logo

Муқимий ҳажвияси ва ҳажвиётчиликнинг янги босқичи (Мукимий хажвияси ва хажвиётчиликнинг янги боскичи)

Yuklangan vaqt:

09.09.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

80 KB
Муқимий ҳажвияси ва ҳажвиётчиликнинг янги босқичи РЕЖА : 1. Муқимий ҳажвгўй – шоир; 2. Муқимий ҳажвиётининг таснифи; 3. Шоирнинг «Танобчилар», «Сайлов» ва «Тўйи Иқонбачча» асарлари; 4. Муқимий ҳажвиётида давр иллатларининг фош этилиши; 5. Муқимий саёҳатнома жанрининг асосчиси; 6. Саёҳатномаларда шоирнинг «мени»; 7. Муқимий ижодида халқчиллик; 8. Хотима. Муқимий ижодий меросида ҳажвиёт салмоқли ўрин тутади. Муқимий хажвиёти унинг ижодидаги асосий мотивлар билан узвий боғлиқ бўлиб, шоир ижодий қиёфасини тўлиқ тасаввур қилишга, шоир ижодининг ҳаётий аҳамиятини тўлароқ тушунишга ёрдам беради. Муқимий ўз лирикасида ифодалай бошлаган хукмрон муҳитдан норозилик, мавжуд тузум тартиблардан қаноатланмаслик мативлари ҳажвиётда янада кучайтириб, кескин тус олдириб, ўткир танқидий асарларни яратди. Муқимий лирик қаҳрамондаги мавжуд тузумдан қаноатланмаслик, турмушдаги адолатсизларга норозилик кайфиятлари бу лирик қаҳрамонни шу камчиликларни танқид қилувчи исёнкор қаҳрамонга айлантиради. Шу маънода Муқимий-лирик шоир билан Муқимий-ҳажвгўй тушунчалари бир-бири билан узвий боғланган бўлиб,бири иккинчисини тўлдиради. Фарқ шундаки, лирик шоир Муқимий бир ҳил адабий усуллар ишлатган, олижаноб ва самимий образлар яратган бўлса, энди у ҳажвгўй шоир сифатида бошқача адабий усуллар қўллаб,исёнкор образлар яратди. Инсон қиёфасидаги ёзув маҳлуқларнинг жирканч башараларини очиб ташлади. Муқимий ҳажвиялари мазмунан бой, мавзу жиҳатидан ранг-барангдир. Унинг ҳажвлари жамият ҳаётнинг ҳамма қирраларини қамраб олган. Очкўз, худбин ҳукмдорлар хос бўлган ҳамма табақаларнинг аниқ тимсолларини яратган. Ўзбек тараққийпарвар адабиётида яратилган ажойиб маший жирканч кишилар тасвири, даставвал, Муқимий қаламига мансубдир. Бу тубан жирканч кимсалар тасвири орасида хукмдорларнинг ҳамма табақаларини, бойларни, рус босқинчиларини, калта фаҳм айрим руҳонийларни, судхўрлар сингари жамият зараркунандаларини учратамиз. Муқимий ҳажвияларининг моҳиятини равшанроқ очиш ва улар тўғрисидаги мулоҳазаларимизни равонлаштириш учун уларни танқид нишонига қараб, шартли равишда уч гуруҳга бўлиш мумкин: 1. Рус хукмдорлари ва маҳаллий амалдорлар зулмини кўрсатишга, уларнинг жирканч тимсолларини яратиб, фош қилишга қаратилган ҳажвлар «Танобчилар», «Додхохим», «Аҳтаринг», «Сайлов», «Пар мевалар», «Дар мазаммати сагеки, элликбоши номи ниҳода буданд» ва бошқалар. 2. Маҳаллий худбин бойлар, оч кўз босқинчиларнинг кирдикорларини очиб ташлашга, уларнинг макру ҳийлалари заминида туғилган пасткашликларини кўрсатишга қаратилган ҳажвиялар: «Масковчи бой таърифида», «Ҳажви Виктор бой», «Ҳажви Виктор», «Воқеаи Виктор», «Дар шикояти Лахтин», «Воқеаи кўр Ашурбой Хожи», «Тўйи Иқонбачча», «Хожи қадоқчи», «Гап тўғрисида гап» ва бошқалар. 3. Жамиятда текинхўрлик билан кун кўрувчи айрим дин пешволарини танқид қилишга, уларнинг феъл атворларидаги ифлосликларни, кулгили ҳолларни тасвирлашга бағишланган ҳажвлар: «Ҳажви халифаи Мингтепа», «Дар мазаммати қурбақа», «Авлиё» ва бошқалар. «Танобчилар». Бу ҳажвия ўз мавзуи, турмушни акс эттиришдаги бадиий умумлашма кучи билан демократи адабиётдаги ҳажвлар ичида алоҳида ўрин тутади. Унда мустамлакачилик тартиблари хукмронлик қилган даврда рус амалдорларининг халққа кўрсатаётган зулм-зўрликлари равшан ҳаётий лавҳаларда, тайинлик шаҳслар фаолиятида тасвирланган. «Танобчилар» ҳажвияси амалдорлар зулмига йўлиққан оддий бир деҳқоннинг ҳикояси тарзида ёзилган. Деҳқон ўз бошига тушган кулфатларни шундай ҳикоя қила бошлайди: Бўлди таажуб қизиқ хангомалар, Арз этайин эмди ёзиб номалар. Ўн икки ойда келадур бир таноб, Ўзгаларга роҳату менга азоб. Ҳақиқатан ҳам, бу «таноб» воқеаси ўзгаларга – «Дума»дагиларга, мустамлакачиларга роҳат баҳш этар, оддий деҳқонларни эса азоб-уқубатларга солар эди. Чунки ерни «таноб»лаш орқали рус хукуматининг олиб бораётган оғир солиқсиёсати амалга оширилар эди. Маълумки рус мустамлакачилари томонидан ўрнатилган унгача бўлмаган тартибга кўра, ҳар йили деҳқонлар ўз экинини экиб бўлганларидан сўнг, экин майдонининг қанчалигини аниқлаш ва шунга қараб солиқ солиш учун амалдорлар қишлоққа чиқар эдилар. Улар экин майдонларини таноб (тахминан 16 сотих) ўлчаганлари учун уларни танобчилар деб юритилган. Танобчилар қишлоқларда истаганларича зўрлик ўтказар эдилар. Порахўрликни авж олдириб, хукмдорларга ён босар, деҳқонларнинг ерларини ўлчашда турли фирибгарчиликларни ишлатиб, халқни катта солиқлар билан қийнар эдилар. Халқнинг ана шундай аянчли ҳаёти «Танобчилар» шеърида акс этади. Муқимий бу шеърида деҳқонларнинг оғир аҳволини кўрсатиш билан бирга рус малайлари бўлган маҳаллий амалдорларнинг жирканч қиёфаларини тасвирлайди. Султон Алихўжа, Ҳакимжон иков, Бири хотун, бириси бўлди куёв, Иккаласи бўлди чунон иттифоқ, Гўё ҳаёл айлаки, қилмай нифоқ; Ош есалар, ўртада сарсон илик, Хўжа – чироғ ёғи, Ҳакимжон-пилик. Шу таҳлитда шоир Ҳакимжон билан Султон Алихўжанинг ер ўлчаш учун қишлоққа чиқиб келишини, насл-насаблари, амал ва ҳуқуқлари тўғрисида деҳқонларга мақтаниб, улардан пора талаб қилишларини, порани олгандан сўнг ҳам деҳқонлар ерини ортиқча, «дучандон» ўлчаб, уларга зулм ўтказишларини акс эттириб, уларнинг маънавиятларини очиб беради. Икки танобингни қилай ўн таноб, Юртингизни куйдириб қилай хароб. Султон Алихўжа билан Ҳакимжоннинг бу хилда ўзини хўжайин ҳисоблаб, халққа дўқ қилиши тасодифий эмас эди. Ҳақиқатан ҳам, улар босқинчилар ҳокимиятининг вакиллари сифатида халққа чексиз зўрлик ва зулм ўтказиш ҳуқуқига эга эдилар. «Сайлов» Муқимийнинг рус ва маҳаллий амалдорлар қиёфасини чизишга бағишланган хажвий асарлари ичида «Сайлов» шеъри алоҳида эътиборга моликдир. Адабиётимиз тарихида ер солиғи – танобчилар сингари сайлов мавзуси ҳам янгиликдир. Ўлкага капиталистик муносабатлар кириб келиши натижасида рўй берган янги ходисаларнинг бири давлат бошқарувида сайлов тизимини жорий қилиниши эди. Русия хукумати томонидан ўрнатилган тартибга мувофиқ, қуйи мансабларга – мингбоши, юзбоши, қозилик каби мансабларга тайинлаш сайлов йўли билан ўтказиларди. Лекин халқ иштирокида ўтказиладиган бу сайлвда мулкдор гуруҳлар томонидан қандай найрангбозликлар ишлатилишини, қандай фожиалар рўй беришини тасаввур қилиш ҳам қийин эди. Муқимий бу мавзуни ўзига хос моҳирлик ва ғоявий юксаклик билан ишлайди. У «хокимлар амри билан» халқ бошига тушган бу «ғалва»ни, «бало сайлов», «вабо сайлов» деб атайди. Ҳақиқатан ҳам, амалпараст, худбин маъмурларнинг ҳаёт-мамотини ҳал қилувчи бу воқеа натижасида қизиб кетган ўзаро курашларнинг бутун оғирлиги халқ зиммасига тушар эди. Сочиб қарзу ҳавола, пул кўтариб, истаюб мансаб, Бўлолмай кўп кишини синдируб, қилди гадо сайлов... Муқимий, оғриди бошлар, холойиқ гуфти гўйидин, Шаҳар тинчиб қолурди, бўлса-чи эмди адо сайлов. Муқимий бошлаб берган бу анъанани бошқа илғор шоирлар томонидан ҳам давом эттирилди. «Тўйи Иқонбачча» Муқимийнинг айрим хажвлари капиталистлар, мустамлакачи савдогарлар ва маҳаллий бойларнинг кирдикорларини очиб ташлашга бағишланган. Улардан бири «Тўйи Иқонбачча» ҳажвиясидир. Бу эпик ҳажвия бўлиб, унда тасвирланган воқеа Иқондаги гумаштанинг ўтказган тўйи ҳақида Тошкентдаги хўжайинига бериши-сим қоқиши билан бошланади. Тошкентлик бойнинг телеграммасида қуйидагилар айтилади: Мен ризомас, кишига нон берсанг, Ё товуқ сақласангу дон берсанг. Туйнугингдин агарда чи-са тутун, Мунда бер дастмояларни бутун. Бўлса умидингиз агар биздин, Манфаат кўрмасин биров сиздин. Тошкентлик бойнинг бу кўрсатмаси Иқондаги гумашта учун дастур бўлади. Лекин тўйни ўтказмасликнинг иложи йўқ эди. Шунинг учун гумашта бой кўрсатмаларига амал қилиб, тўй харажатларини жуда ҳам қисқартиради. Шоирнинг тасвирига, маслаҳат ошига уч киши чақирилган. қўй сўйилиб, гўшт-ёғи хумга босилган, улар олдига калла шўрва қўйилган. Тўйга етти киши айтилиб, улар олдига «қотғон, моғор отғон» нон қўйилган. Солди алқисса эски дастурхон, Қўйди сойил каби неча хил нон... Сузди ош бир ликавда уч кишидин, Кетти ошни кўриб ҳамма хушидин. Ош мисоли табақда кўз ёши, Курмаки кўп, гурунчидин тоши. Муқимий ҳажвия охирида тўй ўтгандан сўнг ҳисоб-китоб қилинганини, жами харажат ўттиз