлаб қўя олишга ҳақли бўлган хилма-хил ваколатларни ўз ичига олади. Шу сабабли ҳам мутлақ ҳуқуқлар шартнома асосида ҳуқуқ эгаси томонидан бошқа шахсга ўтказилганда айнан қандай ҳуқуқ (масалан, маълум ҳудуд доирасида шахсан танҳо фойдаланиш, бошқа фойдатанувчилар ҳам мавжуд бўлган асосда фойдаланиш, бошқа ҳудуд доирасида бу ҳуқуқни амалга оширишга таал луқлилиги ёки тааллуқли эмаслиги) ўтказилаётганлиги ва бу ҳуқуқ дан келиб чиқувчи ваколатларни аниқ белгилаб, шартномада акс эттириш лозим. Шартномада назарда тутилмаган барча ҳуқуқлар (мут лақ ҳуқуққа оид) токи бунинг акси исботланмагунча шартнома бўйича ўтказилмаган деб ҳисобланади, деган презумпция амал қила ди. Бунинг маъноси шундан иборатки, агар шартнома асосида мутлақ ҳуқуклардан бир қисмини ўзига олган шахс бу ҳуқуқларга оид қўшимча бошқа ҳуқуқларни ҳам амалга оширса, бу ҳолда ўша қў шимча ҳуқуқлардан мутлақ ҳуқуқлар эгаси розилиги ёки рухсати асосида амалга оширганлигини тегишли далил билан исботлаб бермоғи шарт. Акс ҳолда, у қўшимча ҳуқуқларни ўзлаштириб олган ҳисоб ланади. Қўшимча ҳуқуқлар мутлақ ҳуқуқлар эгаси розилиги ёки рухсати асосида олганлигини исботлаш мажбурияти фақат учинчи шахс зиммасида бўлади. Масалан, ихтирога нисбатан мутлақ ҳуқуқ - лар эгаси енгил машиналар ишлаб чиқарувчи корхонага маълум маркадаги енгил машинани ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун шартнома асосида ихтиродан фойдаланиш ҳуқуқини ўтказган бўлса, корхона бошқа маркадаги енгил автомобилларга нисбатан ушбу ихтирони қўллай олмайди (агар бу тўғрида мутлақ ҳуқуқлар соҳибининг махсус рухсатини олмаган бўлса). Мутлақ ҳуқуқни уни амал қилиш даври бўйича чекланган муд-датларда фойдаланиш учун бошқа шахсга беришни назарда тутувчи шартномага нисбатан лицензия шартномаси тўғрисидаги қоидалар қўлланилади. Бунинг маъноси шундан иборатки, ФКнинг 1035-мод даси 1-3-қисмларида кўзда тутилган қоидалар мутлақ ҳуқуқлар шартнома асосида ёки универсал ворислик тартибида бундай мутлақ ҳуқуқлар амал қилишнинг барча қолган муддати бўйича учинчи шахсга ўтишга назарда тутилган ҳолларга нисбатан тааллуқлидир. Агар мутлақ ҳуқуқлар эгаси бу ҳуқуқларни бошқа шахсларга вақтинчалик ўтказса (маълум чегараланган муддат давомида), у ҳолда бундай шартнома лицензия шартномаси ҳисобланади. 6. Лицензия шартномалари ва уларнинг турлар . Лицензия шартномаси бўйича интеллектуал фаолияти натижасига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситаларга нисбатан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган тарафга (лицензияга) тегишли интеллектуал мулк объектидан фойдаланишига рухсат берилади. Лицензия шартномаси интеллектуал мулк объектларидан учинчи шахсларнинг фойдаланишига имкон берувчи муҳим фуқаролик ҳуқуқий восита ҳисобланади. Лицензия шартномаси интеллектуал мулк объектидан фойдаланишга рухсат бериш ҳақидаги келишув ҳисобланади. Мулк эгаси (патент эгаси, товар белгиси соҳиби, муаллифлик ҳуқуқи объекти соҳиби, ошкор этилмаган ахборотлар эгаси) нинг ҳуқуқий муҳофаза остидаги объектдан фойдаланиш ўзига тегишли ҳуқукларни белгиланган тартибда ва маълум шартлар асосида учинчи шахсларга беришга лицензия (рухсатнома) дейилади. (Қаранг: Гражданское право. М., изд. Бек, 1994. 248—249-б.). Лицензия шартномаси ўзининг ҳуқуқий табиатига кўра анъана-вий олиш-сотиш ва мулкий ижара белгиларига ўхшаб кетса ҳам бу шартномалардан ўзига хос жиҳатлари билан фарқ қилади. Биринчидан, олиш-сотиш ва мулк ижараси шартномалари сотувчининг ёки ижарага берувчининг мулк ҳуқуқига ёки ашёвий ҳуқуқига асосланади. Лицензия шартномаси эса лицензия берувчининг интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқига асосланади. Иккинчидан, олиш-сотиш ёхуд мулкий ижара асосида ашё олувчига ёки ижарага топширилади ва бу ашёга нисбатан бир вақгнинг ўзида икки тарафлама эгалик қилиш мумкин. Мутлақ ҳуқуқ объектини эса кўп ҳолларда топширишга ҳожат йўқ: ихтиро, саноат намунаси мазмуни ёки товар белгиси тасвири эълон этилган ва ҳамма у билан танишиши, хабардор бўлиши имконига эга. Бу объект бир вақтнинг ўзида лицензия берувчи (лицензиар) томонидан ҳам, номуайян доирадаги учинчи шахслар (лицензиатлар) томонидан ҳам фойдаланилиши мумкин. Ушбу хусусиятлардан келиб чиққан ҳолда, олди-сотди шартномаси бўйича ФКнинг товарни топшириш юзасидан сотувчининг мажбуриятлари (ФКнинг 388-моддаси), сотувчининг сотилган товарни сақлаш мажбурияти (ФКнинг 391-моддаси), сотувчининг товар камчилик-нуқсонлари учун жавобгарлиги (ФКнинг 409-моддаси) ва шу каби мулкий ижара шартномаси бўйича қатор қоидаларни лицензия шартномаси бўйича амалда қўллаб бўлмайди. Лицензия шартномасининг предмети бўлиб ҳуқуқий муҳофаза остидаги ижодий фаолият натижаси (фан, адабиёт, санъат асарлари, компьютер дастурлари, ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси ва ҳоказо) ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи восита (фирма номи, товар, хизмат кўрсатиш белгиси) ҳисобланади. ФКнинг 1109-моддаси 3-қисмига асосан, товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи лицензия шартномаси предмети бўла олмайди. Шартномада қатнашувчи тараф – интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқ соҳиби – лицензиар ҳисобланади. Мутлақ ҳуқуқ эгасининг ҳуқуқлари қонуний асосга кўра вужудга келган ёки ваколатли давлат идораси берган ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи билан гувоҳлантирилган бўлиши шарт. Шартномада қатнашувчи бошқа тараф – интеллектуал мулк объектидан фойдаланишга рухсатнома олган шахс – лицензиат деб аталади. Лицензия шартномасида бериладиган ҳуқуқ, фойдаланиш чегаралари ва муддатлари аниқ белгилаб қўйилиши лозим. Юқорида кўрсатилгандай, интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар доираси ниҳоятда кенг ва ранг-баранг. Бундай ҳуқуқлар шартли равишда уч гуруҳга бўлиниши мумкин: ҳуқуқ эгасининг объектдан шахсан фойдаланиши, бошқаларга фойдаланишга рухсат бериши, бошқаларнинг фойдаланишини тақиқлаб қўйиши. Айни вақтда бу ҳуқуқлар ҳам турлича кўринишларда намоён бўлиши мумкин: ўзи фойдаланиши, бошқага ҳам фойдаланишга рухсат бериши; фақат ўзи фойдаланиши; ўзи фойдаланмай, бошқага фойдаланишга рухсат бериши. Бошқага фойдаланишга беришда бундай фойдаланиш ҳудуди, фойдаланиш ҳажми ва миқёслари (ўзи хоҳлагандай маълум технологик жараён ёки ишлаб чиқаришда, маълум маҳсулотга нисбатан ва ҳоказо) ҳам аниқ белгилаб қўйилиши лозим. Лицензия шартномасида лицензия асосида лицензиатнинг интеллектуал мулк объектидан фойдаланиш муддати аниқ белгилаб қўйилиши лозим. Бу муддат лицензия берилган вақтдан бошлаб, объектни ҳуқуқий муҳофаза қилиш муддати доирасидан қисқа бўлиши шарт. Масалан, ихтирога берилган патент 20 йил амал қилади, айтайлик, ушбу ихтиродан фойдаланишга лицензия берилганда, патентнинг амал қилиш муддати 10 йил қолганди. Лицензия муддати ана шу қолган муддатдан қисқа бўлиши шарт. Агарда объектдан фойдаланишга берилган рухсатнома муддат билан чегараланмаган, яъни объектнинг ҳуқуқий муҳофаза муддати давомида амал қиладиган бўлса, у ҳолда фойдаланиш лицензия шартномаси орқали расмийлаштирилмайди, бунда ФКнинг 1035-моддаси 1-қисми қоидалари қўлланилади. Лицензия шартномаси ҳақ бараварига тузиладиган шартнома ҳисобланади. Одатда лицензия шартномаси бўйича ҳақ тўлашда икки хил шакл кенг қўлланилади: бир вақтнинг ўзида ҳақнинг ҳаммасини тўлаш (паушал тўлов) ва лицензия асосида ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки сотилган товардан олинган даромадлардан ҳисса ажратиб бериб туриш (роялти). Баъзан ҳар иккала шакл биргаликда қўлла нилади. Бунда дастлаб кафолатланган қатъий миқдордаги ҳақ ва кейинчалик ҳар белгиланган даврда фойдадан улуш ажратиш. Баъзи ҳолларда ҳақ натура шаклида ҳам олиниши мумкин. Тўловнинг шакли тарафларнинг келишуви асосида белгиланади. Лицензия шартномаси асосида лицензиатга қуйидагиларнинг берилишини назарда тутиш мумкин: - интеллектуал мулк объектидан, лицензиарнинг ундан фойдаланиш ҳуқуқи ва бошқа шахсларга лицензия бериш ҳуқуқи сақланиб қолган ҳолда (оддий мутлақ лицензия) фойдаланиш ҳуқуқини; - интеллектуал мулк объектидан, лицензиарнинг ундан фойдаланиш ҳуқуқи сакланиб қолган ҳолда, бироқ бошқа шахсларга лицензияларни бериш ҳуқуқисиз (мутлақ лицензия) фойдаланиш ҳуқуқини; - қонунда йўл қўйиладиган бошқа турдаги лицензияларни. Оддий мутлақ лицензияда интеллектуал мулк объектидан мутлақ ҳуқуқ эгасининг ўзи (яъни лицензиар), лицензиат ва айни вақгда мутлақ ҳуқуқ эгасидан рухсат олган бошқа учинчи шахслар ҳам фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди. Бинобарин, бундай ҳолда лицензиат лицензия асосида фойдаланишга рухсат олган объектда мут лақ ҳуқуқ эгасининг фойдаланишига, шунингдек, лицензиат олинган лицензия асосида олдиндан мавжуд ёки кейинчалик пайдо бўлувчи бошқа лицензиатларнинг объектдан фойдаланиш ҳуқуқларига эътироз билдиришга ҳақли эмас. Бунда лицензиатга объектдан бошқалар қатори фойдаланиш ҳуқуқи ўтади, холос. Мутлақ лицензияда объекгдан лицензиат ҳам, лицензиар ҳам фойдаланишга ҳақли, бироқ лицензиар бошқа учинчи шахсларга объектдан фойдаланиш бўйича лицензия беришга ҳақли эмас. Бинобарин, мутлақ лицензия шартномаси амал қилган вақтда лицензиат ҳам, лицензиар ҳам объектдан фойдаланишда тенг ҳажмли ҳуқуққа эга бўлади. Қонунларда, шунингдек, мажбурий лицензия, очиқ лицензия берилиши шарт бўлган лицензия турлари ҳам мавжуд. «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғриси да»ги Қонуннинг 11-моддасига асосан патент эгалари патент рўйхат га олинган санадан бошлаб уч йил мобайнида саноат мулки объектидан фойдаланмаса ёки етарли даражада фойдаланмаса, ушбу муҳо фаза этилаётган саноат мулки объектидан фойдаланишни хоҳловчи ва фойдаланишга тайёр ҳар қандай шахс, патент эгаси лицензия шартномаси тузишдан бош тортган тақдирда, ўзига мажбурий номутлақ лицензия беришни сўраб судга илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин. Агарда мутлақ ҳуқуқ эгаси саноат мулки объектидан фойдаланмаганлик ёки етарли даражада фойдаланмаганлик узрли сабабларга кўра рўй берганлигини исботлаб бермаса, суд юқорида кўрсатил - ган шахсга фойдаланиш доираси ҳажми, муддатлари ва ҳақ тўлаш тартибини белгилаган ҳолда мажбурий лицензия беришга ҳақли. Бунда тўланадиган ҳақ миқдори лицензиянинг бозор баҳосидан кам бўлмаслиги шарт. «Селекция ютуклари ҳақида»ги Қонуннинг 40-моддасига асосан агар патент эгаси патент берилган санадан эътиборан уч йил мобайнида селекция ютуғидан Ўзбекистон Республикасида фойдаланмаса ҳамда лицензия шартномаси тузишни рад этса ва, агар мазкур селекция ютуғидан фойдаланмаслик жамият манфаатларига дахл этадиган бўлса, бу селекция ютуғидан фойдаланиш истагидаги шахс ўзига мажбурий лицензия беришни сўраб ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин. Мажбурий лицензия номутлақ (оддий) лицензия тариқасида берилади ва унинг эгасига патент эгасидан дастлабки уруғлик, кўчат ёки насл материалини олиш ҳуқуқини беради. Мажбурий лицензия фақат селекция ютуғидан ижозат этиладиган услубда ва лицензияга мувофиқ фойдаланилишини таъминлай оладиган шахсга берилади. Мажбурий лицензия патент эгасининг муҳофаза қилинаёт - ган селекция ютуғидан фойдаланишига ёки селекция ютуғидан фойдаланиш учун бошқа шахсга лицензияни беришига тўсқинлик қил майди. Патент идораси мажбурий лицензиялар берилганлиги ҳақи даги маълумотларни эълон қилади. Мажбурий лицензиянинг яна бир кўриниши – берилиши шарт бўлган лицензия ҳисобланади. «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари ҳақида»ги Қонуннинг 32-моддасига асосан, агар патент эгаси саноат мулки объектидан унинг таркибида бошқа юридик ёки жисмоний шахсга қарашли муҳофаза қилинаётган ўзга объект қўлланилиши туфайли фойдалана олмаса, патент эгаси мазкур шахсдан бу объектдан шартномада назарда тутилган шартлар асосида фойдаланиш учун лицензия беришни талаб қилишга ҳақлидир. Интеллектуал мулк ҳуқуқининг баъзи объектларига нисбатан очиқ лицензия шартлари қўлланилади. «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида» ги Қонуннинг 32-моддасига асосан, патент эгаси патент идорасига ҳар қандай шахсга саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳуқуқини бериши ҳақида ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Бундай тартибда олинадиган лицензияга очиқ лицензия дейилади. Очиқ лицензия сотиб олиш истагида бўлган шахс патент эгаси билан тўловлар ҳақида шартнома ёхуд номутлақ лицензия бериш ҳақида шартнома тузиши лозим. Шартнома шартлари бўйича низолар хўжалик судлардда кўрилади. Патент эгасининг очиқ лицензия бериш ҳақидаги аризаси қайтариб олиниши мумкин эмас. «Селекция ютуқлари тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддасига асосан, патент эгаси Патент идорасига селекция ютуғидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳар қандай шахсга бериш тўғрисида ариза топширишга ҳақли. Бу ҳолда патент ёки гувоҳнома ўз кучида сакланганлик учун ундириладиган бож ёки йиғим 50 фоизга камайтирилади. Патент эгасининг очиқ лицензияга бўлган ҳуқуқини бошқа шахсга бериш тўғри сидаги аризаси чақириб олинмайди. Очиқ лицензия сотиб олиш истагини билдирган шахс патент эгаси билан тўловлар ҳақида шартнома тузиши шарт. Шартнома шартларига доир низолар суд томонидан ҳал этилади. Интеллектуал мулк объектидан мутлақ ҳуқуқ эгасидан лицензия олмасдан фойдаланишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда гина йўл қўйилади. Бундай фойдаланиш ҳақ эвазига ёки текин бўлиши мумкин. Масалан, «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддасида белгиланган ҳол ларда ва тартибда саноат мулки объектидан аввалдан фойдаланувчи лицензия олмасдан, текин фойдаланишга ҳақли. Ушбу қонуннинг 32-моддаси 4-қисмига асосан саноат мулки объектидан патент эгасининг розилигисиз мутаносиб миқдорда унга товон тўлаган ҳолда фойдаланилишига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда рухсат бериши мумкин. Бунда тўлов ҳажми тўғрисида низолар Олий Хўжалик Суди томонидан ҳал этилади. Лицензия шартномаси ёзма равишда тузилади. Саноат мулки объектлари (ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, товар [хизмат] белгиси)дан фойдаланиш, шунингдек, селекция ютуқлари, ноу-хаудан фойдаланишга берилган лицензия Патент идорасида рўйхат дан ўтказилиши шарт, акс ҳолда, ФКнинг 112-моддаси 1-қисмига асосан улар мутлақ (ўз- ўзидан) ҳақиқий ҳисобланмайди. Муаллифлик лицензия шартномасининг ўзига хос хусусиятлари ҳақвда ФКнинг 1071-моддасида белгилаб қўйилган. Гарчи қонунда бевосита талаб қилинмаса ҳам яратилиши факти бўйича мутлақ ҳуқуқ вужудга келадиган ва ҳуқуқий муҳофаза қилинадиган объектлардан фойдаланишга лицензия бериш ҳақидаги шартномалар нотариал тартибда гувоҳлан тирилмоғи мақсадга мувофиқ бўлур эди. Лицензия шартномаси мазмунида қуйидагилар ўз ифодасини топмоғи лозим: тарафларнинг номлари, лицензиарнинг объектга нисбатан мутлақ ҳуқуқларини гувоҳлантирувчи (тасдиқловчи) ҳужжат ҳақида маълумотлар, объектдан фойдаланиш бўйича берилаётган ҳуқуқ ҳажми, фойдаланиш доираси, услуби, чегараси, фойдаланиш муддати, ҳақ тўлаш шакли, миқцор ва тартиби, тарафларнинг жавобгарлиги, низоларни ҳал этиш тартиби ва ҳоказо. Бундан ташқари, шартномада лицензиарнинг лицензиатга берилаётган ҳуқуқларидан реал фойдаланишни таъминлаш мажбурияти (зарур ҳужжатларни бериш), буюмлар намуналари билан топшириш, техник ёрдам кўрса тиш, ўз мутахассисларини юбориш, махсус қурилмалар, асбоб- ускуналар, хом ашё билан таъминлаш ва шу кабилар кўзда тутилиши мумкин. Бундан ташқари, лицензиар лицензия учун асос бўлган патентнинг амал қилинишини таъминлаш (божларни тўлаб туриш, учинчи шахслар даъволаридан ҳимоя қилиш), лицензиат томонидан техник шартларга ва йўл- йўриқларга риоя қилган ҳолда лицензия асосида маҳсулот ишлаб чиқаришни техник жиҳатдан амалга ошириш мумкинлиги ва зарур кўрсаткичларга эришйш учун жавобгардир. Баъзи ҳолларда лицензия шартномасининг энг муҳим шартларидан бири бўлиб, тарафлар томонидан патентларга тааллуқли маълумотларнинг сир сақланиши ҳисобланади. Шартномада бу мажбуриятни бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилади. Интеллектуал мулк объектларининг баъзи бирлари бўйича лицензия шартномасида назарда тутилиши мажбурий бўлган шартлар қонунда бевосита кўрсатилган. Масалан, ФКнинг 1111-моддаси 2-қисмига асосан, фирма номидан фойдаланишга лицензия берилганда шартномада истеъмолчини чалғитиб қўйишни истисно этувчи ишоралар шарт қилиб қўйилиши лозим. Маҳсулот (хизмат) белгиси ҳақидаги қонуннинг 21- моддаси 3-қисмига асосан, товар белгасидан фойдаланиш ҳуқуқидан бошқа шахсга лицензия асосида фойдаланишга берилганда шартномада лицензиар маҳсулотининг сифатидан паст бўлмаслиги ва лицензиар ана шу шартга амал қилаётганлигини назорат этиб туриши ҳақида шарт бўлиши лозим. Агарда лицензия шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, лицензия оддий (номутлақ) деб ҳисобланади. Бунинг маъноси шундан иборатки, лицензия шартномасида лицензиар томонидан интеллектуал мулк объектидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш кўрсатилган бўлиши мумкин. Ушбу объектдан лицензиарнинг ўзи фойдаланиши ва бошқаларга фойдаланишга рухсат бериши ҳақида кўрсатмаган бўлса ҳам бундай ҳуқуқ мавжудлиги ҳақидаги презумпция амал қилади. Бинобарин, бундай шартнома номутлақ лицензия шартномаси ҳисобланади ва лицензиар