logo

Кеча структурасида эпик, драматик ва лирик унсурлар муносабати

Yuklangan vaqt:

10.09.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

151.5 KB
" Кеча" структурасида эпик, драматик ва лирик унсурлар муносабати Бадиий адабиёт ва санъатда реалистик тамойилларнинг ҳукмрон мавқе эгаллаши баробари роман жанрининг гуркираб ривожланиши кузатилади. Сабабки, реал воқеликни бадиий тадқиқ этиш, одам ва олам ҳақидаги қарашларни бутлашу яхлит ифодалаш имкониятларини бериши жиҳатидан романга тенг келадигани йўқ. Эстетик принципларнинг ўзгариши, табиийки, романдан ҳам шунга мос ўзгаришни, мослашишни талаб қилади. Аксарият йирик романнавислар, мутахассислар янги типдаги романнинг майдонга келишида шотланд адиби В.Скоттнинг катта хизмати борлигини таъкидлайдилар. Хусусан, Бальзак "Инсоният комедияси"га ёзган сўз бошида В.Скотт ҳақида: "Он внес в него дух прошлого, соединил в нем драму, диалог, портрет, пейзаж, описание; он включил туда невероятное и истинное, эти элементы эпоса, и подкрепил поэзию непринужденностью самых простых разговоров   , 1 – деган эди. Демак, Бальзакнинг фикрича, В.Скоттнинг жанр такомилидаги буюк хизмати шуки, у романда барча адабий турларга хос хусусиятларни уйғунлаштирди. Адиб ҳақида шунга ўхшаш фикрни бошқа бир романнавис–В.Гюго ҳам таъкидлаб айтганди. 2 Ҳар икки адиб таъкидлаётган синтетиклик реалистик романга хос энг муҳим хусусиятлардан биридир. Зеро, реалистик роман асосига қўйилаётган проблематиканинг бадиий тадқиқи учун айни шундай синтетиклик энг оптимал имкониятларни тақдим этади. Ўз вақтида В.Скотт романларини тадқиқ этган Б.Г.Реизов ҳам уларни "синтетик" деб атаган эди. Олимнинг шотланд адиби романлари таҳлилига таяниб айтган фикрича, роман санъатининг уч унсури–тавсиф (описание), ривоя ва диалог асарда зарур нисбатларда бирикиши ҳамда ўзаро узвий алоқада бўлиши лозим. 3 Англашиладики, Б.Реизов "синтетиклик" ҳақида 1 Бальзак О. Собр. соч.: В 12 т.- М.,1951.- т.1.- С.5 2 3 гапираркан кўпроқ асарнинг ташқи қурилишини назарда тутади. Худди шунга ўхшаш ёндашув Р.Уэллек ва О.Уорренларнинг қарашларига ҳам хос. Улар ривоя табиати ва турлари ҳақида тўхталиб, романга "анъанавий- қоришиқ" ривоя хос, деган фикрни билдирадилар. Қоришиқ дейилишининг боиси эса унда "эпик ҳикоя қилиш" ва "пьеса" хусусиятларининг аралаш ҳолда зуҳур қилишидир. Америкалик тадқиқотчилар "анънавий-қоришиқ" ривояда икки томонга–"романтик-киноявий" ва "объектив" ривояга томон оғиш мумкинлигини таъкидлайдилар. 4 Табийики, бу оғишларнинг биринчисида ҳикоя қилишлик, иккинчисида диалог салмоғи устунлик қилади. Ривоянинг иккинчи хилини "объектив" деб номлашаркан, тадқиқотчилар унинг "драматик" деб номланишини маъқулламайдилар, сабабки, бу ҳолда асар тўлалигича диалоглардан ташкил топиши лозим бўлади,–яъни, истилоҳ тушунча моҳиятига мос келмайди. Айни шу нуқтадан Р.Уэллек ва О.Уоррен фикрини давом эттириб кўрайлик. Демак, романга хос ривоянинг "объективлик" томон оғишида муайян чегара бор, яъни, агар асар тўлалигича диалоглардангина ташкил топса,–қар- шимизда роман эмас, пьеса намоён бўлади. Аксинча ҳолда ҳам, яъни, асарда диалог (кенгроқ, драматик элемент) бўлмаган тақдирда ҳам, табиий, классик тушунчадаги роман мавжуд бўлолмайди (шундай аталавериши мумкин, албатта). Зеро, роман ўзининг классик тушунчадаги – "янги давр эпоси" (Белинский), "буржуа эпоси" (Гегель) сифатидаги кўринишини шахснинг жамиятдаги мақоми ўзгарган, у ўзини ўз ҳолича бутун бир олам сифатида идрок эта бошлаган бир шароитда шакллантирди. Ўзини алоҳида олам сифатида идрок этган шахснинг жамият билан, олам билан зиддиятларини бадиий талқин қилишу йўқотилган эпик бутунликни тиклаш классик романнинг бош муаммоси бўлиб қолдики, шу маънода у "янги давр эпоси" саналади. Шу боис ҳам роман марказида шахснинг ҳаёти, унинг зиддиятларию тўқнашувлари туради. Немис файласуфи Шеллинг роман воқеани эпосдан, тақдирни 4 Уэллек Р.,Уоррен О. Теория литературы.- М.,1978.- С.240 драмадан олади, деганида айни шу нарсани назарда тутган. Кўрамизки, "синтетиклик" романнинг ташқи қурилишидагина намоён бўлиб қолмайди, бу унинг ички табиати билан боғлиқ хусусиятдир. Зеро, эпик бутунликни тиклашга интилаётган шахс деганимиз ижодкорнинг ўзи эканлиги, ушбу бутунлик роман марказида турган қаҳрамоннинг ташқи олам билан тўқнашувлари (кенг маънода шахс драмаси) воситасида тикланиши шундай дейишга асос беради. Адабий турлар орасида "хитой девори"нинг йўқлиги, бир турга мансуб асарда бошқа турга хос хусусиятларнинг у ёки бу даражада намоён бўлавериши мумкинлиги кўпчилик томонидан эътироф этилгандир. Бу нарса, айниқса, романга хосдирки, адабиётшунос В.Днепров буни ХIХ аср романчилиги мисолида, ўтган асрда етишган йирик романнавислар, файласуфлар фикрларига таянган ҳолда жуда яхши асослаб бера олган. 5 В.Днепров замонавий роман табиати ҳақида: "Поэтическая сфера романа в своём роде трехмерна – она включает в себя не только эпические, но также драматические и лирические измерения", 6 – деб ёзадики, бу ўринда у тўла ҳақдир. Бироқ унинг жанрга хос синтетиклик хусусиятидан келиб чиқиб романни алоҳида янги адабий тур 7 сифатида таърифлашига қўшла олмаймиз. Қўшилмаслигимизнинг сабаби аввалги бобда айтганимиз романнависнинг ички эҳтиёжи билан боғлиқдир. Бизнингча, ўша эҳтиёжнинг қондирилиши ижодкордан эпик тафаккурни, аниқроғи, унинг замонавий эквиваленти бўлмиш романий тафаккурни тақозо қилади. Зеро, дунёни бутунича ва ўзини унинг бир қисми сифатида кўрган ҳолда унинг моҳиятини англаш – мантиқий бутунлигини тиклашга йўналтирилган ижодий фаолиятгина бу эҳтиёжни қондириши мумкин. Шунга кўра, биз романни ўзида драматик ва лирик турга хос хусусиятларни уйғун мужассам этган эпик жанр деб 5 Днепров В. Идеи времени и формы времени.