logo

Билиш назариясининг ўзига хос хусусиятлари. Билиш назарияси фалсафий фан сифатида

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

93 KB
Билиш назариясининг ўзига хос хусусиятлари. Билиш назарияси фалсафий фан сифатида Режа: 1. Билиш назарияси фалсафий фан сифатида. 2. Билишда субъект ва объектнинг ўзаро алоқаси. 3. Билиш фаолият тури сифатида. 4. Билишдаги қарама-қаршиликлар. Билиш назарияси фалсафий фан сифатида. Билиш назарияси борлиқ ва билиш ривожланишининг умумий қонунлари ҳақидаги таълимот У мантиқ (унинг ҳар хил кўринишлари) ва методология билан узвий боғлиқ. Билишнинг субъекти, «ўзаги» инсон бўлганлиги туфайли, у фалсафий антропология, ахлоқ, шунингдек маданиятшунослик, социология ва инсон ҳақидаги бошқа фанларнинг маълумотларидан кенг фойдаланади. Билувчи субъект шахсини ўрганишда билиш назарияси психология, физиология, нейро-физиология, тиббиёт маълумотларига таянади. Математика, кибернетика, табиий ва ижтимоий фанлар, тарих, фан фалсафаси ва бошқа фанлар умумий хулосалар чиқариш учун кўп ва ранг- баранг материал беради. Билиш назариясига таяниш биринчидан, билиш жараёни доим маълум ижтимоий-маданий контекстда юз бериши, иккинчидан, бугунги кунда гносеологиянинг ижтимоийлашуви омили кучайиб бораётганлиги учун зарур. Гносеология ўз муаммоларини ўрганиш, ўз концептуал мазмунини яратишда юқорида зикр этилган манбаларга таяниши лозим. Бироқ бунда уларнинг бирортасини ҳам камситиш ёки мутлақлаштириш ярамайди. Масалан, билиш назариясини фақат математик (Декарт) ёки табиий-илмий билим (мантиқий позитивизм) таҳлили асосида тузиш бирёқлама, демак, янглиш иш кўриш демакдир. Билиш назарияси билимлар (ва уларнинг назарий образи) доим жамият эҳтиёжлари (айниқса моддий ишлаб чиқариш ва амалиёт талаблари) билан белгиланиши, шу сабабли ижтимоий тараққиётнинг сифат жиҳатидан ҳар хил босқичларининг ҳар бирида ўзига хос шаклшамойилга эга бўлиши лозимлигини кўрсатади. Айни вақтда, улар ўз мазмунига кўра бу босқичларнинг ҳар бири ўзида янги жиҳатларни мужассамлаштириши лозим. Масалан, ХХ аср охирида гносеологик тасаввурларнинг ривожланиши, ахборот жамияти шароитида юз бермоқда ва, хусусан, «постноклассик» фан маълумотларига таяниш илан белгиланади. Бу босқичга тадқиқот объектларининг ўзгариши, синергетика ғоялари ва методларининг кенг тарқалиши, методологик плюрализм, билиш объекти ва субъекти ўртасидаги тафовутнинг бартараф этилиши, объектив дунё ва инсон дунёсининг бирикиши, барча фанларга вақтнинг татбиқ этилиши ва ҳ.клар хос. Гносеология предметини ўрганишда таянадиган методларга аввало фалсафий методлар, чунончи: диалектика, феноменология, герменевтика шунингдек умумий илмий методология – тизимли, таркибий-функционал ва бошқа ёндашувлар; умумий мантиқий методлар: анализ, синтез, идеаллаштириш, индукция, дедукция, аналогия; айрим фанларга хос бўлган ва билиш назариясида унинг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда фойдаланиш мумкин бўлган эмпирик ва назарий воситалар ва усуллари кабилар киради. Юқорида зикр этилган методлар гносеологик тадқиқотларда алоҳида-алоҳида эмас, балки ўзаро бирлик ва муштаракликда қўлланилиши лозим. Ҳозирги вақтда билиш назарияси предметининг кенгайиши билан бирга унинг методологияси таркиби янгиланиб ва бойиб бормоқда: гносеологик таҳлил ва далиллаш ижтимоий фанларнинг билиш ва онг ҳақидаги натижалари ва методлари, ижтимоий фанларни муайян тарзда қайта тушунишни ўз ичига қамраб олади Билишда субъект ва объектнинг ўзаро алоқаси. Билиш дунёнинг объект ва субъектга бўлинишини назарда тутади. Фалсафада бу тушунчалар жонли мавжудот бўлган инсонни билиш жараёнига олиб кирадиган ва бу жараёнга салбий таъсир кўрсатадиган субъективликдан узоқлашиш учун ишлаб чиқилган. Билимнинг объективлиги, ҳақиқатнинг субъектдан мустақиллигини эълон қилинганда намоён бўлади. Схоластика табиатшуносликнинг ривожланишига тўсқинлик қилган шароитда илмий билиш субъектларининг ўткинчи манфаатлари кўпинча объективликка халақит берган, шу боис бу тушунчаларнинг аниқ фарқланиши ўринли бўлган. Файласуфларни субъектнинг объектга таъсири муаммолари, англаб етилаётган объектга субъективликнинг таъсири йўллари ва хусусияти масалалари тобора кўпроқ қизиқтира бошлаган ҳозирги кунда ҳам бу муаммо ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Субъект – бу билиш фаоллигининг манбаи. Субъект деганда одатда индивид тушунилади. Бироқ бу унча тўғри эмас. Субъект – бу, албатта, аввало билиш қобилиятига эга бўлган индивид. Субъект – бу микрогуруҳ, ижтимоий гуруҳ синф, жамият ҳамдир. Тафаккур жараёни амалга ошадиган бош мия пўстлоғида тафаккур муайян инсоннинг ҳаракатлари, унинг кечинмалари, ҳис-туйғуларига қаратилиши мумкин: бу ҳолда онг ўзининг алоҳида жиҳати – ўзликни англаш сифатида амал қилади, тафаккур (индивид доирасида) нимага қаратилган бўлса, шу объект бўлади. Субъект негизи бутун ижтимоий яхлитликни ташкил этувчи мураккаб иерархиядан иборат. Пировард натижада билим ва донишмандликнинг олий яратувчиси – бутун инсоният. Унинг тарихий ривожланишида унча йирик бўлмаган бирликлар ажратилади, бу бирликлар сифатида айрим халқлар амал қилади. Ҳар бир халқ ўз маданиятида қайд этиладиган меъёрлар, ғоялар ва қадриятларни яратиб, асрдан асрга билиш фаолиятининг алоҳида субъекти сифатида ўтиб келади. У табиат ҳодисалари, ҳайвонлар ёки ўсимликларнинг шифобахш хоссалари, турли халқларнинг ҳуқуқлари ва урф-одатлари ҳақида маълумотлар тўплайди. Жамиятда махсус вазифаси ва машғулоти ҳаёт учун муҳим аҳамиятга эга бўлган билимлар яратишдан иборат бўлган индивидларнинг тарихий гуруҳлари ажратилади. Хусусан, субъекти олимлар ҳамжамияти бўлган илмий билимлар шундай билимлар жумласидан. Бу ҳамжамиятда қобилияти, истеъдоди ва билими билан билиш соҳасида юксак натижаларга эришадиган айрим индивидлар алоҳида ўрин тутади. Бу одамларнинг исмлари тарихда илмий ғоялар эволюциясидаги буюк босқичлар рамзи сифатида сақланиб қолади. Билишнинг ҳақиқий субъекти ҳеч қачон фақат гносеологик хусусиятга эга бўлмайди: у ўз майллари, қизиқишлари, феъл-атвори, мижози, ақл ёки ақлсизлик, қобилият ёки қобилиятсизлик даражасига эга бўлган, иродали ёки иродаси бўш тирик шахс. Бироқ кўпинча билиш субъекти деганда интеллектуал фаолликнинг қандайдир шахссиз мантиқий бўлаги тушунилади. Субъектнинг билиш фаолияти