бунга эътироз билдиришга ҳақли эмас. Лицензия олувчи томонидан интеллектуал мулк объектидан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома сублицензия (иккиламчи ёки ҳосила лицензия) шартномаси ҳисобланади. Лицензия олувчи фақат лицензия шартномасида назарда тутилган ҳолларда сублицензия шартномаси тузишга ҳақли. Бинобарин, бундай турдаги лицензияни фақат мутлақ ва тўлиқ лицензия эгаларигина бера олади. Бунда сублицензиатга бериладиган фойдаланиш ҳуқуқи ҳажми сублицензиарнинг бирламчи лицензия шартномаси асосида лицензиат сифатида олган ҳуқуқлари ҳажмидан ошмаслиги шарт. Асосий (бирламчи) лицензия шартномаси ҳақиқий эмас деб топилганда ёки муддати тугаганда сублицензия ҳам ўз-ўзидан бекор бўлади. Қўшимча (иккиламчи) лицензиатнинг ҳаракатлари учун агар лицензия шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, лицензиар олдида лицензиат жавобгар бўлади. Масалан, қўшимча (иккиламчи) лицензиат айби билан лицензия учун асос бўлган патентга доир маълумотлар, махфийлиги сақланмай ошкор қилинганда, асосий лицензиар олдида лицензиатнинг ўзи жавобгар бўлади. Ўз навбатида асосий лицензиар иккиламчи (қўшимча) лицензиатга нисбатан регресс даъво ҳуқуқига эга. Умумий қоида бўйича сублицензиатнинг ҳаракатлари учун асосий лицензиар олдида лицензиат айби бор-йўқлигидан қатъи назар, жавобгар бўлади. Лицензия шартномасида сублицензиатнинг лицензиар олдида бевосита ўз ҳаракатлари учун жавобгар бўлишлиги назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. 7. Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартномалар . Муаллиф интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома бўйича келгусида асар, ихтиро ёки бошқа интеллектуал фаолият натижасини яратишга ва ўзининг иш берувчиси бўлмаган буюртмачига бу натижадан фойдаланиш учун мутлақ ҳуқуқлар бериш мажбуриятини ўз зиммасига олиш мумкин. Ҳар бир ижодкор шахс ўз интеллектуал фаолиятини ўз хоҳиши га кўра, ўз ташаббуси, ўз маблағлари асосида, иш берувчиси билан тузилган меҳнат битими (контракт) асосида ёки иш берувчиси бўл маган бошқа шахс буюртмаси бўйича шартнома асосида ташкил этиши мумкин. Муаллиф – ижодкорнинг ўз ташаббуси ва ўз маблағлари асосида яратилган ижодий фаолият натижасига нисбатан шахсий номулкий ва мутлақ ҳуқуқлар фақат унинг ўзигагина тегишли бўлади. У ижодий фаолият маҳсули бўлган объектга нисбатан мутлақ ҳуқуқларни ўз хоҳишига кўра эркин равишда тасарруф этади. Муаллиф – ижодкор бошқа бир шахс (иш берувчи) билан меҳнат муносабатида бўлган ҳолда, меҳнат битимида шарт қилиб қўйилган ижодий фаолиятни амалга ошириш, иш (топшириқ) бажариш асосида вужудга келган ижодий фаолият маҳсулига нисбатан мутлақ ҳуқуқ ларга ушбу ФКнинг 1062, 1087-моддалари ва бошқа қонун ҳужжатла рида (масалан, «Селекция ютуқлари тўғрисида»ги Қонуннинг 7-мод даси, «ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базалари тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддаси ва шу кабилар) белгилаб қўйилган қоидалар ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси нормалари қўлланилади. Муаллифнинг ижодий фаолият маҳсулини яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида бошқа ҳар қандай учинчи шахс билан тузадиган шартномаси ўз мазмунига кўра фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ҳисобланади ва ушбу шартномага нисбатан ФКнинг тегишли меъёрлари қўлланилади. Шартнома предмети бўлиб муаллифнинг келгусида ижодий фаолиятни амалга ошириш ва унинг натижасида яратиладиган ижодий фаолият маҳсули ҳисобланади. Бинобарин, тарафлар шартнома тузган вақтда ҳали интеллектуал фаолият маҳсули вужудга келмаган бўлади. Шартнома тузиш вақтида амалда яратилган, мавжуд бўлган ижодий фаолият маҳсулига нисбатан мутлақ ҳуқуклар учинчи шахсларга ФКнинг 1035-моддасида белгиланган тартибда ўтказилиши мумкин. Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш ҳақидаги шартнома ижодкор шахс билан буюртмачи ўртасида тузилади. Унга асосан ижодкор шахс (ижрочи, бажарувчи) ижодий фаолиятни амалга ошириш асосида интеллектуал мулк ҳуқуқи объектини яратиш ва ундан фойдаланиш бўйича мутлақ ҳуқуқни буюртмачига топшириш, буюртмачи эса бажарувчини тегишли маблағ билан таъминлаш ва ҳақ тўлаш мажбуриятларини ўз зимммасига олади. Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш шартномалар предмети қандай объект бўлишига қараб, қуйидаги турларга бўлинади: илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технология ишла-ри пудрат шартномаси (ФКнинг 693-702-моддалари); муаллифлик шартномаси (ФКнинг 1067-моддаси). Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома яратилиши лозим бўлган интеллектуал фаолият натижаси хусусиятини, шунингдек, ундан фойдаланиш мақсадлари ёхуд усулларини белгилаши лозим. Интеллектуал фаолият натижаси хусусияти, туси, энг аввало, унинг маълум сифат кўрсаткичларида намоён бўлади. Бундай сифат кўрсаткичлари объектнинг техник-иқтисодий характеристикасида, ҳуқуқий мезонларга мослигига (масалан, ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи олиш – патентга лаёқатлилик даражасида эканлиги) ва шу кабиларга кўра ифодаланади. Шартномада ўз аксини топиши лозим бўлган ҳолатлардан яна бири – интеллектуал фаолият натижасидан фойдаланиш мақсадлари (масалан, ихтиродан қайси тармоқда, қандай маҳсулотдан ёки илмий асардан тижорат мақсадида ёки ўқув-таълим мақсадларида ва ҳоказо) ёки фойдаланиш усуллари (масалан, адабий асарни нашр этиш ёки саҳналаштириш ёки кинофильм қилиш) ҳисобланади. Юқоридаги ҳолатлар интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш ҳақидаги шартноманинг зарур шартлари ҳисобланади ва кўп ҳолларда бу шартлар тарафлар зиммасига юкланган мажбурият тариқасида намоён бўлади. Масалан, объектнинг маъ лум сифат хусусиятларида бўлиши учун ижодкор-муаллиф масъул бўлса, объектдан фойдаланиш мақсади ва усулларига риоя қилиш буюртмачи зиммасига юкланади. Интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш ҳақидаги шартнома предмети бўлиб, ҳар доим келгусида яратиладиган, муайян хусусиятларга эга бўлган, аниқ ва конкрет белгилаб қўйилган асар, ихтиро, селекция ютуғи ва шу кабилар ҳисобла нади. Агар ижодкор-муаллиф зиммасига у келгусида яратадиган ҳар қандай интеллектуал фаолият натижаларидан фойдаланиш учун мулкий ҳуқукларини биронта шахсга (буюртмачига ёки бошқа учинчи шахсга) бериш мажбурияти юкланган бўлса, бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий ҳисобланмайди ва у ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатлар вужудга келтирмайди. Бинобарин, буюртмачи унинг ижросини талаб қила олмайди. Ушбу қоида ФКнинг 23-моддасида мустаҳкамлаб қў - йилган фуқаролик ҳуқуқи лаёқати ва муомала лаёқатини чеклашга йўл қўймаслиги ҳақидаги умумий тамойил билан чамбарчас боғлиқ. Ижодкор – муаллифнинг келгусида яратадиган ҳар қандай асарига нисбатан мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга бериш мажбурияти шу сабабли ҳам унинг ҳуқуқ лаёқатини ғайриқонуний чеклаш ҳисоб ланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасида фуқароларнинг ижод эркинлиги мустаҳкамланиб қўйилган. Унда кўрсатилишича, ҳар қандай шахсга илмий ва техникавий ижод эркинлиги кафолатланади. Бинобарин, интеллектуал фаолият натижаларини яратиш ва улардан фойдаланиш ҳақидаги шартномада агарда муаллиф – ижодкорнинг келгусида муайян турдаги ёки муайян соҳадаги интеллектуал фаолият билан шуғулланмаслик ёки бу фаолият натижасини яратмаслик мажбуриятлари белгилаб қўйилган бўлса, у ўз-ўзидан ҳақиқий ҳисобланмайди. ФКнинг 23- моддасида фуқаронинг ҳуқуқ лаёқатидан тўла ёки қисман воз кечиш ва ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқатини чеклашга қаратилган бошқа битимлар ўз- ўзидан ҳақиқий эмас деб кўрсатилади. Демак, ижодкор-муаллифнинг ўз ихтиёри, эрки, иродаси билан бундай шартни шартнома мажбурияти сифатида ўз зиммасига олганлиги аҳамиятга эга эмас. Албатта, ижодкор- муаллиф ўз эрки, ихтиёри билан амалда маълум турдаги интеллектуал фаолият билан шуғулланмасликка ҳақли, бироқ бу ҳолат шартнома предмети ёки шартнома шарти сифатида намоён бўлганда, ҳар доим ўз-ўзича ҳақиқий ҳисобланмайди. 