- Л.,1980.- С.1ОО-133 6 Шу асар.- С.134 7 Шу асар.- С.1ОО тушунамиз. Қуйида Чўлпоннинг "Кеча" романини шу нуқтаи назардан кузатмоқчимиз. Адабиётшунос С.Мамажонов Чўлпон романини таҳлил қиларкан, унинг ўзига хос бир жиҳатига эътиборни қаратади: "Кеча ва кундуз"да ҳикоя қилишдан кўра кўрсатиш, ҳаракат, саҳнавийлик устун туради. Ҳамма воқеа ва қаҳрамонларнинг ҳолати, хатти-ҳаракати, кураши бевосита кўз олдингизда намоён бўлади. Уларнинг овозларини, сўзлашишидаги оҳангни, қилиқларини эшитиб турасиз, кўриб турасиз. Роман мустақил ва аммо бир-бирини тақозо қилувчи саҳналардан ташкил топ-гандай". 8 Бизнингча, мунаққид "Кеча" поэтикасига хос энг муҳим хусусиятлардан бирини ўз вақтида нозик илғаб олган. Дарҳақиқат, "Кеча" ўзида драматик унсурларнинг салмоқдорлиги билан 2О-3О-йиллар романчилигимиз фонида алоҳида ажралиб туради. Драматик унсурлар салмоғининг устунлиги "Кеча" композицион қурилишини кўп жиҳатдан белгилайди. Агар "Кеча" романи саҳналардан ташкил топган, деган фикрни қабул қилсак, у ҳолда асардаги "саҳна"ларни икки типга ажратиш мумкин: 1) С.Мамажонов айтмоқчи,"мустақил ва аммо бир-бирини тақозо қилувчи", асарнинг сюжет ўқини тутиб турган "саҳна-кўринишлар"; 2) асарнинг эпик қамров кўламини оширишга, баъзан биринчи типдаги "саҳна-кўринишлар"ни изоҳлашга хизмат қилувчи, бе-восита ривоя билан боғлиқ "эпизод-саҳналар". "Кеча"нинг асосий сюжет чизиғини биринчи типга мансуб саҳна- кўринишларнинг хроникали изчилликда жойлашиши ташкил қилади. Бу саҳна кўринишлар ўз навбатида каттароқ композицион бўлак–"парда"ларга бириктирилиши мумкин. Албатта, мазкур саҳна кўринишлар ривоя қобиғига ўралган, ривоя воситасида тайёрланган: иккаласини бир-биридан ажратиш мумкин эмас. Бироқ ривоя ичидаги драма ҳам нисбий мустақилликка эга, 8 "Ўзбек тили ва адабиёти".- 1992.- N 1.- Б.12 пардалар бирлашгани ҳолда ўқувчи наздида бутун бир драматик асар юзага келади. Фикримизни ойдинлаштириш учун юқорида айтганимиз йи-рикроқ композицион бўлак–пардалардан бирига муфассалроқ тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Ўйлашимизча, "Кеча"нинг дастлабки икки бобини шартли равишда "биринчи парда" деб ҳисоблаш мумкин. Агар тажрибага жазм этиб, шу икки бобни драма "тили"га ўгирмоқчи бўлсак, тубандагича манзарага дуч келамиз: Биринчи парда. 1-кўриниш. Раззоқ сўфи хонадони. Зеби билан дугонаси Салтининг учрашуви. Меҳмондорчиликка таклиф. Онанинг рози- лиги. Сўфининг дағдаға билан кириб келиши. 2-кўриниш. Сўфи билан Қурвонбиби суҳбати. Қурвонбиби-нинг сўфини йўлга солиб, қизи учун рухсат олиши. Раззоқ сўфининг чиқиб кетиши. 3-кўриниш. Қизларнинг хурсандлиги. Сафар тадориги. 4-кўриниш. Йўлга чиқиш, аравадаги ҳангомалар. 5-кўриниш. Меҳмонларни кутиб олиш. Зеби билан Ўлмасжон: дилнинг дилга боғланиши. "Кеча"нинг асосий сюжет чизиғи шу хилдаги драматик кўринишлар силсиласидан ташкил топади. Агар юқоридагича тажрибани давом эттирилса, фикримизча, романда жами еттита "парда"ни ажратиш мумкин бўлади. Бу етти парданинг бештаси бевосита ёки билвосита(марказга Акбарали чиққан сўнгги қисмлар) Зеби билан боғлиқ бўлса, қолган иккитаси Мирёқуб билан боғликдир. Табиийки, мазкур кўринишлар тасаввуримиз-даги "саҳна"да амалга ошади, биз уларни ўз кўзимиз билан кўриш имконига эга бўламиз. Тасаввуримиздаги "саҳна"да юз берган воқеа-ҳодисалар охир-оқибатда ўзига хос бир бутунлик–роман ичидаги драмани юзага келтиради. Бироқ романдаги драматик унсурлар салмоғи қанчалик катта бўлмасин, ўша кўринишлар ташкил этаётган драматик бутунликка мустақил ҳодиса сифатида қарай олмаймиз. Сабабки, драматик бутунлик роман бадиий воқелигининг скелети, холос, яъни, унга жон ва қон бағишлаб турган эпик ва лирик унсурларсиз бадиий воқелик мавжуд эмас. Эпоснинг ўзаги ривоя эканлиги маълум."Кеча"да ривоянинг ўрни, бажараётган функциялари унда драматик унсурларнинг салмоқдорлиги билан белгиланади. Бизнингча, Чўлпон романида ривоянинг қуйидаги учта функциясини ажратиб кўрсатиш мумкин: 1) драматик кўринишларни тайёрлаш; 2) драматик кўринишларни амалга ошириш; 3) асарнинг эпик кўламини ошириш ва яхлит бутунлигини таъминлаш. Равшанки, буларнинг дастлабки иккитаси асар сюжети билан боғлиқ бўлса, учинчиси композицияга алоқадордир. Шу ўринда фикримизга айрим аниқликлар киритиб ўтиш зарурати юзага келади. Асар сюжети деганда биз ечимга томон интилувчи драматик бутунлик – Зеби билан боғлиқ воқеалар силсиласини назарда тутмоқдамизки, бу ўринда бирмунча шартлилик борлиги эътиборда тутилиши лозим. Мазкур шартни қабул қилгач, бошқа эпизодларнинг бари асарнинг эпик кўламдорлигини таъминлашга хизмат қилади – уларнинг бари асар композициясига алоқадордир, дея оламиз. Шунинг ўзиёқ, бизнингча, "Кеча"да ривоянинг етакчи мавқега эга эканлигидан далолатдир. Айтиш керакки, "Кундуз"нинг потенциал мавжудлиги эътиборда тутилмаса, моҳиятан бевосита Мирёқуб билан боғлик сюжет чизиғи (анча муфассал ишланган кўринишлар, уларни биз икки "парда"га бирлаштириш мумкин деб ўйлаймиз) бошқа майда эпизодлар даражасига тушиб қолаётгандек, фақат эпик кўламдорликни таъминлашгагина хизмат қилаётгандек таассурот қолдиради. Агар муддао шугина бўлганида мазкур сюжет линиясини бунчалик муфассал ишлаш(бунинг натижасида ўртада икки боб тўлалигича асосий сюжетдан узилган), уни мустақил драматик бутунликка айлантириш шартмиди? Бизнингча, йўқ. Демак, Чўлпон бу ўринда фақат эпик кўламдорликнигина ўйлаган эмас, бошқа мақсад бўлган. Яъни, у иккинчи роман воқеалари ривожи учун ўзига хос "старт майдончаси" бўлиб хизмат қилиши лозим бўлади. Бошқача айтсак, романда иккита драматик бутунлик бору, улардан бири нисбий