уч танга бўлганини айтиб, Қўқонлик гумаштага эл-юрт номидан «уятсиз» деган баҳо бериб, ҳажвни ўзига хос услубда тугатади: «Хатми қуръон» қўюлди тўйнинг оти, Бўлса шундоғ бўлурмуди уёти?! Урди чўт сарфиға тўй ўтганда, Тузғача жамъи ўттуз уч танга, Ушбу сўзлар, Муқим, эмас ёлғон Қўни-қўшниси шоҳиду бурхон. Муқимий гумашта тимсолини зўр маҳорат билан чизган. Ҳажвда тасвирланган лавҳалар ғоят ўринли: оёқ учида юриб иш битириш, енг ичида тўйга одам айтиш, овоз чиқармай ош дамлаш, ўчоқ бошида йўталган кишининг елкасига косов билан тушириш, дастурхон ёзиш ва ош тортиш-буларнинг ҳаммаси бир мақсад учун –гумашта тимсолини яққол кўрсатиш учун хизмат қилади. Унда биронта ўринсиз сўз, бадиий тасвир йўқ. Муқимийнинг ҳажвий асарларидаги ҳар бир тимсолларни алоҳида – алоҳида олиб тасаввур қилинг – уларни ўтмиши, бугунги жамиятда тутган ўрни, мавқеини ҳисобга олган ҳолда албатта айни пайтдаги халқнинг ҳаёти билан таққослаган ҳолда. Муқимий ўз ҳажвияларида маҳаллий бойлар тимсолини чизиш билан чекланмай, қўрқмай, дадил мустамлакачи капиталистлар кирдикорларини ҳам дадил фош этди. Бу жиҳатдан унинг «Ҳажви Виктор бой», «Ҳажви Виктор», «Воқеаи Виктор» асарлари муҳимдир. «Ҳажви Виктор бой» муҳаммас шаклида ёзилган 20 мисрали асар бўлиб, у ўз замонасидаНиколай Остроумов томонидан ашулачилар оғзидан ёзиб олинган ҳамда матбуотда ўзбекча матни ва русча таржимаси билан эълон қилинган. «Ҳажви Виктор» ҳажвияси ҳам муҳаммас шаклида ёзилган бўлиб, у 25 мисрадан иборатдир. 132 мисрадан иборат бўлган «Воқеаи Виктор» ҳажвияси эса маснавий шаклида кенг сюжетли асар бўлиб, уни «ҳажвий достон» деб ҳам аташ мумкин. Бу ҳажвларнинг уччаласида ҳам асосий қаҳрамон Виктордир. Муқимий диққатини бунчалик жалиб этиб, уч асар ёзишга сабаб бўлган бу киши ким? Ўша замон ватли матбуоти маълумотига кўра, Виктор Димитрович Аҳматов Қўқондаги ака-ука Каменскийлар савдо идорасидаиш бошқарувчи бўлиб хизмат қилган. У маҳаллий бойларга арзон баҳода Москвадан мол келтириб беришни ваъда қилиб, улардан пул йиғишга киришган ва жуда кўп пул тўплагандан сўнг қочиб кетган. Чунки тафтиш (ревизия) бошлаган В.В.Серков 1889 йилнинг апрелида унда 16 минг рубл камомат борлигини аниқлаган эди. Ўш йил октябрида қайта ўтказилган ревизияда унинг камомати 16 мингдан ташқари яна халқда 191 минг рубл қарздрлиги аниқланади. Бошқа паспорт билан Тиблисда яшириниб юрган Виктор 1892 йили ушланиб мол-мулки мусодара қилиниб, 1,5 йилга қамалади. Қарзларни тан олмайди. Пул берган Қўқонлик бойлар куюб қолаверади. Пул берганлигини судда исботлаб бера олмайдилар. Бу воқеа Фарғона водийсида «Виктор воқеаси» номи билан овоза бўлган. Табийки бу воқеа ўша замон шоирлари ижодида кенг ёритилган. Муқимийнинг мустамлакачи «оч кўз»ларга қарши қаратилган ҳажвларидан