фақат муайян тарихий контекстда аниқ тушунчаларда намоён бўлиши мумкин. Илмий билиш нафақат субъектнинг объектга нисбатан, балки ўзига, ўз фаолиятига нисбатан ҳам онгли муносабатини, яъни тадқиқотчилик фаолияти шартлари, усуллари, меъёрлари ва методларини билиши, анъаналарни ҳисобга олиши ва ҳоказоларни назарда тутади. Борлиқнинг муайян парчаси изланаётган тафаккур диққат марказидан ўрин олгач, билиш объектини ташкил этади, субъект билан «субъект – объект» муносабатларига киришиб, маълум маънода субъектнинг «мулки»га айланади. Бинобарин, субъектнинг онгига боғлиқ бўлмаган ўзича борлиқ ва субъект билан юқорида зикр этилган муносабатга киришган борлиқ мавжуд. У гўё субъектни ўзини билишга даъват этади. Бир сўз билан айтганда, субъект билан муносабатга киришган объект оддий борлиқ эмас, балки у ёки бу даражада англаб етилган, яъни онг – ўзининг билишга интилишида ижтимоий белгиланган онг далилига айланган борлиқдир, шу маънода билиш объекти энди ижтимоий далилга айланади. Объект – бу субъектнинг билиш фаолияти қаратилган нарса ёки ҳодиса. Асбоб ҳам (ўрганилаётган ва таъмирланаётганида), бошқа индивид ҳам, индивид билан боғлиқ нарса ва ҳодисалар ҳам объект бўлиши мумкин. «Объект» тушунчасини объектив борлиқ билан аралаштирмаслик керак. Масалан, ҳайвонларнинг ҳужайраларидаги хромосомалар улар цитология ва генетикада ўрганиш «объекти»га айланишидан олди ҳам объектив мавжуд бўлган, бироқ кашф этилганидан кейингина ўрганиш «объектлари»га айланган. Бу тушунчалар нафақат билиш фаолияти, балки амалий ва баҳолаш фаолияти билан ҳам боғлиқ. Билиш фаолиятида субъект объектсиз, объект эса – субъектсиз мавжуд бўлмайди. Масалан, ген жонли нарсалар таркибида мавжуд бўлган ҳолда, нафақат антик даврда, балки Ж.Б.Ламарк ва Ч.Дарвин учун ҳам илмий тафаккур объекти бўлмаган. Олимлар бу кўзга кўринмас биологик борлиқни маълум вақтгача ўз билиш фаолиятининг объекти сифатида аниқлай олмаганлар. Бунга нисбатан яқинда, дунёнинг умумий илмий манзарасида жиддий ўзгаришлар юз берганидан сўнг муваффақ бўлинди. Ёки, айтайлик, илмий тафаккур, техника ютуқлари ва ижтимоий шарт-шароитлар атиги бир неча ўн йилликлар муқаддам Космоснинг олис кенгликларини тадқиқот объектига айлантириш имконини берди. Ҳозирги замон гносеологиясида билиш объекти ва предметини фарқлаш одат тусини олган. Билиш объекти деганда борлиқнинг ўрганилаётган амалда мавжуд бўлаклари тушунилади. Билиш предмети – бу изланаётган фикрнинг диққат марказидан ўрин олган муайян жиҳатлар. Масалан, инсон жуда кўп фанлар – биология, тиббиёт, психология, социология, фалсафа ва ҳоказоларнинг тадқиқот объекти ҳисобланади. Бироқ уларнинг ҳар бири инсонни ўрганишга ўз нуқтаи назаридан ёндашади: масалан, психология инсоннинг руҳияти, ички олами, хулқ-атворини, тиббиёт – инсоннинг касалликлари ва уларни даволаш усулларини ўрганади ва ҳ.