тугалликка эга бўлгани ҳолда, иккинчиси дилогия табиатидан келиб чиқиб очиқ қолдирилган. Айтиб ўтганимиздек, "Кеча"да ривоянинг асосий вазифа-ларидан бири р саҳна-кўринишларни ҳозирлаш. Мақсад белгили, шу боис ҳам Чўлпон унга эришиш учун зарур тафсилотларнигина қаламга олади. Конкрет кўринишни ҳозирловчи тафсилотлар салмоғини адиб, бизнингча, икки асосий талабдан келиб чиққан ҳолда белгилайди: биринчидан, берилаётган тафсилотлар саҳна-кўринишни ҳаракатлантириш учун етарли қувват манбаи (яъни, калитли ўйинчоқ мисоли: калит бир марта бураб қўйилгач, ўйинчоқ мустақил ҳаракат қилаверади) бўла олиши лозим; иккинчидан, тафсилотлар саҳна- кўринишнинг моҳиятини англатиш (яъни қаҳрамонларнинг хатти- ҳаракатлари, гап-сўзларининг туб сабабларини) учун етарли бўлиши даркор. Айтиш керакки, Чўлпон китобхонни имкон қадар тез роман воқелигига олиб киришга интилади, шу боис ҳам дастлабки бобларда тафсилотларга "хасис"лик кузатилади. Муқаддима (пролог)даги лирик табиат лавҳаси воситасида баҳорий хуш кайфият ҳосил қилгач, адиб ўқувчисида шу кайфият асосида Зебининг айни пайтдаги аҳвол-руҳияси ҳақида умумий тасаввур уйғотади: "Зеби (Зебиниса)нинг қиш ичи сиқилиб, занглаб чиққан кўнгли баҳорнинг илиқ ҳовири билан очила тушган, энди устига похол тўшалган аравада бўлса ҳам, аллақаерларга, тола-қирларга чиқиб яйрашни тусай бошлаган эди. Қиш ичи ҳам кети узилмаган совчилар бир-икки ҳафтадан бери келишдан тўхтаганлар, энди ташқари эшикнинг "ғийт" этиши–бир-икки аёлнинг астагина босиб, паранжисини судраб кириб келишига далолат қилмас, ҳали эндигина ўн бешга қадам қўйган бу ёш қизнинг гўдак кўнглини унча чўчитмас эди". Кўрамизки, парчада ўқувчи эътиборига ҳавола этилаётган тафсилотлар айтарли кўп эмас: қиш ичи зериккан қиз кўнгли сафар орзусида экани, унинг эндигина ўн бешга қадам қўйганию ҳалитдан совчилар дарвоза турумини буза бошлагани айтилган, холос. Бироқ шу тафсилотларнинг ўзиёқ, аввало, Зебининг хатти-ҳаракатларини, гап- сўзларини англашга ёрдам беради. Шу билан бирга, зерикишдан келган сафар орзусининг кўнгилда устиворлиги (сафарга таклиф қилинганида, отаси розилик берганида кузатилган беадад қувонч) ёки "қиш ичи кети узилмаган" совчилардан безорлик (ташқари эшик очилганида кузатилган безовталик) қизнинг кейинги хатти-ҳаракатларини, гап-сўзларини ("Қачон? – "Отамдан дарак йўқ-ку?"–"Ўйнашмай ўлайлик, энди отам ҳеч қаерга чиқармайди...") белгилайди ҳам. Ўқувчини тезроқ роман воқелигига олиб киришга интилган адиб юқоридаги тафсилотларни берибоқ Зебини "саҳна"да кўрсатади: "Отаси бомдоддан кирмаган, онаси сигир соғиш билан овора, ўзи кичкина саҳнни супуриб турган вақтида ташқари эшикнинг бесаранжом очилиши Зебининг кўнглини бир қур сескантириб олди. Бир қўлида супургиси, бир қўли тиззасида–ерга эгилган кўйи кўча эшик томонга тикилиб қолди". Чўлпон қўллаган усулни яна драма тилига ўгиришга ҳаракат қилсак, бизнингча, қуйидагича ҳолат юзага келади: ним қоронғи саҳнада Зеби саҳнни супуриш билан овора, саҳна ортидан эса муаллиф овози келади. Бевосита драматик ҳаракатнинг ўзи эса Зебининг ҳайрат аралаш ҳадик билан ташқари эшикка тикилиб қолишидан бошланади. Кўринишнинг аввалида ўқувчи саҳнадаги воқеаларни муаллиф кўзи билан (Салтининг кириб келиши, уларнинг дастлабки гап-сўзлари) кузатса, кейинроқ муаллиф билан ёнма-ён туриб ўз кўзи билан кўради. Романнинг дастлабки бобларига хос хусусият эпик тафсилотларга жуда кам ўрин берилишидир. Бошқача айтсак, бу ўринларда эпик ривоя драматик кўриниш учун ёрдамчи воситадир, аниқроғи, драматик кўринишнинг ички унсурига айланади. Фикримизни далиллаш учун "Кеча"ни романчилигимизнинг бошқа бир мумтоз намунаси "Ўтган кунлар"га муқояса қилиш мумкин. Албатта, А.Қодирий романида ҳам, табиийки, умуман замонавий романга хос эпик, драматик ва лирик унсурлар уйғунлашуви кузатилади. Бироқ "Ўтган кунлар"да эпик ривоя салмоғи анчагина устун мавқега эга. Романнинг дастлабки бобларини варақлаганимиздаёқ А.Қодирийнинг, Чўлпондан фарқ қилароқ, тафсилотларга анча кенг ўрин беришига амин бўламиз. Яхши эслайсиз, "Ўтган кунлар"нинг дастлабки боби: "1264-нчи ҳижрия, далв ойининг 17-нчиси, қишки кунларнинг бири, қуёш ботқон, теваракдан шом азони эшитиладир..."- қабилидаги тафсилотлар билан таништиришдан бошланади. Шундан сўнг А.Қодирий воқеалар кечаётган жой, роман воқелигига киритилаётган персонажларнинг шаклу шамоили, насабию машғулоти, феъл-атворига оид тафсилотлар билан ўқувчини шошилмасдан таништириб боради. Драматик кўринишлар "Ўтган кунлар"да бевосита ривоядан ўсиб чиқади, бу ўринда драматик кўриниш эпик ривоя хизматида, унинг ички элементи сифатида намоён бўлади Юқорида шоҳид бўлганимиз-дек, "Кеча"нинг илк бобларида биз бунинг аксига дуч келамиз. Чўлпон воқеалар кечаётган жой, персонажлар қиёфасига оид тафсилотларни батафсил чизиб ўтирмайди, унинг учун муҳими –"саҳна"даги ҳаракат. Чўлпоннинг тафсилотлардан қочиб, тезроқ ўқувчи кўз олдида "саҳна-кўриниш"ни жонлантиришга интилиши ўзига хос эстетик самаралар берадики, булардан энг муҳими, бизнингча, китобхоннинг ўта фаол ижодий ўқишга ундалишидир. Муаллиф ниятига кўра, "Кеча"нинг ўқувчиси (албатта, дид ҳам малакага эга ўқувчи) етишмаётган чизгиларни ўзи тортиши, таянч нуқталаригина берилган тасаввурни ўзи тўлатиб олиши даркор. Масалан, романнинг илк кўринишлари ўйналаётган "саҳна"–Раззоқ сўфи хонадонини тасаввур этишга асос бўлувчи таянч нуқталарга диққат қилайлик: 1) "Отаси бомдоддан кирмаган, онаси сигир соғиш билан овора, ўзи кичкина саҳнни супуриб турган вақтида ташқари эшик нинг бесаранжом очилиши..." 2) Ўрганган қиз ичкари эшик дан ҳатлар- ҳатламас..." 3)"... қўлтиқлашиб айвон га бордилар ва Зебининг отаси туриб кетган сўри четига ўтирдилар..." 