logo

Ўзбекистон орографияси ва рельефининг асосий хусусиятлари

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

28.25 KB
Ўзбекистон орографияси ва рельефининг асосий хусусиятлари Режа: 1. Ўзбекистон орографияси ва рельефининг асосий хусусиятлари 2. Тексликлар рельефи. 3. Оқчадарё дельтаси 4. Тоғ олди ва тоғликлар рельефи . 5. Асосий рельеф турлари Ўзбекистон орографияси ва рельефининг асосий хусусиятлари Ўзбекистон ҳудуди ер юзасининг тузилишига кўра икки қисмга бўлинади: тоғолди-тоғлар ва текисликлар. Тоғ олди ва тоғларга республика шарқи ва жануби-шарқидаги тоғ тизмалари, тоғ олди қия текисликлари ҳамда тоғ орлиғидаги ботиқлар, текисликларга эса пасттекисликлар, денудацион текисликлар ва платолар киради. Республикамизнинг шарқий ва жануби- шарқий қисмини Тяншан ва Олой тизмаларининг тармоқлари, ғарбий ва шимоли-ғарбий қисмини Турон текислигининг марказий қисми эгаллаган. Ўзбекистон умумий майдонининг 78,7 % ини текисликлар, 21,3 % ини тоғлар ташкил этади, мамлакатнинг энг паст нуқтаси Мингбулоқ ботиғи бўлса (-12 м), энг баланд нуқтаси Ҳисор тоғининг Қолдирға тизмасидаги Ҳазрати Султон чўққисидир (4643 м). Ўзбекистоннинг ер юзаси асосан шарқ ва жануби-шарқдан ғарб ва шимоли- ғарб томон пасайиб боради. Шу сабабдан ҳам дарёлар шу томонга оқади. Текисликлар яхлит бўлиб Амударёнинг қуйи ва ўрта оқими, Сирдарёнинг ўрта оқими, Зарафшоннинг ўрта ва қуйи оқими атрофидаги ерларни ишғол этган. Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбида Устюрт платоси атрофидаги текисликлардан тик кўтарилган чинклар билан ажралиб туради. Ўзбекистоннинг энг паст ерлари Оролнинг қуриган қисми, Амударёнинг дельтаси, Қизилқумнинг шимоли-ғарбий қисмлари бўлиб, буларнинг океан сатҳидан ўртача баландлиги 30-100 м. Султонувайс, Бўкантоғ, Қулжуқтоғ, Томдитоғлар Ўзбекистон текислик қисмининг энг баланд (900 м.гача) қисмиларидир. Ўзбекистоннинг шарқий ва жануби-шарқий қисмларини эгаллаган тоғ тизмалари Қоржонтоғ, Угам, Писком, Чотқол, Фарғона, Қурама, Нурота, Моргузар, Туркистон, Ҳисор-Зарафшон тизмалари Ғарбий ҳамда Жанубий Тяншан ва Олой тоғ системаларининг тармоқлари бўлиб, уларнинг ўртача баландлиги 2000-2500 метрни ташкил этади. Айрим чўққиларнинг баландлиги эса 4500 м.дан ҳам ошади. Бу тоғ тизмаларини Тошкент- Мирзачўл, Фарғона, Самарқанд, Сангзор, Қашқадарё, Сурхондарё каби тоғ оралиғи ва тоғ олди ботиқлари бир-биридан ажратиб туради. Географик номлар: Тяншан, Олой тизма, Ҳазрати Султон, Султонувайс, Бўкантоғ, Қулжуқтоғ, Томдитоғ, Моргузар, Тошкент-Мирзачўл, Сангзор. Тексликлар рельефи. Ўзбекистоннинг ғарбий текислик қисми рельефининг хусусиятига кўра Устюрт платоси, Қизилқум ва улар орасида жойлашган Орол-Сариқамиш сойлигига бўлинади. Устюрт -тўлқинсимон баланд текислик (плато). Унинг майдони (Ўзбекистонда) 40 минг км 2 , ер юзасининг мутлақ баландлиги қирларида 160- 250 метрни, улар орасидаги қум ва шўрхоклар билан банд пастликларда 50- 80 метрни ташкил этади. Энг баланд нуқтаси Қорабовур қирларида 292 метрга етади. Устюртнинг чеккалари тик жарликлар «чинк» лар билан тугайди. Чинклар учламчи даврнинг оҳактош, мергел ва гилларидан иборат горизонтал қатламлар ҳосил қилган ётқизиқлардан тузилган. Бу ётқизиқлар очилиб қолиб, емирилиб тик ёнбағирлар ҳосил қилган. Чинклар Устюрт платосининг табиий чегараси ҳисобланади. Орол денгизи ғарбий қирғоғи бўйлаб чўзилган шарқий чинкнинг мутлақ баландлиги 180-200 м. Чинкнинг кенглиги бир неча юз метрдан 1,5 км. гача боради. Устюрт платоси сармат оҳактоши, гипси, неоген мергеллари ва палеоген гилларидан ташкил топганлиги учун унда карст рельеф шакллари кўплаб учрайди. Сармат ётқизиқларининг усти 1-1,5 метр қалинликда шағал, қум, чағиртошлар билан қопланган. Устюрт билан