logo

Темурийлар даври (Улуғбек даври) туркий адабиётга доир баъзи мулоҳазалар

Yuklangan vaqt:

11.09.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

42.5 KB
Темурийлар даври (Улуғбек даври) туркий адабиётга доир баъзи мулоҳазалар Темурийлар даври адабиёти, адабиётшунослиги, форсий ва туркий ижодкорлар ҳақида маълумот берувчи манбалар анчагина учрайди. Аммо 90-йилларда илм аҳлига тақдим этилган Шайх Аҳмад Ибн Худойдод Тарозийнинг “Фунун ул-балоға” (“Етуклик илмлари”) асари, муаллифнинг қайд этишича, “баъзи яронлар “Латофийи Тарозий” ҳам дерлар” бу жиҳатдан яна ҳам қимматлироқдир. Адабиётшунос А.Ҳайитметовнинг фикрларига кўра, “1436-1437 йилларда ўзбек тилида ёзилган” (Бу ҳақда қаранг: А.Ҳайитметов. Темурийлар даври ўзбек адабиёти. Т.,1996.19-26- бетлар) ва Мирзо Улуғбекка бағишланган ушбу асарда шеър турлари, қофия ва радиф, бадиий санъатлар, аруз вазнлари, муаммо каби масалаларга алоҳида – алоҳида тўхтаб ўтилган. Кўринадики, ушбу асарда Навоийгача бўлган давр адабиёт назариясига оид кўпгина масалаларга эътибор қаратилган. Аммо биз диққатни асардаги бир жиҳатга – туркий тилда ижод қилган шоирлар, уларнинг ижодидан келтирилган мисолларга қаратдик. “Фунун ул балоға” да XV аср биринчи ярмига мансуб форсий ва туркий шоирлар билан бир қаторда олдинги асрларга мансуб шоирлар номлари, асарларидан намуналар ҳам учрайди. Маълумки, асар асосан адабиёт назариясига оид. Муаллиф ўз фикрларини асослаш учун Фирдавсий, Саъдий, Аттор, Румий, Ҳофиз Шеърозий, Унсурий, Рашид Ватвот, Шарофиддин Яздий, Исмат Бухорий, Хоқоний каби машҳур форс-тожик шоирлари асарларидан кўплаб мисралар келтиради. Шунингдек, ғазал, қасида, қитъа, рубоий, фард каби ўн хил шеър жанрлари, қофия ва радиф, бадиий воситалар, тарсеъ, тажнис, ташбеҳ, ийҳом, ирсол-ул-масал, иштиқоқ, мукаррар каби шеърий санъатлар, вазн кабилар хусусида мулоҳаза юритар экан, бизга таниш, ўзбек китобхонлари орасида анча машҳур Лутфий, Атойи, Саккокий, Ҳайдар Хоразмий, Камол Хўжандий (ҳам форс-тожик, ҳам туркий тилда ёзган), Саййид Насимий кабилар билан биргаликда, Қутбиддин Саройи, Бу Сиёқа, Мавлоно Шамс Қисорий, Жалолий, Муҳаммад Темур Буғо, Бу Насақ, Ақча Киндий, Ҳотифий, Ҳожи, Мирзо Бойсунғур каби шоирларнинг ўзбек тилида ёзган шеърларидан байтлар олади. Бу нарса, биринчидан, ХV аср биринчи ярмида биз билгандан кўра кўпроқ шоирлар ўзбек тилида ижод қилгани, иккинчидан, улар ҳақида оз бўлса- да маълумотга эга бўлиш, учинчидан, ушбу даврда туркий тилнинг мавқеи оша боргани, бу тилда кўплаб шоирлар ёза бошлагани, темурий ҳукмдорларнинг бу масалага жиддий эътибор билан қараганликлари ойдинлашади. Айни пайтда юқорида номлари зикр этилган шоирлар ўз даврида анча машҳур бўлган бўлса керакки, назарий фикрларни далиллаш учун уларнинг ижодига мурожаат қилинган. Бу шоирларимизнинг таржимаи ҳоли, ижоди ҳақида етарли маълумотга эга бўлиш, асарларини топиш ва тадқиқ этиш келажакдаги муҳим вазифалардан. “Фунунул балоға” да ўзбек тилидаги байтлар ҳам кўп келтирилган. Кўпгина мисраларнинг муаллифи “ Хўжандий айтур”, “Мавлоно Лутфий айтур”, “Атойи айтур”, “Саккокий айтур” тарзида берилса, айримлари “Тарозий айтур” (Аҳмад Тарозийнинг ўз шеърлари, айрим байтлари ҳақида), “Мисоли дигар ҳам бу заиф айтур” шаклида, бошқа бир мисралар эса, “Мисоли буким”, “Мисоли дигар будур” кўринишида берилиб, муаллифи номаълумдир. Бу шеърларнинг кўпчилиги ҳам Аҳмад Тарозий қаламига мансуб бўлса керак. Булар аниқланиши зарур бўлган ишлардан. “Адабиётдан туркийда биринчи назарий қўлланма” (А.