к. Бинобарин, тадқиқот предметига тадқиқотчининг муҳим мўлжали киради, яъни у тадқиқот вазифаси нуқтаи назаридан шаклланади. Маълумки, инсон тарих яратувчиси, субъекти ҳисобланади, ўз тарихий мавжудлигининг зарур шарт-шароитлари ва асосларини ўзи яратади. Ижтимоий-тарихий билиш объекти одамлар томонидан нафақат ўрганилади, балки яратилади ҳам, демак, объектга айланишдан олдин у яратилиши, шакллантирилиши лозим. Шундай қилиб, ижтимоий билишда инсон ўз фаолиятининг маҳсули, амалий фаол жонзот бўлган ўзи билан ҳам иш кўради. Билиш субъекти бўлган инсон шу тариқа унинг объектига ҳам айланади. Шу маънода ижтимоий билиш инсоннинг ижтимоий ўзликни англаш жараёнидир. Бунда инсон тарихий ривожланиш жараёнида яратиладиган ўзининг ижтимоий моҳиятини ўзи учун кашф этади ва ўрганади. Шу сабабли ижтимоий билишда субъект ва объектнинг ўзаро алоқаси мураккаблашади, бу ерда объект бир вақтнинг ўзида тарихий ижод субъекти ҳамдир. Ижтимоий билишда ҳамма нарса ва ҳодисалар инсон соҳасида айланади: билиш объекти – одамларнинг ўзи ва улар фаолиятининг натижалари, билиш субъекти ҳам инсондир. Билиш жараёни шоҳидларнинг гувоҳликлари, ҳужжатлар, сўровлар, сўровномаларсиз, одамлар яратган меҳнат қуроллари ва маданий ёдгорликларисиз бўлиши мумкин эмас. Буларнинг барчаси ижтимоий билишга маълум даражада ўз таъсирини ўтказади ва унинг ўзига хос хусусиятларини шакллантиради. Айни шу сабабли ижтимоий билишда олимнинг гражданлик позицияси, унинг маънавий қиёфаси, ҳақиқат идеалларига содиқлиги жуда муҳимдир. Билиш фаолият тури сифатида. Инсоннинг ўзини қуршаган дунёни тушуниб етиши муҳим фалсафий муаммолардан биридир. Моҳият эътибори билан, дунёни билиш мумкинми, деган масала дунёнинг инсон онгида аниқ ва тўлиқ акс этиш, инсоннинг бу дунёда онгли ва эркин мўлжал олиш ва фаолият олиб бориш имконияти тўғрисидаги масаладир. Инсоннинг ўзини қуршаган дунёда мўлжал олиш функциясини билим бажаради. Билим – инсон онг ёрдамида оладиган дунё ҳақидаги маълумотларнинг энг олий даражасидир. Билим образлар ва белгилар шаклида мавжуд бўлади ва ундан одамлар амалий фаолиятининг идеал режаси сифатида фойдаланади. Билимсиз (оддий, илмий, бадиий ва бошқа билимларсиз) дунёнинг манзарасини шакллантириш мумкин эмас. Ф.Бэкон шу муносабат билан билим кучдир деб таъкидлаган эди. Билимни Гегель таъбири билан айтганда фақатгина субъектив тасаввур, эркин мулоҳаза, тасаввур маҳсули бўлган фикрдан фарқлай билиш лозим. Инсоннинг дунёни билишга интилишининг моҳияти у аниқ ёки ноаниқ билимларни фаол ва изчил излаши ва уларни олишидан иборат. Фалсафанинг билиш муаммолари кўриб чиқиладиган бўлими гносеология ёки билиш назарияси деб аталади. Инсоннинг дунёни билиш жараёнини бошқа фанлар – мантиқ, психология, социология ҳам ўз нуқтаи назаридан ўрганади. Билиш ва билим тўғрисида сўз юритганда ўрта асрлардаги каби билим ва эътиқодни қарама-қарши қўйиш ярамайди. Эътиқод – моддий ва маънавий дунё нарсалари, жараёнлари ва ҳодисаларини далилисботсиз билиш демак. «Мен Худонинг борлигига ишонаман»; «мен яқинда баҳор келишига ишонаман»; «мен ўз ишимнинг муваффақиятига ишонаман» ва ҳ.к. ва ш.