8. Мутлақ ҳуқуқ ва мулк ҳуқуқи ўртасидаги нисбат . Юқорида интеллектуал мулк ҳуқуқи объектларининг асосий хусусиятлари, унинг анъанавий мулк ҳуқуқи объектларидан фарқлари ҳақида батафсил тўхтаб ўтилди. Бинобарин, интеллектуал мулк ҳуқу қи объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқ билан ушбу объектнинг моддийлашган ифодасига, моддий элтувчисига нисбатан мулк ҳуқуқини фарқламоқ лозим. ФКда белгиланган қоидага кўра, интеллектуал фао лият натижаси (асар, ихтиро ва шу каби)га ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи восита (масалан, товар белгиси)га нисбатан мутлақ ҳуқуқ бундай натижа ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи восита ифодаланган моддий объектга нисбатан мулк ҳуқуқидан қатьи назар, унга боғлиқ бўлмаган ҳолда, ундан мустақил равишда мавжуд бўла ди. Масалан, асар мингаб нусхада китоб шаклида нашр этилиши, ихтиро асосида маҳсулотлар (масалан, қурилма, ускуна, дори-дармон ва ҳоказо) ишлаб чиқилиши мумкин. Бунда, албатта, нашр этилган асарнинг китоб шаклидаги нусхаларини сотиб олган шахсда, ихтиро асосида чиқарилган маҳсулотни сотиб олган шахсларда ўша китобга нисбатан, ўша маҳсулотга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келади, бироқ асарга нисбатан ёки ихтирога нисбатан мутлақ ҳуқуқ вужудга келмайди. Интеллектуал мулк объектлари турли моддий воситаларда ифодаланиши, чексиз нусхаларда мавжуд бўлиши ва фуқаролик муомаласида ҳаракат қилиши мумкин, бундай моддий воситалар ашёлар тарзида кўрилиши мумкин, бироқ бундай ашёларга нисбатан мулк ҳуқуқи унинг келиб чиқиш, яратилиши асоси бўлган ғоявий (идея) негизи бўлган интеллектуал мулк ҳуқуқи объектига бўлган мутлақ ҳуқуқларга асло таъсир қилмайди. Интеллектуал фаолиятнинг айрим натижалари ўзининг ғоявий негизи ва бу негиз моддий мужассами билан узвий боғлиқ ҳолда мавжуд бўлиши мумкин (масалан, ягона нусхадаги ҳайкал, портрет, ўсимликларнинг янги нави, ҳайвонларнинг янги зотлари ва шу кабилар). Бундай объектлар фуқаролик муомаласида ҳаракатда бўлганда мутлақ ҳуқуқ ва мулк ҳуқуқи мазмуни ва таъсир доираси асло чалкаштирилмаслиги шарт. Масалан, портрет рассом томонидан бошқа шахсга сотилганда рассом ушбу портретдан нусхалар кўчириш ва уларни кўпайтириб, эркин тасарруф этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши мумкин. Бунда рассом ушбу портретга нисбатан, унга муаллифлик ҳуқуқи объекти бўлган асарга нисбатан мутлақ ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади, бироқ портретнинг оригинал нусхасига нисбатан мулк уни сотиб олган харидорга ўтади. Ягона нусхани, нодир (такрорланмас) тусдаги объектлар фуқа ролик муомаласида ҳаракатда бўлганда, уларга нисбатан мулк ҳуқуқи ва мутлақ ҳуқуқ, баъзи истисноларни назарга олмаганда, айнан ҳисобланиши мумкин. Бундай ҳолларда объект моддий-ашёвий негизидан ажралмаслигини ҳисобга олган ҳолда, унга нисбатан мулк ҳуқуқи қоидаларининг қўлланилиши мақсадга мувофиқ. Бундай объектни ўзидан бегоналаштирувчи шахс бир вақтнинг ўзида ҳам мулк ҳуқуқи, ҳам мутлақ ҳуқуқини бир хил йўналишда ва услубда ўзидан бегоналаштирмоғи лозим. Бошқа ҳар қандай ҳолларда мутлақ ҳуқуқ ва мулк ҳуқуқи ўртасида коллизия вужудга келганда, мутлақ ҳуқуқ устуворликка эга бўлади. Бу ҳолат, масалан, «Селекция ютуқлари тўғрисида»ги Қонун нинг 5-моддасида ўз ифодасини топган. Чунончи, бирон-бир кишиянги буғдой навини, гарчи мазкур навни қонуний асосларда олган бўлса ҳам уни мутлақ ҳуқуқ соҳибидан берухсат кўпайтиришга ёки тарқатишга ҳақли эмас. Фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситаларга бўлган мутлақ ҳуқуқ ҳам бу воситалар ифодаланган моддий объектга нисбатан мулк ҳуқуқидан қатьи назар, у билан боғлиқ бўлмаган ва мустақил ҳолда амал қилади. Масалан, товар белгиси ифодаланган реклама панносини сотиб олган шахсда бу паннога нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келади ва ундан қонуний асосда ўз хоҳишича фойдаланишга ҳакли, бироқ товар белгисига нисбатан мутлақ ҳуқуққа бу ҳол таъсир этмайди. Восита ифодаланган моддий объектлар жуда кўп ва хилма-хил бўлиши, у турли шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлиши мумкин, бироқ бу воситага нисбатан мутлақ ҳуқуқ соҳиби ягона шахс бўлиб қолади ва бу мутлақ ҳуқуқ мазмунига, унинг амалга оширилишига асло тўсқинлик қилмайди, халақит бермайди. Мутлақ ҳуқуқ ва мулк хуқуқи бир-биридан қатъи назар, мавжуд бўлади. 9. Мутлақ ҳуқуқларнинг амал қилиш муддатлари. Маълумки, интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқларнинг амал қилиши абадий муддатсиз бўлмай, маълум муддат, вақт билан чегараланган бўлади. Бироқ бу муддат барча объектлар учун бир хилда бўлмай, турли объектларга нисбатан муддатнинг бошланиш, амал қилиш, бекор бўлиш, баъзи ҳолларда эса узайтириш тартиби бўйича турлича намоён бўлади. Интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқнинг амал қилиш муддати бевосита ФКда ёки бошқа амалдаги қонунларда назарда тутилиши мумкин. Интеллектуал мулк ҳуқуқи объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқнинг амал қилиш муддати давомида ҳуқуқ эгасининг бу мутлақ ҳуқуқлардан келиб чиқувчи субъектив ҳуқуқлари ҳуқуқий муҳофаза остида бўлади ва қўриқланади, бу ҳуқуқларга ҳамма риоя қилиши шарт, башарти улар кимдир томонидан бузилса, бузилган ҳуқуқ ҳуқуқ эгасининг талаби билан суд орқали ҳимоя қилинади, зарур ҳолларда бу ҳуқуқлар амалга оширилиши қонуний тартибда давлатнинг мажбурлов кучи билан таъминланади. Муаллифлик ҳуқуқи объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва вафотидан кейин у вафот этган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан бошлаб 50 йил давомида амал қилади. Ҳаммуаллифликда яратилган асарга бўлган мутлақ ҳуқуқлар учун бундай 50 йил муддатнинг бошланиши энг узоқ яшаган ҳаммуаллиф вафотидан кейин бошланади. Яширин тахаллус остида ёки имзосиз чоп этилган асарга бўлган мутлақ ҳуқуқ асар чоп этилган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан бошлаб 50 йил давомида амал қилади. Агар асар муаллиф вафотидан кейин 50 йил ичида биринчи марта чоп этилса, мутлақ ҳуқуқ асар чоп зтилган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан эътиборан 50 йил давомида амал қилади (ФКнинг 1065-моддаси). Турдош ҳуқуқлар объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар қуйи даги муддатларда амал қилади: ижрочининг ҳуқуқлари биринчи ёзув (ижрони ёзиб олиш) ёки биринчи ижро (саҳналаштириш) пайтидан эътиборан 50 йил давомида; эфир, кабель орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатув ва эшиттиришга бўлган ҳуқуқи уни биринчи марта эфир орқали трансляция қилиш вақтидан бошлаб 50 йил давомида амал қилади. («Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғриси да»ги Қонуннинг 54, 55- моддалари); ихтирога нисбатан патент йигирма йил давомида амал қилади (устуворлик санасидан бошлаб); саноат намунасига нисбатан патент 10 йил давомида амал қи-ади (устуворлик санасидан бошлаб); фойдали моделга бўлган патент 5 йил давомида амал қилади. Саноат намунасига, фойдали моделга бўлган патент амал қилиш муддатлари узайтирилиши мумкин. («Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси). Селекция ютуқларига бўлган патент селекция ютуғи давлат реестрига киритилган вақгдан бошлаб 20 йил давомида, ток, ёғоч-боп, манзарали, мевали дарахтлар ва ўрмон ўсимликлари, шу жум-ладан, уларнинг пайвандтаглари учун 25 йил давомида амал қила-ди ва у 10 йилга узайтирилиши мумкин («Селекция ютуқлари тўғрисида»ги Қонуннинг 14- моддаси). Маҳсулот (хизмат) белгисига бўлган мутлақ ҳуқуқларни гувоҳ- лантирувчи гувоҳнома устуворлик санасидан бошлаб 10 йил давомида амал қилади ва ҳар гал 10 йилга узайтирилиши мумкин. («Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги Қонуннинг 22-моддаси). Фирма номига бўлган ҳуқуқнинг амал қилиш муддати чекланмаган бўлиб, юридик шахс бекор бўлган ёхуд номи ўзгарган ҳоллар дагина бекор бўлиши мумкин (ФКнинг 1100-моддаси). Ошкор этилмаган ахборотларга бўлган мутлақ ҳуқуқларнинг амал қилиш муддати (ҳуқуқий муҳофаза қилиниши) ҳам ФКнинг 1095-моддасида белгиланган шартлар мавжуд бўлган ҳолларда муддат билан чегараланмаган. Интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқларнинг амал қилиш муддати қатъий белгилаб қўйилган ҳолларда бу муддат ўтганидан кейин (агарда уни узайтириш мумкин бўлмаса) ҳуқуқ эгасининг мутлақ ҳуқуқлари бекор бўлади. Бунинг маъноси шундан иборатки, бундай объектлар ижтимоий бойлик, ижтимоий неъматга айланади, яъни ҳар ким ундан эркин ва текин фойдалана олади (объект муаллифининг шахсий ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда). Маълумки, интеллектуал мулк ҳуқуқи объектларга нисбатан мутлақ ҳуқуқлар ўз мазмуни ва характери бўйича мулкий ҳуқуқлар мажмуини ташкил этади ва бинобарин, улар қонун асосида маълум белгиланган муддат давомида амал қилади. Мутлақ ҳуқуқлардан фарқли равишда интеллектуал мулк объектларига нисбатан шахсий номулкий ҳуқуқлар муддатсиз амал қилади, яъни уларга риоя этилиши вақт билан чегараланмайди. Бундай шахсий ҳуқуқлар интеллектуал фаолият маҳсули муаллифига ҳам (масалан, муаллифлик ҳуқуқи), учинчи шахсларга ҳам (масалан, рассом томонидан портретда ифодаланган шахснинг ўз қиёфасига бўлган