Қизилқум оралигида Амударёнинг аллювиал-дельта ётқизиқлари билан тўлган Орол-Сариқамиш ботиғи жойлашган. У Турон пасттекислигининг катта қисмини эгаллаган плиоцен текислиги ўрнида ҳосил бўлган. Қуйи Амударёда ёши ҳар хил бўлган учта аллювиал-дельта текисликлари ажратилади. Булар Сариқамиш, Оқчадарё ва ҳозирги замон дельталаридир. Амударёнинг ҳозирги замон ва ҳаракатдаги дельтаси ва шаклланаётган, яъни Орол бўйи дельтаси қия текислик бўлиб, унинг мутлақ баландлиги юқори қисмида (Нукус яқинида) 73 метр бўлса, Мўйноқ яқинида 53 метр бўлган. Ер юзаси ўзанлар, кўл ўрни ботиқлари, ўзанлараро пастликлар, қум тепалар, канал ва коллекторлар билан парчаланган. Шаклланаётган дельта рельефи ҳозирги замон дельтасидан фарқ қилади, у дельтанинг ғарбий ва марказий қисмини эгаллайди (чегара Қизилжар- Қўшканатоғ- Белтоғ йўналиши бўйлаб ўтади), у ерда 1960 йилларгача бўлган сув тошқинларининг излари сақланиб қолган. Булар ёш ётқизиқлар ва ўзанлар, ўзанлараро пастликлардан иборат. Ҳозирги кунда бу ерда денгизнинг чекиниши ва дельтадаги гидрографик режим ўзгариши билан чўллашиш авж олмоқда, рельефнинг шаклланишида дефляция кучайиб бормоқда. Амударё ҳозирги замон дельтасининг шарқий қисмини кўп йиллардан бери сув босмаган. Шунинг учун бу ер рельефининг шаклланишида шамол ишининг таъсири катта. Шамол бу ердаги пастликларни тўлдириб, анча текислаб юборган, бу ерда қум рельефи шакллари кенг тарқалган. Географик номлар: Турон пасттекислиги, Орол-Сариқамиш ботиғи, Оқчадарё, Нукус, Қизилжар, Қўшканатоғ, Белтоғ. Оқчадарё дельтаси Нукус шаҳридан шимоли-шарқроқда, Тўрткўл воҳасида жойлашган. Жануб ва шарқ томонда Қизилқум билан ўралган. Шимолда Белтоғ билан чегарадош. Дельта Оқчадарёнинг тор водийси орқали қўшилиб турадиган шимолий ва жанубий қисмларга бўлинади. Дельтанинг текис юзасида баландлиги 3-5 м. бўлган айрим қум дўнглари ва грядалари кўтарилиб туради. Дельтанинг ясси тақирли юзасини қуруқ ўзанлар кесиб ўтган. Дельта текислиги қумли аллювиал ётқизиқлар билан қопланган, аллювиал қатламнинг қалинлиги 20-25 м. энг қалин жойда 30 метргача боради. Унинг юқори 1,5 метрли қисми жуда ҳам зич гиллардан иборат. Сариқамиш дельтаси Амударёнинг чап соҳилида Туямўйин тангиси билан Манғит қишлоғи оралиғида жойлашган бўлиб, Хоразм воҳасини ўз ичига олади. У ғарбда Сариқамиш ботиғи томон чўзилган. Дельта юзаси текис, ўзанлар билан парчаланган ва шимол ҳамда ғарбга томон бироз қия. Йирик каналлар қурилиши натижасида юзага келган марза (қирғоқ) тепалар, чуқурлиги 1,5 метргача борадиган каналлар, улар оралиғидаги пастликлар дельта рельефи учун хосдир. Ариқлар оралиғидаги паст ерларга зовур сувларини ташлаш оқибатида кўллар, ботқоқликлар, шўрхоклар вужудга келган. Рельеф Довдон билан Дарёлик орасидаги ўзлаштирилмаган қумли ерларда табиий ҳолда сақланиб қолган. Орол денгизининг қуриб, чекиниши оқибатида унинг жанубий қисмида Орол қум текислиги вужудга келди. Ҳозирги кунда бу жойда ер юзасининг ҳолатига кўра эски қирғоқ билан шу кундаги қирғоқ ўртасида бир-биридан фарқ қилувчи иккита минтақа кўзга ташланади. Биринчиси кенглиги 10-20 км гача бўлган қумли текислик, иккинчиси ундан денгиз томон давом этадиган шўрхок текисликдир. Қумли текислик асосан шамолнинг таъсирида денгиз остидаги қумларнинг ҳаракатга келиши туфайли пайдо бўлган ва бу ерда дўнг қумлар ҳамда барханлар шаклланган. Қумли минтақадан шўрхок текисликка ўтиладиган камбар ерда кичик-кичик қум уюмлари вужудга келган. Бу қумлар шамол таъсирида асосан шимоли-шарқдан жануби-ғарбга томон силжимоқда. Барханлар Мўйноқ, Ажибой қўлтиғи, чинкёни қуриган текисликлар учун хосдир. Бархан қумликларининг кенглиги Мўйноқ қўлтиғининг қуриган қисмида 4 км. гача боради. Олиб келиб ётқазилган қумларнинг қалинлиги унча катта бўлмаганлиги учун барханлар майда ва ўртача бўлиб, баландлиги асосан бир метр, айрим ерларда икки метргача етади, Чинк ёнида эса 0,5-0,6 м. дан ортмайди. Дўнг қумлар Рибачье, Ажибой қўлтиқларининг қуриган қисмида тарқалган. Улар ўсимликлар билан мустаҳкамланган, баландлиги 2 м.