к. Эътиқод – бу инсоннинг ишончи. Билим бизга аниқ-равшан кўриниб турадиган нарсаларни кашф этиш имконини берса, эътиқод, ишонч инсонга ҳозирча кўринмайдиган сирли нарсаларни аниқлашга ёрдам беради. Шу тариқа эътиқод билиш жараёнида фаол иштирок этади ва унинг муҳим унсури ҳисобланади. Бироқ, шу билан бир вақтда, замирида ақлнинг сўқирлиги, мутаассиблик ва инсоннинг кучсизлиги ётувчи сохта эътиқод ҳам мавжудлигини қайд этиб ўтиш лозим. Бунга қарама-қарши ўлароқ, инсон куч-қудратининг рамзи саналган оқилона эътиқод мавжуд бўлиб, у одамзотнинг эмоционал ва интеллектуал фаоллигига имконият яратади, билиш йўлида изланишга рағбатлантиради. Барча олимларнинг илмий фаолияти замирида инсон тафаккурига қаттиқ ишонч ётади, акс ҳолда улар ўз кашфиётларини ярата олмайдилар. Шу маънода оқилона эътиқод гўё зулматдаги нур, ҳақиқат ва тараққиётни ҳаракатлантирувчи куч ҳисобланади. Оқилона эътиқод билим йўлини машъал каби ёритади, ижодга имконият яратади, бу йўлда инсонга ишонч ва куч бахш этади. Эътиқоднинг йўқлиги эса, аксинча, скептицизм, бўшлиқда мавжудлик ва билишнинг самарасизлиги туйғусини уйғотади. Шундай қилиб, фикр, эътиқод ва билим ҳақиқат сари юксалишнинг зарур босқичлари, инсон маънавий тажрибасининг муҳим шакллари ҳисобланади. Хўш, билишнинг ўзи нима? Унинг моҳияти нимада? Аввало, билиш – инсон акс эттириш фаолиятининг алоҳида тури. У «инсон – меҳнат воситалари – табиат» тизими доирасида инсоннинг нарсалар моҳияти, масалан, магнетизм табиати, ҳаёт мазмуни ва ҳоказолар яшириниб ётган дунёнинг «қобиғи»ни очишга йўналади. У дунёнинг сирларини очади. Билиш – инсон қўлга киритадиган ахборотнинг энг олий даражаси. Бу ахборотни у билиш муаммолари ва вазифаларини қўйиш ва ечиш йўли билан, изчил англаб етади. Ахборот миянинг мвҳумлаштирувчи фаолияти ёрдамида белги шаклини (2 + 2 = 4) касб этадики, бу унга ишлов бериш, сақлаш ва кейинчалик ундан фойдаланиш учун қулайдир. Билиш инсон изчил ва ижодий фаолиятининг ижтимоий жараёни бўлиб, унда ташқи дунёнинг идеал образлари юзага келади ва билиш мақсади бўлган билим шаклланади. Билиш жараёни тарих фалсафасида маълум вақт мобайнида (масалан, XVIII аср фалсафий материализмида) инсоннинг сезги аъзоларига табиатнинг механик таъсири сифатида қаралган. Инсон пассив мавжудот ва табиат уни ўз мақомига йўрғалатади, деб ҳисобланган. «Биз қўғирчоқлармиз ва тақдир бизни ипларимиздан тортиб ўйнатади», деб ёзган эди В.Гюго. Бироқ амалда билиш доим анча фаол хусусиятга эга бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бу одамларнинг эҳтиёжлари ва манфаатлари, уларнинг умумий мақсадларга эришиш йўлидаги ҳамкорлиги ва бошқа омиллар билан белгиланади. Бошқача айтганда, билиш ижтимоий табиат, жиҳат ва хусусиятларга эга. Бунга, жумладан, немис классик фалсафасида субъектнинг фаоллиги концепциясида (И.Фихте ва бошқалар) алоҳида эътибор қаратилган. Билишнинг ижтимоий табиати, агар бу ҳақда атрофлича сўз юритадиган бўлсак, яна қуйидагиларни ҳам англатади. Билиш доим ижтимоий муносабатлар ва маданий дунёсининг фаол таъсири остида юз беради. Биз фақат ўзимиз яшаётган давр шарт-шароитларида ва бу шарт-шароитлар берадиган имконият даражасида билишимиз мумкин. Бу шарт-шароитлар жамиятнинг муҳим эҳтиёжлари кўринишида ижтимоий буюртмани юзага келтиради. Улар субъектни шакллантиради ва билиш жараёнига муайян даражада таъсир кўрсатади – уни жадаллаштиради ёки секинлаштиради. Масалан, ўрта асрларда дунё ва инсонни билишга дин ва черков катта таъсир