шахсий ҳуқуқи) тегишли бўлиши мумкин. Шахсий ҳуқуқлар мутлақ ҳуқуклар кимга тегишли эканлигидан қатъи назар, амал қилади. Интеллектуал мулк ҳуқуқи объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар фуқаролик муомаласида эркин ҳаракат қилади, у бошқа шахсларга ўтказилиши мумкин, шахсий ҳуқуқлар эса ҳуқуқ соҳибининг ўзидан бегоналаштирилмайди ва бошқа шахсларга ўтказилмайди. Мутлақ ҳуқуқ амал қилиш муддатининг тугаши ёки унинг муддатидан олдин, қонунда белгиланган асосларда бекор бўлиши, ш-нингдек, шахсий ҳуқуқ соҳибининг вафот этиши бундай шахсий ҳуқуққа бошқалар томонидан риоя этилиш шартлигига асло таъсир этмайди. Интеллектуал мулк ҳуқуқи объектга бўлган мутлақ ҳуқуқ ларнинг амал қилиш муддати тамом бўлганлиги сабабли бу объектларнинг ижтимоий бойлик, неъматга айланганлиги факти ҳам уларга нисбатан муаллифнинг ёки учинчи шахсларнинг шахсий ҳуқуқлари бекор бўлишига асло олиб келмайди. Бундай шахсий ҳуқуқлар қонун билан бемуддат қўриқланади. ФКнинг 1039-моддасида назарда тутилган қоидага асосан агарда қонунда белгилаб қўйилган ҳолларда интеллектуал мулк ҳуқуқи объектга бўлган мутлақ ҳуқуқ эгаси томонидан бундай мутлақ ҳуқуқлар дан муайян вақг давомида фойдаланмаган ҳолларда бекор қилиниши мумкин. Маълумки, умумий қоида бўйича мутлақ ҳуқуқ эгаси ўз ҳуқуқидан ўзи мустақил, эркин ва ўз хоҳишига кўра фойдаланишга ҳақли. Айрим ҳолларда қонун мутлақ ҳуқуқ соҳиби зиммасига ўзига тегишли бўлган мутлақ ҳуқуқлардан фойдаланиш бўйича фаол ҳаракатлар содир этиш мажбуриятини юклайди, ушбу мажбурият бажарилмаган тақдирда ҳуқуқ эгаси учун қатор салбий оқибатлар вужудга келиши қонунларда белгилаб қўйилган. Масалан, дастлабки патент рўйхатга олинган санадан бошлаб уч йил давомида патент эгаси саноат мулки объектидан бутунлай ёхуд етарли фойдаланмаса ва бу узрли сабабларга кўра рўй берганлигини исботлаб бера олмаса, объектдан фойдаланишни хоҳловчи бошқа шахслар объектдан фойдаланишга мажбурий лицензия берилишини сўраб, судга мурожаат этишга ҳақли («Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги Қонуннинг 11 - моддаси). Товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгисига бўлган мутлақ ҳуқуқни гувоҳлантирувчи ҳужжат — гувоҳноманинг амал қилиши товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси рўйхатдан ўтказилгандан кейинги беш йил давмида узлуксиз ишлатилмаган ёки умуман фойдаланилмаган бўлса, агарда товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси эгаси белгидан ўзига боғлиқ бўлмаган узрли сабабларга кўра фойдаланмаганлигини исботлаб бера олмаса, исталган шахснинг аризасига мувофиқ, суд чиқарган қарор асосида тўлиқ ёки қисман муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин («Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги Қонун 25-моддаси). Муаллифлик ҳуқуқи тушунчаси, тамойиллари ва асосий категориялари . Интеллектуал фаолият маҳсуллари орасида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектлари алоҳида ажралиб туради. Бу алоҳи - далик ижодкор-муаллиф ҳуқуқий мақомида ҳам, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объекти бўлган фан, адабиёт, санъат асарлари, ижрочилик фаолияти ҳуқуқий режимида ҳам ўз ифодасини топган. Жаҳонда турли мамлакатлар ўртасида ижтимоий-маданий алоқа лар ўсиб боргани сайин бир мамлакатдаги ижодкорлар асарларидан бошқа мамлакатлардаги кишилар фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бормоқда, бу эса муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар дунёнинг кўп мамлакатларида бир хилда тартибга солинишига бўлган заруратни вужудга келтирмоқда. Ушбу зарурат тақозосига кўра, муаллифлик ҳуқуқи бўйича Бутунжаҳон Конвенциясида (уни Женева Конвенцияси ҳам дейишади) ҳамда адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш бўйича Халқаро Конвенцияда (уни Берн Конвенцияси деб ҳам атайдилар 16 ) ишлаб чиқилган ва дунёнинг кўпгина мамлакатлари ўз миллий қонунларини у ёки бу Конвенция асосида шакллантирмоқ далар. Берн Конвенцияси меъёрлари муаллифлик ҳуқуқларини ҳуқу қий муҳофаза этишда қатъийроқ тусга эга 17 . Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 20 июлдаги «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонун мазмунида Берн Конвенциясининг асосий қоидалари ётади. Муаллифлик ҳуқуқи фуқаролик ҳуқуқининг таркибий қисми бўлиб, унинг энг муҳим институтларидан ҳисобланади. Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар адабиёт, санъат асарларини яратиш, улардан фойдаланиш ва ижро этиш билан боғлиқ бўлган шахсий ва мулкий муносабатларни тартибга солади. 16 Ўзбекистон Республикаси мазкур конвенцияга 2006 йил 19 апрелдан бошлаб аъзо щисобланади. 17 Тошев Б.. Муаллифлик ҳуқуқи. Тошкент. Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси наш-риёти.1997.- 88— 96-б. Муаллифлик ҳуқуқи тамойиллари деб унинг негизида ётган асосий қоидаларга айтилади. Бу тамойиллар ичида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган ижод эркинлиги муҳим аҳамиятга эга. Унинг моҳияти шундан иборатки, ижодкор ўз ижодий маҳсули мавзусини танлашда, унинг шаклини белгилашда, уни яратиш услубларини танлашда, ундан фойдаланишда эркин ва мустақилдир. Айни вақтда бу эркинлик қонун доирасида амалга оширилмоғи лозим. Ижодкор ўз асари орқали конституциявий тузумга қарши, зўравонлик ёки беҳаёликни тарғиб қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш мақсадларини кўзламас лиги лозим. Муҳим конституциявий тамойиллардан яна бири ижодий маҳсулотларга нисбатан цензуранинг йўл қўйилмаслиги ҳақидаги қоидадир. Муаллиф асарни яратишда ёки эълон қилишда агарда у давлат сирлари, шахсий сирлар ёхуд бошқаларнинг қонуний манфаатлари билан боғлиқ бўлмаса, олдиндан рухсат олиш, асар мазмунини назоратдан ўтказиш талаб этилмайди. Муаллифлик ҳуқуқининг яна бир асосий қоидаларидан бири – муаллиф ҳуқуқларининг вужудга келиши, уни муҳофаза этиш, асарни яратиш факти асосида вужудга келиши, у қандайдир расмиятчиликларга риоя этилиши талаб этилмаслигидир. Ушбу тамойил ФКнинг 1041-моддаси ва Қонуннинг 10-мод–дасида ўз ифодасини топган. Муаллифларнинг асарларни яратиш ва улардан фойдаланишда маънавий ва моддий манфаатдорлигини ҳар томонлама муҳофаза этиш ҳам қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу тамойил муаллифлик ҳуқуқий муносабатлари қатнашчиларининг ҳуқуқ ва бурчларини белгиловчи меъёрлардагина эмас, балки субъектив ҳуқуқларни амалга ошириш кафолатларида, муаллиф ҳуқуқларини муҳофаза этиш бўйича давлат органлари зиммасига юкланган мажбуриятларда, бузилган муаллиф ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминловчи меъёрларда ҳам ўз ифодасини топган. Муаллифлик ҳуқуқи бўйича муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (27, 29, 42, 67-моддалар ва бошқалар), Ўз-бекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (1041-1081 моддалар), «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонун, «ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базалари тўғрисида» Қонун, «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги қонун, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун ва бошқа қонуний ҳужжатлар билан тартибга солинади. Бу борада, айниқса, ФК муҳим аҳамиятга эга. ФКнинг бевосита муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи меъёрлардан ташқари бошқа меъёрлари ҳам бу соҳада тартибга солувчи вазифаларни бажаради. Масалан, фуқаролар - нинг ҳуқуқ лаёқати мазмунини белгиловчи меъёрда фуқароларнинг фан, адабиёт, санъат асарларига муаллиф бўлиш ҳу-уқи (ФКнинг 18-моддаси), моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича қоида лари (ФКнинг 14, 1021-моддалари), интеллектуал фаолият натижаларига бўлган мутлақ ҳуқуқлар ҳақидаги қоидалари (ФКнинг 97-моддаси) шулар жумласидандир. Муаллифлик ҳуқуқи объектлари. ФКнинг 1041-моддасига асосан, муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт, санъат асарларига уларнинг мақсади ва қадр-қиймати, шунингдек, ифодаланиш усулидан қатъи назар, жорий этилади. Ҳар қандай асар муаллифлик ҳуқуқи объекти сифатида муҳофа за этилиши учун у ижодий фаолият маҳсули бўлиши шарт. Шу сабабли ҳам оддий, кундалик ҳаётдаги сўзлашувлар, мулоқотлар муаллифлик ҳуқуқи объекти бўлиб ҳисобланмайди. Ижодий жараён бу, энг аввало, инсон тафаккури, ақлий фаолият маҳсули; у ўзига хос оригинал тусга эга. Ҳуқуқий адабиётларда ижодий жараённинг икки ҳолати таъкидлаб кўрсатилади: а) асар яратиш жараёнининг онгли, интеллектуал характери; б) яратилган асарнинг янгилиги, оригиналлиги 18 . 