4) "... ўчоқ боши   да чойнакларга чой ташларкан..." 5)"... Қурвонбиби бир кўча эшигига, бир ёнбошлаган дарахтлар орасидан..." 6)"... уйда – дастурхон бошида ўтирган Салти иккала қаноти очиқ турган эшик орқали..." Кўрамизки, мазкур деталлар ҳаракатни, воқеани тасвирлаш жараёнида йўлакай берилаётир. Кейинроқ, мавриди билан буларга "ҳовуз", "ариқ", "дарпарда", "ҳовуз бўйидаги толлар", "баланд пахса девор", "мой қоғоз тўсилган тераза" каби бир қатор тафсилотлар ҳам қўшиладики, улар ҳам ё ҳаракатни тасвирлаш ва ё қаҳрамонларни таърифлаш жараёнида йўлакай эсланади. Мана шу узуқ-юлуқ тафсилотларни тўлатиб, воқеа юз бераётган жойни тасаввурида жонлантириш учун ҳам ўқувчидан фаоллик, режиссёрлик иқтидори–яъни, ижодий ёндашув тақозо қилинади. Шунга ўхшаш фикрни романда Зебининг қиёфаси чизиб берилмагани ҳақида ҳам айтиш мумкин. Зебининг хатти-ҳаракатлари, гап-сўзларини тасвирлаш орқали қизнинг сийратини чизаркан, адиб қаҳрамонига меҳрини очиқ ифодалаб турадики, шу иккиси асосида, яъни сийрат гўзаллиги ва муаллиф ҳосил қилган бадиий симпатиядан келиб чиқиб, ўқувчи тасаввурида қизнинг сурати тортилади. Шуниси ҳам борки, адиб Зеби портретига оид чизгиларни бермаган, демак, ўқувчи қизнинг суратини ўз идеалига монандгина чизиши мумкинки, ўзи яратган гўзалга қалбан боғланиб қолади. Баски, энди ўқувчи Зеби тақдирига бефарқ бўлолмайди, унинг учун юракдан қайғуради: у билан бирга кулиб, бирга йиғлайди. Кўрамизки, бу ўринда портретнинг берилмагани, бир томондан, образнинг эстетик таъсир кучини оширишга, иккинчи томондан, аввалги бобда айтганимиз "ниқобланиш" мақсадига хизмат қилади. Шуни ҳам айтиш керакки, Чўлпоннинг персонажлар порт-ретини яратишида фольклор анъаналарининг-да сезиларли таъсири кузатилади. Маълумки, фольклор асарларида ҳам кўпинча салбий персонажларнинг қиёфаси муфассал ишлангани ҳолда, ижобий персонажлар портрети анча номукаммал чизилади. Айтмоқчимизки, фольклор намуналарида яратилган салбий персонажлар қиёфасини аниқ (бу қиёфада характерологик чизгилар, деталлар конкретлаштирилган) тасаввур этишимиз мумкин, ижобий персонажлар қиёфаси эса анчайин мавҳум (яъни, ЭНГнинг энг юқори даражаси) идеалга ишора қилади. Табиийки, бу хил персонажлар қиёфасининг ўқувчи(тингловчи) онгида аксланиш механизми ҳам юқоридагича: қаҳрамоннинг хатти-ҳаракатларию гап-сўзлари воситасида сийрат чизилади-да, шу асосда қиёфа тасаввур қилинади, – ҳар бир конкрет ўқувчи (тингловчи)нинг идеали ўзигагина хос эканлиги эътиборга олинса, ҳар бир ўқувчининг қалбига яқин бўлган ЎЗ ҚАҲРАМОНИ борлиги аёндир. Айтиш мумкинки, биз бу ўринда Чўлпон ижодига хос муҳим принциплардан бирига дуч келаётирмиз. Адиб тасвир ва ифода имкониятлари жиҳатидан анча олдинга ўтиб кетган хорижий адабиётларга хос усулу воситаларни миллий-маданий анъаналаримиз заминига ўтқазадики, бу уларнинг ўзлашишини ҳам, англашилишини ҳам осонлаштиради. Романга ичкарироқ кириб борилгани сари ривоя салмоғи ортиб. унинг вазифалари диапазони кенгайиб боради. Дейлик, Акбарали мингбоши, Мирёқублар ҳақида гап кетганида Чўлпон уларнинг ўтмиши, феъл-атвори, ўзаро муносабатларига оид тафсилотларга анча кенг ўрин беради. Бу тафсилотлар персо-нажларнинг конкрет саҳна-кўринишлардаги хатти- ҳаракатлари, гап-сўзларининг туб моҳиятини англашда жуда катта аҳамият касб этади. Шуниси ҳам борки, мазкур тафсилотлар қисман "режиссёрлик"ни уҳдасига олган ўқувчини ўша кўринишни тасаввуридаги "саҳна"да жонлантира олиши учун жуда муҳимдир. Айтиш мумкинки, "Кеча"да ривоя драматик кўринишнинг асар воқелигидагина эмас, кўпроқ ўқувчи тасаввуридаги "саҳна"да ҳаракатга келишини тайёрлашга қаратилади. "Кеча"да эпик ҳамда драматик турнинг энг кучли жиҳатлари –эпосга хос кўламдорлик ҳамда драмага хос шиддат ва воқеаларнинг ўқувчи кўз олдида кечиши – уйғун бирикади. Романдаги драматик кўринишлар, бизнингча, соф драматик асардаги кўринишларга нисбатан реалликка яқинроқ, ҳаётийроқ. Зеро, бу кўринишлар ривоя воситасида тайёрлангани учун ҳам диалогларга (персонажлар нутқига) драмадаги каби ҳолатни ойдинлаштирувчи жумлаларнинг киритилиши талаб қилинмайди. Шунга кўра, романдаги драматик кўриниш (унинг асосини, табиийки, диалоглар ташкил қилади) ўзининг шиддати, маъно сиғимининг кенглиги ва ифода кучи билан драмадагидан устунроқдир. Бевосита кўриниш чоғида ҳам ривоянинг ўрни беқиёсдир: ровий бу ўринда персонажларнинг мимик-пантомимик ҳаракатлари, товуш тоналлиги, гап оҳанги, юз-кўз ифодаси ҳақида энг муҳим маълумотларни бериб боради – ўқувчи саҳнага муаллиф кўзи билан қарайди. Шу ўринда романдаги бир эпизодни, Зеби сургунга ҳукм қилингач, чора излаб юрган Раззоқ сўфининг Ҳакимжон билан суҳбатини кўздан кечирайлик: "— Нима қиламан энди мен?- деб сўради сўфи. Унинг овозида ожизлик ва аламзадаликдан келган бир қалтираш бориди. Ўлгудек аянч қалтираш... Ҳакимжон сўфига тикилди. Бурунги сўфидан, яқиндагина келиб бир ҳафта ётиб кетган сўфидан асар йўқ. Унинг ранги мачитнинг жайдари шамидек сап- сариқ... Гўё касалдан яқиндагина бош кўтарган. Фақат Ҳакимжон сипоҳликни қўлдан бермай оғир ва кескин жавоб қилди: — Нима қилардингиз? У ер, бу ерга арз қилиб кўринг..." Чўлпон бу ўринда сўфининг руҳий ҳолатини ёрқин тассаввур қилиш имконини берувчи чизгилар тортади. Бунда адиб иккита таянч нуқтани топган: товуш тоналлиги("қалтираш") ва юздаги дард ифодаси ("сап-сариқ"). Бу таянч нуқталар воситасида ўқувчи қаҳрамон ҳолатига кира олади, албатта. Зеро, бу деталлар сўфининг ғоят кучли саросимада эканидан, қизининг тақдирига беҳад куйиниб, изтироб чекаётганидан далолат беради. Бироқ ривоянинг вазифасини фақатгина шунда кўриш камлик қилади. Бунга амин бўлиш учун парчанинг