гача боради. Бу ерларда майда қум дўнглари кўп учрайди. Шўрхок минтақа текисликдан иборат, юзаси денгизнинг марказий ва ғарбий қисмига томон пасайиб боради ва бу ердаги чуқурлиги 0,5-0,6 метргача борадиган майда ботиқчалар текислик рельефини бироз баланд-паст қилиб туради. Қумли минтақадан денгизнинг ҳозирги қирғоғига яқинлашган сари сизот суви чуқурлигининг ўзгаришига қараб, аввалига бўрсилдоқ, кейин қатқалоқ, ўтлоқ ва ботқоқ шўрхоклар ўзаро алмашиниб боради. Денгизнинг қуриган қисми учун ер юзасининг ёрилиши хосдир. Грунтдаги намнинг кучли буғланиши ва унинг тез қуриши натижасида грунт зичлашади ва унинг юзаси ёрилади. Ёриқлар ўзига хос 5-6 бурчакли шакллар ҳосил қилади ва уларнинг узунлиги 20см. дан 200-300 см. гача, чуқурлиги 15 см. гача, кенглиги эса 8см . гача боради. Эскирган ёриқлар кўп жойларда ўсимлик қолдиқлари, қумлар, чиғаноқлар билан тўлиб қолган. Денгизнинг қуриган қисмида ўта шўр грунт ҳар қандай ўсимлик ўсиши учун имкон бермайди. Қизилқум -Амударё, Сирдарё ҳамда Зарафшон дарёларининг қуйи ва ўрта оқимлари орасида жойлашган. Шимолда у Орол денгизи қирғоқларига бориб тақалади. Унинг ғарбий кичик қисми Ўзбекистонга қарайди. Қизилқумдаги асосий рельеф шакллари пасттекислик, ясси ва паст тоғлардан, турли хил қум рельефи шакллари ва ботиқлардан иборат. Чўлнинг ўртача баландлиги 200-300 м, ясси ва паст тоғларнинг мутлақ баландлиги 400-900 метрни ташкил этади. Қизилқумнинг энг баланд ери 922 метр . Томдитоғдаги Оқтоғ чўққиси 922 м бўлса, энг паст ери туби денгиз сатҳидан 12 м пастда жойлашган Мингбулоқ ботиғидир. Ясси тоғлар Қизилқумнинг шимоли-ғарбий қисмида (Султон у вайс), марказида ва жануби-ғарбида жойлашган. Улар герцин тоғ бурмаланиши босқичида кўтарилган ва мезозой эрасидан бошлаб ҳозирги пайтгача нураш таъсирида емирилиб, ясси, паст тоғларга айланиб қолган. Уларнинг ёнбағирларида жарлар кўп учрайди, этакларини пролювиал текисликлар эгаллаган, тоғларнинг орасида турли катталикдаги ботиқлар мавжуд. Мингбулоқ, Оёқоғитма, Қорақота, Кўлқудуқ, Оқжетпас, Довудбой Қизилқумдаги йирик ботиқлардир. Ботиқлар ҳам Қизилқумда кенг тарқалган рельеф шакллари ҳисобланади. Қизилқумда қум рельефи шакллари асосан, қатор қум тепалардан, қисман бархан ва қум дўнгларидан иборат. Қатор қум тепалар энг кўп тарқалган рельеф шакли ҳисобланиб, улар меридиан йўналишида чўзилган. Қумлар кўп жойларда ўсимликлар билан мустаҳкамланган. Барханлар чўлнинг инсон хўжалик фаолияти таъсири кўпроқ бўлган жойларида, хусусан Амударё яқинларида учрайди. Гилли аллювиал текисликлар қуруқ ўзанлар атрофида, айниқса Қувондарё, Жонидарё атрофида катта майдонларни эгаллайди. Бундай гилли, қумоқ ерлар орасида тақирлар ҳам мавжуд. Тақирлар Қизилқумнинг жанубида, дўнг ва қатор қум тепалари орасидаги пастликларда тарқалган. Географик номлар: Оқчадарё, Тўрткўл воҳаси, Сариқамиш дельтаси, Туямўйин тангиси, Манғит қишлоғи, Мўйноқ, Ажибой қўлтиғи, Рибачье, Қизилқум-Амударё, Томдитоғ, Оқтоғ чўққиси, Оёқоғитма, Қорақота, Кўлқудуқ, Оқжетпас, Довудбой, Қувондарё, Жонидарё, Довдон. Тоғ олди ва тоғликлар рельефи . Ўзбекистон тоғли қисми рельефининг асосий хусусияти-бу тоғ тизмалари билан тоғ оралиқ ботиқлари билан ғарбга очиқ ва шу томонга баландлиги пасайиб борадиган тоғ олди текисликларининг ёнма-ён жойлашганлигидир. Тоғли ҳудудда орографик тузилишига кўра 1) тоғ системалари, 2) тоғ оралиғи ва тоғ олди ботиқлари ажратилади. Ўзбекистонда