кўрсатган. ХХ асрда эса билишга бошқа омиллар, чунончи: космосни кенг миқёсда ўзлаштириш, экология, озиқ-овқат муаммоларини ечиш ва ҳоказолар кучли таъсир кўрсатмоқда. Билиш ителлектуал манбага таянишни талаб қилади. Интеллектуал манба инсониятнинг жами билимлари, билиш методлари, тушунчалар аппарати, мавжуд илмий далиллар ва бошқа билимларни ўзида мужассамлатиради. Ишни ҳар сафар бўш жойда, «нолдан» бошламаслик учун билишда эришилган ютуқларга таяниш жуда муҳим. И.Ньютон бу ҳақда сўз юритар экан, у гигантлар елкасида тургани учунгина фанда ҳаммадан узоқни кўрганини қайд этган эди. Билиш жараёнини муомала воситаси сифатидаги тил ёрдамидагина амалга ошириш мумкин. У бутун жамиятнинг жамоа бойлиги, инсоният маданиятининг муҳим унсури ҳисобланади. Фан учун эса тил, аввало, ахборотни жамғариш ва сақлаш воситаси, дунё ҳақидаги билимлар ва маълумотларнинг улкан омборидир. Ижтимоий муносабатлар субъект билиш объектига ўз манфаатларидан келиб чиқиб ёндашишини белгилайди. Шундан ижтимоий ҳаётнинг айнан бир ҳодисалари ва муаммоларини ҳар хил, баъзан ҳатто бир-бирига тескари идрок этиш ва талқин қилиш ҳоллари юз беради. Масалан, тарихда инсониятнинг келажакдаги ривожланиш йўли ва шакли ҳар хил тасаввур қилингани маълум. Ҳозирги сиёсий ҳаётда айнан бир ҳодисалар (хусусий мулк институти, бозорнинг шаклланиши ва бошқалар) айрим ижтимоий гуруҳлар томонидан ижобий баҳоланса, бошқа ижтимоий гуруҳлар томонидан салбий баҳоланади. Буларнинг барчаси ижтимоий ҳодисаларни билишда мафкура, яъни муайян ижтимоий ҳодисаларни ҳар хил ижтимоий гуруҳлар ва табақалар нуқтаи назаридан баҳолаш мавжудлигидан далолат беради. Билишга инсоннинг сезгилари, унинг эҳтирослари дунёси кучли таъсир кўрсатади. Шу муносабат билан К.Гельвеций: «...эҳтирослар бўлмаса, буюк артистлар ҳам, буюк саркардалар ҳам, буюк министрлар ҳам, буюк шоирлар ҳам, буюк файласуфлар ҳам бўлмас эди» 1 , деб ёзган эди. Эҳтирослар тадқиқотчига куч-ғайрат беради ва билиш жараёнини олға суради. Инсон эҳтиросларисиз ҳақиқатни излаш мумкин эмас. Билиш доимо қандайдир янги, илгари номаълум бўлган нарсани яратишга йўналган ижоддир. Ижоднинг бош мезони (кўрсаткичи) – олинган натижаларнинг янгилиги ва ижтимоий аҳамиятга эга эканлиги. У жуда катта ақлий ва жисмоний ҳаракат («ижод машаққатлари» деб бежиз айтмайдилар), баъзан фуқаролик жасорати ва ҳатто жонбозлик талаб қилади. Шундай қилиб, инсоннинг билиши ривожланиб борувчи, фаол жараёндир. Бу, аввало, жамиятда янги эҳтиёжларнинг туғилиши, тегишли равишда амалиётнинг ривожланиши ва такомиллашуви билан белгиланади. Айни шу сабабли билиш «мангу ҳаракат, қарамақаршиликларнинг юзага келиши ва уларнинг ечилиши жараёни» деб қаралиши лозим. Билиш жараёнининг ички мантиғи (изчиллиги) қандай? Билиш – ташқи, юзада ётган хоссалар ва муносабатларни илғашдан ички, нисбатан барқарор алоқаларни аниқлашга ўтиш демак. Пировардида бу жараёнининг моҳияти («сири») билимда намоён бўлади. Билиш жараёни ҳаракатининг мантиқи асосан оддий кузатишдан мавхум тафаккур (мушоҳада юритиш)га, ҳодисадан унинг моҳиятини англаб етишга юксалишдан иборат. Г.