психолингвистик аспектига, жумлаларнинг қурилишига эътибор берайлик. "Унинг овозида ожизлик ва аламзадаликдан келган бир қалтираш бориди"–айни шу ожизлик ўқувчида (ёзиш жараёнида адибда ҳам) шафқат ҳиссини қўзғайди, уни қаҳрамонга яқинлаштиради. Бунинг давомидан келган "ўлгудай аянч қалтираш" деган жумла эса, аксинча, ўқувчини қаҳрамондан "итаради", узоқлаштиради. Зеро, ожизларга шафқат инсон боласига хос бўлгани ҳолда, аянчлилик ўша шафқатга маълум миқдор жирканиш, нафратни аралаштирадиган нарсадир. Аминмизки, Раззоқ сўфига зиддиятли муносабатда бўлган Чўлпоннинг унга раҳми ҳам келади, бироқ уни кечиролмайди–нафратланади. Адибнинг айни шу хил руҳий ҳолати, қаҳрамонга зиддиятли муносабати жумлалар қурилишида зуҳур топади. Айтиш керак, бу ўринда англанганлик-англанмаганлик даражасини белгилашимиз қийин, шундай бўлса-да, адиб муносабати ўқувчига "юқади". Чўлпон қисқа бир фурсат ичида ўқувчини қаҳрамонига яқинлаштиради(вживание)-да, дарҳол узоқлашти-ришга(остранение) интилади. Хўп, бундан қандай мақсад кўзланади? Бизнингча, Чўлпон ўқувчининг Раззоқ сўфига шафқат ёхуд нафрат доирасидагина қолиб кетишини истамайди, унинг роман воқелигидан узилишини, қаҳрамон тақдирини му-шоҳада қилиб, холис баҳолай олишини истайди. Кўрамизки, саҳна-кўринишларда ровий пассив кузатувчи ёхуд шарҳловчигина эмас, у воқеаларга фаол муносабат билдиради, саҳнанинг ўқувчи томонидан ўз ғоявий-бадиий ниятига мос тушунилишини таъминлайди. "Кеча"даги барча тафсилотлар, персонажлар, эпизод-саҳналар драматик сюжет атрофида уюшади. Табиийки, буларнинг ҳаммаси ҳам сюжетга бевосита алоқадор эмас. Бунга амин бўлиш учун драматик сюжет асосида сабаб-натижа муносабати (Чеховнинг саҳнадаги милтиқ ҳақидаги машҳур гапи кўпроқ шунга алоқадор) устунлиги эътиборга олиш кифоя. Масалан, Раззоқ сўфининг феъл-атвори, яшаш тарзи, ўтмишига оид тафсилотлар сюжет ривожи учун зарурий эмас. Тўғри, улар мазкур кўринишни ёки ундан кейинги воқеаларни асослашга, уларнинг тўғри тушунилишига хизмат қилади. Бироқ, шуниси борки, муддао биргина мотивировканинг ўзи бўлганида Чўлпон бу тафсилотларга ҳозиргидек кенг ўрин бериб ўтирмас эди. Ёки Энахонлар оиласи, бечораҳол бу оиланинг меҳмонларни кўнгилдагидек кузатиш ташвишида куйиниб юришларига оид тафсилотлару эпизод-саҳналарни олиб кўрайлик. Улар сюжет ривожи учун аҳамиятлими? Ҳартугул, уларнинг сюжетни ҳаракатлантираётган, воқеаларга янгича ривож бераётган унсурлар сифатида тан олиниши қийин. Албатта, эътироз туғилиши мумкин: агар Энахон дугоналарини яхшилаб меҳмон қилишни истаб қолмаганида... бироқ бу эътироз ҳам асосли бўлмагани учун тезда чиппакка чиқади: ўтмишда (миллий урф-одатларимиз яхши сақланган жойларда ҳозир ҳам) қишлоққа келган меҳмонларни навбатлашиб чақириш русум эди. Шундай экан, Энахон уринсин-уринмасин қизларнинг мингбошиникига таклиф қилиниши эҳтимоли йўқ эмас эди. Иккинчи томондан, тақдир Зебига ҳар томондан тўр ташлаб қўйгандек: ҳожатбарор Мирёқуб қиз қишлоқда пайдо бўлиши биланоқ уни отахонига "илинган", бу ёқда эса катта кундошлар уни меҳмон қилиш баҳона мингбоши додхо кўригидан ўтказиш режаларини тузиш билан оворалар. Шу мулоҳазалардан келиб чиқсак, Раззоқ сўфи ва Энахонлар оиласи ҳақидаги тафсилот-лар (уларнинг ҳар иккисига ҳам кенг ўрин берилган) драматик сюжетнинг сабаб- натижа алоқаларидан четда, фақат билвосита алоқадорликда эканлиги маълум бўлади. Гап шундаки, бу тафсилотларнинг вазифаси ўзгачароқ. "Кеча"да драматик сюжет нечоғли муҳим бўлмасин, у романга хос эпик кўламдорликни шакллантириш воситаси, холос. Ҳаётни кенг қамровда бадиий акс эттириш, жанрга хос романий тафаккур кўламини таъминлаш эса бевосита ривояга юкланади. Шунга кўра, "Кеча"да драматик унсурлар салмоғи нечоғли катта бўлмасин, уни роман жанрига тааллуқ этувчи бош унсур эпик ривоядир, деган тўхтамга келишимиз мумкин бўлади. "Кеча"нинг ўқувчиси илк саҳифаларданоқ унинг шоир қаламига мансублигини дилдан ҳис этади. Асардан ўрин олган ҳаяжонга тўлиқ лирик чекинишлар, ҳиcсиётга йўғрилган гўзал лавҳалар мазкур ҳисни тобора кучайтириб боради. Бироқ "Ке-ча"даги лирик унсурлар ҳақида гап кетганида фақат асарнинг алоҳида ўринларини эмас, унинг бутун тархига сингдириб юборилган лириклик, кенг маънодаги лирик-субъектив ибтидони тушунишимиз лозим. Зеро, муаллиф бутун борлиғини парчалаб, унинг зарраларини асарнинг ҳар бир тўқимасига сингдириб юборганки, матн ортидан ҳассос ва безовта қалб эгаси Чўлпон бор бўйини кўрсатиб тургандк бўлади. Реалистик ижод табиати шундайки, санъаткор воқеликни оддийгина тасвирлаб ёки у ҳақда мутлақ бетараф ҳикоя қилиб қололмайди. Зеро, реалист санъаткор ўзи тасвирлаётган воқеликни билиш, унга ўз муносабатини билдиришни ижоднинг бирламчи мақсади деб билади. Реалистик адабиётнинг етакчи жанри бўлмиш романда лирик ибтидонинг мавжудлиги, аввало, шу нарса билан изоҳланиши мумкин. Ўз вақтида В.Г.