Тяншян таркибига кирувчи Чотқол-Қурама, Нурота- Туркистон, Ҳисор-Зарафшон тоғ системалари ажратилган. Чотқол-Қурама тоғ системаси- республикамизнинг шимоли-шарқида жойлашган бўлиб, Угам, Қоржантоғ, Писком, Чотқол ва Қурама тоғ тизмаларидан иборат. Бу тоғ тизмаларининг ҳаммаси Талас Олатоғининг тармоқлари бўлиб, ундан бир-бирига параллел ҳолда жануби-ғарб томон йўналганлар. Бу системадаги энг баланд тоғ тизмаси Чотқол. Унинг мутлақ баландлиги 4069 м. Бошқа тизмалар пастроқ бўлиб, баландлиги Пискомда 3700 м га, Қурамада эса 3769 метрга етади. Системанинг ғарбдаги энг чекка тармоғи бўлган Угам тизмасининг ўртача баландлиги 3000 м атрофида. Энг баланд ери Сайрам чўқисси (4236). Бу тоғ тепалари қояли, камбар ёнбағриларида чуқур жарликлар кўп. Фақат дарё ёқаларида ўр-қир терассалар бор. Тизмалар бир неча тармоқларга бўлинган. Бу тизим ғарбий тоғ ёнбағрининг ўрта қисмида Қоржантоғ ажралиб чиқади. У емирилиб анча пасайиб қолган. Ўртача баландлиги 2000 метр, энг баланд чўқиси Мингбулоқ 2834 метрдир. Писком тизмасининг фақат ғарбий ёнлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. У камбар, қояли тоғ бўлиб, Писком дарёси водийси устидан тик кўтарилиб туради. Чотқол тизмаси Ғарбий Тяншаннинг энг катта тармоқларидан ҳисобланади. Ўзбекистонда унинг жануби-ғарбий қисқа ва паст қисми жойлашган. Чотқол тизмаси Чапчама тоғ тугумидан ғарбда бир мунча паст тизмалар ва текис баланд платолардан иборат. Шундай платолардан бири Қизилнура ва Қурама тоғлари орасида жойлашган Оҳангарон платоси бўлиб, унинг баландлиги 2500-3400 метрга боради. Ер юзаси Оҳангарон ва Ғовасойнинг чуқур даралари билан ўйилган. Чотқолда Чапчама тоғ узелидан жануби-ғарб томонга Қурама тизмаси ажралиб чиққан. Унинг ўртача баландлиги 2000 м, энг баланд чўққиси эса 3769 метрга тенг. Тизманинг шимолий ёнбағри платосимон текис бўлиб, Оҳангарон водийсига қия тушади. Қурамага жануби-ғарбда қояли, анча емирилиб, пасайиб қолган Мўғилтоғ туташган. Нурота-Туркистон тоғ системаси Ўзбекистоннинг жануби-шарқида жойлашган. Ўзбекистонда Туркистон тизмасининг фақат ғарбий чекка қисми ва унинг давоми ҳисобланган, унча баланд бўлмаган Нурота тоғининг тармоқлари жойлашган. Системага кирувчи тоғларнинг мутлақ баландлиги унинг шарқида Моргузар тизмасида 3000 метрдан ошади, ғарбида Нурота тармоғи-Ақтоғда эса 2000 метрни ташкил этади. Бу тоғлар унчалик парчаланиб кетмаган, айрим тизмалар унчалик катта бўлмаган тоғ оралиги ботиқлари билан бир-бирларидан ажралган. Ғаллаорол Қўйтош, Нурота тоғ оралиги ботиқлари рельефи тўлқинсимон ўр-қирли, тоғ олди текисликларига ўхшайди ва мутлақ баландлиги ғарбида 800 метрдан шарқига томон 400 метргача пасайиб боради. Туркистон тизмасининг Фарғона водийсидаги шимолий ёнбағри кенг, кичик тоғ тармоқларидан, қия текисликлардан, чуқур дарё водийларидан иборат. Тизманинг жанубий ёнбағри қисқа, у Зарафшон водийси устидан тик кўтарилиб туради. Туркистон тизмаси Сангзор дарёсининг бошланиш жойида иккита тармоққа, шимоли-ғарбга йўналган Моргузар, ғарбга чўзилган Чумқор тоғларига бўлинади. Нурота тоғлари баланд бўлмаган тизмалардан иборат бўлиб, унинг энг баланд ери-Ҳаётбоши чўққисининг мутлақ балндлиги 2169 метрга етади. Бу тизманинг шимолий ёнбағри қамбар, тик, кичик дарёлар ва жуда кўп қуруқ сойлар билан парчаланган, асосан тошлоқлардан иборат, жанубий ёнбағри эса унга нисбатан қияроқ, кам парчаланган. Зарафшон водийсига аста-секин пасайиб боради. Тоғ тепаларида ялангликлар кўп. Ҳисор-Зарафшон системаси Туркистон-Нурота тоғ системасининг жанубида жойлашган. Бу системага кирувчи тоғ тизмалари чуқур ўйилганлиги, эрозиянинг кучлилиги, тепа қисмининг қоялиги, ёнбағирларининг асимметриклиги, доимий ва вақтинча оқар сувлар билан парчаланганлиги