Ҳайитметов) бўлмиш ушбу асарда қасида, ғазал, қитъа, рубоий, туюқ, маснавий ҳақида гапирилар экан, Мавлоно Лутфий, Саккокий, Ҳожи Ақча Киндий, Мирзо Бойсунғур, Муҳаммад Темур Буғо, Бу Насақ, Мавлоно Ҳайдар каби шоирларнинг шеърларидан мисоллар келтиради. Алишеър Навоий туюқни “Турк шуароси хоссаси”, яъни туркий шоирлар яратиқи, ўзбек адабиётида юзага келган жанр деб баҳолайди. Худди шундай фикрни анча олдинроқ Аҳмад Тарозий ҳам билдирган экан. У шундай ёзади: “Ва бу турк шоирларининг ихтироидур. Муни турклар туюқ дерлар” (Шайх Аҳмад ибн Худойдод Тарозий. Фунун ул-балоға. “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали, 2002 йил. №1. 83-бет.) Муаллиф шу ерда Муҳаммад Темур Буғо ва Ҳожи Ақча Киндийдан туюқлар келтиради. “Мисоли дигар. Муҳаммад Темур Буғо айтур: Гар ҳавойи васли дилбар дори дер, Йўлда тикмишлар муҳаббат дори дер. Сен агар чин ошиқи содиқ эсанг, Бу муҳаббат дорини бир дори дер. Мисоли дигар. Ҳожи Ақча Киндий (Кандий) айтур: Бергил, эй симинзақан, илик манга, Неча ёши бўлғасан? Илик манга Дардингиз дармони жонимдур менинг; Соғинурлар билмаган илик манга”. (Ўша манба, 83-бет) Туюқ сўз ўйинига асосланадиган жанр. Бу жанрда ижод қилиш анча мураккаб. Аммо XV аср биринчи ярмида туюқнинг яхши намуналари яратилганини биламиз. Лутфий ва Амирийлар бу жанрда маҳорат кўрсатганлар. Худди шу даврда ижод қилган Муҳаммад Темур Буғо, Ҳожи Ақча Киндийларнинг ушбу туюқлари ҳам уларнинг истеъдодли шоир бўлганликларидан далолат беради. Шунингдек, бу даврда туюқ жанрида ижод қилиш бир анъанага айланган бўлса керак деган фикр уйғотади. Биринчи туюқда “дори дер”, иккинчисидаги “илик манга” жумлалари билан чиройли сўз ўйини қилинган. Ҳар бир бирикма уч маънода қўлланган. “Дори дер” – доримоқ, дор (сиртмоқ), дори дер (малҳам), иккинчисида “илик” – қўл, эллик, эгили мазмунида ишлатилган. “Фунун ул - балоға” да шеърий санъатлар ҳақида кенг маълумот берилган. Ҳар бир бадиий усул, шеърий санъатлар ҳақида гапирилгач, форсий ва туркий шоирлардан байтлар киритилган. Туркий шоирлардан Саккокий, Ҳайдар Хоразмий, Хўжандий, Лутфий, Атойи, Ҳотифий, Ҳожи, Шамс Қисорий, Жалолий, Муҳаммад Темур Буғо шеърларидан фойдаланилган. Ташбеҳ ҳақида мулоҳаза юритиб, А.Тарозий шундай ёзади: “Ташбеҳи танқис ул бўлурким, бир нарсани бир нарсага одати ташбеҳ бирла ўхшатурлар, нетокким: булут тикин, лолазордек... Ё фалон нарсадек ё фалонга ўхшар; Ё “менгзар”, ё “менгизлик”, ё “бикин”, ё “киби”, ё “фалон”, ё “расо” янглиғ. Мисоли Жалолий айтур: Қилур ул кўз ўғурлуқ-ло тутар бурчи, Анингтекким, замона посбони”. (“Ўзбек тили ва адабиёти” журнали, 2002 йил. № 4. 85-бет) Ал – истифҳом санъати ҳақида гапириб, бир қатор шоирлардан, жумладан, Ҳотифий ва Ҳожидан мисол келтирилади: Ҳотифий айтур: Нечаким қилса жафо ул кўзунг, эй жоду фироқ, Юз эвургаймену кетгаймен эшикингдин йироқ. Мисоли дигар. Ҳожи айтур: Агар юз минг жафо тегса манга ул қошлари ёдин, Мағозаллоҳ, кеторгаймен бу кўнглумдан анинг ёдин. (“Ўзбек тили ва адабиёти” журнали, 2002 йил. № 5. 89-бет) Радд-ул-ажз алос-садр санъати ҳақида гапирар экан, Жалолийдан қуйидаги байтни олади: Шайдо дебон алингдин чун мени кеторурсен, Мендин батар ул юзга чин зулфунг эрур шайдо. (6-сон, 77-бет) Бу санъатга кўра биринчи мисранинг бошида келган сўз (“шайдо”) иккинчи мисранинг охирида келмоқда. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Биз Лутфий, Атойи, Саккокий, Мавлоно Ҳайдар каби шоирларимиз китобхонларимизга яхшигина таниш, асарлари кенг чоп эттирилгани боис, уларнинг шеърларини таҳлилга тортмадик. Аксинча, ўзбек ўқувчиларига деярли номаълум бўлган, шеърий меросидан бебаҳра қолиб келаётганимиз Муҳаммад Темур Буғо, Мирзо Бойсунғур, Ҳожи, Ҳотифий, Жалолий, Ҳожи Ақча Киндийлар ижодидан бир – икки байт таҳлилга тортдик. Мақсадимиз: бу шоирларимиз меросини ҳам адабий истеъмолга олиб кириш, ўзбек ўқувчиларини улар билан таништириш. Ва айни пайтда XV аср биринчи ярмида туркий тилда ижод қилиш кучайгани, бу даврдаги ўзбек шоирлари сафи анчагина кенгроқ эканлигига эътиборни қаратишдир. __________________ Ушбу мақола доцент Т.Хўжаев билан ҳамкорликда ёзилган.