Белинский бу ҳақда: "Hам мало наслаждаться – мў хотим знать: без знания для нас нет наслаждения", 9 – деб ёзган эди. Танқидчининг бу гапи ижод аҳлига ҳам, ўқувчиларга ҳам бирдек тааллуқлидир. Яхши китобхон романда тасвирланган воқеалар ёки тўқнашувлар шиддатидангина эмас, зўриқиб ишлаётган тафаккурнинг ожиз қолган чоқлардаги тўлғонишларию инкишоф онларидаги қудратидан-да завқ ола билади. Чўлпон "Кеча"да замонавий роман жанри берувчи ноёб инкониятлардан моҳирона фойдаланади. Эпик, драматик ва лирик унсурлар уйғунлиги романда билиш жараёнининг бевосита тасвир жараёнида амалга ошишини тақозо қилади. Бунинг муҳим эстетик самараси шундаки, ёзувчи тайёр билимларни баён қилиш қусури–дидактимиздан асосан қутулади, ўқувчига сезилар-сезилмас ишоралар беради-да, уни ўзи билан бирга ўйлашга мажбур қилади. Бу нарса, хусусан, конкрет саҳна-кўринишларда яққол намоён бўлади. Айниқса, Марямга ишқи тушган, буни ҳатто ўзи ҳам тан олишга ботинолмаётган Мирёқубнинг хатти-ҳаракатлари (бу ўринларни, таъбир жоиз бўлса, бир актёр саҳнаси дейиш мумкин) тасвири унинг руҳиятини англаш жараёни билан қўшилиб, уйғунлашиб кетади. Эътиборли жиҳати шундаки, адиб қаҳрамони руҳияти, хатти-ҳаракатлари ҳақида тайёр фикр, ҳукм ифодаламайди, ўз вазифасини тасвирда билади-да, мулоҳаза қилишу ҳукм чиқаришни китобхоннинг ўзига ҳавола қилади. Тасвир ва билиш жараёнларининг бирлашиши ҳақидаги фикримизга аниқлик киритишимиз зарур кўринади. Албатта, Чўлпон қаҳрамони руҳияти ҳақида аввалдан муайян тасаввурга эга эди, лекин унинг дурустроқ англаниши, бизнингча, бевосита тасвир жараёнида, қаҳрамонига тўла "эрк" бериб, ўзи кузатувчи мавқеида турганида амалга ошади. Кузатувчи мавқеида тургани учунгина Чўлпон Мирёқубни ҳам "ичдан" ва ҳам "сиртдан" тасвирлаш имконига эга бўлади. Адиб қаҳрамони онгида кеча-ётган шиддатли ҳам зиддиятли курашга "Мирёқуб иккита эди: бири қочди, бири қувалади" дея 9 Белинский В.Г. Полн.собр.соч.- М.,1955.- т.6.- С.272 топиб таъриф беради. Қаҳрамон онгидаги жараёнларнинг бевосита тасвири унинг ташқи ҳаракатлари тасвири билан алмашиниб турадики, бу нарса "саҳнавийлик" эффектининг сусаймаслигини, ўқувчи наздидаги Мирёқубни "кўриб турганлик" иллюзиясининг йўқолмаслигини таъминлайди: "Итликнинг шу хилда осий ўйлари билан Мирёқуб қандай қилиб ўрнидан турганини ва номер зинасидан шошилиб юқорига чиқаётганини ўзи билмай қолди. Юзлари, кўзлари куларди ва бу кулиш қондирилмаган нафснинг бирданига хуруж қиладиган шўхликларидан ўзга эмасиди. Ўз хонасига яқин етгач, деразадан юпқа тўр парда орқали айвонга тушиб турган мулойим шуълани кўрганидан кейин негадир (таъкид бизники – Д.Қ.) юраги ўйнаб, қадам босишларини бирданига сусайтирди. Итлик фикрлари яна орқага тисарила бошлаган каби бўлди. Эшик олдига етгач, қабзага қўл узатолмасдан, тўхталди...Ичкаридан ёш хотиннинг ширали овоз билан оҳистагина айтаётган ашуласи эшитиларди. Бу хотиннинг гапирганида жаранглаб чиқадиган ширин овози энди ашула айтаркан, чолғу торидай дарров кўнглига таъсир қилди!" Келтирганимиз парча мисолида тасвир ва билиш жараён- ларининг бирлашишини кузатиш имконига эгамиз. Кўриб турга-нимиздек, Чўлпон бу ўринда қаҳрамон хатти-ҳаракатларини "сиртдан" тасвирламоқда. Бунгача эса адиб Мирёқуб онгида кечган одатий шаҳвоний интилиш ва унинг учун янги ҳис - чин муҳаббат орасидаги курашни кўрсатган эди. Курашда "итлик" ғолиб кела бошлаган палла муаллиф нигоҳи қаҳрамоннинг ташқи ҳаракатларига кўчади-да, унинг ғайришуурий – инстинктив тарзда юқорига чиқа бошлагани қайд этилади. Парчадаги иккинчи жумладан Мирёқуб онгидаги курашни диққат билан кузатган адиб энди унинг табиатидаги "итлик"нинг устиворлигига ишонаёзгандек бўлгани кўринади. Лекин Мирёқубнинг "мулойим шуъла"ни кўргач "юраги ўйнаб, қадам босишини бирданига сусайтиргани" муаллифни ўйлатиб қўяди. У қаҳрамон руҳиятида қандайдир ўзгариш юз берганини ҳис қилади, бунинг моҳиятини тушунишга интилади. Муаллифнинг айни шу руҳий ҳолати таъкидлаб кўрсатганимиз "негадир" ўзида мужассамдек. Матнда биргина сўзнинг нечоғли муҳим бўлиши мумкинлигини шу сўз мисолида яна бир карра кузатишимиз мумкиндек. Зеро, "негадир" сўзи муаллиф тасвир жараёнида билишга интилаётганидан дарак берибгина қолмайди. Сўзнинг бу ўриндаги энг муҳим функцияси шундаки, у китобхон шуурига юборилган ўзига хос бир сигнал бўлиб, ўқувчи диққат-эътиборини юзага келган ҳолатни тушунишга йўналтиради. Яъни, ўқувчи ҳам оддий томошабин бўлиб қолмайди, у ҳам муаллиф билан бирга билишга, тушунишга ҳаракат қила бошлайди. Бошқача айтсак, "негадир" сўзи бу ўринда муаллиф ва ўқувчи руҳиятлари орасига солинган ўзига хос бир кўприк бўлиб қолади. "Кеча"даги лирик-субъектив қатламни ташкиллантирувчи муҳим узвлардан яна бири, юқорида айтганимиздек, тасвирла-наётган нарса- ҳодисаларга муаллиф муносабатидир. Ҳар бир тўқимага адибнинг кечинмаю туйғулари, орзую армонлари, завқию жирканиши сингдириб юборилган асар алал оқибат кўз олдимизда хассос қалб панорамасини намоён қилади. Панора-мадаги ҳисларнинг тасвир предметининг ўзгаришига монанд турфа товланишлари киши ақлини шоширади. Шу маънода "Кеча"ни ўқиш жараёнида одам боласига хос жамики ҳислар ки-тобхон қалбига ошиён қуради, десак, муболаға бўлмайди. Зеро, реалист санъаткор сифатида Чўлпон ҳаётни борича, яхшию ёмон томонларини бирликда олиб қарашга интилади. Чўлпон гўзалликка–сурат ва сийрат гўзаллигига топинади. Адиб топинган гўзаллик қуруқ намойиш эмас, ҳаёт нафаси уфуриб турмаган гўзалликни тан олмайди у. Ўз идеалидаги гўзалликка дуч келинган ўринларда адибнинг қаламидан беадад завқу ҳайрат тўкилади гўё. "Кеча"нинг очқичи – баҳор тасвирини эсланг-а. Бунда Чўлпон табиатнинг баҳорий сувратини тортибгина қолмайди, йўқ. Унинг тасвиридаги баҳор мудроқ "кўнгилларни қитиқлайди" (уйғотади), у билган табиатнинг "дилдираган танларига илиқлик югуради" баҳорда: адиб нигоҳи толларнинг новдаларида шўх қизчаларнинг "майда ўрилган кокилларини", илдизидан эндигина бош кўтариб келаётган ўсмада ҳаётнинг давомчилари – етук қизларимизнинг малоҳатини кўра олади. Баҳор ҳаёт нашъасини, янгиланиш, жонланиш, эркинлик нашъасини бергани учун ҳам азиз адибга. Чўлпон ўзининг завқию ҳайратини лавҳа якунидаги "Ҳаёт нега бу қадар гўзал ва ширин бўлади баҳорда?" деган саволга жам этади. Саволнинг риторик табиати равшан, зеро, унинг жавоби лавҳанинг ўзидаёқ бўртиб кўринади. Чўлпон мазкур савол воситасида ўзидек гўзаллик шайдоси, ҳаётни, эркинликни севгучи қалбларни ўз қалбига пайваста этади гўё. Лирик лавҳада