билан бошқа тоғ системаларидан ажралиб турадилар. Ҳисор-Зарафшон системасига кирувчи тоғлар орасида энг баланди Ҳисор тизмаси ҳисобланади. Унинг энг баланд чўққиси Ҳазрати Султоннинг мутлақ баландлиги 4643 м. Ҳисор тизмасининг жанубий ёнбағри кенг, тоғ олди қияликлари ва платолари кўп. Уларни дарё водийлари кесиб ўтган. Ҳисор тизмасидан жануби-ғарбга томон Бойсунтоғ, Яккабоғ, Ғузор, Кўҳитангтоғ, Сурхонтоғ, Боботоғ тизмалари тарқалган. Бу тизмаларда қояли ёнбағирларни чуқур водийлар кесиб ўтган. Кўҳитангтоғнинг ғарбий ёнбағрида карст рельефи шакллари кенг тарқалган. Ўзбекистонга Зарафшон тизмасининг ғарбий тармоқлари кириб келган. Булар Чақилкалон ва Қоратепа тоғлари бўлиб, Чакилқалон Тахтақорача давонидан шарқда, Қоратепа эса ғарбда жойлашган. Чакилқалоннинг энг баланд чўққиси 2388 м, тоғнинг сувайирғичи қояли, жанубий ёнбағри жуда тик, қояли, бу ерда нураш натижасида ҳосил бўлган сочилма жинслар- қурумлар кўп. Шимолий ёнбағри тоғ ўрмонлари билан қопланган. Қоратепа тоғлари анча паст ва ясси тоғ тармоқларидан иборат бўлиб, энг баланд чўққиси-Камқўтоннинг баландлиги 2197 м. Зарафшон тизмасининг энг ғарбий қисми унча баланд бўлмаган Зиёвуддин-Зирабулоқ тоғларидан иборат. Бу тоғларнинг баландлиги 400- 600м бўлиб, энг баланд чўққиси 1115 метр, сувайирғичи анча текис, тик қоялар деярли учрамайди. Географик номлар: Чотқол-Қурама, Нурота-Туркистон, Ҳисор- Зарафшон, Талас Олатоғи, Сайрам, Чапчама, Оҳангарон платоси, Ғовасой, Мўғилтоғ, Ақтоғ, Сангзор, Чумқор тоғ, Бойсунтоғ, Яккабоғ, Ғузор, Кўҳитангтоғ, Сурхонтоғ, Боботоғ, Кўҳитангтоғ, Чакилқалон, Тахтақорача давони, Қоратепа тоғ, Зиёвуддин-Зирабуло.қ Тоғ оралиги ва тоғ олди ботиқлари . Булар тоғ дарёларининг конуссимон ёйилмаларидан ҳосил бўлган, рельефи тўлқинсимон, ўр-қирли қия тоғ олди текисликларидан ва йирик дарёларнинг юзаси бироз қия террасаларидан иборат текисликлардир. Ўзбекистондаги энг катта тоғ оралиги ботиқларидан бири Фарғона водийсидир. Водийни ғарбда Мўғилтоғ, шимоли-ғарбда Қурама, Чотқол, шарқда Фарғона, Отўйноқ, жанубда Туркистон ва Олой тоғ тизмалари ўраб туради. Водий фақат ғарб томонда торгина (эни 9-40км.) «Хўжанд» йўлаги орқали Далварзин ва Мирзачўл текисликларига туташиб кетади. Ер юзаси Ўзбекистон қисмида паст-баланд текисликдан иборат, водий шарқдан марказига ва ғарбга томон пасайиб боради (Кампироватда 812м.дан Хўжандда 320 м.гача ). Фарғона ботиғини ўраб турган адирларнинг денгиз сатҳидан баландлиги 600-1200м. Адирлар ортидаги тоғ олди (1200-2000м) ва тоғ зонаси (2000-5000м.) қўшни давлатлар ҳудудида жойлашган. Фарғона водийсини Сирдарё бир-бирига тенг бўлмаган икки қисмга-шимолий ва жанубий қисмларга бўлиб туради. Жанубий Фарғона кенг тоғ олди текисликлари ва Сирдарёнинг учинчи террасасидан иборат. Шимолий Фарғонада эса тоғ олди текислиги жуда энсиз, дарёнинг учинчи террасаси умуман йўқ. Тоғ олди текислигини Сирдарё ўзани кесиб ўтиб, баландлиги 20 метрлик жарлик орқали дарёнинг иккинчи таррасаси билан қўшилган. Фарғона ботиғи атрофини лёссли баланд текисликлар-адирлар ўраб туради. Улар неоген ва тўртламчи даврларда ҳосил бўлган конгломерат, қумтош, мергел ва қумоқлардан ташкил топган бўлиб, усти лёсс ва лёссимон қумоқлар билан қопланган. Адир тепалари сойлар, қуруқ жарлар билан парчаланган. Водийнинг шимоли-ғарбида ва жануби-шарқида адирлар паст тоғлардан адир орти ботиқлари билан ажралиб туради. Бу ботиқлар тоғлардан оқиб тушаётган сойларнинг конуссимон ёйилмалари билан қопланган. Тошкент атрофи тоғ олди ботиғи Чотқол, Қурама, Туркистон, Нурота тоғлари орасида жойлашган бўлиб, шимоли-ғарбда Қизилқум билан аста қўшилиб кетади. Ботиқнинг шарқида ва жанубида алоҳида-алоҳида турган адирлар мавжуд. Ботиқ рельефида тоғларга ёндашган, юзаси тўлқинсимон текисликлар ва Сирдарё, Чирчиқ ҳамда Оҳангарон дарёларининг юзаси текис террасалари ажралиб туради. Чирчиқ-Оҳангарон водийсида қайир усти террасалари мавжуд. Улар ичида катта майдонни 1- ва 4- терраса эгаллайди. 