18 Гражданское право. М., 1994 й. Том I. Изд. Бек. 321-б. Ижодкор ижодий жараёнининг онгли, интеллектуал туси шундан иборатки, асар яратилишидан олдин у ижодкорнинг онгида, хаёлида шаклланади, вужудга келади. Асар маълум бир ўй-фикр асосида пайдо бўлиб, у фикр-ғоя, фикр-режа, фикр-қоралама тарзида босқич лардан ўтади, шу тарзда асар яратилиб, шаклланиб боради 19 . Асарнинг янгиланиши ижодий фаолиятнинг зарур унсури сифатида асарнинг янги мазмунида, янги шаклида, янги ғояларида, янги миллий концепцияда ифодаланади 3 . Асарнинг янгилиги ҳақидаги мезон мутлақ тусга эга бўлмай, нисбий тусга эга. Илм-фан соҳаларидаги асарларда янги ғоялар, ечимлар муҳим аҳамиятга эга бўлса, адабий асарларда ва санъат асарларида шаклан янгилик муҳим ўринни эгаллайди. Масалан, ўтмишда «Ҳамса» – 5 достон сюжети бўйича Низомий Ганжавий, Хисрав Дехдавий, Алишер Навоий асарлари бунга яққол далилдир. Ойбекнинг «Қутлуғ қон» ва Ҳамзанинг «Бой ила хизматчи» асарларида сюжет бўйича ўхшашлик мавжуд, бироқ асар шаклан бир-бирига ўхшамай ди. Шу сабабли ҳам муаллифлик ҳуқуқида шакл бўйича янгилик ўзига хос тарзда биринчи режага чиқади, дейиш мумкин. Асарнинг муаллифлик ҳуқуқи объекти- сифатида муҳофаза қилиш учун яна бир белгиси — бу унинг объектив шаклда ифодаланганлигидир. Асардаги ғоя, мазмун, ўй-фикр, образ учинчи шахслар идрок этиши, танишуви, қабул қилиши учун имкон берувчи маълум бир объектив шаклда ифодаланган бўлиши шарт. Шу маънода олганда ҳали муаллифнинг ўй- фикрида бўлган, бироқ бошқалар қабул қилиш учун объектив шаклга киритилмаган асар муаллифлик ҳуқуқи объекти бўлиб ҳисобланмайди. ФКнинг 1041-моддасига асосан, асар оғзаки, ёзма шаклда ёки уни идрок этиш имконини берадиган бошқа объектив шаклда ифодаланган бўлиши лозим. Ёзма шаклда ёки моддий жисмда ўзгача усулда ифодаланган асар (қўлёзма, машинкаланган ёзув, нотали ёзувлар, техника воситалари ёрдамидаги ёзув, шу жумладан, аудио ва видео ёзуви, икки ўлчамли ёки 19 Серебровский В. Й. Вопросы авторского права. М., 1956 й. 35-6. ҳажмий-фазовий шаклда яратилган тасвирда ва ҳ.к.) унинг учинчи шахслар учун фойдаланиш имконияти бор-йўқлигидан қатьи назар, объектив шаклга эга ҳисобланади. Моддий жисмда ифодаланмаган оғзаки ёки бошқа хил асар, башарти у учинчи шахсларнинг идрок этиши учун мақбул келган, кифоя қилган бўлса (омма олдида сўзлаш, оммавий ижрочилик ва ҳ.к.) объектив шаклга эга ҳисобланади. Ижодкор асарининг учинчи шахслар томонидан идрок этилиши, қабул қилиниши, ҳозирча инсоннинг кўриш ва эшитиш хусусиятлари, қобилияти асосида рўй беради. Ёзма асарлар, видеотасвирлар, икки ўлчовли асарлар (расмлар) ҳажмий-фазовий шаклдаги тасвир (масалан, ҳайкал, меъморий бинолар) кўриш туйғуси орқали қабул қилинса, мусиқа, нутқлар, бадиий ўқишлар эшитиш туйғуси орқали қабул қилинади. Муаллифлик ҳуқуқи объектлари қуйидаги турлардан иборат: адабий асарлар (адабий-бадиий, илмий, ўқув, публицистик ва бошқа асарлар); драма ва сценарий асарлари; матнли ёки матнсиз мусиқа асарлари; мусиқали драма асарлари; хореография асарлари ва пантомималар; аудиовизуал асарлар; рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, дизайн асарлари ва тасвирий санъатнинг бошқа асарлари; манзарали-амалий ва саҳна безаги санъати асарлари; архитектура, шаҳарсозлик ва боғ-парк барпо этиш санъати асарлари; фотография асарлари ва фотографияга ўхшаш усулларда яратилган асарлар; жўғрофия, геология хариталари ва бошқа хариталар, жўғрофия, топография ва бошқа фанларга тааллуқли тарҳлар, эскизлар ва асарлар; барча турдаги ЭҲМ учун дастурлар, шу жумладан ҳар қандай дастурлаш тилида ва ҳар қандай шаклда, чунончи бошланғич матн ҳамда объект кодида ифодаланиши мумкин бўлган амалий дастурлар ва операция тизимлари; Қонуннинг 5-моддасида белгиланган талабларга жавоб берадиган бошқа асарлар (Қонуннинг 6-моддаси). Муаллифлик ҳуқуқи объекти бўлиши учун асар тугалланган бўлиши шарт эмас. Шу сабабли асар тугалланмаган бўлса ҳам, агарда уларда ижодийлик унсурлари мавжуд бўлса, муаллифлик ҳуқуқининг мустақил объекти бўлиб ҳисобланади. Муаллифлик ҳуқуқи эълон этилган (нашр этилган) ва шунингдек, нашр этилмаган, ҳали қўлёзма ҳолатида бўлган асарларга бирдай жорий этилади. Муаллифлик ҳуқуқининг вужудга келиши учун асарни рўйхат дан ўтказиш ёки бирор расмиятчиликка риоя қилиш талаб этилмайди. Ҳолбуки, интеллектуал фаолиятнинг бошқа объектлари бўйича ҳуқу қий муҳофаза бу объект ваколатли давлат идораси томонидан махсус муҳофаза ёрлиғи (патент, гувоҳнома) олгандан кейин вужудга келади. Муаллифлик ҳуқуқи ғоялар, концепциялар, принциплар, тизимлар, таклиф этилаётган ечимлар, объектив мавжуд кашфиётларга нис батан (агарда улар илмий асар сифатида объектив шаклга солинмаган бўлса) жорий этилмайди. Расмий ҳужжатлар (қонунлар, қарорлар, ажримлар ва шу кабилар), шунингдек, уларнинг расмий таржималари, расмий рамзлар, халқ ижодиёти асарлари, оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ва жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар, инсоннинг бевосита индивидуал асар яратишга қаратилган ижодий фаолияти иштарокисиз муайян турдаги ишлаб чиқариш учун мўлжалланган техника воситалари ёрдамида олинган натижалар (масалан, робот томонидан басталанган мусиқа, ёзилган шеър) ҳам муаллифлик ҳуқуқи объекти бўлиб ҳисобланмайди. Муаллифлик ҳуқуқи субъектлари . Муаллифлик ҳуқуқи субъектлари ичида фан, адабиёт, санъат асарларини ижодий меҳнати билан яратган шахс- муаллиф алоҳида ўринни эгаллайди. Фуқаронинг субъектив муаллифлик ҳуқуқи вужудга келиши, фан, адабиёт ёки санъат асарларининг муаллифи сифатида эътироф этилиши унинг ёшига, ақли ва руҳий ҳолатига, асарнинг яратилиш жойига, нашр этилган-этилмаганлигига боғлиқ эмас. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эълон қилинган ёки объектив шаклда мавжуд бўлган асарни яратган шахснинг муаллифлик ҳуқуқи унинг қайси давлатнинг фуқаролигидан қатьи назар, тан олинади. Асари хорижда нашр этилган ёки қўлёзма ҳолида хорижда сақланаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муаллифлик ҳуқуқлари ҳам тан олинади. Агарда бундай шахс хорижий давлат фуқароси бўлса, унинг муаллифлик ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси томонидан тузилган халқаро шартномалар асосида белгиланади. Гарчи асарни яратишда қатнашмаган бўлса-да, муаллифнинг ҳуқуқий ворислари бўлган шахслар ва юридик шахслар ҳам субъектив муаллифлик ҳуқуқларининг субъекти саналади. Бундай тоифадаги субъектларга муаллифнинг барча ҳуқуқлари эмас, балки асардан фойдаланиш бўйича маълум ҳуқуқларигина ўтади, холос. Субъектив муаллифлик ҳуқуқининг бундай тарзда ўтиши мерос ёки муаллиф билан тузилган шартнома асосида рўй беради. Хизмат топшириғини бажариш юзасидан яратилган асардан топшириқ мақсади тақозо этган усулда ва топшириқдан келиб чиқадиган доирада фойдаланиш ҳуқуқи, башарти иш берувчи билан муаллиф ўртасидаги шартномада ўзгача ҳол назарда тутилган бўлмаса, асар яратиш ҳақида топшириқ берган ва муаллиф билан меҳнат муносабатлари ўрнатган шахсга (иш берувчига) тегишлидир. Иш берувчи бундай фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга беришга ҳақлидир. (Қонуннинг 34-моддаси). Асарлар яратилишини ташкил этувчи шахслар (аудиовизуал асарларни тайёрловчилар, энциклопедиялар ноширлари, продюсерлар ва бошқа шу кабилар) тегишли асарларнинг муаллифи деб ҳисоблан майди. Бироқ қонунларда назарда тутилган ҳолларда бундай шахслар ана шундай асарлардан фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга бўла дилар. Қомуслардан, қомусий луғатлардан, илмий ишларнинг даврий ва давомли тўпламларидан, газеталар, журналлар ва бошқа даврий нашрлардан фойдаланишнинг мутлақ ҳуқуқи уларнинг ноширларига тегишлидир. Бундай нашрдан ҳар қандай тарзда фойдаланилганда ҳам ношир ўз номини кўрсатишга ёки номи кўрсатилишини талаб қилишга ҳақяидир. Аудиовизуал асар, шу жумладан, фильм яратиш хусусида шартнома тузиш, башарти бундай шартномада ўзгача ҳол назарда тутилган бўлмаса, мазкур асар муаллифларининг асарни истифода этилишига, уни тарқатишга, омма олдида ижро этишга, барчанинг эътиборига етказишига, кабель орқали беришга, эфир орқали узатишга ва асардан ҳар қандай тарзда оммавий фойдаланишга, фильм матнини субтитрлаш ва дубляж қилишга бўлган мутлақ ҳуқуқларини асарни тайёрловчига (продюсерга) ўтказишга олиб келмайди. Юқоридан кўриниб турибдики, асарлар яратилишини ташкил этувчи юридик шахслар, яъни газета, журнал, илмий тўпламлар, чоп этувчи нашриётлар, кино-телестудиялар, эшиттириш ва кўрсатувлар тайёрловчи ташкилотлар муаллифлик ҳуқуқлари доираси муаллиф ҳуқуқларига нисбатан анча қисқа, асосан, асарлардан фойдаланиш билан боғлиқ. Бошқача айтганда, асар муайян жисмоний шахснинг ижодий меҳнати билангина яратилади, шу сабабли ҳам юридик шахслар муаллиф бўла олмайдилар. Муаллифлик ҳуқуқининг энг муҳим қоидаларидан