барқ уриб турган завқу ҳайрат эпик кўламнинг кенгайиши, ҳаётга чуқурроқ кириб борилиши баробари аста ортга чекина боради. Бунинг ўрнини бошқа ҳислар эгаллайди: Раззоқ сўфи ҳақида сўз юритилганида кузатганимиз киноя аралаш нафрат, Акбарали тасвирида бўртиб турган мазаху жирканиш, суд жараёни тасвиридаги ерпарчин қилувчи сарказм... – саноқни бемалол давом эттиришимиз ҳам мумкин, зеро, булар романдаги ҳиссий ранг-барангликнинг бир парчаси, холос. Муаллиф ҳисларини ўзига юқтирган китобхон ҳам энди саволни ўзгачароқ қўяди: "Hега ҳаётнинг ҳар жабҳаси ҳар вақт бирдек гўзал эмас?" Айни шу савол ўқувчини муаллиф билан бирга ҳаёт ҳақида, унинг зиддиятларию норасоликлари ҳақида мушоҳада юритишга ундайди. Кўрамизки, асарнинг лирик табиат тасвиридан бошланиши бежиз эмас: унинг воситасида муаллиф ўқувчининг роман воқелигига муайян муносабатини шакллантиришни мақсад қилади. Агар бадиий асарни ўқиш жараёнида китобхон муаллиф билан мулоқотга киришишини эътиборга олсак, бу мулоқотнинг амалга ошиши учун лирик-субъектив ибтидонинг нечоғли катта аҳамиятга моликлиги англашилади. Илгари айтилганидек, биз назарда тутган лирик-субъектив ибтидо асарнинг ҳар бир нуқтасига сингдирилганки, концептуал(билвосита композицион) бутунликни таъминлашда жуда катта аҳамиятга моликдир. Кўрдикки, "Кеча"да муаллиф билан ўқувчи мулоқотининг амалга ошиши учун баъзан биргина сўз, биргина жумла ёки асар композицион узвларининг муайян тартибда жойлаштириши кабилар восита бўлиб хизмат қилади. Ҳикоя қилинаётган нарсага муносабат муаллиф (ровий)нинг дунёқараши, сажияси, айни пайтдаги руҳий ҳолати билан узвий боғлиқдир. Услуб–инсон, деган қарашдан туртки олсак, муносабатнинг кўпроқ услубда намоён бўлиши аёндир. Хассос адибимиз "Кеча" нинг қатор ўринларида китобхон билан бевосита мулоқотга киришади, унга тўғридан-тўғри мурожаат қилади. Муаллифнинг бу хилдаги лирик чекинишдан кўзлаган мақсади ҳам равшандек: у ўзининг ҳисларини ўқувчига "юқти иш"ни, китобхоннинг ўзи бераётган ғоявий-ҳиссий баҳога қўшилишини истайди. Бироқ фикримизча, шу изоҳнинг ўзи биланоқ кифоялансак, натижа ҳақида сўз юритиб, унинг сабабини четлаб ўтган бўлиб чиқамиз. Зеро, у ёки бу муносабатни юзага келтираётган нарса, аввало, тасвир предметнинг ўзидир. Баски, моҳиятан муаллифнинг тасвир предметига муносабат билдириши–хоҳ ошкора бўлсин ва хоҳ пинҳона бўлсин – ижодий актнинг зарурият мақомидаги бирламчи ҳодисаси, ўқувчига эмоционал таъсир ўтказиш эса шундан ўсиб чиқувчи иккиламчи мақсаддир. Кўринадики, муаллифнинг тасвир предметига ғоявий- ҳиссий муносабати билан ўқувчига эмоционал таъсир ўтказиш мақсади бутуннинг диалектик алоқадаги қисмлари экан. Бундан маълум бўладики, муаллиф ҳислари қанчалик ёрқин (хоҳ бевосита ва хоҳ билвосита, яъни, тасвирга сингдирилган ҳолда) ифодаланса, уларнинг ўқувчига таъсири ҳам шунчалик самарали бўлади. "Кеча"да муаллиф китобхон билан тўғридан-тўғри му-лоқотга киришган ўринлар кузатилса, адиб қалбида жўш урган ҳисларнинг тамомила ўқувчи ҳиссиётига, қалбига йўналтирилганига амин бўлиш мумкин. Хўш, ўқувчи ҳиссиётига таъсир қилишда Чўлпон қандай усул, қандай унсурларга таянади? Буни конкрет бир мисол ёрдамида кузатайлик: сафар орзусида ёнган Зеби билан Салтанат тамом умидсизликка тушаёзганларида, Қурвонбибининг устомонлиги сабаб Раззоқ сўфи рухсат бериб юборди. Қизларнинг туриш-турмушини бунгача бир қафас сифатида кўрсатган Чўлпон уларнинг беадад шодликларини тасвирлашга ўтиш учун қуйидагича кўприк солади:" Қафаснинг даричаси очилди! Энди қушларга қанотларини ростлаб туриб "пир!" эта учмоқдан, кенг кўкларга, фазоларга парвоз қилмоқдан бошқа нарса қолмади. Паранжини ёпиниб ўтирмасдан, шундоқ бош устига ташлаб, чимматни "хўжа кўрсин"га тутган бўлиб югуриш керак, холос..." Эътибор берилса, мазкур парчада эмоционал таъсирни кучайтиришга қаратилган иккита таянч сўз борлиги англаши-лади: "қафас" ва "қуш". Ўқувчи шуурида чақиндек ўтувчи "қафас" сўзи Зебининг аҳвол руҳияси, Раззоқ сўфининг феъли-ҳуйию унинг хонадонидаги сиқиқ муҳит ҳақидаги ривоя воситасида илгарироқ берилган, эндиликда онгнинг олис бурчакларида қуруқ информация шаклида ётган тафсилотларни ёритади, жонлантиради гўё. Яъни, "қафас"–сиқиқ муҳит, "қуш" – Зеби аналогиялари, биринчидан, муаллиф бунга қадар ҳосил қилган тасаввурни цементлайди, иккинчи томондан, қизларга ачиниш ҳиссини қайтадан жонлантиради. Hатижада ўша ачиниш фонида ҳосил қилинган қизларнинг озод бўлганларига қувониш ҳиссининг анча кучли намоён бўлиши таъминланади. Айтиш керакки, лов этиб алангаланган бу ҳисни қувватлантиришда шу мақсадга мос жумла қурилишининг ҳам сезиларли ҳиссаси бор. Жумлалар қурилишида маънони кучайтириб-таъкидлаб такрорлашга асосланган стилистик фигура – градация етакчи мавқе тутади. Парчадан аниқ кўзга ташлана- дики, адиб айни шу нуқтада қаҳрамонларига тўла "эврилган": "Қафаснинг даричаси очилди!" деган шодон хитоб шундан далолат бериб туради, –хитоб муаллифга ҳам бирдек тегишли, унинг шодлиги қизларникидан асло кам эмас. Муаллиф ўқувчига ўзидаги шу кайфиятни озми-кўпми юқтиради-да, кейин тўғридан- тўғри унга мурожаат қилади: "Фақат унда даричанинг очилганига ким севинади? Шодликни ким қилади? Эркин- ликнинг лаззатини ким тотийди? Шу қадар қайсар бир одамни қадар усталик билан йўлга солган онанинг ҳурматини ким ўрнига келтиради? Уни ким қучоқлаб, ким ўпади?". Келтирилган парчадаги жумла қурилиши насрда эмоционал-риторик интонациянинг эстетик аҳамияти ҳақида гапириш имконини беради. Гапдаги эмоционал-риторик оҳангдорликни таъминловчи, юзага чиқарувчи нарса эмфазалардир. Маълумки, шеърий нутқдан фарқ қилароқ, насрда ритмик пауза ва ритмик акцент ҳодисалари кузатилмайди. Лекин