1-террасанинг мутлақ баландлиги Қибрай шаҳарчаси яқинида 512 м., Чирчиқнинг қуйилиш жойида 170 м.га тенг. 1-ва 4-қайир усти террасаларининг қайирдан баландлиги 1-7 метрни ташкил этса, қадимги 4- терраса баландлиги 20 метрга, айрим ерларда 40 метрга етади. Сирдарёнинг чап соҳилида жойлашган Мирзачўл текислиги Сирдарёнинг 3-террасасидан иборат. У дарё қайиридан 2-3 ва 8-10 м кўтарилиб туради. Текисликнинг юзаси деярли текис бўлиб, шимоли-ғарбга томон бироз пасайиб боради. Рельефида ёнбағри жуда ҳам кам қияликка эга бўлган иккита паст текислик- Сардоба ва Шўрўзак ўзансимон текисликлар ажралиб туради. Жанубдан Мирзачўлга тўлқинсимон тоғ олди қия текисликлар ёндошиб келади. Улар Туркистон тоғ тизмасидан оқиб тушадиган Сангзор, Зоминсув ва бошқа дарё ҳамда сойларнинг конуссимон пролювиал ёйилмаларидан, ҳудудни жанубдан ўраб турган тоғларнинг делювиал-пролювиал шлейфларидан ташкил топган. Тоғ олди текисликларининг Сирдарёнинг 3қтеррасаси билан қўшилган ерида кенг шўрхок зона мавжуд. Тошкент тоғ олди ботиғида пайдо бўлиши ва гипсометрик белгиларига қараб структурали-эрозион, скульптура-эрозион, эрозион-аккумулятив ва эол-аккумулятив рельеф типларини ажратиш мумкин. Зарафшон тоғ оралиги ботиғи Нурота ва Зарафшон тоғ тизмалари оралиғида жойлашган. У уч томондан тоғлар билан ўралган. Зарафшон ботиғининг узунлиги 180 км.га, кенглиги 10-60 км.га тенг бўлиб, туби шимоли-ғарбга томон аста пасайиб боради. Ботиқнинг мутлақ баландлиги жануби-шарқида 720 м.ни, шимоли-ғарбида 280 м.ни ташкил этади. Ботиқ ғарбда Ҳазора дараси орқали Қизилқум билан туташган. Зарафшон водийси ботиқнинг ўртасида жойлашган, кенглиги 10-30 км. Энг катта майдонни қайирдан 7-10 м юқорида жойлашган 2-терраса эгаллайди. 3-террасанинг 2-террасадан баландлиги 10-18 м келадиган тик жарликлар билан ажралиб туради. Бу терраса юқори томонида ўр-қир рельефли тоғ олди текисликлари билан аста-секин қўшилиб кетади. Ботиқнинг шарқий қисмини Зарафшон дарёсининг конуссимон ёйилмаси эгаллаган. Китоб-Шаҳрисабз ботиғи Ҳисор ва Зарафшон тизмаларидан ажралиб чиққан тармоқлар орасида жойлашган. У ғарбга томон кенгая боради, туби тўлқинсимон текисликдан иборат бўлиб, бу текислик ғарбга ва ўз марказига томон пасайиб боради. Текисликни жуда кўп дарё водийлари, қуруқ сой ва ўзанлар кесиб ўтиб, парчалаб юборган. Жануби-шарқда текислик аста-секин кўтарилиб бориб, Ҳисор тоғининг паст тармоқларига туташиб кетади. Сурхондарё тоғ оралиги ботиғи Бойсун ва Боботоғ тизмалари орасида жойлашган. Шимоли-шарқдан жануби-ғарбга чўзилган ва жанубда Амударё водийсига туташган. Ботиқ кенг, юзаси тўлқинсимон, айрим ерларда зинапояли. Ботиқ марказга ва жануби-ғарбига томон пасайиб борадиган текисликдир. Унинг деярли ўртасида Сурхондарё водийси жойлашган. Унинг кенглиги 3-5 км. 1 ва 2қтеррасалари яхши ривожланган ва кўзга яққол ташланиб туради. Сурхондарёнинг қайир усти учинчи ва тўртинчи террасалари унча катта майдонларни эгалламайди ва уларнинг нисбий баландлиги 4-10 ва 10-20 метрни ташкил этади. Водийнинг мутлақ баландлиги тоғдан чиқиш ерида 700 метрни, Амударё водийсига туташган ерида 300 метрни ташкил этади. Ботиқнинг ғарбида Сурхондарёнинг ирмоқлари конуссимон йирик ёйилмалар ҳосил қилган. Шеробод дарёси ёйилмасини дарё ирмоқлари кесиб ўтиб, 20 метр чуқурликкача ўйиб юборган. Жанубда Сурхондарё водийси Амударё водийсини кесиб ўтиб баландлиги 22 метргача бўлган остона (жарлик) ҳосил қилган. Ботиқнинг жанубида тоғ олди текисликларида баландлиги 100 