бири бу – ҳаммуаллифлик бўйича муносабатларни тартибга солувчи меъёрлардир. Қонуннинг 12-моддасига асосан икки ёки ундан ортиқ фуқаро нинг биргаликдаги ижодий меҳнати натижасида яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи мазкур асар бўлинмас, бир бу-тун ёки ҳар бири ҳам мустақил мазмунга эга қисмлардан иборат эканлигидан қатъи назар, ҳаммуаллифларга биргаликда тегишли бўлади. Ҳаммуалифликнинг қуйидаги белгилари мавжуд: а) икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг биргаликдаги ижодий меҳнати; б) бундай биргаликдаги фаолият натижасида вужудга келган асарга ни-батан муаллифлик ҳуқуқининг бундай фаолиятда иштирок этган барча шахсларга тааллуқли эканлиги; в) жамоа асарининг яратилганлиги. Ҳаммуаллифлар томонидан яратилган ягона асарга нисбатан уларнинг ҳуқуқлари ва ўзаро муносабатларини, умумий мулк институтини биргаликдаги мулк ва ҳиссали мулкка нисбатан шерик мулкдорлар ҳуқуқлари ва ўзаро муносабатларига қиёслаш мумкин, зеро бундай ҳуқуқий тартибга солиш механизмида ўхшашликлар мавжуд. Агар ҳаммуаллифлар томонидан яратилган асар мазмун яхлитлигига путур етмаган ҳолда таркибий қисмларга ажралиши мумкин бўлса, у ҳолда Қонуннинг 12-моддаси 2-3-қисмларида назарда тутилган қоидалар қўлланилади. Унда айтилишича, агар асарнинг муайян қисмидан унинг бошқа қисмларига боғлиқ бўлмаган ҳолда фойдаланиш мумкин бўлса, бу мустақил мазмунга эга бўлган қисм деб эътироф этилади. Бундай асарлар жумласига қўшиқ (мусиқаси ва шеър матни билан биргаликда), китоб (матн ва унга ишланган расмлар билан биргаликда), спектакль (драма матни, мусиқаси ва саҳна безаги) ва шу кабилар киради. Бундай асарларда нисбий мустақил ҳаммуал лифлик мавжуд, чунки уларнинг ҳар бир қисми алоҳида бадиий, илмий ёки адабий аҳамиятга эга. Бундай асарнинг маълум қисми муаллифи ўз қисмига нисбатан муаллифлик ҳуқуқига эга. Қонунга асосан ҳаммуаллифларнинг ҳар бири, агар, улар ўртасидаги битимда бошқа ча ҳол назарда тутилмаган бўлса, асарни ўзи яратган, мустақил мазмунга эга бўлган қисмидан ўз хоҳишига кўра фойдаланишга ҳақли. Ҳуқуқий адабиётларда бундай ҳолларда асар яратувчилари ўртасида ҳаммуаллифлик мавжуд эмас, балки бу турли асарлардан биргаликда фойдаланиш ҳолати содир бўлади, деган нуқтаи назарлар ҳам мавжуд. Бунга жавобан бошқа муаллифлар бундай асарларнинг ҳар бир қисми ижодий фаолиятнинг маълум тури маҳсули (масалан, қўшиқ шеъри матни, поэтик асарнинг мусиқаси ва бастакорлик фаолияти натижасида яратилган мусиқавий асарни) ташкил этади, бироқ улар бирлаштирилганда муаллифлик ҳуқуқининг янги объекти – қўшиқ вужудга келади деб ҳақли фикр билдирадилар 20 . Нисбий мустақил ҳаммуаллифларнинг умумий ягона асар бўйича мажбуриятлар учун жавобгарликка нисбатан ҳам ҳиссали мажбуриятлар ҳақидаги қоидани қўллаш мумкин. Бошқача айтганда, бундай ҳаммуаллифларнинг бири томонидан ўз мажбуриятини бузганлиги бошқа муаллифлар учун ҳуқуқий оқибатлар вужудга келтирмайди. Ҳар бир муаллиф ўз қисми бўйича жавоб беради. Ҳаммуаллифликнинг яна бир тури мутлақ ҳаммуаллифликдир. Бунда ҳаммуаллифлар томонидан яратилган асар мазмунан бир бутун, яхлитликни ташкил этиб, у мустақил қисмларга ажралмайди. Бунга Ҳ. Нуъмон, Ш. Шораҳмедовнинг «Ота», Ильф, Петровнинг «Олтин бузоқ», «12 стул» асарлари яққол мисол бўла олади. Бунда барча асарга нисбатан муаллифлик ҳуқуқи бир вақтнинг ўзида барча ҳаммуаллифларга тенг даражада тааллуқли бўлади. Қонуннинг 12-моддасига асосан, бундай ҳолларда асардан фойдаланишни етарли асослар бўлмай туриб, тақиқлаб қўйишга ҳаммуал - лифларнинг ҳеч бири ҳақли эмас. Бўлинмас асар яратиш бўйича ҳаммуаллифларнинг мажбурияти учун жавобгарлик масаласида ҳам биргалиқдаги умумий мажбуриятлар ҳақидаги қоидаларни қўллаш мумкин. Бинобарин, бундай ҳолларда бир ҳаммуаллифнинг мажбурияти бўйича бошқа ҳаммуаллифлар ҳам ҳеч истисносиз жавобгар бўладилар. Ҳаммуаллифлар ўртасидаги муносабатлар умумий қоида бўйича ўзаро келишув, битим асосида белгиланади. Бундай битимда турли масалалар, масалан, асар нашр этилганда зарварақда қайси ҳаммуал лиф исми-шарифи қандай тартибда ёзилиши, қалам ҳақини тақсим лаш ва ҳоказолар кўзда тутилиши мумкин. Бундай битим бўлмаган тақдирда асарга нисбатан муаллифлик ҳуқуқи барча муаллифлар томонидан биргаликда амалга 20 Гражданское право. Т. 2, 1994, 328-б. оширилади, қалам ҳақи улар ўртасида тенг тақсимланади. Агарда ҳаммуаллифлар ўзаро келишувга эриша олмасалар, низо суд томонидан ҳал этилади. Қонунда фильмлар муаллифлари, ҳосила асарлар муаллифлари, интервью муаллифлари ҳақидаги масалалар бевосита ўз ифодасини топган бўлиб, улар муаллифлик ҳуқуқи субъектлари ҳисобландилар. Қонуннинг 15- моддасига асосан, қуйидагилар кинофильм, телефильм, видеофильм (аудиовизуал асар) нинг тўлиқ муаллифлари ҳисобланадилар: фильмни саҳналаштирувчи режиссёр; сценарий муаллифи; муайян ( аудиовизуал асар учун махсус яратилган матнли ёхуд матнсиз мусиқа асарининг муаллифи; саҳналаштирувчи (суратга олувчи) оператор; саҳналаштирувчи рассом. Бундай асарнинг ҳаммуаллифлари жумласига фильмда фойда-ланилган бошқа асарларнинг муаллифи ҳам киритилиши мумкин. Муқаддам мавжуд бўлиб, шунингдек, фильм устида иш олиб бориш жараёнида яратилиб, фильмда фойдаланилган асарлар муаллифларининг ҳар бири умуман фильмга бўлган муаллифлик ҳуқуқи дан қатъи назар, мустақил мазмунга эга бўлган ўз асарига муаллифликни сақлаб қолади. Ҳосила асарлар, одатда, бошқа бир асар асосида яратилади. Ҳосила асарни яратиш учун асос бўлган асар асосий ёки бирламчи асар сифатвда қаралади. Масалан, Абдулла қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи асосий асар бўлса, «Ўтган кунлар» радиопостановкаси ёки «Ўтган кунлар» бадиий фильми сценарийси ҳосила асар ҳисоб ланади. Бошқа асарларни қайта ишлаган шахслар, таржимонлар, тўплам лар ва бошқа жамлама асарларни тузувчилар ҳосила асарнинг муаллифи деб эътироф этилади. Ҳосила асарнинг муаллифи қайта ишланган, таржима қилинган ёки жамланма асарга киритилган асар муаллифининг ҳуқуқларига риоя этган тақдирдагина ҳосила асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланади. Бир асосий асар асосида номуайян миқдорда ҳосила асарлар яратилиши мумкин. Бошқача айтганда, ҳосила асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсларнинг ўша асосий асар асосида ҳосила асарлар яратишига асло тўсиқлик қилмайди. Жамлама асар муаллифига (тузувчисига) ижодий меҳнат натижасини ифодаловчи, мазкур муаллиф томонидан амалга оширилган, материалларни танлаб олиш ёки жойлаштиришга бўлган муаллифлик ҳуқуқи тегишлидир. Тузувчи жамлама асарга киритилган асарлардан ҳар бирининг муаллифлари ҳуқуқларига риоя этган тақдирда, муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланади. Агар муаллифлик шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, жамлама асарга киритилган асарларнинг муаллифлари ўз асарларидан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқларини жамлама асардан қатъи назар сақлаб қоладилар. Тузувчининг муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсларнинг ўз жамлама асарларини яратиш учун айни ўша материалларни мустақил равишда танлаб олишларига ёки жойлаштиришларига тўсқинлик қилмайди (Қонуннинг 14-моддаси). Интервью савол-жавоб тарзидаги асар ҳисобланади. Бунда интервью берувчи ва интервью олувчи иштирок этадилар. Интервью ёзувчига бўлган муаллифлик ҳуқуқи ҳаммуаллифлик асосида интервью берган шахс билан интервью ўтказган ёки уни ёзиб олган шахсга, башарти улар ўртасидаги келишувда бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, тегишлидир. Бироқ, интервью ёзувини эълон қилиш, кўрсатиш ёки эшиттиришга интервью берган шахснинг розилиги билангина йўл қўйилади. Муаллифларнинг ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш . Муаллифларнинг ҳуқуқлари ўз мазмунига кўра шахсий номулкий ва мулкий тусдадаги ҳуқуқларга бўлинади. Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, асар муаллифига қуйидаги шахсий номулкий ҳуқуқлар тегишлидир: асар муаллифи деб эътироф этилиш ҳуқуқи (муаллифлик ҳуқуқи); асардан муаллифнинг ҳақиқий исми-шарифи, тахаллусини кўр сатган ҳолда ёхуд исми-шарифини кўрсатмасдан, яъни имзосиз фойдаланиш ёки фойдаланишга рухсат бериш ҳуқуқи (муаллифлик исми-шарифига бўлган ҳуқуқ); асарни ҳар қандай шаклда ошкор қилиш ёки ошкор қилишга рухсат бериш ҳуқуқи (ошкор қилишга бўлган ҳуқуқ), шу жумладан чақириб олиш ҳуқуқи; асарни, шу жумладан унинг номини муаллифнинг шаъни ва қадр- қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқи (муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи). Одатда умумий қоида бўйича муаллифлик шахсий ҳуқуқлари фақат муаллифнинг ўзигагина тегишли бўлади, ҳуқуқлар муаллифдан бегоналаштирилиши ёки бошқача тарзда бошқа шахсга ўтказилиши мумкин эмас. Шу сабабли ҳам муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқ ларни амалга оширишдан воз кечиши ҳақида бошқа бирон-бир шахс билан тузган битим ва муаллифнинг бу ҳақдаги аризаси аҳамиятсиз ҳисобланади ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди. Бундай битимларга нисбатан мутлақо яроқсиз битимларга доир қоидалар қўлланилади. Муаллиф шахсий ҳуқуқлари ичида муаллифлик ҳуқуқи асосий ўринни эгаллайди. Бу ҳуқуқ муаллифнинг бошқа ҳар қандай шахсий ёки мулкий ҳуқуқлари вужудга келиши учун бирламчи асосдир. Асар кимнинг ижодий меҳнати билан яратилган бўлса, ўша шахс асар муаллифи деб эътироф этилади, тан олинади. Муаллиф (ҳаммуаллиф лар)нинг ўзи яратган асарга бўлган муаллифнинг ҳуқуқи бошқа шахс ларнинг айни шу асарга муаллифлик ҳуқуқининг эътироф этилишини истисно этади. Муаллифлик ҳуқуқини эътироф этиш учун асар ижодкорнинг ўз ташаббуси билан ёки буюртма асосида (иш берувчи топшириғига кўра ёки шартнома асосида) яратилганлиги аҳамиятга эга эмас. Бунда энг муҳими муаллифнинг асарни ўз ижодий меҳнати билан яратганлик факти ҳисобланади. Муаллифлик ҳуқуқининг вужудга келиши учун асарни эълон этганлик ёки этмаганлик аҳамиятга эга эмас, бироқ эълон қилинган асарларга нисбатан ўзига хос муаллифлик презумпцияси (презумпция – акси исботланмагунча ҳақиқат сифатида тан олинадиган ҳолат, факт) амал қилади. Бунга асосан асар биринчи марта эълон қилинганда муаллиф сифатида кўрсатилган шахс, башарти унинг муаллиф эмас эканлиги исбот қилиб берилмаган бўлса, асар муаллифи ҳисобланади. Муаллифлик ҳуқуқини белгилашда асар имзосиз ёхуд тахаллус остида эълон қилинганлиги маълум ўзига хосликни келтириб чиқара ди. Асар имзосиз (муаллиф номи кўрсатилмасдан аноним тарзда) босиб чиқарилганда ижодкор бу асар ўзиники эканлигини ошкора-оммавий эълон қилиб, белгиланган тартибда исботлаб бериши лозим. Агарда асар тахаллус остида босиб чиқарилган бўлса (муаллифнинг тахаллуси унинг ким эканлигига шубҳа қолдирмайдиган ҳоллар бундан мустасно, масалан, Ойбек тахаллуси остида чиқарилган асар атоқли адиб Мусо Тошмуҳамедовга тегишли эканлиги барчага аён) ҳам юқоридаги қоида амал қилади. Масалан, «Муштум» журналида 20-йиллари ўз асарларини эълон қилган баъзи ижодкорлар ўнлаб тахаллуслардан фойдаланганлар. Чунончи, Абдулла Қодирий Жулқун бой тахаллусидан ташқари, Баттол, Думбул ва шу каби бир марталик тахаллуслар остида ҳам асарлар эълон қилган. Муаллифнинг номга бўлган ҳуқуқининг моҳияти шундан иборатки, муаллиф (ҳаммуаллифлар) асардан ўз исм-шарифи, тахаллусини кўрсатган ҳолда ё имзосиз ёки шу тарзда фойдаланишга рухсат бериш борасидаги мутлақ ҳуқуққа эгадир. Муаллиф асарни ўз исми-шарифи остида эълон қилганда у тегишли давлат органларида қайд этилган, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспортда ёзилган исм-шарифдан фойдаланади (масалан, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва шу каби ҳолатлар). Асар тахаллус остида эълон қилинганда муаллифнинг исми-шарифини билдирмайдиган шартли сўз бирикмаси остида эълон қилинади. Тахаллус бошқача ном (масалан, Жорж Санд, Комила, Нодира), муаллифнинг туғилган жойи номи (Ал-Бухорий, Қўнғиртов лик, Ал-Хоразмий, Чустий) ёки бирор предмет номи кўринишида бўлади. Мумтоз адабиёт намояндаларининг кўпчилиги тахаллусга эга бўлган. Муаллиф ўзи хоҳлаган тахаллусни танлаш ҳуқуқига эга, бироқ танланадиган тахаллус бошқаларнинг номларини, тахаллусларини улар билан муаллиф шахсини чалкаштиришга олиб келадиган даражада такрорламаслиги, давлатнинг расмий рамзларига айний бўлмаслиги мақсадга мувофиқ ва албатга, одоб-ахлоқ қоидаларига ҳам риоя қилиниши лозим. Асарни ўз исми-шарифи билан, тахаллус остида ёки имзосиз эълон қилиш муаллифнинг ўз шахсий ишидир, унинг ўз хоҳиши-иродасига боғлиқ 21 . Имзосиз ёки яширин тахаллус билан эълон қилиш мотивлари турлича бўлиши мумкин: асарнинг муаллиф шахсини билмаган ҳолда ўқувчи томонидан холисона баҳоланишга имкон бериш, асар бадиий савиясидан кўнгли тўлмаганлиги сабабли ўз исми-шарифи билан эълон қилишдан тортиниш, асарни у ёки бу сабабларга кўра ўз номидан эълон қилишдан келиб чиқиши мумкин бўлган ўзи учун ноқулай оқибатларга йўл қўйилмаслик ва ҳоказо, бироқ асар имзосиз ёхуд яширин тахаллус (яширин тахаллус бу ўринда муаллифнинг шахсини очиқ-ойдин, ошкора ойдинлаштиришга имкон бермайдиган тахаллус маъносида қўлланилмоқда) билан эълон қилинганда муаллиф учун бу асарга нисбатан ўз ҳуқуқларини амалга оширишда маълум миқдорда қийинчиликлар туғдиришини таъкидлаб ўтиш лозим. Муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи мазмуни Қонуннинг 18- моддасида ўз ифодасини топган. Бунга, асосан, муаллиф ўз асарига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда асарга ўзининг розилигисиз бирон-бир шахс 21 Тахаллус остида асар эълон қилиш муаллифнинг хоҳиши-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар ҳақида фактлар ҳам мавжуд. Масалан, совет космонавтикасининг етакчи олими С. П. Королёв, атомшунос олим И. В. Курчатое ва шу кабилар 40—60-йилларда ўз илмий мақолаларини тахаллус остида эълон қилишган. Бу ҳолат уларнинг шахси ҳақида маълумотлар давлат сири эканлиги билан изоҳланади. томонидан ўзгартиришлар ёки қўшимчалар киритилишидан асарни ҳимоя қилиш борасидаги мутлақ ҳуқуққа эгадир. Асарни нашр қилиш, омма олдида ошкора ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш чоғида асарнинг ўзига ҳам, унинг номига ҳам бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллиф-нинг розилиги билангина йўл қўйилади. Муаллифнинг розилигисиз унинг асарини безаклар билан, сўз боши, хотима, шарҳ ёки бирон-бир тушунтиришлар билан нашр этиш тақиқланади. Муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқининг моҳияти шундан иборатки, ҳар қандай ижодий асар ижодкор шахсининг узвий, таркибий қисмидир. Асарда муаллифнинг нафақат ўй-фикрлари, дунёқара ши акс этади, балки асарнинг савияси, даражаси, ижодкорнинг шахсий лаёқати, ижодий қобилияти ҳам мужассамланади. Шу сабабли ҳам асар дахлсизлигини бузиш муаллифнинг шахсига қаратилган ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади. Муаллифнинг вафотидан кейин асарнинг дахлсизлигини ҳимоя қилиш васиятномада кўрсатилган шахс томонидан, бундай кўрсатма бўлмаганида эса, муаллифнинг меросхўрлари, шунингдек, қонунга мувофиқ зиммасига муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юклатилган ваколатли идоралар томонидан амалга оширилади. Асарни ошкор қилишга бўлган ҳуқуқ ўз мазмунига кўра ҳам шахсий, ҳам мулкий характерга эга бўлган ҳуқуқдир. Қонуннинг 18-моддасига асосан, муаллиф номуайян доирадаги шахсларнинг асардан фойдаланишига, танишувига имкон яратиб бериш (ошкор қилишга бўлган ҳуқуқ) ҳуқуқига эгадир. Асарни нашр этиш, омма олдида ижро этиш, оммага намойиш этиш йўли билан ёки бошқача тарзда оммавийлаштириш орқали муаллиф томонидан ёки унинг розилиги билан номуайян доирадаги шахсларнинг асар-дан фойдаланиши учун биринчи бор имконият яратиб берилса, асар эълон қилинган ҳисобланади. Муаллиф айни вақтда асарни эълон қилиш тўғрисида илгари қабул қилинган қарордан воз кечиш (асарни чақириб олиш олиш) ҳуқуқига ҳам эга, бироқ бунда муаллиф асардан фойдаланиш ҳуқуқи ни олган шахсларга бунинг натижасида етказилган зарарни, шу жумладан, бой берилган фойда ўрнини қоплаши шарт. Башарти асар эълон қилинган бўлса, муаллиф асарни қайтариб олганлигини оммага маълум қилиши шарт. Бунда муаллиф асарнинг аввалдан тайёрлаб қўйилган қисмларини ўз ҳисобидан муомаладан олиб қўйишга ҳақпи. Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга. Юридик ва жисмоний шахслар, ушбу қонунда кўрсатилганидан ташқари ҳолларда, асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан, шу жумладан мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан тузилган шартномага биноан ёхуд улар бўлмаган тақдирда, бу ташкилотларнинг вазифалари ва мажбуриятларини бажарувчи ташкилот билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкин. Муаллифнинг асардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини англатади: асарни такрорлаш (такрорлаш ҳуқуқи); асарнинг асл нусхасини ёки нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш йўли билан тарқатиш (тарқатиш ҳуқуқи); асарни барчанинг эътиборига етказиш (барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи); асарнинг асл нусхасини ёки нусхаларини прокатга бериш (прокатга бериш ҳуқуқи); тарқатиш мақсадида асарнинг нусхаларини, шу жумладан мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари эгасининг рухсати билан тайёрланган нусхаларини импорт қилиш (импорт қилиш ҳуқуқи);