эмфаза – ифодавийликни кучайтирувчи урғулар бот-бот кузатилади. Эмфаза – эмоционал урғу тушаётган, ажратиброқ, таъкидлаброқ талаффуз этилаётган сўз – бошқа сўзлар билан бирикиб, нутқ тактларини ҳосил қиладики, уларни колон деб юритилади. Юқоридаги парчанинг ёзилиш шаклини ўзгартириб, колонларга ажратиб ёзиб кўрсак, бизнингча, ритмнинг юзага келиши яққолроқ кўзга ташланиши мумкин: "Фақат ундА даричанинг очилганигА ким севинаДИ? ШодликНИ ким қилаДИ? Эркинликнинг лаззатиНИ ким тотийДИ? Шу қадар қайсар бир одамНИ бу қадар усталик билАН йўлга солгАН онанинг ҳурматиНИ ким ўрнига келтираДИ? Уни ким қучоқлаб, ким ўпаДИ?" Hасрда асосан мантиқий паузаларга амал қилингани учун ажратиб кўрсатганимиз колон(такт)лардан сўнг доим ҳам пауза бўлмайди (аниқроғи, бу тактлардан сўнг кўпроқ "тасавву рий" ("мнимая пауза") келади. Лекин эмфатик урғулар бу колонларни бир-биридан ажратиб(мелодика ҳисобига, яъни, сатр бошидан кўтарилиб, охирига томон тушиб борадиган оҳанг), ўзига хос ритм ҳосил қилади. Бу ритмга колонлар сўнгидаги товушлар оҳангдошлиги (шартли равишда "қофия"дейлик), такрорлар (ким, шу қадар, бу қадар), сўроқ-санаш интонацияси қўшилиб, ажиб хушоҳанглик юзага келади. Оқибат–парча эмоционал-ритмик бутунлик ҳосил қилади, насрий асар ичидаги шеърдай таассурот қолдиради, кўнгил торларини титратади. Бунга ўхшаш ҳолни "Кеча"даги барча лирик чекинишларда, адибни завқлантирган ё нафратлантирган, қувонтирган ё изтиробга солган нарса- ҳодисалар ҳақида сўз юритилган ўринларда ҳар вақт кузатишимиз мумкин. Мазкур ўринларда иккиланган ё учланган сифатлашлар, бир хил конструкцияли содда гаплар уюшишидан ташкил топган мураккаб конструкцияли қўшма гаплар, турли нав ва даражадаги такрорларга дуч келамизки, улар ровий қалби торларидан таралган наволарга тизилиб чиқаётгандек туюлади, халқ оғзаки ижодига хос сажъ санъатига уйқашлик кузатилади. Ҳартугул, ўйлашимизча, тилшунос олимларимиз Чўлпон насрининг тил хусусиятларига бағишланган ишларига ритм, темп, мелодика масалаларини, ровий нутқининг психолингвистик аспектини алоҳида тадқиқот объекти сифатида олса бўладигандек, шунга яраша материал мавжуддек туюлади бизга. Бадиий асарнинг бадиий коммуникация воситаси эканлиги, коммуникацияга киришаётган субъект учта асосий мақсад (репрезентатив, экспрессив, апелятив)ни кўзлашини илгари айтгандик. Модомики "Кеча"да ҳар учала адабий турга хос хусусиятлар уйғунлиги ҳақида гапирарканмиз, улардан ҳар бири шу уч мақсаднинг амалга ошишида қандай ўрин тутиши хусусида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Табиийки, "Кеча"да информация асосан драматик ва эпик унсурлар воситасида етказилади. Бироқ ўша информацияни том маънодаги бадиий информацияга айлантирувчи нарса муаллиф шахси эканлиги ҳам равшан. Зеро, драматик ва эпик унсурлар объективлик иллюзиясини ҳосил қилсалар-да, муаллиф онгию қалбида қайта ишланганликлари учун ҳам субъективликдан ҳоли эмаслар. Айни пайтда, қаҳрамонлар ҳаётида юз бераётган воқеалар–тасаввуримиздаги "саҳна"да кечаётган кўринишлар–ўз ҳолича ҳам ўқувчига таъсир қила олади. Шуниси ҳам борки, драмадаги каби бу ўринда ҳам муаллиф шахси қисман диалогларга сингдириб юборилган. Кўрамизки, муаллиф бадиий воқеликда акслангани каби, бадиий воқелик ҳам муаллиф орқали аксланади. Демак, "Кеча"даги эпик, драматик ва лирик унсурлар ўзаро органик бирикиб, уйғун бутунликни ташкил қиладики, уларни алоҳида олиб кўришга интилишимиз шартли – фақат асарни тушуниш йўлидаги амаллардан биридир. Юқорида реалистик романда драматик унсурлар сал-моғининг ортиши жанрга хос проблема – инсон драмаси орқали дунёни англашга интилиш билан боғлиқлигини айтгандик. Шу билан бирга, "Кеча" ўзида драматик унсурлар салмоқдорлиги билан 20-30-йиллар ўзбек романчилигида алоҳида ажралиб туришини ҳам таъкидладик. Чўлпон романи поэтикасига хос мазкур хусусият, бизнингча, икки жиҳатдан изоҳланиши мумкин. Биринчидан, Чўлпон романга қўл ургунга қадар ўндан зиёд драматик асар яратган, драма воситасида ҳаётни акс эттириш, инсон характерини очиш борасида бой тажриба (маълумки, А.Қодирийни истисно қилсак, илк ўзбек романнавислари: С.Айний, Ҳ.Шамс, А.Каҳҳор, Ойбеклар бундай тажрибага эга эмас эдилар) тўплаган эди. Табиийки, тўпланган тажриба "Кеча" устида ишлаган пайтида асқотган. Иккинчидан, роман ёзилган давр шароитида Чўлпон имкон қадар ўз тилидан гапирмаслиги лозим эдики, унинг дардлари ТАСВИР да ўз ифодасини топиши мумкин эди, холос,–"объектив" ривоя йўсинининг танланиши ҳам ўзига хос зарурат эди. "Кеча"нинг ушбу бобда диққат марказига қўйилган масала нуқтаи назаридан таҳлили тубандаги асосий хулосаларни чиқариш имконини беради: 1.Чўлпоннинг "Кеча" романи миллий романчилигимиз та-раққиётидаги дадил олға силжишдир. Зеро, ҳаётни бадиий тадқиқ қилиш ва бадиий воқеликни ташкиллантириш принципла-ри нуқтаи назаридан "Кеча" миллий насримиз анъаналаридан сезиларли узоқлашиб, жаҳон романчилиги тараққиёти даражасига яқинлашди. 2. Хусусан, "Кеча"да драматик унсурлар салмоқдорлиги, бадиий воқеликнинг пластик жонлантирилиши ҳисобига субъективлирик ибтидо кучайтирилди. Яъни, бунда тасвир тасвир учун принципи эмас, тасвир воситасида идрок этиш ва ифодалаш мақсади етакчилик қилди–воқеанинг тематик аспекти олдинги планга чиқарилди. 3. Чўлпон "Кеча"да ривоя салмоғини минимумга келтириш ва драматик унсурлар ролини кучайтириш ҳисобига тўлақонли ба-диий реаллик ярата билдики, бу билан асарни қабул қилишда ўқувчининг ижодий фаоллигини орттиришга эришди. Яъни, "Кеча" поэтикасидаги бу нав ўзига хослик ўқувчи омманинг янгича бадиий дидини шакллантириш, унинг жаҳон адабиётидаги шу хил асарларни қабул қилишга тайёрланишида муҳим аҳамиятга молик эди.