метргача бўлган Ховдоғ, Учқизил, Кокайти, Оқтоғ баландликлари бор. Ботиқнинг жануби-шарқий қисми қум массивидан иборат. Шимолий ва Жанубий Нурота тоғлари орасида Ғаллаорол, Қўйтош, Нурота, Арнасой тоғ оралиги ботиқлари жойлашган. Улар республикамиздаги бошқа кўпчилик ботиқлардан дарё водийларининг йўқлиги билан ажралиб туради. Фақат Ғаллаорол ботиғида Сангзор дарёсининг унча катта бўлмаган террасалари мавжуд. Бошқа ботиқларда рельеф тўлқинсимон текисликлардан иборат. Бу ботиқларнинг мутлақ баландлиги шарқида 800 метрдан ғарбида 400 метргача пасайиб боради. Географик номлар: Мўғилтоғ, Хўжанд, Далварзин, Кампироват, Оҳангарон, Чирчиқ-Оҳангарон водий, Сардоба, Шўрўзак, ўзансимон текислик, Сангзор, Зоминсув, Нурота, Китоб-Шаҳрисабз, Бойсун, Боботоғ, Ховдоғ, Учқизил, Кокайти, Оқтоғ, Ғаллаорол, Қўйтош, Нурота, Арнасой. Асосий рельеф турлари Ўзбекистоннинг текисликлари рельефи тектоник, абразион, эррозион- аккумулятив ва эол жараёнлар таъсирида шаклланган. Энг кўп тарқалган рельеф тури аккумулятив текисликлардир. Улар ер пўстининг янги чўккан ёки секин кўтарилаётган қисмларига хос бўлиб, Оролбўйининг катта қисмини, Қизилқумнинг шимолий қисмини эгаллаган. Бу текисликлар тоғларнинг этаклари бўйлаб чўзилган минтақа ҳосил қилади. Платосимон текисликлар ва платолар нисбатан ёшроқ аккумулятив текисликлардан 100-200 м баланд бўлиб, емирилиши қийинроқ бўлган сармат оҳактошларидан ташкил топган. Бу рельеф тури Ўзбекистоннинг шимоли- ғарбида тарқалган, унга Устюрт киради. Устюрт платоси атрофидаги текисликлардан тик баландлиги 150 метргача бўлган ёнбағирлар-чинклар билан ажралган, улар тектоник, денудацион ва абразион жараёнлар натижасида вужудга келган. Ўзбекистоннинг текислик қисмидаги қолдиқ паст тоғлар, қатор тепалар Ҳисор-Манғишлоқ ёриғи бўйлаб жойлашган. Бу рельеф турига Қизилқумдаги тоғлар, СултонЎвайс тоғи киради. Ўзбекистон текисликларида энг кўп тарқалган рельеф тури-қатор тепалардир. Улар Қизилқумнинг тўртламчи давр увоқ жинслари, асосан қумлари учун хосдир. Қум тепалари аллювиал ётқизиқларнинг шамол таъсирида қайта ётқизилиши натижасида пайдо бўлган. Ўзбекистон тоғлари рельефи шаклларида геологик тараққиёт тарихи, ҳозирги замон тектоник ва эрозион-аккумулятив жараёнлар ҳамда геологик ётқизиқлар таркиби ўз аксини топган. Ўзбекистонда альп минтақасига хос рельеф шакллари ҳам учрайди. Уларнинг шаклланиши янги тектоник ҳаракатларнинг рўй бериши, музликлар таъсири ҳамда совуқдан нураш билан боғлиқ. Бу рельеф тури учун ҳудуднинг чуқур парчаланганлиги, нисбий баландликдаги фарқларнинг катталиги, ёнбағирларнинг калта, тик эканлиги, чўққиларнинг қояли бўлиши хос. Музлик таъсирида вужудга келган рельеф шакллари билан бирга бу ерда ўзига хос чуқур ва тор троглар (музлик ҳосил қилган водий), паст-баланд морена уюмлари ҳам учрайди. Альп рельефи шакллари ҳозирги замон музликлари тарқалган Писком, Чотқол, Ҳисор, Зарафшон тизмаларида учрайди. Ўзбекистондаги ўртача баландликдаги ва паст тоғларда (Нурота, Кўҳитантоғ, Қурама, Мўғилтоғ, Моргузор, Қоратепа, Боботоғларда) бу типдаги рельеф шакллари йўқ. Эрозион рельеф шакллари тоғларда кенг тарқалган. Бундай рельеф асосан қадимда пайдо бўлган текис юзаларни сув оқимлари емириб, парчалаб юбориши натижасида вужудга келади. Ўртача баландликдаги тоғларда қия ёнбағирли, чуқур ўйилган водийлар, даралар кўп учрайди. Вертикал парчаланиш 400 метрдан 1000 метргача боради. Ўзбекистон тоғлари эрозион рельефи, вертикал парчаланиши, ёнбағирларининг қиялиги ва водийлари туби кенглигининг ҳар хил эканлиги билан бир-биридан фарқ қилади. Паст тоғлардаги эрозион рельеф тоғлик ҳудудларнинг чекка қисмларига мансуб. Унча баланд бўлмаган тоғлар ёнбағирларининг қиялиги 10-15 0 бўлиб, ёнбағирлар