яна бири «Дар шикояти Лахтин»дир. Ғазал шаклида ёзилган бу шеърда Муқимий Тошкентдаги уддабурон бойлардан бўлган Лахтин тўғрисида фикр юритади. Лахтиннинг пахта, ёғ заводи ва типографияси бўлишига қарамай жуда қимматфурушлиги ҳажв қилинади. Шунингдек Муқимий маҳаллий бойлардан ифлос бузуқи хожи Ашурбойни «Воқеаи кўр Ашурбой», ёлғончи, фирибгар диндор эшон Муҳаммад Али халфани «Ҳажви халифаи Мингтепа» ҳажвиясида қилмишларини рўйи-рост очиб ташлайди. Муқимийнинг адолатпеша, ростгўйлиги шу ердаки, у тирик пасткаш амалдор, бойларни ҳажв қилади. Ҳа, Муқимий шоир, инсон сифатида сайру саёхатни ёқтирган. Андижон, Наманган, Тошканд шаҳарларидаги қаламкаш дўстлари билан бориб кўришиб турган. Бундай сафарлари ҳақида унинг қатор шеърлари, мактублари бор. Шунингдек унинг айрим жойларга қилган саёҳатлари жараёнида ёзган шеърлари «Саёҳатнома» туркумини ташкил қилади.Шоир Қўқон-Фарғона, Қўқон- Шохимардон, Қўқон-Исфара йўналишлари бўйича қилган саёҳатларининг таассуротлари сифат яратган, шеърлари оргинал шакл ва мазмунда яратилганки, у ўзбек адабиётида янгилик бўлиб анъанага айланди. Шундай қилиб Муқимий «Саёҳатнома» лари ўша вақтларда халқ орасида кенг тарқалиб, шуҳрат топдики, Муқимий бошлаб берган шаклда қофияда асарлар яратиш ҳозиргача давом этмоқда. Назиралар битилмоқда. Демак демократик адабиётда бир хил руҳ бир хил мавзу ва муштарак бадиий хусусиятлар билан ифодаланадиган «Саёҳатнома» жанри туғилган ва такомиллашиб борган. Саёҳат таассуротларини шеърий шаклда баён қилиш бу асарларнинг умумий мазмунини ташкил қилади. Бу асарлар тўртликлар тизимида, ўзигагина хос қофия усулида, яъни а-а-а-с, б-б-б-с, в-в-в-с ёзилган. Ҳар банднинг охирги-тўртинчи мисрасидаги «экан» сўзи радифдир. «Саёҳатнома» лар ҳаммаси арузнинг ражаз баҳрий тармоқларидан «Ражазий мусамманий солим» яъни мустафъилўн мустафъилўн мустафъилўн шаклида ёзилган. Муқимий «Саёхатнома» лари уч ном билан юритилса ҳам, бир бутун бадиий асар деб қаралади. Чунки уларнинг ғоявий йўналиши бир хил бўлиб, ҳаммасида ҳам шоир кўз олдида содир бўлган турмуш иллатларини рост тасвирлашдан иборатдир. Асарнинг бадиий қурилиши, хусусиятлари ўринларда ҳам шу мақсадга хизмат қилдирилган. Шунинг учун ҳам бу уч «Саёхатнома» нинг ҳар бири ягона асарнинг узвий қисмларидир. Кейинроқ топилган «Исфара саёҳати» даги парчаларни ҳам қўшсак, Муқимий «Саёхатнома» лари 244 мисрадан иборат бўлади. Уларда кўтарилган масалалар: а) «Саёҳатнома» ларда шоир образи; б) Уларда амалдорларни фош қилиниши; в) Табиат манзарасининг ифодаланиши. АДАБИЁТЛАР 1. Каримов Ғ. Ўзбек адабиёти тарихи. 3-китоб. Т. 1987 йил. 2. Муқимий. Асарлар. Т. 1974 йил. 3. Қосимов Б., Юсупов Ш ва бошқалар. Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти. Т. 2004 й. 4. www.pedagog.uz