Гегель билишни ҳақиқат яшириниб ётган чуқурликка тушувчи зинапояга ўхшатгани бежиз эмас. Билиш тавсифлашдан сабабларни аниқлаш ва тушунтириш сари ҳаракатланади. 1 История философии: Энциклопедия. – Минск: Книжный дом, 2002. – 310-б. Билишдаги қарама-қаршиликлар. Билиш жараёни маълум қарама-қаршиликлардан ҳам холи эмас. Улар билишнинг мураккаб муаммоларга тўла хусусиятини акс эттиради. Билиш жараёнида мавжуд қарама-қаршиликларнинг айримларини айтиб ўтамиз. Субъект ва объект (яъни инсон ва ташқи дунё) ўртасидаги қарамақаршилик мангу ва мутлақо табиийдир. У инсоннинг дунёни амалда ўзгартириш эҳтиёжи билан бу дунё ҳақидаги билимларнинг камлиги (ёки умуман мавжуд эмаслиги) ўртасидаги номувофиқликни ифодалайди. Аслида билиш жараёни доим айни шу номувофиқликдан бошланади. Баъзан билишга сезги аъзолари маълумотлари билан ташқи дунёнинг фикр ва тушунчалардаги инъикоси ўртасидаги қарамақаршилик хосдир. Маълумки, Қуёшнинг чиқишини фақат Қуёш ҳаракатсиз Ер атрофида айланишини тахмин қилиб, сезги аъзолари ёрдамида тушунтириш мумкин. Бироқ бу ҳодисани илмий мушоҳада ёрдамида, иккала осмон жисмининг ҳаракатчанлигини исботлаш йўли билан ҳам тушунтириш мумкин. Бу қарама-қаршилик тахминларимизнинг мантиқий далиллар ва мулоҳазалар тизими ёрдамида тажрибада синаш йўли билан ечилади. Шаклланган назария билан олинган янги илмий далиллар ва экспериментал маълумотлар ўртасидаги қарама-қаршилик ҳам билиш учун табиий бир ҳолдир. Бунда мазкур далиллар ёрдамида назарияга аниқлик киритиш ёки, аксинча, уни эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган деб топиш талаб этилади. Билиш жараёнида фандаги оқимлар, мактаблар ва айрим назариялар ўртасида қарама-қаршиликлар юзага келади. Бундай қарамақаршилик фалсафада ҳам, масалан, «Демокрит йўналиши» ва «Платон йўналиши» ўртасида мавжуд. Инсоннинг ташқи дунёни тўлиқроқ ва аниқроқ билишга интилиши билан бунинг учун субъектив ва объектив чегаралар (инсон қобилиятининг чекланганлиги, фан ва техника ривожланиш даражасининг етарли эмаслиги ва бошқалар) мавжудлиги ўртасидаги номувофиқлик одатдаги ҳол ҳисобланади. Фаол ва ривожланувчи жараён бўлган инсон билиши учун қарамақаршиликларнинг мавжудлиги табиий бир ҳолдир. Уларнинг умумий негизини амалиёт, ижтимоий ҳаёт ташкил этади. Қарама- қаршиликлар амалиёт жараёнида янги методлар ва далилларни излаш, билиш субъектининг интеллектуал қобилиятини такомиллаштириш йўли билан ечилади. Адабиётлар: 1. Назаров Қ. Билиш фалсафаси. – Т.: Университет, 2005. 2.Основы философии / Под ред. Ахмедова М. – Т.: Шарқ, 2003. 3. Шермухамедова. Н.А. Фалсафа ва фан методологияси. – Т.:Унивеситет, 2005. 4. Классическая наука Средней Азии и современная мировая цивилизация. – Т.: 2000. 5. Границы науки: о возможности альтернативных моделей познания. – М.: 1991. 6. Диалектика познания. – М.: 1998. 7. Современные теории познания. – М.: 1992. 8. Теория познания. В 4-х т. – М.: 1991-1995. 9. Каримов Б.Р. Диалектика объективного и субъективного в методе восхождения от мавхумного к конкретному. – Т.: 1998. 10. Методы научного познания. Под ред. Нысанбаева А.Н. – Алматы, Галыш, 1996. 11. Шарипов М. Категориальные знания и их выводы. – Т.: Университет, 1995.