дарёларнинг кенг водийларига қўшилиб кетади. Ёнбағириларнинг кўп ерида қадимги террасалар анча кўп сақланиб қолган. Тоғларнинг усти кўпинча анча кенг ва ясси. Паст тоғлар аста пасайиб бориб, тоғ олди аккумулятив текисликларга қўшилиб кетади. Тоғ оралиғидаги ботиқларнинг рельефи аккумулятив бўлиб, узоқ вақт давомида сув ва шамол келтирган нуроқ жинсларнинг ботиқ ерларда тўпланиши натижасида вужудга келган. Ботиқларнинг чеккаларида қияроқ пролювиал текисликлар жойлашган, улар тоғлардан оқиб тушаётган дарёлар ёйилмаларининг қўшилиб кетишидан ҳосил бўлган. Пролювиал текисликларнинг чекка қисмлари жарлар ва вақтинча оқар сувларнинг тор водийлари билан парчаланиб кетган. Бу пролювиал қир ва баланд текисликлар маҳаллий географик термин билан адир деб аталади. Ўзбекистон тоғларида рельеф ҳосил қилувчи жараёнлар ҳозирги вақтда ҳам жадал давом этмоқда. Нураш натижасида майдаланган тоғ жинсларининг ёнбағир бўйлаб юқоридан пастга сел, қор кўчкилари, вақтинча оқар сувлар, гравитация ёрдамида силжиши айниқса жадал рўй бермоқда. Ўзбекистонда баландлик минтақаланиш муайян даражада акс этган қуйидаги геоморфологик гуруҳларни ажратиш мумкин. 1. Эрозион парчаланган тоғ олди сертепа-жарлик рельефи шакллари: 2. Юмшоқ чўкинди жинслар кўп тарқалган жойлардаги скульптура текислик рельефи шакллари: 3. Нивал минтақанинг альп рельеф шакллари: 4. Тоғ оралиғи ботиқларида кенг тарқалган аккумулятив рельеф шакллари. Ўзбекистоннинг текислик қисмида атрофдаги тоғлардан сув оқизиб келтирган бениҳоя кўп жинсларнинг тўпланганлиги, эол рельеф шаклларининг кенг тарқалганлиги ва ҳудудимизнинг гидрографик берк ўлка эканлиги натижасида бу ерда кўп миқдорда туз тўпланиб қолган. Текисликларда геологик тараққиётнинг сўнгги икки босқичи-босқичи ва континентал босқичларига мос равишда текисликлар рельефида иккита баландлик босқичи ажратилади. Денгиз босиши босқичида пайдо бўлган ҳудудлар бирмунча баланд бўлиб, ер юзаси учламчи даврнинг карбонатли денгиз ётқизиқларидан таркиб топган (Устюрт), неоген денгизи чекинганидан сўнг денудацион жараёнлар таъсирида камроқ ўзгарган. Дастлабки рельефдаги асосий ўзгаришлар йирик берк ботиқларнинг пайдо бўлишида акс этган. Бу ботиқлар тектоник, суффозион ва эол жараёнларнинг биргаликда таъсири оқибатида вужудга келган. Асака-Овдон, Борсакелмас ва бошқа ботиқлар ана шундай йирик ботиқлардир. Узун чўзилган айрим депрессиялар (Жанадарё ва бошқалар) шамол таъсирида ўзгарган қуруқ ўзан ёки тектоник ботиқлардан иборат. Уларнинг туби кўпинча тақир ва шўрлар билан банд бўлади. Континентал босқичда атрофдаги тоғлардан оқиб тушган дарё ётқизиқлари тўпланишидан вужудга келган текисликларни тадқиқотчилар ёшига қараб икки тур текисликка- бироз баланд,-учламчи давр континентал ётқизиқларидан иборат қадимги текисликлар ҳамда тўртламчи даврнинг шамол жуда тўзитиб юборган қум-гил континентал увоқ жинслардан тузилган бирмунча ёш текисликларга ажратадилар. Географик номлар: Ҳисор-Манғишлоқ, Нурота, Кўҳитантоғ, Қурама, Мўғилтоғ, Моргузор, Қоратепа, Боботоғ, Писком, Чотқол, Асака-Овдон, Борсакелмас. Адабиёт 1. Каримов И.А. Ўзбекистон ХХ I аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. Тошкент, Ўзбекистон, 1997. 2. Акромов З.М., Рафиков А.А. Прошлое, настояҳее и будуҳее Аралского моря. Ташкент, 1990. 3. Атлас Узбекской Республики. Часть первая. Москва-Ташкент, 1982. 4. Бабушкин Л.Н. Когай Н.А., Зокиров Ш.С. Агроклиматические условия сельского хозайства Узбекистана. Ташкент, Меҳнат, 1975. 5. Бабушкин Л.Н., Когай Н.А. Физико-географическое районирование Узбекской Республики. Трудў ТашГУ. Нов.серия. Вўп 231.Географические науки., кн.27. Ташкент, 1964. 6. Баратов П. Ўзбекистон табиий географияси.Тошкент. Ўқитувчи, 1996.